close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳанзала ибн Абу Амр розияллоҳу анҳу

Ҳанзала розияллоҳу анҳу рисолатдан, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларидан аввал ҳам бутларга топинмас, Аллоҳнинг бирлигига ишонардилар. Ҳаниф динида эдилар.
Улар Бадр ғазотида қатнашдилар. У пайтда ҳали бўйдоқ эдилар. Бадр ғазотидан бир муддат кейин Абдуллоҳ ибн Убайнинг қизи Жамила билан никоҳландилар. Эртасига Уҳудда Қурайш мушриклари билан жанг бўладиган кун эди. Ҳанзала кечани Мадинада рафиқасининг ёнида ўтказиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлдилар. Аёли Жамила билан ўша кеча бирга қолдилар.
Шанба куни саҳарда Уҳудга етиб олиш учун шошилиб йўлга чиққанларидан ғусл қилишни унутган эдилар. Йўлга чиқаётган пайтларида аёли Жамила қавмидан тўрт кишини чақирди ва Ҳанзала билан турмуш қурганликларини айтиб уларни гувоҳ қилдилар. У ердаги тўрт гувоҳ сўради:
– Бунинг нима ҳожати бор эди?
Жамила уларга шундай деди:
– Тушимда самонинг очилганини ва Ҳанзала ичкарига киргач, қайта ёпилганини кўрдим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳудда ҳарб учун сафларни тузатар эканлар, Ҳанзала етиб келдилар ва саҳобалар орасига қўшилдилар.
Ҳанзала ҳам бошқа саҳобийлар каби душман билан жон олиб-жон бериб жанг қилдилар. Шаҳидлик мартабасига етишиш учун тўхтамай олишдилар. Кейин мушриклар тарқалиб, ортга чекина бошлашди.
Ҳанзала Абу Суфённинг йўлини тўсиб, унинг устига ташландилар. Ерга йиқилган Абу Суфён қўрқувдан нима қилишини билмай қолди ва жон борича бақирди:
– Эй Қурайш! Мен Абу Суфёнман! Ҳанзала мени ўлдириб қўяди, тезроқ ёрдамга келинглар.
Мушриклардан бир қанчаси унинг сўзларини эшитган бўлсада, ўзларининг жонлари талвасасига тушганлари учун унинг ёнига ёрдамга келмадилар. Бироқ Шаддод ибн Асвад Ҳанзалага орқадан ҳоинларча яқинлашиб найза суқди.
Ҳанзала ўзларини ўнглашга уринган эдилар, иймондан бенасиб мушрик иккинчи марта найзани суқиб, Ҳанзалани шаҳид этди.
Ҳанзала розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
– Мен Ҳанзалани фаришталар кўк билан ер орасида, кумуш патнис ичида ёмғир суви билан юваётганларини кўрдим.
Абу Усайд Саид шундай дейдилар:
– Бориб Ҳанзалага боқдим. Бошидан ёмғир суви оқар эди. Қайтдим ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар қилдим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг аёлига хабар жўнатиб бунинг сабабини сўрадилар. Аёли Ҳанзала Уҳуд жангига шошганидан ғусл қилмай чиққанлигини билдирди.
Шундан сўнг Ҳанзала “Ғасил-ул Малоика” яъни фаришталар томонидан ювилган киши деган ном билан танилдилар. Мадинада асҳоби киромнинг Авс қабиласига мансуб бўлганлари:
– Фаришталар томонидан ювилган Ҳанзала биздандир, – дея ифтихор билан айтиб юиршарди.
Аёлининг туши ўнгидан келиб Уҳуд жангида Ҳанзала шаҳид бўлдилар. Шундан сўнг аёли ўғил кўрди ва унга Абдуллоҳ деган исм қўйилди. Абдуллоҳ ибн Ҳанзала деб танилган ушбу йигит Ислом йўлида кўп ишлар қилди. 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase