close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

ИСМОИЛ, ИСҲОҚ ВА ЯЪҚУБ ҚИССАЛАРИ

Ушбу уч пайғамбар тўғрисидаги хабарлар кўп ўринларда ота­лари Иброҳим (алайҳиссалом) билан боғлиқ ҳолда ҳикоя қилин­ган. Уларнинг баъзиларини Иброҳим (алайҳиссалом) қиссасида айтиб ўтдик.
Энди бунга қўшимча тарзда ҳар бир пайғамбар ҳаётини қис­қача ёритиб ўтамиз. Мақсад – Аллоҳ таолонинг ризолигига ноил бўлган аҳли-хайр ва солиҳ кишилардан ўрнак олиш.
Исмоил (алайҳиссалом) ҳақида тўхталадиган бўлсак, у кишининг исмлари Қуръони каримнинг ўн бир жойида зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади:
«Иброҳим ва Исмоилга: «Менинг Байтимни тавоф килгувчилар, (ўша ерда ибодат қилиб) турувчилар, руку-сужуд эгалари учун пок тутинг», деб буюрдик» (Бақара, 125).
«Эсланг, Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳ­нинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, Сен эшитгувчи, билгувчисан!» (Бақара, 127).
«Исмоилни, Идрисни ва Зул-кифлни (эсланг)! Барчалари сабр қилгувчи зотлардандир» (Анбиё, 85).
Марям сурасидаги икки оятда Исмоил (алайҳиссалом)га берилган неъматлар ва Аллоҳ у билан Ўз пайғамбарини мақтаган фазилатлар зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади:
«Ушбу Китобда Исмоил (қиссаси)ни зикр қилинг! Дар­ҳақиқат, у ваъдаси рост бўлган элчи-пайғамбар эди. У ўз аҳ­лини намоз ва рўзага буюрар эди. У Парвардигори наздида рози бўлинган киши эди» (Марям, 54–55).
Яъни, эй карим зот бўлган Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қавмингизга бобонгиз Исмоил ибн Иброҳим (алай­ҳис­салом)нинг қиссасини унинг юксак сифатларидан ўрнак олиш­лари учун зикр қилинг, зеро, у ваъдасига содиқлардан эди.
Иброҳим (алайҳиссалом) ўз ўғилларини қурбонлик қилмоқчи бўлганларида Исмоил (алайҳиссалом) бунга эътироз билдирмай, сабр қилишларини айтдилар, сўнгра ваъдага хилоф иш қилмади­лар. Буни қуйидаги оятда кўришимиз мумкин:
«У (Исмоил) айтди: «Эй отажон, сенга буюрилган ишни қил­гин. Иншааллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан» (Соффот, 102).
Аллоҳ (субҳонаҳу ва таоло) Исмоил (алайҳиссалом)нинг ваъдасига содиқ эди, дея васф қилмоқда. Аслида барча пайғамбар­лар ҳам шундай бўлганлар, фақатгина бу ерда у кишининг шараф ва фазлларини зоҳир қилиш учун эслатилмоқда. Исмоил (алай­ҳиссалом) бошқа фазилатлардан кўра шу хислат билан танилганлар. Ва, шунингдек, у «Элчи-пайғамбар эди».
Яъни, у бизнинг шариатимизни одамларга етказиш учун юборилган элчи ва Биз уларнинг даражасини юқори қилган пайғам­барларимиздан эди.
Шундан сўнг учинчи сифат келтириб ўтилади: «У ўз аҳлини намоз ва рўзага буюрар эди».
Яъни, Исмоил (алайҳиссалом) ўзлари ва аҳллари солиҳ амал қилишда бошқаларга ўрнак бўлишлари учун аҳлини ушбу икки фарз ибодатни тўкис адо этишга буюрар эдилар. Жанобимиз Ра­су­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги ояти каримага эргашиб, шу йўлни тутганлар. Аллоҳ таоло айтади:
«Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз Сиздан ризқ сўрамаймиз, (билъакс) Ўзимиз Сизга ризқ берурмиз. Чиройли оқибат – жаннат (аҳли) тақвоникидир» (Тоҳа, 132).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: «Кечаси туриб намоз ўқиган ва аёли­ни ҳам уйғотган кишига Аллоҳ раҳм қилсин. Агар (аёли) инкор қилса, юзига (майдалаб) сув сепади. Кечаси туриб намоз ўқиган ва эрини ҳам уйғотган аёлга Аллоҳ раҳм килсин. Агар (эри) инкор қилса, юзига (майдалаб) сув сепади» (Абу Довуд ва Ибн Можа ри­вояти).
Яна бир бошқа ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) шундай марҳамат қиладилар: «Киши тунда уйғо­ниб ва аёлини ҳам уйғотса ва улар икки ракат намоз ўқисалар, (эри) Аллоҳни кўп зикр қилувчи кишилардан ва (аёли) Аллоҳни кўп зикр қилувчи аёллардан, деб ёзиладилар» (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривояти).
Сўнг Аллоҳ таоло Исмоил (алайҳиссалом) шаънларига келтирилган сифатларни қуйидаги оят билан якунлайди: «У Парвардигори наздида рози бўлинган киши эди».
Яъни, Исмоил (алайҳиссалом) сўз ва амалда мустақим (собит­қадам) бўлганликлари ва ўз аҳлларини намоз ҳамда рўзага буюрганликлари сабаб Аллоҳ розилигига эришдилар. Кимда-ким ушбу сифат ва фазилатларни ўзида жамлай олса, Аллоҳ ҳам улардан рози бўлиши, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлишлари шубҳасиздир.
Муҳаддис олимлар ўз китобларида Иброҳим (алайҳиссалом)­нинг Ҳожар Умму Исмоилга уйланишлари тўғрисидаги қиссани кел­тириб ўтадилар. Жумладан, Имом Бухорий ўз «Саҳиҳ»ларида зикр қилишларича, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Аёллар орасида энг биринчи минтоқ  таққан Умму Исмоил (Ҳожар) бўлиб, у буни Иброҳим (алайҳиссалом)нинг аёли Сора туфайли қилган эди». Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Иброҳим (алайҳиссалом) Ҳожар ва ўғиллари Исмоил билан йўлга чиқади­лар. Уларга Сора ҳам ҳамроҳлик қилади. Иброҳим (алайҳиссалом) уларни Байтуллоҳда, масжид юқорисидаги Замзам дарахти олдида қолдирадилар. Ўша пайтда Маккада ҳеч ким йўқ ва устига-устак у ерда сув ҳам топилмасди. Иброҳим (алайҳиссалом) уларга хуржунда бир оз хурмо ва мешда сув қолдириб, ўзлари ортларига қайтиб кетадилар. Шунда Умму Исмоил (Ҳожар) деди: «Эй Иброҳим, қаерга кетаяпсан, кимсасиз ушбу водийда бизларни ташлаб кетасанми?» У бу сўзларни бир неча бор такрорлади, лекин Иброҳим (алайҳиссалом) эътибор бермадилар. Сўнгра деди: «Аллоҳ сени шунга буюрдими?» Иброҳим (алайҳиссалом): «Ҳа» деб жавоб бер­дилар. Шунда Ҳожар: «У ҳолда Аллоҳ бизни зое қилмайди (ўз ҳолимизга ташлаб қўймайди)», деди.
Шундан кейин у ортга қайтиб, Иброҳим (алайҳиссалом) йўлда давом этдилар. Қачонки Макка юқориси (Санийя) га етказганла­рида Байтуллоҳга юзланиб, ушбу дуо билан илтижо қилдилар:
«Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир қисмини) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Парвардигоро, (улар) намозни тўкис адо қилсинлар, деб (шундай қилдим). Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгин ва уларни (бар­ча) мевалардан баҳраманд этгин. Шояд шукр қилсалар» (Иброҳим, 37).
Ибн Аббос айтадилар: «Сўнг Умму Исмоил ўша сувдан ичди ва боласини озиқлантирди. Лекин мешдаги сув тугагач, у ҳам, ўғли ҳам ташналикдан қийнала бошладилар. Шунда у ўғлига қаради, унинг сиёқидан чанқаганлиги шундоқ билиниб турар эди. Ҳожар бу ҳолатдан қутулиш учун тоғдаги бир қоя (Сафо)  устига чиқди ва бирон кимса кўринармикан, деб атрофга қаради. Аммо ҳеч ким кў­ринмади, у қоя (Сафо)дан тушиб, водий ўртасига етганида, қўли­ни юқори кўтарди ва паҳлавонларча юриб кетди (саъй қилди). Марвага етганда у ерда тўхтади. Шунда ҳам ҳеч кимни кўрмади. Ҳожар Умму Исмоил бу ҳаракат (саъй)ни етти марта амалга оширди».
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: «Мана шу – одамларнинг у иккиси (яъни, Сафо ва Марва) оралиғида қиладиган саъйи дир».
Ҳожар Марвага яқинлашгач, қандайдир овоз эшитилди, Зам зам ёнида (одам суратидаги) бир фариштани кўрди. Шунда бу­лоқдан сув чиқа бошлади ва Ҳожар унинг атрофини қазиб, фойдаланиш учун қулай қилиб қўйди, кейин ўзи сувдан ичиб, боласини ҳам ундан ичирди.
Фаришта унга деди: «Сен у (булоқ)ни йўқотишдан қўрқмагин, албатта, бу ерда Аллоҳнинг Уйи бўлиб, Уни мана бу бола (Исмоил) ва унинг отаси бино қилади. Дарҳақиқат, Аллоҳ унинг аҳлини зое қилмайди».
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Ушбу Уй (яъни, Бай­туллоҳ) ер сатҳидан анча юқори жойлашган, худди тепалик каби эди. У томонга ариқлар оқиб, ўнг ва чап тараф ирмоқларга бўли­нар эди. Кунларнинг бирида журҳум қабиласидан бўлган кишилар Унинг олдидан ўтиб қолдилар. Сўнг Маккага тушиб, бир топқир қуш ни кўрдилар. Сўнг дедилар: «Албатта, бу сув устида айланадиган қуш». Шунда улар бир-икки одамни ўша ерга юборган эдилар, айни сув бор жойдан чиқдилар. У ерда Умму Исмоил (Ҳожар) ни топдилар ва: «Бу ерда туришимизга изн берасанми?», дейишди. Ҳожар: «Ҳа, лекин сизларнинг бу сувдан фойдаланишга ҳақларингиз йўқ», деди. Улар: «Ҳа, албатта», деб жавоб қайтаришди. Сўнг улар у ерда қўним топиб, ўз аҳлларини ҳам ўша жойга кўчириб келдилар. Исмоил (алайҳиссалом) вояга етиб, улардан араб тилини ўргандилар. Ва катта бўлиб улғайгач, уни ўша (Журҳум) қабиласидан бўлган аёлга уйлантиришди».
Умму Исмоил ёши тўқсонлардан ошганда вафот этади ва Ҳижрга дафн этилади. Сўнг Иброҳим (алайҳиссалом) Маккага қайтиб келиб, ўғиллари Исмоил (алайҳиссалом) билан учрашадилар. Орадан қанча муддат айрилиқ бўлганини фақат Аллоҳ таоло билади. Иброҳим (алайҳиссалом) дедилар: «Эй Исмоил, Аллоҳ мен­га шу ерда бир уй қуришимни амр қилди». Шунда Исмоил (алай­ҳиссалом) тош узатиб турдилар, Иброҳим (алайҳиссалом) эса Уйни қурдилар» .
Ибн Касир «Ал-Бидоя ва ан-Ниҳоя» китобининг 1-жилд, 209-саҳифасида қуйидагиларни келтириб ўтадилар: «Исмоил (алай­ҳиссалом) ушбу ноҳия ва унинг атрофидаги Журҳум, Амо­лийқ ва Аҳли Яман қабилаларига элчи қилинган эдилар. У киши ёшлари бир юз ўттиз еттига борганда вафот этдилар ва Ҳожар билан бир жойга дафн этилдилар».
Наслу насаб ва одамларнинг келиб чиқишини ўрганадиган олимлар шундай дейишган: «Исмоил (алайҳиссалом) энг биринчи от минган, илк бор фасоҳат билан араб тилида сўзлашган киши­лардан эди. У бу тилни Журҳум, Амолийқ ва Аҳли Яман қаби­ла­ларидан Маккага кўчиб келган асл араблардан ўрганди».
Исҳоқ (алайҳиссалом) тўғрисида Қуръони каримнинг ўн етти жойида зикр қилинади. Аксарият ҳолларда у киши тўғрисидаги маълумот оталари Иброҳим (алайҳиссалом) билан боғлиқ ҳолда келтирилади. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй мўминлар), айтингиз: «биз Аллоҳга ва бизга нозил қилинган Китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигорлари тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан биронтасини ажратиб қўймаймиз ва фақат У Зот (Аллоҳ таоло)га бўйсунувчилармиз» (Бақара, 136).
«Биз унга (Иброҳим фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик. Буларнинг барчаларини Биз ҳидоят қилдик» (Анъом, 64).
Яна бир бошқа оятда Иброҳим (алайҳиссалом) тилидан шун­дай дейилади:
«Менга кексалик пайтимда Исмоил ва Исҳоқни ҳадя қил­ган Зот (Аллоҳ)га ҳамду санолар бўлсин. Албатта, Парвардигорим (барча) дуоларни эшитгувчидир» (Иброҳим, 39).
Иброҳим (алайҳиссалом)га ўғиллари Исҳоқ тўғрисидаги ба­шорат бир қанча оятларда келтирилган. Аллоҳ таоло шундай мар­ҳамат қилади:
«Яна Биз унга пайғамбар (ва) яхшилардан (бўлғуси) Исҳоқ­нинг хушхабарини бердик. Ва (Иброҳимга) ҳам, Исҳоққа ҳам (дину дунёларида) баракот бердик. Уларнинг зурриётидан чи­ройли амал қилгувчи ҳам, ўз жонига очиқ жабр қилгувчи ҳам бўлур» (Соффот, 112–113).
Яъни, Биз пайғамбаримиз Иброҳим (алайҳиссалом)га Ўз фазлимиздан ёғдириб, Исмоилдан сўнг Исҳоқ исмли фарзанд кўри­ши хушхабарини бердик. Ва уни Бизнинг топшириқларимизни кў­тарадиган солиҳ пайғамбарлардан қилиб қўйдик. Ва Иброҳим­га ҳамда Исҳоққа уларнинг наслидан кўплаб пайғамбарларни чиқариш билан диний ва дунёвий баракотлар билан сийладик. Шунингдек, Бизнинг ҳикматимиз у иккисининг зурриётидан сўзи ва амалида яхши бўлган кишилар ҳамда ўз нафсига куфр, маъсият ва очиқ-ойдин зулм билан жабр қилган тоифаларнинг чиқишини тақозо қилди. Уларнинг ҳар бирини амалига яраша мукофотлаймиз. Яхши амал қилувчиларни савоб билан, ёмон амал қилувчиларни иқоб (жазо) билан «сийлаймиз».
Ибн Касир «Ал-Бидоя ва ан-Ниҳоя» китобининг 1-жилд, 175-сиҳифасида қуйидагиларни айтиб ўтганлар: «Иброҳим (алай­ҳиссалом) ва унинг аёли Сораларга Исҳоқ тўғрисидаги хушхабарни бир тоифа фаришталар етказдилар. Улар Лут қавмини куфр ва фисқу фужур ишларда ҳаддидан ошганликлари сабаб ҳалок қилиш учун кетаётган эдилар».
Ҳуд сурасида Аллоҳ таоло айтади:
«Дарҳақиқат, Бизнинг элчиларимиз – фаришталар Ибро­ҳимга (Исҳоқ исмли фарзанд кўриши ҳақида) хушхабар билан келиб салом бердилар. У ҳам: «Салом», деди-да, қараб тур­май қовурилган бир бузоқни келтирди. Энди қачонки у (меҳмонларнинг) қўллари овқатга бормаётганини кўргач, уларни танимай қолди ва улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин, Бизлар Лут қавмига юборилганмиз», дедилар. (Парда ортида Иброҳимнинг) хотини турган эди, кулди-хурсанд бўлди. Шунда Биз у аёлга Исҳоқ ҳақида ва Исҳоқдан ке­йин Яъқуб ҳақида хушхабар бердик. У деди: «Вой ўлмасам, ўзим кампир, мана бу эрим эса қари чол бўлса ҳам туғаве­раманми? Бу жуда қизиқ иш-ку!». Улар айтдилар: «Аллоҳнинг амридан ажабланаяпсанми? Эй хонадон эгалари, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлгай. Албатта, У ҳамду сано эгаси ва буюкдир» (Ҳуд, 69–73).
Ибн Касир айтадилар: «Исҳоқ акаси Исмоил туғилишидан ўн тўрт йил ўтиб, отаси Иброҳимнинг ёши юзларга яқинлашиб қол­ганда дунёга келди. Исҳоқнинг туғилиши ҳақида башорат бе­рилганда онаси Соранинг ёши тўқсонда эди».
Исҳоқ (алайҳиссалом) Канъон юртидаги Ҳибрун қишлоғида ва­фот этадилар. Исҳоқ (алайҳиссалом) оталари Иброҳим (алай­ҳиссалом) ҳам ушбу юртда яшаган эдилар. Исҳоқ (алайҳиссалом) оталари Иброҳим (алайҳиссалом) билан бирга Фаластиндаги Ал-Халил деган жойга дафн этиладилар. Вафот этганларида ёшлари тахминан бир юз саксонларда бўлган.
Энди Яъқуб (алайҳиссалом) ҳақларида тўхталадиган бўлсак, у кишининг исмлари Қуръонда ўн олти бора такрорланиб келган. Шулардан баъзиларини келтириб ўтамиз. Аллоҳ таоло айтади:
«Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу динни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта, Аллоҳ сизлар учун шу динни танлади. Бас, мусулмон бўлган ҳолингизда дунёдан ўтинг!» (Бақара, 152).
«(Эй яҳудийлар), ёки Яъқубга ўлим келгач, у ўғилларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?», деганида: «Сенинг Тангринг бўлмиш ягона Аллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақат Унинг Ўзигагина буйсунувчилармиз», деб жавоб қилганларига гувоҳ бўлмаганмисизлар?» (Бақара, 133).
Яна бошқа бир сурада шундай дейилади:
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Сиз Бизнинг куч-қувват ва фаҳм-фаросат эгалари бўлган бандаларимиз – Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларни эсланг!» (Сод, 45).
Шунингдек, Яъқуб (алайҳиссалом)нинг исмлари Қуръонда «Исроил» тарзида ҳам икки марта келган. Аллоҳ таоло айтади:
«Таврот туширилишидан илгари Исроил (Яъқуб) ўзига ҳаром қилган нарса (туянинг гўшти билан сути)дан бошқа барча таомлар Бани Исроил қавмига ҳалол эди. (Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), «Агар ростгўй бўлсаларингиз, Тавротни келтириб ўқиб кўринглар», деб айтинг»  (Оли Имрон, 93-оят).
Иккинчиси қуйидаги сурада келтирилган:
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ана ўшалар (яъни, Биз Сизга қиссаларини сўйлаб бераётган кишилар) Одам зурриётидан бўлган (Идрис каби), Биз Нуҳ ила бирга (кемада) кўтариб (тўфон балосидан нажот берган) кишилардан бўлган (Иброҳим каби), Иброҳим зурриётидан бўлган (Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб каби), Исроил (Яъқуб зурриётидан бўлган Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Исо каби) пайғамбарлардан ва Биз ҳидоят қилган ва танлаб олган кишилардан иборат Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотлардир» (Марям, 58).
«Исроил» сўзи «Аллоҳнинг танлаб олган қули ёки Аллоҳнинг бандаси» деган маъноларни англатади.
Лекин Яъқуб (алайҳиссалом)нинг зурриётларига Аллоҳ таолонинг хитоби қирқтадан кўп ўринларда зикр қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй Бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматимни эсланг ва менга берган ваъда-аҳдга вафо қилинг. Шунда Мен ҳам ўз аҳдимга вафо қиламан. Ва мендангина қўрқинглар» (Бақара, 40).
«Биз Мусога Китоб (Таврот)ни ато этдик ва у (Китоб)ни Бани Исроил (қавми) учун ҳидоя қилиб (дедик): «Сизлар мендан ўзгани вакил қилиб олманглар!» (Исро, 2).
«Эй Бани Исроил, Биз сизларга душманингиздан нажот бердик ва сизларга (яъни, Мусога Таврот нозил қилиш учун) Тур (тоғи)нинг ўнг томонини ваъдалашдик ва сизларга ширинлик, беданалар ёғдирдик» (Тоҳа, 80).
«Эсланг, Исо бинни Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан ке­йин келадиган Аҳмад исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда (юборилдим)», деган эдим. Бас, қачонки (Исо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: «Бу очиқ сеҳр», дедилар» (Софф, 6).
Ибн Касир айтадилар: «Аҳли Китоблар зикр қилишларича, Ис­ҳоқ (алайҳиссалом) қирқ ёшларида, оталари Иброҳим (алайҳисса­лом) ҳаётлик пайтларида уйланганлар. Исҳоқ (алайҳиссалом) Тавомийн исмли аёлидан Айс ва Яъқуб  дунёга келдилар. Яъқуб (алайҳиссалом) вояга етгач, уйландилар ва ўн икки нафар ўғил фарзанд кўрдилар. Булар, Лайа исмли аёлидан олтита фарзанд: Роавбийн, Шамъун, Лова, Яҳузо, Ийсохур, Заблун.
Роҳайл исмли аёлидан иккита: Юсуф ва Бинёминлар дунёга келишди.
Зулфа исмли аёлидан ҳам иккита: Жод ва Ашийр туғилган.
Яна бир аёли Балҳодан ҳам иккита: Дон ва Нуфтолий исмли фарзандлар дунёга келдилар».
Қуръони каримда Юсуф (алайҳиссалом)нинг оталари Яъқуб (алайҳиссалом) ва оға-иниларини Мисрга таклиф қилгани ҳақи­да ҳикоя қилинади. Улар бу таклифга ижобат қилиб, Фаластинни тарк этадилар ва Мисрга йўл оладилар. Аллоҳ таоло айтади:
«Энди қачонки (манзилга етиб келишиб) Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у ўзини ота-онасининг қучоғига отди ва «Ин­шааллоҳ, Мисрга тинч-омон киринглар», деди. (Кейин, Мисрга кириб Юсуф (алайҳиссалом)нинг саройига кирганларидан сўнг) у ота-онасини ўзининг тахтига чиқарди ва улар (яъни, ота-она ва оға-инилар Юсуф (алайҳиссалом)га сажда – таъзим қилган ҳолларида йиқилдилар. У деди: «Эй отажон, мана шу илгари кўрган тушимнинг таъбиридир. Парвардигорим уни рост қилди. Дарҳақиқат, У Зот менга (буюк) инъом қилди – мени зиндондан чиқарди, шайтон мен билан оға-иниларим орасини бузиб иғво қилганидан кейин, мана сизларни чўлу саҳро­дан (Мисрга эсон-омон ҳолингизда) келтирди. Албатта, Парвардигорим Ўзи хоҳлаган нарсани сездирмай амалга оширгувчи Зотдир. Албатта, Унинг Ўзигина билим ва ҳикмат соҳибидир» (Юсуф, 99–100).
Зикр қилишларича, Яъқуб (алайҳиссалом) Мисрга кирганла­рида бир юз ўттиз ёш эдилар ва Мисрда яна ўн етти йил яшадилар. Яъқуб (алайҳиссалом) бир юз қирқ етти ёшларида Аллоҳ таоло ҳузурига риҳлат қилдилар. Юсуф (алайҳиссалом) Миср под­шоҳидан оталарини Фаластиндаги ўз аҳллари олдига дафн қилиш учун рухсат сўрадилар. Подшоҳ бунга изн берди. Сўнгра Яъқуб (алайҳиссалом) Ҳибрун юртида (ҳозирда Ал-Халил деб юритилади), боболари Иброҳим (алайҳиссалом) ва оталари Исҳоқ (алай­ҳиссаломлар)нинг олдига дафн қилиндилар .
Юқорида зикр қилинганлар, Аллоҳ таолонинг уч нафар солиҳ пайғамбарлари – Исмоил, Исҳоқ ва Яъқуб (алайҳиссаломлар)нинг ҳаётига бир назар эди, холос. Унда биз асосан, ибратли, ҳикматли жойларини зикр қилдик. Уларни келтиришдан бирон наф бўлмаган кўплаб маълумотларни тарк этдик.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase