close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу

     Саҳобаи киромнинг улуғларидан бўлган Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан эдилар. Оталарининг исми Каъб, оналарининг исми Сулайҳа бўлиб, ўзлари икки куняга соҳиб эдилар – Абул Мунзир ва Абут Туфайл.
Асли мадиналик бўлиб, Ҳазраж қабиласининг Баъни Нажжор қавмидан эдилар. Туғилган йиллари ҳақда аниқ маълумот йўқ. Убай ибн Каъб ҳижратдан аввал Ақоба байъатида Ислом билан шарафландилар. Убай ибн Каъб иккинчи Ақоба байъатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган етмиш саҳоба орасида эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар орасида қилган қардошлик аҳдлашувида Убай ибн Каъбни жаннат башоратини олган ўн саҳобадан бирлари бўлган Саид ибн Зайд билан қардош деб эълон қилдилар.
***
    Убай ибн Каъб жоҳилия даврида ҳам ўқишни ва ёзишни биладиган оз сонли кишилардан бири эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг, ансорлар орасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёзувларини илк ёзган киши Убай ибн Каъб бўлдилар. Шу тарзда Мадина даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келган илк ваҳийни ҳазрат Убай ибн Каъб ёздилар. Убай ибн Каъб бўлмаган пайтларда ҳазрат Зайд ибн Собит ёзардилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илоҳий ваҳийни Жаброил алайҳиссаломдан олган пайтларида Убай ибн Каъб уни ҳали ёзувлари қуриб улгурмай ёд олар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб берардилар.
***
    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:
– Эй Убай! Аллоҳнинг китобидаги энг буюк оят қайси?
Убай ибн Каъб жавоб бердилар:
– Аллоҳ ва Расули яхшироқ билади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айни саволни уч марта такрорладилар. Учинчи марта сўраганларида Убай ибн Каъб шундай деб жавоб бердилар:
– Ё Расулуллоҳ! Қуръоннинг энг буюк ояти Оят ал-Курсийдир.
Ушбу жавобдан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини Убай ибн Каъбнинг кўксига қўйдилар ва марҳамат қилдилар:
– Илм сенга муборак бўлсин!
***
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Илм ўрганишни истаганлар шу тўрт мусулмондан ўргансинлар! – деб марҳамат қилдилар ва уларнинг исмларини айтдилар. Тўрт билимдон зотнинг ораларида Убай ибн Каъб ҳам бор эдилар.
***
    Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:
– Қуръонни тўрт кишидан ўрганинглар. Абдуллоҳ ибн Масъуд, Салим, Муоз ибн Жабал ва Убай ибн Каъбдан.
Бу тўрт саҳобийдан Муоз билан Убай розияллоҳу анҳумлар ансордан, Абдуллоҳ ибн Масъуд билан Салим розияллоҳу анҳумлар эса муҳожирлардандир.
***
Тобеъиннинг улуғ олимларидан , бири Масрук шундай дейдилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари билан кўришдим. Уларнинг илмда қуйидаги беш улуғ саҳобага таянишларини кўрдим: Али, Абдуллоҳ ибн Умар, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумлар.
***
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбни мусулмонларга Қуръони карим ўргатиш учун тайин этдилар. Убай ибн Каъб Масжиди Набавияда Қуръони каримни ўргатардилар. Кўплаб саҳобийлар, хусусан машҳур саҳобийлардан Абу Ҳурайра ва Ибн Аббос ҳам Убай ибн Каъбдан илм ўрганганлар.
***
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Қуръони каримни ўргатганлари учун ҳеч кимсадан бирор бир нарса олмасдилар. Улардан шундай ривоят қилинади:
– Муҳожирлардан бирига Қуръон ўргатган эдим. У зот менга бир ёй ҳадя этди. Мен бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айганимда у зот менга:
– Уни олсанг, оташдан бир ёй олган бўласан, – дедилар. Шундан сўнг мен у ёйни саҳобийга қайтариб бердим.
***
    Убай ибн Каъб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча ғазотларда иштирок этдилар. Уҳудда ўқдан яраландилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бир табиб ёлладилар. Табиб ярани куйдирди. Шундан сўнг Убай тузалдилар.
***
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбни закот тўплашга маъмур этиб тайинладилар. Улар Барча қабилалардан закотларни тўплаб келтирдилар. Охири Мадина ташқарисидаги бир мусулмон қолганди. Убай салом бериб унинг ёнга кирдилар. Зиёрат сабабини англаган одам барча молларини ҳазрат Убайга кўрсатиб деди:  
– Қайси бирини истасангиз ўшани олинг!
Убай ибн Каъб моллардан бирини олдилар. Бироқ молнинг эгаси эътироз билдирди:
– Бундай сут бермайдиган, кекса молни закот сифатида бера олмайман. Ёш ва семиз ҳайвонни кўрсатиб ўтинди:
– Илтимос шуни олинг!
Бу сафар Убай эътироз билдирдилар:
– Унинг қиймати катта. Сенинг закотинг қийматидан ортиқ, ололмайман.
    Ҳалиги мусулмон киши шу молни олишларини сўраб туриб олганди.
Шунда Убай бир таклиф билдирдилар:
– Расулуллоҳ жуда яқин жойда яшайдилар. Истасанг юр, ўзлари билан гаплаш. Рози бўлсалар оламиз.
    Мусулмон киши таклифни қабул қилди. Ўзи танлаган закот моли билан бирга Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар:
– Ё Расулуллоҳ! Элчингиз сизнинг изнингизсиз закот учун берган молимни олмаяпти! Илтимос, амр қилинг – қабул этсин.  
    Масалани ўрганган Икки олам Сарвари соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар:
– Убай тўлашинг лозим бўлган ҳақ миқдорни айирибди. Бироқ сен ўз розилигинг билан кўпроқ беришни истайсан. Яхшилик қилишингга тўсқинлик қилмаймиз. Аллоҳ таоло сенга ажрини беради.
***
Убай розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг ҳам закот тўплаш вазифасида давом этдилар. Ўша пайтлари бўлиб ўтган Ямома жангида Қуръон ҳофизларнинг кўпи шаҳид бўлишди. Умар розияллоҳу анҳунинг Абу Бакр розияллоҳу анҳуга қилган мурожаатлари билан халифа Қуръони каримни мусҳаф ҳолига келитирилиши учун амр бердилар. Бу муҳим ва шарафли вазифани адо этишда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу катта хизмат қилдилар.
***
    Умар розияллоҳу анҳу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос розияллоҳу анҳу бир масала устида тортишиб қолишди. Убай ибн Каъбнинг ҳакам бўлиб хукм чиқаришларига келишдилар. Иккиси биргаликда Убайнинг уйларига бордилар. Саломлашишгач ҳазрат Аббос шундай дедилар:
– Эй Убай! Халифа менга тегишли уйни мусодара қилмоқчи. Менинг эса бериш ниятим йўқ. Иккимиз келиша олмадик. Охир-оқибат, сенинг ҳакам бўлишингга қарор қилдик. Сен қандай ҳукм қилсанг, шунга рози бўламиз.
Убай розияллоҳу анҳу Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга боқдилар. Улар эса:
– Ҳа, шундай! – деб, Аббоснинг сўзларини тасдиқладилар ва шуларни илова қилдилар:
– Унинг уйи масжидга туташган. Унга: “Бу ерни ўзинг рози бўлиб давлатга сот, пулини дарҳол берайлик”, – дедим. У рози бўлмади. “Бўлмаса, эҳсон қил”, – дедим. Буни ҳам рад этди. Сўнг: “Ундай бўлса,  мусодара қиламан.  Кейин эса уйни бузиб Масжидга қўшаман. Мусулмонлар масжидга сиғмаяптилар”, – дедим. Буни ҳам қабул қилмади. “Таклифларимнинг бирортасини қабул қилишга мажбурсан”, – дедим. Фақатгина сенинг ҳакам бўлишингга келиша олдик. Энди қандай қарор берсанг бер, – деб сўзларини тамомладилар.
Убай розияллоҳу анҳу икки тарафни ҳам диққат билан тинглагач дедилар:
– Эй амир ул-мўминин! Сен Абдулмутталиб ўғли Аббосни рози қилмасдан унинг уйини ололмайсан!
    Умар розияллоҳу анҳу сўрадилар:
– Бу ҳукмни Аллоҳнинг китобидан чиқардингми ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлариданми?
Убай ғоятда сокин жавоб бердилар:
– Расули Акрамнинг суннатларидан.
– Қандай?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман:
– Сулаймон алайҳиссалом Қуддусдаги Масжид ул-Ақсони бунёд эттираётганларида қурилган деворлар қайта қулар эди. Қийин аҳволда қолган Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ таоло вафий ила билдирди: “Сен устига масжид қураётган ер эгасини рози қилмагунингча бу деворларни қуриб тугатолмайсан”.
    Буларни эшитган Умар розияллоҳу анҳу уйни мусодара қилиш фикридан воз кечдилар. Чунки Аббос розияллоҳу анҳу ҳеч бир таклифга кўнмагандилар. Бу одил қарор ва халифанинг адолатга ҳурмати қаршисида Аббос розияллоҳу анҳу ўз розиликлари билан уйларини мусулмонларга ҳадя этдилар. Шундай қилиб, Масжиди Набавийнинг кенгайтирилишига имкон туғилди.
***
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини Убай розияллоҳу анҳунинг кўксиларига қўйдилар ва шундай дуо қилдилар:
– Ё Раббий! Бу ерни шубҳа ва рад этиш, ҳамда ёлғондан асра.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Ўша он менда шундай ҳол бўлдики, кумуш каби оппоқ бир ер кўзимга кўринди ва мен ўша ердан Роббимга гўё назар солаётган каби қўрқувдан терга ботдим.
***
    Қайс ибн Убода розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларини кўриш учун Мадинага келдим. Кўрганларим орасидан менга энг ёққани Убай ибн Каъб бўлдилар. Ҳар доим уларнинг ёнида бўлишни истардим. Доим олд сафда намоз ўқирдилар. Мен ҳам уларга яқин жойда турардим. Бир куни намоздан сўнг мендан сўрадилар:
– Сен савдогармисан?
– Ҳа, – деб жавоб берганимдан сўнг буюрдилар:
– Савдогарларнинг кўпчилиги ҳалок бўлурлар. Сен улардан бўлма.
***
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Анас ибн Алига шундай буюрдилар:
– Сизлар икки нарсани қилинглар: биринчиси ҳақ йўлдирки, у Ислом динидир. Иккинчиси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Кимки шу икки нарсага риоя қилса, шу билан бирга Аллоҳ таолони зикр қилиб, Ундан қўрққани учун кўзларига ёш келса, у кимсанинг вужудига оташ тегмайди. Кузда дарахтларнинг барглари сарғайиб сўлгач, шамол эсган пайт япроқлар қандай тўкилса, Аллоҳндан қўрққани учун танаси титраган кимсанинг ҳам ўша барглар каби гуноҳлари тўкилур.
***
Абу Али шундай дейдилар:
– Бир киши Убай ибн Каъбнинг ёнига келди ва: “Менга насиҳат беринг,” – деди.
Убай унга шундай дедилар:
– Аллоҳ таолонинг китобини, яъни Қуръони каримни ўзингизга имом қил. Яна уни ўзингга ҳакам қил, шу сенга кифоя. Аллоҳнинг ҳукмига рози бўл.
***
    Убай ибн Амир шундай дейдилар:
– Бир суҳбатда Убай ибн Каъб менга шундай дедилар:
– Кимки Аллоҳ таолонинг ризолиги учун қўлидагини берса, муҳаққақ Аллоҳ таоло янада яхшироғини эҳсон этади ва сон-саноқсиз савоб ёзади.
Кимки бунинг аксини қилса, Аллоҳ таоло унинг қўлидагини ҳам олиб қўяди ва унга гуноҳ ёзади.
***
    Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу саҳобаларнинг улуғ олимларидан эдилар. Қуръони каримдан ташқари Таврот ва Инжилни ҳам яхши англардилар. Бироқ улар учун энг афзали Қуръони карим эди. Улар Аллоҳнинг китобини мукаммал ўрганишни ва англашни истардилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилгандилар:
– Қуръони каримни энг гўзал ўқийдиганингиз Убай ибн Каъбдир.
***
Убай ибн Каъб бир куни ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга шундай дедилар:
– Мен Қуръони каримни янги нозил бўлган пайтда Жаброил алайҳиссаломдан олган зотдан ўргандим.
***
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай розияллоҳу анҳунинг ўзларига дедилар:
– Эй Убай, Аллоҳ таоло сенга Баййина сурасини ўқиб беришимни амр этди.
– Ё Расулуллоҳ, Роббим фақат менинг исмимни айтдими?!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ҳа”, – деган жавобни эшитган Убай розияллоҳу анҳунинг қувончдан кўзлари ёшланди.
***
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай розияллоҳу анҳуга Абу Мунзир кунясини бергандилар ва исмларига илова қилиб Саййид ул-Ансор лақабини қўйгандилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида Қуръони каримни ўргатувчи камём мусулмонлардан эдилар. Ҳадис, тафсир, фиқҳ ва вужудга келган барча диний илмларда Убай розияллоҳу анҳунинг катта хизматлари бор.
***
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидаёқ Қуръони каримни жам бўлганди. Бу хусусда Анас ибн Молик шундай дейдилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида Қуръони каримни тўрт киши ёд олган бўлиб, уларнинг бари ансорлардан эди. Булар: Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал, Абу Зайд ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумлардир.
***
Убай ибн Каъб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларидаёқ фатво берган оз сонли саҳобийлардан биридирлар.
Муҳаммад отаси ҳазрат Саҳлдан шундай ривоят қиладилар:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида фатво берган саҳобийлардан учтаси ансордан, учтаси муҳожирлардан эди. Муҳожирдан бўлганлар: Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳумлар; ансордан бўлганлар: Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумлардир.
***
Бутун ҳаётларини Қуръони каримга хизмат қилиш билан ўтказган Убай розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
– Мўмин тўрт хусусиятидан билинади: Бало ва мусибатга дучор бўлганда сабр қилади. Неъмат ва сийловга эришганда шукр қилади. Сўзлаганда рост сўзлайди. Ҳукм қилганда адолатга риоя қилади.
Мўмин беш нур ичида айланади. Унинг сўзи нур, илми нур, кирган ери нур, чиққан жойи нур ва Қиёмат куни борадиган ери нурдир.
***
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу бир қанча ҳадис ривоят қилганлар, булардан олтмиштаси Кутуби Ситтада, Бақий ибн Маҳладнинг Муснадида эса бир юз олтмиш тўртта ҳадислари жой олган. Улардан учтаси Имом Буҳорийда, еттитаси Имом Муслим китобларидан  жой олган.
    Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисларнинг бири шундай мазмунда:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:
– Одам боласининг бир водий тўла олтини бўлса, иккинчисини истайди. Икки водий тўла олтини бўлса, учинчисини истайди. Инсоннинг кўзини тупроқдан бошқа нарса тўйдира олмайди. Аллоҳ таоло эса тавба қилганнинг тавбасини қабул қилади!
***
Умар розияллоҳу анҳунинг амрлари билан мусулмонлар Таровеҳ намозини илк марта ҳазрат Убай розияллоҳу анҳу имомлигида ўқиганлар.
Масжидда мусулмонлар ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтирар, ҳадиси шариф тинглардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида гўзал суҳбатлар қурардилар. Ироқдан келган янги бир мусулмон бу ҳалқаларни кесиб ўтиб, оддий уст-бош кийган, заиф кексанинг ёнига яқинлашиб келганини кузатиб турди. Қария узоқ йўл босиб келгандек ҳорғин кўринарди ёки хаста эди. Кейин эса у:
– Каъбанинг соҳибига қасамки, – деб сўз бошлади ва шу тарзда давом этди:
–Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:
– Ким дунёда хайрли амал қилса, унга кўплаб хушхабарлар бор. Аллоҳ таоло унга оҳиратда кўплаб эҳсонлар беради. Лекин кимки бу дунё учун амал қилса, унга охиратдан ҳеч қандай насиба йўқдир!
    Кекса одамнинг сўзлари битгач аста ўрнидан турди. У кетгандан сўнг ироқлик одам ўша ердагилардан сўради:
– Бу зот ким?
Улар жавоб бердилар:
– У мусулмонлар улуғи Убай ибн Каъбдирлар.
Ироқлик одам ўрнидан туриб Убай розияллоҳу анҳуни уйларигача кузатиб борди. Эшиклари ёнига келгач, салом берди ва изн сўраб уйларига кирди. Кўрдики, уйлари ҳам, ашёлари ҳам ўзлари каби. Дунё зийнатларидан йироқ ҳолатда. Уй эгаси мусофирдан сўради:
– Сен кимсан?
– Ироқлик мусулмонман.
– Тушунарли, ҳозир бўлар-бўлмас саволлар берасан...
Буни эшитган ироқлик кимса қўлларини самога кўтариб шундай деди:
– Эй Аллоҳим! Ҳолимизга боқ. Бизлар фақатгина динимизни ўрганиш учун шунча ҳаражат қиламиз. Ҳам ўзимиз, ҳамда туяларимизни чарчатиб узоқ йўлдан келамиз. Сўнг эса улуғларимиз бизга шундай сўзларни айтадилар.
Буни эшитган Убай йиғлай бошладилар:
– Эй биродар, Аллоҳ сенга яхшиликлар ато қилсин. Сен мени нотўғри тушундинг. Мен фақатгина ироқликларнинг феълларини айтмоқчи бўлгандим. Сендан узр сўрайман. Мени афв этганингни билмагунимча ҳеч ким билан гаплашмайман, – деб қайғуларини ифода этдилар.
    Ироқлик одам эса қўллари билан “Ҳечқиси йўқ”, – деб ишора қилди ва рози эканини айтди. Бундан қаттиқ қувонган Убай розияллоҳу анҳу: 
– Аллоҳим! Агар мени келгуси Жумага қадар соғ қолдирсанг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган барча нарсамни мусулмонларга айтиб бераман, – деб ваъда бердилар.
    Шундан сўнг ироқлик кимса изн олиб уйдан чиқди. Келгуси Жумани сабрсизлик билан кута бошлади. Пайшанба куни тонгда кўчага чиққанда катта оломонга дуч келди. Барча саросимада, барча ҳаяжонда эди. Бир одамдан сўради:
– Нима гап ўзи, нима бўляпти?
Одам хайрат билан деди:
– Сен мусофирмисан?
– Ҳа, Ироқдан келдим.
–Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан ҳофизлар ҳожаси вафот этдилар.
– Аллоҳ раҳматига олсин! Ким экан у?
– Убай ибн Каъб.  
***
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг вафот этган саналари ҳақида турлича қарашлар бор. Ал Воқидий шундай дейди:
– Бир қанча ҳодисалар Ул зотни Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида вафот этганини кўрсатади. Яқинлари ва бошқалар Мадинада ҳижрий 22 йили вафот этганларини айтдилар. Бироқ Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида – ҳижрий 30 йилда вафот этганлари ҳақда маълумотлар ҳам бор.
Бизнингча, ҳақиқатга яқинроғи ушбу маълумот бўлиб, Усмоннинг Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга Қуръони каримни жам этишга амр берганлари фикримиз далили бўла олади.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase