Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 291 марта кўрилди
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан: “Жаннат ёшларининг саййиди”, дея эътироф этилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли набираси Ҳасан ибн Али милодий 625 йили Рамазон ойининг ўрталарида дунёга келдилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам янги дунёга келган гўдакнинг қулоғига азон ва иқомат ўқиб, исмини Ҳасан деб қўйдилар. Туғилганининг еттинчи куни ақиқа қилиб, иккита қўчқор сўйдилар. Чақалоқнинг сочини олиб унинг оғирлик миқдорида кумуш садақа қилдилар.
Оламлар Сарвари бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияси ила етишиб, вояга етган Ҳасан мукаммал таҳсил ва тарбия кўрдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасанни жуда яхши кўрардилар ва унга меҳрибонлик билан муомала қилардилар.
Ҳасан укалари Ҳусайин билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида кураш тушаётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасанни қўллаб-қувватлаб турдилар. Оналари Фотима отасига дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Ҳасан катта бўлса, фақат унинг тарафини оляпсиз. Ҳолбуки, кичикни қўллаб-қувватлаш муносиброқ эмасми?
Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
– Эй Фотима! Жаброил Ҳусайинни қўллаб-қувватламоқда.
Абу Аюб ал-Ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киргач, у ерда ўйнаётган Ҳасан ва Ҳусайнни кўриб сўрадилар:
– Ё Расулуллоҳ! Сиз буларни шунчалик яхши кўрасизми?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
– Қандай қилиб яхши кўрмайин. Булар менинг дунёда ўпиб, ҳидлайдиган икки райҳоним-ку.
Абу Ҳурайрадан нақл қилинган бир ҳадисга кўра, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасанни қучоқларига ўтирғизиб олгандилар. Болакай эса муборак соқолларини ўйнарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч карра дуо қилдилар:
– Мен буни жуда яхши кўраман. Сен ҳам сев! Уни севганларни ҳам сев!
Ҳасан ҳали ақли кирмай, балоғатга етмай туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган болалардан эдилар.
Саккиз ёшга тўлган пайтларида 632 йили аввал боболари, сўнг оналари Фотима розияллоҳу анҳу вафот этгач етим қолдилар. Шундан сўнг оталари Алининг тарбиясида улғайдилар.
Ҳасан жуда кичик ёшларидаёқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
– Бу ўғлим саййиддир. Умид қиламанки, Аллоҳ таоло унинг воситаси билан икки тарафнинг орасини тўғирлайди, – деган таърифларига сазовор бўлдилар.
Набиралари тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Ҳасан билан Ҳусайин жаннат ёшларининг саййидларидир, – дея марҳамат қилганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан, Ҳусайин, Фотима ва Алини ёнларига олиб, ушбу оятни ўқидилар:
وَقَرْنَ فِي بُيُوتِكُنَّ وَلَا تَبَرَّجْنَ تَبَرُّجَ الْجَاهِلِيَّةِ الْأُولَى وَأَقِمْنَ الصَّلَاةَ وَآتِينَ الزَّكَاةَ وَأَطِعْنَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ إِنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيُذْهِبَ عَنكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ الْبَيْتِ وَيُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيراً {33}
“Ўз уйларингизда қарор топингиз, (кўчага чиққанингизда) илгариги жоҳилият (даври) ясанишидек ясанмангиз! Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этингиз! Эй (Пайғамбарнинг) хонадон аҳли! Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни обдон поклашни истайди, холос” (Азҳоб сураси, 33-оят).
Сўнг шундай дедилар:
– Аллоҳим! Менинг аҳли байтим шулардир!
Ҳар мусулмоннинг севиши буюрилган аҳли байтдан бўлган Ҳасаннинг юзлари оқ ва чиройли бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаган етти кишидан биридирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга улардан кўпроқ ўхшайдиган кимса йўқ эди.
Абу Бакр пешин намозини ўқиб бўлгач, йўлда ўйнаб юрган Ҳасаннинг ёнларига келдилар. Уларни елкаларига ўтирғизиб олдилар, сўнг Алига шундай дедилар:
– Эй Али! Бу бола сенга эмас, худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшайди.
Али бунга жавобан табассум қилдилар.
Ҳасан юмшоқ феълли, сабр ва карам соҳиби, жуда сахий зот эдилар. Икки марта бор мол-мулкларни Аллоҳ розилиги учун тарқатдилар.
Бир кишинингдуосида: “Ё Раббий! Менга ўн минг олтин эҳсон айла!” деганини эшитиб, шошилинч уйларига бордилар ва одамга дуосида сўраганини жўнатдилар.
Жуда кўп эҳсон ва садақа берардилар. Бозорлик қилаётганларида савдолашиб, арзонроқ нарҳда олишга ҳаракат қилардилар.
Одамлар Ҳасанга шундай дедилар:
– Бир кунда минглаб дирҳам садақа беряпсиз-у, бироқ сотиб олаётган нарсангиз устида нима учун узоқ савдолашяпсиз?
Ҳасан шундай жавоб бердилар:
– Бераётганларимни Аллоҳ ризоси учун беряпман. Қанча берсам ҳам кам. Бироқ савдода молни ўз эҳтиёжим учун оламан.
Бирор кимсадан ҳадя олсалар унданда кўпроқ қилиб қайтарардилар. Йигирма беш маротаба пиёда ҳажга бордилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр билан йўлга чиққандилар. Бир хурмозорда дам олдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр дедилар:
– Дарахтда хурмо бўлганда яхши бўларди.
Ҳасан овоз чиқармай дуо қилдилар. Бир дараҳт шу заҳоти яшил баргларга бурканиб, хурмо билан тўлди. Ўша ердагилар:
– Бу сеҳр! – дедилар.
Ҳасан эса:
– Йўқ, бу сеҳр эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам набирасининг дуоси ила Аллоҳ таоло яратган мевалардир, – деб жавоб бердилар.
Ҳасан ва Ҳусайин бир куни чўлда кетаётгандилар. Бир кекса кишининг таҳорат олаётганини кўрдилар. У одам таҳоратни нотўғри бажараётган эди. Қария бўлганлиги учун: “Бундай таҳорат мукаммал бўлмайди”, – дейишни муносиб билмадилар ва ёнига бориб:
– Салом бобожон! Бир-биримиз билан ким мукаммал таҳорат олиш борасида тортишиб қолдик. Биз таҳорат оласак, сиз эса қай биримизнинг таҳоратимиз гўзал ва мукаммалроқ эканини айта оласизми?
Кекса киши бунга рози бўлди. Аввал Ҳасан, сўнг Ҳусайин чиройли таҳорат олдилар. Олган таҳоратлари бир хил эди.
Қария диққат билан кузатди, сўнг деди:
– Болаларим! Олган таҳоратингиз бир биридан чиройли. Аслида, мен таҳорат олишни билмас эканман. Уни ҳозир сизлардан ўргандим.
Ҳасан қизларига ва жиянларига насиҳат қилар:
– Илм билан шуғулланинглар! Ёдлашдан чарчасангиз ёзинглар ва уйларингизга олиб боринглар, – дер эдилар.
Абдуллоҳ ибн Саъба тарафдорлари фитна чиқариб, Усмоннинг уйлари атрофини ўраб олган пайтларида уларга ёрдам бериш учун бордилар. Отаси шаҳид этилгач олти ой халифалик қилдилар.
Ҳасан милодий 669 йили заҳарланиб вафот этдилар. Жаноза намозини Саид ибн Ос ўқидилар. Укалари Ҳусайин томонидан Мадинадаги Баъқи қабристонига дафн қилиндилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодлари Ҳасан ва укаси Ҳусайиннинг фарзандлари билан давом этган. Ҳасан розияллоҳу анҳу ўн беш ўғил ва саккизта қиз фарзанд кўрганлар.