close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

ИБРОҲИМ (АЛАЙҲИССАЛОМ) ҚИССАСИ

Иброҳим (алайҳиссалом) тўғрисидаги қисса Қуръони каримнинг кўпгина сураларида, жумладан, Бақара, Оли Имрон, Анъом, Тавба, Ҳуд, Иброҳим, Ҳижр, Наҳл, Марям, Анбиё, Ҳаж, Шуаро, Анкабут, Соффот, Зухруф, Зориёт ва бошқа сураларда ҳикоя қилинади.
Иброҳим (алайҳиссалом)нинг исмлари Қуръони каримнинг етмишга яқин жойида зикр қилинади.
Иброҳим (алайҳиссалом)нинг насаблари Нуҳ (алайҳиссалом)га бориб тақалади. Ибн Касир «Ал-Бидоя ван-ниҳоя» номли китоб­ларининг биринчи жилди, 15-саҳифасида уни қуйидагича келтирадилар: Иброҳим ибн Тасаруҳ ибн Ноҳуд ибн Соруғ ибн Роъав ибн Фолиғ ибн Обир … ибн Сом ибн Нуҳ (алайҳиссалом).
Нуҳ (алайҳиссалом) билан Иброҳим (алайҳиссалом) ўртала­ри­даги муддат 3000 йилдан зиёдроқни ташкил этади.
Иброҳим (алайҳиссалом) Ироқнинг Бобил ерида дунёга келганлар. Ибн Касир айтадилар: Ибн Асокир Икримадан ривоят қи­ладилар: Иброҳим (алайҳиссалом)нинг кунялари «Абу Зойфан» («Меҳмонлар отаси») эди.
Айтишадики: оталари Тасоруҳнинг ёши эллик еттига кирганда Иброҳим, Ноҳур ва Ҳорон исмли ўғил кўради. Буларнинг орасида Иброҳим (алайҳиссалом) ўртанчаси эдилар. Тасоруҳнинг Ҳорон исмли ўғлидан Лут (алайҳиссалом) дунёга келдилар. Ҳорон отаси ҳаётлик чоғида Калдон ерида вафот этади. Бу сийрат аҳ­ли ва та­рихчилар наздида энг машҳур, саҳиҳ хабар ҳисобланади. Баъзи манбаларда Иброҳим (алайҳиссалом) Дамашқнинг Ғута водийсида туғилганликлари айтилган. Сўнгра Иброҳим ўз ота­лари билан Калдондан Канъон 1га ҳижрат қиладилар. Шундан кейин Ҳоронда қўним топадилар, у ерда Ҳорон подшоҳининг қизи Сорага уйла­надилар. Бу қавм юлдузларга сиғинар эди.
Иброҳим (алайҳиссалом) яна Бобил ерига бут-санамларга ибо­дат қилувчи қавмларини Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қи­лишга чақириш учун қайтиб келадилар. Бу ерда ўз қавмлари ва мағрур, ношукр подшоҳ билан баҳс-мунозаралар бўлиб ўтади.
Шундан сўнг укаларининг ўғли Лут (алайҳиссалом) билан Шом ўлкасига, у ерда қурғоқчилик ва қаҳатчилик бошлангач, Мисрга риҳлат қиладилар. Мисрда Иброҳим (алайҳиссалом) ўз аёллари билан Аллоҳ хоҳлаган муддатгача тургач, Фаластинга қайтиб кетадилар.
Ибн Касир айтадилар: «Сўнгра Иброҳим Халилуллоҳ (алайҳис­салом) Мисрдан Таймунга йўл оладилар. У ерда Иброҳим (алай­ҳиссалом)нинг чорва, қул-чўри ва кўпгина мол-давлати бор эди. Миср подшоҳи Сорага мисрлик қибтийя Ҳожарни ҳадя қилиб беради. Ҳожар уларга ҳамроҳ бўладилар. Иброҳим (алайҳиссалом) Ҳожарни ўз никоҳларига олиб, ундан Исмоил исмли ўғил фарзанд кўрадилар ва Иброҳим Ҳожар билан Маккаи мукаррамага ҳижрат қиладилар. Бир қанча вақт ўтгач, Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)га бир масжид қуришни амр этади. Бу ишда ўғил­лари Исмоил ҳам қатнашади, Иброҳим (алайҳиссалом) Фаластиннинг «Ҳибрун» деган жойида вафот этадилар. Иброҳим (алай­ҳис­салом) ўғиллари Исҳоқ (алайҳиссалом) ва набиралари Яқуб (алайҳиссаломлар)нинг қабри Ҳибрунда жойлашган бў­либ, ҳозирги кунда у «Ал-Халил» номи билан маълум. Бу ном умматдан-умматга, авлоддан-авлодга ўтиб, Бани Исроил замонидан бошлаб бизнинг давримизгача шундай аталиб келинади. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг қабрлари Ҳибрунда эканлиги рост, лекин аниқ қаерда эканлиги ҳақида ҳеч қандай саҳиҳ хабар мавжуд эмас…».  
Юқорида келтириб ўтилганлар Иброҳим (алайҳиссалом) ҳаёт­ларининг бир томони, холос, уни тарихчилар ўз китобларида зикр қилиб ўтганлар, аммо Қуръони каримда бу ҳақида ўта ҳикматли ва муфассал тарзда ҳикоя қилинади. Аллоҳ таолонинг изни билан уни тафсир қилишга ўтамиз. Аввало, Анъом сурасида келтирилганлардан бошлаймиз. Аллоҳ таоло айтади:
«Эсланг, Иброҳим отаси Озарга: «Сен бутларни худо қилиб оласанми? Мен сени ва қавмингни очиқ залолатда деб биламан», деган эди. Шундай қилиб Биз Иброҳимга аниқ ишонувчилардан бўлиб қолиши учун осмонлар ва ер мамлакат­ларини кўрсатурмиз. Бас, қачонки уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Парвардигорим», деди. У ботиб кетгач: «Ботиб кетгувчиларни суймайман», деди. Сўнг қачонки чиқаётган ойни кўргач: «Мана шу Парвардигорим», деди. У ҳам ботиб кетгач: «Қасамки, агар Парвардигоримнинг Ўзи мени ҳидоят қилмаса, йўлдан озган қавмдан бўлиб қолурман», деди. Сўнг қачонки чиқаётган қуёшни кўргач: «Мана шу Парвардигорим. Мана шу каттароқ-ку!», деди. У ҳам ботиб кетгач: «Эй қавмим, мен сизларнинг ширкингиздан покман. Мен Ҳақ йўлга мо­йил бўлган ҳолимда юзимни осмонлар ва ерни яратган Зотга қаратдим ва мен мушрик­лардан эмасман», деди. Қавми у билан тортишган эди: «Мен билан Аллоҳ хусусида тортишасизми?! Ахир Унинг Ўзи мени ҳидоят қилган-ку?! Мен сизлар Аллоҳга шерик қилган (бутларингиздан) қўрқмайман. Магар Парвардигорим хоҳлаган нарсагина (бўлур). Парвардигорим барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир. Эслатма-ибрат олмайсизларми?!», деди. «Сизларга бирон ҳужжат туширмаган ҳолда Аллоҳга шерик қилишдан қўрқмайсиз-у, мен сизлар Аллоҳга шерик қилиб олган бутларингиздан қандай қўрқай?! Агар билсаларингиз, қайси гуруҳ хотиржам бўлишга ҳақлироқ?». Имон келтирган ва ўз имонларини зулм билан аралаштирмаган зотлар – ана ўшалар учун хотиржамлик бордир ва ўшалар ҳидоят топ­гувчилардир» (Анъом, 74–82).
Маъноси: эй оқил, ўзингга ваъз-насиҳат олиш учун Иброҳим (алайҳиссалом) ўз отаси Озарни бут-санамларга ибодат қилишдан қайтариб: “Сени ва барча жонзотларни яратган Аллоҳни қўйиб шу бутларни ўзингга илоҳ қилиб, уларга сиғинасанми”, деганини эсла!
Мен сени ва сен каби бутларга ибодат қилаётган қавмингни очиқ залолатда ва тўғри йўлдан адашганларини кўрмоқдаман.
Алусий (раҳмутуллоҳи алайҳ) айтадилар: "Иброҳим (алай­ҳиссалом)нинг отаси Озар Куфа атрофидаги қишлоқларнинг бирида туғил­ган. «Озар» сўзи Иброҳим (алайҳиссалом) отаси­нинг лақаби бўлиб, ҳақиқий исми «Торуҳ»дир. Айтиладики, у бобосининг исми, яна бошқа манбаларда амакисининг исми эканлиги таъкидланган".
Аллоҳ (субҳонаҳу ва таоло) уларнинг залолатини очиқ, рав­шан, дея васф қилмоқда. Бундан мақсад – уларнинг ақлсизлиги жуда юқори даражада бўлганлигини ифодалаш эди. Улар сиғи­наётган бут-санамлар бекор-ботил нарса эканлиги тўғри­сида ўйлаб ҳам кўрмас эдилар, гарчи уларнинг ботил эканлигига ҳужжат-далиллар келтирилган бўлса ҳам.
Сўнгра Аллоҳ таоло ўз халили Иброҳим (алайҳиссалом)га баъзи бир зоҳирий неъматларни баён қилади:
«Шундай қилиб Биз Иброҳимга аниқ ишонувчилардан бўлиб қолиши учун осмонлар ва ер мамлакатларини кўрса­турмиз».
Яъни, биз отаси ва қавмини ботил эътиқодда эканлигини кўр­сатганимиз каби имони янада зиёда бўлишини, мукаммал олимлардан бўлишини, Ҳақ йўлда бирор шубҳага бормаслиги ва унинг хилофи ботил эканлигини билдириш учун Иброҳимга зоҳи­рий қудратимизни, осмонлар ва ерда аниқ кўзга ташланиб турган ҳа­қиқатларни кўрсатамиз.
Шундан сўнг бунинг натижаси баён қилинади: «Бас, қачонки уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Парвардигорим», деди. У ботиб кетгач: «Ботиб кетгувчиларни суй­майман», деди».
Яъни, Иброҳим тун ўз зулмати ила ўраб олганида уфқдан бир юлдузни кўриб, юлдуз ва бут-санамларга сиғинаётган мушрик­ларнинг даъвосини синдириш мақсадида: «Бу юлдуз менинг Раббимдир», деди. Ўша юлдуз кўздан ғойиб бўлиб, ботиб кетгач: “Бир жойдан бошқа жойга ва ҳолатга ўзгарувчи парвардигорларга ибодат қилишни хоҳламайман”, деди. Чунки ботиш – ғойиб бўлиш ва узоқлашиш эди, ҳақиқий илоҳ доим бандаларини кузатиб, уларнинг ишини тадбир қилиб туриши лозимдир. Сўнгра Иброҳим (алайҳиссалом)нинг Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига исбот сифа­тида келтирган иккинчи далиллари айтилади:
«Сўнг қачонки чиқаётган ойни кўргач: «Мана шу Парвар­дигорим», деди. У ҳам ботиб кетгач: «Қасамки, агар Парвар­дигоримнинг Ўзи мени ҳидоят қилмаса, йўлдан озган қавм­дан бўлиб қолурман», деди».
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) чиқиб келаётган ойни кўриб, унинг нурлари уфқ орқасида таралгач: «Бу менинг Раббимдир», де­ди, қачонки ой худди юлдуз каби кўздан ғойиб бўлган­да, атрофи­даги одамлар ва қавмига эшиттириб шундай деди: “Агар Пар­вар­дигорим мени Ўзи рози бўладиган Ҳақиқат томон ҳидоят қил­маса, у ҳолда тўғри йўлдан адашгувчи қавмдан бўлиб қолишим аниқ­дир, чунки бу кўздан йўқолган ой ҳам илоҳ бўлишга ярамайди”.
Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ўз қавмларига қилган бу хитоби, ҳақиқий илоҳ Аллоҳ эканлигини билдириш ва ёлғиз, шериксиз эканлигини ҳамда юлдуз, ой илоҳ қилиб олишга муносиб эмаслигини таъкидлаш эди. Шу ҳолатда Иброҳим (алайҳиссалом) юлдуз ва ойдан бошқа ўзларининг ягона Парвардигорлари бор­лигини қаттиқ туриб уқтирдилар.
«Йўлдан озган қавмдан бўлиб қолурман», деб айтишлари қавмнинг залолатда эканлигига далолат қилади. Сўнгра учинчи ва охирги ҳолат баён қилинади, унда Иброҳим (алайҳиссалом) ширкнинг ботил эътиқод эканлигига далил келтириб ўтадилар:
«Сўнг қачонки чиқаётган қуёшни кўргач: «Мана шу Парвардигорим. Мана шу каттароқ-ку!», деди. У ҳам ботиб кетгач: «Эй қавмим, мен сизларнинг ширкингиздан покман», деди».
Яъни, Иброҳим қуёш чиқиб, унинг зиёси уфқ узра ёйилгач, унга ишора қилиб, «Мана шу Парвардигорим», деди, бу юлдузларнинг энг каттаси, зиёси ҳам кўп экан! У ҳам уфқ ортига чекингач, Иброҳим қавмига ўзи эришишни хоҳлаётган бир ҳолатни баён қилди, у ҳам бўлса Аллоҳ (азза ва жалла)дан бошқа барча ширк қилинаётган маъбудлардан пок эканлигини билдириш эди.
«Мен Ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмон­лар ва ерни яратган Зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман».
Яъни, мен юзимни ва қалбимни Аллоҳ таолонинг ибодати ва муҳаббатига қаратдим. У Зот бутун осмонлар ва ерни халқ қил­ди. У улуғликда ва буюкликда тенгсиздир. Шу сабаб мен ботил эътиқодлардан юз ўгириб, Ҳақ динга мойил бўлдим ҳамда мен Аллоҳ таолога бошқа илоҳларни шерик қиладиганлардан эмасман!
Шундай қилиб, Иброҳим (алайҳиссалом) ёлғиз Аллоҳ таоло­нинг Ўзи ибодат қилишга мустаҳиқ эканлигига кучли ва рад қи­либ бўлмас бир далил келтирдилар.
Энди Иброҳим (алайҳиссалом) ва қавмлари ўртасида кечган баҳс-мунозара ҳақида баён қилинади:
«Қавм у билан тортишган эди: «Мен билан Аллоҳ хусусида тортишасизми?! Ахир Унинг Ўзи мени ҳидоят қилган-ку?! Мен сизлар Аллоҳга шерик қилган (бутларингиздан) қўрқмайман. Магар Парвардигорим хоҳлаган нарсагина (бўлур). Парвардигорим барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир. Эслатма-ибрат олмайсизларми?!», деди».
Маъноси: қавм Иброҳим (алайҳиссалом) билан баҳслашди, тортишди, баъзида фосид далиллар келтириш билан, баъзида эса қўрқитиш-таҳдид билан мунозара қилди. Иброҳим (алайҳис­салом) эса, уларга бир савол билан жавоб қайтариб қўя қолдилар: «Мен билан Аллоҳ хусусида тортишасизми?! Ахир Унинг Ўзи мени ҳидоят қилган-ку?!»
Яъни, мен билан Аллоҳ таолонинг шаъни ҳақида мужодала қиласизми, ваҳоланки У мени Ҳақ динга ва Унинг Ўзи ибодатга мус­таҳиқ эканлигига далил келтиришим учун ҳидоят қилди-ку?
Бу савол қавмнинг ботил эътиқодини инкор қилиш ва маломат маъносида эди.
«Мен сизлар Аллоҳга шерик қилган (бутларингиздан) қўрқ­майман. Магар Парвардигорим хоҳлаган нарсагина (бўлур). Парвардигорим барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир. Эслатма-ибрат олмайсизларми?!»
Яъни, мен сизлар сиғинаётган маъбудларингиздан сира қўрқ­майман, чунки улар оддий жонсиз нарсалар бўлиб, бирон зарар ёки манфаат етказа олмайдилар ҳамда ҳеч нарсани кўрмайди ва эшитмайди ҳам. Улар сизларга яқин ҳам бўлмайди ва ўз шафоатига ололмайди. Қавм Иброҳим (алайҳиссалом)га бут-санамларга тегишдан қўрқитиб, худди Од қабиласи Ҳуд (алайҳиссалом)га айтган қуйидаги сўзларни унга ҳам айтган бўлиши эҳтимолдан холи эмас:
«Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири, бир бало қи­либ қўйган», деймиз, холос» (Ҳуд, 54).
Шундай қилиб, Иброҳим (алайҳиссалом) уларнинг «илоҳ»лари ботил эканлиги таъкидловчи кучли ҳужжатларни келтирдилар. Лекин «Парвардигорим хоҳлаган нарсагина (бўлур)», дедилар. Бу аввалги гапга истисно сифатида келмоқда.
Яъни, мен сизларнинг маъбудларингиздан ҳар вақт чўчимай­ман, илло Парвардигорим улар томонидан бирон мусибат етишини хоҳласа, унда менга шикаст етар. Бу Раббимнинг қудрати ва иродасидир, сизларнинг бут-санамларингизнинг эмас.
Ушбу жумлалар Иброҳим (алайҳиссалом)нинг Ўз Раббиси билан ўта юқори одоб билан муомала қилишлари, Унинг иродаси олдида чиройли таслим бўлишларига далолат қилади. Ваҳолан­ки, у киши ўз Холиқларига ҳақиқий имон келтирувчи ва қавм «илоҳ» деб даъво қилаётган нарсаларга тўла куфр келтирувчи эдилар. Фақатгина Иброҳим (алайҳиссалом) ўзларининг барча ишларини Аллоҳ таолонинг иродасига ва Унинг келажакда нимани хоҳлашига ҳавола қилдилар, холос.
«Парвардигорим барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир».
Яъни, мен Унинг бандасиман ва У хоҳлаган бандасига зарар ёки фойда етишини яхши билгувчидир. Бас, шундай экан, «Эслатма – ибрат олмайсизларми?!» Бу уларни фикр қилишга ундаш ва ғафлат ҳамда жаҳолатда эканликлари сабабли уларни маломат қилишдир.
Яъни, эй ғофиллар, сизларга Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи ибодатга мустаҳиқ Зот эканлигига далил келгач ва сизлар ибодат қи­лаётган илоҳлар, ҳаттоки ўзларига ҳам зарар ва манфаат етказа олмаслиги равшан бўлгач ҳам зикр-эслатма олиб, булар ҳақида ўй­лаб кўришдан юз ўгирасизми?! Сўнгра Иброҳим (алайҳиссалом) қавмнинг устидан истеҳзо қилиб, улардан ажаб­ланадилар, чунки улар Иброҳим (алайҳиссалом) ҳеч чўчимай­диган нарсалар билан у кишини қўрқитмоқчи эдилар: «Сизларга бирон ҳужжат туширмаган ҳолда Аллоҳга шерик қилишдан қўрқмайсиз-у, мен сизлар Аллоҳга шерик қилиб олган бутларингиздан қандай қўрқай?!»
Яъни, сизлар мени ботил маъбудларингиздан қўрқаяпти, деб ўйламанглар. Улар қўрқишга арзимайди. Ўз навбатида сизлар Холиқингиз Аллоҳга ширк келтиришдан қўрқмайсизлар, сизларда бунинг учун ақл ҳам тасдиқлайдиган ҳужжат-далил ҳам йўқ!
Иброҳим (алайҳиссалом) бу билан ўзларини тинч-хотиржам эканликлари ва қавмлари агар Аллоҳга куфр, ширк келтиришда давом этсалар муҳаққақ ҳалокатга дучор бўлишларини айтиб ўт­моқдалар. Сўнгра ушбу инкор маъносидаги гапнинг натижаси тилга олинади: «Агар билсаларингиз, қайси гуруҳ хотиржам бўлишга ҳақлироқ?»
Яъни, қайси гуруҳ хотиржамлик ва тинч-омонликка муно­сиброқ? Аллоҳ таолони ёлғиз, деб эътиқод қилув­чилар гуруҳи­ми ёки мушриклар гуруҳими? Агар билсаларингиз ва ақли салим ҳамда тўғри илмга эга бўлсаларингиз, менга шу ҳақида хабар беринг, сўнг уни далил ва ҳужжат билан исботланглар! Агар уларда ақл бўлганида ёки эшитиб фикр қилганларида ҳақиқатни тан олган ва бунга ижобат қилган бўлардилар.
Сўнгра Аллоҳ таолонинг Ўзи хотиржамликка қайси гуруҳ ҳақ­лироқ эканини баён қилади: «Имон келтирган ва ўз имонларини зулм билан аралаштирмаган зотлар – ана ўшалар учун хотиржамлик бордир ва ўшалар ҳидоят топгувчилардир».
Яъни, имон келтириб, сўнг мушриклар  каби имонларига биронта ҳам ширкни аралаштирмаган зотлар ҳақиқий, содиқ мў­минлардир. Улар Холиқлари тарафидан бўладиган хотиржам­ликка лойиқдирлар ва Ҳақиқат йўлини топгувчилардир.
Ушбу оятда келган «зулм»дан мурод «ширк»дир. Бунга кўп­гина саҳиҳ ҳадисларда далиллар мавжуд. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Ушбу оят нозил бўлганда саҳоба­лар: «Қайси биримиз ўз нафсига зулм қилмаганмиз?» дейишди. Шунда қуйидаги оят нозил бўлди:
«Ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон, 13) (Бухорий ва Муслим ривояти).
Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: қачонки, «Имон келтирган ва ўз имонларини зулм билан аралаштирмаган зотлар…» ояти нозил бўлганда, бу одам­ларга оғирлик қилди ва: "Эй Расулуллоҳ, қайси биримиз ўз нафсимизга зулм қилмаганмиз?", дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Бу ердаги (зулм) сизлар тушунаётган маънода эмас, солиҳ банда нима деганини эшитмаганмисизлар? «Ширк келтириш катта зулмдир». У ширкдир» (Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ояти карималарни тадаббур қилган одам Иброҳим (алайҳиссалом)нинг кучли имон соҳиби эканликларини, салим ақл эгаси бўлганликларини ва Аллоҳ таолонинг Ўзи ибодат қи­лишга лойиқ Зот эканлигига ҳужжат-далил келтиришдаги ма­ҳоратларини гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Энди Марям сурасида келтирилган қиссани кўриб чиқамиз. Унда Иброҳим (алайҳиссалом) ўз оталарига даъват қилиб ўтади­лар. Қисса Аллоҳ таолонинг қуйидаги каломи билан бошланади:
«Ушбу китобда Иброҳимни зикр қилинг. Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди. Эсланг, у отасига: «Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон нарсада ас­қотмайдиган бутга ибодат қилурсан? Эй ота, дарҳақиқат, менга сенга келмаган илм-маърифат келди. Бас, сен менга эргашгин, сени Ҳақ йўлга ҳидоят қилурман. Эй ота, сен шайтонга ибодат қилмагин! Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлгандир. Эй ота, ҳақиқатан мен Раҳмон томонидан азоб етиб, шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан қўрқурман», деганида, (ота­си) айтди: «Сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан, эй Иброҳим?! Қасамки, агар сен тўхтамасанг, албатта, сени тошбўрон қилурман ва мени узоқ вақтга тарк эт!» (Иброҳим) деди: «Сенга омонлик бўлсин. Энди мен Парвардигоримдан сени мағфират қилишини сўрарман. Шак-шубҳасиз, У менга меҳрибон бўлган Зотдир. Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётганингиздан ҳам четланурман ва Парвардигоримга илтижо қилурман. Шояд Парвардигоримга ил­тижо қилганим шарофатидан бадбахт бўлиб қолмасман, деб умид қилурман». Бас, қачонки (Иброҳим) улардан ва улар Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларидан четлашгач, Биз унга Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини пайғамбар қилдик. Шунингдек, уларга ўз фазлу марҳаматимиздан инъом этдик ва улар учун рост, юксак мақтовларни қилдик» (Мар­ям, 41–50).
Яъни, эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Иброҳим (алайҳиссалом) қиссасини унинг гўзал ахлоқи, кучли имони ва Аллоҳга аниқ ишониш каби фазилатларидан ўрнак олишлари учун одамларга эслатинг.
«Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди».
Бу Иброҳим (алайҳиссалом)нинг шаънларига айтилган сўз­дир. «Сиддиқ» лафзи «сидқ»нинг кучайтирув ва муболаға шакли ҳисобланади.
Яъни, у ҳар бир гапи ва амалида ростгўйлик билан иш ту­тувчи эди, шунингдек, у қатъиятли пайғамбарлардан ҳам эди. Уш­бу фазилат билан Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)ни бошқа пай­ғамбарлардан афзал қилиб қўйди.
Сўнгра Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)нинг Ҳақ йўлга даъват қилишдаги сидқ ва ихлосларини баён қилиб ўтади: «Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон нарсада асқотмайдиган бутга ибодат қилурсан?».
Бу ерда Иброҳим (алайҳиссалом) ўз оталарига ҳурмат маъно­сида ва унинг қалбини Ҳаққа бир оз бўлса ҳам мойил қилиш мақ­садида унинг исмини зикр қилмай мурожаат қилмоқдалар.
Яъни, Иброҳим мулойимлик билан ўз оталарига шундай дедилар: “Эй ота, нега сен, агар чақирсанг эшитмайдиган, унинг ол­дида турсанг сени кўрмайдиган нарсага ибодат қиласан?”
«Эй ота, дарҳақикат, менга сенга келмаган илм-маърифат келди. Бас, сен менга эргашгин, сени Ҳақ йўлга ҳидоят қи­лурман».
Яъни, эй ота, менга Аллоҳ таоло тарафидан сенга келмаган манфаатли илм келди. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни хоҳлаган бандасига беради. Бас, сени даъват қилаётган нарсаларга эргашгин, шунда тўғри йўлда қоим бўласан.
Сўнгра уни шайтонга қуллик қилишдан қайтарадилар. Чунки бу жоҳиллик белгисидир.
«Эй ота, сен шайтонга ибодат қилмагин».
Яъни, бу бут-санамларга ибодат қилишинг шайтонга тоат ва ибодат қилишинг, унга бўйин эгишингдир, ваҳоланки шайтон инсонга очиқ душмандир.
Шунингдек, «шайтон Раҳмонга осий бўлгандир».
Яъни, сени бу бутларга ибодат қилишга ундаш сабабли шайтон Аллоҳ таолога кўпгина исён қилди, шайтон ҳеч қачон инсонлар­ни яхшиликка чақирмаган, аксинча ёмонликка ундаб келгандир.
Ушбу мурожаат Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ўз оталарига меҳр-шафқатлари кучли эканлигини англатувчи сўзлар билан якунланади.
«Эй ота, ҳақиқатан, мен сенга Раҳмон томонидан азоб етиб, шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан қўрқурман».
Яъни, эй ота, Аллоҳ таолодан бошқага ибодат қилишни қаттиқ ушлаганинг сабабли Раҳмон томонидан азоб тушишидан ва жа­ҳаннамда шайтонга яқин дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман. Лекин бу ҳикматли насиҳатларни отаси ижобий қабул қилмади, балки инкор ва таҳдид билан жавоб қайтарди. Кофир ота мўмин ўғлига деди: «Сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан, эй Иброҳим?!»
Яъни, эй Иброҳим, сен менинг илоҳларимни тарк қиласанми, уларни ёмон кўрасанми ёки одамларни уларга ибодат қилишдан қайтарасанми?
Агар сен бу йўлингдан «Тўхтамасанг, албатта, сени тошбў­рон қилурман ва мени узоқ вақтга тарк эт!»
Яъни, менинг кўзимга узоқ вақт кўринма, чунки мен сени кў­ришни хоҳламайман.
Шундай қилиб, кофир ота ўз ўғлига қўполлик ва таҳдид ҳамда жаҳолат билан муносабатда бўлди, чунки куфр иллати унинг қал­бини эгаллаб олиб, фасод қилган эди.
Лекин бунга жавобан Иброҳим (алайҳиссалом) қўрқитиш ёки ғазаб билан эмас, балки кенг қалб билан чиройли тарзда жавоб бердилар:
«Сенга омонлик бўлсин, энди мен Парвардигоримдан се­ни мағфират қилишини сўрайман. Шак-шубҳасиз, У менга меҳрибон бўлган Зотдир».
Яъни, эй ота, мендан сенга омонлик бўлсин, мен сенга ҳеч қан­дай шикаст етказмайман, жанжаллашиб ҳам ўтирмайман, сен менга ёмонлик қилсанг ҳам кечириб юбораман ва Раббимдан сенинг ҳақингга истиғфор сўрайман. Зеро, У менга меҳрибон Зотдир.
Иброҳим (алайҳиссалом) ушбу ваъдаларининг устидан чиқиб, ўз оталарининг ҳақига истиғфор сўрашда давом этдилар, қачонки оталари Озар Аллоҳ таолонинг душмани эканлиги ойдинлашгач, бу ишдан тўхтадилар. Бунга қуйидаги оят ҳам далолат қилади:
 «Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Энди қачонки унга (отаси) Аллоҳнинг душмани эканлиги аниқ-маълум бўлгач, ундан бутунлай тонди. Албатта, Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир» (Тавба, 114).
Шундан кейин Иброҳим (алайҳиссалом) оталари ва қавми­нинг куфр ҳамда залолатда давом этишларини кўргач, улардан узоқ­лашишга қарор қилдилар.
«Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қила­ётганингиздан ҳам четланурман ва Парвардигоримга илтижо қилурман. Шояд Парвардигорим илтижо қилганим шарофатидан бадбахт бўлиб қолмасман, деб умид қилурман».
Яъни, мен сени, қавмингни ва сизлар Аллоҳдан бошқага сиғи­наётган санамларингизни ҳам тарк этиб, Аллоҳнинг кенг ерига риҳлат қиламан. Ва ўз Холиқимга ибодат, тоат ва дуода бардавом бўламан. Шояд У менинг дуо-тазарруларимни зое кетказмаса (қабул қилса).
Шундан сўнг ширк аҳлидан узоқлашишнинг натижаси айтилиб, унинг яхшилик ва баракага сабаб бўлгани баён қилинади. «Бас, қачонки (Иброҳим) улардан ва улар Аллоҳни қўйиб сиғи­наётган бутларидан четлангач, Биз унга Исҳоқ ва Яъқубни хадя этдик ва барчаларини пайғамбар қилдик. Шунингдек, уларга ўз фазлу марҳаматимиздан инъом этдик ва улар учун рост, юксак мақтовларни қилдик».
Ушбу оятда кўришимиз мумкинки, мушрикларнинг ширки ва фосиқларнинг фисқу фужуридан узоқ бўлиш дунёю Охиратда бахт-саодат келтирар экан, чунки буни Аллоҳ (субҳонаҳу ва таоло)­нинг ҳикмати тақозо этади. У зот яхши амал қилгувчиларнинг ажрини зое қилмайди.
Ушбу маънони янада таъкидлаб, изоҳлаб келадиган ояти ка­рималарни Анбиё сурасида кўришимиз мумкин. Аллоҳ таоло ай­тади:
«Дарҳақиқат, Биз илгари Иброҳимга Ҳақ йўлини ато этдик. Биз уни билган эдик. Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қав­мига: ­«Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар нимадир?», деганида, Улар айтдилар: «Бизлар ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда топганмиз». У деди: «Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ залолатда экансизлар». Улар айтдилар: «Келтирганинг ростми ёки сен ҳазил қилувчиларданмисан?» У деди: «Йўқ, сизларнинг Парвар­дигори­нгиз осмонлар ва ернинг Парвардигорики, У зот уларни Ўзи яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бергувчиларданман. Аллоҳ номига қасамки, сизлар кетганларингиздан кейин бутларингизни бир бало қилурман». Бас, у (бутларни) парча-парча қилди. Фақат, «Шояд каттасига қайтсалар» (деб), ўшанигина (қолдирди). Улар: «Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди? Шубҳасиз, у золим кимсалардандир», дедилар. Улар айтишди: «(Худоларимизни) айблаб юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик». «Уни одамлар қошига келтирингиз! Улар гувоҳ бўлсинлар», дейишди. (Уни келтиришгач,): “Худоларимизни сен шу (ҳолга) солдингми, эй Иброҳим?”, дейишди. (Иброҳим) айтди: «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси – мана бу қилди. Бас, сўранглар, агар гапира оладиган бўлсалар. Бас, (мушриклар) ўзларига келиб, (бир-бир­ларига): «Сизлар ўзингиз золимларсиз», дедилар. Сўнгра эса яна бошлари айланиб: «Сен уларнинг гапирмаслик­ларини яхши билардинг-ку?!», дейишди. (Иброҳим) айтди: «Ахир Аллоҳни қўйиб, сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга сиғинасизларми?! Сизларга ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам суф! Ахир ақл юргизмайсизларми?!» (Шунда мушриклар) дедилар: «Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар ўз худоларингизга ёрдам қилинглар». Биз айтдик: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!» Улар макр қилмоқчи бўлдилар. Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўргувчи қилиб қўйдик. Ва Биз унга ҳамда Лутга нажот бериб, (уларни) Ўзимиз барча оламлар учун муборак қилган заминга (юбордик). Биз Ис­ҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам зиёда қилдик ҳамда (уларнинг) барчаларини солиҳ кишилар қилдик. Яна уларни Бизнинг амримиз билан ҳидоят этадиган пешволар қилдик ва уларга ях­ши амаллар қилишни, намозни тўкис адо этишни ва закотни адо этишни ваҳий қилдик. Улар ёлғиз Бизгагина ибодат қилгувчи бўлдилар» (Анбиё, 51–73).
Яъни, Биз Иброҳимни Ҳақиқат йўли ва Аллоҳ қайтарган гу­ноҳларни содир этишдан узоқлашишга ҳидоят қилдик. Бу ердаги «Илгари»дан мурод, у пайғамбар бўлмасидан олдин ёки Мусо ва Ҳорун (алайҳиссалом)дан олдин, деган маънони билдиришдир. Мусо ва Ҳорун (алайҳиссалом) тўғрисида ушбу сурада Иброҳим (алайҳиссалом) қиссаларидан олдин зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат, Биз Мусо ва Ҳорунга тақводор кишилар учун (Ҳақ билан ботилни) ажратгувчи ва эслатма бўлган (Тавротни) ато этдик. У (тақводор)лар Парвардигорларидан кўрмай туриб, қўрқурлар. Улар (Қиёмат қоим бўладиган) соатдан хавфда тургувчилардир. Бу (Қуръон) ҳам Биз нозил қилган бир муборак эслатмадир. Ҳали сизлар уни инкор қилгувчимисизлар?!» (Анбиё, 48–50).
Аллоҳ таолонинг «Биз уни билган эдик», деб таъкидлаши у зотнинг илми чексизлиги ва У барча нарсани дақиқ жойларигача билишига далолат қилади.
Яъни, Биз Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ҳолати ва аҳволидан хабардор эдик. Зеро, Биздан бирон иш ёки нарса махфий қолмас.
Шундан сўнг, Иброҳим (алайҳиссалом) ва қавмлари ўртасида бўлиб ўтган тортишув ва мужодала ҳақида баён қилинади:
«Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қавмига: «Сизлар доимо чў­қинадиган бу ҳайкаллар нимадир?» деди.
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) инкор маъносида уларга шундай дедилар: “Сизлар юзланаётган ва тўхтовсиз равишда сиғи­наётган ушбу ботил ҳайкаллар нима ўзи?”
 Иброҳим (алайҳиссалом)нинг бу саволлари қавми ва улар­нинг бутларини енгил санаш, уларнинг ботил эканлигини яна бир бор таъкидлаш маъносида эди, чунки Иброҳим (алайҳис­са­лом) бутларнинг ёғоч ёки шунга ўхшаш нарсалардан ясалганини жуда яхши билар эдилар. Бу уларнинг қилаётган иши, яъни ўзлари ясаб олган нарсаларга ибодат қилишлари фасод бир иш эканлигини эслатиб, танбеҳ беришдир.
Энди, Иброҳим (алайҳиссалом)га қавмлари қандай жавоб қил­гани келтириб ўтилади:
«Бизлар ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда топганмиз».
 Бу уларнинг ўз ақлларини ишлатмасликлари, қалб кўзлари­ни жаҳолат пардаси тўсиб қўйгани ва ота-боболарининг қилган ишига ҳеч фикр юритмай, ўйлаб ўтирмай, кўр-кўрона тақлид қил­ганликларини кўрсатади.
Яъни, улар ўз пайғамбарларига жавоб бера туриб, шундай дедилар: “Биз ота-боболаримизни ушбу ҳайкалларга сиғинаётган ҳолларида топганмиз, шу сабабли биз энди фақат уларнинг йў­лини тутмоқчимиз!”
Сўнгра Иброҳим (алайҳиссалом) шундай жавоб қилдилар: «Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ залолатда экансизлар».
Яъни, сизлар ва уларни ушбу бутларга ибодат қилган ҳоллари­да топган ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин адашишликда экансизлар, бунинг бир фасод амал эканлиги ҳар бир ақлли кишига маълумдир, чунки ақлли одам бу санамлар ибодатга ва унга чўқинишга лойиқ эмаслигини яхши билади. Ботил амал гарчи уни аввалги ота-боболарингиз қилиб ўтган бўлса ҳам, ҳақиқат бўлиб қолмайди! Қачонки, Иброҳим (алайҳиссалом) уларга бу қатъий ҳукмни келтирганларида улар шундай дейишди: «Келтирганинг ростми ёки сен ҳазил қилувчиларданмисан?»
Яъни, улар ажабланиб сўрадилар: “Эй Иброҳим, сен олиб кел­ган ва биз эргашишимиз лозим, деяётган нарсанг ҳақми ёки ҳа­зил-мазах маъносида бу гапларингни айтяпсанми?”
Уларнинг бу саволи ўзларининг эътиқодидан иккиланиб, қила­ётган ботил ишларидан шубҳаланганларини кўрсата­ди. Шунда Иб­роҳим (алайҳиссалом) айтдилар: «Йўқ, сизларнинг Пар­вардиго­рингиз осмонлар ва ернинг Парвардигорики, У зот улар­ни Ўзи яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бергувчилар­дан­дирман».
Яъни, Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни жуда гўзал ва такрорланмас қилиб яратган Зотдир. Ва мен Парвардигорингиз сизлар ва барча нарсаларнинг яратувчиси эканлигига шоҳидлик бераман.
«Аллоҳга қасамки, сизлар кетганларингиздан кейин бутларингизни бир бало қилурман».
Яъни, Аллоҳ номи билан таъкидлаб қасам ичаманки, сизлар улардан узоқлашиб, ортларингизга қараб кетганларингиздан сўнг бутларингизни синдириб-парчалашга жидду жаҳд қиламан. Иб­роҳим (алайҳиссалом) ўз ваъдалари ва ичган қасамларига содиқ қолиб, ўша ишни қилдилар. Келаси оятда шу ҳақида айтилади:
«Бас, у (бутларни) парча-парча қилди. Фақат, «Шояд каттасига қайтсалар» (деб), ўшанигина (қолдирди)».
Яъни, қавм ўз бутларини ёлғиз қолдирганларидан сўнг Иб­роҳим (алайҳиссалом) улар томон йўналдилар ва болталари билан у бутларни бўлакларга бўлиб ташладилар, илло бир катта бутга тегма­дилар, шояд қавм келиб ўша бутдан бу воқеа қандай содир бўлганини сўрасалар (агар гапирса!)
Иброҳим (алайҳиссалом) бу ишни бутлар ҳатто ўзларини ҳам ҳимоя қилишга қодир эмасликларини кўрсатиш учун қилган эдилар, шундай экан, энди улар қандай қилиб ибодат қилинишга муносиб бўлсинлар?!
Шу йўл билан Иброҳим (алайҳиссалом) уларни оламлар Раббиси бўлган Аллоҳ таолога ибодат қилиш ҳақида фикр юритиб кўришга ундамоқчи бўлган эдилар.
Қавм ўз маъбудларини ер билан битта бўлиб, синиб, чилпарчин ҳолида кўришгач, шундай дедилар:
«Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди? Шубҳасиз, у золим кимсалардандир».
Яъни, қавм ўз байрамларидан қайтиб келиб, дарғазаб бў­либ дедилар: “Биз улуғлайдиган илоҳларимизни ким бу аҳволга солди, ким бу қабиҳ ишни амалга оширди? У бутларимизга кўп зулм қилгувчи бўлибди, шунингдек, у бизнинг жазоимизга дучор бўлиб, ўз нафсига зулм қилгувчилардандир”.
Сўнгра улар айтишди: «(Худоларимизни) айблаб юрадиган Иброҳим деган йигитни эшитгандик».
Яъни, улар бир-бирларига шундай дедилар: “Бир йигит илоҳ­ларимизни нуқсон, камчиликларини топиб, уларга зарар етказишни айтиб юрар эди, унинг исми Иброҳим. Балки бу ишни ўша йигит қилгандир”.
Шунда уларнинг катталари: «Уни одамлар қошига келтирингиз! Улар гувоҳ бўлсинлар», дейишди».
Яъни, улар бир қарорга келишгач, шундай дедилар: “Уни одамлар ҳузурига олиб келинглар, улар ҳукм қандай бўлишига гувоҳ бўлиб турсинлар…”
Ибн Касир айтадилар: «Бу Иброҳим (алайҳиссалом)нинг энг кат­та режалаштираётган ишларидан эди. У зот ўша мажлисга бориб, уларнинг жаҳолатига муккасидан кетганлари, ўзига фойда ёки за­рар етказолмайдиган бу санамларга ибодат қилиш очиқ ғофил­ликдан ўзга нарса эмаслигини уларга исботлаб бермоқчи эдилар».
Иброҳим (алайҳиссалом)ни олиб келишди ва унга таҳдид билан, «Худоларимизни сен шу (ҳолга) солдингми, эй Ибро­ҳим?», дейишди.
Яъни, биз ибодат қилаётган илоҳларимизни синдириб, пар­чалаган сенмисан, эй Иброҳим?
Шу ерда Иброҳим (алайҳиссалом) очиқ истеҳзо маъносида жавоб бердилар:
«Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси – мана бу қилди. Бас, сўранглар, агар гапира оладиган бўлсалар». Яъни, сизларнинг бутларингизни синдирган мана бу – уларнинг каттасидир, агар сўзларимга ишонмасанглар, унда бу ишни ким қилганлигини улардан сўранглар, агар бутларингиз «фалончи» қилди, деб айтиб бера олсалар.
Иброҳим (алайҳиссалом) «бутларни каттаси қилди», дейиш билан уларга ўша ишни ким қилганлигини хабар беришни назарда тутмадилар, балки бу қавмнинг устидан ва уларнинг бо­тил фикр­ларидан истеҳзо қилиш мақсадида айтилган эди.
Гўё Иброҳим (алайҳиссалом) шундай деяётгандек: “Сизлар Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бу ҳайкалларни синдирган менми ёки мана бу уларнинг каттасими, билмайди. Маълумки, мен сизларга «Аллоҳга қасамки, сизлар кетганларингиздан кейин бутларингизни бир бало қилурман», деган эдим. Шундай экан, ақл юритиб кўринглар, бу ишни ким қилган бўлиши мумкин? Иброҳим (алайҳиссалом) уларга ўз ҳужжатларини келтирганларидан сўнг, улар қандай жавоб қилганлари келтирилади:
Бас, (мушриклар) ўзларига келиб: «Сизлар ўзингиз зо­лимдирсизлар», дедилар. Сўнгра эса яна бошлари айланиб: «Сен уларнинг гапирмасликларини яхши билардинг-ку?!», де­йишди».
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) уларни ғофиллик ва ақлсиз­лик­да айблаганларидан сўнг, улар фикр юритиб бир-бирларига дедилар: “Балки, эй қавм, сизлар ўзларингиз золимдирсиз, чунки ўзини ҳимоя қила олмайдиган нарсаларга ибодат қилиб, вақти келганда уларни қаровсиз қолдириб кетдинглар. Лекин уларнинг бу фикрлари узоққа чўзилмади, ношукрлик ва куфр иллати уларни яна жаҳолат сари торта бошлади ва таҳдид билан Иброҳим (алайҳиссалом)га шундай дедилар: Сен бу санамларни гапирмас­ликларини билар эдинг, нега энди, яна улардан сўрашимизни таъкидлаяпсан? Бу гапинг бизларнинг устимиздан кулаётганингга далилдир, биз буни қабул қила олмаймиз, энди сени муносиб бир жазо билан «сийлаймиз». Қуръони каримда уларнинг яна ботил эътиқодларига қайтишлари «нукисуу» сўзи билан ифодаланган. Бу сўзнинг таржимаси «боши оғиш", "ортга чекиниш", "касалнинг қайталаниши» маъноларини англатади. Яъни, уларнинг хаёлига яхши бир фикр келган эди, лекин куфр ва залолат бўрони уни ювиб кетди. Шу тарзда уларнинг эски касали – ширк-куфр яна қай­таланди. Шунингдек, «нукисуу» сўзи «кетаётган одамнинг ўз йўлидан адашиб қолиши» маъносини ҳам ифодалайди. Унга ҳи­доят нури аниқ бўлгач яна жаҳолат зулматига қайтган кишини бундан ҳам моҳирона тасвирлаш мумкинми? (Бу ҳам Қуръон Аллоҳ таолонинг даргоҳидан нозил қилинганига яққол далиллардан биридир. – Таржимон.) Иброҳим (алайҳссалом) улар яна ўз куфрларига қайтгач, насиҳат қилиш билан кифояландилар. Улар бунга таҳдид, ваъид билан жавоб қилдилар. Лекин Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)ни уларнинг макрларидан омонда сақлади. Келаси оятларда шу ҳақида ҳикоя қилинади:
«Ахир Аллоҳни қўйиб, сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга сиғинасизларми?! Сизларга ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам суф! Ахир ақл юргизмайсизларми?!» (Мушриклар) дедилар: «Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар ўз худоларингизга ёрдам қилинглар». Биз айтдик: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!» Улар макр қилмоқчи бўлдилар. Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўргувчи қилиб қўйдик».
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) улар ҳужжат топишдан ожиз қолишгач, шундай дедилар: “Сизларни яратган Аллоҳга ибодат қилишни тарк этиб, бирон манфаат етказмайдиган мана шу бутларга сиғинасизларми? Сизларга вайл бўлсин. Сизлар буларни жаҳолат, ақлсизлик ва туғён қаърига ботиб кетганингиз сабабли қилмоқдасизлар!”
Бу инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат асосига қурилган гап­лар уларнинг иззат-нафсига тегиб кетди ва: “Уни оловда ёқинг­лар, агар илоҳларингизга ёрдам бермоқчи бўлсангизлар, шу иш­ни қи­линглар, дейишди".
Қавм жуда кўп ўтин олиб келиб, катта гулхан ҳозирладилар ва Иброҳим (алайҳиссалом)ни унга ташладилар. Бас, улар буни қи­лишгач, Биз оловга: “Эй олов, сен Иброҳимга Бизнинг амри­миз ва қудратимиз билан салқин ва саломатлик ҳамда омонлик жойи бўлгин!", дедик.
Аллоҳ таолонинг амри бажарилди. Ўзининг тафти билан барча нарсани кул қилиб юборгувчи олов Иброҳим (алайҳиссалом) учун салқин ва хотиржам бир маконга айланди. Кофирлар унга макр қилмоқчи эдилар. Лекин биз уларни ўзларини кўпроқ зарар кўргувчилардан қилиб қўйдик, яъни улар ўз мақсадларига эриша олмай, Аллоҳ уларнинг макрини ўз бўйниларига қайтарди.
Ушбу ояти кариманинг тафсирида муфассир олимлар бир қанча қавлларни айтиб ўтадилар. Улардан бирини келтирамиз. Фаришталар: "Эй Раббимиз, ер юзида Иброҳимдан бошқа ҳеч ким сенга ибодат қилмайди. Ҳозир у оловга ташланмоқда, изн бер, биз унга ёрдам берайлик!”, дейишди.
Шунда Аллоҳ таоло айтди: “Агар у сизларнинг биронтангиздан ёрдам сўраса, бас унга ёрдам берсин. Агар у мендан бошқадан сўрамаса, мен унинг дўсти ва ёрдамчисиман, бас, Мен билан уни холи қолдиринглар…”
Шунда Жаброил (алайҳиссалом) Иброҳим (алайҳиссалом)нинг олдиларига келдилар ва «Бирор ҳожатинг борми?», деб сўрадилар.
Иброҳим (алайҳиссалом) «Сенга ҳеч қандай ҳожатим йўқ, ам­мо Аллоҳга бор», деб жавоб бердилар.
Жаброил (алайҳиссалом): «Нега Ундан ёрдам сўрамаяпсан?»
Шунда Иброҳим (алайҳиссалом): «У менинг ҳолатимдан хабар­дор, сўрашимга ҳожат йўқдир», деб жавоб қайтардилар.
Шуаро сурасида ҳам Иброҳим (алайҳиссалом) ва қавмлари ўр­тасида бўлган баҳс ва у кишининг Аллоҳ таолога қилган дуо-илтижолари келтириб ўтилган. Аллоҳ (азза ва жалла) айтади:
«Уларга Иброҳим хабарини тиловат қилинг! Ўшанда у ота­си ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар» деганида, улар: «Бут-санамларга ибодат қилмоқдамиз. Бас, уларга со­диқлигимизча қолурмиз», дедилар. (Иброҳим) айтди: «Дуо-илтижо қилган пайтларингизда сизларни эшитадилар­ми ёки сизларга фойда зиён еткиза оладиларми?!» Улар дедилар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг мана шундай қи­лишганини кўрганмиз». (Иброҳим) айтди: «Сизлар ўзингиз ҳам, қадим-қадим ота-боболарингиз ҳам ибодат қилгувчи бўлган бутларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Шак-шубҳасиз, улар мен учун душмандир, магар барча оламлар Парвардигоригагина (ибодат қилурман). У мени яратгандир, бас, Ўзи мени ҳидоят қилур. Унинг Ўзигина мени тўйдирур ва қондирур. Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга ши­фо берур. У мени ўлдирур, сўнгра тирилтирур. Жазо кунида менинг хато-гуноҳларимни Унинг Ўзи мағфират этишини умид қилурман. Парвардигорим, менга ҳикмат ато этгин ва мени солиҳлар қаторига қўшгин. Яна мен учун кейин келгувчи кишилар ўртасида рост мақтовлар қилгин. Яна ме­ни ноз-неъматлар боғининг ворисларидан қилгин. Отамни ҳам мағфират қил­гин. У шубҳасиз, адашганлардан бўлди. Ва қайта тириладиган кунда мени шарманда қилмагин. У кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза қалб билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуаро, 69–89).
Маъноси: эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз қавмингизга Иброҳим (алайҳиссалом)нинг хабарини ўқиб, ет­казинг, зеро, улар ўзларини унинг наслидан деб, унинг диё­нати-эътиқодига эргашамиз, деб даъво қилмоқда. Иброҳим (алайҳис­салом) эса улардан ҳам, уларнинг ширкидан ҳам покдир.
«Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат килмоқ­да­сизлар», деган эди».
Яъни, Аллоҳ таолони қўйиб сиғинаётган бу нарсаларингиз ни­ма ўзи?
Улар жавоб бердилар: «Бут-санамларга ибодат қилмоқда­миз. Бас, уларга содиқлигимизча қолурмиз».
Яъни, биз тўхтовсиз уларга ибодат қилишда давом этамиз. Улар ушбу ботил бут-санамларга сиғинишлари билан мақтан­моқдалар. Шунингдек, агар инсоннинг фаҳм-фаросати, ақл-ид­роки сусайса, у лозим бўлмаган, ҳаттоки уни қилишдан хижо­лат чекиш керак бўлган нарсалар билан ҳам фахрланаверади.
Шунда Иброҳим (алайҳиссалом) агар ақл юритсалар, уларни жаҳолат уйқусидан уйғотадиган бир қанча саволлар билан мурожаат қиладилар, яъни айтадиларки: “Ушбу сизлар ибодат қи­лаёт­ган санамлар дуо қилсангиз эшитадими, агар ибодат қил­са­ларингиз, буни ҳис қила оладими ёки улар ўзига бирон наф ёки зиён келтира оладими?!”
Лекин қавм бунга жавоб беришдан ожиз эди ва ўзларини худ­ди ўтиб кетган ота-боболарига эргашаётгандай кўрсатдилар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг мана шундай қилиш­ла­рини кўр­ганмиз», дейишди.
Яъни, улар айтишди: “Ҳа, эй Иброҳим, айтганингдек, бу бут-санамлар дуо қилсак, эшитмайди, бизларга фойда ё зарар ҳам қилмайди, лекин биз ота-боболаримиз шуларга ибодат қилаёт­ганларини кўрганмиз, шундай экан, биз уларнинг йўлини давом эттирамиз”.
Бу кўр-кўрона тақлидни эшитиб, Иброҳим (алайҳиссалом) уларга, уларнинг ботил маъбудларига ўзларининг адоватларини эълон қилдилар.
«Сизлар ўзингиз ҳам, қадим-қадим ота-боболарингиз ҳам ибодат қилгувчи бўлган бутларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўр­дингларми? Шак-шубҳасиз, улар мен учун душмандир, магар барча оламлар Парвардигоригагина (ибодат қилурман)».
Яъни, сизлар ва қадимда ўтган ота-боболарингиз Аллоҳни қў­йиб ибодат қилаётганингиз ушбу бут-санамлар ҳақида ҳеч мушоҳада қилиб кўрдингизми? Дарҳақиқат, улар менга душмандир, чунки уларга ибодат қилиш ботил амалдир. Бироқ мен бутун оламлар Раббиси бўлган Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзинигина яхши кўраман, Унга ибодат қиламан. Унга итоат билан эътиқод қиламан. Сабаби, У Зот мени Ўз қудрати ила яратди ва турли хил неъматлари билан сийлаб қўйди. Соҳиб Кашшоф (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Иброҳим (алайҳиссалом) «Улар мен учун душмандир», дедилар, аксинча «Улар сизларга душмандир», деб айтмоқдалар. Бундан мақсад аввал ўзига насиҳат қилиб, сўнгра бошқаларга уни таъкидлашдир. Бу нарса ўша қилинаётган даъватнинг таъсир кучини оширишга ёрдам беради. Гўёки Иброҳим (алайҳиссалом) шундай дедилар: “Мен ўйлаб кўриб, сизларнинг бут-санамларингизга ибодат қилиш, худди душманга ибодат қи­лиш эканлигини англаб етдим ва улардан узоқлашдим ва барча яхшиликлар Ундан бўлган Зотга ибодат қилишни афзал билдим”.
Имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ҳикоя қилинади: «Бир киши у зотга бир неча ёмон сўзлар билан туҳмат-бўҳтон қил­ди. Сўнгра Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Агар сен айтаётгандек бўлса, одоб-ахлоққа муҳтож эканман”, дедилар».
Ҳакимлардан бири Ҳижр ўлкаси ҳақида тортишаётган одам­ларни учратиб қолдилар, улар ёлғон сўзлар ишлатиб, бир-бир­лари билан мунозара қилар эдилар. Шунда у киши уларга қарата: «Бу жой (яъни, Ҳижр) сизларнинг ҳам, менинг ҳам юртим эмас, (бас у ҳақида ўзларингиз билмаган нарсаларни гапиришдан ти­йилинг­лар)», дедилар .
Шундан сўнг Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ таолони бир не­ча сифатлар билан васф қилиб ўтадилар:
«У мени яратгандир, бас, Ўзи мени ҳидоят қилур».
Яъни, мен Ўз қудрати билан яратиб, тўғри йўлга ҳидоят қилган Зотга ибодат қиламан.
«Унинг Ўзигина мени тўйдирур ва қондирур».
Яъни, У Зот мени тириклик асоси, манбаи бўлган нарсалар билан таъминлайди.
«Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо берур».
Яъни, барча нарса Аллоҳдандир, шунингдек, касал бўлгач, яна соғайиб кетишим ҳам Аллоҳ таолонинг менга бўлган марҳа­ма­тидандир. Бас, мен бу неъматларга шукр қилгувчидирман.
«У мени ўлдирур, сўнгра тирилтирур».
Бу ердаги «тирилтиришдан» мурод, Қиёмат куни ҳар бир маййитга жон киритилишини англатади.
Яъни, Мен ибодат қилаётган Раббимнинг сифатларидан яна бири, У менинг ажалим етгач, Ўз қудрати ила жонимни олади ва Ўз қудрати ила тирилиш ва ҳисоб куни яна мени ҳаётга қайтаради.
«Жазо кунида менинг хато-гуноҳларимни Унинг Ўзи мағ­фират этишини умид қилурман».
Яъни, одамлар ҳисоб қилиниб, жазо ёки мукофот оладиган кунда Раббимнинг мендан ўтган гуноҳларимни афв этишини ил­ти­жо қилиб сўрайман.
Ушбу ояти каримада Иброҳим (алайҳиссалом)нинг Аллоҳ таоло билан одобнинг энг юқори даражасида муносабатда бўл­ганлик­ларини кўрсатади. У киши ўзларидан кейин келадиган мусулмонлар умматига ўрнак бўлиши учун, Аллоҳ таолонинг мағфиратини сўрамоқдалар, гуноҳ-маъсиятларидан узоқ бўли­шини таъкидлаб, Аллоҳ таолога доимо ражо-умид билан дуо қи­лишни таълим бермоқдалар.
 Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг шаънига улуғ-мақтов, санолар айтгач, энди чин қалбдан, хушу билан дуо қи­лишга ўтадилар:
«Парвардигорим, менга ҳикмат ато этгин ва мени солиҳ­лар қаторига қўшгин».
Яъни, Эй Раббим, менга манфаатли амалга сабаб бўлгувчи кенг қамровли илм бергин ва мени Ўзинг рози бўладиган ва улар ҳам Сендан рози бўладиган бандаларинг қаторига қўшгин.
«Яна мен учун кейин келгувчи кишилар ўртасида рост мақтовлар қилгин».
Яъни, мендан кейин келадиган бошқа умматлар орасида ях­ши мақтов ва эслатма қилгин.
Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дуоларини ижо­бат қилди. Унинг зурриётидан кўплаб пайғамбар ва солиҳ кишиларни чиқарди. Уларнинг энг аввалида, шубҳасиз, жанобимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турадилар.
«Яна Мени ноз-неъматлар боғининг ворисларидан қил­гин».
Яъни, мени Охиратда жаннатингда мангу қолувчи бандаларингдан қилгин.
«Отамни ҳам мағфират қилгин. У шубҳасиз, (ҳақ йўлдан) адашганлардан бўлди».
Яъни, Эй Раббим, отамни ҳам мағфират қилгин, чунки мен унга, Парвардигоримдан сенинг учун истиғфор сўрайман, деб ваъда берган эдим.
Иброҳим (алайҳиссалом) оталари Аллоҳ таолонинг душма­ни эканлиги аниқ бўлгач, унинг ҳақига истиғфор сўрашдан тўх­тадилар.
«Ва қайта тириладиган кунда мени шарманда қилмагин».
Яъни, барча жонзотлар ҳисоб ва жазога қоим бўладиган кун­да мени хафа қилмагин, айб-камчиликларимни яширгин.
«У кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза қалб билан келган кишиларгагина (фойда берур)».
Яъни, эй Раббим, одамларнинг бойлик ва фарзандлари уларга ҳеч наф бермайдиган кунда менинг айбимни беркитгин. Ил­ло кимки қалбдан, ихлос билан Сенга ибодат қилиб, қалбини ширк, нифоқ, риё ва бошқа иллатлардан сақлаган ҳамда шаҳ­ватлар гирдобига тушиб қолиб, қабиҳ амалларни қилишдан ўз­ларини эҳтиётлаб юрган кишиларгагина мол-дунёлари, фарзандлари фойда берур.
Соффот сурасида ҳам юқорида келтириб ўтилганлар бошқача услубда ҳикоя қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
«Шак-шубҳасиз, Иброҳим ҳам унинг гуруҳидандир. Эсланг, у Парвардигорига тоза қалб билан келди. Ўшанда у отаси ва қавмига деган эди: «Нимага ибодат қилмоқдасиз­лар?! Аллоҳ­ни қўйиб, сохта худоларни истайсизларми?! У ҳолда барча оламларнинг Парвардигори ҳақида не гумонингиз бор?!» Сўнг у юлдузларга тикилиб туриб: «Аниқки мен касалман», деди. (Унинг қавми) дарҳол ундан юз ўгирган ҳолда кетдилар. Бас, (Иброҳим) аста-секин уларнинг бутлари олдига келиб: «Емайсизларми? Сизларга нима бўлдики, сўз­ламаяпсизлар?!”, деди. Сўнг уларга яқин келиб ўнг қўлидаги болта билан урди. Бас, (қавм) унинг олдига шоша-пиша келишгач, деди: «Ўзларингиз йўниб-ясаб олган нарсаларга ибодат қилурмисизлар?! Ҳол­буки, сизларни ҳам, ясаб олган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» Улар дедилар: «Иброҳим учун бинолар қуриб, уни ўша оловга ташланглар». Бас, улар макр қилмоқчи бўлган эдилар. Биз уларни тубан-мағлуб қилдик» (Соффот, 83–98).
Маъноси: дарҳақиқат, Иброҳим (алайҳиссалом) Нуҳ (алай­ҳиссалом)нинг гуруҳидандир, чунки уларнинг Ҳақ динга даъват қилишлари, Аллоҳ таолонинг сўзи устун бўлиши йўлида етган ҳар қандай азиятларга чиройли сабр қилишлари бир хил эди.
Шунингдек, барча пайғамбарлар (алайҳиссалом) ҳам ўзидан олдингисини қўллаб-қувватлаб келганлар, лекин уларда баъзи жузъий фарқ бўлса ҳам, уларни асли, манбаи бир бўлган. Нуҳ ва Иброҳим (алайҳиссаломлар)нинг ораларида икки пайғамбар Ҳуд ва Солиҳ (алайҳиссаломлар) бўлишган.
«Эсланг, у Парвардигорига тоза қалб билан келди».
Яъни, эй оқил инсон, Иброҳим (алайҳиссалом) ўз Раббиси ҳу­зурига қалбини ширк ғиллу ғаш, ҳасад, алдов ва риёдан пок тутган ҳолда келганини эслагин!
«У Парвардигорига келди», дейиш билан Иброҳим (алай­ҳиссалом)нинг Аллоҳ таолога тўлиқ таслим бўлганликлари, Ҳақ­қа даъват қилишда ихлосли эканликлари ва ўз Холиқининг йўли­да барча нарсага тайёр эканликлари билдирилмоқчи.
«Ўшанда у отаси ва қавмига деган эди: "Нимага ибодат қилмоқдасизлар?!"»
Ушбу хитоб билан Иброҳим (алайҳиссалом) ва қавмлари ўр­та­сида баҳс-мунозара бошланади.
Яъни, Аллоҳ таолодан бошқа яна қандай нарсага ибодат қил­моқдасизлар?
«Аллоҳни қўйиб, сохта худоларни истайсизларми?!»
Яъни, Аллоҳдан бошқага ибодат қилишингиз сохта худолар­ни хоҳлашингиз билан баробар. Агар шуни истасанглар, бас ҳар бир салим қалб эгаси буни қабул қила олмайди.
Сўнгра уларни ширк йўлида кетишдан огоҳлантириб ўта­ди­лар: «У ҳолда барча оламлар Парвардигори ҳақида не гу­монингиз бор?!»
Яъни, агар ундан бошқасига ибодат қилсангиз, сизларни яратиб, ризқлантираётган Зот Аллоҳ таоло қандай жазо беради, деб ўйлайсизлар? Шубҳа йўқки, У сизларни қаттиқ ҳисоб қилиб, кейин аламли азоб билан азоблайди. Шундай экан, бу сохта илоҳларни тарк қилиб, Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилинглар.
«Сўнг у юлдузларга тикилиб туриб: "Аниқки мен касалман", деди».
Айтишларича: Иброҳим (алайҳиссалом)нинг қавми бут-са­нам­ларга сиғиниш билан бирга юлдузларни ҳам улуғлаб, уларнинг оламга таъсири бор, деб эътиқод қилар эдилар. Қавмнинг байрамни нишонлаш вақти етгач, улар Иброҳим (алайҳиссалом)ни тарк этиб, шаҳар ташқарисига чиқиб кетдилар. Сўнгра Иброҳим (алай­ҳиссалом) якка ўзлари қолгач, нима қилганликлари айтилади:
«Бас, (Иброҳим) аста уларнинг бутлари олдига келиб: «Емайсизларми?», деди».
«Ўзла­рингиз йўниб-ясаб олган нарсаларга ибодат қилурми­сиз­лар?! Ҳол­буки, сизларни ҳам, ясаб олган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!»
Яъни, сизлар ўзингиз қўлда тош ва ёғочлардан йўниб ясаб олган нарсаларга ибодат қиласизларми, ваҳоланки Аллоҳ таоло сизларни, бутларингизни ва барча нарсаларни яратган Зот-ку? Қавм бунга жавобан, таҳдид билан шундай дедилар: «Иброҳим учун бинолар қуриб, уни ўша оловга ташланглар».
Яъни, улар ўзаро бир-бирларига айтдилар: Иброҳим учун би­но қуриб, уни алангали олов билан тўлдиринг ва унга Иброҳимни ташланглар, токи куйиб, йўқ бўлиб кетсин!
Улар келишилган ишни амалга оширдилар, лекин Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Иброҳим (алайҳиссалом)ни уларнинг макр-ҳий­ласидан сақлаб қолди.
«Бас, улар макр қилмоқчи бўлган эдилар. Биз уларни ту­бан-мағлуб қилдик».
Яъни, улар Иброҳимга макр қилмоқчи бўлганларида Биз уни бекор қилиб, ўзларини хору зор қилдик. Анкабут сурасида ушбу қисса янада батафсилроқ ёритилган. Аллоҳ таоло айтади:
«Иброҳимни (эсланг), у ўз қавмига деган эди: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан қўрқинглар! Агар билгувчи бўл­сала­рингиз, мана шу сизлар учун яхшироқдир. Сизлар Аллоҳни қўйиб фақат бутларга ибодат қилмоқдасизлар ва ёлғон тўқи­моқдасизлар. Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсалар сизларга ризқу рўз беришга қо­дир эмаслар. Бас, сизлар ризқу рўзни Аллоҳ даргоҳидан истанглар ва Унгагина ибодат қилинглар, Унгагина шукр қи­линглар, сизлар Унгагина қайтарилурсизлар. Агар сизлар ёл­ғончи қилсаларингизлар, бас, сизлардан аввалги умматлар ҳам ёлғончи қилгандирлар. Пайғамбар зиммасида эса фақат очиқ-равшан етказишгина бордир. Ахир улар даставвал Аллоҳ қандай қилиб яратишини кўрмадиларми?! Сўнгра У ўшани қайтарур. Албатта, бу Аллоҳга осондир. Айтинг: «Ерда айланиб даставвал қандай яратганини кўринглар. Сўнгра Аллоҳ иккинчи (марта) пайдо қилур. Албатта, Аллоҳ барча нарсага қодирдир. У Ўзи хоҳлаган кимсаларни азоблар ва Ўзи хоҳлаган кишиларга раҳм қилур. Унгагина қайтарилурсизлар. Сизлар на ерга ва на осмонга қочиб қутулувчи эмасдирсизлар. Ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир. Аллоҳнинг оятларини ва унга рўбарў бўлишни инкор қилган кимсалар – улар Менинг раҳматимдан ноумид бўлган кимсалардир ва улар учун аламли азоб бордир». Бас, (Иброҳимнинг даъватига) қавмининг жавоби фақат: «Уни ўлдиринглар ёки ёқиб юборинглар», де­йишлари бўлди. Сўнг Аллоҳ унга оловдан нажот берди. Албатта бунда имон келтирган қавм учун оят-ибратлар бордир. (Иброҳим) айтди: «Сизлар фақат ҳаёти дунёдаги ўзаро ошна-оғайничилигингизни кўзлаганингиз учун Аллоҳни қўйиб, бутларни ушладингиз. Ҳали Қиёмат кунида айримларингиз айримларингиздан тонур, айримларингиз айримларингизни лаънатлар. Сизларнинг борар жойингиз дўзахдир. (У жойда) сизлар учун ёрдамчи йўқдир» (Анкабут, 16–25).
Маъноси: эй оқил инсон, Иброҳим (алайҳиссалом) ўз қавмига: “ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилинглар, ўзингизни Унинг ғаза­би келадиган барча амаллардан сақланглар”, деб айтганини эсла!
«Мана шу», яъни, сизларни ибодат ва тақво қилишга буюришим агар фаҳм-фаросат ва илм эгаси бўлсанглар, ширкдан ҳам дун­ё­даги барча нарсалардан ҳам «яхшироқдир».
Иброҳим (алайҳиссалом) ўз даъволарини аввало, Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилиш ва Унинг жазоси-иқобидан қўр­қишга чақириш билан бошладилар, сўнгра уларнинг қалб­ларига ҳақиқат уруғларини сочиш мақсадида имон келтириш улар учун яхшилигини таъкидладилар.
Шундан сўнг улар қилаётган ишларининг ботил эканлигини айтиб ўтдилар: «Сизлар Аллоҳни қўйиб фақат бутларга ибодат қилмоқдасизлар ва ёлғон тўқимоқдасизлар».
Яъни, ўз қўлларингиз билан ясаган бутларга ибодат қилмоқ­да­сизлар ва ушбу бутларни «илоҳлар» деб, ёлғон тўқимоқда­сизлар.
Ваҳоланки, «Сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсалар сизларга ризқу рўз беришга қодир эмаслар».
Яъни, сизлар ибодат қилаётган бут-санамлар сизларга энг кам миқдордаги ризқ (ҳатто бир бурда нон ёки бир қултум сув)ни ҳам топиб бера олмайдилар.
Шундай экан, сизлар ёлғиз Аллоҳ таолодангина ризқ сўранг­лар, Унинг Ўзи сизлар Унга ибодат ва тоатда бўлсангизлар фазли ва карамидан мўл-кўл ризқ ато қилади.
Сўнгра Иброҳим (алайҳиссалом) қавмларини Ҳақ динни ёл­ғон­га чиқаришдан огоҳлантириб, ҳисоб, жазо, савоб ва Қиёмат кунида тирилиш ҳақлигини айтиб ўтадилар. Ўтган қавмлардан ўзларига ибрат олишга чақириб, улар ҳам ўз пайғамбарларини ёл­ғончига чиқарганликлари сабаб Аллоҳ таоло уларга азоб юборганини эслатиб ўтадилар.
«Агар сизлар ёлғончи қилсаларингизлар, бас, сизлардан аввалги умматлар ҳам ёлғончи қилгандирлар. Пайғамбар зиммасида эса фақат очиқ-равшан етказишгина бордир. Ахир улар даставвал Аллоҳ қандай қилиб яратишини кўр­ма­диларми?! Сўнгра У ўшани қайтарур. Албатта, бу Аллоҳга осондир».
Яъни, эй одамлар, агар сизлар менга эргашсангиз нажот то­пасиз, агарда мен олиб келган нарсаларни ёлғонга чиқарсангиз, сизлар ўз пайғамбарини ёлғончига чиқараётганларнинг биринчиси эмассизлар. Сизлардан олдинги қавмлар жумладан, Нуҳ, Од ва Самуд қавми ҳам пайғамбарларини ёлғончи қилган эдилар, натижада улар ҳасрат ва надоматга учраб, тор-мор бўлдилар.
«Пайғамбар зиммасида эса фақат очиқ-равшан етказишгина бордир».
Яъни, мен сизларга Раббимнинг рисолатини етказдим, сизларга кўплаб насиҳат қилдим, булар менга Парвардигорим топширган вазифаларим эди, лекин Қиёмат кунида ҳисоб ва жазони ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади.
Сўнгра Қиёмат кунида тирилтириш ҳақ эканлигини айтилиб, Аллоҳ таоло бу ишдан ожиз эмаслиги таъкидланади:
«Ахир улар даставвал Аллоҳ қандай қилиб яратишини кўрмадиларми?! Сўнгра У ўшани қайтарур. Албатта, бу Аллоҳ­га осондир».
Бу савол мушрикларнинг ушбу ҳақиқатни инкор қилишла­рига ва очиқ далилларни кўриб туриб ҳам имон келтирмаганлик­ларига жавобан берилмоқда.
Улар атроф-муҳитда Аллоҳнинг ваҳдониятига далолат қи­лувчи кўплаб далилларни шоҳиди бўлдилар. Бундан келиб чиқа­дики, шубҳасиз Аллоҳ таоло ягона ва У Қиёматда қабрдаги­лар­ни тирил­тиришга қодирдир. У йўқдан бор қилади, энди қандай қилиб, аввалида мавжуд бўлган нарсани қайтара олмасин?! Албатта, буниси осонроқ. Аллоҳ таолонинг «Албатта, бу Аллоҳга осондир» каломи икки маънони англатади: биринчиси, йўқдан бор қилиб, яратиш ва кейингиси Қиёмат куни уларни яна бир марта ҳаётга қайтаришдир.
Шундан сўнг, Аллоҳ (субҳонаҳу ва таоло) Пайғамбари (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)га қавмларини бу коинот, борлиқ, ат­роф-муҳит ҳақида фикр юритиб кўришга чақиришларини амр қилади, шояд улар бу билан Ҳақ динига мойил бўлсалар:
«Айтинг: «Ерда айланиб даставвал қандай яратганини кўринглар. Сўнгра Аллоҳ иккинчи (марта) пайдо қилур. Албатта, Аллоҳ барча нарсага қодирдир».
Яъни, эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан ил­гари Иброҳим (алайҳиссалом) қавмига айтгани каби сиз ҳам қав­мингизга айтинг: ер юзи бўйлаб кезиб, саёҳат қилинглар ва мах­луқотларнинг ҳолатини, Аллоҳ уларни аввалида қандай яратгани ҳақида тафаккур қилинглар. Сўнг уларга яна бундай денг: “Аллоҳ аввалда махлуқотларни бир-биридан фарқлаб, сизлар кўриб турган чиройли ва турли хил шакл ҳамда суратда яратиб қўйди. Сўнгра Аллоҳ ўз қудрати билан уларни яна ҳаётга қайтаради. Зеро, Аллоҳ барча нарсага қодирдир”. Шундан кейин жазо ва мукофот (савоб) Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқлиги айтиб ўтилади:
«У Ўзи хоҳлаган кимсаларни азоблар ва Ўзи хоҳлаган кишиларга раҳм қилур. Унгагина қайтарилурсизлар. Сизлар на ерга ва на осмонга қочиб қутулувчи эмасдирсизлар. Ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир».
Яъни, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандаларини гуноҳлари ту­файли азоблайди ва кимга хоҳласа, ўз раҳматини ёғдиради. Сиз­лар унгагина қайтарилурсизлар ва У Зот амалларингизга қараб ҳи­соб-китоб қилади.
Эй инсонлар, Аллоҳга рўбарў бўлиш ва унга ҳисоб беришда қочиб қутула олмайсизлар. У Зот учун фарқи йўқ, ерда ёки осмонда бўласизларми, барибир Аллоҳга йўлиқасизлар. Сизларни Унинг ҳукми ва жазосидан қутқариб қолувчи бирор ёрдамчи топилмас!
Сўнгра, кофирларнинг тақдири қандай бўлиши айтилади:
«Аллоҳнинг оятларини ва унга рўбарў бўлишни инкор қилган кимсалар – улар Менинг раҳматимдан ноумид бўлган кимсалардир ва улар учун аламли азоб бордир».
Яъни, Аллоҳга рўбарў бўлиш ҳақлигига далолат қилгувчи оят-белгиларни инкор қиладиган кимсалар, Менинг раҳматимдан буткул маҳрумдирлар ва уларга шиддатини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган даражада аламли азоб бўлади.
«Бас, (Иброҳимнинг даъватига) қавмининг жавоби фақат: «Уни ўлдиринглар ёки ёқиб юборинглар», дейишлари бўлди».
Қавм орасида кимдир Иброҳим (алайҳиссалом)ни ўлдириш, яна кимдир ёқиб юбориш кераклигини айтди. Сўнгра улар бир фикрга келиб, Иброҳим (алайҳиссалом)ни ёқиб юбормоқчи бўлдилар. Бунга қуйидаги оят ҳам далолат қилади: «Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар (мана шу билан) ўз худоларингизга ёрдам қилинглар», дедилар (Анбиё, 68).
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) кўплаб очиқ-ойдин ҳужжат келтириб, уларга насиҳат қилишларига жавобан қавм шундай деди: “Уни қилич билан ўлдиринг ёки оловга ташлаб ёқиб юборинглар. Шунда ўзларингиз ҳам қалбан роҳатланасизлар ва худоларингиз учун ҳам ўч олган бўласизлар”.
Уларнинг бу гаплари зулм, туғён ва жаҳолатда ҳаддан ош­ганлик­ларидан дарак беради.
Кейин Аллоҳ таолонинг ўз пайғамбари Иброҳим (алайҳисса­лом)га фазлу карамидан ато этганлиги ҳикоя қилинади:
«Сўнг Аллоҳ унга оловдан нажот берди. Албатта, бунда имон келтирган қавм учун оят-ибратлар бордир».
Яъни, улар Иброҳим (алайҳиссалом)ни ўтда ёқишга келишиб, ўтин йиғдилар ва тез суръатда унга ўт қўйдилар ва Иброҳимни ун­га ташладилар. Натижада Аллоҳ таоло унга нажот бериб, оловни салқин ва хотиржам бир жойга айлантириб қўйди.
Дарҳақиқат, Иброҳим (алайҳиссалом)ни оловдан соғ-саломат чиқариб олишимизда имон келтирувчи қавм учун Бизнинг қуд­ра­тимизга, Аллоҳ бутун оламлар Парвардигори эканлигига очиқ-равшан далиллар бордир.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада «оят-ибрат» сўзини кўплик шаклида келтирган, чунки ушбу тадбирда бир эмас, кўплаб оятлар мавжуд. Жумладан, У Зот Иброҳим (алайҳиссалом)га оловдан нажот бериб, уни бир омонлик маконига айлантиришини биринчи оят; мушрикларнинг ҳаммалари бир бўлиб ҳам у кишига зиғирча зарар етказа олмаганликлари иккинчи оят; қавмнинг кўплаб далилларни кўрсалар ҳам ўз куфрларида қолиб кетишлари учинчи оят ва ҳоказо…
Аллоҳ таоло ўз мўмин бандаларини ушбу оятлардан ибрат олиш­га чақирмоқда. Энди Иброҳим (алайҳиссалом)ни Аллоҳ таоло уларнинг макридан сақлаб қолгач, қавмга айтилган сўз­лар кел­тириб ўтилади. Иброҳим (алайҳиссалом) айтдилар: «Сизлар фақат ҳаёти дунёдаги ўзаро ошна-оғайничилигингизни кўз­лаганингиз учун Аллоҳни қўйиб, бутларни ушладингиз. Ҳа­ли Қиёмат кунида айримларингиз айримларингиздан то­нур, айримларингиз айримларингизни лаънатлар. Сизлар­нинг борар жойингиз дўзахдир. (У жойда) сизлар учун ёрдамчи йўқдир».
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) қавмларига дедилар: “Эй қав­мим, сиз бу бут-санамларни уларга эътиқод қилиб, ҳақиқий ибо­дат қилиш учун танламадингиз, балки ўзларингизда меҳр-муҳаб­бат пайдо бўлиб, бир-бирларингизга яхши муомалада бўлиш учун улар­ни олдиларингиз. Бу нарса ушбу дунёдаги ўзингизнинг иши­нгиз, аммо Қиёмат қоим бўлганда, бу меҳр-оқибат ботил эканлиги ойдинлашади. Ўшанда баъзи бир кишилар баъзиларни инкор қилиб, уни лаънатлайди, яъни бошлиқ бўйсунувчини, бўйсунувчи бошлиқни, маъбуд ибодат қилгувчини, ибодат қилгувчи маъбудларни лаънатлайди. Сизларнинг ва ботил илоҳларингизнинг жо­йи, шубҳасиз, жаҳаннам бўлади. У ерда сизларга берилаётган азоб оғирлашса оғирлашадики, енгиллашмайди. Ва сизлар учун бу азоб­лардан қутқариб олгувчи бирон ёрдамчи ҳам топилмайди”.
Иброҳим (алайҳиссалом)нинг қавмлари билан бўлган баҳс-му­нозаралари асосан Анъом, Анбиё, Шуаро, Соффот, Анкабут сураларида келтириб ўтилган.
Бақара сурасининг бир оятида Иброҳим (алайҳиссалом) ва салтанатини ғурур, ношукрлик, куфр ва зулм асосига қурган бир подшоҳ билан бўлиб ўтган тортишув ҳикоя қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
«Сиз Аллоҳ подшоҳлик берганидан ҳовлиқиб Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсанинг ҳоли-хаба­рини билмадингизми? Ўшанда Иброҳим: «Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган Зотдир», деганида, у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим айтди: «Албатта, Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Сен уни мағрибдан чиқаргин-чи?» Шунда у кофир довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди» (Бақара, 258).
Бу ерда ўша мамлакатнинг кофир подшоҳи Иброҳим (алай­ҳиссалом) билан тортишмоқда. Бошқа ояти карималарда шу ҳа­қи­да келтириб ўтилади. Аллоҳ таоло айтади:
«Агар сиз билан (дин ҳақида) тортишсалар: «Мен ва менга тобе бўлган кишилар ўзимизни Аллоҳга топширдик – Унга бўйсундик», деб айтинг!» (Оли Имрон, 20).
«Қавми у (Иброҳим) билан тортишган эди: «Мен билан Аллоҳ хусусида тортишасизми. Ахир Унинг Ўзи мени ҳидоят қилди-ку?!» деди» (Анъом, 80).
Маъноси: эй оқил инсон, сен Иброҳим (алайҳиссалом) билан Холиқи тўғрисида тортишган кофир ва мутакаббир инсон ҳа­қида­ги қиссани билдинг. Кимки ундан бехабар бўлса, Биз ушбу Китоб орқали унга хабар қиламиз.
Ибн Касир айтадилар: «Ушбу кофир подшоҳнинг исми – Нам­руд ибн Канъон эди. Ўша пайтда Бобил подшоҳи бўлган. У Иб­роҳим (алайҳиссалом)га кўплаб зулм-ситамлар қилган».
«Парвардигори» сўзи Иброҳим (алайҳиссалом)га тегишли, чунки Аллоҳ ўз бандасини қўллаб-қувватлаб, унга ёрдам беради. Баъзилар бу ердаги эгалик олмоши Намрудга тегишли, чунки у ҳақида сўз бормоқда, деб айтишган.
«Аллоҳ подшоҳлик берганидан…»
 Яъни, ушбу баҳснинг сабаби Аллоҳ таолонинг Намрудга кўп­лаб мол-дунё бериб қўйгани ва унинг Ўз Холиқига шукр қилма­гани бўлди, балки у туғён, манманлик билан қаршилик кўрсат­ди, Аллоҳ­нинг неъматларини кераксиз жойга сарфлади.
«Ўшанда Иброҳим: «Парвардигорим тирилтириб, ўлдира­диган Зотдир», деганида…».
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) унга қарата: Раббимнинг ёл­ғиз Ўзи барча нарсага ҳаёт беради ва вақти соати етгач уларни ҳаёт­дан маҳрум этади. Аллоҳ (азза ва жалла)дан бошқа бу ишни уддалай оладиган бирон Зот топилмайди. Сен эса бунинг ҳар куни гувоҳи бўласан, бас, шундай экан сен Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи­га ибодат қилишинг, куфр, туғён ва залолатга барҳам беришинг лозим, дедилар.
Эҳтимол, Иброҳим (алайҳиссалом) ўша мутакаббир подшоҳ­ни Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилганларида, у: «Мени ибодат қилишга чорлаётган ўша раббинг ким?» деб сўраган ва Ибро­ҳим (алайҳиссалом) ўшанда юқоридаги оятни ўқиган бў­лишлари мумкин.
Шундан сўнг Намруднинг жавоби келтирилади: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман».
Яъни, эй Иброҳим, агар сенинг Раббинг тирилтирса ва ўлдир­са, мен ҳам У каби тирилтириб, ўлдиришга қодирман. Шундай экан, мен илоҳликни даъво қилишга муносибман.
Айтиладики: у подшоҳ бир жиноят содир этган кишини ке­чириб юборишини – тирилтириш, бир бегуноҳ одамни ўлим жазосига ҳукм қилишини – ўлдириш, деб ҳисоблаган.
Шунда Иброҳим (алайҳиссалом) унга ақлини лол, ўзини ҳай­рон ва ожиз қолдирадиган бир шартни қўйдилар: «Албатта, Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Сен уни мағрибдан чи­қаргин-чи?»
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) ўз душманларига дедилар: "Сен Аллоҳ таоло сингари тирилтириш ва ўлдиришга қодир­ман, деб даъво қилдинг. Агар ушбу даъвоинг рост бўлса, сизлар Аллоҳнинг са­ҳарда қуёшни шарқ томондан чиқаришини кўрасизлар, бас сен уни ғарб тарафдан чиқариб кўр-чи?!" Ўша подшоҳнинг ҳолати ушбу ожиз қолдирувчи ҳужжат келтирган пайтда қандай бўлди? Натижада «Бу кофир довдираб қолди».
Яъни, у мағлуб бўлди, ҳайрон қолиб, бирон гап айтишга мажоли ҳам қолмади, чунки ундан умуман қўлидан келмайдиган, унга қодир бўлмаган ишни қилиш талаб қилинганди.
Сўнгра Аллоҳ таоло ушбу оятни қуйидаги каломи билан якунлайди: «Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди».
Яъни, Аллоҳ таолонинг ҳикмати Ҳақиқат йўлидан оғиб, ўз нафс­ларига зулм қилган кишиларни ҳидоят қилмаслик ва уларнинг туғён ва нодонликлари сабаб тўғри йўлга илҳом қилмаслик­ни та­қозо этади.
Ушбу оят ақл юритувчи қавмларга ибрат бўлиши учун Аллоҳ таолонинг ўз валий бандаларига ғамхўрлик қилиши ва душманла­рини қаровсиз ўз ҳолларига ташлаб қўйилиши айтиб ўтилмоқда.

Иброҳим (алайҳиссалом)нинг Раббиларига ҳижрат қилишлари ва Исмоил (алайҳис­салом)нинг
туғилишлари башорати

Иброҳим (алайҳиссалом)нинг одамларни Аллоҳ таолонинг ваҳ­дониятига даъват қилиш учун бир жойдан бошқа ерга ҳиж­рат қилишлари ва уларга бир солиҳ фарзанд берилишини башорат қилиниши тўғрисида бир неча сураларда ҳикоя қилина­ди. Энди, Соффот сурасида келтирилганларни кўриб чиқамиз. Аллоҳ таоло айтади:
«(Иброҳим) деди: «Албатта, мен Парвардигоримга кетгувчиман. Унинг Ўзи мени ҳидоят қилур. Парвардигорим, Ўзинг менга солиҳлардан ҳадя этгин». Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик. Энди қачонки у билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эди. У айтди: «Эй ота­жон, сенга буюрилган ишни қилгин. Иншааллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан» (Соффот, 99–110).
Энди буларни оятма-оят кўриб чиқамиз.
 «(Иброҳим) деди: «Албатта мен Парвардигоримга кетгувчиман. Унинг Ўзи мени ҳидоят қилур».
Иброҳим (алайҳиссалом)га Аллоҳ нажот бериб, уларнинг макрларидан сақлаб қолганидан сўнг айтган сўзларидир.
Сўнгра, ушбу ҳидоятга яна бир яхшилик-солиҳ фарзанд беришини Аллоҳ таолодан сўрамоқдалар: «Парвардигорим, Ўзинг менга солиҳлардан ҳадя этгин».
Яъни, эй Раббим, Сендан шунингдек, ҳидоят билан бирга мен­га солиҳ бир зурриёт беришингни сўрайман, токи у Сен рози бў­ладиган бандалардан бўлсин, менга Сенинг амрингни одамларга тарқатишда ва Сенинг каломинг-сўзингни барча нарсадан устун бўлишини таъминлашимда ёрдамчи бўлсин. Шунда Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дуоларини ижобат қилиб, шундай дейди: «Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик».
Яъни, Биз Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дуосини мустажоб қи­либ, Ўз фаришталаримиз орқали ҳилм ва чиройли хулқлар билан безанган бир ўғилнинг хушхабарини бердик.
У Исмоил (алайҳиссалом) эдилар.
«Энди қачонки у билан бирга юрадиган бўлгач…»
Яъни, Исмоил (алайҳиссалом) ўз оталари қарамоғида улғайиб, Иброҳим (алайҳиссалом)га баъзи бир ишларни қилишга ёрдамлашиш даражасига етганларида, Иброҳим (алайҳиссалом) «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр килишингни бир ўйлаб кўр­гин», дедилар.
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) ўз ўғиллари Исмоил (алайҳис­салом)га дедилар: “Эй ўғилчам, мен тушимда сени қурбонлик қи­либ сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен, бу ҳақида қандай фикр­дасан?”
«Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўй­лаб кўргин». Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ таолонинг ушбу амри ҳа­қида ота-бола ўзаро маслаҳатлашишади. Лекин Иброҳим (алай­ҳиссалом) ўғиллари рози бўладиларми, йўқми, барибир уни амалга оширар эдилар. Ушбу сўзларни ўз ўғилларига айтишларидан мақсад, ушбу оғир амрни сал бўлса-да енгиллатиш, Исмоил (алай­ҳиссалом)га сабот ва сабр тилаш эди.
Хўш, Исмоил (алайҳиссалом) бунга қандай жавоб қайтарди­лар: «Эй отажон, сенга буюрилган ишни қилгин. Иншааллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан».
Ушбу жавоб Исмоил (алайҳиссалом)нинг саботлари ва ҳар қан­дай мусибат-синовларни кўтара олишлари ва Аллоҳ таолонинг ам­ри ҳамда ҳукмига бўйин эгишларидан дарак беради.
Яъни, ўғил отасига деди: “Эй отажон, Аллоҳ таоло сенга амр қилган ишни қилгин, ва бунда зинҳор иккиланма, Аллоҳ хоҳласа мени Унинг ҳукм ва иродасига сабр қилгувчилардан бўлишимни кўрасан”.
Шунингдек, Аллоҳ таоло барча пайғамбарлар (алайҳиссалом)­га ҳаёт поғоналарида Ўзи илҳом бериб, энг юқори одоб-ахлоқ даражасига етишлари, қалбан имон келтиришлари ва бошқа кўплаб ишларда уларга сабр-матонат ато этган. Исмоил (алайҳиссалом) Аллоҳнинг иродасига рози бўлдилар, ундан кейин нима бўлди? «Бас, иккиси ҳам бўйсуниб, пешонаси билан ётқизган эдики…».
Яъни, ота ва ўғил Аллоҳ таолонинг амрига бўйин эгиб, ота ўз ўғли Исмоил (алайҳиссалом)ни пешонаси билан ерга ётқизиб, энди сўйишга ҳозирланганида …
Ушбу ҳолат тўғрисида уламолар баъзи маълумотларни зикр қилиб ўтадилар: «Исмоил (алайҳиссалом)ни отаси қурбонлик қил­моқчи бўлганида, унга деди: «Эй отажон, мени маҳкам боғ­лаб қўй­гин, токи қимирлаб сенга халақит бермай, кийимингни қайи­риб ол, қоним кийимингга сачраб, онам уни кўриб қолса, мени эслаб, хафа бўлмасин, пичоқни яхшилаб ўткирлаб ол, токи мени сўяёт­ган­да осон бўлсин. Уйга қайтгач, онамга мендан салом айтгин!»
Сўнгра уларнинг бу таслим бўлишларига жавобан Аллоҳ таоло ўз фазлу карамини уларга ато этиб, бундай деди:
«Эй Иброҳим, дарҳақиқат, сен тушингни рост-бажо қил­динг». Албатта, Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз».
Яъни, улар Бизнинг амримизга таслим бўлиб, Иброҳим ўз ўғлини сўйиш учун ерга ётқизганида, Биз унга нидо қилдик: “Эй Иброҳим, сен Биз буюрган ишни қилдинг, тушингда кўрган нар­сани мукаммал адо этдинг. Бу сенинг имонда содиқлигингга ва ихлосингнинг қувватли эканлигига далолат қилади”.
Биз Иброҳим ва Исмоил (алайҳиссаломлар)нинг бошига туш­ган мусибатдан фориғ қилдик, улардан ғам-ташвишларни кў­тариб, даражаларини янада юқори қилдик. Биз яхши амал қил­гувчиларни худди шундай мукофотлаймиз.
«Албатта, бу очиқ-ойдин имтиҳондир, холос».
Яъни, Бизнинг ушбу икки пайғамбарни синашимиз, очиқ-рав­шан имтиҳондир, унда кучли имон заифидан ажралади. Буни фа­қатгина сабр-тоқат, салим қалб соҳиблари ва оламлар Раббиси бўлган Аллоҳ таолога чин мухлис бандаларгина кўтара олурлар.
Сўнгра «Биз ўрнига катта бир сўйиш-қурбонликни эваз қилиб бердик».
Яъни, Биз Исмоилнинг ўрнига Иброҳим учун катта бир қур­бонликни бердик.
Айтилишича, Аллоҳ таоло уларга оқ, шохдор ва вазни оғир бўлган бир қўчқорни эваз қилиб берган.
«Ва кейингилар орасида у ҳақида қолдирдик. Иброҳимга салом бўлгай! Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз».
Яъни, Биз пайғамбаримиз Иброҳим (алайҳиссалом)га Ўз фазлу эҳсонимиздан бир нишона сифатида унинг учун кейин келадиган умматлар орасида яхши хотира ва мақтовлар қилдик ва Биздан ҳамда мўминлардан жазо кунигача унга салом ёғилгай! Иброҳим (алайҳиссалом) ўз имонида содиқ тургувчи мўмин бандаларимиздандир. Биз чиройли амал қилгувчи бошқа мўмин бандаларимизни мана шундай мукофотлаймиз.

Исҳоқ (алайҳиссалом) туғилишининг башорат қилиниши

Иброҳим (алайҳиссалом)га Исҳоқ (алайҳиссалом)нинг дунёга келишлари учта – Ҳуд, Ҳижр ва Зориёт сураларида башорат қи­линади. Бу хушхабарни фаришталар Лут (алайҳиссалом)нинг қавмини ҳалок қилишга кета туриб Иброҳим (алайҳиссалом)га етказадилар. Энди, ушбу сураларда келган қиссаларни бирма-бир кўриб чиқамиз. Ҳуд сурасида келтирилган қисса қуйидаги оятлар билан бошланади.
«Дарҳақиқат, Бизнинг элчиларимиз Иброҳимга хушхабар билан келиб, салом бердилар. У ҳам: «Салом», деди-да, қараб турмай қовурилган бир бузоқни келтирди. Энди качон­ки у қўллари овқатга бормаётганини кўргач, уларни танимай қолди ва улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқ­магин, бизлар Лут қавмига юборилганмиз», дедилар. Хотини турган эди, кулди-хурсанд бўлди. Шунда Биз у аёлга Исҳоқ ҳақида ва Исҳоқдан кейин Яъқуб ҳақида хушхабар бердик. У деди: «Вой ўлмасам, ўзим кампир, мана бу эрим эса қари чол бўлса ҳам туғавераманми? Бу жуда қизиқ иш-ку!». Улар айтдилар: «Аллоҳнинг амридан ажабланаяпсанми? Эй хонадон эгалари, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлгай. Албатта, У ҳамду сано эгаси ва буюкдир» (Ҳуд, 69–73).
Аллоҳ таолонинг «Дарҳақиқат, Бизнинг элчиларимиз Иб­роҳимга хушхабар билан келиб…» оятидаги элчилардан мурод – Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)га ўғиллари Исҳоқнинг туғилиши башоратини бериш учун юборган бир гуруҳ фаришталардир. Ривоятларда уларнинг сони қанча бўлганлиги хусусида ихтилофлар бор. Ибн Аббос айтадилар: «Улар уч нафар бўлган: Жаб­роил, Микоил ва Исрофил».
Заҳҳок: «Уларнинг сони тўққизта» ва Судий эса: «Улар ўн бир фариштадан иборат бўлган», деган фикрларни айтиб ўтишган.
Ростини айтганда, уларнинг сони нечта бўлганлиги тўғри­сида бирон ишончли хабар йўқ. Шунинг учун уни Аллоҳ таолога ҳа­вола қиламиз.
«Башорат» сўзи «қувончли хабар» маъносини англатади. Башорат хабардан хосроқ, чунки унинг таъсири узоқ вақтгача сақ­ланиб қолади.
Ушбу жумлалар таъкидлаб айтилмоқда, мақсад Қурайш муш­рик­лари ва бошқаларга ушбу қиссалар ҳақ эканлигини англа­тишдир.
«(Улар) салом бердилар. У ҳам: «Салом», деди».
Бу нарса уларнинг ўртасида ўзаро салом-алик бўлиб ўтгани­дан дарак беради.
Шундан сўнг Иброҳим (алайҳиссалом) «Қараб турмай қову­рилган бир бузоқни келтирди».
Иброҳим (алайҳиссалом) ушбу элчиларга очиқ юз ва иззат-икром билан муносабатда бўлдилар.
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ҳузурига ўша элчилар келиб, саломлашишгач, у киши тезда ўз аҳлининг олдига шошиб кет­дилар ва оловда пиширилган бир семиз бузоқни олиб келдилар.
Сўнгра Иброҳим (алайҳиссалом)нинг меҳмонларни овқат емаётганларини кўргач, юз берган ҳолат баён қилинади: «Қачонки у қўллари овқатга бормаётганини кўргач, уларни танимай қолди ва улардан хавфсирай бошлади».
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) меҳмонларнинг ўз олдиларидаги нарсалардан емаётганларини кўргач, уларни танимай қолди ва қалбига қўрқув тушди, чунки меҳмонларнинг олдиларига тортилган нарсалардан емасликлари яхшилик белгиси эмасди. Шу сабаб фаришталар Иброҳим (алайҳиссалом)нинг қалбларини хо­тиржам қилиш мақсадида «Қўрқмагин, Бизлар Лут қавмига юборилганмиз», дедилар».
Яъни, эй Иброҳим, бизлардан зинҳор қўрқмагин, биз инсон наслидан бўлган меҳмонлар эмасмиз. Аллоҳ таоло бизни Лут­нинг қавмини ҳалок қилиш учун юборди.
Сўнгра Иброҳим (алайҳиссалом)нинг аёллари бу ҳодисага қан­дай муносабатда бўлганликлари ҳикоя қилинади: «Хотини турган эди, кулди-хурсанд бўлди. Шунда Биз у аёлга Исҳоқ ҳақида ва Исҳоқдан кейин Яъқуб ҳақида хушхабар бердик».
Қуртубийнинг таъкидлашича, у аёл Иброҳим (алайҳиссалом)­нинг рафиқаси Сора бўлиб, у ерда туришининг сабаби: баъзи бир ишларни бажариш ёки меҳмонларга хизмат қилиш эди.
Яъни, фаришталарнинг Иброҳим (алайҳиссалом)га айтган гап­ларини эшитган аёли ундан қўрқувнинг кетгани сабабли хурсандчиликдан кулиб юборди. Шундан сўнг Биз ўша аёлга Исҳоқ ва унинг ортидан Яъқубларнинг хушхабарини бердик.
Бу иккинчи бор қилинаётган башорат эди. Биринчиси Исмоил (алайҳиссалом) тўғриларида бўлган.
Ўша вақтда Сора фарзанд кўришдан умид қилиш ёшидан ўт­ганди, лекин ундан бирон зурриёт дунёга келмаган эди. Бу башоратни эшитиб, ажабланди ва ҳайрон бўлиб шундай деди: «Вой ўлмасам, ўзим кампир, мана бу эрим эса қари чол бўл­са ҳам туғавераманми? Бу жуда қизиқ иш-ку!».
Яъни, жуда ажойиб иш бўлди-ку! Мен ўзим аллақачон фар­занд кўриш ёшидан ўтган бўлсам, ва эрим Иброҳим ҳам анча ёшга бориб қолган бўлса ҳам туғавераманми?! Ушбу менга келтирган башоратингиз, жуда қизиқ бўлди. Одатда бу ёшда аёллар фарзанд кўрмайди!
Бунга жавобан фаришталар дедилар: «Аллоҳнинг амридан ажабланаяпсанми?»
Яъни, ушбу ёшда сенга ва эрингга Аллоҳ таоло ўз қудрати билан фарзанд ато қилишидан шубҳаланяпсанми? Йўқ, бу ўринсиз­дир, чунки Аллоҳ таолонинг қудрати чексиз. У ҳеч нарсадан ожиз қолмайди, балки ҳамма нарсага қодир Зотдир.
«Эй хонадон эгалари, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлгай».
Яъни, фаришталар уларнинг хурсандчилигини янада зиёда қилиш учун дедилар: «Эй муҳтарам хонадон эгалари, сизларга Аллоҳнинг кенг раҳмати, чексиз хайр-баракаси бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло «Ҳамду сано эгаси ва буюкдир».
Яъни, Аллоҳ Ўзи берган неъматларга кўплаб ҳамду санолар, шукрлар айтишга мустаҳиқ ва бандаларига яхшиликларни дариғ тутмайдиган Зотдир.
Ҳижр сурасида ҳам ушбу башорат таъсирли услубда ҳикоя қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
«Бандаларимга ёлғиз Менинг Ўзимгина мағфиратли, меҳ­рибон эканлигимни ва Менинг азобим энг аламли азоб эканлигини хабар қилинг. Яна уларга Иброҳимнинг меҳмонлари ҳақида хабар беринг. Ўшанда улар унинг ҳузурига келиб: «Салом», деганларида, у: «Биз сизлардан қўрқмоқдамиз», деди. Улар дедилар: «Қўрқмагин, биз сенга бир билимдон ўғил хушхабарини етказурмиз». У деди: «Менга кексалик етган пайтида хушхабар келтирдингизми? Энди менга ниманинг ҳам хушхабарини етказар эдингиз». Улар айтдилар: «Биз сенга ростдан ҳам хушхабар келтирдик. Бас, сен ноумид кимсалардан бўлмагин!». У деди: «Парвардигоримнинг фазлу раҳ­матидан фақат адашган кимсаларгина ноумид бўлурлар» (Ҳижр, 49–56).
Яъни, эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мўмин бандаларимга менинг гуноҳ қилгувчиларнинг мағфиратларини кўплаб қабул қилгувчи эканлигимни ва азобга муносиб бўлган осий бандалар учун Менинг азобим аламли ва шиддатли эканлигини айтинг!
Кўриниб турибдики, ушбу икки оятда Аллоҳ таоло мағфират-азоб, раҳмат-интиқом, ваъда-ваъид сўзларини жамлаб туриб, Ўз бандаларига хитоб қилмоқда. Бундан келиб чиқадики, мў­мин банда доим хавф ва ражо орасида бўлиши ва Аллоҳнинг раҳ­матидан зинҳор ноумид бўлмаслиги лозим. Бу ерда Аллоҳ­нинг мағфирати ва раҳмати Унинг азоби ва интиқомидан олдин зикр қилинмоқда. Бу нарсани Аллоҳ таолонинг иродаси тақозо этади, яъни У Зотнинг раҳмати ғазабидан, мағфирати интиқомидан устундир.
«Яна уларга Иброҳимнинг меҳмонлари ҳақида хабар беринг».
Яъни, бир нечта фаришталар Аллоҳ таолонинг изни билан одам суратида Иброҳим (алайҳиссалом) олдиларига тушиб, ун­га билимдон ўғилнинг башоратини берадилар.
«Ўшанда улар унинг ҳузурига келиб: «Салом», деганларида, у: «Биз сизлардан қўрқмоқдамиз», деди».
Иброҳим (алайҳиссалом) улардан қўрқишларига сабаб, аввало, улар у кишининг ҳузурларига рухсатсиз ва бемаҳал пайтда келган эдилар. Шунингдек, улар аввалдан Иброҳим (алайҳис­салом)га таниш эмасдилар, қолаверса, ўз олдиларига қўйилган таомдан ҳам емадилар. Сўнгра фаришталарнинг Иброҳим (алай­ҳиссалом)ни хотиржам қилиш мақсадида айтган гаплари келтирилади:
«Улар дедилар: «Қўрқмагин, биз сенга бир билимдон ўғил хушхабарини етказурмиз».
Яъни, сен бизлардан қўрқмагин, биз сенга кўп илм эгаси бўлган бир ўғилнинг хушхабарини етказиш учун келдик. Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида ушбу башорат Иброҳим (алайҳиссалом)нинг аёл­ларига берилгани айтилган бўлса, мазкур сурада бевосита Иб­ро­ҳим (алайҳиссалом)га башорат берилмоқда. Эҳтимол, уларга бир вақт­нинг ўзида ёки турли вақтларда хушхабар берилгандир.
Яъни, аввал Иброҳим (алайҳиссалом)га сўнгра аёли келгач, ун­га ҳам хушхабар беришган. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ка­ломи ҳам далолат қилади:
«(Иброҳимнинг) хотини турган эди. У кулди-хурсанд бўл­ди. Шунда Биз у аёлга Исҳоқ ҳақида ва Исҳоқдан кейин Яъқуб ҳақида хушхабар бердик» (Ҳуд, 71).
Кейин, фаришталар башорат бергач, Иброҳим (алайҳиссалом)­нинг уларга нима деганлари айтиб ўтилади: «Менга кексалик етган пайтида хушхабар келтирдингизми? Энди менга ниманинг ҳам хушхабарини етказар эдингиз».
Яъни, қарилик менга йўлиқиб, ёшим бир жойга бориб қол­ганидагина ўғил кўришим ҳақида хушхабар берасизларми?
Аслида Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг қудрати чексизлиги ва унинг амрининг сўзсиз бажарилишидан таажжубга тушган эдилар.
Фаришталар унга дедилар: «Биз сенга ростдан ҳам хушха­бар келтирдик. Бас, сен ноумид кимсалардан бўлмагин!»
Яъни, эй Иброҳим, Биз сенга ҳақиқатан фарзанд кўришинг ҳақида хушхабар бердик. Сен ҳеч вақт Аллоҳ таолонинг раҳ­матидан умидсизланмагин. Зеро, Унинг куч-қудрати чексиз ва У Зот ҳеч нарсадан ожиз қолмайди.
Сўнгра Иброҳим (алайҳиссалом) ўз камчиликларини ювиш, айбларини ёпиш мақсадида шундай дедилар: «Парвардигоримнинг фазлу раҳматидан фақат адашган кимсаларгина но­умид бўлурлар».
Яъни, Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид эмасман, чунки фақат тўғри йўлдан адашганларгина Унинг раҳматидан умидсизланадилар.
Зориёт сурасида ҳам ушбу қисса ўзгача услубда ҳикоя қи­линади. Аллоҳ таоло айтади:
 «Сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақида­ги хабар келдими? Ўшанда улар унинг ҳузурига кириб, «Салом», дейишган эди, у ҳам: «Салом, (булар) нотаниш қавм-ку», деди. Сўнг аста оиласи олдига чиқиб, бир семиз бузоқни кел­тирди-да, уни уларга яқин қилиб, «Емайсизларми?», деди. Улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин», дедилар ва унга бир доно ўғил хушхабарини бердилар. Шунда унинг хотини қичқирганча келди-да, ўзининг юзига уриб: «(Ахир мен) туғмаган кампир(ман)ку!», деди. Улар айтдилар: «Парвардигоринг мана шундай деди. Албатта, Унинг Ўзиги­на ҳикмат ва билим соҳибидир» (Зориёт, 24–30).
Ушбу қисса унинг аҳамиятини ошириш мақсадида савол тар­зида келтириб ўтилмоқда. Зеро, у тўғрисидаги илм фақатгина ваҳий орқали амалга оширилади.
Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга Иброҳим (алайҳиссалом)нинг икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар кел­мадими? Биз сизга тушираётган ушбу Қуръонда уларнинг ҳам қис­салари бор ва уни сизга рўйирост ҳикоя қилурмиз.
Аллоҳ таоло ушбу фаришталарни «икромли-ҳурматли» дея сифатламоқда, чунки улар Аллоҳга итоат этиш билан ҳурмат қо­зонганлар, шунингдек, Иброҳим (алайҳиссалом) ҳам уларни иззат-икром билан кутиб олдилар.
«Ўшанда улар унинг ҳузурига кириб, «Салом», дейишган эди, у ҳам: «Салом, (Булар) нотаниш қавм-ку», деди».
Сўнгра ушбу нотаниш кишиларга қандай муносабатда бўл­ганлари ҳикоя қилинади: «Сўнг аста оиласи олдига чиқиб, бир семиз бузоқни келтирди-да, уни уларга яқин қилиб, «Емайсизларми?», деди».
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) меҳмонларга билдирмай ўз аҳли аёллари олдига бордилар ва бир семиз бузоқни олиб келиб, уларга яқин қўйдилар, сўнгра лутф билан: “Таомдан емайсизларми?”, дедилар.
Лекин Иброҳим (алайҳиссалом) уларга иззат-икром билан му­омала қилсалар ҳам улар унинг даъватига жавоб қайтармай, тао­мидан бир луқма ҳам еб кўрмадилар. Шунинг учун Иброҳим (алайҳиссалом) «Улардан хавфсирай бошлади».
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг таомлари ширин бўлса ҳам, уларнинг бундан юз ўгиришларини кўриб, нафсларида бир қўрқув пайдо бўлди.
Шунда фаришталар ўзларини танитиш мақсадида «Қўрқ­магин», биз Аллоҳнинг элчиларимиз дедилар ва «Бир доно ўғил хушхабарини бердилар».
Сўнгра Иброҳим (алайҳиссалом)нинг аёллари ушбу башоратни эшитгач, қандай аҳволга тушгани ҳикоя қилинади: «Шунда унинг хотини қичқирганча келди-да, ўзининг юзига уриб: «(Ахир мен) туғмаган кампир(ман)ку!», деди».
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг аёллари Сора бинти Хорон ушбу башоратни эшитгач, қичқирганча, таажжубланиб, қў­ли билан юзига урди ва: “Мен бир туғмас кампир бўлсам, қандай қилиб фарзанд кўришим мумкин?!” деди.
Шу ерда фаришталар унинг ажабланишини кетказиш мақса­дида жавоб бериб ўтадилар: «Парвардигоринг мана шундай деди. Албатта, Унинг Ўзигина ҳикмат ва билим соҳибидир».
Яъни, фаришталар Иброҳим (алайҳиссалом)нинг аёлига дедилар: “Шу ёшингда фарзанд кўришингдан ажабланма. Бу ҳукм Раббингнинг ҳукмидир. Биз сенга етказган башорат Аллоҳ таолонинг сўзидир, уни қайтаргувчи йўқдир. У Аллоҳ ҳар бир ишни ҳикмат билан адо қилади ва у Зот махлуқотларининг ҳолидан доимо огоҳдир”.
Юқорида келтириб ўтилганлардан билиш мумкинки, Ибро­ҳим (алайҳиссалом)га ўғиллари Исҳоқ (алайҳиссалом)нинг башорат қи­линиши турли сураларда, турли хил услубда ҳикоя қи­линган, лекин уларнинг моҳияти бир, бириси иккинчисига зид эмас. Бу ҳам Қуръони карим Аллоҳ таолонинг даргоҳидан нозил бўлганлигига очиқ-ойдин ҳужжатдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Агар у (Қуръон) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўл­са эди, унда кўп ихтилофларни топган бўлур эдилар» (Ни­со, 82).

Иброҳим (алайҳиссалом)нинг Байтул Ҳаромни қуришлари ҳақидаги қисса

Қуръони каримнинг кўпгина оятларида Масжидул Ҳаром­нинг бино қилиниши, Аллоҳ таолонинг Иброҳим (алайҳиссалом)га шу ишни буюриши тўғрисида ҳикоя қилинади. Аввал, Ҳаж сура­сида келтириб ўтилганларни кўриб чиқамиз. Аллоҳ таоло айтади:
«Эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини белгилаб бериб, «Сен менга бирон нарсани шерик қилмагин ва менинг Байтим – Уйимни тавоф қилгувчилар қиём, руку, сажда қилгув­чилар учун пок тутгин! Ва одамлар орасида ҳажга ча­қиргин, улар сенга яёв ҳолларида ва барча йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар. Улар ўзлари учун бўлган манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар). Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар. Сўнгра улар кирларини кетказсинлар, назрларини тўла адо қилсинлар ва «Эски уй»ни тавоф қилсинлар!» (Ҳаж, 26–29).
Баъзи уламолар шундай дейишган: «Муфассирлар айтиша­дики, Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)га Байтуллоҳнинг ўр­нини аниқлаб, кўрсатиб берди. «Хужуж» номли кучли шамол натижасида у уйнинг асоси қулаб, харобага айланган эди. Сўнг­ра Иброҳим ва Исмоил (алайҳиссаломлар) уни бино қилишди. Бу жой аввал журҳумликларнинг қўйлари сақланадиган жой бўлган» (Шу сабабли Аллоҳ таоло ушбу икки пайғамбарига у ерни поклашни амр этмоқда. – Тарж).
Аллоҳ таолонинг «Байтуллоҳнинг ўрнини», дейиши, у ерда аввал бир бино бўлганидан дарак беради.
Яъни, эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз Ибро­ҳим (алайҳиссалом)га Байтул Ҳаромнинг жойини аниқлаб бериб, Бизга ширк келтирмаслик ва ихлос билан ибодат қилишга буюрганимизни, шунингдек, ушбу маконни маънавий ва моддий но­пок­ликлар, жумладан, куфр, бидъат, залолат ва нажосатлардан пок­лашни ва тавоф қилгувчилар, намоз ҳамда бошқа ибодатларни адо этгувчилар учун тоза тутишларини амр этганимизни эсланг.
Шу оятдан келиб чиқиб, уламолар шундай дейишади: «Байтул Ҳаромда бирон нопоклик ва нажосат нарсаларни қолдириш жоиз эмас, бу ерда ҳеч ким Аллоҳ рози бўлмайдиган ишларни қил­май­ди ва ҳамма у ерни пок тутиши лозим». Сўнгра Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Иброҳим (алайҳиссалом)га ўша ерни белгилаб бергач, нимага амр қилгани айтилади: «Ва одамлар орасида ҳажга чақиргин, улар сенга яёв ҳолларида ва барча йироқ йўллар­дан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар».
Яъни, эй Иброҳим, одамларга Ҳажнинг фарз эканлигини эълон қилинг, улар сизнинг даъватингизга жавобан пиёда ва йўл узоқ­лиги сабаб ҳолдан тойган уловларида узоқ-узоқ жойлардан ҳам келурлар.
Ибн Касир айтадилар: «Яъни, эй Иброҳим, одамларни сенга уни бино қилишни буюрганимиз ушбу Уйни ҳаж қилишга ча­қиргин. Зикр қилинишича, у киши дедилар: Эй Аллоҳим, мен одам­ларга қандай қилиб етказаман, овозим уларгача етмайди-ку? Шунда айтилади: Сен уларни чақиравергин, етказиш эса Биздандир. Сўнгра Иброҳим (алайҳиссалом) бир тош устига (ёки Сафога) чиқиб дедилар: Эй одамлар, дарҳақиқат, Парвардигорингиз ушбу Уйни сизлар учун танлади. Бас, уни ҳаж қилинглар. Шунда, тоғлар паст бўлди ва унинг овози ер юзи бўйлаб тарқалди. Буни эшитган одамлар, унга ижобат қилиб, «Лаббайка Аллоҳумма лаббайка…», деб Байтул Ҳаром томон кела бошладилар» .
(таржимаси: «Эй Парвардигор, мана биз Сенинг ҳузурингдамиз, даъватингга ижобат қиламиз».)
Сўнгра, Ҳаж ибодатини адо этишдан келадиган манфаат­лар эслатиб ўтилади: «Улар ўзлари учун бўлган манфаатларга шоҳид бўлишлари учун…»
Яъни, эй Иброҳим, одамлар узоқ жойлардан ўзлари учун ҳам дунёвий, ҳам ухровий фойда кўришлари учун келадилар.
Ухровий манфаатлар: гуноҳларининг кечирили­ши, дуоларининг ижобат қилиниши ва Аллоҳнинг ризолигига эришишлари.
Дунёвий манфаатлар: одамлар ушбу пок маконда йиғилишиб, ўзаро бир-бирлари билан танишадилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қиладилар, савдо орқали бир-бирлари билан маҳсулот айрибошлайдилар ва Аллоҳ таоло ҳалол қилган бошқа амалларни бажарадилар.
«Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳай­вонлари устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун…».
«Маълум кунлар»дан мурод, Зул-Ҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги, яъни Ташриқ кунларидир.
Қурбонлик қилинадиган чорва ҳайвонларига асосан, туя, сигир ва қўй киради.
Яъни, ушбу муборак кунларда Аллоҳ таолонинг зикрини кў­пайтириб, Унга тоат этишлари ва Унга шукроналик маъносида чорва ҳайвонларини Аллоҳ таолонинг йўлида қурбонлик қилиш­лари учун келурлар.
«Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар, бечора камба­ғалларга ҳам едиринглар».
Яъни, ушбу чорва молларини қурбонлик қилгач, унинг гўш­ти­дан ўзларингизнинг ҳожатингиз учун ишлатинглар ва эҳтиёж­манд, фақир кишиларга унинг бир қисмини тарқатингизлар.
Сўнгра гуноҳлардан покланиб ва эҳромдан чиққанларидан сўнг нима қилишлари лозимлиги айтилади: «Сўнгра улар кирларини кетказсинлар, назрларини тўла адо қилсинлар ва «Эски уй»ни тавоф қилсинлар!»
Яъни, ўзларига фарз бўлган ибодатларни бажаргач, улар ҳар хил нопоклик ва кирликлардан тозалансинлар, Ҳажда Аллоҳ таоло йўлига қилган назрларини адо қилсинлар ва Биз бандамиз ва расулимиз Иброҳимга бино қилишни амр этган мана шу «Эски Уй» ни тавофул ифоза қилсинлар.
Бақара сурасида ҳам Байтул Ҳаромнинг бино қилиниш қис­саси ва бу жараёнда Иброҳим (алайҳиссалом)нинг Аллоҳ тао­лога қилган дуолари келтириб ўтилган. Аллоҳ таоло айтади:
«Эсланг, Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик ва Иброҳимнинг турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг, (дедик) ва Иброҳим ва Исмоилга: «Менинг Байтимни тавоф қилгувчилар, турувчилар, руку-сужуд эгалари учун пок тутинг», деб буюрдик. Эсланг, Иброҳим: «Эй Парвардигор, бу шаҳарни тинч шаҳар қилгин ва унинг аҳлларидан Аллоҳ ва Охират кунига ишонувчиларни турли мевалар билан ризқлантиргин», деганида, Аллоҳ таоло: «Кофирларни ҳам бир оз фойдалантириб, сўнгра дўзах азобига дучор қила­манки, бу энг ёмон оқибатдир», деди. Эсланг, Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро биздан Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, Сен эшитгувчи, билгувчисан! Парвардигоро, бизни Ўзингга бўйсунувчилардан қилгин ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга итоат қиладиган кишиларни (чиқаргин). Ва бизга ибодатларимизни ўргатгин ҳамда тавба-тазарруларимизни қабул эт! Шубҳасиз, Сен тавбаларни қабул қилгувчи раҳмлидирсан. Парвардигоро, уларнинг орасига ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикматни ўргатадиган ва уларни поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Шубҳасиз, сен қудрат ва ҳикмат соҳибисан» (Бақара, 125–128).
Яъни, эсланг, эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёки эй оқил инсон, Биз Байтул Ҳаром ва Каъбаи шарифни одамларга бошпана ва улар бутун дунёдан келадиган ҳамда улар учун тинч-хотиржам, ҳар қандай хавф-хатардан холи бўлган бир макон қи­либ қўйдик. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай дейди:
«Шунингдек, унга кирган одам омон бўлур» (Оли-Имрон, 97).
«Ва Иброҳимнинг турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг, (дедик)».
Бу Иброҳим (алайҳиссалом) Масжидул Ҳаромни қураётган чоғ­ларида турган ерларини шарафлаш учун айтилмоқда.
(Бу ерда «Иброҳимнинг турган ўрни» деб таржима қилинган жумла одатда «Иброҳим мақоми», деб аталади. – Таржимон.)
Ояти каримада келтирилган Иброҳим мақомидан мурод: Иб­роҳим (алайҳиссалом) Каъбани қураётганларида унинг устида тур­ган тошдир. Ўша тош устида туриб Каъбани бино қилганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Каъбани етти марта тавоф қилиб, сўнгра (Иброҳим) мақоми орқасида икки ракат намоз ўқидилар» (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Касир айтадилар: «Иброҳим мақоми» деб аталувчи бу тош қадимдан Каъба деворига ёпишиб туради, унинг ҳозирги жойи кираверишда, эшикнинг ўнг тарафидадир. Иброҳим (алай­ҳиссалом) Байтуллоҳни қуриб бўлганларидан сўнг бу тошни Каъба деворига қўядилар.
Уни Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Каъба деворидан ҳо­зирги ўрнига олдирадилар. Бу ишни қилишдан у кишини са­ҳо­баларнинг ҳеч қайсиси қайтармаган .
«Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Менинг Байтимни тавоф қил­гувчилар, турувчилар, руку-сужуд эгалари учун пок тутинг», деб буюрдик».
Яъни, Биз Иброҳим ва ўғли Исмоил (алайҳиссаломлар)га буюрдик ва ваҳий қилдик: Сизлар Байтул Ҳаромни Аллоҳ таолонинг Уйига муносиб бўлмаган ҳар қандай нопоклик ва бидъатлардан тозаланг. Уни тавоф қилиб, тоат-ибодат қилувчилар ва ичида намозни адо этувчилар учун бир макон қилинг, дедик.
Сўнгра Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дуолари келтириб ўти­лади: «Эсланг, Иброҳим: «Эй Парвардигор, бу шаҳарни тинч шаҳар қилгин ва унинг аҳлларидан Аллоҳ ва охират кунига ишонувчиларни турли мевалар билан ризқлантиргин», деди.
Яъни, Эй Аллоҳ, Сендан дуо қилиб сўрайманки, ушбу Байтинг бўлмиш Маккани одамлар унда хотиржам бўладиган тинч шаҳар қилгин, шунингдек, эй Аллоҳим, бу шаҳар аҳли орасидан Сенга ва Қиёмат кунига имон келтирганларни турли-туман мевалар билан ризқлантиришингни сўрайман.
Шундан кейин Аллоҳ таоло кофирларнинг тақдирини баён қилади: «Кофирларни ҳам бир оз фойдалантириб, сўнгра дўзах азобига дучор қиламанки, бу энг ёмон оқибатдир».
Яъни, Аллоҳ деди: “Кимки Менга ва Охират кунига куфр келтириб имон келтириш лозим бўлган нарсаларга ишонмаса, уларни бир оз муддат дунё неъматлари билан озиқлантираман, лекин Қиёмат куни уларнинг макони ўша ер бўлади, нақадар ёмон тақдир, бу!”
«Эсланг, Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳ­нинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро, биздан Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, Сен эшитгувчи, билгувчисан!»
Яъни, эй оқил инсон, ушбу икки пайғамбар Байтуллоҳнинг асосини кўтараётиб: “Эй Парвардигор, бизлардан сўзимиз ва амал­ларимизни қабул қил. Зеро, Сен сўзларимизни эшитувчи ва ҳолимизни билиб турувчисан!», деганларини эслагин.
Шунингдек улар дедилар: “Эй Аллоҳ, бизларни амрингга қулоқ тутиб, бўйсунувчилардан қилгин ва зурриётимиздан ҳам сенга ихлосли кишиларни чиқаргин. Бизга динимиз қоидаларини, Ҳаж амалларини таълим бергин. Ва бизни тавбага юзлантиргин ҳа­м­да бизлардан қабул эт! Зеро, сен ҳожамизсан тавба қилувчилар­нинг чин қалбдан қилган тавбаларини қабул этгувчидирсан!”

Иброҳим (алайҳиссалом) қиссасидан олинадиган
фойда ва ибратлар

Қуръони каримни ўқиб, уни тафаккур қилган инсон ўзига кўп­лаб фазилат ва хислатларни олиши мумкин. Кўп ўринларда Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Иброҳим (алайҳиссалом)ни мақтаб зикр қил­ган. Энди, у кишининг фазилатларини кўриб чиқамиз.
1. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг одамларга имом (йўлбошчи) эканликлари.
Аллоҳ таоло айтади:
«Эсланг, Иброҳимни Парвардигори бир неча сўзлар билан имтиҳон қилганида, уларни бенуқсон ҳолда адо этди. Шунда (Аллоҳ таоло): «Албатта, Мен сени одамларга имом қил­гув­чиман», деди. «Зурриётимни ҳам-а?», деб сўради у. (Аллоҳ тао­ло) айтди: «Менинг бу аҳдим золим кимсаларга етмайди”».
Бу ердаги имтиҳондан мурод, Аллоҳ таолонинг Иброҳим (алай­ҳиссалом)га амр-таклиф ва наҳйи-қайтариқлар билан синаб кў­ришидир.
Аллоҳ таоло бандаларини сабр қилсинлар деб қийинчилик, машаққат билан, шукр қилсинлар учун яхшилик ва неъмат бериб синайди. Бу икки ҳолатда ҳақиқий мўмин ким эканлиги аён бў­лади. Аллоҳ таоло айтади:
«Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам «алдаб» имтиҳон қилурмиз» (Анбиё, 35).
Муфассир олимлар ушбу сўзлардан мурод нима эканлиги ҳа­қида ихтилоф қилишган. Имом ибн Жарир Табарий ушбу оятнинг тафсирида қуйидагиларни айтадилар: «Бу сўзлардан мурод нима эканлиги тўғрисида бирон ишончли хабар йўқ, лекин бизнингча, энг тўғри фикр шуки: Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)га кўпгина амр-топшириқларни буюрган ва у аъло даражада, мукаммал бажарган».
Шу сабабли Аллоҳ таоло у кишини бир ояти каримада қуйи­да­ги сифат билан мақтайди:
«Ёки вафодор зот – Иброҳимнинг (саҳифаларидаги хабар­ларидан) ҳамми?!» (Нажм, 37).
Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунга­ни, ўз аҳдига ҳеч оғишмай вафо қилганлари сабаб шундай демоқ­да: «Албатта, Мен сени одамларга имом қилгувчиман».
Яъни, сени, эй Иброҳим (алайҳиссалом), одамларга имом қи­либ қўяман, улар сенинг сўзинг ва амалингга эргашиб, сени ўз­ларига ўрнак қилиб оладилар.
Шунда Иброҳим (алайҳиссалом) дедилар: «Зурриётимни ҳам-а?»
Яъни, эй Аллоҳим, мен Ўз фазли-караминг билан одамларга имом қилганинг каби, зурриётимдан ҳам шундайларни чиқар­гин, чунки мен авлодларимдан одамларга имомлик қиладиган кишиларнинг бўлишини хоҳлайман.
Бу нарса, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг яхшиликни нафақат ўзларига, балки келажак зурриётларига ҳам раво кўришларидан дарак беради.
Бунга жавобан Аллоҳ таоло шундай дейди: «Менинг бу аҳ­дим золим кимсаларга етмайди».
Яъни, Аллоҳ таоло ўз бандаси Иброҳим (алайҳиссалом)га де­ди: “Мен сенинг талабингни ижобат қиламан, фақат бу сенинг нас­лингдан бўлган солиҳ кишиларгагина тегишли, улар бошқалар­га имомлик қиладилар, лекин улардан кимки золим бўлса, унда одамларга имомлик қилишга лойиқ эмаслар”.
Бу оят Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом) зурриётининг баъ­зиларидан пайғамбар ва расуллар чиққанига далолатдир. Сў­зи­мизга исбот сифатида қуйидаги оятни келтириб ўтамиз:
«Биз (Иброҳимга ўғли) Исҳоқ ва (набираси) Яъқубни ҳадя этдик ҳамда пайғамбарликни ҳам, Китобларни ҳам унинг зурриётига (хос) қилдик ва унга шу дунёда ҳам ажр-му­ко­фотини бердик, албатта, у Охиратда ҳам солиҳ зотлардандир» (Анкабут, 27).
Қуйидаги оятда Иброҳим (алайҳиссалом)нинг наслидан ҳам муҳсин, ҳам золим кимсалар борлиги айтилади:
«Ва яна Биз унга – пайғамбар (ва) яхшилардан (бўлғуси) Ис­ҳоқнинг хушхабарини бердик. Ва (Иброҳимга) ҳам, Исҳоққа ҳам (дину дунёларида) баракот бердик. Уларнинг зурриётла­ридан чиройли амал қилгувчи ҳам, ўз жонига очиқ жабр қил­гувчи ҳам бўлур» (Соффот, 112–113).
2. Аллоҳ таолонинг Иброҳим (алайҳиссалом)ни бу дунёда танлаб олиши.
Аллоҳ таолонинг ўз бандаси Иброҳим (алайҳиссалом)ни одамларга Ҳақ динга эргашишни даъват этиш учун танлаб олган­ли­ги тўғрисида кўпгина оятларда айтилган. Аллоҳ таоло айтади:
«Иброҳимнинг динидан фақат енгилтакларгина юз ўги­радилар. Ҳақиқатан, Биз дунёда уни танлаб олдик ва у Охиратда шубҳасиз, солиҳлардандир. Эсланг, Парвардигори ун­га: «Бўйсун!» деганида: «Бутун оламлар эгасига бўйсундим», деди. Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу динни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта, Аллоҳ сизлар учун шу динни танлади. Бас, мусулмон бўлган ҳолингизда дунё­дан ўтинг!». Ёки Яъқубга ўлим келгач, у ўғилларига: «Мендан ке­йин нимага ибодат қиласизлар?», деганида: «Сенинг Танг­рингга ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг Танг­риси бўлмиш ягона Аллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақат Унинг Ўзигагина бўйсунувчилармиз», деб жавоб қил­ганлари­га гувоҳ бўлганмисизлар?» (Бақара, 130–133).
Яъни, ҳеч ким Иброҳим динини ёмон кўриб ундан юз ўгир­май­ди ва Аллоҳга ширк келтирмайди, илло кимки ўз нафсига зулм қилса, тўғри йўлдан адашиб, залолатга кетса, шундай қилади.
«Ҳақиқатан, Биз дунёда уни танлаб олдик ва у охиратда шубҳасиз, солиҳлардандир».
Бу Аллоҳ таоло томонидан ўз бандаси Иброҳим (алайҳисса­лом)га бўлган юксак мадҳ, мақтовдир.
Яъни, Аллоҳга қасамки, Биз Иброҳимни амр-фармонлари­миз­ни ушбу дунёда одамларга етказиши ва уларни Ҳақ йўлга ҳидоят қилиши учун танлаб олдик. Шубҳасиз, у Охиратда тўғри йўлда мустақим боргувчи солиҳлардан ва Аллоҳнинг ризолиги, Унинг ажр-савоби ва жаннати насиб этадиган зотлардандир.
Сўнгра Аллоҳ таоло ушбу танлаб олишнинг сабабини келтириб ўтади: «Эсланг, Парвардигори унга: «Бўйсун!» деганида: «Бутун оламлар эгасига бўйсундим», деди».
Яъни, Раббиси Иброҳимни ушбу олий мақомга кўтаришига сабаб, у: «Менга бўйсун, ихлос билан ибодат қил» деганида, Иб­роҳим Аллоҳнинг амрига тезлик билан жавоб қилди ва деди: “Эй Раббим, мен Сенга ихлос билан ибодат қиламан, тоатингга бўйсунаман”.
Шунга ўхшаш ояти карима бошқа сурада ҳам келтирилган:
Иброҳим (алайҳиссалом) дедилар: «Мен Ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлар ва ерни яратган Зотга қа­ратдим ва мен мушриклардан эмасман» (Анъом, 79).
Бошқа оятда Аллоҳ таоло айтади:
«Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки Ҳақ йўл­дан тоймаган ҳолида (Аллоҳга) итоат қилгувчи киши бўл­ган. У мушриклардан ҳам бўлмаган» (Оли Имрон, 67).
Яна бир бошқа оятда Ҳақ таоло шундай дейди:
«Чиройли амал қилгувчи ҳолида ўзини Аллоҳга топшир­ган ва Ҳақ йўлдан оғмаган Иброҳимнинг динига эргашган кишининг (яъни, чин мусулмоннинг) динидан ҳам гўзалроқ дин борми?! (Ахир) Иброҳимни Аллоҳ Ўзига дўст тутган» (Нисо, 125).
Сўнгра Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ўз нафсларини камол топтириш билан чекланмай, уни бошқаларга ҳам даъват қил­ганлари айтилади:
«Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу динни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта, Аллоҳ сизлар учун шу динни танлади. Бас, мусулмон бўлган ҳолингизда дунё­дан ўтинг!»
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) нафақат ўзлари Аллоҳга бўй­сундилар, балки фарзандларини ҳам Ҳақ динга итоат этишга ча­қирдилар, шунингдек, Яъқуб (алайҳиссалом) ҳам шундай қил­ди­лар. Уларнинг ҳар иккиси ўз ўғилларига деди: “Эй ўғилларим, дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизлар учун ушбу Ислом динини танлади. Аллоҳ бу диндан бошқасини қабул қилмас. Шундай экан, сизларга ўлим вақти келиб, ушбу дунёдан ўтгунингизгача бу динда собитқадам бўлинглар. Уни маҳкам ушланглар”.
3. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ўз аҳдларига вафо қилишлари
Ушбу сифат Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)ни васф қил­ган энг биринчи ва асосий сифатдандир. Бунга ушбу оят ҳам далолат қилади:
«Ёки унга Мусонинг ва (аҳдига) вафодор зот бўлган Ибро­ҳимнинг саҳифаларидаги сўзлар хабари берилмаганмиди?» (Нажм, 36–37).
Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)ни Аллоҳнинг ҳақлари­ни тўла адо этганликлари сабабли ушбу сифат билан мақтамоқда.
Энди, буларга бир неча суралардан мисоллар келтирамиз.
Аллоҳ таоло у кишига: «Бўйсун», деганида, шундай жавоб қил­дилар: «Бутун оламлар эгасига бўйсундим».
Иброҳим (алайҳиссалом) умрларининг охиригача ушбу ваъ­даларига содиқ қолиб, ўз Холиқига тоат-ибодат билан ҳаёт кечирдилар.
Аллоҳ таоло айтади:
«Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта, мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган Зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (Ҳақ динга) ҳидоят қилажак. У (Иброҳим) ўшани (яъни, ўзининг Аллоҳ таолога ибодат қилиши ҳақидаги сўзни ўзидан ке­йин келадиган зурриёт-авлодлари ҳам унга) қайтишлари учун ўз ортида қолгувчи сўз қилди» (Зухруф, 26–28).
Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳга қасамки, сизлар кетганларингиздан кейин бутларингизни бир бало қилурман», (деди). Бас, у (бутларни) парча-парча қилди. Фақат, «Шояд (мушриклар у бутларнинг) каттасига қайтсалар (ва бу айбни тўнкасалар» деб), ўшанигина (қол­дирди) (Анбиё, 57–58).
Шунингдек, Иброҳим (алайҳиссалом) ўз оталарига унинг ҳа­қи­га Аллоҳдан истиғфор сўрашга ваъда берган эдилар:
«(Иброҳим) деди: «Сенга омонлик бўлсин. Энди мен Парвардигоримдан сени мағфират қилишини сўрайман. Шак-шуб­ҳасиз, У менга меҳрибон бўлган Зотдир» (Марям, 47).
Иброҳим (алайҳиссалом) ушбу истиғфор сўрашда токи оталари куфрда давомли кетиши аниқ бўлгунга қадар давом этдилар, буни англагач, ушбу ишни бас қилдилар:
«Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Энди қачонки унга (отаси) Аллоҳ­нинг душмани эканлиги аниқ-маълум бўлгач, ундан бутунлай тонди. Албатта, Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир» (Тавба, 114).
(Бу ерда «кўнгилчан» деб таржима қилинган сўз араб тилида «ав­воҳ», деб келтирилган. – Тарж.)
Абдуллоҳ ибн Шаддод (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Бир киши келиб: «Эй Расулуллоҳ «аввоҳ» дегани нима?» деб сў­ради.
У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай жавоб бердилар: «Бу хушу-хузули ва (Аллоҳга) кўплаб дуо қилгувчи кишидир» (Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Шунингдек, Иброҳим (алайҳиссалом) ўз ўғилларини тушла­рида сўяётганларини кўриб ҳам ушбу амрга вафо қилдилар. Ва­ҳоланки, Аллоҳ таоло у кишига ёшлари бир жойга бориб, кексайган пайтларидагина ўша ўғилни берган эди. Лекин Иброҳим (алайҳиссалом) ҳеч қандай тараддудсиз ушбу ишни амалга оширдилар. Аллоҳ таоло бунинг эвазига у кишига мукофот берди ва Исмоил (алайҳисса­лом)ни катта бир қурбонликка алмаштирди. Аллоҳ таоло айтади:
«Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик. Энди қачонки у (бола катта бўлиб, отаси Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): «Эй ўғилчам, мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эди. У айтди: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигоринг то­монидан) буюрилган ишни қилгин. Иншааллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан». Бас, қачонки иккиси ҳам (Аллоҳ­нинг ваҳийсига) бўйсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбонлик қилиш учун) пешанаси билан ётқизилган эдики, Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақикат, сен (кўрган) ту­шингни рост бажо қилдинг». Албатта, Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта, бу очиқ-равшан имтиҳондир, холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни – қурбонликни эваз қилиб бердик» (Соффот, 101–107).
Шундай қилиб, Иброҳим (алайҳиссалом) қилиниши керак бўл­ган ишларни мукаммал ҳолда амалга ошириб, берган ваъда­ларига доимо вафо қилдилар.
4. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг кўпгина яхшиликларни ўзла­рида жамлаган эканликлари
Ушбу сифатни Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида кўришимиз мумкин:
«Албатта, Иброҳим Аллоҳга итоат қилгувчи, Ҳақ йўлдан тойилмаган бир уммат эди. У мушриклардан эмас эди. У (Аллоҳ­нинг) неъматларига шукр қилгувчи эди. Биз унга бу дунёда эзгулик ато этдик. Албатта, у Охиратда ҳам солиҳ­лар­дандир. Сўнгра сизга Ҳақ йўлдан тойилмаган Ибро­ҳим­нинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик» (Наҳл, 120–123).
Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло Ўз Халили Иброҳим (алай­ҳиссалом)ни бир неча сифатлар ва мақтовлар билан васф қил­моқда. Улардан биринчиси, у кишининг «бир уммат» эканлик­лари «уммат» сўзининг бир қанча маънолари бор, улардан бири «гуруҳ, жамоа» маъноси, Аллоҳ таоло айтади:
«Қачонки у Мадян сувига етиб келгач, у жойда бир тўп одамларнинг суғораётганларини кўрди…» (Қасас, 23).
Яъни, Мусо (алайҳиссалом) Мадян қудуғига келганларида ўз чорваларини суғораётган бир гуруҳ одамларни кўрдилар.
«Уммат» сўзининг иккинчи маъноси «дин ва миллат». Аллоҳ таоло айтади:
«Йўқ улар (шундай) дедилар: «Албатта, бизлар ота-боболаримизни бир дин устида топганмиз ва албатта, бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз» (Зухруф, 22).
Ушбу сўзнинг учинчи маъноси «вақт, замон, муддат»дир. Аллоҳ таоло айтади:
«Қасамки, агар Биз уларни азоблашни маълум муддатга кечиктирсак, албатта, улар: «У (азоб)ни нима тўсмоқда?», деб истеҳзо қиладилар. Огоҳ бўлсинларки, у (азоб) келар Кунида улардан қайтиб кетувчи бўлмас ва кулиб-истеҳзо қилиб юрган нарсалари уларни ўраб олур» (Ҳуд, 8).
Иброҳим (алайҳиссалом)нинг «Бир уммат» эканликлари, у кишига жамланган яхшилик ва фазилатлар бир уммат-гуруҳ одамларникига тенг (ёки ортиқ)лигига ишорадир. Одамлар у кишига бар­ча ибодат, тоат, солиҳ амаллар ва яхшиликларда эргашар эдилар. Шунингдек, у зот Аллоҳнинг амрларига итоат қилувчи, амалларни ихлос билан бажарувчи ҳамда Ҳақ диндан ўзга ботил динларга мо­йиллиги бўлмаган Аллоҳнинг суюкли бандаларидан эдилар.
Аллоҳ у кишини тўртинчи бир сифат билан васф қилиб, «У мушриклардан эмас эди». Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога ширк келтиришдан пок (йироқ) эдилар.
«У (Аллоҳнинг) неъматларига шукр қилгувчи эди».
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг берган неъматларига эътироф қилиб, унга шукр қилар ва ўша неъматларни Аллоҳ рози бўладиган жойларда ишлатар эдилар.
Шу сабабли Аллоҳ Иброҳим (алайҳиссалом)ни «(Пайғамбар­ликка) танлаб, тўғри йўлга ҳидоят қилди».
Сўнгра у кишининг дунё ва охиратда саодатманд кишилар­дан эканликлари айтилади: «Биз унга бу дунёда эзгуликлар ато этдик. Албатта, у охиратда ҳам солиҳлардандир».
Аллоҳ Иброҳим (алайҳиссалом)нинг шаънларига билдирил­ган мақтовларни ўз пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни у кишига эргашишга чақириш билан якунлайди:
«Сўнгра сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик».
Бу ерда пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га оталари Иброҳим (алайҳиссалом)га эргашиш амр қилин­моқда. Уларнинг асли бир, лекин баъзи фаръий жиҳатдан бириси иккинчисидан фарқ қилади. Аллоҳ таоло айтади:
 «Сизлардан ҳар бир миллат (яъни, дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммала­рингизни бир миллат қилиб қўйган бўлур эди» (Моида, 48).
Аллоҳ таоло яна шундай марҳамат қилади:
«Аллоҳ (тоат йўли)да ҳаққоний жидду жаҳд қилингиз! Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сизларга бирон ҳараж (қийинчилик) қилмади. Оталари Иброҳимнинг дини (Ислом)­ни (маҳкам ушлангиз)! (Аллоҳнинг) Ўзи сизларни илгари(ги му­қаддас Китобларида) ҳам мусулмонлар деб атади» (Ҳаж, 78).
Имом Қуртубий айтадилар: Аллоҳ таолонинг «Сўнгра сизга ҳақ йўлдан тойилмаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан эмас эди, деб ваҳий юбордик» ояти олий ма­қомдаги киши яхшилик йўлида ўзидан қуйироқ даражадагиларга эргашиши жоиз эканлигига далолат қилади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Пайғамбарларнинг энг афзали ҳисобланадилар, шунга қарамай, Аллоҳ таоло у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Иброҳим (алайҳиссалом)га эргашишга амр этмоқда. Аллоҳ айтадики,
«Ана ўша зотлар Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, (эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг» (Анъом, 90).
5. Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога қилган дуоларининг ижобат қилингани
Иброҳим (алайҳиссалом) қиссасида энг диққатни тортувчи ва кишини ибрат-насиҳат олишга ундовчи нарса, шубҳасиз, у кишининг ихлос билан қилган дуоларидир. Қуръони каримда Иброҳим (алайҳиссалом) тилларидан ушбу дуолар келтириб ўтил­ган. Аллоҳ таоло айтади:
«Эсланг, Иброҳим: «Эй Парвардигор, бу шаҳарни тинч ша­ҳар қилгин (деди)».
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳга илтижо қилиб, дедилар: “Эй Раббим, ушбу Макка шаҳрини ҳар қандай хавф-хатардан омонда қилгин, чунки у Сенинг Байтингдир. Сен уни одамларнинг кўнгли талпинадиган жой қилгайсан. Бу шаҳарни уларга, мол-дунёлари ва обрўлари учун хотиржам қилгин”.
Келаси дуони Иброҳим (алайҳиссалом) Макка аҳлининг ҳақ­қи­га қиладилар:
«Унинг аҳлларидан Аллоҳ ва Охират кунига ишонувчи­ларни турли мевалар билан ризқлантиргин» (Бақара, 126).
Яъни, Сендан, эй Аллоҳим, бу шаҳарни тинч шаҳар қилишинг­ни сўраганим каби, унинг аҳлидан мўмин бўлган кишиларни улар­нинг ҳожатларини қондириб, эҳтиёжларини раво қиладиган кўплаб мевалар билан сийлашингни сўрайман.
Бундан кейинги дуо Байтул Ҳаром қурилиши даврида қи­лин­ган:
«Эсланг, Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳ­нинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, Сен эшитгувчи, билгувчисан!» (Бақара, 127).
Яъни, эй оқил инсон, бу икки муҳтарам пайғамбар Каъбани қура туриб қилган дуоларини эслагин: “Эй Аллоҳ, биздан сў­зи­миз ва амалимизни қабул этгин. Зеро, Сен тилимиз айтаётган сўзларни эшитувчи, биз махфий ва ошкора қилган амалларимизни билув­чидирсан”.
«Парвардигоро, бизни Ўзингга бўйсунувчилардан қилгин ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга итоат қиладиган кишиларни (чиқаргин). Ва бизга ибодатларимизни ўргатгин».
Яъни, бизларни амрингга қулоқ тутиб, унга итоат этадиганлардан қилгин, зурриётларимиздан ҳам шундай кишиларни дунё­га келтиргин. Ва бизга динимиз шариат-қонунларини ҳам Ҳаж амалларини ўргатгин.
«Ва бизга ибодатларимизни ўргатгин ҳамда тавба-тазар­руларимизни қабул эт! Шубҳасиз, Сен тавбаларни қабул қил­гувчи раҳмлисан».
Сўнг улар дуоларини ушбу илтижо билан якунлайдилар:
«Парвардигоро, уларнинг орасига ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикматни ўргатадиган ва уларни поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Шубҳасиз, сен қудрат ва ҳикмат соҳибисан» (Бақара, 126–128).
Яъни, эй Раббимиз, биз Сендан зурриётларимиз орасидан уларга Сенинг ваҳдониятингга далолат қилгувчи оятларингни тиловат қиладиган, Китобингни таълим берувчи, уларни адаб ва яхшилик­ларга йўлловчи ва ўз ҳадиси орқали уларни манфаатли илм олиб, амали солиҳ қилишга чақирадиган, уларни фисқу фужур ва исёндан поклайдиган бир пайғамбар юборишингни сў­раймиз. Зеро, Сен қудрат ва ҳикмат соҳибисан.
Аллоҳ таоло ушбу икки пайғамбар (алайҳиссалом)нинг дуо­ларини қабул қилиб, уларга зурриётларидан бўлган бир пайғам­бар юборди. У зот – пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дирлар. Аллоҳ у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ўз рисолати билан оламларга раҳмат қилиб юборди.
У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари бу ҳақда шундай дейдилар: «Мен Иброҳимнинг дуоси, Исонинг башорати ва онамнинг тушидир…»
(Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сифатларига эга бўлган бир пайғамбар дунёга келишини Аллоҳдан дуо қилиб сўраганлар. Исо (алайҳиссалом) ўз қавмларига ундан сўнг «Аҳмад» исмли пайғамбар келишини башорат берганлар. Ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оналарига бир ўғил кўришлари тўғрисида тушларида хабар берилган. – Таржимон.)
Иброҳим сурасида  ҳам бошқа услубдаги дуо-илтижоларни кўришимиз мумкин. Аллоҳ таоло айтади:
«Эсланг, Иброҳим айтган эди: «Парвардигорим, бу шаҳар­ни тинч қилгин, мени ва болаларимни бутларга бандалик қилишдан йироқ қилгин».
Яъни, эй Аллоҳим, ушбу Маккани тинч шаҳар қил, мени ва зурриётимни бутларга ибодат қилишдан сақлагин»!
«Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир. Ким менга исён қилса, яна Ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан».
Яъни, эй Аллоҳим, мен Сендан мени ва фарзандларимни бутларга сиғинишдан асрашингни сўраб илтижо қилдим, чунки улар кўпгина одамларни ҳақ йўлдан адаштирдилар. Бас, кимки менинг диним ва ақидамга эргашса, у Ислом динига эргашгандир. Ким менга тоат қилишдан бош тортса, унинг ишини Ўзингга топшираман. Сен мағфиратли ва меҳрибон Зотсан.
«Парвардигоро, албатта, мен зурриётимдан Сенинг ҳур­матли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Парвардигоро, (улар) намозни тўкис адо қил­синлар, деб (шундай қилдим). Бас, сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгин ва уларни мевалардан баҳраманд этгил. Шояд шукр қилсалар».
Яъни, эй Раббим, мен баъзи зурриётим (Исмоил ва унинг фарзандлари)ни муҳтарам Байтинг ёнидаги мана шу экин ўсмай­диган ерга жойлаштирдим, токи улар бу пок ерда фориғ бўлиб, намозларини тўкис адо қилсинлар. Ва одамларнинг қалбини бу ерга талпинувчан қилиб қўйгин. Ва уларни турли-туман мевалар билан ризқлантиргин, шояд бу сабаб, улар Сенга шукрни кў­пайтирсалар, Сенга тоат-ибодат қилишга шошилсалар!
Бошқа сурада Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дуоларини ижобат этиб, уларни неъматлар ила сийлагани айтилган.
«Улар: «Агар бизлар сен билан бирга тўғри йўлга эргашсак, ўз еримиздан ажраламиз», дедилар. Ахир Биз уларга тинч-осойишта Ҳарамни макон қилиб бермадикми?! Барча нар­санинг мева-ҳосиллари Бизнинг даргоҳимиздан ризқу рўз бўлган ҳолда ўша жойга йиғилади-ку! Лекин уларнинг кўп­лари (буни) билмаслар» (Қасас, 57).
Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога дуо қилишда давом этадилар.
«Парвардигоро, албатта, Сен бизлар яширадиган нарсани ҳам, ошкор қиладиган нарсани ҳам билурсан. Аллоҳ учун еру осмондаги бирон нима махфий эмасдир».
Сўнгра Иброҳим (алайҳиссалом) ўз Раббиси Аллоҳга шукро­налик келтириш оҳангида шундай дейдилар:
«Менга кексалик пайтимда Исмоил ва Исҳоқни ҳадя қил­ган Зот – Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Албатта, Парвардигорим (барча) дуоларни эшитгувчидир».
Ва Иброҳим (алайҳиссалом) ўз дуоларини қуйидаги илтижолар билан якунлайдилар:
«Парвардигорим, мени ва зурриётимни намозни тўкис адо этгувчилардан қилгин. Парвардигоро, дуомни қабул айла».
Яъни, Мени намозни ўз вақтида ихлос ва хушу билан адо этгувчилардан қил ва бу ишда зурриётларимдан ҳам менга эргашадиганларни чиқаргин. Эй Аллоҳим, дуомни қабул эт, ражо-илтижоларимни зое кетказма!
«Парвардигоро, ҳисоб-китоб қилинадиган куни мени, ота-онамни ва мўминларни мағфират қилгил».
Яъни, эй Аллоҳим, одамлар ҳисоб-китоб қилиниб жазо ёки мукофот оладиган кунлари бўлмиш Қиёматда менинг ҳам, ота-онамнинг ҳам гуноҳларини, шунингдек, барча мўминларнинг хато-гу­ноҳларини кечиришингни сўрайман!
Олдин айтиб ўтганимиздек, Иброҳим (алайҳиссалом) ваъда­ларига содиқ қолиб оталари ҳақига истиғфор сўрадилар, лекин у имон келтирмай, кофирлигича вафот этгач, бу ишни бас қил­дилар. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг оналари ҳақида баъзилар: «У аёл мўмина бўлганлар», деб айтишади.
Шуаро сурасида ҳам Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дуолари келтириб ўтилган:
«Парвардигорим, менга ҳикмат ато этгин ва мени солиҳлар қаторига қўшгин. Яна мен учун кейин келгувчи кишилар ўр­та­сида рост мақтовлар қилгин. Яна мени ноз-неъматлар бо­ғининг ворисларидан қилгин. Отамни ҳам мағфират қил­гин. У шубҳасиз, адашганлардан бўлди. Ва қайта тириладиган кунда мени шарманда қилмагин. У кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Магар Аллоҳ ҳузурига тоза қалб билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуаро, 83–89).
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) ўз Раббисига илтижо қилиб дедилар:
«Эй Аллоҳим, менга кенг-кўп илм бергин, натижада солиҳ амал­ларни қилай! Ва мени Ўзинг улардан, улар ҳам Сендан рози бўладиган бандаларинг қаторига қўшгин! Мендан кейин келадиган умматлар орасида мен учун яхши зикр ва мақтовлар қол­диргин ва менинг номимни абадий қилгин!»
Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дуоларини ижобат қилиб, у кишининг зурриётидан кўплаб солиҳ пайғамбарлар­ни чи­қарди. Уларнинг энг аввалида, шубҳасиз, хотамул анбиё вал-мур­салийн бўлмиш Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турадилар.
Шунингдек, эй Аллоҳим, мени охиратда жаннатингга дохил бўлгувчилардан қилишингни ва отамнинг гуноҳидан ўтишинг­ни сўрайман, чунки у Сенинг йўлингдан адашганлардан бўлди.
Яна сендан бирон инсонга моли ва фарзандлари ёрдам бера олмайдиган кун – Қиёматда маҳзун қилмаслигингни, менинг айб­ларимни очмаслигингни илтижо қиламан. У кунда одамларга фақат имонлари ва солиҳ амаллари фойда беради.
Ушбу дуоларда Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг ажр-савоб беришини сўраб, Унинг иқобига йўлиқишдан паноҳ тила­моқдалар.
Соффот сурасида Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)ни кофирлар макри (оловда ёқишлари)дан сақлаб қолганидан сўнг қил­ган дуолар келтирилган, яъни у киши ўзларига солиҳ бир фарзанд сўрайдилар,
«Парвардигорим, Ўзинг менга солиҳлардан ҳадя этгин. Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик» (Соффот, 100–101).
Иброҳим (алайҳиссалом)нинг кексалик чоғларида хушхабари берилган бу ўғил Исҳоқ (алайҳиссалом) эдилар.
Бошқа сураларда ҳам Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дуо-илтижолари келтирилган, улардан ақл юритувчилар учун ибрат намуналари бор. Оқил инсон Иброҳим (алайҳиссалом)га эргашиб, чин дилдан, ихлос билан Аллоҳ таолога кўпдан-кўп дуо қи­лиши лозим. Ҳадиси шарифда айтилганидек, «Дуо-ибодатдир» (Термизий ривояти).
6. Иброҳим (алайҳиссалом)дан ибрат олишга чорлов
Қуръони каримнинг кўп оятларида Иброҳим (алайҳиссалом)га эргашиб у кишидан ўрнак олишга мўминларни даъват қилина­ди. Ундан Мумтаҳана сурасида келтирилганларни кўриб чиқамиз:
«Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда гўзал намуна бордир. Эслангиз, у ўз қавмига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаёт­ган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор этдик. Токи сизлар ёлғиз Аллоҳга имон келтиргунларингизга, сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар. Фақат Иброҳим ўз отасига: «Албатта, мен сен учун мағфират сўрайман, сўнгра Аллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсага молик эмасман» (деди). «Парвардигоро, ёлғиз Ўзингга таваккул қилдик ва Ўзингга инобат-тавба қилдик, ёл­ғиз Сенгагина қайтишимиз бордир. Парвардигоро, бизларни бу кофир бўлган кимсаларга алдангувчи қилиб қўймагин, бизларни мағфират қилгин. Парвардигоро, албатта Сен Ўзинг қудрат ва ҳикмат соҳибидирсан». Дарҳақиқат, сизлар учун Аллоҳ ва Охират кунидан умидвор бўлган кишилар учун уларда гўзал намуна бордир. Ким юз ўгириб кетса, у ҳолда албатта Аллоҳ беҳожат ва мақтовга лойиқ Зотдир» (Мумтаҳана, 4–6).
Мумтаҳана сурасининг аввалида қуйидаги оятлар келти­рилган:
«Эй мўминлар, Менинг ҳам душманим, сизларнинг ҳам душманингизни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳа­қида хабар) юборурсизлар, ҳолбуки, улар сизларга келган Ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар!»
Ушбу оятлардан сўнг мўминларни оталари Иброҳим (алайҳис­салом) ва у киши билан Аллоҳга имон келтирган кишиларга эргашишга чақирилади.
Яъни, эй мўминлар, Иброҳим ва унинг издошлари ўзлари­нинг кофир қавмига шижоат билан: “Биз сизлар ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Биз сизларга ва илоҳларингизга куфр келтирдик ва мана шу тарзда давом этиб, ҳаттоки сизлар куфрни тарк қилиб, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига имон келтирмагунларингча сизларга душман бўлиб қоламиз,” дедилар.
Иброҳим (алайҳиссалом) уларнинг бутларига бўлган нафрат­ларини ифодалаш билан чекланмай, балки уларни синдириб, ер билан битта қилиб ташладилар.
«Фақат Иброҳим ўз отасига: «Албатта, мен сен учун мағ­фират сўрайман, сўнгра Аллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсага молик эмасман» (деди)».
Ушбу оят бундан олдинги оятга истисно тарзда келтирилмоқда.
Яъни, эй мўминлар, оталарингиз Иброҳим ва у билан бирга мўмин бўлган кишиларнинг мушриклар ва уларнинг ширкидан безорликлари сизлар учун ибрат, аммо Иброҳимнинг ўз кофир ота­си учун истиғфор сўраб дуо қилишига эргашманглар, чунки бу унга берган ваъдаси туфайли эди. Шундан кейин Иброҳим (алай­ҳиссалом)нинг Аллоҳ таолога қилган дуолари келтирилади:
«Парвардигоро, ёлғиз Ўзингга таваккул қилдик ва Ўзинг­га инобат-тавба қилдик, ёлғиз Сенгагина қайтишимиз бордир».
Яъни, эй Раббимиз, ёлғиз Сенга ишларимизни топширдик, тавбаларимизни қабул этиш Сенинг иродангга боғлиқ ва қай­тиши­миз, тақдиримиз Ўзингадир.
«Парвардигоро, бизларни бу кофир бўлган кимсаларга алданувчи (мафтун) қилиб қўймагин…»
«Фитна» сўзи луғатда «эритиш» маъносини англатади. Масалан, мисни эритмоқ. «Мафтун» сўзи «эритилган», «бирон нарсанинг таъ­сирига берилган» деган маъноларни билдиради.
Яъни, “Эй Аллоҳ, бизларни кофирлар қўлида алданиб, уларнинг азиятларига дучор бўлишимиздан асрагин! Бизларга ёрдам бер, бизнинг сўзимизни устун, уларникини паст қилгин”.
Ушбу оятда «фитна»дан мурод – мусулмонларнинг аҳволини ёмонлашиши, бошқа халқларга яхшилик ва ислоҳ йўлида ўрнак бўлишдан ожиз қолишлари. Шундан келиб чиққанда, ушбу оятнинг мазмуни қуйидагича: “Эй Раббимиз, бизларнинг сўзимизни, ишимизни ва аҳволимизни Ўзинг ўнгла, бизлар Ҳақ устида қоим бўлиб турсак ҳам, бошқаларнинг биздан ва динимиздан юз ўгириб кетишларидан сақла. Бизларни ҳамма ишимизда салоҳиятли қил­гин, токи кофир қавмлар ушбу сифатлар (ихлос, сидқ, барча яхшилик йўлида тараққий этиш)ни кўриб, бизларга эргашсинлар”.
Шунингдек, эй Раббимиз, гуноҳларимизни кечиришингни, ёмон­ликларимизни ўчиришингни сўраймиз. Зеро Сен чексиз куч-қуд­рат соҳибисан ва барча ишларингни ҳикмат билан қилгайсан!
Сўнгра Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом) ва у кишига имон келтирганларга эргашишни яна бир бор таъкидлайди.
«Дарҳақиқат, сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган кишилар учун уларда гўзал намуна бордир. Ким юз ўгириб кетса, у ҳолда албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақтовга лойиқ Зотдир».
Яъни, сизлар учун эй мўминлар, оталарингиз Иброҳим (алай­ҳиссалом) ва унга имон келтирган кишиларда чиройли намуна бордир, фақат бундан Аллоҳ таолога рўбарў бўлишни, унинг розилигини топишни ҳамда ажр-савобга эришишни хоҳлаган одам­ларгина фойдаланадилар. Кимки бу эришишдан юз ўгирса, ўзи учун зиён, Аллоҳ таоло барча махлуқотларидан беҳожат ва ҳамду санога муносиб Зотдир.
Аллоҳ таоло нима учун Иброҳим (алайҳиссалом) ва у кишига имон келтирганларга эргашишни амр этмоқда? Чунки уларнинг имони қувватли, динда ғайратлари кучли, ўз эътиқодларини яхши кўрадилар ва мушрик ҳамда уларнинг ширкидан бе­зордирлар. Бу жиҳатлари сабаб Аллоҳ бизни уларга эргашишга буюрмоқда.
7. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг заковат, фаҳм-фаросатлари
Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)га бошқа пайғамбарлар каби юксак ақл, ўткир зеҳн, очиқ қалб ва душманнинг пуч даъво­ларини йўққа чиқарувчи кучли ҳужжатни неъмат қилиб берган эди.
Иброҳим (алайҳиссалом)нинг бу хислатлари ўз қавмларини ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақириб, бутларга сиғиниш­дан қайтаришларида ва бошқа ҳолларда яққол кўзга ташланади. У кишининг зийракликларига энг катта далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир:
«Сиз Аллоҳ подшоҳлик берганидан ҳовлиқиб Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсанинг ҳоли-хабари­ни билмадингизми? Ўшанда Иброҳим: «Парвардигорим тирилтириб ўлдирадиган Зотдир», деганида, у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим айтди: «Албатта, Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Сен уни мағрибдан чиқаргин-чи?». Шунда у кофир довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди» (Бақара, 258).
Бу ерда Иброҳим (алайҳиссалом) ва ўз мулк-салтанати билан ғурурга кетган, золим бир подшоҳ ўртасида бўлиб ўтган тортишув тасвирланмоқда.
Аввало, Иброҳим (алайҳиссалом) уни Аллоҳ таолога ибодатни холис қилишга ва У Зот тирилтириб, сўнгра ўлдирувчи эканлигига ҳужжат келтирадилар, «Парвардигорим тирилтириб ўлди­радиган Зотдир».
Яъни, менинг Парвардигорим ҳаётни яратади ва жонзотларни дунёга келтиради, сўнг уларнинг руҳини олади, вафот эттиради. Сен ва бошқалар буни очиқ-ойдин кўриб турибсизлар, уни ҳар қандай оқил одам инкор қила олмайди.
Лекин бу гаплар ва ҳужжатлар ношукр подшоҳга таъсир қил­мади ва кибр, ғурур билан деди: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман».
Яъни, мен ҳам ўлимга маҳкум қилинган бир одамни озод қи­лиш билан уни тирилтираман, яна бошқасини ўлимга амр этиш орқали ўлдира оламан.
Бу гапларни эшитгач, Иброҳим (алайҳиссалом) у подшоҳ билан тортишиб, ҳужжат талашиб ўтиришни ўзларига эп кўрмадилар, ва уни буткул ожиз қолдирувчи, айни пайтда ўзларининг оқил, до­но ва зийрак эканликларига далолат қилувчи бир талабни ўр­тага ташладилар, «Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Сен уни мағрибдан чиқаргин-чи?»
Иброҳим (алайҳиссалом) ушбу кучли ҳужжат билан ўз душ­манларига қақшатқич зарба берган эдилар. Натижада «Бу кофир довдираб қолди».
Яъни, мағлуб бўлди, ҳайрон қолди ва яна баҳслашишдан ожиз қолди.
Иброҳим (алайҳиссалом)га ақл-заковатни Аллоҳнинг Ўзи берган эди. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни хоҳлаган бандасига бе­ради, зеро Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир.
8. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг сахийликлари
Иброҳим (алайҳиссалом) карамлари ва сахийликлари тўғри­сида Қуръоннинг турли жойларида оятлар мавжуд. Аллоҳ таоло айтади:
«Дарҳақиқат, Бизнинг элчиларимиз Иброҳимга хушхабар билан келиб, салом бердилар. У ҳам: «Салом», деди-да, қараб турмай қовурилган бир бузоқни келтирди» (Ҳуд, 69).
Яъни, Бизнинг фаришталаримиз Иброҳим ва аёли Сорага Ис­ҳоқ исмли ўғил кўриш хушхабарини келтирди, лекин Иброҳим (алай­ҳиссалом) уларни танимаса ҳам, улар нима юмуш билан келганликларидан хабардор бўлмай туриб, уларга иззат-икром кўрсатди ва тезда уларнинг олдига оловда пиширилган, семиз бир бузоқни олиб келди.
Бу Иброҳим (алайҳиссалом)нинг сахийликлари, кенг қалб эгаси эканликларига далолат қилади. Меҳмон кутиш одоблари­дан бири – унга тезда ҳурмат кўрсатиб, дастурхон ёзишдир. Юқорида келтирилганларни тўлдириб келувчи оятлар Зориёт сурасида ҳам мавжуд. Аллоҳ таоло айтади:
«Сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳа­қи­даги хабар келдими? Ўшанда улар унинг ҳузурига кириб, «Салом», дейишган эди, у ҳам: «Салом, (булар) нотаниш қавм-ку», деди. Сўнг аста оиласи олдига чиқиб, бир семиз бузоқни келтирди-да, уни уларга яқин қилиб, «Емайсизларми?», деди. Улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин», дедилар ва унга бир доно ўғил хушхабарини бердилар. Шунда унинг хотини қичқирганча келди-да, ўзининг юзига уриб: «(Ахир мен) туғмаган кампир(ман)ку!» деди. Улар айтдилар: «Парвардигоринг мана шундай деди. Албатта, Унинг Ўзигина ҳикмат ва билим соҳибидир» (Зориёт, 24–30).
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизга Иброҳим ҳузурига меҳмонлар келгани ва уларни икром билан кутиб олгани тўғрисида бирон хабар келдими? Биз Сизга нозил қилаётган ушбу Қуръонда уларнинг хабарини ҳақиқат билан ҳикоя қиламиз. Улар Иброҳим олдига келиб салом беришгач, у ҳам сабот билан: «Мен сизларни танимасам ҳам, сизларга мен томондан салом бўлсин», деди. Сўнгра у ўз меҳмонларига бил­дирмай аҳли олдига кетди ва тез орада бир қовурилган, ёғли бузоқнинг гўш­тини олиб келиб, уни меҳмонлар олдига қўйди ва таомдан ейиш­га таклиф этди. Қачонки Иброҳим уларнинг таомдан емаётганларини кўргач, қалбида қўрқув пайдо бўлди. Шунда фаришталар уни тинчлантириш мақсадида: Қўрқмагин, дедилар ва кўп илм соҳиби бўлмиш ўғил – Исҳоқ (алайҳиссалом)нинг дунё­га келиш­лари ҳақида хушхабар бердилар.
Ибн Касир айтадилар: «Ушбу оятлар меҳмондўстлик одобларини ўзида жамлаган. Иброҳим (алайҳиссалом) ўз таомларини тезлик билан, махфий тарзда улар ҳузурига олиб келдилар, балки аввалда: “Ҳозир мен сизларга таом олиб келаман”, демадилар. Сўнгра ўзларида бор нарсаларнинг энг яхшиси – ёғли, семиз бузоқни олиб келиб, уларга яқин қилдилар ва одоб-лутф билан: “Таомимдан емайсизларми?”, дедилар».
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Иброҳим (алайҳиссалом) сахийлик, меҳмондўстликка ёрқин мисол бўла оладилар. Бу юксак фазилатни мўминлар ҳам ўзларига сингдиришлари лозим.
8. «Лекин қалбим таскин топиши учун»
Аллоҳ таоло ўз расули Иброҳим (алайҳиссалом)ни мақтаган фазилатлардан бири имонлари, саботлари ва яқин илмларини янада оширишга қаттиқ интилишларидир. Буни қуйида ояти карималарда ҳам кўришимиз мумкин.
«Эсланг, Иброҳим: «Парвардигорим, менга ўликларни қан­дай қилиб тирилтиришингни кўрсатгин», деганида, Аллоҳ: «Ишонмаганмидинг?», деди. Иброҳим айтди: «Йўқ лекин қал­бим (яна ҳам) таскин топиши учун». Аллоҳ айтди: «Тўрт­та қуш­ни олиб, уларни ўз олдингга тўплагин, кейин ҳар бир тоғ­нинг устига уларни бўлак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, сенинг олдингга чопиб келадилар! Билгилки, Аллоҳ шубҳасиз, қудратли ва ҳикматлидир» (Бақара, 260).
Муфассир олимлар Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ушбу са­волларига сабаб бўлган воқеани қуйидагича келтирадилар: Иб­роҳим (алайҳиссалом) Намрудга «Парвардигорим тирилтириб, ўлди­радиган Зотдир», деганларида, Намруд ҳам бунга жавобан, «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман» деди. Шунда Ибро­ҳим (алай­ҳиссалом) Аллоҳнинг ўликларни қандай қилиб тирилтиришини кўрмоқчи бўлдилар.
«Парвардигорим, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсатгин».
Бу ерда Иброҳим (алайҳиссалом) Ўз Холиқига юксак одоб даражасида мурожаат қилмоқдалар. Унинг ҳақиқий илоҳлигини тан олиб, сўнгра Аллоҳ таолонинг қудратига шубҳа қилмаган ҳол­да У Зот ўликларни қай тарзда тирилтиришини кўрсатишини сў­рамоқдалар. Иброҳим (алайҳиссалом) ўзлари пайғамбар бўла туриб, бунга шубҳа қилишлари мумкин эмас, фақат у киши илмул яқиндан айнул яқин даражасига, далил ҳужжатдан кўз би­лан кўриб, аниқ ишониш поғонасига ўтмоқчи эдилар, чунки кўз билан кўриш қалбга юксак ва кучли имон уруғларини экиб, кишининг хотиржам бўлишини таъминлайди.
Яъни, эй оқил инсон, ўзинг ибрат олишинг учун Иброҳим ўз Раббисига: “Эй Аллоҳим, менинг кўзимга улар вафот этгач, ўлик­ларга қандай қилиб ҳаётни қайтаришингни кўрсатгин, деганини эсла”. Аллоҳ унга ижобат қилиб, шундай деди: “Сен Менинг қуд­ратимга шубҳа қилганинг учун шундай деяпсанми?” Шунда Иброҳим ўз қалбида Аллоҳ таолонинг қудратига ҳеч кандай шак-шубҳа йўқлигини билдириш учун шундай деди: “Эй Аллоҳим, бундан Ўзинг асрагин, мен Сенинг ҳар бир нарсага қодир эканли­гингга имон келтираман, лекин мен буни кўнглим таскин топиши, нафсим хотиржам бўлиб, қалбимдаги имон янада зиёда бўлиши учун сўрадим”.
Имом Қуртубий ушбу оятнинг тафсирида қуйидагиларни айтиб ўтадилар: «Иброҳим (алайҳиссалом) зинҳор Аллоҳ таолонинг ўликларни тирилтира олишига шубҳа қилмаганлар, фақат кўз билан кўришни хоҳладилар, холос. Инсон бирон хабарни эшитса, дарров уни кўришга ошиқади, шу сабаб ҳадисда айтиладики, «(Қулоқ билан эшитилган) хабар кўз билан кўриш каби эмасдир» .
Сўнгра Аллоҳ (субҳонаҳу ва таоло)нинг Иброҳим (алайҳис­салом)га қилган жавоби келтирилади: «Тўртта қушни олиб, уларни ўз олдингга тўплагин, кейин ҳар бир тоғнинг устига уларни бў­лак-бўлак қилиб қўйгин ва шундан сўнг уларни чақиргин, сенинг олдингга чопиб келадилар!
Яъни, Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)га деди: “Агар сен сўраган нарсангни билмоқчи бўлсанг, тўртта қушни олиб, уларни бир жойга йиғ ва ҳар бирининг шаклини эслаб қол. Ке­йин уларни сўйиб, қисмларга ажрат ва қуш бўлакларини ҳар бир тепалик­ка қўйиб чиқ. Сўнгра уларни ўзинг томон чақир, сенга тирилиб, чопган ҳолларида келадилар”.
Имом Фахрур Розий тафсир китобларининг 7-жилд, 44-саҳи­фа­сида шундай дейилади: «Барча тафсир аҳли қушларни бўлак­ларга бўлишдан мурод қуйидаги эканлигини таъкидлашган: «Иб­роҳим (алайҳиссалом) ўша қушларнинг аъзолари, гўшт ва патларини бў­лакларга ажратиб, уларни бир-бирига аралаштириб юборадилар. Сўнгра Аллоҳ буюрган ишни қилиб, «Аллоҳнинг изни билан бу ер­га келинглар», дейдилар. Шунда қушлар ўз аслига қайтиб, унинг олдига учиб келадилар».
Сўнгра Аллоҳ таоло оятни ушбу сўзлар билан якун­лайди:
«Билгилки, Аллоҳ шубҳасиз, қудратли ва ҳикматлидир».
Яъни, Аллоҳ таоло бандалари устидан ҳукмронлик қилув­чи, уларни ўз қабзаси (ҳукми, изми)да тутиб тургувчи ва ҳар бир ишида ҳикматли бўлган Зотдир.
9. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг одамларни Ҳақ йўлга даъват этишдаги йўналишлари
Иброҳим (алайҳиссалом) инсонларни Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишга чақира туриб, уларни рушду ҳидоятга бошловчи энг самарали, ҳикматли усул ва воситаларни қўллайди­лар. Ҳар бир кишига унинг ҳолатига қараб муомала қилар эдилар. Аввало, у киши ўз оталарини Аллоҳнинг ваҳдониятига даъват қилганларида энг нозик иборалар билан, таъсирли услубда ўз сўзларини ифодаладилар. Иброҳим (алайҳиссалом) айтадилар:
«Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон нарсада асқотмайдиган бутга ибодат қилурсан? Эй ота, дарҳақиқат, менга сенга келмаган илм-маърифат келди. Бас, сен менга эргашгин, сени Ҳақ йўлга ҳидоят қилурман. Эй ота, сен шайтонга ибодат қилмагин! Чунки шайтон Раҳ­монга осий бўлгандир. Эй ота, ҳақиқатан мен Раҳмон томонидан азоб етиб, шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан қўрқурман» (Марям, 42–45).
Соҳибул Кашшоф (розияллоҳу анҳу) ушбу оятларнинг тафсирида қуйидагиларни айтиб ўтадилар: «Қара, Иброҳим ўз отасига чиройли одоб, мулойимлик, лутф ва ҳусни хулқ билан мурожаат қилмоқдалар. Аввало у киши унинг хатосини айтиб, бирон ҳис ёки сезиш хусусиятига эга бўлмаган нарсаларга нима учун ибодат қилаётганини сўрадилар. Шундан кейин, уни Ҳақ динга чақир­дилар. Иброҳим (алайҳиссалом) ўзларини етук олим ва ота­ларини нодон, жоҳил, деб сифатламадилар, балки: “Менга сенда йўқ бўл­ган илм келди”, деб айтдилар.
Сўнгра ботил нарсаларга ибодат қилишдан қайтардилар. Зе­ро, ҳар бир ақлли инсон буни инкор қилади.
Кейин агар шу йўлда кетадиган бўлса, ёмон оқибатга гирифтор бўлишини айтиб ўтдилар. Шунда ҳам одоб доирасидан чиқмадилар: “Сен азобга дучор бўласан, Аллоҳнинг ғазабига учрайсан”, дема­дилар, балки: «Раҳмон Зот бўлмиш Аллоҳнинг азоби сенга етишидан қўрқаман», дедилар. Иброҳим (алайҳиссалом)­нинг ўз оталарига қилган ҳар бир насиҳатлари мулойимлик би­лан «Эй ота», деб мурожаат қилишдан бошланади».
Иброҳим (алайҳиссалом) ўз оталарини нотўғри йўлда эканли­гини кўриб туриб уни тарк қилмадилар, балки уни ботил эъти­қод­дан қайтардилар. Гарчи бу иш отани ғазаблантирса ҳам Аллоҳ розилигига эриштиради, Унинг ҳаққини адо этган бўлинади. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳаққи отанинг ҳаққидан юқори ўринда туради. Инсон аввал ота-она, қариндошларни бошқалардан олдин яхши­лик ва бахт-саодат йўлига бошлаши лозим. Иброҳим (алайҳисса­лом) ўз қавмларини Аллоҳ таолога ибодат қилишга ча­қириш ва бутларга сиғинишдан қайтариш мобайнида ҳам турли хил усулларни қўлладилар:
1) уларни Аллоҳнинг ваҳдониятига секин-асталик билан ишонтириш ва Унга ибодат қилишга амр этиш. Буни қуйидагича амалга оширдилар. Тун киргач, Иброҳим (алайҳиссалом) бир юлдузни кўриб, «Мана шу Парвардигорим», дедилар, сўнг юлдуз кўздан ғойиб бўлгач, «Ботиб кетгувчиларни суймайман», дедилар.
Яъни, бир маҳал пайдо бўлиб, бошқа сафар ғойиб бўладиган илоҳга ибодат қилишни хоҳламайман, деб айтдилар. (Ўша пайтда Иброҳим (алайҳиссалом)нинг қавмлари юлдузларга ҳам сиғинар эди. – Тарж.)
«Сўнг қачонки чиқаётган ойни кўргач: «Мана шу Парвардигорим», деди. У ҳам ботиб кетгач: «Қасамки, агар Парвардигоримнинг Ўзи мени ҳидоят қилмаса, йўлдан озган қавмдан бўлиб қолурман», деди».
Яъни, Иброҳим (алайҳиссалом) қавмга эшиттириб, шундай дедилар: Агар Раббим мени Ҳақ йўлга ҳидоят қилмаса, баъзида нур сочиб, баъзида сўниб қоладиган нарсаларга ибодат қиладиган – адашган қавмлардан бўлиб қоламан.
«Сўнг қачонки чиқаётган қуёшни кўргач: «Мана шу Парвардигорим. Мана шу каттароқ-ку!», деди. У ҳам ботиб кетгач: «Эй қавмим, мен сизларнинг ширкингиздан покман. Мен Ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлар ва ерни яратган Зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман», деди» (Анъом, 78–79).
Иброҳим (алайҳиссалом) қавми улуғлаётган, юлдуз, ой, қуёш­нинг ибодат қилинишга муносиб эмаслигини исботлаб берди­лар, чунки булар баъзан пайдо бўлиб, баъзи ҳолларда ғойиб бўлади, устига-устак бу маъбудлар ўзларига зарар ёки фойда ҳам келтира олмайди ва ўзини бирон шикаст етишидан сақлаб ҳам қолиш имкониятига эга эмас. Шу сабабли Иброҳим (алай­ҳиссалом) уларга дедилар: “Мен ибодатда юзимни ёлғиз Аллоҳ таолога қаратдим. Мен бошқа илоҳларни Унга шерик қиладиган кимсалардан эмасман”;
2) Иброҳим (алайҳиссалом)нинг қавмни ҳидоятга чақириш­да қўллаган иккинчи усуллари: уларнинг бутларини паст санаш, уларни ва унга ибодат қилаётганларни ҳақир билиш эди. Буни қуйи­даги оятларда кўришимиз мумкин.
«Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қавмига: «Сизлар доимо чў­қинадиган бу ҳайкаллар нимадир?», деган эди».
Иброҳим (алайҳиссалом) истеҳзо маъносида юқоридаги сўз­ларни айтдилар ва шундан сўнг:
«Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ залолатда экансизлар».
Сўнгра бутларни тарк этиб, Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақирдилар:
Парвардигорики, У зот уларни Ўзи яратгандир. Мен бун­га гувоҳлик бергувчиларданман».
Шуаро сурасида  ҳам Иброҳим (алайҳиссалом)нинг бут­ларни таҳқирлаш маъносида айтган гаплари келтирилган:
«(Иброҳим) айтди: «Дуо-илтижо қилган пайтларингизда сизларни эшитадиларми ёки сизларга фойда зиён етказа оладиларми?!»
Сўнгра Иброҳим (алайҳиссалом) уларнинг бутларига нисба­тан ўзларининг адоватларини эълон қиладилар.
«Шак-шубҳасиз, улар мен учун душмандир, магар барча оламлар Парвардигоригагина (ибодат қилурман). У мени ярат­гандир, бас, Ўзи мени ҳидоят қилур. Унинг Ўзигина ме­ни тўй­дирур ва қондирур. Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо берур. У мени ўлдирур, сўнгра (Қиёмат кунида қайта) тирилтирур».
Соффот сурасида  Иброҳим (алайҳиссалом) уларнинг илоҳ­ларини сохта, ёлғон деб сифатлаб, уларга ибодат қилиш ботил бир эътиқод эканлигини айтиб ўтадилар.
«Ўшанда у отаси ва қавмига деган эди: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?! Аллоҳни қўйиб, сохта худоларни истайсизларми?! У ҳолда барча оламларнинг Парвардигори ҳақида не гумонингиз бор?!»
3) Иброҳим (алайҳиссалом)нинг қавмларини ҳидоятга чақи­ришда қўллаган усулларидан яна бири: кофир қавм ва уларнинг ботил маъбудларидан пок эканликлари ва уларга душман эканлик­ларини баён қилишлари эди, яна бу адоват токи қавм бутларни ташлаб, ўз Холиқларига ибодат қилишга қайтгунларигача давом этишини билдирдилар:
«Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта, мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган Зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (Ҳақ Динга) ҳидоят қилажак» (Зухруф, 26–27).
Бошқа ўринда уларга шундай дейдилар:
«Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор этдик. Токи сизлар ёлғиз Аллоҳга имон келтирмагунларингизгача сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир» (Мумтаҳана, 4).
Шундай қилиб, Иброҳим (алайҳиссалом) ўз даъватларида ота­си ва қавмининг ҳидоятга келиши мумкин бўлган барча усуллар­ни қўлладилар. Ва бу жараёнда Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ўткир зеҳн, кучли мантиқ, нодир фаҳм, чиройли сабр ва шижоат эгаси эканликларини кўришимиз мумкин.
 «Ана ўша (зотлар) Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, сиз ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг!» (Анъом, 90).
10. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ширк ва мушриклардан узоқлашишлари, натижада у кишига кўплаб неъматларнинг берилиши.
Аллоҳ таоло яхши амал қилгувчиларнинг ажр-мукофотлари­ни зое қилмайди. Ояти каримада айтиладики:
«Бас, ким (ҳаёти дунёлик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мис­қоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!» (Залзала, 7–8).
Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ таоло буюрган барча амалларни қилиб, наҳйи қилганларидан қайтдилар ва Аллоҳнинг сў­зи устун бўлиши йўлида катта ғайрат кўрсатдилар, одамларга Аллоҳ кўрсатган барча нарсани етказдилар. Хўш, бу қандай натижа билан тугади? Натижада Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)нинг даражаларини юқори қилиб, улардан пайғамбарлар ва солиҳ кишилар чиқувчи яхши зурриёт билан сийлади, ҳамда У Зот Иб­роҳим (алайҳиссалом)нинг зикрини абадий қилди.
Қуръони каримда Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ваъдаларига вафо қилганликлари, имонлари, шижоатлари, ширк ва мушрик­лардан узоқлашганлари сабабли Аллоҳ таоло тарафидан берил­ган неъматлар санаб ўтилади. Жумладан, Анъом сурасида шундай дейилади:
«Мана шулар Бизнинг Иброҳимга қавми устида берган ҳужжатларимиздир. Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни дара­жаларга кўтарурмиз. Албатта, Парвардигорингиз ҳикмат эгаси ва билгувчидир. Биз унга Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик. Илгари Нуҳни ҳам Биз ҳидоят қилган эдик. Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам Биз ҳидоят қилдик). Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Закариё, Яҳё, Исо ва Илёсни (ҳам Биз ҳидоят қилдик). Барчалари солиҳ бандалардир. Исмоил, Ясаъ, Юнус ва Лутни (ҳам Биз ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик. Уларнинг ота-боболаридан, зурриётларидан ва биродарларидан ҳам (Ўзимиз хоҳлаган кишиларни Ҳақ йўлга ҳидоят қилдик). Биз уларни сайлаб, тўғри йўлга ҳидоят қилдик» (Анъом, 83–87).
Имом Розий ушбу оятларнинг тафсирида қуйидагиларни айтиб ўтадилар: «Аллоҳ таоло ушбу оятда Иброҳим (алайҳиссалом)­га берган неъматларини санаб ўтмоқда:
Биринчиси, «Мана шулар Бизнинг Иброҳимга қавми устида берган ҳужжатларимиздир».
Яъни, Биз унга ушбу ҳужжатларни бердик, ва унга ҳидоят қи­либ, унинг ақлини ўша ҳужжатларга мувофиқ қилдик;
Иккинчиси, Аллоҳ таоло у кишини юқори даражага кўтарди: «Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни даражаларга кўтарурмиз»;
Учинчиси, Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)ни дунёда азиз-мукаррам қилиб, унинг насли ва зурриётидан инсонларнинг энг шарафлиси бўлмиш пайғамбар ва расулларни чиқарди ҳамда Қиёмат кунигача унинг наслида бу кароматни қолдирди. Кишига энг қувончли хабарлардан бири, унинг наслидан анбиё ва солиҳ кишиларнинг дунёга келишини билишидир» .
Жумҳур муфассирлар «Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам Биз ҳидоят қилдик)», оятидаги «Унинг зурриётидан» сўзини Иброҳим (алайҳиссалом)­га тегишли эканлигини айтишган, чунки бу ерда у кишига берилган неъматлар ҳақида сўз бормоқда.
Марям сурасида Иброҳим (алайҳиссалом)нинг отаси билан бўлган баҳсдан сўнг, қуйидаги оятлар келтирилади. Иброҳим (алай­ҳиссалом) айтадилар:
«Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қи­лаётганингиздан ҳам четланурман ва Парвардигоримга илтижо қилурман. Шояд Парвардигоримга илтижо қилга­ним шарофатидан бадбахт бўлиб қолмасман, деб умид қилур­ман». Бас, қачонки (Иброҳим) улардан ва улар Аллоҳни қў­йиб сиғинаётган бутларидан четлашгач, Биз унга Исҳоқ ва Яъқубдан ҳадя этдик ва барчаларини пайғамбар қилдик. Шунингдек, уларга ўз фазлу марҳаматимиздан инъом этдик ва улар учун рост, юксак мақтовларни қилдик» (Марям, 48–50).
Яъни, Иброҳим отасининг ўз куфрида қаттиқ туриб олганини кўргач, деди: “Мен сен учун истиғфор айтаман, аммо сени, қав­мингни ва сизлар сиғинаётган бутларингизни тарк этиб, сизлардан узоқроққа, Аллоҳнинг кенг ерига риҳлат қиламан. Қачонки Иброҳим ўшани қилгач, Биз унга ўғли Исҳоқ ва набираси Яъқубни инъом этиб, у икковини ҳам пайғамбар қилдик”.
Демак, ширк ва мушриклардан ҳамда фисқ ва фосиқлардан узоқлашиш дунё ва Охиратда бахт-саодатга олиб келар экан. Анбиё сурасида ҳам ушбу маъно таъкидлаб ўтилади:
«Ва Биз унга ҳамда Лутга нажот бериб, (уларни) Ўзимиз барча оламлар учун муборак қилган заминга (юбордик). Биз Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам зиёда қилдик ҳамда (уларнинг) барчаларини солиҳ кишилар қилдик. Яна уларни Бизнинг амримиз билан ҳидоят этадиган пешволар қилдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўкис адо этишни ва закотни ато этишни ваҳий қилдик. Улар ёлғиз Бизга­гина ибодат қилувчи бўлдилар» (Анбиё, 71–73).
Шундан сўнг Иброҳимга Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя қилиб, Ўз фазлимиз ва раҳматимиз билан унинг зурриётидан пайғамбар­лар қил­дик, ва ўша пайғамбарларга Таврот, Инжил ва Қуръон каби самовий китобларни нозил қилдик. Иброҳимнинг яхши амали учун шу дунёда унга солиҳа аёл ва вафотидан сўнг яхши мақтов қол­ди­риш билан ажр-мукофотини бердик. Шубҳасиз, у Охиратда Аллоҳ улардан, улар ҳам Аллоҳдан рози бўладиган бандалардандир.
Юқорида зикр қилиб ўтилганлар Қуръони каримда келти­рил­ган Иброҳим (алайҳиссалом) қиссаси эди. Агар суннат (ҳадис) китоб­ларига назар соладиган бўлсак, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) томонларидан ўз боболари Иброҳим (алайҳиссалом) шаън­ларига айтилган сўзларни кўришимиз мумкин.
Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдига келиб: «Эй инсониятнинг энг яхшиси бўлган Зот!» деб мурожаат қилди. Шунда У Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу (яъни, инсониятнинг энг ях­шиси) – Иброҳим (алайҳиссалом)дир», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Албатта, бу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) томонларидан қилинган камтарлик бўлиб, ўз боболари Иброҳим (алайҳиссалом)га мақтов йўлламоқдалар. Ҳолбуки, пайғамбар­лар­нинг афзали, махлуқотларнинг энг яхшиси – Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)дирлар.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқалар ривоят қилган ҳа­дисда Исроъ ва Меърож кечаси ҳақида ривоят қиладилар. Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «У ерда Ибро­ҳимни кўрдим, унга яқинлашгач, худди соҳибингиз (яъни, мен)­га ўхшаш одамни кўрдим».
Аллоҳ таоло Қиёмат куни бизларни ҳам набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ бандалар қаторида ҳашр қилишини сўрай­миз. Бу Аллоҳ тарафидан бўладиган бир фазлдир. Унинг Ўзи бизнинг барча дуо-илтижоларимизни билувчидир. Пайғамбаримиз Муҳам­мадга, у кишининг аҳли байтлари ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase