МУСО ВА ҲОРУН (АЛАЙҲИМУССАЛОМ) ҚИССАСИ
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Мусо ва Ҳорун (алайҳимуссаломлар) ва қавм ўртасидаги воқеалар, Бани Исроил билан бўлган ҳодисалар Қуръони каримдаги йигирмадан ортиқ сурада баён қилиб ўтилган. Баъзи сураларда қисқа, мухтасар тарзда, баъзиларида эса батафсил сўз юритилган. Бақара, Аъроф, Тоҳа, Шуаро ва Қасас сураларида мазкур қисса бутун тафсилоти билан ҳикоя қилинади.
Мусо (алайҳиссалом)нинг насаби Иброҳим (алайҳиссалом)га бориб тақалади. Насабининг шажараси қуйидагича: Мусо ибн Имрон ибн Йасҳар ибн Моҳайс Бани Лова ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим.
Мусо (алайҳиссалом) тахминан милоддан аввалги XIII ёки XIV асрларда туғилган. У даврда Миср мамлакати бўйлаб фиръавнлар ҳукмронлик қилар, ҳар бир ўғил чақалоқ туғилганда уни қатл қилишга буюрар, қиз болаларни эса тирик қолдирар эдилар. Чунки ривоят қилинишича, бир киши Фиръавнга Бани Исроил қавмидан бир киши чиқиб, уни ўз қўли билан ўлдирар эмиш, деган гап тарқатади.
Тарихчилар хабар беришича, Мусо (алайҳиссалом) Миср фиръавнларидан бўлмиш Менфтоҳ ибн Рамзес II нинг даврида яшаб ўтган. У подшоҳ Бани Исроилга кўплаб зулм-ситамлар ўтказган. Рамзес II Мисрга Кичик Осиёдан бостириб кирган гиксосларни қўллаб-қувватлаб, уларга ёрдам беради. Ушбу сулола беш юз йилга яқин ҳукмронлик қилади. Уларнинг даврида Миср аҳолиси оғир қийинчиликларни бошдан кечирадилар. Қачонки Аҳмас Миср подшоҳи бўлгач, у гиксосларга қарши кураш бошлаб, уларни мамлакатдан қувиб чиқаради. Унинг ҳукмронлиги ва ундан кейинги даврда Юсуф (алайҳиссалом) замонидан бери Мисрда яшаб келаётган Бани Исроилни хўрлаш, оёқ ости қилиш бошланади. Зеро, улар Мисрга бостириб кирган келгинди қабилаларга қилинган ҳар бир курашда фаол иштирок этар эдилар.
Мусо (алайҳиссалом)нинг номи Қуръони каримда юз мартадан кўп такрорланиб келган. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қавм томонидан жабр-зулм кучайганда, У Зот: “Аллоҳ биродарим Мусога раҳм қилсин. У мендан кўра шиддатлироқ озорларга учраса-да, лекин бунга сабр қилди”, деганлар.
Мусо (алайҳиссалом) вафоти Бани Исроилнинг Синода залолатга кетган бир пайтига тўғри келади. Ўшанда у Аллоҳ таолога дуо қилиб, ўзини муқаддас ер – Байтул-Мақдисга бориш учун муваффақ этишини сўраган эди. Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)нинг дуосини қабул қилди.
“Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Мусо вафоти яқинлашганини сезгач, Аллоҳ таолога дуо қилиб, ўзини муқаддас Ерга яқинлаштиришини сўрайди. Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилди. Агар мен ҳам у ерда бўлганимда, унинг қабрини қизил қумтепалик остидаги мана бу йўл томонга деб кўрсатган бўлар эдим”.
Ҳорун (алайҳиссалом) эса Мусо (алайҳиссалом)нинг акаси бўлган. У Мусо учун энг яхши ёрдамчи эди. Унинг вафоти Мусо (алайҳиссалом)никидан бир оз олдинроқ бўлган.
Қасас сурасида Мусо (алайҳиссалом) дунёга келган пайтда Миср юртидаги шарт-шароит, у туғилгач онасининг нима ишлар қилгани, балоғатга етгач, Мусо (алайҳиссалом) ҳаёти, Мадян юртига ҳижрат қилиши, пайғамбарликка мушарраф этилиши, Фиръавн ва қавмини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга чақириши баён қилинган. Қисса Аллоҳнинг қуйидаги оятлари билан бошланади:
“(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), имон келтирадиган қавм учун Сизга Мусо ва Фиръавн хабаридан ҳақрост тиловат қилиб берурмиз. Дарҳақиқат, Фиръавн (Миср) ерида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани хорлаб, ўғилларини сўяр, аёлларини тирик қолдирар эдилар. Албатта, у бузғунчи кимсалардан бўлди. Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни пешво зотларга айлантиришни ва уларни ворислари қилишни истаймиз. Яна Биз уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига (Бани Исроил) томонидан ўзлари қўрқувчи бўлган нарсани кўрсатиб қўйишни (истаймиз)” (Қасас, 3–6).
“Фиръавн” қадимда Миср подшоҳларига қўйиладиган исм ҳисобланади. Шунингдек, Рум подшоҳлари “Қайсар”, Яман подшоҳлари “Туббаъ”, Форс подшоҳлари эса “Кисро” деб аталар эди. Фиръавннинг исми Қуръони каримда етмиш тўрт марта такрорланган.
Юқоридаги илк оятларнинг маъноси қуйидагича: “Эй муҳтарам пайғамбар, Биз сизга Мусо ва Фиръавн қиссалари билан боғлиқ бўлган ажойиб ва муҳим хабарни сидқ ила тиловат қилиб, сўйлаб берурмиз”.
“Имон келтирадиган қавм учун...”. Яъни, сизга ушбу оятларни унга имон келтириб, ундаги ҳидоят, ибрат ва панд-насиҳатлардан ўзларига фойда оладиган кишилар учун тиловат қилиб берамиз.
“Дарҳақиқат, Фиръавн (Миср) ерида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди”.
Фиръавн ҳукмронлиги даврида Миср ва унга чегарадош бўлган юртларда кибр ва исёнга йўл қўйди, ўзини барчадан устун, деб билди. Зулм ва адолатда ҳаддидан ошди ҳамда қўл остидаги аҳолини ўзига тўлиқ бўйсундирди, уларни бир неча тоифаларга ажратди. Ўша тоифаларнинг ҳаммаси давлат ишлари билан боғлиқ юмушларни бажарар эдилар. Баъзилар қурилишга, баъзилар сеҳр-жоду билан шуғулланишга, яна баъзи тоифалар эса Фиръавннинг аъёнлари сифатида кечаю кундуз унга ҳамроҳ бўлар ёки хизматларини қилиб юришарди.
“У улардан бир тоифани хорлаб, ўғилларини сўяр, аёлларини тирик қолдирар эдилар”. Бу ердаги бир тоифадан мурод – Бани Исроил эди.
Яъни, Фиръавн мамлакат аҳолисини турли табақаларга ажратгач, уларнинг бир тоифасига хорлик, жабр-зулм ва қаҳр кўрсата бошлади. У Бани Исроил қавмидан бир ўғил чақалоқ дунёга келиши заҳотиёқ уларни сўйдирар, қиз чақалоқларни эса тирик қолдирар эди.
Имом Розий айтади: “Ўғил болаларни сўйдириб, қизларни тирик қолдиришда Бани Исроилга бир неча томондан зарар етказиш кўзланган эди:
– ўғил болаларни ўлдириш наслнинг узилишига сабаб бўлади. (яъни, Фиръавн Бани Исроил наслини таг-туги билан йўқ қилиш пайида бўлган. – Таржимон.);
– эркакларнинг ҳалок бўлиши ҳаётий шароитнинг бузилиши ёки оғирлашишига олиб келади;
– эркакларни қаттиқ қийноқ азоби остида ўлдириш энг оғир зулмлардан биридир;
– аёлларнинг ўз яқинларисиз, ҳимоячисиз қолишлари уларнинг душман қўлида ўйинчоқ бўлишларига олиб келарди. Бундан ҳам ортиқ хорлик бўлиши мумкинми?!”
Айтилишича, коҳинлар Бани Исроил қавмидан бир бола туғилиб, подшоҳ Фиръавнни ўз қўли билан ўлдиради, деб хабар беришади. Шу сабаб ҳам у ўғил болаларни ўлдириб, қизларни тирик қолдиришга амр қилади.
“Албатта, у бузғунчи кимсалардан бўлди”. Бу Фиръавннинг нима сабабдан кибр ва туғёнга тушганининг баёнидир.
Яъни, Фиръавн фасод ишларни содир этишда учига чиққан эди. Шу сабаб кўнгли тусаган одамига ҳеч тортинмай зулм қилаверарди. Фиръавннинг такаббурлиги уни: “Мен сизларнинг энг юксак парвардигорингиздирман”, дейишига сабаб бўлди.
Сўнгра Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва иродаси тақозо этган нарса баёнига ўтилади. У ҳам бўлса, золим подшоҳнинг қонли қиличи остида эзилган мазлум халқни озодликка чиқариш, уларнинг кўксига шамол тегиши эди. “Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни пешво зотларга айлантиришни ва уларни ворислари қилишни истаймиз. Яна Биз уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига (Бани Исроил) томонидан ўзлари қўрқувчи бўлган нарсани кўрсатиб қўйишни (истаймиз)”.
Яъни, Биз Ўз хоҳишимиз ва қудратимиз билан Бани Исроилни зулмдан озод этиб, уларни иззат-икромга сазовор қилишни, агар улар имон келтириб, ўзларини ислоҳ қиладиган бўлсалар, Биз уларни муқаддас Ерга ворис қилишни истаймиз.
Шу маънода бошқа оятда шундай дейилади: “(Миср ва Шомдаги) Ўзимиз баракотли қилган ернинг машриқ ва мағрибларига бу бечора қавмни (яъни, Бани Исроилни) ворис қилиб қўйдик. (Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сабр-тоқат қилганлари сабаб Бани Исроилга Парвардигорингизнинг (“Бу ердаги бечора бўлган зотларга инъом қилишни ва уларни одамларга етакчи қилиб қўйишни истаймиз”, деган) гўзал сўзлари тўла-тўкис бўлди. Фиръавн ва қавми ясаб-қуриб олган иморатларни ва баланд қилиб кўтарган қасрларни эса вайрон қилдик” (Аъроф, 137).
“Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни...”. Яъни, золим қавмлардан сўнг Биз уларнинг қадамларини собит, ўзларини бақувват, кучли қилишни ирода этдик.
“Яна Биз уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига (Бани Исроил) томонидан ўзлари қўрқувчи бўлган нарсани кўрсатиб қўйишни (истаймиз)”.
Ҳомон Фиръавннинг вазири бўлган.
Яъни, Биз Фиръавн ва Ҳомонга Миср ерида мазлум бўлган Бани Исроил қавми томонидан ўзлари ҳадиксираб турган нарса – мансаб ва шуҳратнинг қўлдан кетиши ва унинг Бани Исроил тасарруфига ўтишини уларга кўрсатишни хоҳлаймиз.
Ибн Касир айтади: “Фиръавн ўз ҳаракати билан Мусодан қутулишни хоҳлади. Ваҳоланки, Аллоҳ таолонинг ҳукми унинг хоҳишидан мутлақ устун келди. Фиръавннинг ўлими Мусонинг қўлида бўлди. Эй Фиръавн, омон қолиш ниятида неча минглаб бегуноҳ чақалоқлар умрига зомин бўлдинг, аммо сенинг ўлимингга сабаб бўлувчи киши эса айнан сенинг уйингда, сенинг хонадонингда ўсиб-унди ва оқибатда сен ва бутун бошли лашкарларинг ўлимига сабабчи бўлди. Бу барча нарса, агар Буюк Аллоҳ нимани хоҳласа, у албатта бўлишини, нимани хоҳламаса, ўша нарса абадул-абад юз бермаслигини билишинг учун эди”.
Шундай қилиб, Фиръавн ва унинг қўшини ўзларини қанчалик авайлаб-асрамасинлар, Аллоҳ таоло ирода қилган нарса уларнинг кўз ўнгларида барибир бўлиши аниқ эди. Зеро, У Зот айтадики: “Аллоҳ Ўз ишида ғолиб (яъни, Унинг Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким ман қила олмайди). Лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар” (Юсуф, 21).
Энди қиссанинг давомига қулоқ тутайлик. У бизга ўзининг таъсирли ва ажойиб услуби ила воқеаларни бутун тафсилоти билан ҳикоя қилади:
Биз Мусонинг онасига ваҳий қилдикки: “Уни эмизавергин. Бас, қачон қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро, Биз уни сенга қайтаргувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилгувчидирмиз”. Бас, уни Фиръавн хонадони ўзларига душман ва ғам-ташвиш бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва унинг лашкарлари хато қилгувчи бўлдилар. Фиръавннинг хотини: “Мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак”, деди. Улар сезмаган ҳолларида (уни бола қилиб олдилар). Мусо онасининг қалби бўм-бўш бўлиб қолди. Агар Биз имон келтиргувчилардан бўлиши учун унинг кўнглини хотиржам қилмаганимизда, албатта, уни ошкор қилиб қўйган бўлур эди. Ва унинг опасига: “Унинг ортидан тушгин”, деди. Бас, у сезмаган ҳолларида (Мусони) узоқдан кузатиб турди. Биз аввал эмизувчи аёлларни ҳаром қилдик. Шунда (унинг опаси келиб): “Мен сизларга унга кафил бўладиган ва унга холис бир оилани кўрсатайми?”, деди. Шундай қилиб Биз кўзлари шодланиши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик. Лекин кўп (одамлар) билмайдилар” (Қасас, 7–13).
Имом Розий айтади: Аллоҳ таоло “Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни истаймиз”, дея Бани Исроилга берилган неъматларини зикр қилишни бошлаган эди. Бу ерда эса “Биз Мусонинг онасига: “Уни эмизавергин”, деб ваҳий қилдик”, демоқда.
Мусо (алайҳиссалом)нинг онасига қилинган ваҳий илҳом қилиш йўли билан амалга оширилган бўлиши мумкин. Бу ҳақида Наҳл сурасининг 68-оятида шундай дейилади: “(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингиз асаларига ваҳий қилди”. Ёки бу нарса ваҳий орқали ё бўлмаса бир фариштани юбориб, у воситасида хабар бериш билан амалга оширилган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Алусий айтади: “Унга фаришта орқали ваҳий қилинган. Бу унинг пайғамбар бўлганидан далолат бермайди. Маълумки, пайғамбар бўлмаган кишиларга ҳам фаришталар юборилиши мумкин. Бу ваҳий Мусо (алайҳиссалом) туғилгандан кейин қилинган. Баъзи ривоятларда: “Туғилишидан илгари”, деб келтирилган”.
Хуллас, Мусо (алайҳиссалом) онасининг кўзи ёриган бир паллада золим Фиръавн ўғил болаларни қатл қилиб, қизларни тирик қолдирар эди. Шу сабаб ҳам у ҳомиладорлик пайтида буни ҳеч кимга сездирмай, яшириб юрди ва Мусо (алайҳиссалом) дунёга келгач, меҳрибон она ўғлининг келажак тақдирини ўйлаб, қалбига ғулғула тушди. Шу нарса ҳақида фикр юритган сари ғам-ташвиши кун сайин ортаверди. Шунда Аллоҳ таоло қудрати ва иродаси билан унинг қалбига Мусони яширинча эмизаверишни ваҳий қилди. Агар Фиръавн ва унинг ҳамтовоқлари ўғлингга худди Бани Исроил қавмининг болалари бошига солаётган оғир мусибатларни солишларидан қўрқсанг, уни дарёга ташлагин, деб амр қилинди.
Бу ердаги дарёдан мурод Нил дарёсидир. У энига кенг бўлгани учун ҳам аслиятда “денгиз” деб аталмоқда. (Аслиятда дарё маъноси “йаммун” сўзи билан ифодаланган. – Таржимон.)
“Қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам”. Яъни, эй Мусонинг онаси, ўғлингга бирон кор-ҳол бўлишидан қўрқма! Ундан айрилаётганинг учун хафа ҳам бўлма! Чунки у Бизнинг ҳимоямиз остидадир. Кимни Аллоҳ таоло Ўз ҳимоясига олар экан, унинг учун ҳеч қандай хавф-хатар дахл қила олмас!
“Зеро, Биз уни сенга қайтаргувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилгувчидирмиз”. Бу ерда Мусо (алайҳиссалом) онасини “хафа бўлмагин” деб амр қилиниш сабаби баён қилиниб, ўғли унинг бағрига бир куни соғ-омон қайтиши ва келажакда Аллоҳнинг Расули бўлиши ҳақида хушхабар берилмоқда.
“Бас, уни Фиръавн хонадони ўзларига душман ва ғам-ташвиш бўлиши учун тутиб олдилар”.
Фиръавннинг хизматкорлари дарёда оқиб келаётган бир сандиққа кўзлари тушди. Уни олиб, дарров Фиръавннинг ҳузурига келтирдилар. Аслида Фиръавн хонадони бу билан ўзларига ғам-ташвиш орттираётган эдилар. Аммо улар буни сезмадилар.
“Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва унинг лашкарлари хато қилгувчи бўлдилар”. Ушбу оят ўзидан олдинги ояти кариманинг натижасини баён қилмоқда. Яъни, Биз Мусони Фиръавн ва унинг оиласига душман ва ташвиш қилиб қўйдик. Чунки Фиръавн ва унинг маккор вазири Ҳомон ҳар бир хатти-ҳаракатларидан оғир жиноятларни содир этар эдилар. Буларнинг энг каттаси ўғил болаларни ўлдириб, қизларни тирик қолдириш бўлган.
Фиръавннинг хотини: “Мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак”, деди. Аллоҳнинг қудрати ва ҳикмати билан Фиръавннинг аёли Мусо (алайҳиссалом)ни ҳимоя қила бошлади. “Ҳошийатул жумал”да шундай дейилади: “ Фиръавннинг аёли Осиё бинти Маҳозим бўлиб, у аёлларнинг энг афзали эди. Осиё бева-бечораларга худди ўз онасидек меҳрибонлик қилар, уларнинг бошини силар, раҳм-шафқат кўрсатар ва уларга кўплаб инфоқ-эҳсон қилар эди”.
Аллоҳ таоло у аёлни шундай мадҳ қилган: “Аллоҳ имон келтирган зотлар (ва улар ўзлари мўмин бўлсалар, яқин одамларининг кофир бўлиши уларга зиён қилмаслиги) ҳақида Фиръавннинг аёлини мисол келтирди. Ўшанда (яъни, Фиръавн у аёлнинг Мусо пайғамбарга имон келтирганини билиб қолгач, азоблаган чоғида) у: “Парвардигорим, Ўзинг мен учун ҳузурингда – жаннатда бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин ва менга бу золим қавмдан нажот бергин”, деди” (Таҳрим, 11).
Юқоридаги оятнинг маъноси қуйидагича: Мусо сандиқдан олингач, Фиръавннинг хотини унга қарата:
– Бу бола мен учун ҳам, сен учун ҳам кўзимизнинг қувончига айланади, у бизга шодлик бахш этади, – деди.
Сўнгра Фиръавн ва унинг лашкарларига ҳам хитоб қила туриб:
– Уни ўлдирманглар! – деб қўшимча қилди. Унинг кетидан ўлдирмасликнинг сабабини ҳам айтиб ўтди:
– Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак.
Яъни, бу болани ўлдирманглар! Чунки у келажакда бизларга бирон фойда келтириши аниқ, унинг орқасидан кўпгина яхшиликларга эришсак ажаб эмас! Ёки уни ўзимизга фарзанд қилиб оламиз. Шакли-шамойили ва суратидан бу бола насли насаби тоза ҳамда келажаги порлоқ кўринади.
Шундай қилиб, Фиръавннинг хотини Аллоҳнинг иродаси билан Мусо (алайҳиссалом)нинг ўлимдан қутулиб, Фиръавннинг уйида яшашига сабабчи бўлди.
“Улар сезмаган ҳолларида (уни бола қилиб олдилар)”.
Улар Мусо (алайҳиссалом)ни бола қилиб олдилар. Аммо улар келажакда Фиръавннинг ўлими ва лашкарларининг ҳалокатига айнан шу гўдак бола сабабчи бўлишини билмасдилар (яъни, қаёқдан ҳам билсинлар?!).
Энди Мусо (алайҳиссалом) онасининг маҳзун ҳолати тасвирланади:
“Мусо онасининг қалби бўм-бўш бўлиб қолди. Агар Биз имон келтиргувчилардан бўлиши учун унинг кўнглини хотиржам қилмаганимизда, албатта, уни ошкор қилиб қўйган бўлур эди”.
Яъни, онаси Мусони дарёга ташлагач, Фиръавн хонадони уни тутиб олганини билди. Ўғлидан айрилганидан сўнг, энди у ушбу ҳаётдаги бирон нарса ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасди, кўнгли фикр-хаёлот оламидан буткул айро бўлди. Унинг ўйлагани фақатгина бир нарса – ўғли Мусонинг тақдири эди.
Онаси Фиръавн ва лашкарларидан қўрқиб, улар дарёдан тутиб олган бола унинг ўғли эканини айтиб қўйишига бир баҳя қолди. Агар Аллоҳ қудрати ила унинг қалбини мустаҳкам ва қувватли қилмаганида эди, у одамларга ўзи пинҳон сақлаб юрган нарсани айтиб қўйган бўларди.
“Имон келтиргувчилардан бўлиши учун...”. Яъни, ўғли Мусо бир куни келиб онасининг бағрига қайтиши ва уни кўриб кўзи қувониши, ғам-аламдан фориғ бўлиши ҳақидаги Аллоҳнинг ваъдасига тўлиқ ишониши учун Биз унинг қалбини мустаҳкам қилдик.
Ўғли ҳақидаги ўй-фикр ва хавотирлар онани ҳаракат қилишга чорларди. Ва унинг опасига: “Унинг ортидан тушгин”, деди.
Мусо (алайҳиссалом)нинг онаси ўғли Фиръавн хонадони томонидан бола қилиб олинганини билгач, қизига қарата:
– Унинг кетидан туш, у ҳақида менга бирон хабар олиб кел! – деди.
“Бас, у сезмаган ҳолларида (Мусони) узоқдан кузатиб турди”. Яъни, Мусонинг опаси унинг кетидан тушиб, охири қидириб топди ва бирон киши сезиб қолмаслиги учун укасини узоқдан кузатиб турди ёки укасини ахтариб юрганини билиб қолмасликлари учун ўзини Фиръавн хонадони аъзоларидан яшириб турди.
Қуйида Мусо (алайҳиссалом)нинг онаси билан дийдор кўришиши учун Аллоҳ таоло томонидан қилинган ҳикматли тадбир ҳақида сўз боради: “Биз аввал эмизувчи аёлларни ҳаром қилдик”. Бу ердаги “ҳаром қилиш”дан мурод “ман этиш”дир.
Яъни, Биз Мусонинг онаси ва опаси унинг хабарини эшитмасларидан олдин ҳикматимиз ва қудратимиз билан унга онасидан ўзга аёлларни эмишни ман қилдик. Бас, у биронта ҳам аёлнинг кўкрагини тутгани йўқ. Буни билган Мусо (алайҳиссалом)нинг опаси Фиръавн ва аъёнларига қарата:
– Мен сизларга унга кафил бўладиган ва унга холис бир оилани кўрсатайми? – деди. Яъни, мен бу болани эмизиб, унга яхши таълим-тарбия берадиган бир оилани кўрсатайми? Улар кам-кўстсиз уни боқиб-тарбиялайдилар, унга фақат яхшилик ва офиятни раво кўрадилар.
“Шундай қилиб Биз кўзлари шодланиши ва ғам чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун уни онасига қайтардик”. Яъни, улар ўша қизниннг гапларини эшитдилар ва у ўз онасини Фиръавннинг хизматкорларига кўрсатди. Биз буни Мусо онасининг қалби хотиржам бўлиши, ўғли яна бағрига эсон-омон қайтганидан кўзи қувончга тўлиши, айрилиқдан ташвиш чекмаслиги учун ҳамда Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ, унинг содир бўлишига бирон шубҳа йўқлигини билиши учун қилдик. “Лекин кўп (одамлар) билмайдилар”. Яъни, аксарият одамлар Аллоҳнинг бандаларига берган ҳақ ваъдасига ишонмайдилар ёки билмайдилар. Шу сабаб ҳам ҳаётда кўп ҳолларда шошма-шошарликка йўл қўядилар. Аллоҳнинг қилган ҳикматли тадбири ортида нима тургани ҳақида фикр юритмайдилар.
Юқорида биз Мусо (алайҳиссалом)нинг гўдаклик пайтидаги ҳаёти ва Аллоҳ таолонинг унга кўрсатган марҳаматларидан воқиф бўлдик. Қиссанинг давоми Мусо (алайҳиссалом)нинг балоғатга етганидан сўнг содир бўлган воқеа ва ҳодисалар билан боғланиб кетади. Аллоҳ таоло айтади:
Қачонки у вояга етиб, (ақли) тўлгач, Биз унга ҳикмат ва билим ато этдик. Биз чиройли амал қилгувчи кишиларни мана шундай мукофотлаймиз. (Кунларнинг бирида Мусо) шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатда бўлган пайтда кирган эди, унда икки киши уришаётганини кўрди. (Улардан) бири ўзининг жамоатидан ва бири душманидан эди. Жамоатидан бўлган киши душман томондан бўлган кимсага қарши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо бир мушт уриб, уни ўлдириб қўйди. (Сўнг) деди: “Бу шайтоннинг ишидандир. Албатта, у йўлдан оздиргувчи очиқ душмандир. (Кейин) деди: “Парвардигорим, дарҳақиқат, мен ўз жонимга жабр қилиб қўйдим. Энди Ўзинг мени мағфират қилгин”. Бас, Аллоҳ уни мағфират қилди. Албатта, Унинг Ўзигина мағфират қилувчи, меҳрибондир. У (яна) деди: “Парвардигорим, Сен менга қилган инъоминг ҳаққи-ҳурмати энди ҳаргиз жиноятчи кимсаларга ёрдам қилгувчи бўлмасман”. Бас, у эрта тонгда шаҳарда қўрқувга тушиб, кўз тутган ҳолда кетаётган эди. Баногоҳ кеча ундан ёрдам сўраган кимса яна уни ёрдамга чақираётганини (кўрди). Мусо унга деди: “Дарҳақиқат, сен аниқ гумроҳдирсан”. Энди у ўзларига душман бўлган кимсани ушламоқчи бўлган эди: “Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби (бугун) мени ҳам ўлдирмоқчимисан?! Сен фақат Ер юзида жабр-зулм қилувчи бўлмоқчисан. Сен ислоҳ қилгувчилардан бўлишни истамайсан”, деди. Шаҳарнинг нариги тарафидан бир киши шошганча келиб: “Эй Мусо, (Фиръавн) одамлари сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, сен чиқиб кетгин. Албатта, мен сенга холис бўлган кишилардандирман”, деди. Бас, қўрқувга тушиб, кўз тутган ҳолда у ердан чиқиб деди: “Парвардигорим, Ўзинг менга бу золим қавмдан нажот бергин” (Қасас, 14–21).
Мусо (алайҳиссалом)нинг билаги кучга тўлиб, ақли камол топгач (баъзи ривоятларда унинг ўша пайтдаги ёши 30–40 лар орасида бўлган, деб келтирилади), Аллоҳ унга фазли марҳамати билан ҳикмат ва илм берди.
“Биз чиройли амал қилгувчи кишиларни мана шундай мукофотлаймиз”. Бу Аллоҳ таолонинг ўзгармас қонунидир.
Яъни, Биз Мусо ва онасига иззат-икром кўрсатганимиз, буюк ажр-мукофотлар билан сийлаганимиз каби Аллоҳнинг буйруқларини сидқидилдан тўлиқ бажарувчи, сўз ва амалда содиқ бўлган мўмин кишиларни ҳам юксак даражот ва савоблар билан тақдирлаймиз.
Энди ўша даврда Мусо (алайҳиссалом) бошидан кечирган баъзи воқеалар батафсил тарзда ёритиб ўтилади:
“(Кунларнинг бирида Мусо) шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатда бўлган пайтда кирган эди”. Бу ердаги шаҳардан мурод Миср ёки унинг яқинидаги Айнуш шамс, Манаф (қадимги Мемфис) шаҳарларидан биридир.
Мусо (алайҳиссалом) шаҳарга яширинча тарзда киришга мажбур бўлди. Айтилишича, бунга сабаб Фиръавн ва қавми Мусонинг ёмон кўришлари ва душманлик қилиш хавфи борлиги эди. Шу туфайли Мусо (алайҳиссалом) ўзини эҳтиётлаб, у ерга бирон кишига сездирмай киради.
Ривоят қилинишича, Мусо (алайҳиссалом) шаҳарга одамлар айни ҳордиқ чиқараётган қоқ пешин пайтида ёки шунга ўхшаш вақтлардан бирида кирган.
У шаҳарга кирар экан “унда икки киши уришаётганини кўрди. (Улардан) бири ўзининг жамоатидан ва бири душманидан эди. Яъни, Мусо (алайҳиссалом) шаҳарга кирса, икки киши бир масалани келиша олмай жанжаллашиб, ўзаро жиққа-мушт бўлиб туришган экан. Улардан бири Мусо (алайҳиссалом)нинг қабиласи Бани Исроил қавмидан, иккинчиси эса Бани Исроилга оғир азоб ва қийноқлар бераётган қибтий қавмидан эди. Шу маҳал “жамоатидан бўлган киши душман томондан бўлган кимсага қарши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо бир мушт уриб, уни ўлдириб қўйди”.
Бани Исроил қавмидан бўлган киши қибтийга қарши Мусо (алайҳиссалом)дан ёрдам сўраган эди, у ҳам қараб турмай ўша жамоадошига ижобий жавоб берди ва душманининг кўкрагига бир зарба бериб уни шу заҳоти жон таслим қилдирди. Аслида Мусо уни ўлдирмоқчимасди. Фақат бани исроиллик кишига ёрдам бериб, ундан зулмни даф қилмоқчи эди, холос.
“Шунда Мусо бир мушт уриб, уни ўлдириб қўйди” жумласи Мусо (алайҳиссалом)нинг кучли, бақувват ва олийҳиммат бўлганидан дарак беради. Зеро, у киши шубҳа ва иккиланишсиз дарров мазлум кишига ёрдам беришга чоғланди. Лекин нияти яхшилик қилиш бўлган Мусо қаршисида қибтийнинг ўлик жасадини кўргач, афсус-надомат билан: “Бу шайтоннинг ишидандир. Албатта, у йўлдан оздиргувчи очиқ душмандир”, деди.
Яъни, қибтийни ўлдиришга мени шайтон ундади. У васваса қилиб уни менга зийнатлаб кўрсатди. Зеро, шайтон инсон учун тўғри йўлдан оздирувчи очиқ душмандир. Унинг адоватида ҳеч шак-шубҳа йўқ.
Шундан сўнг Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳдан истиғфор сўрай бошлади: “Парвардигорим, дарҳақиқат, мен ўз жонимга жабр қилиб қўйдим. Энди Ўзинг мени мағфират қилгин”. Бас, Аллоҳ уни мағфират қилди. Албатта, Унинг Ўзигина мағфират қилувчи, меҳрибондир”.
Кейин Мусо (алайҳиссалом) яна бир бор Раббига тавба қилиб, берган неъматларига шукр сифатида деди: “Парвардигорим, Сен менга қилган инъоминг ҳаққи-ҳурмати энди ҳаргиз жиноятчи кимсаларга ёрдам қилгувчи бўлмасман”.
Яъни, менга берган беҳисоб неъматларингга шукр сифатида ваъда бераманки, энди зинҳор-базинҳор гуноҳкор, осий ва жиноятчи кимсаларга ёрдам қўлини чўзмайман, уларни ҳимоя қилмайман ҳам!
Энди Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)нинг ҳолидан хабар қилади: “Бас, у эрта тонгда шаҳарда қўрқувга тушиб, кўз тутган ҳолда кетаётган эди...”.
Кечаги кун бир қибтийни ногаҳон ўлдириб қўйгач, Мусо ҳали ҳануз қўрқув ва ҳадик ичида эди. У ўзига туҳмат ва маломат тошлари отилишини, бошига турли-туман кўргилик ва кулфатлар тушишига кўз тикиб турган ҳолида тонг оттирди.
Афтидан ўша пайтда Мусо (алайҳиссалом)нинг Фиръавн ва аъёнлари билан алоқаси йўқ бўлган кўринади. Акс ҳолда, улар Мусони ҳимоя қилган ёки ишини бир оз бўлса-да енгиллаштирган бўлардилар.
Мусо (алайҳиссалом) юқорида тасвирланган ҳолатда кетаётганида “баногоҳ кеча ундан ёрдам сўраган кимса яна уни ёрдамга чақираётганини (кўрди)”.
Яъни, Мусо қалби қўрқув ва ғамга тўла ҳолда кетаётса, кеча ундан ёрдам сўраган бани исроиллик киши бошқа бир қибтий билан жанжаллашиб турган экан. У Мусони кўрдию, яна ундан кўмак сўрай бошлади. Мўмин чуқурга бир марта йиқилади, деганларидек, Мусо (алайҳиссалом) бу сафар унга бошқачароқ жавоб қилди: “Дарҳақиқат, сен аниқ гумроҳдирсан”.
Яъни, унинг бу илтимосидан Мусо (алайҳиссалом)нинг ғазаби қайнаб, диққати ошди ва:
– Сен залолат ботқоғига ботган, жаҳолат остида қолган бир кимса экансан. Чунки сен кеча бир одамни ўлдириб қўйишимга сабабчи бўлгандинг. Бугун мендан яна ўша манфур ишни такрор қилишимни сўраяпсанми?! Шунингдек, сенинг жоҳил, нодонлигинг шундаки, сен кучинг етмайдиган одамга бас келмоқчи бўляпсан! деди.
“Энди у ўзларига душман бўлган кимсани ушламоқчи бўлган эди...” Яъни, Мусо (алайҳиссалом) ўзи ва Бани Исроил қавмидан бўлганлар учун ашаддий душман саналмиш қибтийни урмоқчи эди, у: “Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби (бугун) мени ҳам ўлдирмоқчимисан?! Сен фақат Ер юзида жабр-зулм қилувчи бўлмоқчисан. Сен ислоҳ қилгувчилардан бўлишни истамайсан”, деди.
Баъзи муфассирларнинг айтишича, Мусо (алайҳиссалом)га ушбу сўзларни айтган киши кеча ундан қибтийга қарши ёрдам сўраган бани исроиллик кимса эди. Чунки у Мусо қибтийни эмас, мени уради, деб ўйлаган. Бундан олдинроқ Мусо (алайҳиссалом) Бани Исроил қавмидан бўлган кимсага: “Дарҳақиқат, сен гумроҳдирсан”, деб айтгани ёдингизда бўлса керак.
Ояти кариманинг маъноси қуйидагича: бани исроиллик киши Мусога қўрқув ва ҳадиксираш билан:
– Эй Мусо, кеча бир қибтийни ўлдиришинг етмаганидек, бугун менинг ҳам умримга зомин бўлмоқчимисан?! Бу қилмишинг билан сен фақат Ер юзида одамларни ўлдириб, жабр-зулм қилмоқчисан, уларни яхшиликча яраштириб, ораларини ислоҳ қилишни хоҳламайсан?! – деди.
Яна баъзилар: “Мусо (алайҳиссалом)га ушбу сўзларни айтган қибтий бўлган. Чунки у Мусонинг исроилликка айтган “Дарҳақиқат, сен гумроҳдирсан”, деган сўзларидан кеча қибтийни айнан Мусо ўлдирганини сезиб қолади, деб айтишган”.
Имом Розий ушбу икки фикрни маъқуллаб, шундай деган: “Оятнинг зоҳирий маъноси ҳам мазкур фикрнинг тўғрилигини тасдиқлайди. Аллоҳ таоло айтадики: “Энди у ўзларига душман бўлган кимсани (яъни, қибтийни) ушламоқчи бўлган эди: “Эй Мусо...”, деди”. Бу сўзлар, албатта, бошқаси тарафидан эмас, айнан қибтий тарафидан айтилган. Шунингдек, у: “Сен фақат Ер юзида жабру зулм қилувчи бўлмоқчисан”, деди. Бу сингари сўзларни айтиш фақат кофирларга хосдир, у ҳам бўлса қибтийдир.
Гарчи аксарият муфассирлар биринчи фикрни маъқуллаган бўлсалар-да, биз имом Розий айтган сўзларни рост деб биламиз. Сабаби сураи каримада ҳам айтиб ўтилдики, Фиръавн ва унинг аъёнлари Бани Исроил қавмига ашаддий зулм ва ситамлар етказардилар ва шунинг баробарида зулм кўраётган бечораларга ёрдам беришни ўзларига нисбатан қилинган зулм, деб ҳисоблардилар. Шу сабаб ҳам Мусо (алайҳиссалом)га мазкур сўзларни айтган қибтий бўлган десак, хато қилмаган бўламиз. Аллоҳ таоло бундан кўзланган асл мақсадни аниқ билувчидир!
Мусо (алайҳиссалом), исроиллик ва қибтий шу алфозда турганларида “шаҳарнинг нариги тарафидан бир киши шошганча келиб: “Эй Мусо, (Фиръавн) одамлари сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, сен чиқиб кетгин. Албатта, мен сенга холис бўлган кишилардандирман”, деди.
Яъни, Мусо кеча бир қибтийни ўлдириб қўйгани ҳақидаги хабар тез орада бутун мамлакат бўйлаб тарқалди. Фиръавн ва қавми Мусодан интиқом олиш учун уни қидира бошладилар. Шунда бир киши (айтилишича, у Фиръавн оиласидан бўлган бир мўмин эди) шаҳарнинг бир чеккасидан Мусо (алайҳиссалом)нинг олдига югурганича келиб:
– Эй Мусо, Фиръавннинг аъёнлари сени ўлдириш ҳақида бир-бирлари билан келишиб олмоқдалар. Шу сабаб сен тезда шаҳарни тарк эт, ўз жонингни хатарга қўйма! Мен сенинг фойдангни кўзловчи, холис насиҳат қилувчиман! Бўлақол тезроқ, токи улар сени ўлдиришга муваффақ бўлолмасинлар! – деди куюнчаклик билан.
Мусо (алайҳиссалом) ушбу солиҳ кишининг маслаҳатларига қулоқ солиб, қўрқувга тушиб, кўз тутган ҳолда у ердан чиқиб деди: “Парвардигорим, Ўзинг менга бу золим қавмдан нажот бергин”.
Яъни, Мусо золимлар жабридан қўрқиб, улар томонидан бирон ёмонлик етиб қолмасмикан, деган ҳадикда, ўзини уларнинг назари тушиб қолишидан эҳтиёт қилган ҳолида шаҳардан чиқиб кетди ва Раббига дуо-илтижо қилиб деди:
– Эй Раббим, Ўз қудратинг ва фазлу марҳаматинг ила мени золим кимсалар макридан омон сақлагин, уларнинг зулм ва кирдикорларини мендан даф эт!
Қиссанинг шу еригача Мусо (алайҳиссалом) ҳаётининг бир қисми – балоғатга етгач бошидан кечирган ҳодисалар, унинг ғайрати, ҳиммати, шунингдек, золимлар зулмидан омон қолиш мақсадида шаҳарни ташлаб чиқиб кетгани ҳақида сўз юритилди. Сураи кариманинг давомида эса Мусо (алайҳиссалом)нинг Мадян шаҳри томон йўл олгани ва у ерда бошидан кечирган воқеалар ҳикоя қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
“Ва қачонки Мадян томон юзлангач, деди: “Шояд Парвардигорим мени тўғри йўлга ҳидоят қилса”. Қачонки у Мадяннинг суви – қудуғига етиб келгач, у жойда бир тўда одамлар (чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан қуйироқда икки аёл (ўз қўйларини сувдан) тўсиб турганларини кўриб: “Сизларга не бўлди?”, деди. Улар: “Биз то подачилар (молларини) қайтармагунларича суғора олмаймиз, отамиз эса қари чол”, дедилар. Шунда (Мусо) уларга (қўйларини) суғориб берди. Сўнгра (дарахт) соясига бориб, деди: “Парвардигорим, мен Ўзинг мен учун нима яхшилик туширсанг, ўшангга муҳтожман”. Бас, улардан бири ҳаё билан юриб келиб: “Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда”, деди. Бас, қачонки (Мусо) келиб, унга ўз қиссасини сўйлаб бергач, у: “Қўрқмагин! Сен у золим қавмдан нажот топдинг”, деди. (Қизлардан) бири: “Эй ота, уни ёллагин. Зеро, сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишончли кишидир”, деди. Айтди: “(Эй Мусо), менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди агар ўн йилни тўлатсанг, сен томонингдан (бизга марҳамат бўлур). Мен сени қийнашни истамайман. Иншааллоҳ, сен менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрурсан”. (Мусо) деди: “Мана шу сен билан менинг ўртамиздаги (битимдир). Икки муддатдан қай бирини адо қилсам, бас, менга зўрлик қилинмас. Аллоҳ айтаётган сўзимизга вакил – гувоҳдир” (Қасас, 22–28).
“Мадян” Шуайб (алайҳиссалом) қабиласи ёки у яшаган қишлоқнинг номидир. Мазкур ном Мадян ибн Иброҳим (алайҳиссалом)га нисбат берилади.
Мадян шаҳри Фиръавннинг ҳукми остида эмасди. Шу туфайли Мусо (алайҳиссалом) мазкур томонга қараб йўл олишга аҳд қилган.
Яъни, Мусо Мисрдан қўрққан, бирон ёмонлик етишига кўз тиккан ҳолида чиқиб, Мадян қишлоғи тарафга йўналди. Мадян шимол томондан Шом (Сурия) ва жануб томондан Ҳижоз билан чегарадош бўлган.
Мусо ўша томонга қараб кетар экан, ўз ишини Раббига топшириб, таваккул қилган ҳолида, илтижо қилиб, деди: “Шояд Парвардигорим мени тўғри йўлга ҳидоят қилса!”.
Яъни, Мусо Аллоҳ таолонинг фазли марҳаматидан умид қилиб:
– Мени қудрати билан яратиб, Ўз паноҳида ҳимоя қилувчи Зот бўлган Раббим, шояд, золим қавмдан қутулишимга сабаб бўладиган энг тўғри йўлга бошласа! – деди.
Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом) дуосини қабул қилди ва узоқ, машаққатли ва ҳолдан тойдирувчи сафардан сўнг ниҳоят Мадян юртига етиб келишга муваффақ бўлди.
Қуръони карим бизларга Мусо (алайҳиссалом) у ерга етиб боргач, қандай ишлар содир бўлганини қуйидагича тасвирлайди: “Қачонки у Мадяннинг суви – қудуғига етиб келгач, у жойда бир тўда одамлар (чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан қуйироқда икки аёл (ўз қўйларини сувдан) тўсиб турганларини кўриб...”.
Мусо (алайҳиссалом) Мадян аҳолиси фойдаланадиган қудуқ олдига келиб, у ерда кўпгина одамлар туя, қўй ва шу каби чорва ҳайвонларини суғориб турганликларини кўрди. Уларнинг ёнида ёки улардан бошқа тарафда икки аёл қўйларини сув ичишдан тўсиб турардилар. Ўша икки аёл бегона эркаклар орасига киришдан ҳаё қилиб, улар суғориб бўлишгач, кейин қўйларини суғоришмоқчи эди. Бир четдан кузатиб турган улуғ ҳиммат, юксак мурувват ва тоза қалб соҳиби бўлган Мусо (алайҳиссалом) уларга ёрдам бериш учун:
– Сизларга не бўлди? – деди. Яъни, сизларга нима бўлди? Нима сабаб бошқалар каби қўйларингизни суғормаяпсизлар? Бунинг учун сизларга нима монелик қилмоқда?
У икки аёл бунинг сабабини тушунтира туриб, дедилар:
– Биз то подачилар (молларини) қайтармагунларича суғора олмаймиз, отамиз эса қари чол.
Яъни, одатга кўра, аввал чўпонлар ўз чорваларини суғориб бўлмагунларича биз қўйларимизни суғора олмаймиз. Улар кетишгандан сўнггина қиламиз бу ишни. Чунки биз бир гуруҳ эркаклар ичига кириб кета олмаймиз. Оиламизда бу ишни бажарувчи бирон эркак ҳам йўқ. Отамизнинг эса ёши анча кексайиб қолган. Унинг ҳам бу ишга қудрати етмайди.
Бу жавобни эшитгач, Мусо (алайҳиссалом) тезда уларга ёрдам қўлини чўзди. Қуръони карим бу жараённи қуйидагича ифодалайди: Шунда (Мусо) уларга (қўйларини) суғориб берди. Сўнгра (дарахт) соясига бориб, деди: “Парвардигорим, мен Ўзинг мен учун нима яхшилик туширсанг, ўшангга муҳтожман”.
Яъни, Мусо (алайҳиссалом) икки аёлни қийинчиликка қўймай, дарров ҳожатларини раво қилгач, бир четдаги дарахт соясига (бошқа ривоятларда “девор сояси” деб келтирилган) бориб ўтирди ва Раббига тазарруъ қилиб шундай деди:
– Эй Раббим, мен Сен Ўз даргоҳингдан туширадиган яхшилик, ризқ-рўзга муҳтожман!
Мусо (алайҳиссалом)нинг ихлос билан дуога кўтарилган қўли бу сафар ҳам бўш қайтмади. Аллоҳ таоло унинг бошига тушган оғирликни тез фурсатда бартараф этди. Аллоҳ таолонинг Мусо (алайҳиссалом) дуосига ижобати қандай бўлганини қуйидаги оятда кўриб ўтамиз: Бас, улардан бири ҳаё билан юриб келиб: “Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда”, деди.
Ибн Касир айтади: “Икки аёл қўйларини суғориб, оталарининг олдига қайтишгач, у бундан ажабланади ва сабабини сўраганда, улар Мусо (алайҳиссалом) уларга ёрдам берганини айтишади. Шунда отаси икки қизидан бирига Мусони унинг ҳузурига чақириб келиш учун юборади”.
Яна Ибн Касир шундай дейди: “Муфассирлар ушбу икки қизнинг отаси ким экани борасида ихтилоф қилишган. Баъзилар: “У Шуайб (алайҳиссалом) эди”, дейишган. Бу қавл кўпчилик орасида машҳур. Мазкур фикрни Ҳасан Басрий ва бошқалар айтишган. Уни Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган.
Имом Табароний ривоят қилади: “Маслама ибн Саъд Анзий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига юборилганида, У Зот унга қарата: “Хуш келибсан, эй Шуайб қавми”, – деб айтганлар”.
Бошқа муфассирлар: “У Шуайбнинг жияни бўлган”, – дейишган.
Айтилишича, у Шуайб хонадонидан бир мўмин киши эди.
Шундан сўнг Ибн Касир хулоса ўрнида дейди: “У Шуайб эмас. Агар ҳақиқатан у Шуайб бўлганида исми Қуръонда келтирилган бўлар эди. Баъзи ҳадисларда Мусо ва Шуайб (алайҳиссалом)лар қиссаси ривоят қилинган. Лекин уларнинг санади саҳиҳ эмас”.
Юқоридаги оятнинг мазмуни қуйидагича: Мусо (алайҳиссалом)нинг Аллоҳ таолодан сўраган яхшиликларга эришиши узоққа чўзилмади. Қўйларини суғориб берган икки аёлдан бири фазилат соҳиби бўлган аёлларга хос иффат ва уятчанлик билан келиб, қисқа ва лўнда, балоғатли услубда:
– Отам сени бизларга қўйларимизни суғориб берганинг учун тақдирламоқ ниятида ҳузурига чақирмоқда, – деди.
“Бас, қачонки (Мусо) келиб, унга ўз қиссасини сўйлаб бергач...”
Мусо (алайҳиссалом) қизнинг чақириғига жавобан кекса оталари билан учрашиш учун уларнинг уйи томон йўл олди. Етиб келгач, бошидан ўтказган ҳодисотларни бир бошидан, ипидан игнасигача сўзлаб берди.
Буни эшитган кекса: “Қўрқмагин! Сен у золим қавмдан нажот топдинг”, деди.
Яъни, эй Мусо, ташвишланма! Хотиржам бўл! Сен Фиръавн ва унинг қавмидан қутулдинг. Аллоҳ таоло сенга золимлар зулмидан нажот берди.
Қария кишининг бу сўзлари Мусо (алайҳиссалом)га ўз пайти ва мавридида айтилганди. Зеро, ўша шароитда Мисрдан хавф-хатар ичида, золимлар зулмидан қўрқиб чиқиб кетган Мусонинг кўнглини кўтариш, қалбига бир оз бўлса-да, таскин бериш учун бу каби юпанч сўзлар керак ҳам эди.
Энди икки қиздан бири отасига нима дегани айтилади: “Эй ота, уни ёллагин. Зеро, сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишончли кишидир”.
Бу сўзлар Мусо (алайҳиссалом) олдига ҳаё билан келиб: “Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда”, деган қиз томонидан айтилган бўлса керак.
Яъни, у отасига дадиллик билан:
– Эй ота, уни биз учун қийин бўлган чорваларни боқишдек бир ишга ҳамда уй ташқарисидаги оғир юмушларни бажаришга тайинла! Чунки у бу ишга муносиб, кучли, ҳам ишончлидир. У ўзида куч-қувват ва ишончни жамлаган ҳамда ҳар қандай ишни эплаб кета олади, одамларнинг молларини ва обрўларини сақлашда жонбозлик кўрсатади, – деди.
Кекса ота қизидаги пок ният, соғлом ақл ва кучли ишончни кўриб, у билдирган таклифни инкор эта олмади ва Мусога қарата:
– (Эй Мусо), мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман, – деб айтди.
Кекса ота бу сўзи билан икки қизидан орасидан “Эй ота, уни ёллагин”, – деб айтганини ирода қилган бўлса ажаб эмас. Меҳрибон, қизининг бахт-саодатини кўзловчи ота қизидаги юксак фазилат ва Мусо (алайҳиссалом)даги куч-қудрат ва ишончни кўрибгина шундай қарорга келди.
Ушбу оятларда солиҳа аёлни солиҳ кишига никоҳлашга тарғиб қилинмоқда. Бу ақлли ва доно оталар тутадиган йўлдир. Шавконий айтади: “Ушбу оятда қизнинг валийси уни бирон эркакка бағишлаши шариатга мос экани ифодаланмоқда. Масалан, Умар (розияллоҳу анҳу) қизи Ҳафсани Абу Бакр ва Усмон (розияллоҳу анҳу)ларга таклиф қилган. Шунингдек, баъзи аёллар ўзларини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бағишлаганлари ҳам маълум”.
Кекса ота қизини Мусо (алайҳиссалом)га никоҳлаб бериш таклифини ўртага ташлади. Лекин унинг бир шарти бор: “Менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига...”.
У киши Мусо (алайҳиссалом)га қўйларини саккиз йил боқиб бериш шартини қўйди.
“Энди агар ўн йилни тўлатсанг, сен томонингдан (бизга марҳамат бўлур)”. Яъни, агар ўн йил қўйларимни боқиб, ижарада ишлаб берсанг, бу сен томондан бизларга кўрсатилган ғамхўрлик ва саховатдир. Мен сенга саккиз йилдан зиёд ишлаш шартини қўймайман. Шунингдек, “мен сени қийнашни истамайман. Иншааллоҳ, сен менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрурсан”. Яъни, мен сени ушбу йиллар давомида қийноққа солишни, оғир юмушлар билан толиқтириб қўйишни хоҳламайман. Балки, Аллоҳ таоло ирода этса, мени солиҳлардан эканимни сенга яхши муомала қилиш, мулойимлик йўлини тутиш ва аҳдга вафо қилишим мисолида кўрасан.
Қариянинг “иншааллоҳ” деб айтиши унинг мўмин бўлганидан дарак беради. Зеро, фақат мўминларгина барча ишларини Аллоҳ таолога ҳавола қилиб, У Зотнинг тавфиқ ва мададини сўрайдилар, ҳамма нарсани Унинг иродасига боғлиқ эканини яхши биладилар.
Бу шартга жавобан Мусо (алайҳиссалом) деди:
– Мана шу сен билан менинг ўртамиздаги (битимдир). Икки муддатдан қай бирини адо қилсам, бас, менга зўрлик қилинмас. Аллоҳ айтаётган сўзимизга вакил – гувоҳдир.
Яъни, сен менга айтган ва шарт қўйган нарсалар иккимиз орамиздаги аҳдномадир. Унга сен ҳам, мен ҳам вафо қилишга келишдик! Мен саккиз ёки ўн йилни ўтайманми, фарқи йўқ, менга зиғирча зулм қилинмайди. Аллоҳ таоло ўртамизда тузилаётган мана шу шартномага Гувоҳдир. Унинг гувоҳлиги энг яхши гувоҳликдир.
Ибн Касирнинг келтиришича, Мусо (алайҳиссалом) икки муддатдан энг узоғини (яъни, ўн йилни) адо этган. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Мен Жаброил (алайҳиссалом)дан: “Мусо икки муддатдан қай бирини бажарган?”, деб сўрадим. У: “Энг мукаммали ва тўлиғини (бошқа ривоятда келишича “энг яхшиси ва комилини”), деб жавоб берган”.
Ушбу ояти карималар ҳақида фикр юритиб кўрган киши Мусо (алайҳиссалом)нинг ҳаёт поғоналаридаги турли оғир кунларда қандай чиройли сабр қилгани, унинг олий ҳиммати, муруввати, нафсидаги ижобий хислатлари, ҳар қандай шароитда Аллоҳни эслаб, Унга дуо билан тазарру, илтижо қилишларини яққол кўриши мумкин. Шунингдек, бу ерда соғлом фитратга хос сифатлар, тўғрисўзлик, ҳаё, иффат, очиқкўнгиллик каби мақталган сифатларни ҳам кўрамиз. Бундан ташқари, кекса қариянинг етук ақли, ҳикматли ва ширин сўзларидан, қўрқув ва ҳадик ичида турган одамга хотиржамлик бахш этадиган сўзларидан унинг қизларига меҳрибон ва яхшиликни соғинувчи ота ҳамда Аллоҳнинг амрига биноан иш тутадиган бир солиҳ мўмин эканини билиб оламиз.
Мана, вақт ўтиб Мусо (алайҳиссалом) кекса чол билан Мадянда аҳдлашган йиллар ҳам ўз ниҳоясига етди. У иккови нимага ваъдалашган бўлсалар, ўшанга вафо қилдилар. Мусо (алайҳиссалом) қариянинг икки қизидан бирига уйланди. Энди Мусо аҳли билан Мисрга қайтиш вақти ҳам етиб келганди. Қиссанинг давомида Мисрга қайтиш чоғида қандай ҳодисалар юз бергани ҳақида ҳикоя қилинади:
Энди қачонки Мусо муддатни ўтаб, аҳли-оиласи билан (Миср томон) йўлга тушгач, Тур тарафдан бир оловни кўриб қолди. У аҳли-оиласига: “Сизлар кутиб туринглар. Аниқки, мен бир оловни кўрдим. Шояд сизларга ундан бир хабар ёки исиниб олишларингиз учун у оловдан чўғ олиб келсам”, деди. Энди қачонки унинг олдига етиб келгач, у муборак жойдаги водийнинг ўнг тарафидан – дарахтдан унга нидо қилинди: “Эй Мусо, албатта, Мен барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳдирман. Асойингни (ерга) ташлагин!”. Бас, қачонки унинг илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. “Эй Мусо, кел, қўрқмагин. Зеро, сен омонда бўлгувчи кишилардандирсан. Қўлингни чўнтагингга солгин, бирон зиёнсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қанотингни қўрқувдан қисиб олгин. Бас, шу иккиси Парвардигоринг томонидан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар”. (Мусо) деди: “Парвардигорим, мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман. Бас, улар мени ўлдиришларидан қўрқурман. Оғам Ҳорун мендан кўра тили бурророқдир. Бас, уни ҳам мен билан бирга мени тасдиқлайдиган ёрдамчи қилиб юборгин. Чунки улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман”. (Аллоҳ) айтди: “Биз сени оғанг билан қувватлантирурмиз ва иккингиз учун салтанат қилурмиз. Бас, улар сизларга (бирон зиён) етказа олмаслар. Бизнинг оят-мўъжизаларимиз билан сизлар ҳам, сизларга эргашган кишилар ҳам ғолиб бўлгувчидирлар” (Қасас, 29–35).
“Энди қачонки Мусо муддатни ўтаб...” оятидаги “муддат”дан мурод Мусо (алайҳиссалом)нинг Мадянда кекса чол ҳузурида ўтаган муддатидир.
Яъни, Мусо Мадянда ўн йил турди. У белгиланган фурсатни тўлиқ адо этгач, ваъдаги мувофиқ кекса чолнинг икки қизидан бирига уйланди ва ундан рухсат олиб, аёли билан қариндошлари, яқинларини кўриш учун Миср томон (бошқа ривоятда айтилишича, Байтул Мақдис)га йўл оладилар.
“Тур тарафдан бир оловни кўриб қолди”. Яъни, у Миср томонга кетар экан, Тур тоғи тарафда катта бир олов ёнаётганини аниқ ва равшан кўрди. Шундан сўнг у аҳли оиласига: “Сизлар кутиб туринглар. Аниқки, мен бир оловни кўрдим. Шояд сизларга ундан бир хабар ёки исиниб олишларингиз учун у оловдан чўғ олиб келсам”, деди.
Яъни, токи мен қайтиб келгунимча сизлар жойингиздан қимирламанглар. Мен бир оловни кўрдим. Ҳозир у ерга бормоқчиман. Шояд мен у ердан сафаримизда бизга фойда келтирадиган бирон хабар ёки совуқдан исиниб олишларингиз учун бир парча чўғ олиб келсам.
Ибн Касир айтади: “Бу ҳодиса Мусо ўзи ва қайнотаси ўртасида тузилган қўйларни боқиб бериш ҳақидаги шартномани адо қилганидан кейин юз берган. Мисрни ўн йилдан зиёдроқ вақт ичида кўрмаган Мусо аёли билан Мисрга қараб кетаётган эди. Улар тўсатдан йўлдан адашиб қолишди. Ўша маҳал қиш тунларидан бири, совуқ, шамол, қоп-қора булутлар ва туман атрофни зимистонга айлантирган эди. Улар шунда бир дарада қўним топдилар. Мусо одатга кўра чақмоқтош билан уриб, ўт ёқишга ҳаракат қилди. Лекин ҳарчанд уринмасин, бунинг уддасидан чиқа олмади. Ҳаттоки биргина учқун ҳам чиқара олмади. У шундай ҳолда турганида Тур тоғи тарафда бир оловни кўриб қолди”.
Энди қачонки унинг олдига етиб келгач, у муборак жойдаги водийнинг ўнг тарафидан – дарахтдан унга нидо қилинди: “Эй Мусо, албатта, Мен барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳдирман”. Мусо (алайҳиссалом) узоқдан кўринган олов олдига келганида ўзининг ўнг тарафидан бир нидо эшитилди. Ушбу овоз ўша пок жойдан, дарахт жойлашган муборак бир макондан келаётганди. Чамаси ўша ерда биттагина дарахт бўлган кўринади.
Мусо (алайҳиссалом)га эшитилган нидо қуйидагича эди: “Эй Мусо, албатта, Мен барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳдирман”. Яъни, эй Мусо, огоҳ бўлки, Мен бутун оламлар Рабби Аллоҳдирман.
Ибн Касир ушбу оятни қуйидагича тафсир қилган: “Эй Мусо, сенга хитоб қилаётган ва сен билан гаплашаётган Зот оламлар Раббидир. У хоҳлаган ишини қилади. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У буюк, зоти ва сўзида махлуқотларига ўхшашдан покдир”.
“Асойингни (ерга) ташлагин!” Бу аввалги нидонинг давомидир.
Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳнинг амрига итоат қилиб, асойини ерга ташлади. “Бас, қачонки унинг илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. Яъни, Мусо асойини ерга ташлагач, унинг қимирлаганини кўрди. У тез қимирлаши ва ҳаракатга келишидан худди илонни эслатарди. Бу воқеаларни ўз кўзи билан кўриб турган Мусо ундан қўрқиб, бошқа бу ерга қайтиб келишни ўйламай, орқасига қарамасдан қоча бошлади. Шунда Аллоҳ таоло тарафдан бошқа бир нидо келди: “Эй Мусо, кел, қўрқмагин. Зеро, сен омонда бўлгувчи кишилардандирсан”.
Яъни, эй Мусо, сен аввал турган жойингга қараб кел, кўрган нарсангдан қўрқма! Зеро, сен Бизнинг даргоҳимизда хавф-хатардан омонда бўлган ва Рисолатимизни одамларга етказиш учун танлаб олинган бандаларимиздандирсан!
Сўнгра Аллоҳ унга шундай амр қилди: “Қўлингни чўнтагингга солгин, бирон зиёнсиз оппоқ бўлиб чиқур”. Яъни, эй Мусо, қўлингни чўнтагингга сол, у бирон касаллик ва айб-нуқсондан холи бўлган тарзда оппоқ бўлиб чиқар “ва қанотингни қўрқувдан қисиб олгин”. Бу ердаги “қанот”дан мурод қўлдир. Ушбу оятда Мусо (алайҳиссалом) қалбига хотиржамлик киритиб, ундан қўрқувни бартараф этиш йўллари кўрсатилмоқда.
Оятнинг маъноси қуйидагича: эй Мусо, Биз сенга амр қилган ишларни бажар. Агар қўлингнинг оппоқлиги ва чароғонлиги сени ташвишга солса, уни чўнтагингга тиқсанг, яна аввалги ҳолига қайтади. Илонни кўрганингда сени қўрқув босса, қўлингни кўкрагингга сурт, шунда қўрқувдан фориғ бўласан.
“Бас, шу иккиси Парвардигоринг томонидан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир”. Бу ердаги “икки ҳужжат”дан мурод асо ва қўл мўъжизаларидир.
(Таржимада “ҳужжат” деб ифодаланган сўз оятда “бурҳан” тарзида келтирилган. – Таржимон.)
“Бурҳан” сўзи очиқ-ойдин, душман тарафни ожиз қолдириб, унга қаршилик кўрсатишга қодир бўла олмайдиган даражада ишончли ва кучли ҳужжат маъносини ифодалайди.
Яъни, эй Мусо, Биз сенга ато этган ушбу икки мўъжиза – асо ва қўл Раббинг тарафидан қилинганига шубҳа йўқ. Энди сени ушбу икки мўъжиза билан Фиръавн ва аъёнлари олдига бориб, уларга Бизнинг рисолатимизни етказ, уларни фақат ва фақат Менгагина ихлос билан ибодат қилишга чақир!
“Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар”. Яъни, Фиръавн ва унинг қўл остидагилар тоатдан маъсиятга, Ҳақдан ботилга қараб кетдилар.
Қиссанинг шу ерида Мусо (алайҳиссалом) ўзи ва Фиръавн ҳамда унинг қавми ўртасидаги адоватга сабаб бўлиб келаётган нарса ҳақида хитоб қилади: “Парвардигорим, мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман. Бас, улар мени ўлдиришларидан қўрқурман”. Яъни, ушбу оятлар билан борсам, улар менга қасд қилиб ўлдириб қўйишларидан чўчияпман. Чунки мен илгари билмаган ҳолимда улардан бир кишини ўлдириб қўйган эдим!
Мусо (алайҳиссалом) бу билан Аллоҳ таолонинг рисолатини одамларга етказишдан асло ўзини олиб қочаётгани йўқ, балки ўша фосиқ, нодон қавм олдига борганида ўзига бирон кор-ҳол етиб қолишидан хавотирланиб, Раббининг паноҳ беришини, У Зотнинг ҳимоясини сўрамоқда, холос.
Сўнгра Мусо (алайҳиссалом) қуйидагиларни қўшимча қилди: “Оғам Ҳорун мендан кўра тили бурророқдир. Бас, уни ҳам мен билан бирга мени тасдиқлайдиган ёрдамчи қилиб юборгин. Чунки улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман”.
Яъни, эй Раббим, ушбу қавм олдига борганимда мен билан биродарим Ҳорунни ҳам юборгин. Чунки унинг тили бурро ва фасоҳатли. Ҳорун ҳақни ҳимоя қилиб, даъват қилишга мендан кўра қобилиятлироқ. Шунингдек, у менга рисолатингни етказишимда кўмакчи бўлади, мен тарғиб қилаётган нарсаларнинг ҳақ эканини тасдиқлаб туради, агар менга бирон нарса бўладиган ҳолда у менинг ўрнимни эгаллайди. Агар шундай қилмасанг, Фиръавн ва қавми мени ёлғончига чиқариб қўйишларидан, менга зиён-заҳмат етказишларидан қўрқаман.
Мусо (алайҳиссалом) тилидан айтилаётган ушбу сўзлар унинг Рабби рисолатини бошқаларга ҳам етказишдаги жонбозлиги, унинг яхши натижа беришига ўта ҳарисмандлигидан дарак беради.
Меҳрибон Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)нинг илтижоларини қабул қилиб, шундай деди: “Биз сени оғанг билан қувватлантирурмиз ва иккингиз учун салтанат қилурмиз. Бас, улар сизларга (бирон зиён) етказа олмаслар”.
Яъни, эй Мусо, Биз сенга сўраган нарсаларни ато этамиз, сени биродаринг Ҳорун билан қувватлантирамиз ва ёрдам берамиз ҳамда қудратимиз, иродамиз билан сиз икковингизга кучли ҳужжат, куч-қувват ва ғалаба ато этамиз. У сизларни золимлар хуружидан омонда сақлайди. Сизлар ҳеч хавотир олманглар, Фиръавн ва қавми зиғирча ҳам зарар етказа олмаслар!
“Бизнинг оят-мўъжизаларимиз билан сизлар ҳам, сизларга эргашган кишилар ҳам ғолиб бўлгувчидирлар”. Ушбу сўзлар Мусо ва Ҳорун (алайҳиссалом)ларга янада далда ва ғайрат бағишлаш мақсадида айтилмоқда.
Мусо ва Ҳорун (алайҳимуссалом)лар Улуғ Аллоҳнинг амрига бўйсуниб Фиръавннинг олдига уни Ҳаққа даъват қилиш, Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишга ундаш учун йўл олдилар.
Қиссанинг давомида Мусо (алайҳиссалом) ва исёнкор Фиръавн ўртасида бўлиб ўтган қизғин ва баҳс-мунозарага бой суҳбат ҳақида ҳикоя қилинади:
Энди қачонки Мусо уларга Бизнинг аниқ-равшан оят-мўъжизаларимизни келтиргач, улар: “Бу ҳеч нарса эмас, магар уйдирма-сеҳрдир. Бизлар бу нарсани ўтган ота-боболаримиз (замони)да ҳам эшитган эмасмиз”, дедилар. Мусо айтди: “Парвардигорим ким Ўзининг ҳузуридан ҳидоят келтирганини ҳам, (охират) диёридаги оқибат кимнинг фойдасига бўлишини ҳам жуда яхши билгувчидир. Албатта, золим кимсалар нажот топмас”. Фиръавн: “Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман. Бас, сен, эй Ҳомон, лойни пишириб, мен учун бир қаср бино қил, шоядки мен Мусонинг худосини кўрсам. Албатта, мен уни ёлғончи кимсалардан деб ўйламоқдаман”, деди. У (Фиръавн) ҳам, унинг лашкарлари ҳам Ер юзида ноҳақ кибру ҳаво қилдилар ва ўзларини Бизларга қайтарилмайдилар, деб гумон қилдилар. Бас, Биз уни ва лашкарларини ушладик-да, денгизга ташладик – ғарқ қилиб юбордик. (Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), энди Сиз у золим кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг. Ва уларни дўзахга чорлаб турадиган пешволар қилиб қўйдик. Қиёмат кунида ҳам уларга ёрдам берилмас. Биз бу дунёда ҳам уларга лаънатни эргаштирдик. Қиёмат кунида ҳам улар йироқ қилинувчи кимсалардандирлар. Аниқки, Биз аввалги аср-авлодларни ҳалок қилганимиздан кейин Мусога одамлар учун нур, ҳидоят ва раҳмат бўлган Китоб ато этдик. Шояд улар эслатма-ибрат олсалар” (Қасас, 36–43).
Мусо (алайҳиссалом) Фиръавн ва қавми олдига уларни залолатдан ҳидоятга чиқариш, ибодат қилишга ёлғиз муносиб бўлган Зот – Аллоҳ таолога бўйсунишга даъват қилганида, улар: “Бу ҳеч нарса эмас, магар уйдирма-сеҳрдир”, дедилар. Яъни, эй Мусо, сен олиб келган бу нарса сеҳрдан бошқа нарса эмас. Буларни ўзинг тўқиб чиқаргансан!
Сўнгра улар ўзларининг ботил сўзларига ундан ҳам ўтиб тушадиган ўзга бир сўзни қўшимча қилдилар: “Бизлар бу нарсани ўтган ота-боболаримиз (замони)да ҳам эшитган эмасмиз”.
Яъни, эй Мусо, сен келтирган нарсани – Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ибодат қилиш лозимлиги ва сенинг пайғамбарлигингни аввалги аждодларимиз даврида ҳам эшитмаганмиз.
Қавм оғзидан чиқаётган ушбу куфр сўзлари уларнинг Ҳақдан юз ўгиришларига, ўзлари ўрганиб қолган нарсага ҳеч бир фикр юритмай муккадан кетганларига ишорат қилади.
Мусо (алайҳиссалом) уларга мантиқий ва ҳикматли услубда қуйидагича жавоб қилди: “Парвардигорим ким Ўзининг ҳузуридан ҳидоят келтирганини ҳам, (охират) диёридаги оқибат кимнинг фойдасига бўлишини ҳам жуда яхши билгувчидир”.
Яъни, Мусо (алайҳиссалом) Фиръавн ва аъёнларига жавобан деди:
– Мени ва сизларни яратган Раббим ким Ўз ҳузуридан ҳидоят ва Ҳақ ила келганини ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Шунингдек, Аллоҳ Қиёматда кимга чиройли оқибат, гўзал ниҳоя насиб этишини ҳам яхши билувчидир.
“Албатта, золим кимсалар нажот топмас”. Бу Аллоҳ таоло аввалдан белгилаб қўйган тақдири азалийсидир. Яъни, золим кимсалар, имон-эътиқоддан йироқ бўлганлар зинҳор муваффақият қозонмайдилар. Балки Раббимиз Аллоҳ дея Унинг амрига биноан ҳаёт кечирадиган итоатгўй мўминларгагина хосдир нажот топиш!
Мусо (алайҳиссалом) томонидан мулойимлик билан айтилган ушбу сўзлар қалбини ғурур ва такаббурлик иллати буткул эгаллаб олган Фиръавнга зиғирча ҳам таъсир қилгани йўқ. У нима қилиб бўлса ҳам – ёлғон даъволар қилиб, ўзини улуғлашни хоҳлар эди. Шу мақсадда қавмига деди:
– Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман.
Фиръавннинг ушбу манфур гапи унинг учига чиққан тоғий ва исёнкор бўлганлигини кўрсатмоқда.
Нодон қавм ҳам ушбу сафсата ва уйдирмаларни худди қўрқоқ кишилардек жимгина қабул қилиб қўя қолди. Аллоҳ таоло буни шундай ифодалайди: “Бас, у ўз қавмини тезлатган эди, улар унга итоат этдилар. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм эдилар” (Зухруф, 54).
Сўнгра Фиръавн ўзининг даъвоси тўғрилигини исботламоқчи бўлиб, вазири Ҳомонга: “Бас, сен, эй Ҳомон, лойни пишириб, мен учун бир қаср бино қил, шоядки мен Мусонинг худосини кўрсам”, деди.
Яъни, эй вазирим Ҳомон, сен лойдан пишиқ ғишт тайёрлаб, сўнгра мен учун баланд, осмонўпар бир бино қургин. Шояд мен у ерга чиқиб, Мусонинг худосини кўрсам. Чунки “Албатта, мен уни ёлғончи кимсалардан деб ўйламоқдаман”. Бу ердаги “... деб ўйламоқдаман” тарзида гумон маъносида айтилган сўз “аниқ ишонч”ни инглатади.
Яъни, ишончим комилки, Мусонинг мен – Фиръавндан бошқа илоҳ бор, деб қилаётган даъвоси ғирт ёлғоннинг ўзгинаси!
Шундай қилиб, Фиръавн қандай бўлмасин, нодон ва жоҳил қавмига ўзидан бошқа илоҳ йўқлигини уқтириб, Мусо айтаётган гаплар ёлғонлигига ишонтириши керак эди.
Ушбу маъно бошқа оятларда ҳам таъкидланган: “Фиръавн деди: “Эй Ҳомон, мен учун бир (баланд) қаср қургин, шоядки, мен (у қасрнинг устига чиқиб) йўлларга – осмонларнинг йўлларига етиб, Мусонинг илоҳини кўрсам. Дарҳақиқат, мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман”. Фиръавнга ўзининг ёмон амали мана шундай чиройли кўринди ва у (тўғри) йўлдан тўсилди. Фиръавннинг барча макру ҳийласи, албатта, зиёндир-ҳалокатдир” (Ғофир, 36–37).
Фиръавнни куракда турмайдиган ушбу сўзларни айтишга нима ундади? Бунинг сабаби қуйидаги оятда келади: “У (Фиръавн) ҳам, унинг лашкарлари ҳам Ер юзида ноҳақ кибру ҳаво қилдилар ва ўзларини Бизларга қайтарилмайдилар, деб гумон қилдилар”.
Яъни, Фиръавн ва унинг қўшини Биз улар учун яратиб, неъмат қилиб берган Ер юзида ноҳақ, жоҳилларча ғурур ва мутакаббирлик қилдилар ҳамда ўзларини қиёмат куни ҳисоб-китоб қилиниб, жазо олишлари учун Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайдилар, деб эътиқод қилдилар.
Бундай такаббурлик, ғурур ва қиёматда қайта тирилиб, ҳисоб беришни инкор қилишнинг оқибати нима бўлди?
“Бас, Биз уни ва лашкарларини ушладик-да, денгизга ташладик – ғарқ қилиб юбордик”.
(Таржимада “ташладик” деб келтирилган сўз аслиятда “набаза” феъли орқали ифодаланган.)
“Набаза” сўзи “бирон нарсани ҳақоратлаб, уни паст санаб ташлаб юбориш, улоқтириш” каби маъноларни билдиради.
Яъни, Биз Фиръавн ва лашкарларини аламли азоб билан жазоладик, уларни худди бир кераксиз данак ёки хас-чўп каби денгизга улоқтирдик.
“(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), энди Сиз у золим кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг”. Яъни, уларнинг оқибати ҳақида фикр юритинглар, улар тутган йўлдан узоқроқ юринглар!
(Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўз суюкли Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва жамики мўминларни кофир қавм изидан бормасликка, уларнинг ҳоли не кечганидан хабардор бўлиб, доим огоҳ ва сергак ҳолда ҳаёт кечиришга амр қилмоқда. – Таржимон.)
“Ва уларни дўзахга чорлаб турадиган пешволар қилиб қўйдик. Қиёмат кунида ҳам уларга ёрдам берилмас”. Яъни, Биз Фиръавн ва қўшинини куфр, фисқу фужур ва исён ишлари сабабли жаҳаннамга чорлаб турадиган, ушбу золим қавмнинг йўлини тутганларнинг ҳам у ерга тушишларига сабабчи бўладиганлардан қилиб қўйдик. Қиёмат кунида улар ўзларидан азобни қайтариб, ҳимоя қилувчи бирон киши ёки нарсани топа олмаслар.
“Биз бу дунёда ҳам уларга лаънатни эргаштирдик. Қиёмат кунида ҳам улар йироқ қилинувчи кимсалардандирлар”. Яъни, улар куфр ва залолатда ҳаёт кечирганлари боис Биз уларни ушбу дунёда раҳматимиздан маҳрум этдик. Қиёмат кунида ҳам улар раҳматимиздан узоқлаштириладилар.
Аллоҳ таоло Қасас сурасида келган Мусо (алайҳиссалом) қиссасини шундай ниҳоялайди: “Аниқки, Биз аввалги аср-авлодларни ҳалок қилганимиздан кейин Мусога одамлар учун нур, ҳидоят ва раҳмат бўлган Китоб ато этдик. Шояд улар эслатма-ибрат олсалар”.
Яъни, Биз аввалги асрлар мобайнида Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ қавми каби ношукр, кофир кимсаларни ҳалок қилганимиздан сўнг Мусога одамлар тўғри йўлни топишлари, қалб кўзлари очилиши ва азобдан қутқарувчи раҳмат сифатида Тавротни нозил қилдик.
“Шояд улар эслатма-ибрат олсалар” оятида уларга Китоб ато этилиши сабаби келтирилиб, уларни бунинг учун шукр қилишга тарғиб қилинмоқда. Яъни, Биз сизларга Ҳақни ботилдан ажрата билишларингиз учун Китобни нозил қилдик. Бас, энди сизлар унда келган буйруқларга оғишмай амал қилинглар ҳамда Бизнинг неъматларимизни эслаб, доимо Бизга шукр қилинглар.
Қасас сурасида Мусо (алайҳиссалом) ҳаётининг энг узун даври – гўдаклигидан то пайғамбар бўлгунгача бўлган давр ҳақида ҳикоя қилинди.
Намл сурасида эса ушбу қисса ўзгача услуб ва кўринишда ёритилади. Аллоҳ таоло айтади:
“Мусо аҳли оиласига: “Мен олов кўриб қолдим. Сизларга ундан бирон хабар келтирурман ёки сизларга исиниб олишингиз учун бир ўт-чўғ келтирурман”, деганини эсланг! Энди қачонки у (оловнинг олдига) келгач, унга нидо қилинди: “Олов олдидаги кишига ва унинг атрофидаги зотларга хайру баракот бўлсин. Барча оламларнинг Парвардигори – Аллоҳ (айбу нуқсондан) Покдир. Эй Мусо, шак-шубҳасиз, Мен ғолиб ва ҳикмат соҳиби – Аллоҳдирман. Асойингни ташлагин!”. Бас, қачонки (Мусо) унинг илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. “Эй Мусо, қўрқмагин! Зеро, Менинг ҳузуримда пайғамбарларим қўрқмаслар. Лекин ким зулм қилсаю, сўнгра ёмонликдан кейин уни чиройли (амал)га алмаштирса, бас, албатта, Мен мағфиратли, меҳрибондирман. Қўлингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бўлиб чиқур. (Бу мўъжиза сен) Фиръавн ва унинг қавмига (олиб борадиган) тўққиз оят-мўъжиза ичида (бордир). Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар. Бас, қачонки уларга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз равшан ҳолда етиб келгач, улар: “Бу очиқ сеҳрдир”, дедилар. Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, уни инкор этдилар. Энди у бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг” (Намл, 7–14).
Оятнинг аввалида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хитоб қилиб демоқда: эй муҳтарам Пайғамбар, Мусо Мадяндан Миср томон кетаётиб:
– Мен бир оловни кўриб қолдим, сизлар жойларингизда қимирламай туринглар! Мен у ердан хурсандчилик бирон хабар олиб келсам ёки совуқдан исиниб олишларингиз учун бирон чўғ олиб келсам, – деганини эсланг ва ибрат олишлари учун Сизга эргашган кишиларга ҳам зикр қилинг.
Энди Аллоҳ таоло оловнинг олдига яқин келган Мусо қандай воқеалар гувоҳи бўлганидан хабар қилади: Энди қачонки у (оловнинг олдига) келгач, унга нидо қилинди: “Олов олдидаги кишига ва унинг атрофидаги зотларга хайру баракот бўлсин”.
“Олов олдидаги киши”дан мурод Мусо (алайҳиссалом), “унинг атрофидаги зотлар”дан мурод эса ерда ҳозир бўлиб турган яқин атрофдаги фаришталардир.
Яъни, Мусо (алайҳиссалом) олов турган жойга яқин келганида Аллоҳ азза ва жалла тарафидан ҳурмат-эҳтиром ва салом маъносида Мусога:
– Олов яқинидаги киши – Мусо ва унинг атрофидаги зотлар – фаришталарга яхшилик бўлсин, Мусонинг рисолатни етказиш учун пайғамбар қилиб танлаб олингани муборак бўлсин, – деб нидо қилинди.
“Барча оламларнинг Парвардигори – Аллоҳ (айбу нуқсондан) Покдир”. Бу Аллоҳ таолонинг Мусога Ўзи ҳақида бераётган хабаридир. Токи у Аллоҳнинг Каломини эшитиб, у одамнинг сўзига ўхшар экан, деган хаёлга бормаслиги учун У Зот махлуқотларига ўхшашдан пок, айбу нуқсон ва қусурлардан саломат эканини Ўз Пайғамбарига таълим бермоқда.
“Эй Мусо, шак-шубҳасиз, Мен ғолиб ва ҳикмат соҳиби – Аллоҳдирман”. Бу ерда Аллоҳ азза ва жалла бандаси Мусога у билан гаплашаётган Зот барча нарсадан ғолиб, бандалари устидан мутлақ ҳоким бўлган Аллоҳ таоло эканини баён қилмоқда.
Яъни, эй Мусо, айни пайтда сен билан гаплашаётган Мен – Аллоҳман. Бас, нимага буюрсам сен ўшанга қулоқ тут ва айтганларимни, сенга топширган вазифаларимни бажо эт!
“Асойингни ташлагин!” Бу ўзидан аввалги нидонинг узвий давоми ҳисобланади. Яъни, олов олдидаги кишига ва унинг атрофидаги зотларга хайру барака бўлсин, қўлингдаги асойингни ерга ташлагин, деб нидо қилинди.
“Бас, қачонки (Мусо) унинг илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди”.
Яъни, Мусо (алайҳиссалом) Раббининг амрига лаббай, деб жавоб қилиб, қўлидаги асони ерга ташлаган ҳам эдики, у тезда ҳаракатлана бошлади. Унинг шиддат билан ҳаракатланаётганини кўрган Мусо “илон” деб ўйлаб, қўрқувдан ортига қарамай у ердан қоча бошлади.
Мусонинг бу тарзда қочишига сабаб шуки, у қимирлаётган нарса бир оз олдин қўлида турган асойи эканини умуман хаёлига келмагани эди. Инсон табиатига хос нарса шуки, у қўрқув ва саросимага тушса, ўзини йўқотиб қўяди ва фикрлашга қодир бўлмай қолади.
Мусо (алайҳиссалом) шундан бир қўрқув ҳолатида турганида Аллоҳ таоло унинг қалбига хотиржамлик солиш мақсадида:
– Эй Мусо, қўрқмагин! – деди.
Яъни, Мен сенинг олдингда эканман сен кўрган нарсангдан қўрқмагин ва бошқа нарсаларнинг зарар беришидан зинҳор қўрқувга тушма!
“Зеро, Менинг ҳузуримда пайғамбарларим қўрқмаслар”. Бу қўрқувга тушишдан нима учун қайтарилаётганининг сабабидир. Яъни, Мен кимни рисолатимни ўз зиммасига олиб, амримни одамларга етказиш учун танлаб олган бўлсам, ўша бандалар Менинг даргоҳимда ҳаргиз қўрқмайдилар.
“Лекин ким зулм қилсаю, сўнгра ёмонликдан кейин уни чиройли (амал)га алмаштирса, бас, албатта, Мен мағфиратли, меҳрибондирман”.
Яъни, эй Мусо, Менинг ҳузуримда пайғамбарларим қўрқмайдилар. Лекин кимки нафсига зулм қилиб, бирон ёмон ишни содир этадиган бўлса, сўнгра зулмдан адолатга, ёмонликдан яхшиликка қайтиб, гуноҳ-маъсиятдан тоат йўлига юриб, чин қалбдан тавба қилса, Мен у бандадан ўтган барча гуноҳларини кечириб юбораман. Зеро, ёлғиз Менгина раҳмат ва мағфирати кенг бўлган Зотдирман.
Шундан кейин Мусо (алайҳиссалом)нинг ростгўйлардан эканини исботловчи бошқа мўъжизалар ҳақида айтиб ўтилади:
“Қўлингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бўлиб чиқур”. Яъни, эй Мусо, ўнг қўлингни чўнтагингга тиқ, сўнгра уни чиқар. Қўлинг ҳеч бир касалсиз (яъни, мохов касалисиз) оппоқ ва нурли бўлиб чиқади. Унинг саломат ҳолида бундоқ чароғон бўлиши Аллоҳ таолонинг қудрати ва иродаси билангина юз берди.
“(Бу мўъжизалар сен) Фиръавн ва унинг қавмига (олиб борадиган) тўққиз оят-мўъжиза ичида (бордир)”.
Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)га ато этган ушбу тўққиз мўъжиза қуйидагилар эди: асо, қўл, қаҳатчилик йиллари, дарё, тўфон, чигиртка, бит, қурбақа ва қон. Буни Ибн Аббос, Мужоҳид, Қатода ва бошқалар ривоят қилишган.
Мўъжизаларнинг тўққизта деб чекланиши Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)га бундан бошқа мўъжиза бермаган, деган фикрни келтириб чиқармаслиги лозим. Усул илми уламолари таъкидлашларича, бирон нарсани аниқ бир миқдор билан чегаралаб ифодалаш унинг ўша сондан зиёда бўлиши эҳтимолини инкор қилмайди.
(Бу нарсани Қуръони каримнинг бошқа оятлари ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадиси шарифларида ҳам кузатишимиз мумкин. Масалан, етти тоифа кишиларни Аллоҳ таоло Ўзининг соясидан бошқа соя бўлмайдиган (қиёмат кунида) ўз соясига олади” деган ҳадис мавжуд. Бу дегани Қиёмат кунида мазкур тоифа вакилларидан бошқалар Аллоҳнинг раҳматидан бебаҳра қоладилар дегани эмас. Бу ердаги “етти тоифа” деб чегаралаш фақатгина одамнинг диққатини ўзига қаратиш, эътиборни жамлаш ва уларни ўша хайрли ишларга осон йўл билан тарғиб этиш мақсадида айтилган. Шунингдек, ҳадисларнинг бирида “уч тоифа кимсалар жаннатга кирмайди. Булар: муттасил тарзда хамр ичувчи, ота-онасига оқ бўлган ва етимнинг молини ноҳақ егувчилар”. Ушбу маънодаги бошқа ривоятда ўша уч тоифага даюслар (аҳли аёли – онаси, сингил, опаси, жуфти ҳалолини ўзгалардан – номаҳрамлардан қизғанмайдиган эркаклар), ўзини эркакларга ўхшатувчи аёллар, рибохўрлар ҳам киритилган. Шундан ҳам билиб оламизки, бирон нарсани маълум бир миқдор билан чегаралаш ўша нарсанинг мазкур чегараланган миқдордан ортиқ бўлишига ҳеч бир монелик қилмайди. – Таржимон.)
Ояти кариманинг давомида Фиръавн ва унинг атрофидаги кишилар ҳақида шундай дейилади: “Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар”. Бу Мусо (алайҳиссалом)нинг ушбу қавмга нима сабабдан юборилишининг асл сабабидир. Яъни, эй Мусо, Биз сени ўша тўққиз мўъжиза билан Фиръавн ва қавмига юбормоқдамиз. Сабаби улар Бизнинг тоатимиздан чиқиб, фосиқлик йўлига кирдилар ва Мендан ўзга махлуқотларга ибодат қилдилар.
Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳнинг амрига “лаббай” деб жавоб бериб, қавмини ҳидоятга чиқариши мақсадида йўлга отланди.
“Бас, қачонки уларга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз равшан ҳолда етиб келгач, улар: “Бу очиқ сеҳрдир”, дедилар. Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, уни инкор этдилар. Энди у бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг”.
Яъни, Мусо (алайҳиссалом) ўзининг чин пайғамбарлигини тасдиқловчи илоҳий мўъжизалар билан қуролланган ҳолда Фиръавн ва қавми олдига уларни Аллоҳ учун ихлос билан ибодат қилишга чақирганида, улар ношукрлик, кибр ва ғурур билан:
– Эй Мусо, биз сенда кўриб турган бу нарса очиқ-ойдин сеҳрнинг ўзгинаси-ку, – дедилар.
Йўқ, аслида Фиръавн ва қавми ушбу мўъжизалар Мусо (алайҳиссалом)га Рабби томонидан нозил қилинганини яхши билардилар. Аммо билганларига хилоф иш тутдилар, унга имон келтиришга бўйинлари ёр бермади, балки кибрлари устунлик қилди.
Эй оқил инсон, уларнинг оқибати қандай якун топганига бир назар сол! Улар кофир бўлганликлари, золим ва ношукрликлари ҳамда Ер юзида бузғунчилик қилиб юрганликлари боис Аллоҳ барчаларини сувга ғарқ қилди.
“Энди у бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг” оятида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кофир қавмдан етган жабр-зулмни енгиллатиш учун тасалли бериш маъноси бор. Қурайш кофирларининг Ҳақни била туриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олиб келган нарсаларни инкор қилишлари худди Фиръавн ва қавми тутган йўлга ўхшайди. Уларнинг қалбига имон киришига жуда кўп нарсалар монелик қиларди. Бунинг энг аввалида ношукрлик, ҳасад, ота-боболари қилиб келган нарсаларга кўр-кўрона қаттиқ ёпишиб олиш, вазиятни бир ҳолатдан бошқа бир ҳолатга ўзгартиришни нафслари хоҳламаслиги ва бу иш шаҳватлари томонидан уларга зийнатлаб кўрсатилгани турарди.
Тоҳа сурасида ҳам Мусо (алайҳиссалом)га Аллоҳ томонидан юклатилган вазифалар, биродари Ҳорун билан Фиръавн олдига боришлари ҳақида ҳикоя қилинади:
“(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Сизга Мусо ҳақида хабар келдими? Эсланг, бир оловни кўриб аҳли оиласига: “(Сизлар шу ерда) туринглар, мен бир олов кўриб қолдим, шоядки сизларга ундан бир чўғ олиб келсам ёки шу ўт олдидан бирон йўл (кўрсатувчи) топсам”, деди. Бас, қачонки у (оловнинг яқинига) келгач: “Эй Мусо”, деган нидо эшитилди. “(Эй Мусо), Мен сенинг Парвардигорингман. Энди кавушларингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан. Мен сени танладим. Бас, юборилган ваҳийга қулоқ тут! Дарҳақиқат, Мен Аллоҳдирман. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Мен бордирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил! Токи ҳар бир жон қиладиган саъй-ҳаракати сабабли жазоланиши учун (қиёмат) соати албатта, келгувчидир. (Лекин) Мен уни яширишни истайман. Бас, сени ишонмайдиган ва ҳавойи нафсига эргашган кимсалар ундан тўсмасинлар, у ҳолда ҳалок бўлурсан” (Тоҳа, 9–16).
Юқорида келтирилган илк оятларнинг маъноси қуйидагича: эй муҳтарам Пайғамбар! Шубҳасиз Сизга биродарингиз Мусонинг Мадяндан Миср томон кетаётиб, бир оловни кўриб қолгач, ўз оиласига:
– Сизлар жойларингизда туринглар, ҳеч қаёққа қимирламанглар. Шояд мен у ердан бирон чўғ олиб келсам ёки сафаримизда ёрдам берадиган йўл кўрсатувчи топсам, – дегани ҳақида хабар келди.
Ўшанда Мусо (алайҳиссалом) олов ёнига яқинлашганида Аллоҳ тарафидан:
– Эй Мусо, Мен сенинг Раббингман. Бас, сен энди Бизнинг амримизга таъзим бажо қилиб, даргоҳимизда турганинг ҳурматидан оёқ кийимингни ечгин, – деган нидо келди.
“Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан”. Бу амр нима сабабдан пойафзални ечиш лозимлигини баён қилмоқда. Яъни, сен ҳозир иккала оёғингдаги кавушингни ечгин. Чунки сен Туво деб аталган муқаддас, муборак бир водийда турибсан.
“Мен сени танладим. Бас, юборилган ваҳийга қулоқ тут!”
Яъни, Мен сени қавминг орасидан рисолатимни зиммангга олишинг ва даъватимни бошқа бандаларимга етказишинг учун пайғамбар сифатида танлаб олдим. Энди сен Мен тарафимдан ваҳий қилинаётган нарсаларга қулоқ сол ва сенга амр қилинаётган ишларни бекаму кўст адо эт!
“Дарҳақиқат, Мен Аллоҳдирман. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Мен бордирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил”. Яъни, ибодат қилиш, итоат этиш ва қўрқиш учун Мендан кўра муносиброқ бирон илоҳ йўқ! Шу сабаб сен Менинг розилигим учун холис ибодат қил ва “Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!”
Яъни, намоз энг буюк ибодат ва энг афзал тоатдир. Бас, сен Мени доим эслаб туришинг ва Менга кучлироқ боғланишинг учун намозни хушу ва ихлос ила адо эт! Шунингдек, намоз ўзида кўплаб зикрларни жамлаган. Унда Менинг зотим ва сифатимни мадҳ этувчи ҳамду санолар бор.
Ёки ушбу оятнинг мазмуни қуйидагича: хусусан Мени зикр қилиш, розилигимни олиш учун риё қилмаган ҳолда намозни адо эт!
“Токи ҳар бир жон қиладиган саъй-ҳаракати сабабли жазоланиши учун (қиёмат) соати албатта, келгувчидир. (Лекин) Мен уни яширишни истайман”.
Яъни, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, савоб ёки жазо олиш куни бўлган қиёматнинг келишида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Мен унинг қачон эканини яширишни ирода қилдим. Фақатгина, унинг келиш вақтини баъзи аломат ва белгилар орқали билдираман.
Қиёмат соати шубҳасиз келади. У кунда ҳар бир жон дунёда қилган яхши ва ёмон ишларига яраша савоб ёки жазо олади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бошқа ояти карималарда шундай дейди:
“Ким охиратни истаса ва мўмин бўлган ҳолида (охиратга лойиқ) саъй-ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Аллоҳ наздида) мақбул бўлур” (Исро, 19).
“Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқолчалик яхшилик қилса, (қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқолчалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!” (Залзала, 7–8).
Сўнгра Аллоҳ таоло қиёмат кунига тайёргарлик кўрмаслик ва у ҳақида гумон-шубҳага боришдан қайтариб дейди: “Бас, сени ишонмайдиган ва ҳавойи нафсига эргашган кимсалар ундан тўсмасинлар, у ҳолда ҳалок бўлурсан”.
Яъни, қиёмат кунида савоб ва иқоб берилишини инкор қилувчи кофир-фосиқ кимсалар сени Қиёматга имон келтиришдан ҳамда ўша куни сенга манфаат келтирадиган солиҳ амалларни қилишдан зинҳор тўсиб қўймасинлар! Акс ҳолда, агар сен уларга бўйин эгсанг, аниқки, ҳалокат жарига қулайсан!
Ушбу оятда, аввал қиёмат соати куни келиб, албатта, юз бериши айтилиб, сўнгра унинг қоим бўлишини инкор қиладиган, у кунга тайёргарлик кўришдан бош тортадиган кимсаларга итоат этмаслик қаттиқ таъкидланмоқда.
Аллоҳ таоло айтади: “Бунга сабаб, Аллоҳ ҳақ экани ва Унинг Ўзи ўликларга ҳаёт бериши ҳамда У ҳамма нарсага қодир эканлигидир. Яна аниқки, (қиёмат) соати, шак-шубҳасиз, келгувчидир ва албатта, Аллоҳ қабрдаги бор жонзотни тирилтирур” (Ҳаж, 6–7).
Қисса давомида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Мусо (алайҳиссалом)га буюрган баъзи амрлари ва Мусонинг Раббидан сўраган нарсалари ҳақида хабар қилинади:
“Ана у – қўлингдаги нима, эй Мусо?!” (Мусо) деди: “У асойим, унга таянурман ва у билан қўйларимга (барг) қоқиб берурман. Яна унда бошқа ишларим ҳам бор”. (Аллоҳ) айтди: “Уни ташлагин, эй Мусо!” Бас, Мусо уни ташлаган эди, баногоҳ, у юрадиган – жонли илон бўлиб қолди. (Аллоҳ) деди: “Уни ушла! Қўрқмагин, Биз уни аввалги ҳолига қайтарурмиз. Қўлингни қанотингга тиққин, у ҳеч қандай зиён-заҳматсиз оппоқ-нурли бўлиб чиқур. (Бу) иккинчи мўъжиза (бўлур). Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик. Энди) сен Фиръавннинг олдига боргин! Чунки у ҳаддан ошди”. (Мусо) деди: “Парвардигорим, Ўзинг қалбимни кенг қилгин, ишимни осон қилгин, тилимдаги тугунни – дудуқликни ечиб юборгин, сўзимни англасинлар. Менга ўз аҳлимдан бўлган Ҳорун оғамни вазир қилгин. У билан белимни бақувват қилгин. Ва уни ишимда шерик қилгин. Токи биз Сенга кўпроқ тасбеҳ айтиб, Сени кўпроқ зикр қилайлик. Албатта, Сен бизни кўрувчи бўлган Зотсан” (Тоҳа, 17–35).
“Ана у – қўлингдаги нима, эй Мусо?!” оятидаги савол эътироф учун берилмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло Мусонинг қўлида нима борлигини жуда яхши билар эди. Бу ерда Мусо (алайҳиссалом)нинг ўз тилидан қўлидаги нарса “Асойим” деб айтилиши керак эди. Чунки бир оздан сўнг у асо Аллоҳ таолонинг қудрати билан илонга айланиши лозим эди.
Аллоҳ таоло ушбу саволига Мусо кутилганидек: “У асойим”, деб жавоб берди. Мусо (алайҳиссалом) ўнг қўлидаги асо эканини айтиб, у ўзига тегишли эканини ҳам билдириб қўйди.
Шундан сўнг асойининг вазифаларини санай бошлади: “Унга таянурман ва у билан қўйларимга (барг) қоқиб берурман. Яна унда бошқа ишларим ҳам бор”.
Яъни, мен юрганимда ёрдам бўлиши учун асойимга суянаман ва қуриган дарахт баргларини қўйларимга қоқиб бераман. Шунингдек, бу асойимда мен айтмаган бошқа ҳожатларим ҳам бор. Унинг менга кўп манфаати етади.
Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг саволига “У менинг асойим”, деб қисқа жавоб берса ҳам бўларди. Лекин у қўшимча қилиб, унга суянишини ва асойи ёрдамида қўйларига барг қоқиб беришини ҳам айтиб ўтди. Зеро, бу ҳолат банданинг Ҳолиқи билан таклийми (суҳбати) бўлиб, бундай ҳолатда бандадан мукаммал ва тўлиқ жавоб бериш талаб қилинарди.
“Яна унда бошқа ишларим ҳам бор” деб Мусо (алайҳиссалом)дан мужмал тарзда – умумий қилиб жавоб қайтарилишига сабаб сўзни чўзиб юборишдан ҳаё қилгани ёки аксинча Аллоҳ билан бўлган суҳбатни узунроқ давом этишини хоҳлаганидир.
Қуртубий айтади: “Ушбу оятда саволга ундан афзалроқ қилиб жавоб қайтариш жоизлигига далил бор. Чунки Аллоҳ таоло: “Ана у қўлингдаги нимадир, эй Мусо?!” деб сўраганида, у асойининг тўртта вазифасини санаб ўтди.
(Аллоҳ) айтди: “Уни ташлагин, эй Мусо!” Яъни, эй Мусо, ўнг қўлингдаги ушбу асони ерга ташла, кейин нима бўлишини кўрасан. “Бас, Мусо уни ташлаган эди, баногоҳ, у юрадиган – жонли илон бўлиб қолди”.
Яъни, Мусо Раббининг амрига бўйсуниб, асойини ерга ташлаган ҳам эдики, у Аллоҳ таолонинг қудрати билан тирик илонга айланиб, тез-тез ҳаракат қила бошлади. Буни кўрган Мусо қўрқиб, ортига қарамай қочди. Лекин Аллоҳ таоло унинг қалбини мустаҳкам қилиб, нафсига хотиржамлик солиш мақсадида:
– Уни ушла! Қўрқмагин, – деди. Яъни, бир оз аввал қўлингда турган асодан илонга айланган нарсани ушла, ундан қўрқма! Чунки “Биз уни аввалги ҳолига қайтарурмиз”. Яъни, Биз ушбу ўрмалаб юрган илонни қудратимиз ила яна аввалги асо ҳолига қайтарамиз.
Айтилишича, Аллоҳ таолонинг ушбу ҳолатда Мусо (алайҳиссалом) асойини илонга айлантиришдан кўзланган ҳикмат – унинг қалбини мустаҳкамлаш, келгусида Фиръавн ва қавми олдида қўлидаги асонинг бундан ҳам каттароқ илонга айланган ҳолда кўрганида қўрқмаслиги учун замин тайёрлашдан иборат эди.
Инсон руҳиятига хос бўлган жиҳатлардан бири шуки, киши бирон нарсани, гарчи у қанчалик ажойиб ва ҳаяжонга солувчи бўлмасин, иккинчи кўришда ундаги аввалги ҳаяжон ва қўрқинч ҳисси бир оз бўлса ҳам йўқолади.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)га бошқа нарсаларни амр қилади: “Қўлингни қанотингга тиққин, у ҳеч қандай зиён-заҳматсиз оппоқ-нурли бўлиб чиқур. (Бу) иккинчи мўъжиза (бўлур)”. Яъни, эй Мусо, ўнг қўлингни чап қўлтиғингга тиққин, сўнгра чиқар. У бирон касалсиз оппоқ, нурли ва чароғон бўлиб чиқар. Бу сенга Биз ато этган асодан бошқа иккинчи мўъжизадир.
“Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик)”. Яъни, Биз сенга асо ва қўл мўъжизаларини беришдан мақсад – Бизнинг улуғ қудратимизга, Аллоҳнинг Якка Ўзи илоҳликка муносиб эканига далолат қилувчи катта мўъжизаларнинг баъзиларини кўрсатиш эди.
Мусо (алайҳиссалом)га мазкур икки мўъжизани беришдан кўзланган ҳикмат нима эди?
“Сен Фиръавннинг олдига боргин! Чунки у ҳаддан ошди”. Яъни, эй Мусо, ушбу икки мўъжиза билан қуролланган ҳолда Фиръавннинг олдига бор! Уни Менинг ёлғиз Ўзимга ибодат қилиш учун даъват эт! Унга шуни айтгинки, Бани Исроилга яхшилик қилсин, уларни ноҳақ азобламасин! Шунингдек, уни зулм ва кибрдан қайтар. Чунки у ҳақиқат ва адолат мезонидан чиқиб, ҳаддини билмай қолди. Ҳатто одамларга: “Мен сизларнинг буюк раббингизман”, деб даъво қилмоқда.
Мусо (алайҳиссалом) Раббидан ушбу топшириқларни қабул қилиб олар экан, ўз навбатида, ишининг енгил кечиши учун дуо қилиб қуйидагиларни сўради:
“Парвардигорим, Ўзинг қалбимни кенг қилгин”. Яъни, эй Раббим, қалбимни имон нури ва пайғамбарлик неъмати ила кенг қилгин, токи Сен менга юклаётган вазифаларни хурсандлик ила қабул қилиб, мукаммал тарзда адо этай.
“Ишимни осон қилгин”. Яъни, Ўзинг менга амр қилган ишларни бажаришимда мададкор бўлгин. Уларни мен учун енгил ва осон қилгин. Акс ҳолда, мен ушбу Рисолатнинг оғир юкини кўтаришга тоқат қила олмайман!
“Тилимдаги тугунни – дудуқликни ечиб юборгин, сўзимни англасинлар”. Яъни, тилимдаги камчилик бўлмиш дудуқланишни бартараф эт, токи одамлар айтаётган гапларимни яхши англаб, менга эргашсинлар!
Ривоят қилинишича, Мусо (алайҳиссалом)нинг тилида дудуқлик бўлган эди. Шу нарса Мусо (алайҳиссалом) бошини ўзгалар олдида хам қиларди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бошқа бир оятда Мусо (алайҳиссалом) тилидан шундай хабар беради: “Оғам Ҳорун мендан кўра тили бурророқдир. Бас, уни ҳам мен билан бирга мени тасдиқлайдиган ёрдамчи қилиб юборгин. Чунки улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман” (Қасос, 34).
Мусо (алайҳиссалом) ихлос билан дуо қилишда давом эта туриб деди:
– Менга ўз аҳлимдан бўлган Ҳорун оғамни вазир қилгин. У билан белимни бақувват қилгин. Ва уни ишимда шерик қилгин.
Мусо (алайҳиссалом) аввал бошида қалби ва тилига боғлиқ нарсаларни сўраган бўлса, энди эса ўзига боғлиқ бўлмаган нарсаларни ўтинч билан Раббидан сўрамоқда. Яъни, эй Раббим, илтижо қилиб сўрайманки, Сенинг Рисолатингни етказишимда аҳлимдан бўлган Ҳорун биродаримни менга ёрдамчи қил, у билан белимни қувватлантир, Рисолатингни етказишда уни ҳам менга шерик қил, токи Сенинг амрингни комил даражада адо этайлик!
Мусо (алайҳиссалом) ўз нафсида тез ғазабланиш, қизиққонликни кўриб, бирон хатоликка йўл қўймаслик мақсадида Раббидан шу нарсаларни сўрамоқда. Мақсад – аҳамияти катта бўлган ишларни у билан бирга маслаҳатлашиб амалга ошириш, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш эди.
“Токи биз Сенга кўпроқ тасбеҳ айтиб, Сени кўпроқ зикр қилайлик. Албатта, Сен бизни кўрувчи бўлган Зотсан”. Бу Мусо (алайҳиссалом)нинг Раббига қилган холис дуоларининг сабабидир.
Яъни, биз Сенга кўпроқ тасбеҳ айтиб, кўпроқ зикр қилишимиз учун дуойимизни ижобат эт! Зеро, Сен доимо бизни кўриб, кузатиб турасан. Бизнинг ва бошқа махлуқотларинг ишидан бирон нарса Сен учун махфий эмас. Сен бизнинг ҳолимизни ва ожизлигимизни яхши биласан ҳамда Сенинг ёрдаминг ва паноҳингга муҳтож эканимиздан ҳам мутлақ хабардорсан!
Ушбу дуолар билан Мусо (алайҳиссалом) ўз Раббига узоқ илтижо қилди, ўзининг бор эҳтиёж ва талабларни баён этди. Хўш, натижа нима билан якунланди?
Аллоҳ унинг дуосини қабул қилиб, сўраган нарсаларини берди. Аллоҳ таоло айтади: “Сўраган нарсаларинг сенга ато этилди, эй Мусо!” Яъни, эй Мусо, Биз дуойингни ижобат этдик, Ўз фазлу карамимиз ила сенга барча сўраган нарсаларингни ато этдик.
Мусо (алайҳиссалом) билан Фиръавн ўртасидаги мунозара ва қизғин тортишувлар
Ҳақ ва ботил орасидаги ушбу муросасиз тортишувлар Қуръони каримнинг бир неча сураларида баён қилинган. Унда Мусо (алайҳиссалом) томонидан кучли мантиққа асосланган фикрлар, очиқ-ойдин ҳужжат ва юксак шижоат хислатлари, Фиръавн томонидан эса, очиқ таҳдид, дўқ-пўписа, жаҳолат, куч-қувват билан мақтаниш каби мазаммат қилинган сифатлар кўзга ташланади.
Ҳозир Тоҳа сурасида келтирилган ушбу мунозараларни кўриб чиқамиз. Аллоҳ таоло айтади:
(Эй Мусо), сен ўзинг ва оғанг (Ҳорун) Менинг мўъжизаларимни олиб боринглар ва Мени зикр қилиб – ёдингизда тутишда сусткашлик қилманглар! Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки у ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки қўрқса. Улар дедилар: “Парвардигоро, дарҳақиқат, биз у шошқалоқлик қилишидан ёки бадтар туғёнга тушишидан хавфдамиз. (Аллоҳ) айтди: “Қўрқманглар! Шак-шубҳасиз, Мен сизлар билан биргаман – эшитиб, кўриб тураман. Бас, сизлар унинг олдига бориб айтинглар: “Биз Парвардигорингнинг элчиларимиз. Сен Бани Исроил (қавми)ни биз билан бирга қўйиб юборгин, уларни азобламагин. Биз сенга Парвардигоринг томонидан оят-мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга эргашган кишиларга тинчлик-омонлик бўлур. Бизга ваҳий қилиндики, ёлғончи қилган ва юз ўгирган кимсаларга азоб бўлур” (Тоҳа, 42–48).
Юқоридаги илк оятларнинг маъноси қуйидагича: эй Мусо, сен биродаринг Ҳорун икковингиз Менинг мўъжизаларим билан қуролланган, ҳимояланган ҳолингизда Мен буюрган тарафга боринглар! Мени зикр қилиш ва тасбеҳ айтишда зинҳор ожизлик қила кўрманглар! Зеро, Мени зикр қилишингиз ҳар қандай шароитда сизларга қурол ва кучли асос бўлади.
Ушбу ояти каримада Мусо ва Ҳорун алайҳимус саломларга, шунингдек барча мўминларга ҳар қандай замон ва маконда Аллоҳ таолонинг зикрида бардавом ва собитқадам бўлишга, бу ишда сусткашликка йўл қўймасликка кучли даъват қилинмоқда.
Аллоҳ таоло ҳар қандай шароитда Ўзига тасбеҳ, таҳмид ва кўплаб зикрлар айтувчи бандаларини мақтаб, шундай дейди: “Албатта, осмонлар ва Ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун оят-аломатлар бордир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар” (Оли Имрон, 190–191).
Ибн Касир айтади: “Мени зикр қилиб – ёдингизда тутишда сусткашлик қилманглар!” оятидан мурод шуки, у иккиси Аллоҳни зикр қилишни ҳеч ёдларидан чиқармаганлар. Фақат бу ерда Фиръавн билан юзма-юз келганда, ўзларига қувват ва ёрдам бўлиши учун Аллоҳни зикр қилиш, бу ишда заифликка йўл қўймаслик яна бир бор таъкидланмоқда.
“Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки у ҳаддидан ошди”.
Яъни, сиз иккингиз даъватимни етказиш ва уни ибодатга чақириш учун Фиръавннинг олдига боринглар. Чунки у исён қилиб, ҳаддидан ошди, Ер юзида кўп бузғунчиликлар қилди, ҳатто қавмига:
– Мен сизларнинг буюк раббингизман ва мен сизлар учун ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмайман, – деб даъво қилди.
“Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки қўрқса”. Ушбу оятда Мусо ва Ҳорун (алайҳимуссалом)ларга Фиръавн билан бўладиган мунозара чоғида қандай йўл тутиш лозимлиги таълим берилмоқда.
Яъни, унинг олдига бориб, куфр ва туғёндан воз кечишга даъват этинглар! Аммо унга мулойимлик ва юмшоқлик билан муомалада бўлинглар. Зеро, бу нарса ғазабни кетказиб, қалбни зикрга, куфр ва нобакорликнинг ёмон оқибатларидан қўрқишга ундайди.
Ушбу мулойим сўзнинг қандайлиги бошқа оят орқали тафсир қилинган. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Мусо), сен Фиръавннинг олдига боргин. Чунки у (куфру исён билан) ҳаддидан ошди. Бас (унга) айтгин: “Сенинг (куфр иллатидан) покланишга рағбат – хоҳишинг борми? Мен сени Парвардигоринг (йўли)га ҳидоят қилсам, бас, сен (У Зотдан) қўрқсанг” (Нозиот, 17–190).
Ибн Касир айтади: “Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар!” оятида улуғ бир ибрат бор. Фиръавн ўта мутакаббир ва итоатсиз эди. Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳнинг пайғамбари бўла туриб, У Зот Мусога Фиръавн билан муомалада мулойим бўлишга амр қилмоқда. Чунки ширин сўз нафсга кучли таъсир қилиб, қалбни юмшатади. Аллоҳ таоло айтади: “Парвардигорингиз йўлига – динига донолик ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг” (Наҳл, 125).
Аллоҳ Мусо ва Ҳорунга Фиръавннинг олдига бориб нима дейишларини таълим бергач, улар дедилар: “Парвардигоро, дарҳақиқат, биз у шошқалоқлик қилишидан ёки бадтар туғёнга тушишидан хавфдамиз”.
Яъни, эй Раббимиз, биз сўзимизни тугатгач, Фиръавн бизга азоб-уқубат ва озор беришидан ҳамда унинг туғёни янада ошиб кетишидан, Сенинг шаънингга биз эшитишни хоҳламаган гапларни айтишидан қўрқмоқдамиз, дедилар.
Аллоҳ таоло уларга жавобан деди: “Қўрқманглар! Шак-шубҳасиз, Мен сизлар билан биргаман – эшитиб, кўриб тураман”.
Яъни, сизлар Фиръавн зулмидан ҳеч ҳам чўчиманглар! Чунки Мен Ўз қувватим, қудратим ва паноҳим ила сизлар билан биргадирман. Мен сизларнинг сўзларингизни эшитиб, қилаётган ҳар бир ҳаракатингиздан хабардор бўлиб тураман. Сизларнинг ҳолатингиздан бирон нарса Мен учун махфий бўлиб қолмас. Хотиржам бўлинглар! Бу исёнкор банданинг ихтиёри Менинг қўлимда, у фақат Менинг измим билангина ҳаракат қила олади.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло уларга қай тарзда даъват қилиш усулини таълим беради: Бас, сизлар унинг олдига бориб айтинглар: “Биз Парвардигорингнинг элчиларимиз”. Яъни, Фиръавннинг олдига бориб, ҳеч бир тараддудсиз, қўрқмасдан:
– Биз сени яратиб, инсон шаклига келтирган Раббинг элчиларимиз, – деб айтинглар.
Фиръавнга айтиладиган илк сўзларнинг шу қабилда бошлашдан мақсад – Рисолатнинг асосини унга тушунтириш, у иккиси Оламлар Раббиси томонидан юборилганларини уқтириш эди.
“Сен Бани Исроил (қавми)ни биз билан бирга қўйиб юборгин, уларни азобламагин”. Яъни, Бани Исроилни ўз ҳолига қўй! Улар сенинг давлатингда эмин-эркин, озод ҳолларида яшасинлар. Ўғил болаларни ўлдириб, қиз чақалоқларни тирик қолдириш билан уларга зулм ва қаҳрингни ўтказма!
“Биз сенга Парвардигоринг томонидан оят-мўъжиза келтирдик”. Бу ердаги мўъжизадан мурод: асо, қўл ва Аллоҳ таоло тарафидан Мусо (алайҳиссалом)га берилган бошқа мўъжизалардир. Яъни, биз сенга ростгўй эканимизни тасдиқловчи, даъватларимиз ҳақлигини қувватловчи ҳамда бизни Аллоҳ таоло сени ҳидоятга чақиришимиз учун юборганини исботловчи мўъжизаларни келтирдик.
“Ҳидоятга эргашган кишиларга тинчлик-омонлик бўлур”. Яъни, икки дунёда азоб-уқубатлардан омонда бўлиш, Аллоҳга, фаришталарга, Унинг Китобларига, пайғамбарлари ҳамда Охират кунига ишониб, ҳақиқий чин имон келтириб, ҳидоятга эргашган кишиларгагина хосдир.
Ушбу жумлаларда одамларни Ҳақ Динга киришлари учун кучли тарғиб бор. Шу сабаб, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп мактубларида мазкур жумлаларни ишлатар эдилар. Жумладан, Рум подшоҳи Ҳирақлга ёзган мактубларида шундай дейилган: “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. Аллоҳ Элчиси Муҳаммаддан Рум подшоҳи Ҳирақлга, ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин!”
Мусо ва Ҳорун (алайҳимуссалом)лар Фиръавнга хитоб қилишда давом эта туриб, шундай дедилар: “Бизга ваҳий қилиндики, ёлғончи қилган ва юз ўгирган кимсаларга азоб бўлур”.
Яъни, бизга Раббимиз ва Холиқимиз томонидан ваҳий қилиндики, Аллоҳ таолонинг мўъжиза ва ҳужжатларини кўриб-била туриб, уларни ёлғон деган, унга ижобат этишдан бош тортган кимсаларга дунёю охиратда қаттиқ азоб ва сўнгсиз хорлик бўлади.
Юқорида келтирилган ояти карималар Ҳақ динга тарғиб этишнинг энг мукаммал усули саналади. Улар, аввало самовий Рисолатнинг асоси саналмиш ақида масаласидан сўз очиб, сўнгра ўзларининг ростгўй эканликларига исбот-далиллар келтирдилар. Кейин эса, Фиръавн ва қавмини ҳидоят йўли сари чорладилар. Ҳидоятдан юз ўгириш яхши эмаслигини тушунтириб, уларни кофирликнинг ёмон оқибатларидан огоҳлантирдилар.
Мусо ва Ҳорун (алайҳимуссалом)лар Фиръавнга юқоридаги сўзларни айтишгач, улар ўртасида баҳс-мунозара бошланиб кетди. Аллоҳ таоло буни қуйидагича ҳикоя қилади:
“(Фиръавн) деди: “Сизларнинг Парвардигорингиз ким, эй Мусо?” (Мусо) айтди: “Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини ато этиб, сўнгра тўғри йўлга солиб қўйган Зотдир”. (Фиръавн) деди: “У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир?” (Мусо) айтди: “Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги Китобдадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас”. У Зот Ерни сизлар учун бешик – қароргоҳ қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув ёғдирди. Бас, Биз у (сув) ёрдамида турли наботот навларини ундириб чиқардик. Сизлар (улардан) енглар, чорваларингни боқинглар. Албатта, бунда ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир. Биз сизларни (Ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз. Дарҳақиқат, Биз унга (яъни, Фиръавнга) бор оят – мўъжизаларимизни кўрсатдик. Бас, у ёлғон деб, юз ўгирди. У деди: “Сен ўз сеҳринг билан бизларни еримиздан чиқариш учун келдингми, эй Мусо! У ҳолда бизлар ҳам сенга худди ўшандай сеҳр келтирурмиз. Бас, сен ўзинг билан бизларнинг ўртамизда бир ваъдагоҳ қилгинки, у бизлар ҳам, сен ҳам қаршилик қилмайдиган ўрта жой бўлсин”. (Мусо) айтди: “Ваъда байрам кунидир. Одамлар чошгоҳда тўпланурлар”. Бас, Фиръавн бориб, ўзининг макр-найрангини йиғди. Сўнгра келди” (Тоҳа, 49–60).
Мусо ва Ҳорун (алайҳимуссалом)лар Аллоҳнинг амрига кўра бориб, Фиръавнни ҳақ динга чақирганларида, Фиръавн уларга қарата:
– Сизларнинг Парвардигорингиз ким, эй Мусо? – деди.
Яъни, сиз иккингизни менинг олдимга юборган ўша Раббингиз ким ўзи, эй Мусо? – деб сўради.
Гўёки Фиръавн туғён ва фужурга ғарқ бўлгани сабаб Мусо ва Ҳорунларнинг Рабби унинг ҳам Рабби эканини тан олишни истамаётгандек эди.
Бу ерда Фиръавннинг “Эй Мусо” деб фақатгина у кишини хослаб нидо қилишига сабаб – аслида Рисолат Мусо (алайҳиссалом)га юборилган, Ҳорун эса унинг ёрдамчиси деб ўйлагани ёки Мусо (алайҳиссалом)нинг тилида дудуқлик борлигини билиб, уни ноқулай бир аҳволга солишни хоҳлагани эди.
Фиръавннинг саволига Мусо (алайҳиссалом) қатъият ва дадиллик билан:
– Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини ато этиб, сўнгра тўғри йўлга солиб қўйган Зотдир, – деб жавоб қайтарди.
Яъни, эй Фиръавн, бизнинг ҳам, сенинг ҳам Раббинг Яккаю Ёлғиз, Ҳожатбарор бўлган Аллоҳдир. У Зот махлуқотларига, қолаверса барча нарсага чиройли шакл берувчидир. Сўнгра уларни нима учун яратган бўлса, ўша вазифаларини тўғри ва бекаму кўст бажаришлари учун тўғри йўлга бошлайди.
Бу жавобни эшитгач, Фиръавн яна деди: “У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир?”
Яъни, эй Мусо, ундай бўлса пайғамбарларни ёлғонга чиқариб, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилган Нуҳ, Од ва Самуд қабилаларининг ҳоли не кечади?
Фиръавннинг ушбу саволи унинг ўта нопок ва маккор бўлганидан дарак беради. У аввалги саволига Мусо (алайҳиссалом)дан қониқарли ва эътироз қилиб бўлмайдиган даражада жавоб олгач, энди гапни бошқа томонга – Мусо (алайҳиссалом)нинг Рисолатига боғлиқ бўлмаган мавзуга бурмоқчи.
Мусо (алайҳиссалом) унга қуйидагича жавоб қилди: “Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги Китобдадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас”. Яъни, мазкур қавмлар ҳақидаги илм Раббимнинг даргоҳидаги Китоб – Лавҳул маҳфузда сақланади. Уларнинг аҳволидан бирон нарса Раббим учун махфий эмас. У Зот қиёмат кунида улар қилиб ўтган амалларига яраша мукофот ёки жазо беради.
“Парвардигорим адашмас ва унутмас” жумласи ўзидан аввалги оятни таъкидлаб келмоқда. Яъни, Раббим бирон ишида хатоликка йўл қўймайди, билган нарсаларини унутиб ҳам қўймайди. Чунки У Зот бундай камчилик ва нуқсонлардан покдир.
Шундан сўнг Аллоҳ таолонинг чексиз илми ва қудратига далолат қилувчи баъзи нарсалар баён қилинади: “У Зот Ерни сизлар учун бешик – қароргоҳ қилиб қўйди”. Яъни, У Зот сизлар Ернинг неъматлари ва ундаги яхшиликлардан фойдаланишингиз мақсадида сизлар учун уни худди тўшак қилиб қўйди.
“Ва унда йўллар пайдо қилди”. Яъни, сизлар ишларингизни амалга ошириш, ҳожатларингизни раво қилишингиз учун бир жойдан бошқа бир жойга, бир мамлакатдан бошқа бир мамлакатга бориб-келишингиз осон бўлсин деб турли йўлларни пайдо қилди.
“Ҳамда осмондан сув ёғдирди. Бас, Биз у (сув) ёрдамида турли наботот навларини ундириб чиқардик”.
Яъни, У Зот субҳанаҳу ва таоло қудрати билан осмондан кўп миқдорда фойдали ва баракотли ёмғирлар ёғдирди ва Биз бу сув ёрдамида ердан турли хил ўсимликлар, сизлар учун озиқ-овқат бўладиган дон-дунлар ва турфа ранг гулларни чиқардик.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларига инъом қилган тўрт неъмат: ернинг тўшак каби қулай қилиниши; у ерда йўлларнинг пайдо қилиниши; осмондан ёмғир туширилиши ва ердан турли навдаги ўсимликларнинг туширилиши баён қилинмоқда. Мазкур неъматлар бутун ер юзи бўйлаб зоҳир бўлса-да, хусусан Фиръавн истиқомат қиладиган Миср замини, Нил дарёсининг икки қирғоғи ўзига хос кўринишга ва қулай шарт-шароитга эга эди. Фиръавн бу неъматларга шукроналик сифатида оламлар Рабби Аллоҳга ихлос билан ибодат қилиш ўрнига, аксинча теварак-атрофидаги ноз-неъматлар ҳақида ҳеч ақл юритмай, ўзига берилаётган бу инъомлар қаердан келаётгани хусусида ўйлаб ҳам кўрмасди.
Оятнинг давомида Аллоҳ лутфу карамининг нишонаси сифатида шундай дейди: “Сизлар (улардан) енглар, чорваларингни боқинглар”.
Яъни, ушбу ер, ундаги кенг ва равон йўллар, турли-туман ўсимликлар фақат сизларнинг манфаатингиз учунгина чиқарилган. Бас, эй инсонлар, сизлар мазкур мевалардан енглар, туя, сигир ва қўйлардан иборат бўлган чорваларингизни боқинглар ҳамда бу неъматлар янада зиёда бўлиши учун Аллоҳ таолога шукр сифатида ихлос билан ибодат қилинглар!
“Албатта, бунда ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир”. Бу ердаги кўрсатиш олмоши бўлган “бунда” сўзи юқорида зикр қилинган неъматларга тегишлидир.
(Таржимада “ақл эгалари” деб келтирилган сўз арабча матнда “улун нуҳа” тарзида ифодаланган. Яъни, “ақл” маъносидаги сўз “нуҳа” орқали берилган. Мазкур сўз “наҳаа-йанҳаа” яъни, “ман қилмоқ, тўсмоқ” феълидан ясалган. – Таржимон.)
“Нуҳа” сўзи “нуҳйатун”нинг кўплик шакли бўлиб, “ақл” маъносини англатади. Чунки ақл ўз соҳибини нолойиқ ишларни содир этишдан қайтариб туради.
Оятнинг маъноси қуйидагича: албатта, ернинг сизлар учун қароргоҳ қилиниши, унда йўллар барпо этилиши, осмондан ёмғир туширилиб, у ёрдамида ўсимликлар чиқарилишида тўғри фикр ва соғлом ақл эгалари учун ибрат ва насиҳатлар бордир.
“Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга қайтарурмиз ва сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз”.
Яъни, Биз оталарингиз Одамни ер жинсидан бўлган тупроқдан яратдик. Сизлар унинг авлодларидирсиз.
Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта, Исонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра “Бўл”, деди. Бас, у (жонли одам) бўлди” (Оли Имрон, 59).
“Яна унга қайтарурмиз”. Яъни, сизларнинг ажалингиз етиб, вафот этганингизда дафн жойингиз ва жасадларингиз қарор топадиган макон бўлиши учун Биз сизларни яна ерга қайтарамиз.
“Сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз”. Яъни, Қиёмат кунида ҳисоб қилиниб, мукофот ёки жазо олишингиз учун Биз сизларни ердан тирик ҳолда чиқарамиз.
“Дарҳақиқат, Биз унга (яъни, Фиръавнга) бор оят – мўъжизаларимизни кўрсатдик. Бас, у ёлғон деб, юз ўгирди”. Бу Фиръавннинг Мусо (алайҳиссалом) келтирган мўъжизаларга қандоқ муносабатда бўлганининг баёнидир.
Яъни, Биз Фиръавнга ваҳдониятимга, қудратимга ҳамда Мусонинг ростгўйлигига далолат қилувчи жамики мўъзижаларни кўрсатдик, аммо Фиръавн уларнинг барчасини ёлғонга чиқарди, Ҳақни қабул қилишдан бош тортди.
У деди: “Сен ўз сеҳринг билан бизларни еримиздан чиқариш учун келдингми, эй Мусо!” Яъни, Фиръавн Мусога қарата таҳдид ва дўқ-пўписа билан:
– Эй Мусо, сен аввал қочиб кетган ерингдан келиб, биз кўрган сеҳр ва усталик билан қилинган мўъжизаларни намойиш этиш орқали бизларни айни пайтда истиқомат қилиб турган юртимиз Мисрдан ҳайдаб чиқармоқчимисан?!
Бу ерда Фиръавн Мусо (алайҳиссалом) келтирган мўъжизаларни сеҳр деб атамоқда. Мақсад – бундоқ ажойиб мўъжизаларни кўриб, унинг таъсирига тушиб қолган қавмидан унинг таъсир кучини кетказиш эди.
Фиръавннинг “Еримиздан чиқариш учун...” деб айтишидан кўзланган мақсад эса, ўз аъёнларини Мусога қарши гижгижлаш, унга қарши оёққа турғазиш, Мусо ерларимизни эгаллаб, бойликларимизни тортиб олиб, ҳокимиятни ўз қўлига олмоқчи деган ваҳимали хаёлларни уларнинг онгига сингдириш эди.
Фиръавн таҳдид қилишда давом эта туриб, шундай деди: “У ҳолда бизлар ҳам сенга худди ўшандай сеҳр келтирурмиз. Бас, сен ўзинг билан бизларнинг ўртамизда бир ваъдагоҳ қилгинки, у бизлар ҳам, сен ҳам қаршилик қилмайдиган ўрта жой бўлсин”.
Яъни, эй Мусо, сен ўз сеҳринг билан бизни еримиздан чиқариб юбормоқчимисан?! У ҳолда бизлар ҳам худди сен каби бир сеҳр қиламиз. Бас, мусобақа ва беллашув учун бир жой танла. Бу вақтга сен ҳам, мен ҳам хилоф қилмайлик. Мусобақа ўтказиладиган ер бутун аҳоли келиб, қатнашиши учун шаҳарнинг ўртасида бўлсин!
Фиръавннинг Мусога айтаётган ушбу сўзларидан ҳам билиш мумкинки, у ўзини аниқ ғалабага эришаман, деб ўйлаган ва зафар қуши нақд менинг қўлимда, деб хомхаёл қилган. Буни Фиръавннинг қасам ичиб, “сеҳр келтирурмиз” деб айтишидан, мусобақа кунини белгилашни Мусонинг ихтиёрига қолдиришидан, ваъдага хилоф қилинмаслигини шарт қилиб қўйишидан ҳамда одамлар кўришлари учун мусобақани шаҳар ўртасида ташкил этишни талаб қилишидан ҳам билиб олиш қийин эмас.
Мусо (алайҳиссалом) Фиръавннинг бу чақириғини қабул қилди ва унга қарата: “Ваъда байрам кунидир. Одамлар чошгоҳда тўпланурлар”, деб жавоб қилди.
Яъни, мен сенинг барча шартларингга розиман. Энди менинг ҳам бир шартим бор. Мен ва сизларнинг ўртангизда бўлиб ўтадиган мусобақа байрам кунингиз бўлсин. Ўша куни чошгоҳ пайтида барча одамлар белгиланган жойга тўплансинлар. Улар, эй Фиръавн, мен ва сеҳргарларинг ўртасида кечадиган беллашувга ўз кўзлари билан гувоҳ бўлиб турадилар!
Шуаро сурасида ҳам Мусо (алайҳиссалом) ва Фиръавн ўртасида содир бўлган баҳс-мунозаранинг бошқа жиҳатлари ҳақида ҳикоя қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
(Эй Муҳаммад), эсланг, Парвардигорингиз Мусога нидо қилиб: “У золим қавмга – Фиръавн қавмига боргин, улар қўрқмайдиларми?!” (деган эди), Мусо айтди: “Парвардигорим, улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман. Ва дилим сиқилур, тилим бурро эмасдир, бас, Ҳорунга (ҳам) пайғамбарлик юборсанг. Яна уларнинг наздида мен гуноҳкорман. Бас, мени ўлдириб қўйишларидан қўрқурман”. (Аллоҳ) деди: “Йўқ. Бас, Бизнинг оят-мўъжизаларимиз билан боринглар! Албатта, Биз сизлар билан бирга эшитиб тургувчидирмиз. Энди Фиръавнга бориб айтинглар: “Ҳақиқатан, биз барча оламлар Парвардигорининг элчиларидирмиз. Бани Исроил (қавми)ни бизга қўшиб жўнатгин!” (Шуаро, 10 –17).
Юқоридаги ояти карималарда келтирилишича, Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)га шундай амр қилган: Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш билан ўз нафсларига жафо қилган золим Фиръавн қавмига бориб, уларга Менинг рисолатимни етказинглар. Менга ихлос билан ибодат қилишга буюринглар!
“Улар қўрқмайдиларми?!” Бу Фиръавн ва қавмининг аҳволидан ажабланиш маъносини англатади.
Яъни, эй Мусо, уларнинг олдига бориб, шундай дегин:
– Сизлар Аллоҳдан, Унинг жазоси ва ғазабидан қўрқиб куфр ва зулм йўлини тарк этмайсизларми?!
Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳнинг ушбу амрига жавобан шундай деди: “Парвардигорим, улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман”.
Яъни, эй Раббим, бу қавмнинг қандайлигини яхши биламан. Улар зулм ва туғёнга ғарқ бўлишган. Шу сабаб мен Сенинг ваҳийингни етказгани борганимда, улар мени ёлғончига чиқаришларидан қўрқиб турибман “ва дилим сиқилур”. Яъни, улар мени ёлғончига чиқарганлари боис қалбим ғам-ташвишга тўлади. “Тилим бурро эмасдир”. Яъни, менинг тилим фасоҳатли, бурро эмас, уларнинг ботил эътиқод ва ёмон амалларини ўзларига исботлаб бера олмайман. Айниқса, ғазабланганимда жуда қийин аҳволга тушиб қоламан. “Бас, Ҳорунга (ҳам) пайғамбарлик юборсанг”. Яъни, шу сабаб, биродарим Ҳорунга ҳам ваҳий нозил қил. У менга Рисолатингни етказишимда кўмакчи бўлсин!
“Яна уларнинг наздида мен гуноҳкорман. Бас, мени ўлдириб қўйишларидан қўрқурман”. Яъни, илгари мен уларнинг жамоасидан бўлган бир қибтийни бехос ўлдириб қўйгандим. Шунинг учун, уларнинг олдига борганимда мендан интиқом олиб, ўлдиришларидан қўрқяпман.
Кўриниб турибдики, Мусо (алайҳиссалом) бу ерда улар ёлғончи қилишларидан қўрқиши, исёнларидан қалби сиқилиши, тилида камчилик борлиги, олдиларига борганида, ўлдиришларидан қўрқишини айтиб, Раббига шикоят қилмоқда. Бу нарса Рисолатни адо этишдан бош тортиш ёки Аллоҳнинг амрини уларга етказишдан юз ўгириш эмас, балки Мусо (алайҳиссалом) ушбу сўзлари билан Аллоҳ азза ва жалланинг ёрдами ва кўмагига муҳтож эканини изҳор қилмоқда.
Аллоҳ таоло пайғамбари Мусо (алайҳиссалом) қалбидаги қўрқув ва ташвишни кетказиш учун шундай деди: “Йўқ. Бас, Бизнинг оят-мўъжизаларимиз билан боринглар! Албатта, Биз сизлар билан бирга эшитиб тургувчидирмиз”.
Яъни, Аллоҳ таоло Мусога йўл кўрсатиш ва таълим бериш учун:
– Йўқ, сен улар ёлғончи қилишларидан, қалбинг сиқилишидан, тилинг бурро эмаслиги ҳамда сени ўлдиришларидан қўрқма! Улар сенга зинҳор озор бера олмайдилар. Мен Ўз паноҳим ва кўмагим ила сиз иккингиз олдингизда бўламан. Шундай экан, икковингиз Бизнинг мўъжизаларимиз билан Фиръавн ва қавмининг олдига боринглар. Зеро, Биз сиз уларга, улар сизларга айтаётган ҳар бир сўзни эшитиб турурмиз, – деди.
Энди Фиръавнга бориб айтинглар: “Ҳақиқатан, биз барча оламлар Парвардигорининг элчиларидирмиз. Бани Исроил (қавми)ни бизга қўшиб жўнатгин!”
Яъни, Фиръавннинг олдига қўрқмасдан бориб:
– Биз барча оламлар Рабби томонидан юборилган элчилармиз. Аллоҳ бизни Бани Исроилни зулмдан озод қилиб, Аллоҳнинг кенг ерига қўйиб юборишинг учун жўнатди, токи улар Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига бемалол ибодат қилсинлар! – деб айтинглар.
Энди, Мусо ва исёнкор Фиръавн ўртасида бўлиб ўтган мунозара ҳақида ҳикоя қилинади:
“(Фиръавн) деди: “Биз сени болалик чоғингда ўз ичимизда тарбияламаганмидик, умрингнинг бир неча йилида орамизда турган эдинг-ку! Кейин нонкўрлардан бўлиб, қилган қилмишингни – қилган эдинг-ку!” (Мусо) айтди: “Ўшанда мен у ишни билмаган ҳолда қилган эдим. Сўнг сизлардан қўрқиб қочиб кетдим. Кейин Парвардигорим менга ҳикмат – илм ҳадя этди ва мени пайғамбарлардан қилди. Ўша сен менга миннат қилаётган неъмат (аслида) сен Бани Исроилни қул қилиб олишингдир”. (Фиръавн) деди: “Барча оламларнинг Парвардигори (деганинг) нимаси яна?” (Мусо) айтди: “Агар ишонадиган бўлсанглар, (Аллоҳ) осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Парвардигоридир”. (Фиръавн) атрофидаги (аъён)ларига: “Қулоқ солмайсизларми”, деб (масхара қилди. Мусо) айтди: (Аллоҳ) сизларнинг ҳам, ўтган ота-бобларингизнинг ҳам Парвардигоридир”. (Фиръавн) деди: “Сизларга элчи қилиб юборилган бу пайғамбарингиз, шак-шубҳасиз, жиннидир”. (Мусо) айтди: “Агар ақл юргизувчи бўлсангизлар, (Аллоҳ) Машриқ ва Мағриб ҳамда уларнинг ўртасидаги барча нарсаларнинг Парвардигоридир”. (Фиръавн) деди: “Қасамки, сен мендан ўзгани илоҳ қилиб оладиган бўлсанг, албатта, мен сени зиндонбанд кимсалардан қилиб қўюрман!” (Мусо) айтди: “Агар мен сенга очиқ нарса келтирсам ҳам-а?” (Фиръавн) деди: “Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг ўшани келтирчи?!” Шунда Мусо асойини ташлаган эди, баногоҳ у ростакам аждарга айланди. Кейин қўлини чиқарган эди, баногоҳ у қараб турганларга оқ бўлиб кўринди” (Шуаро, 18–33).
Фиръавн Мусони танигач ҳамда у Бани Исроилни озод этишни талаб қилгач, деди:
– Ахир, сен бизнинг уйда, саройимизда яшаган эдинг-ку! Ўзимиз сени ёшлигингдан боқиб катта қилганмиз. Хотиним сенга раҳм қилиб: “Уни ўлдирманглар! Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни ўзимизга бола қилиб олсак”, деганди ўшанда. Мен ҳам бунга рози бўлган эдим ва сен хонадонимизда умрингнинг бир қисмини ўтказдинг.
“Кейин нонкўрлардан бўлиб, қилган қилмишингни – қилган эдинг-ку!”
Яъни, сен қабиламиздан бир кишини ўлдирдинг. Бу билан сенга кўрсатган ғамхўрлигим, чақалоқлик, болалик ва йигитлигинг чоғида қилган яхшиликларимга нонкўрлик-ношукрлик қилдинг. Тузимни ичиб, тузлуғимга тупурдинг! Яна устига-устак биродаринг иккингиз динимизга хилоф бўлган янги бир динни тарғиб қиляпсиз, Бани Исроилни озод этишимни сўраяпсизлар-а!
Фиръавнинг Мусо (алайҳиссалом)га бераётган ушбу саволи у келтирган нарсаларни инкор қилганини англатади.
Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)нинг аввал қилган дуосини ижобат этиб, тилидаги дудуқликни кетказди. Шу сабаб, у қатъият билан шундай деди: “Ўшанда мен у ишни билмаган ҳолда қилган эдим”.
Яъни, сен таъкидлаётганингдек, ҳақиқатан ҳам мен илгари шу ишни қилгандим, лекин уни билмаган ҳолда, тасодифан қилиб қўйгандим. Ўша пайтда ҳали Аллоҳ менга ваҳий туширмаган, зиммамга Рисолат масъулиятини юкламаган эди. Шунингдек, бераётган зарба таъсирида қабилангдан бўлмиш ўша киши ўлиб қолади деб ўйламаган эдим. Менинг бундан кўзлаган мақсадим уни ўлдириш эмас, балки ўзгаларга зулм ўтказишдан қайтариш, одоб-ахлоққа чақириш эди.
“Сўнг сизлардан қўрқиб қочиб кетдим”.
Яъни, ногаҳон ўша ишни қилиб қўйгач, сизлардан бирон ёмонлик етишидан хавфсираб, ноилож юртингизни тарк этдим. Натижада “Парвардигорим менга ҳикмат-илм ҳадя этди ва мени пайғамбарлардан қилди”.
Мусо (алайҳиссалом) Фиръавнга қониқарли ва асосли жавоб қайтарар экан, яна қуйидагиларни қўшимча қилди: “Ўша сен менга миннат қилаётган неъмат (аслида) сен Бани Исроилни қул қилиб олишингдир”.
Мусо (алайҳиссалом) тарафидан айтилаётган ушбу сўзларни уламолар икки хил изоҳлашган. Улардан баъзилари: «Бу Мусонинг Фиръавн қилган яхшиликларини эътироф этишидир. Гўёки у: “Эй Фиръавн, сен айтаётган нарсалар сен томонингдан менга қилинган катта яхшиликлардан, лекин бу нарса сенга Расул эканимни, куфр ва ширкдан бутунлай фориғ бўлишинг лозимлигини ҳамда Бани Исроилни мен билан бирга қўйиб юборишингга монелик қилмайди, деган”, деб айтишган».
Яна баъзилар: «Мусо (алайҳиссалом) бу сўзларни уни тергаш ва қилган яхшиликларини инкор қилиш маъносида айтган. Гўёки у: “Сен даъво қилаётган “яхшилик”лар замирида аслида жабр-зулм ётибди. Сен қавмингни қул қилиб олдинг. Ўлдиришингдан қўрққан бечора онам мени дарёга ташлашга мажбур бўлган. Сенинг хонадонингда тарбияланишимга шулар сабаб бўлди. (Агар Бани Исроилга зулм қилмаганингда сенинг оилангга келиб қолмас, балки ўз ота-онам қарамоғида боқиб катта қилинган бўлардим. Энди, шу ишларингни айтиб, “яхшилик”ларингни миннат қиляпсанми?! – Таржимон.), деяётгандек”, деган фикрни билдиришган».
Бизнингча, ушбу иккинчи фикр ҳақиқатга тўғри келса керак. Чунки қиссанинг бориши, воқеалар ривожи шу маънога мос тушади.
Мусо (алайҳиссалом)нинг ушбу асосли жавобига қарши Фиръавн лом-мим деёлмади ва мавзуни бошқа томонга буришга уриниб: “Барча оламларнинг Парвардигори (деганинг) нимаси яна?” деди.
Яъни, эй Мусо, сен ва биродаринг айтаётган оламлар Парвардигори ким ўзи? Унинг сифати қандай?
Фиръавннинг бу саволи унинг туғён ва ғурур ботқоғига ботиб кетганидан дарак бериб турибди. Рисолатнинг асоси саналмиш ақида масаласида сўз юритиб, савол билан Мусо (алайҳиссалом)ни инкор қилаяпти. Бунга жавобан Мусо деди: “Агар ишонадиган бўлсанглар, (Аллоҳ) осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Парвардигоридир”.
Яъни, эй Фиръавн, Раббим Аллоҳ осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларнинг Парвардигоридир. Агар шуларга ишонсангиз, ушбу буюк Холиққа имон келтириб, ихлос билан ибодат қилишингиз бошқа ҳар қандай эътиқод ва амаллардан яхшидир.
Мусо (алайҳиссалом)нинг ушбу сўзларида Фиръавнни таҳқирлаш, унинг даъвоси пуч эканини исботлашга ҳаракат қилиш маъноси бор. Гўёки у шундай деяётгандек: бизнинг Раббимиз мана шу бутун коинот, Еру осмоннинг Парвардигори, аммо сенинг “парвардигор”лигинг фақат маълум жой ва тоифаларгагина тегишли. Сен уларни алдаб, илоҳликни даъво қилаяпсан. Улар ҳам жоҳилликлари боис сенга кўр-кўрона итоат этмоқдалар.
Маккор Фиръавн шу ерда ҳам усталик қилишга уриниб кўрди. У ўз атрофидаги кишиларга мурожаат қилиб, уларни Мусо айтган сўзлардан ажабланишга ва унинг таъсирига берилмасликка чақирмоқда: “Қулоқ солмайсизларми”. Яъни, эй аъёнларим! Мусонинг ғалати гапларини эшитдингизми? У билан орамизда ҳеч қандай аҳд йўқ. Биз уни барибир қабул қилмаймиз ва унинг сўзларга чидаб ҳам туролмаймиз.
Мусо Фиръавн аъёнлари бирон фикр билдиришларини кутиб ўтирмай: “(Аллоҳ) сизларнинг ҳам, ўтган ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигоридир”, деди.
Яъни, барчаларингизнинг Раббингиз Аллоҳдир! У Зот сизлардан аввалги умматлар ва аждодларнинг ҳам Раббисидир. Энди сизлар Унга ибодат қилиш қолиб, бандаларидан бири бўлган мана шу Фиръавнга топинаяпсизларми?!
Шундан сўнг Фиръавн деди: “Сизларга элчи қилиб юборилган бу пайғамбарингиз, шак-шубҳасиз, жиннидир”. Бу жавоб Фиръавннинг мағлуб бўлгани ва ожиз қолганидан дарак беради.
Яъни, Фиръавн Мусони масхара қила туриб, қавмининг киборларига:
– Сизларга юборилганман деб даъво қилаётган мана бу “пайғамбар”ингиз, ҳақиқатан жинни экан. Чунки у ақлларингиз қабул қилмай, қулоқларимиз тасдиқламайдиган қаёқдаги гапларни айтмоқда, – деди.
Фиръавн бу ерда Мусо (алайҳиссалом)ни истеҳзо қилиш мақсадида “пайғамбар” деб атамоқда. Рисолатни эса ўзига эмас, қавмига нисбат бермоқда.
Лекин Мусо (алайҳиссалом) Фиръавннинг сўзларидан таъсирланиб, ўзини йўқотиб қўйгани йўқ, балки шижоат ва қатъият билан: “Агар ақл юргизувчи бўлсангизлар, (Аллоҳ) Машриқ ва Мағриб ҳамда уларнинг ўртасидаги барча нарсаларнинг Парвардигоридир”, деди.
Мусо (алайҳиссалом) бу ерда Машриқ ва Мағрибни хослаб зикр қилишига сабаб шуки, бу иккиси Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига далолат қиладиган энг катта мўъжизалардан саналади. Шунингдек, Фиръавн ва унинг сафдошлари бундай мисолларни келтиришга ожиз эдилар.
Иброҳим (алайҳиссалом) ҳам Аллоҳ таоло хусусида мунозара қилган кимсага қарата: “Албатта, Аллоҳ Қуёшни Машриқдан чиқаради. Сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?”, деб шарт қўйганида, у довдираб-эсанкираб қолганди.
“Агар ақл юргизувчи бўлсангизлар...”. Бу гап қавмни тафаккур ва тадаббур қилишга ундаб, уларни куфр ва ношукрликдан қайтариш учун айтилмоқда.
Шу зайл Мусо (алайҳиссалом) қавми Ҳақни қабул қилишлари учун даъвати давомида бир далилдан бошқа бир далилга, бир ҳужжатдан бошқа ҳужжатга ва бир услубдан яна бошқа бир услубга ўтди ҳамда уларни нима қилиб бўлса ҳам имонга мушарраф қилишга ҳаракат қилди. Бунинг натижасида ҳужжат-далил билан буткул мағлуб этилган Фиръавн, энди баҳс-мунозарадан очиқчасига таҳдид ва дўқ-пўписа қилишга ўтди:
“Қасамки, сен мендан ўзгани илоҳ қилиб оладиган бўлсанг, албатта, мен сени зиндонбанд кимсалардан қилиб қўюрман!”
Яъни, мағлубиятга чидай олмай, ғазаб отига минган Фиръавн Мусога деди:
– Эй Мусо, агар мендан бошқасини илоҳ деб тан олар экансан, аниқки, сени зиндонбанд маҳбуслардан бири қилиб қўяман. Менга бандалик қилишдан бош тортувчи ва амримга хилоф иш тутган кимсаларнинг ҳам бошига шу кунни соламан!
Фиръавннинг бу қўрқитиши Мусо (алайҳиссалом)га зиғирча ҳам таъсир қилгани йўқ, балки у: “Агар мен сенга очиқ нарса келтирсам ҳам-а?”, деди. Бу ерда келтирилган савол инкор маъносини англатади.
Яъни, эй Фиръавн, мен сенга пайғамбар эканимни исботловчи кўплаб далилларни келтирганимдан сўнг ҳам мени инкор қилиб, зиндонбанд қилмоқчимисан?!
Бунга жавобан Фиръавн: “Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг ўшани келтирчи?!”, деди. Яъни, айтган гапларинг тўғри бўлса, ўша аниқ нарсани бир кўрсат-чи?!
Шундан сўнг Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таоло томонидан ўзига ато этилган мўъжизаларни кўрсата бошлади: “Мусо асойини ташлаган эди, баногоҳ у ростакам аждарга айланди”. Мусо бу билан чекланмай, яна бир мўъжизани кўрсатди: “Кейин қўлини чиқарган эди, баногоҳ у қараб турганларга оқ бўлиб кўринди”.
Кўз ўнгида содир бўлаётган ажойиб мўъжизаларни кўраётган Фиръавн қалбига ғулғула тушди. Гўёки унинг даъволари аслида ёлғон экани ошкор бўлиб, қўл остидаги кишилар Мусога имон келтириб, унинг итоатидан чиқиб кетишарди. Лекин илоннинг ёғини ялаган Фиръавн, худди сувдан қуруқ чиққандек, бу ҳолатдан ҳам қутулиб кетиш пайида эди. Воқеалар ривожи қуйида келтирилади.
(Фиръавн) атрофидаги одамларга: “Шубҳасиз, бу ўткир сеҳргардир. У ўз сеҳри билан сизларни ўз ерларингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар”, деди. Улар айтишди: “Уни ва акасини қўйиб тургинда, ҳамма шаҳарга йиғиб келадиган кишиларни жўнатгин, улар сенга жами ўткир сеҳргарларни келтирсинлар”. Бас, сеҳргарлар маълум кунда белгиланган жойга тўпландилар ва одамларга: “Сизлар ҳам тўпланиб бўлдингларми? Агар сеҳргарлар ғолиб бўлиб чиқсалар, эҳтимол бизлар ўшаларга эргашурмиз”, дейилди. Энди қачонки, сеҳргарлар келишгач, Фиръавнга: “Агар биз ғолиб бўлсак, бизлар учун аниқ мукофот бўлурми?”, дейишди. У: “Ҳа, у ҳолда, албатта, сизлар яқинларимдан бўлурсизлар”, деди (Шуаро, 34–42).
Фиръавн Мусо кўрсатган мўъжизалардан даҳшатга тушди, аммо ўзини йўқотиб қўймай, вазиятни қўлга олиш ва ўзига руҳ бағишлаш учун: “Шубҳасиз, бу ўткир сеҳргардир, деди. Яъни, бу Мусо деганлари сеҳр-жоду бобида устаси фаранг экан-ку!
Бу ерда Фиръавн Мусо (алайҳиссалом) келтирган нарсани тан олса-да, барибир уни сеҳр деб атамоқда.
Фиръавн сўзида давом этиб деди: “У ўз сеҳри билан сизларни ўз ерларингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар”. Яъни, бу сеҳргар сиз ўсиб-унган, айни пайтда истиқомат қилаётган жойларингиздан чиқариб юбориш пайида. Бунга сизлар нима фикр билдирасизлар? Унга нисбатан қандай чора кўрамиз? Аъёнларим ва ишонган кишилар сифатида бирон нима денглар, ахир!
Ушбу ояти карималар орқали Фиръавн нафсига оид энг нозик ва дақиқ жиҳатлар очиб берилмоқда. Бир неча дақиқа олдин ҳаддидан ошаётган, туғён, исёнга тушиб, қавмига қараб: мен сизларнинг улуғ раббингизман! деб жар солаётган нобакор Фиръавндан нишон ҳам қолмаган, Мусо (алайҳиссалом) ўз мўъжизаси билан келгач, энди унинг қалбига ғулғула тушиб қолганди. Энди эса бир оз олдин қаттиққўллик қилиб, ситам ўтказаётган кишиларига қараб, илтимос маъносида: “Нима дейсизлар?”, демоқда.
Ҳа, ўзи нобакор, исёнкор кимсалар бирон мусибат чоғида ўзларини паст олиб, йиғи-сиғи билан бўлса-да ишларини битириб олиб, бироз енгил тортишгач, яна эски одатларига қайтиб, зуғум ўтказишда, ҳақни тан олмасликда давом этаверадилар.
Фиръавннинг ушбу илтимосига қавмнинг ашрофлари: “Уни ва акасини қўйиб тургинда, ҳамма шаҳарга йиғиб келадиган кишиларни жўнатгин, улар сенга жами ўткир сеҳргарларни келтирсинлар”, деб таклиф билдирдилар.
Яъни, эй Фиръавн, сен Мусо ва биродари Ҳоруннинг ишини бир четга суриб, кечиктириб тур-да, ҳозир биринчи галда посбонларингдан бир қанчасини тасарруфингдаги мамлакатларга жўнат. Улар жамики энг моҳир сеҳргарларни тўплаб, ҳузурингга олиб келсинлар. Ўшанда сен улар ичидан энг сарасини танлаб олиб, Мусога қарши мусобақага қўясан.
Маслаҳатгўйларнинг бу таклифи иложсизликка тушиб қолган Фиръавнга жуда ёқиб тушди ва мамлакатнинг турли шаҳарларига ўзининг хос одамларини юборди.
“Бас, сеҳргарлар маълум кунда белгиланган жойга тўпландилар”. Яъни, ўша моҳир сеҳргарлар Мусо билан беллашиш учун бир жойда йиғилдилар.
Тўпланиш куни байрам куни эди. Бу ҳақида бошқа бир оятда шундай дейилади: (Мусо) айтди: “Ваъда байрам куни (тўпланадиган жой)дир. Одамлар чошгоҳда тўпланурлар” (Тоҳа, 59).
Фиръавннинг ёрдамчилари ушбу мусобақага кўпроқ одамларни жалб қилиш учун: “Сизлар ҳам тўпланиб бўлдингларми?”, дейишди. Бу ердаги савол амр маъносини англатади. Шунингдек, улар: “Агар сеҳргарлар ғолиб бўлиб чиқсалар, эҳтимол бизлар ўшаларга эргашурмиз”, деб қўшимча қилдилар. Улар бу гапни Мусо устидан ғалаба қозониш учун сеҳргарларни бор кучлари билан ҳаракат қилишга чорлаш мақсадида айтмоқдалар. Гўёки улар шундай деяётгандек: сизлар, эй сеҳргарлар, ушбу жиддий жангга яхшилаб тайёргарлик кўринглар, нима қилиб бўлса ҳам ғалаба қозонинглар. Биз сизлар тарафдамиз. Агар муваффақият қозонадиган бўлсаларингиз, биз Мусога эмас, фақат ва фақат сизларгагина эргашамиз.
“Энди қачонки, сеҳргарлар келишгач, Фиръавнга: “Агар биз ғолиб бўлсак, бизлар учун аниқ мукофот бўлурми?”, дейишди.
Яъни, Фиръавн ва унинг аъёнлари улар қозонадиган ғалабадан ўта манфаатдор эканини сезган сеҳргарлар:
– Эй Фиръавн, агар биз Мусо устидан ғалаба қозонсак, бизларга бирон мукофот берасанми? –дейишди.
Уларнинг бу талабига жавобан Фиръавн: “Ҳа, у ҳолда, албатта, сизлар яқинларимдан бўлурсизлар”, деди.
Яъни, ҳа, албатта! Агар сизлар зафар қозонар экансизлар, у ҳолда мен тарафдан сиз рози бўладиган даражада катта мукофот берилади. Шунингдек, сизларни ўзимга яқин кишилардан, маслаҳатгўйларимдан қилиб оламан ҳамда доимо менинг ҳимоям ва паноҳимда бўласизлар.
Шундай қилиб, Фиръавн уларга ваъда бериб, сеҳргарлар қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб ташлади. Бу шайтоннинг ёлғон ваъдасидан зиғирча ҳам фарқ қилмайди. Оятда айтилганидек: “(Шайтон) уларга ваъдалар берур, хомхаёлларга мубтало қилур. Охир-оқибатда шайтон берган ваъдалар фақат ёлғон-сароб бўлиб чиқар” (Нисо, 120).
Аъроф сураси, 104–112-оятларида ҳам шу воқеалар ҳақида айтиб ўтилган.
Юнус сурасида эса Мусо (алайҳиссалом) ва Фиръавн ҳамда унинг одамлари ўртасидаги шиддатли тортишувнинг бошқа жиҳати ёритилган. Аллоҳ таоло айтади:
Сўнгра уларнинг ортидан Мусо билан Ҳорунни Ўз оят-мўъжизаларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига юборган эдик. Улар кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи-гуноҳкор қавм бўлдилар. Бас, қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақиқат келганида, улар: “Бу очиқ сеҳр”, дедилар. Мусо деди: “Сизларга ҳақиқат келган вақтида (“Бу сеҳр”), дейсизларми? Сеҳрми шу? Ахир сеҳргарлар нажот топмайдилар-ку?!” Улар дедилар: “Сен бизларни ота-боболаримизни топган (динимиз)дан буриш учун ва икковингиз орамизга эга бўлиб олиш учун келдингми?! Биз сизларга имон келтиргувчи эмасмиз!” (Юнус, 75–78).
Яъни, Биз аввал ўтган муҳтарам пайғамбарлардан сўнг Мусо ва Ҳорунни ваҳдониятимиз ҳамда қудратимизга далолат қилувчи мўъжизаларимиз билан қавмига: мен сизларнинг улуғ Раббингизман, деб айтган Фиръавн ва унинг аъёнларига уларни тўғри йўлга даъват қилиш учун юборган эдик, лекин улар “кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи-гуноҳкор қавм бўлдилар”.
Яъни, улар Бизларга тоат этишдан бўйин товлаб, мутакаббирлик қилдилар, ўзларига-ўзлари маҳлиё бўлиб қолдилар. Шунингдек, уларнинг одати энг катта маъсиятларни содир этиш ва фисқу фужур қилиш эди.
Шу сабаб “қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақиқат келганида, улар: “Бу очиқ сеҳр”, дедилар”.
Яъни, Мусо (алайҳиссалом) ҳақ мўъжизаларни келтирганида, улар ношудларча:
– Эй Мусо, сен келтирган нарсалар сеҳр экани шубҳасиз. Шу сабаб сен кўрсатаётган бу нарсалар ҳақида ўйлаб кўришга ҳожат ҳам йўқ, – дедилар.
Агар қалб қотиб, нафс бузилса, унинг наздида ҳақиқат ботил ва ёлғон нарсаларга айланиб қолади.
Мусо (алайҳиссалом) уларнинг уйдирма, бўҳтонларига жавобан деди: “Сизларга ҳақиқат келган вақтида (“Бу сеҳр”), дейсизларми? Сеҳрми шу? Ахир сеҳргарлар нажот топмайдилар-ку?!”
Яъни, сиз кўриб турган нарса сеҳрдан йироқ, сизлар у ҳақида “Бу очиқ сеҳр”, дейсизларми?! Сизларда ақл борми ўзи?! Қаранглар, фикр юритинглар, кўзингиз билан кўриб турган ва таъсирига берилиб, хавфга тушган нарсангиз – шу сеҳрми?! Ундай бўлса сеҳргар кишиларни яхшилик ва тўғри йўлга чақиришдаги бирон ҳаракатларида зафарга эриша олмаслар!
Уларнинг ҳақиқатни сеҳр, деб даъво қилишларига асл сабаб нима эди?
Буни қуйидаги оятлардан билиб оламиз:
Улар дедилар: “Сен бизларни ота-боболаримизни топган (динимиз)дан буриш учун ва икковингиз орамизга эга бўлиб олиш учун келдингми?! Биз сизларга имон келтиргувчи эмасмиз!”
Яъни, уларга очиқ-ойдин ҳақиқат келгач, Фиръавн ва аъёнлари Мусога дедилар:
– Сен олиб келган нарсанг билан бизларни неча асрлардан бери ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган диндан қайтармоқчимисан. Аканг Ҳорун икковингиз Миср ерига эгалик қилиб, ҳокимият, устунлик ва дунёда бахт-саодатга эришмоқчимисизлар?! Кўп хомтама бўлмай қўяқол, биз барибир сенга ишонмаймиз. Агар шундай қилсак, асрлар оша сиғиниб келинаётган динни оёқости қилган бўламиз, устига-устак мол-мулкимиз, мансабларимиздан ҳам ажраймиз. Нима кераги бор бизга бундай нарсани? Йўқ, биз зинҳор бундай қилмаймиз!
Қавм томонидан айтилаётган куракда турмайдиган бу гаплар янги эмасди, бу гаплар биринчи бор айтилаётгани йўқ. Илгари Нуҳ (алайҳиссалом) қавми ҳам унга шу маънода хитоб қилишганди. Аллоҳ таоло айтади: Дарҳақиқат, Биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас, у: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ахир қўрқмайсизларми”, деди. (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: “Бу ҳам худди сизларга ўхшаш одам. (Фақат) сизлардан устун бўлиб олмоқчи. Агар Аллоҳ (пайғамбар юборишни) хоҳласа эди, фаришталарни туширган бўлур эди”, дейишган эди (Мўминун, 23–24).
Исро сурасида ушбу баҳс-мунозараларнинг бошқа қирралари ҳақида сўз кетади. Аллоҳ таоло айтади:
Аниқки, Биз Мусога тўққиз очиқ оят-мўъжиза ато этдик. Сўнг у келган пайтида, (унга): “Бани Исроилни сўрагин”, (деб амр этдик). Шунда Фиръавн унга: “Эй Мусо, ҳеч шубҳа йўқки, мен сени сеҳр-жодуга чалинган, деб ўйламоқдаман”, деди. (Мусо) деди: “Сен анави очиқ-равшан (мўъжизалар)ни фақат осмонлар ва Ернинг Парвардигоригина ҳужжат қилиб нозил қилганини аниқ билурсан. Ҳеч шубҳа йўқки, эй Фиръавн, мен сени ҳалок қилингувчи, деб ўйламоқдаман”. Шунда еридан қувиб чиқармоқчи бўлганида, Биз уни ва у билан бирга бўлган кишиларнинг барчаларини ғарқ қилдик. Сўнг Бани Исроилга: “Мана шу ерни маскан тутинглар! Энди қачон ваъда қилинган охират келганида сизларнинг барчангизни келтирурмиз”, дедик (Исро, 101–104).
“Аниқки, Биз Мусога тўққиз очиқ оят-мўъжиза ато этдик” жумласидаги тўққиз оятдан мурод: асо, қўл, қурғоқчилик йиллари, денгиз, тўфон, чигиртка, бит, қурбақа (балоси) ва қондир. Бу фикрларни Ибн Аббос, Мужоҳид, Қатода ва бошқалар айтиб ўтишган.
Оятнинг маъноси қуйидагича: эй муҳтарам пайғамбар, қавмингиз сиздан талаб қилган мўъжизаларни келтирганингиздан сўнг ушбу мушрикларнинг имонга келишидан умид қилманг. Зеро, мўъжиза қанчалик кучли бўлмасин, қалбида куфр ва ҳасад иллати қаттиқ ўрнашиб олган кимсалар ҳаргиз имонга мушарраф бўлмаслар. Биз илгари биродарингиз Мусога унинг ҳақиқий пайғамбар эканини тасдиқлайдиган тўққиз мўъжизани берган эдик, лекин бу нарса фақатгина уларнинг куфрига куфр, нопокликларига нопоклик қўшди, холос. Бас, шундай экан, илгари ўтган азму қарор эгалари бўлган пайғамбарлар каби Сиз ҳам қавмингиз ўжарлик ва дилозорларига сабр қилинг!
“Бани Исроилни сўрагин” оятидаги хитоб Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Бани Исроил қавмидан бўлган Абдуллоҳ ибн Салом каби мўминлар ва бошқаларга қилинмоқда.
Яъни, Аллоҳ таоло Мусони Фиръавн ва қавмига юбораётган чоғида унга тўққиз илоҳий мўъжизани ҳам инъом этди. Эй муҳтарам пайғамбар, Бани Исроил қавмидан бўлган мўминлардан шу ҳақида сўранг. Улар Тавротни ўқишган. Шундай қилсангиз, Мусо ва душманлари ўртасида кечган мунозаралардан хабардор бўласиз.
Бу ерда савол беришдан мақсад – қалбларини мустаҳкамлашдир, чунки далил-исботлар қанча кўпайса, даъват қилинаётган нарсанинг қиймати ҳам шунча ошади.
(“Бани Исроилни сўрагин” ояти муфассирлар томонидан турлича тафсир қилинган. Шу сабаб Алоуддин Мансур таржимасида бу сўзлар Мусо (алайҳиссалом)га қилинган ваҳий эди, деб келтирилган бўлса, Муҳаммад Тантовий бу хитоб Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қилинганини айтиб ўтган. – Таржимон.)
Фиръавн унга: “Эй Мусо, ҳеч шубҳа йўқки, мен сени сеҳр-жодуга чалинган, деб ўйламоқдаман”, деди. Яъни, Мусо амримизга бўйин эгиб, мўъжизаларни кўрсатгач, Фиръавндан Бани Исроилни ўзи билан қўйиб юборишни сўради. Шунда Фиръавн мутакаббирлик билан Мусо (алайҳиссалом) шаънини ерга уриш мақсадида:
– Эй Мусо, мен сени сеҳрланиб, ақл-ҳушдан айрилган деб ўйламоқдаман, чунки сен қилаётган иш соғлом ақлга зид, қаёқдаги даъволаринг билан келиб, мени ўз измингга қаратмоқчи бўляпсан, – деди.
Ҳар бир замон ва маконда тоғий, исёнкорларнинг тутган йўли шу ўзи. Қачонки улар Ҳақни кўрсалар уни залолат ва ёлғон, деб даъво қилиб, унинг аҳлига бўҳтон ва маломат тошларини ёғдирадилар.
Фиръавннинг бу туҳматига қарши Мусо (алайҳиссалом) деди:
“Сен анави очиқ-равшан (мўъжизалар)ни фақат осмонлар ва Ернинг Парвардигоригина ҳужжат қилиб нозил қилганини аниқ билурсан”. Бу оятлар Фиръавнга қилинган даккилардан иборат. Зеро, у Мусо (алайҳиссалом)нинг сеҳргар ёки сеҳрга чалинмаганини яхши биларди. Шунингдек, унга берилган тўққиз мўъжиза Аллоҳ таоло даргоҳиданлигидан ҳам хабардор эди.
“Ҳеч шубҳа йўқки, эй Фиръавн, мен сени ҳалок қилингувчи, деб ўйламоқдаман”. Бу Фиръавнга қилинган маломатнинг бошқа бир кўриниши эди. Фиръавнни қанча маломат қилинса, арзирди, чунки у Аллоҳ пайғамбарларидан бирини “сеҳр-жодуга чалинган” деб сифатлади. Оятдаги “деб ўйламоқдаман” сўзи аниқ ишончни билдиради.
Яъни, эй Фиръавн, мен Раббимдан сенга аниқ мўъжизаларни олиб келганимдан сўнг ҳам уларни рад этиб, куфрда қаттиқ туриб олганинг боис сенинг тақдиринг ҳалокат ва аянчли фожиа билан ниҳояланиши шубҳасиз. Мен бунга аниқ ишонаман.
Шу тариқа Мусо (алайҳиссалом) Фиръавн оғзини ҳужжат-далиллар билан ёпиб қўяқолди.
“Шунда еридан қувиб чиқармоқчи бўлганида...”
Яъни, мағлубият аламига чидаёлмай Фиръавн энди куч ишлатишга ўтди. У Мусо ва қавмини Миср юртидан бадарға қилиб, уларни буткул йўқ қилишга чоғланди.
Бу ҳақда бошқа оятда шундай дейилади: Фиръавн қавмидан бўлган одамлар: “(Эй Фиръавн), Мусо ва қавмининг Ерда бузғунчилик қилиб юришига ҳамда сени ва худоларингни тарк этишига қўйиб берасанми?” дейишганида, у деди: “Уларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдиражакмиз. Албатта, биз уларнинг устида ғолибдирмиз” (Аъроф, 127).
Фиръавн ўзича хом режалар тузиб, уларни ҳалок қилмоқчи, аммо ўзининг тақдири не кечишидан бехабар.
“Биз уни ва у билан бирга бўлган кишиларнинг барчаларини ғарқ қилдик. Сўнг Бани Исроилга: “Мана шу ерни маскан тутинглар! Энди қачон ваъда қилинган охират келганида сизларнинг барчангизни келтирурмиз”, дедик.
Яъни, Фиръавн қалбига қабиҳ бир ниятни тугганида, Биз бунинг муқобилида, уни, қўшини ва унга эргашганларнинг ҳаммасини битта қўймай денгизга чўктириб юбордик. Улар ҳалок қилингач, Мусо (алайҳиссалом) тилидан Бани Исролга:
– Фиръавн сизларни қувиб чиқармоқчи бўлган мана шу Миср диёрини ўзларингиз учун маскан қилиб олинглар! – дедик.
Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Ушбу оятда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Макканинг фатҳ этилиши ҳақида башорат берилмоқда. Шу нарса бўлди ҳам. Макка аҳли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни у ердан чиқариб юбормоқчи бўлдилар. Аллоҳ таоло айтади: “Улар Сизни бу Ердан (яъни, Маккадан) чиқариб юбориш учун (турли макр-ҳийлалар билан) қўзғотиб юборишларига оз қолди. У ҳолда, уларнинг ўзлари ҳам Сиздан кейин озгина (муддат) тура оладилар, холос” (Исро, 76).
Худди, Бани Исроил қавмидан бўлган заиф, бечораҳол кишиларни Фиръавн юртига меросхўр қилгани каби Аллоҳ таоло суюкли Расулини Маккага кириш, у ерда қўним топишга муваффақ қилди”.
Аллоҳ таоло қиссани қуйидаги жумлалар билан якунлайди: “Энди қачон ваъда қилинган охират келганида сизларнинг барчангизни келтирурмиз, дедик”.
Яъни, Аллоҳ таоло белгилаб қўйган қиёмат соати келганида, барчаларингизни тирилтирамиз. Шунда сизлар ва Фиръавн, унинг қавми – жамики инсоният Бизнинг ҳузуримизга келасизлар ва Биз ораларингизда адолат ила ҳукм қиламиз.
Мусо (алайҳиссалом) билан сеҳргарлар ўртасидаги қизғин кураш ва тортишувлар
Ушбу мунозаралар Қуръони каримнинг кўп ўринларида келган. Аввало, Аъроф сурасидаги ояти карималар билан танишиб чиқамиз. Аллоҳ таоло айтади:
Сеҳргарлар Фиръавн олдига келишиб: “Агар биз ғолиб бўлсак, албатта, мукофот (берурсан)”, дейишди. У: “Ҳа, албатта, сизлар менинг яқинларимдан бўлурсизлар”, деди. Улар айтдилар: “Эй Мусо, ё сен ташла ёки биз ташлаймиз”. (Мусо): “Сизлар ташланглар”, деди. Бас, улар ташлаган эдилар, одамларнинг кўзларини бўяб даҳшатга солиб қўйдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар. Биз Мусога: “Асойингни ташлагин”, деб ваҳий юбордик. Баногоҳ у уларнинг “уйдирма”ларини юта бошлади. Бас, ҳақиқат тушди, уларнинг қилган ҳаракатлари эса ботил бўлди. Бас, у ерда мағлуб бўлишиб, беобрў бўлган ҳолларида қайтдилар. (Шу пайт) у сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ерга ташланиб: “Бизлар барча оламларнинг Парвардигорига – Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига имон келтирдик”, дедилар. Фиръавн айтди: “Мен сизларга изн бермай туриб унга имон келтирдингизми?! Шубҳасиз, бу қилган найрангингиз ушбу шаҳардан унинг аҳолисини чиқариш учун қилган макрингиздир. Энди яқинда билурсизлар, албатта, мен оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига кесурман, сўнгра сизларнинг барчаларингизни дорга осурман”. Улар дедилар: “Албатта, бизлар Парвардигоримизга қайтгувчимиз. Сен биздан фақат Парвардигоримизнинг оятлари келганда унга имон келтирганимиз учунгина ўч олмоқчисан. Парвардигоро, устимиздан сабру тоқатни ёғдиргайсан ва бизларни фақат мусулмон бўлган ҳолимизда ўлдиргайсан!” (Аъроф, 113–126).
Фиръавннинг таклифига биноан, сеҳргарлар унинг саройига йиғилишди ва бош мақсадлари бирон нарсага эга бўлиб қолиш бўлган сеҳр усталари унга қарата:
– Эй Фиръавн, агар биз мана шу моҳир сеҳргар устидан ғалаба қозонсак, бизга катта мукофот берасанми? – дедилар. Бунга жавобан Фиръавн:
– Ҳа, агар ростдан ҳам зафар қучсангиз сизларни жуда ҳам кўп миқдорда моддий мукофотлар билан тақдирлайман. Бундан ташқари сизлар менинг энг яқин кишиларимдан бўлиб қоласизлар, – деди.
Муфассирлар сеҳргарларнинг сони борасида турли фикрларни билдиришган. Баъзилар: “Улар етмиш иккита бўлган”, деса, бошқа тоифа вакиллари: “Уларнинг сони бундан ҳам зиёдароқ эди”, дейишган.
Мукофот олишдан қалблари тинчиган сеҳргарлар энди бутун хаёлларини нима қилиб бўлса ҳам жангда ғалаба қозонишга қаратдилар ва ўз душманларига қарата:
– Эй Мусо, ё сен ташла ёки биз ташлаймиз, – дедилар.
Яъни, эй Мусо, сенда танлаш имконияти бор. Хоҳла қўлингдаги асони аввал сен ташла ёки биз аввал ташлайлик.
Гўёки сеҳргарлар ўз сўзлари билан шундай деяётганларидек: ушбу икки ҳолатда ҳам барибир ғалаба биз томонда. Бас, эй Мусо, олдиндан бизларга таслим бўлиб қўяқол!
Тоҳа сурасида келтирилишича, Мусо (алайҳиссалом) ўрталарида беллашув бошланмасидан олдин сеҳргарларга қарата шундай деган: “Ҳолингларга вой! Сизлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиманглар, у ҳолда (Аллоҳ) сизларни азоб билан ҳалок қилур! Ёлғон тўқиган кимсалар ноумид бўлишлари аниқдир” (Тоҳа, 61).
Лекин Мусо (алайҳиссалом) улардан аввал ўзлари ташлашларини талаб қилди. Мақсад уларнинг таҳдид ва важоҳатларидан чўчимаганини билдириш бўлган, чунки Мусо суянган асос жуда кучлидир.
“(Мусо): “Сизлар ташланглар”, деди. Бас, улар ташлаган эдилар, одамларнинг кўзларини бўяб даҳшатга солиб қўйдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар”.
Яъни, улар қўлларида арқон ва асоларини ташлаб, одамлар кўзини сеҳрлаб қўйдилар. Аслида, бу нарса фақат макр ва ҳийладангина иборат эди. Улар ўз сеҳрлари билан одамларни қўрқитиб юбордилар ва сеҳр бобида ажойиб бир намойиш кўрсатдилар. Улар ташлаган асо одамлар ва томошабинлар кўзига илон бўлиб кўринди.
Ривоят қилинишича, сеҳргарлар қалин арқон ва узун-узун ёғочларни ташлаганларида бутун бошли водийни тўлдирадиган даражада ҳамма ёқни илон босиб кетган экан. Бошқа ривоятларда: “Улар арқон ва чўпларини турли рангга бўяб, худди ҳаракат қилаётганга ўхшатиб қўйганлар”, дейилган.
Сеҳргарларнинг бу “қойилмақом” ҳунарлари ва унинг таъсири узоққа бормади. Буюк Холиқнинг энг кучли мўъжизаси билан қуролланган Мусо (алайҳиссалом) кўрсатган намойиш олдида ҳатто сеҳргарларнинг ўзлари ҳам бўйин эгишга мажбур бўлдилар:
«Биз Мусога: “Асойингни ташлагин”, деб ваҳий юбордик. Баногоҳ у уларнинг “уйдирма”ларини юта бошлади. Бас, ҳақиқат тушди, уларнинг қилган ҳаракатлари эса ботил бўлди. Бас, у ерда мағлуб бўлишиб, беобрў бўлган ҳолларида қайтдилар».
Яъни, Мусо сеҳргарлар томонидан кўрсатилган нарсалардан қўрққач, Биз:
– Эй Мусо, қўлингдаги асони ташла! Албатта, сен улардан устундирсан, – деб ваҳий қилдик. Қачонки у буюрилган ишни қилган эди, Мусо ташлаган нарса сеҳргарларнинг ёлғон ва тўқималарини ютиб юборди. Шу билан ҳақиқат қарор топди, анави сеҳргарлар қилаётган ҳийла ва макрлар эса ботил бўлди, одамлар шуурида унинг таъсири барҳам топди. Шундай қилиб, Фиръавн, аъёнлари ва сеҳргарлар ҳамма тўпланган жойда байрам куни мағлубият аламини тотиб кўрдилар. Ўз уйларига хору зор, беобрў ва бошлари эгик ҳолда қайтиб кетдилар.
Энди Мусо (алайҳиссалом) қилган ишларни кўриб, унинг сеҳр эмаслигига аниқ ишонган сеҳргарлар унга нисбатан қандай муносабатда бўлганликлари ҳақида ҳикоя қилинади:
“(Шу пайт) у сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ерга ташланиб...”
Мусо (алайҳиссалом) Ҳақ устида экани ва ўзларининг сеҳрлари ботил бўлганлиги уларнинг қалбларида имон нурларини ёқди ва улар тезлик билан Аллоҳга таслим бўлганлик белгиси сифатида сажда қилишга тушдилар.
Сеҳргарлар сажда қилар эканлар, дедилар: “Бизлар барча оламларнинг Парвардигорига – Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига имон келтирдик”.
Ҳақиқат нури уйғоқ қалб соҳибларининг қалб ойнасида ўзининг ижобий аксини кўрсатди. Ҳа, сеҳргарлар аввал имон келтириб, ҳеч бир тараддудсиз Фиръавн ва аъёнлари олдида бу нарсани баралла эълон қилдилар, чунки улар Мусо (алайҳиссалом) келтирган нарса сеҳр эмаслигини бошқалардан кўра яхшироқ билар ва бунга аниқ ишонар эдилар. Зеро, бирон-бир соҳада мутахассис бўлган киши ўша соҳага тегишли бўлган нарсаларнинг ҳақиқийсини ёлғонидан яхши ажрата билади.
Кўз ўнгида юз бераётган ушбу ҳаяжонли ҳодисалар қалб кўзи сўқир бўлган Фиръавнга зиғирча ҳам таъсир қилгани йўқ, балки дағдаға билан уларга қаттиқ интиқом олишини айтиб ўтди: “Мен сизларга изн бермай туриб унга имон келтирдингизми?!”
Яъни, Фиръавн сеҳргарларнинг имон келтирганини танқид қила туриб деди:
– Сизлар мен рухсат бермай ва бу ишга амр қилмай туриб Мусо ва Ҳоруннинг раббига имон келтирдингларми?!
Фиръавн ғурур ва жаҳолат ботқоғига ботиб кетгани боис Ҳаққа имон келтиришдан аввал унинг рухсатини олиш лозим, деб ҳисобларди.
Фиръавн уларни айблашда давом этаркан, сеҳргарлар имони ҳақиқий эмаслигини даъво қилади: “Шубҳасиз, бу қилган найрангингиз ушбу шаҳардан унинг аҳолисини чиқариш учун қилган макрингиздир”.
Яъни, сизлар Мусо ва Ҳоруннинг парвардигорига қалбларингиздан ихлосан имон келтирмадинглар, балки асоларингизни ташлашдан олдин сизлар Мусо билан келишиб, бу ерлар сиз ва Бани Исроилга бўлиши учун Мисрдан унинг қонуний аҳолисини чиқариб юбормоқчисизлар.
Фиръавн бу сўзларни айтишгандан мақсади қибтийларга сеҳргарлар имони Мусо билан келишилган ҳолда амалга оширилганини сингдириш, улар бунинг ортидан кўзлаган мақсадлари юртларидан сургун қилиш эканини англатиш бўлган. Қибтийлар эса ўз динларида содиқ қолиб, Мусо, сеҳргарлар ва Бани Исроилга адоват қилиб, уларга қаршилик кўрсатишлари керак эди Фиръавннинг режасига кўра. Шунингдек, Фиръавн бу ерда макр қўллаб одамларни Мусо (алайҳиссалом)га имон келтиришдан тўсиб қолмоқчи.
Туҳмат ва ноҳақ айбловларида давом этиб, Фиръавн энди бундан ҳам оғирроқ ваъидни қилди: “Энди яқинда билурсизлар.Албатта, мен оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига кесурман, сўнгра сизларнинг барчаларингизни дорга осурман”.
Яъни, сизлар яқин кунларда қилган ишингиз нима оқибатга олиб келганини билиб оласизлар. Қасам ичиб айтаманки, тана аъзоларингизни қарама-қаршисига – ўнг қўл ва чап оёғингизни кестираман ҳамда хору зор бўлишингиз учун шу кўйингизда дорга остираман! Токи бу бошқаларга ҳам ибрат бўлсин!
Фиръавн сеҳргарларга қаттиқ қўрқитиш, дўқ-пўписа билан муомала қилиб, уларга азобли қийноқлар бўлишини айтса ҳам улар бу йўлдан қайтмадилар, балки чиройли сабр ва кучли имон билан Фиръавн ҳамда аъёнларининг қаҳри, ғазабини паст санаб, хотиржамлик билан: “Албатта, бизлар Парвардигоримизга қайтгувчимиз. Сен биздан фақат Парвардигоримизнинг оятлари келганда унга имон келтирганимиз учунгина ўч олмоқчисан”, дедилар.
Яъни, эй Фиръавн! Сен бизни ўлим билан қўрқитмай қўяқол. Куни келиб, бизлар Раббимиз ҳузурига, албатта, қайтиб борамиз. Сен фақатгина Аллоҳга имон келтирганимиз учун бизларни хушламай, қасос олиш пайида бўлаяпсан. Ўша сенга ёқмай турган нарса бизнинг энг гўзал хислатимиздир. Зеро, Аллоҳга ҳақиқий имон келтириш амалларнинг энг яхшисидир. Биз энди сени рози қилиш учун бу йўлдан қайтмаймиз! Фақат Раббимиз розилигини тилаймиз!
Аввал сеҳр билан шуғулланиб, сўнгра имонга мушарраф бўлган зотларнинг Фиръавн билан қилган тортишувлари қуйидаги илтижолар билан якун топади. Улар дедилар:
“Парвардигоро, устимиздан сабру тоқатни ёғдиргайсан ва бизларни фақат мусулмон бўлган ҳолимизда ўлдиргайсан!”
Яъни, эй Раббимиз, Сенинг динингда собитқадам бўлишимиз учун бизларга кўп ва чиройли сабр ато эт! Бизларни амр ва қайтариқларингга бўйин эгган ва қазоингга тўлиқ таслим бўлувчи мусулмон бўлган ҳолимизда вафот эттир!
Қатода (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Улар кун бошида кофир сеҳргарлар бўлишган бўлса, куннинг охирида юксак мартабадаги шаҳидлар мақомига эришишди. Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин ва қиёматда бизларни уларнинг гуруҳида (яъни, набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан) ҳашр қилсин!”
Тоҳа сурасида ушбу мужодала ва тортишувлар қуйидагича тасвирланган. Аллоҳ таоло айтади:
Мусо уларга деди: “Ҳолингларга вой! Сизлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиманглар, у ҳолда (Аллоҳ) сизларни азоб билан ҳалок қилур!” деди. Ёлғон тўқиган кимсалар ноумид бўлишлари аниқдир”. Бас, улар ишларини ўзаро талашиб-тортишиб аста шивирлаша бошладилар. (Сўнг бир-бирларига) айтдилар: “Албатта, бу иккови ўз сеҳрлари билан сизларни ерингиздан чиқармоқчи ва юксак йўлингизни йўқотмоқни истайдиган сеҳргарлардир. Бас, макр-ҳийлангизни йиғингиз, сўнг бир саф бўлиб келингиз. Бугун устун бўлган кишилар нажот топурлар”. Улар дедилар: “Эй Мусо, сен ташлайсанми ёки бизлар биринчи ташловчи бўлайликми?” (Мусо) айтди: “Йўқ, сизлар ташланглар”. Баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли юриб кетаётгандек туюлди. Бас, Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилган эди, Биз айтдик: “Қўрқмагин! Албатта, сен ўзинг ғолиб бўлгувчисан. Қўлингдаги нарсани ташлагин, улар ясаган нарсаларни ютиб юборур. Уларнинг ясаган нарсалари фақат бир сеҳргарнинг макри-ҳийласи, холос. Сеҳргар эса қаерда бўлмасин зафар топмас”. Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ташланиб: “Биз Ҳорун ва Мусонинг Парвардигорига имон келтирдик”, дедилар (Тоҳа, 61–70).
Сеҳргарлар Фиръавн ҳузурига тўпланишгач, Мусо уларга насиҳат қилиш ва огоҳлантириш маъносида: “Ҳолингларга вой! Сизлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиманглар, у ҳолда (Аллоҳ) сизларни азоб билан ҳалок қилур!”, деди.
Яъни, эҳ сизларга вайл ва ҳалокат бўлсин! Мен олиб келган нарсаларни сеҳр деб, Аллоҳ шаънига ёлғон ва туҳмат қилманглар. Агар шундай қилсангиз, У Зот сизларни Ўз даргоҳидан бўлган оғир азоб билан ҳалокатга учратади!
“Ёлғон тўқиган кимсалар ноумид бўлишлари аниқдир”. Яъни, Аллоҳ номига куракда турмайдиган нолойиқ, ботил сўзларни айтувчиларнинг ҳалокатга йўлиқишларига шубҳа йўқ! Билингларки, Фиръавн ботил ишлар қилувчи, ёлғон тўқиган ва оқибати ҳалокат билан тугагувчи кимсалардандир. Эҳтиёт бўлинглар! Зинҳор унинг аравасига минманглар, унга бўйсунманглар ҳам!
Чамаси, Мусо (алайҳиссалом) қалбидан отилиб чиққан ва куюнчаклик ила қилинган ушбу насиҳатлар баъзи сеҳргарларга ижобий таъсир қилган кўринади:
“Бас, улар ишларини ўзаро талашиб-тортишиб аста шивирлаша бошладилар”.
Яъни, Мусо (алайҳиссалом)дан кофир қавмлар ҳалокатга йўлиқишини эшитган сеҳргарлар, залолатдан қайтиш йўлига тушдилар. Улар орасида турли фикр ва қарашлар пайдо бўлди. Мусо ва биродарига билдирмай, ўзаро пинҳона маслаҳатлаша бошладилар.
Қатода раҳматуллоҳи алайҳ: “Улар орасидан баъзилар: “Агар Мусо олиб келган нарса сеҳр бўлса, у ҳолда ғалаба биз томонда. Акс ҳолда у Аллоҳ даргоҳидан бўлса, мағлубиятга учрашимиз аниқ”, деб айтишган”, деган.
Яна уларнинг баъзилари: “Мусо айтаётган нарсалар сеҳргарнинг гапи эмас”, деган.
Сеҳргарларнинг баъзилари эса, Мусо (алайҳиссалом)га қаршилик билдириб, у ғалаба қозониб, биз эришмоқчи бўлган юксак мартаба ва катта мукофотни қўлга киритмоқчи, деб ҳамроҳларини ҳам унга қарши чиқишга гижгижлаган.
Ояти каримадан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, ушбу охирги тоифа вакиллари сеҳргарлар орасида кўпчиликни ташкил қилган, чунки улар: “Албатта, бу иккови ўз сеҳрлари билан сизларни ерингиздан чиқармоқчи ва юксак йўлингизни йўқотмоқни истайдиган сеҳргарлардир. Бас, макр-ҳийлангизни йиғингиз, сўнг бир саф бўлиб келингиз. Бугун устун бўлган кишилар нажот топурлар”, деб айтмоқдалар.
Ушбу икки оятга кўра, сеҳргарлар Мусо ва Ҳорун (алайҳимуссалом)лардан қўрқишган ва шон-шуҳрат ҳамда моддий манфаатдан қуруқ қолмаслик учун бор кучларини сарфлаб, бир сафга туриб, бир-бирларини руҳлантириб, ғалабани қўлдан бой бермасликка жидду-жаҳд қилганлар.
Яъни, сеҳргарлар ошкора ва очиқдан-очиқ ўз шерикларига дедилар:
– Мусо ва Ҳорун – буларнинг иккиси сеҳргарлар бўлиб, улар шу сеҳр йўли билан бизларни Миср заминидан қувиб чиқариб, уни ўзлариники қилиб олишмоқчи! Устига-устак улар сизларни тўғри йўлингиз – энг тўғри ва афзал динингиздан чиқармоқчи! Ваҳоланки шундай экан, “бас, макр-ҳийлангизни йиғингиз”. Яъни, Мусо ва Ҳорун сизларни ерингиздан чиқариб юбориш пайида экан, бас, сизлар ҳам сеҳр-макрингизни ишга солиб, уларга қарши сабот билан туринглар, токи улар ғолиб бўлолмасинлар!
“Сўнг бир саф бўлиб келингиз”. Яъни, сўнгра барчаларингиз бир сафга тизилиб туринглар. Шунда сизлар кишиларга ҳайбатли ва кучли бўлиб кўринасизлар ҳамда бу нарса сизларни сабот ва матонатга ундайди.
“Бугун устун бўлган кишилар нажот топурлар”.
Яъни, бугунги беллашувда устунлик тарафдори ва шу йўлда ҳаракат қилганларгина ғалабага эришади. Келинг, душман устидан зафар қучишга бор кучимизни сарфлайлик. Агар Мусо устидан ғалаба қозонсак, бизларни улуғ мукофот ва олий мартабалар кутиб турибди. Акс ҳолда мағлуб бўлсак, ҳозирги ҳолатимиздан-да тубанроқ бир поғонага тушиб қоламиз!
Мана, узоқ ва сабрсизлик билан кутилган мусобақа куни ҳам етиб келди. Ғолиб бўлишга ўта ҳарисманд бўлган сеҳргарлар вақтни чўзиб ўтирмай, Мусо (алайҳиссалом)га юзланиб:
– Эй Мусо, сен ташлайсанми ёки бизлар биринчи ташловчи бўлайликми? – дедилар.
Яъни, сеҳргарлар Мусо (алайҳиссалом)га танлаш имконини бердилар. Бундан очиқ кибр ва мутакаббирлик иси келиб турарди. Улар дедилар:
– Эй Мусо, асойингни сен аввал ташлайсанми ёки биринчи бўлиб биз ташлайликми?
Мусо (алайҳиссалом) мусобақани бошлаб беришни ўзига лозим деб топмади.
(Мусо) айтди: “Йўқ, сизлар ташланглар”. Баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли юриб кетаётгандек туюлди”.
Яъни, Мусо (алайҳиссалом) аввал улар ташлашларини айтди. Сеҳргарлар унинг таклифини қабул қилиб, қўлларидаги нарсаларини ташлаган ҳам эдиларки, Мусо қаттиқ қўрққани ва ҳаяжонланганидан иплари ва асолари унга қорни билан ўрмалаб кетаётган илонлардек бўлиб туюлди.
Сеҳргарлар қилган ҳунарларининг Мусо (алайҳиссалом)га таъсир қилганини қуйидаги оятдан ҳам билиб олиш мумкин: “Бас, Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилган эди”.
Яъни, сеҳргарлар ташлаган нарсаларнинг ҳаракатланаётганини кўрган Мусо қўрқувга тушди. Албатта, бу қўрқув инсоний табиатга хос бўлган хислат туфайли юз берганди.
Шунда Аллоҳ таоло унинг қалбига қувват бағишлаш ва собитқадам қилиш учун шундай ваҳий қилди: “Қўрқмагин! Албатта, сен ўзинг ғолиб бўлгувчисан”.
Яъни, эй Мусо, сен улар қилаётган ишларидан қўрқмагин! Зеро, ғалаба ва зафар сен тарафда, сен устунсан. Чунки сен келтирган ҳужжат Ҳақ, уларники эса ботилдир.
“Қўлингдаги нарсани ташлагин, улар ясаган нарсаларни ютиб юборур”. Бу билан Мусо (алайҳиссалом)га яна шижоат ва руҳ бағишланди.
Яъни, эй Мусо, ўнг қўлингдаги нарсани ташлагин. Шунда у сеҳргарлар томонидан қилинган ва одамларга ҳаракатланаётгандек кўринган, аслида ботил, ёлғон ва сохта уйдирмалардан иборат бўлган нарсаларни битта қўймай ютиб юборади.
Ибн Касир айтади: “Сеҳргарлар ташлаган нарса катта-катта кўз ва оёқлари, узун бўйни ва ўткир тишлари бор бир аждарга айланади. Мусо ташлаган нарса эса, уларнинг ҳаммасини ютиб юборади. Бу нарса барча одамлар ва сеҳргарлар кўз ўнгида содир бўлади. Шундай қилиб, илоҳий мўъжиза ғолиб келди ва сеҳргарлар қилаётган нарсаларнинг ботил экани маълум бўлди”.
“Уларнинг ясаган нарсалари фақат бир сеҳргарнинг макри-ҳийласи, холос”. Бу ўзидан олдинги оятни изоҳлаб келмоқда. Яъни, эй Мусо, улар қилган нарса сеҳргарлар макридан бир макр эди.
“Сеҳргар эса қаерда бўлмасин зафар топмас”. Яъни, инсонлар орасидаги мана шу тоифага мансуб бўлганлар – сеҳргарлар қаерда бўлмасинлар, қаерга бормасинлар, барибир ғолиб бўлолмайдилар. Чунки улар қилаётган нарсалар ҳийла, ёлғон ва сохтакорликка асослангани вақти келиб маълум бўлади.
Ҳали юқорида буюк бир ҳодиса – сеҳргарларнинг имонга мушарраф бўлишлари бор. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ташланиб: “Биз Ҳорун ва Мусонинг Парвардигорига имон келтирдик”, дедилар”.
Яъни, қўрқуви барҳам топиб, Мусо қўлидаги нарсасини ерга ташлаганида, у сеҳргарларнинг арқон ва асоларини ютиб юборди. Бунинг мўъжиза эканини аниқ билган сеҳргарлар:
– Биз Мусо ва Ҳорун (алайҳимуссалом)лар Раббисига имон келтирдик деб, юзлари билан Аллоҳга сажда қилдилар.
“Сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ташланиб...” жумласи улар кўрган ҳужжат ва далилларнинг кучли бўлганлигидан далолат қилади.
Ҳа, пок нафс эгалари қачон ҳақни кўрсалар, ҳеч бир тараддудсиз уни қабул қиладилар. Кирахий айтади: “Улар Аллоҳга сажда қилган ҳолларида йиқилдилар, чунки улар сеҳр усталари бўлиб, Мусо қилган иш ўз сеҳрларидан мутлақ устун ва бу сеҳр эмаслигини аниқ билардилар”.
«Кашшоф» муаллифи айтади: “Уларнинг ҳолатига эътибор беринг. Нақадар ажойиб! Бир оз аввал улар арқонларини куфр ва исён йўлида ташлаган бўлсалар, энди шукр ва сажда маъносида ўзларини ерга ташладилар (яъни, сажда қилдилар). Бу икки “ташлаш” орасида қанчалик катта фарқ бор-а!”
Энди, Фиръавннинг собиқ сеҳргарларга қилган таҳдиди ва уларнинг бунга нисбатан қандоқ муносабат билдирганлари ҳикоя қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
(Фиръавн) айтди: “Унга мен сизларга изн бермай туриб имон келтирдингизми? Шак-шубҳасиз, у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Бас, энди мен, албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига кесурман ва сизларни хурмо шохларига осурман, (ана ўшанда) қайсимизнинг азоби қаттиқроқ ва давомлироқ эканини билиб олурсизлар”. Улар дедилар: “Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган очиқ ҳужжат-мўъжизаларни ва бизларни яратган Зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер. Сен фақат мана шу ҳаёти дунёдагина ҳукм қилурсан. Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимиз)ни мағфират қилиши учун Парвардигоримизга имон келтирдик. Аллоҳ яхшироқ ва давомлироқдир”. Ҳеч шубҳа йўқки, кимда-ким Парвардигорига жиноятчи-кофир бўлган ҳолида келса, у ҳолда, албатта, унинг учун жаҳаннам бордирки, у жойда на ўла олур ва на яшай олур. Ким У Зотга яхши амаллар қилган мўмин ҳолида келса, бас, у ҳолда ана ўша учун юксак даражалар – остидан дарёлар оқадиган, улар абадий қоладиган мангу жаннатлар бўлур. Бу пок бўлган кишиларнинг мукофотидир” (Тоҳа, 71–76).
Фиръавн сеҳргарларнинг Аллоҳ таолога сажда қилганларини кўриб, деди:
– Унга мен сизларга изн бермай туриб имон келтирдингизми? Бу савол таҳдид ва маломат маъносида берилмоқда.
Яъни, менинг рухсатимсиз Мусога имон келтириб, унинг даъватини тасдиқладингизми?!
“Шак-шубҳасиз, у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир”.
Яъни, сизлар бўйин эгган Мусо, аслида, сизларга таълим берган устозингиздир. Сиз у билан аввалдан келишиб, тил бириктириб олгансиз. Унинг шериги бўлишингиз учун ҳам унга имон келтирдингиз!
Фиръавннинг бу каби гапларни айтишдан мақсади одамларни унга эргашиб, сеҳргарлар сингари имон келтиришларидан қайтариб қолиш, қавми олдида ўзини саботли ва жасур қилиб кўрсатиб, уларнинг қалбидаги қўрқув ва хавотирни чиқариб ташлаш эди.
Сўнгра у аввалгисидан ҳам таҳдидлироқ сўзларни қўшимча қилди:
“Бас, энди мен, албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига кесурман ва сизларни хурмо шохларига осурман”. Яъни, қасам ичиб айтаманки, сизларнинг ўнг қўлларингиз ва чап оёқларингизни кесиб, кейин хурмо шохларига осиб қўяман, токи бошқаларга ибрат бўлинглар! Кимки сизларнинг қилмишингизни такрорлар экан, унинг ҳам бошига айнан шу кунни соламан!
“Қарама-қаршисига” жумласидан мурод, масалан, ўнг қўли ва чап оёғини кесиш ёки аксинча. Бу нарса инсоннинг бир тараф аъзосини тўлиқ кесишдан ҳам оғирроқдир. Агар фақат бир томон кесилса, иккинчиси омон қолади. Аъзоларни қарама-қаршисига кесиш эса, иккала томонни ҳам фаолиятдан тўхтатиб, кишига аламли азоб беради.
Шунингдек, Фиръавн уларни хурмо дарахтига осишни ихтиёр этди, чунки унинг шохлари бошқа дарахтларникига нисбатан анча дағал бўлиб, унга осилиш кишига жуда қаттиқ оғриқ ва азоб беради. Ҳа, Фиръавн ўта исёнкор ва маккор бўлгани учун куфр йўлини четлаб, имон йўлини танлаган ҳақиқий мўминларни шу алфозда жазолашни лозим кўрди.
Фиръавн сўзида давом этиб деди: “(Ана ўшанда) қайсимизнинг азоби қаттиқроқ ва давомлироқ эканини билиб олурсизлар”. Бу энди таҳдид устига таҳдид, ваиъд устига ваиъддир.
Яъни, эй сеҳргарлар, яқинда кимнинг азоби қаттиқ ва ҳалок қилувчилигини билиб оласизлар. Меникими ёки Мусоникими ёки бўлмаса унинг раббисиникими?!
Фиръавн бу сўзлари билан, худди дунёда ундан кучли ва қудратли бирон куч йўқдек, ўзини барчадан устун қўяётган эди.
Хўш, бу таҳдид ва дўқ-пўписалар олдида сеҳргарлар ўзларини қандай тутдилар?
Улар имон нури қалбларига мустаҳкам ўрнашгани боис бундай таҳдидларга беписандлик билан, ҳеч қўрқмай туриб:
– Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган очиқ ҳужжат-мўъжизаларни ва бизларни яратган Зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер, – дедилар.
Яъни, эй Фиръавн, биз сенинг тоифангга қўшилишга рози эмасмиз, сени парвардигор деб тан олмаймиз ҳам! Ўз тинчлигимизни азобингдан устун қўймаймиз, балки бизларга Мусо тарафидан Аллоҳнинг мўъжизалари зоҳир бўлди. Энди биз фақат ўшанга эргашамиз.
“Ва бизларни яратган Зотни...” жумласидаги “вов” вовул-қасам бўлиб, унинг жавоби (жавобуш-шарт) тушиб қолган. У ҳолда ояти кариманинг маъноси қуйидагича бўлади: бизларни яратган Зотга қасамки, биз сени ўзимизга келган мўъжизалардан кўра устун деб билмаймиз.
“Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер”. Сеҳргарларнинг бу сўзлари Фиръавннинг шунча қилган таҳдид ва ҳаракатлари ҳавога кетганидан, бу нарса уларга зиғирчалик таъсир қилмаганидан дарак беради. Ушбу жумла Фиръавннинг: “Бас, энди мен, албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига кесурман ва сизларни хурмо шохларига осурман” деган таҳдидига қилинган муносиб жавоб эди.
Яъни, бизга Ҳақ аниқ бўлгач, энди сени устун деб билмаймиз, балки Раббимизни ихтиёр этамиз. Сен аъзойи баданларимизга қиладиган ишингни қилавер, хоҳлаганча азобла бизларни, аммо қалбимиз имонга мушарраф бўлган ва у Раббимиз муҳаббати билан лиммо-лим. Сен энди унга эгалик қилишга зинҳор қодир бўла олмайсан!
“Сен фақат мана шу ҳаёти дунёдагина ҳукм қилурсан. Бизлар эса хатоларимизни ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимиз)ни мағфират қилиши учун Парвардигоримизга имон келтирдик”. Бу жумлалар сеҳргарларнинг Фиръавн таҳдидига нима сабаб беэътибор эканликларининг асл сабаби эди.
Яъни, эй Фиръавн, жасадларимизга қиладиган ҳар қандай ишингни қилавер, қай турда жазо берасан, бу сенинг ишинг. Зеро, сен қилаётган нарсалар фақатгина мана шу ўткинчи дунё билан боғлиқ. Охират азоби эса, ундан минг чандон қаттиқроқдир!
“Ва сен бизларни мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимиз)ни...”
Яъни, сен бизларни Мусога қарши чиқишга мажбур қилган эдинг. Ўшанда бизнинг қуролимиз ботил, уники эса ҳақ эди. Лекин ўша вақтда амрингни четлаб ўта олмасдик, сенга бўйсунишга мажбур эдик. Энди Аллоҳ таоло ана ўша хатоларимизни ҳам кечиришидан умидвормиз!
Улар бу ерда гуноҳ ишларга аралашиб қолишларига асосий сабаб қилиб сеҳрни айтмоқдалар. Бу нарса улар имонга мушарраф бўлганларидан сўнг, аввал қилган ишларидан, яъни сеҳрдан қанчалик нафратланганликларини билдиради.
“Аллоҳ яхшироқ ва давомлироқдир”. Бу Фиръавннинг: “(Ана ўшанда) қайсимизнинг азоби қаттиқроқ ва давомлироқ эканини билиб олурсизлар” деган сўзига жавоб сифатида айтилмоқда.
Яъни, Аллоҳ таолонинг ажр-мукофоти, эй Фиръавн, сеникидан яхшироқ ва давомлироқдир. Зеро, Унинг мукофотлари зинҳор камаймас, берадиган савобларининг эса чеки йўқдир!
“Ҳеч шубҳа йўқки, кимда-ким Парвардигорига жиноятчи-кофир бўлган ҳолида келса...”. Бу жумлалар Аллоҳ таоло тарафидан гуноҳкорларнинг ёмон оқибати ва мўминларнинг чиройли оқибат топишлари ҳақида келган хабари ёки сеҳргарлар Фиръавнга қилган жавобларининг давоми бўлиши мумкин.
Оятнинг маъноси қуйидагича: кимки Қиёмат кунида Рабби ҳузурига куфр ва ширк иллатлари билан йўлиқса, “у ҳолда, албатта, унинг учун жаҳаннам бордирки, у жойда на ўла олур ва на яшай олур”. Яъни, ана ўша гуноҳкор кимса у ерда қаттиқ азобланади. У азобнинг кўринишларидан бири шуки, кофир у ерда истироҳат ҳам олмай, роҳатбахш ҳаётни ҳам топа олмайди.
Оят давомида мўминларга чиройли оқибат топиш ҳақида башорат берилади: “Ким У Зотга яхши амаллар қилган мўмин ҳолида келса, бас, у ҳолда ана ўша учун юксак даражалар – остидан дарёлар оқадиган, улар абадий қоладиган мангу жаннатлар бўлур”.
Яъни, кимки Аллоҳга чин имон келтирса ва ана ўша имони тақозоси ила солиҳ амалларни ихлос билан бажарса, бундай кишиларга имон ва солиҳ амаллари сабабли юксак даражалар, олий мартабалар – дарахт ва меваларининг остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларда боқий қолиш насиб бўлур!
“Бу пок бўлган кишиларнинг мукофотидир”. Яъни, юқорида санаб ўтилган мукофот ва даражаларни куфр, ширк ва гуноҳ-маъсият иллатларидан пок бўлган зотларгина қўлга киритадилар.
Шундай қилиб, имон ва куфр ўртасида бўлиб ўтган шиддатли жанг Ҳақнинг ғалабаси ва ботилнинг мағлубияти билан якун топди. Шуаро сурасида ҳам Ҳақ ва ботил ўртасидаги кураш бошқа услубда тасвирланган. Аллоҳ таоло айтади:
Мусо уларга: “Ташлайдиган нарсаларингизни ташланглар”, деди. Бас, улар арқон ва асоларини ташладилар ва: “Фиръавннинг қудратига қасамки, албатта, бизларгина ғолиб бўлгувчидирмиз”, дедилар. Сўнг Мусо асойини ташлаган эди, баногоҳ у уларнинг “уйдирма”ларини юта бошлади. Шунда у сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ерга ташланиб: “Барча оламларнинг Парвардигорига – Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига имон келтирдик”, дедилар. (Фиръавн) айтди: “Мен сизларга изн бермай туриб унга имон келтирдингизми?! Албатта, у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Энди яқинда билурсизлар, албатта, мен оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига кесурман ва сизларнинг барчаларингизни осурман”. Улар дедилар: “Зарари йўқ. Зеро бизлар Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз. Албатта, бизлар биринчи имон келтирган кишилар бўлганимиз сабабли Парвардигоримиз бизларнинг хато-гуноҳларимизни мағфират этишини умид қилурмиз!” (Шуаро, 43–51).
Сеҳргарлар курашга ҳозир бўлишгач, Мусо (алайҳиссалом) уларга қарата:
– Ташлайдиган нарсаларингизни ташланглар, – деди. Яъни, қани бир сеҳрингизни ишга солиб кўрингларчи, ҳали бу курашингиз нима натижа билан тугашини билиб оласиз!
Ояти каримадан маълум бўладики, Мусо (алайҳиссалом) шунча одам тўпланиб туришига қарамай, ҳеч нарсага парво қилмаган ҳолда, фақатгина Аллоҳ таолонинг нусратига ишониб иш тутган.
“Бас, улар арқон ва асоларини ташладилар ва: “Фиръавннинг қудратига қасамки, албатта, бизларгина ғолиб бўлгувчидирмиз”, дедилар”.
Яъни, улар сеҳр қилмасларидан олдин Фиръавннинг “куч-қудрати” билан қасам ичиб, Мусо (алайҳиссалом) эмас, балки айнан ўзларининг аниқ ғалаба қозонишларини олдиндан таъкидладилар.
Бунга жавобан “Мусо асойини ташлаган эди, баногоҳ у уларнинг “уйдирма”ларини юта бошлади”.
Яъни, Мусо ташлаган асо уларнинг макр-ҳийлаларини барбод қилиб, йўққа чиқарди. Сеҳргарлар эса бунга диққат билан назар солиб, бу нарса сеҳр эмас, балки инсон қудратидан юқори нарса эканини пайқадилар. Агар Мусо (алайҳиссалом) кўрсатган мўъжиза сеҳр бўлганида сеҳргарлик бобида донг таратган мана шу энг моҳир сеҳргарлар билмасдиларми уни?! Бас улар ҳақни тан олдилар ва “сажда қилган ҳолларида ерга ташланиб: “Барча оламларнинг Парвардигорига – Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига имон келтирдик”, дедилар”.
Сеҳргарлар кўз ўнгларида содир бўлиб турган ҳақиқатни инкор қила олмай қолдилар ва кўпчилик шоҳидлигида имон калимасини баралла айтдилар. Озгина вақт ичида Фиръавндан ўткинчи дунё матоҳини таъма қилиб турган қавм, дунё ва унинг зийнатларига бепарво, Ҳақ олдида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, таҳдид ва ваиъдларни енгил санайдиган ихлосли мўмин қавмга айландилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир қалб Раҳмон бармоқларидан икки бармоқ орасидадир. Хоҳласа, уни мустаҳкам (ёки тўғри) қилади, хоҳласа (тўғри йўлдан) оздиради”, деб нақадар рост айтганлар (Муттафақун алайҳ).
Энди Фиръавннинг ғазабнок ҳолати қуйидагича ифодаланади: “(Фиръавн) айтди: “Мен сизларга изн бермай туриб унга имон келтирдингизми?! Албатта, у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир”. Яъни, Фиръавн сеҳргарларга маломат оҳангида:
– Сизлар мен рухсат бермай туриб унга имон келтирдинглар-а?! Шубҳасиз, сизларга сеҳрни мана шу Мусо ўргатган. Сизлар ҳаммангиз келишиб олиб, бу нарсани режалаштиргансиз! – деди.
“Энди яқинда билурсизлар – албатта, мен оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига кесурман ва сизларнинг барчаларингизни осурман”.
Яъни, яқин орада сизлар қандай азобга гирифтор қилинишингизни билиб оласизлар. Албатта, мен ҳар бирингизнинг аъзойингизни қарама-қаршисига – ўнг қўл ва чап оёғингизни (ёки аксинча) кесурман ва сўнгра янада қаттиқроқ қийналишингиз учун таналарингизни хурмо шохларига осурман!
Фиръавн қанча таҳдид ўтказмасин ва дўқ-пўписа қилмасин сеҳргарлар энди ҳақ йўлдан қайтмасликка, қайта залолат ботқоғига ботмасликка аҳд қилдилар. Улар ҳеч иккиланмай туриб, сабот билан унга қарата:
– Зарари йўқ. Зеро, бизлар Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз, – дедилар.
Яъни, сен бизларга дўқ-пўписаларинг билан ҳеч ҳам зарар етказа олмайсан. Биз Ҳақ учун ҳар қандай машаққат ва уқубатларга сабр қилишга тайёрмиз! Биз, шубҳасиз, мўминлармиз ва куни келиб Раббимиз Аллоҳ таоло ҳузурига, албатта, қайтиб борамиз. У Зот бизлар сабр қилганимиз боис Ўзининг чексиз фазли билан бизларни мукофотлагай!
Шунингдек, “бизлар биринчи имон келтирган кишилар бўлганимиз сабабли Парвардигоримиз бизларнинг хато-гуноҳларимизни мағфират этишини умид қилурмиз!”
Яъни, биз аввал залолатда эдик. Фиръавнга ибодат қилар ва сеҳр билан шуғулланардик. Ҳақ келгач, унга имон келтирганларнинг энг аввалида биз бўлдик. Шу сабаб мағфирати кенг бўлган Зот – Раббимиз бизлардан ўтган гуноҳларни мағфират этишидан умидвормиз!
Юнус сурасининг тўрт оятида (79–82) Фиръавннинг аёнларига амр қилган фармони, Мусо (алайҳиссалом)нинг сеҳргарларга қандай насиҳат қилгани ва Аллоҳ таолонинг тақдири азалийси – муттақий бандаларга хайрли оқибат бўлиши ҳақида сўз юритилади. Аллоҳ таоло айтади:
Фиръавн ўз одамларига: “Барча билимдон сеҳргарларни келтирингиз!” деди. Бас, қачонки сеҳргарлар келганларида, Мусо уларга: “Ташламоқчи бўлган нарсангизни ташлангиз”, деди. Қачонки улар ташлаганларида Мусо деди: “(Мана шу) сизлар қилган иш сеҳрдир. Албатта, Аллоҳ уни ботил қилур. Зеро, Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди ва гарчи жиноятчи кимсалар истамасалар-да, Аллоҳ Ўз сўзлари билан ҳақиқатни рўёбга чиқаради” (Юнус, 79–82).
Мусо (алайҳиссалом) Фиръавн ва қавмини ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақиришдан тўхтамагач ва кўз ўнгида у ташлаган оддий бир асо илонга айланганини кўргач, энди Фиръавн бир иложини қилиб, ундан устун келиш ҳаракатида эди. Шу мақсадда ўзининг хос хизматкорларига қарата:
– Тасарруфимдаги барча минтақалардан энг моҳир ва уста сеҳргарларни олиб келинглар, – деб амр қилди.
“Бас, қачонки сеҳргарлар келганларида...”. Яъни, хизматкор Фиръавннинг буйруғини бажариш учун бутун мамлакатдаги энг кўзга кўринган сеҳр усталарини тезлик билан унинг ҳузурига бошлаб келдилар. Улар Мусо (алайҳиссалом) билан учрашишгач, ўзларининг ғалаба қозонишларига кўзлари етганидан Мусога ташлаш имконини бериб: “Эй Мусо, сен (қўлингдаги асойингни аввал) ташлайсанми ёки бизлар биринчи ташловчи бўлайликми?” (Тоҳа, 65), дейишганида, Мусо уларга: “Ташламоқчи бўлган нарсангизни ташлангиз”, деди.
Яъни, қани сеҳрингизни намойиш этинг, токи одамлар ҳақиқатни англаб, Ҳақ билан ботил орасини ажрата олсинлар!
“Қачонки улар ташлаганларида Мусо деди: “(Мана шу) сизлар қилган иш сеҳрдир. Албатта, Аллоҳ уни ботил қилур. Зеро, Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди”, деди”.
Яъни, Мусо сеҳргарларга қилган ишларини истеҳзо қилиш маъносида:
– Эй сеҳргарлар, сизлар қилган ҳунар – бу сеҳрнинг айнан ўзи, мен олиб келган нарса эса, анави Фиръавн ва унинг издошлари айтаётганидек, “аниқ сеҳр” эмас. Ҳозир сизлар қилган сеҳрнинг таъсирини Аллоҳ таоло йўқ қилади ва унинг асарини одамлар қалбидан буткул ўчиради. Зеро, ер юзида фасод ишлар қилувчи, ислоҳ қилишни хушламайдиган кимсаларнинг қилмишлари Аллоҳ тарафидан барбод қилингусидир!
“Ва гарчи жиноятчи кимсалар истамасалар-да, Аллоҳ Ўз сўзлари билан ҳақиқатни рўёбга чиқаради”. Ушбу оят ҳақ ва ботил, ислоҳ ва фасод ўртасидаги жангда Аллоҳ таоло қандай тақдир қилишини таъкидламоқда.
Яъни, Аллоҳ таолонинг тақдири азалийси шуни тақозо этадики, У Зот бузғунчи-муфсидларнинг қилаётган ишларини ўнгламайди, балки уларни ботил қилиб, бекор кетказади. Аксинча, Аллоҳ ҳақни рўёбга чиқаради, уни қувватлайди ва собитқадам қилади. Осий-гуноҳкор кимсалар хоҳламаганлари билан Аллоҳ таолонинг иродаси ва хоҳиши амалга ошмай қолмайди. У Зот: “Бўл!”, деган нарса, албатта, бўлади.
Шундай қилиб, Мусо (алайҳиссалом) ва сеҳргарлар ўртасида кечган кураш Ҳақнинг ғалабаси ва ботилнинг мағлубияти ҳамда сеҳргарларнинг ҳақиқий имон неъматига мушарраф бўлишлари билан ниҳоя топди.
Мусо (алайҳиссалом)нинг сеҳргарлар устидан зафар қучиб, улар ҳам имонга дохил бўлишгач, Фиръавн ва аъёнларининг Бани Исроил қавмига нисбатан
жабр-зулмларининг кучайиши
Лаънати Фиръавннинг Мусо (алайҳиссалом) ва Бани Исроил қавмига қилган таҳдидлари Қуръони каримнинг бир неча сурасида келтирилган. Жумладан, Аъроф сурасида Аллоҳ таоло шундай хабар қилади:
Фиръавн қавмидан бўлган одамлар: “(Эй Фиръавн), Мусо ва қавмининг Ерда бузғунчилик қилиб юришига ҳамда сени ва худоларингни тарк этишига қўйиб берасанми?!” дейишганида, у деди: “Уларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирамиз. Албатта, биз уларнинг устидан ғолибдирмиз”. Мусо қавмига деди: “Аллоҳдан мадад тилаб, сабр-тоқат қилингиз! Бу ер, шак-шубҳасиз, Аллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа эса тақводорларники бўлур”. Улар айтдилар: “Сен бизга келишингдан илгари ҳам, сен келганингдан кейин ҳам озор кўрдик”. У (Мусо) деди: “Шояд Парвардигорингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни бу ерга халифа қилса ва қандай амаллар қилишингизни кўрса” (Аъроф, 127–129).
Туғён ва имон ўртасидаги жангда ўзининг ботил эътиқоди ва амаллари билан мағлубият аламини тотиб кўрган Фиръавн қавмининг кибор ва шарафли кишилари уни оёққа турғазиш ва сергак торттириш мақсадида:
– Сен Мусо ва қавмини мамлакатингда эмин-эркин юриб, одамларни ўз динларига ва қўл остиларига киргазишларига жим қараб тураверасанми? Бундай кетишда улар сендан ўзиб кетиб, сени ҳокимиятдан ҳам маҳрум қиладилар-ку! – дейишди.
Ривоят қилинишича, сеҳргарлар мусулмон бўлишгач, уларга эргашиб яна кўплаб одамлар ҳам имонга мушарраф бўладилар. Шунда Фиръавн қавмидан бўлган зодагонлар уни юқоридаги сўзлар билан маломат қиладилар.
“Сени ва худоларингни тарк этишига...” Яъни, уларни Мусо ва Ҳоруннинг раббисига ибодат қилиб, сени в сенга ибодат қилишни тарк этсалар ҳам индамай қараб тураверасанми? Агар иш шу йўсинда давом этадиган бўлса, шубҳасиз, тез орада одамлар сени ожиз ва нотавон деб тан оладилар ҳамда унда бутун бошли салтанатинг ҳам тагидан зил кетади!
Суддий айтади: “Фиръавн қавми ибодат қилишлари учун кичик ҳажмдаги бут-санамларни ясаб олиб, ўзини эса “энг олий парвардигор” деб атаган эди”.
Улар Фиръавнга юқоридаги сўзлар билан хитоб қилиб, унга ҳокимият, мулк ва шарафдан маҳрум бўлиши эҳтимоли борлигини айтиб, огоҳлантиришгач, Фиръавн уларга қарата деди: “Уларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирамиз. Албатта, биз уларнинг устидан ғолибдирмиз”.
Яъни, эй аъёнларим, сиз Мусо қавмидан қўрқманглар! Чунки уларга бас келиш мен учун иш эмас! Уларнинг бошларига яна аввалги кунларини соламиз – ўғил болаларини ўлдириб, қизларни тирик қолдирамиз! Биз ҳали-ҳануз ўша-ўшамиз, зиғирча ўзгарганимиз йўқ, уларнинг устидан мутлақ ғолибмиз. Улар кучсиз, биз эса кучлимиз, улар хор, биз эса азизмиз!
Фиръавн қавмидан бўлган одамлар айтаётган сўзлар туғённинг энг чўққисига чиққан кимсалардангина чиқадиган манфур бир сўздир. Уларнинг фикрича, ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилишга чақириш ер юзида бузғунчилик қилиш саналарди. Чунки айнан Мусо даъват қилаётган диндаги эътиқод бўйича, улар мол-мулклари ва сохта ҳурмат-эътиборларидан маҳрум бўлар, одамларнинг эса озод ва ҳур яшашлари таъминланар, мана бу фосиқлар қўрқаётганларидек одамлар Ҳақни ботилдан ажрата олишлари учун маърифат кўзлари очилар эди. Шу сабаб ҳам улар Мусо ва Ҳорун (алайҳимуссалом)ларнинг даъватларини хушламадилар ва уни бузғунчилик қилиш дея талқин қилдилар.
Фиръавн оғзидан чиқаётган сўзлар эса энг исёнкор, кофир ва мутакаббир кимсаларнинг сўзларидир. Аъёнлар унинг моддий қувватига, зулм-ситам ва шахсий манфаат асосига қурилган салтанатига ишониб, ўзларини бу “кулфат”лардан омонда сақламоқчи эдилар.
Золим Фиръавн томонидан қилинган таҳдидлар кўп ўтмай Мусо ва қавмининг қулоғига ҳам етиб бориб, улар қўрқув ва саросима ичида қолдилар, кўз ўнгиларида ўтмишда содир бўлган оғир зулм ва ситамлар гавдаланди.
Хўш, қавмнинг йўлбошчиси бўлган Мусо (алайҳиссалом) қавмини бундай оғир аҳволдан чиқариш учун нима қила олди? У, аввало, бу таҳдидларга эътибор бермади. Гўёки бу таҳдидларни бўш идиш ичидан чиқаётган овозга ўхшатиб, ўз ишида давом этди. Мусо қавмини сабр қилишга чақириб, куни келиб, албатта, ғалаба байроғини кўтаришларини айтиб ўтди:
“Аллоҳдан мадад тилаб, сабр-тоқат қилингиз! Бу ер, шак-шубҳасиз, Аллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа эса тақводорларники бўлур”.
Яъни, эй қавмим, ҳар бир ҳолатда Аллоҳдан ёрдам сўранглар ва бошингизга ёғилажак кулфат-балоларга сабр қилинглар! Зеро, мана шу ер Фиръавнники ҳам, унинг одамлариники ҳам эмас, балки оламлар Рабби Аллоҳнинг мулкидир ва У Зот бандаларидан кимга хоҳласа, уни ўша бандасига беради. Чиройли ниҳоя топиш ва хайрли оқибат фақат Аллоҳдан қўрқиб, қалбида Ундан ўзгадан зиғирча қўрқув ҳисси бўлмаган тақводор бандаларгагина хосдир!
Мусо (алайҳиссалом) қавми Бани Исроилга пайғамбарларга хос услубда, таъсирли қилиб, ҳикматли панд-насиҳатлар билан ваъз қилди. Хўш, улар бу даъватларга қандай жавоб қилдилар? Қавмининг жавоби уларнинг ҳали-ҳануз жоҳил эканликларидан далолат қилиб турибди: Улар айтдилар: “Сен бизга келишингдан илгари ҳам, сен келганингдан кейин ҳам озор кўрдик”.
Яъни, эй Мусо, сен пайғамбар бўлиб келмасингдан олдин ҳам Фиръавн томонидан бизларга кўп жабр-ситам етган. Бу золим қанчадан-қанча гўдак ва навқирон ўғил болаларимизнинг умрига зомин бўлди ва яна турфа зулмлар билан бизларга озор берди. Сен пайғамбар бўлиб келганингдан кейин ҳам, ўзинг кўриб турганингдек, аҳволимиз ёмонлашса ёмонлашдики, яхшиланганича йўқ! Биз сенинг пайғамбарлигингдан бирон наф кўрмадик. Қачонгача бу бефойда насиҳатларингни эшитиб кун кечирамиз?!
Қавмнинг бу жоҳилона сўзларига жавобан Мусо (алайҳиссалом) деди: “Шояд Парвардигорингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни бу ерга халифа қилса...”.
Яъни, умид қиламанки, сизлар учун ашаддий рақиб бўлган, сизларга нисбатан хоҳлаган ишини қилиб, кун бермаётган Фиръавнни Аллоҳ таоло ҳалок қилади ва унинг ўлимидан кейин сизлар мана шу ерга ўринбосар бўлиб қоласизлар!
“...ва қандай амаллар қилишингизни кўрса”. Яъни, Аллоҳ таоло сизлар қилаётган ҳар бир амални – яхшисини ҳам, ёмонини ҳам кўриб туради ва шунга яраша сизларни қиёмат кунида ҳисоб қилади. Бу ер сизларга шунчаликка эмас, балки синов ва имтиҳон учун берилади. Агар яхши амал қилиб, шукр қилсангиз, Аллоҳ Ўз фазлидан яна зиёда қилади. Агар гуноҳ-маъсиятга ботсангиз, у ҳолда тақдирингиз душманларингиз тақдиридан ҳеч ҳам қолишмас!
Ояти каримада келаётган “шояд” сўзи Мусо (алайҳиссалом)нинг Аллоҳ таоло билан жуда юксак одобда муомала қилганидан дарак беради. Бу билан у, шунингдек, қавмига Раббилари билан қандоқ тарзда муомала қилиш лозимлигини ҳам таълим бермоқда. Қолаверса, уларни ўзига ишонишга ундаб, солиҳ амалларни тарк этишдан қайтармоқда. Акс ҳолда, агар Мусо уларга ваъда қилинган нарсаларни аниқ келишини айтадиган бўлса, улар фақат шу нарсагагина суяниб қолиб, солиҳ амал ва яхшиликларни қилмай қўйишлари ёки сусткашликка йўл қўйишлари мумкин эди.
Баъзилар: “Мусонинг ушбу сўзларни “умид, тилак” маъносида айтишига сабаб қавм узоқ муддат Фиръавннинг қўл остида бўлиб, уни ва салтанатини эъзозлашлари, Мусо айтаётган сўзларни эса эришиш мушкул бўлган хомхаёл, деб уни ёлғончига чиқаришлари эҳтимоли бўлгани эди. Чунки қавмнинг руҳий ва имоний ҳолати ҳам кучсиз эди,” деб айтишган.
Ғофир сурасида Фиръавн ва аъёнларининг Мусо (алайҳиссалом) ва қавмидан бўлган мўминларга қилган қуруқ туҳматлари ва заҳархандалик билан қилган таҳдидлари келтирилган. Шунингдек, бу ердан Мусо (алайҳиссалом)нинг Рабби азза ва жаллага хушу билан қилган дуоси ҳам ўрин олган. Қисса Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти билан бошланади:
Аниқки, Биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан Фиръавн, Ҳомон ва Қорунга юборганимизда, улар: “(Бу Мусо) ёлғончи сеҳргардир”, дедилар. Энди қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ билан келганида, улар: “У билан бирга бўлган мўминларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирингиз!”, дедилар. (Лекин) кофирларнинг макр-ҳийлалари, албатта, залолатдадир. Фиръавн деди: “Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. (Қани) у парвардигорига дуо-илтижо қилсин-чи. Дарҳақиқат, мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишидан ёки ер юзида бузғунчилик авж олдиришидан қўрқмоқдаман”. Мусо айтди: “Албатта, мен Парвардигорим ва Парвардигорингиздан ҳисоб-китоб кунига имон келтирмайдиган барча мутакаббирдан паноҳ сўраганман” (Ғофир, 23–27).
Бу ердаги “очиқ ҳужжат”дан мурод Фиръавн билан бўладиган аёвсиз жангда Мусо (алайҳиссалом)га қўл келадиган, ғолиб бўлишига ёрдам берадиган кучли, айни пайтда асосли далил ва ҳужжатлар эди.
Яъни, Биз Мусога фазли карамимиз ва қудратимиз билан очиқ мўъжизаларни бердик. Шунингдек, унга дин душманларини барбод қилиб, ҳалок этиши учун кучли ҳужжатларни ато этдик.
“Фиръавн, Ҳомон ва Қорунга...”. Бу Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)ни кимларга юборганини баён қилиб келмоқда.
“Фиръавн” қадимда Миср подшоҳларининг номи бўлган. Бу ердаги Фиръавндан мурод Мусо (алайҳиссалом) замонида яшаб ўтган, ўта золим подшоҳ сифатида танилган Менфтоҳ ибн Рамзес II дир.
“Ҳомон” Фиръавннинг вазири бўлган.
“Қорун” эса Мусо (алайҳиссалом) қавмидан бўлган бир бадавлат киши эди. Аллоҳ таоло унга жуда кўп миқдорда бойлик ва мол-мулк ато этганди, аммо у ношукр ва исёнкор бўлгани боис ўзини ва бутун бошли мол-дунёси ҳамда уй-жойларини ер ютади. (Қорун қиссаси Қуръони каримнинг Қасас сураси, 76–82 оятларидан келтирилган. – Таржимон.)
Аллоҳ таоло юқоридаги уч кишини хослаб зикр қилишига сабаб шуки, улар қавмнинг йўлбошчиси ва қавм наздида улуғ кишилар эдилар. Шу билан бирга, улар тинмай Мусо (алайҳиссалом)га қарши турли-туман бўҳтон, туҳмат, айблов ва макр-ҳийлаларни ўйлаб топаверар ва уни амалга оширардилар. Қавм ҳам, худди ювош қўйлар каби ҳеч бир ақл юритмай уларга эргашиб кетаверарди.
“Улар: “(Бу Мусо) ёлғончи сеҳргардир”, дедилар”. Ушбу ояти каримада Мусо (алайҳиссалом) қавм тарафидан қандоқ васф қилингани айтилмоқда. Яъни, Биз Мусони ростгўйлигимизга далолат қилувчи ҳужжатлар билан анави исёнкор кимсаларга юборганимизда, улар Мусо ҳақида:
– Албатта, у сеҳри билан одамларни алдамоқда, унинг: “Мен оламлар Рабби томонидан юборилган пайғамбардирман”, деган даъвоси ҳам ғирт ёлғон! – дедилар.
Шундай қилиб, имон ва куфр ўртасидаги биринчи тўқнашувдаёқ нодон қавм Аллоҳнинг мўъжизалари билан қуролланган Мусо (алайҳиссалом)ни сеҳргар ва ёлғончига чиқаришди. Улар буни фақат бузғу адоват, ҳасад балосига гирифтор бўлганликлари ва дунёнинг бир озлик ўткинчи матоҳига ўта ташна бўлганликлари учунгина қилдилар. (Яъни, улар, агар Мусо (алайҳиссалом)га эргашсалар, у биздан устун бўлиб олади, шунингдек, унинг динига кирсак, мол-дунёларимиздан ҳам айриламиз, деб ўйлашган. – Таржимон.)
Мазкур нодон кимсалар Мусо (алайҳиссалом)ни “сеҳргар, ёлғончи” дейиш билан чекланиб қолмадилар. Ҳали уларнинг айниган мияларида яна аллақандай бузуқ фикр ва режалар, маккорона ҳийлалар бор эди. Энди улар зулмнинг иккинчи босқичига ўтишди. Бу эса, аввалгисидан ҳам ашаддийроқ эди:
“Энди қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ билан келганида, улар: “У билан бирга бўлган мўминларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирингиз!”, дедилар”.
Яъни, Мусо (алайҳиссалом) уларнинг олдиларига бориб, Аллоҳ таоло буюрган нарсаларни айтиб, даъват қилганида, улар жоҳилона таҳдид билан:
– Мусо билан бирга имон келтирган, унинг динига кирган киши борки, ҳаммасининг ўғил чақалоқларини битта қўймай ўлдиринглар! Илло, қиз болаларни тирик қолдиринглар. Улар катта бўлишгач, сизларга оқсоч чўри бўладилар. Улар учун бундан ҳам улкан хорлик бўлмаса керак! – дедилар.
“Энди қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ билан келганида...” ояти ушбу золимларнинг ҳар бирига даъват ва хитоблар етиб келганидан дарак беради. Улар ўзлари ҳақни талаб қилмадилар, балки Аллоҳ таоло раҳмати нишонаси сифатида пайғамбари Мусо (алайҳиссалом) орқали уларга Ҳақни юборди.
“У билан бирга бўлган мўминларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирингиз!” деб айтганлар Фиръавн қавмининг ашроф кишилари бўлишган. Уларнинг Мусо (алайҳиссалом) ва мўминларни кўришга кўзлари йўқ, жинлари суймас, аксинча, уларга қарши ҳар хил макр-ҳийлалар қилишарди. Улар Фиръавнга зулм қилиш ва адоват ўтказишни зийнатлаб кўрсатишган.
Имом Розий айтади: “Бу қирғин Мусо (алайҳиссалом) туғилган вақтда амалга оширилган қирғин эмасди. Аввалги ўлдиришга Фиръавнга мунажжимлар томонидан Бани Исроилдан бир бола чиқиб, уни ўлдириши ҳақида маълумот берилгани сабаб бўлган. Бу сафарги ўлдиришга сабаб шу эдики, Мусо (алайҳиссалом) уларга мўъжиза ва ҳақ калималар билан келиб, уларни Аллоҳ таолога имон келтиришга даъват қилади. Сўнгра Фиръавн, Мусо (алайҳиссалом) динига кираётганлар сони кўпаймаслиги ва кейинчалик улар кучайиб кетмасликлари учун имон келтирганларнинг чақалоқларини ўлдиришга буюрган. Ўз-ўзидан маълумки, бирон-бир жамоанинг жисмоний ва руҳий тарафдан кучайишига аёллар эмас, балки айнан эркаклар сабабчи бўладилар. Фиръавннинг ўғил болаларни ўлдиришга қарор қилганининг сабаби ҳам шу эди аслида”.
“(Лекин) кофирларнинг макр-ҳийлалари, албатта, залолатдадир”. Бу жумлалар ҳар бир замон ва макондаги кофирлар шаънини пастга уриш, мўминлар қалбига, улар ҳақ йўлда сабот билан олға боришлари учун руҳ бағишлаш ва охир-оқибат ғалаба фақат ва фақат мўминларгагина насиб бўлишини англатиш учун айтилган.
Яъни, кофирларнинг макр ва ҳийлалари узоққа бормайди. Улар мўминларга зиғирча ҳам зарар келтира олмаслар. Балки уларнинг йўллари залолат ва ботилдир.
Энди Фиръавн қалбини буткул маҳв этган кибр ва манманликнинг бошқа тарафи ҳақида ҳикоя қилинади: Фиръавн деди: “Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай”.
Яъни, Фиръавн ўзининг аъёнлари ва маслаҳатгўй хос кишиларига қарата:
– Мусони мен билан бирга-бир қўйиб беринглар! Мен уни бир ёқлик қилай! Шунда унинг бузғунчи ва зарарли сўзларидан мен ҳам, сизлар ҳам халос бўламиз.
Ояти кариманинг маъносига қараганда, Фиръавннинг Мусо (алайҳиссалом)га шитоб билан қарши чиқишига аъёнлари томонидан монелик бўлган. Чунки Фиръавн атрофидаги одамлар Мусони ўлдириш билан иш битмаслиги, бу нарса уларнинг ғам-ташвиш ва кулфатдан халос бўлиб, бехавотир ҳаёт кечиришларини таъминлай олмаслигини билар эдилар. Сабаби уларнинг аксарият қисми Мусо (алайҳиссалом) ҳақ устида эканини яхши тушуниб етган ёки улар Мусо (алайҳиссалом)ни ўлдириш сабабли бошларига сўнгсиз кулфатлар ёғилишини билишган ёки бўлмаса улар Мусо (алайҳиссалом) ҳақ эканини била туриб, Фиръавндан қўрққанлари боис буни очиқ изҳор эта олмаганлар.
“(Қани) у парвардигорига дуо-илтижо қилсин-чи”. Бу Фиръавн Мусо (алайҳиссалом)ни ўлдиришдан умуман чўчимаганлигини англатади. Чунки у кофир эди ва Мусога ҳам, унинг Раббига ҳам эътибор бермасди, ўзича.
Ояти каримадан Фиръавннинг фожирлик, мутакаббирлик ва истеҳзо билан ҳақ устидан кулганини англаб оламиз. Гўёки у:
– Аниқки, мен Мусони ўлдираман! Қани раббига дуо қилиб, менинг азобимдан қутула олармикан, – деяётгандек.
Сўнгра Фиръавн Мусони ўлдиришидан мақсад фақат одамлар ва аъёнларининг манфаатлари ҳақида қайғураётгани эканини айтиб, шундай дейди:
“Дарҳақиқат, мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишидан ёки ер юзида бузғунчилик авж олдиришидан қўрқмоқдаман”.
Яъни, мени ўз ҳолимга қўйинглар, Мусони ўлдирай! Агар ҳозир уни бир ёқлик қилмасам, аниқки у сизлар неча асрлардан бери сиғиниб келаётган динингизни ўзга бир динга алмаштиради ёки сизлар яшаб келаётган Ерда фитна оловини ёқиб, одамлар орасида адоват уруғини сочиш ва дин ҳамда дунёларингиз учун зарарли бўлган ишларни қилиш орқали фасод ишларни амалга оширади.
Дунё яратилибдики, ҳар бир замон ва макондаги исёнкор, маккор, кофир кимсаларнинг тутган йўли шу. Улар ўзларининг ботил қуроллари билан ҳақни уриб енгмоқчи бўладилар. Сўнгра кўпчиликка баралла “бу ишларни фақат сизларнинг манфаатингиз учун қилмоқдамиз” деб жар соладилар.
Имом ар-Розий айтади: “Фиръавннинг бу сўзларни айтишидан мақсад, Мусо (алайҳиссалом)ни нима сабабдан ўлдиришга қарор қилганини билдириш эди. У ҳам бўлса, Мусо (алайҳиссалом)нинг ораларида мавжуд бўлиши дин ва дунёларига зарар келтириши эҳтимоли борлиги эди. Динга зарари шуки, ушбу жоҳил қавм эътиқодича, фақат ўзлари сиғиниб келаётган дингина ҳақ, бошқаси ботил эди. Қачонки Мусо (алайҳиссалом) уларнинг бузуқ эътиқодларини тузатиб, ваҳдониятга – Якка Аллоҳнигина тан олиб, чин имон келтириб, фақат У Зотгагина ибодат қилишга даъват қилганида, улар “Мусо бизнинг ҳақ динни бузмоқчи бўлаяпти”, деб ваҳима тарқатдилар.
Дунёларига келтирадиган зарари шундан иборат эдики, улар агар Мусо (алайҳиссалом)нинг йўриғига юрадиган бўлишса, у ҳолда барча тоифалар бир киши қўл остида бирлашиши, жамоат бўлиб бир илоҳга ибодат қилишлари лозим эди. Аммо бу нарса, уларнинг эътиқодича, хусуматнинг келиб чиқиши ва кишилар орасида фитна оралашига сабаб бўлар эди”.
Фиръавн қавми мол-дунёларидан ҳам кўра ўзларининг ботил эътиқодларига содиқ эдилар. Шунинг учун у, аввал динни зикр қилди: “Дарҳақиқат, мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишидан...”, сўнгра дунёларига етадиган зиённи эслатиб ўтди: “... ёки ер юзида бузғунчилик авж олдиришидан қўрқмоқдаман”.
Мусо (алайҳиссалом) Фиръавннинг куракда турмайдиган сўзлар билан қилган туҳмат ва дўқ-пўписаларини мўминларга хос ҳалимлик ва одоб билан эшитиб, сўнгра шундай деди: “Албатта, мен Парвардигорим ва Парвардигорингиздан ҳисоб-китоб кунига имон келтирмайдиган барча мутакаббирдан паноҳ сўраганман”.
Яъни, Мусо (алайҳиссалом) қавмини ҳақ йўлда ҳар қандай азият ва жоҳил кишиларнинг озорларига сабр қилишга чақириб, собитқадам бўлишга ундаб деди:
– Эй қавмим, мен Раббим ва Раббингиздан имон келтиришдан кибр қилган, қиёмат кунига – у кунда яхши амаллар қилганларга мукофот ва гуноҳ-маъсият эгаларига жазо берилишига ишонмайдиган кофир кимсаларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман!
Мусо (алайҳиссалом) томонидан айтилаётган ушбу жўшқин сўзларда унинг имони кучлилиги, чин ишончи, Аллоҳ таолонинг ёрдамига таяниши, қавмининг манфаати ва имонга келишига ўта ташналиги кўриниб турибди. Шунингдек, мазкур оятлардан Ҳақдан юз ўгириш, қиёмат кунига ишонмай кўнгли тусаган ишни қилиб кетавериш қалбнинг моғор босиб, бора-бора қотиб қолиши ва инсон руҳиятининг хасталанишига сабаб бўладиган асосий ва бош омиллардан эканини билиб оламиз.
Фиръавн ва қавмининг турли мусибат ва кулфатларга дучор бўлиши ҳамда Мусо (алайҳиссалом)дан ўзларини бу қийинчиликдан чиқаришини сўраб Раббига дуо қилишини талаб этишлари
Аввалги бўлимда айтиб ўтилганидек, Мусо (алайҳиссалом) даъватига тиш-тирноғи билан қаршилик қилаётган қавм энди тузган манфур режаларини амалга ошира бошладилар – Бани Исроил қавмида туғилган ўғил чақалоқларни ўлдириб, қиз болаларни тирик қолдирдилар ва яна турли-туман азият-зулмлар билан бечора қавм бошига не кунларни солмадилар. Бундай чексиз ва аёвсиз жабр-зулмларнинг охири кўринмагач, Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога дуо қилиб, Фиръавн ва қавмини муносиб жазолашини сўрайди. Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилиб, Фиръавн ва қавмини қаттиқ қийинчилик ва машаққатларга гирифтор қилади.
Бу ҳақда Аъроф сурасида қуйидаги хабарлар келган:
“Дарҳақиқат, Биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олишлари учун (қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан ушладик. Шундан кейин ҳам қачон уларга яхшилик келса, улар: “Бунга ўзимиз ҳақдормиз”, дейишди. Агар уларга бирон ёмонлик етиб қолса, Мусо ва у билан бирга бўлган кишилардан бадгумон бўлдилар. Огоҳ бўлсинларки, албатта, уларнинг кўргуликлари фақат Аллоҳнинг ҳузуридандир. Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар. Улар (Мусога): “Сен бизларни сеҳрлаш учун қандай оят-мўъжиза келтирсанг ҳам биз сенга ҳаргиз имон келтиргувчи эмасмиз”, дедилар. Бас, Биз уларнинг устларига тўфон, чигиртка, бит, бақа ва қонни очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи-осий қавм бўлдилар. Қачонки уларнинг устига бу азоб тушгач, улар: “Эй Мусо, Парвардигорингга, сенга берган ваъдаси ҳаққи ҳурмати, дуо қил! Қасамки, агар сен бизлардан шу азобни кўтарсанг, албатта, сенга имон келтирурмиз ва Бани Исроилни сен билан бирга жўнатурмиз”, дедилар. Энди Биз улардан бу азобимизни ўзлари етиб боргувчи бўлган муддатгача кўтарганимизда эса, баногоҳ бузиб турибдилар. Бас, Биз улардан интиқом олдик – оятларимизни ёлғон деганлари ва ундан ғофил бўлиб олганликлари сабабли Биз уларни денгизга ғарқ қилдик. Ўзимиз барокатли қилган ернинг Машриқ ва Мағрибларига бу бечора қавмни ворис қилиб қўйдик. (Эй Муҳаммад), сабр-тоқат қилганлари сабабли Бани Исроилга Парвардигорингизнинг гўзал сўзлари тўла-тўкис бўлди. Фиръавн ва қавми ясаб-қуриб олган иморатларни ва баланд қилиб кўтарган қасрларни эса вайрон қилдик” (Аъроф, 130 —137).
Яъни, Биз Фиръавн қавмини шояд ҳидоят топсалар, Аллоҳ олдида ўзларини ожиз бир банда эканликларини ҳис қилсалар, куфру исён зулматидан қайтиб, имон нури сари юрсалар, деб қаҳатчилик, қурғоқчилик ва меваларни камайтириш билан синаб кўрдик. Зеро, мусибат ва қийинчиликлар қалбни юмшатади, нафсни жиловлайди, Аллоҳга дуо қилишга ундайди, ҳушёрлик, тафаккур ва ўзини тергашга ундайди.
Лекин... қалби кўр, кўзини зулмат пардаси босган бу қавмга бундай мусибатлар ҳам кор қилмади. Улар отдан тушсалар ҳам, эгардан тушмас эдилар. Балки куфрларига яна куфр зиёда бўлди:
“Шундан кейин ҳам қачон уларга яхшилик келса, улар: “Бунга ўзимиз ҳақдормиз”, дейишди”.
Яъни, агар уларга бирон яхшилик, неъмат, фаровонлик ва кенглик етса, улар ғурур ва мақтанчоқлик билан:
– Бу яхшиликлар бизларга ўзимиз туфайли етди. Бас, бу нарсалар бизники ва биз уларга бошқалардан кўра ҳақдормиз. Чунки биз бу ердан оғир меҳнат қилиб, кучимизни сарфлаганмиз, – дедилар.
Бироқ бу ношукр кимсалар ўзларига келаётган энг кичик бир неъмат ҳам Аллоҳ таоло даргоҳидан экани ва У Зотнинг фазлу марҳамати сифатида уларга берилганини билишмас ва шу сабаб инъом этилган неъматларга шукр қилишмасди.
“Агар уларга бирон ёмонлик етиб қолса, Мусо ва у билан бирга бўлган кишилардан бадгумон бўлдилар”.
Яъни, агар уларнинг аҳволлари оғирлашса, қаҳатчиликка дучор бўлсалар ёки жонлари ва молларига талафот етса Мусо ва у билан бирга имон келтирган кишилардан шумландилар ва:
– Шулар туфайли бошимизга балолар ёғилмоқда. Агар улар бўлмаганида, бундай қийинчиликлар қайда эди?! – дейишди.
“Огоҳ бўлсинларки, албатта, уларнинг кўргуликлари фақат Аллоҳнинг ҳузуридандир”.
Бу қавмнинг хурофот ва ботил эътиқодларига берилган қаттиқ зарба бўлиб, уларни огоҳ бўлишга, бундай бузуқ ақида ва бидъатлардан узоқ юришга чақирилмоқда.
Яъни, уларнинг шумланишларига сабаб Аллоҳ даргоҳида ёзиб қўйилган ёмон амаллари эди. Ана шу нарса уларнинг бошига бало ёғилишига сабаб бўлди. Балки бунга, улар даъво қилаётганларидек, Мусо ва атрофидаги мўминлар сабабчи бўлганлари йўқ. Аммо уларнинг кўплари бу ҳақиқатни билмайдилар, улар фақат ҳавойи нафслари измига кириб, ҳар қандай шум ва гумон сўзларни айтдилар.
Қуйида келтириладиган сўзлар ҳам улар ҳали-ҳамон ўз залолатларида тентираб, зулмат аро кезиб юрганликларидан далолат қилади: Улар (Мусога): “Сен бизларни сеҳрлаш учун қандай оят-мўъжиза келтирсанг ҳам биз сенга ҳаргиз имон келтиргувчи эмасмиз”, дедилар.
Яъни, Фиръавн қавмидан бўлган ашроф кишилар Мусо (алайҳиссалом)нинг ҳақ пайғамбар эканини кўришгач, дедилар:
– Эй Мусо, сен бизларни динимиздан чиқариш учун қандай мўъжиза келтирма, биз барибир сенга имон келтирмаймиз ва рисолатингга эргашмаймиз! Бизнинг мўмин бўлишимиздан умидингни уз! Имонга мушарраф бўлишимиздан ҳеч ҳам хомтаъма бўлмай қўяқол!
Қавм айтаётган ушбу сўзлардан уларнинг қанчалик ўжар, мутакаббир ва кофир эканликларини билиб оламиз. Улар оёқ тираб олиб, ўзларининг ботил эътиқодларига содиқ қолишмоқчи ва Мусо (алайҳиссалом) бундан минг даража кучли ҳужжат келтирса ҳам, унга имон келтирмоқчи эмаслар. Бундан ҳам бадтар жоҳиллик, нодонлик бўладими?! Ушбу кимсаларнинг қалблари тошдек қаттиқ, руҳий оламлари бузилган ва шуурлари ўтмаслашиб қолганди. Улар тафаккур қилиш ва ақл юритишдек улуғ неъматдан бебаҳра қолган бечоралар бўлиб, ўзларига бегона кўринган нимаики бўлса, у ҳақми ёки ботилми, ҳеч бир иккиланмай ўша заҳотиёқ инкор қилиб юбораверардилар.
Аммо уларнинг бу қилмишлари ўз ҳолича қолгани йўқ. Адолатли бўлган Зот Аллоҳ таоло уларга муносиб жазоларини берди: “Бас, Биз уларнинг устларига тўфон, чигиртка, бит, бақа ва қонни очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи-осий қавм бўлдилар”.
Яъни, Биз бу кофир кимсаларнинг устларига тўфон ва селни юбордик ҳамда у барча экинзору боғ-роғларни барбод қилди.
Уларнинг устларига чигиртка юбордик. У экин, мева ва ўсимликларни еб битирди, қуруқ даланинг ўзи қолди.
Уларнинг устига битни ҳам юбордик. У қавмга кўп озор ва заҳмат етказди. Шунингдек, уларнинг устига қурбақани ҳам юбордик. Улар анҳор ва кўллардан қуруқликка кўтарилиб, уларнинг ер майдонларини босиб кетди, уйларию ўрин-тўшаклари қурбақалар билан тўлди.
Бундан ташқари уларга қонни юбордик. Дарёларида сув билан қўшилиб қон оқди ва натижада кўплаб балиқлар нобуд бўлди.
Баъзилар: “Бу ердаги “қон”дан мурод уларнинг бурунларидан оққан қон”, деб айтишган.
Бу азобу уқубатларнинг тушиши бежиз эмасди, балки Аллоҳ таоло ўша нобакор кимсаларнинг фисқу фужурлари, Раббиларига исёнлари ва У Зотнинг пайғамбарини ёлғончи қилганлари боис шундай кулфатларга йўлиққан эдилар.
Бундай азобни кўтара олмаган қавм мунофиқларча Мусо (алайҳиссалом) олдига шошилдилар ва ундан мадад кутдилар. Бу ҳақда шундай дейилади: “Қачонки уларнинг устига бу азоб тушгач, улар: “Эй Мусо, Парвардигорингга, сенга берган ваъдаси ҳаққи ҳурмати, дуо қил! Қасамки, агар сен бизлардан шу азобни кўтарсанг, албатта, сенга имон келтирурмиз ва Бани Исроилни сен билан бирга жўнатурмиз”, дедилар”.
Қавм бошига тушган қаттиқ кулфат уларнинг асл қиёфасини очиб берди. Уларнинг мунофиқликларини тушунтиришга ҳожат бўлмаса керак!
Сўнгра кофир кимсаларга хос бўлган маккорлик ва исён ҳақида айтиб ўтилади: “Энди Биз улардан бу азобимизни ўзлари етиб боргувчи бўлган муддатгача кўтарганимизда эса, баногоҳ бузиб турибдилар”.
Яъни, Биз улардан маълум муддатгача – денгизда ғарқ бўлгунларигача ажалларини кечиктириб, улардан азобни даф қилганимизда, улар берган ваъдаларини бузиб, яна ўзларининг исён ва шаккоклик йўлларида давом этдилар. Натижада ботил йўлнинг “содиқ қурбон”ларига айландилар.
(Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон Зот, тавба қилсалар кечиради. Аммо... тавба юзаки бўлса, бирон манфаат ёки моддиятга суянган бўлса, ундай тавба инобатга олинмайди ва Аллоҳ таоло энди ўша бандани ҳам олдинги гуноҳи, ҳам кейин қилган маъсиятлари учун азоблайди. – Таржимон.)
Энди уларнинг ҳаёт чироқларини ўчишига сабаб бўладиган мусибат тушди. Бунга берган ваъдаларини бузишлари, Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқаришлари ва куфру исёнлари сабаб бўлди. Уларнинг дунёдаги сўнгги азоблари қандай бўлганини келаси оятдан билиб оламиз: “Бас, Биз улардан интиқом олдик – оятларимизни ёлғон деганлари ва ундан ғофил бўлиб олганликлари сабабли Биз уларни денгизга ғарқ қилдик”.
Яъни, улар Аллоҳнинг мўъжизалари ҳақида ўйлаб кўрмас, ундан ўзлари учун панд-насиҳат олмасдилар. Улар ғофил ҳолда бўлдилар. Шу сабаб Биз уларни денгизга ғарқ қилдик.
Қуръони карим бу ерда Фиръавн ва жамоасининг ғарқ қилинишини умумий ва қисқа тарзда келтирмоқда. Бошқа ўринларда у батафсил ёритилган. Қиссанинг шу ерида нима сабабдан ғарқ қилиниш қисқа берилганининг сабабини айтадиган бўлсак, мазкур оятда узоқ муддат имконият берилган кофир қавмлардан интиқом олиниши аянчли суратда баён қилинмоқда. Бундай ҳолатда узундан-узун маълумотларга ҳожат йўқ, балки қисқа ва аниқ иборалар билан уларнинг бошларига қандай азоб тушгани айтилмоқда. Айнан шундай усул қўлланилса, қиссанинг кишиларга таъсири кўпроқ бўлади ва улар ўзларига тегишли хулосалар чиқариб оладилар.
Аввал баён қилганимиздек, мана шундай усул, айниқса Аъроф сурасида устунлик қилади. Мазкур сурада исёнкорлар қалбини ларзага келтирадиган, киши нафсида Аллоҳдан қўрқиш ҳиссини уйғотадиган хабарлар ўрин олган.
Фиръавн ва у билан бирга ҳамтовоқлик қилганлар ҳаётига сўнгги нуқта қўйилди. Энди Аллоҳ тарафидан Бани Исроилга кўрсатилган фазлу карам ҳақида айтилади: “Ўзимиз баракотли қилган ернинг Машриқ ва Мағрибларига бу бечора қавмни ворис қилиб қўйдик”.
Яъни, Мисрда Фиръавн ва унинг одамларидан зулм кўрган, ўғил чақалоқлари ўлдирилган, яна кўп турдаги қийноқларни бошидан кечирган бу мазлум қавмга, улар тўғри йўлдан тойиб, адашиб кетмасларидан илгари, Биз фаровонлик ва тўкинчилик билан муборак қилган Шом ерларининг шарқ ва ғарб томонларини ато этдик. Бу ерда кўп пайғамбарлар ва солиҳ кишилар яшаб ўтган эдилар. Биз Бани Исроилга ушбу неъматларни фақат уларни синаш, имтиҳон қилиш учунгина бердик.
“(Эй Муҳаммад), сабр-тоқат қилганлари сабабли Бани Исроилга Парвардигорингизнинг гўзал сўзлари тўла-тўкис бўлди”. Яъни, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ваъдаси тўлиқ бажарилди, Бани Исроилга душманлари устидан ғалаба қозониш насиб етди, Фиръавн одамларининг зулм-ситамларига сабр қилганлари боис уларга Шом ерлари мулк қилиб берилди.
Ояти карима қуйидаги жумлалар билан ниҳоясига етади:
“Фиръавн ва қавми ясаб-қуриб олган иморатларни ва баланд қилиб кўтарган қасрларни эса вайрон қилдик”.
Яъни, улар қурган ҳашаматли, пойдевори мустаҳкам бўлган қаср ва баланд биноларни, барпо этган боғу роғларининг барчасини вайрон қилдик.
Зухруф сурасида ҳам Мусо (алайҳиссалом), Фиръавн ва одамларининг қиссаси ҳикоя қилиниб, шундай дейилади:
“Аниқки, Биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига юбордик. Бас, у: “Албатта, мен барча оламлар Парвардигорининг пайғамбаридирман”, деди. Энди қачонки у Бизнинг оят-мўъжизаларимизни унга келтиргач, баногоҳ улар устидан кула бошладилар. Биз уларга бирон оят кўрсатсак, албатта, у шеригидан улуғроқ-даҳшатлироқ бўлур эди. Шояд қайтсалар деб Биз уларни азоб билан ушладик. Улар: “Эй сеҳргар, сенга берган ваъдаси ҳаққи-ҳурмати Парвардигорингга бизлар учун дуо қил, албатта, бизлар ҳидоят топгувчилармиз”, дедилар. Энди қачонки Биз улардан азобни аритсак, баногоҳ улар буза бошладилар. Ва Фиръавн ўз қавмига жар солиб, деди: “Эй қавмим, Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар менинг (мулким) эмасми?! Ахир кўрмаяпсизларми?! Балки мен мана бу хор бўлган ва очиқ баён қила олмайдиган кимсадан яхшироқдирман?! Бас, унга олтиндан бўлган билагузуклар ташланганида эди ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келганида эди...?! Бас, у ўз қавмини тезлатган эди, улар унга итоат этдилар. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм эдилар. Энди қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, Биз улардан интиқом олдик – уларнинг барчаларини ғарқ қилиб юбордик. Бас, уларни кейингилар учун ўтмиш-ибрат ва мисол қилиб қўйдик” (Зухруф, 46–56).
Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таоло тарафидан Фиръавн ва қавмига илоҳий мўъжизалар билан у қавмни фақат Аллоҳгагина ибодат қилиб, куфр ва ширк иллатларидан тозалаш учун юборилди.
“Энди қачонки у Бизнинг оят-мўъжизаларимизни унга келтиргач, баногоҳ улар устидан кула бошладилар”. Яъни, Мусо (алайҳиссалом) уларга Аллоҳнинг чексиз қудратига далолат қилувчи мўъжизаларни олиб келганида, улар ҳеч фикр юритмай, нодонларча уни мазах қилиб, устидан кулдилар.
“Биз уларга бирон оят кўрсатсак, албатта, у шеригидан улуғроқ-даҳшатлироқ бўлур эди”. Бу уларнинг қалби тошдек қотиб кетгани ва илоҳий мўъжизалардан зиғирча таъсирланмаганларидан дарак беради.
Ушбу ояти каримадан билиш мумкинки, Мусо (алайҳиссалом)га Рабби томонидан бир эмас, бир нечта мўъжизалар берилган (Мақсад қавмни ҳидоят йўлига жалб қилиш ва уларни жаҳолат зулматидан олиб чиқиш эди. Лекин улар ақл юритиб имон келтириш ўрнига, ўз ҳавойи нафсларига эргашиб кофир бўлдилар, мўъжизаларни масхара қилиб, камситдилар. – Таржимон.)
“Шояд қайтсалар деб Биз уларни азоб билан ушладик”.
Яъни, улар куфр ва гуноҳ ишларда қаттиқ туриб олганликлари учун шояд шу йўлдан қайтсалар деб, Биз уларни қаттиқ дунёвий азоб билан жазоладик. Лекин улар шунда ҳам қайтмадилар.
Бу ердаги “азоб”дан мурод мана шу ўткинчи дунёдаги қийинчилик ва машаққатлардир. Бунга бошқа оятда ҳам ишора қилинган: “Бас, Биз уларнинг устларига тўфон, чигиртка, бит, бақа ва қонни очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи-осий қавм бўлдилар” (Аъроф, 133).
Фиръавн қавмининг устига оғир азоб ва қийинчиликлар тушди. Улар не қиларларини билмай, ахири Мусо (алайҳиссалом)га ялина бошладилар: “Эй сеҳргар, сенга берган ваъдаси ҳаққи-ҳурмати Парвардигорингга бизлар учун дуо қил, албатта, бизлар ҳидоят топгувчидирмиз”, дедилар.
Яъни, улар Мусо (алайҳиссалом)га ўтиниб, ўзларини бечораҳол кўрсатиб, маккорлик ва сохта ҳурмат кўрсатгандек қилиб, дедилар:
– Ўз сеҳри ва илми билан бизлардан устун келган эй моҳир сеҳргар, пайғамбарлик билан сенга берган ваъдаси ҳурмати бизлар учун дуо қилиб, раббингдан сўрагинки, у бизлардан ушбу азобни бутунлай аритсин! Шунда биз сенга имон келтирамиз, айтганларингни қилиб, қайтарган ишларингдан четланамиз!
Қавмининг имонга келиши учун ўта ҳарисманд бўлган Мусо (алайҳиссалом) улардан бу сўзларни эшитиб, қалби қувончга тўлди ва Аллоҳ таолога дуо қилиб, улардан бу азобларни кетказишини сўради. Ихлос ила пайғамбари томонидан қилинган дуо Аллоҳ таоло тарафидан беижобат қолдирилмади. Лекин натижада нима бўлди? Аравалари лойдан ўтгач, қавмнинг яна эски ўжарлиги тутиб қолди – улар аввалги кофирликларида давом этдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: “Энди қачонки Биз улардан азобни аритсак, баногоҳ улар буза бошладилар”.
Яъни, Биз улар бошига тушган қийинчиликларни кетказганимиздан сўнг, “албатта, бизлар ҳидоят топгувчидирмиз” деган ваъдаларини буздилар, имон келтирмадилар.
Юқоридаги ояти каримадан қавмга хос бўлган разил бир одат намоён бўлмоқда. Улар: “Раббингга бизлар учун дуо қил”, дедилар. Гўё Аллоҳ таоло уларнинг эмас, фақат ёлғиз Мусо (алайҳиссалом)нинг Раббисидек.
“Ва Фиръавн ўз қавмига жар солиб...” Яъни, Фиръавн қавмининг кибор ва ашрофларини ҳузурига чорлаб, уларга деди:
“Эй қавмим, Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар менинг (мулким) эмасми?! Ахир кўрмаяпсизларми?!”
Яъни, Миср подшоҳлиги фақат менга тегишли, уни ҳеч ким мендан тортиб ололмайди, бирон кимса менинг амримга хилоф иш тутолмайди. Бундан ташқари, сизлар кўриб турган Нил дарёсидан келаётган мана шу дарёлар қасрим тагидан тинмай оқиб турибди. “Ахир кўрмайсизларми?!” Яъни, менинг куч-қудратим, салтанатимнинг кенглиги ва шаънимнинг улуғлигига далолат қилувчи белгиларни кўрмаяпсизларми, ахир?!
“Балки мен мана бу хор бўлган ва очиқ баён қила олмайдиган кимсадан яхшироқдирман?!” Бу ерда Фиръавн “мана бу” деганда Мусо (алайҳиссалом)ни назарда тутмоқда.
Яъни, устига-устак мен бу фақир, куч-қувват ва бойлик соҳиби бўлмаган, айни пайтда бир сўзни эплаб гапиролмайдиган, ичидагини тўғри тушунтириб беролмайдиган мана шу кимсадан яхшироқдирман!
“Бас, унга олтиндан бўлган билагузуклар ташланганида эди ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келганида эди...?!”
Яъни, ҳақиқатан Мусо пайғамбар бўлганида ўзини олтиндан бўлган билагузуклар билан безаган ёки бизларнинг олдимизга келганида унинг атрофини фаришталар ўраб олишар ва ўша фаришталар Мусо ростгўй пайғамбар экани тўғрисида гувоҳлик берган бўларди!
Фиръавн айтаётган бу сўзлар унинг ўта кетган тоғий, мағрур кимса бўлганидан, қавми эса заифлик ва нодонлик иллатига гирифтор эканлигидан дарак беради.
Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Фиръавн (Аллоҳнинг лаънати бўлсин унга!) айтаётган ёлғон ва туҳматдан иборат бўлган сўзларни айтишга уни фақатгина куфр ва нонкўрлик ундади. У Мусо (алайҳиссалом)га куфр кўзойнаги билан қараб, унда баъзи нуқсон ва камчиликларни кўрди. Ваҳоланки, Мусо ақл эгалари наздида ҳурматли, азиз ва хушсурат киши эди”.
“Бас, у ўз қавмини тезлатган эди, улар унга итоат этдилар”.
Яъни, Фиръавн Мусо (алайҳиссалом)га айтадиганини айтиб бўлгач, энди қавмига юзланиб, уларни ўзига ижобат қилишга ундади. Маънан сўқир бўлган ушбу қавм Фиръавн талабига “лаббай” деб жавоб қилишди. Ваҳоланки, улар Аллоҳнинг тоатидан чиққан фосиқ, ҳидоятдан залолатни устун қўювчи эдилар.
(Уларнинг ғофилликлари, дунё ҳаётини Охиратдан афзал билишлари, гуноҳ-маъсиятга ботишлари изсиз кетгани йўқ, балки Аллоҳ таоло улардан ўз адли билан муносиб интиқом олди. – Таржимон.)
“Энди қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, Биз улардан интиқом олдик – уларнинг барчаларини ғарқ қилиб юбордик. Бас, уларни кейингилар учун ўтмиш-ибрат ва мисол қилиб қўйдик”.
Яъни, Фиръавн ва қавми куфру исёнда оёқ тираб, қаттиқ туриб олишлари билан бизнинг ғазабимизга муносиб бўлдилар. Шунда Биз улардан қаттиқ қасос олдик – уларнинг барчаларини денгизга ғарқ қилдик. Сўнгра уларни бошқаларга, яна куфр ва ёмон амалларни қилмасликлари мақсадида ибрат-намуна қилиб қўйдик.
Юнус сурасида ушбу қиссанинг бошқа жиҳатлари ҳақида сўз юритилади. Аллоҳ таоло айтади:
“Шунда Мусога унинг қавмидан фақат бир тоифа одам Фиръавн ва унинг одамларининг фитна-фасодларидан қўрққан ҳолларида имон келтирадилар, холос. Чунки Фиръавн у ерда ғолиб (эди) ва у, шубҳасиз, ҳаддан ошувчи кимсалардандир. Мусо деди: “Эй қавмим, агар Аллоҳга имон келтирар экансизлар, демак, мусулмон бўлгансизлар, Унинг Ўзигагина суянинглар – таваккул қилинглар!” Бас, улар айтдилар: “Аллоҳнинг Ўзигагина таваккул қилдик. Парвардигоро, бизларни бу золим қавмга мафтун – алдангувчи қилиб қўйма! Ва Ўзинг раҳм айлаб, бизларни бу кофир қавмдан қутқар!” Биз Мусо ва унинг биродарига: “Қавмларингиз учун Мисрда уйлар тайёрланглар ва бу уйларингизни қибла қилиб, намозни тўкис адо қилинглар! (Эй Мусо), имон келтирган зотларга хушхабар бергин”, деб ваҳий юбордик” (Юнус, 83–87).
Бу ердаги “бир тоифа одам” (арабий матнда “зуррийатун” деб берилган)дан мурод оталари ва бой кишилар имондан бош тортишгач, Мусо (алайҳиссалом)га имон келтирган оз сонли ғариб ёш йигитлардир.
Оятнинг маъноси қуйидагича: Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳнинг ваҳдониятига даъват қилганида, Мисрда истиқомат қилувчи Бани Исроил қавмидан бўлган оз сонли ёш йигитлардан бошқа бирон киши унга ижобат қилмади. Уларнинг оталари ва мансабдор кишилар Фиръавндан бирон нарса таъма қилиб ёки қаҳридан қўрққанлари учун имон келтирмадилар, абадий саодатдан кўз юмиб, ўткинчи дунёнинг арзимас матоҳини афзал билдилар.
“Фиръавн ва унинг одамларининг фитна-фасодларидан қўрққан ҳолларида имон келтирадилар, холос”.
Яъни, имонга мушарраф бўлган ўша йигитлар Фиръавн ва қавмининг фожир кишилари уларни қийноқ остига олиб, Мусога эргашмасликка мажбур қилишларидан қўрқар эди.
“Чунки Фиръавн у ерда ғолиб (эди) ва у, шубҳасиз, ҳаддан ошувчи кимсалардандир”.
Ҳа, Фиръавн Миср юртида қилмаган жабру зулми, озор бермаган кишиси қолмаган, ҳамма унинг қонли қиличидан дод, дерди. Яна у ўзида яхши хислат ва улуҳият аломатлари борлигини даъво қилиб, бутун оламга жар соларди.
Имон келтирган кишиларнинг сонлари кам бўлсалар-да, Мусо (алайҳиссалом) уларни сабр-бардошли бўлишга чақирар ва уларга сабот тиларди: “Эй қавмим, агар Аллоҳга имон келтирар экансизлар, демак, мусулмон бўлгансизлар, Унинг Ўзигагина суянинглар – таваккул қилинглар!”
Яъни, Мусо (алайҳиссалом) ўзига эргашган кишиларнинг Фиръавндан қўрқиб турганларини кўриб, қалбларига хотиржамлик киритиш мақсадида:
– Эй қавмим, агар Аллоҳга ҳақиқий имон келтирган бўлсангиз, Унинг Ўзигагина боғланиб, У Зотга таваккул қилинглар! Зеро, кимки Аллоҳга таваккул қилар экан, Аллоҳ у бандани нусрати ва мадади билан қўллайди! – деди.
Мусонинг насиҳатини жон қулоқлари билан эшитган мўминлар бунга жавобан дедилар: “Аллоҳнинг Ўзигагина таваккул қилдик. Парвардигоро, бизларни бу золим қавмга мафтун – алдангувчи қилиб қўйма!” Бу жавоб уларнинг имонлари ҳақиқий чин имон эканидан дарак беради.
Яъни, улар Мусо (алайҳиссалом)га жавобан:
– Аллоҳнинг Ёлғиз Ўзига боғландик ва ишларимизни У Зотга ҳавола қилдик. Бошқа бирон нарса ва кимсани Унга шерик қилмаймиз. Эй Раббимиз, бизларни мана шу золим ва нодон қавмга хор қилдириб қўйма! Улар устимиздан ғолиб келиб, хоҳлаган қийноқлари билан бизни азобламасинлар. Бизларни Ўзинг қўлла! – дедилар.
Улар дуо қилишда давом этиб, яна шундай дедилар: “Ва Ўзинг раҳм айлаб, бизларни бу кофир қавмдан қутқар!”
Яъни, биз Сенинг нажот беришингга муҳтожмиз. Худди машриқ ва мағрибни бир-биридан узоқлаштирганинг каби биз ва уларнинг орасини ҳам шундай узоқлаштир!
Мўминларнинг қалбдан, ихлос билан қилган дуоларига ижобат тарзида Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун (алайҳимуссалом)ларга шундай дейди: “Қавмларингиз учун Мисрда уйлар тайёрланглар ва бу уйларингизни қибла қилиб, намозни тўкис адо қилинглар!”
Яъни, Фиръавн ўз туғёнида ва мўмин бандаларимизга азоб беришда давом этавергач, Биз Мусо ва биродари Ҳорунга:
– Қавмингиздан мўмин бўлганлар учун Мисрда махсус уйлар қуринглар, улар у ерда жойлашиб қарор топсинлар, токи Аллоҳ тақдир қилган иш содир бўлгунича шу зайл Фиръавн ва қўшинининг озорларидан узоқ бўлсинлар! – деб ваҳий қилдик.
“Уйларингизни қибла қилиб, намозни тўкис адо қилинглар!”
Яъни, ўзларингиз жойлашган ўша манзилни намоз ўқиш ва ибодат қилиш учун маскан қилиб олинглар. Зеро, аввал Фиръавн сизларга бемалол ибодат қилишга қўймасди, энди хотиржамлик билан риёзат қилинглар! Ибодатларнинг энг афзали бўлган намозни ўз вақтида хушу-хузу ва ихлос билан адо этинглар! Зеро, бундай суратда ўқилган намоз сизларни дунё ва Охират ташвишларидан қутқаради.
“(Эй Мусо), имон келтирган зотларга хушхабар бергин”.
Яъни, мўминларга дунёда нусрат ва муваффақият бўлиши, Охиратда буюк ажр-савоб ва мукофотлар насиб этиши ҳақида хушхабар беринг!
Мўминларга хушхабар берилиб, уларнинг қалблари хотиржамлик ила масрур бўлди. Аммо Мусо (алайҳиссалом) ҳали ҳам ташвишда эди. Фиръавн ва ҳамтовоқларининг кофирликлари унинг пок қалбини сиқмоқда эди. Шу боис у ёлғиз паноҳи Аллоҳ таолога қарата шундай деди:
Ва Мусо деди: “Парвардигоро, дарҳақиқат, Сен Фиръавн ва унинг одамларига ҳаёти дунёда зеб-зийнатлар ва мол-дунё ато этдинг. Парвардигоро, улар Сенинг йўлингдан оздиришлари учун... Парвардигоро, уларнинг мол-дунёларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин, токи улар аламли азобни кўрмагунларича имон келтирмасинлар. (Аллоҳ) деди: “Икковингизнинг дуоларингиз ижобат бўлди. Энди тўғри йўлда собит бўлинглар ва ҳаргиз билмайдиган кимсаларнинг йўлига эргашманглар!” (Юнус, 88–89).
Мусо (алайҳиссалом) қавми ҳидоятга келиши учун ўта ҳарисманд бўлиши билан бирга, шу йўлда бор куч-қувватини сарфлаб, уларни Аллоҳга даъват этди. Аммо улар насиҳатларга қулоқ осмадилар. Қавмнинг бошлиғи Фиръавн ва унинг маслакдошлари имонга келавермагач, Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога хитобан деди:
– Эй Раббим, Сен Фиръавн ва қавмининг кибор кишиларига шу дунёда зоҳирий зийнат, бойлик ва фаровонлик ато этгансан. Ана шу улкан бойликлар уларнинг имонларини заифлаштириб, фитнага солмоқда, улар ўз нафсларидан ажабланиб, кибру ҳаво қилмоқдалар. Ва бошқаларга зулму ситам ўтказмоқдалар. “Парвардигоро, улар Сенинг йўлингдан оздиришлари учун...” .
Яъни, Сен берган молу давлат ва неъматлар эвазига улар ёлғиз Сен учун ихлос билан ибодат қилиб, бунинг шукрини адо этишлари лозим эди. Аммо бундай бўлмади. Улар бунга тескари иш бажариб, ношукрлик ва нотавонлик қилдилар. Аниқки, уларнинг оқибатлари хусрон ва ютқазишдан бошқаси бўлмайди. Бас, эй Парвардигорим, Сен уларнинг неъматларини завол топтиргин!
“Парвардигоро, уларнинг мол-дунёларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин, токи улар аламли азобни кўрмагунларича имон келтирмасинлар”. Қавм куфр ва исён йўлида оёқ тираб, қаттиқ туриб олгач, Мусо (алайҳиссалом) уларга қарши шу тарзда дуойибад қилишга мажбур бўлди.
Яъни, эй Раббим, улар берган неъматларингга шукр қилмаганликлари сабаб, уларни бу фаровонликдан маҳрум эт! Қалблари тошдек қотиб қолган, уни янада қаттиқлаштиргин, куфрларига куфр қўшгин, токи улар оғриқли азоб-уқубатларни кўрмагунларича имон келтирмайдилар!
Ибн Касир айтади: “Мусо (алайҳиссалом) томонидан ушбу дуо Фиръавн ва одамлари Аллоҳ таолони ғазаблантирганлари ва Унинг динини масхара қилганлари боис қилинган эди. Зеро, бу пайтда Мусо (алайҳиссалом)га қавмида яхшилик ва хайр йўқлиги маълум бўлганди. Худди шунингдек, Нуҳ (алайҳиссалом) ҳам қавмига қарши: “Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин!” (Нуҳ, 26), деб дуо қилган эди. Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)нинг улар ҳақида қилган дуосини ижобат этди”.
“(Аллоҳ) деди: “Икковингизнинг дуоларингиз ижобат бўлди. Энди тўғри йўлда собит бўлинглар ва ҳаргиз билмайдиган кимсаларнинг йўлига эргашманглар!”
Яъни, Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун (алайҳимуссалом)ларга деди:
– Сизларга хушхабар бўлсин! Фиръавн ва одамлари ҳақида қилган дуоларингиз қабул қилинди. Бас, энди сизлар Менинг амримга итоат этишда мустаҳкам бўлинглар ва одамларни Ҳаққа даъват қилишда давом этинглар! Ва яхши билан ёмонни бир-биридан ажрата олмайдиган нодон кимсаларга ҳаргиз эргашманглар!
Юқоридаги икки оятдан қуйидаги хулоса чиқади: ҳақиқий имон соҳиби бўлган мўмин доимо Аллоҳ таолонинг динини соф ҳолда сақлаш ҳаракатида бўлади. Шунингдек, бундай киши Аллоҳ таолога дуо қилиб, фосиқ, ношукр ва кофир кимсалар тасарруфидаги бойлик ва куч-қудратнинг завол топишини сўрайди. Зеро, бундай кимсалар қўлидаги бойлик фақатгина разолат, фисқу фужур ва мўминларга азият-зулм қилиш йўлида сарфланади.
Мазкур ояти каримадан яна шу нарсани билиб оламизки, кимда-ким Аллоҳ таолога салим қалб ва сидқидилдан дуо қилса, унинг дуоси У Зот даргоҳида мақбул бўлишига умид қилинади.
БАНИ ИСРОИЛ ҚАВМИНИНГ МИСРДАН ЧИҚИБ КЕТИШИ, ФИРЪАВННИНГ УЛАР ОРТИДАН ТАЪҚИБ ҚИЛИШИ ВА КЎЗ ЎНГИЛАРИДА СУВГА ҒАРҚ БЎЛИШИ
Юқорида айтиб ўтилганидек, Мусо (алайҳиссалом) Мисрда бир қанча вақт яшаб, Фиръавн ва қавмини Аллоҳ азза ва жалланинг ваҳдониятига даъват қилди, аммо улар ўз йўлларидан қайтмай, Мусо ва Бани Исроилга зуғум қилишда давом этдилар. Вазият оғирлашгач, Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)ни Фиръавн зулмидан озод бўлиш учун Мисрдан чиқиб кетишга амр қилди.
Бани Исроилнинг Мисрдан чиқиб кетиши ҳақидаги қисса Қуръони каримнинг турли сураларида келтириб ўтилган. Аввал Шуаро сурасидаги хабарлар билан танишиб чиқамиз. Аллоҳ таоло айтади:
“Биз Мусога: “Бандаларим билан тунда йўлга чиққин! Албатта, сизларнинг изингизга тушилур”, деб ваҳий юбордик. Бас, Фиръавн барча шаҳарларга йиғувчиларини жўнатди (ва деди): “Аниқки, улар бир ҳовуч ялангоёқлардир. Дарҳақиқат, улар бизларни ғазаблантирдилар. Шубҳасиз, бизлар барчамиз эҳтиёт чораларини кўриб турувчи қавмдирмиз”. Бас, мана шундай қилиб Биз уларни боғлар ва булоқлардан, хазиналар ва улуғ-гўзал масканлардан айирдик ва мана шундай қилиб, Биз уларга Бани Исроилни ворис қилдик. Бас, тонг пайтида уларни қувиб етдилар. Энди қачонки икки жамоат бир-бирларини кўришгач, Мусонинг ҳамроҳлари: “Бизлар аниқ тутилдик”, дедилар. (Мусо) айтди: “Йўқ, аниқки, мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта, У мени йўлига бошлар”. Бас, Биз Мусога: “Асойинг билан денгизни ургин”, деб ваҳий юбордик. Бас, бўлиниб ҳар бир бўлак (сув) баланд тоғ каби бўлди. Ва кейингиларни ўша (йўлга) яқин қилдик. Мусо ҳамда у билан бирга бўлган кишиларнинг барчаларига нажот бердик. Сўнгра кейингиларни ғарқ қилиб юбордик. Албатта, бунда оят-ибрат бордир. Кўплари имон келтиргувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз Ўзи ғолиб, меҳрибондир” (Шуаро, 52–68).
“Биз Мусога: “Бандаларим билан тунда йўлга чиққин!...”, деб ваҳий юбордик”.
Яъни, Бани Исроил билан тунда денгиз томон юринглар!
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу ерда Бани Исроилни “бандаларим” деб лутф билан тилга олмоқда. Чунки улар узоқ муддат Фиръавн зулми ва қонли қиличи остида кўп ситамлар кўрган эдилар.
“Албатта, сизларнинг изингизга тушилур”. Бу нима сабабдан тунда шаҳарни ташлаб, чиқиб кетиш лозимлигининг асл сабаби эди.
Яъни, эй Мусо, қавминг билан денгиз томон юринглар. Чунки тез орада Фиръавн қўшини билан ортингиздан таъқиб қилади. Мен эса, вақти келиб, у ва лашкарларининг қисматига ёзилган ишни қиламан.
“Бас, Фиръавн барча шаҳарларга йиғувчиларини жўнатди”. Бу ердаги йиғувчилардан мурод одамларни маълум жойга, муҳим ишларни бажариш учун тўпловчи кишилардир. Улар дедилар:
– Подшоҳингиз Фиръавн учун юз мингдан иборат катта бир қўшин тўпланг!
Яъни, Фиръавн Мусо (алайҳиссалом) ва Бани Исрол шаҳардан бош олиб чиқиб кетганларидан хабар топгач, мамлакатидаги турли шаҳарларга одамларни сафарбар қилиш учун ўз аскарларини жўнатди.
Улар сони тўлгач, Фиръавн уларга руҳ ва шижоат бағишлаш мақсадида: “Аниқки, улар бир ҳовуч ялангоёқлардир”, деди.
(Таржимада “бир ҳовуч ялангоёқлардир” деб ифодаланган бирикма аслиятда “ширзиматун қолийлувн” деб берилган. – Таржимон.)
“Ширзиматун” сўзи озчиликдан иборат бир тоифани англатади.
Яъни, Фиръавн лашкарларига қарата деди:
– Бизларнинг рухсатимизсиз шаҳардан чиқиб кетган бу нобакорлар бизлар учун ҳеч нарса эмас. Улар биз учун қул ёки хизматкор ўрнидадир!
“Дарҳақиқат, улар бизларни ғазаблантирдилар”.
Яъни, камчилик бўлишларига қарамай рухсатсиз чиқиб кетишлари, айтган сўзлари ва қилган қилмишлари билан улар бизни дарғазаб қилдилар. Буларнинг энг оғири динимизни тарк этишга ундашлари бўлди!
“Шубҳасиз, бизлар барчамиз эҳтиёт чораларини кўриб турувчи қавмдирмиз”.
Яъни, улар қанчалик макр-ҳийла қилмасинлар, биз доимо сергак турамиз, ҳийлаларидан хабардормиз, алдовларига лаққа тушмаймиз, бас, улар бизга зиғирча ҳам таҳдид қила олмайдилар.
Фиръавннинг юқоридаги сўзлари замирида, аслида унинг Мусо (алайҳиссалом)дан қўрққани, хавфсирагани кўзга ташланади. Фақатгина у ўзини шундай баландпарвоз гаплар ва асоссиз мақтовлар билан овутмоқда ва қавмини ҳам уларнинг кетидан қувиб етишга чақирмоқда, иложи борича ўзидаги ҳадикни билдирмасликка ҳаракат қилмоқда.
Энди Аллоҳ таоло Фиръавн ва қавмини қандай кўйга солишни ирода қилгани айтилади:
“Бас, мана шундай қилиб Биз уларни боғлар ва булоқлардан, хазиналар ва улуғ-гўзал масканлардан айирдик”.
Яъни, Биз уларни ўзлари яшаб турган боғу бўстон, ичиб турган чучук ва лаззатли сувлар, қўл остларидаги молу давлатлар, гўзал ва қулай бўлган масканлардан чиқардик. Токи улар куфрлари ва туғёнга кетишлари сабабли бошларига битилган аянчли оқибат – ғарқ қилинишга дучор бўлишлари учун шундай қилдик.
“Мана шундай қилиб, Биз уларга Бани Исроилни ворис қилдик”.
Яъни, мана шу боғу бўстонлар, чашмалар, хазинаю чиройли турар жойларни Бани Исроил қавмига мерос қилиб бердик.
Баъзи муфассир уламолар таъкидлашларича, Бани Исроил қавми Фиръавн ва лашкарлари ҳалокатидан сўнг Мисрга қайтиб келишмаган, “Уни мерос қилдик” жумласидаги “уни” сўзи боғ-булоқларга тегишли эмас. Шу сабаб муфассирлар “Бани Исроил худди Фиръавн ва аъёнларида бўлгани каби неъматларга эришган. Уларнинг боғлари каби боғу бўстон, ширин булоқлар, бойлик ва покиза масканларга эга бўлган”, деб айтишган.
Фикримизча, Аллоҳ таолонинг “Уни мерос қилдик” оятидаги “уни” олмоши боғ, булоқ ва хазиналарга тегишлидир. Мусо (алайҳиссалом) ва қавми Фиръавн ҳалокатидан сўнг маълум муддат ўтгач, Мисрга қайтиб келишган. Кейин Мусо (алайҳиссалом) буюрган томон – муқаддас ерга қараб йўл оладилар. Сўзимизни қуйидаги оят ҳам қувватлайди:
“(Миср ва Шомдаги) Ўзимиз баракотли қилган ернинг Машриқ ва Мағрибларига бу бечора қавмни (яъни, Бани Исроилни) ворис қилдик. (Эй Муҳаммад), сабр-тоқат қилганлари сабабли Бани Исроилга Парвардигорнинг (“Бу ердаги бечора бўлган зотларга инъом қилишни ва уларни одамларга етакчи қилиб қўйишни истаймиз”, деган) гўзал сўзлари тўла-тўкис бўлди. Фиръавн ва қавми ясаб-қуриб олган иморатларни ва баланд қилиб кўтарган қасрларни эса вайрон қилдик” (Аъроф, 137).
Энди Фиръавн қавми қилган ишлар ҳақида ҳикоя қилинади: “Бас, тонг пайтида уларни қувиб етдилар”.
Яъни, Биз Фиръавн ва қавмини ўз бойликлари ва маконларидан чиқардик. Улар Мусонинг ортидан тезлик билан қувиб бориб, охири қуёш чиқиш пайтида уларга етиб олдилар.
“Энди қачонки икки жамоат бир-бирларини кўришгач, Мусонинг ҳамроҳлари: “Бизлар аниқ тутилдик”, дедилар”.
Яъни, ҳар бир гуруҳ душманини аниқ кўра олдадиган даражада бир-бирларига яқин келганларида, Бани Исроил Мусо (алайҳиссалом)га қўрқув ва ҳадик ичида:
– Биз қўлга тушдик, кўп ўтмай Фиръавн ва лашкарлари бизга етиб оладилар, биз улар билан курашишга қодир эмасмиз! – дедилар.
(Мусо) айтди: “Йўқ, аниқки, мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта, У мени йўлига бошлар”.
Яъни, Мусо (алайҳиссалом) қавми саросимага тушганини кўргач, ишонч ва сабот билан:
– Йўқ, ундоқ эмас, улар бизга зинҳор ета олмайдилар. Бас, сизлар собитқадам бўлинглар, ҳаргиз қўрқманглар! Зеро, мен билан Раббим биргадир. У Зот мени ҳидоят ва нажот йўлига бошлайди! –деди.
Мусо (алайҳиссалом)нинг Аллоҳ таоло нусратини кутиши узоққа чўзилмади, балки бундай қийин вазиятда меҳрибон Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига тезлик билан ижобат қилди: “Бас, Биз Мусога: “Асойинг билан денгизни ургин”, деб ваҳий юбордик. Бас, бўлиниб ҳар бир бўлак (сув) баланд тоғ каби бўлди”.
Яъни, Биз Мусога Қизил денгизга асойингни ургин, деб ваҳий қилдик. У амримизга қулоқ осиб, уни денгизга урган эди, денгиз икки йўлга бўлинди ва икки тарафдаги ҳар бир бўлак сув худди улкан тоғ каби бўлиб қолди.
Ривоятларга қараганда, Фиръавн ғарқ бўлган денгиз ўша пайтда “Қулзум” деб аталган. (“Қулзум” сўзи “қолзаматун”дан ясалган бўлиб, у “ютиб юбормоқ” маъносини англатади. Чунки Қулзум денгизига тушган одам у томонидан ютиб юборилар ёки чўкиб кетар эди. Ибн Холавайҳ айтади: “Қулзум аслида “Зулқум” шаклига эга бўлиб, ушбу сўздаги ҳарфлар ўрни алмашиб, шундай ҳолатга келиб қолган” (Ибн Манзур, “Лисанул ароб”, 5-жуз, 3719-бет). – Таржимон.)
Аллоҳ таолонинг қудрати билан Мусо (алайҳиссалом) ва у билан бирга бўлган кишилар денгиз тўлқинлари аро очилган йўл орқали нариги томонга эсон-омон ўтиб олдилар.
“Ва кейингиларни ўша (йўлга) яқин қилдик”.
Яъни, Биз қудратимиз ва ҳикматимиз билан Фиръавн, унинг қўшинини Мусо (алайҳиссалом) ва қавмига яқинлаштирдик. Бас, улар ҳам Бани Исроил каби денгиз ўртасидан очилган қуруқ йўл орқали юра бошлаганларида, денгиз ўз тўлқинлари билан уларни қарши олди. Хўш, натижа нима билан тугади?
Натижада Мусо (алайҳиссалом) ва издошлари саломат қирғоққа чиқиб олдилар, Фиръавн лашкарлари билан денгизга ғарқ бўлди, изсиз йўқолди.
Ушбу қисса бошқалари каби бандаларни ақл юритишга ундаш билан ниҳоя топади:
“Албатта, бунда оят-ибрат бордир. Кўплари имон келтиргувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз Ўзи ғолиб, меҳрибондир”.
Яъни, эй муҳтарам пайғамбар, Биз Сизга сўзлаб берган қиссада ихлос билан ибодат қилиш ва Бизга тоат этиш лозимлигига ундовчи улуғ оят-белгилар бор. Лекин пайғамбаримиз Мусога фақат оз кишиларгина имон келтирдилар. Уларнинг душманлари эса яксон қилинди. Шундай экан, Аллоҳ таоло душманлари устидан ғолиб, улардан муносиб интиқом олувчи, Ўзининг валий бандаларига меҳрибон Зотдир.
Духон сурасида Бани Исроилнинг Мисрдан чиқиши, Мусо (алайҳиссалом)нинг даъвати, куфр ва исёнлари сабаб Фиръавн гуруҳининг ғарқ бўлиши ҳақида ҳикоя қилинади. Қисса Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти билан бошланади:
“Аниқки Биз улардан илгари Фиръавн қавмини ҳам имтиҳон қилганмиз ва уларга бир улуғ пайғамбар келганди. У (Мусо) деди: “Сизлар менга Аллоҳнинг бандаларини топширинглар! Албатта, мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Ва Аллоҳга кибру ҳаво қилманглар! Албатта, мен сизларга очиқ-равшан ҳужжат келтирурман. Албатта, мен Парвардигорим ва Парвардигорингиздан сизлар мени тошбўрон қилишларингиздан паноҳ сўрайман. Агар менга имон келтирмасангизлар, у ҳолда мени холи қўйинглар!” Бас, у Парвардигорига: “Дарҳақиқат, улар жиноятчи қавмдир”, деб дуо қилди. Бас, (Аллоҳ Мусога ваҳий юбордики:) “Бандаларим билан бирга тунда йўлга чиққин! Албатта, сизларнинг изингизга тушилур. Ва денгизни сокин қўявергин. Шак-шубҳасиз, улар ғарқ қилингувчи қўшиндир”. Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорлар ва улуғ-гўзал жойларни қолдириб кетдилар. Ва ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни (қолдириб кетдилар!). Шундай қилиб Биз уни бошқа бир қавмга мерос қилиб бердик! Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам йиғлагани йўқ ва уларга муҳлат ҳам берилмади!” (Духон, 17–29).
Мусо (алайҳиссалом) Фиръавнни Аллоҳ йўлига даъват қилгач, Бани Исроилни озод қилиш мақсадида:
– Бани Исроилни менга топширинглар, уларни қуллик ва хору зорликдан озод қилинглар. Улар ушбу дунёда эмин-эркин, озод ва ҳур бўлиб яшасинлар! – деб таъкидлади.
Бу ердаги “Аллоҳнинг бандалари”дан мурод, аввало, Бани Исроил ва қуллик азобидан қийналаётган бошқа қавмлардир.
“Албатта, мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман”. Яъни, менинг даъватимга ижобат қилинглар, амримга итоат этинглар! Зеро, мен Аллоҳ таоло тарафидан сизларга юборилган ҳақ пайғамбардирман!
“Ва Аллоҳга кибру ҳаво қилманглар!” Яъни, Аллоҳ таолога такаббурлик қилиб, Унинг ваҳий ва амрларини паст санаш ҳамда Расулидан юз ўгириб кетишдан эҳтиёт бўлинглар. Бунинг оқибати яхши эмас!
“Албатта, мен сизларга очиқ-равшан ҳужжат келтирурман”.
Яъни, мен сизларга Раббим ҳузуридан ростгўйлигимни тасдиқловчи очиқ-ойдин, инкор қилиб бўлмайдиган мўъжиза ва далилларни келтираман.
“Албатта, мен Парвардигорим ва Парвардигорингиздан сизлар мени тошбўрон қилишларингиздан паноҳ сўрайман”.
Яъни, мен Раббимдан сизлар мени тош билан уриб, майиб қилишингиз ва бирон озор беришларингиздан паноҳ сўрайман. Бас, шундай экан, мен сизлар қилаётган макр-ҳийлаларнинг биронтасидан ҳам чўчимайман, Раббимнинг даъватини бекаму кўст етказишда давом этавераман!
“Агар менга имон келтирмасангизлар, у ҳолда мени холи қўйинглар!”
Яъни, Мусо (алайҳиссалом) насиҳати сўнгида уларга деди:
– Гарчи сизлар менга тиш-тирноғингиз билан қаршилик кўрсатсангиз ҳам, сизларни тўғри йўлга давъат қилишдан тўхтамайман! Сизлар менга имон келтиришингиз лозим. Агар имон келтирмасангизлар, у ҳолда мени ўз ҳолимга қўйинглар, мен бошқаларни даъват қиламан. Сизлар куфр йўлида оёқ тираб қаттиқ туриб олар экансизлар, у ҳолда бу мен учун зиғирча ҳам зиён келтира олмайди.
Мусо (алайҳиссалом) жон куйдириб, қавмим ҳидоятга келармикан деб насиҳат қилса-да, аммо унинг гапига қулоқ солувчи топилмади.
Бундоқ исёнкор, мутакаббир нодонларга бас келиб бўлармиди. Шу сабаб Мусо (алайҳиссалом) Раббига дуо қилиб деди: “Дарҳақиқат, улар жиноятчи қавмдир”.
Яъни, эй Раббим, мен Фиръавн ва қавмини Сенинг йўлингга чақирдим, аммо улар яхшилик томон юрмадилар, улар куфр ва гуноҳ ишларда давом этувчидирлар. Эй Парвардигор, Ўзинг уларга муносиб жазоларини бергин!
Бундан кейинги ояти карималардан Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом) дуосини ижобат қилганини билиб оламиз: Бас, (Аллоҳ Мусога ваҳий юбордики:) “Бандаларим билан бирга тунда йўлга чиққин! Албатта, сизларнинг изингизга тушилур”.
Яъни, эй Мусо, сен Бани Исроил ва қибтийлар орасидан имон келтирган бандаларимни олиб, туннинг бир қисмида йўлга тушгин, чунки Фиръавн сизлар шаҳардан чиқиб кетганингиздан хабар топиб, ортингиздан қувиб келади.
“Ва денгизни сокин қўявергин”. Яъни, Қизил денгизга етиб борганингдан сўнг унга асойинг билан ургин, шунда у Аллоҳнинг изни билан ёрилади ва ўзинг билан бирга бўлганларни нариги томонга ўтказгин. Аммо денгизни ўша ҳолича – очиқ турган ҳолича қўй. Ортингиздан қувиб келаётган Фиръавн ва лашкарларига эътибор берма. Биз уларнинг барчаларини сувга ғарқ қиламиз.
(Ҳаёти давомида ўйин-кулги ва маишат билан умргузаронлик қилган бу кимсаларнинг оқибатлари ёмон бўлди. Ўзлари сувга ғарқ қилиндилар, мол-мулклари, ер-сувлари эса шундоқ қолиб кетди. – Таржимон.)
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорлар ва улуғ-гўзал жойларни қолдириб кетдилар. Ва ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни (қолдириб кетдилар!)”.
Яъни, сувга ғарқ бўлиб ном-нишонсиз кетган бу кимсалар ортларидан сўлим боғларни, чучук сувларга бой булоқларни, турли-туман ҳосилдор экинзорлар ва зеб-зийнатлар, ҳашаматга бурканган турар жойларни қолдириб кетдилар. Аввал улар ушбу неъматлар билан ҳузурланар, дунёнинг ўткинчи ҳавасларига қул бўлиб, ҳаётларини фақат лаззатланиш билан ўтказиб, Аллоҳга ибодат қилишни хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Оқибатда улар ўтиб кетдилар. Энди улар, аввал қабрларида, сўнгра охиратда даҳшатли ва мангу азоб-уқубатларга дучор бўладилар!
Фиръавн ва лашкарлари ҳалокатига бирон нарса ёки кимса қайғургани йўқ. Бу Аллоҳ таоло томонидан таъсирли қилиб ифодаланган: “Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам йиғлагани йўқ ва уларга муҳлат ҳам берилмади!”
Яъни, бошқаларни зулми билан қийнаган бу тоғий, золим ва мутакаббир кимсаларга еру осмон аҳлидан бўлган бирон нарса ёки киши хафа бўлиб, аза тутгани йўқ, балки кечиктирилмаган ҳолда уларга, авваламбор ғарқ қилиниш азоби тушди. Бу улар кўрадиган азобнинг илк босқичидир.
Тоҳа сурасида ҳам Бани Исроилнинг Мисрдан чиқиб кетиши, улар шукр қилишлари учун Аллоҳ таоло томонидан берилган неъматлар эслатиб ўтилади. Қисса қуйидаги оятлар билан бошланади:
“Дарҳақиқат, Биз Мусога: “Сен бандаларимни тунда олиб кетиб, улар учун қуриган денгизни йўл қилгин. Улар етиб олишларидан хавф қилма ва қўрқма!”, деб ваҳий юбордик. Бас, Фиръавн уларнинг ортидан ўз лашкарлари билан қувган эди, уларни денгиз ўраганча-ўраб олди. Фиръавн қавмини тўғри йўлга бошламади, оздирди. Эй Бани Исроил, Биз сизларга душманингиздан нажот бердик ва сизларга Турнинг ўнг томонини ваъдалашдик ва сизларга ширинлик, беданалар ёғдириб, (дедик:) “Биз сизларни баҳраманд қилган пок ризқларимиздан енглар ва ҳаддан ошмангларки, у ҳолда устингизга Менинг ғазабим тушар. Менинг ғазабим кимнинг устига тушар экан, у муҳаққақ, ҳалок бўлур. Ва Мен тавба қилган ҳамда имон келтириб, яхши амаллар қилган, сўнгра тўғри йўлга юрган кишиларни мағфират қилгувчидирман” (Тоҳа, 77–82).
Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)га:
– Бани Исроил қавмидан бўлган бандаларимни туннинг аввалида Мисрдан Қизил денгизга қараб олиб бор. У ерга етганингизда “улар учун қуриган денгизни йўл қилгин”, деб ваҳий қилди.
Яъни, улар учун денгизда қуруқ йўл қил!
Бу ердаги йўлдан мурод ҳақиқий маънодаги йўлдир. Мусо (алайҳиссалом) денгизга етиб боргач, Аллоҳнинг амри билан унга урганида, денгиз ёрилиб, Бани Исроил авлодларининг сонига қараб ўн иккита йўлга бўлинди.
“Улар етиб олишларидан хавф қилма ва қўрқма!” Бу сўзлар Мусо (алайҳиссалом) қалбига хотиржамлик киритиш учун айтилмоқда.
Яъни, улар учун денгизда қуруқ йўл қилгин, аммо Фиръавн ва лашкарлари сизларга етиб олишларидан қўрқма ва олдингиздан денгиз сизларни ғарқ қилишидан ҳам хавфсирама!
“Бас, Фиръавн уларнинг ортидан ўз лашкарлари билан қувган эди, уларни денгиз ўраганча-ўраб олди”.
Фиръавн Мусо (алайҳиссалом) ва у кишига эргашган кишиларни тутиб олиб, жазоламоқчи, ҳақ йўлга талпинганлари учун додларини бериб қўймоқчи эди. Лекин у манфур ниятига эришолмади. У ўзича кимгадир чоҳ қазир экан, ўзига аллақачон ундан-да чуқурроқ бўлган бир чоҳ қазиб қўйилганини билмасди.
“Уларни денгиз ўраганча-ўраб олди” жумласи Фиръавн ва лашкарларининг ҳалокати даҳшатли суратда кечганидан далолат қилади. Улар тоғдек улкан сув тўлқинлари остида қолиб кетдилар ва аянчли тарзда жон таслим қилдилар.
“Фиръавн қавмини тўғри йўлга бошламади, оздирди”. Бу ғарқ қилинмасларидан аввал Фиръавннинг қавмига бўлган муносабатининг оқибатини очиқ ифодаламоқда.
Яъни, Фиръавн ҳаётлик чоғида ўз қавмини ҳақ йўлга бошламади, балки ботил йўлга киритди. Оқибатда йўлбошчи ҳам, унга кўр-кўрона бўйсунган ақлсиз кимсалар ҳам таг-туглари билан йўқ қилинди.
Буларнинг ҳаммаси Бани Исроил фойдасига бўлди. Аллоҳ таоло уларга шу ва шунга ўхшаш неъматларни ато этганини зикр қилиб дейди: “Эй Бани Исроил, Биз сизларга душманингиздан нажот бердик”.
Яъни, Фиръавн ва ҳамтовоқлари сизларга қаттиқ азоб-уқубатлар бериб келар эдилар. Сўнгра Биз сизларга раҳм қилиб, уларни кўз ўнгингизда сувга чўктирдик. Шу зайл асосий рақибингиздан халос бўлдингиз.
“Сизларга Турнинг ўнг томонини ваъдалашдик”. Яъни, сизларни ҳидоятга бошлаб, ҳолингизни ислоҳ қилувчи Китоб – Тавротни бериш учун пайғамбарингиз Мусо билан ушбу муқаддас маконда ваъдалашдик.
Бу ҳақда бошқа ояти каримада шундай дейилади: “Биз Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашган эдик. Сўнгра уни яна ўн (кеча) билан тўлдирдик. Бас, Парвардигорининг (унинг учун белгиланган) вақти комил қирқ кеча бўлди” (Аъроф, 142).
“Сизларга ширинлик, беданалар ёғдириб...”. Бу Бани Исроилга Аллоҳ таоло томонидан берилган учинчи неъматдир.
(Таржимада “ширинлик” деб ифодаланган сўз аслиятда “маннун” сўзи билан берилган. – Таржимон.)
“Маннун” асалга ўхшаш ёпишқоқ ширинлик тури бўлиб, субҳдан қуёш чиққунгача бўлган вақт мобайнида баъзи турга мансуб бўлган дарахтдан тушади.
Оятнинг маъноси қуйидагича: Биз Ўз фазлу карамимиз ила устингизга кўп неъмат ва яхшиликлар туширдик. Сизлар эса улардан бирон қийинчиликсиз фойдаландинглар.
“Биз сизларни баҳраманд қилган пок ризқларимиздан енглар”.
Яъни, уларга ўша ширинлик ва беданалардан енглар ҳамда Аллоҳ ҳалол қилган бошқа лазиз нарсалардан истеъмол қилинглар, деб айтдик.
“Ҳаддан ошмангларки, у ҳолда устингизга Менинг ғазабим тушар. Менинг ғазабим кимнинг устига тушар экан, у муҳаққақ, ҳалок бўлур”. Бу ерда Бани Исроил қавми қаттиқ огоҳлантирилиб, Аллоҳ белгилаб берган ҳудудлардан тажовуз қилмаслик лозимлиги таъкидланмоқда.
Яъни, эй Бани Исроил, Аллоҳ ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар, унга шукр қилинглар, аммо Биз белгилаб қўйган чегаралардан кесиб ўтманглар. Акс ҳолда сизлар Менинг ғазабим ва иқобимга учрайсизлар. Мен кимга ғазаб қилсам, шубҳасиз, у жаҳаннамни бўйлар!
Бу қаттиқ огоҳлантиришлардан сўнг Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмат ва умид эшиклари доимо очиқ эканини таъкидлаб, шундай дейди: “Ва Мен тавба қилган ҳамда имон келтириб, яхши амаллар қилган, сўнгра тўғри йўлга юрган кишиларни мағфират қилгувчидирман”.
Яъни, албатта, Мен ширк ва гуноҳи-маъсиятдан қайтиб, тавба қилган, имон келтириш лозим бўлган барча нарсаларга чин қалбдан ишонган, Аллоҳ таоло рози бўладиган ишларни қилган ва бунда мустаҳкам бўлган, Аллоҳга рўбарў бўлгунича У Зот учун ибодат қилишда давомли бўлган бандаларимнинг аввал содир этган барча гуноҳларни кечириб юборурман.
Юнус сурасида ҳам ушбу қисса мухтасар суратда келтирилган. Унда Фиръавннинг ўлим олдидан айтган сўзлари ва унга қайтарилган жавоб қандай бўлгани ҳақида айтиб ўтилган. Аллоҳ таоло айтади:
“Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва лашкарлари қувиб етдилар. Энди унга ғарқ бўлиш (пайти) етганида эса, у деди: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Бани Исроил имон келтирган Зот – Аллоҳгина борлигига имон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман – Аллоҳга бўйсунувчилардандирман”. Энди-я?! Ахир сен илгари итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку? Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят – ибрат бўлишинг учун Биз сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар. Шубҳасиз, Биз Бани Исроилни гўзал манзилга жойлаштирдик ва уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик. Сўнгра улар то билим келгунича ихтилоф қилмадилар. Албатта, Парвардигорингиз Қиёмат кунида талашиб-тортишган нарсалари ҳақида улар ўртасида Ўзи ҳакамлик қилур” (Юнус, 90–93).
Аллоҳ Ўз паноҳига олиб, Бани Исроилни денгиздан ўтказди – уларга денгиз ўртасидан қуруқ йўл қилди. Уларнинг барчалари эсон-омон нариги томонга ўтиб олдилар. Фиръавн ва лашкарлари ҳам улар ортидан эргашдилар, улар ҳидоят ва имон талабида эмас, балки зулм ва қасос умидида ортларидан қувиб келдилар.
Энди унга ғарқ бўлиш (пайти) етганида эса, у деди: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Бани Исроил имон келтирган Зот – Аллоҳгина борлигига имон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман – Аллоҳга бўйсунувчилардандирман”.
Яъни, Бани Исроил денгиздан ўтиб олгач, у яна аввалги ҳолига қайтиб, ёпила бошлади. Сувга ғарқ бўлиш онлари етиб келгач, Фиръавннинг кўзига ўлимдан бошқа нарса кўринмай қолди ва ноилож деди:
– Бани Исроил имон келтирган Илоҳга мен ҳам имон келтирдим, уни тасдиқладим. Ва мен Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига таслим бўлувчи, Унга ихлос билан ибодат қилувчи қавм билан биргадирман!
Бу сўзлар аввалроқ айтилиши керак эди. Ўлим чоғида иложсизликдан айтилган бу сўзлар энди бирон манфаат бермайди. Бемаврид қилинган иш ўз эгасига қайтарилди. Аллоҳ таоло унга жавобан деди:
– Энди-я?! Ахир сен илгари итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку?
Яъни, мана шу пайтда, ҳаётдан умидинг узилиб, ўлим шарпаси кўринганда имонни даъво қилаяпсанми? Йўқ! Сен илгари ер юзида турли бузғунчилик, фасод ишларни қилиб, Мусо (алайҳиссалом) олиб келган Ҳақни ёлғонга чиқариб келгансан. Сенинг ҳозирги “имон”инг зинҳор қабул қилинмайди.
Ибн Касир айтади: “Фиръавн томонидан айтилаётган ушбу сўзлар ғайб сирларидандир. Аллоҳ таоло у ҳақида Ўз Расулига билдирган. Имом Аҳмад Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Қачонки Фиръавн: “Бани Исроил имон келтирган Зот – Аллоҳгина борлигига имон келтирдим”, деганида Жаброил менга: “Эй Муҳаммад, агар менинг денгиз қора балчиғидан олиб, Фиръавнга (Аллоҳнинг) раҳмати етиб қолишидан қўрқиб, уни оғзига билдирмай солиб қўйганимни кўрганингда эди”, деб айтди” (Имом Термизий, Ибн Жарир ва Ибн Ҳиббонлар тафсирларида ривоят қилишган. Термизий ҳадис санадини ҳасан деган)”.
“Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун Биз сенинг жасадингни қутқарурмиз”.
Яъни, айни пайтда имон ҳақида қилаётган даъвоинг рад этилади. Чунки энди вақт ўтди, сен кечикдинг. Биз эса сен вафот этгач, руҳинг баданингни тарк этганидан сўнг кейинги келадиган одамларга ибрат бўлиши учун жасадингни омон қолдирамиз. Улар сени кўриб, Ҳақни ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлишини, Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқлигини билиб оладилар.
“Дарҳақиқат, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар”. Бу ерда жамики одамларни Аллоҳнинг оятлари ва У Зотнинг қудратига далолат қилувчи зоҳирий белгилар ҳақида тааммул ва тадаббур қилишга ундалмоқда.
Ибн Касир айтади: “Фиръавннинг ҳалокати Ашуро куни юз берган. Имом Бухорий Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага кирганларида яҳудийлар Ашуро куни рўза тутишар эди. Улар: “Бу кун Мусо (алайҳиссалом) Фиръавндан устун келган кун”, дейишди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига: “Сизлар улардан кўра Мусога ҳақлироқсизлар. Бас, (ушбу кун) рўзасини тутинглар”, дедилар”.
Энди Фиръавн вафотидан сўнг Бани Исроилга берилган неъматлар эслатиб ўтилади: “Шубҳасиз, Биз Бани Исроилни гўзал манзилга жойлаштирдик ва уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик”.
Яъни, Бани Исроил учун ашаддий душман бўлган Фиръавнни ҳалок қилгач, Биз уларни қулай ва яхши манзилга туширдик. У ерда Бани Исроил учун тинчлик ва хотиржамликни таъминладик. Бундан ташқари уларга Ўзимиз ҳалол қилган турли хил озиқ-овқатлар ва ичимликларни ато этдик.
“Сўнгра улар то билим келгунича ихтилоф қилмадилар”. Бу Аллоҳ таоло берган неъматларга ношукрлик қилганлари учун уларга қилинаётган маломатдир.
Яъни, улар то шубҳаларни қатъий ҳал қилувчи илм келгунича дин ва дунё ишларида турли гуруҳларга бўлинмаган эдилар. Аллоҳ Тавротни нозил қилиб, унда ўша Китобни ҳақиқий тиловат қилиш ва уни ботил-нотўғри маъноларга бурмасликка амр қилинган эди. Бани Исроилга илм келгач, улар уни Ҳақ ва яхшилик йўлида ишлатиб, кўп хайр-баракага эришишлари лозим эди. Ваҳоланки, улар бу илмни ихтилоф-тарафкашлик ва тўғри йўлдан тойилиш мақсадида суиистеъмол қилдилар.
“Албатта, Парвардигорингиз Қиёмат кунида талашиб-тортишган нарсалари ҳақида улар ўртасида Ўзи ҳакамлик қилур”.
Яъни, албатта, Раббинг ушбу ихтилоф қилаётганларнинг масалаларини ҳал қилади. Ҳақ тарафдорлари мукофот билан тақдирлансалар, ботил томон эгалари муносиб жазоларини оладилар.
Юқорида келтирилган ояти карималардан маълум бўладики, Бани Исроил қавмининг Мусо (алайҳиссалом) бошчилигида Мисрдан чиқиб кетишлари уларга нисбатан бир неъмат – яхшилик эди. Фиръавн ва лашкарлари учун эса бир интиқом бўлди. Зеро “улар юртларида ҳадларидан ошиб, у жойларда бузғунчиликни кўпайтириб юборган эдилар. Бас, Парвардигорингиз уларнинг устига турли азоб-офатни ёғдирди! Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир” (Фажр, 11–14).
ФИРЪАВН ВА ҚЎШИНИНИНГ ҲАЛОКАТИДАН СЎНГ БАНИ ИСРОИЛНИНГ МУСО АЛАЙҲИС САЛОМГА ҚИЛГАН МУНОСАБАТИ
Фиръавн қўшини билан батамом ҳалок қилингач, Мусо алайҳиссалом қавми Бани Исроилни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга, одоб-ахлоққа ва Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишга чақирди. Иброҳим сурасида бу даъватнинг бир қисми келтирилган. Аллоҳ таоло айтади:
“Ҳақиқатан, Биз Мусони Ўз оятларимиз билан юбориб, (унга дедик): “Қавмингни зулматлардан нурга олиб чиқ ва уларга Аллоҳнинг кунларини эслатгин! Албатта бунда ҳар бир сабр-қаноатли, шукр қилувчи киши учун оят-ибрат бордир”. Ўшанда Мусо қавмига айтди: “Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини – сизларни оғир азоб билан қийнаётган, ўғилларингизни ўлдириб, қизларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганини эсланг. Ана ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бордир. Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эсланг: “Қасамки, агар сизлар шукр қилсангиз, албатта зиёда қиламан. Энди, агар куфрони (неъмат) қилсангиз, албатта азобим ҳам жуда қаттиқдир”. Мусо яна деди: “Агар сизлар ўзингиз ва ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ Беҳожат, ҳамду сано Эгасидир” (Иброҳим сураси, 3-8-оятлар).
Ушбу ояти карималарни ўқиб, мулоҳаза қилсак, Мусо алайҳиссалом қавмини энг олий, энг ҳикматли услуб билан ҳақ йўлга даъват қилганини билиб оламиз. Аввало, у зот якка-ю ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақирдилар. Сўнгра Аллоҳнинг неъматларини эслатиб, Бани Исроилнинг Фиръавн ва аъёнлари зулмидан озод қилгани ҳам Аллоҳнинг улуғ марҳамати эканини айтмоқдалар. Ахир Фиръавн Бани Исроил қавми бошига не кунларни солмади! Ана ўша азобларнинг энг каттаси, эндигина туғилган ўғил болаларни ўлдириб, қиз чақалоқларни тирик қолдириши бўлди.
Шундан кейин Мусо алайҳиссалом қавмига Аллоҳга имон келтириб солиҳ амаллар қилсалар, саодатга эришишилари, куфр йўлини танлаб, гуноҳга ботсалар, бадбахтлар қаторида бўлишларини эслатди. Аллоҳ шукр қилувчи бандаларига неъматларини зиёда қилиши, берилган туҳфаларни инкор қилиб, нонкўрлик қилганлар эса аламли-шиддатли азобга гирифтор бўлиши айтилди. Оят давомида барча кофирларнинг куфри Аллоҳга зиғирча ҳам зарар еткза олмаслиги, Аллоҳ таоло оламлардан беҳожат ва ҳамду сано айтилишига энг муносиб зот экани таъкидланди.
Хуллас, Мусо алайҳиссалом жидду жаҳд қилиб, таъсирли ва ҳикматли насиҳатлар билан қавмни тўғри йўлга чорлади.
Афсуски, қавмнинг аксарияти ҳали ҳам эски дардларидан фориғ бўлмаганди. Улар Мусо алайҳиссаломга исён қилар, унга ёмон муносабатда бўлар, Аллоҳга шерик қилиш борасида оёқ тираб туриб олишганди. Уларнинг жоҳиллиги ва аҳмоқликлари шу даражага етдики, Мусо алайҳиссаломдан айрим қавмларники сингари бир нечта илоҳлар топиб беришини сўрадилар.
Аллоҳ таоло айтади: “Ва Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказдик. Шунда улар бутларга сиғиниб турган бир қавм олдидан ўтдилар ва: “Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб бер”, дедилар. У айтди: “Албатта сизлар билмайдиган қавмдирсиз. Ахир уларнинг (ибодат қилиб) турган нарсалари йўқ бўлувчи, қилиб турган амаллари ботил-ку?!” (Мусо яна) деди: “Мен сизларни бутун оламлардан афзал қилиб қўйган Аллоҳдан ўзгани сизларга худо қилиб бераманми?!” (Эй Бани Исроил,) сизларни ёмон азоб билан қийнаётган, ўғилларингизни ўлдириб, қизларингизни қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланг! Бу ишларда Парвардигорингиз томонидан улуғ имтиҳон бордир” (Аъроф сураси, 138-141-оятлар).
Аллоҳ таоло Фиръавн ва лашкарларини ҳалок қилгач, Бани Исроил денгизнинг нариги соҳилига эсон-омон ўтиб олди ва муқаддас замин томон йўлга тушдилар. Аммо улар йўлда бутларга сиғинаётган қавмни кўриб қолишди. Бу ҳолатни кўриб, эски дардлари қўзиб қолдилар. Будпарастликка мойил бўлган табиатлари уларни Мусо алайҳиссаломдан мана шу қавм ибодат қилаётган илоҳлар каби бир илоҳ ясаб беришини сўрашди.
Қавм бу талабни ўртага ташлаганида Мусо алайҳиссалом бундан қаттиқ ғазабланди. Уларни ҳақиқатни билмасликда, жоҳилликда айблаб, қилаётган ишлари аслида ботил экани, Аллоҳ уларга улуғ неъматлар бергани, бунинг эвазига эса улар Аллоҳга ихлос билан ибодат ва шукр қилишлари лозимлигини айтдилар.
Аллоҳ таолонинг “Ва Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказдик”, деган қавли Аллоҳнинг уларга берган улуғ неъматлари тимсолидир. Ҳа, Бани Исроилнинг ашаддий душмани бўлган Фиръавн ўз қўшини билан Мусо алайҳиссалом ва у кишига эргашган кишиларни қувлаб, денгизгача етиб келди. Шунда Аллоҳ таоло тарафидан Мусо алайҳиссаломга асони денгизга уриш амр қилинди. Бу амр бажарилгач, денгиз иккига бўлиниб, ўртада йўл пайдо бўлди. Мусо ва издошлари эсон-омон дарёдан ўтишди. Улар нариги томонга ўтиб бўлишгач, Аллоҳ уларга лутф кўрсатди: душманларини кўз ўнгларида сувга ғарқ қилди.
Бу ўриндаги денгиз – “Қулзум” денгизи. Ҳозирда у “Қизил денгиз” дейилади.
“Шунда улар бутларга сиғиниб турган бир қавм олдидан ўтдилар”. Бу ерда улар денгизни кечиб ўтишгандан кейин кўрган баъзи нарсалари баён қилинмоқда. Яъни, улар мушрикларнинг ботил ибодатларини кўришлари билан кўнгилларида ширкка мойиллик пайдо бўлди.
Аслида улар бундан кейин ҳар қандай ботил ишни инкор қилишлари, ундан четроқ юриш ҳаракатида бўлишлари лозим эди. Чунки улар бутларга сиғинган Фиръавн ва унинг қавми қандай ҳалок бўлганини, бутларга ибодат қилмаганларнинг эса нажотга эришганини ўз кўзлари билан кўрган эдилар. Қолаверса, Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари Мусо алайҳиссалом уларни Аллоҳнинг фазлига эришишлари учун тавҳидига чақириб турарди. Лекин Бани Исроил аввалги бузуқ ақидасидан воз кечолмаётган эди. Шунинг учун ҳам улар бутларга сиғинаётган қавмни кўришлари билан шу жонсиз тошларга топингилари келиб қолди. Саркаш қавм бу ишга шу қадар мафтун бўлганидан ўзларини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақириб турган Мусо алайҳиссаломдан бут ясаб беришини сўрадилар. Мусо алайҳиссаломга қарата:
– Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб бер, дедилар .
Ҳа, уларнинг қалбларига ҳали имон мустаҳкам ўрнашмаган эди. Фиръавн бошчилигида бут-санамларга сиғиниш одати қон-қонигача сингиб кетганди. Мана шу бузуқ ақида уларнинг ақлларидан устун келар, нафслари эски одатларини қумсаб турарди.
Касаллик баданни шикастлагани каби қалбни ҳам жароҳатлайди. Бани Исроил қавми бир адашиб олмагунича ҳидоят топмас, бир пастга шўнғиб олмагунича юқорига кўтарилай демас, эски касаллик хуружини бошдан кечирмагунича тўғри йўлга юра олмасди.
Бани Исроилнинг Пайғамбарлари юзига тик боқиб: “Бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб бер”, дейишлари улар нақадар одобсиз ва ақлсиз бўлганларининг далилидир. Чунки улар ўша мушрик қавм сингари бутларга сиғиниш учун рухсат сўраганларида ҳам жоҳилликларини бироз “енгилроқ” санаш мумкин бўларди. Лекин улар айнан Пайғамбарнинг ўзидан “бизларга илоҳ ясаб бер” деб сўрашди.
Мусо алайҳиссалом уларнинг бу талабини эшитиб, хафа бўлдилар.
– Албатта сизлар билмайдиган қавмдирсизлар, деди.
Яъни, айтдиларки: эй Бани Исроил, сизларнинг бу талабингиз қалбингиз жаҳолатга тўла эканидан, бу жаҳолат ақлларингизни эгаллаб олганидан дарак беради. Шу сабаб, сизлар ҳидоят билан залолатни, яккаю ягона Аллоҳ билан тошдан ясалган бутлар ўртасидаги фарқни билмаяпсизлар!
Сўнгра Мусо алайҳиссалом уларнинг сўраётган нарсаси ботил эканини, адашган қавмга кўр-кўрона тақлид қилиш ёмон оқибатларга олиб келишини уқтирдилар:
– Ахир уларнинг (ибодат қилиб) турган нарсалари йўқ бўлувчи, қилиб турган амаллари ботил-ку?!
Яъни, сиз тақлид қилишни истаётган бу қавмнинг эътиқоди, бут-санамларга топиниши йўқ бўлишга маҳкумдир. Ҳамма жойда Аллоҳнинг дини – тавҳид эътиқоди ғолибдир.
Мусо алайҳиссалом қавмга Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш ҳалокатга сабаб бўлишини англатиб, уларга дедиларки:
– Мен сизларни бутун оламлардан афзал қилиб қўйган Аллоҳдан ўзгани сизларга худо қилиб бераманми?!
Яъни, сизларнинг Аллоҳдан ўзгани илоҳ қилиб олишларингизга рози бўламанми? Ахир сизларни ўз даврингизда бутун оламлардан афзал қилиб қўйган-ку Аллоҳ! Шу сабабдан У зотга ихлос билан ибодат қилишингиз керак эмасми?
Мусо алайҳиссаломнинг бу саволи уларнинг истагини инкор қилиш ва Аллоҳдан ўзгага сиғинишга бўлган рағбатларидан ажабланиш маъносидадир.
Оятнинг давомида Аллоҳ таоло Бани Исроилни азобу уқубатдан, хорликдан қутқаргани эслатилади: “(Эй Бани Исроил,) сизларни ёмон азоб билан қийнаётган, ўғилларингизни ўлдириб, қизларингизни қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланг! Бу ишларда Парвардигорингиз томонидан улуғ имтиҳон бордир”.
Яъни, эй Бани Исроил, сизлар ибрат олишингиз, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишингиз учун сизларни Фиръавннинг қаттиқ азобидан қутқарганимизни эсланг. Улар ўғил болаларингизни ўлдирар, хизмат қилдириш ва хорлаш учун қизларингизни тирик қолдирардилар. Мана бу азобда ва нажотда сизлар учун имтиҳон бордир.
Ушбу оятлар билан Бани Исроил талаб қилган нарса энг ҳикматли ва балоғатли услубда рад қилинмоқда. Бу ерда қавм фикр-мулоҳаза юритишдан йироқ, жаҳолат қаърига ботиб кетган, ўзларини ҳам, Аллоҳни ҳам танимайдиган кимсалар сифатида таърифланмоқда. Зеро, уларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирган пайғамбар юзига тик боқиб, “Эй Мусо, бизларга ҳам мана шу қавмникига ўхшаш илоҳлар қилиб бер”, деб қилган талаблари шундан дарак беради.
Ояти карима давомида улар қилган талаб ботил, кўнгил истаклари оқибати аянчли экани, йўқ бўлишга маҳкумлиги баён қилинди. Шундан сўнг Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш ҳар қандай ҳолатда жоиз эмаслиги, сабаби, Аллоҳнинг Ўзи якка илоҳ экани таъкидланди. Кейин Аллоҳ Бани Исроилга берган турфа хил ноз-неъматлар зикр қилинди. Мақсад: улар пайғамбардан талаб қилган нарса шу неъматларга ношукрлик қилиш эканини билдириш ва уларни тафаккурга, Аллоҳга тавба қилишга чақиришдир.
Бани Исроилнинг Мусо алайҳиссаломга исён қилиши ва айтган гапларини назарга илмаслиги
Қуръони каримнинг кўп оятларида Бани Исроилнинг Мусо алайҳиссаломга қилган исёни ҳақида ҳикоя қилинган. Эътиборингизни Моида сурасидаги қуйидаги оятларга қаратамиз: “Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Мусо қавмига: “Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини – орангиздан пайғамбарлар чиқарганини, яна сизларни мулку давлат эгалари қилиб, барча оламлардан бирон кишига бермаган инъомларини сизларга ато этганини эсланглар! Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб – тақдир қилиб қўйган бу муқаддас ерга дохил бўлинглар! Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўрувчиларга айланиб қоласиз”, деганида, улар: “Эй Мусо, у ерда зўравон одамлар бор. То улар чиқмагунларича биз у ерга зинҳор кира олмаймиз. Агар улар чиқиб кетсаларгина биз дохил бўламиз”, дедилар. (Шунда) Аллоҳдан қўрқадиган ва унинг инъом – марҳаматига муяссар бўлган икки киши: “Уларнинг устига дарвозадан тўсатдан кирингиз, агар унга кириб олсангиз, бас, шубҳасиз ғолиб бўласизлар. Агар мўмин бўлсангиз, Ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!” дедилар. (Қавм) айтди: “Эй Мусо, модомики, улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмаймиз. Бас, бор, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан урушаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб (кутамиз). (Мусо) айтди: “Парвардигорим, мен фақат ўзимга ва биродаримга эгаман, холос. Бас, Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажрат”. (Аллоҳ) деди: “Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ерда адашиб – улоқиб юрадилар. Сен бу итоатсиз қавмдан маҳзун бўлма” (Моида суарси, 20-26-оятлар).
Бу оятлар бизга ўзининг балоғатли услуби билан узоқ тарихда бўлиб ўтган воқеаларни ҳикоя қилмоқда. Унда Бани Исроилнинг нақадар жоҳил экани, пайғамбарига исён қилгани, ўзининг ўткинчи лаззатларини ўйлаб, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилишдан бош тортгани зикр қилинмоқда.
Мазкур қиссанинг қисқача баёни шундай: Аллоҳ таоло Бани Исроил кўз олдида Фиръавн ва қўшинини денгизга чўктириб юборганидан кейин Мусо алайҳиссалом қавми билан Шом диёри сари йўлга чиқди. Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий қилиб, қавмидан ўн икки нафар раҳбар танлаб олишни амр қилди. Шундан сўнг ўша раҳбарларни Канъонийлар юрти бўлган муқаддас заминга юборишни буюрди. Мақсад уларнинг яшаш тарзи ва аҳволларидан хабардор бўлиш эди.
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ амр қилган ишни бажарди. У раҳбарларни муқаддас замин халқи ҳақида маълумот олиб келиш учун юборар экан: “Кўрган нарсаларингизни мендан бошқага айта кўрманг!” дедилар.
Раҳбарлар муқаддас заминга йўл олишди. У ерга бориб, одамларнинг аҳволини кўрдилар. Сўнгра ортига қайтиб, Мусо алайҳиссалом қошига келдилар.
– Эй Мусо, – дейишди раҳбарлар, – биз сен юборган юртга бордик. Уларда сут ва асал жуда сероб экан. Одамлари ниҳоятда бақувват, шаҳарлари жуда мустаҳкам экан. Биз улар билан уруш қилолмаймиз.
Уларнинг бу фикрига қавм аҳли ҳам қўшилишди. Бироқ бу раҳбарларнинг икки нафари бу фикрга қарши чиқдилар.
– Биз Мусо алайҳиссаломга итоат қилишимиз керак. У бизларни Канъонийлар билан урушга чақирсалар, рози бўлишимиз даркор, – дейишди.
Аммо Бани Исроил бу икки раҳбарнинг ҳам гапига унамади. Бани Исроил урушдан бош тортиб, ҳамма ёқни бошига кўтариб:
– Эй қанийди, шаҳарда ёки одамлар ичида ўлиб кетсак эди, – деб йиғлай бошладилар.
Мусо алайҳиссалом уларни қўрқоқлик ва исёнкорликдан қайтариб, зўравон кимсаларга қарши курашишга чақирди. Аммо қавм кўзи кўр ва қулоғи кар ҳолида туғёнда давом этди.
Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий юбориб, ўша муқаддас замин Бани Исроилга қирқ йил ҳаром қилингани, улар қилган исёнларига яраша жазо олишлари учун сарсон-саргардон ҳолларида ватангадо бўлиб, адашиб юришларини маълум қилди.
Бу қиссанинг қисқача изоҳи эди. Унинг тафсилотлари тафсир ва тарих китобларида келган. Баъзи муфассирлар ўша зўравон кимсаларнинг сифатларини кишини ажаблантирадиган тарзда муболаға билан келтирадилар. Шунинг учун ҳам бу маълумотларни Ибн Касир сингари дақиқ олимлар ишончсиз деганлар .
Энди юқорида келган оятлар изоҳини батафсилроқ келтирамиз.
“Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Мусо қавмига: “Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини – орангиздан пайғамбарлар чиқарганини, яна сизларни мулку давлат эгалари қилиб, барча оламлардан бирон кишига бермаган инъомларини сизларга ато этганини эсланг!”
Бу ерда Бани Исроилдан аҳднома олингач, улар ваъдага вафо қилмаганлари зикр этилмоқда.
Яъни, эй Муҳаммад, Сизга тиш-тирноғи билан қарши чиқаётган яҳудийларга улар ота-боболарига Мусо томонидан қилинган хитобни эслатинг. Ўшанда Мусо уларга насиҳат қилиб:
– Эй қавмим, Аллоҳ сизларга берган неъматларини шукр ва итоат билан эсланглар! – деганди.
Ҳа, Мусо алайҳиссалом Бани Исроил Аллоҳнинг амрига итоат этиб, У зот берган неъматларга шукр қилиш билан янада кўпроқ инъомларга эришишини, илоҳий амрга бўйсуниш орқали абадий саодат топишини чин қалбдан истарди. Зеро, Бани Исроилнинг ҳидояти уни хурсанд қилар, итоатсизлиги эса ғам-андуҳга соларди.
“Орангиздан пайғамбарлар чиқарганини, яна сизларни мулку давлат эгалари қилиб, барча оламлардан бирон кишига бермаган инъомларини сизларга ато этганини эсланг!”
Бу оятда Аллоҳ таоло Бани Исроилга ато этган учта катта неъмат зикр қилинмоқда.
Биринчи неъмат: Бани Исроилдан Мусо, Ҳорун, Исҳоқ, Яъқуб ва Юсуф алайҳимуссалом каби пайғамбарлар чиқарилди. Аллоҳ таоло мазкур пайғамбарларни Бани Исроилни куфр, фисқу фужур ва исён зулматидан ҳидоят, тоат ва имон нурига чиқариш учун юборди.
Иккинчи неъмат: Бани Исроил мулку давлат эгалари қилиб қўйилди. Бани Исроил аввалда Фиръавн қўл остидаги қуллар бўлиб, турфа хил азобу қийноқларни бошларидан кечиришди. Аллоҳ уларни қулликдан озодликка, хорликдан азизликка олиб чиқди. Энди улар ўзлари хоҳлаган ишни амалга ошира оладилар, эрклари ўз қўлларида. Устига-устак бошқа мамлакатларни маскан тутишлари ва хизматкорлар ишлатишлари ҳам мумкин эди. Аввал улар бундай имкониятлардан маҳрум, ўзлари бировлар қўлида эртадан кечгача оғир меҳнат қилардилар.
Қулликдан кейинги озодлик, тангликдан кейинги фаровонлик каби улуғ неъматларни фақат покиза қалб эгаларигина эътироф этадилар ва уларни сақлашга ҳаракат қиладилар. Бу неъматларни сақлаб қолиш – зулм, адолатсизликдан тийилиш ва Аллоҳга шукр қилиш билан бўлади.
Учинчи неъмат: ўша замонда Бани Исроилдан бошқа бирон қавмга берилмаган улуғ неъматлар, кўрсатилган лутфу марҳаматлардир. Жумладан, устларига бедана ва ширинликлар ёғилиши, ўн икки қабилага етадиган булоқлар очилиши, денгизнинг иккига ажралиб, нариги тарафга эсон-омон ўтиб олишлари ва ортларидан келган Фиръавннинг сувга ғарқ бўлиши ва ҳоказо. Бани Исроил бундан бошқа яна қанча неъматлар билан сийланганди. Шунча яхшиликка эришган қавм бунинг эвазига Аллоҳнинг амрига сўзсиз итоат этишлари лозим эди. Аммо ундай бўлмади. Бани Исроилга берилган ҳисобсиз неъматлар эслатилгач:
– Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб – тақдир қилиб қўйган бу муқаддас ерга дохил бўлинглар! Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўрувчиларга айланиб қоласиз, – дейилди.
“Муқаддас замин” дейилишига сабаб, у ерни пайғамбарлар маскан тутишган. “Муқаддас замин”дан яна бир мурод “Байтул мақдис”дир. Баъзилар буни “Арийҳо”, бошқалар “Тур тоғи ва унинг атрофи”, дейишган.
“Аллоҳ сизларга ёзиб қўйган”, деганда, “сизларнинг яшашингизни тақдир қилган, сизлар пайғамбарга имон келтириб, унга итоат этганингизда, ўша ерларни сизларга ваъда берган”, маъноси тушунилади. Ёки: “сизларга намоз ва закотни фарз қилганидек ўша ерга киришингизни фарз қилган” маъносида ҳам тушуниш мумкин.
“Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўргувчиларга айланиб қоласизлар” оятида уларни қўрқоқлик қилиб, душмандан қочиб кетишдан огоҳлантирилмоқда.
Яъни, эй қавмим, Аллоҳнинг амрига қулоқ тутинглар, менинг ортимдан душман сари олға қадам ташланглар. Зеро, Аллоҳ сизларни муқаддас заминга киришга буюрди. Бироқ ғанимдан чўчиб ортларингизга қараб қочманглар, менга итоат этишдан бўйин товламанг! Акс ҳолда, дунё ва охиратда ғалабани қўлдан чиқарасизлар, афсус-надомат қилиб қоласизлар! Агар буюрилган жойга кирмасангиз, Аллоҳнинг яхшиликларидан маҳрум бўлиб қоласизлар!
Мусо алайҳиссалом қавмини турли йўллар билан илоҳий фармонга бўйсунишга, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилишга чақирди. Инсофли, мулоҳазали кишилар турли-туман неъматларга буркаб қўйган марҳамати чексиз Зотнинг айтганларини сўзсиз бажаришлари лозим эди. Бироқ Бани Исроил – бу, Бани Исроил эди. Уларга мудом ваъз-насиҳат қилинса-да, лекин ғайратлари бўшлиги, кучсиз иродалари, бузуқ табиатларидан воз кечгилари келмасди. Қилинган шунча ваъз-насиҳатлардан кейин ҳам улар пайғамбарга тик боқиб:
– Эй Мусо, у ерда зўравон одамлар бор. То улар чиқмагунларича биз у ерга зинҳор кира олмаймиз. Агар улар чиқиб кетсаларгина биз дохил бўламиз, – дейишди.
Яъни, эй Мусо, сен бизни киришга ундаётган жойда ғолиб кишилар бор. Улар ким билан жанг қилишса, албатта зафар қучишар экан. Биз улар билан курашишга қодир эмасмиз. Мана шу зўравон кимсалар муқаддас заминда эканлар, биз ҳеч қачон у ерга кира олмаймиз. Агар улар бирон сабаб билан чиқиб кетсалар, у ерга қийинчиликсиз кириб оламиз, дейишди.
Бани Исроил қавмининг бу гапи уларнинг нақадар қўрқоқ ва заиф бўлганликларидан дарак беради. Чунки улар ўз кучлари ва ақл-фаросатлари билан ғалабага эришишни истамаяптилар, балки кимларнингдир ўз ватанларидан чиқиб кетишлари ҳисобига ерларини эгаллаб олиш пайида бўлмоқлар. Булар фаровон ҳаётга муносиб эмаслар. Улар шундай ҳаётга эришиш учун бирон иш қилганлари ҳам йўқ.
Бани Исроил қўрқоқлик қилиб турган бир пайтда улар орасидан икки мўмин киши чиқиб, уларни Аллоҳ йўлида жанг қилишга, ғайрат кўрсатишга чақирди. Бу оятда шундай ифодаланган: “(Шунда) Аллоҳдан қўрқадиган ва унинг инъом – марҳаматига муяссар бўлган икки киши: “Уларнинг устига дарвозадан тўсатдан киринг, агар унга кириб олсангиз, бас, шубҳасиз ғолиб бўласизлар. Агар мўмин бўлсангиз, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!” дедилар”.
Бу ердаги икки киши – Юшаъ ибн Нун ва Колиб ибн Юқнодир. Улар ўн икки раҳбар ичида эдилар. Аллоҳ таоло уларни икки сифат билан васф қилди. Биринчиси, ёлғиз Аллоҳдан қўрқадиган, У зотга тақво қиладиган, Аллоҳдан ўзгадан қўрқмайдиган икки киши эди. Бу васфдан шу нарса маълум бўладики, Мусо алайҳиссалом ва ўша икки кишидан бошқалар Аллоҳдан эмас, кўпроқ душмандан қўрқишарди.
Иккинчи васф: “Унинг инъом – марҳаматига муяссар бўлган”дир. Яъни, фақат Аллоҳдан қўрқадиган, қалбларида У зотдан ўзгадан қўрқиш ҳиси бўлмаган, Аллоҳнинг ваъдасига ишонган ва У зотнинг амрига итоат этишдек улуғ неъматлар ила сийлаган икки мўмин киши:
– Улар устига дарвозадан киринглар, – дедилар.
Улар бу билан қавмдаги қўрқув ва ваҳимани кетказиб, ғайрат ва жасорат ҳисини уйғотмоқчи бўлишди.
“Агар мўмин бўлсангиз, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар!”
Бу ерда Бани Исроилга ишларини Аллоҳга топширишга, душманлари устига тўсатдан бостириб киришга азм қилишга чақирилмоқда.
Бу ҳикматли насиҳатларни эшитиб, уларга “лаббай”, деб жавоб бериш учун Бани Исроилда эшитувчи қулоқ, англовчи қалб топилмади. Аксинча, қилинган шунча панд-насиҳатларга бош тортиш ила жавоб бериб қўяқолдилар:
– Эй Мусо, модомики, улар шу жойда экан, биз ҳеч қачон кира олмаймиз.
Улар насиҳатга парво қилмай, туғёнларида давом этиб:
– Эй Мусо, ўша зўравон ва қудратли одамлар у ерда экан, биз сен айтган заминга зинҳор кира олмаймиз. Сабаби, улар билан яккама-якка курашишга, юзма-юз олишишга қодир эмасмиз! – дейишди.
Қавм амр қилинган ишни бажара олмасликларини таъкидлаш учун “Ҳеч қачон” дея ўз қатъиятсизликларини ифодалади.
Бани Исроил муқаддас замин аҳолиси ҳаёт экан, у ерга кира олмасликларини баён қилгач, энди учига чиққан қўрқоқ ва беодобликларини исботладилар. Улар Мусо алайҳиссаломга қарата юзсизларча:
– Бас, бор, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан урушаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб (кутамиз), дедилар.
Яъни, мана шу заминга кириш сен учун керак бўлса, ўзинг ва Парвардигоринг бориб, ўша қудратли қўшинга қарши жанг қилаверинглар ва уларни юртларидан чиқаринглар. Биз эса мана шу ерда ўтирамиз, олдинга бир қадам ҳам силжимаймиз.
Қавм саркашликда давом этгач, Мусо алайҳиссалом иложсиз қолди ва қўлини кўтариб Аллоҳга дуо қила бошлади:
– Парвардигорим, мен фақат ўзимга ва биродаримга эгаман, холос. Бас, Ўзинг биз билан бу итоатсиз қавмнинг орасини ажратгин!
Яъни, Мусо алайҳиссалом барча ғам-ғусса ва шикоятларини Аллоҳга арз қилиб, қавмининг бош тортиши ва қўрқоқлигини айта туриб:
– Ё Раббим! Биласан, мен ўзим ва биродарим Ҳорунгагина эгаман. Бошқаларни бу ишга мажбурлай олмайман. Биздан бошқалар Сенга яхши ва ёмон кунларда итоат этишига ишончим комил эмас! Қавмим Сенга итоат этмади, фосиқлик кўчасига кирди. Шундай экан, ё Аллоҳ, улар билан бизнинг йўлимизни ажрат. Бизларга ўзимизга муносиб ҳукм қил, уларга ҳам ўзларига мос ҳукм қил. Зеро, Сен энг адолатли ва ҳикматли Зотдирсан! – дея илтижо қилди.
Аллоҳ Мусо алайҳиссалом дуосини қабул қилди. Бани Исроил маънавий залолат қаърига ботганлари етмагандек улар зоҳирий-моддий залолатга кетиши баён қилинди:
(Аллоҳ) деди: “Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳаромдир. Улар ерда адашиб – улоқиб юрадилар. Сен бу итоатсиз қавмдан маҳзун бўлма”.
Яъни, эй Мусо, муқаддас замин анави қўрқоқ ва осий кимсалар учун қирқ йил ҳаромдир. Шу муддат ичида улар саҳроларда сарсон-саргардон бўлиб тентираб юрадилар, зинҳор муқим бўлолмайдилар, бирон жойни макон тутолмайдилар. Уларнинг бу азоб-уқубатидан сен сира хафа бўлма! Тоатимиздан бўйин товлаганлари, душманлари билан жанг қилишдан қўрққанлари ва пайғамбарларига одобсизлик қилганлари сабаб, Биз уларни шундай жазолаймиз.
Мусо алайҳиссалом йўқлигида Бани Исроилнинг бузоққа сиғиниши
Тоҳа сурасидаги оятларда Бани Исроил бузоққа сиғинганлари айтилган. Бу уларнинг басират кўзлари кўр, маънавий сўқир бўлганларига далолат қилади.
“(Аллоҳ деди:) “Қавмдан мунчалар илгарилаб кетдинг, эй Мусо!” У айтди: “Улар ана – изимдан келурлар. Мен эса Сен рози бўлишинг учун олдингга шошилдим, Парвардигорим! (Аллоҳ) деди: “Ҳақиқатан, Биз Сенинг ортингдан қавмингни имтиҳон қилдик ва Сомирий уларни йўлдан оздирди”. Бас, Мусо қавмига ғазабланган ва ғамга ботган ҳолда қайтиб келиб деди: “Эй қавмим, Парвардигорингиз сизларга чиройли ваъда қилмаганмиди?! Сизларга (ўтган) вақт узун (кўриниб) кетдими ёки устингизга Парвардигорингиз томонидан ғазаб тушишини истаб менга берган ваъдангизни унутдингизми?! Улар айтдилар: “Бизлар сенга берган ваъдани ўз инон-ихтиёримиз билан бузганимиз йўқ. Лекин бизлар қавмнинг зеб-зийнатларидан иборат нарсаларни кўтариб чиққан эдик, бас, уларни оловга ташладик. Сўнг Сомирий ҳам ташлади. Сўнг уларга овози бор ҳайкал-бузоқ чиқариб берди. Сўнг дедилар: “Сизларнинг ҳам, Мусонинг ҳам илоҳи шу эди, (Мусо) унутди”. Ахир улар унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини ва бирон зиён ҳам, фойда ҳам етказишга қодир эмаслигини кўрмайдиларми?!” (Тоҳа сураси, 83-89-оятлар).
Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қўшинини ҳалок қилгач, Мусо алайҳиссалом Тур тоғи томон йўл олди. Қолганларга Ҳорун алайҳиссаломни раҳбар қилиб қолдириб, ўзи етмиш нафар киши билан Парвардигорига муножот қилишга кетди. Мусо алайҳиссалом Аллоҳ билан кўришиш шавқида ўзи билан бирга бўлганлардан илгарилаб кетади. Юқоридаги ояти карималарда Мусо алайҳиссалом йўқлигида Бани Исроил қандай қилмишларни ўйлаб топганлари баён қилинмоқда. Келинг, бу воқеаларни батафсилроқ кўриб чиқамиз.
“Қавмдан мунчалар илгарилаб кетдинг, эй Мусо!”
Яъни, эй Мусо, бу ерга келишда қавмингни ортда қолдириб, нима сабабдан улардан илгарилаб кетдинг? Ваҳоланки, қавм бошлиғи сафар чоғида орқада юриши, уларни ҳимоя қилиб, ҳолидан хабардор бўлиши керак эди?
“У айтди: “Улар ана – изимдан келурлар. Мен эса Сен рози бўлишинг учун олдингга шошилдим, Парвардигорим!”
Яъни, Мусо алайҳиссалом узрини қуйидагича баён қилди:
– Қавмим ортимдан келмоқда, ҳадемай менга етиб олишади. Эй Парвардигорим, Сен билан гаплашиш ва розилингни олиш мақсадида улардан олдинроқ келгандим!
“Ҳақиқатан, Биз Сенинг ортингдан қавмингни имтиҳон қилдик ва Сомирий уларни йўлдан оздирди”.
Бу ерда Мусо алайҳиссалом кетгач, Бани Исроил қилган ишлар ҳақида хабар берилмоқда.
“Сомирий” Бани Исроил залолатига сабаб бўлган одамнинг исми. Айтишларича, у Бани Исроил бошлиқларидан эди. Ўша киши “Сомира” номи билан танилган қабилага мансуб бўлган .
Оятнинг маъноси қуйидагича: Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга:
– Биз сен кетганингдан кейин қавмингни имтиҳон қилдик. Сомирий уларни бузоққа ибодат қилишга чақирди. Улар Сомирийнинг сўзини икки қилмадилар.
“Бас, Мусо қавмига ғазабланган ва ғамга ботган ҳолда қайтиб келди”.
Яъни, Мусо алайҳиссалом Парвардигорига муножот қилиб, Тавротни қабул қилганидан кейин қаттиқ ғазабланган ва ғам-ғуссага ботган ҳолда ортига қайтиб келди.
Мусо ғазабнок ҳолда келиб қавмига айтган гаплари қуйидаги оятда келтирилади:
“Эй қавмим, Парвардигорингиз сизларга чиройли ваъда қилмаганмиди?!”
Яъни, эй қавмим, Парвардигорингиз сизларга Таврот нозил қилиб, у билан сизларни ҳидоят ва саодатга бошлаш, душманларингизни кўз олдингизда ҳалок қилишини ваъда бермаганмиди?! Сизлар Унинг неъматларидан фойдалана туриб, яна нима сабабдан Унга ибодат қилиш ва итоат этишдан бош тортасизлар?!
“Сизларга (ўтган) вақт узун (кўриниб) кетдими ёки устингизга Парвардигорингиз томонидан ғазаб тушишини истаб менга берган ваъдангизни унутдингизми?!”
Яъни, мен кетганимдан бери ўтган вақт сизларга узунлик қилдими? Йўқ, аслида бу қисқа вақт эди. Бу муддат ичида сизларга амр қилинган нарсаларни унутиб юборган бўлишингиз мумкин эмас. Балки сизлар устингизга Аллоҳнинг ғазаби ёғилишини истайсизлар! Ҳа, сизлар менга берган ваъдангизга, ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилиш ҳақидаги аҳдномага хилоф иш қилдингиз!
Қисса давомида уларнинг асоссиз баҳоналари келтирилади. Бу Бани Исроил қавмининг ақлдан озгани, табиатлари нопок, шахсиятлари носоғлом эканига далолат қилади.
Улар айтдилар: “Бизлар сенга берган ваъдани ўз инон-ихтиёримиз билан бузганимиз йўқ”.
Яъни, биз сенга берган ваъдага хилоф қилиб, ўз хоҳиш-иродамиз билан бузоққа сиғинганимиз йўқ. Бунда ихтиёримиз ўз қўлимизда эмасди. Балки бизни Сомирий йўлдан оздирди.
“Лекин бизлар қавмнинг зеб-зийнатларидан иборат нарсаларни кўтариб чиққан эдик, бас, уларни оловга ташладик. Сўнг Сомирий ҳам ташлади”.
Яъни, биз аҳдни ўз истагимиз билан бузмадик. Балки қибтийлардан ноҳақ йўл билан тортиб олинган зийнатларни Сомирийнинг буйруғига биноан оловга ташладик. Сомирий ҳам ўзида бор зеб-зийнатларни оловга ташлади.
Ибн Касир айтади: “Бу жоҳил қавм қибтийлар зийнатидан “тақво” қилиб, уни оловга ташлади ва бузоққа сиғинди. Ҳа, улар кичик нарсадан четланиш учун катта бир жиноятга қўл урдилар ”.
Шундан сўнг Сомирий ўша зийнатларни нима қилгани айтилади: “Сўнг уларга овози бор ҳайкал-бузоқ чиқариб берди. Сўнг дедилар: “Сизларнинг ҳам, Мусонинг ҳам илоҳи шу эди, (Мусо) унутди”.
Сомирий оловга ташланган зийнатлардан Бани Исроил учун худди сигир каби овоз чиқарадиган бир бузоқ ясаб берди. Шунда Бани Исроил:
– Мана шу сизларнинг Раббингиз. Мусонинг Раббиси ҳам шу. Бас, унга ибодат қилинглар! Мусо бу ердаги илоҳини унутиб, уни бошқа жойдан қидириб кетди, – дедилар.
Бани Исроил қавмининг бу гапи уларнинг тентак ва нодон, пайғамбарларига нисбатан нақадар одобсиз бўлганларини кўрсатиб турибди. Улар бузоққа сиғинишга ўтиб, уларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирган пайғамбарни адашганга, бузоққа сиғинганга чиқариб қўйдилар.
“Ахир улар унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини ва бирон зиён ҳам, фойда ҳам етказишга қодир эмаслигини кўрмайдиларми?!”
Яъни, уларнинг сўқирлиги шу даражага етдики, ўзлари илоҳ қилиб олган бузоқ сўрасалар ёки хитоб қилсалар, уларга ижобат қила олмаслиги, саволга жавоб беролмаслиги, бирон зиён ҳам, фойда ҳам келтира олмаслигини хаёлларига келтирмадилар.
Қисса давомида Ҳорун алайҳиссалом бузоққа топинган бу саркаш қавмга қандай муносабатда бўлгани баён қилинади:
“Ҳолбуки, илгари Ҳорун уларга: “Эй қавмим, сизлар бу билан фақат имтиҳон қилингдинглар, холос. Шак-шубҳа йўқки, сизларнинг Парвардигорингиз ёлғиз Раҳмон – марҳаматли Аллоҳдир. Бас, менга эргашинглар ва амримга итоат этинглар!” деганда, улар: “То бизларга Мусо қайтмагунича, унга ибодат қилиб – сиғинишдан ҳаргиз ажралмаймиз”, деган эдилар” (Тоҳа сураси, 90-91-оятлар).
Яъни, Аллоҳга қасамки, Мусо алайҳиссалом қайтиб келишидан олдин Ҳорун алайҳиссалом бузоққа сиғинаётганларга насиҳат қилиб:
– Эй қавмим, сизларнинг залолатга кетишингиз ва куфрони неъмат қилишингизга мана шу бузоқ сабабдир. Ваҳоланки, сизларнинг Парвардигорингиз Аллоҳ ибодат қилишингиз ва итоат этишингиз учун энг муносиб зотдир, – деди.
Бу ерда “Парвардигор” сўзига “Раҳмон” қўшилишидан мақсад, уларни ҳақ томон буриш, огоҳлантириш ва Аллоҳ меҳрибон зот экани, бандаси қачон тавба қилса, кечиришини эслатишдир.
“Бас, менга эргашинглар ва амримга итоат этинглар!”
Яъни, шундай экан, ҳақ йўлда мустаҳкам туриш, бузоққа топинишдан воз кечиш ва Мусо алайҳиссалом билан аҳдлашилган нарсани сақлаш ила менга итоат этинглар!
Ҳорун алайҳиссалом куюнчаклик билан қилган насиҳати бесамар кетди. Бу ҳикматли сўзлар уларнинг қалбига етиб бормади. Пурҳикмат ваъзларни эшитувчи қулоқ топилмади. Бунинг ўрнига улар қуйидагича жавоб қайтаришди:
– То бизларга Мусо қайтмагунича, унга ибодат қилиб – сиғинишдан ҳаргиз ажралмаймиз.
Яъни, биз Мусо алайҳиссалом келгунича бузоққа сиғинишдан тўхтамаймиз. Кўрамиз, Мусо келганидан кейин нима бўлар экан!
Ҳорун алайҳиссалом қилган саъй-ҳаракати бирон натижа бермади. Бани Исроил уни насиҳатгўй сифатида тан олмадилар. Мусо алайҳиссаломни кутишларини маълум қилишди. Улар ўзларини гўё Мусо алайҳиссалом қайтиб келгач, унинг гапларини ерда қолдирмайдигандек тутаётган эдилар.
Шундан кейин қавмининг залолатга ботганини кўрган Мусо алайҳиссалом дарғазаб ҳолда биродари Ҳорунга қандай хитоб қилгани келтирилади:
“Эй Ҳорун, уларнинг йўлдан озганларини кўрган пайтингда менинг ортимдан боришингдан сени нима тўсди?! Менинг амримга итоатсизлик қилдингми?!” (Шунда Ҳорун): “Эй онамнинг ўғли, сен менинг соч-соқолимдан тортмагин. Мен: “Менинг сўзимни кутмай, Бани Исроилни бўлиб юборибсан”, дейишингдан қўрқдим”, деди (Тоҳа сураси, 92-94-оятлар).
Яъни, Мусо биродари Ҳорунга маломат оҳангида:
– Эй Ҳорун, улар бузоққа сиғинганларини кўрган вақтингда қаршилик қилишингга нима тўсиқ бўлди? Нима сабабдан бундай ишга рози бўлдинг? Ёки амримга итоатсизлик қилдингми?! Ваҳоланки мен сенга: “Менинг ўрнимга ўринбосар бўл ва уларни ислоҳ қил, лекин бу бузғунчиларнинг йўлига эргашма” демаганмидим? Улар Аллоҳдан ўзгага сиғнишса-да бунга индамай қараб турибсан-а! – деди.
Бу гаплардан Мусо Ҳорундан жоҳилларга нисбатан қаттиққўллик билан муносабатда бўлишни, бўш келмасликни талаб қилгани маълум бўлади.
Ўз навбатида Ҳорун алайҳиссалом биродари Мусо алайҳиссаломга мулойимлик билан қуйидагича жавоб қилди:
– Эй онамнинг ўғли, сен менинг соч-соқолимдан тортмагин. Мен: “Менинг сўзимни кутмай, Бани Исроилни бўлиб юборибсан”, дейишингдан қўрқдим.
Яъни, Ҳорун Мусонинг ғазабини босиб, қалбида меҳр ҳиссини уйғотиш учун:
– Эй биродарим, мени қаттиқ маломат қилма! Амрингга осийлик қилганим йўқ. Сенга итоат этишдан бош тортмадим. Улар бузоққа ибодат қилганларини кўрганимда, “Менинг буйруғимни кутмай, мен билан бўлган мўминларни талашиб-тортишадиган икки гуруҳга бўлиб юборибсан”, дейишингдан қўрқдим. Сенинг насиҳатингга амал қилдим, уларга қаттиққўллик қилмадим. Уларни огоҳлантириш билан чекландим, – деди.
Мусо алайҳиссалом биродари Ҳоруннинг узрини эшитгач, фитнанинг сабабчиси бўлган Сомирийга ғазаб билан мурожаат қилди. Аллоҳ таоло буни қуйидагича баён қилган:
“(Сўнгра Мусо Сомирийга қараб:) “Бу нима қилганинг, эй Сомирий?” деди. У айтди: “Мен улар кўрмаган нарсани кўрдим. Бас, элчи – Жаброилнинг босган изидан бир сиқим олиб, уни сочдим. Менга нафсим ана шундай қилишни чиройли кўрсатди”. (Мусо) деди: “Бас, йўқол! Энди сен учун ҳаётда “Тегингманглар” дейишгина бордир. Сен учун ҳаргиз хилоф қилинмайдиган бир ваъда – азоб бордир. Сен устидан жилмай ибодат қилган “илоҳинг”ни кўриб қўй! Биз, албатта, уни ёндириб, сўнгра денгизга сочиб юборамиз”. (Эй инсонлар,) илоҳингиз ёлғиз Аллоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У барча нарсани ўз илми билан қамраб олгандир” (Тоҳа сураси, 95-98-оятлар).
Ҳаммасига Сомирий айбдор эканини билган Мусо унга дарғазаб ҳолда:
– Буни нима қилганинг, эй Сомирий?! – деди.
Яъни, сени бундай қилишга нима ундади?
Шунда Сомирий қуйидагича жавоб қилди:
– Мен улар кўрмаган нарсани кўрдим. Бас, элчи – Жаброилнинг босган изидан бир сиқим олиб, уни сочдим.
Яъни, мен Бани Исроил билмаган нарсани билдим, улар илғамаган нарсани кўрдим.
Кўпчилик муфассирлар иттифоқига кўра, бу ердаги “расул”дан мурод Жаброил алайҳиссалом, “изидан” мурод эса Жаброил минган отнинг қадами теккан жойдир.
Ривоят қилинишича, Жаброил алайҳиссалом Мусо алайҳиссалом олдига келган. Шунда Мусо унинг ҳамроҳлигида Аллоҳдан Тавротни қабул қилиш учун кетган. Буни Мусо алайҳиссалом қавмидан ёлғиз Сомирий кўриб қолган. Сомирий қараса, Жаброил минган отнинг туёғи теккан ер яшил тусга кирар, бундаги тупроқ ўзгача кўриниш оларди. Шунда Сомирий Жаброил алайҳиссалом отининг туёғи теккан тупроқдан бир сиқим олиб, эриб турган зеб-зийнатлар устига ташлади ва худди тирик бузоқ каби овоз чиқарадиган ҳайкал пайдо бўлди.
“Менга нафсим ана шундай қилишни чиройли кўрсатди”.
Яъни, Сомирий қилмишига сабаб ахтарар экан, сўзида давом этди:
– Нафсим менга Бани Исроил Аллоҳни қўйиб, қўлларим билан ясаб берган бузоққа сиғинишларини чиройли қилиб кўрсатди.
Бунга жавобан Мусо алайҳиссалом шундай деди:
– Бас, йўқол! Энди сен учун ҳаётда “Тегингманглар” дейишгина бордир.
Яъни, эй Сомирий, шундай қилган экансан, бас, кет, қорангни кўрсатма! То тирик экансан, одамлар томонидан сенга маломат тошлари отилади. Бу иш шу даражага етадики, агар бирон киши сенга яқинлашса, “Менга тегингманглар, тинч қўйинглар!” деб ялинасан.
Айтилишича, бу оятда аҳли бидъат ва маъсият эгалари танқид остига олиниб, улардан узоқ юришга, уларни одамлардан айро қилишга далолат қилинмоқда.
Сомирий қилмишига яраша дунёда қандай жазога лойиқ кўрилгани айтилгач, энди охиратда қандай азобга гирифтор бўлиши баён қилинади:
“Сен учун ҳаргиз хилоф қилинмайдиган бир ваъда – азоб бордир”.
Яъни, эй Сомирий, сенга охиратда Аллоҳнинг шундай ваъдаси борки, Аллоҳ унга зинҳор хилоф қилмайди, уни албатта амалга оширади. Сен ўзинг нотўғри йўлга юрганинг етмаганидай ўзгаларни ҳам залолатга бошлаганинг учун энг муносиб ва адолатга жазони оласан. Дунёда одамларнинг маломати ва нафратига йўлиқсанг, охиратда аламли азоб-уқубатларга дучор бўласан.
Сомирий устидан ҳукм чиқарилгач, энди одамларни адаштириш мақсадида ясалган сохта илоҳ – бузоқ Мусо алайҳиссалом томонидан қай кўйга солингани баён қилинади:
“Сен устидан жилмай ибодат қилган “илоҳинг”ни кўриб қўй! Биз, албатта, уни ёндириб, сўнгра денгизга сочиб юборамиз”.
Яъни, эй Сомирий, йўғимда сен ясаб олган, ўзинг ва манави жоҳиллар топинган бутнинг ҳолини кўриб қўй. Сизларнинг кўз олдингизда уни ўтда ёндириб, денгизга сочиб юборамиз. Ундан бирон зарра ҳам қолмайди.
Маънан сўқир жоҳиллардан устун келиш учун сохта илоҳ ёндирилиб, унинг кули денгизга сочиб юборилди. Ахир ожиз инсон қўли билан ясалган бузоқ ҳайкали қандай илоҳ бўлсин! Ёндириб, сочиб юборилса ҳам ўзини ҳимоя қилолмайдиган бир ашё эди, холос.
“(Эй инсонлар,) илоҳингиз ёлғиз Аллоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У барча нарсани ўз илми билан қамраб олгандир”.
Ибодат қилишга муносиб зот улуғ Аллоҳдир. У ҳамма нарсани Ўз илми билан қамраб олган. Ерда ҳам, кўкда ҳам бирон нарса Унга махфий эмас, У зот барча нарсани билади.
Аъроф сурасидаги ояти карималарда Бани Исроилнинг бузоққа сиғиниши ҳақидаги қиссанинг бошқа жиҳатлари баён қилинган. Аллоҳ таоло айтади:
“Мусонинг қавми ундан кейин ўзларининг безак буюмларидан овоз чиқарадиган бир бузоқ шаклини (ясаб) олдилар. Ахир улар ўша (бузоқ) ўзларига сўзлай олмаслигини ва ҳидоят ҳам қила олмаслигини билмайдиларми?! Улар ўшани ушлаб, зулм қилувчилардан бўлдилар. Қачонки қўлга тушишгач ва ўзларининг йўлдан озганларини билишгач, айтдилар: “Қасамки, агар Парвардигоримиз бизга раҳм этмаса ва мағфират қилмаса, албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз”. Қачонки Мусо қавмига ғазабланган ва хафа ҳолида қайтгач: “Менинг ортимдан нақадар ёмон қолувчи бўлдингиз. Парвардигорингизнинг амр-фармони (етиб келгунича сабр қилмай) шошиб кетдингизми?” деб лавҳларни ташлаб юборди ва акасининг бошидан ушлаб ўзига торта бошлади. (Ҳорун) деди: “Эй онамнинг боласи, биродарим, бу қавм мени хўрлаб, ўлдиришларига оз қолди. Энди сен ҳам бу душманларни менинг устимдан кулдирма ва мени золим қавм билан бирга қилма!” (Мусо) деди: “Парвардигорим, мени ва биродаримни Ўзинг мағфират этгайсан ва бизни Ўз раҳматингга дохил қилгайсан, Ўзинг раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғисан!” Шубҳасиз, бузоқни ушлаб олган кимсаларга Парвардигори тарафидан ғазаб ва дунё ҳаётида хор-зорлик етар. (Аллоҳ) шаънига ёлғон тўқувчиларни мана шундай жазолаймиз. Гуноҳ ишларни қилиб, кейин уларнинг ортидан тавба қилган ва имон келтирган кишилар учун эса, албатта Парвардигорингиз ўшандан кейин ҳам мағфират қилувчи, Меҳрибондир” (Аъроф сураси, 148-153-оятлар).
Мусо алайҳиссалом Парвардигоридан Тавротни қабул қилиб олиш учун кетганида эски иллатларидан фориғ бўлиб ургурмаган Бани Исроил зийнатлардан ясалган бузоқ ҳайкалини ўзлари учун худо қилиб олдилар.
“Ахир улар ўша (бузоқ) ўзларига сўзлай олмаслигини ва ҳидоят ҳам қила олмаслигини билмайдиларми?!”
Улар ақлсиз ва жоҳил бўлмасалар, шундай қабиҳ ишга қўл урармидилар! Бани Исроил қавми шу даражада жаҳолат қаърига ботган эдики, ўзлари сиғинаётган жонсиз бузоқ сўзлай олмаслиги, уларнинг хатосини тузатиб, тўғри йўлга бошлай олмаслигини ўйлаб ҳам кўрмас, жонсиз ҳайкал илоҳ бўлолмаслигини хаёлларига ҳам келтирмасдилар.
Сўзлай олмаслик ва ҳидоятга бошламаслик иллатига эга нарса қандай қилиб илоҳ бўлади? Ваҳоланки, илоҳликка энг муносиб зот бўлган Аллоҳ таоло пайғамбарларига сўзлайди, бандаларини тўғри йўлга бошлайди, уларни ёмонликдан қайтаради.
“Улар ўшани ушлаб, зулм қилувчилардан бўлдилар”.
Яъни, улар ўша бузоқнинг жонсиз ҳайкали бирон нарсага қодир эмаслигини била туриб уни илоҳ деб даъво қилдилар. Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш ва ботилни ҳақ деб даъво қилиш билан ўзларига зулм қилдилар.
Шундан сўнг Бани Исроил қилаётган бу ишлари залолат эканини сезиб қолишгани баён этилади:
“Қачонки қўлга тушишгач ва ўзларининг йўлдан озганларини билишгач, айтдилар: “Қасамки, агар Парвардигоримиз бизга раҳм этмаса ва мағфират қилмаса, албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз”, дедилар.
Бани Исроил қавми бузоққа сиғиниш хато эканига амин бўлиб, қилган ишларига афсус чекишди ва ҳасрат-надомат ила:
– Агар Меҳрибон Аллоҳ бизга раҳм қилмаса, ҳолимизга вой! У ҳолда биз амали бекор бўладиган кимсалардан бўлиб қоламиз! – деб оҳу нола чекишди.
Бу пушаймонлик Мусо алайҳиссалом қайтиб келганидан кейин бўлган. Чунки Ҳорун алайҳиссалом гумроҳ қавмни бу ишдан қайтарганида, улар Мусо қайтиб келгунича бузоққа сиғинишни давом эттиришларини очиқчасига эълон қилишганди.
Бани Исроилнинг қилмишига надомати Мусо алайҳиссалом келганидан кейин бўлганига яна бир далил, Пайғамбар мийқотдан қайтиб келгач, бузоққа сиғиниб турган қавмни қаттиқ танқид қилади, уларни бу ишдан қайтаради. Агар улар Мусо келмасидан олдин айбларига иқрор бўлиб, ширк амалдан воз кечганларида, Мусо алайҳиссаломнинг ғазабланишига ҳожат қолмасди.
“Қачонки, Мусо қавмига ғазабланган ва хафа ҳолида қайтгач: “Менинг ортимдан нақадар ёмон қолувчи бўлдингизлар”, деди.
Мусо алайҳиссалом Тур тоғидан қайтиб келгач, қавми бузоққа сиғинаётганини кўриб, Аллоҳдан ўзгани илоҳ қилиб олганлари сабаб қаттиқ ғазабланди, мана шу тил-забонсиз бузоқ туфайли фитнага тушганларидан хафа бўлиб:
– Мен Раббим билан муножот қилгани кетганимда ортимдан қандай ёмон ўринбосар бўлдингиз! Сизлардан Аллоҳга ихлос билан ибодат қилиш ва мен келтирган шариатга амал қилиш ҳақида олинган аҳднома ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадингиз, – деди.
“Парвардигорингизнинг амр-фармони (етиб келгунича сабр қилмай) шошиб кетдингизми?”
Яъни, менга берган аҳдингизга турмай бузоққа сиғинишга шошилдингизми? Ўз динингизни ўзгартириб, мана шу ҳайкалга сиғиндингизми?!
Шундан сўнг Мусо алайҳиссалом нима қилгани баён этилади:
“(Мусо қўлидаги) лавҳларни ташлаб юборди ва акасининг бошидан ушлаб ўзига торта бошлади”.
Қавми ширк томон қадам босгани сабаб, Мусо алайҳиссалом жунбушга келди ва қўлидаги лавҳаларни ташлаб юборди. Бу Аллоҳ учун қилинган ғазаб эди. Бу ўз дини учун қилинган ғазаб эди. Зеро, Мусо алайҳиссалом жон куйдириб қавмини яккаю ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақирсаю, оз муддат йўқ бўлганида қавми бутга сиғинишга ўтиб кетса. Бу қилмишга соғлом фикр ва ақл соҳиби чидаб туролмасди.
Мусо дарғазаб ҳолда қўлидаги лавҳаларни ташлаб юборгач, биродари Ҳоруннинг сочидан торта бошлади. Сабаби, у қавмига насиҳат қилишда сускашликка йўл қўйган, улар бузоққа топинишларига рози бўлиб индамай ўтираверган, деб ўйлаганди.
Дакки эшитган Ҳорун Мусо алайҳиссалом қалбидаги ака-укалик меҳрини уйғотиш, унинг ғазабини босиш ва ўзининг айбсиз эканини ифодалаш мақсадида:
– Эй онамнинг боласи, биродарим, бу қавм мени хўрлаб, ўлдиришларига оз қолди. Энди сен ҳам бу душманларни менинг устимдан кулдирмагин ва мени золим қавм билан бирга қилма! деди.
Яъни, эй биродаримнинг ўғли, мени уларга қаршилик қилмаган, деб ўйлама. Уларга етарлича насиҳат қилдим. Аммо улар сўзимга қулоқ солмадилар. Айтганларимга парво қилмай, менинг айтган гапларимни назарга илишмади. Ширкдан қайтарганим учун мени ўлдиришларига оз қолди. Бас, шундай экан, мени бу қавм билан бир қаторда санама. Зеро, мен улардан айроман. Улар насиҳатни хушламадилар, ўз билганларидан қолмадилар!
Бу таъсирли сўзлардан кейин Мусо алайҳиссалом биродари айбсиз эканини англади ва:
– Парвардигорим, мени ва биродаримни Ўзинг мағфират қилгайсан ва бизни Ўз раҳматингга дохил қилгайсан, Ўзинг раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғисан! деди.
Мусо биродари Ҳорунни ноҳақ айблаганини билгач:
– Парвардигоро, биродаримга қўполлик қилганим учун мени кечир! Шунингдек, биродаримни ҳам мағфират қил! Зеро, Сен уни мендан яхши биласан. Бизларни барча нарсадан кенг бўлган раҳматингга дохил қил. Зеро, Сен энг раҳмли зотсан, – деди.
Шу билан Ҳорун алайҳиссалом айбсиз экани исботланди. У Бани Исроилни бузоққа сиғинишдан қайтариш учун ўз обрўсини ўйламай, Аллоҳ розилиги учун ҳаракат қилгани маълум бўлди.
Қиссанинг давомини ўқиш орқали бузоққа сиғинган нодон қавмнинг тақдири қандай бўлганини билиб оламиз:
“Шубҳасиз, бузоқни ушлаб олган кимсаларга Парвардигори тарафидан ғазаб ва дунё ҳаётида хор-зорлик етар. (Аллоҳ) шаънига ёлғон тўқувчиларни мана шундай жазолаймиз”.
Яъни, бузоқни ўзларига худо қилиб олган, залолат йўлида бардавом бўлганлар Аллоҳнинг қаттиқ азобига гирифтор бўлажаклар. Уларга ушбу ўткинчи дунёда хорлик ва ҳақорат етади. Биз Аллоҳ шаънига ёлғон тўқувчиларни, Биз белгилаб берган чегарадан ўтувчиларни, Бизга итоат этишни хоҳламаганларни ҳар бир замон ва маконда мана шундай жазолаймиз!
Шундан сўнг ҳақиқий тавба қилувчилар учун мағфират эшиклари доим очиқ экани маълум қилинади:
“Гуноҳ ишларни қилиб, кейин уларнинг ортидан тавба қилган ва имон келтирган кишилар учун эса, албатта Парвардигорингиз ўшандан кейин ҳам мағфират қилувчи, Меҳрибондир”.
Яъни, гуноҳ ишларни содир этиб, кейин қилмишларига пушаймон бўлган, Аллоҳга қайтган бандалар гуноҳи кечирилади. Зеро, Аллоҳ ҳар қандай гуноҳни мағфират қилувчи ва меҳрибон зотдир.
Қисса давомида ғазаби босилган Мусо алайҳиссалом нима қилгани баёни келади:
“Қачонки Мусонинг ғазаби босилгач, ҳалиги лавҳаларни олди – унда “Парвардигоридан қўрқадиган кишилар учун ҳидоят ва раҳмат бўлади”, деб ёзилган эди” (Аъроф, 154).
Яъни, Ҳоруннинг айбсизлиги маълум бўлди. Қавм қилган ишидан тавба қилди. Мусо алайҳиссаломнинг ғазаби босилиб, бироз олдин ташлаб юборган лавҳаларни қўлига олди. Ўша нусхаларда Аллоҳ азза ва жалладан қўрқадиган бандалар учун тўғри йўлга бошловчи улуғ ҳидоят ва кенг раҳмат бўлиши ёзилган эди.
Шундан сўнг Мусо алайҳиссалом ўз қавмидан 70 кишини танлаб олгани ҳақида ҳикоя қилинади:
“Мусо Биз белгилаган вақтимиз учун ўз қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Шу пайт уларни даҳшатли зилзила тутган эди, айтди: “Парвардигорим, агар хоҳласанг, уларни ҳам, мени ҳам илгари ҳалок қилсанг бўларди. Орамиздаги ақлсиз кимсалар қилмишлари сабабли бизларни ҳалок қиласанми? Ахир бу фақатгина Ўзинг хоҳлаган кишингни у сабабли адаштирадиган, хоҳлаган кишингни ҳидоят қиладиган бир имтиҳонинг эди-ку? Ўзинг Хожамизсан, бас, бизни мағфират қил, бизларга раҳм айла! Ўзинг мағфират қилувчиларнинг энг яхшисидирсан. Бизлар учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ёзгин. Ўзингга тавба қилдик”. (Аллоҳ) айтди: “Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказаман. Раҳматим – меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Мен уни тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва Бизнинг оятларимизга имон келтирувчи кишиларга ёзаман” (Аъроф сураси, 155-156-оятлар).
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таоло белгилаган мийқотга бориш учун ўз қавмидан етмиш нафар кишини танлаб олди. Улар қавмнинг энг сара ва покдомон кишилари эди. Ояти каримада улар Бани Исроил қавмидан танлаб, саралаб олингани айтилмоқда. Гўё сон жиҳатидан кўпчиликни ташкил қилувчи Бани Исроил қавмида мана шу етмиш кишидан бўлак салоҳиятли одам йўқ эди.
Муҳаққиқ уламолар наздида, бу ерда зикр қилинган мийқот биринчи мийқот эмас. Биринчи мийқот Мусо алайҳиссалом йўқлигида Бани Исроил бузоққа сиғинганида бўлганди. Етмиш кишини танлаб олинган мийқот эса иккинчисидир. Бу бузоққа сиғинишдан тавба қилгандан кейин содир бўлган. Зеро, айнан ўша ишдан сўнг Аллоҳга тавба қилиш учун етмиш кишини танлаб олиш амр қилинган.
Кўриниб турибдики, Бани Исроилдан саралаб олинган етмиш нафар киши пайғамбарлари Мусо алайҳиссаломдан ножоиз нарсани сўрашган ва шу сабаб улар қаттиқ зилзилага гирифтор бўлишган. Ёки Бани Исроил бузоққа сиғинганини кўра туриб уларни ёмонликдан қайтармаганлари, яхши ишларга буюрмаганлари сабаб шундай азобга йўлиқишган.
Қуйида қисса тафсилотларини кўриб чиқамиз.
“Мусо Биз белгилаган вақтимиз учун ўз қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Шу пайт уларни даҳшатли зилзила тутган эди, айтди: “Парвардигорим, агар хоҳласанг, уларни ҳам, мени ҳам илгари ҳалок қилсанг бўларди”.
Мийқот учун саралаб олинган кишилар зилзилага гирифтор бўлганларида, Мусо алайҳиссалом:
– Ё Раббим, мен уларни бу ерга келмасларидан олдин ҳалок қилишингни ёки мени ҳам улар билан бирга ҳалок этишингни истардим. Акс ҳолда Бани Исроилнинг таъналарига қоламан. Улар менга: “Сен бизларнинг яхшиларимизни танлаб кимсасиз жойга олиб бориб ўлдириб юбориш учун танлаб олганмидинг?”, деб маломат қиладилар, – деб Парвардигорига илтижо қилди.
Баъзи муфассирларга кўра, етмиш нафар қавм аъзосини зилзила тутган ва чақмоқ уриб ҳалок қилган. Кейин Аллоҳ таоло уларнинг барчасини тирилтирган. Бошқа уламоларга кўра, улар аввалига ҳушларидан кетиб, сўнг ўзларига келишган.
Мусо алайҳиссалом бу мурожаати билан қавми содир этган жиноят учун авф сўрамоқда:
– Эй Парвардигор, Бани Исроил кўп гуноҳ қилганида Сен марҳаматинг ила уларни кечириб юборгансан. Ҳозир ҳам уларга раҳм қил, лутфу карамингни дариғ тутма улардан!
“Орамиздаги ақлсиз кимсалар қилмишлари сабабли бизларни ҳалок қиласанми? Ахир бу фақатгина Ўзинг хоҳлаган кишингни у сабабли адаштирадиган, хоҳлаган кишингни ҳидоят қиладиган бир имтиҳонинг эди-ку? Ўзинг Хожамизсан, бас, бизни мағфират қил, бизларга раҳм айла. Ўзинг мағфират қилувчиларнинг энг яхшисидирсан”.
Яъни, Сен бизнинг барча ишимизни қоим қиласан. Бас, бизлардан ўтган гуноҳларни кечир. Кенг раҳматинг-ла бизларга раҳм айла! Сен мағфирати учун бирон нарса талаб қилмайдиган карами кенг зотсан, Аллоҳим!
Шундан сўнг бу дуоларга бошқа илтижолар уланади: “Бизлар учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ёзгин”.
Яъни, бизларга дунёда неъмат, тоат, офият ва тавфиқни, охиратда мағфират, раҳмат, осмонлар ва ерлардан кенг бўлган жаннатни насиб эт!
“Ўзингга тавба қилдик”.
Яъни, биз барча гуноҳлардан тавба қилдик, Ўзингга қайтдик! Бизларга икки дунёда яхшилик ёзгин, улуғ неъматларингдан маҳрум этма бизларни!
(Аллоҳ) айтди: “Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказаман. Раҳматим – меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир”.
Яъни, шундан сўнг Аллоҳ таоло Мусонинг дуосига жавобан:
– Эй Мусо, сен қавминг йўлиқишидан қўрқаётган азобимни Ўзим хоҳлаган осий бандалар бошига ёғдираман. Бани Исроил тавба қилди. Уларнинг устига азобим тушмайди. Зеро, ҳикматим ёмонлик қилганларни жазолаш ва яхшилик қилганларни мукофотлашни тақозо этади. Менинг раҳматим барча нарсадан кенгдир. Сенинг қавминг ва бошқа бандаларим ичидан ким муносиб бўлса, ўшани раҳматимга дохил қиламан.
Шундай сўнг қандай зотлар буюк Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиши айтилади:
“Мен уни тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва Бизнинг оятларимизга имон келтирувчи бўлган кишиларга ёзаман”.
Яъни, нафсларини Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ишлардан сақлайдиган ва моллариларидан закот чиқарадиган бандаларимга раҳматимни ёзаман.
Бу ерда тақводан кейин бевосита закот тилга олинишига сабаб, Бани Исроил мол-дунёга жуда ўч бўлганидан уларнинг закот бериши қийин эди. Молларидан маълум қисмни ажратиб, уни Аллоҳ йўлида садақа қилиш уларга оғир ботарди.
Бани Исроилнинг ўжарлик ила савол бериши ва Мусо алайҳиссаломга одобсизлик қилиши
Қуръони каримни ўқиб, унинг маъноларини тадаббур қилган киши турли ўринларда Бани Исроил қавмининг ўжарлиги, бирон нарсага осонликча кўнмаслиги, бир гапдан қолмаслиги ва Аллоҳ таоло тарафидан юборилган пайғамбарга нисбатан одобсизларча муносабатда бўлишини кўради.
Қуръони каримнинг Бақара сурасида шу хусусда ибратли қисса келтирилган. Аллоҳ таоло шундай деган:
“Эсланг, Мусо ўз қавмига: “Албатта Аллоҳ сизларга бир сигир сўйишингизни буюради”, деганида, улар: “Устимиздан куляпсанми?” дедилар. (Мусо) деди: “Ундай жоҳиллардан бўлиб қолишдан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман”. Улар дедилар: “Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг қандайлигини баён қилсин”. (Мусо) деди: “У Зотнинг айтишича, у қари ҳам, ёш-ғўнажин ҳам бўлмаган ўрта бир сигирдир. Энди ўзларингизга буюрилган ишни адо этинглар”. Улар дедилар: “Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг рангини баён қилсин”. (Мусо) айтди: “У Зотнинг айтишича, у очиқ-малларанг сигир бўлиб, кўрганларнинг кўнгли чоғ бўлади”. Улар айтдилар: “Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг қандайлигини баён қилсин, бу мол бизга шубҳали бўлиб қолди. Иншааллоҳ, энди йўлимизни топиб оламиз”. (Мусо) айтди: “У Зотнинг айтишича, у шундай сигирки, хор бўлиб ер ҳайдамайди, у билан экин суғорилмайдилар, айбу нуқсонсиз, унда ўз рангидан бошқа ранг-бўёқ йўқ”. Улар: “Энди ҳақиқатни айтдинг”, дедилар-да, узоқ машаққат чекиб сўйдилар. Эсланг, (эй, Бани Исроил,) бир жонни ўлдириб қўйиб, унинг (қотили) ҳақида жанжаллашиб қолдингиз. Ҳолбуки, Аллоҳ яширган нарсаларингизни (юзага) чиқарувчидир. “Уни сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан уринглар”, дедик. Аллоҳ ўликларни шу тариқа тирилтиради ва сизларга ақлларингизни ишлатишингиз учун ўз оятларини кўрсатади. Сўнгра кейин ҳам дилларингиз қотди. Бас, у тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, улардан дарё отилиб чиқади, яна шундайлари борки, ёрилиб ичидан сув чиқади. Яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулайди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмас” (Бақара сураси, 67-74-оятлар).
Муфассирлар зикр қилишича, Бани Исроил қавмида бир бой одам бор эди. Унинг амакисининг ўғли камбағал бўлиб, ўша бойнинг ундан бўлак меросхўри йўқ эди. Бой одамнинг ўлими “чўзилиб” кетгач, амакиваччаси сабр қилмай уни ўлдириб, жасадини бошқа қишлоққа олиб бориб ташлайди. Тонг отганда ўзини ҳеч нарса билмагандек кўрсатиб, қариндоши қасосини олишни талаб қилади ва бир гуруҳ одамларни Мусо алайҳиссалом ҳузурига олиб боради. Шунда улар Мусо алайҳиссаломдан Аллоҳга дуо қилиб ҳақиқий қотил ким эканини маълум қилишини сўрашади. Мусо алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилади ва Аллоҳ ваҳий қилиб, уларга бир сигир сўйишни буюради. Бас, Мусо алайҳиссалом уларга: “Албатта Аллоҳ сизларга бир сигир сўйишингизни буюради”, деганида, улар: “Устимиздан куляпсанми?” дедилар”.
Бани Исроил қавмида жиноят содир этилганида улар қотил кимлиги борасида ихтилофга тушдилар. Бу борада Мусо алайҳиссаломга мурожаат этиб, Аллоҳга дуо қилишини ва ҳақиқий қотил кимлигини билдиришин сўрашди. Шунда Аллоҳ уларга сигир сўйишни буюрди. Аммо Бани Исроил бу гапдан ҳайрон бўлиб, тап тортмасдан:
– Устимиздан куляпсанми, эй Мусо? – дейишди.
Жумҳур уламоларга кўра, сигир сўйиш ҳақидаги амр қотил ким экани хусусида мунозара қилинганидан кейин бўлган. Бу Бақара сурасининг 72-оятида, яъни қисса сўнггида зикр қилинган.
Аллоҳ таоло Бани Исроилга айнан сигир сўйишни амр қилди. Сабаби, улар унинг жинсидан бўлган бузоққа сиғинишарди. Бу билан улар улуғлаб, ибодат қиладиган бу ҳайвон арзимас нарса, ҳурматлашга, эъзозлашга ярамаслигини билдириш мақсад қилинган бўлса ажаб эмас. Зеро, бу билан “Бу бузоқ ибодат қилиниш учун эмас, балки деҳқончилик ва шу каби ишларда хизмат қилиш, сўйилиш учун яратилган”, дейилаётгандек эди.
Бани Исроилнинг “Устимиздан куляпсанми?” деган гаплари уларнинг аҳмоқ, нодон, пайғамбарлари ҳақида ёмон гумонда бўлганлари, уни ҳурмат қилмаганлари, Аллоҳнинг улуғлигини тан олмаганларини кўрсатади. Аслида улар ўзларига буюрилган ишдан бўйин товламай амалга оширишлари керак эди. Агар ақлларини бироз ишлатганларида пайғамбардек улуғ зотнинг сўзини ҳеч икки қилмасдилар. Лекин қаёқда, дейсиз. Улар ақл юритишдан маҳрум эдилар.
Мусо алайҳиссалом уларга Аллоҳ буйруғини етказганида қавм бундан шубҳаланди. Мусони истеҳзо қилишда айблади. Шунда Мусо алайҳиссалом:
– Ундай жоҳиллардан бўлиб қолишдан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман, деди.
Яъни, мен сизларга Аллоҳ тарафидан деб ёлғон ва ботил нарсаларни етказадиган нодон кимсалардан бўлиб қолишдан паноҳ сўрайман!
Бу билан Мусо алайҳиссаломнинг гапи ҳазил-мазахдан пок экани маълум қилинмоқда. Зеро, бундай бекорчи ва ҳавойи ишлар, жиддий масалада мутойиба қилиш ақлли кишиларга, айниқса, пайғамбарларга тўғри келмайди.
Мусо алайҳиссаломнинг мана шу жавоби Бани Исроилга етарли бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига юришлари ва исталган бир сигирни топиб сўйишлари лозим эди. Аммо уларнинг тескари табиати яна савол беришга ундади:
Улар дедилар: “Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг қандайлигини баён қилсин”.
Мусо алайҳиссалом жавобидан қониқмаган нодон қавм пайғамбарга одобсизларча муомала қилди:
– Эй Мусо, Парвардигорингга дуо қил, ўша сигирнинг ҳолати ва сифатларини бизга тўлиқ баён қилиб берсин!
Бу саволнинг юзага келишига сабаб шу эдики, улар ўз қўллари билан сўядиган бу сигирнинг гўшти ўлдирилган одамга жон ато қилиб, уни ҳаётга қайтаришига шубҳа билан қарадилар. Яна улар бундай сигир бошқаларидан кўра ўзгача кўриниш ва белгига эга бўлиши керак, деб ўйладилар.
Бани Исроилнинг “Парвардигорингга” деган сўзларида ҳам ўта одобсизликлари намоён бўлмоқда. Гўё Аллоҳ таоло фақат Мусо алайҳиссалом Парвардигори, уларники эмасдек! Гўё бу иш фақат Мусо ва Аллоҳга кераг-у, улар учун бу аҳамиятсиздек!
Мусо алайҳиссалом уларга жавобан шундай деди:
– У Зотнинг айтишича, у қари ҳам, ёш-ғўнажин ҳам бўлмаган ўрта бир сигирдир. Энди ўзларингизга буюрилган ишни адо этинглар.
Аллоҳ таоло сигирнинг сифати ҳақида хабар қилганидан кейин, Мусо алайҳиссалом қавмига юзланиб:
– Сизларга сўйиш буюрилган сигир қари ҳам, ёш ҳам бўлмасин. Бас, савол беришни тўхтатиб, буюрилган ишни бажаринглар. Ҳақиқий қотил кимлигини аниқланглар! Аллоҳ сизларга кенглик яратган экан, кўп савол бериш билан йўқ жойдан ўзларингизга қийинчилик туғдириб олманглар. Зеро, савол беришда ҳаддингиздан ошиш сизларга фақат зиён келтиради! – деди.
Бани Исроил қавми сўйилиши лозим бўлган сигирнинг ёшини билиб олдилар. Энди уларга унинг ранги қандай бўлишлиги қизиқ туюлиб қолди. Шуни билиш учун яна Мусо алайҳиссаломга юзландилар:
Улар дедилар: “Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг рангини баён қилсин”. (Мусо) айтди: “У Зотнинг айтишича, у очиқ-малларанг сигир бўлиб, кўрганларнинг кўнгли чоғ бўлади.
Яъни, топиш осон бўлиши учун ўша сигирнинг ранги қандайлигини бизларга баён қилиши учун Парвардигорингга дуо қил, – дедилар улар. Бунга жавобан Мусо алайҳиссалом:
– Аллоҳ ўша сигир сариқ рангли, кўрган одам чиройидан ҳайратланадиган ва қалбида хурсандчилик пайдо бўладиган бир сигир бўлсин! – деди.
Бани Исроил сўйиладиган сигирнинг ёшини ҳам, рангини ҳам билиб олдилар. Шунинг ўзи уларга етарли бўлармикан? Йўқ! Улар савол бериш ўрни эмаслигини билиб турсалар-да, яна нималарнидир билиб олиш илинжида эдилар:
Улар айтдилар: “Парвардигорингга дуо қил, бизга унинг қандайлигини баён қилсин, бу мол бизга шубҳали бўлиб қолди. Иншааллоҳ, энди йўлимизни топиб оламиз”. (Мусо) айтди: “У Зотнинг айтишича, у шундай сигирки, хор бўлиб ер ҳайдамайди, у билан экин суғорилмайдилар, айбу нуқсонсиз, унда ўз рангидан бошқа ранг-бўёқ йўқ”. Улар: “Энди ҳақиқатни айтдинг”, дедилар-да, узоқ машаққат чекиб сўйдилар”.
Яъни, бизга ўша сигирнинг бошқа сифатларини ҳам тўлиқ айтсин. Сен васф қилган сигирлар кўп. Уларнинг қай бирини сўйишни билмай қолдик. Зора мана шу сафар тўғри йўлни топиб, буюрилган ишни бажарсак!
Мусо алайҳиссалом бунга жавобан:
– У шундай сигирки, бемалол ўтлаб юрган, оғир иш қилмаган, сув ташимаган, ҳар қандай нуқсондан холи, унда сариқ рангдан бошқа ранг йўқдир, – деди.
Мусо алайҳиссалом таърифини “мукаммал” деб топган жоҳил қавм:
– Ана энди тўғри айтдинг, ҳаммаси тушунарли. Биз учун мавҳум нарса қолмади, – дедилар ва сигирни қидиришга тушдилар. Уни аранг топиб сўйдилар. Сал қолса сўёлмай қолишлари ҳеч гап эмасди.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Бани Исроилни нима сабабдан сигир сўйишга буюргани баён қилинади: “Эсланг, (эй Бани Исроил,) бир жонни ўлдириб қўйиб, унинг (қотили) ҳақида жанжаллашиб қолдингиз. Ҳолбуки, Аллоҳ яширган нарсаларингизни (юзага) чиқарувчидир. “Уни сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан уринглар”, дедик. Аллоҳ ўликларни шу тариқа тирилтиради ва сизларга ақлларингизни ишлатишингиз учун ўз оятларини кўрсатади”.
Яъни, эй Бани Исроил, бир одамни ўлдириб қўйиб, у ҳақида мунозара қилганингизни, ҳар ким ўзини оппоқ қилиб кўрсатганини эсланг! Аллоҳ сиз беркитаётган нарсани ошкор қилади.
Аллоҳ бу ишни амалга оширди, пайғамбари Мусо алайҳиссалом тилидан: “Ўликни сигирнинг баъзи аъзоси билан уринглар!” деди. Бас, улар маййитни урган эдилар, Аллоҳнинг изни билан тирилиб, қотили кимлигини айтиб берди.
Сизлар ўлдирган мана шу маййитни Аллоҳ қандай тирилтирган бўлса, қиёмат куни ҳисоб-китоб қилиш учун ўликларни ҳам худди шундай тирилтиради. У Зот сизлар ақлларингизни ишлатарсизлар, деб Ўзининг ҳар нарсага қодирлигига далолат қилувчи мўъжизаларини кўрсатади.
Шундан сўнг қалбларга кучли таъсир қилувчи бу мўъжизани кўрган, ўлик одам Аллоҳ амри билан тирилганига шоҳид бўлган Бани Исроил қавми аъзолари бу воқеа олдида киприк қоқмай турганлари, таъсирланмаганлари баён қилинади:
“Сўнгра кейин ҳам дилларингиз қотди. Бас, у тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, улардан дарё отилиб чиқади, яна шундайлари борки, ёрилиб ичидан сув чиқади. Яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулайди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмас”.
Яъни, эй Бани Исроил, кўз ўнгингизда ўликнинг тирилганини кўрганингиздан кейин қалбларингиз тошдек қотиб қолди. Ҳақиқатан, дилларингиз тошдек қаттиқдир. Балки тошдан ҳам қаттиқроқдир. Зеро, тошда тешик ва ёриқлар бўлиши, ундан сув чиқиши мумкин. Ҳа, қаттиқ тошлардан булоқ ва анҳорлар отилиб чиқади. Аммо сизларнинг қалбларингиз биронта ҳам мавъиза ва мўъжиза сабабидан юмшамайди, қотиб тураверади, яхшилик томон рағбат қилмайди. Ҳолбуки, Аллоҳ сизлар қилаётган ҳар бир амални билиб кузатиб туради.
Мана шу оятларда Бани Исроил қавмининг асл қиёфаси очиб берилмоқда. Уларга бағритошлик, сўқирлик, насиҳатни хушламаслик иллати хос экани маълум қилинмоқда.
Юқорида келтирилган қиссадан жуда кўп манфаат олиш мумкин. Жумладан:
1. Бани Исроил қавмининг пайғамбарлари билан одоб чегарасидан чиққан ҳолда муомала қилишлари, қалблари тошдек қаттиқ, қўпол кимсалар экани, савол беришда ўжарлик қилишлари, пайғамбрлари буюрган ишни бажаришни пайсалга солишлари, бир сўз билан айтганда, табиатлари қинғир, тўғри йўлдан юришни хушламасликлари.
2. Ушбу оятлар ила баён қилинган қисса Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг пайғамбарлари эканига далолат қилади.
3. Динда чуқур кетиш, кўп савол бериш илоҳий ҳукмларнинг оғирлашишига сабаб бўлади. Зеро, Бани Исроилга илк бор сигир сўйиш буюрилганидаёқ ўша ишни бажарганларида, ҳар қандай сигирни сўйишлари етарли бўларди. Аммо улар қайта-қайта савол беравериб, ўзларига қийин қилиб қўйишди, Аллоҳ уларга қийин қилишни лозим кўрди.
Ибн Жарир Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Агар қавм энг оддий сигирни сўйганларида, кифоя қиларди. Бироқ улар кўп савол беришди, чуқур кетишди. Натижада, Аллоҳ уларга қийин қилиб қўйди”.
Маълумки, Ислом шариатида кўп савол беришдан қайтарилган. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй мўминлар, (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган,) очилганда сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар! Қуръон нозил бўлаётганида у ҳақида сўрасангиз, сизларга очиб берилади (яъни, зиммангизга юкланади). Ҳолбуки, Аллоҳ у нарсаларни кечиб юборган эди. Аллоҳ Мағфиратли, Ҳалимдир. У нарсалар ҳақида сизлардан олдинги қавм сўраган эди. Сўнгра эса у нарсаларни инкор қилувчиларга айландилар” (Моида сураси, 101-102-оятлар).
Ҳадиси шарифда: “Мен сизларни тарк қилган (масала)да мени (тинч) қўйинглар! Зеро, сизлардан олдингилар кўп савол бериш ва пайғамбарларига хилоф қилишлари сабаб ҳалок бўлганлар. Мен сизларни бирон ишга буюрсам, уни бажаринглар. Агар бирон ишдан қайтарсам, имконингиз етганича ундан қайтинглар”, дейилган.
4. Аллоҳ таолонинг қудрати чексиз экани. Зеро, сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан маййитни уриш сабабидан ўлган одамнинг тирилиш мўъжизадир. Бу Аллоҳ мутлоқ қудрат Соҳиби эканидан дарак беради. Лекин сўқир қалб соҳиблари шундай мўъжизалардан ҳам таъсирланмай жаҳолат зулмати ичра шўнғишда давом этадилар.
Бани Исроилнинг Мусо алайҳиссаломга озор бериши
Қуръони карим оятларида Бани Исроил қавми кўп ҳолларда пайғамбарлари Мусо алайҳиссаломга озор бериб, унга исён қилгани, одобсизларча муомалада бўлгани хабар қилинади. Қуръонда уларнинг озорлари қисқа суратда шундай ифодаланган:
“Эй мўминлар, сизлар (ўз пайғамбарингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан Бани Исроил қавмидан бўлган) Мусога озор берган кимсалар каби бўлмангизлар! Бас, Аллоҳ (Мусони) улар айтган айбдан поклади. У Аллоҳ наздида обрўли киши эди” (Аҳзоб сураси, 69-оят).
Оятдаги “озор берганлар”дан мурод Мусо алайҳиссалом қавм-қариндошларидир. Бухорий ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мусо алайҳиссалом ўта ҳаёли, баданини беркитиб юрувчи киши эди. Унинг терисидан бирон қисми кўринмасди. Бани Исроил унга озор бериб: “Бу одамнинг терисида бирон камчилик, пес ёки бирон балоси бўлса керак. Шунинг учун танасини беркитиб юради”, дейишди. Аллоҳ Мусони улар айтган айбдан поклашни ирода қилди. Кунларнинг бирида Мусо бир ўзи қолиб, кийимларини тош устига қўйди ва чўмила бошлади. Чўмилиб бўлиб, кийимини олай, деса, тош устидаги кийимлари бирдан ғойиб бўлди. Мусо асойини олиб, тошдан талаб қила бошлади. Шу орада Бани Исроил қавмидан бир гуруҳ одамлар унинг олдидан чиқиб қолишди ва унинг танаси Аллоҳ яратган энг гўзал хилқат эканини кўришди. Шу билан Аллоҳ уни қавми айтаётган нуқсонлардан поклади”.
Қуръоннинг бошқа ўрнида келтирилишича, Мусо алайҳиссалом Бани Исроилнинг кўп озор беришидан ажабланади. Ваҳоланки, у қавмнинг пайғамбари, йўлбошчиси эди. Аллоҳ таоло айтади: “Эсланг, Мусо ўз қавмига: “Эй қавмим, нега сизлар мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбари эканимни билган ҳолларингизда менга озор берасизлар?! деганди. Бас, қачонки, улар оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини оғдириб қўйди. Аллоҳ фосиқ – итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас” (Саф сураси, 5-оят).
Яъни, эй қавму қариндошларим, мен Аллоҳнинг пайғамбари эканимни билсангиз ҳам нега менга озор берасизлар?! Ваҳоланки, сизларни ширк зулматидан имон нурига чақираман, Фиръавн зулмидан қутқараман! – деди. Бас, улар залолатда давом этишгач, Аллоҳ уларнинг қалбларини тўғри йўлдан оғдириб, ботил сари йўллаб қўйди. Зеро, Аллоҳнинг тақдири шуни тақозо этади: ҳақ йўлни хушламайдиган, куфр ва ношукрликда оёқ тираб олганларни ҳидоят йўлига бошламайди.
Мусо алайҳиссалом билан солиҳ банда учрашуви
Мусо алайҳиссалом илм-маърифатга муҳаббатли эди. Ҳа, у рисолат учун танлаб олинган соғлом ақл, манфаатли кўнгил ва ҳикмат соҳиби бўлган пайғамбар биродарлари йўлидан борарди.
Қуръони каримнинг Каҳф сурасида Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда учрашувчи ҳақида қисса келган. Қисса Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари билан бошланади:
“Мусо (ўзининг хизматкор) йигитига: “То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунча ёки узоқ замонлар кезмагунча юришдан тўхтамайман”, деган пайтини эсланг. Энди қачонки, у иккиси (икки денгиз) қўшиладиган ерга етишгач, балиқларини унутдилар. Бас, у (балиққа жон кириб,) денгизга қараб йўл олди. Бас, қачонки, (у ердан) ўтишгач, (Мусо) йигитига: “Нонуштамизни келтир, ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик”, деган эди, у (хизматкор): “Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга борган пайтимизда, мен балиқни унутибман. (Буни) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқариб, у (балиқ) денгизга йўл олибди-я, ажабо”, деди. (Мусо) деди: “Мана шу биз истаган нарсадир”. Сўнг уни излаб ортларига қайтдилар. Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик” (Каҳф сураси, 60-65-оятлар).
Оятдаги “икки денгиз қўшиладиган ер” Қизил денгиз ва Ўрта ер денгизи қўшиладиган жойдир.
Алусий икки денгиз Форс ва Рум денгизидир, деган. Айтилишича, икки денгиз Урдун (Иордания) ва Қулзум (Қизил) денгиздир .
Баъзи уламолар: “Энг тўғри қавл шуки, икки денгиз Рум ва Қулзум денгизидир”, дейишган. Валлоҳу аълам!
Юқорида келтирилган оятнинг маъноси: эй ҳурматли Пайғамбар, қавмингиз ибрат олиши учун биродарингиз Мусо алайҳиссалом хизматкори Юшаъ ибн Нунга:
– Менга сафарда ҳамроҳ бўл. Мен икки денгиз туташадиган жойга етмагунимча юришда давом этаман. Ана ўша ерда мен мақсадимга эришаман. Агар муродим ҳосил бўлмаса, ҳали узоқ йўл юрамиз, – деб айтганини эсланг, – дейди.
Ояти карима далолатига кўра, Мусо алайҳиссалом ҳар қанча машаққатга қарамай икки денгиз қўшиладиган жойга боришга қатъий қарор қилган.
Алусий Мусо алайҳиссаломнинг бу азму қарорига қуйидаги сабабни келтирган: “Мусо алайҳиссалом шижоатининг боиси Бухорий ва Муслим Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан нақл қилган ривоятда айтилган. Унга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусо алайҳиссалом Бани Исроилга ваъз-насиҳат қиларди. Бас, ундан: “Одамлар ичида энг билимдони ким?” деб сўралди. Мусо: “Мен”, деб жавоб берди. Бас, Аллоҳ илмни У зотга нисбат бермагани сабаб пайғамбарига танбеҳ берди. Кейин икки денгиз қўшиладиган жойда ундан ҳам олимроқ солиҳ банда борлигини маълум қилди”, дедилар. Бошқа ривоятда келишича, Мусо алайҳиссалом: “Ё Раббим, агар бандаларинг орасида мендан олимроғи бўлса, бас, мени унга йўлла”, деб дуо қилди. Аллоҳ: “Ҳа, бандаларим ичида сендан олимроғи бор”, деди ва унинг сифатларини айтиб, Мусога ўша солиҳ банда билан учрашишига рухсат берди ”.
Оят давомида воқеалар ривожи қуйидаги баён қилинган:
“Энди қачонки, у иккиси (икки денгиз) қўшиладиган ерга етишгач, балиқларини унутдилар. Бас, у (балиққа жон кириб,) денгизга қараб йўл олди”.
Мусо хизматкор йигитга баъзи гапларни айтиб, икки денгиз туташадиган жойга етиб келганларида, улар балиқларини унутдилар, ундан бехабар қолдилар. Балиққа жон кириб, денгизга тушиб сузиб кетди.
Ибн Касир айтади: “У тузланган (қовурилган) балиқ олишга буюрилган эди. Кейин: “Эй Мусо, балиқни йўқотган жойингда сендан олимроқ солиҳ бандани топасан”, дейилди. Бас, улар юриб келиб, икки денгиз туташадиган жойга етишди. У ерда “ҳаёт булоғи” номли чашма бор эди. У иккиси ўша ерда ухлаб қолишди. Енгил шамол эсиб, балиқ сувга тушиб ҳаракатга келди. У Юшаънинг халтасида эди. Балиқ сувга тушганидан кейин Юшаъ уйқудан уйғонди ва балиққа жон кирганини кўрди.. ”
“Бас, қачонки, (у ердан) ўтишгач, (Мусо) йигитига: “Нонуштамизни келтир, ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик”, деган эди, у (хизматкор): “Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга борган пайтимизда, мен балиқни унутибман”.
Яъни, Мусо ва хизматкор йигит икки денгиз туташадиган жойдан ўтишгач, Мусо алайҳиссалом хизматкори Юшаъ ибн Нунга:
– Қовурилган балиқни олиб кел, йўл юриб жуда толиқдик, – деди.
Мусо алайҳиссалом гапини эшитган Юшаъ унга ажабланиш билан:
– Буни қаранг, икки денгиз қўшиладиган жойга борганимизда, ўзим кўрган ажиб бир ҳодисани сизга айтишни, балиққа жон кириб, сувга сакраганини айтишни ёдимдан чиқарибман! – деди.
Юшаъ ибн Нун балиққа жон кириб денгизда сузиб кетганини кўрган, бу воқеадан лол бўлиб қолган, аммо Мусо алайҳиссаломга айтмаганди.
“(Буни) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқариб, у (балиқ) денгизга йўл олибди-я, ажабо”, деди.
Бу ерда балиққа жон кириб денгизда сузиб кетганини вақтида айтмаганликка нима сабаб бўлгани келтирилмоқда.
Яъни, балиқ билан бўлган ҳодисани сизга айтишни шайтон ёдимдан чиқарди. Зеро, у инсонни васваса қилиб, хаёлини чалғитади, унга баъзи муҳим ишларни унуттиради.
Дарвоқе, балиқ тирилиб, сувга сакради ва ортидан из қолдириб, ажиб суратда сузиб кетди. Мен буни кўриб ҳайрон бўлиб қолдим!
Шундан сўнг Мусо алайҳиссалом Парвардигори белгилаган жойга етиб келганини билгани баён қилинади:
(Мусо) деди: “Мана шу биз истаган нарсадир”. Сўнг уни излаб ортларига қайтдилар”.
Яъни, Мусо алайҳиссалом хизматкорига:
– Сен унутган балиқнинг хабари биз истаган нарсадир. Зеро, балиққа жон кирган маконда қидираётганимиз солиҳ банда бор, – деди ва балиқ йўқотилаган, икки денгиз туташадиган харсанг тош олдига қайтиб келдилар. Адашиб кетмаслик учун изма-из ортларига қайтдилар. Бошқа йўлдан юрганлари йўқ.
“Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик”.
Улар балиқ денгизга тушиб сузиб кетган жойга қайтиб келишгач, Бизнинг солиҳ бандаларимиздан бирини топдилар. Биз унга Ўз ҳузуримиздан улуғ раҳмат бергандик, уни танлаб олгандик.
Шунингдек, Биз унга ўз даргоҳимиздан хос илм бергандик. Биз уни фақат Ўзимиз хоҳлаган бандаларгагина берамиз.
Кўп саҳиҳ ҳадислар далолат қилишича, оятдаги солиҳ бандадан мурод Хизр алайҳиссаломдир. Баъзи уламолар уни пайғамбар, деб билишса, бошқалар Хизрни Аллоҳ тарафидан илми ладуний берилган солиҳ бандалардан биридир, дейишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “У “Хизр” деб номланганига сабаб шуки, агар оқ (қуруқ) ерда ўтирса, кўк рангга айланарди (ўша ерда ўсимлик ўсарди, дейилмоқчи)” (Бухорий ривояти).
Муҳаққиқ уламолар, жумладан, имом Бухорий, Ибн Қаййим ва бошқалар фикрича, Хизр ўзга инсонлар каби вафот этган. Бошқалар Хизр тирик экани, охири замонда вафот этишини айтишган. Ибн Қаййим айтади: “Хизрнинг тирик экани айтилган ҳадисларнинг барчаси ёлғондир. Бу борада биронта ҳам саҳиҳ ҳадис йўқ. Бу масалани ҳадис уламолари тўлиқ баён қилишган. Агар истасанг, уларнинг қавлларига мурожаат қил ”.
Мусо хизматкори Юшаъ ибн Нун билан сафарга чиқиб, икки денгиз туташадиган жойда солиҳ банда Хизр алайҳиссаломни учратгач, бўлиб ўтган суҳбат Каҳф сурасининг кейинги оятларида баён қилинган:
“Мусо унга: “Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?” деди. У (Хизр) айтди: “Аниқки, мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас. Ўзинг эгаллаб олмаган – хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қиласан?!”. Мусо деди: “Иншааллоҳ, менинг сабр-тоқатли эканимни кўрасан. Мен бирон ишда сенга осийлик – итоатсизлик қилмайман”. У (Хизр) айтди: “Бас, агар эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча бирон нарса ҳақида мендан сўрама!” (Каҳф сураси, 66-70-оятлар).
Мусо алайҳиссалом икки денгиз туташган жойда Хизрни учратгач, унга:
– Агар мумкин бўлса, мени ўзинга ҳамроҳ қиласанг, шояд Аллоҳ тарафидан сенга билдирилган илмдан мен ҳам баҳраманд бўлсам. Бу мен мен учун рушду ҳидоят бўлса, унинг сабабидан яхшилик қозонсам, – деди.
Кўриниб турибдики, Мусо алайҳиссалом бу ерда Хизр алайҳиссаломга пайғамбарларга хос одоб билан билан муомала қилмоқда. Чунончи, мулойимликка далолат қилувчи савол билан мурожаат қилиб, ўзини устоз олдидаги шогирд мақомида тутмоқда, ундан яхшилик йўлини ўрганиш учун ҳамроҳ бўлишга изн сўрамоқда.
Баъзи уламолар шундай дейишган: “Бу оятда, гарчи мартабалари фарқ қилса ҳам, илм олувчи олимга итоат қилишига далолат қилинмоқда. Мусонинг Хизрдан таълим олиши Хизрнинг Мусодан афзал эканини кўрсатмайди. Зеро, фозил фазилатда ўзидан пастроқ даражадаги одамдан ҳам таҳсил олиши мумкин. Демак, Аллоҳ у иккисидан бирини бошқалар билмайдиган илм билан сийлади. Мусо алайҳиссалом илми шариат аҳкомлари, зоҳирий ҳукмлар билан боғлиқ эди. Хизр алайҳиссалом илми эса баъзи ғайб нарсалар ва ботиний маърифат билан боғлиқ эди ”.
Шундан сўнг Хизр Мусога қандай жавоб қайтаргани келтирилади:
“Аниқки, мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас”.
Яъни, эй Мусо, сен менга ҳамроҳ бўлолмайсан, чунки сенинг бунга тоқатинг етмайди.
Ибн Касир айтади: “Эй Мусо, агар менга ҳамроҳ бўлсанг, шариатингга хилоф келадиган ишларни кўриб, сабр қилиб туролмайсан. Менга Аллоҳ Ўзи илм берган. Бизлардан ҳар ким Аллоҳнинг ишларига мукаллафдир. Бас, мен билан ҳамроҳ бўлишга қодир эмассан ”.
Ўзинг эгаллай олмаган – хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қиласан?!”
Бу ерда Мусо нима сабабдан Хизрга ҳамроҳ бўлолмаслиги баён қилинмоқда. Яъни, эй Мусо, менинг қилган ишларимни кўрганингда сабр қила қилолмайсан. Бу ишлар ташқи тарафдан мункар – ёмон ишга ўхшайди. Унинг қаршисида сукут сақлаб туриш амри маҳол. Аммо унинг ботиний жиҳатидан бехабарсан. Аллоҳ сенга уни ошкор қилмаган!
Бироқ манфаатли илм олишга ўта иштиёқманд бўлган Мусо алайҳиссалом солиҳ кишига ҳамроҳ бўлиш истагидан воз кечмади. Балки одоб ва лутф билан:
– Иншааллоҳ, сен менинг сабр-тоқатли эканимни кўрасан. Мен бирон ишда сенга осийлик – итоатсизлик қилмайман, – деди.
Яъни, менинг сабрли эканимга амин бўласан, сенга эътироз билдирмайман, ўзимга буюрилган ишларда сенга осийлик қилмайман, деди Мусо алайҳиссалом.
Шунда Хизр у билан ҳамроҳ бўлиш учун қуйидаги шартни қўйди:
“Бас, агар эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча бирон нарса ҳақида мендан сўрама!”
Хизр Мусо алайҳиссаломга таъкид билан:
– Агар мен билан бирга юрсанг, у ҳолда мендан содир бўлган ва сенга ёқмаган нарсаларни кўрсанг, эътироз билдирма, у ҳақида менга хитоб қилма. Мени ўз ҳолимга қўй. Мавриди келса, бу ишларни нима сабабдан қилганимни ўзим айтаман.
Сура давомида Хизрдан содир бўлган уч хил ҳаракат ва бунга Мусо қандай муносабат билдиргани баён қилинади:
“Бас, иккови йўлга тушдилар. То бориб бир кемага минишлари билан тешиб қўйди. (Мусо) айтди: “Уни одамларни ғарқ қилиш учун тешдингми? Жуда даҳшатли иш қилдингку?!” У (Хизр) деди: “Сен мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!” (Мусо) айтди: “Унутганим сабабли мени айблама ва бу ишим учун мени машаққатга дучор қилма”. Сўнгра яна йўлга тушдилар. То бориб бир болага рўбарў бўлганларида (Хизр) уни ўлдирди. (Буни кўрган Мусо) деди: “Бировни (ўлдирмаган) бир бегуноҳ жонни ноҳақ ўлдирдинг-а?! Дарҳақиқат, (сен) бузуқ иш қилдинг!” У (Хизр) деди: “Мен сенга, мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!” (Мусо) деди: “Агар бундан буён сендан бирон нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилма. Чунки мен томонимдан узрга етган бўласан”. Сўнг (улар) яна йўлга тушдилар. То бир шаҳар аҳлининг олдига келиб унинг аҳлидан таом сўраган эдилар, улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Сўнг ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўришгач, (Хизр) уни тиклаб қўйди. (Мусо) деди: “Агар хоҳласанг, бу ишинг учун ҳақ олишинг мумкин эди”. У (Хизр) айтди: “Мана шу сен билан менинг ажралишимиздир. Энди мен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидан огоҳ қиламан. Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган мискин-бечораларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг ортида барча кемаларни талон-тарож қилиб, тортиб олувчи бир подшоҳ бор эди. Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўмин кишилар эди. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик. Шу сабабдан Парвардигорлари бу (бола)дан кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ бадал-эваз қилиб беришини истадик. Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди. Бас, Парвардигоринг улар вояга етиб, Парвардигорнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Мана бу (ишларнинг биронтасини) ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир” (Каҳф сураси, 71-82-оятлар).
Ушбу оятларда Мусо ва Хизр ўртасидаги суҳбатдан сўнг содир бўлган воқеалар келтирилмоқда.
“Бас, иккови йўлга тушдилар. То бориб бир кемага минишлари билан кемани тешиб қўйди”.
Мусо ва Хизр денгиз соҳилига боришди. Улар билан Юшаъ ибн Нун ҳам бор эди. У оятда зикр қилинмаган. Сабаби, у Мусо билан бирга эди.
Аммо айрим ривоятларга кўра, Мусо алайҳиссалом Хизр билан учрашганидан кейин Юшаъни ортига қайтариб юборган.
Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, улар йўлга тушиб, денгиз соҳилига етиб келишади. Шунда олдиларидан бир кема ўтади. Мусо алайҳиссалом билан Хизр алайҳиссалом улардан кемага чиқсак бўладитми, деб сўрашади. Кема эгалари Хизр алайҳиссаломни таниб, уларни кемага чиқаришади .
Мусо ва Хизр кемага чиқиб олишгач, Хизр кемани тешиб қўяди. Айтишларича, унинг тахталаридан бирини суғуриб олади. Шунда Мусо алайҳиссалом бу ишдан таажжубланади. Унинг қилган ишидан норози бўлиб:
– Уни одамларни ғарқ қилиш учун тешдингми? Жуда даҳшатли иш қилдинг-ку?! – деди.
Яъни, сен қилган иш кема аҳлининг сувга чўкиб ҳалок бўлишларига сабаб бўлади-ку, бу нима қилганинг?! Яхши иш қилмадинг, кемадагиларнинг ҳаётини хавф остига қўйдинг! – дедилар.
У (Хизр) деди: “Сен мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!”
Яъни, Мусо алайҳиссалом эътирозига жавобан Хизр шундай деди:
– Эй Мусо, мен сенга, ҳамроҳ бўлишга ҳаргиз қодир бўлолмайсан, ортида нима ҳикмат борлигини билмаганинг сабаб мендан содир бўлган баъзи ишларга сукут сақлаб туролмайсан, демаганмидим?
Шунда Мусо алайҳиссалом дарҳол узр сўради: “Унутганим сабабли мени айблама ва бу ишим учун мени машаққатга дучор қилма”.
Яъни, эй солиҳ банда, менга савол бермаслик ва эътироз билдирмаслик ҳақидаги насиҳатингни унутганим учун мени маломат қилма! Сен билан ҳамроҳ бўлиш йўлида мени машаққатга солма! – дедилар.
Бундай узр айтишга сабаб, Мусо алайҳиссалом Хизр билан ҳамроҳ бўлиш учун ортиқча савол ва эътироз бирдирмасликка ваъда берганди. Энди эса ўзи рози бўлмайдиган ҳолат кўз ўнгида содир бўлганидан кейин аввалги шартларни унутиб, инсонийлик табиатидан келиб чиқиб, зоҳиран ёмондек туюлган ишга қаршилик қилмоқда. Бу ҳар бир инсон табиатига хос хислатдир.
Мусо алайҳиссалом кўриб сабр қила олмаган иккинчи ҳодиса қуйида баён қилинади.
“Сўнгра яна йўлга тушдилар. То бориб бир болага рўбарў бўлганларида (Хизр) уни ўлдирди. (Буни кўрган Мусо) деди: “Бировни (ўлдирмаган) бир бегуноҳ жонни ноҳақ ўлдирдинг-а?! Дарҳақиқат, (сен) бузуқ иш қилдинг!” У (Хизр) деди: “Мен сенга, мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!” (Мусо) деди: “Агар бундан буён сендан бирон нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилма. Чунки мен томонимдан узрга етган бўласан”.
Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломнинг эътирозини қабул қилганидан сўнг йўлда давом этишди. Кетаётиб бир болани учратиб қолдилар. Бир пайт Хизр алайҳиссалом уни ўлдириб қўйди. Буни кўрган Мусо алайҳиссалом чидаб туролмади. У зот ғазаб билан:
– Сен бир бегуноҳ, айбсиз болани ўлдирдинг. У бола бирон жонни ўлдирмаган, қасос олинадиган ҳолат ҳам йўқ эди. Бас, сен уни ноҳақ қатл қилдинг! – дедилар.
Хизр алайҳиссалом эса иккинчи марта келишилган шартларни эслатиб:
– Эй Мусо, мен билан ҳамроҳ бўлишга зинҳор сабр қилолмайсан, демаганмидим? Сен мен қиладиган ишларнинг ҳикматини билмайсан, – дедилар.
Мусо алайҳиссалом иккинчи бор солиҳ бандага узр айтди. Унга бошқа хилоф қилмасликни ваъда бериб:
– Эй солиҳ банда, агар яна бир марта шундай қилсам, мени ўзингга сафардош қилмайсан, – дедилар. Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссаломдан қаттиқ узр сўраб, қилган ишига пушаймон бўлди, хатосини тан олди.
Қуртубий ҳазратлари айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон киши учун дуо қилсалар, аввал ўзларидан бошлардилар. У зот бир куни: “Бизларга ва Мусога Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Агар (Мусо) соҳибига сабр қилганида, ажиб нарсаларни кўрган бўларди. Аммо у: “Агар бундан буён сендан бирон нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилма”, деди”, деб айтганлар ”.
Шундан сўнг ажойиботларга тўла қиссанинг учинчи қисми келтирилади:
“Сўнг (улар) яна йўлга тушдилар. То бир шаҳар аҳлининг олдига келиб унинг аҳлидан таом сўраган эдилар, улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Сўнг ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўришгач, (Хизр) уни тиклаб қўйди. (Мусо) деди: “Агар хоҳласанг, бу ишинг учун ҳақ олишинг мумкин эди”. У (Хизр) айтди: “Мана шу сен билан менинг ажралишимиздир. Энди мен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидан огоҳ қиламан”.
Мусо алайҳиссалом ва Хизр алайҳиссалом юришда давом этишди. Йўлда кетаётганларида бир қишлоққа дуч келдилар. Улар ўша қишлоқ аҳлидан таом сўраганларида, одамлар буни рад қилишди. Чунки улар бахил эдилар.
Қишлоқдагилар Мусо алайҳиссалом билан Хизр алайҳиссаломни меҳмон қилишдан бош тортишгач, у иккиси кета туриб, бир жойда йиқилай-йиқилай деб турган бир деворни кўришди. Шунда Хизр алайҳиссалом ўша деворни тиклаб, тўғри қилиб қўйди.
Буни кўрган Мусо алайҳиссалом яна савол беришга мажбур бўлди. Чунки уларни меҳмон қилишдан бош тортган бу хасис қавм бундай яхшиликка номуносиб деб ўйлаганди.
Бир киши жидду жаҳд қилиб, қавмнинг йиқилай деб турган деворини тиклаб қўйса, бунинг эвазига улардан ҳақ олса, нима бўлибди? Устига-устак уларнинг бу қишлоқда бошпаналари ҳам йўқ!
Бас, Мусо алайҳиссалом Хизрга:
– Қилган бу ишинг учун манави зиқна қавмдан ҳақ олсанг бўларди. Бу бизга сафаримизда асқотарди. Улар бизни меҳмон қилишни истамадилар-ку?! – дедилар.
Мусо алайҳиссаломнинг бу таклифи уларнинг сафарига якун ясади. Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга:
– Сен айтган бу сўзлардан сўнг йўлларимиз айро-айро бўлади. Чунки сен: “Агар бундан буён сендан бирон нарса ҳақида сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилма”, деган эдинг. Ваҳоланки, мени қилган ишим учун ҳақ олишга ундаяпсан, – деди Хизр алайҳиссалом. – Эй Мусо, шундай бўлса-да, шошма, айрилишимиздан олдин сен сабр қила олмаган уч ҳодисанинг ҳикматидан бохабар қиламан. Чунки менга Аллоҳ билдирган ботиний сирларни сен билмайсан.
“Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган мискин-бечораларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг ортида барча кемаларни талон-тарож қилиб, тортиб олувчи бир подшоҳ бор эди”.
Қилинган иш ҳикматидан хабар берар экан, Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга шундай деди:
– Сен бир кемани тешиб қўйганимда бундан рози бўлмагандинг. Ўша кема денгизда ишлайдиган заиф кишиларники эди. Уларнинг шу кемаларидан бўлак тирикчилик воситаси йўқ эди. Одамлар ундан фойдаланганлари учун ҳақ берардилар. Бас, мен ўша кемани нуқсонли қилиб қўйишни хоҳладим. Бундан, эй Мусо, сен ўйлаганингдек, ундаги одамларни чўктиришни зинҳор ирода қилганим йўқ. Балки ўша ерда бир золим подшоҳ бўлиб, барча яроқли кемаларни тортиб олаётганди. Ўша кема ўз эгаларида қолиши учун шундай қилдим.
Мен кемага етказган зарар ўзидан каттароқ бўлган зарарни даф қилиш учун эди. Зеро, агар ўша кема тузук бўлганида эгалари ундай айрилиб қолишарди.
Шундан сўнг Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга иккинчи воқеанинг жавобини баёни қилди:
“Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўмин кишилар эди. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик. Шу сабабдан Парвардигорлари бу (бола)дан кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ бадал-эваз қилиб беришини истадик”.
Яъни, эй Мусо, мен бир болани ўлдирганимда, эътироз билдиргандинг. Ўша боланинг ота-онаси мўмин эди. Аммо фарзанди бундай бўлмади. Аллоҳ менга билдирдики, у келажакда куфр аҳлидан бўлади. Биз бу бола тирик қолса, туғён ва куфр билан ота-онасини қийнаб, уларни машаққат ва маҳзунликка солишидан қўрқдик. Биз бу туғёнга тушган саркаш болани ўлдириш билан Аллоҳ ўша мўмин ота-онага аввалгисидан кўра покизароқ ва солиҳроқ, ота-онасига меҳрибон ва буйруқларига итоат этадиган фарзанд ато этишини ирода қилдик.
Мусо алайҳиссалом билан Хизр алайҳиссалом ўртасида бўлиб ўтган воқеа учинчи ҳодиса баёни билан якунига етади:
“Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди. Бас, Парвардигоринг улар вояга етиб, Парвардигорнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Бу (ишларнинг биронтасини) ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир”.
Яъни, мен тиклаб қўйган девор шаҳардаги икки етим болага тегишли эди. Уларнинг оталари вафот этганди. Ана ўша девор остида етим болаларнинг олтин ва кумушдан иборат хазиналари бор эди. Уни фарзандлари учун оталари кўмган бўлса, ажаб эмас. Етим болаларнинг оталари солиҳ ва тақводор эди. Шу сабаб, унинг фарзандларининг моллари ҳимояланди.
Аллоҳ ўша етим болалар вояга етиб, куч-қувватга тўлиб, ақлларини таниганларидан кейин девор остидаги хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Ўшанда улар молини сақлашга қодир бўладилар. Агар мен деворни тўғрилаб қўймаганимда, девор йиқилиб, бу етим болалар уни сақлаш ва тўғри тасарруф қилиш ёшига етгунларича хазинанинг қаердалиги маълум бўларди. Бу улар учун Аллоҳ тарафидан бир раҳматдир.
Шундан сўнг Хизр алайҳиссалом бу ишларни ўз иродаси билан қилмаётгани, балки Аллоҳ таолонинг амрига кўра бажарганини маълум қилади:
“Бу (ишларнинг биронтасини) ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир”.
Яъни, бу ишларни ўзим ижтиҳод қилиб ёки ўз фикримга суяниб қилганим йўқ. Балки буларни Парвардигорим амрига биноан амалга оширдим. Мен юқоридаги зикр қилган ишлар сен сабр қила олмаган, сукут сақлаб тура олмаган ҳодисалар таъвилидир. Аллоҳ мени улардан воқиф қилди.
Имом Бухорий ҳазратлари айтадилар: “Бизга Ҳумайдий Суфёндан, у Амр ибн Дийнордан, у Саид ибн Жубайрдан ривоят қиладилар: “Мен Ибн Аббосга: “Навф ал-Биколий даъво қилишича, Хизрнинг соҳиби Мусо Бани Исроил қавмининг Мусоси эмас экан”, дедим. Шунда Ибн Аббос: “Аллоҳнинг душмани ёлғон айтибди. Бизга Убай ибн Каъб ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Мусо Бани Исроил орасида мавъиза қилиб турарди. Ундан: “Одамлар ичида энг билимдони ким?” деб сўралди. У: “Мен”, деди. Шунда илмни Аллоҳга ҳавола қилмагани учун унга танбеҳ берди ва ваҳий қилиб: “Икки денгиз қўшиладиган жойда бир банда бор. У сендан илмлироқ”, деди. Мусо: “Эй Парвардигорим, мен уни қандай танийман?” деди. Аллоҳ: “Ўзинг билан бир балиқ оласан, уни бир халтага соласан, балиқни йўқотган жойингда уни топасан”, деди. Бас, Мусо бир балиқ олиб, уни халтага солди-да, йўлга тушди. У билан бир хизматкор – Юшаъ ибн Нун ҳам бирга йўлга чиқди. Улар бир қоя тош олдига келиб, дам олишди. Қаттиқ чарчаганидан ухлаб қолдилар. Шунда балиқ халтада қимирлай бошлади. Кейин ундан чиқиб, денгизга тушиб, ортидан из қолдирганча сузиб кетди. Балиқнинг сувга тушиб кетганини Юшаъ ибн Нун кўрди, аммо бу ҳодисани Мусога айтишни унутди.
Улар йўл юришда давом этдилар. Эртаси куни Мусо хизматкорига: “Тушлигимизни олиб кел, бу сафардан жуда чарчадик”, деди. Хизматкори унга: “Буни қаранг, биз кеча дам олган қоя тош олдида балиқ сувга тушиб кетган эди. Мен буни сизга айтишни унутибман. Буни шайтон ёдимдан чиқарди шекилли”, деди.
Бас, улар зудлик билан ортга қайтдилар. Қоя тош олдига келганларида, бир кишини кўришди. Мусо унга салом берди. Хизр саломга алик олди. Хизр: “Сен Мусомисан?”, деди. У: “Ҳа, Бани Исроил қавмининг Мусосиман. Мен олдингга сендан илм ўрганиш учун келдим”, деди. Шунда Хизр: “Мен билан ҳамроҳ бўлишга тоқат қилолмайсан! Эй Мусо, мен Аллоҳ тало таълим берган илм соҳибиман. Сен уни билмайсан. Сенга ҳам Аллоҳ таоло билдирган илм бор. Аммо уни мен билмайман” деди. Мусо: “Иншааллоҳ, мени сабрлилардан эканимни кўрасан. Мен сенга исён қилмайман”, деди. Хизр: “Агар бирга ҳамроҳ бўлсанг, бас, у ҳолда ўзим хабар бермагунимча мендан бирон нарса ҳақида сўрама!” деди.
Шундай қилиб, улар йўлга тушиб, бир кемага рўбарў бўлдилар. Кемадагилар Хизрни танишди ва бирон ҳақ олмасдан уларни кемага чиқаришди. Ҳамроҳлар кемага чиқиб олишгач, кутилмаганда Хизр болға билан кема тахталаридан бирини суғуриб олди. Шунда Мусо унга: “Улар сени бирон ҳақ олмасдан кемага чиқаришганди, сен бўлсанг уларга зарар келтирдинг, кемаларини тешиб қўйдинг. Мақсадинг уларни чўктиришми? Сен жуда ёмон иш қилдинг!” деди. Хизр унга: “Мен билан ҳамроҳ бўлишга тоқат қилолмайман, демаганмидим?!” деди. Мусо: “Узр, унутганим учун мени айблама ва мени машаққатга солма!” деди. Мусо ваъдасини унутиб қўйганди. Шу пайт бир чумчуқ келиб, кеманинг бир чеккасига қўниб, тумшуғини денгизга бир марта тиқиб олди. Шунда Хизр Мусога: “Шу чумчуқ (тумшуғида сув олиб) денгиздан қанча камайтирган бўлса, менинг ва сенинг илминг Аллоҳнинг илми олдида худди шу кабидир”, деди. Сўнгра иккиси кемадан тушиб, соҳил бўйида кетаётганларида, Хизр болалар билан ўйнаб юрган бир болани кўриб қолди ва уни ўлдирди. Шунда Мусо унга: “Бир бегуноҳ жонни ноҳақ ўлдирдинг-а! Дарҳақиқат, сен ёмон иш қилдинг!” деди. Хизр Мусога: “Мен билан ҳамроҳ бўлишга зинҳор тоқат қилолмайсан, демаганмидим?!” деди. Бу аввалгисидан қаттиқроқ эди. Мусо деди: “Агар яна бир марта сўрасам, мени ўзингга ҳамроҳ қилма!” Улар яна йўлга тушдилар. Бир шаҳарга келиб, одамлардан таом сўрадилар. Шаҳар аҳли уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Сўнг улар ўша жойда йиқилай деб турган бир деворни кўриб қолишди. Хизр дарҳол уни тиклаб қўйди. Мусо деди: “Агар хоҳласанг, бу ишинг учун ҳақ олишинг мумкин эди”. Хизр айтди: “Мана шу сен билан менинг ажралишимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидан огоҳ қиламан”. Шундан сўнг Хизр қилган ишларининг таъвилини баён қилдилар. Биринчиси, кемани тешишга боис, ўша куни подшоҳнинг буйруғи чиққан эди. Буйруққа биноан ҳар бир бутун кемани давлат ихтиёрига олиниши лозим эди. Кемачининг эса шу кемадан бошка ризқу рўз топишга воситаси йўқ эди. Шунинг учун кемани тешиб, айбдор қилинди. Токи кема ўша камбағал одамнинг мулки бўлиб қолсин, подшоҳликка ўтмасин, тешик бўлса ҳам шу кемадан фойдаланиб бола-чақасини боқишга, оиласини тебратишга маблағ топиб турсин. Сиртдан қараганда зарарли нарса бўлиб кўринади, лекин аслида кемачи учун фойдали иш қилинган.
Ўлдирилган бола бўлса катта бўлганида кофир бўлиб, осий бўлиб, ота-онасига ор-номус келтирадиган, кулфат, мусибат келтирадиган бўлиши керак эди. Лекин Аллоҳ таоло уларга аҳли солиҳ бўлганлари учун бу келажакда безори бўладиган боланинг ўрнига яхши бола беришни ирода қилди ва бу болани кичиклигидаёқ ўлдириб қўйди. Кейин уларга яхши фарзандларни ато қилди.
Девор ҳодисасига келинганда эса деворнинг остида икки етим боланинг хазинаси кўмилган эди. Уларнинг отаси аҳли солиҳ бўлган эди. Шунинг ҳурматидан етим болалар вояга етгунича уларнинг хазинасига бегоналарнинг кўзи тушмаслигини ирода қилган Аллоҳ деворни бузиб, қайта уриб қўйишга амр килди».
Уламолар бу қиссадан жуда кўп ҳукм ва одоб қоидаларини ўрганишган. Қуйида уларнинг айримларини санаб ўтамиз.
1. Инсон қанча кўп илмга эга бўлмасин, у янада кўпроқ илм олишга ҳаракат қилиши, ўз нафсидан ажабланиб қолмаслиги керак. Аллоҳ таоло бандаларга жуда кам илм берилганини айтган. Ўз навбатида, У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илм талаб қилишда камтар бўлиб, “Парвардигорим, менинг илмимни зиёда қилгин!” деб дуо қилишни ўргатган.
2. Илм талабида сафар қилиш оқиллар сифатларидандир. Мусо алайҳиссалом улул азм пайғамбарлардан бўлишига қарамай, солиҳ банда билан учрашиш ва ундан илм олиш йўлида жуда кўп машаққат чекди. Илм олиш йўлидаги қатъиятини қуйидаги оят мисолида кўриш мумкин:
“Мусо хизматкорига: “То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунча ёки узоқ замонлар кезмагунча юришдан тўхтамайман”, деган пайтини эсланг”.
Қуртубий ҳазратлари ушбу оят тафсирида шундай дейди: “Бу ерда олимнинг илмини зиёда қилиш йўлида сафар қилиши, бу йўлда хизматкор ва дўстдан ёрдам сўраш, гарчи узоқда бўлсалар-да, фозиллар ва уламолар суҳбатини ғанимат билишга далолат қилинмоқда. Мана шу, салафи солиҳлар одати эди. Мана шу сабаб, илм йўлида сафар қилувчилар катта насибани қўлга киритишган, улкан муваффақият қозонишган. Улар илмда катта қадам ташлашган. Уларнинг мартабалари юксалган, ажр-мукофот қозонишган ва катта фазилат соҳибларига айланишган. Бухорийнинг айтишича, Жобир ибн Абдуллоҳ ҳадис эшитиш истагида Абдуллоҳ ибн Унайс олдига бир ой йўл юриб етиб борган ”.
3. Инсон ўз табиати тақазо қилган нарсалар ҳақида, жумладан, очлик, чанқоқлик, чарчаш ва унутиш кабилар ҳақида хабар бериши жоизлиги. Мусо алайҳиссалом хизматкор йигитга: “Нонуштамизни олиб кел, бу сафаримиздан қаттиқ чарчадик”, деганди. Хизматкор йигит эса унга: “Буни кўринг, биз қояга борган пайтимизда, мен балиқ денгизга тушиб кетганди. Бу воқеани сизга айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқарди”, деди.
Бу жавобда, гарчи барча нарса Аллоҳ таолонинг қазои қадари билан бўлса ҳам, унутиш сабаби шайтонга нисбат берилмоқда.
4. Илм икки хил бўлиши: биринчиси, инсон ўз ҳаракати ва таҳсили орқали эгаллайдиган илм (муктасаб илм). Иккинчиси, илми ладуний. Бу илмни Аллоҳ бандалари ичидан хоҳлаганига беради. Аллоҳ таоло Хизр ҳақида: “Биз унга Ўз даргоҳимиздан илм берган эдик”, деган. Илми ладуний хос илм бўлиб, Аллоҳ Ўзи истаган бандасига уни ато қилади, бу баъзи ғайб ишларни ўз ичига олади.
5. Илм толиби муаллимига камтарин муносабатда бўлиши, унга энг мулойим иборалар билан хитоб қилиши лозим.
6. Илм олувчи таълим жараёнида узрли ҳолатга тушиб қолса, олим буни тўғри қабул қилиши керак. Зеро, мутааллим билмагани сабаб, ҳақиқатга ва мантиққа зоҳиран тўғри келмайдигандек кўринган ишлар ортида нима ҳикмат борлигини билмайди. Ана шу нарсалар сабабини билиш мутааллимнинг сабрли бўлишга ёрдам беради.
Хизр Мусога: “Аниқки, мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқат қилолмайсан. Зеро, ўзинг хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қиласан?” деди.
7. Инсон бирон амални қилишга киришишидан аввал уни Аллоҳнинг хоҳишига боғлаши, ўзига боғлиқ эмаслигини ифодалаши кучли имон белгисидир. Мусо алайҳиссалом Хизрга: “Иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан эканимни биласан ва сенинг амрингга осийлик қилмайман”, деди. Шундай деганига қарамай, Мусо Хизрнинг зоҳиран ҳақиқатга хилофдек кўринган ишларига гувоҳи бўлгач, сабр қилиб туролмади.
Олим таълимни бошлашидан олдин толиб учун муайян шартларни қўйиши жоиз. Хизр Мусога шундай деганди: “Бас, агар менга эргашсанг, то ўзим сенга айтмагунимча бирон нарса ҳақида сўрама!”
8. Зарари кичик ишларни қилиш билан ундан каттароқ зарарнинг олдини олиш жоизлиги. Кемани тешиб қўйиш, албатта зарарли иш. Лекин бу ўша юрт подшоси мискинлар кемаларини зулм билан тортиб олишидан кичикроқ зарардир. Бир ёш болани ўлдириш, албатта, ёмон иш. Аммо ўша бола тирик қоладиган бўлса, келажакда ундан ҳам хунукроқ ишлар содир бўлиши мумкин. Зеро, ўша бола ота-онасига зулм қилиб, уларни куфрга мажбурлаши эҳтимоли бор эди.
Шунингдек, бир инсон бошқа бир инсонга тегишли бўлган нарсаларни унинг изнисиз тасарруф этиши жоиз. Фақат шарти шуки, бу билан унга манфаат келтириш керак бўлади. Масалан, бир одам уйи ёнаётган бўлса, унинг изнисиз оловни ўчирилади. Бунда оловнинг зарари ундан кичикроқ бўлган зарар билан даф қилинади.
9. Ҳукмларда сабр қилиш, ишларда саботли бўлиш, воқеа-ҳодисалар сабабини билишга ҳаракат қилиш, буларнинг барчаси тўғри ҳукм чиқариш, тўғри сўзлаш ва амал қилишга ёрдам беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ бизларга ва Мусога раҳм қилсин. Агар у сабр қилганида, ажойиб нарсаларни кўрарди”, деб нақадар рост айтганлар.
10. Оқил солиҳларнинг одати Аллоҳ билан одоб ила муомалада бўлишдир. Чунончи, Хизр кемани тешишни ўзига нисбат берганди. Яъни, “Мен уни айбли қилишни хоҳладим”, деганди. Аммо икки ёш бола манфаати йўлида қилинган хайрли тадбирни Аллоҳга нисбат берган: “Бас, Парвардигоринг улар вояга етиб, Парвардигорингнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди”.
11. Оталарнинг салоҳияти фарзандларга манфаат келтириши. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Уларнинг оталари солиҳ эди...” деган сўзи далил бўлади.
Ибн Касир ушбу оят тафсирида шундай деган: “Бунда солиҳ кишининг зурриётлари ҳимоя қилиниши, унинг ибодати баракаси уларга дунё ва охиратда манфаат келтиришига, уларни шафоат қилишига, фарзандлари даражалари энг юксак поғоналарга кўтарилишини кўриб кўзи қувонишига далил бордир. Бу ҳақида Қуръон ва суннатда хабарлар ворид бўлган. Саид ибн Жубайр Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “У икки бола оталари салоҳияти сабабидан ҳимояландилар ”.
12. Киши ўз дўстига бирон ишни қилишга мажбур бўлганининг сабабини баён қилмагунича ажралмайди. Юқоридаги қиссада кўриб ўтдик, Хизр Мусо билан ажралишдан олдин ўзи қилган ишларнинг сабабларини санаб ўтди.
Бундан маълум бўладики, киши дўстига Аллоҳга маъсият бўлмайдиган ишларда ҳамроҳ бўлиши суҳбат давомий бўлишининг бош сабабидир. Бу билан уларнинг дўстлик ришталари кучли бўлади. Агар улар орасида тушунмовчилик, бир-бирига номувофиқлик бўлса, орадаги алоқа узоққа бормайди.
Агар мақсад ҳақни билиш бўлса, яхши ниятда қилинадиган муҳокама, мунозара, дўстлар орасидаги қалин муносабатларга таъсир кўрсатмайди. Аксинча, уни янада қувватлантиради.
Аллоҳ таоло бизни пайғамбарлар хулқи ила хулқлантиришини, Қуръонни қалбимиз қувончи қилишини сўраймиз.
Мусо алайҳиссаломнинг Парвардигорини кўришга бўлган шавқи ва у билан ўзига хос гаплашиши
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга берган улуғ сифатлар ва хусусиятлардан бири, у билан ўзига хос тарзда гаплашганидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Айрим пайғамбарлар ҳақида Сизга илгари ҳикоя қилдик. Айрим пайғамбарларни эса Сизга ҳикоя қилганимиз йўқ. Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди” (Нисо сураси, 164-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло пайғамбари Мусо алайҳиссалом билан гаплашгани таъкидланмоқда. Бунинг қандай содир бўлганини Аллоҳ таолога ҳавола қиламиз.
Мусо алайҳиссалом Парвардигори билан гаплашишга, У зотни кўришга ўта мушфиқ эди. Қуръони карим бизга шу ҳақида қуйидагича ҳикоя қилади:
“Биз Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашган эдик. Сўнгра уни яна ўн (кеча) билан тўлдирдик. Бас, Парвардигорининг (унинг учун белгилаган) вақти комил қирқ кеча бўлди. Мусо акаси Ҳорунга: “Қавмим устида менинг ўринбосарим бўл ва тузат. Бузғунчи кимсаларнинг йўлига эргашма”, деди. Қачонки Мусо ваъдалашган вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга сўзлагач, у: “Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсат. Сенга бир қарай”, деди. (Аллоҳ) айтди: “Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан. Аммо мана бу тоққа қара. Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўрасан”. Қачонки Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади ва (бу ҳолни кўрган) Мусо ҳушсиз ҳолда йиқилди. Ўзига келганидан кейин эса: “Пок Парвардигор, Ўзингга тавба қилдим. Энди мен имон келтирувчиларнинг аввали – пешқадамиман”, деди. (Аллоҳ) айтди: “Эй Мусо, ҳақиқатан, Мен сени одамлар устида пайғамбарим бўлишга ва Каломимни эшитишга танлаб олдим. Бас, сенга ато этган нарсамни ол ва шукр қилувчилардан бўл!” (Аъроф сураси, 142-144-оятлар).
“Ал-кашшоф” муаллифи айтади: “Ривоят қилинишича, Мусо алайҳиссалом Мисрдалигида Бани Исроилга Аллоҳ уларнинг душманларини ҳалок қилса, Аллоҳ даргоҳидан бир Китоб келтиришни ваъда қилди. Фиръавн ҳалок бўлганида, Мусо Парвардигоридан Китобни сўради. Шунда Аллоҳ уни Зулқаъда ойида тўлиқ ўттиз кун рўза тутишга амр қилди. Мусо буюрилган ишни бажаргач, Аллоҳ унга Зулҳижжа ойидан яна ўн кун рўза тутишни, ўша ўн кунликда Аллоҳга яқинлаштирадиган амаллар қилишни буюрди. Шундан кейин Аллоҳ Зулҳижжанинг ўн кунида Тавротни нозил қилди ва у билан ўзига хос тарзда гаплашди ”.
Аллоҳ таоло пайғамбари Мусо алайҳиссалом Тавротни қабул қилишга тайёрланиши учун уни қирқ кеча Ўзига муножот қилишга буюрди.
Мусо биродари Ҳорунга шундай насиҳат қилди:
“Қавмим устида менинг ўринбосарим бўл ва тузат. Бузғунчи кимсаларнинг йўлига эргашма”.
Яъни, Мусо алайҳиссалом Парвардигорига муножот қилишга кетаётиб, ортида қолаётган биродари Ҳорунга юзланиб:
– Ортимдан қавмимга ўринбосар бўл. Уларни кузатиб, кўз-қулоқ бўлиб тур. Уларнинг имонлари заиф. Доим назорат қилиб турмаса бўлмайди. Нафслари ақлларидан устун келиши мумкин. Улар орасини ислоҳ қилиб, зинҳор бузғунчилар ортидан эргаша кўрма! – деди.
Мусо алайҳиссалом ваъдалашга жойга кетар экан, қавми бир қилиқни ўйлаб топишларини биларди. Шу сабаб, биродарига уларни назорат қилиб туришни тайинлади.
Мусо алайҳиссалом кутгани тўғри бўлиб чиқди. Саркаш қавм ундан кейин Ҳорун гапини писанд қилмай, Сомирий қўли билан ясаб берган, овоз чиқарадиган бир жонсиз ҳайкалга сиғинишни бошладилар.
Энди Мусо алайҳиссалом Тур тоғига етиб келганида бўлиб ўтган воқеа ҳикоя қилинади:
Қачонки Мусо ваъдалашган вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга сўзлагач, у: “Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсат. Сенга бир қарай”, деди.
Мусо алайҳиссалом белгиланган Тур тоғига етиб келганида Аллоҳнинг Ўзи у билан бевосита гаплашди. Мусо Аллоҳ билан гаплашиб, Унинг сўзини эшитганидан кейин:
– Ё Раббим, улуғ зотингни менга кўрсат, жамолингни бир кўрай! – деди.
Бунга жавобан Аллоҳ таоло шундай деди:
– Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан.
Яъни, эй Мусо, сен шу ҳолингда Мени кўролмайсан, деди.
Аллоҳ таоло банда бу дунёда Уни кўролмаслигини таъкидлади. Аммо охиратда Аллоҳ таоло жамолини кўриш ҳақида саҳиҳ ҳадислар келган. Уларга кўра, мўминлар жаннат боғларида Парвардигорини кўрадилар.
Аллоҳ таоло яна шундай деди: “Аммо мана бу тоққа қара. Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўрасан”.
Яъни, эй Мусо, бу дунёда Мени зинҳор кўролмайсан. Бунга қудратинг етмайди. Сендан кучлироқ бўлган манави тоққа қара: Мен унга кўринаман. Агар тоғ ўз жойидан силжимай мустаҳкам турса, сен ҳам Мени кўра оласан. Акс ҳолда, бунга тоқатинг етмайди.
Бу билан Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга лутф кўрсатяпти, унинг талабини буткул инкор қилмасдан, Аллоҳ таолони бу дунёда моддий кўз билан кўриб бўлмаслигини баён қилмоқда.
Аллоҳ тоққа тажаллий қилганида нима бўлгани қисса давомида айтилади:
“Қачонки Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади ва (бу ҳолни кўрган) Мусо ҳушсиз ҳолда йиқилди”.
Аллоҳ таолонинг нури У зотнинг улуғлигига мос ҳолда тоққа кўринганида, тоғ қанча қудратли ва салобатли бўлишига қарамай, парчаланиб кетди. Одамлар кўзига улкан ва пурвиқор кўринадиган тоғки шундай ҳолга тушган экан, ожиз инсон ҳоли қандай бўлади?
Тоғнинг қай ҳолга тушганини ўз кўзи билан кўрган Мусо қўрққанидан ҳушидан кетиб йиқилди.
Ўзига келганидан кейин эса: “Пок Парвардигор, Ўзингга тавба қилдим. Энди мен имон келтирувчиларнинг аввали – пешқадамиман”, деди.
Беҳуш ётган Мусо алайҳиссалом ўзига келгач, аввалги ҳолатига қайтди ва Аллоҳнинг улуғлигини ёд этиб:
– Ё Аллоҳ, Сен махлуқотларингга ўхшашдан поксан! Мен изнингсиз бирон нарсани сўрашдан тавба қилдим. Мен буюклигингга имон келтирадиганларнинг аввалгилариданман , – деди.
Аҳли сунна вал жамоа уламолари айтганларидек, Аллоҳ таолони охиратда кўриш мумкин. Бу ҳақида Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлар келган. Бироқ уламолар Аллоҳни бу дунёда кўриш имкони йўқлигини айтишган. Бу ҳақида бирон ҳужжат-далил ҳам собит бўлмаган.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ато этган баъзи неъматлар эслатилади: “Эй Мусо, ҳақиқатан, Мен сени одамлар устида пайғамбарим бўлишга ва Каломимни эшитишга танлаб олдим”.
Яъни, эй Мусо, Мен сени ўз замонингдаги одамлар устида пайғамбар бўлишинг учун танлаб олдим. Шунингдек, сен билан бевосита гаплашдим.
Бу жумлалар билан Мусо алайҳиссаломга тасалли берилмоқда. Сабаби, унинг Аллоҳни кўришга бўлган шавқи кучли эди. Гўё: “Мен сени зотимни кўришдан ман қилган бўлсам-да, лекин сенга турфа хил улуғ неъматларни ато қилдим. Бас, уларни ғанимат бил ва Менга доим шукр қил!” дейилаётгандек.
“Бас, сенга ато этган нарсамни ол ва шукр қилувчилардан бўл!”
Яъни, эй Мусо, сенга ато этганим пайғамбарлик ва бошқаларни ол, берилган инъомларга мудом шукр қилувчилардан бўл. Зеро, сен ўзгаларга ибрат-намуна бўласан.
“Унинг учун лавҳаларга ҳамма нарсани – панд-насиҳат ва барча нарсаларнинг тафсилотини ёзиб қўйдик ва: “Уларни маҳкам ушла ҳамда қавмингни у панд-насиҳатларнинг энг гўзалларини олишларига буюр” (дедик). Энди Мен сизларга итоатсиз кимсалар диёрини кўрсатаман” (Аъроф сураси, 145-оят).
Ибн Аббосга кўра, оятдаги “лавҳалар”дан мурод Таврот лавҳаларидир. Унинг адади борасида ихтилоф қилинган. Айтилишича, етти лавҳа бўлган. Бошқалар ўнта лавҳа, дейишган. Бундан кўп бўлган, деганлар ҳам бор.
Таврот лавҳалари нечта бўлганини Аллоҳга ҳавола қилиш тўғридир. Чунки бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ хабар ворид бўлмаган.
Оятнинг маъноси қуйидагича: Биз Мусо алайҳиссалом учун Таврот лавҳаларида уларга керак бўладиган барча нарсани – ҳалол ва ҳаром, яхшилик ва ёмонликни ёзиб қўйдик. Шояд улар бундан ўзлари учун панд-насиҳат олсалар, қалблари таъсирланиб, солиҳ амалларга шошилиб, гуноҳлардан ҳайиқсалар. Шунингдек, Биз бу лавҳаларга Мусо рисолати билан боғлиқ жамики нарсалар тафсилотини битдик.
Аллоҳ таоло “ёзиш”ни Ўзига нисбат беришининг сабаби, бу Унинг қудрати билан бўлган ёки У зотнинг амри билан Мусо ё бўлмаса, фаришталардан бири ёзган.
“Манор” муаллифи шундай ёзади: “Баъзи муфассирлар айтишича, лавҳалар Тавротни ўзида жамлайди. Уларнинг баъзилари: “Бу Тавротдан олдин бўлган”, дейишган. Рожиҳ қавл шуки, бу лавҳалар Мусо алайҳиссаломга аввал берилган ва Тавротнинг асли ҳисобланади. Бошқа ҳукмлар ибодатлар, муомалалар, жазолар бўлган. Бунга ҳожат туғилган вақтда Аллоҳ уларни нозил қилган ”.
“Уларни маҳкам ушла”. Бу ерда “уларни” деганда “лавҳалар” назарда тутилмоқда.
Яъни, Биз лавҳаларда ҳар бир нарсани ёздик ва Мусога:
– Ушбу лавҳаларни қаттиқ ушла, – дедик.
Мусо алайҳиссалом узоқ йиллардан буён қулликда азоб чекаётган бир қавмга элчи қилиб юборилган эди. Бунда бошлиқ қаттиққўл ва сабр-бардошли бўлмаса, қўл остидагиларни тарбиялаш қийин кечар, Аллоҳ буюрган ишларни амалга ошириш амримаҳол бўларди.
“Энди Мен сизларга итоатсиз кимсалар диёрини кўрсатаман”.
Яъни, сизларга Менинг амримга хилоф қилганлар, тоатимдан бўйин товлаганлар оқибатини кўрсатаман. Улар қандай қилиб ҳалокат ёқасига бориб қолганини кўрасизлар.
Айтилишича, фосиқлар диёридан мурод Фиръавн ва қавмининг маскани Мисрдир. Яна айтиладики, бунда Од, Самуд ва куфр сабабидан ҳалокатга учраган қавмлар назарда тутилган. Бошқа бир қавлда, ундан мурод золим кишилар яшайдиган Шом еридир.
Бизнингча, аввалги қараш тўғрироқ бўлса керак. Сабаб, ояти каримада Аллоҳ махлуқотларига битиб қўйган суннатлардан бири эслатилмоқда. Бу суннат ҳар бир бузғунчи кимсанинг оқибати хорлик билан тугашини тақозо этади. Биринчи қараш тўғри эканини айтганимизнинг бошқа сабаби, ундан мурод Фаластин диёри эканини қувватловчи бирон саҳиҳ ҳадис нақл қилинмаган.
Мусо ва Ҳорун алайҳимуссалом қиссасидан олинадиган энг муҳим ибратлар
Қуръони каримда Мусо алайҳиссалом қиссаси бошқа пайғамбарларникига қараганда батафсилроқ баён қилинган. Жумладан, Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавн билан, Бани Исроил қавми билан қиссаси 20 дан ортиқ сурада такрорланган.
Биз ушбу қиссани ўқир эканмиз, ўзимиз учун қуйидаги фойдаларни оламиз:
1. Аллоҳ таоло бирон ишни амалга ошишини ирода қилса, унинг сабабларини осон қилиб қўяди. Аллоҳ бир бандани ҳимоя қилишни хоҳласа, қанча макр-ҳийла ва алдовлар ишлатилишидан қатъи назар, ўша бандани ғанимлар хуружидан, уларнинг заҳарли тиғидан омонда сақлайди.
Сўзимизга мисол сифатида Мусо алайҳиссалом қиссасини эслаш кифоя: Мусо алайҳиссалом қайси вақтда, қандай шароитда дунёга келди? У зот туғилганида золим Фиръавн Бани Исроил қавмининг ўғил болаларини битта қўймай ўлдириб, қизларни тирик қолдираётганди. Аллоҳ таоло ана шундай таҳликали ҳолатда ҳам Мусо алайҳиссалом жонини омон сақлади, унинг тирик қолишини ирода қилди ва бунинг сабабларини осон қилиб қўйди. Яъни, Мусонинг онасига уни сандиққа солиб дарёга ташлаш билдирилди. Кейин эса чақалоқларни шафқатсизларча қатл қилаётган Фиръавннинг аёли қалбига бу гўдакка нисбатан меҳр ҳиссини пайдо қилди ва Мусо ўз душмани қарамоғида ўсиб, вояга етди. Аллоҳнинг ҳаким Зот эканини қаранг! Фиръавн айнан Мусодан ҳадиксираб минглаб болаларнинг умрига зомин бўлди. Ҳаким Зот Аллоҳ таоло айнан Фиръавн чўчиган болани унинг хонадонига келишини, шу жойда вояга етишини таъминлади. Шундай қилиб, Мусо келажакда ўзи учун ашаддий ғаним бўлувчи Фиръавн оиласида катта бўлди, туғён ва ёмонлик жамланган бир маконда эмин-эркин ўсиб-улғайди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ Мусо алайҳиссаломни яхши кўрган ва уни бошқаларга ҳам севимли қилиб қўйганди”, дейдилар.
Шу сабабдан Мусо Фиръавн кўз ўнгида омонликда юрди. Миср ҳукмдори “мана шу бола катта бўлиб, менинг душманим бўлади”, деб ўйламасди.
Хуллас, Аллоҳ нима ишни хоҳласа, у албатта бўлади. Аллоҳнинг хоҳишига қарши борувчи ва У Зотнинг амрини муҳокама қилувчи йўқ.
2. Яхши инсонлар, салоҳият эгалари доим ҳақни ҳимоя қиладилар ва мазлумлар сафида туриб, бечоралар ёнини оладилар, уларга ёрдам берадилар. Бу билан зулмга қарши чиқиб, бузғунчилик ва зўравонлик олди олинади. Муҳтож инсонларга ёрдам қўли чўзилади. Дунё обод бўлиши таъминланади.
Сўзимизнинг исботи сифатида Мусо алайҳиссаломнинг Мадян юртида икки аёлга чорваларини суғоришда ёрдам берганини келтириш ўринлидир. Мусо алайҳиссалом у икки аёл эркаклар ичига кира олмай, чорваларини суғоришдлан ожиз қолаётганларини кўра туриб, индамай кета олмади. Ундаги мурувват, шижоат ва ғайрат бунга йўл қўймади. Икки ожизага берилган ёрдам қандай натижа билан тугагани юқоридаги ибратли қиссани ўқиш орқали билиб олдик.
Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўлганидан кейин ҳам ҳақ йўлда шижоат кўрсатди ва зулмга қарши курашди. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳимуссаломни мақтаган. Сабаби, улар Яратган топшириғини гўзал суратда адо қилишди. Марям сурасида шундай дейилган:
“(Эй Муҳаммад,) ушбу Китобда Мусо (қиссаси)ни зикр қилинг! Дарҳақиқат, у танлаб олинган элчи-пайғамбар эди. Биз унга Тур (тоғининг) ўнг томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик. Биз (Мусога) Ўз фазлу марҳаматимиз билан (унга ёрдамчи бўлсин, деб) пайғамбар бўлмиш оғаси Ҳорунни ҳадя этдик” (Марям сураси, 51-53-оятлар).
Яъни: эй карим сифатли Пайғамбар, одамларга биродарингиз Мусо алайҳиссалом қиссасини зикр қилинг! Биз уни рисолатимизни зиммасига олиш учун танлаб олгандик. Мусо Бизга чиройли итоат этди, гўзал суратда ибодат қилди. У Бизнинг ихлосли бандаларимиздан эди. Биз Мусога Тур тоғида нидо қилдик, унга ўз каломимизни эшиттирдик ва унинг мартабасини баланд қилдик. Рисолатни етказишда кўмакчи бўлсин, деб унга биродари Ҳорунни ато этдик.
3. Ҳақиқат тарафдорлари ҳамиша топилади. Гарчи зулм қилувчилар сони жуда ортиб кетса ҳам, адолатни ҳимоя қилишга ёрдамчи топилмай қолмайди.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом даъватига ижобат қилмаган Фиръавн оиласидан бир мўмин банда чиқишини ирода қилди. Ўша киши Фиръавн оиласи унга бирон зиён етказишидан қўрқиб мўминлигини беркитиб юрганди. Аммо қонхўр Фиръавн: “Менга қўйиб беринглар, Мусони ўлдираман!” деган гапини эшитиб, ўз қавмига қарата:
– Парвардигорим Яккаю Ягона Аллоҳ, деган бир кишини ўлдирасизларми? Ваҳоланки, у сизларга инкор қилиб бўлмас аниқ ҳужжат-далиллар, ақлни лол қилувчи мўъжизалар келтирди-ку! Агар у ёлғончи бўлса, алдагани ўзига зиён, бундан фақат ўзи азият чекади. Бироқ, у ростгўй бўлса, у айтган баъзи нарсалар бошингизга тушади. Албатта, Аллоҳ исроф қилувчи, ҳаддидан ошувчи, Ўзи белгилаб берган чегарадан чиқувчи ва ёлғонга чақирувчи кимсаларни тўғри йўлга бошламайди.
Эй қавмим, бугун сизлар Миср диёрида буткул ҳукмронлик қиляпсизлар. Агар ношукрлигимиз ва туғёнга кетганимиз сабаб устимизга Аллоҳнинг азоби келса, бизларни ким қутқариб қолади?! – дея хитоб қилди.
Аллоҳ таолонинг ҳикматини қарангки, Мусога тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатаётган, “Мен худоман”, деб ўзига бино қўяётган Фиръавн оиласидан бир мўмин бандани чиқариб, Мусо алайҳиссалом тарафини олишни, ҳақни ҳимоя қилишини ирода қилди.
Фиръавн аҳлидан бўлган мўмин банданинг ҳикматли насиҳатлари, қалб тўридан отилиб чиққан энг таъсирли сўзлари ҳам Фиръавн қалбини юмшатмади. У ўзининг куфри ва залолатида давом этиб, яна бошқа чоралар излашга тушди. Мўмин банда эса уни огоҳлантириш ва насиҳат қилишда давом этди. Жумладан, Фиръавннинг: “Эй Ҳомон, мен учун бир баланд қаср қур! Шояд мен осмонлар йўлига чиқиб, Мусонинг Парвардигорини кўрсам. Чунки мен уни ёлғончи деб ўйлаяпман”, деган талабига мўмин банда қуйидаги насиҳатлари билан жавоб берди:
– Эй қавмим, менга итоат этинглар! Сизларни тўғри йўлга бошлайман. Эй қавмим, бу дунё ҳаёти ўткинчидир, охират эса абадий диёрдир. Ким бир ёмонлик қилса, фақат ўшанинг мислича жазоланади. Эркак ё аёлдан кимда-ким мўмин ҳолида бир солиҳ амал қилс, бас, ўшалар жаннатга кирадилар ва у ерда ҳисобсиз ризқлантириладилар. Эй қавмим, сизларга нима бўлди?! Мен сизларни нажотга чақирсам, сизлар мени жаҳаннам оловига чорламоқдасизлар! Сизлар мени Аллоҳга куфр келтиришга ва ўзим билмаган нарсани Аллоҳга шерик қилишга ундаяпсизлар. Мен сизларга Улуғ ва Мағфиратли Зот йўлига даъват қиляпман. Шубҳасиз, сизлар мени даъват қилаётган нарса дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳеч қандай қийматга эга эмас. Албатта барчамиз Аллоҳга қайтамиз. Исроф қилувчилар жаҳаннам эгаларидир. Мен айтаётган гапларни ҳали эслайсизлар. Бас, мен ишимни Аллоҳга ҳавола қилдим. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчи Зотдир.
Аллоҳ ўша мўмин бандани уларнинг макрларидан сақлади ва Фиръавн оиласи бошига қаттиқ азоб ёғилди. Қиёматда бундан ҳам оғирроқ қийноқларга гирифтор қилинадилар.