ШАНБА КУНИ ҲАДИДАН ОШГАНЛАР ҚИССАСИ
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Шанба куни ҳадидан ошган кимсалар қиссасининг қисқача баёни бундай: Бани Исроилдаги бир қавм шанба куни Аллоҳ таолога холис ибодат қилишга аҳд қилишган. Шунда уларга фақат шанба куни ов қилиш ман этилган. Аллоҳ уларнинг имонларини ва аҳдларига вафо қилишларини синаш учун айнан шанба куни денгиз соҳилига жуда кўп балиқлар юборган. Улар ибодат қилиш керак бўлган кунда балиқлар соҳил бўйида шундоққина кўриниб турган. Шунда ибодатга бел боғлаган қавмнинг иштаҳаси очилиб, шанба куни балиқ овлаш борасида бир ҳийла ўйлаб топадилар.
– Шанба куни балиқ билан лиқ тўладиган мана бу денгиз четига бир чуқур кавлаб қўямиз. Унга сув билан қўшилиб балиқлар ҳам киради. Шанба куни биз уларни овламаймиз, шунчаки ҳовузга қамаб қўямиз. Кейин бошқа кунларда бемалол тутаверамиз. Шу билан Парвардигоримизга берган ваъдамизга вафо қиламиз ва балиқ овидан ҳам қуруқ қолмаймиз! – дейишди.
Насиҳатгўй инсонлар уларни огоҳлантириб, бу иш Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга нисбатан ҳийла экани, балиқларни ҳовузга қамаб қўйиш овлаш билан баробар эканини тушунтиришди. Бироқ нафслари ақлларидан устун келгани боис, панд-насиҳатларга парво қилишмади, балки шайтоний ҳийлаларини амалга оширишди. Шунда Аллоҳ уларга ғазаб қилиб, уларни маймунларга айлантириб, ўзидан кейингиларга ибрат қилиб қўйди.
Ана энди Аъроф сурасига қулоқ тутамиз. Унда ўзига хос услубдаги ажойиб қисса келтирилади:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) улардан денгиз олдидаги қишлоқ ҳақида – шанба куни ҳаддан ошганлар ҳақида сўранг! Ўшанда шанбалик қилган кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди. Шанбалик қилмаган кунларида эса келмасди. Уларни итоатсиз бўлганлари сабаб мана шундай имтиҳон қиламиз . Ўшанда улардан бир жамоат: “Нима сабабдан Аллоҳнинг Ўзи (бу дунёда) ҳалок этадиган ёки (охиратда) қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қиласизлар?” деганларида, улар айтдилар: “Парвардигорингизга (қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар Аллоҳдан) қўрқсалар, деб (насиҳат қиляпмиз)”. Бас, қачон улар ўзларига эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, Биз бу гуноҳ ишдан қайтарган зотларга нажот бердик ва золим кимсаларни итоатсиз бўлганлари сабаб қаттиқ азоб билан ушладик. Энди қачонки ўзлари қайтарилган ишдан (қайтмасдан) кибру ҳаво қилганларидан кейин уларга: “Бадбахт маймунларга айланинг!” дедик” (Аъроф сураси, 163-166-оятлар).
Бу ерда Набий алайҳиссаломга хитоб қилиниб, замондош яҳудийлардан шанба куни ҳаддан ошган кимсалар ҳақида сўраш буюрилмоқда.
Яъни, эй Муҳаммад, анави яҳудийлардан Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол қилиб олган аждодларининг ҳоли не кечгани ҳақида сўранг. Уларнинг хабари китобларида бор. Уни беркита олмайдилар.
Савол беришга ундашдан мақсад, уларни исён қилганликлари учун танқид остига олиш. Шояд тавба қилиб, ҳақ йўлга кирсалар, аввалги ўтганлар каби мусибатларга дучор бўлмасалар.
Яҳудийлар яхши биладиган бу қиссани Пайғамбар алайҳиссалом келтиришлари мўъжизадир. Ахир у зот яҳудийдар китобини ўқимаганлар. Балки Аллоҳ у зотга ваҳий орқали буни маълум қилган. Агар улар шу ҳақида фикр юритсалар, мўмин бўлардилар.
Жумҳур муфассирларга кўра, бу қишлоқ Мадян ва Тур орасида жойлашган “Айла” номли қишлоқдир .
“Шанба куни ҳаддан ошганлар ҳақида сўранг!”
Яъни, шанба куни ов қилиш билан Аллоҳ белгилаб берган чегарадан ўтган, ўзларига зулм қилган кимсалар ҳақида яҳудийлардан сўранг!
“Ўшанда шанбалик қилган кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди. Шанбалик қилмаган кунларида эса келмасди”.
Яҳудийлар улуғлайдиган шанба куни катта-катта балиқлар сув юзасига қалқиб чиқиб, осонлик билан овлаш имкони туғиларди. Шанба куни ўтгач, балиқлар кўринмасди. Бу Аллоҳ таоло тарафидан синов бўлган эди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Аслида яҳудийларга ҳам жума кунини мўътабар санаш амр қилинган эди. Бироқ улар жума кунини тарк этиб, шанбани танладилар. Шунда Аллоҳ таоло уларни имтиҳон қилди: ўша кунда ов қилишни ман этиб, шанбани улуғлашни буюрди. Шанба куни келганида улар денгиз бўйида балиқларни кўрардилар. Бошқа кунларда эса балиқлар кўринмас, фақат шанба куни қайтиб келарди. Аллоҳ уларни мана шундай имтиҳон қилган. Бу Аллоҳ таолонинг “Ўшанда шанбалик қилган кунларида балиқлар (сув юзида) очиқ келар эди. Шанбалик қилмаган кунларида эса келмасди”, деган сўзи маъносидир ”.
Имом Қуртубий айтадилар: “Ривоят қилинишича, мазкур воқеа Довуд алайҳиссалом замонида бўлиб ўтган. Иблис уларга васваса қилиб: “Сизлар шанба куни балиқ овлашдан қайтарилдингиз. Шундай экан, денгиз четида сунъий ҳовузлар кавланг”, деди. Улар шанба куни ўша ҳовузга балиқларни ҳайдаб бориб қамаб қўйишарди. Сув камлиги сабаб балиқлар у ердан чиқиб кетолмасди. Якшанба куни эса бемалол балиқларни тутиб олишарди ”.
“Уларни итоатсиз бўлганлари сабаб мана шундай имтиҳон қиламиз”.
Аллоҳ шанба куни балиқларни сув юзасига чиқариш ва бошқа кунларда уларни кўрсатмаслик билан ҳаддан ошган кимсаларни имтиҳон қилади. Кимда-ким Аллоҳнинг чегараларини бузса, итоатсизлик қилса, шариат қонунлари доирасида ҳийла ишлатса, мана шундай синов билан жазоланади. Зеро, ким Аллоҳга итоат этса, У Зот дунё ишларини осон қилиб қўяди, охиратда улуғ мукофотлар билан тақдирлайди. Ким итоатсизлик қилса, Адолатли ва Қодир Зот бўлмиш Аллоҳ ўша кимсани қаттиқ жазолайди.
Энди ўша қишлоқ аҳлидаги бир қанча тоифалар ва уларнинг ҳолати тўғрисида маълумот берилади:
“Ўшанда улардан бир жамоат: “Нима сабабдан Аллоҳнинг Ўзи (бу дунёда) ҳалок этадиган ёки (охиратда) қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қиласизлар?” деганларида, улар айтдилар: “Парвардигорингизга (қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар Аллоҳдан) қўрқсалар, деб (насиҳат қиляпмиз)”.
Ушбу оятдан тушуниш мумкинки, қишлоқ аҳли уч тоифа бўлган:
1. Шанба куни ҳаддан ошганлар, исён ва туғёнга ботиб, Аллоҳ белгилаб берган чегарадан ўтганлар.
2. Уларни ёмон ишдан қайтарган кишилар.
3. Исёнкор кимсалар тузалишидан умидини узган ва насиҳатгўйларни маломат қилган кишилар.
Юқоридаги оятга кўра, шанба куни балиқ овлаб чегарадан чиққан одамларга насиҳат қилган зотларга:
– Буларга насиҳат қилишнинг фойдаси йўқ, огоҳлантирган билан таъсир қилмайди. Нега насиҳат қиласизлар?! Чунки Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилишни тақдир этган ва ер юзини улардан тозалайди, ёмонликлари сабабли муносиб жазоларини беради, – дейилди.
Насиҳат қилувчилар бунга жавобан шундай дейишди:
– Амру маъруф ва наҳий мункар борасида камчиликка йўл қўймаслик ва уларнинг тўғри йўлга юришидан умид қилиб насиҳат қиляпмиз!
Аллоҳ шундан кейин исёнкор ва насиҳатгўй жамоанинг оқибати қандай бўлганини баён қилади:
“Бас, қачон улар ўзларига эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, Биз бу гуноҳ ишдан қайтарган зотларга нажот бердик ва золим кимсаларни итоатсиз бўлганлари сабаб қаттиқ азоб билан ушладик”.
Яъни, шанба куни ҳийла қилиб балиқ овлаган кимсалар кўр ва кар ҳолларида туғёнда давом этишиб, насиҳатни хушламаганларидан кейин ҳақ йўлга даъват қилганларга нажот бердик. Исёнкор кимсаларни эса қаттиқ азобладик.
Бу ерда балиқ овлаб ўзларини азобга гирифтор қилган кимсалар ва уларни бу қинғир йўлдан қайтарган кишилар оқибати ҳақида хабар қилинган. Бироқ насиҳатгўй инсонларни койиган кишилар ҳақида бирон нарса дейилмаган.
Баъзи муфассирлардан ривоят қилинишича, улар нажот топишмаган. Чунки ёмон ишдан қайтарганлари йўқ. Устига-устак улар панд-насиҳат қилганларни танқид қилишган.
Лекин жумҳур муфассирларга кўра, бу тоифа вакиллари ҳам нажот топган. Сабаби, улар шанба куни балиқ овлаган кимсалар қилаётган ишни ёқтиришмаган. Улар каби ман этилган ишни қилишмаган. Исёнкорларнинг инсофга келишидан умидларини узганлари боис насиҳат қилишни ўзларига эп кўришмаган.
Учинчи тоифа оқибати қандай бўлганини Аллоҳга ҳавола қиламиз. Чунки бу борада саҳиҳ матн ворид бўлмаган. Чунончи, Қуръонда насиҳатгўйлар ва ҳаддан ошганлар оқибати баён этилган. Лекин насиҳатгўйларни маломат қилганлар ҳақида бирон нарса айтилмаган.
Энди қачонки ўзлари қайтарилган ишдан (қайтмасдан) кибру ҳаво қилганларидан кейин уларга: “Бадбахт маймунларга айланинг!” дедик.
Яъни, уларга панд-насиҳат кор қилмагач, Аллоҳ таоло:
– Бадбахт ва хор маймунларга айланинг! – деди ва шундай бўлди.
Ушбу оят тафсирида айтилишича, Аллоҳ таоло ўша қавмни аввал бахтсизлик ва турмушдаги танглик азоби билан жазолаган. Улар шунда ҳам ақлларини ишлатиб, тўғри йўлга юришмагач, уларнинг жисмлари маймунларга айлантириб қўйилган. Улар ҳақиқатан маймун бўлишган. Оятнинг зоҳири шуни кўрсатади. Жумҳур уламолар мана шу қавлни маъқуллашган.
Айтилишича, улар хулқ жиҳатидан маймунга айлантирилган, худди маймун каби ёмонлик ва бузғунчилик қиладиган кимсалар бўлиб қолишган. Бу Мужоҳиддан ривоят қилинган.
Маъсиятга ботганлари, насиҳатни хушламаганлари, нафсга қарши курашишда сусткашлик қилганлари боис улар мана шундай жазога дучор бўлдилар. Улар нафсга қул бўлиб, ўзларига хорлик сотиб олдилар.
Баъзи одамлар ўзининг қинғир мақсадларига етиш, нопон ниятини амалга ошириш учун ҳийлани восита қилиб олади. Уламолар мана шу оятлардан келиб чиқиб, қабиҳ (ёмон) ҳийла жоиз эмаслигини таъкидлашган. “Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган мана бу ҳадис келтирилган: “Аллоҳ яҳудийларни ҳалок қилсин! Уларга (ҳайвон) ёғлари ҳаром қилинганди. Бироқ (яҳудийлар) уларни сотиб, пулини едилар”.