close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

«Шантаж»: Россия Украинани қамал қилиш орқали дунёга очарчилик билан таҳдид қилмоқда

Москва Украина денгиз портлари фаолиятини қайта тиклаш эвазига санкцияларни бекор қилишни талаб қилмоқда. Айни пайтда Россия кучлари Украина ғалласини талон-тарож қилиб, пулламоқда, дейди кузатувчилар.

Украинанинг Қора денгизи ва Азов денгизидаги муҳим портларни қамал қилиб турган Россия бутун дунёни шантаж қилиб, авж олаётган озиқ-овқат инқирозини янада кучайтириш билан таҳдид қилмоқда.
Дунё учун ғалла кони бўлган Украинага қарши Россиянинг кенг қамровли босқини дон ва ўғит танқислигини келтириб чиқарди, жаҳон миқёсида нархларнинг ошишига сабаб бўлди ва юз миллионлаб одамларни очарчилик хавфи остида қолдирди.
Россия босқинига қадар Украина кунгабоқар ёғи ишлаб чиқариш бўйича дунё етакчиси ва йирик буғдой экспортчиси эди, аммо қамал туфайли экспорт учун тайёр 20 миллион тоннадан ортиқ дон омборлар ва портларда қолиб кетган.
БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича раҳбари Филиппо Гранди чоршанба (15 июн) куни журналистларга очарчилик инқирози бутун дунё бўйлаб қочқинлар сонининг кўпайишига олиб келиши мумкинлигини айтган.
 Россиянинг Украинага босқини туфайли кескинлашган глобал озиқ-овқат хавфсизлиги инқирозини бартараф этиш саъй-ҳаракатлари «қочқинлар сони кўпайишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга», деди Гранди.
«Қанча деб сўрасангиз... Бу саволга аниқ жавобим йўқ, лекин бу жуда катта рақамлар бўлади».
«Оқибатлар, агар бу масала тезда ҳал этилмаса, ҳалокатли бўлиши мумкин», деди Гранди. «Бу ҳалокатли тус олиб бўлган.»
Ушлаб турилган маккажўхори ва буғдойга Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари айниқса муҳтож, дейди Яқин Шарқ тадқиқотлари уюшмаси раҳбари, киевлик Игор Семиволос.
«Умуман олганда, Украина ўзининг 40-60% ғалласини Яқин Шарқдаги турли мамлакатларга етказиб беради.
«Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қўшиладиган ҳисса жуда катта».
Бу ҳам етмагандек, Африка ва Яқин Шарқдаги сўнгги вегетация мавсумларининг қурғоқчил бўлгани таҳлилчиларни бутун дунёда эҳтимолий очарчилик ҳақида огоҳлантиришга ундаган.
«Агар дунёда ҳозир салмоқли озиқ-овқат захиралари бўлганида, Украинадан экспортнинг йўқлиги бу қадар кучли сезилмаган бўларди», дейди Киев иқтисодиёт мактабининг иқтисодий таълим бўйича вице-президенти Олег Нивиевский.
«Сўнгги бир неча йил давомида дунё бўйича ҳосил унчалик мўл бўлмади», дейди у.
«Ҳозирги кунда дон захиралари охирги 15 йил ичидаги энг кам миқдорда».
«Хитойнинг заҳираларини ҳисоб олмаганда шундай, унда қанча ғалла борлигини ҳеч ким аниқ билмайди», деди Нивиевский.

Россиянинг озиқ-овқат «шантажи»

Россия Украина денгиз портларини тўсиб қўйгани сабабли, Украина буғдойи ва маккажўхорисини фақат юк машиналари ва поездлар орқали экспорт қилиши мумкин. Бироқ, уларнинг сиғими кемаларникига нисбатан анча кам.
Битта балкер бортига 60 минг тонна дон сиғади. Оддий юк машинаси эса 40 тоннагача юк олиши мумкин.
«Ўтган ойда Украинадан 1,7 миллион тонна буғдой экспорт қилинди», деди Нивиевский. «Унинг ярми поездда, ярми юк машинасида ташилган. Айни пайтда портларда 20 миллион тонна буғдой бор.»
«Тасаввур қиляпсизми? Темирйўл билан буни уддалаб бўлмайди», дейди у.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш май ойида Киевга ташриф буюрганидан бери БМТ Украинадан ғаллани олиб чиқиш масаласини ҳал қилишга уринмоқда.
Ғарб расмийларининг фикрича, Россиянинг Украинадан ғалла экспортига рухсат бериш эвазига халқаро санкцияларни олиб ташлаш талаби – шантаж ва ғалла уруши демакдир.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 6 июнь куни Вашингтонда ўтказилган виртуал давра суҳбатида «Буларнинг барчаси атайин қилинаётганини» айтган.
«Россия президенти [Владимир] Путин озиқ-овқат жўнатилишини тўхтатиб, масъулиятдан бўйин товлаш ёки соқит қилиш учун ўзининг ташвиқот машинасидан агрессив тарзда фойдаланмоқда, чунки у дунёнинг таслим бўлишидан ва санкцияларни бекор қилишидан умидвор... Оддийроқ қилиб айтганда, бу шантаж», деди у.
«Бутун дунё Россияни санкциялар билан вайрон қилишни истаяпти», дейди Киев иқтисод мактаби ходими Нивиевский.
«Россия Украина билан ҳам худди шундай қилмоқда – уни иқтисодий тарафдан вайрон қилмоқда. У Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари денгиз орқали экспорт қилинишини билади – экспортнинг 70 фоизи денгиз орқали амалга оширилади. Бу Украина ялпи ички маҳсулотининг 30 фоизидир».

Россиянинг ўғрилиги

Украина расмийлари ва агрономлари яна бир муаммо ҳақида огоҳлантирган.
Россия портларни тўсиб қўйгани етмагандек, балки ўзи қамал қилиб турган Украина ҳудудларидан ғалла олиб кетмоқда, дейди Запорожье вилояти агросаноатни ривожлантириш бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Микола Виниченко.
Унинг сўзларига кўра, Запорожьеда 130 минг тоннадан ортиқ дон бор, Россия кучлари уларни аллақачон ўғирлаб, экспорт қила бошлаган.
«Улар элеваторга келиб, эгалари донни фақат Қримга жўнатиши мумкинлигини айтишади. Агар эгаси чиқмаса, бу уни текинга олиб кетиш мумкин дегани. Улар уни шундоқ юк машиналарига ортиб, олиб кетишади», деди у.
Виниченконинг сўзларига кўра, босиб олинган ҳудудлардан келган деҳқонлар ҳар куни руслар уларнинг жиҳозлари ва элеваторлардаги донларини талон-тарож қилаётганини айтишмоқда.
Запорожье сингари Россия томонидан қисман ишғол қилинган Херсон вилоятида ҳам вазият худди шундай.
Россия кучлари «шунчаки талончилик билан шуғулланмоқда», дейди херсонлик иқтисодчи ва сиёсатшунос, узоқ вақт агробизнес гигантлари билан ишлаган Владимир Молчанов. «Улар уни 60 тонналик юк машиналарига ортиб, Севастополга олиб бормоқдалар».
«Севастопол порти ҳали катта ҳажмдаги донни жўнатишга тайёр эмас. У ерда ҳеч қандай шароит йўқ», деди у. «Шунинг учун уни оддий экскаватор ковши ёрдамида тушириб олишади. Кейин у Сурия, Ливан, Миср ва Туркияга кетади, чунки ҳамма ейман деб турибди.»
Қримда Украина буғдойининг бир тоннаси улгуржи сотувда тахминан 100 доллар туради, лекин халқаро бозорда у тўрт карра қимматроқ, дейди Молчанов ўз манбаларига таяниб. Украина буғдойини Россия ҳам ўз ҳудудига олиб киради ва уни катта фойда билан сотади.
«Бу жуда оддий схема», деди у. «Улар Қримдан ўғирланган буғдойни арзимаган нархда сотиб олиб, Сибирга олиб кетишади. У ердан эса Россия маҳсулоти сифатида яхши нархда сотиб, мўмайгина даромад қилишади».
Ҳозирча украиналиклар ҳосилнинг талон-тарож қилинишини тўхтатишга қодир эмаслар.
«Одамлар мендан русларнинг талон-тарожига қарши нима қилиш мумкинлигини сўрамоқда», дейди Виниченко. «Ҳозирда улар қила оладиган нарса – бу каби фактларни қайд этиш – уларни полиция орқали рўйхатга олиш ва Украина хавфсизлик хизматига (СБУ) ариза ёзиш.»
Россия расмийлари эса ўзларини жинниликка солиб, нималар бўлаётганини билмагандек қилиб кўрсатмоқда.
8 июн куни Истанбулдаги матбуот анжуманида украиналик журналистлар Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга «Россия Украинада ғалладан ташқари ўғирланган яна нималарни сота олди», дея очиқдан-очиқ савол берган.
Лавров Украинадаги «неонацистлар» ҳақидаги ташвиқот билан жавоб қайтарган.

Туркия билан ишлаш

Украина расмийлари Туркиядан ёрдам олишга ҳаракат қилмоқда.
Украинанинг Туркиядаги элчиси Васил Боднар Украина ғалласининг Туркия сувлари орқали етказилишини тергов қилишни сўраб, аллақачон Туркия ҳукумати ва Интерполга мурожаат қилган.
Туркия БМТ илтимосига кўра, ўз соҳилларида топилган миналар борлигига қарамай, Украина портларидан денгиз карвонларини кузатиб бориш учун донларга 25 фоиз чегирма эвазига ўз хизматларини таклиф қилган.
Туркия Қора денгиз орқали дон экспортини ташкиллаштириш учун Бирлашган Миллатлар, Россия ва Украина билан тўрт томонлама учрашувга мезбонлик қилишга тайёр, деб айтган Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўглу чоршанба куни.
БМТ экспортни осонлаштириш режасини тақдим этди, дейди у.
Режа бўйича Украинадан дон экспорти учун Қора денгизда минасизлантиришларсиз хавфсиз йўлаклар ташкил этилиши мумкин, деб қўшимча қилган у.
«Вазият унчалик некбин эмас», деб айтган Яқин Шарқ тадқиқотлари уюшмаси ходими Семиволос.
«Бир томондан Украина туркларнинг вазиятдан фойдаланиб қолишини истамаяпти, бошқа томондан эса хавфлар кўп», деб айтган у.
«Агар россияликлар дон ташиш учун очилган портларга ҳужум қиладиган бўлса, Туркия бу ҳужумларни қайтара оладими? Менимча ундай эмас.»

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase