Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 595 марта кўрилди
Билол р.а. Расули Акрам (с.а.в)га илк имон келтирган ва кейинчалик Ул зоти шарифга муаззин бўлган саҳобадирлар. Ислом тарихида ўчмас из қолдирган ушбу саҳоба асли ҳабашликдирлар. Онасининг исми Ҳамома, отасининг исми Рабоҳ, куняси Абдуллоҳдир.
***
Билол р.а. исломни илк қабул қилганлардан бўлиш билан бирга, мушрикларга қарши мусулмон бўлганини очиқ билдирган етти кишидан бири ҳисобланади. Мусулмон бўлишидан аввал Макка мушрикларининг катталаридан бўлган Умаянинг қули эди. Жоҳилия даврида Арабистонда турли ёмон иллатлар авж олган, ичкилик, қумор, зино, ўғирлик, заифларни таҳқирлаш, хуллас зулм ва аҳлоксизликка оид нима бўлса барчаси одамлар томонидан амалга ошириларди. Кучлилар кучсизларини қул қилиб ишлатар, мана шундай қуллардан бири Билол Ҳабаший эди. Бироқ унинг бошқа қуллардан бир фарқли жиҳати мард ва ҳалоллигида эди. Шу сабабли Умая уни кервонга бош этиб, молларини унинг воситаси билан узоқ жойларга юборарди. Билол Ҳабаший гўзал овоз ва гўзал нутқ соҳиби эди. Қурайшликлар тўй ва маросимлар учун уни таклиф қилардилар.
Тижорат мақсадида узоқ йўлга чиққан карвон ҳорғинликдан юра олмайдиган ҳолга келганда унинг наъмалари билан жонланар, ҳаттоки туялар унинг гўзал овозини эшитгач тез юра бошлар эдилар. Унинг бундай хусусиятларини билган соҳиби Умая бошқа қулларга нисбатан бошқача муомалада ва эътиборда бўларди. Қул эмас гўёки ҳур инсон каби яшарди.
Билол Ҳабаший бир карвон билан галдаги сафарга, Шомга кетган эди. Бу карвонда Абу Бакр ҳам бор эди. Ушбу сафар давомида иккиси ўртасида дўстлик ришталари боғланди. Ўша пайтларда Маккаликларга энг катта даромад тижорат орқали келарди.
Ислом қуёши порлаб, бутун оламни ёритишига жуда оз вақт қолган бир пайтда ушбу сафар юз бериб, келажакдаги икки буюк саҳоба бўладиган инсонлар ўртасида дўстлик муносабатлари юзага келганди. Ҳазрат Абу Бакр р.а. бу сафарга кўрган бир тушининг таъбири учун бориб, сафардан қайтишда имон билан шарафландилар.
Бир куни ярим тунда Билол Ҳабашийнинг эшиги тақиллади. Уйғониб қараса бир одам пичирлаган ҳолда:
- Билол! Билол!, дер эди.
“Ярим тунда келган ким бўлди?”, деб ҳаёл суриб турганида яна ўша
чақириқ эшитилди. Қоронғида овоз келган томонга бориб сўради:
- Сен кимсан!
- Мен Абу Бакрман.
- Ярим тунда мендан нима истайсан? Айтадиган бирор гапинг бўлса
тонгда ҳам айтишинг мумкин эдику? Шошилинч нима ишинг бор ўзи?
- Айтадиган гапларимни хўжайининг эшитмаслиги лозим, шу
сабабли ҳозир келдим.
- Қизиқ нима гапинг бор? Сўзла.
- Эй Билол! Бу умматнинг пайғамбари келди.
- Ким экан!
- Абул Қосим.
- Хўш унинг пайғамбар эканини қаердан билдинг?
Бу саволга ҳазрат Абу Бакр р.а. шундай жавоб бердилар:
- Шомдан қайтгач кўрган тушимни унинг ўзига айтгач: “Эй Абул
Қосим, сиз Оллоҳнинг Расули эканингизни айтиб, имонга даъват қилаётган экансиз, шу ростми?, деб сўрадим. У эса “Ҳа эй Абу Бакр, Роббим оҳиратдан огоҳлантириш ва Жаннат хушҳабарини етказиш учун ҳазрат Иброҳимни юборгандек, мени ҳам пайғамбар қилиб жўнатди”, деди. Мен эса: “Сиз шу кунга қадар ёлғон сўзламагансиз. Шаҳодат қиламанки Оллоҳнинг Расулисиз”, деб ҳузурларида мусулмон бўлдим. Сени ҳам мусулмон бўлишингни ва абадий саодатга эришишингни истайман.
Ҳазрат Абу Бакр р.а.нинг сўзларини диққат билан тинглагач, унинг самимиятидан ҳеч қандай шубҳаси бўлмаган Билол Ҳабаший р.а. шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлдилар.
Билол р.а. мусулмон бўлгач ҳаётларида тамоман ўзгача саҳифа очилди. Энди улар ҳақ ва ботил орасида воқеъ бўлган қаттиқ курашнинг асосий қаҳрамони, ёлғиз курашчиси бўлгандилар. Золим Умая ҳазрат Билол р.а.нинг мусулмон бўлганидан ҳабар топгач, янада золимлашди. Чорасиз қолган қулини қизиган чўлларга ётқизиб, устига ҳарсанглар бостирар ва Пайғамбаримиз (с.а.в)ни инкор этишини буюрарди. Бироқ ҳабашлик мўмин пешонасидан қора терлар оққан ҳолда инграб, шундай дерди:
- Оллоҳ ягонадир, Муҳаммад унинг Расулидир. Эй тупроқлар, эй
тошлар, эй тош юраклилар! Оллоҳ бирдир ва Ундан буюк йўқдир.
Қанча азоблар бермасин, ўзи истаган нарсасини эшитолмаган Умая ғазабдан чидолмай ҳазрат Билол р.а.нинг бўйниларига арқон боғлаб болалар қўли билан Макка кўчаларида айлантирарди. Мушриклар уларни масҳара қилардилар. Билол Ҳабаший р.а. ғариб ва кимсасиз бўлганлиги учун бошқа мушриклар томонидан ҳам азиятларга дучор этилардилар. Унга оғир азоблар берганлардан бири Абу Жаҳлдир. Билол р.а. шунча қийноқларга қарамай, “Оллоҳ бирдир, Оллоҳ бирдир”, дея имон кучини кўрсатардилар. Умая ибн Ҳалаф яна бир куни Билол р.а.ни қийнаш учун кўчага олиб чиқди. Уст бошини ечиб, қуёш тиғида қизиган қумлар устига ётқазиб устига тошлар бостирди. Мушриклар тўпаланиб оғир қийноқларга солар ва: “Ё сени ўлдирамиз, ёки динингдан қайтасан”, дердилар.
Ҳазрат Билол р.а. эса шунча азиятларга қарамай, яна: “Оллоҳ бирдир, Оллоҳ бирдир”, дер, бундан бошқа бирор сўз айтмасдилар. Шу пайтда Пайғамбаримиз (с.а.в) ўша ердан ўтиб қолдилар. Ҳазрат Билол р.а.нинг ҳолатини кўриб қайғуга ботдилар ва марҳамат қилдилар: “Оллоҳ таолонинг исмини айтиш сени қутқаради”. Уйларига қайтгач бироздан сўнг ҳузурларига ҳазрат Абу Бакр р.а. келдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) Билол р.а. чекаётган азоблардан қаттиқ қайғуда эканликларини Абу Бакр р.а.га билдирдилар. Ҳазрат Абу Бакр р.а. дарҳол Билол р.а.ни қийнаётган жойга бордилар ва мушрикларга дедилар:
- Билолни бундай азоблаб нимага эришмоқчисиз? Уни менга
сотинглар!
Мушриклар жавоб бердилар:
- Дунё тўла олтин берсанг ҳам сотмаймиз. Бироқ сенинг қулинг
Амирга алмашамиз.
Ҳазрат Абу Бакр р.а.нинг қули Амир унинг тижорат ишларини юритарди ва бунинг ортидан катта даромад келтирарди. Шаҳсий молидан ташқари ёнида ўн минг олтини бор эди. Абу Бакр р.а. унга барча ишларини ишониб топширардилар. Бироқ у кофир бўлиб, имон келтирмас эди. Шундан сўнг ҳазрат Абу Бакр р.а. дедилар:
- Амирни бутун моли ва пуллари билан Билол учун сизга бердим.
Умая ибн Ҳалаф ва бошқа мушриклар жуда севиндилар ва “Абу Бакрни
чув туширдик”, дедилар. Ҳазрат Абу Бакр р.а. дарҳол ҳазрат Билол р.а.нинг устидаги ҳарсангни олиб ташладилар ва ётган еридан турғаздилар. Оғир қийноқлар ҳазрат Билол р.а.ни ҳолдан тойдирганди. Қўлидан тутиб, тўғри Расули Акрам (с.а.в)нинг ҳузурларига йўл олдилар ва дедилар:
- Ё Расулуллоҳ! Билолни бугун Оллоҳ ризоси учун озод қилдим.
Расулуллоҳ (с.а.в) жуда севиндилар ва Абу Бакр р.а.ни дуо қилдилар.
Бу ҳақда ҳазрат Умар р.а. шундай дейдилар: “Хожамиз Абу Бакр,
хожамиз Билолни озод этди”.
Ҳурликка эришган ҳазрат Билол р.а. дарҳол Оллоҳ Расулининг ҳизматларига киришдилар ва Расулуллоҳ (с.а.в)нинг вафотларига қадар ёнларидан айрилмай хизматларида бўлдилар. Истаса Ҳабашистонга кетишлари мумкинлиги айтилди, бироқ ҳазрат Билол р.а. ягона ва шарафли йўлни танлаб бўлган эдилар. Кейинчалик Пайғамбаримиз (с.а.в) билан бирга Мадинага ҳижрат қилдилар. Бу ерда Ҳайсаманинг уйида меҳмон бўлдилар. Ансорийлар ва муҳожирлар ўртасида қардошлик алоқалари ўрнатилган пайтда, Расулуллоҳ (с.а.в) ҳазрат Билол ва Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ал Ҳасамни қардош деб эълон қилдилар. Ушбу биродарлик ришталари икки саҳоба умрининг оҳирига қадар давом этди. Ҳаттоки ҳазрат Билол р.а. ҳазрат Умар р.а.нинг ҳалифалик даврида Шомда яшаётган пайтлари маош сифатида девон томонидан ажратилган ҳиссаларидан қардошига улуш бериб турардилар.
Билол р.а. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг муаззини сифатида ном таратган эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) азонни тез тез ҳазрат Билол р.а.га айттириб турардилар. Ҳаттоки бомдод намозидаги “Намоз уйқудан ҳайрлидир” иборасини ҳазрат Билол р.а. азонга қўшганларида Расулуллоҳ (с.а.в) “Билол бу қандай гўзал сўз!”, дея мақтаган эдилар.
Ҳазрат Билол р.а. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг барча ғазотларида иштирок этдилар. Бадр жангида ҳазрат Билол р.а.га катта азоб уқубатлар етказган нокас Умаяни кўргач шундай деб бақирдилар: “Ана куфрнинг боши!..”. Шундан сўнг барча мусулмонларнинг диққати Умаяга қаратилди ва унинг атрофини ўраб олиб, ўзини ва ўғлини ўлдирдилар. Шу билан ҳазрат Билол р.а. ундан ўчини олдилар.
Расули Акрам (с.а.в) Макка фатҳи ортидан Каъбага кирган пайтларида ҳос муаззинлари ҳазрат Билол ҳам ёнларида эдилар. Абдуллоҳ ибн Умар р.а. бу ҳақда шундай дейдилар: “Макка фатҳи куни Расули Акрам (с.а.в) Макканинг юқори қисмидан бир туя устида келдилар. Усома ибн Зайд билан Усмон ибн Талҳа ҳам ёнларида эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) Каъба ичида узоқ муддат қолдилар сўнг у ердан чиқдилар. Орқаларида турган мўминлар икарига кириш учун бир бирлари билан талашдилар. Илк кирган мен эдим. Билол эшик орқасида эди. Билолдан Расулуллоҳ (с.а.в)нинг қаерда намоз ўқиганларини сўрадим, жойини кўрсатди. Бироқ Оллоҳ Расулининг неча ракат намоз ўқиганларини сўрамабман”.
Расулуллоҳ (с.а.в) бошчиликларида саҳобалар Каъбани бутлардан тозалагач, муаззинлари Билол р.а. у ерда азон айтиб, ҳар ерни тавҳид сасларига тўлдирдилар.
Бир куни ҳазрат Билол р.а. Масжиди Набавияда қувончдан жойида туролмай, рақсга тушардилар. Буни кўрган ҳазрат Умар р.а.:
- Билол нима қиляпсан? Бу ернинг масжид эканини унутдингми?, деб
дашном бердилар.
- Ёмон иш қилганим йўқ, истасанг бориб ҳолимни Расулуллоҳга арз
этамиз, янглиш иш қилган бўлсам тавба қиламан ва бошқа ҳеч қачон бундай қилмайман, дедилар ҳазрат Билол р.а.
Биргаликда Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига бордилар. Ҳазрат Умар р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)га:
- Ё Расулуллоҳ! Билол масжиднинг хушуъсини бузиб, нашъа билан
жўшиб ўйнамоқда, дедилар.
Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳазрат Билол р.а.дан сўрадилар:
- Эй Билол севинчингнинг сабаби нима?
- Ё Расулуллоҳ! Оллоҳ менга ҳидоят насиб этди. Мен бир қул эдим,
Макканинг қанча обрўли кишилари бу саодатга эриша олмадилар ва абадий саодатдан маҳрум бўлдилар. Уларга насиб бўлмаган ҳидоят менга насиб этди, мен қувонмай ким қувонсин?!, деб жавоб бердилар ҳазрат Билол р.а.
Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) буюрдилар:
- Билолга тегманглар! Қувониб ўйнайверсин.
Ҳазрат Билол р.а.нинг азон айтишини эшитган мусулмонларнинг
имони юксалиб, ибодатга шавқу завқ билан келсалар, Мадинадаги Яҳудийлар шу қадар қаҳр ғазабдан ўзларини қўярга жой топа олмасдилар. Азонни эшитмаслик учун ўзларини ҳар ерга отар, бироқ бунинг уддасидан чиқолмасдилар. Оҳири ҳохламасларда эшитишга мажбур бўлардилар. Бу ҳолат ҳар сафар давом этавергач, бунга чора излай бошладилар. Бир куни бир яҳудий ҳазрат Билол р.а.ни пулдан қийналаётганини кўриб деди:
- Эй Билол, мен сенга истаганингча пул бераман, фақат сен ғам
чекма.
Яҳудийнинг мақсади бошқа эди. Ҳазрат Билол р.а. пулдан қийналганлари ундан ундан кўпгина қарз олдилар. Яҳудий пулни бераркан шундай деди:
- Агар қарзингни қайтара олмасанг, сени қул қилиб оламан.
Орадан бироз вақт ўтгач яҳудий келиб қарзини сўради. Ҳазрат Билол
р.а. яҳудийдан узр сўраб шундай дедилар:
- Менга бир ой муҳлат бер, агар қайтара олмасам, мени қул қилиб олиб кетасан.
Муҳлат тугаб охирги кун келгач, ҳазрат Билол р.а. чорасиз қолдилар ва Расулуллоҳ (с.а.в)га бориб ҳолатни арз этдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳеч нарса демадилар. Умидсиз ҳолда уйига қайтган Билол р.а. кечаси билан уҳлай олмадилар. Ўзига ўзи: “Энди азон айта олмайман”, дер эди. Шундай ўй ҳаёлларга толган ҳолда ғам чекиб ўтирарканлар, эшик тақиллади. Келган кимса:
- Расулуллоҳ сени чақираяптилар, тезроқ ҳузурларига бор!, деди.
Оёғини қўлига олганча Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига югурдилар.
Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар:
- Эй Билол, тижоратдан қайтаётган бир карвон бор. Карвоннинг ёнига
борсанг, улар орасида юклари билан менга ҳадия қилинаётган учта туя бор. Уларнинг барчасини ол, сенга. Қарзингни тўла.
Ҳазрат Билол р.а. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг айтганларини бажардилар. Роҳат ва хузур билан бориб бомдод азонини айтдилар. Намоздан сўнг масжид эшиги ёнида уни қул қилиб олиб кетиш мақсадида келган яҳудийни кўрдилар. Намоздан чиққач баланд овозда дедилар:
- Менда қарзи бор кимсалар бўлса келсин, қарзимни берай!
Шундан сўнг яҳудийнинг ўйлаган нияти чиппака чиқди ва паришон
ҳолда бориб қарзини олди.
Ҳазрат Билол р.а. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг вафотларидан сўнг, айрилиқ ғамига бардош қила олмадилар. Расулуллоҳ (с.а.в)га нисбатан кучли муҳаббати туфайли қаттиқ қайғуга ботган ва ҳар доим кўзёш тўкардилар. Мадинада қолсалар бу қайғу аримаслигини билардилар. Чунки қараган ҳар бир нарсаси Расулуллоҳ (с.а.в)ни эслатар сўнг кўзёши тўкаверардилар. Оҳири Шомга кетишга қарор қилдилар. Ҳазрат Абу Бакр р.а. ёнида қолишини сўраганларида ҳазрат Билол р.а. шундай деб жавоб бердилар: “Агар сиз мени Оллоҳ йўлида озод қилган бўлсангиз менга изн беринг, истаган жойимга кетай. Агар ўз нафсингиз учун озод қилган бўлсангиз мени олиб қолинг!”. Шундан сўнг ҳазрат Абу Бакр дедилар: “Истаган ерингга боришинг мумкин”. Ҳалифа ҳазрат Абу Бакр р.а.дан изн олдилар ва Шомга кетиб ўша ерда яшай бошладилар. Ҳазрат Абу Бакр р.а.нинг даврида Сурияда вужудга келган ғазотларда қатнашдилар. Ҳазрат Абу Бакр р.а.нинг вафотларидан сўнг ҳалифа ҳазрат Умар р.а.давридаги ғазотларда ҳам иштирок этдилар.
Ҳазрат Умар р.а. ҳижрий ўн олтинчи йилда Сурия ва Фаластинга борган пайтлари Билол р.а. уларни кутиб олиш учун Жобияга келдилар. Сўнг ҳалифа бошчилигида Қуддусга бориб, ушбу муқаддас шаҳарнинг таслим бўлишида иштирок этдилар ва ҳазрат Умар р.а. билан бирга Қуддусга кирдилар. Ҳазрат Умар р.а. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг вафотларидан бери азон ўқимаган ҳазрат Билол р.а.дан азон айтишини сўрадилар. Ҳазрат Билол ҳазрат Умар р.а.нинг илтимосларини рад эта олмай азон айта айтдилар. Ҳазрат Билол р.а. азон айта бошлаганларида ҳазрат Умар ва бошқа саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в) даврларини эслаб ҳўнг ҳўнг йиғладилар. Билол р.а.нинг айтган азони барчани лол қолдирган, саҳобаларни эса ақлдан оздираёзганди. Қуддусни таслим этиш пайтида ҳазрат Умар р.а.дан ташқари Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал, Амр ибн Ос каби буюк саҳобалар ҳам келган эдилар.
Ҳазрат Умар р.а.нинг ҳалифалик даврига қадар Шомда қолдилар. Ҳазрат Умар р.а. қўшини билан Шомга борганларида уларга қўшилиб Қуддусга бордилар.
Бир кеча тушларида Расулуллоҳ (с.а.в)ни кўрдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) уларга дедилар:
- Шунча айрилиқ етмадими эй Билол! Ҳамон қабримни зиёрат қилиш
ниятинг йўқми?
Бечора юраги тўҳтаб қолай деди ва ҳаяжон билан терга ботган ҳолда уйғондилар. Дарҳол йўл тадоригини кўриб, ориқ, узун ва ҳолсиз туялари билан Мадинага йўл олдилар. Расули Акрам (с.а.в)нинг қабрларига яқинлашгани сари кўзёш тўкардилар. Кимсасиз чўллардан кечиб, Мадинага етдилар. Уни кўрганлар салом берар ва ёнидагиларга:
- Мана Билол Ҳабаший ҳазратлари. Пайғамбаримизнинг (с.а.в)
муаззинлари. У каби азон айтадиган бу дунёда йўқ, дер эдилар.
Бироқ у ҳеч нарсани эшитмас ва кўрмас эди. Жуда катта куч уни ўз томонига чорлар эди. Ваниҳоят Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг муборак қабрларига етиб келдилар. Буюк мақомга етишишда Қуръони каримни ўқидилар, ўқидилар ва яна ўқидилар. Оҳири суюкли хожасининг қабри шарифларига кириб йиқилдилар. Ҳушбўй ҳидлар билан хушларига келган чоғида бошларида суюклисининг суюклилари турардилар. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг набиралари Ҳасан ва Ҳусайн ҳазратлари ҳазрат Билол р.а.нинг бошларини силардилар. Бир бирларини кўрганларидан жуда қувондилар, қучоқлашиб кўришдилар ва дедилар: “Оҳ менинг азизларим! Ҳидларингиз бобонгизники каби хушбўй”. Сўнг бироз ўзларига келгач сўрадилар:
- Отангиз (ҳазрат Али) қандайлар?
- Отамиз сизни кўришни истайдилар, дедилар ҳазрат Ҳасан ва Ҳусайн.
Сўнг ҳазрат Ҳасан сўрадилар:
- Бобомиз сизни жуда яхши кўрардилар. Агар уларнинг хотирлари
учун сиздан бир нарса сўрасак қиласизми?
Ҳазрат Билол ҳайратландилар:
- Бу нима деганингиз! Бу қулингизга нима амр қилсангиз бажаради.
- Минг карра астағфуруллоҳ. Бироқ бугун биз ҳам минглаб
мадиналиклар каби сизнинг азон айтишингизни истаймиз. Илтимосимиз фақат шу эди.
Эртаси куни бомдод намозига Масжиди Набавияда азон айтдилар. Ёнган ва ҳасрат тўла қалблари билан: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар!” деганларида бутун Мадина халқи оёққа турди. “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллаҳ ва Ашҳаду анна Муҳаммадун Расулуллаҳ!”, деганларида эркагу аёл, кексаю ёш, бола чақалар, ҳаттоки ётоқда ётган ҳасталар ҳам кўчага отилиб чиқдилар. Гўёки Расулуллоҳ (с.а.в) ҳамон ҳаётлар, намозга барчани чорлаётган каби эдилар. Ўша кундан бери дунёда бошқа бундай азон ўқилмади. Ҳазрат Билол Ҳабаший р.а. шундан сўнг қайтиб азон айтмадилар.