close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

ЮСУФ (АЛАЙҲИССАЛОМ) ҚИССАСИ

Ушбу қисса Қуръони каримдаги Юсуф сурасида муфассал тарзда келтирилган. Мазкур сура Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳижратдан аввал нозил қилинган, яъни у маккий суралардан ҳисобланади.
Суранинг нозил бўлишига сабаб қилиб бир неча ривоятлар ворид бўлган. Саъд ибн Ваққос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Қуръон нозил бўлар ва у зот бир неча вақт давомида уни саҳобаларга тиловат қилиб турдилар. Шунда улар: “Эй Расулуллоҳ, бизларга бирон қисса сўзлаб беринг?”, дейишди. Шу зайл қиссаларнинг энг гўзали – Юсуф сураси нозил бўлди. Сурадаги оятлар сони бир юз ўн биттани ташкил қилади. Ушбу сура Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га Исроъ ва Меърож воқеаларидан сўнг нозил қилингандир. Ўша пайтда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакилари Абу Толиб ва завжаи мутоҳҳаралари Хадича (розияллоҳу анҳо)нинг вафотидан сўнг мушрикларнинг у зотга етказаётган азиятлари янада кучайган бўлиб, сурада Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га жоҳил қавмдан етган жабр-зулмларга сабр қилишга чақи­риш ва тасалли берилиб, Юсуф (алайҳиссалом) оға-иниларининг кирдикорлари, буюк пайғамбарнинг турли хил фитна, иғволарга дуч келиши ва жабр-зулм кўриши илоҳий қалам билан ажойиб тарзда тасвирланган ва охир-оқибат сабр-тоқат туфайли яхшиликка эришилгани баён қилинган.
Юсуф сурасини тадаббур қилган киши ушбу суранинг жу­да қи­зиқарли ва ҳикматли услубда ёритилганининг гувоҳи бўла­ди. У киши нафсини разолатдан ҳидоят сари бошлайди, қалб кўзларини очади, фақат Аллоҳгагина маълум бўлган инсон табиатининг ўзи­га хос қирраларини, нозик жиҳатларини намоён этади. Айтиш жоизки, ушбу қиссани ўқиб инсон руҳияти, ҳа­ётнинг зиддиятли поғоналаридаги турли ҳолатларида инсон руҳиятининг қандай кўриниш касб этиши ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш мумкин.
Шунингдек, мазкур қиссада ҳикмат ва панд-насиҳатлар ҳам талайгина. Бу ерда сўзларнинг жойлашиш ўрни, баён қилиш услуби, воқеалар силсиласининг кетма-кетлиги ва жумлаларнинг аниқ­лиги киши диққатини ўзига жалб қилади. Сураи карима аввалида Юсуф (алайҳиссалом)нинг туш кўриши ва уни ота­сига сўзлаб бергач, Яъқуб (алайҳиссалом)нинг ўғлига қилган насиҳати ўрин олган. Кейин оға-инилар ўртасидаги тортишув ва мунозарага бой ўзаро суҳбатлари, уларнинг бир овоздан келишиб, Юсуфни қудуққа ташлаш режалари ва оталарини алдашга уринишлари таъсирли қилиб ёритилган. Юқорида келтирилган воқеалардан сўнг қисса Юсуфни қудуқдан тортиб олиш, уни арзон баҳога сотиш, Юсуфни сотиб ол­ган кишининг ўз аёлига уни ҳурмат қилиш ҳақидаги топшириғи, аёлининг унга (яъни, Юсуфга) бўлган кучли муҳаббати ва ўша аёлнинг ўз мақсадига етиш йўлида ишлатган макр-ҳийлалари ҳақидаги ҳодисалар билан уланиб кетади. Сўнгра аёлнинг ўз ходими (Юсуф) билан қилган ишининг бутун мамлакат бўйлаб дув-дув гап бўлиб кетиши ва Юсуф (алайҳиссалом)нинг аёллар макридан Аллоҳнинг паноҳини сўрагани ҳикоя қилина­ди. Кейин Юсуф (алайҳиссалом)нинг зиндондаги мазлум ҳолати ва ўша ерда ҳам ҳеч нарса уни яккаю ягона Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишдан тўса олмагани айтилади. Сўнгра Миср подшоҳи кўрган қўрқинчли туш ҳодисаси, Юсуф (алайҳиссалом)нинг ўша тушни тўғри ва аниқ таъбир қилгани, охир-оқибат во­қеалар яхшилик билан ниҳоя топгани зикр қилинган. Ушбу гўзал қисса сўнгида узоқ айрилиқдан кейинги Юсуф ва оға-инилари ўртасидаги қизғин мулоқот ҳикоя қилинади. Оқибатда Юсуфнинг ота-онаси ва туғишган укаси ҳамда ўгай оға-иниларининг дий­дорига етишиши билан якун топади.
Юқорида биз Юсуф (алайҳиссалом) қиссасига умумий васф билан назар ташлаб олдик. Энди мазкур қиссани бир бошидан кў­риб чиқишга ўтамиз. Қисса Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти билан бошланади:
Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир. Дарҳақиқат, Биз уни сизлар ақлларингизни юргизиши­нгиз учун арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ), Биз Сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилиш билан қиссаларнинг энг гўзалини сўзлаб берурмиз. Ҳолбуки, ундан илгари, Сиз бехабар кишилардан эдингиз! Эсланг, Юсуф отасига деган эди: “Эй отажон, мен тушимда ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрибман. Ҳаммалари менга сажда қилишаётган эмиш”. У (отаси) деди: “Эй ўғлим, бу тушингни оға-иниларингга ҳаргиз айта кўрма, токи улар сенга қарши бирон ҳийла қилмасинлар. Чунки шайтон инсон учун очиқ душмандир. Шунингдек, Парвардигоринг сени танлар ва сенга барча тушларнинг таъбирини билдирур ҳамда худди илгари аждодларинг Иброҳим ва Исҳоққа комил қилиб бергани каби, сенга ҳам ва Яъқубнинг (бошқа) фарзандларига ҳам Ўзининг неъматини комил қилиб берур. Албат­та, Парвардигоринг илм ва ҳикмат соҳибидир” (Юсуф, 1–6).
“Алиф, Лом, Ро”. Бу ҳарфлар тафсир илмида ҳуруфи муқат­тоъа (кесилган ҳарфлар) дейилади. Қуръони каримдаги йигирма тўққиз сура шу ва шунга ўхшаш ҳарфлар билан бошланади. Уларнинг маънолари ҳақида турли фикрлар мавжуд. Энг тўғриси шуки, ушбу ҳарфлар баъзи сураларнинг илк оятида Қуръоннинг мўъжизавий Китоб эканлигини эслатиб, танбеҳ ва огоҳлантириш маъносида кел­тирилган. Гўёки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ўз даргоҳи­дан нозил қилинганини инкор этувчи кимсаларга шундай деяётгандек: мана сизлар Қуръонни ўз кўзингиз билан кўриб турибсиз, ушбу Китоб сизлар жумлаларингизни тузаётган оддий ҳарфлардан иборат. Агар уни Аллоҳ даргоҳидан нозил қи­линганига зиғирча шубҳангиз бўлса, қани унда шунга ўхшаш бирон сура келтириб кўринглар-чи?!
Бас, улар ожиз қолдилар ва ўзларининг ҳеч нарсага ярамасликларига амин бўлдилар. Шу зайл Қуръоннинг Аллоҳ таоло ҳу­зуридан нозил қилинган илоҳий Китоб эканлиги аниқ ва очиқ-ойдин собит бўлди.
“Ушбу (оятлар) очиқ – равшан китоб оятларидир”.
Яъни, эй Муҳаммад, ушбу Биз сизга тиловат қилаётган оят­лар кишиларни ожиз қолдиришига шубҳа бўлмаган, амр-ҳукмлари тушунарли ва бирон чигаллиги йўқ китоб – Қуръон оятларидир.
Сўнгра Аллоҳ таоло ушбу Қуръон нима сабабдан араб тилида туширилганини баён қилади: “Дарҳақиқат, Биз уни сизлар ақл­ларингизни юргизишингиз учун арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик”.
Яъни, биз ушбу Қуръони каримда мурсал пайғамбаримиз бўл­ган Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қалбига очиқ ва тушунарли бўлган араб тилида нозил қилдик. Шоядки, сизлар, эй имон келтирган бандаларим, унинг маъноларини тадаббур қил­саларингиз, сўзларини тушуниб етиб, унинг раҳна­молиги ва ҳидо­яти билан кўпгина манфаатларга эришсангиз!
“Биз сизга ушбу Қуръонни ваҳий қилиш билан қиссалар­нинг энг гўзалини сўйлаб берурмиз. Ҳолбуки, ундан илгари сиз бехабар кишилардан эдингиз!”
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Биз сизга баён услуби ўзига хос ва ажойиб бўлган қиссаларнинг энг яхшиси ва энг гўзалини ҳи­коя қиламиз. Зеро, сиз ушбу Қуръон нозил қилинмасидан аввал худди саводсиз, оми қавмингиз каби ушбу қиссаларнинг тафсилотлари, воқеаларнинг энг дақиқ ва нозик жиҳатларидан бехабар эдингиз.
Ушбу маънода Аллоҳ таоло шундай дейди: “Булар Биз сизга ва­ҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. Илгари буларни на сиз ва на қавмингиз билар эдингиз. Бас, сабр қилинг. Албатта, оқибат-натижа Аллоҳдан қўрқувчи кишиларникидир” (Ҳуд, 49).
Умуман олганда, Қуръони карим энг чиройли ва гўзал қисса­ларни ўзида жамлаган, чунки улар энг ишончли ва тўғри хабарлар (хаёлий–тўқима эмас), ҳикоя қилиш услуби ҳам ўзига хос бир кўринишга эга – ўта фасоҳатли, қолаверса, қиссаларда ибрат, на­си­ҳатлар тушунарли тарзда баён қилинган.
Энди, энг чиройли қиссаларга мисол сифатида Юсуф (алай­ҳиссалом) қиссаси келтирилади. Аллоҳ таоло айтади: Эсланг, Юсуф отасига деган эди: “Эй отажон, мен тушимда ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрибман. Ҳаммалари менга сажда қилишаётган эмиш”.
Юсуф – Аллоҳнинг солиҳ пайғамбарларидан бири. Отасининг исми Яъқуб эди. Саҳиҳ ҳадисларнинг бирида Ибн Умар (рози­ял­лоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қи­лади: “Дарҳақиқат, Карим ибн Карим ибн Карим ибн Карим, Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир. У (Юсуф (алай­ҳиссалом)) пайғамбар, отаси (Яъқуб) пайғамбар, бобоси (Исҳоқ) пайғамбар, отасининг бобоси (Иброҳим) пайғамбардир. Уларга Аллоҳнинг салавот ва саломлари ёғилсин!”
Юқорида келтириб ўтилган оятнинг маъноси қуйидагича: “Эй муҳтарам Пайғамбар, Сиз Юсуф отаси Яъқубга:
– Эй отажон, мен тушимда ўн бир юлдузнинг менга сажда қилиб турганларини кўрдим. Шунингдек, қуёш ва ойни ҳам кўр­дим. У иккиси ҳам менга сажда (таъзим) қилиб турган эди, – деб айтганини эсланг”.
Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: Муфассир олимлар мазкур тушни таъбир қилиб, шундай дейдилар: “Ўн бир юлдуз Юсуф (алайҳиссалом)нинг оға-инилари, қуёш ва ой эса унинг ота-онасидир”.
Ибн Аббос, Заҳҳок, Қатода, Суфён Саврий ва Абдураҳмон ибн Зайд айтадилар: “Ушбу туш таъбирининг ҳақ экани қирқ йилдан сўнг маълум бўлди”. Баъзилар: “Саксон йилдан кейин”, деб айтишган. Ўшанда Юсуф (алайҳиссалом) ота-онасини ўз тахтига кў­таради ва оға-инилари ҳам унинг олдида ҳозир бўлишади. Уларнинг барчалари таъзим бажо келтириб, Юсуфга сажда қиладилар. Шунда Юсуф (алайҳиссалом):
– Эй отажон, мана шу илгари кўрган тушимнинг таъбиридир. Парвардигорим уни рост қилди, – деб айтади (Юсуф, 100).
Шундан сўнг Юсуф (алайҳиссалом) тушини отасига айтгач, унинг ўғлига қилган насиҳати келтирилади: “Эй ўғилчам, бу тушингни оға-иниларингга ҳаргиз айта кўрма, токи улар сенга қарши бирон ҳийла қилмасинлар. Чунки шайтон инсон учун очиқ душмандир”.
Яъни, ўғли Юсуфдан тушида кўрган нарсаларини эшитгач, Яъқуб (алайҳиссалом) оталик меҳри билан ўғлига деди:
Эй ўғлим, тушда кўрганларингни оға-иниларингга зинҳор ай­та кўрма. Агар шундай қилсанг, улар сени ҳалок қилиш учун махфий ҳийла ишлатадилар. Шунда уларга қаршилик кўрсатиш учун сен ҳам, мен ҳам қодир бўла олмай қоламиз!
Яъқуб (алайҳиссалом)ни бундай дейишига сабаб, мазкур туш келажакда Аллоҳ таолонинг Юсуф (алайҳиссалом)га буюк инъом – пайғамбарлик ва юқори мартаба – ҳукмронлик беришига далолат қиларди. Одатда киши бирон нарсага эришса, одамлар унга ҳасад қилиб, уни кўра олмайдилар. Яъқуб (алайҳиссалом) ҳам, агар ўғли тушини оға-иниларига айтса, уларнинг ҳасад қили­ши, охир-оқибат очиқчасига душманликка ўтиб кетишларидан хавф­сирамоқда эди.
“Чунки шайтон инсон учун очиқ душмандир”. Ушбу жумла тушни нима сабабдан оға-иниларига айтмаслик лозимлигини баён қилмоқда.
Яъни, уларга тушингдаги воқеалар ҳақида зинҳор баён қила кўрма. Акс ҳолда улар сенинг зарарингга ҳийла ва ҳасад қила­дилар. Ушбу ҳасадни шайтон одамлар орасига адоват ва нафрат уруғла­рини сочиш учун уларнинг қалбига васваса қилади.
Ушбу оятдан уламолар бир неча ҳукмларни чиқарганлар:
– инсон одамларнинг ҳасад қилиши ва разил кишиларнинг адоватидан омон қолиш учун баъзи вақтларда Аллоҳ унга берган неъматларини яшириши, уни кўп кишиларга айтмаслиги жоиздир;
– рост туш Аллоҳ таолонинг баъзи бир ўз нафсларини поклаган бандаларига кўрсатадиган икромидир. Аллоҳ уларга бирон воқеанинг хабарини у содир бўлмасидан аввал маълум қилади.
Солиҳ, рост туш ҳақида ҳадисларда хабар қилинган. Набий (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Солиҳ кишининг кўр­ган солиҳ туши пайғамбарликнинг қирқ олтидан бир қисми­дир”.
Яна бошқа бир ҳадисда: “Хушхабар бериладиган нарсалар­дан бошқа пайғамбарлик қолмади. У солиҳ киши кўрган солиҳ тушдир. У ўша тушни ўзи кўради ёки унга кўрсатилади”.
Шунингдек, жумҳур уламолар ушбу оятдан хулоса чиқариб, “Юсуф (алайҳиссалом)нинг оға-инилари пайғамбар бўлмаган­лар”, – деган фикрни айтишган.
Алусий айтди: “Шуниси маълумки, Юсуф (алайҳиссалом)нинг оға-инилари пайғамбар бўлишмаган. Бу фикрни салаф ва халаф уламоларнинг аксарият қисми тасдиқлашган”. Салаф уламолар­дан бирон киши – саҳобийлар ҳам, тобеинлар ҳам уларнинг пай­ғамбар эканлиги ҳақида ҳеч нарса дейишмаган.
Сўнгра Яъқуб (алайҳиссалом) ўғли Юсуфга келажакда хайр-баракага сабаб бўладиган баъзи нарсаларни айтиб ўтади: “Шунингдек, Парвардигоринг сени танлар ва сенга барча тушларнинг таъбирини билдирур ҳамда худди илгари аждодларинг Ибро­ҳим ва Исҳоққа комил қилиб бергани каби, сенга ва Яъқубнинг (бошқа) фарзандларига ҳам Ўзининг неъматини комил қилиб берур. Албатта, Парвардигоринг илм ва ҳикмат соҳибидур”.
Яъни, Раббинг сени ушбу яхши, оқибати хайрли бўлган тушга танлаб олгани каби, келажакда сени масъулиятли, буюк вазифа – пайғамбарликка ҳам танлаб олади. У Зот сенга нарсаларнинг ички моҳиятини сезиш қобилиятини инъом этади, басийрат кўзининг ўткирлигини ҳадя қилади. Шундан кейин нарсаларни асл-туб мо­ҳиятига тўғри тушуниб етасан, тушларни ҳеч бир хатосиз таъбир қиладиган кишилардан бўласан. Шунингдек, Аллоҳ сенга худди оталаринг Иброҳим ва Исҳоққа бергани каби пайғамбарлик, рисолат, подшоҳлик ва етакчилик неъматларини тўлиқ қилиб беради. Яъқубнинг оиласига ҳам ҳисобсиз неъматларни ато этади. Зеро, Парвардигоринг ҳар бир нарсанинг нозик томонларини билувчи ва қиладиган ҳар бир ишида ҳикматли бўлган Зотдир.

Юсуф оға-иниларининг ҳасад ва нафрати

Аввалги оятларда Яъқуб (алайҳиссалом)нинг Юсуфга қилган насиҳати келтирилган бўлса, энди оға-иниларининг ҳолати, бун­га билдирган фикрлари зикр қилинади. Улар ўзларича Юсуф (алай­ҳиссалом)га суиқасд ва фитна уюштириш пайидалар. Шу мақсадда улар оталари билан у ҳақида тортишадилар. Қисса қу­йидаги оят билан бошланади:
«Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг оға-иниларида сўрагувчилар учун оят-ибрат бордир. Ўшанда улар айтган эдилар: “Гарчи биз бутун жамоат бўлсак-да, шак-шубҳасиз, Юсуф ва унинг биродари отамизга биздан кўра суюклироқдир. Дарҳақиқат, ота­миз очиқ залолатдадир. (Яна дедилар:) “Юсуфни ўлдиринглар ёки бирон жойга олиб бориб ташланглар, (шундагина) оталарингиз фақатгина сизга боқар. Кейин эса яхши қавм бўлиб олурсизлар. (Шунда) улардан бир сўзлагувчи деди: “Юсуфни ўлдирманглар, балки агар бирон иш қилмоқчи бўлсангиз­лар, уни қудуқ қаърига ташлаб юборинглар, йўловчи карвонлар олиб кетсин”. Улар дедилар: “Эй ота, не сабабдан Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир, биз уни, шак-шубҳасиз, холис (яхши кўрувчи)лармиз-ку. Уни эртага биз билан юборгин, ўй­наб-ёзилиб келсин. Албатта, биз уни қўриқлаб-муҳофаза қи­лувчилардирмиз”. (Яъқуб) деди: “Уни олиб кетишларингиз мени маҳзун қилур. Мен, сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқурман”. Улар дедилар: “Қасамки, агар биз бутун бир жамоат бўлган ҳолимизда уни бўри еб кетса, демак, биз, шак-шубҳасиз, зиён кўргувчи – ҳалок бўлгувчилардир­миз”. Бас, қачонки уни олиб кетишиб, сўнгра қудуқ қаърига ташлашга қасд қилган вақтларида, Биз унга: “Сен албатта, бу қилмишлари ҳақида хабар берурсан. Улар ўшанда сезмайдилар ҳам”, деб ваҳий қилдик» (Юсуф, 7–15).
“Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг оға-иниларидан сўрагувчи­лар учун оят-ибрат бордир”.
Яъни, Юсуф ва оға-инилари қиссасида уларнинг қиссаси ҳа­қи­да сўровчи, ушбу қиссадаги ҳукмлардан ўзи учун керакли хулоса чиқариб олувчи ақл соҳиблари учун ибрат ва панд-на­сиҳатлар бор.
Ушбу оят билан Юсуф (алайҳиссалом) қиссаси бошланади. Маз­кур оят бундан кейинги ҳодисаларга ўқувчи диққатини тортади. Воқеаларнинг кейинги ривожи ва тафсилотларидан хабардор бўлишга ундайди.
Ўшанда улар айтган эдилар: “Гарчи биз бутун жамоат бўл­сак-да, шак-шубҳасиз, Юсуф ва унинг биродари отамизга биздан кўра суюклироқдир. Дарҳақиқат, отамиз очиқ залолат­дадир”.
Бу ердаги “унинг биродари”дан мурод Юсуф (алайҳиссалом)­нинг туғишган укаси Биняминдир. У Юсуфдан кичик бўлган. Қол­ган оға-инилари отасининг бошқа хотинларидан туғилган эдилар (Бу ҳақда “Қуръони карим қиссалари” китобининг биринчи жуз, 186–187-бетларида тўхталиб ўтилган. – Таржимон.)
Бу ердаги залолатдан мурод, ақида ва диндаги адашишлик эмас, балки фарзандларга нисбатан муносабат қилишдаги адашишлик, уларнинг мавқеини тўғри баҳоламасликдир.
Яъни, оға-инилар Юсуфга макр қилиш режасини туза туриб, шундай дедилар:
– Гарчи бизлар отамизнинг хизматига яроқли ва унга кўп манфаат берадиган бўлсак-да, Юсуф ва унинг укаси Бинямин ота­мизга биздан кўра севимлидир, отамиз у иккисини бизлардан устун қўймоқда! Албатта, отамиз ушбу қилмиши билан катта хато қилаяпти. У биз турганда қаёқдаги икки ёш болани бизлардан афзал кўрмоқда!
Улар ушбу гаплари билан келажакда Юсуфга қиладиган макр­ларининг айбини оталарига юклаб, ўзларини оппоқ қилиб кўр­сатмоқчи эдилар. Бизларни Юсуф ва Биняминдан айри қилган, ораларимизга совуқчилик тушишига сабаб бўлган киши фақат­гина отамиз, демоқчи бўладилар. Оталарига нисбатан улар томо­нидан айтилган бу ҳукм ноўрин эди, чунки Юсуф (алайҳиссалом)­да афзал кўрилишга лойиқ бўладиган кўплаб фазилатлар бисёр ва жамулжам эди.
Алусий айтади: “Ривоят қилинишича, Юсуф (алайҳиссалом) қолган оға-иниларидан кўра отасига маҳбуброқ бўлган. Бунга сабаб унинг гўзал хулқи, одоб-ахлоқи эди. Қачонки, юқорида зикр қилинган тушни кўргач, Яъқубнинг ўғлига бўлган оталик муҳаббати янада зиёдалашди. Бу ерда Яъқуб (алайҳиссалом)ни маломат қи­лиш жоиз эмас, чунки муҳаббат қалбга инсон боласининг хоҳиш-иродасига қараб ёки бирон кишининг таъсири остида кирмайди”.
Шундан сўнг Юсуф (алайҳиссалом)ни нима қилиш тўғрисида қарор қилганликлари ҳақида айтилади: “Юсуфни ўлдиринглар ёки бирон жойга олиб бориб ташланглар, (шундагина) оталарингиз фақатгина сизга боқар. Кейин эса яхши қавм бўлиб олурсизлар”.
Яъни, оға-инилар пинҳона маслаҳатлаша туриб дедилар:
– Отамизга бизлар муносиб бўлсак-да, Юсуф ва унинг укасини бизлардан афзал кўриш билан жуда чегарадан чиқиб кетди. Ваҳоланки, шу ишида давом этар экан, бунинг ёлғиз чораси, Юсуфни ўлдириш ёки нотаниш-овлоқроқ бирон жойга гумдон қилиш­дир, токи у ўша ерларда сарсон-саргардон ҳолида ўлиб кетсин. Агар шундай қилсангизлар, бу кўргиликлардан халос бў­ласизлар ва шунда ўз-ўзидан отангиз сизларга муҳаббат қўяди. Бунда сизларга ҳеч ким шерик бўла олмайди. Илгари фақатгина Юсуф ва укасига эътибор берган бўлса, эндиликда бор диққат-эътибор сизларга қаратилади! Ҳозир сизлар Юсуфни ўлдириш ёки уни олисроқ бир жойга даф қилиш билан ундан қутулаверинглар, кейин Аллоҳга тавба-истиғфорлар айтиб, солиҳ, гуноҳлардан пок­ланган кишилардан бўлиб оласизлар. Албатта, Аллоҳ тавбалари­нгизни қабул қилади. Агар шундай қилсаларингиз нафақат дини­нгизда, балки дунёйингизда ҳам солиҳ кишилардан бўласизлар. Чунки Юсуфнинг ораларингизда мавжуд бўлиб туриши сизларни ташвишга келтирмоқда!
Юқорида кўриб ўтганимиздек, агар инсон нафсида нафрат ус­тунлик қилса ёки бошқа бировга нисбатан гина-кудурат бўлса, охир-оқибат унда энг разил ва чиркин иллат бўлмиш ҳасад пайдо бўлади. Шунда одам ҳар бир нарсага тўғри нуқтаи назардан ёндаша олмай қолади, энди у фақат ҳавойи нафси нуқтаи назаридан қарайдиган бўлиб қолади. Уларнинг назарида кичик каттага, катта кичикка айланади. Юсуф оға-иниларининг назарича, оталарининг унга бўлган муҳаббати оғир бир жиноят эди. Айни пайтда эса ўзлари қотиллик каби энг оғир жиноятни енгил санамоқда эдилар, қилғиликни қилиб, сўнгра ўзларини Аллоҳ олдида, ота­лари ва бошқалар олдида пок, гуноҳлардан холи эканликларини исботламоқчи бўлаяптилар.
Оға-инилар шундай қабиҳ ишни амалга ошириш арафасида турар эканлар, улар орасидан бирлари туриб деди: “Юсуфни ўлдирманглар, балки агар бирон иш қилмоқчи бўлсангизлар, уни қудуқ қаърига ташлаб юборинглар, йўловчи карвонлар олиб кетсин”.
Оятнинг маъноси қуйидагича: кичик укаларига нисбатан қи­лаётган бундай қабиҳ бир ҳукмларини эшитиб ташвишга тушган оға-иниларидан бири шундай деди:
– Юсуфни ўлдирманглар! Зеро, қотиллик катта гуноҳдир! Унинг ўрнига Юсуфни қудуқнинг энг тубига ташлаб юбора қо­линглар. Шунда у дом-дараксиз йўқолади. Балки уни йўлов­чилар қудуқдан тортиб олишар ва у шунда сизлардан узоқ бўлган жойларга равона бўлар. Шу зайл қалбларингиз ором олади ва оталарингиз ҳам сизларга боқади!
Ушбу гаплар ака-укаларнинг қайси бири томонидан айтилгани Қуръони каримда тилга олинмаган, чунки бундан бирон фойда йўқ. Лекин баъзи муфассирлар: “Сўзлагувчидан мурод, Яҳузодир”, деб айтишган. Асосийси, у оға-инилар орасидаги бир киши эди ва улар Юсуфни то ажали етгунича ўлдирмасликка қа­рор қилдилар.
Айтишадики, ушбу таклифда ибрат, ҳикмат ва фикр соғлом­лиги бор. У оға-иниларини қасос олишда чегарадан чиқиб кетишдан қайтариб қолди ва уларга бошқа бир таклифни ўртага ташлади. У ҳам бўлса, Юсуфни отасининг кўзидан узоқлаштириб, қудуқ қаърига ташлаб юбориш эди. Оға-инилар шундай қарорга келишганидан сўнг, Яъқуб (алайҳиссалом) олдига келиб шундай дедилар: “Эй ота, не сабабдан Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир биз у учун холисларданмиз-ку. Уни эртага биз билан юборгин, ўйнаб ёзилиб келсин. Албатта, биз уни муҳофаза қилгувчилардирмиз”.
Яъни, оға-инилар Юсуфни ўзлари билан сафарга олиб чиқиш учун оталарини кўндириш пайида:
– Эй ота, нега сен Юсуфни бизлар билан сайлга чиқишига кўп ҳам ишонмайсан? Ваҳоланки, биз уни жуда яхши кўрамиз. Ахир у кичик укамиз бўлса, биз унга фақат чин дилдан яхшилик қилишни хоҳлаймиз, унга нисбатан қалбимизда на бирон кек-адоват ва на бир ғаразимиз бор! – дедилар.
Сўнгра улар ўз талабларига қуйидаги жумлаларни ҳам зиёда қилдилар: “Уни эртага биз билан юборгин, ўйнаб ёзилиб келсин”.
Бу ердаги ўйиндан мурод, ҳордиқ чиқариш ва чарчоқбосди ўйинларни ўйнашдир. Яъни, эй ота, уни биз билан юборгин, турли хил мева-чева ва шунга ўхшаган нарсалардан истаганича есин. Сакраш, югуриш ва ҳар хил мусобақалар орқали ўзидаги чарчоқ­ни чиқарсин, кўнгли ёзилсин. Албатта, биз унга азият ёки бирон ёмон кор-ҳол бўлишига ҳам йўл қўймаймиз. Уни ҳар қандай фалокатдан кўз қорачиғимиздек асраймиз, ҳатто гард ҳам юқтирмаймиз!
Уларнинг бу гапидан ўзларининг ғаразли, манфур ниятлари­ни амалга ошириш учун оталарини кўндиришга қаттиқ бел боғ­лаганликларини тушуниш қийин эмас. Шундан сўнг оталари­нинг уларга қилган жавоби келтирилади: “Уни олиб кетишларин­гиз мени маҳзун қилур. Мен, сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқурман”.
Яъни, эй ўғилларим, Юсуфдан бир оз муддат бўлса-да айрилишим мен учун оғирдир. Бу нарса мени қаттиқ ғамга ботиради. Шунинг баробарида агар сизлар уни ўзларингиз билан сафарга олиб чиқадиган бўлсангиз, сизлар ўз ишингиз билан машғул ёки бе­эътибор бўлганингизда уни бўри еб кетишидан хавфсираяпман.
Шунда оға-инилар қатъий оҳангда шундай дедилар:
«Қасамки, агар биз бутун бир жамоат бўлган ҳолимизда уни бўри еб кетса, демак, биз шак-шубҳасиз, зиён кўргувчи – ҳалок бўлгувчилардирмиз».
Яъни, улар оталарининг қалбига хотиржамлик киритиб, қал­бидаги ғулғулани аритиш, ундан қўрқув ва маҳзунликни кетказиш мақсадида:
– Эй ота, Аллоҳга қасамки, Юсуф биз билан биргаликда, унинг хавфсизлиги ва саломатлигига ўта ҳарисманд бўлган ҳоли­мизда, агар уни бўри еб кетадиган бўлса, унда биз катта зиён кўр­гувчилардан, бирон нарсага салоҳиятсиз кишилардан ҳисоб­ланамиз, – дедилар.
Охир-оқибат, чорасиз қолган ота ўғилларининг ушбу талаб­ларига розилик беришга мажбур бўлди. Қуръон буни ўзининг ба­лоғат ва фасоҳатли услуби ила ҳикоя қилади: “Бас, қачонки уни олиб кетишиб, сўнгра қудуқ қаърига ташлашга қасд қилган вақтларида, Биз унга: “Сен албатта, бу қилмишлари ҳақида хабар берурсан. Улар ўшанда сезмайдилар ҳам”, деб ваҳий қилдик”.
Яъни, қачонки улар оталарини кўндиришгач, эртаси куни Юсуфни ўзлари хоҳлаган томонга олиб кетдилар. Ва уни қудуққа ташлашга келишиб, буни бажардилар ҳам. Улар ҳеч раҳм-шаф­қатсиз, тошбағирлик билан ушбу ишни амалга оширдилар. Биз Юсуф қудуққа ташланаётган пайтида қалбига илҳом солиш орқали (ёки Жаброил (алайҳиссалом) орқали) ваҳий қилдикки:
– “Эй Юсуф, вақти келиб Аллоҳ хоҳласа, улар сенга ёшлигингда нима ишлар қилганлари ва қандай озор берганликларини ўз­ларига хабар қиласан”.
Бу ердаги оға-иниларнинг қилмишларидан мурод, унга озор беришлари ва Юсуф (алайҳиссалом)ни қудуқнинг қаърига ташлаб юборишларидир.
“Улар ўшанда сезмайдилар ҳам”. Яъни, вақти-соати келиб, уларга қилиб ўтган ёмон ишлари ҳақида айтганингда, бу сен, яъни Юсуф эканингни сезмайдилар. Чунки орадан анча вақт ўтиб кет­гани сабаб улар сени ўлиб кетган, деб ҳисоблайдилар. Сен ўшанда бутун бир мамлакат хазинасига қўриқчи бўласан. Улар бўлса сендан мадад ва марҳамат сўраб ҳузурингга тиз чўкиб келадилар.
Аллоҳ таолонинг ушбу амри кўп ўтмай ўз тасдиғини топди. Оятда шундай дейилади: “Энди қачонки (Мисрга етиб келиб Юсуф (алайҳиссалом))нинг ҳузурига киришгач, дедилар: “Эй улуғ зот, бизни ва аҳли оиламизни очарчилик ушлади” (Юсуф, 88).
Ушбу ваҳий Юсуф (алайҳиссалом)га у балоғат ёшига етмаси­дан ёки пайғамбар бўлмасидан олдин қилинганди. Бундан кўз­лан­ган мақсад унинг қалбига хотиржамлик солиш, унга келажакда куч-қувват, мол-давлат ва ҳукмронлик насиб этиши ҳақида хушхабар бериш эди.
Оға-инилар ўз кирдикорларини амалга оширишгач, “кечқурун оталари олдига йиғлаган ҳолларида келиб: “Эй ота, бизлар Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб қувлашиб кетган эдик, уни бўри еб кетибди. Энди рост гапирсак ҳам сен бизларга асло ишонмайсан”, дедилар”. Бу ердаги “йиғи”дан мурод, оталарини Юсуф ҳақини поймол қилмаганликларига ишонтириш учун қилинган сохта, ёлғон йиғилари эди. Мақолда айтиладики, “Фожирнинг кўз ёши қўлидадир” (яъни, у ёлғондакам йиғлаб, худди ёш чиқаётгандек қўли билан кўзини ишқалайди. – Таржимон.)
Яъни, улар дедилар:
– Эй ота, бизлар ўзаро мусобақалашиб, югуриб юрганимизда Юсуфни сафарда ўзимиз билан олиб чиққан нарсаларимиз (ки­йим-кечак, озиқ-овқат ва ҳоказолар) олдида қолдириб кетсак, ногаҳон уни бўри еб кетибди. Ундан ҳеч вақо қолмабди. Эй ота, биз сенга Юсуфни бўри еб кетди, – деб айтсак ҳам ишонмайсан. Тўғри сўзлагувчи бўлсак-да, бизларга ишонмаслигингга сабаб – биз­лар ҳақимиздаги ёмон гумонинг ва Юсуфга бўлган қаттиқ муҳаб­батингдир.
Юсуфнинг оға-инилари сохта йиғи билан чекланмай, балки унга яна бир ёлғонни ҳам қўшиб қўйдилар: “Ва унинг кўйлагини ёлғон қонга бўяб келтирдилар”.
Яъни, улар Юсуфни қудуққа ташлагач, кўйлагини ўзлари билан олиб қолдилар ва уни Юсуфга тегишли бўлмаган бошқа бир қон билан бўядилар. У қон кийик ёки бўри қони ҳам бўлиши мумкин.
Яъқуб (алайҳиссалом) уларнинг юз ифодалари, ҳолатлари ва маҳзун қалбининг нидоси орқали билдики, аслида Юсуфни бўри емаган, балки улар Юсуфга бирон макр-ҳийла қўллаган эдилар. Шу сабаб Яъқуб (алайҳиссалом) уларга қарата шундай деди: “Йўқ, сизларга ҳавойи нафсларингиз бирон ишни чиройли қилиб кўрсатган”.
Яъни, Яъқуб ўғилларига қайғули оҳангда деди:
– Сизлар даъво қилаётганингиздек, Юсуфни бўри еб кетмаган, балки нафрат ва адоватга тўла қалбингиз унга нисбатан бирон ёмонлик, қабиҳ ишни содир этишни сизларга зийнатлаб кўрсатган. Келажакда, Аллоҳ хоҳласа, унинг асл ҳақиқати очилажак! Сизларнинг бу қилмишларингизга нисбатан эса, мен чиройли сабр қи­ламан. Раббимнинг Ўзи ҳақиқатларни юзага чиқарувчи, махфий нарсаларни ошкор қилгувчидир. Мавриди келиб, Унинг иродаси ила ўғлим билан, албатта, яна дийдор кўришамиз!
Алусий айтади: “Ибн Абу Ҳотим ва Абу Шайх Қатода (розиял­лоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: Юсуфнинг оға-инилари уни қу­дуққа ташлашгач, бир кийикни тутиб, уни сўйдилар ва қонига Юсуфнинг кўйлагини ботирдилар. Кўйлакни оталарига келтиришгач, у орқа олдини ўгириб кўриб: “Аллоҳга қасамки, ҳеч замонда бу кундагидек мулойим бўрини кўрмаганман! У ўғлимни ебди-ку, аммо кўйлагини соғ қолдирибди-да”, – деган  (Бу ерда Яъқуб (алайҳиссалом) оға-иниларининг ёлғон гапирганликларини очиқ-ойдин, ҳужжат-далиллар билан исботлаб бермоқда. – Таржимон.)

Юсуфнинг қудуқдан тортиб олиниши ва арзон нарх – бир неча дирҳамга сотиб юборилиши

Энди сура бизларга Юсуф (алайҳиссалом) ҳаётининг яна бо­ш­қа босқичини ҳикоя қилишга ўтади. Аллоҳ таоло айтади:
“Бир карвон келиб, ўзларининг сув изловчиларини юборганларида, у челакни ташлаган эди, (шунда у): “Суюнчи бе­ринг­лар, бу бола-ку! деб юборди. Сўнг уни сотилади­ган нарсалари қатори яшириб қўйдилар. Аллоҳ уларнинг қи­ла­ётган амалларини билиб тургувчидир. (Кейин) уни арзон ба­ҳода – бир неча тангага сотиб юбордилар. (Чунки) улар қи­зиқмаган эдилар. Уни Мисрдан сотиб олган киши хотинига: “Уни яхшилаб жойлаштиргин. Шояд бизга бирон фойдаси тегиб қолса ёки ўзимизга бола қилиб олармиз”, деди. Мана шундай қилиб Биз Юсуфни – унга барча тушларнинг таъбирини билдириш учун, ўша ерга жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ ўз ишида ғолибдир, лекин одамларнинг кўплари билмайдилар. Қачонки у вояга етгач, унга ҳикмат ва билим бердик. Биз чиройли амал қилгувчи зотларни мана шундай мукофотлаймиз” (Юсуф, 19–22).
“Бир карвон келиб, ўзларининг сув изловчиларини юборганларида, у челакни ташлаган эди...”
Яъни, Юсуфнинг оға-инилари уни қудуққа ташлаб юборишгач, ҳаммалари ўз ишлари билан овора бўлиб кетганларидан сўнг у ерга мусофирлар карвони келиб тўхтади ва бир кишини сув қидириш учун юбордилар. У ўша яқин атрофдан бир қудуқни излаб топиб, унга челагини ташлаган эди, Юсуф челакка осилиб чиқди. Киши уни кўргач, хурсанд бўлиб:
– Эй хушхабар, бу бир бола-ку! – деб юборди.
Ўша кишининг баланд овоз билан “Эй хушхабар, суюнчи бе­ринг­лар”, деб нидо қилишига сабаб – Юсуф (алайҳиссалом)ни кў­риб ич-ичидан хурсанд бўлиб, севиниб кетганлиги эди. Чунки, Юсуф ташқи кўринишдан ҳам эс-ҳушли, ақлли ва соғлом болалардан экани шундоқ билиниб турарди.
“Сўнг уни сотиладиган нарсалари қатори яшириб қўй­дилар”.
Оятнинг маъноси қуйидагича: мусофирлар жамоаси Юсуфнинг қудуқдан тортиб олингани хабарини бошқаларга айтишдан яширдилар, чунки улар қудуққа яқин жойда истиқомат қи­ладиган бирон киши уни сўраб келишидан хавфсирар эдилар. Шу сабаб уни худди сотиладиган бир буюм қаторида санадилар ва Юсуфнинг итоатгўй қуллардан эканини айтиб, уни сотишларини ҳам даъво қилдилар. Балки Юсуф қудуқдан тортиб олингач, бошидан ўтган воқеаларни уларга сўзлаб бергандир, аммо йўловчилар Юсуфни сотиб пул қилиш, ундан бирон манфаат кўриш мақсадида бу гапларга унчалик эътибор бермагандирлар.
“Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини билиб тургув­чидир”.
Яъни, Аллоҳ таолодан бирон нарса махфий қолмас. У Зот йў­ловчиларнинг Юсуфга қилган ноўрин ҳаракатлари, қудуқдан тортиб олиб, уни арзон баҳога – арзимас дирҳамга сотиб юборган­ларини ҳам билиб туради.
“(Кейин) уни арзон баҳода – бир неча тангага сотиб юбордилар. (Чунки) улар қизиқмаган эдилар”.
Яъни, ўша мусофирлар Юсуфни ўз манфаатлари йўлида ишлатдилар. Уни бозорга олиб боргач, арзимас нархга пулладилар. Чунки ўша савдогарлар Юсуфнинг ўзлари билан қолишига унчалик ҳам рағбат қилмас, иложи борича уни озроқ пулга сотиб бўлса ҳам Юсуфдан қутулиш пайида эдилар.
“Уни Мисрдан сотиб олган киши хотинига: “Уни яхшилаб жойлаштиргин. Шояд бизга бирон фойдаси тегиб қолса ёки ўзимизга бола қилиб олармиз”, деди”.
Бу ерда Аллоҳ таолонинг Юсуф (алайҳиссалом)га кўрсатган очиқ-ойдин марҳамати баён қилинмоқда.
Айтишларича, уни сотиб олган киши ўша пайтда Миср мам­лакатида миршаблар бошлиғи эди. (Баъзилар Миср ҳокимининг ўзи деб айтишган. Балки аввал миршаблар бошлиғи, кейинчалик эса Миср подшоҳи бўлгандир.)
Яъни, ўша киши Юсуфни сотиб олгач, хотинига тайинлади:
– Юсуфни яхши жойга жойлаштириб, уни ҳурмат-эҳтиром қилгин, ундан яхшилик ва марҳаматингни дариғ тутма!
“Шояд бизга бирон фойдаси тегиб қолса ёки ўзимизга бо­ла қилиб олармиз”.
Бу жумла нима учун унга икром кўрсатиш сабабини изоҳлаб келмоқда. Яъни, шояд ушбу бола бизга турли ишларимизда манфаат келтирадиган салоҳиятлилардан бўлса ёки боқиб катта қилгач, уни худди ўз фарзандимиздек ҳисобласак. Чунки мен ун­да яхшилик аломатини кўрмоқдаман. Насл-насаби ҳам тозага ўхшайди. Хулқ-одоби ҳам гўзал кўринади.
“Ўзимизга бола қилиб олармиз”, жумласи уларнинг фарзанди бўлмаганлигига далолат қилади.
Сўнгра Аллоҳ таолонинг Юсуф (алайҳиссалом)га кўрсатган бошқа бир неъматлари хусусида сўз юритилади.
 “Биз Юсуфни – унга барча тушларнинг таъбирини билдириш учун, ўша ерга жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ ўз ишида ғолибдир, лекин одамларнинг кўплари билмайдилар”.
Яъни, Бизнинг Юсуфга кўрсатган марҳаматимиз сифатида унга кўплаб имкониятлар бердик, уни Миср юртига жойлаштирдик. Бундан кўзланган асосий мақсад у ердаги одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш эди. Бу имкониятларни унга беришдан яна бир мақсад Юсуфга тушларнинг таъбирини англатиш, ақли етук, сўзларнинг маъносини тўғри англаб етадиган кишилардан қилиш эди. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзи ирода қилган кишиларга неъматларни комил қилиб бергувчидир. Уни бирон киши тўсолмас. Аллоҳнинг хоҳишига ҳеч ким қарши бора олмайди. Лекин кўпчилик одамлар бунинг асл ҳақиқатини англаб етмайдилар.
“Лекин одамларнинг кўплари билмайдилар”, жумласи Аллоҳ таолонинг баъзи хос бандаларига Ўз фазлидан илм, фаҳм-фаросат, басийрат нури, ҳикмат ва шу каби неъматларни ато қилишига далолат қилади. Улар шу орқали оддий инсон тушунмайдиган ҳақиқат, оддий кўз билан пайқаб бўлмайдиган тилсимотларни англаб етадилар.
Сўнгра Юсуф (алайҳиссалом)га кўрсатилган бошқа неъматлар ҳақида ҳикоя қилинади: “Қачонки у вояга етгач, унга ҳикмат ва билим бердик. Биз чиройли амал қилгувчи зотларни мана шундай мукофотлаймиз”.
Яъни, Юсуф (алайҳиссалом) вояга етиб, куч-қувватга тўлгач, Биз унга Ўз фазлу марҳаматимиз билан унинг ҳар бир айтган сўзи ва қилган ишига ҳикмат бердик. Шунингдек, унга манфаатли илм, дунё ва Охират ишларида фойдаси бўлсин деб тўғри фаҳм-фа­росат ато этдик. Худди шунингдек, ушбу марҳаматимиз ва буюк неъматларимизни Аллоҳ таоло буюрган амалларни ихлос билан, сидқидилдан бажарадиган, сўзи ва амалида содиқ бўлган сиддиқ кишиларга, фақат яхшилик қилувчи зотларга ҳам инъом этамиз.

Вояга етгач Юсуф (алайҳиссалом)нинг турли хил
фитналарга дучор бўлиши

Суранинг аввалги оятларида Миср ҳокими Юсуфни сотиб олиши ва ўз аёлига уни ҳурматлашни таъкидлаб айтгани ҳикоя қилин­ган бўлса, келгуси оятларда эса Юсуф (алайҳиссалом) ҳаётининг энг нозик ва хатарли босқичи ҳақида айтиб ўтилади. У ҳам бўлса, Юсуф (алайҳиссалом) вояга етиб, Аллоҳ унга ҳикмат ва илм бергач, турли хил фитна ва иғволарга учрашидир. Юсуф (алайҳиссалом) ушбу фитналарга қарши ўзининг соғлом қалби, чиройли одоби ва сабр-тоқати билан муносиб жавоб қайтарди. Аллоҳ таоло унга нажот берди.
Сурага қулоқ тутайлик, у бизга Миср ҳокими аёлининг қил­мишлари ва нафсининг хоҳишларига эришиш учун нималар қил­гани ҳақида ҳикоя қилади:
У уйида бўлган аёл уни йўлдан урмоқчи бўлди. Эшикларни маҳкам беркитиб: “Келақолгин”, деганида, у айтди: “Аллоҳ сақласин. Ахир у менга яхши жойлар берган хожам-ку! Албатта, золим кимсалар асло нажот топмаслар!” Ҳақиқатан, (Зулайҳо) унга интилди. Агар Парвардигоринг очиқ-ҳуж­жат аломатларини кўрмаганида у ҳам (Зулайҳога) интилган бўлар эди. Ундан ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун мана шундай қилдик. Зеро, у покиза бандаларимиздандир. Иккаласи ҳам эшик томонга чопишди ва унинг кўйлагини орқа томондан йиртиб юборди. Эшик олдида эса хожаси-эрига йўлиқиб қолишди. (Шунда Зулайҳо): “Сенинг оилангга ёмонлик қилмоқчи бўлган кимсанинг жазоси ё зиндон ёки аламли азобдир”, деди. (Юсуф (алайҳиссалом)) айтди: “Унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди. (Шунда унинг) уруғларидан би­ри гувоҳлик бериб (деди): “Агар унинг кўйлаги олд томондан йиртилган бўлса, у ҳолда (Зулайҳо)нинг гапи ростдир ва (Юсуф) ёлғончилардандир. Агар кўйлаги орқа томондан йиртилган бўлса, у ҳолда (Зулайҳонинг) гапи ёлғондир ва (Юсуф) ростгўйлардан бўлур. Энди қачонки унинг кўйлаги орқа томондан йиртилганини кўргач: “Албатта, бу сизларнинг макр-ҳийлаларингиздандир. Дарҳақиқат, сизларнинг макрлари­нгиз жуда зўрдир. Юсуф, сен буни унутгин, сен эса (Зулайҳо), қилган гуноҳингга истиғфор айт-тавба қил. Чунки сен адашган кимсалардан бўлдинг”, деди (Юсуф, 23–29).
“У уйида бўлган аёл уни йўлдан урмоқчи бўлди”. Ушбу оят билан Миср ҳокимининг уйида Юсуфнинг бошидан ўтказган воқеаларни ҳикоя қилиш бошланмоқда. Юсуф билан ўша аёл (Зулайҳо) ўртасида бўлиб ўтган ҳодиса ва аёлнинг Юсуфга худди ўзининг шаръий ҳалол эрига назар солгани каби шаҳват билан қа­рагани айтиб ўтилмоқда. Ушбу оятдан билиш мумкинки, Миср ҳокимининг аёли ўз мақсадига ғаразли йўл билан бўлса-да эришишга тайёр, бунинг учун у макр-ҳийла ва найранглардан фойдаланишдан ҳам тап тортмас эди. Юсуф (алайҳиссалом) эса Аллоҳ таолодан қўрққанлиги учун у аёл талаб қилаётган нарсадан ўзини тийиб қолди. Аллоҳ таоло қиссада аёлнинг исмини зикр қил­май, балки, “У уйида бўлган аёл”, деб атамоқда.
Бундан мақсад унинг номини кўпчиликка ошкор қилмаслик, уни яширишдир. Бу юксак одоблардан биридир. Қуръони каримда ҳам ушбу услуб етакчилик қилади. (Яъни, Қуръони каримдаги сураларда аксарият ҳолатларда атоқли исмлар – шаҳар, мамлакат, тарихий шахслар номлари, тарихий сана, ой ёки кунлар зикр қилинмайди. Асосан келтирилаётган хабарнинг мазмун-моҳиятига, ибратли, насиҳатли томонларига эътибор қаратилади. Масалан, Каҳф эгаларининг сони қанча бўлгани ва уларнинг исми, нима билан шуғулланганлари, ўша воқеалар қачон ва қаерда бўлиб ўтгани ҳақида Қуръонда аниқ айтилмаган. Биздан талаб қилинадиган нарса улардан ибрат олиш, холос. – Таржимон.)
“Эшикларни маҳкам беркитиб: “Келақолгин”, деганида...”.
Яъни, Зулайҳо ўзи ва Юсуф турган хонага олиб кирувчи барча эшикларни маҳкам ёпиб қўйди. Шу йўл билан Юсуф (алайҳисса­лом)­ни мажбурлаб бўлса-да, ўз истагига кўндирмоқчи эди. Сўнг­ра унинг олдига келиб, ҳаёсизларча: “Келақолгин”, деди. Яъни, мана мен, сен учун ўзимни бағишладим. Бас, мен томон кел!
Зулайҳо томонидан айтилган ушбу очиқдан-очиқ даъват унинг ўз рағбатини ошкора изҳор этишда учига чиққанлигига далолат қилади ва унинг бу гапидан аёлларга хос бўлган ибо-ҳаё тушунчалари унга ёт эканини ҳам билиб оламиз. Одатда, аёллар толиба эмас, балки матлуба бўладилар, яъни уларга эркаклар томонидан хоҳиш билдирилади. Бу соҳада ташаббус аёллардан эмас, эркак­лардан чиқиши лозим. Зулайҳо Юсуф (алайҳиссалом)­ни фитна­лантира бошлагач, у қатъий оҳангда шундай деди: “Аллоҳ сақласин. Ахир у менга яхши жойлар берган хожам-ку! Албатта, золим кимсалар асло нажот топмаслар”.
(Эслатма: Бу ерда “хожам” деб ифодаланган сўз аслиятда “роббий” лафзи билан келтирилади. Ушбу сўзнинг “раб, парвардигор” ҳамда “хожа, хўжайин” маънолари мавжуд. Баъзи тафсир китоблари­да ушбу оятдаги “раб” сўзи Аллоҳ таолога тегишли экани айтилган. Тантовий ушбу сўзни Аллоҳга тегишлилигини айтган бўлса­лар, Алоуддин Мансур ўз таржимасида уни “Хожам (хўжайиним)”, деб келтирган. Балки ушбу оятдаги мазкур сўз иккала маънода ҳам қўл­ланилса бўлар, унинг асл ҳақиқати фақат Аллоҳгагина маълумдир. – Таржимон.)
Яъни, Юсуф унга жавоб бера туриб, шундай деди:
– Аллоҳнинг Ўзи мени Ўз паноҳида асрасин! Мен фаҳш ва мункар ишларни содир этишдан сақланишда У Зотдан мадад сўрайман. Раббим мени қудуқдан қутқариб, шаънимни улуғ­лади, оддий бир инсондан иззат-икром соҳибига айландим. Ваҳоланки, Аллоҳ менга шунча неъматларини муҳайё қилиб қўйган экан, нима учун энди Уни ғазаблантирадиган, У Зот ро­зи бўлмайдиган гуноҳларни содир этишим керак экан? Йўқ, зинҳор-базинҳор бу ишга қўл урмайман. Чунки кимки Аллоҳни ғазаблантирадиган бирон ишни қилса, батаҳқиқ, у зиён кўр­гувчилардан бўлиб қолади!
Баъзи тоифалар “Ахир У менга яхши жойлар берган...” жумласини Зулайҳонинг эрига тегишли, деб айтганлар. У ҳолда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: “Мени ўз пулига сотиб олиб, иззат-икром қилган, менга шафқат кўрсатган эрингга хиёнат қи­лиш ва унинг обрўсини топташдан Аллоҳнинг Ўзи сақласин!”
Ушбу жумлаларда айтилишича, Юсуф (алайҳиссалом) Зулай­ҳо­га Аллоҳ таоло ва эрининг ҳақларини мулойимлик билан тушунтириб, уни ўзи хоҳлаб турган шаҳватлардан тийилишга чақириб, огоҳлик сари даъват қилган.
“Албатта, золим кимсалар асло нажот топмаслар”. Бу Юсуф (алайҳиссалом)ни ўша аёл билан мункар ишни содир этишдан қайтариб турган бошқа бир сабаб эди.
Яъни, Аллоҳ таоло қайтарган мункар ишларни содир этишнинг оқибати бахтсизлик, муваффақиятсизлик, дунё ва охиратда катта бир зиён кўришдан бошқа нарса эмас. (Бу ердаги “золим кимсалар” жумласи “зинокорлар” маъносида ҳам келади.) Ақл ва шаҳват ўр­тасидаги ушбу шиддатли ва аёвсиз курашда Юсуф (алайҳиссалом) иффат, ҳаё, шараф ва омонатни ўзига қурол қилиб олди. Аммо ақл ва иффат, шаҳват ва нафс ўртасида кураш ҳали интиҳо топганича йўқ. Қуръони карим бизга воқеаларнинг ке­йинги ривожи ҳақида шундай ҳикоя қилади:
“Ҳақиқатан, (Зулайҳо) унга интилди. Агар Парвардигоринг очиқ ҳужжат-аломатларини кўрмаганида...”.
Ушбу ояти карима ҳақида муфассир олимлар кўплаб саҳиҳ ва ғайри саҳиҳ (ишонарсиз) қавлларни келтирадилар. Биз бу ерда фа­қатгина ишончли маълумотларни келтириш билан чекланамиз. Уламоларнинг таъкидлашича, интилиш, хоҳлаш (араб тилида “ҳаммун” дейилади) икки хил бўлади. Биринчиси: қатъий азму қа­рор ва розилик билан бирон нарсани хоҳлаши. Агар бунда киши гуноҳ ишларга мойиллик билдирса, унга маломат қилиниб, гуноҳ унинг бўйнига юкланади. Иккинчи турдаги интилиш, қалбга беихтиёр келган, нафс томонидан қатъий бўлмаган интилишдир. Бу ҳолда киши маломат қилинмайди, чунки қалбга келаётган васвасани инсон ўз ихтиёри билан қайтариб қолиш қудратига эга эмас. Агар киши ушбу ҳолатда қалбига келган ёмон фикр асосида иш тутмаса, у гуноҳкор бўлмайди. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: “Умматимнинг хаёлидан бирон нарса ўтганда, токи уни гапирмасалар ёки амалга оширмасалар, Аллоҳ уларни кечириб юборади”.
 Миср ҳокими аёлининг Юсуфга бўлган рағбати кучли азм ва қатъий ният билан амалга оширилгани учун ҳам унинг бу хоҳи­ши гуноҳ турига киради. Чунки Зулайҳо, авваламбор, эшикларни бер­китиб олиб, сўнгра Юсуфга қарата: “Келақолгин”, деб айтди.
Яна уламоларнинг таъкидлашларича, Юсуф (алайҳиссалом)нинг хоҳиши фаҳш ишлардан ҳисобланмайди. Унинг Зулайҳога билдирган рағбати инсон табиатига хос бўлган хусусиятлардан­дир. Шунингдек, у азму қарор билан бўлмаган. Бунда инсон ма­ломат остига олинмайди ва бундай қилиш пайғамбарлик ма­қомига лойиқ ҳам эмас. Юқорида келтирилганларни худди ушбу ҳодиса­га ўхшатиш мумкин. Фараз қилинг, бир киши қаттиқ жазирама кунларнинг бирида рўза тутди. Бир маҳал у муздек сувни кўриб қолиб, ундан ичгиси келди. Аммо шариат унга рўзадор ҳолатида сув ичишни ман қилган. Бу ерда ҳам мазкур рўзадор сув ичишга мойиллик билдиргани учун маломат қилинмайди.
Оятдаги “Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломати”дан мурод Юсуф (алайҳиссалом) қалбидаги манфаатли илм уруғи, кучли имон эди. Шу йўл билан у аёлнинг чақириғига раддия билдириб, ўзини тийиб тура олди ёки ушбу оятдан мурод Имом Ибн Жарир Табарий айтганидек: “Фаҳш ишларни содир этган кимсаларнинг Аллоҳ даргоҳида қанчалар уқубатларга дучор бў­лишини кўриши” эди.
Оятнинг маъноси қуйидагича: Зулайҳо Юсуфни Аллоҳ қай­тарган ишга кўндириши учун турли усулларни қўллади. Юсуф ҳам инсонийлик табиатидан келиб чиқиб, унга мойиллик билдирди. Аммо у Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан ушбу қийин вазиятдан омон чиқиб кета олди, шаҳватлар устидан ғолиб келди. Аллоҳдан қўрққани туфайли У Зот белгилаб қўйган чегарани ҳатлаб ўтмади.
Ўтмиш ва ҳозирги замон муфассирларининг таъкидлашларича, “Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломатлари”дан му­род Аллоҳ бандаларини доимо кузатиб турганини ҳис қилиш (му­роқаба), Ундан қўрқиш, ва Аллоҳнинг белгилаб қўйган чегарала­рини билишдир. Ўтмиш муфассирлардан бўлмиш «Кашшоф» муаллифи (Маҳмуд Замахшарий) ушбу оятни қуйидагича тушунтиради: “Ҳақиқатан, Зулайҳо унга интилди”. Яъни, Юсуф билан алоқа қилишни хоҳлади. “(Юсуф) ҳам унга интилди”. Яъни, Зу­лайҳо билан алоқа қилишга рағбат билдирди. “Агар Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломатларини кўрмаганида...”. Яъни, агар шундай бўлмаганида Юсуф Зулайҳо билан муносабат қилган бўлар эди.
Агар айтилсаки, Юсуф (алайҳиссалом) Аллоҳнинг пайғамбари бўлса, қандай қилиб гуноҳ ишга рағбат билдириши мумкин? Ушбу саволнинг жавоби шуки, Юсуф фақатгина алоқа қилишга майл билдирди, холос. Ёшлик шаҳвати уни шу нарсага ундади. Юсуфнинг қилган рағбати Зулайҳоникидек эмасди, агар шундай бўлганида Аллоҳ таоло уни Ўзининг пок бандаларидан эканини айтиб, уни мадҳ қилмаган бўларди.
Муфассир олимлардан ҳисобланмиш Алусий (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай дейди: “Агар Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломатларини кўрмаганида...”. Яъни, агар Юсуф зинонинг энг қабиҳ жиноятлардан ва энг манфур йўллардан эканини билма­ганида, ўша ишни амалга оширган бўлар эди. Бу ердаги “кў­риш”дан мурод Аллоҳга аниқ, ҳеч бир шак-шубҳасиз, худди кўзи билан кўриб тургандек яқин имон билан ишонишдир.
Қисса давомида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ундан ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун мана шундай қилдик. Зеро, у покиза бандаларимиздандир”.
Яъни, унга яна кўплаб нарсаларни кўрсатдик, уни собитқа­дамлардан қилдик, токи Юсуф ёмонлик ва фаҳш ишлар гирдобига тушиб қолмаслиги учун шундай қилди. Чунки у динида ихлосли бўлган покиза бандаларимиздан эди.
Сўнгра Юсуф ва Миср ҳокими аёлининг қиссаси янада ёр­қинроқ тарзда ҳикоя қилинади: “Иккаласи ҳам эшик томонга чопишди”. Яъни, уйнинг ташқари эшигигача улар иккиси қувлашиб боришди. Бунга сабаб, аёл ундан фаҳш ишни талаб қилганида, Юсуфнинг ўзини олиб қочиши эди. Зулайҳо ҳам унинг кетидан эшик олдигача чопиб борди ва “унинг кўйлагини орқа томондан йиртиб юборди”. Яъни, орқада келаётган Зу­лай­ҳо ўз олдидаги Юсуфга интилиши натижасида кўйлагини йиртиб юборган эди. “Эшик олдида эса хожаси – эрига йўлиқиб қолишди”. Яъни, улар бир-бирини қувлаб, эшик томон чопиша­ётганда, тўсатдан Зулайҳонинг эри уларга дуч келиб қолди. Шун­да ўша аёл эрига қараб:
– Сенинг оилангга ёмонлик қилмоқчи бўлган кимсанинг жазоси ё зиндон ёки аламли азобдир, – деди.
Яъни, сенинг аёлингга нисбатан фаҳш ишларни хоҳловчи кимсаларга адолатли ва муносиб жазо бермоқ лозим. Бу жазо уни зиндонга қамаш ёки оғриқли қийнов билан азоб бериш орқали амалга оширилсин!
Зулайҳо айтаётган бу сўзлар унинг ўта маккора ва ҳийлакор аёллар сирасидан бўлганига ва ўз навбатида ҳукм қилишда эридан устун бўлганига далолат қилади.
Алусий (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу фикрларни қўшимча қи­лади: “Ушбу аёл ўз эри олдида ҳийла ишлатди ва ҳийласида икки хил мақсадни кўзлади:
1) бўлиб ўтган воқеалардан сўнг ўзини фариштадек оппоқ қи­либ кўрсатиш;
2) Юсуфнинг итоатсиз экани ва қалбига қўрқув солганини рўкач қилиб, эрига унинг айбсиз эмаслигини уқтириш эди. Аёл ўша жумлани айтар экан, фақатгина Юсуфга хослаб: “Сенинг аёлинг­га ёмонлик қилмоқчи бўлган Юсуфнинг жазоси мана бу”, деб айтмади, балки умумий тарзда, барчага тегишли қилиб гапирди. Токи бошқалар ҳам бундан ибрат олиб, сергак тортсин­лар. Гўёки бу ҳаммага тааллуқли бўлган қонун эди. Сўнгра Зулай­ҳонинг Юсуфга бўлган кучли муҳаббати, азобни бир оз бўлса-да ортга суриш мақсадида, зиндонни эсга олишга ундади. Зеро, ошиқ ҳеч вақт ўз маъшуқасига озор етказиш пайида бўлмайди. Балки ушбу зиндон жазосидан мурод бир ёки икки кунлик муддат ичидаги енгил жазо туридир...”
Юсуф (алайҳиссалом) ўзига билдирилган қуруқ, ҳеч бир асоссиз туҳматларга қарши фақатгина “Унинг ўзи мени йўлдан ур­моқчи бўлди”, дейиш билан чекланди, холос. Яъни, Юсуф ўзи­га билдирилаётган ноҳақ айбловларга қарши шундай деди:
– У айтганидек, мен унга ёмонлик қилмадим, балки унинг ўзи мени иғво ва тарғиб қилиб, ёмон ишни содир этишимга ундади.
 Шу пайт “(Зулайҳонинг) уруғларидан бири гувоҳлик бериб (деди): “Агар унинг кўйлаги олд томондан йиртилган бўлса, у ҳолда (Зулайҳонинг) гапи рост ва у ёлғончилардандир. Агар кўйлаги орқа томондан йиртилган бўлса, у ҳолда унинг гапи ёлғон ва (Юсуф) ростгўйлардан бўлур”.
Баъзи тоифаларнинг таъкидлашича, ушбу гувоҳлик берувчи Зулайҳонинг тоғасининг ўғли ёки бешикдаги бир гўдак бўлган. Бу ҳақида асарларда ҳам ривоятлар бор. Ибн Жарир, Байҳақий ва Имом Аҳмадлар Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қи­лишларича, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: “Тўрт киши бешикда, гўдаклигига қарамай тилга кирган: “Ибн Мошита бинти Фиръавн, Юсуфнинг гувоҳи, Журайж соҳиби ва Исо ибн Марям”.
Нима бўлганда ҳам, Аллоҳ таоло ушбу машаққатли лаҳ­залар­да Миср ҳокимининг олдида Юсуфни оқлаб олиш учун бир гувоҳлик берувчи бўлишини ҳамда барчага таъсирли бўли­ши ва одамларда Юсуф пок эканига ҳеч бир шубҳа қилмас­ликлари учун ушбу гувоҳлик берувчи одам Зулайҳонинг ўз қа­риндошлари орасидан бўлишини ирода қилди.
Гувоҳлик берувчи ўз гувоҳлигида шундай деди: «Агар Юсуфнинг кўйлаги олд томондан йиртилган бўлса, Зулайҳонинг “Юсуф менга ёмонлик қилмоқчи бўлди”, деб айтгани ростдир. Чунки бу ҳолат Юсуфнинг унга тажовуз қилгани ва аёлнинг ўзини ҳимоя қилиш учун кийимларни йиртиб юборганига далолат қилади. Агар шундай бўлса Юсуф: “Унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди”, – деб ёлғон айтибди».
 Бордию, унинг кўйлаги орқа томондан йиртилган бўлса, Зу­лайҳонинг гапи ёлғондир, чунки бу унинг қочганига ва эшиккача келаётганларида, интилиб кўйлагининг орқа қисмини йиртиб юборганини билдиради.
“Энди қачонки унинг кўйлаги орқа томондан йиртилга­нини кўргач: “Албатта, бу сизларнинг макр-ҳийлаларингиз­дан­дир. Дарҳақиқат, сизларнинг макрларингиз жуда зўр­дир!”, деди.
Бу жумла ҳақиқат рўйирост очилгач, эрининг Зулайҳога айт­ган гапидир. Яъни, қачонки Миср ҳокими Юсуфнинг кўйлаги орқа тарафдан йиртилганини кўргач, хотинига қараб маломат оҳангида шундай деди:
– Юсуф беайб бўлатуриб, унга туҳмат тошларини отишинг, сиз аёлларнинг макр ҳийлаларингиздан биридир. Зеро, сизларнинг макр-ҳийлаларингиз ўз бобида жуда улуғ ва кучлидир. Кўпгина эркаклар ундан ўзларини сақлаб қола олмайдилар!
Миср ҳокими аёлига маломат тарзида хитоб қилиб бўлгач, Юсуфга юзланиб, шундай деди:
– Юсуф, сен буни унутгин. Яъни, эй Юсуф, сен билан Зулайҳо ўртасида бўлган воқеаларни эсингдан чиқар, унга эътибор берма. Уни бирон кимсага айтиб ҳам қўйма, уни уятга қўймаслик учун бу хабарни яшир, менинг ҳурмат ва иззатим ҳақи шундай қил!
Шундан сўнг хотини Зулайҳога қараб:
– Сен эса ( эй Зулайҳо), қилган гуноҳингга истиғфор айт-тавба қил. Чунки сен адашган кимсалардан бўлдинг, – деди.
Яъни, сен Аллоҳга қилган гуноҳларинг – Юсуфни ёмон ишга чорлаб, сўнгра у пок бўлса-да, туҳмат тошларини отганинг боис Аллоҳга кўплаб истиғфор айтгин.
Юқорида келтирилган ояти карималардан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:
Ислом шариати ман қилганидек, эркак ва аёлларнинг бир жойда узоқ вақт бирга қолиши фаҳш ишларни ёйилишига сабаб бўлади. Шунингдек, бу иллатни одоб-ахлоқ меъёрлари ҳам инкор этади. Юсуф (алайҳиссалом)нинг Миср ҳокими аёли билан бир хонада туриши ва Юсуфнинг куч-қувватга тўлиб, айни пайтда хушсурат йигит экани, аёлнинг уни фитна қилишига сабаб бўлди, ҳатто ҳаёсизларча, Юсуфга қарата: “Келақолгин” деб айтишгача борди. Шубҳасиз, Зулайҳонинг ушбу сўзни айтишига омил бўлган нарса уларнинг узоқ муддат бирга бўлишларидир. Шу сабаб, фитнага етакловчи эшикларни тўсиш ва фаҳш ишларга кириб қолмаслик мақсадида Ислом шариати эркак ва аёлга бегоналар билан ёлғиз қолишни қатъий ман қилган.
Шу хусусда бир неча ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Имом Бухорий ва Имом Муслим Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: “Сизлар (бегона) аёллар олдига киришдан сақланинглар!” Шунда ансорлардан бир киши деди: “Эй Расулул­лоҳ, агар у эрнинг яқин одамларидан бўлса-чи?” У Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эрнинг яқин одамлари – ўлик (ёки ўлим)дир”,  дедилар.
Эрнинг яқин одамлари сирасига унинг биродари ёки амакисининг фарзандларини киритиш мумкин. Яъни, эрнинг яқин одамлари заруратсиз ўзларига шаръий номаҳрам бўлган аёлларнинг олдига киришлари фаҳш ишларга етаклайди. Ҳаттоки бу нарсанинг охири ўлим билан ҳам ниҳоя топиши мумкин.
Ҳикоя қилишларича, бир қабиланинг аёл бошлиғи фаҳш ишга қўл уради. Шунда ундан: “Сен ахир обрў-эътиборли инсон бўл­санг, сени бу манфур ишни қилишга нима ундади?”, деб сў­рашганида, аёл шундай жавоб берган экан: “Мени ушбу ишни қилишга ундаган бирдан-бир сабаб, севгилимга яқин эканим ва у билан кўп, узоқ гаплашганимдир”.
Агар киши бирор ёмон ишни хоҳласаку, аммо кейин Аллоҳ­дан қўрқиб бундан қайтса, бунинг учун гуноҳга ботмайди, балки унинг айби кечирилади. “Саҳиҳи Муслим”да Абу Ҳурайра (ро­зи­яллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: «Фаришталар айтишадики: “Эй Раббимиз, анави банданг бир ёмон ишни қилмоқчи”. Шунда Аллоҳ бандасини улардан ҳам яхшироқ кўриб турган ҳолатда: “Уни кузатиб туринг­лар, агарда у ўша ёмон ишни содир этса, битта ёмонлик ёзинг­лар, агар (мендан қўрқиб) тарк этадиган бўлса, битта ҳасана (савоб, ажр) қилиб ёзинглар”, деб марҳамат қилади»;
Яна бир саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади: “Аллоҳ умматим­нинг хаёлидан ўтган нарсаларни, агар гапирмаса ёки амалга оширмаса, албатта, кечириб юборади”.
Агар мўмин одам бирор гуноҳ ишга даъват қилинса, у дарҳол Аллоҳдан паноҳ сўраши ва уни ёмонликка чақирувчи кишига мазкур ишнинг зарари ҳамда ёмон оқибатларини зикр қилиб, эслатиб қўйиши лозимдир. Бу соҳада ҳаммамиз учун Юсуф (алайҳиссалом) ёрқин намуна бўла олади. У Зулайҳонинг чорловига қарши: “Аллоҳ сақласин. Ахир у менга яхши жой берган хожам-ку! Албатта, золим кимсалар асло нажот топмаслар”,  деб жавоб қайтарди;
Юсуф (алайҳиссалом) ўз обрўсини сақлаган ҳолда ўзига билдирилган туҳматлардан чиқиб кетди. Унга Аллоҳ таоло ва унинг бандалари гувоҳлик беришди;
Имом Фахр Розий айтади: “Билгинки, ушбу воқеа билан боғлиқ бўлганлар – Юсуф (алайҳиссалом), Миср ҳокимининг аёли, Миср ҳокими ва Оламлар Рабби Аллоҳ таолодир. Буларнинг ҳаммаси Юсуфнинг айбдан пок эканига гувоҳлик бердилар. Юсуфнинг ўзи­ни оқлашини ушбу оятларда кўрамиз: “Унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди”. Ва яна “Парвардигорим, мен учун булар мени чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқдир”, деди. Миср ҳокимининг аёли шундай деганди: “Уни мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим. У шак-шубҳасиз, ростгўй зотлардандир” (Юсуф, 51). Унинг эри бўлса, унга гувоҳлик бериб, деди: “(Эй аёллар), Албатта, бу (иш) сизларнинг макр-ҳийлаларингиздандир. Дар­ҳақиқат, сизларнинг макрларингиз жуда зўрдир” (Юсуф, 28). Аллоҳ таолонинг Юсуф айбсиз эканига гувоҳ беришини ушбу оятда кўришимиз мумкин: “Ундан ёмонлик ва бузуқликни четла­тиш учун мана шундай қилдик. Зеро, у покиза бандалари­миз­дандир” (Юсуф, 24).
Ушбу қиссадан яна билиб олишимиз мумкинки, Миср ҳоки­мининг ўз аёли олдидаги мавқеи жуда заиф ва таъсирсиз эди. Шу сабаб у эрини қўлида ўйинчоқ қилиб ўйнатарди. Мана шу нарса унинг уятсизларча ва мақтанчоқлик билан: “Дарҳақиқат, мен уни йўлдан урмоқчи бўлгандим, у покдомонлик қилди – бўй­сунмади. Қасамки, агар менинг амримни бажармас экан, Албатта, зиндонга ташланур ва хор-зор қилинур” (Юсуф, 33) де­йишига сабаб бўлди;
Қуръони каримда Юсуф ва Зулайҳо ўртасидаги ишқ можароси ҳаётий қилиб, айни пайтда ўта ҳикматли тарзда ифода­лан­ган. Бу ерда жумлаларни қўллашда асло одоб доирасидан чи­қилма­ган, уни эшитган одамнинг эҳтирослари жунбушга ҳам кел­майди. Шунингдек, Юсуф (алайҳиссалом) қиссасининг маъноси ҳам унинг ҳажмига муносиб. Қиссадаги ҳар бир кўриниш ҳикмат ва ибратга тўла.

Юсуф (алайҳиссалом): “Парвардигорим, мен учун булар мени чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқдир”

 Энди, Миср ҳокимининг аёли ва Юсуф ўртасидаги бўлиб ўт­ган воқеа теварак-атрофга ёйилгач, баъзи аёлларнинг бунга қан­дай муносабат билдиргани, уларга нисбатан эса Зулайҳо қандай чора қўллагани, Юсуфнинг улар таҳдиди ва фитнасига қарши қанақа йўл тутгани ҳақида ҳикоя қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
“Шаҳардаги аёллар: “Ҳокимнинг хотини ўз хизматкорини йўлдан урмоқчи бўлибди. Роса юрагидан урибди-да! Албатта, бизлар уни очиқ залолатда деб биламиз”, дедилар. Энди қачонки (Зулайҳо) уларнинг иғволарини эшитгач, уларга одам юборди ва (келганларидан кейин) суяниб ўтирадиган жой тайёрлади ҳамда (анвойи мева-чевалар билан дастурхонни тўлдириб) улардан ҳар бирига пичоқ бериб қўйди. Кейин (Юсуфга) уларнинг олдига чиққин, деди. Бас, қачонки уни кўришгач (улар беихтиёр уни) олқишладилар ва (ўзлари сезмаган ҳолларида, қўлларидаги пичоқлари билан) ўз қўлларини кеса бошладилар. Ҳамда: “Эй пок Аллоҳ, бу башар (фарзанди) эмас, бу асл фариштанинг ўзи-ку”, деб юбордилар. (Шунда Зулайҳо) деди: “Мана шу йигит ҳақида сизлар мени маломат қилган эдингиз. Дарҳақиқат, уни йўлдан урмоқчи бўлганимда, у покдомонлик қилди. Қасамки, агар менинг амримни бажармас экан, албатта, зиндонга ташланур ва хор-зор қилинур”. (Юсуф (алайҳиссалом)) деди: “Парвардигорим, мен учун булар мени чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқдир. Агар ўзинг мендан уларнинг макрларини нари қилмасанг, уларга кўнгил бериб нодон кимсалардан бўлиб қоламан”. Бас, Парвардигори (Юсуфнинг дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макр­ларини ундан нари қилди. У Зот, шак-шубҳасиз, эшитувчи, билгувчидир” (Юсуф, 30-34).
Шаҳардаги аёллар: “Ҳокимнинг хотини ўз хизматкори­ни йўлдан урмоқчи бўлибди”, дедилар.
Бу Зулайҳонинг хабари бутун шаҳарга тарқалгач, аёлларнинг у ҳақда билдирган фикрларидир. Одатда аёллар бирон мажлис ёки йиғилишда тўплансалар, дарров шу каби мавзуларда суҳбатла­шишга ҳарисманд бўладилар. Бирон нарсани оқизмай-томизмай, ипидан игнасигача бутун тафсилотлари билан бошқаларга ҳам етказадилар. Айниқса, бундай воқеа қаҳрамони шаҳар хокимининг аёли каби юқори мартаба ва олий табақалардан бирига мансуб бўлса, овоза ва миш-миш гаплар янада тез тарқалиб кетади.
Юқорида келтирилган оятнинг маъноси қуйидагича: Миср шаҳрининг бир тоифа аёллари танқид ва таажжуб маъносида шундай дедилар:
– Ҳокимнинг хотини юксак мартабали, обрў-эътиборли бўла туриб, ҳавойи-нафсига бўйсунибди, иффат чегарасидан чиқиб, ўз хизматкорини йўлдан урибди, турли ҳийла ва воситалар билан ҳирсини қондирмоқчи бўлибди-я! Ажаб!
Қуръони каримда ўша аёлларнинг сони ва уларнинг хусусиятлари ҳақида бирон нарса дейилмаган. Чунки бу асосий мақсад эмас. Бу ерда мақсад шуки, Мисрдек бир улкан шаҳарда Юсуф ва Миср ҳокими аёлининг ўзига яраша обрў-эътибори, шуҳрати бор эди. Одатда юқори табақадагилар бошқаларнинг шундоққина кўз ўнгида бўлади, улар билан содир бўлган ҳар бир воқеа-ҳо­дисалар тўлиқ тафсилоти билан бир зумда турли томонларга тарқалади. Агар улар камчиликка йўл қўйган бўлса, турли таъна ва маломатлар остида қоладилар.
“Роса юрагидан урибди-да!”. Бу ҳокимнинг аёли Юсуфни қаттиқ севиб қолганига далолат қилади.
“Албатта, бизлар уни очиқ залолатда деб биламиз”, де­дилар.
Яъни, биз уни катта ва очиқ-ойдин хато қилган деб биламиз. Ҳар бир оқил киши буни яхши билади. Чунки у хизматкорини тўғ­ри йўлдан уриб, ўз ҳирсини қинғир йўл билан қондирмоқчи бўлди.
Мазкур аёллар ушбу гапни “албатта” деб таъкидлаб айтмоқ­далар. Уларнинг бу ҳукми шунчаки чиқарилмади, балки ўйлаб, фикр юритиб, сўнгра бир қарорга келдилар ва уни очиқ залолатда эканини тасдиқладилар.
“Соҳибул Манор” айтади: “Улар бу гапларини ёмонликни инкор қилиш, разолатни қоралаш, ёки яхшиликни даъват қилиш мақ­са­дида айтмадилар, балки уларнинг мақсади шу гаплари орқали Зулайҳонинг мажлисида бўлиш ва Юсуфни кўриш эди. Бу – фикр эмас, макрдир”.  
Лекин, ҳокимнинг аёли ҳам анойилардан эмасди, унинг мак­ри ўша аёлларнинг макридан ҳам ўтиб тушди.
“Энди қачонки (Зулайҳо) уларнинг иғволарини эшитгач, уларга одам юборди ва (келганларидан кейин) суяниб ўтира­диган жой тайёрлади...”
Яъни, Зулайҳо бир тоифа аёлларнинг ўзи ҳақида ёмон фикр­да эканликларини пайқагач, уларга одам юбориб, ўз ҳузурига ча­қирди, турли ноз-неъматлар билан дастурхон ясатди ва уларга суя­ниб ўтиришлари учун ёстиқ, кўрпачалар тайёрлаб қўйди. Чунки бу билан Зулайҳо уларни кўпроқ ўз ҳузурида ушлаб турмоқчи эди. Қачонки аёллар келишгач “улардан ҳар бирига биттадан пичоқ бериб қўйди”. Бундан мақсад, гўшт ва мева кабиларни кесаёт­ганда қўлларини кесиб олишлари эди.
Ушбу келтириб ўтилганлар, ўша вақтда Мисрда моддий ма­даният ниҳоятда юқори даражада ривожланганлигидан дарак беради.
Зулайҳо аёлларга пичоқ бергач, Юсуфга қарата:
– Уларнинг олдига чиқ, – деди. Яъни, бор, уларнинг олдига чиқ, улар еб-ичиб, кўрпачаларда суянган ҳолларида ўтирибдилар, меҳмонларимга кўриниш бер!
Юсуф унинг амрига бўйсунишга мажбур бўлди ва унинг олдига чиқди.
“Бас, қачонки уни кўришгач (улар беихтиёр уни) ол­қиш­ладилар ва (ўзлари сезмаган ҳолларида, қўлларидаги пи­чоқлари билан) ўз қўлларини кеса бошладилар. Ҳамда: “Эй пок Аллоҳ, бу башар (фарзанди) эмас, бу асл фариштанинг ўзи-ку”, деб юбордилар”.
Яъни, Юсуф уларнинг олдига киргач, унинг гўзал жамолини, хушсурат чиройини кўрган аёллар довдираб, ўзларини йўқотиб қўйдилар, сезмаган ҳолларида пичоқ билан қўлларини кесиб, жа­роҳатладилар. Ва таажжуб билан:
– Биз кўриб турган бу йигит бошқа одамларга ўхшамас экан. У ҳуснда тенгсиз экан, худди муқарраб фаришталардан бирига ўх­шайди, унинг кўрки ақлларни лол қилади!
Шу ерда ҳокимнинг аёли ўзини бир ютуққа эришгандек ҳис қилди ва фахрланиб ҳамда ҳаёсизларча:
– Мана шу йигит ҳақида сизлар мени маломат қилган эдингиз, – деди.
Яъни, шундай экан, эй аёллар, унга муҳаббат қўйганим учун мени маломат қилманглар. Энди, ҳаммасини билиб олдингиз, мен билан бўлган ҳодиса узрлидир...
Сўнгра Зулайҳо ҳаммасини олдида ўзининг махфий сирини ва айбини ошкор қилади: “Дарҳақиқат, уни йўлдан урмоқчи бўл­ганимда, у покдомонлик қилди”.
Яъни, мен уни турли усуллар билан ўз измимга солиш, рағ­батимни адо этиш учун ишлатмаган ҳийлам қолмади. Аммо у инкор қилди ва қаттиқ туриб қаршилик кўрсатди.
Кейин ҳаммага эшиттириб, мақтанчоқлик билан ва таҳдид оҳангида деди:
– Қасамки, агар менинг амримни бажармас экан, албат­та, зиндонга ташланур ва хор-зор қилинур.
Яъни, агар Юсуф менинг амримга бўйсуниб, истаган нарсамга ижобат қилмас экан, у ҳолда унинг борар жойи қоронғи зиндон­дир ва у ерда хор-зор бўлиб, таҳқирланади.
Ушбу таҳдидли гаплардан билинадики, Зулайҳо эри бўлмиш Миср ҳокимидан ҳам ўзини устун қўяр, унга ўз ҳукмини ўтка­зишга ҳаракат қилар эди. Миср ҳокими ҳам унинг бирон амрига хилоф иш юрита билмас, чизган чизиғидан чиқолмасди. Бу ошкора таҳдидни эшитгач ва у аёлнинг ўз шаҳвоний нафсини қон­дириш йўлида яна ҳаракат қилишга бошлаганини сезгач, Юсуф Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб У Зотга илтижо қилди, Ундан ҳимоя сўраб шундай деди:
“Парвардигорим, мен учун булар мени чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқдир. Агар ўзинг мендан уларнинг макрларини нари қилмасанг, уларга кўнгил бериб нодон кимсалардан бўлиб қоламан”.
Яъни, эй Раббим, ўша аёл ва у билан бирга бўлганлар мен учун тайёрлаб қўйган зиндон улар мени чорлаётган фаҳш ишлардан яхшироқдир.
Юсуф бу ерда “булар мени чорлаётган нарсадан кўра” деб кўп­лик шаклида айтди, балки “у мени чорлаётган” демади. Бу ўша аёллар бир бўлиб, уни бевосита ёки билвосита фаҳш ишларга жалб қилганликларидан дарак беради. Бу фитна аёллар Юсуфнинг шакли шамойили ва чиройини кўрганларидан сўнг бошланди.
Юсуф (алайҳиссалом) ўзининг инсон сифатида ожизлигини тан олиб шундай деди:
– Агар Сен, эй Раббим, мени уларнинг макр-ҳийла ва фит­на­ларидан омонда сақламасанг, уларга мойиллик билдириб, даъват­ларига ижобат қилиб қўйишим мумкин ва уларга эргашганим туфайли ўз шаҳватлари ва ҳавойи-нафсларига эргашувчи, қабиҳ, разил, фаҳш ишларни содир этувчи жоҳил ва аҳмоқ кишилардан саналиб қоламан!
Аллоҳ таоло бандаси бўлмиш Юсуфнинг ихлос билан қилган дуосини ижобат қилиб, уларнинг макрларини узоқлаштирди.
“Бас, Парвардигори (Юсуфнинг дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрларини ундан нари қилди. У Зот шак-шубҳасиз эшитувчи, билгувчидир”.
Яъни, Аллоҳ таоло Ўз лутфу карами ва қудрати нишонаси сифатида Юсуфни ўша аёллар макридан сақлади. Аллоҳ ўша аёлларнинг қалбларига Юсуфнинг ижобатидан умидсизланиш фикрини солди, Юсуфнинг қадамини собит қилди, имонига зиёдалик ва қувват ато этди. Натижада у аёлларнинг макрига алданмади, уларнинг тарғиб ва таҳдидлари олдида ўзини йў­қотиб қўймади. Аллоҳ дуо қилгувчи бандаларининг дуосини Эшитгувчи, ихлосли кишиларнинг илтижоларини қабул қи­лувчи, қалбларнинг ҳолатидан, уларнинг яхши ёки ёмон ният қилганини мутлақ билувчи Зотдир.
Ибн Касир айтади: “Аллоҳ таолонинг Юсуф (алайҳиссалом)га нажот беришининг сабаби шуки, у ёш йигит, чиройли ва хушсу­рат бўла туриб бекаси, Миср ҳокимининг аёли лаззат олишга чақирганда буни инкор қилди, Аллоҳ таолодан қўрққан ва Унинг савоб беришидан умид қилган ҳолида зиндонни ихтиёр этди. Зеро, “Саҳиҳайн”да Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­дан ривоят қилинадики: “Етти тоифа кишиларни Аллоҳ таоло соя­сидан бошқа соя бўлмайдиган кунда Ўз соясига олади. Булар: одил имом, Раббига итоатда улғайган йигит, қалби масжид билан боғлиқ киши, мансаб ва чирой соҳиби бўлган аёл ундан (лаззат олишни) талаб қилганида, “Мен Аллоҳдан қўрқаман”, дея рад қилган инсон, махфий ҳолда садақа қиладиган, ҳатто ўнг қўли берганини чап қўли билмайдиган киши ҳамда ёлғиз қолганида Аллоҳдан қўрқиб, кўз ёш тўккан киши”.
Юсуф (алайҳиссалом) зиндонда ҳам Аллоҳ таоло учун ихлос билан ибодат қилишга чақиришдан тўхтамади. Бекасининг талабини рад этган Юсуф гуноҳсиз бўла туриб зиндонга ташланди. Шунда ҳам у одамларни Ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақириб, Ундан ўзга сохта маъбудларни тарк қилишга даъват қилишда давом этди. Бунда ўзини қувватловчи бир неча далилларни ҳам келтириб ўтди ва зиндондаги икки ҳамроҳи кўрган тушини тўғри таъбир қилди.
Келинг Қуръони каримга қулоқ тутайлик. У бизга ўзининг бетак­рор ва таъсирли услуби билан мазкур воқеаларни ҳикоя қилади:
“Сўнгра улар оят-аломатларни кўрганларидан сўнг, уни бир неча вақтгача зиндонбанд қилиб туриш маъқул кўринди. Зиндонга у билан бирга яна икки йигит тушган эди. Улардан бири: “Мен тушимда шароб тайёрлаётган эмишман”, деди. Бошқаси эса: “Мен бошим устида нон кўтариб турган­мишман, қушлар ундан еяётган эмишлар. Сен бизга шунинг таъбирини айтиб берсанг. Биз сени чиройли амаллар қилгувчи киши эканлигингни кўриб турибмиз” деди. (Юсуф (алайҳиссалом) айтди: “Мен сизларга ризқ бўладиган (ҳар қан­дай) таом олдингизга келишидан илгари унинг таъвилини айтиб бера оламан. Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга имон келтирмайдиган ва охиратни мутлақо инкор қилувчи қавмнинг динини тарк этган кишиман. Ва мен ота-боболарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларнинг динига эргашаман. Биз (яъни пайғамбарлар) учун Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиш жоиз эмасдир. Бу Аллоҳнинг биз – пайғамбарларга ва барча одамларга қил­ган фазл-марҳаматларидандир. Лекин одамларнинг кўпла­ри шукр қилмайдилар. Эй ҳамзиндон дўстларим, турли туман “худолар” яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми? Сизлар эса, У Зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар-бутларгагина ибодат қи­ласизлар. Ахир Аллоҳ уларга бирон ҳужжат туширмаган-ку? Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир. У Зот сизларни фа­қат Ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин одамларнинг кўплари буни билмайдилар. Эй ҳамзиндон дўстларим, энди сизларнинг биринчингизни айтсак, бас, у яна ҳожасига соқийлик қилур. Аммо иккинчингиз эса дорга осилиб, қушлар унинг бошидан чўқирлар. Сизлар таъбир сў­раётган иш битди. (Юсуф (алайҳиссалом)) у икковининг ичидан қутулиб кетади, деб ўйлаган кишига: “Хожамнинг олдида мен ҳақимда зикр қилгин”, деди. (Лекин) шайтон хожасига зикр қилишни унинг ёдидан чиқариб, у бир неча йил зиндонда қолиб кетди” (Юсуф, 35–42).
“Сўнгра улар оят-аломатларни кўрганларидан кейин, уни бир неча вақтгача зиндонбанд қилиш маъқул кўринди”.
Бу Юсуфнинг бегуноҳ экани маълум бўлгач, Миср ҳокими ва аъёнларининг Юсуф устидан чиқарган ҳукмлари эди.
Бу ердаги “оят-аломатлардан” мурод – Юсуфнинг айбсиз эканини тасдиқловчи далиллардир. Масалан, кўйлагини орқадан йиртилгани, ҳокимнинг аёли: “Дарҳақиқат, мен уни йўлдан урмоқчи бўлдим” дегани, бир гувоҳнинг Юсуф ростгўй ва аёли ёлғончилиги ҳақида шаҳодат берганлиги ва бошқа далиллар.
Оятнинг маъноси қуйидагича: Миср ҳокими ва аъёнлари Юсуфнинг беайб эканини исботловчи ҳужжат-далилларни ўз кўз­лари билан кўришгач, у тўғрисидаги фикрлари ўзгарди ва маълум муддатгача зиндонбанд қилишга қарор қилдилар. Уларнинг бундай қарор қилишларида Зулайҳонинг ҳам сезиларли таъсири бўлди. Бунда Миср ҳокими аёлининг измига тўлиқ бўйсунди. Ҳолбуки, асосий ва адолатли ҳукмни Миср ҳо­кимининг ёлғиз ўзи чиқариши лозим эди.
“Соҳибул Кашшоф” айтади: “Миср ҳокими аёлига тўлиқ итоаткор эди. У гўёки ўз соҳибига исён қилмайдиган, ювош туя бў­либ, унинг тизгини аёлининг қўлида бўлган. У Юсуфнинг беайб эканини кўра-била туриб, одил ҳукм чиқаришдан ожиз қол­ди. Аёлининг ихтиёрига биноан Юсуфни зиндонбанд қилди. Аёл бу билан Юсуфни ўз талабига кўндирмоқчи, уни бир жазолаб кўр­моқчи ва ўзига бўйсундирмоқчи эди”.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Юсуфнинг зиндондаги аҳволини баён қилади: “Зиндонга у билан бирга яна икки йигит тушган эди”. Айтилишича, бу икки йигитнинг биринчиси подшоҳнинг новвойи ва иккинчиси соқийси бўлган. Улар подшоҳга хиёнат қилганликда айбланиб, зиндонбанд этилгандилар.
Яъни, Миср ҳокими ва аъёнлари Юсуфни зиндонбанд қилиш­га ҳукм қилишди ва у билан зиндонга аввал подшоҳ хизмат­кор­ларидан бўлган яна икки йигит ҳам ташланди. Уларнинг бирин­чиси подшоҳнинг соқийси бўлиб, у Юсуф (алайҳиссалом)га шундай деди: “Мен тушимда шароб тайёрлаётган эмишман”. Уларнинг иккинчиси, подшоҳнинг новвойи бўлиб, у деди: “Мен ту­шимда кўрдимки, бошим устида нон солинган бир саватни ушлаб турганмишман, у нондан қушлар еяётганмиш”.
Яъни, эй Юсуф, биз кўрган ушбу тушни таъбир қилиб бер, чунки биз сени тушларнинг таъбирини яхши биладиган кишилардан деб ўйламоқдамиз. Шунингдек, зиндондаги бошқа одамларга яхши­лик қилишингни кўриб, сени солиҳлардан деб гумон қилмоқдамиз.
Юсуф (алайҳиссалом) уларнинг тушини таъбир қилишдан аввал ўзини ва динини таништирди ҳамда у иккисини Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақирди. Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи ибодат қилишга муносиб эканини тасдиқловчи кўплаб далилларни кел­тирди. Бу ўз ақидаси ва динига содиқ қолувчи, уни одамлар орасида ёйилишига ҳарисманд бўлган ҳар бир солиҳ, ақлли, мухлис банданинг тутган йўлидир. Зеро, улар ҳикматли сўзлари билан ўзгаларни Аллоҳга имон келтириш ва У Зот буюрган амрлар бў­йича ҳаёт кечиришга чақирадилар ҳамда улар ҳам бундай кишиларнинг даъватларига жавоб қиладилар.
Шундан сўнг Юсуф (алайҳиссалом) у иккисининг саволига жавоб беришни бошлади:
“Мен сизларга ризқ бўладиган (ҳар қандай) таом олдингизга келишидан илгари унинг таъвилини айтиб бера оламан”. Яъни, тушларнинг таъбирини сўраган зиндондаги икки ҳамроҳига қарата Юсуф шундай деди:
– Зиндонда ўтирган ҳолингизда сизларга ризқингиз қандай келмасин, мен унинг асл моҳияти, кайфияти ва бошқа жиҳатла­ри­дан хабар бераман.
Бу сўзларни Юсуф у иккисини ўзига ишонтириш, Ҳақ йўлга қилган даъватини қабул қилишлари учун айтган эди.
“Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир”. Юсуф (алайҳиссалом)нинг бу гапнинг айтишдан мақсади – уларнинг фикрига, бу айтаётгани коҳинлик, мунажжимлик ёки шу каби Дин тасдиқламайдиган нарса бўлиши мумкин, деган хаёл келишининг олдини олиш эди.
Сўнг қуйидагиларни қўшимча қилди: “Мен Аллоҳга имон келтирмайдиган ва Охиратни мутлақо инкор қилувчи қавм­нинг динини тарк этган кишиман”.
Яъни, мен бандаларини яратиб, уларни ризқлантирувчи ёл­ғиз Аллоҳга ибодат қилмайдиган, Охиратда бандалар ҳисоб-ки­тоб қилингач, савоб ва иқоб берилишига ишонмайдиган ва имон келтириш лозим бўлган нарсаларни инкор қилувчи бўлган бир кофир қавм динини тарк қилдим.
Ушбу жумлаларда Миср ҳокими ва унинг қавми ширк ва куфр ичида бўлганлари яққол акс этиб турибди. Юсуф (алайҳисса­лом) ушбу икки йигитни “сизлар ҳам ўша қавмнинг динидасизлар”, деб юзларини шувут қилмай, балки Ҳақ динга мойиллик билдиришлари эҳтимоли бўлгани учун уларнинг ҳолини умумий тарзда гапириб ўтди.
Ҳа, ақлли даъватчилар шундай йўл тутадилар. Улар Аллоҳ­нинг йўлига қўрқитиш ёки мажбурлаш билан эмас, балки ҳикмат ва чиройли панд-насиҳатлар билан одамларни даъват қиладилар.
Юсуф (алайҳиссалом) кофир қавмнинг динини тарк этди ва шундан сўнг ўзи қайси динга мансублигини айтиб ўтади: “Ва мен ота-боболарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларнинг динига эргашаман”.
Юсуф (алайҳиссалом) уларни оталарим, деб айтмоқда (Аслиятда шундай берилган. – Таржимон.) Чунки боболар ҳам ота ўрни­дадирлар. У аввало энг катта бобосини, сўнг унинг ўғлини, сўнг­ра ўз отасини зикр қилди. Сабаби Иброҳим (алайҳиссалом) ушбу миллатнинг бош бўғини ҳисобланиб, ундан Исҳоқ (алайҳисса­лом), Исҳоқ (алайҳиссалом)дан эса, Яъқуб (алайҳиссалом)лар уш­бу дин таълимотларини қабул қилиб олганлар.
“Биз учун Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиш жоиз эмасдир”. Бу ширкдан бутунлай ўзини йироқ тутишдир. Яъни, бизларга ҳоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин, Аллоҳга ибодат қилишда бирон нарсани шерик қилиш дуруст эмас. Чунки биз пайғамбарлар силсиласиданмиз, Аллоҳ бизларга бундай иллатдан паноҳ берган.
“Бу Аллоҳнинг биз – пайғамбарларга ва барча одамлар­га қилган фазл-марҳаматларидандир”. Бу Юсуф (алайҳисса­лом)­нинг ўзи ва ота-боболарига Аллоҳ кўрсатган ғамхўрлигининг эътирофи ҳисобланади. Яъни, Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига ихлос билан ибодат қилишдек неъматни Аллоҳ биз пайғамбарларга ва Ҳақ Йўлга ҳидоят қилинган кишиларга ато этди. Бироқ одамларнинг кўпчилик қисми Аллоҳнинг буюк инъомлари ва беҳисоб неъмат­ларига шукр тариқасида Унга ибодат қилмайдилар.
Юсуф (алайҳиссалом) зиндондаги икки суҳбатдошига ўзи, ди­ни ва ота-боболари ҳақида хабар бергач, энди эътиқод қила­ётган ақиданинг энг тўғри ақида эканлигини исботловчи далиллар келтиришга ўтади.
“Эй ҳамзиндон дўстларим, турли-туман “худолар” яхши­роқ­ми ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?”
 Яъни, эй зиндондаги менинг икки дўстим, айтингларчи, ўз зоти ва сифати турлича ва ихтилофли бўлган сохта “худо”ларга ибо­дат қилиш яхшими ёки Ўз зоти ва сифатида яккаю ёлғиз, барча ишларда ғолиб бўлган Аллоҳ таолога ибодат қилишми? Шубҳа­сиз, сизларни яратиб, ризқлантирувчи Аллоҳга ибодат қи­лишингиз энг тўғри йўлдир. Зеро, сизларнинг яратилишингиздан мақсад ҳам Ўзига ибодат қилишларингиздир.
Шундан сўнг Юсуф (алайҳиссалом) уларнинг ботил ақида­сини қоралаб, танқид қилишга ўтади: “Сизлар эса У Зотни қў­йиб, ўз­ларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар-бутларгагина ибодат қиласизлар”.
Яъни, сизлар Аллоҳга ибодат қилиш ўрнига, қаёқдаги ўзла­рингиз ва аввалги ота-боболарингиз турли номлар билан атаб олган сохта илоҳларга сиғинасизлар. Аслида, уларнинг маъбуд­лиги ҳақиқатдан буткул йироқ, улар ризқлантирувчи эмас, ўз­лари ризқлантирилгувчи, яратувчи эмас, ўзлари бошқалар томонидан яратилгувчидир. (Бу ерда бут-санамларни одамлар ўз қўллари билан тош ёки ёғочлардан ясаб, йўниб олишлари назарда тутилмоқда. – Таржимон.)
“Ахир Аллоҳ уларга бирон хужжат туширмаган-ку”? Яъни, Аллоҳ сизларга уларни турли ном билан атаб, ибодат қи­лиш­ларингиз лозимлиги ҳақида бирон далил-ҳужжат ёки кўр­сатма туширмаган-ку!
“Ҳукм-ҳокимлик фақат Аллоҳникидир. У Зот сизларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг тўғри дин мана шудир”. Мазкур сўзларни айтиш билан Аллоҳнинг ваҳ­дониятига далолат қилувчи далилларни келтиргач, Унинг Ўзи­гагина ихлос билан ибодат қилишга чақирилмоқда.
“Лекин одамларнинг кўплари буни билмайдилар”. Яъни, одамларнинг кўплари шаҳватларига эргашганлари ва нафсларига муте бўлганликлари боис, Аллоҳнинг Ёлғиз Ўзига ибодат қи­лиш лозимлигини билмайдилар, билсалар ҳам бўйинлари ибодат қилишга ёр бермайди. Юсуф (алайҳиссалом) Аллоҳнинг йўлига даъват қилгач, энди туш таъбирини айтишга ўтади:
“Эй ҳамзиндон дўстларим, энди сизларнинг биринчи­н­гизни айтсак...” Бу подшоҳнинг соқийси бўлиб, туш таъбирига кўра, оқланиб зиндондан чиққач, яна подшоҳга соқийлик қили­ши керак эди.
Иккинчиси, подшоҳнинг новвойи бўлиб, у қатл қилиниб, ўл­га­нидан сўнг қушлар бошидан чўқишлари айтилди.
“Сизлар таъбир сўраётган иш битди”. Яъни, сизлар мендан тушларингизни тўғри таъбир қилиб беришни сўраган эдингиз. Мен Аллоҳ билдирганини сизларга маълум қилдим.
“(Юсуф (алайҳиссалом) у икковининг ичидан қутулиб кетади, деб ўйлаган кишига: “Хожамнинг олдида мен ҳақимда зикр қилгин”, деди. (Лекин) шайтон хожасига зикр қилишни унинг ёдидан чиқариб, у бир неча йил зиндонда қолиб кетди”.
Яъни, Юсуф у иккиси ичидан қутулиб, озодликка чиқади, деб ўйлаган подшоҳнинг соқийсига:
– Эй соқий, зиндондан чиқиб, аввалги лавозимингга қайтга­нингда, подшоҳнинг олдида мени эсла ва менинг бегуноҳ, мазлум эканимни унга етказ! – деб тайинлади.
Лекин, соқий аввалги ишига қайтгач, ўзига юклатилган вазифани бажармади. Чунки шайтон унга Юсуф айтган сўзларни унуттирган эди. Натижада Юсуф зиндонда бир неча йил қолиб кетди.
(Биз “бир неча йил” деб келтирилган жумла арабий матнда “бизъун”, тарзида берилган. Бу учдан еттигача бўлган миқдорни англатади. – Таржимон.)
Айтилишича, соқий зиндондан озод бўлгач, Юсуф у ерда яна етти йил қолиб кетган.
Шу ергача, Қуръони карим бизларга Юсуфнинг зиндондаги ҳаётини қизиқарли тарзда ҳикоя қилди. Хўш, воқеалар ривожи қандай бўлади?

Подшоҳнинг туш кўриши ва Юсуф (алайҳиссалом)нинг
уни қандай таъбир қилгани

Қуйидаги ояти карималар бизга, Аллоҳ таолонинг Юсуф (алай­ҳиссалом)га енгиллик бергани, бунга сабаб подшоҳнинг уйқусида қўрқинчли туш кўргани, уни ҳеч ким тўғри таъбир қила олмагач, охири бу ишга Юсуф (алайҳиссалом)ни чорлаганлари ҳақида ҳикоя қилади:
“(Кунларнинг бирида Миср мамлакатининг) шоҳи:  “Мен тушимда еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётганини ва еттита яшил бошоқ билан бирга бошқа қуриган (еттита бошоқ)ни кўрдим. Агар тушларнинг таъбирини айта олувчи бўлсангизлар, бу тушимнинг таъбирини айтинглар-чи”, деди. Улар дедилар: “Бу алоқ-чалоқ тушлар экан, биз бундай тушларнинг таъбирини билгувчи эмасмиз”. (Шунда) ҳалиги икки (маҳбус)нинг зиндондан қутулиб чиққани, шунча муддат ўт­гач, энди ёдига тушиб, деди: “Унинг таъбирини сизларга мен айтиб берурман, фақат мени унинг олдига олиб боринглар”. (Унга рухсат берилгач, зиндондаги Юсуфнинг олдига кириб, айтди): “Юсуф, эй ростгўй зот, сен бизга еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётгани ҳақида ҳамда еттита яшил бошоқ билан бирга турган бошқа қуриган (етти бошоқ) ҳақидаги (туш) таъбирини айтиб бергин. Шояд мен одамлар олдига қайтиб боргач, улар ҳам билиб олишса”. (Юсуф (алайҳиссалом)) деди: “Сизлар пайдар-пай етти йил (дон) экасизлар. Кейин ўриб олган ҳосилингизни ўз бошоғида қолдиринглар, магар ейдиган озгина озуқаларингизнигина (янчиб оласизлар). Сўнгра ўшандан кейин етти йил қаҳатчилик бўлиб, ўша (йиллар) учун тайёрлаб-асраб қўйган бор ҳосилингизни еб кетар. Магар озгина (уруғлик учун) асраб қўйган донларингизгина қолур. Сўнгра ўшандан кейин бир йил келурки, унда одамлар ёғингарчилик остида қолурлар ва (турли мевалардан) шароблар тайёрлаб олурлар” (Юсуф, 43–49).
Ибн Касир айтади: “Подшоҳ кўрган мазкур туш – Аллоҳ тао­лонинг Юсуфни зиндондан чиқариш учун қилган тадбири эди. У тушидаги воқеалардан жуда қўрқиб кетди ва мамлакатнинг энг кўз­га кўринган коҳинлари, юртнинг довруғли кишиларини ҳузурига чорлаб, уларга кўрган тушини ҳикоя қилиб бериб, туш таъбирини сўраганида бирон киши унга жавоб қайтара олмади”.
Қулоқ солинг, подшоҳ ўз тушини қўрқинч ва ҳаяжон билан сўзлаб беради: “Мен тушимда еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётганини ва еттита яшил бошоқ билан бирга бошқа қуриган (еттита бошоқ)ни кўрдим”.
Яъни, эй ашрофларим, уламолар! Менга ушбу тушимни таъбир қилиб беринглар, у нимадан далолат беришини менга хабарини беринг. Агар тушларнинг таъбирини тўғри айтиш қо­би­лиятига эга бўлсангизлар, бас, шу ишни қилинг!
Араб тилидаги “таъбир” сўзи “ъабаро (йаъбуру)” ўзагидан олинган бўлиб, у “йўл ёки дарёнинг бир тарафидан иккинчи тарафига ўтиш” маъносини англатади. Тушнинг ҳақиқатини айтиб берувчи кишиларнинг таъбиричи, деб аталишига сабаб, у тушнинг таъбирини тахмин қилиб, мавҳумликдан бир оз бўлса-да, аниқлик томонга ўтади. Бу худди йўл ёки дарёни кесиб ўтувчи кишига ўхшайди.
Қуръони каримда Миср ҳокими “малик”, яъни “подшоҳ” деб келтирилмоқда, балки фиръавн эмас. Чунки у Мисрнинг қибтий шоҳлари бўлмиш фиръавнлардан бўлмаган, у Мисрни амолиқ­лардан бўлмиш сулола Гексос ҳукмронлигидан олдин бошқарган. Гексослар сулоласи Мисрда тахминан милоддан аввалги 1900 –1525 йиллар ичида ҳукмронлик қилишган.
Афтидан, ўша даврда баъзилар тушларни таъбир қилиш билан шуғулланиб, бу соҳада донг таратган кўринади. Бу нарса ҳар бир ки­ши ҳаётида муҳим аҳамият касб этган бўлса керак. Зеро, биз Юсуф­нинг тушидан, зиндондаги икки соҳибининг туш кўриб, унинг таъ­бири билан қизиқишганидан хабаримиз бор. Энди подшоҳ­нинг туши келтирилмоқда. Бу нарса шуни анг­ла­тадики, Юсуф (алайҳиссалом)нинг тушларни тўғри таъбир қилиш қобилиятига эга бўлиши Аллоҳ таолонинг унга берган пайғамбарлик мўъжизаси эди.
Подшоҳнинг тушини эшитгач, коҳин ва унинг аъёнлари ўзла­рининг ожизликларини эътироф қилиб: “Бу алоқ-чалоқ тушлар экан, биз бундай тушларнинг таъбирини билгувчи эмасмиз”, дедилар. Яъни, аъёнлар подшоҳга қарата шундай дедилар:
– Сиз, эй подшоҳим, уйқуда кўрган тушингиз алоқ-чалоқ туш экан, биз бу турга мансуб тушларни таъбир қила олмаймиз, биз фақатгина очиқ-ойдин тушларни таъбир қиламиз, холос.
Чамаси подшоҳнинг ўзи ҳам улардан шундай салбий жавоб бўлишини кутган бўлса керак. Шунинг учун “Агар тушларнинг таъбирини айта олувчи бўлсангизлар”, демоқда. Бу уларнинг туш таъбирини айтиб беришларидан шубҳаланганлигини анг­латади.
Энди, улар туш таъбирини айтишдан ожиз қолганларидан сўнгги воқеалар силсиласи ҳикоя қилинади: “(Шунда) ҳалиги ик­ки (маҳбус)нинг зиндондан қутулиб чиққани, шунча муддат ўтгач, (Юсуфнинг сўзлари) ёдига тушиб, деди: “Унинг таъби­рини сизларга мен айтиб берурман, фақат мени юборинг­лар”, деди.
Бу гапларни айтган киши Юсуф билан зиндонга туширилган икки кишининг бири бўлиб, у оқланиб зиндондан чиқарилган яна подшоҳнинг соқийси бўлган эди. Ўша соқий Юсуф ҳақида, унинг берган васиятини эслаб, подшоҳ ва унинг аъёнларига шундай деди:
– Мен подшоҳ кўрган тушнинг тўғри таъбирини айтиб бера оламан. Бунинг учун мени тушларга тўғри таъбир бериш бўйича илмга эга бўлган кишининг олдига юборинглар.
Соқий уларга ўша киши Юсуф эканини айтмади. Чунки у бу билан тасодифий ва кутилмаган бир ҳолатни юзага келтирмоқчи эди. Мақсад – уларнинг қалбларига таъсир ўтказиш ва Юсуфнинг шаънини улуғлаш бўлган.
“Юсуф, эй ростгўй зот...”
Яъни, улар соқийни Юсуфнинг олдига юбордилар. У етиб боргач:
– Эй ўта ростгўй бўлган зот Юсуф, сен аввал биз иккимиз­нинг тушимизни тўғри таъбир қилиб берган эдинг. Энди, подшоҳ­нинг ҳам тушини таъбир қилиб берсанг. Одамлар унинг маъно-моҳи­ятини англашдан ожиз қолдилар. “Сен бизга еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётгани ҳақида ҳамда еттита яшил бошоқ билан бирга турган бошқа қуриган (етти бошоқ) ҳақидаги (туш) таъбирини айтиб бергин. Шояд мен одамлар олдига қайтиб боргач, улар ҳам билиб олишса”. Яъни, шояд улар тушнинг тўғри таъбирини билиб, ундан манфаат олсалар ва сенинг ҳам мартабанг улар наздида юқори кўтарилса.
Юсуф (алайҳиссалом) мазкур тушнинг таъбирини оддийгина ва қуруқ қилиб айтиб қўя қолмади, балки қийин ҳолатларда нима қилиш лозимлигини ҳам қўшиб, уларга фойдали маслаҳатлар берди: “Сизлар пайдар-пай етти йил дон экасизлар”.
Яъни, Юсуф соқийга деди:
– Сен ҳозир қавминг олдига бориб Юсуф одатларингизга кў­ра, ўз ерларингизга етти йил муттасил тарзда дон экинглар, дея амр қилди, деб айт. “Кейин ўриб олган ҳосилингизни ўз бошо­ғида қолдиринглар, магар ейдиган озгина озуқалари­н­гизни­гина (янчиб оласизлар)”.
Яъни, ҳар йили олган ҳосилингизни ўз бошоғида қолдиринглар, токи зараркунанда ҳашарот ва шунга ўхшаш нарсалар сабабидан унга бирон фалокат етмасин. Фақатгина ҳаётий эҳтиёжингиз учун керак бўладиган миқдорнигина янчиб, уни истеъмол қилинглар.
Бу жумлада уларнинг озиқ-овқат борасида тежамкорлик билан иш тутишлари тавсия қилинмоқда. Зеро, ҳар бир соҳада тежамкорликсиз бирон-бир муваффақиятга эришиш амри маҳол.
“Сўнгра ўшандан кейин етти йил қаҳатчилик бўлиб, ўша (йиллар) учун тайёрлаб-асраб қўйган бор ҳосилингизни еб кетар”.
Яъни, сизлар етти йил дон экиб, мўл ҳосил олганингиздан сўнг, унинг кетидан қаҳатчилик, қурғоқчиликдан иборат етти йил келади. Ушбу сермашаққат йиллар сизларнинг етти йил тер тў­киб йиғган донларингизни еб кетади. “Магар озгина (уруғлик учун) асраб қўйган донларингизгина қолур”. Яъни, ушбу етти йил қаҳатчилик давомида сизлар йиғиб қўйган барча дон-дун­ларингизни еб бўласизлар, фақатгина уруғлик учун сақлаб қўй­ган донлар захира сифатида қолади.
Бу ерда Юсуф еттита семиз сигир ва етти яшил бошоқни сер­ҳосил етти йил, деб, етти ориқ сигир ва етти қуриган бошоқни эса унинг кетидан келадиган қаҳатчилик йили, деб таъбир қилди.
“Сўнгра ўшандан кейин бир йил келурки, унда одамлар ёғингарчилик остида қолурлар ва (турли мевалардан) шароб­лар тайёрлаб олурлар”.
Бу уларга ушбу қийин ва машаққатли йиллардан сўнг яна тўкин-сочинлик йили келиши ҳақидаги башорат эди. Аллоҳ тао­лонинг тақдири шуни тақозо этади. Албатта, бир қийинчилик икки енгиллик орасидадир.
Юқоридаги оятнинг маъноси қуйидагича: етти йил қаҳат­чилик бўлгач, Аллоҳ таоло сизларга баракали ёмғир юборади, у сизларнинг қайғу-ғамларингизни аришига сабаб бўлади. Ерларингиз ям-яшил ўсимлик ва дарахтлар билан бурканади ва сизлар турли мева маҳсулотларидан ўзларингиз учун ҳуштаъм шарбат ҳамда ичимликлар тайёрлаб оласизлар.
Юсуф (алайҳиссалом)нинг етти йил қаҳатчиликдан сўнг сер­ҳосил мавсумнинг келишини айтиши подшоҳнинг тушига тес­кари эмас, балки бу гап ўша тушдан келиб чиқиб айтилганди. Мақсад – подшоҳ ва одамларга хушхабар бериш, бу илм Аллоҳ­нинг ваҳийси билан бўлаётганини уларга билдириш ва уларни Аллоҳга ибодат қилиб, Унга бўйсунишга чақириш эди.
Қиссанинг шу еригача Юсуф (алайҳиссалом)нинг подшоҳ кўр­ган тушни тўғри таъбир қилиб, уларга хушхабар бериб, қалб­ларига сурур ва хотиржамлик солганини билиб олдик. Хўш, шу воқеалар­дан сўнг подшоҳ Юсуфга қандоқ муносабатда бўлди.

Юсуф (алайҳиссалом) Миср подшоҳи ҳузурида

Энди, Миср подшоҳининг Юсуфдан нимани талаб қилгани ва Юсуф (алайҳиссалом)нинг бунга жавоби, бир тоифа аёллар ва Зу­лайҳонинг Юсуф ҳақида айтган гаплари ҳақида танишамиз.
“Подшоҳ деди: “Уни менинг олдимга келтиринг!” Қа­чонки (Юсуфнинг олдига) шоҳ элчиси келгач, у: “Хожангнинг ёнига қайтиб бориб (аввал) ундан ўз қўлларини кесган аёллар нима бўлганини сўра! Албатта, Парвардигорим улар­нинг макрларини билгувчидир”, деди. (Шунда подшоҳ у аёлларни тўплаб) деди: “Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлган вақ­тингизда нима бўлган эди?” (Аёллар) айтдилар: “Аллоҳ сақласин! Бизлар ундан бирон ёмонликни сезмаганмиз”. (Миср шаҳри) ҳокимининг хотини (Зулайҳо) деди: “Мана энди ҳақиқат тантана қилди. Уни мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим. У шак-шубҳасиз, ростгўй зотлардандир”. Буни (яъни, ўзимнинг бегуноҳлигимни исботлаш талабини) мен (шаҳар ҳо­кими) унга хиёнат қилмаганимни ва Аллоҳ ҳеч қачон хоинларнинг ишини ўнгламаслигини (мамлакат шоҳи) билиши учун (қилдим). Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса, албатта, ёмонликка буюргувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир”. Подшоҳ айтди: “Уни ҳузуримга келтири­нгиз, ўзимнинг хос кишиларимдан қилиб олай”. Бас, қачонки (Юсуф (алайҳиссалом)) у билан сўзлашгач, “Сен бу кун бизнинг даргоҳимизда мартабали, ишончли кишидирсан”, деди. (Юсуф (алайҳиссалом)) деди: “Мени шу ернинг хазиналари устига қўйгин. Чунки мен (уларни) тўла-тўкис сақлагувчи ва (тўғри тасарруф қилишни) билгувчи кишиман”. Шундай қи­либ, биз Юсуфни (Миср) заминидан ўзи хоҳлаган жойда манзил-макон тутиб яшайдиган мақомга эриштирдик. Биз фазлу марҳаматимизни Ўзимиз хоҳлаган кишиларга етказурмиз ва чиройли амал қилгувчи зотларнинг ажру мукофотини зое қилмасмиз. Албатта, имон келтирган ва тақво эгалари бўлган зотлар учун Охиратда ажр мукофот янада яхшироқ бўлур” (Юсуф, 50-57).
“Подшоҳ деди: “Уни менинг олдимга келтирингиз!”
Яъни, ўз соқийсидан Юсуф ҳақида, унинг тушларни тўғри таъбир қила олишини эшитган подшоҳ:
– Зудлик билан Юсуфни ҳузуримга чорланг! Мен унинг илмидан фойдаланиб, тушимнинг таъбирини ўз қулоғим билан эшитмоқчиман! – деди.
Имом Розий ўз тафсирида ёзади: “Бу нарса илмнинг фазилатли эканлигидандир. Аллоҳ таоло Юсуфга манфаатли илм бериб, у илм билан дунёвий машаққатлардан чиқиб кетишини таъмин­лади. Энди, қандай қилиб илм охиратда банданинг азоб-уқубатлар, машаққатлардан халос бўлишига сабабчи бўлмасин!”.
 “Қачонки (Юсуфнинг олдига) шоҳ элчиси келгач, у: “Хожангнинг ёнига қайтиб бор”, деди. Яъни, подшоҳ элчиси ке­либ, Юсуф билан кўришмоқчи эканини айтгач, Юсуф сабр ва му­лойимлик билан унга қарата:
– Ҳозир сен подшоҳнинг олдига бориб, ўз қўлларини беихтиёр кесиб олган аёллар ҳақида сўра, менинг зиндонга тушмасим­дан аввалги ҳолатим ва у билан мен ўртамда юз берган воқеалар­нинг асл ҳақиқати билан ҳам қизиқиб кўр, – деди.
Юсуф (алайҳиссалом) аёллар билан бўлган ҳодисани ўзи айтишни эп кўрмади, балки гуноҳкор бўлган ва унинг зиндонга тушишига сабабчи бўлган аёлларнинг ўзларидан эшитмоқчи эди бунинг асл ҳақиқатини.
Юсуф (алайҳиссалом) келган элчига аёлларнинг макр-ҳийла ва фитналарини очиқдан-очиқ фош қилиб ўзини оқласа, бўларди. Аммо у бундай қилмади, балки элчини ушбу ишга тарғиб қилиш билан кифояланди, ўша аёлларнинг ишини эса Аллоҳга ҳавола қилди ва:
– Албатта, Парвардигорим уларнинг макрларини билгувчидир, – деди.
Яъни, Раббимнинг ёлғиз Ўзи у аёлларнинг макрларини бил­гувчи, ҳийла-найрангларидан хабардордир ва У Зот Қиёмат кунида уларни шунга яраша ҳисоб қилади.
Шубҳасиз, Юсуф (алайҳиссалом)нинг подшоҳ таклифига ижобат қилишдан тийилиши унинг ўта сабрли ҳамда журъатли, азму қарор соҳиби эканига далолат қилади.
Ибн Касир ўз китобининг ушбу оятлар тафсирида Юсуф (алай­ҳиссалом)нинг фазилат соҳиби эканига далолат қилувчи бир неча ҳадисларни ривоят қилади: “Суннат китобларда Юсуф (алайҳис­салом)нинг мадҳи келтирилган. “Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра (ро­зияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: Биз Иброҳимнинг “Эй Раббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсатгин?”, деганидан шубҳаланишга ҳақлимиз. Аллоҳ айтди: “Сен ишонмадингми?” У: “Йўқ (ишондим), аммо қалбим таскин топиши учун (сўрамоқдаман)”, деди. Аллоҳ Лутга раҳм қилсин, у кучли асосга таянган эди. Агар мен Юсуфчалик зиндонда қолиб кетганимда, албатта, даъватчининг (яъни подшоҳ элчисининг) таклифига рози бўлардим”.
Яна Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Агар мен Юсуфнинг ўрнида бўлганимда, ҳеч бир тараддудсиз (зиндондан чиқиш таклифига) ижобат қилган бўлардим” (Имом Аҳмад ривояти). Абдураззоқ Икримадан ривоят қилади: Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “ Мен Юсуфнинг сабр-тоқати ва бағрикенглигидан ҳайрон қолдим. Аллоҳ уни мағфират қилсин, у ориқ ва семиз сигирлар ҳақида сўралди ( ва унга жавоб берди). Агар унинг ўрнида бўлганимда аввал мени (зиндондан) чиқариш ҳақида шартлашиб олмагунимча жавоб бермаган бўлардим. Мен Юсуфнинг сабр-тоқати ва бағрикенглигидан ажабландим. Аллоҳ уни мағфират қилсин, (подшоҳ) элчиси унинг олдига келди, агар унинг ўрнида бўлганимда зиндондан чиқишга шошилган бўлар­дим, аммо у ўзини айбсиз эканини тан олишларини хоҳлади”.
Ибн Касир келтириб ўтган юқоридаги ҳадислар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг камтарликларига ёрқин бир мисолдир. Зеро, у зот пайғамбарларнинг энг кучли азму қарор эгаси, мартабаси энг юқориси ва энг кучли сабр эгаси бўлган зот эдилар.
Элчи Юсуфнинг сўзларини подшоҳга етказгач, у аёлларнинг барчасини ўз ҳузурига тўплаб шундай деди:
– Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлган вақтингизда нима бўл­ган эди?
Яъни, Юсуфни йўлдан уришингизга сабаб бўлган асосий нар­са нима? У ҳам сизларга майл билдирганмиди, йўқми?
Подшоҳнинг бу саволи олдида аёллар ёлғон гапиришдан ожиз қолдилар ва бир овоздан:
– Аллоҳ сақласин! Биз ундан бирон ёмонликни сезмаганмиз, – деб юбордилар. Яъни, бундай бўлишидан Аллоҳ асрасин! Биз унда ёмонликдан асар ҳам кўрмадик, балки у ҳар қандай ёмонликдан узоқ юришга ҳаракат қилувчи покиза бир инсон экан.
Ушбу мажлисда ҳозир бўлиб турган Миср ҳокимининг аёли Зулайҳо ва ниҳоят:
– Мана энди ҳақиқат тантана қилди, – деб ўз айбини тан олди. Сўнгра “Уни мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим”, – деб қўшимча қилди. Яъни, мен унга макр ишлатиб, ундан лаззат олишни талаб қилган эдим. “У шак-шубҳасиз, ростгўй зотлар­дандир”. Яъни, у ҳеч қачон ёлғон гапирган эмас, доимо рост сўз­лайди. Шунингдек, аввал “Унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди” (Юсуф, 26) деб ҳам тўғри гапирган эди.
Ҳа, Аллоҳ таоло Юсуф (алайҳиссалом)нинг бегуноҳ, айбсиз эканини шунча гувоҳлар ҳозирлигида, яна ўша ишни қил­ган одам­ларнинг ўзлари томонидан айтилишини хоҳлаган эди. Бу мажлисда ҳозир бўлган подшоҳ шундан сўнг Юсуф (алай­ҳиссалом)га бош­қача кўз билан қарай бошлади.
Сўнгра ҳокимнинг аёли ўз сўзини давом эттириб деди:
– Буни мен (шаҳар ҳокими) йўқлигида унга хиёнат қилма­ганимни ва Аллоҳ ҳеч қачон хоинларни ишини ўнгла­мас­лигини (мамлакат шоҳи) билиши учун (қилдим). Мен наф­симни оқламайман. Чунки нафс, агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса, албатта, ёмонликка буюргувчидир. Дар­ҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир.
Яъни, Юсуфни мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим, деб ўзим­нинг зараримга бўлса ҳам айтишни тан олишимдан мақсад – шаҳар ҳокими йўқлигида мен унга хиёнат қилмаганимни ва унга бирон ножўя сўз айтмаганимни билдириш эди. Зеро, Аллоҳ таоло махфий ва ошкора нарсаларнинг асл моҳиятини билиб тургувчи Зотдир ва гарчи кейинроқ бўлса-да, У хиёнатчиларнинг кирдикорларини фош қилади. Шунингдек, мен нафсимни енгил-елпи нарсаларга мойил эмас, деб уни оқлай олмайман. Чунки инсон нафси ёмонликка буюргувчи, ҳавойи нафс ва шаҳватларга мойилдир. Магар, Аллоҳ раҳм қилиб, хато ва камчиликлардан сақлаган нафс­гина бундан мустаснодир. Зеро, Аллоҳ хоҳлаган бандасига раҳм-шафқат қилувчи ва хоҳлаган бандасини кўплаб мағфират этувчи меҳрибон Зотдир.
Қуръони каримда келтирилган ушбу ҳикояларни ўқир экансиз, Миср ҳокими аёлининг Юсуф (алайҳиссалом)га бўлган кучли ҳурмат-эҳтиромини сезасиз. Тахминимизча, яна Аллоҳ билгув­чи­роқдир, Зулайҳо бу сўзларни Юсуф (алайҳиссалом) эътиқод қилган ақидага ишонганидан, Юсуф (алайҳиссалом)да юксак инсоний сифатларни кўрганидан сўнггина айтган, ўз айбини тан олган бўлса керак.
Қиссанинг шу еригача Юсуф (алайҳиссалом) ҳаётининг бир қисми, унинг турли хил машаққат ва синовларга дуч келиши ҳа­қида ҳикоя қилинди. Энди, ҳаётининг иккинчи даври, яхшилик, ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлиши ва унга Аллоҳ таоло неъмат­ларининг ёғилиши ҳақидаги ҳикоя бошланади. Аллоҳ таоло Ўз каломида қисса давомини шундай келтиради:
Подшоҳ айтди: “Уни ҳузуримга келтирингиз, ўзимнинг хос кишиларимдан қилиб олай”.
Яъни, Миср ҳукмдори Юсуфнинг пок қалб соҳиби, ҳаёли эканини ўз аъёнларидан эшитгач, унга шундай амр қилди:
– Уни менинг ҳузуримга олиб келинглар, мен уни ишларни тасарруф қилиш, баъзи махфий сирларимни сақлаш, мамлакатда адолат билан ҳукм юритиш борасида ўзимнинг хос ва ишончли кишиларимдан қилиб олурман.
Улар Юсуфни тезда подшоҳ ҳузурига олиб келдилар. Подшоҳ ҳам уни кўрди ва бир оз суҳбатлашгач, таърифи тилларда достон бўлган Юсуфнинг ҳақиқатда ҳам шундай эканига иқрор бўлиб:
– Сен бу кун бизнинг даргоҳимизда мартабали, ишончли кишидирсан, – деб айтди.
Яъни, эй Юсуф, албатта, сен ушбу кундан бошлаб саройимизда юксак мартаба соҳибидирсан. Сенинг ҳар бир соҳада айтган сўзинг инобатга олинади.
Шунда Юсуф (алайҳиссалом) уни ўзи яхши биладиган бир ва­зифага тайинлашларини илтимос қилиб сўради:
– Мени шу ернинг хазиналари устига қўйгин. Чунки мен (уларни) тўла-тўкис сақлагувчи ва (тўғри тасарруф қилишни) билгувчи кишиман.
Яъни, эй подшоҳ, ваҳоланки сен мени масъулиятли бир вазифага тайинламоқчи экансан, у ҳолда мени Миср юрти хазина­ларини бош тасарруф қилгувчи этиб тайинлагин. Чунки мен уни яхши ҳимоя қилувчи, фойдали ва манфаатли жойларга тасарруф қилишни билгувчидирман.
Кўриниб турибдики, Юсуф (алайҳиссалом) бу ерда ўз манфа­ати­ни эмас, балки халқ ва раъийят манфаатини ўйлаб, ўзи моҳир бўл­ган бир вазифани яхши адо эта олишини айтмоқда. Юсуфнинг мақ­сади – тезроқ ишларни ривожлантириб, юрт учун керак бўладиган захира миқдорини йиғиб олиш эди. Чунки яқин йиллар ичида юрт бошига қийин кунлар, қурғоқчилик мавсуми ва қаҳат­чилик даври келишини яхши англаб етар эди Юсуф (алай­ҳиссалом).
Яна шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Юсуф (алайҳиссалом) ушбу масъулиятли мансабни фақатгина унинг уддасидан чиқа олишини билгани учун подшоҳдан сўради.
Қуртубий айтади: “Ушбу оят, агар кишининг бирон соҳада малакаси бор ва ўша соҳанинг устаси бўлса, у ўша амални талаб қи­лиши, сўраши жоиз эканига далолат қилади”.
Агар “Бу гап Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ворид бўлган амирлик мансабини талаб қилишдан қайтариш ҳа­қи­даги саҳиҳ ҳадисларга зид-ку?”, дейиладиган бўлса, унга жаво­бимиз қуйидагича:
Биринчидан, Юсуф (алайҳиссалом) адолатда бирон киши унинг ўрнини боса олмаслигини, кишилар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаб бера олмаслигини билгач, ўша мансабни сўради. Юсуф ҳолатдан келиб чиқиб, мазкур вазифада хизмат қилиш ўзи учун лозим эканини англаб етган.
Иккинчидан, Юсуф (алайҳиссалом): “Мени Миср хазиналарини тасарруф этувчи қилиб қўйгин, чунки мен насл-насаби улуғ, чиройли кишиман”, демади, балки уларни мукаммал равишда сақлаб, тўғри тасарруф қилишни яхши билувчиман, деб айтди. (Бу ерда унинг нияти фақат юртни ислоҳ қилиш, кишиларни Аллоҳ Динига даъват қилиб, шаръий жамият қуриш бўлган, холос. – Таржимон.)
Учинчидан, Юсуф (алайҳиссалом): “Мен тўла-тўкис сақлагув­чи ва билгувчи кишиман”, деб ҳали нотаниш кишига ўзини тани­тиш учун айтди бу сўзларни. Бу нарса қуйидаги оятнинг ҳукмидан истиснодир. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, сизлар ўзла­рингизни пок­ламай қўя қолинглар!” (Нажм, 32).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Юсуф (алайҳиссалом)нинг подшоҳга ўз сифатини айтиши ва мазкур мансабни сўрашига сабаб – у айни пайтда ва шароитда Миср юртида бирон киши ўша хизматни адолат билан юрита олмаслигини билган ва шунинг ор­қасидан Аллоҳ йўлида оддий халқ учун, уларнинг манфаатларини кўзлаб хизмат қилишни мақсад қилган бўлса ажаб эмас.
Шунингдек, Юсуф (алайҳиссалом)нинг ўз сифатини подшоҳга айтиши ўзини кўкларга кўтариш ёки мақташ эмас, балки Аллоҳ таоло тарафидан берилган юксак сифат ва олий хулқ-атвор каби неъматларни эътироф этиши эди.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Ўз бандаларига қилган тақдири­дан хабар беради:
“Шундай қилиб, биз Юсуфни (Миср) заминидан ўзи хоҳ­лаган жойда манзил-макон тутиб яшайдиган мақомга эриштирдик. Биз фазлу марҳаматимизни Ўзимиз хоҳлаган кишиларга етказурмиз ва чиройли амал қилгувчи зотларнинг ажру мукофотини зое қилмасмиз. Албатта, имон келтирган ва тақво эгалари бўлган зотлар учун охиратда ажр-мукофот янада яхшироқ бўлур”.
Хуллас, Юсуф (алайҳиссалом) сабр-тоқат, тақво ва яхшилик со­ҳиби бўлгани сабаб Аллоҳ таоло уни дунёю охиратда саодатга эришишдек улуғ неъмат билан мукофотлади.

Юсуф ва оға-инилари ўртасидаги илк учрашув

(Мамлакат шоҳи Райён ибн Валид Юсуф (алайҳиссалом)нинг ақлу заковати, ҳалоллиги, билимдон эканини кўриб Миср шаҳрининг ҳокими Қитфийрнинг ўрнига ҳоким этиб тайинлади ва Қитфийр вафот қилганидан кейин, Юсуфни унинг беваси Зулайҳога уйлантириб қўйди. Шундай қилиб Юсуф (алайҳиссалом) Миср заминининг ҳукмдорига айланиб қолди. Илгари Юсуфнинг ўзи шоҳга башорат қилган мўл-кўлчилик йилларида кўп дон ҳосили йиғиб олиниб, омборларга ғамлаб қўйилди. Кейинги етти йил эса, Юсуф таъбир қилганидек, қаҳатчилик йиллари бўлди. Бу йилларда бутун атрофдаги юртларда қаттиқ очарчилик бўлиб, кўп жойлардан Мисрга озиқ-овқат излаб одамлар кела бошладилар. Миср мамлакатида озиқ-овқат сероблиги ҳақидаги хабар Канъон заминига ҳам етиб боргач, Яъқуб (алайҳиссалом) ўғилларини ўша тарафга юборади. Қуйидаги оятларда шу ҳақида сўз боради. – Таржимон.)
Шу пайтгача қиссада Юсуф (алайҳиссалом)нинг туш кўри­ши, оға-иниларининг уни қудуққа ташлаб юборишлари, кейин бир тўда савдогарлар уни қудуқдан тортиб олиб, арзимас баҳога пуллаб юборганлари, Миср ҳокими аёли билан бўлган ҳодиса­лар, Юсуфнинг зиндонда бир неча йил ётгани, зиндондан чиққач, Аллоҳ Юсуфга Ўз неъматларини зиёда қилгани ҳақида ҳикоя қилиб ўтилди.
Энди эса, Юсуфнинг ўз оға-инилари билан учрашиб, улар ўртасидаги суҳбат ва Юсуфнинг оға-иниларига кўрсатган ғам­хўрлиги тўғрисида ҳикоя қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
Юсуфнинг оға-инилари (Мисрга) келишиб, унинг ҳузурига кирганларида, уларни таниди. Улар эса уни танимаган эдилар. Қачонки уларнинг ҳожатларини раво қилгач, (Юсуф (алайҳиссалом) деди: “Ўша ота бир бўлган иниларингизни менинг ҳузуримга келтиринглар! Ахир, мен сизларга энг яхши мезбон бўлиб, (дон-дунларни) тўла қилиб ўлчаб бе­раётганим­ни кўрмаяпсизларми? Энди агар уни менинг ҳу­зуримга олиб келмасангизлар, у ҳолда менинг даргоҳимда сизлар учун бир қадоқ ҳам нарса йўқ, менинг олдимга яқин келмай қўя қо­линглар”. Улар: “Отасидан у ҳақида ўтиниб сў­раймиз. Албатта, бизлар (шундай) қилгувчимиз”, дедилар. (Юсуф (алайҳиссалом) йигитларига буюрди: “Уларнинг нарсаларини юкларининг ичига (қайтариб) солиб қўйинглар. Шояд уйларига қайтган вақтларида, у нарсаларни таниб қолиб яна қайтиб келсалар, ажаб эмас” (Юсуф, 58–62).
Имом Фахр Розий юқоридаги оятларни тафсир қила туриб шундай дейди: “Миср ва унинг атрофидаги ерларда қаҳатчилик кенг ёйилиб, бу нарса Яъқуб (алайҳиссалом) яшайдиган Шом­нинг Фаластин юртигача етиб борди. Яшаш кундан-кунга оғирла­шиб бораверди ва ниҳоят Яъқуб (алайҳиссалом) ўз ўғил­ларига шундай дейишга мажбур бўлди:
– Мисрда бир солиҳ ва сахий киши бўлиб, у одамларга озиқ-овқат ва яна керакли ашёларни улашаётган эмиш. Бас, сизлар унинг олдига бориб, дирҳам бериб бўлса ҳам, ундан таом ва егулик бирон нарса олиб келинглар.
Шундан сўнг улар тезда йўлга отланишди. Ҳаммаси бўлиб ўн киши сафарга чиқиб, фақатгина кичик Бинямин отаси Яъқуб билан қолди. Улар Мисрга етиб боргач, Юсуф (алайҳиссалом) ҳузу­ри­га кирдилар ва шу зайл воқеалар ривожланиб борди”.
Энди, юқоридаги оятларни бирма-бир кўриб чиқамиз.
Юсуф (алайҳиссалом)нинг оға-инилари Шом юртидан Миср томон бирон нарса – озиқ-овқат олиб келиш ниятида кела бошла­дилар. “Унинг ҳузурига кирганларида...”. Яъни, оға-инилар Мисрга етиб келишлари билан Юсуфнинг ҳузурига киришга шошилдилар. Юсуф уларни бир кўришдаёқ таниди, аммо улар танимадилар. Чунки орадан узоқ йиллар ўтган, қудуққа ташлаб юборганларидан кейин улар бу Юсуф эканини хаёлларига ҳам келтирмас ҳамда Юсуф бундай олий мартабага эришади, деб ўйламаган ҳам эдилар.
Чамаси етти йиллик оғир очарчилик Мисрга чегарадош бўл­ган Фаластин ва Шом юртида ҳам кенг ёйилган бўлса керак. Миср шоҳи Юсуф (алайҳиссалом) ақлли ва доно бўлгани, адолатли сиё­сати туфайли бошқа юртларнинг назарига тушган эди.
Юсуф (алайҳиссалом) ўз оға-инилари сўраган барча нарсаларни бериб, сўнг шундай деди:
– Ўша ота бир бўлган иниларингизни менинг ҳузуримга келтиринглар! Ахир, мен сизларга энг яхши мезбон бўлиб, (дон-дунларни) тўла қилиб ўлчаб бераётганимни кўрмаяп­сизларми? Энди агар уни менинг ҳузуримга олиб келмаса­нгизлар, у ҳолда менинг даргоҳимда сизлар учун бир қадоқ ҳам нарса йўқ, менинг олдимга яқин келмай қўя қолинглар.
Яъни, Мисрга келаси сафар келишингизда ўзларингиз билан оталарингиздан бўлган кичик укангизни ҳам қўшиб менинг ҳу­зуримга олиб келинглар. Мен уни кўрмоқчиман. “Ахир, мен сизларга энг яхши мезбон бўлиб, (дон-дунларни) тўла қилиб ўл­чаб бераётганимни кўрмаяпсизларми?”
Бу гап улар учун Биняминни Юсуф (алайҳиссалом) ҳузурига келтириш учун янада кучлироқ тарғиб эди.
Яъни, ахир мен сизларга иззат-икром кўрсатиб, сўраган нарсаларингизни ошиғи билан бердим-ку. Шундай экан, сизларга бўлган ҳурматим ва саховатим яна зиёда бўлишини истасангиз, келгуси сафар оталарингиздан бўлган укангизни ҳам, албатта, олиб келинглар.
Юсуф (алайҳиссалом) сўнгра қуйидагиларни қўшимча қилиб ўтди: “Энди агар уни менинг ҳузуримга олиб келмасангизлар, у ҳолда менинг даргоҳимда сизлар учун бир қадоқ ҳам нарса йўқ, менинг олдимга яқин келмай қўя қолинглар”.
Яъни, агар уни менинг ҳузуримга олиб келмас экансиз, мен энди бошқа сизларнинг ҳожатларингизни раво қилмайман. У ҳолда менинг юртимга кириш у ёқда турсин, унга яқинлаша кўр­манглар!
Бу гаплардан маълум бўладики, оға-инилар Юсуфга Миср заминига яна келишларини айтганлар. Чунки улар олиб кетаётган озиқ-овқат фақат маълум муддатга етарди, холос.
Юсуф (алайҳиссалом)нинг қаттиқ туриб қилган талабига жа­вобан оға-инилар ҳам:
– Отасидан у ҳақида ўтиниб сўраймиз. Албатта, бизлар (шундай) қилгувчимиз, – дедилар.
Яъни, биз кичик укамиз Биняминни ўзимиз билан олиб келишга отамизни кўндириш учун мулойимлик ва усталик билан иш тутамиз, бор имкониятимизни ишга солиб бўлса ҳам шу ишнинг уддасидан чиқишга жидду жаҳд қиламиз. Чунки сен бизларга кўп яхшилик қилдинг. Сенинг бизлар устимизда ҳаққинг бор.
Бундан кўринадики, Юсуф (алайҳиссалом)нинг туғишган укаси Биняминни унинг ҳузурига олиб келиш осон иш эмас, отасини кўндириш анча мушкул эди. Чунки Бинямин Яъқуб (алайҳисса­лом)нинг Юсуфдан сўнг энг яхши кўрган, севимли жигаргўшаси, кўзининг оқу қораси эди.
Энди, Аллоҳ таоло Юсуф (алайҳиссалом) оға-инилари ўз юртларига қайтиб кетмасларидан олдин нима тадбир қилгани ҳақи­да хабар беради: (Юсуф (алайҳиссалом)) йигитларига буюрди: “Уларнинг нарсаларини юкларининг ичига (қайтариб) солиб қўйинглар. Шояд уйларига қайтган вақтларида, у нарсаларни таниб қолиб яна қайтиб келсалар, ажаб эмас”.
Бу ердаги “йигитлар”дан мурод Юсуф (алайҳиссалом)нинг хизматларини қилиб, унинг баъзи ишларида ёрдамлашадиганлардир.
Яъни, Юсуф (алайҳиссалом) ҳар бир амрига мунтазир бўлиб турадиган йигитларига қараб:
– Бизлардан таом олганлари эвазига тўламоқчи бўлган пул­ларини юкларининг ичига қайтариб солиб қўйинглар. Сизлар шундай иш тутингларки, улар буни пайқаб қолишмасин. Шояд улар юртларига қайтиб, юкларини очганларида, пулларининг ўз­ларига қайтарилганини кўриб, яна бизнинг олдимизга ўша пулларни тўлаш учун қайтиб келсалар.
Юсуф (алайҳиссалом)нинг бу ишни қилишидан мақсад – оға-иниларининг укалари Биняминни олиб яна Мисрга келишлари эди. Зеро, инсон нафси яхшилик қилган одамга яхшилик билан жавоб қайтаришга мойилдир.
Юсуф (алайҳиссалом) оға-иниларига Биняминни олиб ке­лиш­ларини, акс ҳолда улар учун унинг ҳузуридан бирон нарса бе­рил­маслигини таъкидлаб айтди. Оға-инилар ҳам оталарини кўн­диришга бел боғлаган ҳолда Фаластинга қараб йўл олдилар. Хўш, қисса қандай воқеалар билан давом этар экан? Буни келаси бўлимда билиб оламиз.

Юсуф (алайҳиссалом) оға-иниларининг Миср сафарига Биняминни ҳам олиб бориш учун оталарини кўндиришлари

Энди, оға-инилар Мисрдан қайтиб келгач, оталари билан кечган қизғин суҳбат ва ўзига хос тортишув ҳақида ҳикоя қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
Қачонки улар оталарининг олдига қайтиб келишгач, дедилар: “Эй ота, (бундан кейин) бизларга бир қадоқ ҳам (озиқ-овқат) берилмайдиган бўлди. Фақат биз билан бирга инимизни юборсанггина озиқ-овқат ола биламиз. Бизлар, албатта, уни муҳофаза қилгувчимиз”. (Яъқуб) деди: “Мен уни сизларга ишонмайман. Магар илгари унинг биродарини ишонга­нимдек ишонаман. Зотан, Аллоҳ энг яхши cақлагувчи ва У Зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир”. Қачонки улар (олиб келган) юкларини очиб кўришгач, нарсаларини ўзлари­га қай­тарилганини кўриб, дедилар: “Эй ота, мана, нарсала­римиз ўзимизга қайтарилибди. Яна нимани истаймиз? (Энди сен бизларга инимизни ҳам қўшиб юборсанг), яна оиламизга озиқ-овқат келтирурмиз, инимизни муҳофаза қилиб (бориб келурмиз) ва (инимиз учун ҳам) бир туя юкни ортиқроқ олурмиз. Бу озгина нарсадир”. (Яъқуб) деди: “Агар мағлуб бўлиб, ҳалокатга учрамасангизлар, албатта, уни менинг олдимга келтиришингиз ҳақида Аллоҳдан васийқа келтирмаса­нгизлар, уни ҳаргиз сизлар билан бирга юбормасман”. Энди, қачонки унга ўз аҳд-паймонларини беришгач, (Яъқуб): “Бу айтаётган гапларимизга Аллоҳ вакил – гувоҳдир”, деди. (Сўнг) айтди: “Эй ўғилларим, бир дарвозадан кирманглар, бал­ки бошқа-бошқа дарвозалардан киринглар. Мен сизлардан Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтара олмайман. Ҳукм ёлғиз Аллоҳнинг измидадир. Мен фақат У Зотнинг Ўзига таваккул қилганман. Барча таваккул қилгувчилар Унинг Ўзига таваккул қилсинлар!” Улар оталари буюрган тарафдан киришлари улардан Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтаргувчи эмасдир. (Бу) фақат Яъқубнинг дилидаги бир эҳтиёж эдики, у ўзининг (шу эҳтиёжини) қондирган эди, холос. Зотан, у Биз берган таълимимиз сабабли чуқур билим эгасидир. Лекин одамларнинг кўпи (буни) билмайдилар” (Юсуф, 63–68).
“Қачонки улар оталарининг олдига қайтиб келишгач, дедилар: “Эй ота, (бундан кейин) бизларга бир қадоқ ҳам (озиқ-овқат) берилмайдиган бўлди”.
Улар оталарининг олдига етиб келишлари билан илк айтган сўзлари шу бўлди. Яъни, эй ота, Миср подшоҳи, агар келаси сафар Биняминни ҳам бирга олиб бормасак, бизларга ҳеч нарса бер­маслигини айтиб шундай деди:
– Энди агар уни менинг ҳузуримга олиб келмасангизлар, у ҳолда менинг даргоҳимда сизлар учун бир қадоқ ҳам нарса йўқдир. Менинг олдимга яқин келмай қўяқолинглар.
Сенга маълумки, бир оз фурсат ўтгач, биз яна озиқ-овқат излаб, у ерга қайтиб боришга мажбурмиз. Сендан ўтиниб сўраймиз, Бинямин биз билан бирга боришига рухсат бер, биз уни ҳар қан­дай кўнгилсизликлардан кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаймиз!
Оға-инилар ҳали юкларини очиб кўрмаёқ ушбу талабни ўр­тага ташладилар. Мақсад – Биняминни Мисрга олиб бориш муҳим бир вазифа эканини оталарига тушунтириш эди. Уларнинг бу гапи Яъқуб (алайҳиссалом) қалбида ётган эски алам ва қайғуларини қўзғатиб юборди. Чунки улар аввал Юсуф ҳа­қида ҳам “Уни эртага биз билан (айланишга) юборгин, ўй­наб-ёзилиб келсин. Албатта, биз уни қўриқлаб-муҳофаза қил­гувчилардирмиз”, де­йишган эди.
Шу сабаб Яъқуб (алайҳиссалом) ўғилларига инкор маъносида жавоб қайтарди:
– Мен уни сизларга ишонмайман. Магар илгари унинг биродарини ишонганимдек ишонаман.
Яъни, мен сизларга Биняминни илгари унинг туғишган биродари Юсуфни ишонганим каби топширишимни хоҳлайсизлар-ми? Ахир, бунинг натижаси Юсуф ва менинг Аллоҳга маълум бўл­ган муддатгача айрилиқда яшашимизга сабаб бўлди-ку! Йўқ, асло сизларга Биняминни ишониб топширолмайман. Мен фақатги­на Аллоҳ таолонинг ҳифзу ҳимояси ва ғамхўрлигига ишонаман. Зеро, У Зот Ўзи хоҳлаган бандаларини турли машаққат ва балолардан сақлагувчидир. Аллоҳ сақлаган банда, албатта, саломат бў­лади, сақламаса, унинг ҳаёти хавф остидадир. Шунингдек, У Зот махлуқотларига меҳрибондир. Мен Унинг раҳматига дохил бў­лишдан умидворман. Аллоҳ хоҳласа, Юсуфда бўлгани каби Бин­яминда ҳам ғам-ташвиш ва машаққат ичра қолмасман.
Оға-инилар оталарининг бу жавобидан Биняминни Мисрга юбора олмаслигини сезишди ва у билан кўп тортишиб ўтирмай, Мисрдан олиб келган юкларини очишди ва кутилмаган бир ҳоди­са юз берди. Қуръони карим бу қизиқарли воқеани қуйидагича ҳикоя қилади: “Қачонки улар (олиб келган) юкларини очиб кўриш­гач, нарсаларини ўзларига қайтарилганини кўриб...”
Яъни, улар Миср ҳукмдоридан “сотиб” олган юкларини очиб кўришганда, ушбу таомларнинг пули ўзларига қайтарилгани­ни, уларга сездирмай бу иш амалга оширилганини билиб, ҳайрон бў­либ, ёқаларини ушладилар. Сўнгра таажжубланиб оталарига қарата:
– Эй ота, мана, нарсаларимиз ўзимизга қайтарилибди. Яна нимани истаймиз? – дедилар.
Яъни, улар ҳаяжон ичида дедилар:
– Эй ота, Миср ҳукмдоридан бундан ортиқ яна қандай инфоқ-эҳсон ва саховат кутиш мумкин. У биз сўраган нарсаларни бериб, тўлаган пулларимизни сездирмай, яна ўзимизга қайтариб юбор­ганини қаранг!
“(Энди сен бизларга инимизни ҳам қўшиб юборсанг), яна оила­мизга озиқ-овқат келтирурмиз, инимизни муҳофаза қи­либ (бориб келурмиз) ва (инимиз учун ҳам) бир туя юкни ор­тиқроқ олурмиз”.
Яъни, агар шунга кўнсанг, биз яна Мисрдан оиламизга керакли бўлган озиқ-овқатларни олиб келардик. Шунинг баробарида Биняминни сафар чоғида ҳар қандай фалокатлардан омонда сақлаймиз, Миср ҳукмдоридан уни ўзимиз билан олиб келганимиз сабаб яна бир туя юкни зиёда қилиб оламиз.
 Чунки “Бу озгина нарсадир”. Яъни, Миср ҳукмдори бизларга берган таом жуда оз, у кам муддатга етади, биз Мисрга бориб, яна кўпроқ озиқ-овқат олиб келишимиз керак!
(“Бу озгина нарсадир” жумласининг иккинчи маъноси: Миср ҳокими жуда сахий ва бой. Бизлар олиб келган нарсалар унинг наздида ҳеч нарса эмас. У бизларга бундан ҳам кўп миқдорда озуқа ва керакли нарсаларни беришга қодир, деганидир. – Таржимон.)
Юқорида келтирилган сўзларнинг барчаси оталаридан Биняминни ҳам Мисрга юбориш учун рухсат олишга қаратилган эди. Уларнинг ушбу сўзларидан Миср подшоҳини жуда мақтаганлари, кичик укалари Биняминни сафар чоғида ҳимоя қила олишлари ва Фаластин юртида қаҳатчилик кенг тарқалгани сабаб кўпроқ озиқ-овқат олиб келишларини таъкидлаб айтганлари яққол кўз­га ташланиб турибди. Ўғилларининг шунча туриб қилган талабла­ри ва ўжарликларидан сўнг Яъқуб (алайҳиссалом) розилик бериш­га мажбур бўлди. Шунда ҳам уларга қуйидаги шартни қўйди:
“Агар мағлуб бўлиб, ҳалокатга учрамасангизлар, албатта, уни менинг олдимга келтиришингиз ҳақида Аллоҳдан васи­қа келтирмасангизлар, уни ҳаргиз сизлар билан бирга юбор­масман”.
Яъни, Аллоҳга қасамки, токи сизлар Аллоҳнинг номи билан қа­сам ичиб, уни соғ-омон қайтариб олиб келишга, агар барчаларингиз бирданига бирон фалокатга учрамасангиз ёки ожизлик билан душманга мағлуб бўлмаган тақдирда, қасам ичмагу­нингизча мен Биняминни сизлар билан Мисрга ҳаргиз юбора ол­майман!
“Энди, қачонки унга ўз аҳд-паймонларини беришгач, (Яъқуб): “Бу айтаётган гапларимизга Аллоҳ вакил – гувоҳдир”, деди.
Яъни, ўғиллари Биняминни Мисрдан соғ-омон қайтариб олиб келишга Аллоҳ номи билан қасам ичганларидан сўнг Яъқуб (алайҳиссалом) таъкид маъносида, аҳдга вафо қилишга тарғиб қила туриб деди:
– Аллоҳ таоло биз айни пайтда айтаётган гапларимизни эшитиб, билиб турибди. У Зот ваъдасига вафо қилувчиларни яхшилик билан мукофотлаб, ваъдага хилоф иш тутувчиларни эса ўз қилмишлари боис жазолагувчи адолатли Зотдир.
Орада ўзаро аҳдлашув ниҳоясига етгач, Яъқуб (алайҳиссалом) ўғилларига насиҳат қилиб шундай деди:
– Эй ўғилларим, бир дарвозадан кирманглар, балки бош­қа-бошқа дарвозалардан киринглар!
Яъни, Яъқуб ўғилларини сафарга кузатаркан, уларга қарата:
– Эй ўғилларим, Миср юртига етиб боргач, барчаларингиз ўн бир киши бўлиб, бир эшикдан кирманглар, балки турли эшиклардан киринглар ёки уч-тўрт киши бир эшикдан киринглар! – деди.
Айтилишича, ўша даврда Миср мамлакатига олиб кирувчи эшиклар тўртта бўлган.
Муфассирлар ўз китобларида Яъқуб (алайҳиссалом) ўғилла­рига нима сабаб бундай насиҳат қилгани борасида турли фикр­ларни билдирганлар. Бу фикрларнинг энг яхшиси Алусий айтган сўзлардир: “Яъқуб (алайҳиссалом)нинг ўғилларини бир эшик орқали киришларидан қайтарганига сабаб – уларга кўз тегиб қолиши, одамлар уларга ҳасад қилиб, бирон азият етказиб қў­йиш­ларидан хавфсираши эди. Зеро, улар чиройли, кўркам ва хушсурат йигитлар бўлишган”.
Алусий яна айтади: “Кўз тегиши ҳақиқатдир. Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан саҳиҳ ҳадис ворид бўлган: “Агар бирон нарса қадар (тақдир)дан устун бўлганида, албатта, кўз тегиши устун келарди”. Бошқа ривоятда шундай дейилган: “Албатта, кўз тегиши кишини қабрга киритса, туяни қозонга туширади”.  (Яъни, ҳасад, кўра олмаслик, бошқаларнинг ютуқ-муваффақият­ларига ёмон кўз билан қараш ҳалокатга сабаб бўлади. – Таржимон.)
Айтиладики: “Яъқуб (алайҳиссалом)нинг ўғилларига бундай амр қилишига сабаб, агар улар бир эшикдан кирсалар, Миср шаҳри қўриқчиларининг диққатини тортишларидан қўрқиши эди. Чунки шаҳар посбонлари уларни жосус ёки шу каби ёмон нарсаларда гумон қилиб, зиндонбанд қилишлари ва уларни Юсуф (алайҳиссалом)нинг олдига етиб боришларига тўсқинлик қилишлари мумкин эди”.
 “Мен сизлардан Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтара олмайман”. Бу гап уларнинг турли эшиклардан кириши ҳам Аллоҳ таолонинг уларга ёзиб қўйган тақдирига тўсқинлик қила олмаслигини билдиради. Яъни, мен сизларга айтаётган ушбу сўзим, насиҳатим билан Аллоҳ сизларга ёзиб қўйган нарсани қайтара олмайман. “Ҳукм ёлғиз Аллоҳнинг измидадир. Мен фақат У Зотнинг Ўзига таваккул қилганман”. Махлуқотлари устидан ҳукм чиқаришда ҳеч ким Унга шерик эмас ва Унинг ҳукмини бирон киши қайтара олмас. Шу сабаб мен барча ишларимни У Зотнинг Ўзига топширдим. “Барча таваккул қилгувчилар Унинг Ўзига таваккул қилсинлар!” Яъни, ҳақиқий таваккул қилувчилар сабабларини унутмаган ҳолларида  Аллоҳ таолога таваккул қилсинлар. Зеро, барча ишларда бандадан таваккул ва сабабларини амалга ошириш талаб этилади. Ақлли киши авва­ло, сабабларини амалга оширган ҳолида, доимо ҳақиқий ҳукм чиқариш Аллоҳгагина хос эканини яхши билади. Ишларнинг сабаби – бу ҳаракатлардан иборат. Аллоҳ хоҳласа, уни рўёбга чиқаради, хоҳламаса ўша иш зинҳор-базинҳор амалга ошмай қолаверади. Чунки Аллоҳ хоҳлаган ишини қилувчи адолатли ва ҳикматли Зотдир.
Яъқуб (алайҳиссалом) бу ерда ўғилларига зоҳирий сабабларни амалга ошириб, сўнгра Аллоҳ таолонинг Ўзига боғланиб, тавак­кул қилишларини таълим бермоқда. Ўғиллар ҳам отанинг бу на­сиҳатига қулоқ осдилар. “Улар оталари буюрган тарафдан киришлари улардан Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтаргувчи эмасдир. (Бу) фақат Яъқубнинг дилидаги бир эҳтиёж эдики, у ўзининг (шу эҳтиёжини) қондирган эди, холос”.
Бу ердаги “эҳтиёж”дан мурод – Яъқуб (алайҳиссалом)нинг одамлар ҳасадидан қўрқиб, ўғилларига Миср шаҳрининг турли эшикларидан кириш ҳақида қилган насиҳати эди. “Қондирди” дегани “уни ошкор қилди, ичида сақлаб тура олмади, уларга айтди” каби маъноларни англатади.
Яъни, оға-иниларнинг оталари амр қилган ҳолда шаҳарга киришлари Аллоҳ таолонинг уларга азалда ёзиб қўйган тақдирини қайтаролмас эди. Яъқуб эса кўнглида бир хавотир сезгани сабаб ўғилларига шундай насиҳат қилди. Уларга бўлган кучли оталик муҳаббати туфайли ўзи билган нарсаларни улардан яшириб тура олмади.
“Зотан, у Биз берган таълимимиз сабабли чуқур билим эгасидир. Лекин, одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар”. Бу Яъқуб (алайҳиссалом) илм соҳиби ва ишларни чиройли тадбир қила олиш малакасига эга бўлгани сабаб Аллоҳ тарафидан унинг шаънига айтилаётган мақтовдир.
Яъни, Биз ваҳий йўли орқали Яъқуб (алайҳиссалом)га кўплаб манфаатли илмларни бердик, у Аллоҳ хоҳлагандан бошқа нарсаларни зинҳор унутмас. Лекин одамларнинг аксарият қисми Биз пайғамбарларимизга илм-маърифат ҳамда чиройли сабр эта олиш хислатини берганимизни билмайдилар.
Ушбу бўлимда сиз Юсуф (алайҳиссалом) оға-иниларининг кичик укалари Биняминни Мисрга ўзлари билан олиб кетиш учун оталарини кўндиришлари ҳақидаги қиссадан бохабар бўлдингиз. Энди, қуйида воқеалар ривожи қандай давом этишини кўриб чиқамиз.

Юсуф (алайҳиссалом) ва оға-инилари (улар билан Бинямин ҳам бирга) ўртасидаги иккинчи учрашув

Юсуфнинг талабига кўра, оға-инилар Биняминни ҳам олиб Мисрга келишди ва у билан учрашишди. Уларнинг бу суҳбати киши диққатини ўзига жалб қилади. Мазкур учрашув кўп кутилмаган воқеа ва тасодифларга бой бўлди. Ҳикоя Аллоҳ таолонинг қуйида оятлари билан бошланади:
Қачонки улар Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у инисини ўзига тортиб: “Мен сенинг оғангман. Энди улар қилгувчи бўлган нарсадан ташвиш қилмагин”, деди. Бас, қачонки уларнинг ҳожатларини раво қилгач, инисининг юки орасига (билдирмай) бир қадаҳни солиб қўйди. Сўнгра эса жарчи: “Эй карвон эгалари, сизлар ўғридирсизлар”, деб жар солди. Улар (жарчилар) олдига келишгач: “Нима йўқотдингиз?”, дедилар. (Жарчилардан бири) айтди: “Подшоҳнинг қадаҳини йўқотдик. Уни топиб келтирган кишига бир туя юк (мукофотдир). Мен шунга вакилман”. Улар дедилар: “Аллоҳга қасамки, (бизлар ўғри эмасмиз). Ахир, бизлар бу ерга бузғунчилик учун келмаганимизни биласизлар-ку! Бизлар ўғри эмасмиз”. “Агар ёлғон айтган бўлсангизлар, (ўғрининг) жазоси нима бўлур?”, сўрашди (жарчилар). Улар дедилар: “Унинг жазоси кимнинг юки орасидан топилса, ўша кимса жазоланур – қул қилинур. Бизлар зулм қилган кимсаларни мана шундай жазолаймиз. Бас, (Юсуф (алайҳиссалом)нинг хизматкорлари ахтаришни) биродарининг идишидан илгари уларнинг (яъни, бошқа оға-иниларининг) идишларидан бошладилар. Сўнгра уни биродари идишидан “топиб” олди. Биз Юсуфга мана шундай ҳийла-тадбирни билдирдик. (Чунки Миср) подшоҳининг динида у биродарини олиб қола олмас эди. Магар Аллоҳнинг хоҳиши билан (олиб қолди). Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни юксак даражаларга кўтарурмиз. Ҳар бир илм соҳибининг устида (ундан устунроқ) билимдон бордир. Улар: “Агар бу ўғрилик қилган бўлса, илгари унинг биродари ҳам ўғрилик қилган эди”, дедилар. Бас, Юсуф бу гапни ичига солиб, уларга билдирмади. Ва (ўзича): “Сизлар энг ёмон-тубан мартабададирсизлар. Аллоҳ сизларнинг тўқиб чиқараётган гапларингизни жуда яхши билгувчидир”, деди. Сўнг улар дедилар: “Эй улуғ зот, унинг бир кекса отаси бор. Сен унинг ўрнига бизлардан биримизни олиб қолгин. Зотан, бизлар сенинг чиройли амалларни қилгувчи зотлардан эканингни кўрмоқдамиз”. (Юсуф (алайҳиссалом)) айтди: “Нарсамизни идишидан топиб олган кимсадан ўзгани олиб қолишдан Аллоҳ сақласин. Акс ҳолда, шак-шубҳасиз, золим кимсалардан бўлиб қолурмиз”. Энди қачонки ундан умидлари узилгач, (оға-инилар) бир четга чиқиб, хуфёна мас­лаҳатлашдилар. Уларнинг каттала­ри айтди: “Оталарингиз сизларнинг устингиздан васиқа олиб қолганини унутдингизми?! Илгари Юсуф тўғрисида ҳам шундай сусткашлик қилган эдинглар. Бас, то отам менга изн бермагунича ёки Аллоҳ менинг фойдамга ҳукм қил­магунича мана шу ердан ҳаргиз жилмайман. У Зот ҳукм қилгувчиларнинг яхшироғидир. Сизлар оталарингиз олдига қайтиб, айтинглар: “Эй ота, дар­ҳақиқат, ўғлинг ўғрилик қилди. Бизлар фақат кўрган-бил­ган нарсамизга гувоҳлик бермоқдамиз. (Олдин) ғайбни билмаган эдик. Биз бўлиб қайтган шаҳардан ва биз бирга келган карвондан сўраб-су­риштиргин. Албатта, бизлар ростгўй сўзлагувчилармиз” (Юсуф, 69–82).
“Қачонки улар Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у ини­сини ўзига тортиб: “Мен сенинг оғангман. Энди улар қилгув­чи бўлган нарсадан ташвиш қилмагин”, – деди.
Юсуфнинг оға-инилари унинг ҳузурига киришгач, уларнинг орасида турган туғишган укаси Биняминни кўриб, уни қучоқ очиб кутиб олди ва бағрига босди. Сўнгра укасини юпатиш, қалбига хотиржамлик киритиш мақсадида:
– Мен сенинг туғишган акангман. Энди сен ўгай оға-инила­ри­миз қилаётган ҳасад, нафрат, адоват ва азиятлардан қўрқма! Зеро, Аллоҳ таоло бизга сабр қилганимиз туфайли кўпгина яхшиликлар ато этди.
Шундан кейин Юсуф (алайҳиссалом) Биняминни ўзи билан олиб қолиш учун қандай чора қўллагани айтилади: “Бас, қачонки уларнинг ҳожатларини раво қилгач, инисининг юки орасига (билдирмай) бир қадаҳни солиб қўйди”. Бу ердаги “қадаҳ” под­шоҳ ичимлик ичадиган махсус идиш бўлиб, одатда у нафис маъдандан ишланар эди. Ўша даврда Юсуф (алайҳиссалом) у билан нарсаларни ўлчаган бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
Яъни, Юсуф оға-иниларининг ҳожатларига яраша озиқ-овқат бергач, хизматкор йигитларига укаси Биняминнинг юкига бир қадаҳни сездирмай солиб қўйишларини топширди. Сўнгра эса жарчи: “Эй карвон эгалари, сизлар ўғридирсизлар”, деб жар солди. Яъни, оға-инилар энди ўз юртларига қайтиб кетиш учун отланаётган чоғда бир нидо қилувчи:
– Эй карвон эгалари, сизлар ўғрилик содир этдингиз, ишингиз бир ёқлик бўлгунига қадар сабр қилиб туринглар, – деди.
Ўзларини ўғриликда айбланаётганларидан ҳайрон бўлган оға-инилар жарчининг олдига келиб: “Нима йўқотдингиз?”, деб сў­радилар. Яъни, эй одамлар, сизлар йўқотган нарса нима эди. Сизлар нима сабаб бизларни ўғриликда айблаяпсизлар?!
Шунда жарчилардан бири: “Подшоҳнинг қадаҳини йўқот­дик. Уни топиб келтирган кишига бир туя юк (мукофотдир). Мен шунга вакилман”, – деди. Яъни, биз подшоҳ ичимлик ичадиган, ҳожат тушганда баъзи нарсаларни ўлчайдиган идишни йўқотиб қўйдик. Кимки шу идишни топиб берса ёки ўғри кимлигини айтса, унга мукофот тариқасида яна бир туя юк озиқ-овқат қўшиб берилади. Мен подшоҳнинг идишини келтирган одамга ушбу мукофот берилишига кафилман.
Бунга жавобан, Юсуф (алайҳиссалом) оға-инилари ўзларига билдирилаётган айбловлар ноҳақ туҳмат эканини таъкидлаб шундай дедилар: “Аллоҳга қасамки, (бизлар ўғри эмасмиз). Ахир, бизлар бу ерга бузғунчилик учун келмаганимизни биласиз­лар-ку! Бизлар ўғри эмасмиз”.
Яъни, Аллоҳ номи билан қасам ичамизки, сизлар бизнинг ҳолатимиз, юриш-туришимиздан кўриб турибсизлар, сизнинг юртингизга фасод ёки нолойиқ ишларни қилиш учун келганимиз йўқ! Ахир, юртингизда неча кун турган бўлсак, шу вақтгача бирон марта ножўя бирон иш содир этмадик-ку? Зеро, бундай қилиш бизларга зиғирча ҳам манфаат олиб келмайди. Аксинча, фақат зиён келтиради, холос. Биз сизлардан бор йўғи озиқ-ов­қат сўрамоқдамиз. Агар шунча пайтгача ўғрилик билан шуғул­лан­ганимизда, сизлар аллақачон бизларни ўз ерингиздан ҳайдаб чиқарган бўлардингиз!
Бу гапларни эшитиб, Юсуф (алайҳиссалом) топшириғи билан иш кўраётган жарчилар уларга қарата дедилар:
– Агар ёлғон айтган бўлсангизлар, жазоси нима бўлур?
Яъни, агар подшоҳнинг қадаҳи сизлардан топилиб, “биз ўғри эмасмиз” деган даъвойингиз нотўғри бўлиб чиқса, у ҳолда сизнинг динингизда бунинг жазоси қандай бўлади?
Юсуф (алайҳиссалом) оға-инилари ўз динларида ўғриларга қандай жазо тури берилишини айтиб дедилар: “Унинг жазоси кимнинг юки орасидан топилса, ўша кимса жазоланур – қул қилинур. Бизлар зулм қилган кимсаларни мана шундай жазолаймиз”.
Яъни, подшоҳ қадаҳи кимнинг юки орасидан чиқса, унинг жазоси бир йил муддат ичида қул бўлишдир. Бизнинг динимизда ўғриларга шундай жазо белгиланади. (Зеро, ўғрилик қилиб, бошқа одамларга зиён етказган кимсаларнинг жазоси шу! – Таржимон.)
“Бас, (Юсуф (алайҳиссалом)нинг хизматкорлари ахтаришни) биродарининг идишидан илгари уларнинг идишларидан бошладилар. Сўнгра уни биродари идишидан “топиб” олди”.
Яъни, Юсуфнинг оға-инилари ва уларни ўғирликда айблаёт­ганлар ўртасида узоқ ва қизғин тортишув бўлиб ўтди. Охири улар Юсуфнинг қадаҳини оға-иниларининг юкларидан қидириб кў­ришга келишиб олишди. Улар Биняминнинг юкидан аввал бош­қа оға-иниларининг юкларини текшириб, ундан бирон нарса топа олмадилар. Охири Биняминнинг юки очиб кўрилганда, қадаҳ шу ердан чиқди ва у ҳаммага кўрсатилди.
Ҳа, бу манзара ва баҳсларда Юсуф (алайҳиссалом) ҳам шахсан ўзи қатнашган ҳамда бевосита унинг йўл-йўриқларига биноан уюштирилган эди бу ишларнинг ҳаммаси.
Сўнгра Аллоҳ таоло пайғамбари Юсуф (алайҳиссалом)га ил­ҳом қилган тадбиридан кўзланган ҳикмат баён қилинади: “Биз Юсуфга мана шундай ҳийла-тадбирни билдирдик”.
Оятнинг маъноси қуйидагича: Биз Юсуфга ўз мақсадига – укаси Биняминни ўзи билан олиб қолишга эришиши учун унга Биня­миннинг юклари орасига қадаҳни солиб қўйиш ва оға-инилари­нинг динида ўғрилик қилганларнинг жазоси қандай бў­лишини сўраш каби ишларни илҳом қилдик. Бу Бизнинг ҳик­матли тадбиримиз эди.
“(Чунки Миср) подшоҳининг динида у биродарини олиб қола олмас эди. Магар Аллоҳнинг хоҳиши билан (олиб қолди)”.
Яъни, Аллоҳ таоло Юсуф (алайҳиссалом)га илҳом қилган тадбир ҳикматини баён қилиб дейди: Чунки Миср подшоҳи­нинг динига кўра, ўғрилик қилганлар учун бир йил озодликдан маҳрум қилиш мумкин эмас эди. Бу фақатгина Яъқуб (алай­ҳиссалом) ва унинг ўғиллари динида эди. Миср подшоҳи­нинг динига кўра, ўғ­рилик қилган кимса калтакланиб, ўғирлаган нарсаси қийматини эгасига тўлаб бериши лозим эди. “Магар Аллоҳнинг хоҳиши билан (олиб қолди)”. Бу Аллоҳ таолонинг Юсуф (алайҳиссалом)га кўрсатган фазли, марҳаматидан далолатдир. Яъни, агар Аллоҳ Юсуфга шу тадбирни билдирмаганида, у укаси Биняминни ўзи билан олиб қолишнинг уддасидан чиқа олмаган бўларди. Аллоҳ изни ва иродаси билан ушбу иш содир бўлди. Барча нарса Аллоҳнинг иродасига боғлиқ.
“Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни юксак даражаларга кў­тарурмиз”. Яъни, Аллоҳ хоҳлаган бандасининг даражасини кў­тариб, хоҳлаганини туширади.
“Ҳар бир илм соҳибининг устида (ундан устунроқ) билимдон бордир”. Яъни, Аллоҳ даражаларини кўтарган зотлар ичида, Аллоҳнинг даргоҳида илм ва мартаба жиҳатидан бир-биридан устун бўлган кишилар бор.
Ўғрилик содир этган Бинямин эканини билишган, Юсуфнинг оға-инилари:
– Агар бу ўғрилик қилган бўлса, илгари унинг биродари ҳам ўғрилик қилган эди, – дедилар.
Яъни, танг вазиятда, қийин аҳволда қолган Юсуфнинг оға-инилари дедилар:
– Бинямин подшоҳнинг махсус идишини ўғирлаган бўлса, илгари унинг биродари Юсуф ҳам шунга ўхшаш нарса билан ўғир­лик содир этган эди.
Юсуф (алайҳиссалом) биродарлари айтаётган ушбу сўздан ни­ма кўзлангани борасида муфассирлар турли ривоятларни келтирадилар. Улардан бирида айтилишича, Юсуф (алайҳиссалом) ёшлик чоғида олтин ва кумушдан ишланган бир бутни ўғирлаб, уни синдириб, майда-майда қилади ва кўчага улоқтиради. Бу ерда оға-инилар ана ўша воқеани назарда тутмоқдалар.
«Бас, Юсуф бу гапни ичига солиб, уларга билдирмади. Ва (ўзича): “Сизлар энг ёмон-тубан мартабададирсизлар. Аллоҳ сизларнинг тўқиб чиқараётган гапларингизни жуда яхши Билгувчидир”, деди».
Яъни, Юсуф (алайҳиссалом) ўзи ва туғишган укаси шаънига айтилаётган ушбу нолойиқ сўзларни эшитиб, ғазаби келди. Бу нарса Юсуфга хуш ёқмади. Аммо ўзини базўр тийиб турди, уларнинг гап­ларидан жунбушга келганини сездирмасликка ҳаракат қилди ва:
– Балки, эй оға-инилар, ўзларингиз мен ва укамдан ҳам кўра ёмонроқ ва бошқаларга кўпроқ озор берувчидирсизлар. Чунки сизлар оталарингизни алдадингиз. Мени қудуққа ташлаб, уни бўри еб кетди, деб ёлғон айтдингиз. Сиз айтаётган гапларнинг ноҳақ ва бўҳтон эканини Аллоҳ таоло мендан ҳам, сизлардан ҳам яхшироқ билувчи Зотдир, деб жавоб қайтарди.
Шунда Юсуфнинг оға-инилари илтижо ва ўтинч ила де­дилар:
– Эй улуғ зот, унинг бир кекса отаси бор. Сен унинг ўрни­га бизлардан биримизни олиб қолгин.
Яъни, эй мўътабар зот, сен бизларга кўпдан-кўп лутфу карам ва саховат кўрсатдинг. Сен бир йил муддатга ўзинг билан олиб қолмоқчи бўлган Бинямин укамизнинг ёши бир жойга бориб қар­тайиб қолган кекса отаси бор. У ўғлини жуда қаттиқ яхши кў­ради. Шу сабаб, уни уйга қайтариб олиб бормасак бўлмайди. Сен унинг ўрнига бизлардан биронтамизни олиб қолақол, токи биз отамизни яна ташвишга қўймайлик. Биз ушбу илтимосимизни фақат сени муҳсин кишилардан, одамларга яхшилик қиладиганлардан, деб билганимиз учунгина қилаяпмиз. Сен шу сифатингга содиқ қолиб, Биняминни озод қил ва у биз билан юртига қайтиб кетсин!
Лекин Юсуф (алайҳиссалом) уларнинг бу талабига қатъий тарзда инкор жавобини берди: “Нарсамизни идишидан топиб ол­ган кимсадан ўзгани олиб қолишдан Аллоҳ сақласин”. Яъни, ўзларингиз айтдинглар, динингиз талабига кўра, ўғрилик қил­ганлар бир йил муддат озодликдан маҳрум қилинади. Бас, биз ушбу ҳукмни ҳаётга татбиқ қилмоқчимиз. Ҳақиқий айбдор қолиб, бошқа кишини олиб қолишдан Аллоҳ сақласин!
“Акс ҳолда, шак-шубҳасиз, золим кимсалардан бўлиб қо­лурмиз”. Яъни, нарсаларимизни юкидан топган Биняминдан ўзга кишини олиб қолсак, бу аниқ зулм қилиш бўлади. Бизнинг ҳам, сизларнинг ҳам динингизда зулм қораланади-ку, ахир! Бас, бизлар билан бу хусусда тортишишни бас қилинглар. Биз золим кимса­лардан бўлиб қолишни зинҳор истамаймиз!
Ушбу қатъий инкор жавобидан сўнг оға-иниларнинг Биня­минни ўзлари билан олиб кетишга бўлган умидлари буткул сўн­ди. Улар, энди юртларига қайтиб боргач, оталарига нима деб жавоб бериш, ўз айбларини қандай ювиш ҳақида бош қотира бошладилар.
Оға-иниларнинг умидлари пучга чиққач, бир четга чиқиб, махфий тарзда ўзаро маслаҳатлаша бошладилар. Уларнинг катталари айтди: “Оталарингиз сизларнинг устингиздан васиқа олиб қолганини унутдингизми?! Илгари Юсуф тўғрисида ҳам шундай сусткашлик қилган эдинглар. Бас, то отам менга изн бермагунича ёки Аллоҳ менинг фойдамга ҳукм қилмагунича мана шу ердан ҳаргиз жилмайман. У Зот ҳукм қилгувчилар­нинг яхшироғидир”.
Яъни, оға-инилар укалари Биняминни озод қилиш ёки унинг ўрнига бошқа бирларини қолдиришга Юсуфни ҳеч кўндира олишмагач, мақсадга етишишдан умидлари узилди. Сўнгра ўза­ро йи­ғилишиб, оталарининг олдига Биняминсиз қайтгач, қандай йўл тутиш борасида маслаҳатлашиб олмоқчи бўлдилар. Шу ерда уларнинг ёш жиҳатдан катталари Роавбин ёки ақл жиҳатдан етуклари Йаҳузо  деди:
– Оталарингиз сизларга Аллоҳ номи билан қасам ичириб, Бин­яминни сафарда соғ-омон сақлаш ва уни яна ўз юртига эсон-омон қайтариб олиб келиш ҳақида аҳд-паймон олгани эсингиздан чиқдими?! Аввал Юсуф ҳақида ҳам шундай эътиборсизлик қилган эдингиз. Уни сақлашга ваъда бериб, сўнгра қудуққа ташлаб юборгандинглар! Энди ҳаммаси ёдингизга тушди. Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, отамга берилган аҳдни бузмаслик учун токи отам­нинг ўзи бу ердан чиқиб кетишга изн бермагунича ёки Аллоҳ чиқиб кетишни амр қилмагунича зинҳор Мисрни тарк этмайман. Зеро, Аллоҳ таоло ҳукм қилувчиларнинг энг адолат­лисидир. У Зот фақат ҳақ ила ҳукм қилур.
Сўнгра у сўзини давом эттириб деди: Сизлар оталарингиз олдига қайтиб, айтинглар: “Эй ота, дарҳақиқат, ўғлинг ўғри­лик қилди. Бизлар фақат кўрган-билган нарсамизга гувоҳлик бермоқдамиз”. Яъни, эй оға-иниларим, сизлар ҳозир отангиз Яъқубнинг олдига бориб, мулойимлик билан шундай денглар:
– Эй ота, ўғлинг Бинямин подшоҳнинг қадаҳини ўғирлади, қадаҳ унинг юклари орасидан топилди. Биз унинг ўғрилик қил­ганини аниқ билганимиз учун айтаяпмиз бу гапларни! “(Олдин) Ғайбни билмаган эдик”. Яъни, сенга уни соғ-омон сақлашимиз ҳақида ваъда бераётганимизда унинг келажакда ўғрилик содир этишини билмаган эдик. Агар биз айтаётган гаплардан шубҳада бўлсанг, хоҳлаган кишингни биз бўлиб қайтган шаҳарга жўнат ва улар бу ҳодисаларни жуда яхши биладилар. Ёки биз билан бориб, қайтган карвондаги одамлардан сўра бу ҳодисаларнинг асл ҳақиқатини. Улар сенга уни батафсил сўзлаб берадилар. Зеро, бизнинг ҳар бир айтаётган гапимиз ҳақиқатдир.
Бу бўлимда сизлар Юсуф (алайҳиссалом) оға-инилари ўз укалари Бинямин билан Мисрга иккинчи бор сафар қилганларида подшоҳ билан бўлиб ўтган воқеалардан хабардор бўлдингиз. Ай­ни чоғда Миср юртининг ҳукмдори – Юсуф укаси Биняминни ўзи билан олиб қолиш илинжида, оға-инилар бўлса, уни ўз юртларига соғ-омон олиб келишга қаттиқ ваъда берган эдилар. Хўш, оға-инилар бундай вазиятда қандай йўл тутдилар?

Яъқуб (алайҳиссалом)нинг ўғилларини Юсуф ва укаси Биняминни қидиришга ундаши

“Ўғрилик” содир этган Бинямин Мисрда Юсуф (алайҳиссалом) билан қолгач, оға-инилар уни ташлаб юртларига қайтиб кетишга мажбур бўлдилар. Бу нарса Яъқуб (алайҳиссалом)нинг шундоқ ҳам эзилиб турган қалбига янада баттарроқ қайғу-алам қўшди. Лекин қалби шикаста бўлса-да, кучли имони сабаб Аллоҳнинг раҳ­матидан ноумид бўлмади. Келинг, яхшиси қиссанинг давоми билан Қуръони карим оятлари орқали танишиб чиқайлик:
 (Яъқуб (алайҳиссалом) деди: “Йўқ, сизларнинг ҳавойи нафс­ларингиз бирон нарсани чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Шоядки, Аллоҳ уларнинг барчаларини бағримга қайтарса. Албатта, У Зот билим ва ҳикмат соҳибидир”. Кейин улардан юз ўги­риб, деди: “Эй бечора Юсуф-а!” Ғам-алам ютавериб у зотнинг кўзлари оқарди. (Шунда ўғиллари): “Аллоҳ номига қасамки, сен то рамақижон  бўлиб қолгунингча ёки бир йўла ҳалок бўлгунингча Юсуфни эслайверадиган бўлдинг”, дедилар. У айтди: “Мен ғаму ташвишдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қилиб (йиғламоқдаман) ва мен Аллоҳнинг (меҳрибон, раҳм­ли экани ҳақидаги) сизлар бил­майдиган нарсаларни билурман. Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг биродарини изланглар ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур” (Юсуф, 83–87).
Оға-инилар Миср сафаридан қайтиб келиб, бўлиб ўтган во­қеалардан оталарини хабардор қилишгач, унинг ташвиши янада ортди ва:
– Йўқ, сизларнинг ҳавойи нафсларингиз бирон нарсани чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир, – деди. Яъни, аслида ҳолат сизлар айтаётганчалик эмас, балки бузуқ нафсингиз сизларга яна бирон ёмон ишни зийнатлаб кўрсатган. Мен энди чиройли сабр қилишни ўзимга лозим тутаман.
Сўнгра, Яъқуб (алайҳиссалом) Аллоҳнинг раҳматидан умид қилган ва вақти келиб Аллоҳ таоло барча фарзандларини бағрига қайтаришига ишонган ҳолида деди: “Шоядки, Аллоҳ уларнинг барчаларини бағримга қайтарса. Албатта, У Зот билим ва ҳикмат соҳибидир”.
Яъни, шояд Аллоҳ таоло фарзандларим Юсуф, Бинямин ва Роавбинларни яна бағримга қайтарса. У менинг ҳолатимдан хабардор ва ҳар бир қилаётган иши ҳикматли бўлган Зотдир.
Яъқуб (алайҳиссалом) томонидан айтилаётган ушбу сўзлар унинг кучли имон соҳиби экани, Аллоҳ таолога қаттиқ боғланга­ни ва У Зотнинг карами, марҳаматидан умидвор эканига далолат қи­лади. Гўёки у мазкур сўзларни айтар экан, бошқалар оддий сезги аъзолари билан ҳис қила олмаган нарсаларни Яъқуб Аллоҳ қалбига солиб қўйган имон нури билан кўраётгандек эди.
Аввал Юсуфнинг ҳажрида изтироб чекаётган маҳзун ота, энди Биняминдан ҳам айрилгач, қалбини ўртаётган ғам-алам янада кучайиб, охири кўз нуридан ҳам айрилди: “Кейин улардан юз ўгириб, деди: “Эй бечора Юсуф-а!” Ғам-алам ютавериб у зотнинг кўзлари оқарди”.
Яъни, ўғилларидан ушбу сўзларни эшитган Яъқуб (алай­ҳис­са­лом) кўнглидаги эски яра янгиланди ва ота ўғилларидан юз ўгир­ди. Ўғлининг ҳажрида адо бўлган ота йиғлайверганидан кўз нуридан ҳам айрилди.
Оталарини бундай аянчли аҳволда кўрган ўғиллари дедилар: “Аллоҳ номига қасамки, сен то рамақижон бўлиб қолгу­нингча ёки бир йўла ҳалок бўлгунингча Юсуфни эслайверадиган бўлдинг”.
Яъни, Аллоҳга қасамки, эй ота, шундай қайғу-алам устига яна Юсуфни эслайвериб, ҳолдан тоясан ёки бу дунёни тарк этадиган ҳолга келиб қоласан, ахир!
Бунга жавобан оталари деди: “Мен ғаму ташвишдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қилиб (йиғламоқдаман) ва мен Аллоҳ­нинг (меҳрибон, раҳмли экани ҳақидаги) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман”.
Яъни, Юсуфнинг фироқида қилаётган бу ташвишларимдан фақатгина Аллоҳга шикоят қиламан, бошқасига эмас. Зеро, У Зот менинг ҳолатимдан хабардор ва мени бундай ташвишлардан чиқаришга қодир. Бас, сизлар мени ўз ҳолимга қўйинглар, чунки мен Аллоҳ таоло мусибатга сабр қилувчи кишиларга қандай савоб, яхшилик беришини сизлардан кўра яхшироқ биламан. У Зот фарзандларимни ёнимга қайтаришидан умидим узилмаган. Мен Аллоҳ ҳақида яхши гумондаман.
Шу сўзларни фарзандларига тушунтирган Яъқуб (алайҳис­са­лом) энди уларни Юсуф ва укаси Биняминни топиб келишга амр қил­ди ва Аллоҳнинг раҳматидан умидсизланмасликка ча­қириб деди:
– Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг биродарини изланглар ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур.
Яъни, эй ўғилларим, Мисрга ёки Юсуф ва укаси бор бўлиши мумкин бўлган жойга бориб, уларни қидиринглар. Аммо шуни унутмангларки, зинҳор Аллоҳнинг раҳматидан – ёрдами, мар­ҳамати кенглигидан шубҳада бўлманглар! Чунки Аллоҳнинг раҳ­матидан фақатгина У Зотнинг улуғлиги ва раҳматининг кенг­лигини билмайдиган, билсалар ҳам инкор қиладиган кофир қавмгина ноумид бўлади. Лекин мўминлар бундай қилмайдилар. Улар, ҳатто бошларига беҳисоб мусибат ёғилса ҳам, Аллоҳнинг лутфу карамидан умид қилиб, сабр билан олға борадилар!

Юсуф ва оға-инилари ўртасидаги учинчи учрашув

Ўғиллари оталарининг амрига қулоқ тутиб, Мисрга учинчи бор сафарга жўнаб кетдилар ва у ерга етиб бориб, Миср ҳукмдори Юсуф (алайҳиссалом) билан учрашдилар. Қисса қуйидагича бошланади:
Энди қачонки (Мисрга етиб келиб, Юсуф (алайҳиссалом)нинг) ҳузурига киришгач, дедилар: “Эй улуғ зот, бизни ва аҳли оила­мизни очарчилик ушлади. Бизлар ўтмас матоларни олиб келдик. Бизларга етарли ўлчовда (озиқ-овқат) бергин ва бизларга хайр-садақа қилгин! Аллоҳ, шак-шубҳасиз, садақа бергувчи зотларга мукофотлар ато этур”. (Юсуф (алайҳиссалом)) деди: “Ёш-нодон пайтингизда Юсуф ва унинг биродарига нима ишлар қилганингизни эслайсизларми?” Улар: “Сен Юсуфмисан?”, деб сўрадилар. “Ҳа, мен Юсуфман, бу эса биродаримдир. Аллоҳ бизларга марҳамат кўргузди. Дарҳақиқат, кимда-ким Аллоҳдан қўрқиб, сабр-қаноат қилса, албатта, Аллоҳ бундай чиройли амаллар қилгувчи кишиларнинг аж­ру мукофотини зое қилмас”, деди у. Улар дедилар: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени бизлардан афзал қилмишдир. Бизлар эса, шак-шубҳасиз, адашгувчилардан бўлдик”. У деди: “Бу кун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У Зот раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир. Сизлар мана бу кўйлагим­ни олиб бориб, отамнинг юзига ташласангиз, унинг кўзлари очилур. Сўнг барча аҳли оилаларингиз билан бирга менинг ол­димга келинглар!” Карвон (Мисрдан) чиқиши биланоқ ота­лари (Яъқуб (алайҳиссалом)): “Мен Юсуфнинг бўйини туй­моқдаман. Агар мени ақлдан озган де­масангизлар”, деди. Улар айтдилар: “Аллоҳга қасамки, сен ўша эски хатойингда турибсан”. Энди қачонки хушхабарчи келиб, уни кўзига ташлагач, унинг кўзлари очилди. “Сизларга мен Аллоҳнинг (Меҳрибон, Раҳмли эканлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман, демаганмидим”, деди у. Улар дедилар: “Эй ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни кечиришини сўрагин! Албатта, бизлар хато қилгувчилардан бўлдик”. У айтди: “Албатта, Парвардигоримдан сизларни мағфират қил­моғини сўрайман. Зотан, ёлғиз У Зотгина мағфират қил­гувчи, меҳрибондир” (Юсуф, 88-98).
Оға-инилар оталарининг гапига кириб, ўзларида бўлган бор нарсаларни олиб, озиқ-овқатга алиштириш мақсадида Миср томон равона бўлдилар. Мисрга етиб келиб, Юсуф (алайҳиссалом)­нинг ҳузурига киришгач: “Эй улуғ зот, бизни ва аҳли оиламизни очарчилик ушлади. Бизлар ўтмас матоларни олиб келдик”, дедилар. Яъни, бизлар қашшоқлик ва қаҳатчиликка дучор бўлдик. Шу сабаб бу сафар юртимиздан энг сифатсиз, ўтмас молларни олиб келдик, уни кўрган ҳар қандай савдогар эътиборсизлик билан юз ўгириши тайин. Шундай бўлса-да, “бизларга етарли ўлчовда (озиқ-овқат) бергин ва бизларга хайр-садақа қилгин!” Яъни, биз ҳолимизни сенга арз қилдик. Шундай экан, сен бизларга ўзимиз учун етарли бўлган нарсаларни бериб, инфоқ-эҳсон қилгин. Зеро, Аллоҳ таоло садақа қилувчи бандаларини бошқаларга нисбатан кўпроқ ажру мукофотлар билан сийлайди.
Уларнинг бу талабларига Юсуф (алайҳиссалом) шундай деди: “Ёш-нодон пайтингизда Юсуф ва унинг биродарига ни­ма ишлар қилганингизни эслайсизларми?” Яъни, Юсуф (алай­ҳиссалом) уларга танбеҳ бериш ва бир пайтлар содир этган ха­то­ларини ёдларига солиб қўйиш мақсадида:
– Юсуф ва унинг биродарига зулм, азият етказиб, кўп адоват­да бўлганларингиз ёдингиздами, шундай ишларни қилганингизни биласизларми? Ўша пайтда сизлар бу қилмишларингиз оқибати ҳақида ҳеч ҳам ўйлаб кўрмаган эдингиз! – деди.
Юсуф (алайҳиссалом) айтаётган бу сўзлар унинг юксак одоб эгаси бўлганидан дарак беради. Зеро, у оға-иниларининг мазкур қилмишлари уларнинг ёшлик чоғларида ўйламай, нодонлик билан амалга оширилганини айтиб, ўзларини ўнглашга, хулқлари­ни ислоҳ қилишга чиройли йўл орқали чақирмоқда.
Шунда оға-инилар сергак тортиб, ҳаяжон билан: “Сен Юсуфмисан?”, деб сўрадилар. Яъни, шунча пайтдан бери бизларга яхшилик қилиб келаётган киши биродаримиз Юсуфмидинг?! Биз сендан ёшлигимизда айрилган эдик, деб юрсак, сен Мисрдек азим бир мамлакатга подшоҳ бўлибсан-а?!
Бунга жавобан Юсуф (алайҳиссалом) деди:
– Ҳа, мен Юсуфман, бу эса биродаримдир. Аллоҳ бизларга марҳамат кўргузди.
Яъни, ҳа, сизлар айтаётган ва бошига не кунларни солмаганингиз ўша Юсуф менман. Бу эса, менинг туғишган укам Бинямин. Аллоҳ илҳом қилиб, уни ўзим билан олиб қолишга муваф­фақ бўлдим, сизлар билан юртингизга жўнаб кетишига йўл қўй­ма­дим. Аллоҳ таоло бизларга фазлу марҳаматини кўрсатиб, узоқ айрилиқдан сўнг яна бир ерга жамлади, қийинчиликдан енгиллик, тангликдан кенглик сари олиб чиқди.
Шу ерда Юсуф (алайҳиссалом) ўзи эришган ютуқ-муваф­фа­қиятлар сабабини айтиб ўтади: “Дарҳақиқат, кимда-ким Аллоҳ­дан қўрқиб, сабр-қаноат қилса, албатта, Аллоҳ бундай чиройли амаллар қилгувчи кишиларнинг ажру мукофотини зое қилмас”.
Яъни, Аллоҳ таолога тақво қилиб, ўзини У Зот рози бўлмай­ди­ган ишлардан сақлаб, қазои қадарида ёзилган барча нарсага сабр қилган бандаларига Ўз раҳмати ила раҳм қилади, лутфу карамини дариғ тутмайди. У Зот ихлос билан чиройли амал қилувчиларнинг амалларини зое қилмас. Бу Аллоҳнинг ўзгармас тақдиридир.
Ушбу гапларни эшитгач, Юсуф (алайҳиссалом) оға-инилари кўз ўнгида ўтмишда қилган манфур ишлари яққол гавдаланди ва бундан ўзларини ноқулай ҳис қилиб, Юсуф (алайҳиссалом) олдида хижолат торта бошладилар. Чунки улар Юсуфга шунча озор-ситам етказсалар-да, у бунга яхшилик билан жавоб қайтарган эди. Оға-инилар энди ўзларини паст олиб, мулойимлик билан:
– Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени бизлардан афзал қил­мишдир. Бизлар эса, шак-шубҳасиз, адашгувчилардан бўл­дик, – дедилар.
Яъни, Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтамизки, У Зот сени Ўзининг хос бандаларидан қилиб танлаб олди, сенинг бизлар­дан устунлигинг тақво, сабр ва яна кўпгина мақталган хислатлардадир. Аммо биз сенга зулм қилиб, хато қилдик. Сени Аллоҳ азизу мукаррам қилиб, бизларни эса хор қилди. Сени бой-ба­давлат, бизларни фақир этди. Энди биз сендан кечирим сўраб, гуноҳимиздан ўтишингни илтимос қиламиз!
Юсуф (алайҳиссалом) уларга бағрикенглик билан шундай деди:
– Бу кун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У Зот раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир.
Яъни, эй оға-иниларим, сиз бугун маломат қилинмайсиз­лар. Сизларнинг мен ва укамга қилган озорларингизни кечириб юбордим. Энди мен Аллоҳнинг сизлардан ўтган гуноҳ ишларни мағфират этишини умид қиламан. Зеро, У бандаларига энг раҳм­ли бўлган Зотдир.
Юсуф (алайҳиссалом) сўзида давом эта туриб деди:
– Сизлар мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташласангиз, унинг кўзлари очилур. Сўнг барча аҳли оила­ларингиз билан бирга менинг олдимга келинглар!
Яъни, эй оға-иниларим, менинг фироғим сабаб кўзлари ожиз бўлиб қолган отамнинг кўзига ушбу кўйлагимни олиб бориб ташланглар. Шунда унинг кўзи яна кўра бошлайди ва менинг олдимга оила аъзоларингизнинг барчаларини олиб келинглар!
Юсуф (алайҳиссалом)нинг бу сўзи Аллоҳ таолонинг ваҳийси билан айтилган эди. У Зот Юсуфга кўйлаги отасининг юзига ёпилса, кўзи очилишини билдирган. Бу нарса ушбу икки пайғамбарга тегишли мўъжизалардан биридир.
Оға-инилар Юсуфнинг талабини бажариш учун кўйлагини олиб, ватанларига қайтиб кетдилар. Қуръони карим қиссанинг давомини қуйидагича келтиради: «Карвон (Мисрдан) чиқиши биланоқ оталари (Яъқуб (алайҳиссалом): “Мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман. Агар мени ақлдан озган демасангизлар”, деди».
Яъни, карвон Юсуф оға-иниларини олиб Мисрдан ўз юртлари томон жўнагач, Яъқуб (алайҳиссалом) ўзи билан бирга ўтирган кишиларга деди:
– Менга қулоқ солинглар! Мен Юсуфнинг ҳидини сезяпман. Бу яқин орада у билан учрашишимиздан дарак беради. Агар сиз­лар мени ақлдан озган демасангиз, айтаётган сўзларимни тас­диқла­ган бўлар эдингиз.
Аллоҳ таоло Яъқуб (алайҳиссалом)га бир кунлик масофадан ўғ­ли Юсуфнинг ҳидини сездирган эди. Бу очиқ-ойдин пайғам­барлик мўъжизасидир.
Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Аллоҳ таоло Яъқубга Юсуфнинг ҳидини етказди. Шунингдек, Сулаймонга Бил­қиснинг тахтини у кўрмасидан аввал кўрсатган эди”.
Лекин Яъқуб (алайҳиссалом) олдида ўтирганлар бирон нарсани сезмадилар. Шу сабаб “Аллоҳга қасамки, сен ўша эски хато­йингда турибсан”, – дедилар.
Яъни, Аллоҳ номига қасамки, сен ҳали ҳам аввалги хатойинг­дасан. У нарса сени ҳеч тарк этмаяпти. Сабаби – Юсуфни қаттиқ яхши кўришинг, уни бир кун келиб, албатта топаман, деб умид қилишинг ва у ҳақида кўп ўйлашингдир.
Йўқ, уларнинг гапи ёлғон бўлиб чиқди. Яъқуб (алайҳиссалом) тўғри айтган экан. “Энди қачонки хушхабарчи келиб, уни кў­зи­га ташлагач, унинг кўзлари очилди. “Сизларга мен Аллоҳ­нинг (меҳрибон, раҳмли эканлиги ҳақида) сизлар билмай­диган нарсаларни билурман, демаганмидим”, деди”.
Яъни, Яъқубнинг ўғиллари остонага яқинлашишгач, Юсуф­нинг кўйлагини кўтарган бир хушхабарчи Яъқубнинг олдига келиб, уни юзига ёпган ҳам эдики, худди аввал ҳеч нарса бўл­магандек Яъқубнинг кўзлари яна кўра бошлади. Бу Аллоҳ таолонинг Яъқуб (алайҳиссалом)га берган бошқа бир мўъжизаси эди. Юсуфнинг кўйлагини юзига ёпиши билан яна кўзлари очилиб, ёруғ оламни кўра бошлаши мўъжиза бўлмай яна нима бўлсин?!
Сўнгра Яъқуб (алайҳиссалом) “Мен Юсуфнинг бўйини туй­моқдаман”, деганида инкор қилиб, уни касаллик ёки кексалик­да айблаган кишиларга қарата деди:
– Мен сизларга Аллоҳ таоло раҳмат, фазл ва яхшилик соҳиби эканини биламан, деб айтмаганмидим?!
Бундай кутилмаган ва ноқулай аҳволга тушиб қолган Яъқуб (алайҳиссалом) ўғиллари унга қарата:
– Эй ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни кечи­ришини сўрагин! – деб илтимос қилдилар. Яъни, эй ота, сен Аллоҳга илтижо ва тазарру қилиб, бизлар сен, ўғилларинг – Юсуф ва Биняминнинг ҳақига хиёнат қилиб, сизларга кўп озор берганимиз учун бу гуноҳларимизни афв этишини сўрагин. Зеро, бизлар аниқ хато қилувчи кимсалардан бўлдик!
Меҳрибон отанинг уларга қилган жавоби ҳам самимий бўлди. У деди:
– Мен Аллоҳга сизларнинг гуноҳларингизни кечиришини сў­раб истиғфор айтаман. Чунки У хоҳлаган бандасини кечириб, хоҳ­лаган бандасига Ўз раҳматини ёғдирувчи Зотдир.

Юсуф (алайҳиссалом)нинг барча оила аъзолари билан учрашуви

Қиссанинг шу еригача Юсуф ва оға-инилари орасида бўлиб ўтган қизғин суҳбатлар, Яъқуб ва ўғиллари ўртасидаги мунозаралар ва шу каби қизиқарли воқеа-ҳодисалар ҳикоя қилин­ди. Лекин воқеалар шу билан тугагани йўқ, албатта. Энди Юсуф (алай­ҳиссалом) ёшлигида кўрган тушининг ва Яъқубнинг бу тушга айтган таъбирининг рост экани, Яъқубнинг ўғиллари, оила­си билан ўғли Юсуфни кўргани Мисрга сафар қилгани, бу ерда улар йиғилгани айтилади. Қуръонга қулоқ тутайлик. У ўзининг бало­ғатли услуби билан қисса сўнгини қуйидагича келтиради:
Энди қачонки (манзилга етиб келишиб), Юсуфнинг ҳузури­га кирганларида, у ўзини ота-онасининг қучоғига отди ва: “Иншааллоҳ, Мисрга тинч-омон киринглар”, деди. У ота-онасини ўзининг тахтига чиқарди ва улар сажда – таъзим қил­ган ҳолларида йиқилдилар. У деди: “Эй отажон, мана шу илгари кўрган тушимнинг таъбиридир. Парвардигорим уни рост қилди. Дарҳақиқат, У Зот менга инъом қилди – мени зиндондан чиқарди, шайтон мен билан оға-иниларим орасини бузиб, иғво қилганидан кейин, мана сизларни чўлу саҳродан келтирди. Албатта, Парвардигорим Ўзи хоҳла­ган нарсани сездирмай амалга оширгувчи Зотдир. Албатта, Унинг Ўзигина билим ва ҳикмат соҳибидир. Парвардигорим, менга подшоҳликни ато этдинг, яна тушларнинг таъбиридан таълим бердинг. Эй осмонлар ва Ерни яратган Зот, дунёю охиратда Ўзинг Хожамдирсан. Мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин” (Юсуф, 99–101).
Энди қачонки (манзилга етиб келишиб), Юсуфнинг ҳузури­га кирганларида, у ўзини ота-онасининг қучоғига отди...”. Яъни, оға-инилар Юсуфнинг “Сизлар мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташласангиз, унинг кўзлари очилур. Сўнг барча аҳли оилаларингиз билан бирга менинг олдимга келинглар!”, деган даъватига ижобат қилиб, барчалари Миср юртига ташриф буюрдилар ва Юсуфнинг ҳузурига киришгач, у ота-онасини қучоқ очиб кутиб олди, ўзини уларнинг қайноқ бағрига отди ҳамда барчаларига қарата:
– Иншааллоҳ, Мисрга тинч-омон киринглар, – деди. Яъни, Миср юртига ҳеч бир ташвишсиз, очлик ва хавф-хатардан холи бўлган тарзингизда киринглар!
Муфассир олимлар ёзишича, Яъқуб ҳамда оиласининг Мисрга келишаётганидан хабар топган Юсуф ўз аъёнлари ва сарой амалдорлари билан уларнинг истиқболига чиқади. Бу ерда “Мисрга кириш”дан мурод у ерда маскан ва қўним топиш, унинг турли жойларида истиқомат қилишдир.
Айтилишича, ўша пайтда Мисрга сафар қилган Яъқуб (алай­ҳиссалом) оила аъзоларининг умумий сони тахминан саксон-тўқ­сон нафар бўлган.
Сўнгра Юсуф ота-онасига ҳурмат бажо қилиб, уларни ўз тах­тига ўтказди ва улар “сажда қилган ҳолларида йиқилдилар”. Яъни, Яъқуб ва унинг оиласи Юсуфга сажда қилиб, таъзим қил­дилар. Бу уларнинг динида жоиз нарса бўлиб, ушбу сажда қилиш фақатгина ҳурмат, эҳтиром ва салом маъносини ифодалаган. Бу шаръий маънодаги сажда эмас, чунки Аллоҳдан ўзгага сажда қилиш жоиз бўлмайди.
Улар таъзим бажо келтиришгач, Юсуф Аллоҳ берган неъматларни эслай туриб, деди:
– Эй ота, ҳозир сизларнинг менга ҳурмат юзасидан сажда қилишларингиз – ёшлик чоғимда кўрган тушимнинг рост чи­қиши­дир. Раббим бу тушни ўнгидан келтирди, узоқ йиллар ўтиб, У Зот менга унинг таъбирини ўз кўзим билан кўришга му­ваффақ этди!
Айтилишича, Юсуф (алайҳиссалом)нинг туш кўриши ва унинг рост экани маълум бўлиши орасида қирқ йил муддат ўтган.
Муҳтарам ўқувчи, ёдингизда бўлса, сура аввалида Юсуф (алай­ҳиссалом)нинг туш кўриши ҳақида айтиб ўтилган эди. Ўшанда у отасига: “Эй, отажон, мен тушимда ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрибман. Ҳаммалари менга сажда қилаётган эмишлар”, деган эди.
Сўнгра Юсуф ўз сўзида давом этади: “Дарҳақиқат, У Зот менга инъом қилди – мени зиндондан чиқарди”. Яъни, мен бир неча йил зиндонда турганимдан сўнг У Зот мени у ердан чиқа­риб, кўп яхшиликлар қилди. Шунингдек, сизлар чўлу биёбонда, Фа­лас­тиннинг Канъон деган жойида турган ҳолларингизда бар­чаларингизни Мисрда жамлади. Шайтон мен ва оға-иниларим орасига адоват уруғларини сочиб, фасод қилгач, улар мени қу­дуққа ташлаб юборган эдилар. Шукрки, ҳозир Аллоҳ бизларнинг ораларимизни ислоҳ қилди!
 “Албатта, Парвардигорим Ўзи хоҳлаган нарсани сездирмай амалга оширгувчи Зотдир. Албатта, Унинг Ўзигина билим ва ҳикмат соҳибидир”. Бу Юсуф (алайҳиссалом) томонидан Аллоҳ таолога айтилаётган ҳамду санолардир.
Яъни, Раббим Аллоҳ бандаларининг ишларини Ўзи хоҳлага­нича тадбир қилувчи, улар билмаган ҳолларида бандалари фойдасига иш кўрувчи Зотдир. У махлуқотларининг аҳволидан Хабардор, барча қилаётган тадбирларини ҳикмат билан амалга оширувчи Зотдир!
Шундан кейин Юсуф (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога ҳамду сано айтишни ушбу умумий дуо билан якунлайди: “Парвардиго­рим, менга подшоҳликни ато этдинг, яна тушларнинг таъбиридан таълим бердинг”. Яъни, эй Раббим, Сен менга фазлу караминг ила подшоҳлик ва ҳокимиятни бердинг, тавфиқинг билан тушларнинг тўғри таъбир қилиш илмини ҳам ато этдинг. “Эй осмонлар ва Ерни яратган Зот, дунёю охиратда Ўзинг хожамдирсан. Мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин!”
Яъни, осмонлар ва Ерни бетакрор, мукаммал қилиб яратган Зот, Сен дунёда ҳам, Охиратда ҳам менинг ёрдамчимсан. Вақти-соатим етиб, ажал эшик қоққанида, мени асл фитратим бўлмиш Исломда вафот эттиргин. Ҳаётлигимда ҳам мусулмон ҳолимда яшашга муваффақ қилгин, мени қабримда ва Қиёмат кунида бандаларинг орасидаги солиҳ, итоатгўй ва тақводор кишиларнинг қаторига қўшгин!
Ўзида турли яхшилик ва хайр-баракани жамлаган ушбу дуо билан Қуръони каримда келган Юсуф (алайҳиссалом) қиссаси ўз ниҳоясига етди. Юсуф (алайҳиссалом) қалбидан отилиб чиқаёт­ган ушбу холис дуолар обрў-эътибор, шуҳрат-мансаб ва ҳукмрон­лик уни Раббига итоат этишдан, Охират кунининг қоим бўлиши ва У кунда ҳисоб қилиниб, яхши бандаларга савоб, ёмон бандаларга эса жазо берилишини мудом эслаб туришдан тўсмагани ҳамда дунёвий, ўткинчи матоҳлар деб Аллоҳнинг йўлида юришдан машғул қилиб қўймаганидан дарак беради.
Юқорида келтирилганлар Қуръони каримдаги Юсуф (алай­ҳис­салом) қиссаси эди. У панд-насиҳат, ҳикмат, одоб-ахлоққа тўла бўлган қиссалардан биридир. Унда инсон нафсининг турли шароитлардаги ҳолати – севги ва ғазаби, қийинчилик ва енгил­ликка дуч келиши, яхшилиги ва ёмонлиги, сирли ва ошкора жи­ҳатлари, қайғу-алам, изтироблари ва севинчи кабилар муфассал баён қилиб ўтилди. Ушбу қиссадан эътибор қаратиш лозим бўл­ган қуйидаги хулосалар чиқади:
– Ҳасад разил иллат бўлиб, агар у нафсга ҳокимлик қилса, кишини рушду ҳидоят ва тўғри йўлдан оздиради ва ҳасадчи бундай ҳолатда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга соғлом ақл нуқтаи назари билан баҳо бера олмай қолади. Натижада ўзгаларнинг ютуқларини кўролмай, унинг завол топишини хоҳлайди.
Ҳа, ана ўша ҳасад туфайли Ер юзидаги илк қотиллик содир бўлганди. Қобил укаси Ҳобилни ўлдириб қўйган. Чунки Аллоҳ Ҳобил ихлосли бўлгани учун садақасини қабул қилиб, Қобилнинг ёмон нияти ва золимлиги сабаб қилган садақасини қабул этмаганди. Шунингдек, қалбларида мавж урган ҳасад туғёни сабаб оға-инилар Юсуфнинг бошига не кунларни солмадилар! Шаф­қатсизларча уни қудуққа ташлаб юбордилар!
Албатта, ҳасад ва унинг натижаси ёмондир. Шу сабаб Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳасад қи­лувчиларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрашга амр қилган: (Эй Му­ҳаммад), айтинг: “Мен тонг Парвардигоридан (менга) Ўзи яратган нарсаларнинг ёмонлигидан, зулмга чўмган кечанинг ёмонлигидан, тугунларга дам солувчи (жодугар)ларнинг ёмонлигидан ва ҳасад қилаётган ҳасадгўйнинг ёмонлиги­дан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман” (Фалақ, 1–5).
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам бу разил иллатдан умматларини қаттиқ наҳйи қилганлар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қи­лади: “Ҳасаддан (буткул) сақланинглар. Зеро, худди олов ўтинни еб битиргани каби ҳасад ҳам ҳасанот (яхшилик, савоб)ларни адо қилади” (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).
Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Сизларга аввалги умматлардан ҳасад ва бузғу адоват иллати ўтган. Бузғу адоват қирувчидир. Мен: “У сочларни қиради”, деб айтмайман, балки Динни қиради (яъни, ўзаро адоват кишини имонидан айиради)” (Имом Баззор ва Байҳақий ривояти).
– Юсуф оға-иниларининг барчаси унинг ҳақини поймол қилиб, хато-гуноҳ иш қилган бўлсалар-да, аммо уларнинг бу ҳолатдаги бир-бирларидан фарқлари катта эди. Улардан бири: “Юсуфни ё ўлдиринглар ёки бирон ерга олиб бориб ташланглар, (шундагина) оталарингиз фақат сизларга боқар. Кейин эса (тавба-тазарру қилиб) яхши қавм бўлиб олурсизлар”, деган бўлса, яна бошқаси: “Юсуфни ўлдирманглар, балки агар (ундан қутулиш учун) бирон иш қилмоқчи бўлсангизлар, уни қудуқ қаърига ташлаб юборинглар, йўловчи карвонлар олиб кетсин”, – деб маслаҳат солади.
Улар ушбу охирги фикрни маъқул топиб, қатъий бир қарорга келдилар. Оға-инилар орасидан мазкур фикрни билдиргани бир оз бўлса-да ақл-идрок соҳиби бўлган. Чунки у Юсуфни ўлдириб юбориш ёки кимсасиз, одам оёғи етмайдиган жойга олиб бориб ташлашдан кўра қудуққа ташлашни афзал кўрди ва ушбу чорани қўллаш билан бошқа оға-иниларининг қалблари таскин топишини билар эди. Хуллас, Аллоҳ таолонинг тадбири билан Юсуф (алайҳиссалом) оға-иниларининг бундай кучли адоватидан омон қолди.
– Юксак истеъдод, соғлом фикр эгаси бўлган киши, агар ишларни тўғри тадбир қила олса, холис хизмат қилиш шарти билан бирон мансабни талаб қилса зарари йўқ.
Миср подшоҳи Юсуфдаги ростгўйлик, илм, етук ақл ва нодир истеъдодни кўриб, унга: “Сен бу кун бизнинг даргоҳимизда мартабали, ишончли кишидирсан”, деди. Бунга жавобан Юсуф (алайҳиссалом) ҳам қуйидаги талабни ўртага қўйди: “Мени шу ернинг хазиналари устига қўйгин. Чунки мен (уларни) тўла-тўкис сақлагувчи ва (тўғри тасарруф қилишни) билгувчи кишиман”.
Юсуф (алайҳиссалом) бу юқори мансабни нафсининг ҳою ҳа­васига учиб эмас, балки халқ манфаатларини ўйлаб, уларнинг бошига тушадиган оғир қурғоқчилик йилларида қўлидан кел­ганича уларга бирон наф етказиш учунгина талаб қилган эди.
– Фарзандларнинг ёшлик ёки нодонлик билан қилиб қўйган баъзи хато-камчиликлари ақлли оталарни уларга муҳаббат қў­йиш, асраб-авайлашдан тўсиб қўймайди. Яъқуб (алайҳиссалом)га эътибор беринг. Юсуфнинг оға-инилари уни қудуққа ташлаб, сўнг йиғлаган ҳолларида келиб: “Уни бўри еб кетди”, десалар ҳамда Юсуфнинг укаси Биняминни ўзлари билан сафарга олиб кетиш учун қаттиқ туриб ўжарлик қилсалар ҳам, Яъқуб (алайҳиссалом) одамлар ҳасад қилишидан қўрқиб, оталик меҳри билан уларга Мисрга етиб боргач қандай йўл тутиш борасида насиҳат қилди.
– Аллоҳ басийрат кўзини чароғон этган пок нафс соҳиби, кучли имон, мустаҳкам ирода ва юксак одоб эгаси бўлган киши, гарчи у оғир мусибатлар домида қолган бўлса ҳам, Аллоҳнинг раҳ­матидан ноумид бўлмайди. Яна Яъқуб (алайҳиссалом)га эъти­бор беринг. Ўғиллари Мисрдан Биняминсиз қайтиб келиб: “Эй ота, дарҳақиқат, ўғлинг ўғрилик қилди. Бизлар фақат кўрган-бил­ган нарсамизга гувоҳлик бермоқдамиз. (Олдин) ғайбни билмас эдик”, деганларида, унинг қайғусига қайғу, дардига дард қўшилди. Аммо зинҳор ўғилларини яна кўришдан умидини узмади. Ўғилларини Аллоҳнинг раҳматидан умид қилишга чорлар экан деди: “Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг биродарини изланглар ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўл­манг­лар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмги­на ноумид бўлур”.
Аллоҳ таоло бандаси Яъқуб (алайҳиссалом)ни фазлу марҳа­мати билан ниятига эриштирди, уларнинг барчаларини яна бағ­рига қайтарди.
– Қуръони каримда ҳикоя қилинаётган Юсуф (алайҳиссалом) ҳаётининг турли поғона ва босқичлари ҳақида ўйлаб кўрган киши ушбу илоҳий Китоб Аллоҳ таоло томонидан нозил қи­лин­ганига яна бир бор амин бўлади, имон ва эътиқоди мус­таҳ­камланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Юсуф ва бошқа пай­ғам­барлар билан замондош бўлмаганлар, шунга қа­рамай Қуръони каримда пайғамбарлар қиссаси моҳирона услубда ҳикоя қилинган. Зеро, Аллоҳ таоло айтадики: “Ахир, улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қар­шиликларни топган бўлар эдилар-ку?!” (Нисо, 82).
Юсуф (алайҳиссалом) қиссаси Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўз­лари билан ниҳояланади: “(Эй Муҳаммад), бу Биз Сизга ва­ҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. (Чунки Сиз Юсуфнинг оға-инилари) макр-ҳийла билан ўзларининг режаларини тузиб иттифоқ қилишаётган пайтларида уларнинг ёнларида ҳозир эмасдингиз”.
Юқорида санаб ўтилганлар мазкур қиссадан олинадиган панд-насиҳат ва фойдалар эди. Аллоҳ таолодан Қуръонни бизлар учун кўнглимиз баҳори ва қалбимиз шифоси қилишини сў­раймиз. Жанобимиз Муҳаммадга, У кишининг аҳли оилалари ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase