Туфайл ибн Амр розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 477 марта кўрилди
Туфайл ибн Амр розияллоҳу анҳу машҳур шоир эди. Меҳмондўст ва сахий бўлгани сабабли атрофидагилар уни яхши кўришарди. Яман тарафдаги обод ва маҳсулдор бўлган ҳудудда яшовчи Давс қабиласидан эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада исломга очиқ даъватни бошлаган йилларда кечаю кундуз инсонларга насиҳат берар, уларни Исломга даъват қилардилар. Макка мушриклари эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳаракатларини чипакка чиқариш учун тинмай уларга қаршилик қилиш билан овора эдилар. Ҳатто ташқаридан Маккага келганларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўриштирмаслик учун қўлларидан келганча ҳийла қилишдан қайтмасдилар.
Шундай бир пайтда Туфайл ибн Амр бир иш билан Маккага келди. Буни кўрган мушрикларнинг катталари дарҳол унинг ёнига бориб шундай дедилар:
– Эй Туфайл! Сен машҳур шоирсан, ишончли ва ақлли одамсан. Билган бўлсанг орамиздан чиққан Абдулмутталибнинг набираси бутларимизни ёмонлаб, бизни ўз динига чақирмоқда. Отани ўғлидан, ҳотинни эридан айиряпти. Қариндошларни бир бирларига душман қиляпти. Унинг сўзларини эшитган ўғил отасига қарамаяпти, унга эргашяпти. Энди ҳеч ким бир-бирининг гапига қулоқ солмай мусулмон бўляпти. Қўрқамизки, бизнинг бошимизга келган бу айрилиқ балоси сенинг қамвинг бошига келмасин.
Сенга насиҳатимиз шу, у билан асло гаплаша кўрма. На бирор сўз айт, на бирор сўзини эшит. Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг сўзларига қулоқ солма. Жуда эҳтиёт бўл. Иложи бўлса бу ерда кўп қолма. Тезроқ ортингга қайт.
***
Бундан кейинги бўлган воқеалар ҳақида Туфайл ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ўзлари шундай дейдилар:
– Маккаликлар бу сўзларни шу қадар кўп такрорладиларки, ортиқ Расулуллоҳ билан гаплашмасликка ва уларнинг сўзларини асло эшитмасликка қарор қилдим. Ҳаттоки Каъбага кирган пайтим ҳар эҳтимолга қарши қулоқларимга пахта тиқиб олдим.
Эртасига тонгда Каъбага бордим. Кўрдимки, Расулуллоҳ Каъбанинг ёнида туриб намоз ўқиётган эдилар. Уларга яқин бир жойда турдим. Аллоҳ таолонинг ҳикмати билан Қуръони каримдан ўқиганларининг баъзилари қулоғимга кирди. Эшитган сўзларим шу қадар гўзал эдики, ўзимга ўзим: “Мен ёмон билан яхшини фарқлай олмайдиган одам эмасман. Бунинг устига шоирман. Унинг сўзларини нима сабабдан эшитмаслигим керак. Сўзларидан мамнун бўлсам, Уни қабул қиламан, ёқмаса тарк этаман”, дедим.
Шундан сўнг бир ерга яшириниб, Расулуллоҳ намозларини ўқиб бўлишларини ва уйларига қайтишларини кутдим. Уйларига киргач мен ҳам кирдим ва дедим:
– Ё Расулуллоҳ! Мен бу диёрга келганимда қавмингиз сизга яқинлашмасликни тавсия қилдилар. Мени шу қадар қўрқиттиларки, ҳаттоки сизнинг сўзларингизни эшитмаслик учун қулоқларимга пахта тиқдим. Бироқ Аллоҳ таолонинг ҳикмати билан менга сизнинг ўқиганларингиз эшиттирилди. Бу жуда гўзал калом эди. Менга динингизни кенгроқ тушинтирсангиз?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Ислом динини англатдилар, Қуръони каримдан оятлар ўқидилар ва иймон келтиришимни истадилар. Мен ўша пайтга қадар бундай гўзал калом ва бундай одил бир дин ҳақида эшитмагандим. Ҳузурларида мусулмон бўлдим. Сўнг:
– Ё Расулуллоҳ! Мен қавмимда сўзи ўтадиган эътиборли кишиман. Улар менинг сўзимдан чиқмайдилар. Бориб уларни ҳам Ислом динига даъват қилай, дуо қилинг Аллоҳ таоло мен учун бир оят-аломат берсин ва унинг ёрдамида қавмимни Исломга даъват қилай, – дедим.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Эй Аллоҳим! Унинг учун бир оят-аломат бергин, – деб дуо қилдилар.
Кейин эса Маккадан чиқиб ўз юртимга қайтдим. Қоронғи тунда қавмим яшайдиган ерга борган пайтим пешонамда қандил каби бир нур пайдо бўлди. Чироқ каби нур соча бошлади. Шу пайт дуо қилиб: “Аллоҳим! Бу нурни пешонамдан бошқа ерга кўчир. Яна буни Давс қабиласининг жоҳиллари кўриб ўз динидан қайтгани учун Аллоҳ унинг пешонасидан жазо сифатида шуни юборибди, деб ўйламасинлар”, дедим.
Ўша нур дарҳол қўлимдаги ҳассанинг учига келиб қуёш каби нур соча бошлади. Тепаликдан пастга тушаётган пайтим ўша ердагилар қўлимдаги асодан таралаётган нурни қўллари билан ишора қилганча бир-бирларига кўрсатаётган эдилар. Шу ҳолатда пастга тушиб уйимга бордим. Ёнимга биринчи бўлиб отам келдилар. Менга бўлган меҳрлари туфайли қучоқлаб олдилар. Улар жуда кексайиб қолгандилар. Отамга шундай дедим:
– Эй отажоним! Агар аввалги ҳолимда қолсам, на мен сизданман, на сиз мендансиз!
– Сабаби нима, эй ўғлим?
– Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динига кириб мусулмон бўлдим.
Бу гапдан сўнг отам:
– Ўғлим, у ҳолда мен ҳам сен кирган динга кирдим. Сенинг дининг менинг ҳам диним бўлсин, дедилар ва дарҳол шаҳодат калимасини келтириб мусулмон бўлдилар.
Шундан кейин Ислом динидан билганларимни уларга ҳам айтиб бердим. Сўнг ғусл олдилар ва тоза уст-бош кийдилар. Бироздан сўнг аёлим келди. Унга ҳам айни сўзларни айтдим. У ҳам Исломни қабул қилди ва мусулмон бўлди.
Тонг отгач Давс қабиласи йиғиладиган майдонга чиқдим. Бутун давсликларга Ислом дини ҳақида маълумот бердим. Уларни ҳам бу динга киришга даъват қилдим. Бироқ қабиладошларим бу даъватни қабул қилишни истамадилар. Ҳаттоки мени мазаҳ қила бошладилар. Судҳўрлик ва қиморга берилганликлари сабабли нафслари мени тинглашга йўл қўймади. Исломга киришдан қочдилар ва Аллоҳ ва Пайғамбарига осий бўлдилар.
Бироз вақт ўтгач Маккага келиб қавмимнинг аҳволини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арз этиб:
– Ё Расулуллоҳ! Давс қабиласи Аллоҳга осий бўлди. Исломга киришлари учун қилган даъватимни қабул қилмади. Уларни дуоибад қилинг, ҳалок бўлсинлар, – дедим.
Барчага меҳрибон ва марҳаматли бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини дуога очдилар ва қиблага ўгирилиб:
– Ё Роббий! Давс халқига тўғри йўлни кўрсат, уларни Ислом динига кирит, – деб дуо қилдилар. Менга эса:
– Юртингга қайт! Қавмингни табассум ва ширин сўзлар ила Ислом динига даъват қилишда давом эт! Уларга юмшоқ муомалада бўл! – дедилар.
Дарҳол ортимга – қавмим ёнига қайтдим. Давс қабиласини Исломга даъват қилишдан тинмадим. Абу Ҳурайра билан бирга бир қанча киши мусулмон бўлди.
***
Туфайл ибн Амр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбарда бўлган пайтларида Давс қабиласидан иймон келтирганлар билан бирга Мадинага келдилар. Уларнинг сони етмиш-саксон атрофида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қўшиннинг ўнг қанотига олишларини илтимос қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг бу истакларини қабул этдилар. Қўшиннинг ўнг қанотига Туфайл ибн Амр розияллоҳу анҳу қўмондон бўлдилар. Ҳайбардаги ўлжаларнинг барчасидан улуш олдилар.
***
Туфайл розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
– Ё Расулуллоҳ! Баъни Ҳузоа ва Давс қабилаларининг бути бўлган Зулқаффайнни йўқ қилиш учун юборинг, уни қулатай! – деб изн сўрадилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу бутни қулатиб ёқиш вазифасини Туфайл розияллоҳу анҳуга топшириб шундай амр қилдилар:
– Зулқаффайнни йўқ қилгач, қавминг билан бирга Ислом қўшинини қўллаб қувватлаш учун Тоифга келиб бизларга қўшиласан.
Туфайл ибн Амр Давс қабиласи бутини қулатиш учун тезда йўлга тушдилар. Бут жойлашган ерга келиб уни қулатдилар, синдирдилар ва ичига ўтин солиб ёқдилар. Зулқаффайн бути ёқилгач, у ерда топиниладиган бирор нарса қолмади ва одамларнинг бари бир овоздан Ислом динини қабул қилдилар.
Шундан сўнг Туфайл розияллоҳу анҳу қабиладан тўрт юз кишини олиб дарҳол йўлга чиқдилар ва тўрт кундан сўнг Тоифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига етиб келдилар. Ўзлари билан бирга оғир жанг қуроли бўлган манжанақ ҳам келтирдилар.
***
Туфайл ибн Амр Макка фатҳида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳидан сўнг Тоиф устига юриш қилмоқчи бўлганларида Туфайл ибн Амр бир туш кўрдилар. Тушларида сочлари олинаётган, оғизлардан бир қуш чиқиб уларни бир баҳайбат хотин қорнига солаётган эди. Кўрган тушини дўстларига айтиб бердилар. Улар:
– Иншааллоҳ, яхшиликкадир, – дедилар.
Туфайлнинг ўзлари:
– Бу тушни ўзим шундай таъбир қилдим: сочимнинг олиниши, бошимнинг олинишидир. Оғиздан қушнинг чиқиши, руҳнинг чиқишидир. Баҳайбат хотиннинг қорнига кириш эса тупроққа кўмилиш.
Туфайл ибн Амр розияллоҳу анҳу Ямома жангида шаҳид бўлдилар.