ЮЗ ЙИЛДАН КЕЙИН ТИРИЛТИРИЛГАН КИШИ ҲАҚИДАГИ ҚИССА
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Мана шу қисса Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига, қайта тирилиш, ҳисоб қилиниши, мукофот ва савоб, жазо ва азоб ҳақлигига ишора қилади.
Бу қисса Иброҳим алайҳиссалом билан тортишган подшоҳ зикридан кейин келтирилган. Саййидимиз Иброҳим алайҳиссалом унга шундай жавоб қилганлар: “Албатта Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Сен уни мағрибдан чиқаргин-чи?!” Шунда бу кофир довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди ” (Бақара сураси, 258-оят).
Энди Аллоҳ тарафидан юз йилга ўлдирилиб, кейин қайта тирилган киши ҳақидаги қиссани кўриб чиқамиз. Парвардигоримиз шундай деган:
“Ёки бир зот ҳақидаги масални (билмадингизмики,) у зот томлари йиқилиб-ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: “Аллоҳ бу хароб бўлган (қишлоқни) қандай тирилтирар экан-а?” деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб деди: “Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?” “Бир кун ё ярим кун”, деди у. Аллоҳ деди: “Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара – бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин. (Бу ҳодисани Аллоҳ қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят – ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплаганимизни кўргин”. Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: “Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан”, деди” (Бақара сураси, 259-оят).
Бу ерда зикр қилинаётган зотдан мурод, Узайр ибн Шархиёдир .
Айтилишича, қишлоқдан мурод, Байтул мақдисдир. Уни Бобил ҳукмдори Бухтанаср харобага айлантирганди. Қуръони карим шахслар ва жой номларига эътибор қаратмайди. Балки ҳолатни баён қилиб, ундан олинадиган ибратларга аҳамият беради.
“Аллоҳ бу хароб бўлган (қишлоқни) қандай тирилтирар экан-а?” деди.
Бу ўша одам қишлоқнинг вайронага айланганини кўриб, ажабланганидан айтган гаплардир.
Яъни, хароба қишлоқдан ўтаётган киши ҳақидаги қиссага эътибор бер! У ҳайратдан ёқа ушлаб:
– Бу қишлоқ кули кўкка совурилганидан кейин Аллоҳ уни қандай ёки қачон обод қилар экан-а?! – деди.
Имом Қуртубийга кўра, ўша киши аввалда гуллаб-яшнаган шаҳарнинг барбод бўлганидан афсусланиб шундай деган .
Бу савол вайронани қандай қилиб обод қилиш ҳақидадир, тирилтириш маъносида эмас. Чунки ўша киши қиёмат куни қайта тирилтиришга ишонган мўмин киши бўлган. У қишлоқни вайрона ҳолида кўргач, Аллоҳ уни қандай обод қилишини мулоҳаза қилиб, У Зотнинг қудратидан ҳайратланган. Шу билан бирга, шаҳар обод бўлишини истаган ва бунинг қандай рўй беришини билишга қизиққан.
Хўш, бу саволнинг натижаси қандай бўлди? Буни қуйидаги оятлардан билиб оламиз:
Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб деди: “Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?” “Бир кун ё ярим кун”, деди у.
Узайр шундай деганидан кейин Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Қишлоқ обод бўлганидан кейин унинг руҳини танасига қайтарди. Сўнг:
– Қанча муддат ўлик ҳолда ётдинг? – деб сўради.
Ҳалиги киши:
– Бир куни ё ярим кун шундай ётдим, – деди.
Бу оятда ўлим уйқуга, тирилиш эса уйқудан уйғонишга ўхшаши баён қилинмоқда. Бандалар ўлганларидан кейин уларни қайта тирилтириш Аллоҳ учун осондир. Бу ҳақида Парвардигори олам шундай дейди: “(Эй инсонлар,) сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (қиёмат кунида) қайта тирилтири ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни, шу қадар осондир). Зеро, Аллоҳ Эшитувчи, Кўрувчидир” (Луқмон сураси, 28-оят).
Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Аллоҳга қасамки, худди ухлаганингиз каби ўласизлар ва худди уйғонганингиз каби тирилтириласизлар. Кейин қилган амалларингиз бўйича ҳисоб берасизлар. Яхши амалларингиз учун мукофот, ёмон ишларингиз учун жазо оласизлар. Албатта жаннат абадийдир, дўзах ҳам абадийдир”.
Аллоҳ деди: “Йўқ, юз йил турдинг”.
Яъни, сен бир ё ярим кун эмас, балки юз йил ўлик ҳолда ётдинг.
Кейин қайта тирилиш ҳақлигига далолат қиладиган нарсаларга назар солишга ундайди:
“Таом ва ичимлигингга қара – бузилган эмас. Энди эшагингни (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўргин”.
Яъни, сен юз йил шу ҳолда турдинг. Агар бундан шубҳанг бўлса, ана таоминг ва ичимлигингга қара. Шунча йиллар ўтса ҳам улар ўзгармаган, тароватини йўқотмаган. Шунча замонлар ўтса-да, ўз ҳолича турибди. Ана энди эшагингнинг суяклари қандай қилиб чириб кетганига эътибор бер. Мана шу нарса орадан узоқ вақт ўтганини кўрсатади.
“(Бу ҳодисани Аллоҳ қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят – ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплаганимизни кўргин”.
Бу иш қайта тирилтиришга Аллоҳ қодир эканини кўрсатиш учун қилинди. Ана энди манави суяклар ҳақида тафаккур қил, Биз уни қандай қилиб гўшт билан қоплаганимизга эътибор бер!
Суддийдан ривоят қилинишича, Узайр эшагининг суяклари ҳар тарафга сочилиб ётарди. Бас, Аллоҳ бир шамолни юбориб, кейин ҳар бир суякни ўз жойига қўйди ва уларни гўшт билан қоплади. Буларнинг ҳаммаси Узайр кўз ўнгида содир бўлди .
Аллоҳ таоло оятни қуйидаги қавли билан тамомлаган:
Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: “Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан”, деди.
Узайр Аллоҳ таоло ўликларни қайта тирилтиришига далолат қилувчи очиқ-ойдин ҳужжатларни кўзи билан кўриб, аъзолари билан ҳис қилганидан кейин:
– Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодир эканига аниқ ишонаман, бунга ҳеч ҳам шубҳам йўқ! – деди.
Ушбу қисса Аллоҳ таолонинг Яккаю Ёлғиз эканига, У Зотнинг қудрати чексизлигига, шунингдек, ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақлигига далолат қилади.