Укайл ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 180 марта кўрилди
Укайл розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибнинг тўрт ўғлидан иккинчиларидир. Укайл розияллоҳу анҳу аввал-бошданоқ Исломга яқинлик туярди. Бироқ Макка мушрикларининг мусулмонларга бераётган азиятларини кўриб фикрларини очиқ айтишдан чекинарди. Укайл розияллоҳу анҳуга Макка мушриклари босим ўтказгач, Бадр жангида мажбуран уларнинг сафида бўлдилар. Мусулмонлар уларни асир олишди. Улар жуда фақир бўлиб, қутулиш учун товон пули тўлашга ҳам имконларии йўқ эди. Шунинг учун бу пулни амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб тўлаб уларни озод қилдилар.
***
Укайлнинг Ислом динини қабул қилиши Ҳудайбия сулҳидан сўнг бўлди. Мусулмон бўлган ҳазрат Укайл Муто ғазотида иштирок этдилар. Бироқ қайтишда оғир бир хасталикка чалиниб қолдилар. Шу сабабли Макка фатҳи, Ҳунайн ва Тоиф ғазотларида қатнаша олмадилар. Кейинчалик яна Маккага қайтиб келдилар. Бироқ тез-тез бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилар ва хизматда асло камчиликка йўл қўймасдилар. Шу жиҳатдан Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадиси шариф ривоят қилганлар.
***
Укайл розияллоҳу анҳу мусулмон бўлишларидан аввал фақир эдилар. Мусулмон бўлиб ҳижрат қилгач, янада фақирлашдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолатни кўриб, Ҳайбар сафаридан сўнг Укайлга йиллик маош тайинладилар. Уларнинг бошқа жойдан келадиган даромади бўлмагани учун фақат шу маош билан кун кечирардилар.
***
Укайл ибн Абу Толиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни жуда яхши кўрардилар. Ҳар фурсатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган боғлиқлик ва севгисини кўрсатиб яшадилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларни яхши кўрардилар. Укайлга шундай марҳамат қилдилар:
– Эй Укайл! Мен сени икки жиҳатдан яхши кўраман. Биринчиси яқин қариндошим бўлганинг учун, иккинчиси амаким сени яхши кўришини билганим учун.
***
Укайл розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатларига қаттиқ риоя қилардилар. Атрофидагиларга жоҳилия одатларидан узоқлашишларини тавсия қилардилар. Насаб, авлод-аждодларни билиш бобида катта маълумотга эга эдилар. Жоҳилия даврига доир урф ва одатлар, машҳур кунлар, ҳикоя ва достонлар ҳақида ҳам чуқур илмлари бор эди. Шунинг учун ҳам қўшни қабилалар орасида ҳурматлари баланд эди. Бу мавзуда сўралган саволларга кенг ва мукаммал жавоб берардилар.
***
Мусулмон бўлганларидан сўнг жоҳилия даврига оид одатларни чуқур билганликлари сабаб нималарни тарк этиш лозимлигини яхши билдилар. Чунки ёмонликни, гуноҳни, ҳаромни билмаганнинг, танимганнинг ўша ёмонликка эргашиш ва ҳаром ишни қилиш эҳтимоли катта бўлади. Бироқ уларни яхши фарқласа, ўзини муҳофаза эта олади.
***
Укайл розияллоҳу анҳу ҳозиржавоб зот эдилар. Юз йилга яқин умр кўрдилар. Язид билан бўлган келишмовчиликда Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг тарафдори бўлдилар.
Бидъатчилардан узоқ турардилар. Укайлдан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда шундай дейилади:
– Бидъатчилар билан бирга бўлманглар. Улар билан бир ерда таом еманглар. Улардан қиз олиб қиз берманглар.
***
Укайл розияллоҳу анҳу ҳазрат Жаъфар розияллоҳу анҳудан ўн, Али карамаллоҳу важҳаҳудан эса йигирма ёш катта бўлиб, уччаласи бир онанинг фарзандлари эдилар. Кунялари Абу Язид бўлиб, 680 йили вафот этдилар.