close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Украинага босқин оқибатлари Қозоғистонни ЕОИИдан чиқишга ундамоқда

Қозоғистонлик таҳлилчилар мамлакатнинг Москва раҳбарлигидаги ЕОИИга аъзолигини Россиянинг зарарли фаолияти шароитида машъум хато деб ҳисобламоқда.

Россиянинг Украинага босқини ортидан юзага келган иқтисодий оқибатлар Қозоғистонда Москва етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқини (ЕОИИ) тарк этиш чақириқларига сабаб бўлмоқда.
ЕОИИга Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Беларус киради.
Россия президенти Владимир Путин 24 феврал куни Украинага қарши қонли ҳужум уюштирганидан бери Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари Москвани глобал молиявий тизимдан чиқариб юборишган, натижада унинг валютаси қадрсизланиб, мамлакат дефолт ёқасига келиб қолган.
Пайшанба (24 март) куни АҚШ президенти Жо Байден Брюсселда Европа иттифоқчилари билан уруш масаласини муҳокама қилганидан кейин шу ҳафтада Россияга қарши янги санкциялар ва мавжуд чораларни янада кучайтириш ҳақида эълон қилиши кутилмоқда, деб хабар берган АҚШ расмийлари.
Пайшанба (24 март) куни Британия Москванинг Украинага босқинига жавобан яна 59 нафар россиялик жисмоний ва юридик шахсга ҳамда олтита беларуслик юридик шахсга қарши санкциялар жорий қилган.
Беларус ҳужумдан аввал бир неча ой давомида тўпланган Россия армиясининг бир қисмини ўз ҳудудида жойлаштирган.
Бундай санкциялар, жумладан Россиянинг бошқа мамлакатлардаги 300 миллиард долларлик хорижий валюта захираларининг музлатилиши Россия иқтисодиётига сезиларли таъсир қилди.
Россия банк сектори ва молия тизими фалажланди, рублнинг қадри эса тушиб кетди.
Эндиликда Россия ўн йилликлар ичида илк марта қарзлар бўйича дефолтга учраш хавфи билан тўқнаш келмоқда.
Bloomberg агентлигининг 11 март кунги ҳисоб-китобларига кўра, урушнинг дастлабки икки ҳафтасида Россия ялпи ички маҳсулоти 2 фоизга ёки 30 миллиард долларга камайган ва 2022 йил охирига бориб, бу кўрсаткич 9 фоизни ташкил қилиши мумкин.

«Катта муаммо»

Қозоғистон иқтисодиёти Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби Россия иқтисодиёти билан чамбарчас боғланган.
Бунинг натижасида, гарчи босқинда иштирок этмаган бўлса ҳам, Қозоғистон Россия билан бирга азият чекмоқда.
Босқин бошланган 24 феврал кунидан 15 мартга қадар тенге Россия рубли билан бирга қулади ва долларга нисбатан 20 фоизга қадрсизланди.
Натижада Қозоғистон миллий банки қайта молиялаш ставкасини 13,5 фоизга ошириб, тенге курсини қўллаб-қувватлаш ва нарх барқарорлигини сақлаш учун ўзининг хорижий валюта захираларини маҳаллий биржада сотишга мажбур бўлди.
15 мартга қадар Миллий банк танга курсини ушлаб туриш учун ўз захирасидан 815 миллион доллар сарфлаган.
Нур-Султон ҳам валюта савдосини чеклашга мажбур бўлди.
«Биз ЕОИИ аъзосимиз, шу сабабли валютамиз рублга боғланган ва иқтисодиётимиз Россия иқтисодиёти билан чамбарчас боғлиқ», дейди Қозоғистон пойтахтида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи «Нур-Султан Стройсервис» компанияси раҳбари Даулет Ахметов Карвонсаройга.
«Бу катта муаммо», деди Ахметов.
«Бу йиллар давомида Қозоғистон иттифоққа аъзо бўлиб, фақат ютқизди, аммо биз хомашё экспорти эвазига ўзимизни тутиб турдик. Лекин ҳозир иқтисодиётимиз таназзулга учраш хавфи остида».
Энди Қозоғистон ЕОИИда импорт божхона тўловларининг энг йирик тўловчисига айланмоқда, чунки Россия Ғарб санкциялари остида катта улуш қўшмайди, деди у.
«Иқтисодий иттифоқ шартларига кўра, Россия барча аъзо мамлакатлар божхона органлари тушумининг 85 фоизини олади, Қозоғистоннинг улуши эса 7 фоиздан ошмайди», деди Ахметов.
«Ўринли савол туғилади: нима, биз энди хайрия ташкилотимизми?»
Нур-Султон «Қозоғистон учун талончилик» бўлган бу нисбатларни зудлик билан ўзгартириши ёки ЕОИИдан чиқиши керак, деди у.

Иқтисодий азиятлар

Нозикроқ масалага келсак, пенсиялар хавф остида қолган, хомашё маҳсулотлари нархи эса ошмоқда.
Жамоатчилик муаммоларини таҳлил қилиш маркази собиқ директори, олмаоталик иқтисодчи Меруерт Махмутовага кўра, бир пайтлар давлат Қозоғистон пенсия активларининг бир қисмини Россия қимматли қоғозларига сармоя қилган.
Улар орасида Россия молия вазирлиги облигациялари, АҚШ ва Европа Иттифоқининг санкциялари остига тушган «Газпром», «Сбербанк», «Роснефть», «Внешторгбанк», «Норникель» каби компанияларнинг облигациялари ва депозитар квитанциялари бор.
«Бу компанияларнинг акциялари қулаб тушди ва Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ушбу активларни қайта баҳолашда зарарларни қайд этишга мажбур бўлади», деди Махмутова Карвонсаройга.
«Биз, барча омонатчилар пенсия жамғармаларимизнинг бир қисмини йўқотдик», деди у.
Айни пайтда Россия ЕОИИнинг товарларни чегаралар орқали эркин олиб ўтиш тамойилларига зид бўлган чораларни қабул қилмоқда.
10 март куни Россия ҳукумати ички эҳтиёжларни 150 фоиз қоплайдиган дон захираларига эга эканига қарамай, ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида август ойи охиригача ЕОИИ мамлакатларига шакар ва дон экспортини тақиқлади.
Мазкур чора бу маҳсулотларнинг учинчи мамлакатларга қайта экспортининг олдини олиш мақсадида қабул қилинди, деб баёнот берган Россия иқтисодий тараққиёт вазирлиги.
Бу чора кам ҳосилдан кейин ўтган июл ойидан бери ғалла харидини 77 фоизга ёки 2,3 миллион тоннага ошириб, Россия ҳукуматига кўра, Туркия ва Мисрдан кейин Россия донининг учинчи йирик харидорига айланган Қозоғистонга қаратилган бўлиши мумкин.
Россиядан экспортнинг тақиқланиши Қозоғистонда шакарнинг ўткир тақчиллигига ва саросимали харидларга сабаб бўлди.

«Мурдани ўпиш»

«Россиянинг ўзи аллақачон... ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг кўплаб тамойилларини бузмоқда – аввалроқ у қозоғистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Россия бозорига киришига сунъий тўсиқлар қўйган эди», деб ёзади хавфларни баҳолаш гуруҳи раҳбари, олмаоталик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев 18 март куни Forbes.kz нашридаги мақоласида.
Энди эса шиддатли санкцияларга учраган Россия айрим маҳсулотларни, жумладан, ЕОИИ мамлакатларига экспорт қилишга чекловлар киритмоқда».
ЕОИИ тўғрисидаги шартноманинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминлаш, тенг ҳуқуқлилик ва томонларнинг миллий манфаатларини инобатга олиш каби асосий тамойилларни ўз ичига олган 3-моддасига асосан Қозоғистонда Россия билан иттифоқдан чиқиш учун асос бор, деди Сатпаев.
ЕОИИ ҳужжатларига кўра, иттифоқ аъзолари 2025 йилга қадар «молиявий бозорга оид қонун ҳужжатларини уйғунлаштириши» керак, Россия эса бу вақтгача деярли «яккамохов» давлатга айланиб бўлади, деди у.
«[Россия молия тизими билан] «уйғунлашиш» мурдадан бўса олишдек гап», дейди Сатпаев. «Қозоғистон раҳбарияти бундан қандай қилиб қочиш мумкинлигини ўйлаши керак».
«Фақат Россияга фойда келтирадиган ЕОИИдан кўпчилик тадбиркорларимизнинг аллақачон ҳафсаласи пир бўлган», дейди қурилиш материаллари компанияси директори Ахметов.
«Бу йиллар давомида улар (Россия амалдорлари) ўз бозорларини сунъий тўсиқлар билан биздан ҳимоя қилишди, бизнинг ишлаб чиқарувчилар эса Россиянинг арзон маҳсулотлари оқими туфайли ўз ички бозорларини йўқотдилар», деб ёзади у.
«Аммо энди биз ЕОИИда қола олмаслигимиз аниқ: Россия ва Беларус бизни ўзи билан бирга чўктиради».

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase