ҲУД (АЛАЙҲИССАЛОМ) ВА ҚАВМЛАРИ ҚИССАСИ
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Ҳуд (алайҳиссалом)нинг қиссаси Қуръони каримнинг кўпгина сураларида келган, жумладан, Аъроф, Ҳуд, Мўминун, Шуаро, Аҳқоф сураларида батафсилроқ, Фуссилат, Зориёт, Қамар, Ҳаққо ва Фажр сураларида эса қисқа тарзда келтириб ўтилади. Ҳуд (алайҳиссалом)нинг насаби Нуҳ (алайҳиссалом)га бориб тақалади. Баъзи тарихчиларнинг айтишига кўра унинг шажараси қуйидагичадир: Ҳуд ибн Абдуллоҳ ибн Рабоҳ ибн Халуд ибн Од ибн Авс ибн Ирам ибн Сом ибн Нуҳ. Унинг қавми Од қабиласи эди, яъни қабила унинг бобоси исми билан аталарди.
Уларнинг турар жойлари Аҳқофда бўлган. Ушбу ҳудуд ҳозирда Арабистон яриморолининг жанубида жойлашган Рубъал Холи ҳудудига тўғри келади. «Аҳқоф» арабча «ҳиқф» сўзининг кўплик шакли бўлиб, луғавий маъноси «Қум билан лиқ тўла макон, жой»дир.
Ҳуд (алайҳиссалом)нинг қавми бут-санамларга сиғинарди. Шунда Аллоҳ таоло уларни Аллоҳга ибодат қилишга буюриш ва бошқа нарсаларга сиғинишдан қайтариш учун Ҳуд (алайҳиссалом)ни пайғамбар қилиб юборди.
Айтиладики: Ҳуд (алайҳиссалом)ни Аллоҳ таоло биринчи Од қабиласига, Солиҳ (алайҳиссалом)ни эса иккинчи Од қабиласига юборган. Ораларида тахминан юз йилча муддат ўтган.
Аъроф сурасида Ҳуд (алайҳиссалом)нинг қавмларини даъват қилишлари, у киши ва қавми ўртасида бўлиб ўтган баҳс-мунозаралар ва кофирларнинг ёмон оқибати ҳақида ҳикоя қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
«Од қавмига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Ахир қўрқмайсизларми?!» (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган одамлар: «Биз сенинг нодон эканлигингни кўриб турибмиз ва албатта, биз сени ёлғончилардан, деб ўйламоқдамиз», дейишди. У айтди: «Эй қавмим, мен нодон эмасман, балки мен барча оламлар Парвардигори тарафидан пайғамбарман. Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини етказурман ва мен сизлар учун ишончли насиҳат қилгувчиман». Сизларга Парвардигорингиздан бўлган эслатма огоҳлантириш учун ўзларингиздан бўлган бир киши зиммасида келганидан ажабландингизми? (Аллоҳ) сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа (ўринбосар) қилиб қўйганини ва куч-қувватингизни зиёда қилиб яратганини эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз, шояд нажот топурсиз. Улар: «Сен бизга, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб ўтган бутларни тарк қилишимиз учун келдингми? У ҳолда, агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтирчи?» дедилар. У айтди: «Энди устингизга Парвардигорингиз томонидан азоб ва ғазаб тушиши аниқ бўлди. Мен билан ўзингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлари ҳақида баҳслашмоқчимисизлар? Ахир Аллоҳ бирон ҳужжат туширмаган-ку?! Энди кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кутувчиларданман». Бас, унга ва у билан бирга бўлган зотларга ўз раҳмат-марҳаматингиз билан нажот бердик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг думларини қирқдик. Улар мўмин эмас эдилар» (Аъроф, 65–72).
Яъни, Биз Од қабиласига насаб жиҳатидан ўз биродари бўлмиш Ҳудни пайғамбар қилиб юбордик. У ҳар бир пайғамбар ўз қавмига айтганидек, шундай деди: “Эй қавмим, Аллоҳ таолога холис ибодат қилинглар, бут-санамларга сиғинишни бас қилинг, Зеро, бу сизларни ҳалокат ёқасига олиб боради”.
Ҳуд (алайҳиссалом)нинг Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақириб, бут-санамларини инкор қилишлари ушбу исёнкор, кофир қавмларга оғир ботди ва шундай жавоб қилдилар: «Биз сенинг нодон эканлигингни кўриб турибмиз…»
Яъни, қавмнинг бой, шон-шуҳрат соҳиби бўлган кишилари Ҳудга (алайҳиссалом) кибр ва одобсизлик билан дедилар: “Дарҳақиқат, эй Ҳуд, биз сенинг ақлсиз, нодон эканлигингни кўриб турибмиз, чунки сен ота-боболаримиз сиғиниб келган илоҳларни тарк этиб, янги бир динни келтирдинг, биз уни фақат инкор қиламиз, қабул қилмаймиз”.
Қавм Ҳуд (алайҳиссалом)ни нодонлик ва ақли заифликда айблаш билан чекланмадилар, балки яна шундай дедилар: «Албатта, биз сени ёлғончилардан деб ўйламоқдамиз».
Ушбу қабиҳ ва туҳматли жавобдан сўнг Ҳуд (алайҳиссалом) уларнинг даъволарини йўққа чиқаришга ўтдилар. У айтди: «Эй қавмим, мен нодон эмасман, балки мен барча оламлар Парвардигори тарафидан пайғамбарман. Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини етказурман ва мен сизлар учун ишончли насиҳат қилгувчиман». Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, Ҳуд (алайҳиссалом) ўз қавмларининг туҳматларини ҳикматли жавоблар билан қайтармоқдалар, у кишининг асл вазифалари Аллоҳ таолонинг амрини уларга етказиш эканлигини баён қилдилар. Уларни алдаш ёки хиёнат қилиш ақлли одамнинг иши эмаслиги ва ўзларининг ишончли бир маслаҳатгўй эканликлари ҳамда агар улар ўша маслаҳат, насиҳатларга кулоқ солсалар, улардан ёмонликларни кетказиб, ислоҳ қилишини таъкидламоқдалар.
Сўнгра Ҳуд (алайҳиссалом)нинг уларга пайғамбар бўлганликлари учун ажабланишларини кетказиш мақсадида шундай дедилар: «Сизларга Парвардигорингиздан бўлган эслатма огоҳлантириш учун ўзларингиздан бўлган бир киши зиммасига келганидан ажабландингизми?»
Яъни, Аллоҳ таоло томонидан сизлар унинг ростгўйлиги ва насл-насабини жуда яхши биладиган бир киши зиммасида зикр ва панд-насиҳатлар келганидан ажабланиб, уни ёлғонга чиқардингизми? Ушбу ажабланишингиз ноўриндир, чунки сизларга пайғамбарнинг юборилиши айни ҳикматнинг ўзгинасидир, (яъни, сизлар залолатга ботиб, ҳалокат ёқасида турганларингизда Аллоҳ таоло бир пайғамбарни юбориб сизларни ислоҳ қилиши, Охират азобидан огоҳлантириши сизлар учун раҳмат ва меҳрибонликдан даракдир. – Тарж).
Сўнгра Аллоҳ таоло шукр қилишлари учун ўзлари яшаётган турар жойларини эслатиб ўтадилар: «(Аллоҳ) сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилиб қўйганини ва куч-қувватингизни зиёда қилиб яратганини эслангиз!»
Яъни, Аллоҳ таолонинг сизларга нисбатан фазлу карамини эсланг, фикр қилинг. У Нуҳ (алайҳиссалом) қавми куфр ва ношукрлик қилганлари учун тўфон билан ғарқ қилганидан сўнг, сизларни, ерда халифа – ўринбосар қилди ва сизларни неъматлар билан мўл-кўл таъминлаб куч-қувват ва мол-мулкда кенг қилиб қўйди. Бас, шундай экан «Аллоҳнинг неъматларини эслангиз, шояд нажот топурсиз».
Яъни, Аллоҳ таолонинг сизларга берган неъматларини эсланг ва унга шукр қилинг, шояд дунёда шукр қилувчи бандаларига бергани каби, сизларга ҳам зиёда қилса ва охиратда жаҳаннам ўтидан нажот топсангизлар. Шу ергача Ҳуд (алайҳиссалом) қавмларига ҳикматли тарзда, улар қаноатланадиган даражада жавоб бердилар ва уларнинг бунга ижобий жавоб қайтаришлари кутилган эди. Хўш, уларнинг жавоби қандай бўлди?
Улар ниҳоятда ғурур, ношукрлик ва кибр-нодонлик билан шундай дедилар: «Сен бизга, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб ўтган бутларни тарк қилишимиз учун келдингми? У ҳолда, агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтирчи?»
Яъни, Ҳуд (алайҳиссалом) қавми инкор ва истеҳзо билан деди: «Сен бизни Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига ибодат қилиб, ота-боболаримиз бутун умр сиғиниб келган нарсаларини тарк этишимизга даъват қилиш учун келдингми? Бу ишни бизнинг орамиздан ҳеч ким зинҳор қилмайди. Агар «пайғамбарман», деган даъвоинг бўлса ва ростгўйлардан бўлсанг, «келиши эҳтимоли бор», деб бизни қўрқитаётган ўша азобни келтир-чи? Қани … !!!»
Кофир қавм томонидан Ҳуд (алайҳиссалом) ва у кишининг даъватларини очиқ ҳужум ва душманликдан сўнг, шижоат билан ва Аллоҳ таолонинг ёрдам беришига тўлиқ ишонган ҳолда қатъий бир жавоб бердилар: «Энди устингизга Парвардигорингиз томонидан азоб ва ғазаб тушиши аниқ бўлди».
Яъни, сизлар куфр ва ношукрликда қаттиқ туриб олганларинг сабабли Раббингиз Аллоҳ таоло томонидан бўлган азоб ва ғазабга мустаҳиқ бўлдингиз.
«Мен билан ўзингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлари ҳақида баҳслашмоқчимисизлар? Ахир Аллоҳ бирон ҳужжат туширмаган-ку?! Энди кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кутувчиларданман».
Яъни, эй қавмим, сизлар мен билан ўзларингиз ва ота-боболарингиз исм қўйиб олган бут-санамлар ҳақида жанжаллашмоқчимисизлар, сизлар уларга илоҳлик нисбатини бердинглар, ҳолбуки, бу даъволарни қувватловчи ҳеч бир ҳужжат-далилларингиз йўқ. Зеро, улар ботил санамлардир. Шундай экан, сизлар Аллоҳ таоло томонидан келадиган азобни кутинглар, мен ҳам кутувчиларданман.
Ҳуд (алайҳиссалом) ва қавмнинг кутиш муддатлари кўпга чўзилмади, уларга ваъда қилинаётган азоб ҳам келди. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, унга ва у билан бирга бўлган зотларга ўз раҳматимиз билан нажот бердик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг думларини қирқдик. Улар мўмин эмас эдилар».
Яъни, Биз Ҳуд ва у билан бирга бўлган мўмин кишиларни қутқардик ҳамда куфрларида давом этиб имон келтирмаган, Бизнинг мўъжиза-оятларимизни ёлғонга чиқарган кимсаларни таг-туги билан йўқ қилиб, ҳалок этдик.
Шундай қилиб, яна бир ёлғончи кофир қавмнинг ҳаёти саҳифаларига нуқта қўйилди. Худди Нуҳ (алайҳиссалом)нинг қавми каби уларга ҳам Аллоҳ таоло томонидан ҳалок қилувчи бир азоб келди.
Ҳуд сурасида ушбу қисса чиройли суратда, ўзига хос тарзда келтириб ўтилади. Қуръонга қулоқ тут, у бизга шу ҳақида ҳикоя қилади:
«Од (қабиласи)га ўз биродари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизлар (хилма-хил бутларни) ўзларингиз тўқиб олурсизлар, холос. Эй қавмим, мен сизлардан бу учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат мени яратган Зот зиммасидадир. Ахир ақл юритмайсизларми?! Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба-тазарру қилингиз, шунда У зот устингизга осмондан ёмғир қуйдирар ва куч-қувватингизга яна куч-қувват қўшар. Жинояткор-гуноҳкор бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетмангиз!». Улар дедилар: «Эй Ҳуд, сен бизга бирон ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг гапинг билан ўз худоларимизни тарк қилувчи эмасмиз. Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири, бир бало қилиб қўйган», деймиз, холос». У деди: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Аллоҳни қўйиб, шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб, менга қарши билган ҳийлангизни қилаверинглар. Кейин менга муҳлат ҳам бермай қўя қолинглар. Мен фақат менинг ҳам, сизнинг ҳам Парвардигорингиз бўлган Аллоҳга суяндим. Ўрмалаган нарса борки, У Зот унинг пешонасидан олгувчидир. Парвардигорим, шак-шубҳасиз, тўғри йўлдадир. Энди агар юз ўгирсаларингиз, бас, мен сизларга элчи қилиб юборилган динни етказдим. Парвардигорим, ўрнингизга бошқа қавмни келтирур ва сизлар У Зотга бирон зиён етказа олмассизлар. Албатта, Парвардигорим ҳамма нарсани кузатиб тургувчидир». Қачонки Бизнинг фармонимиз келганида Ҳуд ва у билан бирга имон келтирган кишиларни Ўз раҳматимиз билан қутқардик ва уларга қаттиқ азобдан нажот бердик. Парвардигорларининг оятларини инкор қилган, Унинг пайғамбарига исён қилган ва барча қайсар, золимлар амру фармонига бўйсунувчи Од (қабиласи) ана ўшадир. Уларга бу дунёда ҳам, Қиёмат кунида ҳам лаънат айтилур. Огоҳ бўлингизким, албатта, Од қабиласи Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Ҳуднинг қавми бўлган Од ҳалокатга учради» (Ҳуд, 50–60).
Кўриниб турибдики, Ҳуд (алайҳиссалом) ўз қавмларини Ҳаққа даъват этишда энг ҳикматли ва тўғри йўллардан бирини танладилар. Аввало, уларга Аллоҳ таолодан ўзга ибодатга мустаҳиқ ҳеч бир илоҳ йўқлигини, агар улар итоат этмасалар ёлғончи қавмлардан бўлиб қолишларини эслатиб ўтдилар.
Иккинчидан, қилган даъватлари ва панд-насиҳатлари учун ҳеч қандай ҳақ олмасликларини таъкидлаб ўтдилар. «Мен ажр-мукофотни ва ризқимни фақат Аллоҳ таолонинг ўзидан сўрайман» дедилар. Бу ақлли инсонлар учун очиқ ва равшан нарсадир.
Учинчидан, агар улар истиғфорни кўпайтирсалар, гуноҳ амалларни тарк этиб, сидқидилдан тавба қилсалар. Аллоҳ бойликларига бойлик, куч-қувватларига яна зиёда куч-қувват ато этишини айтиб ўтадилар.
Сўнгра Аллоҳ таолонинг амрига хилоф иш тутиб, ношукр бўлишдан ва туғёнга кетишдан огоҳлантирадилар: «Жинояткор-гуноҳкор бўлган ҳолингизда (менинг даъватимдан) юз ўгириб кетмангиз!» дедилар Ҳуд (алайҳиссалом).
Лекин қавм бунга хилоф иш тутиб, кибр қилди, истеҳзо ва масхаралаш билан шундай деди: «Эй Ҳуд, сен бизга бирон ҳужжат келтирмадинг».
Яъни, бизга пайғамбар эканлигингни тасдиқловчи, нафсларимизни рози қилувчи бирон ишончли далил келтирмадинг. Сўнгра қуйидаги сўзларни қўшимча қилдилар: «Бизлар сенинг гапинг билан ўз худоларимизни тарк қилгувчи эмасмиз».
Яъни, биз сенинг ҳужжат-далилдан холи бўлган гапларинг сабабли ўз илоҳларимизга ибодат қилишдан тўхтамаймиз.
Сўнгра ўз куфрларида бардавом кетишларини таъкидлаб ўтдилар: «Бизлар сенга имон келтиргувчи эмасмиз».
Яъни, сенга ижобат ҳам қилмаймиз, сен келтирган нарсаларингни тасдиқламаймиз ҳам.
Кейин шундай дедилар: «Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири, бир бало қилиб қўйган», деймиз, холос».
Яъни, биз сенинг даъватингга эргашмаймиз, бизнинг ижобат қилишимиздан бутунлай умидингни уз. Биз ўз кўзимиз билан кўриб турган ҳолатинг шуки, баъзи худоларимиз сенга жиннилик ёки бирон касалликни етказган бўлсалар ажаб эмас.
Улар: «Худоларимиз сенга бир бало қилган» демадилар, балки «Баъзи худоларимиз» дедилар. Бу Ҳуд (алайҳиссалом)ни қўрқитиш учун айтилган эди, худди, агар барча илоҳлари ҳужум қилганида Ҳуд (алайҳиссалом)ни ҳалок қилиб ташлайдигандек.
Шундай қилиб, улар ўз пайғамбарлари ва йўлбошчиларига тўртта жавоб қайтардилар. Ушбу жавобларда уларнинг куфр ва туғёнда чуқурлашганликлари ва фисқу фужур ва исёнда ҳаддан ошганларини кўриш мумкин.
Ҳуд (алайҳиссалом) уларнинг қабиҳ жавобларини эшитгач, қандай йўл тутдилар?
Ҳуд (алайҳиссалом) уларнинг ширкидан безор эканликлари, туғёнларига қарши туришлари ва бунда ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзидан мадад сўрашларини уқтирдилар.
«У (Ҳуд) айтди: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Аллоҳни қўйиб, шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб, менга қарши билган ҳийлаларингизни қилаверинглар. Кейин менга муҳлат ҳам бермай қўя қолинглар. Мен фақат менинг ва сизларнинг Парвардигорингиз бўлган Аллоҳга суяндим. Ўрмалаган нарса борки, У зот унинг пешонасидан олгувчидир. Парвардигорим, шак-шубҳасиз, тўғри йўлдадир. Энди агар юз ўгирсаларингиз, бас, мен сизларга элчи қилиб юборилган Динни етказдим. Парвардигорим, ўрнингизга бошқа қавмни келтирур ва сизлар У зотга бирон зиён етказа олмассизлар. Албатта, Парвардигорим ҳамма нарсани кузатиб тургувчидир»
Яъни, Ҳуд (алайҳиссалом) қавмининг туғён қилувчи кишиларига шундай дедилар: “Дарҳақиқат, мен Аллоҳдан ўзга бирон илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Ва яна Ундан бошқаси учун қилинган ибодатдан ҳам безорлигимга гувоҳлик бераман”. Сўнгра ишонч ва ҳеч қандай тараддудсиз шундай дедилар: “Мана мен, қаршингиздаман, сизлар даъво қилаётган худоларингизни чақиринг, барчаларингиз менга қарши жанг қилинглар, мен сизларга ҳам бут-санамларингизга ҳам парво қилмайман”.
Ҳуд (алайҳиссалом)нинг кофир қавм ва уларнинг илоҳларини енгил олиб, уларга эътибор бермасликлари ер юзида ўрмалаган ҳар бир жонни ўз измида ушлаб, тасарруф қилиб тургувчи Зот Аллоҳ таолога таваккул қилганликлари боисидан эди.
Сўнгра Ҳуд (алайҳиссалом) ўз қавмларини куфрда бардавом бўлишнинг ёмон оқибатларидан огоҳлантириб, бу уларни ҳалокат ёқасига олиб келиши ва бошқа қавмнинг ўринбосар қилиниши мумкинлигини айтиб ўтадилар. Улар ҳалокатга учраганлари билан бу коинот ва борлиқнинг низоми ўзгариб қолмайди.
Шу ергача Ҳуд (алайҳиссалом)нинг қавмлари билан бўлган мунозара ва баҳслари ҳикоя қилинди. Бунинг натижаси нима билан якунланди?
Охир-оқибат Аллоҳ таоло Ҳуд ва улар билан бўлган мўминларга нажот берди, кофир душманларини эса ҳалок қилди: «Қачонки Бизнинг фармонимиз келганида Ҳуд ва у билан бирга имон келтирган кишиларни Ўз раҳматимиз билан қутқардик ва уларга қаттиқ азобдан нажот бердик».
Яъни, кофирларни азоблаш вақти келганида, уларни ҳалок қилиб, Ҳуд ва мўмин кишиларни шиддатли ва даҳшатли азобдан қутқардик.
«Од ана ўшалардир», яъни, Од қабиласи ёки Од қабиласининг ўз пайғамбари билан бўлган қисса ана ўшадир.
«Улар Парвардигорларининг оятларини инкор қилдилар, Унинг пайғамбарларига исён қилиб, барча қайсар, золимларнинг амру фармонига бўйсундилар».
Яъни, уларнинг паст табақаси ва авом халқи золим ва мутакаббир бўлган бошлиқларига ҳеч бир фикр қилмай эргашиб кетавердилар.
Сўнгра Аллоҳ таоло ушбу қиссани қуйидаги оят билан якунлайди: «Уларга бу дунёда ҳам, Қиёмат кунида ҳам лаънат айтилур. Огоҳ бўлингизким, албатта, Од қабиласи Парвардигорига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Ҳуднинг қавми бўлган Од ҳалокатга учради».
Яъни, улар дунё ва Охиратда Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқлаштирилиб, лаънатга учрадилар. Од қабиласи уларга ато этилган неъматларга ношукр бўлмадиларми? Бас, уларга халокат ва ўлим бўлсин! Бу уларнинг Ҳақ йўлни инкор қилганлари, куфрда бардавом бўлганлари ҳамда рушду ҳидоятдан кўра залолат ва кўрликни афзал билганлари сабаблидир.
Шуаро сурасида ҳам ушбу қисса ўзига хос тарзда ҳикоя қилинади. Унда Ҳуд (алайҳиссалом) жидду жаҳд қилиб Аллоҳ таолонинг неъматларини эслатиб, уларни куфрони неъмат қилишдан огоҳлантирадилар:
«Ўшанда уларга биродарлари Ҳуд айтган эди: «(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми? Албатта, мен сизлар учун ишончли пайғамбарман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен бу учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир. Сизлар ҳар бир тепаликда ўйин-кулги учун бир белги – баланд бино қураверасизларми? Ва гўё мангу яшаб қоладигандек қаср-саройлар соласизларми?! Қачон ушласангизлар бераҳмларча ушлайсизлар. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Ва сизларни ўзларингиз биладиган (неъматлар) билан сийлаган Зотдан қўрқингиз! У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан, боғлар ва булоқлар билан қўллади-ку! Албатта мен сизларнинг устингизда улуғ куннинг азоби (тушиши)дан қўрқурман». Улар дедилар: «Сенинг ваъз-насиҳат қилишинг ёки ваъз қилгувчилардан бўлмаслигинг бизлар учун баробардир. Албатта, бу аввалгилардан қолган одатдир. Бизлар азоблангувчи эмасмиз». Бас улар (Ҳудни) ёлғончи қилишгач, Биз уларни ҳалок этдик. Албатта, бунда оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир» (Шуаро, 124–140).
Яъни, Од қабиласи пайғамбар ва расул бўлмиш Ҳуд (алайҳиссалом)ни ёлғончи қилди, шунингдек, улар бундан олдинги пайғамбарни ҳам ёлғончи қилган эдилар.
«Ўшанда Ҳуд айтган эди: «(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми? Албатта, мен сизлар учун ишончли пайғамбарман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен бу учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир».
Ҳуд (алайҳиссалом) қавмларини ихлос билан Якка Аллоҳга ибодат қилишга чақирмоқдалар ва бу учун улардан бирон ҳақ ёки миннатдорчилик талаб қилмасликларини баён қилиб ўтдилар.
Сўнгра уларни туғёнга йўл қўйиб, исрофгарчилик қилишдан қайтардилар: «Сизлар ҳар бир тепаликда ўйин-кулги учун бир белги – баланд бино қураверасизларми? Ва гўё мангу яшаб қоладигандек қаср-саройлар соласизлар?! Қачон ушласангизлар бераҳмларча ушлайсизлар. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!»
Яъни, ер юзидаги ҳар бир тепаликка сизларнинг ўйин-кулги қилиб, бекорчи нарсалар билан шуғулланишингизга, исрофгарчилик қилганингизга ва ғурурланганингизга далолат қилувчи биноларни қурасизми?!
Худди ўлмай мангу ва боқий қоладигандек катта ва ҳашаматли қасрларни бунёд этасизларми?
Агар ўзгаларга ҳужум ёки душманлик қиладиган бўлсангиз бераҳмларча, жабр-зулм билан уларга муомала қилдингиз, қалбларингизга бирон меҳрибонлик ёки шафқат келмади. Агар сизлар шу ҳолда кетадиган бўлсангиз, мен сизларни ундан қайтараман, ушбу қилаётганингиз исроф, ғурур ва зулмнинг ёмон оқибатларидан огоҳлантираман, сизларни Аллоҳ таолога тақво қилишга, Ундан қўрқишга буюраман.
Ҳуд (алайҳиссалом) уларни разил амаллардан қайтариб, тақво қилишга буюргач, уларга Аллоҳнинг неъматларини эслатишга ўтдилар: «Ва сизларни ўзларингиз биладиган (неъматлар) билан сийлаган Зотдан қўрқингиз! У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан, боғлар ва булоқлар билан қўллади-ку! Албатта, мен сизларнинг устингизга улуғ Куннинг азоби (тушиши)дан қўрқурман».
Яъни, сизларни беҳисоб ва мислсиз неъматлар билан сийлаган Аллоҳдан қўрқинглар, жумладан, У Зот (субҳонаҳу ва таоло) сизларни кўплаб чорвалар (туя, сигир, қўй…), сизларга қувват ва мадад бўлиши учун фарзандлар, ширин-шакар мевалар билан тўлиб-тошган боғлар, инсонларга фойдали бўлган чучук сув тўла булоқлар билан сийлади. Сўнг Ҳуд (алайҳиссалом) ўз қавмларига фақат манфаат ва фойдани соғинаётганлари, агар улар бу даъватларга ижобат қилмасалар, уларнинг устига фарзандлари ва мол-дунёлари зинҳор фойда бермайдиган улуғ кун – Қиёматда катта ва шиддатли азоб тушишидан қўрқишларини баён қиладилар.
Лекин қавм ушбу ҳикматли насиҳатларни яхшиликча қабул қилмадилар, балки шундай дедилар: «Сенинг ваъз-насиҳат қилишинг ёки ваъз қилгувчилардан бўлмаслигинг бизлар учун баробардир».
Яъни, улар одобсизлик билан дедилар: “Сен бизларга насиҳат қиласанми, йўқми, барибир, бизларнинг орамиздан сенинг ушбу гапларингга киргувчи топилмас”. Сўнгра бунга олдингисидан ҳеч қолишмайдиган бир гапни қўшимча қилдилар: «Албатта, бу аввалгилардан қолган одатдир. Бизлар азоблангувчи эмасмиз».
Яъни, сен бизларни қайтараётган ишни аввалги ота-боболаримиз ҳам қилиб келишган ва биз уларнинг изидан борамиз ва ушбу қилаётган амалларимиз учун азобланмаймиз.
Улар куфрда қаттиқ туриб, пайғамбарларини ёлғонга чиқарганликлари сабабли Аллоҳ таоло уларга ҳалок қилгувчи азобни юборди: «Бас улар (Ҳудни) ёлғончи қилишгач, Биз уларни ҳалок этдик. Албатта, бунда оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир».
Аҳқоф сурасида ҳам Ҳуд (алайҳиссалом) ва қавмлари ўртасида бўлиб ўтган тортишув ва уларнинг охир-оқибат тор-мор этилиши ҳикоя қилинади:
«Од (қабиласи)нинг биродарини эсланг! Ўшанда у – дарвоқе, ундан илгари ҳам, ундан кейин ҳам огоҳлантирувчилар ўтгандир – ўзининг қумтепалардаги қавмини: «Сизлар ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилинглар! Мен ҳақиқатан, сизларнинг устингизда улуғ куннинг азобидан қўрқурман», деб огоҳлантирган эди. Улар: «Сен бизларни худоларимиздан буриш учун келдингми?! У ҳолда агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга ваъда қилаётган нарсангни келтир-чи?», дедилар. У айтди: «(Азоб келар вақтнинг) илми ёлғиз Аллоҳ ҳузуридадир. Мен сизларга ўзим элчи қилиб юборилган нарсани – динни етказурман. Лекин мен сизларнинг нодон қавм эканлигингизни кўрмоқдаман». Бас, қачонки улар ўшани ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга ёмғир келтирувчи булутдир», дедилар. (Ҳуд айтди): «Йўқ, у ўзларингиз шошилтирган нарса – бир бўронки, унда аламли азоб бордир. У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон қилур». Бас, тонг отганида, фақат уларнинг уй-жойларигина кўзга ташланар эди. Биз жиноятчи – осий қавмни мана шундай жазолаймиз» (Аҳқоф, 21–25).
Яъни, эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қавмингизга ибрат ва насиҳат олишлари учун Ҳуд (алайҳиссалом)нинг қиссасини эслатгин! У баланд тепаликларда яшовчи қавмини огоҳлантирди ва ўзидан олдин ва кейинги барча пайғамбарларни Аллоҳ таоло уларни ҳидоятга, Аллоҳ таолога ибодат қилишга даъват этишлари учун юборишни айтиб ўтди.
Ушбу насиҳатларни такрор-такрор келтириб ўтишларидан мақсад, уларнинг Қиёмат кунида аламли ва даҳшатли азобга дучор бўлишларидан қўрқишлари эканлигини ҳам баён қилдилар.
Лекин қавм бунга итоат этмади, балки исён қилиб, шундай савол билан жавоб қайтариб қўя қолдилар: «Сен бизларни худоларимиздан буриш учун келдингми?! У ҳолда агар ростгўйлардан бўлсанг, бизларга ваъда қилаётган нарсангни келтирчи?»
Яъни, сен бизларни ушбу даъватларинг билан ибодатларига ошно тутинган худоларимиздан юз ўгиртирмоқчи ёки узоқлаштирмоқчимисан?
Сўнг улар ушбу инкор маъносидаги жавобларига, истеҳзо билан қуйидагиларни қўшимча қилдилар: “Агар айтаётганларинг рост бўлса, бизларга ваъда қилаётган азобни келтир!”
Лекин Ҳуд (алайҳиссалом) бу жоҳилона жавобларни ҳилм ва сабр билан қайтардилар: «(Азоб келар вақтнинг) илми ёлғиз Аллоҳ ҳузуридадир», Яъни, сизларга қачон азоб келишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади, менинг бунга ҳеч қандай дахлим йўқ.
Бунинг ортидан уларнинг жоҳил ва аҳмоқликларига далолат қилувчи жавобни бериб ўтдилар: «Лекин мен сизларни нодон қавм эканлигингизни кўрмоқдаман».
Яъни, мен сизларни очиқ-ойдин жоҳил қавм эканлигингизни кўриб турибман, чунки сизлар Ҳақни инкор қилиб, ботил нарсаларга қаттиқ ёпишиб олгансизлар ва менинг қўлимдан келмайдиган ишни қилишимни талаб қилмоқдасиз.
«Бас, қачонки улар ўшани ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга ёмғир келтирувчи булутдир», дедилар».
Яъни, Ҳуд (алайҳиссалом) қавми шошилтирган азоб ҳам келди, улар уни ўз кўзлари билан бир булут ҳолида кўришгач, хурсанд бўлиб, шундай дедилар: «Бу булут бизнинг устимизга фойдали ёмғир бўлади, ерларимиз кўм-кўк майсалар билан бурканади!»
Шунда уларга Ҳуд (алайҳиссалом) тилидан Аллоҳнинг амри билан қатъий бир жавоб берилади: «Йўқ, у ўзларингиз шошилтирган нарса – бир бўронки, унда аламли азоб бордир. У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон қилур».
Яъни, Ҳуд (алайҳиссалом) уларга дедилар: “Бу кўринаётган булут сизлар ўйлаётганингиздай ёмғир ёғдирмайди, балки у сизлар талаб қилган, тушишини шошилтирган азобдир, у бир кучли бўрон бўлиб, унда сизларни ҳалок қилгувчи ва аламли азоб бордир. Ушбу бўрон Аллоҳ таолонинг изни билан золим ва кофир қавмларга тегишли бўлган барча нарсани ҳалок қилади. «Бас, тонг отганида, фақат уларнинг уй-жойларигина кўзга ташланар эди. Биз жиноятчи – осий қавмни мана шундай жазолаймиз».
Яъни, Биз юборган кучли шамол уларни ҳалок қилди, улардан ном-нишон ҳам қолмади, илло бошқаларга ибрат бўлиши учун уларнинг уй-жойлари омон қолди. Ва Биз жиноятчи, туғёнга кетгувчи, золим қавмларни худди шундай жазолаймиз ва ҳалок қиламиз.
Од қавмининг ҳалок қилиниши тўғрисида бошқа сураларда ҳам ҳикоя қилинади, жумладан, Зориёт сурасида шундай дейилади:
«Од (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уларнинг устига туғмас бўронни юборган эдик. У ниманинг устидан ўтса, албатта, уни худди чириб битган суяклар каби қилиб қўяр эди» (Зориёт, 41–42).
Яъни, Биз Ҳуд (алайҳиссалом) қавмига бирон манфаат бўлмаган, ёмғирсиз булутлар орқали кучли шамолни юбордик. У бирор нарсанинг олдидан ўтса, чириб, бўлакларга бўлиниб кетган каби қилиб қўярди.
Фуссилат сурасида ҳам шу ҳақида оятлар келган:
«Энди Од (қабиласи)га келсак, улар ер юзида ноҳақ кибр-ҳаво қилдилар ва: «Куч-қувватда бизлардан зўрроқ ким бор?», дедилар. Ахир улар ўзларини яратган Зот – Аллоҳ куч-қувватда улардан зўрроқ эканини билмадиларми?! Ва улар Бизнинг оятларимизни инкор қилгувчи бўлдилар. Бас, Биз уларга мана шу ҳаёти дунёда хор-расво қилгувчи азобни тортдириб қўйиш учун наҳсли-шум кунларда устиларига бир даҳшатли бўрон юбордик. Охират азоби эса шак-шубҳасиз, янада хор қилгувчироқдир ва уларга (ўзлари сиғиниб ўтган бутлари томонидан ҳеч қандай) ёрдам берилмас» (Фуссилат, 15–16).
Қамар сурасида ушбу оятларни ўқишимиз мумкин:
«Од (қабиласи) ёлғончи қилди. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?! Дарвоқе, Биз уларнинг устига бир давомли наҳс куни (шумлиги ҳеч кетмайдиган кун)да бир даҳшатли бўронни юбордикки, у одамларни гўёки суғуриб олинган хурмо (дарахти)нинг таналаридек юлиб-учириб кетди. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?!» (Қамар, 18–21).
Яъни, Од қабиласи пайғамбари Ҳуд (алайҳиссалом)ни ёлғончига чиқарди, улар қандоқ ҳалок этилганини кўрмадингизми?! Биз уларнинг устига бир машъум – бахтсиз кунда совуқлиги ва қуввати кучли бўлган, қўрқинчли овозга эга бўронни юбордик. Ўша шамол исёнкор-жиноятчиларни ўз масканларидан суғуриб олди, худди илдизидан суғурилган хурмо дарахти каби ҳалок бўлдилар.
Шунга ўхшаш оятлар Ҳааққа сурасида ҳам келтирилган:
«Энди Од (қабиласига келсак), бас, улар бир даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб, ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб-ҳалок бўлиб ётганини кўрурсиз. Бас, улардан бирон (омон) қолгувчини кўрармисиз?» (Ҳааққа, 6–8).
Ушбу аламли азоб билан Ҳуд (алайҳиссалом) қавмларининг ҳаёт саҳифалари ёпилди. Аллоҳ зинҳор уларга зулм қилмади, балки улар ўзларига-ўзлари зулм қилгувчилардан бўлдилар.
Мана шулар Қуръони каримда келтириб ўтилган Ҳуд (алайҳиссалом)нинг қиссаси эди.
Ҳуд (алайҳиссалом) қиссасидан олинадиган
ибрат ва фойдалар
1. Ғурур, ношукрлик, ўз кучи билан мақтаниш ва бераҳмлик ёмон оқибатлар ҳамда кўнгилсиз натижаларга олиб келиши. Ушбу қиссада кўришимиз мумкинки, Ҳуд (алайҳиссалом) қавмлари ўз кучига ортиқча баҳо бериб, кибр-манманлик қилар эдилар ва: «Куч-қувватда бизлардан зўрроқ ким бор?» дердилар (Фуссилат, 15). Ҳамда ўз пайғамбарларини инкор қилиб, манманлик билан: «Сенинг ваъз-насиҳат қилишинг, ваъз қилгувчилардан бўлмаслигинг бизлар учун баробардир» (Шуаро, 136), деб айтардилар.
Бу ғурур ва такаббурликнинг натижаси Аллоҳ таоло уларга кучли бўрон юбориб, ҳалок қилиши билан якунланди.
2. Аллоҳ таолонинг неъматларини бандаларига доимий тарзда эслатиб туриш ва Аллоҳга шукр қилиш, тоатда бардавом бўлиш билан бу неъматларнинг кўпайишини баён қилиш. Қулоқ тут, Ҳуд (алайҳиссалом) Аллоҳ берган неъматларни қавмларига эслатиб ўтадилар: «Ва сизларни ўзларингиз биладиган (неъматлар) билан қўллаган-сийлаган Зот (Аллоҳ)дан қўрқингиз! У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан, боғлар ва булоқлар билан қўллади-ку? Албатта, мен сизларнинг устингизга улуғ кун (Қиёмат)нинг азоби (тушиши)дан қўрқурман» (Шуаро, 122–125).
Ҳуд (алайҳиссалом) яна бундай дедилар: «Эй қавмим Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба-тазарру қилингиз, шунда У Зот устингизга осмондан ёмғир қуйдирар ва куч-қувватингизга яна куч-қувват қўшар. Жинояткор-гуноҳкор бўлган ҳолингизда (менинг даъватимдан) юз ўгириб кетмангиз!» (Ҳуд,52).
Шунингдек, Ҳуд (алайҳиссалом) қавмларига чиройли насиҳатлар қиладилар, баъзан тарғиб, баъзан эса тарҳиб йўли билан. У қавмларга Хақ йўлга эргашиш бойликлари, қувватлари, тинчликлари ва бахт-саодатларининг зиёда бўлишига олиб келиши, аксинча, Ҳақ йўлдан тойилиш ва юз ўгириш бахтсизлик, фақир-заифлик ва ҳалокатга сабаб бўлишини баён қилиб ўтадилар.