close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу

Талҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Усмон ибн Амр ибн Саъд ибн Тайм ибн Мурра ибн Қатб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Ал-Қурайший Ат-Таймийнинг кунялари Абу  Муҳаммаддир. Оналари Саъба бинти Абдуллоҳ ибн Малик Ал-Ҳадрамиядир.
Талҳа розияллоҳу анҳу ҳаётлигидаёқ Жаннат хушхабарини олган ўн саҳобанинг бири ҳисобланиб, Исломга илк кирган саккиз кишидан ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг воситасида динни қабул қилган беш кишидан  биридирлар. Яна халифани сайлаш учун ташкил этилган олти кишилик Асҳоби Шўро орасидан жой олган саҳобадирлар.
***
Ривоятга кўра Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Бусра бозорига тижорат мақсадида борган пайтларида у ердаги ибодатхонанинг роҳиби:
– Айтингларчи, бозорда Аҳли Ҳарамдан кеган бирор кимса борми? – деб бақириб юрганди. Талҳа розияллоҳу анҳу эса:
– Ҳа бор! Мен Макка шаҳриданман, – деб жавоб бердилар. Шунда роҳиб:
– Аҳмад ўзини билдирдими? – деб сўради. Талҳа розияллоҳу анҳу:  
– Аҳмад ким! – деб хайратланадилар. Роҳиб:
– У Абдуллоҳ ибн Абдулмутталибнинг ўғлидир. Ушбу ой унинг чиқадиган ойи. У пайғамбарларнинг оҳиргиси бўлиб, Ҳарамдан қувиб чиқарилади, хурмозорли, тошли ва чўлли бир ерга хижрат қилади. Асло ундан қолма, – деди.
Роҳибнинг сўзлари Талҳа розияллоҳу анҳуни бутунлай саросимага солди ва у ердан ишларини тезда битириб ортга қайтдилар.
Макка аҳолисидан бирор янгилик рўй берган-бермагани ҳақида суриштира бошладилар. Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммад Ал-Амин (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг пайғамбарлик эълон  қилгани ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уларга тобеъ экани ҳақида атрофдагилардан эшитдилар.
Дарҳол Абу Бакрнинг  ёнларига бордилар ва роҳибнинг сўзларини айтдилар. Сўнг иккиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига боришди ва Абу Талҳа розияллоҳу анҳу шаҳодат келтириб, мусулмон бўлдилар.
***
    Бир қанча мусулмонлар каби Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам Исломга киргандан сўнг мушриклар томонидан турли азиятларга учрадилар, бироқ бу уларни диндан қайтара  олмади. Исломнинг азалий душманларидан Навфал ибн Ҳувайлид Талҳа розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлганларини эшитгач, Абу Бакр розияллоҳу анҳу иккисини бир  арқонга боғлаб қўйиб, анча вақтгача ечиб юбормади. Тайм қабиласи эса бу ҳолатга томошабин бўлиб тураверди.
***
Талҳа розияллоҳу анҳу билан Зубайр розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қардош деб эълон қилдилар. Ҳижратдан  сўнг эса Мадинада Талҳа розияллоҳу анҳу билан  Убайдуллоҳ ибн Каъб розияллоҳу анҳуни  (Баъзи маълумотларга кўра Саид ибн Зайд)ни қардош деб эълон қилганлар.
***
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган пайтларида Талҳа розияллоҳу анҳу тижорат учун Шомга кетган ва қайтаётган пайтларида Мадинага кирган эдилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинада эканликларидан хабар топгач, карвондаги молларидан воз кечиб Мадинада қолдилар. Кейин эса оиласини ҳам олиб келдилар.
***
Талҳа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга божа эдилар. Аёлларидан тўрттаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларига сингил бўларди. Улардан Умму Кулсум розияллоҳу анҳо Ойша розияллоҳу анҳо онамизнинг, Ҳамна розияллоҳу анҳу Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо онамизнинг, Фариа розияллоҳу анҳо Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо онамизнинг ва Руқайя розияллоҳу анҳо Умму Салама розияллоҳу анҳо онамизнинг сингиллари эдилар.
***
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ўн битта ўғил, икта қиз, жами ўн учта фарзандлари бор эди. Барча ўғилларига пайғамбарларнинг исмларини қўйгандилар. Улар одамлар орасида “Ас-Сажжод” деб танилишганди. Жамол воқеаси куни отаси билан бирга ўлдирилган ўғиллари Муҳаммад, Имрон, Мусо, Яқублар; Ҳарро куни ўлдирилган Исмоил, Исҳоқ, Закариё, Юсуф, Исо, Яҳё ва Солиҳлар эди. Қизларининг исмлари Ойша ва Марям эди.
***
Талҳа розияллоҳу анҳу Бадр жангида иштирок эта олмаган бўлсалар-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ўлжадан улуш берганлар.
Баъзи ривоятларга кўра Бадр пайтида улар тижорат учун Шомга кетгандилар. Ҳақиқатга яқинроқ келадиган бир ривоятда эса Қурайш карвони ҳақида маълумот йиғиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан Шомга юборилган эдилар. Шу сабабли Талҳа розияллоҳу анҳуга ўлжадан улуш ажратилган.
Улар Бадрдан кейинги бир қанча жангларда қатнашдилар. Уҳуд кунида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни қаҳрамонона мудофаа қилганлар. Ул зоти  шарифга бирор  зарар келишидан қўрқиб, отилган ўқ ва тушган қилич зарбаларига қарши вужудларини тутиб, қалқон бўлганлар.
Охири бир  қанча жойларига қилич ва ўқ тегиб, бир қўллари ишламай қолди, шу ҳолда  ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни мудофаа қилишдан чекинмадилар.     
***
Уҳуд пайти саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларини ўраб олган ва жонларини қалқон қилиб,  Уларнинг муборак вужудларини муҳофаза қилишга ҳаракат қилардилар.
Талҳа розияллоҳу анҳу ҳам уларнинг орасидан жой олган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан асло айрилмадилар.
Уҳудда мусулмонлар бир муддат  саросимага тушиб, тарқала бошлаганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга:
– Эй Аллоҳнинг қуллари менинг ёнимга келинглар! Эй Аллоҳнинг қуллари менинг ёнимга келинглар! – деб буюрганларида ўттиз саҳоба қайтган эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу пайтда мушриклар тарафидан ўраб олингандилар. Мушриклар яқин келган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Шуларни ким  қарши олади? – деб сўрадилар.  
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу:
– Мен, Ё Расулуллоҳ! – дея уларнинг устига отилмоқчи бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Сен каби яна бирорта мард борми?, деб сўрадилар.
Мадиналик саҳобалардан бири:
– Мен, Ё Расулуллоҳ! – деб изн  сўради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Қани, сен уларни қарши ол! – деб буюрганларидан сўнг ансорий саҳоба мушриклар устига отилди ва атрофдагиларга ғайритабиий бир қаҳрамонлик кўрсатиб, бир  қанча иймонсизларни ўлдиргач, охири ўзи ҳам шаҳодат шарбатини ичди.
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна:
– Шуларни ким қарши олади, ким тўҳтатади?, деб  сўрадилар.
Барчадан аввал яна ҳазрат Талҳа розияллоҳу анҳу:
– Мен, Ё Расулуллоҳ! – деб  олдинга чиқдилар.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Сен каби мард яна борми? – деб сўрагач, ансорийлардан бир саҳоба:
– Мен қарши оламан, Ё Расулуллоҳ! – деди.
– Қани, уларни сен қарши ол! – деб буюрдилар.
У ҳам мушриклар билан жасурона курашиб охири шаҳид бўлди. Шу тарзда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларида бўлган барча саҳобалар мушриклар билан курашиб шаҳид бўлдилар.
Ўша онда Сарвари Олам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бошқа бирор саҳоба қолмаган эди.
Талҳа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирор зарар келишидан  қўрқиб, тўрт тарафга югурар, кофирлар билан олишардилар. Уларнинг бу қадар тезлик билан ҳаракат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар тарафларидан душманга қарши курашиши ва ўқ, қилич зарбаларига вужудларини қалқон қилишлари кўз кўриб, кулоқ эшитмаган ҳодиса эди.
Талҳа розияллоҳу анҳу парвона каби айланар, вужудларига теккан қилич зарбалари уларга таъсир  ҳам  қилмасди. Мақсади Коинот сарвари соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўриб, шу йўлда бошқа шериклари каби шаҳид бўлиш эди.
Вужудларида яраланмаган бирор жой қолмаган, уст бошларида қондан бошқа нарса кўринмас эди. Бироқ шунга қарамай, тўрт  томондан душман қўшинига қарши чиқиб улар билан олишардилар.  
    Мушриклар орасида нишонни тўғри олувчи Молик ибн Зубайр деган моҳир камонбоз бор эди. Бу мушрик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни  нишонга олиб бир  ўқ отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўғри келаётган бу ўққа Талҳа розияллоҳу анҳу қўлларини тутдилар. Ўқ қўлларига тегиб, қаттиқ ярадор бўлдилар.
Талҳа розияллоҳу анҳунинг бундай фидокорлиги уларнинг қалбидаги  Аллоҳ ва Унинг  Расулига нисбатан буюк муҳаббат ва кучли иймондан далолат берарди.
Уҳуд жангидаги бу қалтис вазиятда, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида  қаттиқ ярадор бўлган Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бошқа ҳеч ким қолмаган бир пайтда Абу Бакр ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳумлар етиб келишди.
Шу он Талҳа розияллоҳу анҳу қон йўқотишдан ерга йиқилиб, хушларидан кетдилар. Ҳар жойлари ўқ ва қилич зарбаларидан яра бўлган, катта яраларидан ташқари кичик яралари ҳам кўп эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуга дарҳол Талҳа розияллоҳу анҳуга ёрдам беришларини амр қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Талҳа уларни ҳушларига келтириш мақсадида муборак юзларига сув пуркадилар. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳушларига келибоқ:
– Ё Абу Бакр! Расулуллоҳ қандайлар? – деб сўрадилар.
– Расулуллоҳ яхшилар, мени бу ерга улар юбордилар, деб жавоб
бердилар Абу Бакр розияллоҳу анҳу.
– Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин! Улар соғ бўлсалар бўлди, қолган
мусибатлар аҳамиятсиз, дедилар Талҳа розияллоҳу анҳу.
    Шу пайт яна бир қанча саҳобалар етиб келдилар. Оламлар сарвари соллаллоҳу алайҳи ва саллам Талҳа розияллоҳу анҳунинг хузурларига ташриф буюрдилар. Ярадор мужоҳид севинчдан кўзёш тўкди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг вужудларига масҳ тортгач, муборак қўлларини очдилар ва:
– Аллоҳим! Унга шифо бер, қувват эҳсон айла, деб дуо қилдилар.   
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  навбатдаги  мўжизалари шарофати билан Талҳа розияллоҳу анҳу соғлом ҳолда оёққа турдилар ва такрор душман қўшини билан  олиша бошладилар.
***
Уҳуд жангида Ибн Камия деган кофир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга қасам ичганди. Ҳар жойдан Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни излар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг устиларида икки зирҳ, муборак бошларида дубулға бор эди.
Ибн Камия Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қиличи билан ташланди. Қилич зарбидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак елкалари яраланди. Яна бир зарб натижасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Амир томонидан қазилган чуқурга йиқилдилар. Дубулғанинг икки ҳалқаси муборак юзларига ботди. Ҳузурларига илк етиб келган саҳоба ҳазрат Али розияллоҳу анҳу бўлдилар.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан  бирга чуқурдан чиқариб олдилар. Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд тоғидаги қояга чиқиб бироз дам олишни истадилар. Бироқ жуда хорғин ҳолда эдилар. Талҳа розияллоҳу анҳу:
– Ё Расулуллоҳ! Мен сизни олиб чиқаман, деб ерга чўкдилар.
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни устиларига ўтирғизиб, қояга қадар олиб чиқдилар. Шу пайт Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
– Талҳа Расулуллоҳга ёрдам қилган пайт жаннат унга вожиб бўлди.  
***
    Талҳа розияллоҳу анҳу Уҳуд жангидан бошлаб, Макка фатҳига қадар бўлган барча жангларда иштирок этдилар. Яна Худайбияда, Ризвон байъатида, Хунайн ғазотида ҳам қатнашдилар.
Табук ғазотида барча саҳобалар қўлларидан келганча аскарларга моддий томондан  кўмак бердилар, Талҳа розияллоҳу анҳу эса Ислом қўшини учун барча бойлигини сарф этдилар.
***
    Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида бўлиб ўтган барча жангларга қатнашдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу хасталаниб қолтгач, ўрнига кимни  Халифа этиб тайинлаш  мумкинлиги ҳақида  Талҳа розияллоҳу анҳу билан маслаҳатлашдилар. Талҳа розияллоҳу анҳу:
– Умар бу мақомга энг лойиқ зотдир. Аллоҳ таоло сендан:  “Мусулмонларга кимни бош этиб келдинг”, деб  сўраса, ёруғ юз билан: “Умарни Халифа этиб келдим”, деб айта оласан, – дегандилар.
***
    Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик  даврларида шўро мажлиси аъзоларидан эдилар. Халифа барча масалаларда уларга мурожаат қилар эдилар.
Умар розияллоҳу анҳу вафот этишларидан аввал халифаликка тавсия этган олтита номзоддан бири Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу эдилар.  
***
    Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид этилгач, мусулмонларнинг катта қисми Али розияллоҳу анҳуга байъат қилганлар. Ушбу байъатда иштирок этганлардан бири Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудирлар. Улар Жамол воқеаси куни Марвон ибн Ҳакам томонидан ўлдирилади. Вафот этганда, таҳминан, 60–64 ёшлар орасида эдилар.
***
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Жамол воқеасида шахид бўлганларидан сўнг Али розияллоҳу анҳу жанг майдонини кезаркан, уларни ўлганлар орасида кўриб қаттиқ эзилдилар ва йиғладилар. Жонсиз вужудларини қучоқларига олиб, юзларидаги тупроқларни артдилар ва:
– Эй Талҳа! Само юлдузлари остида сенинг вужудингни тупроқлар орасида жонсиз кўриш мени азоблади, қалбим тилка пора бўлди. Қани энди йигирма йил аввал ўлган бўлсайдим! – дедилар.  
    Жаноза намозини Али розияллоҳу анҳунинг ўзлари ўқидилар.
***
Вафотларидан йигирма йил ўтиб Абу Талҳа қизлари Ойшанинг тушига кириб шундай дедилар:
– Эй Ойша! Қабримнинг бир тарафидан сизиб ўтган сув менга азоб беряпти, мени бу ердан чиқар ва бошқа ерга дафн қил!
Шундан сўнг қизлари Ойша бундан қаттиқ сиқилдилар ва баъзи қариндошлари билан бирга бориб муборак қабрларини очдилар. Сизиб ўтган сувдан вужудларининг бир тарафи бироз оч яшил ҳолга келган, бошқа жойлари эса янги дафн этилган каби бирор тола тукларига ҳам зарар етмаганди. Майитни бошқа жойга олиб бориб дафн қилдилар.  
***
Талҳа розияллоҳу анҳу ўрта бўйли, елкадор ва қадамлари йирик шахс эдилар. Қорачадан келган, сочлари қалин, жингалак соч билан текис сочнинг ўртасида бўлиб, на узун на калта бўлмай, ўртача эди.
Кўзлари кулиб турар, қирра бурунли эдилар. Сочларини бўямасдилар. Шиддат билан қадам ташлар, ортга қарамоқчи бўлсалар бутун вужудлари билан ўгирилардилар.  
***
    Бой ва жуда сахий саҳобалардан эдилар. Сахий бўлганликлари сабабли, “Ал-Файяд” деган лақаб берилганди.
Вафот этганларидан сўнг, улардан мерос бўлиб бир қанча кўчмас мулк, нақд пул ва қимматбохо ашёлар қолди. Маълумотларга  кўра, кўчмас мулкларининг қиймати ўттиз миллион дирҳам, нақд маблағлари сони икки миллион икки юз дирҳам ва икки юз минг динор эди. Фақатгина Ироқдан келадиган йиллик даромадлари қиймати таҳминан юз минг динорни ташкил этарди.
***
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафларидан:
– Талҳа ва Зубайр Жаннатда менинг қўшниларимдир, – деган ҳадиси шарифлари билан мадҳ этилган саҳобадирлар.
***
Масъуд ибн Ҳирош розияллоҳу анҳу кўрган бир ҳодисаси ҳақида шундай дейдилар:
– Сафо билан Марво орасида айланиб юрган пайтим қўллари бўйнига боғланган ва бир тўда одам томонидан таъқиб этилаётган йигитга кўзим тушди. Атрофдагилардан сўрадим:
– Бу йигит ким? Нима айб қилдики, уни боғлаб қўйдингиз?
– Бу Талҳа ибн Убайдуллоҳ. Ота боболарининг динидан юз ўгирди.
– Бу аёл ким?
– Унинг онаси Саъба бинти Ҳадрамий.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу бу ақл бовар қилмас барча азобларга дош берар ва:
– Мени ўлдирсангиз ҳам асло динимдан қайтмайман, – дер эдилар.  
***
    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳазрат Талҳа розияллоҳу анҳунинг Уҳуддаги қаҳрамонликларини мадҳ этувчи шундай ҳадиси шарифлари бор:
– Уҳуд куни ер юзида ўнг тарафимда Жаброилдан, чап тарафимда Талҳа ибн Убайдуллоҳдан бошқа менга яқинроқ бўлган бирор кимсани кўрмадим. Ер юзида жаннатий кимсани кўрмоқчи бўлган Талҳа ибн Убадуллоҳга боқсин!
***
    Талҳа розияллоҳу анҳу саҳобаларнинг энг устунларидан бўлиб, фақатгина эриша олмаган жиҳатлари Халифаи Рашидун даражаси эди.
Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бир хадисда шундай дейилади:
–Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирдилар. Расулуллоҳ уларга:
– Эй Абу Бакр! Сен Отиқ, яъни Аллоҳ таоло Жаҳаннамдан озод қилган
кишисан, – деб марҳамат  қилдилар.
    Улардан аввал ҳеч кимга Отиқ деган исм  берилмаганди. Сўнг Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ичкарига кирдилар. Расулуллоҳ уларга:
– Эй Талҳа! Сен эса шаҳидликни истовчилардансан, дея марҳамат қилдилар.
***
Талҳа розияллоҳу анҳу Зул Қарод ғазотида сувсиз қолмасликлари учун қудуқ сотиб олиб мўминларга эҳсон қилдилар. Ўша пайтларда қудуқ сотиб олиб, эҳсон қилиш энг катта сахийлик ҳисобланарди.
Зул  Усро ғазотида эса барча аскарларни бир ўзлари тўйдирганлар.  Кундалик топишлари минг олтиндан иборат бўлиб, етимларни таъминлар, фақирларнинг эҳтиёжларига ва бечораларга ёрдамлашардилар.
Муҳтожларга  маблағ берар, Тайм қабиласининг барча муҳтожлари уларнинг ёрдамлари остида эдилар. Талҳа розияллоҳу анҳу уларнинг сўққабошларини уйлантирар, қарздорларнинг қарзларини тўлардилар.
***
Бир бадавий Талҳа розияллоҳу анҳунинг  хузурларига келди, қариндош эканини даъво қилиб, ёрдам сўради.
Талҳа розияллоҳу анҳу ҳосилдор бир боғлари бор эканини айтиб, у истаган тақдирда боғнинг ўзини, ёки боғни сотиб унинг пулини олиши мумкинлигини билдирдилар. Бадавий пулини  олишни истаган эди, ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳуга боғни сотиб, пулини бадавийга эҳсон қилдилар.  
***
Саҳобаларнинг бир нечтаси Умму  Абон розияллоҳу анҳо билан турмуш қуриш истагини билдиргандилар. Бироқ Умму Абон уларнинг ҳаммасини рад этарди.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу уйланиш таклифини билдирганларида розилик берди. Сабабини сўраганларга шундай жавоб қилди:
– Унинг ахлоқини биламан. Уйига кирганда ҳам, уйидан чиққанда ҳам табассум қилади. Ундан сўраганларга беради, унга бирор яхшилик қилганларга ташаккур айтади. Бирор қусурни  кўрса афв этади.
***
    Талҳа розияллоҳу анҳу тижорат ва зироат билан шуғулланар, уларнинг Ҳайбарда ва Ироқда катта ерлари бор эди. Шундай катта бойлиги бўлишига қарамай, жуда оз ер, исрофни ва исроф  қилганларни суймасдилар.
***
Талҳа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан ҳамда Абу Бакр ва Умар озияллоҳу анҳум.лардан ҳадислар ривоят қилганлар. Талҳа розияллоҳу анҳудан эса уларнинг ўғиллари Яҳё, Мусо ва Исо билан Қайс ибн Абу Ҳазим, Абу Салама ибн Абдураҳмон, Ал-Аҳнаф, Молик ибн Абу Амир ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase