close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

ЛУТ (АЛАЙҲИССАЛОМ) ҚИССАСИ

Лут (алайҳиссалом) қиссаси Қуръони каримнинг турли ўрин­ларида, жумладан, Аъроф, Ҳуд, Ҳижр, Анбиё, Шуаро, Намл, Анкабут, Соффот ва Қамар сураларида келган.
Қуръони каримда Лут (алайҳиссалом) исми йигирма етти маротаба такрорланиб келган.
Аъроф сурасида Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад), эсланг, Лут ўз қавмига: “Шундай бузуқлик қиласизларми? Ахир сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди-ку?! Сизлар хотинлари­нгизни қўйиб, шаҳват билан эркакларга борасизлар?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсизлар”, деган эди. Қавмининг жавоби эса фақат мана бундай дейишлари бўлди: “Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинглар! Чунки улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан”. Бас, Биз унга ва аҳлига нажот бердик. Магар унинг хотини қолиб, ҳалок бўлгувчилардан эди. Биз уларнинг устига даҳшатли ёмғир ёғдирдик. Ана энди жиноятчи-осий қавмнинг оқибати қандай бўлганини кў­ринг”» (Аъроф, 80–84).
Ибн Касир айтади: “Лут – Ҳорон ибн Озарнинг ўғли, яъни Иб­роҳим (алайҳиссалом) укасининг ўғли бўлган. Лут Иброҳим (алай­ҳиссалом)га имон келтириб, у билан Шом юртига ҳижрат қилади. Аллоҳ уни Ўзига ибодат қилиш учун даъват этиш, яхши­ликка буюриб, қавмини ўзлари ўйлаб топган фаҳш, ҳаром ва гуноҳ ишлардан қайтариш учун Садум  ва ўша атрофдаги қиш­лоқларга пайғамбар қилиб юборади. Бу фаҳш ишларни улардан аввал ҳеч ким содир этмаган эди. У ҳам бўлса, эркакларнинг бир-бири билан жинсий алоқа қилиши бўлган. Улар аҳли Садум деб аталган. Садум Урдун (ҳозирги Иордания) водийсидаги бир қишлоқ номи бўлган”.
Энди, юқорида келтирилган оятларни бирма-бир кўриб чи­қамиз. Аллоҳ таоло Лутни пайғамбар қилиб юборганида у қав­мига хитобан:
– Шундай бузуқлик қиласизларми? Ахир сизлардан ил­гари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди-ку?! – деди.
Яъни, сизлар қабоҳат ва разолатнинг энг чўққиси саналган уш­бу жирканч ишни қиласизларми? Ҳаттоки уни сизлардан олдинги замонда яшаб ўтган бирон одам қилган эмас. Биринчи бор сизлар қилиб турибсизлар бу фаҳш ишни. Шу сабаб унинг ва унга амал қилганларнинг гуноҳлари то Қиёматга қадар сизларнинг зиммангизга ёзилиб боради!
Бу ердаги савол – танбеҳ, маломат ва инкор маъносидадир.
Умар ибн Динор айтади: “Лут қавмидан илгари бирон эркак бошқа бир эркак билан қўшилган эмас”.
Валид ибн Абдулмалик дейди: “Агар Аллоҳ бизларга Лут қавми ҳақида хабар қилмаганида, эркак билан эркак жинсий алоқа қи­лади, деб ўйламасдим”.
Шундан сўнг Лут (алайҳиссалом) қавмини тергашда давом этиб, бундан-да қаттиқроқ танбеҳ билан: “Сизлар хотинлари­нгизни қўйиб, шаҳват билан эркакларга борасизлар?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсизлар”, – деди.
Яъни, сизлар соф табиатлари бузилган бир қавмсизлар. Аллоҳ эркакларни аёллар учун яратган бўлса-да, сизлар бунинг аксини қилаяпсизлар. Бу ишга сизларни фақатгина нопок нафсингиз ва шаҳватингиз ундамоқда.
“Жумал” китобида бундай дейилади: “Лутнинг ўз қавмини ушбу жирканч қилмишда айблашига сабаб шуки, Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унга никоҳланиш ва насл қолдириш рағбати­ни ато этди ва аёлларни эркаклар учун экинзор қилди. Агар эркаклар аёлларни қўйиб, ўз жинсларига мансуб бўлганлар билан эҳтиёжларини қондирсалар илоҳий низом бузилган, инсон ҳаддидан ошган ҳисобланади”.
“Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсизлар”. Бу гап қавм­нинг мазкур ишни содир этишларига сабаб бўлган нарсанинг баёнидир. Лут қавми ҳар соҳада, ҳар бир ишда ҳаддини билмаган, чегарадан чиққан бир жоҳил қавм эди. Яъни, эй қавмим, сизлар фаҳш ишларни қилиб, сўнгра уни бутунлай тарк этгач, Аллоҳга тавба қилмаяпсизлар. Балки ўз шаҳватларингизни нопок йўл билан қондириш ва бошқа ишларда исрофга йўл қўймоқдасизлар, мувозанатни эсдан чиқариб қўйдингиз!
Анкабут сурасида келтирилишича, Лут қавмига: “Ҳақиқатан ҳам сизлар эркакларга борурмисизлар, йўлтўсарлик-қароқ­чилик қилурмисизлар, мажлисларингизда ёмон ишлар қи­лурмисизлар?”,  деган.
Шуаро сурасида айтилишича, “Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсизлар”. Яъни, шариат ва соф фитратни четлаб ўтув­чисизлар, деган.
Намл сурасида эса: “Йўқ, сизлар жоҳил қавмдирсизлар!”,  деган.
Ушбу келтирилган оятлар шуни англатадики, Лут қавми ақли фасод, маънавий қашшоқлик дардига мубтало бўлган, одоб-ах­лоқда энг тубан, залолатга муккадан кетган, яхшиликка адо­ват­да бўлган бир қавм эди.
Қуръони карим уларнинг ўз пайғамбарлари Лут (алайҳисса­лом) насиҳатларига қилган ўзлари каби қабиҳ жавобларини шундай келтиради: “Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинг­лар! Чунки улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан”.
Яъни, туғёнга кетган, Лут (алайҳиссалом)нинг фойдали ўгит­ларини такаббурлик билан рад этган ношуд қавмнинг жа­воби, Лут ва унга имон келтирганларни ўзингиз яшаётган қишлоғи­н­гиздан чиқариб юборинглар, дейишларигина бўлди, холос.
Қавм нима сабабдан уларни қишлоқларидан ҳайдаб чиқа­риш пайига тушиб қолишди?
Қуръон бунинг асл сабабини уларнинг нопок тилидан баён қилади: “Чунки улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан”. Яъни, Лут ва унга эргашганлар эркаклар билан жинсий алоқа қи­лиш­дан пок, бу ишни кўп ҳам хушламайдиган, уни ўзларига ра­во кўрмайдиган кишилар экан.
“Соҳибул Кашшоф” айтади: “Қавм Лут ва унга эргашганлар­нинг фаҳш ишлардан йироқ эканликларини айтиб, масхара қи­лишди. Ўзлари қилаётган нопок ва манфур қилмишлари билан фахрланишди. Солиҳ кишилар баъзи фосиқларнинг олдига ке­либ, насиҳат қилганида, улар: “Бу зоҳидни менинг олдимдан ҳай­данг, шу билан менга ҳузур бахш этинг”, деган экан” .
Шу тарзда Лут қавми икки тоифага ажралди. Энди ҳар икки тоифанинг ҳоли не кечгани ҳақида айтиб ўтилади: “Бас, Биз унга ва аҳлига нажот бердик”. Яъни, Лут, унинг оиласи ва унга имон кел­тирганларни азобдан қутқардик.
Айтилишича, Лут (алайҳиссалом)га ўз оиласидан бошқа бирон киши имон келтирмаган. Чунки Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Биз у жойдаги мўминлардан бўлган кишиларни чиқариб юбордик. Лекин, у жойда бир хонадондан (яъни, Лут пайғамбар хонадо­нидан) ўзга мусулмонларни топмадик” (Зориёт, 35–36).
Демак, Лут (алайҳиссалом) оиласи кулфатдан омонда қолган. “Магар унинг хотини қолиб, ҳалок бўлгувчилардан эди”. Бу ерда унинг оиласидан бир киши истисно қилинаяпти. У ҳам бўл­са Лутнинг нобакор хотини эди. Яъни, Биз Лут ва оиласига нажот бердик. Илло унинг хотинини нопоклиги ва имонсизлиги боис тарк этдик.
Ибн Касир айтади: “Лут (алайҳиссалом)нинг хотини унга имон келтирмаган, балки у ҳам қавмининг ботил динига мансуб бўлган. Хотини қавм билан келишиб олиб, Лутнинг олдига келаётган меҳмонлар ҳақида ва яна кўп махфий маълумотларни етказиб турарди. Аллоҳ таоло Лут аҳлини кечаси қишлоқдан олиб чиқаётганида хотинига билдирмасликка амр қилган. Баъзилар айтишича, “Аёли ҳам уларга эргашган, аммо азоб келиб уни ўз домига тортган”. Хулоса шуки, у юртидан чиқиб кета олмаган. Лут ҳам унга буни сездирмаган. Балки, қавми билан бирга қолиб кетган. Шу сабаб Аллоҳ таоло “Магар унинг хотини қолиб, ҳалок бўлгувчилардан эди”,  деб айтмоқда”.
“Биз уларнинг устига даҳшатли ёмғир ёғдирдик”. Яъни, Биз бу нобакор қавм учун жазо сифатида уларнинг устига ўзи­га хос сифатга эга бўлган, бир ажиб ёмғирни ёғдирдик. Бунинг қан­дай ёмғир экани бошқа оятда келган: “Бас, Биз у шаҳарни остин-устин қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан бўлган тош ёғдирдик” (Ҳижр, 74).
Аъроф сурасида келган мухтасар қисса бандаларни ақл юри­тишга, тафаккур ва тадаббур қилишга ундаш билан якунлана­ди: “Ана энди жиноятчи-осий қавмнинг оқибати қандай бўл­ганини кўринг”.
Ҳуд сурасида ҳам Лут ва қавми ўртасида бўлиб ўтган қиз­ғин ва мунозарага бой мунозара ҳақида ҳикоя қилинади. Аллоҳ тао­ло айтади:
«Қачонки элчиларимиз Лутнинг олдига келганларида, у бундан ёмон ҳолга тушди ва уларнинг келишидан юраги си­қилиб, деди: “Бу кун оғир кундир”. Қавми унинг олдига чопиб келишди. Улар илгаридан ёмон ишлар қилар эдилар. У айтди: “Эй қавмим, анави қизларим сизлар учун покроқ-ку?! Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар. Орангизда тўғри йўлга юрувчи бирон киши йўқми?!” Улар дедилар: “Сен қизларингга муҳтож эмаслигимизни аниқ биласан. Шунингдек, биз нима исташимизни ҳам жуда яхши биласан”. (Лут) деди: “Қани эди сизларга кучим етса ёки кучли бир таянчим бўлса эди”. (Шунда фаришталар) айтдилар: “Эй Лут, биз Парвардигорингнинг элчиларимиз. Улар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, сен кечанинг (қолган) қисмида аҳли оилангни олиб чиқиб кетгин ва сизларнинг ичингизда ҳеч ким атрофга алангламасин. Фақат хотининг.... Зотан, унга ҳам уларга етган бало етувчидир. Уларга ваъда қилинган вақт субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!” Энди қачонки Бизнинг фармонимиз келганида, у жойларни остин-устин қилиб юбордик ва уларнинг устига Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қў­йилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик. У жойлар бу золимлардан йироқ эмасдир» (Ҳуд, 77–83).
Аллоҳ таоло ушбу қиссани фаришталар Лутнинг ҳузурига келганларида, уни ғам-ғусса босганини айтиш билан бошлайди: Қа­чонки элчиларимиз Лутнинг олдига келганларида, у бундан ёмон ҳолга тушди ва уларнинг келишидан юраги си­қилиб, деди: “Бу кун оғир кундир”.
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) ҳузурида меҳмон бўлиш­гач, Бизнинг элчиларимиз бўлмиш фаришталар Лутнинг олдига келдилар. Уларнинг бу ташрифи Лутга хуш ёқмади. Сабаби, Лут уларни танимас, қавми уларга бирон зарар етказишидан хавфсирар ва агар шундай бўлганда ҳам меҳмонларини ҳимоя қилишдан ожиз эди.
“Уларнинг келишидан юраги сиқилиб...”. Бу жумла Лут (алайҳиссалом) учун ҳийла-найранг, макр ишлатиш одати бутунлай ёт бўлганидан, унинг ташвишга тушгани ва меҳмонларини бундай қийин ҳолатдан чиқаришга имкон топа олмаслигидан дарак беради.
“Бу кун оғир кундир”. Яъни, Лут (алайҳиссалом) ачиниш ва қайғули оҳангда:
– Меҳмонлар келган бу кун мен учун оғир ва мусибатли кундир, – деди.
Бузуқ нафс эгалари бўлган қавм Лутнинг олдига меҳмонлар келганидан тезда хабар топдилар ва “унинг олдига чопиб келишди. Улар илгаридан ёмон ишлар қилар эдилар”.
Яъни, Лутнинг уйида нотаниш одамлар борлигини эшитган қавм жуда севиниб кетганларидан бир-бирларини дараклашиб, шошганларича унинг уйи томон ёпирилиб кела бошладилар. Бу фожир қавм бу ерга келмасидан аввал кўп ёмон ишларни содир қилар эди. Бунинг энг қабиҳи эркаклар билан жинсий алоқада бў­лиш, баччабозлик қилиш бўлган.
Уларнинг меҳмонлар олдига нима мақсад билан келганлари “улар илгаридан ёмон ишлар қилар эдилар” жумласи ор­қали ифодаланмоқда. Бесоқолбозлик қилишдек манфур бир иш улар­нинг одатий машғулотлари бўлиб, улар бу сафар ҳам ўз эҳти­ёжларини қондириш ҳаракатида эдилар.
Қавмининг ўз уйи томон селдек оқиб келаётганини кўрган Лут (алайҳиссалом) уларни бу ишдан қайтармоқчи бўлиб: “Эй қав­мим, анави қизларим сизлар учун покроқ-ку?!”, – деди.
Бу ердаги “қизлари”дан мурод шаҳардаги турмушга чиқишга яроқли бўлган ҳар бир аёл ёки қиздир. Лут (алайҳиссалом) ўша аёлларни ўзига нисбат берди. Чунки ҳар бир пайғамбар шафқат кўрсатиш, тарбия ва рушду ҳидоятга бошлашда ўз умматига ота ўрнидадир.
Ибн Касир айтади: Лут уларни шаҳардаги аёлларга йўлла­моқ­чи бўлди. Чунки пайғамбар умматига ота кабидир. У қав­мини ўзлари қилаётган ишдан анча манфаатлироқ бўлган нарсага тар­ғиб қилди. Бошқа бир оятда келтирилишича, у шундай деган: “Сизлар бутун оламлардан (ажраб, ҳеч бир жонзот қилмаган ишни қилиб, аёлларга уйланиш ўрнига) эркакларга яқинлашур­мисизлар?! Ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қилурмисиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсизлар” (Шуаро, 165–166).
Мужоҳид айтади: “Улар Лутнинг ўз қизлари эмасдилар, балки уммати орасидаги аёллар бўлишган. Зеро, пайғамбар умматининг отасидир”.
Саид ибн Жубайр шундай дейди: “Улар шаҳарнинг аёллари эди. Айни пайтда ўша аёллар Лутнинг қизлари ҳукмида бўлган”.
Баъзи тоифалар: “Бу ердаги “қизлари”дан мурод Лутнинг ўз сулбидан бўлган қизларидир. Лут уларни қавмига ҳавола қил­ган”, дейишган.
Бу энг заиф фикрдир. Чунки ривоятларда келишича, Лут (алай­ҳиссалом)нинг икки ёки учта қизи бўлиб, унинг уйига келган қавмининг сони улардан анча зиёд бўлган. Энди қандай қилиб ик­ки ёки учта қиз кўпчиликка кифоя қилсин?
Чамаси, биринчи фикр ҳақиқатга яқинроқ кўринади. Имом Розий уни қуйидагича ифодалайди: “Менимча, мана шу фикр (яъни, биринчи фикр) тўғри. Чунки қуйидаги оят унга далолат қилади. У “Эй қавмим, анави қизларим сизлар учун покроқ-ку”, деди. Лутнинг сулбидан бўлган қизлари қавмнинг барча аъзоларига кифоя қилмасди. Умматининг аёллари эса барчасига кифоя қилган. Баъзи ривоятларда келишича, Лутнинг икки – Зинта ва Заувро номли қизлари бўлган. Икки қизни кўпчиликка қаратиб “қизла­рим” деб аташ тўғри бўлмайди. Зеро, кўпликнинг энг кам миқдори учтадир”.
Юқорида келтирилган оятнинг маъноси бундай: Лут (алай­ҳиссалом) қавмининг ўз уйи томон ёпирилиб келаётганини кўр­гач, мулойимлик билан илтимос маъносида:
– Эй қавмим, менинг қизларим ҳукмида бўлган мана бу аёлларингиз сизлар учун ҳам нафсий, ҳам ҳиссий жиҳатдан покроқдир. Бас, сиз ҳожатларингизни улар билан қондиринг. Бесоқолбозлик каби нопок ишларга ҳаргиз қўл урманг! – , деди.
Сўнгра бу илтимосга қўшимча қилиб: “Бас, Аллоҳдан қўр­қинглар ва меҳмонларим олдида мени шарманда қилманг­лар”, деди.
Яъни, Лут уларни аёлларга йўллагач, Аллоҳга тақво қилишга чақириб, деди:
– Аллоҳдан қўрқинглар, жирканч қилиқларингизни содир этиш билан мени меҳмонларим олдида уятга қўйманглар, хи­жолат чектирманглар. Меҳмонга қилинган тажовуз худди мез­бон­­га қилингандек бўлади.
Чамаси, агар уларда заррача эркаклик ғурури бўлса, Лут (алай­ҳиссалом) уларнинг ўша ғурурини уйғотмоқчи эди. Лекин қаёқда дейсиз?! Уларнинг қалби ўлик, ўзлари эса фисқу фужур ишларга бўйинларигача ботиб кетган эдилар. Қавмнинг ўжар­лигини сез­ган Лут: “Орангизда тўғри йўлга юрувчи бирон киши йўқми?!”, – деди.
Яъни, эй қавмим, наҳотки ичингизда яхшилик ва одоб-ахлоқ­қа йўллаб, менинг ёнимни олиб, меҳмонларимни ҳимоя қила­диган ҳамда ботил, разил ишларга чек қўя оладиган тоза қалб ва имон соҳиби топилмаса?!
Лут (алайҳиссалом) қалб тўридан отилиб чиққан бу панд-на­сиҳатлар қавмнинг ўлик қалбига зиғирча ҳам таъсир қилмади. Аксинча, улар сурбетларча шундай жавоб қилдилар: “Сен қиз­ларингга муҳтож эмаслигимизни аниқ биласан. Шунингдек, биз нима исташимизни ҳам жуда яхши биласан”.
Яъни, эй Лут, сен шубҳасиз, яхши биласанки, аёлларга рағба­ти­миз йўқ. Шунингдек, муддаоимиз нималигидан ҳам хабар­дорсан. Яна нега бизларга бундоқ оҳангда мурожаат қилаяпсан?!
Уларнинг ушбу сўзи қавмнинг нопоклик ва қабоҳатнинг тубсиз жарига қулаганликларидан далолат қилади.
Шу сабаб Лут (алайҳиссалом) илтижо маъносида шундай де­ди: “Қани эди сизларга кучим етса ёки кучли бир таянчим бўл­са эди”.
Бу ерда “таянчим” деб берилган сўз арабий матнда “рукн” тарзида келтирилган. Бу сўз “уй ёки тоғнинг бир бўлаги, унинг асоси” маъноларини ифодалайди. Мазкур оятдаги рукн – таянчдан мурод куч-қувватга эга бўлган киши эди. Лут (алайҳиссалом) ундан ёрдам сўрашни орзу қилган.
Яъни, Лут (алайҳиссалом) қавмининг залолатда давом этаётганлигини кўриб ва уларни тарғиб-тарҳиб йўли билан ҳам бундан қайтаришга кучи етмагач:
– Агар менда куч-қувват бўлганида, сизларни нима қилишни ўзим яхши билардим! – деди.
Айтилишича, Лут (алайҳиссалом)нинг бундай дейишига сабаб – у бу ҳолда қавмининг олдида худди бир ғарибдек эди. Уларга нисбатан Лут (алайҳиссалом)нинг насл-насаби ҳам олий эмасди.
Лут (алайҳиссалом)нинг қайғу-ғамга тушганини кўрган фаришталар унга башорат бериш ва қалбига хотиржамлик солиш мақсадида дедилар:
– Эй Лут, биз Парвардигорингнинг эличиларимиз. Улар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Яъни, биз Парвардигоринг томонидан сенга қавминг ҳалок қилиниши ҳақида хабар етказиш учун юборилган элчилармиз. Бас, сен қўрқма, тинчлан! Зеро, улар сенга зиғирча ҳам зарар етказа олмайдилар.
Баъзи ривоятларда келтирилишича, фаришталар Лут (алай­ҳис­салом)нинг улар сабабидан ташвиш чекканини сезишгач, шун­дай дейишган:
– Эй Лут, сенинг таянчинг кучлидир.
Сўнгра Жаброил (алайҳиссалом) уларни қаноти билан урга­нида шу заҳоти ҳаммаларининг кўзи кўрмас бўлиб қолади ва қавм ортига қайтиб кетади. Ушбу ривоятга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далолат қилади: “Аниқки, улар (Лутнинг) меҳ­мон(лар)ини йўлдан урмоқчи бўлдилар. Бас, Биз уларнинг кўзларини кўр қилиб қўйдик. Энди Менинг азобим ва огоҳлантиришимни тотиб кўринглар!” (Қамар, 37).
Фаришталар Лутга хитоб қилишда давом этиб дедилар: “Бас, сен кечанинг (қолган) қисмида аҳли оилангни олиб чиқиб кетгин ва сизларнинг ичингизда ҳеч ким атрофга алангламасин”.
Яъни, кечанинг бир қисмида оилангдан бўлган мўминларни олиб, бу қишлоқдан чиқиб кетинглар. Шунда бу осий қавм ва улар йўлиқадиган даҳшатли азобдан омон қоласизлар. Лекин сиз­лардан бирон киши ён атрофига ёки ортига назар солмасин. Акс ҳолда, у ҳам азобни кўриб қолиб, бу нарса унга ёмон таъсир қилиши мумкин. “Фақат хотининг....”. Яъни, эй Лут, уни тарк эт, ўзинг билан қишлоқдан олиб чиқа кўрма! Сабаби у кофир ва хоиндир. Шу боис қавмингга етган азоб унга ҳам етади ва улар билан бирга ҳалокатга учрайди.
Қатодадан ривоят қилинишича, аёли ҳам Лут билан бирга қиш­лоқдан чиққан. Аммо азоб келганидан сўнг ортига назар солиб: “Оҳ, қавмим”, деган. Шунда унга ҳам тош тегиб, ҳалок бўлган.
“Уларга ваъда қилинган вақт субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!” Бу қавм устидан ғалаба қозонишни жуда хоҳлаётган Лут (алайҳиссалом)га башорат беришнинг бошқа бир кўриниши эди. Яъни, бу жинояткор қавмнинг ҳалок этилиш вақти тонг отиш пайтида бошланиб, қуёш чиққунча давом этади. Ахир, эй Лут, биз сенга гапириб турган вақтимизга нисбатан субҳ-тонг яқин эмас-ми?
Ҳижр сурасида Аллоҳ таоло айтади: “Улар ўз масканларида тентираб юрган ҳолларида, (тўсатдан) тонг пайтида уларни даҳшатли қичқириқ тутди” (Ҳижр, 73).
“Уларга ваъда қилинган вақт субҳдир” жумласи Лут (алай­ҳиссалом)нинг ўз аҳли оиласини тезроқ қишлоқдан олиб чиқиб кетиши лозимлигига далолат қилади ёки ушбу осий қавмнинг ҳа­локатини истаётган Лут учун қувончли жавоб тарзида келган.
Алусий айтади: “Ривоят қилинишича, Лут (алайҳиссалом) фаришталардан қавмининг ҳалок этилиш вақтини сўраганида, улар: “Уларнинг ҳалокат вақти субҳдир”, деб жавоб беришган. Шунда Лут: “Бундан ҳам тезроқ бўлишини хоҳлайман”, деганида фаришталар: “Субҳ яқин эмасми?” дейишган.
Фикримча, Лут қавми ҳалок этилиш вақтининг тонг пайти қилиб белгиланганига сабаб – у пайтнинг сокинлик ва роҳат вақ­ти бўлганлиги учундир. Агарда азоб уларнинг устига шу маҳалда ке­ладиган бўлса, у ақл эгалари учун кўпроқ таъсир қилиб, ибрат олишга муносиброқ бўлади”.  Қисса сўнгида нобакор қавм­нинг аянчли оқибати шундай келтирилади: “Энди қачонки Биз­нинг фармонимиз келганида, у жойларни остин-устин қилиб юбор­дик ва уларнинг устига Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик. У жойлар бу золимлардан йироқ эмасдир”.
Яъни, ушбу фосиқ қавмни нобуд этиш ҳақида Бизнинг фармонимиз келганида, уйларининг тепасини пастига қилиб, уни устиларига ёмғир қилиб ёғдирдик. Бу Аллоҳнинг фитратини бузган, илк бора эркак билан эркаклар яқинлик қилишини жорий этган ва пок аёлларни тарк қилган ношуд қавмнинг муносиб жазосидир.
“Уларнинг устига Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик”. Бу уларнинг жазоси янада зиёда қилинганидан дарак беради. Яъни, Биз уларнинг қишлоғини остин-устин қилиб, сўнгра тош ва лой аралашмасидан бўлган нарсаларни устиларига муттасил, тинимсиз тарзда ёғдирдик. Натижада улар даҳшатли ҳолга тушдилар. Ушбу тошлар Парвардигорингиз ҳузурида мазкур қавмни ҳалок этиш учун тайёрлаб қўйилган эди.
“У жойлар бу золимлардан йироқ эмасдир”. Яъни, ҳалок қилинган қишлоқ Макка мушрикларидан йироқ эмас. Балки уларга қўшни бўлиб, Шомга қиладиган сафарларида улар ушбу қишлоқ орқали ўтиб кетардилар.
Соффот сурасида Аллоҳ таоло айтади: “Аниқки, сизлар эр­таю кеч уларнинг устидан ўтиб турурсизлар. Ахир ақл юрит­майсизларми?!” (Соффот, 137–138). Яъни, эй Макка аҳли, сизлар Лут қавмидан бўлган ушбу ҳалок қилинган кимсалар қишлоғи­дан тонгда, кундузи ва кечаси ҳам тинмай ўтиб турибсизлар. Ахир, улар­нинг оқибати нима билан якун топгани ҳақида ўйлаб кўрмай­сиз­ларми? Ўзларингиз учун шундан ибрат олмайсизларми?
Оятда зикр қилинаётган “у” олмоши қавмнинг ҳалок қили­ни­шига сабаб бўлган тошларга тегишли бўлиши ҳам мумкин. У ҳолда оятнинг мазмуни қуйидагича бўлади: васф қилинган ушбу тошлар золим кимсалардан йироқ эмас. Балки Аллоҳнинг қудра­ти ила исёнкор қавмни ҳалок этиш учун доимо тайёр ва шайдир.
Бу ердаги “золимлар”дан мурод – Лут қавми, Макка мушрик­лари ҳамда Аллоҳ белгилаб қўйган чегарани билмай, У Зотга осий­лик қилган, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олиб келган ҳидоятга эргашишдан бўйин товлаган кимсалардир.
Шундай қилиб Лут қавмининг ҳаёт саҳифалари худди Нуҳ, Ҳуд ва Солиҳ (алайҳимуссалом) қавминики каби аянчли тарзда ёпилди.
Ушбу ояти каримадан олинадиган хулосалар шуки, мўмин ки­ши Ҳаққа даъват қилишда бирон кишидан ёрдам сўраши жоиз. Лут (алайҳиссалом) қавмининг нонкўрлиги ва залолатдан қайт­мас­лигини билгач, ўзи учун кучли таянч ва уларнинг ёмон­лик­лари­дан ҳимоя қилувчи бир киши бўлишини хоҳлади. Яхшилик йўлида одамлардан ёрдам сўрашнинг ҳеч бир зарари йўқ. Аллоҳ таоло айтади: “Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга дучор бўлади” (Бақара, 251).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам Раббининг сўзларини одамларга етказишда ансорлардан кўмак сўраганлари ҳаммамизга маълум.
Ҳижр сурасида фаришталар ва Лут (алайҳиссалом) ўртаси­даги суҳбат, Лутнинг қавми билан қилган мунозара, тортишувлари ва қавмнинг ачинарли оқибати ҳақида ҳикоя қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
Энди қачонки Лут хонадонига элчиларимиз келгач, у (Лут) деди: “Аниқки, сизлар нотаниш қавмсиз”. Улар дедилар: “Йўқ, биз сенга улар шак-шубҳа қилаётган нарсани келтирдик. Биз сенга ҳақни келтирдик. Биз, шак-шубҳасиз, ростгўйдирмиз. Энди сен кечанинг бир қисми (ўтгач), аҳли оиланг билан йўл­га туш ва ўзинг уларнинг ортидан кетгин. Сизлардан бирон киши атрофга алангламасин ва сизларга буюрилган тарафга қараб кетаверинглар”. Биз унга тонг пайтида ана унинг ду­ми қирқилиши ҳақида мана шу фармонни ваҳий қилдик. Шаҳар аҳолиси шод-хуррам бўлган ҳолларида келдилар. (Шунда Лут) деди: “Ахир, бу менинг меҳмонларим-ку. Мени шар­манда қилманглар. Аллоҳдан қўрқинглар! Мени уятга қўйманглар!” Улар айтдилар: “Биз сени барча оламлардан қайтармаганмидик?!” (Лут) деди: “Агар (шу ишни) қилгувчи бўлсангизлар, ана қизларим”. (Эй Муҳаммад), ҳаётингизга қасамки, улар ўз мастликларида тентираб юрган ҳолларида, (тўсатдан) тонг пайтида уларни даҳшатли қичқириқ тутди. Бас, Биз у шаҳарни остин-устин қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан бўлган тош ёғдирдик. Албатта, бунда фаросатли кишилар учун оят-ибратлар бордир” (Ҳижр, 61–75).
“Энди қачонки Лут хонадонига элчиларимиз келгач...”. Бу гуноҳкор қавмнинг ҳалок бўлиб, Лут оиласининг нажот топишининг бошланиши эди. Яъни, фаришталар Иброҳим (алай­ҳиссалом) ҳузурида бўлиб, унга ўғил фарзанд кўриши ҳақида башорат беришгач, Лут (алайҳиссалом) истиқомат қиладиган қишлоқ томон йўл олдилар. Улар Лут (алайҳиссалом) олдига кирганларида, у фаришталарга қарата:
– Сизлар мен учун нотаниш кишилардирсиз. Мен сизларни илгари ҳеч ҳам кўрмаганман, қайси қавм ёки қабилага мансуб эка­нингизни ҳам билмайман. Бу ерга келишдан мақсадларингиз нима, бундан ҳам хабардор эмасман. Шу сабаб, сизнинг уйимда бўлишингиз қалбимга хавотир ва ташвиш солмоқда, – деди.
Бу ерда фаришталарнинг ташрифи Лут (алайҳиссалом)га хосланса ҳам, лекин қавмининг мўмин кишиларига ҳурмат-эҳти­ром маъносида уларнинг ҳам номи зикр қилинмоқда. Балки фа­ришталар келганида хонадон аҳли ёки қавмининг мўминлари ҳам у ерда ҳозир бўлиб, Лут ва фаришталар ўртасидаги суҳбат гувоҳига ай­ланишгандир.
Фаришталар Лут қалбини сиқиб, хавотирга солаётган қайғу­ни аритиш учун: “Йўқ, биз сенга улар шак-шубҳа қилаётган нар­сани келтирдик. Биз сенга ҳақни келтирдик. Биз, шак-шуб­ҳасиз, ростгўйдирмиз”, дедилар.
Яъни, эй Лут, биз сенинг ҳаловатингни кетказиш ёки бирон ёмонлик қилиш учун келганимиз йўқ, балки қавминг содир бў­ли­шидан шубҳа қилаётган нарса – сен уларни агар куфр, фисқу фужур ишларда давом этсалар келишидан огоҳлантирган азобни олиб келдик. Биз юз бериши муқаррар бўлган нарса билан келдик. Сен­га хабар бераётган нарсаларнинг бариси тўғри. Бас, энди сен хавотир олма, қавминг қилаётган ишлардан ташвиш ҳам чекма!
Қавм бошига тушиши кутилаётган азобни “улар шак-шубҳа қилаётган нарса” деб келтирилиши Лут (алайҳиссалом)га янада қувонч бағишлаш ва ўша азобнинг келиши муқаррарлигини баён қилиш эди.
“Биз сенга ҳақни келтирдик. Биз, шак-шубҳасиз, рост­гўй­дирмиз” дейилиши, таъкид устига таъкид ёки кучайтирма таъкиддир.
Ушбу такрор ва такрор келаётган таъкид маъносидаги гаплар шуни англатадики, Лут (алайҳиссалом) ўша вақтда жуда ҳам ғам-ташвишга тушиб, изтироб ичида қолган ва бунинг сабаби буз­ғун­чи қавмига фаришталарнинг бундоқ хушсурат қиёфада келиш­лари ҳамда Лутнинг уларни ҳимоя қилишга кўзи етмаганлиги эди.
Энди фаришталар Аллоҳ таолонинг амрини Лутга етказишга ўтадилар: “Энди сен кечанинг бир қисми (ўтгач), аҳли оиланг билан йўлга туш ва ўзинг уларнинг ортидан кетгин. Сизлардан бирон киши атрофга алангламасин ва сизларга буюрилган тарафга қараб кетаверинглар”.
Бу ердаги “кечанинг бир қисми”дан мурод – кечанинг охирги қисми эди. Яъни, фаришталар Лут (алайҳиссалом) қалбидаги қўр­қув, изтиробни аритишгач, дедилар:
– Эй Лут, биз сенга Аллоҳ таолонинг изни билан кечанинг охирги қисмида ушбу қишлоқдан ўзинг ва сенга эргашган кишилар билан чиқиб кетишингни амр қиламиз.
“Ўзинг уларнинг ортидан кетгин”. Яъни, сен қавмингдан бўлган мўминлар ортидан юриб, уларнинг ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб тургин.
Ибн Касир айтади: “Фаришталар Лут (алайҳиссалом)га кечанинг бир қисмида аҳлини қишлоқдан олиб чиқиб, ўзи ортидан юришини амр қилишига сабаб – Лут уларни ҳимоя қилиб кетиши учун эди. Шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ғазотга чиққанда қўшиннинг ортидан юриб, заиф ва яккаланиб қолган кишилар ҳолидан огоҳ бўлиб, уларга далда бериб кетардилар”.
“Сизлардан бирон киши атрофга алангламасин”. Яъни, Лут қавмининг мўминларидан бирорта ҳам киши гуноҳкор-осий қавмга етадиган даҳшатли азобни кўрмаслиги учун зинҳор ор­тига ўгирилиб қарамасин.
Аллоҳ таоло уларни ортига назар солиб қарамасликка буюрди. Чунки одатда ўз ватанини ташлаб кетаётган киши ортига қа­раса, унинг яраси янгиланиши, ўша ерни ташлаб кетиш у учун янада қийин кечиши мумкин.
“Сизларга буюрилган тарафга қараб кетаверинглар”. Яъни, сизлар фақат Аллоҳ буюрган томонга қараб юринглар. Шунда у нобакор қавм ва уларга етадиган азобдан узоқлашиб, Аллоҳнинг ҳимояси ва паноҳига эришасизлар.
Айтилишича, улар Шом юртига, бошқа ривоятларда келтирилган маълумотларга қараганда, Урдун (ҳозирги Иордания)га, яна бошқа ривоятларда таъкидланишича, Мисрга қараб юришга амр қилинганлар.
Уларнинг қайси тарафга йўналгани ҳақида маълумот берув­чи биронта ҳам саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган. Шу сабаб айтиш ло­зимки, улар ўз юртларидан Аллоҳ буюрган бошқа бир жойга кў­чиб ўтганлар.
“Биз унга тонг пайтида ана унинг думи қирқилиши ҳа­қида мана шу фармонни ваҳий қилдик”. Бу нарса Аллоҳ тао­лонинг Лут (алайҳиссалом)га кўрсатган ғамхўрлиги ва лутфу ка­рамининг бир кўринишидир. Оятдаги “думи қирқилиши” Лут (алайҳиссалом) қавмидан бўлган кофирларнинг ҳалок этилиши­ни англатади. Уларнинг азобланишини бундоқ тарзда келтирилишидан кофир қавмнинг устига жуда қаттиқ ва даҳшатли азоб келганлигини билиб олиш мумкин. Ушбу азоб уларнинг ҳаммаларини битта қўймай ҳалок қилади. Каттасию кичиги, аввалгисию охиргиси ҳамма-ҳаммаси қилган нопок ишларига яраша шу дунёнинг ўзидаёқ муносиб жазоларини оладилар.
Лут (алайҳиссалом) уйида хушсурат, чиройли йигитлар меҳ­мон бўлиб турганидан хабар топган “шаҳар аҳолиси шод-хур­рам бўлган ҳолларида келдилар”. Бу ердаги шаҳар аҳолисидан мурод Лут ва қавми истиқомат қилаётган Садум шаҳрининг аҳо­лисидир. Ушбу ояти каримада келтирилаётган хабарлар шуни кўрсатадики, Лут (алайҳиссалом) қавми ҳаёсизлик, беодобликда учига чиққан ва залолатнинг энг тубан қаърига ботиб кетгандилар. Зеро, улар ўша манфур қилиқларини бир ёки бир неча киши бўлиб эмас, балки бутун қавм билан бирга содир этиш учун Лутнинг уйига томон севинчлари ичга сиғмай шошила бошладилар. Яна очиқчасига, ошкора тарзда қилдилар бу ишларини.
Лут (алайҳиссалом) қалби кўр, маънавияти ўта паст ва қолоқ бўлган қавми олдида маъюс ҳолда туриб, меҳмонларини уларнинг ёмонликларидан қайтармоқчи бўлди ва уларнинг инсоний туйғуларини уйғотиш мақсадида: “Ахир, бу менинг меҳмон­ларим-ку. Мени шарманда қилманглар”, деди.
Яъни, эй қавмим, сизлар кўриб турган ушбу йигитлар менинг меҳмонларим. Шундай экан, мен уларни ҳимоя қилишим керак. Бас, сизлар бу ердан кетиб, уйларингизга боринглар. Улар билан ҳам фаҳш ишлар қилиб мени ташвишга солманглар!
Бу ерда Лут (алайҳиссалом) фаришталарни “меҳмонларим” деб атамоқда. Чунки Лут уларнинг фаришта эканини билмас­ди. Сабаби фаришталар унинг ҳузурига одам қиёфасида келган эдилар.
Лут қавмига насиҳат қилишда давом этиб деди: “Аллоҳдан қўрқинглар! Мени уятга қўйманглар!” Яъни, Аллоҳдан қўр­қинглар, ўзингизни Унинг азоби ва ғазабига дучор бўлишдан сақ­лангиз ва меҳмонларим олдида мени ноқулай ҳолга солманглар!
Аммо Лут томонидан қилинган бу ҳикматли насиҳатларга қавм ичидан қулоқ тутувчи топилмади, балки ўзларининг исёнкор ва фожирликларини яна бир бор исботловчи жавоб қилдилар: “Биз сени барча оламлардан қайтармаганмидик?!” Бу ердаги савол инкор маъносини билдиради. “Оламлар”дан мурод – аёлларни қўйиб эркаклар билан яқинлик қиладиган кимсалар эди.
Яъни, Лут қавми шарм-ҳаёдан бенасиб эканликларини намо­йиш этиб дедилар:
– Эй Лут, биз сенга илгари эркаклар ичидан хоҳлаганимиз билан фаҳш ишларни қилаётганимизда бизга халақит бермагин, деб айтмаганмидик? Ахир, сени бундан қайтарганмиз-ку? Шундай экан, энди яна нега бизларни тергаяпсан, меҳмонларингдан бизни тўсиб қолмоқчисан. Биз нимани хоҳлаётганимизни биласан-ку?!
Лекин Лут (алайҳиссалом) қавми тарафидан айтилган қабиҳ сўз ва таҳдидларга қарамай, меҳмонларини нима қилиб бўлса-да ҳимоя қилишга ҳаракат қиларди. Лут уларнинг сўзидан тушкунликка тушмади, балки қавмини соф инсон фитратига хос бўлган нарсага иршод қилди: “Агар (шу ишни) қилгувчи бўлсангизлар, ана қизларим...”.
Яъни, эй қавмим, анави менинг қизларим ўрнида бўлган аёл­ларингиз. Бас, ўз шаҳватингизни улар билан қондиринглар.
Лут (алайҳиссалом): “Агар (шу ишни) қилгувчи бўлсангиз­лар”, деди. Гўёки у қавмининг ўз талабига ижобат қилишларидан шубҳада эди. Яъни, агар шаҳватларингизни қондирмоқчи бўлса­ларингиз, уни фақат мен кўрсатган йўл билан амалга оширинг. Ам­мо мен сизларнинг табиати бузуқ эканингизни кўриб, айтган нарсаларимга қулоқ тутишингиздан гумон қилаяпман, деяётгандек.
“(Эй Муҳаммад), ҳаётингизга қасамки, улар ўз мастликларида тентираб юрган ҳолларида...”. Кўпчилик муфассирларнинг айтишича, бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қавмидан етган мусибатга сабр қилиш учун тасалли бериш маъносида айтилган.
Бу хитоб Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қилиниб, У кишининг ҳаётлари билан қасам ичилмоқда.
(Ислом дини эътиқодига кўра, фақатгина Аллоҳ номи билан қасам ичилади. Лекин Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган киши ёки нарса билан қасамни ифодалаши мумкин. Бундай ҳолатда қасам Аллоҳ даргоҳида шаъни улуғ, буюк ва қадрли нарсалар билан ичилади. Шу сабаб ҳам юқоридаги оятда Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли бандаси, сўнгги пай­ғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муқаддас ҳаёт­ларини шарафлаб, у билан қасам ичмоқда. – Таржимон.)
Яъни, эй муҳтарам пайғамбар, ҳаётингизга қасамки, Сизни ёл­ғончига чиқараётган анави қавмингиз худди аввалги ўтган Лут, Шуайб, Солиҳ ва ер юзида ноҳақ кибр қилиб юрган залолатдаги қавмлар каби ўз ғафлатлари ичра тентираб юрибдилар.
Энди, одатдагидек ўз нафсларига тобе бўлиб, Аллоҳ юборган пайғамбарларга қулоқ солмай, ўз билганларича иш тутган қавм­нинг аччиқ қисматидан хабар берилади: “(Тўсатдан) тонг пайтида уларни даҳшатли қичқириқ тутди. Бас, Биз у шаҳарни остин-устин қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан бўлган тош ёғдирдик”.
Яъни, Аллоҳ таоло Лут (алайҳиссалом)га қавми ҳалокатга дучор бўлишини хабар бергач, фаришталар орқали мўминларни олиб, шаҳардан ташқарига чиқиб кетишни амр қилди. Шундан сўнг осмондан даҳшатли, қулоқни қоматга келтириб, оқибат­да ҳа­лок қи­ладиган бир қичқириқ эшитилди ва қавмнинг барча аъзолари қуёш чиқишига яқин ҳалок бўлдилар.
Бундан илгариги оятларнинг бирида “Биз у (Лут)га тонг пайтида ана у (кофир қавм)нинг думи қирқилиши – ҳалок бўлиши ҳақидаги мана шу фармонни ваҳий қилдик”, дейилган бўлса, бу оятда “(Тўсатдан) тонг пайтида уларни даҳшат­ли қичқириқ тутди”, деб айтилмоқда. Демак, уларга азоб тушиши тонг пайтида бошланиб, қавмнинг барча аъзоси қуёш чиқиши пайтигача бут­кул маҳв этилган.
Шундай қилиб, Аллоҳ таоло бу осий, туғёнга тушган қавмдан қаттиқ ва шиддатли тарзда интиқом олди, уларни ўзларига му­носиб жазо билан “сийлади”.
Сура давомида ақл эгалари ушбу бўлиб ўтган воқеалардан ибрат олишга чақирилади: “Албатта, бунда фаросатли кишилар учун оят-ибратлар бордир. Дарвоқе, у (шаҳар) доимий йўл устидадир. Албатта, бунда мўминлар учун оят-ибратлар бордир”.
“Албатта, бунда фаросатли кишилар учун оят-ибратлар бордир” деб Иброҳим ва Лут (алайҳиссалом)лар қиссасидаги во­қеа-ҳодисалар ва улардан келиб чиқадиган ибрат, панд-насиҳат ва хулосалар назарда тутилмоқда.
(Биз бу ерда “фаросатли кишилар” деб келтирган сўз арабча матн­да “мутавассимувн” тарзида ифодаланган. Унинг бирлик шакли “мутавассим”дир. Мазкур сўз “бирон нарса, ҳодиса ҳақида фикр юритиб, унинг сабаб ва оқибатларини ҳисобга олувчи, келажакда қан­дай натижа чиқишини чамалаб кўрувчи киши” маъносини билдиради. Бу сўзни Мужоҳид “фаросатлилар”, Ибн Аббос ва Заҳҳок “теран нигоҳ ташлагувчилар”, Қатода эса “ибрат олувчилар” деб тафсир қилишган. – Таржимон.)
Яъни, Аллоҳ таоло айтади: Биз ҳикоя қилган Иброҳим ва Лут (алайҳиссалом)лар қиссасида соғлом фикр эгалари ва тадаббур со­ҳиблари учун Аллоҳнинг амрига итоат қилувчи мўминларнинг оқибати яхши бўлиши, шайтонга тобе бўлган исёнкор кимсаларнинг оқибати эса аянчли якун топишига далолат қилувчи оят-белгилар бордир.
Баъзи уламолар ушбу оят тафсирида қуйидагиларни келти­радилар: бу оят фаҳм-фаросат ҳақида нозил бўлган. Абу Саид Худ­рий (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам)дан ривоят қилади: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг­лар! Чун­ки у (ҳар бир нарсага) Аллоҳнинг нури билан қарайди”. Сўнгра У Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур оятни тиловат қилдилар (Имом Термизий ривояти).
Ушбу оятда Аллоҳнинг ваҳдониятига ва Унинг чексиз куч-қуд­рат Соҳиби эканига ишора қилинмоқда. Аммо бандаларнинг аксарият қисми қалб кўзининг кўрлиги, ҳою ҳавасларининг устунлиги ва нафсларига муте бўлганликлари боис бунга беэътибор бўладилар, ҳеч ўйлаб кўрмайдилар. Аллоҳ таоло айтади: “Осмонлар ва ерда (Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига далолат қилувчи) қанчадан-қанча оят-аломатлар бордир. (Лекин) улар бу оятлардан юз ўгирган ҳолларида ўтиб кетаверадилар. Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина имон келтирадилар” (Юсуф, 105).
“Дарвоқе, у (шаҳар) доимий йўл устидадир” деганда Лут (алайҳиссалом) қавми яшаб ўтган шаҳар ёки қишлоқ назарда тутилмоқда.
Яъни, ҳақиқатан, ушбу гуноҳкор қавм яшаб ўтган масканлар одамлар доим ўтиб турадиган жойдадир. Улар Ҳижоздан Шом юртига қиладиган сафарларида айнан мана шу ердан ўтадилар. Шу маънода Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Макка аҳли), аниқки, сизлар эртаю кеч уларнинг устидан ўтиб турурсизлар. Ахир ақл юргизмайсизларми?!” (Соффот, 137–138).
Бу ерда мақсад – Қурайш кофирларига хитоб қилиб, золимларнинг оқибати қандай якун топишини эслатиб қўйиш эди. То­ки улар куфр ва туғёнларидан холи бўлиб, вақтида имон йўлини тутсинлар.
“Албатта, бунда мўминлар учун оят-ибратлар бордир”. Бу умумий хитобдан сўнг фақат мўминларнинг ўзларигагина қи­линаётган хос мурожаат ҳисобланади.
Яъни, Биз ҳикоя қилган қиссаларда содиқ, ихлосли мўминлар учун яхши ёки ёмон оқибатга кимлар сазовор бўлишига далолат қилувчи оятлар бордир.
Ушбу оятда мўминларга Аллоҳ таоло томонидан мақтов ва олқишлар айтилмоқда.
Шуаро сурасида Лут (алайҳиссалом) қиссаси янада таъсирли услубда келтирилган. Аллоҳ таоло айтади:
Лут қавми пайғамбарларини ёлғончи қилди. Ўшанда улар­га биродарлари Лут айтган эди: “(Аллоҳдан) қўрқмайсизлар­ми?! Албатта, мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен бу учун сизлардан ажру мукофот сўрамайман. Менинг ажру мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир. Сизлар бутун оламлардан эркакларга яқинлашур­ми­сиз­лар?! Ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфту ҳа­лолларингизни тарк қилурмисиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсиз. Улар дедилар: “Қасамки, тўхтамасанг, эй Лут, албатта, сургун қилингувчилардан бўлурсан”. У айтди: “Албатта, мен сизларнинг ишингизни ёмон кўргувчилар­дан­ман. Парвардигорим, менга ва аҳлимга уларнинг қилаёт­ган амалларидан нажот бергин!” Бас, Биз унга ва унинг барча аҳли тобеларига нажот бердик. Магар қолгувчилардан бўл­ган бир кампирга (нажот бермадик). Сўнгра бошқаларни ҳам ҳалок қилдик. Ва уларнинг устига ёмғир ёғдирдик. Бас, огоҳ­лантирилган кимсаларнинг ёмғири нақадар ёмон бўл­ди. Албатта, бунда оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўп­лари имон келтирувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвар­дигорингизнинг Ўзи ғолиб, меҳрибондир” (Шуаро, 160 –175).
Ушбу оятда келтирилган Лут (алайҳиссалом)нинг қавмига қил­ган хитоби Аллоҳга тақво қилишга чақириб, у Аллоҳ тарафидан юборилган ишончли пайғамбар эканини маълум қилиш ва Ҳаққа, юксак одоб-ахлоққа даъват қилгани учун улардан бирон нарса тама қилмаслигини таъкидлаш билан бошлан­ди. Сўнг қавм орасида кенг ёйилган энг катта разолатдан қайта­риб, шундай деди: “Сизлар бутун оламлардан эркакларга яқин­лашурмисизлар?! Ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфту ҳалолларингизни тарк қилурмисиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсиз”.
Яъни, сизлар соф, табиий фитратни бузиб, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилган аёлларни қўйиб, эркаклар билан фаҳш ишларни қил­моқдасизлар! Бу қилмишингиз билан Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан ўтиб кетдинглар, ҳалоллик ҳудудидан ҳаром сари тажовуз қилдинглар!
Албатта, бу панд-насиҳатлар ақли шаҳватига буткул муте бўл­ган қавмга ёқмади ва улар таҳдиди ва қўрқитиш маъносида:
“Қасамки, тўхтамасанг, эй Лут, албатта, сургун қилин­гувчилардан бўлурсан”, дедилар.
Яъни, бизни қилаётган ишимиздан қайтаришни бас қилма­санг, сени қишлоғимиздан умрбод сургун қилиб юборамиз!
Қачонки инсон нафси разолат ботқоғига ботса, у ўзини яхшилик, поклик ва ҳаё-ибога чақирганларни хушламай, уларга қар­шилик билдиришга тушади.
Қавми Лут (алайҳиссалом)га ҳам шундай қаршилик қилиб, уни бу йўлдан тўсиб, қайтариб қолишга неча бор уриндилар. Лекин Лут бўш келмай, уларнинг одобсизликларига жавобан шундай деди:
“Албатта, мен сизларнинг ишингизни ёмон кўргувчи­ларданман”. Яъни, Лут уларга танбеҳ бериб, маломат оҳангида:
– Мен сизлар қилаётган ушбу қабиҳ жиноятларингиздан ўта нафратланувчи ва унга тиш-тирноғим билан қаршилик билди­рувчилардандирман! – деди.
(Ушбу оятдан келиб чиқадики, ҳақиқий мўмин бирон мункар ишни кўрганда, уни қўлидан келганича қайтаради. Энг охирги илож шуки, у ўша бўлаётган гуноҳ ишларни қайтаролмаган тақдирда ҳам ўзи у ишларга рози эмаслигини, ёмон кўришини маълум қилиб қўяди. Бу ҳам ёмонликка, қабоҳатга қарши курашишнинг бир туридир. Лекин мўмин одам гуноҳ-маъсият ишларга индамай қараб туриши, улардан кўз юмиши мумкин эмас. Зеро, бу фосиқлик белгисидир. – Таржимон.)
Жасорат билан юқоридаги гапларни айтгач, энди Лут Аллоҳ таолога юзланиб, деди: “Парвардигорим, менга ва аҳлимга уларнинг қилаётган амалларидан нажот бергин!” Яъни, эй Раб­бим, мен ва мен билан имон келтирган мўминларга ушбу тоифа ким­салар қилаётган ишларининг оқибатидан нажот бергин!
Лут (алайҳиссалом)нинг ихлос билан қилган дуоси ижобатсиз қолмади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Биз унга ва унинг барча аҳли тобеъларига нажот бердик. Магар қолгувчилардан бўлган бир кампирга (нажот бермадик)”.
Бу ердаги кампирдан мурод Лутнинг хотини бўлиб, у кофир ва қавми қилаётган ишларга рози бўлиб турган.
“Магар бир кампирга...”. Бу Лут хонадонидан истисно қи­линмоқда. Яъни, Биз Лутнинг дуосига ижобат тариқасида у ва унга эргашган мўминларнинг барчасига нажот бердик. Илло унинг қари аёлини тарк этдик. У ҳалок бўлувчилар билан бирга қолиб кетди. Чунки у нопок ва имонсиз эди.
“Сўнгра бошқаларни ҳам ҳалок қилдик”. Яъни, сўнгра Лут қавмидан бўлган кимсаларни куфр ва эркаклар билан яқинлик қилишга муккадан кетганликлари сабаб қаттиқ азоб ила ҳалок қилдик. Қишлоқларини остин-устин қилиб, битта қўймай барчаларини нобуд этдик.
“Ва уларнинг устига ёмғир ёғдирдик”. Яъни, қавм ҳалок қилингач, устиларига тош ёмғир ёғдирдик.
“Бас, огоҳлантирилган кимсаларнинг ёмғири нақадар ёмон бўлди”. Бу қавм дучор бўлган ёмон оқибатнинг баёнидир.
Яъни, Биз Лут қавмини ҳалок қилиб, уларни янада хору зор қилиш ва таҳқирлаш учун тошлардан иборат бўлган ёмғир ёғдир­дик. Уларнинг оқибати қандоқ ҳам ёмон бўлди! Биз илгари уларни азоб келиши ҳақида огоҳлантирган эдик. Мана, энди ўша азоб келди. Бунга фақатгина ўзларининг қилмишлари сабаб бўлди.
Ушбу сурада келган Лут (алайҳиссалом) қиссаси ҳам худди бошқа суралардагидек якунланади: “Албатта, бунда оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўл­мадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи ғолиб, меҳрибондир”.
(Яъни, Лут ва қавмининг қиссасида ақл эгалари учун оят-ибратлар талайгина. Лекин аксарият кишилар бу оятларни кўрсалар-да, Аллоҳга имон келтирмайдилар, гуноҳ ишлардан қайтмайдилар. Албатта, Аллоҳ исёнкор кофирлар устидан ғолиб ва мўмин бандаларига меҳрибон бўлган Зотдир. – Таржимон.)
Намл сурасида Лут (алайҳиссалом) қиссасининг баъзи жиҳат­лари ҳақида сўз боради. Аллоҳ таоло айтади:
Лутни (эсланг)! Ўшанда у қавмига айтган эди: “Сизлар кў­риб-билиб турган ҳолингизда бузуқлик қилурмисизлар?! Сизлар хотинларингизни қўйиб шаҳват билан эркакларга яқин­лашурмисизлар?! Йўқ, сизлар жоҳил қавмдирсизлар!” (Лут) қавмининг жавоби эса фақат: “Лутнинг аҳли-тобеларини қиш­лоғингиздан чиқарингиз! Дарҳақиқат, улар жуда покиза кишилардир”, дейишлари бўлди. Бас, Биз (Лутга) ва унинг аҳли-тобеларига нажот бердик. Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки) Биз уни қолиб ҳалок бўлгувчилардан бў­ли­шини тақдир қилиб – белгилаб қўйдик. Ва уларнинг устига бир ёмғир ёғдирдик! Бас, огоҳлантирилгувчиларнинг ёмғири нақадар ёмон бўлди!” (Намл, 54–58).
Лут (алайҳиссалом) ҳаёти ҳақида хабар берар экан, Аллоҳ тао­ло дейди:
– Эй оқил инсон, қавмини ҳидоятга чақириш учун Биз Лутни пайғамбар қилиб юборганимизни эслагин. У қавмига мурожаат қилиб, маломат ва дакки бериш маъносида деган эди:
– Сизлар Ер юзида ҳали биронта ҳам одам боласи қилиб кўр­маган фаҳш ишларни қиласизларми?! Ахир сизлар ўз кўзингиз билан кўриб, ақлларингиз билан англаб турибсизларки, бу ишни қилиш эсли-ҳушли одамга ҳеч ҳам тўғри келмайди. Ҳатто тилсиз, забонсиз ҳайвонлар ҳам қилмайди бу ишни!
“Сизлар кўриб-билиб турган ҳолингизда бузуқлик қи­лур­мисизлар?!” Бу ҳолатнинг қандайлигидан хабар бериб, улар­ни янада тергаш учун айтилмоқда. Чунки улар ҳайвон­лар­нинг бун­дай ишларни қилмаслигини яхши билардилар. Шунингдек, бу манфур одатнинг натижаси, қолаверса, Аллоҳнинг пайғамбари айт­ган сўзларига хилоф иш тутиш ёмон оқибатлар­га олиб келишини ҳам жуда яхши тушуниб етардилар. Аммо...
“Сизлар хотинларингизни қўйиб шаҳват билан эркак­ларга яқинлашурмисизлар?! Йўқ, сизлар жоҳил қавмдирсиз­лар!” Бу аввалги инкорни янада таъкидлаш ва улар қилаётган ишлари нимадан иборат эканига ойдинлик киритиш мақсадида айтилмоқда.
Яъни, эй, ўз инсоний табиати ва соф фитратини топтаб, оёқ ости қилганлар! Аллоҳ шаҳватларингизни аёллар билан қонди­ришни жорий қилган бўлса-да, сизлар бунга қониқмай Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқмоқдасизлар-а?!
“Йўқ, сизлар жоҳил қавмдирсизлар!” Бу қавм гирифтор бўлган маънавий кўрликнинг асл сабаби эди. Зеро, уларнинг кўп­худолик дини ҳам жаҳолат, разолат асосига бино қилинган эди.
Пайғамбарлик вазифаси ўлароқ Лут (алайҳиссалом) уларни нопок, чиркин ишлардан қайтариб, Аллоҳга ибодат қилишга ча­қир­ганида, қавм бу гапларни хушламади. Ақлларидан шаҳватла­ри устун бўлган бу жоҳил қавм таҳдид ва дўқ-пўписа билан деди:
“Лутнинг аҳли-тобеларини қишлоғингиздан чиқарингиз!”
Уларнинг “қишлоғингиздан” деб айтишларига қараганда, бу мутакаббир, мағрур қавм ўзлари яшаб турган Садум шаҳрини Лут ва мўминларга ҳеч қандай тегишли ери йўқ, деб даъво қилишарди. “У фақат бизнинг шаҳар, биз унда хоҳлаган ишимизни қиламиз. Бас, шундай экан, сизларга халақит бераётган Лут ва тобелари­ни қишлоғингиздан қувиб чиқаринг”, деган маъно келиб чиқади уларнинг бу сўзидан.
“Дарҳақиқат, улар жуда покиза кишилардир”. Қавмнинг Лут ва унга эргашганларни ўз масканларидан ҳайдамоқчи бў­лишлари­га ҳам шу нарса сабаб бўлганди.
Яъни, қавм деди:
– Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинг! Чунки улар биз қилаётган ишлардан пок одамлар экан. Устига-устак бизлар эркакларга яқинлик қилишни хоҳлаб турган бир пайтда улар буни инкор қилмоқдалар.
Қавмнинг бу гапларни айтишига сабаб уларнинг ақллари кўр, шайтон уларни тўлиқ измига олган ва нопок ишларни зийнат­лаб, чиройли кўрсатиб қўйган эди. Қавм ҳам ҳеч ақл юргизмай иб­лиснинг ёлғон ваъдаларига учиб кетдилар.
Қавм ҳидоятга келиб, ўзларини ўнглайвермагач, Аллоҳ таоло улар устидан қатъий ҳукм чиқарди: “Бас, Биз (Лутга) ва унинг аҳли-тобеларига нажот бердик. Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки) Биз уни қолиб ҳалок бўлгувчилардан бўли­ши­ни тақдир қилиб – белгилаб қўйдик. Ва уларнинг устига бир ёмғир ёғдирдик! Бас, огоҳлантирилгувчиларнинг ёмғи­ри на­қадар ёмон бўлди!”
Шундай қилиб қавм куфру исён сабаб шундоқ сўнгсиз кулфатга мубтало бўлди. Шунингдек, ким имондан куфрни, юксак одоб-ахлоқдан разолатни устун қўяркан, унинг ҳам тақдири Лут (алайҳиссалом) қавминики каби якун топади. (Аллоҳ таоло барчаларимизни бундай оқибатдан Ўз паноҳида асрасин!)
Энди Анкабут сурасида келтирилган Лут (алайҳиссалом) қис­саси билан танишамиз. Аллоҳ таоло айтади:
Лут ўз қавмига: “Албатта, сизлар шундай бузуқлик қил­моқ­дасизларки, сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди. Ҳақиқатан ҳам сизлар эркак­ларга борурмисизлар, йўлтўсарлик қилурмисизлар, мажлисларингизда ёмон ишлар қилурмисизлар?”, деганини эсланг! Бас, (Лут) қавмининг жавоби фақат: “Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга Аллоҳнинг азобини келтирчи”, де­йишлари бўлди. (Шунда) у айтди: “Парвардигорим, бу бузғунчи қавм ус­тига Ўзинг мени ғолиб қил”. Қачонки Бизнинг элчиларимиз Иброҳимга (фарзанд кўриши ҳақида) хушхабар келтиришгач, айтдилар: “Албатта, биз мана шу қишлоқ аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз. Чунки унинг аҳли золим-кофир бўлдилар”. (Иброҳим): “Ахир у жойда Лут бор-ку?”, деди. Улар айтдилар: “Бизлар у жойда ким борлигини яхшироқ билгувчидирмиз. Албатта, бизлар (Лутни) ва унинг аҳли-оиласини қутқарурмиз. Магар унинг хотини (нажот топмас, чунки у) қолиб, ҳалок бўл­гувчилардан эди”. Қачонки элчиларимиз Лутнинг олдига келганларида, у бундан ёмон ҳолга тушди ва уларнинг келишларидан юраги сиқилди. Улар дедилар: “Қўрқма ва ғамгин бўлма. Албатта, бизлар сенга ва оилангга нажот бергувчилардирмиз. Магар хотининг (нажот топмас, чунки у) қолиб, ҳалок бўлгувчилардан эди”. Шак-шубҳасиз, Биз фосиқ-итоатсиз бўлганликлари учун бу қишлоқ аҳли устига осмондан азоб – тош ёғдиргувчидирмиз. Аниқки, Биз ақл юргизадиган қавм учун у (қишлоқ)дан оят – нишона қолдиргувчидирмиз” (Анкабут, 28–35).
Лут (алайҳиссалом) қавмига мурожаат қилиб, фаҳш ишларни содир этишда уларнинг олдига тушадиган бирон қавм Ер юзида йўқлигини, уларнинг золим, осий ва бошқа мункар қилиқ-одат­ларини эслатиб, қавмини бу йўлдан қайтаришга ҳарчанд уринмасин, қавм барибир ўзларининг шайтоний йўлларини афзал билардилар. Улар оқилона насиҳатларга жоҳилона жавоб қайтариб қўяқолдилар: “Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга Аллоҳнинг азобини келтирчи”.
Яъни, агар мен пайғамбарман, деган даъвойинг рост бўлса ва ўзимиз яхши кўрган бу ишларни қилаётганимиз сабаб устимизга Аллоҳнинг азоби тушади, деган огоҳлантиришинг ҳақ бўлса, қани, эй Лут, ана ўша айтаётган азобингни келтириб кўрчи?
Бундай пайтда Лут (алайҳиссалом)нинг ягона паноҳи Аллоҳ таоло эди. У дуо қилиб, У Зотдан ёрдам ва кўмак сўрай бошлади: “Парвардигорим, бу бузғунчи қавм устига Ўзинг мени ғолиб қил”. Яъни, эй Аллоҳим, бу кўрнамак қавмнинг устига азоб тушириш билан менга нусрат бергин! Улар ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган бузуқ ишларни қилиб, азобланишга муносиб кимсалардан бўлдилар.
Аллоҳ таоло Лут (алайҳиссалом) дуосини ижобат қилди: “Қа­чонки Бизнинг элчиларимиз Иброҳимга (фарзанд кўри­ши ҳақида) хушхабар келтиришгач, айтдилар: “Албатта, биз мана шу қишлоқ аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз”. Яъни, Бизнинг фаришталаримиз Иброҳимга ўғли Исҳоқнинг туғилиши башоратини беришга келишганида, дедилар:
– Эй Иброҳим, биз Раббинг томонидан Лут (алайҳиссалом) яшайдиган Садум шаҳрини ҳалок қилиш учун юборилдик. “Чунки унинг аҳли золим-кофир бўлдилар”. Яъни, ушбу қавм фаҳш ишлар содир этиш, қароқчилик қилиш, одамларнинг мол-дав­латларини ноҳақ ўзлаштириш, мажлисларида мункар ишларни қилиш билан золим кимсалардан бўлдилар.
Буни эшитган Иброҳим қўрқинч ва ҳаяжон билан: “Ахир у жойда Лут бор-ку?”, деди. Яъни, сизлар ҳалок қилмоқчи бўл­ган қишлоқда Лут ҳам истиқомат қилади. У Аллоҳнинг солиҳ пай­ғамбарларидан бири. Қандай қилиб қавмига қўшиб уни ҳам ҳалок қилмоқчисизлар?!
Фаришталар Иброҳим (алайҳиссалом) қалбидаги таҳликага барҳам бериш учун: “Бизлар у жойда ким борлигини яхши­роқ билгувчидирмиз”, дедилар. Яъни, биз бу қишлоқ аҳолиси ичидаги яхшиларини ҳам, ёмонларини ҳам, мўминларини ҳам, кофирларини ҳам биламиз.
“Албатта, бизлар (Лутни) ва унинг аҳли-оиласини қутқа­рурмиз. Магар унинг хотини (нажот топмас, чунки у) қолиб, ҳалок бўлгувчилардан эди”. Яъни, эй Иброҳим, тинчлан, сира қайғурма! Чунки Аллоҳ таоло бизларга Лут ва унинг мўмин бўлган аҳлларини бу фалокатдан қутқаришимизни амр қил­ган. Фақатгина Лутнинг хотини ҳалок бўлувчилар билан бирга қолади. Сабаби аёли улардан эди, улар қилаётган фаҳш ишларни тасдиқлар, қавмини бу нарсадан қайтармас эди. У Лутга муносиб солиҳа аёл бўла олмади.
Энди, фаришталар келишгач, Лут (алайҳиссалом)нинг қан­дай аҳволга тушгани ҳақида сўз юритилади: “Қачонки элчи­ларимиз Лутнинг олдига келганларида, у бундан ёмон ҳолга тушди ва уларнинг келишларидан юраги сиқилди”. Бунга асосий сабаб, аввал айтиб ўтганимиздек, қавми уларга бирон озор етказиб қўйишларидан хавфсираши ва бунинг олдини олишга қодир эмаслиги эди.
Лут (алайҳиссалом)нинг бу ҳолатини сезган фаришталар унга хушхабар бериш ва бир оз бўлса-да тинчлантириш мақсадида:
– Қўрқма ва ғамгин бўлма. Албатта, бизлар сенга ва оиланг­га нажот бергувчилардирмиз. Магар хотининг (нажот топмас, чунки у) қолиб, ҳалок бўлгувчилардан эди, – дедилар.
Яъни, эй Лут, биз ҳақимизда қайғуриб, ташвиш чекма. Сенинг олдингга келишимиздан хафа ҳам бўлма. Бу ерга келишимиздан мақсад – қавминг гирифтор бўладиган азоб-уқубатдан сени ва аҳлингдан имон келтирганларни қутқариш. Магар сенга хиёнат қилган хотининг қавм билан бирга азобга йўлиқади.
Сўнгра қавмга қандай азоб келишининг хабари берилади: “Шак-шубҳасиз, Биз фосиқ-итоатсиз бўлганликлари учун бу қишлоқ аҳли устига осмондан азоб – тош ёғдиргувчидирмиз”.
Яъни, биз Аллоҳ таолонинг амри ва иродаси билан Раббиларининг тоатидан чиқиб, фисқу фужур ишлар қилган бу қавмнинг устига осмондан ёғилувчи шиддатли азобни туширурмиз. Улар бу азобни даф қилишга ҳам, ўзларини қутқариб қолишга ҳам имкон топа олмайдилар.
Сўнгра Аллоҳ таоло Ўз ҳикматини, яъни бошқаларга ибрат бў­лиши учун ўша золим қавмдан бирон белги қолганини таъкид­лаб, дейди: “Аниқки, Биз ақл юргизадиган қавм учун у (қиш­лоқ)дан оят – нишона қолдиргувчидирмиз”.
Яъни, мана шу қавм буткул ҳалок қилингач, уларнинг ҳалокатга учраганликларидан дарак бериб турувчи очиқ-ойдин аломат ва белгиларни қолдирдик. Токи ақл-фаросат ва тафаккур соҳиблари уларнинг қисматини ўйлаб, бундай ишларга яқин йўламасинлар.
Ибн Касир айтади: “Жаброил (алайҳиссалом) Аллоҳнинг изни билан бу қавмнинг қишлоғини Ер юзидан бутунлай супуриб ташлади. Кейин уни осмонга кўтарди ва қавмнинг устига ағдарди. Шундан кейин Аллоҳ қавмнинг устига Ўзининг даргоҳидан белгилаб қўйилган тошларни муттасил тарзда сел каби ёғдирди. Уларнинг маконлари бадбўй, кичик бир кўлга айлантирилди. Қиёматга қадар бу қавм бошқаларга ибрат бўлиши учун қолдирилди. Охиратда эса улар янада шиддатли қийноқлар билан азобланадилар”.
Қамар сурасида Лут (алайҳиссалом) қиссасининг бошқа жи­ҳатлари ҳақида тўхталиб ўтилади:
Лут қавми (у келтирган) огоҳлантиришларни ёлғон деди. Дарвоқе, Биз уларнинг устига (тош) бўрон юбордик. Магар Лут хонадонигагина тонг-саҳарда нажот бердик. (Бу нажот) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган бир неъматдир. Шукр қил­ган кишиларни Биз мана шундай мукофотлаймиз. Аниқки, (Лут) Бизнинг ушлашимиздан уларни огоҳлантирган эди. (Аммо) улар огоҳлантиришларидан шубҳаланиб, (ёлғон дедилар). Аниқки, улар (Лутнинг) меҳмон(лар)ини йўлдан ур­моқчи бўлдилар. Бас, Биз уларнинг кўзларини кўр қилиб қўйдик: “Энди Менинг азобим ва огоҳлантиришимни тотиб кўринглар!”. Ҳақиқатан, эрта тонгда уларга барқарор-ман­гу азоб келди. Энди Менинг азобим ва огоҳлантиришимни тотиб кўринглар! Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олувчи борми?!” (Қамар, 33–40).
“Лут қавми (у келтирган) огоҳлантиришларни ёлғон деди”. Жоҳил қавм Лут (алайҳиссалом)нинг панд-насиҳатларига унамади. Огоҳлантириш ва қўрқитишларга қарамай, ҳеч нарсадан тап тортмай, яна ўзларининг жирканч одатларини қилишда давом этдилар. Бу қилмишларнинг оқибати қандай якун топганини келаси оятда Аллоҳ таоло маълум қилади: “Дарвоқе, Биз уларнинг устига (тош) бўрон юбордик. Магар Лут хонадонигагина тонг-саҳарда нажот бердик”. Яъни, қавм устига тош аралаш шиддат­ли бўрон юборилди ва улар битта қолмай ҳалок бўлдилар. Фақатги­на Лут ва қавми ичидан имон келтирганларгина омон қолдилар.
“(Бу нажот) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган бир неъматдир”. Яъни, Биз ўзимизнинг очиқ-ойдин неъматларимиз ўлароқ Лут қавмини сўнгсиз кулфатдан омон сақлаб қолдик.
“Шукр қилган кишиларни Биз мана шундай мукофот­лаймиз”. Бу Лут (алайҳиссалом)га кўрсатилган нажот ва омонлик неъматининг асл сабаби эди.
Яъни, Лут ва у билан бўлган мўминларга улуғ мукофотларимизни кўрсатганимиз каби, Бизга шукр қилувчи, амр ва қайта­риқларимизга қулоқ осадиган ҳар қандай бандамизни ҳам буюк неъмат ва мукофотлар билан тақдирлагаймиз.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилишда янада бардавом бўлишлари учун шукрли мўмин кишиларга башо­рат берилмоқда. Аллоҳнинг неъматларига ношукр бўлиш­дан қай­та­рилиб, ундай кофир кимсаларнинг оқибати аянчли хотима топиши баён қилинмоқда.
Энди, Лут (алайҳиссалом) қавмини ҳалокат жарига етаклаган асосий сабаб зикр қилинади: “Аниқки, (Лут) Бизнинг ушлашимиздан уларни огоҳлантирган эди. (Аммо) улар огоҳлан­тиришларидан шубҳаланиб, (ёлғон дедилар)”.
(Бу ерда “ушлашимиз” деб таржима қилинган сўз араб тилида “батшатун” дейилади). Мазкур сўз “зулм ва куч-қудрат билан ўз қўлида ушлаб туриш”ни англатади. Ояти каримада эса ушбу сўз­дан мурод – қавмни аянчли аҳволда ҳалок қилишдир.
Яъни, Аллоҳга қасамки, Лут қавмини Бизнинг сўнгсиз азобимиздан огоҳлантирса ҳам, улар буни ёлғонга чиқариб, Лутнинг устидан истеҳзо қилдилар, таҳдид ва қўрқитишни енгил санадилар. Келаси оятда қавмга хос фужур ишларнинг бошқа кўриниши ҳақида билиб оламиз: Аниқки, улар (Лутнинг) меҳ­мон(лар)ини йўлдан урмоқчи бўлдилар. Бас, Биз уларнинг кўзларини кўр қилиб қўйдик: “Энди Менинг азобим ва огоҳлантиришимни тотиб кўринглар!”
Бу кофир қавм Лут (алайҳиссалом) меҳмонлари билан ҳам фаҳш ишларни содир этишга уриниб кўрдилар. Қавмнинг бундан қабиҳ ҳаракатларига муносиб жавоб сифатида “Биз уларнинг кўзларини кўр қилиб қўйдик”. Улар кўз нуридан айрилиб, олдиларидаги бирон нарсани кўра олмай қолдилар.
Қуртубий айтади: “Ривоят қилинишича, Жаброил (алайҳис­са­лом) уларни қаноти билан урганида, шу тобда кўзлари ожиз бў­либ қолади. Бошқа ривоятда: “Уларнинг кўзлари бошқаларники­дек бўлган. Аммо унда кўз тешиги бўлмаган”, дейилган. Айтиладики, Аллоҳ уларнинг кўзларини кўр қилиб қўйган. Бас, улар элчиларни кўра олмай қолганлар”.
“Энди Менинг азобим ва огоҳлантиришимни тотиб кў­ринглар!”
Яъни, Биз уларни кўришдан маҳрум этдик ва:
– Менинг Расулимни ёлғончи қилиб, уни паст санаганларинг ва устидан кулганларинг боис сизларга тушган аламли азобим­ни тотиб кўринглар! – дедик.
Бу ердаги буйруқдан мурод хабар беришдир. Яъни, улар пай­ғамбарлари Лут (алайҳиссалом) аввал уларни огоҳлантирган азобни тотиб кўрдилар.
“Ҳақиқатан, эрта тонгда уларга барқарор-мангу азоб келди”. (Бу ҳақида юқоридаги оятларда танишиб ўтган эдик. – Тар­жимон.)
Қамар сурасидаги Лут (алайҳиссалом) қиссаси қуйидаги оят билан якунланади: “Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олувчи борми?!”.
“Кашшоф” муаллифи айтади: “Энди Менинг азобим ва огоҳ­лантиришимни тотиб кўринглар!” Ҳақиқатан, эрта тонгда уларга барқарор-мангу азоб келди. Энди Менинг азобим ва огоҳлантиришимни тотиб кўринглар!” жумласидаги қайта-қайта такрордан ҳикмат нима, деб сўралса, унга жавобимиз қу­йидагича: “Ўтган қавмларнинг хабарлари ва оқибатларини ҳар сафар эшитган кишида идрок, тафаккур этиш қобилияти пайдо бўлади. Аллоҳ таоло бу ерда бандалари хатога йўл қўймаслик­лари, ғафлатда қолмасликлари учун уни такрор-такрор қайтар­моқда. Бу Қуръони каримдаги такрорларнинг кўп учрашидан кўзланган мақсаддир. Раҳмон сурасида ҳам ҳар бир неъматнинг зикридан сўнг “Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигори­нгизнинг қайси неъматини ёлғон дея олурсизлар?!”, деб так­рор-такрор хитоб қилинган. Шунингдек, Мурсалот сурасидаги ҳар бир келтирилган хабардан сўнг ҳам “У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!”, деб такрорланган. Бундан ташқари қиссаларнинг ўзида ҳам зеҳнларга кучли ўрнашиши ва ҳар онда эслаб туриш учун хабарлар такрорланиб келади”.
Юқорида сизларга ҳикоя қилинганлар Лут (алайҳиссалом) ва нафслари турли маънавий касалликлар билан булғанган, соф фит­ратлари айниган, илгари бирон одамзод қилиб кўрмаган фаҳш ишларни ўйлаб топган қавмнинг қиссаси эди. Мазкур қис­садан қуйидаги ибрат ва хулосаларни чиқариш мумкин:
Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари одамларни куфр зулмати­дан имон нурига, разолатдан эзгулик сари, қабоҳатдан юксак одоб билан сифатланишга чақириши учун юборилганлар. Буни Лут (алайҳиссалом)нинг қавми билан бўлиб ўтган қиссасида яқ­қол кўришимиз мумкин. Лут қавмини, авваламбор, Аллоҳ тао­лога ихлос билан ибодат қилишга чақирди, сўнгра бир неча ҳик­матли йўллар орқали уларни фаҳш ишлардан қайтарди. Қавм шундай фаҳш ишларни содир этар эдики, ҳатто уни тил-забонсиз, онгсиз ҳайвонлар ҳам қилмаган эди;
агар нафс шаҳватга муте бўлиб, ақл фасод бўлса ва бунинг оқибатида кишининг фитрати бузилса, унинг учун разолат фа­зилатга, нажосат ва нопок ишлар эса одатий ҳолга айланиб қо­лади. Ушбу тоифа кимсалар учун ўша ишни қилмаётганлар ёмон саналади;
Лут (алайҳиссалом) қавмининг бир-бирларига айтаётган уш­бу гапларига эътибор беринг: “Лутнинг аҳли-тобеларини қиш­ло­ғингиздан (қувиб) чиқарингиз! Дарҳақиқат, улар жуда покиза кишилардир” (Намл, 56);
юксак имон соҳиблари, чиройли хулқ эгалари одамлар орасида покликнинг ёйилишига ҳарисманд бўлган кишилар доимо ўз динларининг софлигини таъминлашга, Аллоҳнинг амри ҳами­ша устун бўлишига жидду жаҳд қиладилар;
қавм ичидаги нобакорлар ўзларининг ушбу қабиҳ ишларини уялиб ёки пинҳоналик билан эмас, балки очиқчасига қилавер­дилар. Лут (алайҳиссалом) уларга қарата:
– Эй қавмим, анави қизларим (яъни, шаҳримиздаги қиз­лар) сизлар учун покроқ-ку?! – деса ҳам улар қўрслик билан одобсизларча:
– Сен қизларингга муҳтож эмаслигимизни аниқ биласан. Шунингдек, биз нимани исташимизни ҳам жуда яхши биласан, – дедилар.
Бу гап қавмнинг ўтакетган нодон ва маънавий тубан бўлган­ликларидан дарак беради.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase