close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Убода ибн Самит розияллоҳу анҳу

Убода ибн Самит розияллоҳу анҳу асли мадиналик эдилар, Уларнинг оналари ҳам мусулмон бўлиб, кўпчиликнинг Исломга киришига сабаб бўлдилар. Убода ҳижратдан сўнг Маккадан кўчиб келган мусулмонлардан Абу Марсад билан қардош бўлдилар. Умму Ҳиром билан турмуш қурдилар. Никоҳларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқидилар.
Убода ибн Самит асҳоби киромнинг фазилатли кишиларидан бири бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Қуръони каримни бутунлай ёд олгандилар.  
***
Убода ибн Самит розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Мен биринчи Ақобада ҳозир бўлганлар орасида эдим. Ўн икки киши эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай байъат бердик: “Аллоҳ таолога ҳеч қандай шерик қўшмаймиз, ўғирлик қилмаймиз, зино қилмаймиз, болаларимизни ўлдирмаймиз, тилларимиз билан ёлғон сўзлаб, туҳмат қилмаймиз, ҳар қандай яхшилик ҳусусида Аллоҳга осий бўлмаймиз!”
Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
– Агар аҳдингизда, турсангиз сиз учун жаннат бор. Агар улардан бирортасини яширсангиз, сизнинг ишингиз Аллоҳ таолога ҳавола, истаса азоб беради, истаса афв этади”.
    Убода ибн Самит розияллоҳу анҳу Ақоба байъатида шундай дегандилар:
– Ё Расулуллоҳ! Ҳеч қандай туҳматчининг туҳмати мени бука олмайди ва йўлимдан қайтара олмайди, – деб сизга байъат бераман.
***
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратдан сўнг Мадинада яҳудийлар билан сулҳ тузган эдилар. Сулҳга кўра яҳудийлар мусулмонлар билан жанг қилмасликлари ва уларнинг душманларига ёрдам бермасликлари лозим эди. Шунга қарамай, яҳудийлар сўзларида турмадилар ва мусулмонларнинг қонини тўкилишидан чекинмадилар. Мадиналик яҳудийлар уч қабиладан иборат бўлиб, булар Қурайза, Надир ва Қайнуқа қабилалари эди. Энг кучли қабила қайнуқаликлар мустаҳкам қалъада яшардилар. Заргарлик ва судхўрлик билан кун кечирардилар. Бадр жангидаги мусулмонларнинг ғалабасии уларнинг ҳасадларини янада кучайтириб, душманликларини орттирди. Бир мусулмон аёлига ҳужум қилганларидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Яҳудийларга агар яна номақбул бирор ҳаракат қилсалар ўртадаги сулҳни бузилиб, мусулмонларга азият етказган мушрикларнинг Бадрдаги ҳолига яҳудийларнинг тушишини айтиб огоҳлантирдилар.
    Яҳудийлар эса вазиятни янада чигаллаштириб шундай дедилар:
– Жанг қилишни билмайдиган кимсалар, (яъни қурайшликлар) устидан қозонилган зафар ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Қани энди, мусулмонлар биз билан бирор кун жанг  қилсалар – ўшанда жангнинг завқини тотадилар.
Энди уларга дарс бериб қўйиш лозим эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ҳаракатга ўтиш амрини бердилар. Баъни Қайнуқалик яҳудийлар мустаҳкам қалъаларига чекинишди. Мусулмонлар ўн беш кун давомида уларни қамалга олдилар.
Охири қочишга тирқиш ҳам топа олмаган яҳудийлар таслим бўлишга мажбур бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан омонлик сўраб, марҳаматларига сиғиндилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доимгидек асҳоблари билан маслаҳат қилдилар. Яҳудийларга қандай жазо бериш лозимлиги ҳақда асҳобларидан ҳам сўрадилар. Мунофиқларнинг бошлиғи Ибн Салул сўз олиб:
– Яҳудийлар билан менинг келишувим бор. Мен уларнинг дўстликларидан воз кечолмайман, – дегач Убода ибн Самит розияллоҳу анҳу сўз олиб шундай дедилар:
– Ё Расулуллоҳ! Менинг қабилам ҳам яҳудийлар билан дўстлик сулҳини тузганди. Бироқ энди улар сўзларида туришмадил. Сулҳнинг шартларини бузишди. Бундан кейин менинг Аллоҳ ва Пайғамбаридан бошқа дўстим йўқдир. Аллоҳ ва Расулининг амрларини кутяпман.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг иккисини ҳам эшитдилар ва шундай дедилар:
– Эй Ибн Салул! Ўзинг учун танлаган яҳудийларнинг дўстлиги сеники бўлсин! Убоданинг танлаган Аллоҳ ва Расулининг дўстлиги эса уники бўлсин!
    Шундан сўнг Қуръони каримдан қуйидаги оят нозил бўлди:

    يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَتَّخِذُواْ الْيَهُودَ وَالنَّصَارَى أَوْلِيَاء بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاء بَعْضٍ وَمَن يَتَوَلَّهُم مِّنكُمْ فَإِنَّهُ مِنْهُمْ إِنَّ اللّهَ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ {51}
“Эй имон келтирганлар! Яҳудийлар ва насронийлар билан дўст тутинмангиз! (Уларнинг) баъзилари баъзилари билан дўстдирлар. Сизлардан кимки улар билан дўст тутинса, у албатта, улардан (бўлиб қолур). Албатта, Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай” (Моида сураси, 51-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларга катта марҳамат кўрсатдилар. Баъни Қайнуқа яҳудийларини озод этдилар, бироқ уларни Мадинадан чиқиб кетишларини амр қилдилар. Буни назорат қилиш вазифасини эса Убода розияллоҳу анҳуга топширдилар. Убода розияллоҳу анҳу бу вазифани чиройли тарзда адо этдилар.
***
Убода ибн Самитдан шундай ривоят қилинади:
– Бир куни хасталаниб қолдим. Ансорийдан баъзи кишилар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўришга келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидлардан сўз очиб:
– Шаҳидларнинг ким эканини биласизларми? – деб сўрадилар.
Ҳамма жим қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саволни уч марта такрорладилар. Сўнг мени тургиздилар. Шундай жавоб бердим:
– Шаҳид Исломга кириб ҳижрат қилган, сўнг Аллоҳ йўлида жон берган кишидир.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Ундай бўлса умматимнинг шаҳидлари жуда оз бўларди. Аллоҳ йўлида жон берган шаҳиддир. Денгизда чўкканлар шаҳиддир, қорин оғриғидан ўлганлар шаҳиддир, кўзи ёриётганда жон берган ҳотин шаҳиддир.
***
    Убода ибн Самит шогирдларидан Санабжиннинг хасталиги туфайли йиғлаётганини кўриб шундай дедилар:
– Нима учун йиғлайсан, агар маҳшарда сенга шаҳодат қилишим ва шафоат қилишимга изн берилса, шаҳодат ва шафоат қилардим. Ҳозир сенга Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шарифларини ривоят қиламан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
– Кимки, Аллоҳдан ўзга бирор маъбуд йўқлигига, мен Аллоҳнинг Расули эканимга шоҳидлик берса, унинг жасади жаҳаннамга ҳаром бўлади.
***
Убода ибн Самит розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади.
– Бир аробий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан келиб сўради:
– Ё Расулуллоҳ, амалларнинг устуни нима?
– Аллоҳ таолога иймон келтириш ва Уни тасдиқ этиш.
– Ё Расулуллоҳ, янада осонроғи йўқми?
– У ҳолда сабрли ва яхшиликсевар бўл.
– Ё Расулуллоҳ, ундан ҳам қулайроғини истайман.
– У ҳолда Аллоҳ таоло сенга қандай қисмат берган бўлса унга рози бўл.
    Бошқа куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша одамга шундай дедилар:
– Мен сизларнинг мендан кейин ширкка кетишингиздан қўрқмайман. Сизлар учун қўрқадиган нарсам мол дунёга майл ва рағбат қилишингиздир.
***
    Бир одам Убода ибн Самит розияллоҳу анҳуга шундай деди:
– Мен жанг қилаётганимда Аллоҳ таолонинг ризолигини  тилаганим каби, бошқаларнинг ҳам мени мақташларини истайман.
    Унга жавобан ҳазрат Убода шундай дедилар:
– Сенга бундан фойда йўқ.
Ўша одам уч марта юқоридаги сўзларини такрорлагач, Убода розияллоҳу анҳу ушбу қудсий ҳадисни айтдилар:
“Мен шерикликдан холи бўлганларнинг энг устуниман. Кимки мен учун амал қилиб ва бошқасини бу амалга қўшса, ҳиссамни ўшанга топшираман”.
***
Убода ибн Самит қобилиятли инсон эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Византия қироли Ҳераклга элчи қилиб ҳазрат Ҳошим ибн Ос билан ҳазрат Убода ибн Самитни жўнатдилар.
Бу икки зот узоқ йўл босиб Истанбулга бордилар. Бўйинларига қиличлари осилган ҳолда қирол саройига яқинлашдилар. Истанбул халқи уларни хайрат билан кузатарди. Уловларидан тушаётганда: “Ла илаҳа иллаллоҳу валлаҳу акбар”, – деган эдилар бутун сарой хурмо дарахти каби чайқалиб кетди.
    Қирол ҳузурига чиқдилар. Қирол улардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом дини тўғрисида бир қанча савол сўради. Ўрталарида шундай суҳбат бўлиб ўтди:
– Сизларнинг энг улуғ каломингиз нима?
– “Ла илаҳа иллаллоҳу валлаҳу акбар” каломидир.
– Бу каломни мамлакатингизда айтган пайтингиз уйларингиз тебраниб, шифтларингиз устингизга қуламаяптими?
– Йўқ, биз бу сўз туфайли ҳеч қачон бирор ниманинг чайқалиб кетганини кўрмаганмиз. Фақат сенинг ёнингда кўрдик. Бу бир ўгитдан бошқа нарса эмас.   
– Аллоҳга қасамки, мулкимдан воз кечиш нафсимга маъқул келганда сизга тобе бўлардим, ўлгунимга қадар ҳақир бир қулингиз бўлишни истардим.  
    Қирол бу эътирофдан сўнг элчиларга қимматбаҳо ҳадиялар бериб уларни юртига кузатди.
***
Убода ибн Самит розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Жаҳаннамнинг еттита эшиги бор: учтаси бойлар, учтаси аёллар, биттаси эса фақирлар учундир.
***
– Қиладиган ишингнинг охирини ўйла. Солиҳ ва яхши амал бўлса уни қил. Ёмонлик бўлса воз кеч.
***
Убода розияллоҳу анҳу 655 йили 72 ёшларида Рамлада хасталандилар. Жуда ҳурматли ва барчага суюкли саҳоба бўлганлари учун барча мўминлар зиёратларига келишарди. Хаста ҳолларида ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини ва муборак Қуръони карим оятларини изоҳлар, чиройли насиҳатлар берардилар.
Бир куни ўғли Валид шундай деди:
– Отажон! Менга ҳам бирор насиҳат беринг! Улардан энг кераклиси қайси эканини ҳам айтинг.
– Менинг ётоғимни тўғирла, ўтириб олай!
Ётоқларини тўғирлаб, ўтирғаздилар. Сўнг шу сўзларни айтдилар:
– Ўғлим! Агар сен яхшию ёмон нарсаларнинг бари тақдирдан эканлигига ишонмасанг, иймоннинг тотини ҳис этолмайсан.
– Бироқ отажон, буни қандай биламан?
– Шундай ишонишинг керакки, тақдирингда бўлмаган нарса сени асло топа олмайди. Тақдирингда ёзилганидан эса сен асло қоча олмайсан.
***
    Убода розияллоҳу анҳунинг хасталиклари янада кучайди. Вафот этишларини билгач шундай дедилар:
– Қанча қариндошим, озод қуллар, хизматкорлар ва қўшнилар бўлса барини тўпланг!
    Барчаси йиғилгач уларга:
– Ўйлайманки, бугун дунёдаги охирги куним, охиратдаги илк кечам бўлади. Баъзиларингизни ранжитган бўлишим мумкин. Мана ҳозир мендан қасосингизни олинг. Чунки бу дунёда қасос олмасангиз қасамки нариги дунёда ҳаққингизни мендан оласиз, – дедилар.
    Атрофдагилардан рози-ризолик олдилар ва уларга ҳам розилик бердилар. Сўнг охирги васиятини айтдилар:
– Руҳим чиқиши билан барчангиз туриб чиройли ва мукаммал таҳорат олинг. Икки ракатдан намоз ўқиб, ҳам ўзингизни, ҳамда шу ғариб Убодани дуо қилинг. Чунки Аллоҳ таоло буюк Каломида: “Сабр ва намоз ила Аллоҳга сиғининг”, – деб буюрган. Кейин эса куттирмай мени дарҳол қабримга элтинг!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase