Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 508 марта кўрилди
Ҳамза Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиси ва Шаҳидлар сардоридирлар. Кунялари: Абу Яъло ва Абу Аммора; лақаблари: Асадуллоҳ (Аллоҳнинг арслони). Оталари Абдулмутталиб, оналари Ҳалъа.
Ҳамза Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг кичик амакиларидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган Абу Лубобанинг жорияси Сувайба авваллари ҳазрат Ҳамзани эмизганлиги учун улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан эмикдош эдилар.
Ҳамза кучли ва бақувват бўлиб, Қурайшнинг обрўли кишиларидан эди. Мазлумларга ёрдам қилишни севардилар. Уларнинг болалик даврига оид маълумотлар жуда оз.
Абдуллоҳ ибн Масъуд шундай дейдилар:
– Мушрикларнинг Валид деб аталган бир бути бор эди. Сафо тепалигида тўпланиб унга ибодат қилишарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ёнига бордилар ва Исломга даъват қилдилар. Кофир бўлган бир жин ушбу бутнинг ичига кирди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан номаъқул сўзлар айтди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қаттиқ изтиробга тушдилар.
Кунларнинг бирида ўзини кўрсатмаган бир жин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салом бериб деди:
– Ё Расулуллоҳ! Кофир бўлган бир жин сизга муносиб бўлмаган сўзларни айтган эди, мен уни тутиб бошини олдим. Эртага Сафо тепалигига кела оласизми? Сиз яна уларни Исломга даъват қиласиз, мен эса ўша бутнинг ичига кириб сизни мадҳ этувчи сўзларни айтаман.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ исмли ушбу жиннинг таклифини қабул қилдилар. Эртасига ўша ерга бордилар ва яна мушрикларни иймонга даъват қилдилар. Мусулмон жин бут ичига кириб суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ва Исломни мадҳ этувчи гўзал сўзларни айтиб, байтлар ўқиди.
Мушриклар бу сўзларни эшитишлари билан Абу Жаҳл бошчилигида бутни ерга уриб, парча-парча қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ташландилар ва уларнинг муборак юзлари қонга бўялди. Мушриклар берган бу азоб ва жафолардан оғринган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
– Эй Қурайшликлар! Мени урмоқдасизлар, бироқ мен сизларнинг Пайғамбарингизман!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у ердан чиқиб уйларига қайтдилар.
Бир хизматкор қиз бўлган воқеани бошдан охиригача кузатди. Бу пайт Ҳамза ибн Абдулмутталиб тоғда ов қилиб юрган эди. Ҳамза одати бўйича овдан қайтгач Ҳарами шарифни тавоф этар, сўнг уйига борарди. Ўша куни тавоф этаётган вақт бир хизматкор қиз унинг ёнига келиб жиянини Абу Жаҳл бошчилигидаги мушриклар ҳақорат қилганларини батафсил айтиб берди.
Ҳамза Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақорат қилинганликларини эшитиб қони қайнади ва қуролини тақиб Қурайш кофирлари тўпланган ерга келди. Абу Жаҳлга қараб:
– Акамнинг ўғлини ҳақорат қилиб, унинг дилини оғритадиган сенмисан? – деб унинг бошини ёрди.
Ўша ерда тўпланган кофирлар Ҳамзага ташланмоқчи бўлдилар. Бунинг ортидан катта жанжал чиқиши мумкин эди. Бироқ Абу Жаҳл шундай деди:
– Тегманглар, Ҳамза ҳақ. Унинг жиянига билиб туриб ёмон сўзлар айтдим.
Ҳамза у ердан кетганидан сўнг Абу Жаҳл атрофидагиларга:
– Асло унга тегина кўрманглар, бизга жаҳл қилиб мусулмон бўлади, бундан эса Муҳаммад қувватланади, – деди.
Ҳамзанинг мусулмон бўлмаслиги учун боши ёрилишига ҳам рози бўлди. Чунки Ҳамза обрўли ва кучли шахс эди.
Ҳамза Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб деди:
– Эй Муҳаммад! Абу Жаҳлдан ўчингни олдим. Уни қонга бўядим. Хафа бўлма, севинавер.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Мен бундай нарсаларга севинмайман.
– Сени севинтирадиган, қайғудан қутқарадиган нима бўлса айт, шуни қиламан, – деди Ҳамза.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Мен фақатгина сизнинг иймонга келишингиз ва ўзингизни жаҳаннам азобидан қутқаришингиз билан севинаман, – дедилар.
Шундан сўнг Ҳамза дарҳол иймон келтириб мусулмон бўлди.
Бу ҳақда ояти карима нозил бўлди. Абдуллоҳ ибн Аббоснинг тафсирига кўра Қуръони каримдаги мана бу оят айнан Ҳамза тўғриларида:
أَوَ مَن كَانَ مَيْتاً فَأَحْيَيْنَاهُ وَجَعَلْنَا لَهُ نُوراً يَمْشِي بِهِ فِي النَّاسِ كَمَن مَّثَلُهُ فِي الظُّلُمَاتِ لَيْسَ بِخَارِجٍ مِّنْهَا كَذَلِكَ زُيِّنَ لِلْكَافِرِينَ مَا كَانُواْ يَعْمَلُونَ {122}
“Ўлик (кофир) бўлган одамни (ҳидоят билан) тирилтириб, унга одамлар ичида ўзи билан олиб юрадиган нур (имон)ни берганимиздан кейин (у) зулматлар ичида (қолиб,) ундан чиқмайдиган кимсага ўхшайдими?! Шунга ўхшаш, кофирларга ўз ишлари зийнатли (кўринадиган) қилиб қўйилди” (Анъом сураси, 122-оят).
Оятдаги “одамлар ичида ўзи билан олиб юрадиган нур” берилган зот ҳазрат Ҳамза, “зулматлар ичида қолиб ундан чиқмайдиган кимса” Абу Жаҳл экани айтилади.
Ҳамза қурайшликларнинг ёнига бориб мусулмон бўлганини ва Аллоҳнинг Пайғамбарини ҳар қандай вазиятда қўриқлашларини билдириб шундай дедилар:
– Қалбимни Исломга ва Ҳаққа майл эттирган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин. Бу дин – Ислом қулларининг ҳар бир қилган ишини билувчи, ҳар кимга ўз лутфи ила муомалада бўлган, қудрати ҳар нарсадан устун ва ғолиб келган, оламларнинг Роббиси бўлган Аллоҳ таоло томонидан юборилган.
Қуръони карим ўқилган пайт қалби кўзи уйғоқ ва ақли жойида бўлганларнинг кўзларидан ёш оқади. Қуръони карим очиқ бир лисон ила изоҳланган оятлар ҳолида жияним Муҳаммадга нозил бўлмоқда. Муҳаммад орамизда энг ишончли ва ростгўй кишидир.
Эй мушриклар! Ақлдан озиб, кўзларингиз кўр бўлиб, у ҳақда ёмон, оғир ва қўпол сўзлар айтманглар! Агар шу тушунчангизда давом этсангиз, сизлар билан жанг қилишдан ўзга чора қолмайди.
Ҳамзанинг мусулмон бўлганларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда севиндилар. Мусулмонлар катта қувватга эга бўлгандилар. Энди маккалик мушриклар мусулмонларга ҳеч бир сабабсиз ёмон муомала қила олишмаётганди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳамза ва бошқа бир қисм мусулмонлар Арқамнинг уйларида тўпланардилар. Бир куни эшик тақиллади. Келган одам қиличини тақиб олган Умар эканини билганларидан сўнг баъзи саҳобалар қўрқувга тушдилар. Ҳамза:
– Умар ёлғиз келган, бу қадар қўрқишга ҳожат йўқ. Агар яхшилик билан келган бўлса, хуш келибди. Агар ёмон ниятда келган бўлса, ўз қиличи билан ўз бошини оламан, – дедилар ва ташқарига чиқиб:
– Эй Умар! Сен нимани ўйлаяпсан? Биз Абдулмутталиб авлодимиз. Ҳар биримиз Аллоҳ таолонинг изни билан қилични ҳавода ўйнатамиз. Аллоҳ ва Расули учун жонимизни ва бошимизни фидо қиламиз. Агар сен Расулуллоҳга зарар беришни ўйлаётган бўлсанг, чучварани хом санабсан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу суҳбатни эшитдилар. Сўнг ўзлари келиб илтифот ила Умарни қарши олдилар. Умар ҳам мусулмон бўлдилар.
Ушбу икки қаҳрамон ёрдамида мусулмонлар қувват топдилар ва ибодатларини очиқчасига адо эта бошладилар.
Ҳамза бир куни Жаброил алайҳиссаломни асл қиёфаларида кўришни орзу қилаётганликларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамзадан сўрадилар:
– Уни кўришга тоқатингиз етадими?
– Ҳа етади, – деб жавоб бердилар Ҳамза.
– Ундай бўлса ерга ўтиринг ва қаранг! – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Ҳамза Жаброил алайҳиссаломни кўргач, ҳушларидан кетиб йиқилдилар.
Ҳамза, Зайд ибн Ҳориса ва Абу Марсад Канноз, Анас ибн Молик ва Абу Карсо билан биргаликда Мадинага ҳижрат қилдилар.
Мадинага келганларидан сўнг Пайғамбаримиз Макка мусулмонларини ҳам бир-бирларига, ҳам Мадиналик мусулмонларга биродар қилдилар. Ҳамзани Зайд ибн Ҳориса билан биродар деб эълон қилдилар. Ҳамза ушбу қардошини жуда яхши кўрар, ҳурмат қилар ва жангга кетаётган вақтларида барча нарсаларини уларга васият қилардилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг Қурайш мушриклари ҳам тинч турмадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Мадинада ҳам тинч яшашга қўймас, мадиналиклар уларни тарк этишлари учун атрофидаги мусулмонларга таҳдид қилардилар.
Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Мадинадан ташқарига ҳайдаб чиқаришлари учун Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул билан Авс ва Ҳазраж қабилалари мушрикларига таҳдидли мактублар йўллаб мусулмонларнинг ҳаж йўлларини тўсиб қўйдилар.
Бу ҳолатда мусулмонлар Сурия тижорат йўлларини тўсиб қўйиб, мушрикларни тижорат ва иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга туширишлари ва шу ҳолатда мушриклар ақлини киритиб қўйишлари лозим бўларди.
Мушриклар карвонининг Мадина яқинидан ўтаётгани ҳақида хабар келди. Сафарга ҳозирлик кўрилди. Сафарга чиқадиган гуруҳга Ҳамзани қўмондон этиб тайинлаган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга оқ байроқ бердилар. Ҳамзага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан тақдим этилган ушбу байроқ Ислом тарихида мусулмонлар қўллаган илк байроқ эди.
Ҳамза 30 суворий билан бирга ҳаракат қилдилар. Шомдан Маккага йўл олган, 300 суворий қўриқлаб бораётган ушбу мушриклар карвони Суфр-ул Баҳр деган жойга келиб қолган эди. Ислом аскарлари бу ерга келгач, мушриклар карвонини қўриқлаб бораётган 300 суворий билан олишдилар.
Мажид ибн Амр ал-Жуҳоний иккала тарафга ҳам иттифоқ бўлиб, мусулмонларнинг сон жиҳатдан мушриклардан анча кам эканини ўйлаб, иккала тарафни ҳам урушишдан тўхтатди. Сўнг Ҳамза шериклари билан Мадинага қайтдилар.
Мажид ибн Амрнинг қилган иши тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар қилингач, улар бундан мамнун бўлдилар ва:
– Тўғри ва яхши бир иш қилибди, дедилар.
Ҳамза Абво, Ваддон ва Зул Ушайро ғазотларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оқ байроқларини кўтардилар.
Бадр ғазотида 313 саҳоба 1000 кишилик мушрик қўшини билан жанг қилди. Макка мушрикларидан Утба, Шайба ва Валид майдонга чиқиб ўзларига рақиб жангчи сўрадилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар:
– Эй Баъни Ҳошим! Туринглар Аллоҳ таолонинг нурини сўндириш учун келганларга қарши Ҳақ йўлида олишингларки, зотан Аллоҳ таоло Пайғамбарингизни ҳам шунинг учун юборган. Туринг, эй Ҳамза! Тур эй Али! Тур, эй Убайда ибн Ҳорис!
Ҳамза, Али, Убайда ибн Ҳорис дубулғаларини кийдилар. Майдонга чиқдилар. Мушриклар дедилар:
– Сизлар кимсизлар? Агар бизнинг тенгимиз бўлсангиз сиз билан жанг қиламиз.
Асҳоби киром эса: “Мен Ҳамзаман!”, “Мен Алиман!”, “Мен Убайдаман!” – деб жавоб бердилар.
Бунга жавобан мушриклар:
– Сизлар ҳам бизлар каби шарафли одамсизлар. Сизлар билан жанг қилишни қабул эттик, – дейишди.
Саҳобалар аввал мушрикларни Исломга даъват қилдилар. Улар эса қабул қилмадилар. Шундан сўнг асҳоби киром мушриклар устига ташландилар.
Ҳамза ва Али Утба билан Валидни ўшу заҳотиёқ ўлдирдилар. Убайда Шайбани яралади. Шайба ҳам Убайдани яралади.
Ҳамза билан Али Шайбани ўша ерда ўлдириб, Убайдани қучоқлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтирдилар.
Абу Жаҳл мушрикларни жангга ундай бошлади. Ҳар икки тараф ҳам бутун кучларини тўплаб ҳужумга ўтдилар. Бу жанг ҳар икки тарафнинг илк катта жанги эди.
Асҳоби киром “Аллоҳ, Аллоҳ”, – деб такбир келтириб ҳужум қиларди. Ҳамза ҳар икки қўлларига биттадан қилич олиб душманни ер тишлатардилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини душманга қарши мардонавор олишаёганларини кўргач:
– Улар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги арслонларидир, – дея марҳамат қилдилар.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам бериш учун фаришталарни жанг майдонига юборди. Асҳоби киром қиличларини уриб улгурмай мушриклар калласи ерда ётарди.
Мушриклар мағлубиятга учрадилар. Абу Жаҳл ҳам ўлдирилди. Макка томон чекина бошладилар. Ҳамза Бадр жангида хайратомуз қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Бадр жанги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом қўшинининг зафари ила якунланди. Асҳоби киромдан ўн тўрт киши шаҳид бўлди.
Бадр жангидан сўнг интиқом оташида ёнган Қурайш мушриклари янги жанг учун ҳозирлик кўра бошладилар. Бир йил аввалги карвондан келган тушумни жанг учун сарфлашга қарор қилдилар. Жанг учун бошқа мушрик қабилалардан ёрдам кучи олиб катта қўшин ҳозирладилар.
Бу сафарги жангга Қурайшнинг аёллари ҳам қатнашадиган бўлдилар. Бадр жангидаги мағлубиятлари ва кўплаб яқинларидан жудо бўлганликлари туфайли мушрик аёллар эрларига таъна қилар, бунда уларни айбдор, деб билардилар ва ҳамон Бадр мотамини тутиб, эркакларини жангга ундардилар.
Жубайр ибн Мутъимнинг Ваҳший исмли ҳабаш қули бор эди. Бу қул найза отишда ўта маҳоратли эди. Ҳамза Жубайр ибн Мутъимнинг амакиси Туайма ибн Одийни Бадр жангида ўлдирган эдилар. Жубайр амакисининг хунини олишни истарди. Шу боис қули Ваҳшийга бу хусусда айтиб, агар жангда Ҳамзани ўлдирса, уни озо қидишга ваъда берди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада қолиб мудофаа қилишни истардилар. Бадр жангида қатнашмаганлар эса Мадинадан ташқарида душманларга пешвоз чиқиб, улар билан жанг қилишни хоҳлардилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларининг хоҳишларини инобатга олиб Мадинадан ташқарида жанг қилишга изн бердилар. Ҳамза ҳам Мадинадан ташқарида жанг қилиш тарафдори эдилар. Ҳаттоки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга:
– Сизга китобни туширган Аллоҳга қасам, шу қиличим билан Мадина ташқарисида Қурайш мушриклари билан жанг қилмагунимча ҳеч нарса емайман, – дедилар.
Ҳамза жума куни рўза тутган эдилар. Шанба куни мушриклар билан жанг қилаётган пайтларида ҳам рўзадор эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эрта тонгда:
– Тушимда фаришталарнинг Ҳамзани юваётганларини кўрдим, – дея марҳамат қилдилар.
Уҳуд ҳудудига борилди, аскарларга жангга тайёрланиш буюрилди. Қурайшнинг биринчи байроқдори Талҳа ибн Абу Талҳа Али томонидан, иккинчи байроқдори Усмон ибн Абу Талҳа эса Ҳамза томонида ўлдирилди. Байроқдорларнинг ўлиши Қурайш мушрикларини саросимага солиб қўйди. Анча вақтгача ўзларини ўнглай олмадилар, ҳатто Ҳолид ибн Валиднинг ҳужумлари ҳам натижа бермади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамзага энг олд қаторда зирҳсиз суворийлар бошида жанг қилиш вазифасини топширдилар. Ҳамза икки қўлларида қилич билан:
– Мен Аллоҳ таолонинг арслониман! – деб душман сафларини ёриб, олдидан чиққан мушрикни қиличдан ўтказиб борардилар.
Савфон ибн Умая атрофдагилардан:
– Ҳамза қаерда? Менга кўрсатинглар, – деб сўраб жанг майдонида изғирди. Бир пайт икки қўлида қилич билан мушрикларни яксон қилаётган одамни кўриб сўради:
– Бу одам ким?
Атрофдагилар дедилар:
– Сен излаётган одам. Абдулмутталиб ўғли Ҳамза!
– Мен бугунгача душман устига бундай ташланган қўрқмас, жасур одамни кўрмагандим.
Уҳудда барча бор кучи билан душманга қарши қилич солишаркан бир вақт Ҳамза билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрталарида ҳеч ким қолмади.
Ҳамза ҳеч орқаларига қарамас, фақат илгарилаб ҳужум билан йўлдан чиққанни тозалаб кетардилар. Жанг бошланганидан шу онга қадар ўттиз мушрикни ер тишлатгандилар.
Бир пайт Шибоб ибн Умму Аммор:
– Мен билан олишадиган киши борми? – деб Ҳамзани майдонга чорлади.
Ҳамза:
– Демак сен Аллоҳнинг арслонини олишишга чақиряпсан шундайми? – деб уни ҳам бир зумда ўлдирдилар.
Қурайшликлар мағлубиятга учраб чекина бошлагач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан вазифа топширилган ўқчилар жойларидан қўзғалиб, бир бирларига:
– Нега бу ерда турибмиз? Аллоҳнинг душманлари мағлуб бўлди, бизлар ҳам мушриклар қўноғига кириб биродарларимиз билан бирга ўлжа йиғмаймизми? – дедилар.
Ўқчиларнинг бир қисми эса бу таклифга эътироз билдирдилар ва:
– Сизлар Расулуллоҳнинг: “Бизнинг ортимиздан қўриқланглар! Асло жойингиздан жилманглар. Бизнинг мағлубиятимизни кўрсангиз ҳам ёрдамга келманглар. Ўлжа тўплаётганимизни кўрсангиз ҳам бизларга қўшилманг. Бизни орқадан қўриқланглар!” деб буюрганларини билмайсизларми? – дедилар.
Ўқчилар ўз қўмондонлари Абдуллоҳ ибн Жубайрга қулоқ солмадилар ва:
– Ўлжадан насибамизни оламиз, – деб жойларини тарк этдилар.
Абдуллоҳ ибн Жубайрнинг ёнларида жуда оз аскар қолганини кўрган Ҳолид ибн Валид фурсатни қўлдан бой бермади. Ёнига мушрик аскарларини тўплаб, ўқчиларнинг устига юрдилар.
Абдуллоҳ ибн Жубайр ўзлари томонга душман қўшини бостириб келаётганини айтиб дўстларига тарқалмасликларини буюрдилар. Мусулмон ўқчилар устиларига бостириб келаётган Қурайш мушрикларига ўқ ёғдирдилар ва ўқлари тугагунга қадар қаҳрамонларча жанг қилдилар.
Абдуллоҳ ибн Жубайр ўқлари битгач, найза билан жанг қилдилар, сўнг қиличини қинидан чиқардилар. Шаҳид бўлгунга қадар олишдилар. Қолганлар саҳобалар ҳам худди шундай жанг қилдилар.
Ўқчиларнинг жойларини ташлаб кетишлари ва қолган қисмининг шаҳид этилиши билан мусулмонлар ғафлатда қолишди. Ҳам орқадан ҳам олд тарафдан ўраб олиндилар. Мусулмонлар эса саросимада қолиб қиличларига ёпишдилар.
Ҳорис ибн Амрнинг қизи билан Утбанинг қизи Ҳинд эса ҳазрат Ҳамзани ўлдириш учун Ваҳшийни тезлатаётган эдилар. Ваҳший очиқ олишишдан қўрқиб, яширинча нишонга олишни танлаган эди.
Ваҳший Уҳуд жангидаги ҳолатни шундай баён этади:
– Одамлар орасидан Алини изладим. Жуда сезгир, эҳтиёткор, атрофидаги вазиятдан кўз қулоқ бўлиб турарди. Ўзимга ўзим: “Мен излаётган одам бу эмас”, дедим.
Шу пайт Ҳамзани кўрдим. Олдидан чиққанни тилка пора қилиб йўлида давом этарди. Пайт пойлаб қоянинг орқасига яшириндим. Бир пайт Шибоб ибн Умму Аммор “Мен билан олишадиган мард борми?” – деб олишишга аскар чорлади. Ҳамза унга: “Аллоҳнинг арслони билан олишмоқчи бўлган сенмисан ҳали?” – деди ва кўз очиб юмгунча оёғидан кўтариб ерга отди. Ҳамза оёқлари остидаги сувдан тойиб, ерга йиқилган вақтда уни найза билан ўлдирдим.
Ҳамза розияллоҳу анҳуни шаҳид этган Ваҳший бир четга яширинди. Ҳинд эса устидаги барча тақинчоқларини ечиб унга берди. Ҳамза розияллоҳу анҳунинг муборак жасадлари ёнига келган Ҳинд уларнинг бурунларини, қулоқларини кесди, ҳаттоки жигарини кесиб олиб, тишлаб ейишдек разилликка борди.
Ваҳший Макка фатҳидан сўнг тоифликлар билан бирга Мадинадаги масжидга келиб иймон келтирди ва афв этилди. Бироқ Ямома тарафга кетиши амр қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида доим тортиниб, боши эгик яшади. Бу ҳақда Ваҳшийнинг ўзи шундай дейди:
– Макка фатҳидан сўнг Маккага келиб, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Мендан сўрадилар:
– Ваҳший сенмисан?
– Ҳа.
– Ҳамзани сен ўлдирдингми?
– Ҳа шундай бўлганди, – деб жавоб бердим.
Шундан сўнг Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Менга кўринмай юра оласанми? – дедилар, мен эса чиқиб кетдим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг ёлғончи пайғамбар Мусайлама ўртага чиқди. “Балки бу каззобни ўлдирсам гуноҳим кечирилар”, деб ўйладим. Мусулмонлар билан бирга Ямомага бордим ва Мусайламани ўлдирдим.
Юқорида таъкиланганидек, Ҳамза розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларида рўзадор эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни “Саййид уш Шуҳадо”, яъни “Шаҳидлар саййиди”, – деб атадилар ва жасадларини фаришталар ювганликлари ҳақда хабар бердилар.
Жанг тугаган эди. Шаҳидлар ёнига бирма бир борилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамзанинг муборак жасадларини кўриб чидай олмадилар. Йиғладилар ва муборак кўзларидан ёшлар оқаркан марҳамат қилдилар:
– Мен мана шу шаҳидларнинг Аллоҳ таоло йўлида жон фидо қилганларига Қиёмат куни шоҳидлик бераман. Уларни қонлари билан кўминглар. Валлоҳи, Қиёмат куни маҳшарга яралари қонаган ҳолда келурлар. Қонларининг ранги қизил, ҳиди эса мушк ҳиди бўлади.
Бир оздан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хушхабар айтдилар:
– Менга Жаброил алайҳиссалом келиб Ҳамза ибн Абдулмутталиб ҳақида осмонда фаришталар “Аллоҳ ва Расулининг арслони”, – деб ёзганларини хабар қилди.
Ҳамза розияллоҳу анҳу ва бошқа шаҳидларнинг жаноза намозлари ўқилди. Ҳамза розияллоҳу анҳу сингиллари Сафия келтирган ҳирқа билан кафанландилар. Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу билан Ҳамза розияллоҳу анҳунинг жасадлари бир қабрга қўйилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир шаҳиднинг жанозасини ўқиётганларида Ҳамза розияллоҳу анҳунинг жанозаларини такрор ўқидилар, ўша куни Ҳамзага етмиш икки марта жаноза намози ўқилди. Шаҳидлар орасида биринчи бўлиб Ҳамза розияллоҳу анҳунинг жаноза намози ўқилганлиги қайд этилган.
Ҳамза розияллоҳу анҳунинг аёли ва фарзандлари Мадинада бўлмаганлиги сабабли ҳеч ким йиғламаган, буни кўрган ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Нега Ҳамза учун йиғлаганлар йўқ? – деб сўрадилар.
Буни эшитган Ансорийлар аввал Ҳамза розияллоҳу анҳу учун сўнг ўз шаҳидлари учун йиғладилар.
Ҳамза розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг амакилари эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки-уч ёш катта бўлган Ҳамза розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларида эллик етти ёшда эдилар.
Ҳамза розияллоҳу анҳу ўрта бўйли эдилар. Қиличларини мукаммал ишлатар, ўқ отиш борасида ҳам тенгсиз мерган эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ва айни вақтда эмикдош эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг қабрларини зиёрат қилиш учун борар ва салом берардилар.
Ҳамза розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:
– Ушбу дуони ҳеч қачон айтишдан тўҳтаманглар: “Аллаҳумма инний асъалука бисмикаъл аъзам ва ризвоникаъл акбар”.