ЧОҲ ЭГАЛАРИ ҚИССАСИ
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Чоҳ эгалари қиссасини қисқача баён қиладиган бўлсак, бир гуруҳ содиқ мўминлар жамоаси имон ва ихлосда, Аллоҳга ибодат қилишда собитқадам бўлиб туришган. Натижада, уларнинг душманлари мўминларни қаттиқ азоблашган. Бир чоҳ (чуқур) қазиб, унга олов ёқишган ва мўминларни ана ўша чуқурга ташлашган. Қуръони каримда бу қисса ажиб ва таъсирли услубда баён қилинган:
“Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам. Ваъда қилинмиш кунга қасам. (Ўша кунда) гувоҳ бўлувчи ва гувоҳ бўлинувчига қасамки, чоҳ эгалари лаънатлангайлар! (У чоҳ) ўтинли оловдир! Ўшанда улар (чоҳнинг) устида ўтириб олган ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар . Улар фақат (мўминлар) қудрат ва мақтов Эгаси бўлган Аллоҳга – осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган Зотга имон келтирганлари учунгина ўч олдилар! Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир! Албатта мўминлар ва мўминаларни фитнага солиб, сўнгра (бу қилмишларидан) тавба қилмаган кимсалар учун жаҳаннам азоби бор ва улар учун ўт азоби бордир! Албатта имон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу буюк саодатдир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг ушлаши қаттиқдир. Албатта Унинг Ўзи бошлайди ва қайтаради. У Мағфиратли, Муҳаббатли Зотдир. (У) Арш Соҳиби бўлмиш Буюк Зотдир. (Аллоҳ) истаган нарсасини амалга оширувчидир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сизга қўшинларнинг – Фиръавн ҳамда Самуд (қабиласининг) хабари келдими? Йўқ, кофир бўлган кимсалар (ўзларидан аввал ўтган динсиз кимсалар йўлиққан азоб-ҳалокатлардан ибрат олмай, ҳали ҳам Қуръонни) ёлғон дейишда (оёқ тираб турибдилар)! Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортидан иҳота қилиб турувчидир. Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Лавҳул маҳфуздаги (яъни, ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришлардан ҳимояланган Лавҳдаги) буюк Қуръондир” (Буруж сураси, 1-22-оятлар).
“Бурж” сўзи луғатда “баланд қаср” мазмунини ифодалайди. Бу ерда “бурж”лардан мурод, юлдуз ва сайёралардир. Улар ўн иккитадир: ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадий, далв ва ҳут.
Бурж деб аталишига сабаб, у осмон жисмларига нисбатан бир манзил-макон кабидир.
“Ваъда қилинган кун” қиёматдир. Чунки Аллоҳ таоло ушбу кунда бандалар қилган яхши амаллари учун мукофот, ёмонликлари учун жазо беришни ваъда қилган.
“Гувоҳ бўлувчи” қиёмат кунига шоҳид бўлиб, ундаги даҳшатли манзара ва ажойиботларни кўрувчидир.
“Гувоҳ бўлинувчи” эса, ёш болалар сочини оқартириб юборадиган кунда бўладиган воқеа-ҳодисалардир.
“Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам. Ваъда қилинмиш кунга қасам. (Ўша кунда) гувоҳ бўлувчи ва гувоҳ бўлинувчига қасамки, чоҳ эгалари лаънатлангайлар!”
Яъни, қасамки, куфру исёнлари сабаб чоҳ эгалари лаънатлангандирлар, Аллоҳнинг раҳматидан узоқдирлар!
“Чоҳ” ердаги узун чуқурдир. У хандаққа ўхшайди.
“Чоҳ эгалари” – аввалда ўтган кофир қавм. Улар ерда катта бир чуқур кавлаб, ичида гуриллатиб олов ёқишган ва унга мўминларни ташлашган. Мўминлар Аллоҳга бўлган имонлари сабабли динсиз кимсалар томонидан шундай азобга гирифтор қилинган.
“(У чоҳ) ўтинли оловдир! Ўшанда улар (чоҳнинг) устида ўтириб олган ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар”.
Яъни, мўминларни азоблаш учун қаттиқ ёнувчи олов ёққан чоҳ эгалари Аллоҳнинг раҳматидан узоқдирлар! Улар мўминлар азобланишини томоша қилиш учун чоҳ атрофига терилиб ўтириб олишганди. Улар шу йўл билан имонли кишилардан ўч олмоқчи бўлишди.
Бу қилмишлари ўта ёвуз, золим бўлганларидан, қалбларида раҳм-шафқат ҳисси умуман бўлмаганидан дарак беради.
Шундан кейин бу золим кимсалар нима сабабдан мўминларни бундай аёвсиз тарзда қийноққа солганлари баён қилинади:
“Улар фақат (мўминлар) қудрат ва мақтов Эгаси бўлган Аллоҳга – осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган Зотга имон келтирганлари учунгина ўч олдилар! Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир!”
Ўша динсизлар мўминларни биргина сабабдан ёмон кўрардилар: мўминлар мутлоқ улуғлик ва мақтовлар Соҳиби бўлган Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишарди. Аллоҳ шундай Зотки, осмонлар ва ердаги жамики нарсалар Унга тегишли, барчаси Аллоҳнинг мулкидир. Аллоҳ барча нарсани кўриб, кузатиб туради. Бандалари қилаётган бирон ишни кўрмай қолмайди. У Зотдан ҳеч нарсани сир тутиб бўлмайди.
Бу оятларда мўминларга ноҳақ азоб берган кимсалар ҳолидан ажабланилмоқда. Зеро, улар фақат Аллоҳга ихлос ила ибодат қилганлари учун қийноққа маҳкум этилганди. Мазкур кофир кимсалар назарида, Аллоҳга имон келтириш оловда ёқишга муносиб жиноят эди.
Шайтон қўлида қўғирчоқ бўлган кимсалар, унинг ноғорасига ўйнаган одамлар назарида яхши хислатлар ҳам ёмондек туюлади. Аввалги қавмлар ҳаётига бир назар ташласак, шаҳват домига тушган кимсалар Лут алайҳиссаломга нисбатан: “Лутнинг аҳлини қишлоғингиздан (қувиб) чиқаринглар! Ҳақиқатан, улар жуда покиза кишилардир”, дейишганига гувоҳ бўламиз (Намл сураси, 56-оят).
Чоҳ эгалари мўминлардан фақат Аллоҳга бўлган имонлари сабабли ўч олишаётганди. Шунга ўхшаш оят бошқа ўринда ҳам келган: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Эй аҳли китоб, сизлар биз томонимиздан ёмон кўрадиган нарсангиз фақат бизнинг Аллоҳга, ўзимизга нозил қилинган Китобга (яъни, Қуръонга) ва илгари нозил қилинган китобларга имон келтирганимиз, сизларнинг кўпчилигингиз эса итоатсиз эканликларингиздир” (Моида сураси, 59-оят).
Ибн Касир шундай деганлар: “Бу қиссада кимлар назарда тутилаётгани ҳақида турли қавллар айтилган. Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинишича, улар Форс аҳлидир. Подшоҳлари маҳрамларни никоҳга олишни ҳалол қилишни хоҳлаганида, уламолари буни инкор қилишган. Шунда катта чуқур қазилиб, буни инкор қилган олимларни бирма-бир чоҳга ташлашган.
Яна у кишидан ривоят қилинишича, улар яманликлардир. Улар ичидаги мўминлар ва кофирлар жанг қилиб, мўминлар ғолиб чиқишган. Кейин кофирлар мўминларни мағлуб этган. Шунда бир чуқур кавлаб, уларни ўша ерда ёқишган ”.
Бу оятларда мўминларни имонда мустаҳкам туришга, ғанимлардан етган озорларга мардонавор чидашга тарғиб қилинмоқда. Шунингдек, аввалги ўтган мўмин инсонлар бошига бундан-да оғирроқ мусибатлар тушгани эълон қилиниб, солиҳ аждодлари каби сабрли бўлишга ундалмоқда. Зеро, чиройли оқибат тақводор инсонларга тегишли бўлади. Аллоҳнинг ўзгармас қонуни шуни тақозо этади.
Шундан кейин Қурайш кофирлари мўминларга азият етказишда давом этсалар, уларни аянчли оқибат кутиб тургани ҳақида огоҳлантирилади:
“Албатта мўминлар ва мўминаларни фитнага солиб, сўнгра (бу қилмишларидан) тавба қилмаган кимсалар учун жаҳаннам азоби бор ва улар учун ўт азоби бордир!”
Мўминлар ва мўминаларни қийнаб, уларга зулм ўтказган кимсалар гуноҳларидан тавба қилмасалар, Аллоҳга имон келтирган инсонларга жабр қилишни тўхтатмасалар, улар учун охиратда жаҳаннам азоби бўлади! Уларга яна ёндириш билан ҳам азоб берилади!
Мўминлар ва мўминаларни фитнага солганлардан мурод, Абу Жаҳл, Умайя ибн Халаф ва шу каби Қурайш мушрикларидир. Улар Билолни, Аммор ибн Ёсирни, унинг ота-онасини қаттиқ азобларга гирифтор қилишганди.
(Шунингдек, бу оят замирига мўминларни азоблаган, уларни ноҳақ қийнаган ҳар қандай кимса киради. Агар улар вақтида тавба қилмасалар, имон йўлига тўғаноқ бўлишни тўхтатмасалар, оқибатлари чоҳ эгалариники билан бир хил бўлади. – таржимон).
Бу ерда жаҳаннам азоби билан ўт азобининг жамланиши туғён ва ширк ботқоғига ботиб кетган кимсаларга жуда қаттиқ азоблар бўлишига ишорадир.
Имон йўлини танлаган инсонларга азият етказиш оқибатидан огоҳлантирилгач, энди мўминларга бериладиган мукофотлар зикр қилинади:
“Албатта имон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу буюк саодатдир”.
Имон келтирган ва эзгу ишларни қилган мўмин бандалар учун Парвардигорлари ҳузурида дарахтлари ва боғлари тагидан ариқлар оқиб ўтувчи жаннатлар бордир. Мана шу мукофотни қўлга киритиш энг катта бахтдир. Бундан улуғи бўлмайди. Ҳар қандай ютуқ Аллоҳ розилиги ва жаннатга эришиш олдида кичикдир.
Икки тоифа вакиллари оқибати қандай бўлиши баён этилгач, Аллоҳнинг қудрати чексиз эканига далолат қилувчи жумлалар келтирилади. Бу билан мўминлар қалби мустаҳкамланиб, янада сабрли бўлишга чақирилади:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг ушлаши қаттиқдир”.
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, албатта Парвардигорингиз Аллоҳнинг золим ва исёнкор бандаларни жазолаши жуда қаттиқдир. Бас, шундай экан, саҳобаларингизга буюринг, азиятларга сабр қилишсин! Зеро, охиратда чиройли оқибат уларники бўлади.
“Албатта Унинг Ўзи бошлайди ва қайтаради”.
Ёлғиз Аллоҳ дунёда махлуқотларни яратади. Кейин ҳисоб қилиш учун уларни қайта тирилтиради. Аллоҳнинг Ўзи дунёда кофирларни қаттиқ жазолайди. Сўнгра охиратда янада аламлироқ жазо беради уларга.
“У Мағфиратли, Муҳаббатли Зотдир. (У) Арш Соҳиби бўлмиш Буюк Зотдир. (Аллоҳ) истаган нарсасини амалга оширувчидир”.
Аллоҳнинг раҳмати кенг, мағфиратли Зотдир. Тавба қилган ва имон йўлидан юрган кишиларни албатта кечиради. Ўзига итоат этган ва ҳидоят йўлига кирган инсонларни яхши кўради Аллоҳ.
Аллоҳ улуғ Аршнинг Эгасидир. Аллоҳ Ўз зоти ва сифатларида ўта Буюкдир. У Зот истаган ишини амалга ошира олади. Биронтаси Унга эътироз билдиролмайди. Унинг амри бажо келтирилади, истак-хоҳиши сўзсиз амалга оширилади.
Шундан кейин Аллоҳнинг азоби қаттиқ ва амри шубҳасиз бажарилишига далолат қилувчи жумлалар келтирилади:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сизга қўшинларнинг – Фиръавн ҳамда Самуд (қабиласининг) хабари келдими?”
Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сизга ҳадидан ошган ва исёнкор Фиръавннинг хабари етиб келдими? Солиҳ алайҳиссалом ҳақидаги хабар-чи? Улар пайғамбарларини инкор қилиб, озор беришди, тегмаслик таъкидланган туяни сўйиб юборишди.
Аллоҳ таоло уларнинг куфри ва ҳадидан ошганлари сабаб қандай жазолаганини билдингизми?
Бу ерда Фиръавн ва Самуднинг алоҳида зикр қилинишига сабаб, улар бошқалардан кўра кўпроқ зулм қилишган, ўзгаларга қараганда тажовузкорроқ бўлишган. Шунингдек, Фиръавн ва Самуднинг қиссаси Макка аҳли орасида маълум эди.
“Йўқ, кофир бўлган кимсалар (ўзларидан аввал ўтган динсиз кимсалар йўлиққан азоб-ҳалокатлардан ибрат олмай, ҳали ҳам Қуръонни) ёлғон дейишда (оёқ тираб турибдилар)! Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортидан иҳота қилиб турувчидир”.
Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан замондош бўлган мушриклар ўтган қавмлар қиссасидан ибрат олмай, куфрда қаттиқ туриб олишгани назарда тутилмоқда.
Яъни, Фиръавн ва Самуд қабиласи қўшинининг оқибати ҳалокат билан тугади. Сабаби улар куфрда эдилар. Лекин, эй Муҳаммад, қавмингиз улардан ибрат олмаяптилар, Сизни ёлғончи қилишда давом этмоқдалар. Билингки, Аллоҳ уларни тўлиқ қамраб олган. Аллоҳнинг жазосидан уларни биронта ҳам чора ёки ҳийла қутқариб қололмайди. Улар Аллоҳнинг ҳукми остидадирлар. Аллоҳ Ўзи истаган вақтда уларга муносиб жазо беради.
“Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Лавҳул маҳфуздаги (яъни, ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришлардан ҳимояланган Лавҳдаги) буюк Қуръондир”.
Анави мушриклар айтаётганларидек, Қуръон аввалгилардан қолган афсоналар эмас. Балки У ҳақ Каломдир, Аллоҳ таолонинг буюк Каломидир.
Қуръон Лавҳул маҳфуздадир, ўзгартиришлардан сақланган, шайтонлар унга ета олмайдилар.
Биз мўминлар Қуръони карим Лавҳул маҳфузда эканига имон келтирамиз. Аммо бунинг ҳақиқатини, Лавҳул маҳфуз қандайлигини Аллоҳга ҳавола қиламиз, бу ҳақида баҳслашмаймиз. Сабаби бу ғайб илмидир. Уни фақат Аллоҳ билади. Лавҳул маҳфуз васфи ҳақида ишончли саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган.
Ушбу қиссадан олинадиган энг муҳим ибрат шуки, бу ўткинчи дунё ҳаётида икки тоифа – ҳақ ва ботил аҳли ўртасида аёвсиз жанг кетади. Бироқ Аллоҳнинг суннати (тақдири, қонуни) чиройли оқибат фақат мўмин бандаларники бўлишини тақозо этади.