close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

СОЛИҲ (АЛАЙҲИССАЛОМ) ВА ҚАВМЛАРИ ҚИССАСИ

Солиҳ (алайҳиссалом)нинг қавмлари билан бўлган қиссаси Қуръони каримнинг кўпгина сураларида келган, жумладан, Аъроф, Ҳуд, Ҳижр, Исро, Шуаро, Намл, Фуссилат, Қамар...
Солиҳ (алайҳиссалом)нинг насаблари Нуҳ (алайҳиссалом)га бориб, тақалади. Уни Ибн Касир қуйидагича келтирадилар: «Со­лиҳ ибн Абд, Ибн Мосиҳ, Ибн Убайд, Ибн Ҳожар, Ибн Самуд, Ибн Обир, Ибн Ирам, Ибн Сом, Ибн Нуҳ» .
Аллоҳ таоло Солиҳ (алайҳиссалом)ни Самуд қабиласига юборган эди. Ушбу қабиланинг номи Солиҳ ( алайҳиссалом)нинг бо­боси Самуд ибн Омур номи билан аталган.
Айтиладики: У ерда сув миқдорининг камлиги сабабли Самуд деб аталган. Араб тилида «самида» сўзи «камаймоқ», «куч­сизланмоқ» маъноларини англатади.
Самуд қабиласи Ҳижр ўлкасида истиқомат қилардилар. У Ҳижоз ва Шом ўлкасида жойлашган эди. Ҳозирги жойлашган ўрни, тахминан, Ҳижоз ва Иорданиянинг шарқий томонлари ҳи­собланади. Бу жойлар ҳалигача «Солиҳ (алайҳиссалом)нинг ша­ҳарлари» деб юритилади.
Самуд қабиласи араб қабилаларидан биридир, улар Ҳуд (алай­ҳиссалом) қавмидан сўнг халифа (ўринбосар) бўлиб қолдилар. Шу сабабли Қуръони каримдаги кўп оятларда Ҳуд (алайҳиссалом)­дан сўнг Солиҳ (алайҳиссалом) қавмлари ҳақида ҳикоя қили­нади. Сўзимизга мисол тариқасида ушбу оятни келтирамиз.
Солиҳ (алайҳиссалом) ўз қавмларига шундай хитоб қилади­лар: «Сизларнинг Од (қавми)дан кейин халифа қилиб қўй­га­нини ва сизларга ернинг текисликларида маскан берганини эсланг!» (Аъроф, 74).
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй, Муҳаммад (соллаллоҳи алайҳи ва саллам), Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яра­тилмаган, баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Ирам (шаҳридаги) Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилга­нини кўрмадингиз? (Қуро) водийсида харсанг тошларни кес (иб ўзларига уйлар солиб ол)ган кимсалар бўлмиш Самуд (қаби­ласини қандай ҳалокатга дучор қилинганиничи)?» (Фажр, 6–9).
Аллоҳ (азза ва жалла) яна шундай дейди: «Сизларга илгари ўтган кишиларнинг – Нуҳ қавмининг, Од, Самуд (қаби­лаларининг) ва улардан кейин ўтган, (сон-саноқларини) фақат Аллоҳгина биладиган қавмларнинг хабарлари келмадими? Уларга пайғамбарлари ҳужжат келтирганларида, улар қўл­лари билан (пайғамбарларининг) оғизларини тўсиб, дедилар: «Биз сизлар элчи қилиб юборилган нарса (дин)га кофир бўл­дик. Чунки биз сизлар даъват қилаётган динингиздан шак-шубҳададирмиз» (Иброҳим, 9).
Солиҳ (алайҳиссалом)нинг қавми билан бўлган қиссаси Аъроф сурасида энг батафсил тарзда келган. Аллоҳ таоло айтади:  
«Самудга ўз биродарлари Солиҳни (юбордик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизларга Парвардигорингиз томонидан ҳужжат – мана бу Аллоҳ (юборган) туя сизлар учун оят-мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни аламли азоб ушлайди. Сизларни Од (қавми)дан кейин халифа қилиб қўйганини ва сизларга ернинг текисликларида қасрлар қуриб олишингиз учун мас­кан берганини эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз ва ерда бузғунчилик қилиб санғиб юрмангиз!» (Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар бечоралар мўмин бўлган зотларга: «Сизлар Солиҳни Парвардигор тарафидан юборилган пайғамбар деб билурмисизлар?» дейишди. Улар айтдилар: «Албатта, биз унинг воситасида юборилган нарсага имон келтиргувчимиз». Мутакаббир кимсалар эса: «Биз сизлар имон келтирган динга кофирмиз», дейиш­ди-да, туяни сўйиб юборишди ва Парвардигорларининг амридан юз ўгиришди ҳамда: «Эй Солиҳ, агар сен ростдан ҳам пайғамбарлардан бўлсанг, бизга ваъда қилган нарсангни келтирчи?» дейишди. Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар. Кейин (Солиҳ) улардан юз ўгириб (ўзича) деди: «Эй қавмим, мана мен сизларга насиҳат қилдим. Лекин сизлар (холис) насиҳат қилгувчиларни севмайсизлар» (Аъроф, 73–79).
Юқорида кўриб ўтган қисса Аллоҳ таолонинг қуйидаги каломи билан бошланади: «Самудга ўз биродарлари Солиҳни (юбордик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир».
Яъни, Биз Самуд қабиласига ўз биродари Солиҳни пайғам­бар қилдик, уларнинг насаби, ўлкаси ва тили бир хил эди. Солиҳ уларга барча пайғамбарлар каби деди: “Эй қавмим, аҳли оилам, қариндошларим, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилинглар, Сиз­лар учун Ундан бошқа бирон илоҳ йўқдир, бут-санамларга сиғи­нишни бас қилинглар!”
Солиҳ (алайҳиссалом) шундан кейин ўзларининг Аллоҳ тао­ло томонидан юборилган ростгўй пайғамбар эканликларини тасдиқловчи мўъжизани баён қилдилар: «Сизларга Парвардигорингиз томонидан ҳужжат – мана бу Аллоҳ (юборган) туя сизлар учун оят-мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни аламли азоб ушлайди».
Бу ердаги ҳужжатдан мурод, Солиҳ (алайҳиссалом)нинг Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбар эканликларини қув­ват­ловчи далил – мўъжизадир.
Яъни, эй инсонлар, сизларга Раббингиз томонидан мен етказаётган нарсаларимнинг ҳақлигини ва мен ростгўй пайғам­бар эканлигимни исботловчи очиқ-ойдин ҳужжат келди. Ушбу мўъжиза фақат Раббингиз Аллоҳ томонидан қилинди, мен тарафимдан эмас, бас, шундай экан, менинг даъватларимга ижобат қилинглар, Аллоҳга итоат этинглар. Сўнгра ушбу мўъжиза нима эканлиги баён қилинади: «Мана бу Аллоҳ (юборган) туя сизлар учун оят-мўъжиза бўлиб келди».
Солиҳ (алайҳиссалом)нинг қавми ундан ҳақ пайғамбар эканлигини таслиқловчи бирон мўъжиза кўрсатишни сўраганлари­да, пайғамбар бир харсанг тошни Аллоҳнинг изни билан туяга айлантирадилар ва уни ўлдирмасдан, бирон ёмонлик етказмаслик­ларини буюриб, акс ҳолда уларнинг бошига бир мусибат бало келишидан огоҳлантирадилар.
Лекин баъзи муфассирлар шундай дейишади: «Ушбу қисса ҳақида ҳеч қандай нақл ёки ақл тасдиқламайдиган кўпгина муболағалар бор, шунинг учун биз уни зикр қилишдан чекланиб, Қуръони каримда ворид бўлган хабарлар билан кифояланамиз».
Кейин ушбу туяга қандай муносабатда бўлиш кераклигини айтиб ўтадилар: «Бас, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказманг­ларки, у ҳолда сизларни аламли азоб ушлайди».
Яъни, Солиҳ (алайҳиссалом) дедилар: “Эй қавмим ушбу туяни тинч қўйинглар, Аллоҳнинг ерида ўтлаб юрсин, аммо унга бирон зарар етказа кўрманг, шундай қилсанглар, сизларни ҳалокатга учратувчи ва таг-тугингиз билан йўқ қилувчи аламли азобга дучор бўласиз”.
Солиҳ (алайҳиссалом) уларга ушбу нарсаларни баён қилиб бўлганларидан сўнг, Аллоҳ таолонинг неъматларини эслатишга ўтдилар: «Сизларни Од (қавми)дан кейин халифа қилиб қўй­ганини ва сизларга ернинг текисликларида қасрлар қу­риб олишингиз учун маскан берганини эслангиз!»
Яъни, Солиҳ (алайҳиссалом) ўз қавмларига лутф ва одоб билан дедилар: “Эй қавмим, ибрат-насиҳат олишларингиз учун Аллоҳ таолонинг сизларга инъом этган неъматларини эсланг! У зот Од қабиласини туғёнга кетганликлари, ғурур ва ношукрлик қилганликлари сабабли ҳалок қилгач, сизларни ер юзида уларнинг ўрнига келтирди – халифа қилди”.
У Зот сизларга ерда текис ва қулай маскан қилиб қўйди. Бу ердаги « ер»дан мурод, Самуд қабиласи яшайдиган Ҳижр ўлкаси­дир. У Ҳижоз ва Шом оралиғида жойлашган.
Аллоҳ таоло сизларни ушбу ерга туширди ва текисликларда чиройли қасрлар, баланд деворлар қуришингизни ҳамда тоғларни йўниб, уни маскан тутишингизни осон қилиб қўйди. Айтиладики: Улар қиш фаслида тоғлардан йўниб ясалган уйларда яшардилар, чунки унга ёмғир, шамол-бўрон ёки совуқ таъсир қилмайди.
Баҳор ва ёз фаслларида эса текисликларга деҳқончилик ва бошқа ишлар билан шуғулланиш учун кўчиб ўтардилар.
Ушбу Қуръон оятларидан билиб олишимиз мумкинки, Аллоҳ таоло Солиҳ (алайҳиссалом) қавмига кўплаб неъматлар ва ер юзида кенг имкониятлар ато этган.
Шу сабабли у киши ўз қавмларини Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишга чақирадилар: «Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз ва ерда бузғунчилик қилиб санғиб юрмангиз!»
Яъни, бас, шундай экан, Аллоҳ таолога унинг неъматларини эътироф этган ҳолингизда шукр қилинг, ер юзида фисқу фасод, бузғунчилик ишларини қилишдан эҳтиёт бўлинг!
Қиссанинг шу еригача Солиҳ (алайҳиссалом) қавмларига турли йўллар билан насиҳат қилиб келдилар. Энди, қавмнинг бунга нисбатан билдирган муносабати қандай бўлди?
Уларнинг берган жавоби қабиҳ, ғурур ва ношукрликда Нуҳ ва Ҳуд (алайҳиссалом) қавми берган жавобдан ҳеч ҳам қолишмади. Келаси оятда шу ҳақида айтилади: «(Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар бечоралар мўмин бўлган зотларга: "Сизлар Солиҳни Парвардигор тарафидан юборилган пайғамбар деб билурмисизлар?", дейишди».
Яъни, Солиҳ (алайҳиссалом) қавмининг мутакаббир, золим ва исрофгар кишилари ҳақиқат йўлига эргашган оз сонли мўмин­ларга қарата шундай дедилар: Солиҳни Парвардигори ёлғиз Ўзига ибодат қилишга даъват қилиш учун пайғамбар қилиб юборилган деб биласизларми?
Бу саволнинг ортида ўша оз сонли мўминларни қўрқитиш, уларнинг юрагига ғулғула солиш ва уларнинг устидан кулиш маъноси бор эди, чунки ўша кишилар Солиҳ (алайҳиссалом)ни ўз Раббиси томонидан юборилган пайғамбар, деб тан олар эдилар. Шу сабабли кофирлар томонидан берилган саволга зоҳирий (очиқчасига) жавоб бермадилар, яъни «Ҳа, у Раббиси томонидан юбориладиган пайғамбардир», демадилар. Балки улар: «Албатта, биз унинг воситасида юборилган нарса (дин)га имон келтиргувчимиз» дейишди.
Бунда ҳақиқатни қарор топтириш, уларнинг даъволарини ботил эканлигини исботлаш, қалбларида мустаҳкам ўрнашган имонларини зоҳир қилиш, Аллоҳ таолонинг пайғамбар юбориш тўғрисидаги амри очиқ ва равшан эканлигини баён қилиш маъноси бор эди.
Мўминларнинг бу жавоби жисмлари заиф, ўзлари бечораҳол бўлсалар-да, уларнинг ҳақиқат йўлидаги шижоатлари, имонларининг қуввати ва саломат эканлиги ҳамда Аллоҳга аниқ ишонишларига далолат қилиб турибди. Бунга қарши мутакаббир кимсалар кибр ва ношукрлик билан шундай дедилар: «Биз сизлар имон келтирган динга кофирмиз».
Яъни, биз сизлар имон келтирган ва Солиҳ олиб келган динга ишонмаймиз, унга куфр келтирамиз.
Сўнгра «Туяни сўйиб юборишди».
Яъни, Аллоҳ таоло Солиҳ (алайҳиссалом)нинг чин пайғамбар эканлигига далолат қилувчи туяни сўйдилар. Ваҳоланки, Солиҳ (алайҳиссалом) уларга «Унга бирон ёмонлик етказмангки, у ҳолда сизларни аламли азоб ушлайди», деб айтган эдилар.
Ушбу туяни бир киши сўйган эди, лекин Аллоҳ таоло «сўй­дилар», деб айтмоқда. Чунки улар ҳам ўша ишни қилишга рози бўлиб турган эдилар. Бас, улар «Парвардигорларининг амридан юз ўгиришди». Яъни, Аллоҳнинг амрига эргашмадилар, қайтарганидан қайтмадилар.
Улар ушбу қабиҳ жиноят билан чекланмай, балки аҳмоқлик ва кибр билан шундай дедилар: «Эй Солиҳ, агар сен ростдан ҳам пайғамбарлардан бўлсанг, бизга ваъда қилган нарсангни келтирчи».
Яъни, улар камситиш маъносида бундай дедилар: “Агар рост­гўйлардан бўлсанг бизларни огоҳлантираётган ва Раббингдан етказаётган нарсаларинг ҳақиқат бўлса, амрингга хилоф иш тутсак, келиши аниқ деяётганинг ўша азобни келтир. Мана биз сен­га қарши иш қилдик-ку?
«Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар».
Яъни, бу мутакаббир қавмни кучли зилзила тутиб, дарҳол ҳалок қилди. Уларнинг баъзиси ер билан битта бўлдилар, баъзилари юзлари билан йиқилиб жон бердилар ва ҳаракатсиз бўлиб қолдилар. Буларнинг ҳолига бир назар солинг. Аллоҳ уларга зулм қилмади, балки ўзларига ўзлари зулм қилдилар.
Сўнгра Солиҳ (алайҳиссалом) бундай дедилар: «(Солиҳ) улардан юз ўгириб (ўзича) деди: “Эй қавмим, мана мен сизларга насиҳат қилдим. Лекин сизлар (холис) насиҳат қилгувчилар­ни севмайсизлар”».
Яъни, Солиҳ (алайҳиссалом) улардан юз ўгирди, уларни ўз­лари талаб қилган нарсага қўйиб қўйди ва деди: «Эй қавмим, мен Парвардигоримнинг амр-вазифаларини бирор нарсани камай­тирмай сизларга етказдим. Сизларни тарғиб-тарҳиб йўли билан динга даъват этдим, насиҳат қилдим, лекин сизлар насиҳат қил­гувчилардан нафратланиб, уларга адоват қилдингиз».
Шундай қилиб, яна бир кофир қавмнинг ҳаёт саҳифаларига нуқта қўйилди.
«Ҳижр» сурасида ушбу қисса ҳақида қисқача келтириб ўтилади:
«Аниқки, Ҳижр эгалари ҳам пайғамбарларни ёлғончи қилгандирлар. Биз уларга ўз оят-мўъжизаларимизни ато этган эдик. Улар бу оятлардан юз ўгирувчи бўлдилар. Улар тинч-омонликда тоғлардан уйлар йўниб юрганларида уларни тонг чоғида даҳшатли қичқириқ тутди. Сўнгра уларга қилган нарсалари фойда бермади» (Ҳижр, 80–84).
Ҳижр эгалари: Солиҳ (алайҳиссалом)нинг қавмидир. Ҳижр Шом билан Мадинаи мунаввара ўртасидаги бир водий бўлган. Солиҳ (алайҳиссалом)нинг қавми ўша ерда истиқомат қилар­дилар.
«Ҳижр» аслида «тош билан ўралган жой» ёки «тошлоқ» маъноларини англатади.
Аллоҳ (субҳонаҳу ва таоло) айтади: «Аниқки, Ҳижр ҳам пайғамбарларни ёлғончи қилгандилар».
Улар фақат Солиҳ (алайҳиссалом)ни инкор қилмадилар, балки барча пайғамбарларни ёлғончи қилдилар, ҳолбуки, уларнинг рисолати бир эди, барчалари Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишга, яхши хулқлар билан сифатланишга чақириб, разил-фасод ишлардан қайтарар эдилар.
«Биз уларга ўз оят-мўъжизаларимизни ато этган эдик. Улар бу оятлардан юз ўгирувчи бўлдилар».
Яъни, Биз Солиҳ (алайҳиссалом) қавмига унинг ростгўйлигига, Бизнинг ҳузуримиздан юборилган пайғамбар эканлигига далолат қилувчи мўъжизаларни берган эдик. Лекин улар бунга ҳам эътибор бермай, ундан юз ўгирдилар, фикр қилиб кўрмадилар. Шу сабабли Бизга осий бўлдилар ва азоб келтиришимизни шоширдилар.
Сўнгра Аллоҳ таоло Солиҳ (алайҳиссалом) қавмининг куч-қуввати ва маданиятига далолат қилгувчи оятларни келтириб ўтади: «Улар тинч-омонликда тоғлардан уйлар йўниб юрганларида …»
Яъни, улар куч-қувват ва кўплаб бойликларга эга бўлганлар, ҳатто тоғлар ичида ўзлари учун уйлар қуриб, шу билан бирга хотиржам, саломатликда яшар эдилар. Лекин бойликларга эга бўлиб, Аллоҳга шукр қилмасликларининг, куфрда қаттиқ туриб олиш, Аллоҳ таолонинг пайғамбарларини ёлғонга чиқариш ва ҳа­қиқатдан юз ўгиришнинг оқибати нима бўлди?!!
Келаси оятда шу ҳақида ҳикоя қилинади: «Уларни тонг чо­ғида даҳшатли қичқириқ тутди. Сўнгра уларга қилган нар­салари бирон фойда бермади».
Яъни, Ҳижр эгаларининг Солиҳ (алайҳиссалом)ни ёлғончига чиқаришлари оқибатида Аллоҳ таоло уларни энди тонг ёришиб келаётган вақтда бир даҳшатли қичқириқ билан ҳалок қилди. Уларга бутун умр йиғган мол-дунёлари ҳам, тоғлардан йўниб ясаган уйлари ҳам фойда бермади. Уларни бу азоблардан қутқариб ҳам қола олмади.
Бундан кўриниб турибдики, Аллоҳ таолонинг Ўзи кофир ва жиноятчи душманларига берган азоби олдида ҳар бир ҳимоя қўрғони барбод бўлади, тинч-омонлик хавотирга алмашади, ҳар бир мустаҳкам нарса тагидан зил кетади.
Ҳуд сурасида ушбу қисса бошқа тафсилотлар билан, ўзига хос услубда ҳикоя қилинади. Ақл эгалари учун бунда кўпгина ибрат ва намуналар бор.
«Самудга ўз биродарлари Солиҳни (юбордик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. У сизларни ердан пайдо қилиб, сизларга унда умр берди. Бас, Ундан мағфират сўранглар ва унга тавба-тазарру қилинглар! Албатта, Парвардигорим яқин ва ижобат қилгувчидир». Улар дедилар: «Эй Солиҳ, сен илгари бизнинг орамиздаги умидли киши эдинг-ку. Энди бизларни ота-боболаримиз сиғиниб келаётган бутларга сиғи­ни­шимиздан қайтарурмисан?! Албатта, бизлар сенинг даъват қилаётган динингдан шак-шубҳадамиз». У айтди: «Эй қав­мим, хабар берингизчи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У Зот менга Ўзининг раҳмати-пайғамбарликни ато этган бўлса-ю, мен У зотга исён қилсам, у ҳолда Аллоҳдан мени ким қутқарур?! Бас, сизлар менга зиёндан ўзга нарса келтирмайсизлар. Эй қавмим, мана бу Аллоҳнинг (юборган) туяси сизлар учун оят-мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказманглар, акс ҳолда сизларни яқин азоб ушлар». Улар эса (туяни) сўйиб юбордилар. Шунда (Солиҳ) айтди: «Уй-жойларингиздан уч кун фойдаланиб қолинглар. Мана шу ёлғон бўлмаган ваъдадир». Энди қачон бизнинг фармонимиз келганида, Солиҳ ва у билан бирга имон келтирган кишиларга ўз раҳматимиз билан (у азобдан) ва ўша кундаги шармандаликдан нажот бердик. Албатта, Парвардигорингиз ҳақиқий куч-қувват Эгасидир. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё у ерда ҳеч қачон яшамагандек, турган жойларида тўкилдилар. Огоҳ бўлингизким, албатта Самуд (қабиласи) Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Самуд (қабиласи) ҳалокатга учради» (Ҳуд, 61–68).
Яъни, Биз Солиҳ (алайҳиссалом)ни Самуд қабиласига пай­ғамбар қилиб юбордик ва у деди: «Эй қавмим, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинглар, у сизларни яратган ва ризқ бергувчи зотдир, Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир».
Сўнгра Аллоҳ таолонинг қудратини, уларга берган неъматларини эслатиб ўтадилар: «У сизларни ердан пайдо қилиб, сизларга унда умр берди».
Яъни, У отангиз Одам (алайҳиссалом)ни тупроқдан яратди ва сиз унинг наслидансизлар. У зот сизларга ер юзида умр бериб қўйди, меваларга тўла бўлган боғ-роғлар ато этди. Шундай экан, «Бас, Ундан мағфират сўранглар ва сўнгра унга тавба-тазарру қилинглар! Албатта, Парвардигорим яқин ва ижобат қилгувчидир».
Яъни, Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилинглар, неъматларига шукр қилиб, ўтган гуноҳларингизни кечиришини сўранглар ҳамда чин қалбдан тавба қилинглар, ўтмишда ширк ва куфр келтирганларингиз учун пушаймон бўлинглар. Зеро, Аллоҳ таолонинг муҳсин бандаларига раҳмати яқин, ихлос билан қилинган дуоларни ижобат этади ҳамда ибодат ва тоатларингизни қабул қилади. Сизлар фақат унинг раҳматидан ноумид бўлманглар!
Келаси оятда қавмининг Солиҳ (алайҳиссалом)га қилган жавоблари келтирилади: «Эй Солиҳ, сен илгари бизнинг орамиздаги умидли киши эдинг-ку».
Яъни, эй Солиҳ, аввал сен бизларнинг энг фозил ва ақлли одамимиз эдинг-ку, бу нарсаларни бизга айтмасингдан олдин сенинг илминг етук, ақлли ва ишончли инсон бўлганинг учун энг муҳим ишларни сенга топширар эдик. Лекин мана бу янги динни олиб келганингдан сўнг, сенга бўлган ишончимиз йўқолди, сен бизнинг кўз ўнгимизда ақли заиф, фикри бузилган одам бўлиб қолдинг.
«Энди бизларни ота-боболаримиз сиғиниб келаётган бутларга сиғинишимиздан қайтарурмисан?!»
Ушбу савол инкор ва ажабланиш маъносида берилмоқда.
Яъни, янги даъватинг билан бизларни илгари ота-боболаримиз сиғинган бут-санамларга ибодат қилишимиздан қайтарасанми? Йўқ, биз сенга ижобат қилмаймиз. Зеро, биз ота-боболаримизни шундай қилаётганларини кўрган эдик, биз ўша эътиқодга содиқ қолиб, уларнинг изидан борамиз.
Ва «Албатта, бизлар сенинг даъват қилаётган динингдан шак-шубҳадамиз».
Яъни, улар ўз ботил эътиқодларида қолишни қатъий таъкидлаб бундай дедилар: «Биз ота-боболаримиз сиғиниб келган бут-санамларга ибодат қилишни зинҳор тарк қилмаймиз. Сен бизларни даъват қилаётган динингдан қаттиқ шубҳаланаяпмиз».
Эътибор беринг, улар Ҳақиқат йўлига чорловни инкор этиб, ботил эътиқодларида қолишни таъкидлаяптилар. (Ушбу қавм ўз­лари ҳеч ақл юритиб кўрмас, балки ота-боболарини тўғри йўл­да бўлган кишилар, деб ўйлашар эди. Шунинг учун бу йўлдан ҳеч қайтгилари келмасди. – тарж). Лекин Солиҳ (алайҳиссалом) уларнинг бу жавоб­ларидан умидсизланмадилар, балки ҳикматли услубда шундай дедилар: «Эй қавмим, хабар берингизчи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У Зот менга Ўзининг раҳмати-пайғамбарликни ато этган бўлса-ю, мен У зотга исён қилсам, у ҳолда Аллоҳдан мени ким қутқарур?! Бас, сизлар менга зиёндан ўзга нарса келтирмайсизлар».
Яъни, эй қавмим, менга хабар берингларчи, агар мен Аллоҳ таоло томонидан очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам, У зот менга Ўзи­нинг улуғ раҳмати, яъни ер аҳлига амрларини ва даъватларини етказишим учун пайғамбар қилиб танлаб олган бўлса, агар мен унинг амрига хилоф иш тутсам ёки амр фармонларини етказишда бирон нарсани ноқис қилсам, ким мени унинг ғазаби ва азо­бидан қутқариб қолур?!
Солиҳ (алайҳиссалом)нинг «Сизлар менга зиёндан ўзга нарса келтирмайсизлар», деб айтганлари Ҳақиқат йўли ҳеч қачон шубҳа-гумонларни қабул қилмаслиги ва ҳақиқатга қарши бориш ҳалокат ва ҳасрат-надоматга олиб боришини англатади.
Яъни, менинг сизларга итоат этишим Раббимга осий бўлиш­га, ҳалокатга учраб, Аллоҳ таолонинг азоби ва ғазабига гирифтор бўлишимга сабаб бўлади. Мен сизларни рози қилиш учун Раббимнинг амрига хилоф иш тутмайман.
Ушбу ояти карима Солиҳ (алайҳиссалом)нинг Аллоҳ таолога бўлган чексиз муҳаббатлари, кучли имонлари, Унинг тоатига ҳарисманд эканликлари ва ўз даъватларида сабот билан туришларини кўрсатмоқда.
Сўнгра бундай дедилар: «Эй қавмим, мана бу Аллоҳнинг (юборган) туяси сизлар учун оят-мўъжиза бўлиб келди».
Бу ерда Солиҳ (алайҳиссалом)нинг рост пайғамбар эканлик­ларига далолат қилувчи мўъжиза ҳақида гапирилмоқда.
«Бас, уни Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказманглар, акс ҳолда сизларни яқин азоб ушлар».
Яъни, Аллоҳ таолонинг туясини тинч қўйинглар. У бемалол ўтлаб юрсин, у сизлар минадиган, сўядиган ёки юкларингизни та­ший­диган оддий туя эмасдир, балки у Аллоҳнинг ўз пайғамба­ри Солиҳ (алайҳиссалом)га берган мўъжизасидир. Бас, уни еб-ичиши­дан ман қилманглар ва бирон зиён ҳам етказманглар, акс ҳолда сиз­лар­нинг устингизга Аллоҳ таоло тарафидан азоб юборилгайдир.
Қавм ушбу огоҳлантириш ва насиҳатларга қулоқ солдими? Йўқ, улар бунга ижобат қилмадилар, балки ўша туяни сўйиб юбор­дилар.
«Шунда (Солиҳ) айтди: «Уй-жойларингиздан уч кун фойдаланиб қолинглар. Мана шу ёлғон бўлмаган ваъдадир».
Яъни, қавм Аллоҳнинг амрига хилоф қилиб туяни сўйишгач, Солиҳ (алайҳиссалом) уларга бундай дедилар: “Уч кун ичида уш­бу масканларингизда яшаб, ундаги неъматлардан фойдаланиб қолинглар, сўнгра устингизга ҳеч кимни соғ қолдирмайдиган азоб келади. Бу Аллоҳ таолонинг ҳақ ваъдасидир, Зеро, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди”.
«Энди қачон бизнинг фармонимиз келганида, Солиҳ ва у билан бирга имон келтирган кишиларга ўз раҳматимиз билан (у азобдан) ва ўша кундаги шармандаликдан нажот бердик».
Яъни, белгиланган вақтда уларга азоб тушиши ҳақида бизнинг амримиз келганида, Солиҳ ва у билан бирга бўлган мўмин­ларни ўз раҳматимиз билан ўша азобдан ва ўша даҳшатли кундаги бахтсизлик ва хору зор бўлишдан сақладик. Солиҳ (алай­ҳиссалом) қавми таг-туги билан ҳалок этилди.
«Албатта, Парвардигорингиз ҳақиқий куч-қувват эгасидир».
Яъни, эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақи­қат Раббингиз ҳеч нарсадан ожиз қолмайдиган, ўз душманлари устидан ғолиб келувчи Зот ва куч-қудрат соҳибидир.
Ушбу ояти карима Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва мўминларга мушрик қавмлардан етган азиятларга сабр қи­лишга чақириб, уларга тасалли бериш учун ворид бўлгандир.
Сўнгра ушбу золим ва кофир қавмнинг ҳоли не кечганлигини кўриб, ундан ибрат олишга чақириш учун уларнинг оқибатлари келтириб ўтилади: «Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқи­риқ тутиб, гўё у ерда ҳеч қачон яшамагандек, турган жойларида тўкилдилар. Огоҳ бўлингизким, албатта, Самуд (қабиласи) Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Самуд (қабиласи) ҳалокатга учради».
Яъни, Солиҳ (алайҳиссалом) қавмининг золим кимсаларини кучли ва даҳшатли қичқириқдан иборат бўлган азоб тутди. Натижада улар юзлари билан ерга йиқилиб, ҳеч бир ҳаракатсиз тарзда ҳалокатга учрадилар. Улар ушбу азобни кўришгач, худди узоқ муддат фаровон ва тўкин-сочин ҳаётда яшамагандек бўлдилар. Огоҳ бўлингларки, Самуд қабиласининг золим кишилари Аллоҳ таолонинг неъматларига ношукрлик қилиб куфр келтирдилар. Огоҳ бўлингларки, Самуд қабиласига шу сабабли фалокат ва ҳасрат-надомат бўлди!
Намл сурасида ҳам бошқа услубда ушбу қисса ҳикоя қилина­ди. Унда бир гуруҳ одамлар Солиҳ (алайҳиссалом)ни ўлдириш ҳақида келишиб олишлари ва Аллоҳ таолонинг уни ўша макр­дан сақлаб уларни ҳалок қилгани ҳақида айтилади.    
«Қасамки, Биз Самудга биродарлари Солиҳни пайғамбар этиб юбордик. (У): «Аллоҳга ибодат қилингиз!» (деди). Бас, бехос улар келиша олмайдиган икки гуруҳга бўлиндилар. (Со­лиҳ) айтди: «Эй қавмим, нега сизлар азоб сўраш билан яхшиликдан илгари ёмонликни шоширмоқдасизлар?! Сизларга раҳм қилиниши учун Аллоҳдан мағфират сўрасангиз бўл­масмиди?!» Улар дедилар: «Биз сен ва сен билан бирга бўл­ган­лардан деб шумландик». (Солиҳ) айтди: «Сизларнинг ишингиз Аллоҳ ҳузуридадир. Аксинча, сизлар имтиҳон қи­линаётган қавмдирсизлар». У шаҳарда ислоҳ ўрнига ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз нафар кимса бор эди. Ўшалар Аллоҳ номига қасам ичиб айтдилар: «Албатта, уни ва унинг аҳлини тунда ҳалок қилурмиз, сўнгра унинг ворисига: «Бизлар унинг аҳлини ҳалокатига гувоҳ бўлган эмасмиз. Албатта, бизлар ростгўй кишилардирмиз», деймиз». Улар макр қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолларида «макр» қилдик. Бас, уларнинг қилган макрлари оқибати қандай бўлганини кўринг! Биз уларни ва қавмларининг барчасини тор-мор қилдик. Мана, зулм қилганлари сабабли уларнинг уйлари ҳувиллаб қолди! Албатта, бунда биладиган қавм учун ибрат бордир! Имон келтирган ва тақволи бўлган зотларга эса нажот бердик» (Намл, 45–53).
Яъни, Аллоҳга қасамки, Биз Самуд қабиласига биродарлари Солиҳ (алайҳиссалом)ни Бизга ихлос билан ибодат қилишга буюриш ва куфр, фисқ ҳамда исён йўлидан қайтариш учун пайғамбар қилиб бордик.
Лекин «Улар келишолмайдиган икки гуруҳга бўлиндилар».
Яъни, Биз Солиҳни уларга башорат бериш ва огоҳлантириш учун юборганимизда, тўсатдан улар бир-бири билан уришиб талашувчи икки гуруҳга бўлиниб олдилар: бири Солиҳ (алайҳиссалом) билан бирга имон келтирган кишилар, улар оз сонли эди; иккинчиси, Солиҳ (алайҳиссалом)га куфр келтирган кимсалар бўлиб, уларнинг миқдори кўп эди.
Бу икки гуруҳ ўртасидаги хусуматга Аллоҳ таоло бошқа бир суратда ишора қилган: «(Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар бечоралар – уларнинг ораларидаги мў­мин бўлган зотларга: «Сизлар Солиҳни Парвардигор тарафидан юборилган пайғамбар деб билурмисизлар?» дейишди. Улар айтдилар: «Албатта, биз унинг воситасида юборилган нар­са (дин)га имон келтиргувчимиз». Мутакаббир кимсалар эса: «Биз сизлар имон келтирган динга кофирмиз», дейишди» (Аъроф, 75–76).
Сўнгра Солиҳ (алайҳиссалом)нинг ҳикматли насиҳатлари келтириб ўтилади: «Эй қавмим, нега сизлар азоб сўраш билан яхшиликдан олдин ёмонликни шоширмоқдасиз?! Сизларга раҳм қилиниши учун Аллоҳдан мағфират сўрасангизлар бўлмасмиди?!»
Яъни, Солиҳ (алайҳиссалом) ўз қавмларига қарата таъсирли услубда шундай дедилар: «Эй қавмим, нима учун ҳар сафар сизларни Ҳақ динга даъват қилсам, ундан юз ўгирасизлар, имондан куфрни устун биласизлар, сизларни огоҳлантириб ўтганим – Аллоҳнинг азоби келишини шошилтирасизлар. Бунинг ўрнига, Аллоҳга истиғфор-тавбалар қилиб, У Зотга ихлос билан ибодат қилмайсизларми?! Шояд, У сизларни афв этиб, ўз раҳматига олса».
Бунга жавобан у мутакаббир кимсалар бундай дедилар:
 «Бизлар сен ва сен билан бирга бўлганлардан деб шумландик».
Яъни, эй Солиҳ, сен ва мўминларнинг орамизда бўлиши ва бизларни даъват қилишларингиз сабабли биз ёмонлик-бахтсиз­ликка, фаровон ҳаётдан қаҳатчиликка, енгилликдан қийинчи­ликка, бойликдан сўнг фақирликка дучор бўлдик.
Сўнгра Солиҳ (алайҳиссалом) уларга қарата шундай жавоб қилдилар: «Сизларнинг ишингиз Аллоҳ ҳузуридадир. Аксинча, сизлар имтиҳон қилинаётган қавмдирсизлар».
Яъни, сизлар даъво қилаётганингиздек, бизларнинг орангизда бўлишимиз ёмонликка йўлиқишингизга сабаб бўлмади, бал­ки сизларнинг куфр-исёнларингиз туфайли шу қийинчиликларга гирифтор бўлдингиз. Аллоҳ таоло сизларни тавба қиласизларми, гуноҳлардан қайтасизларми, деб синамоқда.
Лекин мутакаббир қавм ичидан ушбу насиҳатларни эшитгувчи, унга амал қилгувчи топилмади, балки улар яна ўз куфр ва ношукр­ликларида давом этиб, Солиҳ (алайҳиссалом) ва унинг аҳлини ўлдиришга аҳд қилдилар. Келаси оятда шу ҳақида айтиб ўтилади: «У шаҳарда ислоҳ ўрнига ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз нафар кимса бор эди. Ўшалар Аллоҳ номига қасам ичиб айтдилар: «Албатта, уни ва унинг аҳлини тунда ҳалок қилурмиз, сўнгра унинг ворисига: «Бизлар унинг аҳлини ҳалокатига гувоҳ эмасмиз. Албатта, бизлар ростгўй кишилардирмиз», деймиз».
Бу ерда зикр қилинган шаҳардан мурод Солиҳ (алайҳиссалом)­нинг шаҳарлари, яъни Ҳижр ўлкасидир.
Яъни, улар бир-бирларига шундай дедилар: «Аллоҳга қасамки, биз Солиҳни ва унинг аҳлини йўқ қилиб юборамиз». Улар кечаси ҳеч ким билмаслиги учун бирдан ҳужум уюштирмоқчи эдилар.
Оятда «ворис» деб келтирилганлардан мурод, Солиҳ (алай­ҳис­салом)нинг хунини талаб қилувчи қариндошларидир. Бундан кўринадики, ўша тўққиз нафар бузғунчилар Солиҳ (алай­ҳиссалом)нинг қариндошлари унга ёрдам беришидан қўрқиб, уни ошкора ўлдиришга ботина олмадилар.
Ушбу хиёнаткор, жиноятчи кимсаларнинг ажабланарли жойи шундаки, улар ўзаро амалга ошираётган қабиҳ жиноятларига Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб қасам ичдилар, яъни улар Аллоҳга қасам ичиб, ўша жиноятни қилмоқчи бўлдилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло улардан ва уларнинг макр-ҳийлаларидан пок ва бе­ҳожатдур. Лекин Аллоҳ таоло уларнинг ёмонликлари ва қабиҳ ҳийлаларини ўзларига қайтариб уларни ҳалок қилди. Бас, «Улар макр қилдилар. Биз ҳам «макр» қилдик».
Яъни, ўша гуруҳ Солиҳ (алайҳиссалом) ва унинг аҳлини қатл этишга қасам ичиш билан қаттиқ макр қилдилар. Биз Солиҳ ва у билан имон келтирган кишиларга ҳикматли тадбир қилдик ва уларга хиёнаткор қавмнинг макрларидан нажот бердик.
«Улар сезмаган ҳолларида».
Яъни, бу хиёнаткор кишилар бизнинг ҳикматли тадбиримизни сезмай қолишди, солиҳ бандаларимизга ғамхўрлик ва раҳ­матимизни кўрсатиб, уларнинг макридан сақлаб қолганимизни билишмади ҳам.
Сўнгра ушбу макрнинг оқибати нима билан якунланганига ишора қилиб ўтилади:
«Бас, уларнинг қилган макрлари оқибати қандай бўл­га­нини кўринг! Биз уларни ва қавмларининг барчасини тор-мор қилдик».
Яъни, эй оқил инсон, тафаккур қил ва ўзинг учун ушбу буз­ғун­чи қавмлар қиссасидан ибрат ол, Биз уларни ва улар билан бўл­ган­лар­ни ўз пайғамбаримиз Солиҳ (алайҳиссалом)ни инкор қилганликла­ри учун ҳалок қилдик, улардан ҳеч ким омон қолмади.
«Мана, зулм қилганлари сабабли уларнинг уйлари ҳу­виллаб қолди!»
Яъни, эй оқил инсон, агар сен уларни ҳалок қилганимизга ҳужжат-далил келтиришимизни хоҳласанг, мана сенга далил – уларнинг бўш ва устунлари қулаб тушган уйлари. Улар ўзларининг зулм, куфр, макрлари туфайли шундай аҳволга тушиб қоладилар.
«Албатта, бунда биладиган қавм учун ибрат бор».
Яъни, Биз уларни ҳалок ва тор-мор қилганлигимизда манфаатли илмга эга бўлиб, солиҳ амаллар қилгувчилар учун ибрат ва очиқ-ойдин ваъз-насиҳатлар бордир. Сўнгра Аллоҳ таоло Ўзининг ўзгармас қонуни ва тақдирини баён қилиш билан ушбу қиссани якунлайди:
«Имон келтирган ва тақволи бўлган зотларга эса нажот бердик».
Яъни, биз ўз фазлу карамимиз билан пайғамбаримиз Солиҳ (алайҳиссалом)га имон келтирган ва Аллоҳ таолодан қўрқиб, ўз нафсларини У рози бўлмайдиган амаллардан сақлаб юрган кишиларга нажот бердик.
«Энди Самуд (қабиласи)га келсак, бас, Биз уларни ҳидоят қилган эдик, улар ҳидоятни қўйиб, кўрликни, залолатни ихтиёр қилдилар. Бас, ўзлари қилгувчи бўлган нарсалари сабабли уларни хор қилгувчи азоб чақмоғи урди. Ва Биз имон келтирган ҳамда тақводор зотларга нажот бердик» (Фуссилат, 17–18).
Яъни, Биз Самуд қабиласига пайғамбаримиз Солиҳ (алайҳис­салом)ни юбориб, уларга ҳидоят ва залолат йўлини баён қилдик. Бу ердаги ҳидоятдан мурод, яхшилик йўлини баён қилиб, унга йўллаб қўйишдир.
Аммо улар «ҳидоятни қўйиб, кўрликни, залолатни ихтиёр қилдилар». Бу ердаги кўрликдан мурод: куфр ва залолат; ҳи­доятдан мурод эса: тоат ва имондир.
Натижада «Ўзлари қилгувчи бўлган нарсалари сабабли уларни хор қилгувчи азоб чақмоғи урди. Ва Биз имон келтир­ган ҳамда тақводор зотларга нажот бердик».
Яъни, Солиҳ (алайҳиссалом) қавми куфр ва залолатда давом этиб, ўз пайғамбарларига хилоф иш қилганларининг натижаси Бизнинг уларга ҳалок қилгувчи азобни юборишимиз билан якунланди.
Аммо Солиҳ (алайҳиссалом)нинг даъватларига имон келтириб, буюрган нарсаларига эргашиб, қайтариқларидан қайтган зотларни тақволари ва Аллоҳ таолодан қўрқишлари сабабли азобдан қутқардик ва уларга нажот бердик.
«Шуаро» сурасида ҳам ушбу қисса баён қилинган, унда юқо­рида айтиб ўтилганларни тўлдириб келувчи баъзи бир қўшимча маълумотлар келтириб ўтилади:
«Самуд пайғамбарларини ёлғончи қилди. Ўшанда уларга биродарлари Солиҳ айтган эди: (Аллоҳдан) қўрқмайсизлар­ми?! Албатта, мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат этинглар! Мен бу учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламлар Парвардигори зиммасидадир. Сизлар бу ердаги нарсаларда – боғлару булоқларда, экинлари ва мевалари ғарқ пишган хурмо дарахтлари ичида қўйиб қўйилурмисизлар. Яна моҳирлик билан тоғлардан уйлар йўнмоқдасизлар. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат этинглар! Ва ер юзида бузғунчилик қиладиган ва ўнглай олмайдиган ҳаддан ошувчи кимсаларнинг амрига итоат этманглар! Улар дедилар: «Ҳеч шак-шубҳасиз, сен сеҳрланган-ақлдан озган кимсалардандирсан. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг бирон оят-мўъжиза келтир!» У айтди: «(Менинг мўъжизам) мана шу туядир. (Маълум бир кун сув) ичиш навбати уники, маълум бир кун эса сизларнинг ичиш навбатингиздир. Яна унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни улуғ куннинг азоби ушлар». Бас, улар (туяни) сўйдилару, надомат қилгувчиларга айландилар. Уларни азоб ушлади. Албатта, бунда оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз Ўзи ғолиб ва меҳрибондир» (Шуаро, 142–159).
Ушбу ояти карималар Самуд қабиласининг Солиҳ (алайҳисса­лом)га нисбатан қандай муносабатда бўлганлигини баён қилиш билан бошланади:
«Самуд пайғамбарларини ёлғончи қилди».
Яъни, Самуд қабиласи нафақат Солиҳ (алайҳиссалом)ни, балки уларни Аллоҳга ибодат қилиш учун чақирган, яхши хулқлар билан сифатланишга ундаган барча пайғамбарларни ёлғончига чиқардилар, ваҳоланки, уларнинг барчаси бир рисолат-вазифа билан келган эдилар…
Солиҳ (алайҳиссалом) қавмларини Аллоҳга тақво қилишга, Ундан қўрқишга даъват қилиб, сўнгра ўзларини ишончли пай­ғамбар эканликларини баён қилдилар. Шундан сўнг бу қилаётган даъватларига улардан ҳеч нарса талаб қилмасликлари, у кишининг ажр-мукофотларини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи беришини таъкидлайдилар. Шундан кейин ақлли кишиларни Аллоҳ таоло берган неъматларига шукр қилишга чорловчи насиҳатларни қилиб ўтадилар: «Сизлар бу ердаги нарсаларда – боғлару бу­лоқларда, экинлари ва мевалари ғарқ пишган хурмо дарахтлари ичида қўйиб қўйилурмисиз?!»
Бу ердаги «Қўйиб қўйилурмисиз?!» саволи инкорни билдиради, яъни «Йўқ, бундай эмас», дейилмоқчи.
Яъни, сизлар бу дунёда Аллоҳ таолонинг турли хил неъмат­ларига бурканиб, улардан баҳраманд бўлгач, Холиқингиз сизлардан булар ҳақида сўрамайди ёки Қиёмат кунида ҳисоб қилин­маймиз, деб ўйлайсизларми?
Агар шундай деб ўйлаётган бўлсангиз, вақтида кўзингизни очинг, сизлар ҳозир эришиб турган неъматлар завол топгувчи, Қиёматда Аллоҳ таоло қилиб ўтган амалларингиз ҳақида ҳисоб қилади. Бас, шундай экан, буюк Холиқингиздан кўплаб ажр-му­кофотга эришиш учун аввал имон келтиринг, сўнгра солиҳ амаллар қилинг!
Сўнгра уларга бошқа бир неъматни эслатиб, уларни яна бир бор Аллоҳ таолога тақво қилишга чақирадилар: «Яна моҳирлик билан тоғлардан уйлар ҳам йўнмоқдасизлар?! Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!»
Яъни, сизларни Қиёмат кунидаги ҳисоб-китобдан ғофил қо­лишдан ва дунёда ғурур-кибр қилишдан қайтарганим каби, тоғ­ларда тошларни йўниб уйлар қуриб олишга муккасидан кетишингиздан ҳам қайтараман, чунки бу қаср уйлар ношукрлик, ёмонлик ва ғурур белгиси, ислоҳ ёки шукр қилиш маъносида эмас. Солиҳ (алайҳиссалом) уларни тоғлардан йўниб уй қуришдан қайтаришларига сабаб шуки, қавм бу уйлари билан бошқаларга ўз куч-қувватини кўрсатмоқчи, улардан устун эканликларини исботламоқчи эдилар. Лекин агар ислоҳ қилиш маъносида бинолар қуриладиган бўлса, бу марғубдир.
Сўнгра уларни ер юзида фисқу фасод ишларни қилувчи кимсаларга эргашишдан қайтарадилар: «Ва ер юзида бузғунчилик қиладиган ва ўнглай олмайдиган ҳаддан ошувчи кимсаларнинг амрига итоат этманглар!»
Яъни, ёлғиз Аллоҳ таолога итоат этинглар. Куфр ва гуноҳи-маъсиятларга қаттиқ туриб олгувчи ва ер юзида бузғунчилик қи­лувчи бошлиқларингизга итоат этишни тарк қилинг!
Аммо улар бу насиҳатларга қулоқ осмадилар, уларнинг кибри, ғурури, ақлсизлиги бунга йўл қўймади ва шундай раддия билдирдилар:
«Ҳеч шак-шубҳасиз, сен сеҳрланган-ақлдан озган кимсалардандирсан. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг бирон оят-мўъжиза келтир!»
Яъни, улар одобсизлик ва аҳмоқлик билан дедилар: “Сен сеҳрланиб, сўнгра ақлдан озаётган бир кишисан. Ва сен худди бизга ўхшаш таом ейдиган, сув ичадиган бир инсонсан, холос. Агар ростдан ҳам пайғамбар бўлсанг, буни исботлайдиган бирон мўъжиза ёки далил келтир-чи?”
Улар жоҳилликлари туфайли пайғамбарлар инсон наслидан чиқмайди, деб ўйлар эдилар.
Шунда Солиҳ (алайҳиссалом) қавмларининг ҳидоятга киришига сабаб бўладиган бир мўъжиза ато қилишини сўрайдилар. Аллоҳ таоло у кишига бир туяни мўъжиза қилиб берди. Ва Со­лиҳ (алайҳиссалом) уларга қарата шундай дедилар: «(Менинг мўъжизам) мана бу туядир. (Маълум бир кун сув) ичиш навбати уникидир. Маълум бир кун эса сизларнинг ичиш навбатингиздир. Яна унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни улуғ куннинг азоби ушлар».
Ушбу ояти карима ҳақида Ибн Касир шундай дейдилар: «Сўнг­ра улар Солиҳ (алайҳиссалом)нинг Раббисидан келтираётган нарсаларнинг ростлигига далолат қилувчи бир мўъжиза кўрсатишни, яъни бир харсанг тошдан фалон-фалон сифатларга эга бўлган, қорнида ўн ойлик боласи бор туяни чиқаришни талаб қилдилар. Солиҳ (алайҳиссалом) агар шу ишни қилсалар, улардан имон келтиришлари ҳақида аҳд олдилар. Улар бунга рози бўлишди. Солиҳ (алайҳиссалом) туриб, намоз ўқидилар ва Аллоҳ таолога тазарру қилиб, улар талаб қилаётган мўъжизани ато этишини сўраб, дуо қилдилар. Шунда қавм кўрсатган тош бир туяга айланди. Сўнгра, баъзи кишилар Солиҳ (алайҳиссалом)га имон келтирди, лекин кўпчилик бунга ишонмай ўз аҳдларига вафо қилмадилар ва кофирликларича қолиб кетдилар».
Яъни, Солиҳ (алайҳиссалом) Аллоҳ таоло томонидан уларнинг талаблари бажо келтирилгач, шундай дедилар: «Бу менинг рост пайғамбар эканлигимни исботловчи туядир. У маълум бир кун булоқдан сув ичса, сизлар бошқа бир кун ичасизлар. У туя сизлар ичадиган куни ўша сувдан ичмас. Унга бирон ёмонлик етказиб қўйманглар, у ҳолда сизларни буюк кун – Қиёматнинг азоби ушлайди. Лекин қавм аҳдларида турмай, туяни сўйиб юборишди. Бу ерда «сўйиш» кўплик сийғаси (шакли)да келмоқда, аслида уни бир киши қилган эди. Чунки улар бу қабиҳ жиноятни қилиш учун уни ундаганлар ва шу ишга рози бўлганлар. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги каломи далолат қилади:
«Сўнг улар (Самуд қабиласи) ўзларининг бу шерикларини (туяни ўлдириш учун) чорлаган эдилар, у (келиб қиличини) олдида, (туяни) сўйиб юборди» (Қамар, 29).
Бунинг оқибатида улар «Надомат қилувчиларга айландилар», яъни улар имонлари ва тақволари сабабли эмас, балки азобга йўлиқишдан қўрқиб, қилган ишларига пушаймон бўлдилар. Лекин бу ҳолат пушаймоннинг ўрни эмасди, энди ундан фойда йўқ эди.
Сўнгра «Уларни азоб ушлади».
Яъни, аввалига ер силкиниши, кейин кучли қичқириқ бўлиб, улар ҳалокатга учрадилар.
«Албатта, бунда оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтиргувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи ғолиб ва меҳрибондир».
Солиҳ (алайҳиссалом)нинг қиссаси бошқа сураларда қисқа тарзда келтириб ўтилади:
«Самуд қабиласига очиқ (мўъжиза бўлган) туяни ато этга­нимизда унга зулм қилдилар. Биз мўъжизаларни фақат қўр­қитиш учунгина юборурмиз» (Исро, 59).
Яъни, Биз Самуд қабиласининг ўз пайғамбарларидан талаб қилган нарсаларини, уларга мўъжиза сифатида бир туяни чиқа­риш билан ижобат қилдик. Ва уни очиқ-ойдин далолат қилиб қўйдик. Лекин улар ёлғон ва ношукрлик билан ўз аҳдларига хилоф иш тутдилар, ўз пайғамбарларига исён қилиш ва туяни сўйиш билан нафс­ларига зулм қилдилар. Биз пайғамбарларга мўъ­жи­заларни уларнинг ростгўйлигига далил келтириш ва қавмлари куфр ҳамда исён йўлини тутсалар, ёмон оқибатдан қўрқитиш-огоҳлантириш учун юборамиз.
Шамс сурасида ҳам ушбу қисса мўъжаз тарзда келтирилган:
«Самуд (қабиласи) ҳаддан ошганлари сабабли (ўз пайғам­барларини) ёлғончи қилишди. Эсланг, уларнинг орасидаги энг бадбахт кимса қўз­ғалганида, Аллоҳнинг пайғамбари уларга: «Аллоҳнинг туя­сидан ва уни суғоришдан (сақланинглар)!» деди. Бас, улар ёл­ғончи қилишиб, уни сўйиб юборган эдилар. Парвардигорлари уларнинг бу гуноҳлари сабабли устларига қирғин юбориб, уни баробар қилди. (Зотан, Аллоҳ таоло бу ишнинг) оқибати­дан қўрқмас!» (Шамс, 11–15).
Яъни, Самуд қабиласи туғёнга кетганликлари сабабли биз­нинг пайғамбаримиз Солиҳ (алайҳиссалом)ни ёлғончи қилишди.
Ушбу қавмнинг энг бадбахт, энг золим кишиси бўлмиш Қад­дор ибн Солиф туяни ўлдиришга турганида Солиҳ (алайҳисса­лом) уларга шундай дедилар: «Аллоҳ таоло менга мўъжиза қилиб берган бу туяни сўйишдан ва унинг белгиланган муддатда сув ичишига ҳалақит беришдан сақланинглар!»
Лекин улар Солиҳ (алайҳиссалом)нинг огоҳлантиришларига қарамай, у кишини ёлғончига чиқаришди ва туяни сўйиб юборишди. Натижада «Парвардигорлари уларнинг бу гуноҳлари сабабли устларига қирғин юбориб, уни баробар қилди».
Бас, огоҳ бўлингларки, «(Аллоҳ таоло бу ишнинг) оқибатидан қўрқмас!»
Яъни, Аллоҳ таоло қилаётган ишининг оқибатидан қўрқмай­ди, чунки Унинг барча иши ҳикматли, золимларга берган жазоси эса Унинг адолатидандир. У Зот қилаётган ишидан сўралмайди, чунки Ундан бошқа илоҳ ҳам, дунёни тасарруф этиб тургувчи ҳам йўқдир.
Баъзи уламолар: «Оқибатидан қўрқмас» жумласини ўша бадбахт кимсага тегишли, деб айтганлар. Яъни, бу туяни ўлди­ришдан келадиган ёмон оқибатдан қўрқмади, балки ўзининг жо­ҳиллиги, нодонлиги туфайли ушбу жиноятни амалга оширди.
Қамар сурасида Солиҳ (алайҳиссалом)нинг қиссалари таъсирли услубда ҳикоя қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
«Самуд (қабиласи) огоҳлантиришларни ёлғон, деди. Бас, улар айтдилар: «Бизлар ўзимизнинг орамиздаги бир одамга эргашурмизми?! У ҳолда биз ҳақиқатан ҳам гумроҳлик ва аҳмоқлик-нодонликда бўлурмиз-ку? Бизларнинг орамиздан ана ўшанга эслатма ташланибдими?! Йўқ, у ҳаддан ошган ёлғончидир». Улар эртага ким ҳаддан ошган ёлғончи эканлигини билиб олажаклар. Албатта, Биз уларни имтиҳон қилиш учун бир туя юборгувчидирмиз. Бас, (Эй Солиҳ), сен кузатиб ва сабр қилиб туравергин! Ва сувнинг улар ўртасида тақсимлаб қўйилгани ва ҳар бир ичишга ҳозир бўлиши ҳақида уларга хабар бергин! Сўнг улар ўзларининг бир шерикларини чорлаган эдилар, у (қиличини) олдида, (туяни) сўйиб юборди. Бас, менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?! Дарвоқе, Биз уларнинг устига бир даҳшатли қичқириқ юборган эдик, улар худди (қўйлар учун) қўра ясовчининг (қўрасидан тўкилган) хас-хашак каби бўлиб қолдилар. Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?» (Қамар, 23–32).
«Самуд (қабиласи) огоҳлантиришларни ёлғон, деди».
Яъни, Самуд қабиласи Биз ўз пайғамбаримиз Солиҳ (алай­ҳиссалом) орқали уларни ёлғон оқибатдан, Қиёматда даҳшатли азобга йўлиқишдан огоҳлантирганимизда, улар имон келтирмай, ўша огоҳлантиришларни ёлғонга чиқаришди.
Келаси оятда қавм қандай ёлғонга чиқаргани ҳақида айтилади: «Улар айтдилар: «Бизлар ўзимизнинг орамиздаги бир одамга эргашурмизми?!»
Яъни, Солиҳ (алайҳиссалом) уларни Аллоҳ таолога ибодат қи­лишга буюриб, бут-санамларга сиғинишдан қайтарганларида, улар инкор ва ғурур билан дедилар: “Биз шу одам наслидан бўл­ган кишига эргашамизми, устига-устак у олиб келган янги дин ота-боболаримизнинг урф-одат ва эътиқодларига тескари-ку?”
Агар у келтирган нарсаларга эргашсак, «У ҳолда биз ҳақиқа­тан ҳам гумроҳлик ва аҳмоқлик-нодонликда бўлурмиз-ку?»
Яъни, «аҳмоқлик-нодонлик» деб таржима қилган сўз, Қуръон­нинг асл арабча матнида «суъур» шаклида берилган. Бу сўз «мажнунлик, телбалик» маъноларини англатади. Лекин кўпчилик бу­ни «қайнаб турган жаҳаннам олови» деб тушунтирадилар.
Сўнгра қавм Солиҳ (алайҳиссалом)нинг даъватлари нотўғри эканлигини исботламоқчи бўладилар: «Бизларнинг орамиздан ана ўшанга эслатма ташланибдими?!»
Яъни, Аллоҳ таоло бизларни четлаб ўтиб, фақат унга ваҳий нозил қилибдими? Йўқ, унга ҳеч қандай нарса тушмаган, балки «У ҳаддан ошган ёлғончидир».
Яъни, Солиҳ (алайҳиссалом) бизларни даъват қилаётганида ёлғон гапираяпти, у мутакаббир, бир ношукр бандадир, холос.
Солиҳ (алайҳиссалом) уларнинг назарича, ёлғончи, мағрур одам эдилар, шунинг учун у киши келтирган даъватларга бўй­сунишга ботина олмасдилар.
Аллоҳ таоло уларнинг бу даъватларига таҳдид маъносида шундай жавоб қилди: «Улар эртага ким ҳаддан ошган ёлғончи эканлигини билиб олажаклар».
Яъни, бу кофир ва ношукр бандалар яқин орада (ёки Қиёматда) ким ёлғончи, ким мағрур, кибрли эканлигини билиб оладилар. Солиҳ (алайҳиссалом)ми ёки уларми?
Сўнгра Аллоҳ таолонинг Солиҳ (алайҳиссалом)га нима амр қилганлиги ҳақида айтиб ўтилади:
«Албатта, Биз уларни имтиҳон қилиш учун бир туя юборгувчидирмиз. Бас, (Эй Солиҳ), сен кузатиб ва сабр қилиб ту­ра­вер­гин! Ва сувнинг улар ўртасида тақсимлаб қўйилгани ва ҳар бир ичишга ҳозир бўлиши ҳақида уларга хабар бергин!»
Яъни, қавм Солиҳ (алайҳиссалом)дан мўъжиза чиқаришини сўраганда, Биз унга шундай дедик: “Уларга хабар бергинки, дар­ҳақиқат, Биз уларга туяни юборгувчимиз, кўз ўнгиларида сенинг ростгўй пайғамбар эканлигингга далил сифатида уни чиқа­рурмиз, яна ушбу туяни юборишимиздан мақсад, уларни синовдан ўтказиш, танлаб олишдир. Шунда сен, улар имон келтирадиларми ёки ўз куфрларида қолиб кетадиларми, билиб оласан.
Ва яна уларга шуни хабар қилгинки, ушбу сув улар ва туя ўрта­сида тақсим қилинган. Маълум бир кун ундан туя ичади, бошқа бир кун эса қавминг ичади. Лекин улар бу тақсимотдан юз ўги­риб, уни қабул қилмадилар ва туяни ўлдириш фикрига тушдилар.
«Сўнг улар ўзларининг бир шерикларини чорлаган эдилар».
Яъни, Самуд қабиласи орасида энг золим, бадбахт ва му­такаб­­бир кимса бўлган Қаддор ибн Солифни туяни ўлдиришга ­чақир­дилар.
Бу ердаги «чорлов»дан мурод, Солиҳ (алайҳиссалом)га хилоф иш тутиш мақсадида туяни ўлдириш фикрини унга баён қилиш_дир. Бундан келиб чиқадики, туяни бир киши ўлдирган бўлса-да, бошқалар уни ўша ишга ундаб, қўллаб-қувватлаб турганлар.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло айтади: «Бас, менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?!»
Ушбу таъбир Самуд қабиласи Солиҳ (алайҳиссалом)ни ёлғон­чи қилгани ва туяни сўйиш билан Аллоҳнинг амрига хилоф иш қилгани сабабли уларнинг устига тушадиган азобнинг кучли ва даҳшатли эканлигига далолат қилади.
Яъни, қара ва эътибор бер, эй оқил инсон, Менинг ушбу қавм­га азоб беришим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?
«Дарвоқе, Биз уларнинг устига бир даҳшатли қичқириқ юборган эдик, улар худди (қўйлар учун) қўра ясовчининг (қў­расидан тўкилган) хас-хашак каби бўлиб қолдилар».
Таржимада «хас-хашак» деб келтирилган сўз арабча матнда «ҳашим» тарзида ифодаланган. У қуриган дарахт ва ўт-май­са­лардан тўкилиб қолган хазон ёки хас маъносини билдиради.
«Қўра» сўзи «муҳтазир» шаклида келиб, ҳайвонларни чиқиб кетмаслиги учун ўраб қўйилган тўсиқ маъносини англатади.
Бу ўхшатишдан мақсад, Самуд қабиласининг устига юборилган азобнинг жуда даҳшатли бўлганлигидан дарак беради.
Самуд қабиласига юборилган азоб Ҳуд сурасида даҳшатли қичқириқ эканлиги айтилган:
«Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўёки у ерда ҳеч қачон яшамагандек, турган жойларида тўкилди­лар» (Ҳуд, 67).
Бошқа бир сурада эса бу азоб зилзила эканлиги таъкидланган.
«Бас, уларни даҳшати зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар» (Аъроф, 78).
Фуссилат сурасида бу азоб чақмоқдан иборат эканлиги ай­тилган:
«Бас, ўзлари қилгувчи бўлган нарсалари сабабли уларни хор қилгувчи азоб чақмоқ урди» (Фуссилат, 17-оят).
Бу таъбирлар бир-бирига зид эмас, балки маъноси яқин сўз­лардир, бу ҳам уларнинг мусибати оғир кечганлигига далолат қилади.
Гўё Аллоҳ (субҳонаҳу ва таоло) шундай деяётгандек: бу ёлғон­га чиқаргувчи қавмни аввал кучли қичқириқ тутди, у ўз қуввати билан ҳамма жойни ларзага келтирди, унинг кетидан чақмоқ чақди, улар қуриган хас-чўпга айланганларидан сўнг ер уларни ютиб ва улар азобга гирифтор бўлдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?» (Қамар, 32).
Яъни, Биз Қуръонни зикр ва ёдлаш учун енгил қилиб қўй­дик, бас, унинг қиссалари, ваъдалари, ваъидлари, амр ва қайта­риқ­ларидан ибрат-насиҳат олгувчи борми? Бу оят-каримадан мурод: Қуръони каримни ёдлашга одамларни қизиқтириш, ундан ибрат-эслатма олишга ундаш ва унинг ҳикматли амр­лари, одоб-ахлоқлари ҳамда ҳидоятига амал қилишга даъват этишдир.
Юқорида ҳикоя қилиб ўтилганларнинг барчаси Қуръони каримда келган Солиҳ (алайҳиссалом) ва қавмларининг қиссалари эди.

Солиҳ (алайҳиссалом) қиссасидан олинадиган
ибрат ва фойдалар

Бу қиссани тааммул-тадаббур қилган одам ўзига кўплаб иб­рат ва насиҳатларни олиши мумкин. Уларнинг энг аҳамият­ли­ларини қуйида келтириб ўтамиз:
1. Солиҳ (алайҳиссалом)нинг турли йўллар (тарғиб, тарҳиб) билан ўз қавмларини Аллоҳ таолога ибодат этишга даъват қилган­лари. У киши қавми азият етказиб, қаршилик кўрсатганида ҳам ҳеч ортга чекинмай, умидсизланмай ўз даъватларида давом этдилар. Аввало, Солиҳ (алайҳиссалом) уларга Аллоҳ таолонинг неъматларини эслатиб, шукр маъносида ихлос билан ибодат қилишга чақирдилар. Уни қуйидаги оятларда кўришимиз мумкин:
Солиҳ (алайҳиссалом) қавмига қарата айтадилар: «Сизларни Од (қавми)дан кейин халифа қилиб қўйганини ва сизларга ернинг текисликларида қасрлар қуриб олишингиз, тоғлик жойларида бошпаналар йўниб олишингиз учун маскан берганини эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз ва ерда бузғунчилик қилиб санғиб юрмангиз!» (Аъроф, 74).
Яна бошқа бир оятда шундай дейилади: «Самуд (қабиласи)­га ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. У сизларни ердан пайдо қилиб, сизларга унда умр берди. Бас, Ундан мағфират сўранглар ва Унга тавба-тазарру қилинглар! Албатта, Парвардигорим яқин ва (дуоларни) ижобат қилгувчидир» (Ҳуд, 61).
Учинчи бир ўринда Солиҳ (алайҳиссалом) шундай дейдилар: «Эй қавмим, нега сизлар азоб сўраш билан яхшиликдан илга­ри ёмонликни шоширмоқдасиз?! Сизларга раҳм қилиниши учун Аллоҳдан мағфират сўрасангизлар бўлмасми?!» (Намл, 46).
Аммо бу тарғиблар уларга фойда бермагач, энди Солиҳ (алай­ҳиссалом) тарҳиб йўлига, уларни агар куфр, исён ва ҳайратда кета­версалар ҳалокатга йўлиқишларидан огоҳлантиришга ўтади­лар: «Ва ер юзида бузғунчилик қиладиган ва (ҳеч нарсани) ўнглай олмайдиган, ҳаддан ошувчи кимсаларнинг амрига итоат этманг!» (Шуаро, 151–152).
Бошқа оятда шундай дейдилар: «Яна у (туя)га бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни улуғ куннинг азоби ушлар» (Шуаро, 156).

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase