close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу

Ҳассон ибн Собит Ислом ва мусулмонларни ўз шеърлари билан қўллаб-қувватлаган “Расулуллоҳнинг шоири”, дея танилган саҳобийдирлар.
Насаблари: Ҳассон ибн Собит ибн Мунзир ибн Ҳарам ибн Амр ибн Зайди Манот ибн Одий ибн Амр ибн Малик ибн Нажжор ибн Саълаба ибн Амр ибн Ҳазраждир.
Абул Валид, Абу Абдурраҳмон ва Абул Ҳасан каби кунялари бўлган.  Унвонлари “Шоири Расулуллоҳ”дир. Оталари Собит, оналари эса Фурая бинти Ҳолид бўлган. Насаблари Бани Нажжорда қаҳтонийларга келиб туташади.
Ҳассон ибн Собит мусулмон бўлишларидан аввал шеълари билан танилган машҳур шоирлардан бўлиб, бу ҳолат кейинчалик ҳам давом этган. Исломни қабул қилганларидан сўнг Ислом ҳақида шеърлар ёза бошладилар. Улар фаолият олиб борадиган Ғассоний қабиласининг саройида бир куни яҳудий олимидан янги пайғамбар чиқишига доир сўзларни эшитиб уни кута бошлайдилар. Сўнг Ҳазраж қабиласидан Мадинага янги Пайғамбар келгани хабарини эшитиб мусулмон бўладилар. Ўша пайтларда Ҳассон олтмиш ёшларда экани манбаларда қайд этилган.
Ҳассон ибн Собит мусулмон бўлганларидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан айрилмаганлар.
Ибн Аббоснинг ривоятларига кўра, кексайганларига қарамай Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазотларида қатнашганлар. Бадр жангида кексаликлари ва таналарининг заифлиги туфайли иштирок эта олмаган бўлсаларда, Ислом аскарларини ўз шеърлари руҳлантириб турганлар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳассон ибн Собитнинг мушрикларга қарши айтган шеърлари ҳусусида шундай марҳамат қилганлар:
– Ҳассоннинг байтлари душманга қарши ўқ зарбасидан кўра таъсирлироқдир.
Ҳассон ибн Собит шеърларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни, Исломни ва мусулмонларни мадҳ этар, Исломнинг юксалиши учун ғалабага ундовчи байтлар ўқирдилар. Айни пайтда Ҳассон Қурайш кофирларининг Ислом динига қарши айтган шеърларига қарши кофирларнинг юзларини қора қилувчи шундай шеърлар айтардиларки, мушриклар бу шеърларга бас кела олмай сукут сақлашга мажбур бўлардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳассонга:
– Эй Ҳассон, мушрикларнинг, кофирларнинг юзларини қаро қил. Жаброил сен биландир. Асҳобим қуроли билан жанг қилганидек, сен ҳам тилинг билан жанг қил, – деганлар.
Ҳассон ибн Собит ҳаётлари давомида шеърият оламининг энг машҳур сиймоларидан бўлиб келдилар. Бадр жангидан сўнг яҳудий шоирларининг етакчиси Каъб ибн Ашраф жангда ҳалок бўлган Макка мушриклари учун шеърлар ёзди. Атрофдагиларга таъсир кўрсатаётган бу шеърларга қарши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳассон ибн Собитга ҳам шеър ёзишни буюрдилар. Ҳассон эса яҳудий шоирининг Макка мушриклари орасида обрўсининг тушиб, эътибордан қолишига сабаб бўладиган шеърлар ёздилар.
Ҳижратнинг тўққизинчи йилида Баъни Тамим қабиласидан бир ҳайъат ўз асирларини олиш учун Мадинага келди. Ёнларида энг машҳур нотиқларини келтириб, Исломга қарши сўзлар айтишни мақсад қилгандилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳассон ибн Собитга Уторид исмли мушрик шоири айтган шеърга жавобан шеър айтишни буюрдилар. Ҳассон ибн Собит эса у ердаги мушрикларга шундай гўзал бир шеър айтдиларки, уятда қолган мушриклар мажлисни тарк этишдан ўзга илож топа олмадилар.
Кейинчалик Таъмим ҳайъатида бўлган Ақро ибн Ҳобис:
– Аллоҳга қасамки, бу Зотга (Расулуллоҳга) биз билмайдиган бир ёрдам келмоқда. У, албатта, ғолиб бўлади, унинг нотиғи ва шоири бизнинг шоиримиздан устундир, – деб хайратини ва Исломнинг кучини эътироф этади.
Кейинроқ Ақро ибн Ҳобис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб мусулмон бўлдилар ва ўша ердаги Таъмим қабиласи аъзолари ҳам Исломни танладилар.
Бу воқеага Ҳассон ибн Собитнинг қуйидаги мазмунли шеъри сабаб бўлгани қайд этилган: “Қардошларимнинг энг улуғ кишилари инсонга хос бир одатни изоҳладилар. Қалбларида Аллоҳга нисбатан тақво туйғуси бўлганлар ва ҳар қандай яхшиликни севувчилар бу одатни мамнуният билан қабул қилдилар. Жуда иффатлидирлар. Уларнинг иффатлари ҳақда ваҳий нозил бўлди. Ҳеч қандай нопокликка эргашмайдиган мусулмонлардир. Дунёда яшасалар ҳам қалблари унга тутқун эмас. Сен Расулуллоҳнинг тарафдорлари бўлган қавмни ҳурмат қил, улар барча қабилаларнинг энг фазилатлисидирлар...”
Айни пайтда Абдуллоҳ ибн Равоҳа ва Каъб ибн Молик ҳам Исломнинг буюклигини англатувчи шеърлар ёзаётган эдилар.
Ҳассон ибн Собит Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг қаттиқ қайғуга ботдилар, бу ғам уларнинг кўр бўлиб қолишларига сабаб бўлди. Узун марсиялар айтиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учун мотам тутдилар.
Шеърларидан бирида: “Расулуллоҳнинг пок пешоналари зулмат ичида кўринган пайтда атрофга нур сочар, қўронғуликни ёритувчи чироқ каби кўринади”, деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан етти-саккиз йил олдин дунёга келган Ҳассон ибн Собит бир юз йигирма ёшида Муовия даврида Мадинада вафот этдилар. Уларнинг вафот этган йиллари турли манбаларда турлича берилган.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase