close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

НУҲ (АЛАЙҲИССАЛОМ) ВА ҚАВМЛАРИ ҚИССАСИ

Ушбу қисса Қуръони каримнинг кўпгина сураларида келтириб ўтилган, жумладан, Аъроф, Юнус, Ҳуд, Мўминун, Шуаро, Нуҳ ва бошқа суралардир.
Нуҳ (алайҳиссалом)нинг насаблари Одам (алайҳиссалом)га бориб тақалади. Зикр қилишларича, уларнинг орасидаги муддат тахминан 2000 йил бўлган. Қуръонда Нуҳ (алайҳиссалом)нинг номлари қирқ уч жойда зикр қилиб ўтилган.
Нуҳ (алайҳиссалом)нинг қавмлари бут-санамларга сиғинар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга Ўзигагина ибодат қилиш учун чақиришга ва Ундан ўзгага ибодат қилишдан қайтариш мақ­садида Нуҳ (алайҳиссалом)ни юборди.
Ибн Касир ўз тафсирларида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қиладилар: «Бир қавм ичида солиҳ кишилар бўлган эдилар, сўнгра улар вафот этишади, қавм улар учун масжидлар қуради. Уларга ўхшаш ниятида уларнинг суратларини ўша ерга чизиб қўядилар, орадан анча вақт ўтгач, ушбу суратларга шакл берилади, кейинчалик уларни ўзларига санам қилиб олиб, сиғинадилар ва бу санамларнинг номини ўша солиҳ кишилар номи билан атайдилар: Вуддо, Сувоъ, Яғус, Яъуқ, Насро. Ушбу ҳо­лат жиддий тус олгач, Аллоҳ таоло ёлғиз Ўзига ибодат қилишга чақириш учун Нуҳ (алайҳиссалом)ни юборди» .
Нуҳ (алайҳиссалом) ва у кишининг қавми ҳақида Аъроф сурасида бундай дейилади:
«Қасамки, Биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқ. Албатта, мен сизларнинг буюк кун азоби(га гирифтор бўлишингиз) дан қўрқаман», деди. (Шунда) унинг қавмидан (зодагон) одамлар: «Биз сенинг очиқ залолатда эканлигингни кўрмоқдамиз», дейишди. У айтди: «Эй қавмим, мен мутлақо залолатда эмасман, балки мен барча оламларнинг Парвардигори тарафидан юборилган пай­ғамбарман! Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини етказурман ва сизларга насиҳат қилурман ҳамда мен Аллоҳ тарафидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман. Сизларни огоҳлантириш учун ва тақводор бўлишингиз ҳамда (Аллоҳнинг) раҳматига эришишингиз учун сизларга Парвардигорингиздан бўлган эслатма ўзингиздан бўлган бир киши зиммасида келганидан ажабландингизми?» Бас, уни ёлғон­чи қилдилар. Шунда Биз уни ва у билан бирга бўлган зотларни кемада қутқардик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон, деган кимсаларни ғарқ қилиб юбордик. Чунки улар кўр бўлган қавм эдилар» (Аъроф, 59–64).
Яъни, биз ўз бандамиз бўлмиш Нуҳни ўз қавмига улар бутларга сиғинишда ғулувга кетганлиги сабабли юбордик. У лутф ва одоб билан: “Эй қавмим, аҳлим, қариндошларим, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилинглар, Унга бирон нарсани шерик қилманг­лар, агар ширк ва залолат йўлида давомий кетадиган бўлсангиз, мен сизларни Қиёмат кунида азобга гирифтор бўлишингиздан қўрқаман”, деди.
Нуҳ (алайҳиссалом) шу тарзда ҳидоятга даъват қилдилар. Энди уларнинг жавоби қандай бўлди? Улар унга қабиҳ сўзлар билан жавоб қайтардилар. Келаси оятда ушбу ҳикоя қилинади: «(Шунда) унинг қавмидан (зодагон) одамлар «Биз сенинг очиқ залолатда эканлигингни кўрмоқдамиз», дейишди».
Биз «зодагон одамлар» деб таржима қилган сўз арабча матн­да «малаъ» шаклида берилган, ва «тўлдирмоқ» феълидан ясалган, улар қавмнинг ашроф ва машҳур кишилари эди. Баъзилар: «Улар ўз маҳобатлари билан одамларнинг кўзларини қўрқинчга тўлдирганлар. Шунинг учун «малаъ» (зодагон) деб аталганлар», дейишади.
Яъни, Нуҳ (алайҳиссалом) қавмидан бой ва зодагон тоифа­даги кишилар унга жавоб сифатида шундай дейишди: “Эй Нуҳ, сен бизларнинг илоҳларимизни ташлаб, бошқа илоҳга сиғи­нишга чақирмоқдасан, шу сабабли биз сени тўғри йўлдан озган деб биламиз”.
Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу оятнинг тафсирида бундай дейдилар: «Фожир ва кофирларнинг басират кўзларига парда тортилгани сабаб, улар яхши кишиларни залолатда, деб ўйлайдилар». Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида бундай дейди:
«Улар қачон (мўминларни) кўрсалар: “Ана улар шак-шуб­ҳасиз, йўлдан озгувчи кимсалардир”, дердилар» (Мутаффифун, 32).
Яъни, агар кофирлар мўминларни кўрсалар, улар ҳақида айтардилар: “Дарҳақиқат, мана бу мўминлар залолатдадирлар, чунки улар ота-боболари сиғиниб келган илоҳларни тарк қил­дилар”.
Шундан сўнг Нуҳ (алайҳиссалом) ўзларига билдирилган бу туҳмат ва бўҳтонларни ҳикматли тарзда, мулойимлик билан даф қилдилар: «У айтди: “Эй қавмим, мен мутлақо залолатда эмасман, балки мен барча оламларнинг Парвардигори тарафидан юборилган Пайғамбарман! Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини етказурман ва сизларга насиҳат қилурман ҳамда мен Аллоҳ тарафидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман”».
Нуҳ (алайҳиссалом) ўзларидан ботил туҳматларни даф этдилар ва тўрт сифатга эга эканликларини таъкидлаб ўтдилар:
1. «Балки мен барча оламларнинг Парвардигори томонидан юборилган Пайғамбарман!», яъни, менда залолат ёки адашиш йўқ, мен оламлар Раббиси томонидан сизларни Унинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишга ва Ундан ўзгага сиғинишдан қайтариш учун юборилганман.
2. «Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини етказурман», Яъни, амр-буйруқ, қайтариқ, панд-насиҳатлардан иборат бўлган ва мен Аллоҳ томонидан қилинган ваҳийни етказаман.
3. «Сизларга насиҳат қилурман», яъни, сизларни камол топтирадиган, бахт-саодатга етказадиган насиҳатларни таълим бераман.
4. «Мен Аллоҳ тарафидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман», яъни, Аллоҳ таоло ўз фазлу карами билан менга сизлар билмайдиган нарсаларни билдирди ва мен ўша илм билан сизларни огоҳлантираман.
Сўнгра Нуҳ (алайҳиссалом) ўз қавмларига қарата шундай савол билан мурожаат киладилар: «Сизларни огоҳлантириш учун ва тақводор бўлишингиз ҳамда раҳматга эришишингиз учун сизларга Парвардигорингиздан бўлган эслатма ўзингиздан бўлган бир киши зиммасида келганидан ажабландингизми?», яъни, мени ёлғончига чиқариб, менга «адашган», дея туҳмат қиласизми? Ёки сизларга Раббингиздан эслатма, панд-насиҳатлар ўзларингизда бўлган, сизлар унинг тўғри сўзлигини биладиган киши тилидан эшитганингизга ажабландингизми? Ҳолбуки, у куфр­нинг ёлғон оқибатидан огоҳлантириб, сизларни Аллоҳ таолога тақво қилишга буюрмоқда, агар ўз Холиқларингизга ихлос билан ибодат қилсангиз, У сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва мағ­фирати бўлишининг башорат-хушхабарини бермоқда-ку!
Юқорида келтириб ўтилган мурожаат инкор ва уларнинг ҳо­лидан ажабланиш маъносидадир. Яъни, агар мен сизларни ислоҳ қиладиган, манфаат етказадиган нарсалардан хабардор қилса­му, сизлар уни инкор қилсангизлар, ўзларингиз ажабланишга муносиброқдирсизлар.
Лекин қавм ушбу даъватга ижобат қилмади, натижада Аллоҳ таоло уларни ғарқ қилди: «Бас, уни ёлғончи қилдилар. Шунда Биз уни ва у билан бирга бўлган зотларни кемада қутқардик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон, деган кимсаларни ғарқ қи­либ юбордик. Чунки улар кўр бўлган қавм эдилар».
Яъни, мана шу қавм пайғамбарлари Нуҳ (алайҳиссалом)ни ёлғончига чиқардилар, натижада Аллоҳ таоло Нуҳ ва у киши би­лан бирга имон келтирган зотларни сақлаб қолиб, қавмнинг кофирларини ғарқ қилиб юборди, чунки уларнинг кўзлари ҳақи­қат ва имонни кўришдан кўр эди. Бу Аллоҳ таолонинг азалий суннатидир, яхши оқибат мўминларга, ёмон оқибат эса кофир қавмларга хос бўлади.
Юнус сурасида келтирилган ояти карималарда Нуҳ (алай­ҳиссалом) қиссасининг бошқа жиҳатлари очилади:
 «Уларга Нуҳ ҳақидаги хабарни тиловат қилинг. У қавмига деган эди: «Эй қавмим, агар сизларга турганлигим ва Аллоҳ оятларини эслатишим оғирлик қилган бўлса, бас, мен Аллоҳнинг ўзига суяндим – таваккул қилдим. Энди бутларингиз билан бирга билган ишларингизни қилаверинглар. Кейин қилаётган ишларингиз ўзларингизга махфий бўлиб қолмасин. Сўнгра менга нисбатан ҳукмингизни ижро этаверинглар ва менга муҳлат ҳам берманглар. Бас, агар юз ўгирар экансизлар, мен сизлардан бирон ажр-ҳақ сўраганим йўқ. Менинг ажр-савобим фақат Аллоҳга ҳавола. Ва мен Унга бўйсунувчи – мусулмонлардан бўлишга амр этилганман». Сўнгра уни ёлғончи қилишгач, Биз унга ва у билан кемада бирга бўлган кишиларга нажот бердик ва уларни халифа қилдик. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ғарқ қилдик. Мана, қўрқитилган кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!» (Юнус, 71–73).
Яъни, эй Муҳаммад, қавмингиз орасидаги мушрикларга Нуҳ (алайҳиссалом)нинг қиссасини тиловат қилинг! У сабот ва ишонч билан деди: “Эй қавмим, сизларнинг орангизда узоқ муддат қо­лишим ва Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига ва қудратига далолат қилувчи оятларни эслатишим сизларга оғирлик ёки қийинлик қилаётган бўлса, менга нисбатан хоҳлаган макр-ҳийлаларингизни ишга солингиз, ва бунда иштирок этиши учун ўз шерикларингизни чақиринг, сўнгра сизлар амалга ошираётган ишларингиз махфий бўлиб қолмасин ва менга огоҳлантирмай, муҳлат ҳам бермай азият беринглар ёки қатл этинглар, лекин мен сизларнинг таҳдидларингиздан қўрқмайман”.
Шу ерда кўриш мумкинки, Нуҳ (алайҳиссалом) ўз йўлларида, одамларни ҳидоятга чақиришда бардавом бўлишларини, уларнинг ҳар хил гап-сўзлари ёки қўрқитишларига қарамай, қаттиқ туриб таъкидламоқдалар. «Бас, агар юз ўгирар экансизлар…» Яъни, мендан ва мен сизларга қилаётган панд-насиҳат ва даъватлардан юз ўгирсангизлар «Мен сизлардан бирон ажр сўрага­ним йўқ. Менинг ажр-савобим фақат Аллоҳга ҳавола. Ва мен Унга бўйсунувчи мусулмонлардан бўлишга амр этилганман».
Яъни, мен сизларни ҳақ йўлга даъват қилганим учун ажр та­лаб қилмайман, балки унинг учун ажрни Аллоҳ таолодан сўрай­ман, У Зот менга мусулмонлардан бўлишимни амр этган.
Сўнгра Аллоҳ таоло Нуҳ (алайҳиссалом)нинг чиройли оқиба­тини ва у кишини ёлғончига чиқарган кимсаларнинг ёмон оқи­батини баён қилади: «Сўнгра уни ёлғончи қилишгач, Биз унга ва у билан кемада бирга бўлган кишиларга нажот бердик ва уларни халифа қилдик. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ғарқ қилдик».
Яъни, биз нажот берган кишиларни ғарқ бўлиб кетганларнинг ўрнига ерга халифа – ўринбосар қилдик. «Кўринг» Эй Муҳаммад ёки эй оқил инсон, «Қўрқитилган кимсаларнинг оқибати қан­дай бўлганини». Аллоҳ уларни кучли бир тўфон билан ғарқ қил­ди, Нуҳ ва у киши билан бирга бўлган мўминларга нажот берди.
Ҳуд сурасида ушбу қисса батафсил ёритилган. Унда Нуҳ (алайҳиссалом)нинг ўз қавмларига даъватлари, у киши билан қавмлари ўртасида бўлиб ўтган баҳс-мунозара, Аллоҳ таолонинг кема ясаш тўғрисидаги амри, қавмнинг Нуҳ (алайҳиссалом)ни мазах қилишлари ва ўғилларининг ҳам ғарқ бўлгувчилар билан чўкиб кетиши ҳақида айтиб ўтилади. Аллоҳ таоло айтади:
«Дарҳақиқат, Биз Нуҳни ўз қавмига юбордик. (У деди): «Албатта, мен сизларга очиқ огоҳлантиргувчиман. Сизлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинглар, сизларнинг устингизга аламли азоб кунидан қўрқаман». Шунда унинг қавми орасидаги кофир бўлган кимсалар: «Бизлар сени худди ўзимизга ўхша­ган одам, деб биламиз ва сенга фақат ичимиздаги пасткаш (ялангоёқ) кимсалар ўйламасдан эргашганини кўрмоқдамиз. Бизнингча, сизларнинг биздан бирон ортиқчалик жойи­нгиз йўқ, балки биз сизларни ёлғончи, деб ўйламоқдамиз», дедилар. У деди: «Эй қавмим, хабар берингизки, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсанг ва У зот менга ўз даргоҳидан раҳмат – пайғамбарликни ато этган бўлса-ю, аммо бу сизларга махфий бўлса, биз сизларни ўзингиз истамаган ҳолда мажбур қиламизми? Эй қавмим, мен сизлардан бу учун мол-дунё сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир. Ва мен имон келтирган кишиларни қувмайман ҳам. Чунки улар Парвардигорларига рўбарў бўлгувчилардир. Лекин мен сизларнинг нодон қавм эканлигингизни кўрмоқдаман. Эй қавмим, агар мен уларни ҳайдасам, ким менга Аллоҳдан ёрдам-нажот бе­рур? Ўйлаб кўрмайсизларми?! Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазинаси бор», демайман. Ғайбни ҳам билмайман. «Мен фариштаман», ҳам демайман. Шунингдек, сизлар ўзингизча ҳақорат қилаётган кишилар ҳақида: «Аллоҳ уларга ҳеч қандай яхшилик бермайди», деб айтмайман. Уларнинг дилларидаги нарсани Аллоҳ жуда яхши билур. Акс ҳолда, мен албатта, золимлардан бўлиб қолурман». Улар дедилар: «Эй Нуҳ, мана сен биз билан жанжаллашдинг, кўп баҳсу мужодала қилдинг. Энди агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтирчи». (Нуҳ) деди: «Уни сизларга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаган пайтида келтирур ва сизлар ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайсизлар. Агар Аллоҳ сизларни йўлдан оздиришни истаса, мен насиҳат қилишни истаганим билан насиҳатим сизларга фойда бермайди. Парвардигорингиз Унинг Ўзидир ва фақат Унгагина қайтарилурсизлар». Ёки улар: «Уни ўзи тўқиб олган», дейдиларми? ( эй Муҳаммад), айтинг: «Агар уни мен тўқиб чиқарган бўлсам, гуноҳим ўз бўйнимда. Аммо мен сизларнинг қилаётган жиноятингиздан покман». Нуҳга ваҳий қилинди: «Қавмингдан имон келтирганларидан бошқа ҳеч ким имон келтирмас. Бас, уларнинг қилаётган ишлари сабабли ташвиш чекма! Бизнинг кўз ўнгимизда ва Бизнинг ваҳий таълимимиз билан бир кема ясагин ҳамда золим кимсалар ҳақида Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчилардир». У кемани ясар экан, қачон олдидан ўз қавмининг (кофир) кимсалари ўтсалар, уни масхара қилиб кулдилар. У деди: «Агар сизлар биздан кулсангизлар, бас, яқинда худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлардан кулурмиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилгувчи азоб келишини ва (кимнинг) устига мангу азоб тушишини билиб олажаксизлар». Энди қачон Бизнинг фармонимиз келиб, ердан фавворалар отилган вақт­да, (Нуҳга) дедик: «У кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва аҳли оилангни чиқаргин. Лекин қайси кимсалар хусусида Бизнинг сўзимиз ўтган бўлса, (уларни тарк қилгин) яна имон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!» (Нуҳ) билан бирга (Аллоҳга) имон келтирган кишилар эса жуда оз эдилар. У деди: «Кемага мининглар! Унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг номи билан бўлур. Албатта, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир». (Кема) уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди: «Эй ўғилчам, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга қолмагин!». У (ўғли) деди: «Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоғнинг устига чиқиб кетажакман». (Нуҳ) айтди: «Бугун Аллоҳнинг амридан бирон сақлагувчи йўқдир, магар Ўзи раҳм қилган кишиларнигина (сақлар)». (Шу пайт) ўрталарини тўлқин тўсиб қўйди-да, (ўғил) ғарқ қилингувчилардан бўлиб қолди. (Сўнгра): «Эй ер, сувингни ютгин; эй само, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди, фармон бажарилди ва (кема) Жудий тоғи узра тўхтади ҳамда: «Золим қавмга ҳалокат бўлгай», дейилди. Нуҳ Парвардигорига нидо қилиб, деди: «Парвардигорим, албатта, ўғлим менинг аҳли оиламдандир ва шубҳасиз, Сенинг ваъданг ҳақ ваъдадир. Сен энг адолатли ҳукм қилгувчисан». (Аллоҳ) айтди: «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас! Албатта у(нинг амали) ёмон амалдир. Бас, ўзинг яхши билмаган нарса ҳақида асло мендан сўрамагин! Албатта, Мен сенга жоҳил-нодонлардан бўлмасликни буюраман». (Нуҳ) деди: «Парвардигорим, мен Сендан ўзим билмаган нарсани сўрашдан паноҳ тилайман! Энди агар мени мағфират қилиб, ўз раҳматингга олмасанг, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурман». (Шунда) айтилди: «Эй Нуҳ, Биз томонимиздан бўлган омонлик билан ўзингга ҳамда сен билан бирга бўлган умматларнинг зурриётларига бўладиган баракотлар билан тушгин. Яна бошқа (кофир) жамоалар ҳам (келурки), Биз уларни ҳам озгина фойдалантирурмиз, сўнгра эса уларни Биз томондан бўлган аламли азоб тутар» (Ҳуд, 25–48).
Яъни, биз пайғамбаримиз Нуҳни ўз қавмига уларни Бизга ихлос билан ибодат қилишга чақириш ҳамда куфр ва залолатдан қайтариб, огоҳлантириш, тарғиб қилиш ва Бизга имон келтирмаган кимсаларга оғир азоб бўлиши ҳақида қўрқитиш учун юборган эдик.
Лекин қавмининг бой ва зодагон кишилари истеҳзо билан шундай дедилар: “Сен ўзимиз каби бир инсонсан, сенда пай­ғамбарларга хос бирон хислат йўқ экан”.
Улар ўз жоҳилликлари ва ақлсизликлари учун пайғамбарлар инсон зотидан чиқмайди, деб ўйлашарди, ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг ҳикмати пайғамбарларни ўзларининг орасидан бўлиши­ни тақозо этди. Бизнинг орамиздан сенга эргашган кишилар энг фақир, обрў-эътибор жиҳатидан энг паст инсонлардир. Аслида, улар сенга ботиний эмас, зоҳирий эргашмоқдалар (яъни, улар даъво қилдиларки, Нуҳ (алайҳиссалом)га эргашган оз сонли кишилар чин дилдан, имон келтириб эмас, балки у кишининг пайғамбар эканлик­ларини эшитиб, эргашганлар, холос. – Тарж.).
Сўнгра улар бошқа даъвога ўтдилар: Биз сени фаҳм-фаросат, ақл ва бошқа нарсаларда биздан устунлигингни кўрмаяпмиз, балки сени ёлғончи деб, эътиқод қилмоқдамиз.
Шунда Нуҳ (алайҳиссалом) уларнинг ботил даъволарини йўққа чиқаргувчи жавоб бериб ўтадилар: “Эй қавмим, мен Раббим томонидан ҳақни ботилдан ажратгувчи аниқ ҳужжатга эга бўлсам, Аллоҳ таоло ўз раҳматини кўрсатиб, мени пайғамбарлик билан тақдирлаган бўлса, сизлар учун ҳидоятдан баҳраманд бўлиш махфий қолмасин. Сизлар ўз сўзингизда қаттиқ туриб олсангизлар, мен сизларга ўз фикримни ўтказа олурманми ёки сизлар уни ёмон кўрсаларингиз ҳам ҳақ йўлга эргашишингизга мажбур этаманми?
Шубҳасиз, бу нарса менинг қўлимдан келмас экан, демак мен сизларни мажбурловчи эмасман.
Сўнгра Нуҳ (алайҳиссалом) қавмларига қарата иккинчи бор шундай нидо қиладилар: «Эй қавмим, мен сизлардан бу учун мол-дунё сўрамайман». Яъни, сизларни Ҳақ, тўғри йўлга даъват қилганим учун бирон ҳақ сўрамайман, балки «Менинг ажр-мукофотим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир».
«Ва мен имон келтирган кишиларни қувмайман ҳам, чунки улар Парвардигорларига рўбарў бўлгувчилардир. Лекин мен, сизларнинг нодон қавм эканлигингизни кўрмоқдаман».
Яъни, мен ҳидоятга даъват қилганимда унга ижобат қилган­ларни ҳузуримдан ҳайдамайман. Улар камбағал ёки бой бўла­диларми фарқи йўқ, чунки Аллоҳ барчани амалига қараб ҳисоб қилади. Ва мен сизларни нодонлигингиз, ақлсизлигингиз ва идрокингизнинг пастлиги сабаб жоҳил кимсалардан, деб би­ламан.
«Эй қавмим, агар мен уларни ҳайдасам, ким менга Аллоҳдан ёрдам-нажот берур? Ўйлаб кўрмайсизларми?!»
Яъни, эй қавмим, Агар мен ушбу сизлар фақир-камбағал деб атаётган мўминларни мажлис (ҳузур)имдан ҳайдасам, ким мени Аллоҳ таолонинг азобидан кутқариб олади. Ахир, бу ҳикматли иршодларни ўйлаб кўрмайсизларми?!
«Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазинаси бор», демайман. Ғайбни ҳам билмайман. «Мен фариштаман», ҳам демайман. Шунингдек, сизлар ўзингизча ҳақорат қилаётган кишилар ҳақида: «Аллоҳ уларга ҳеч қандай яхшилик бермайди», деб айтмайман. Уларнинг дилларидаги нарсани Аллоҳ жуда яхши билур. Акс ҳолда, мен албатта, золимлардан бўлиб қолурман».
Яъни, мен сизларга: “Ризқу рўз, бойлик хазиналарига эгаман, Аллоҳдан ўзга ҳеч зот билмайдиган ғайб илмларини биламан ёки мен «фаришталардан бириман» деб айтмайман, балки Аллоҳ таоло яратган сиз каби оддий бир инсонман, лекин У зот мени пайғамбарлик учун танлади”.
Шунингдек, мен сизлар уларни кимбағаллар, деб таҳқир­лаёт­ган кишиларга Аллоҳ ўз фазлу карамидан бермайди, деб айтмайман, зеро У ким яхши ва ким ёмон эканлигини жуда яхши билгувчидир. Агар сизларга ушбу сўзларни айтсам, аниқки, ўз нафсига зулм қилгувчилардан бўлиб қоламан. Нуҳ (алайҳиссалом) шу тарзда уларнинг шубҳаларини қайтариб, туҳмат-бўҳтонларини йўққа чиқардилар. Қачонки, ўша кофир қавмлар ҳужжатга ҳужжат усулида жавоб қайтаришдан ожиз қолганларида, уларнинг кибри бунга йўл қўймай, Нуҳ (алай­ҳиссалом)га қарата бундай дедилар: «Эй Нуҳ, мана сен биз билан жанжаллашдинг, кўп баҳсу мужодала қилдинг. Энди агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтирчи».
Яъни, кофир қавмни Нуҳ (алайҳиссалом) очиқ-ойдин ҳужжат билан мағлуб қилганларидан сўнг, улар дедилар: “Сен биз билан ҳатто жавоб қайтаришга мажолимиз қолмагунча жанжаллашдинг, энди агар айтаётган гапларинг тўғри бўлса, сен ваъда қилаётган ўша азобни бизларга келтирчи?”
Жоҳил, нодон, кофир кимсаларнинг бўлгани шу, агар улар ҳақиқатга қарши ҳужжат топишдан ожиз қолсалар, одамларга қарата қилич кўтаришга тушадилар, лекин ўзларини ҳеч мағлуб ҳисобламайдилар.
Лекин Нуҳ (алайҳиссалом) бу қатъий мурожаат ва талабдан ўзларини йўқотиб қўймадилар, балки одоб билан шундай дедилар: «Уни сизларга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаган пайтида келтирур ва сизлар ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайсизлар. Агар Аллоҳ сизларни йўлдан оздиришни истаса, мен насиҳат қилишни истаганим билан насиҳатим сизларга фойда бермайди. Парвардигорингиз Унинг Ўзидир ва фақат унгагина қайтарилурсизлар».
Яъни, эй қавмим, сизлар келишини истаётган азобни фақат Аллоҳ таоло хоҳлаган вақтида келтиради. Агар устингизга азоб туширилса, сизлар ундан қочиб кета олмайсизлар. Ва мен сиз­ларни кўп усуллар билан ҳақиқат йўлига чақирдим, ундан бирон нарсани ноқис қилмадим. Агар сизлар ўз жоҳилликла­ри­н­гиз ва куфр келтирган ҳолингизда кетадиган бўлсаларингиз, насиҳатларим сизларга зинҳор кор қилмайди. Агар Аллоҳ (азза ва жалла) сизларни адаштиришни хоҳласа, менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Сизларнинг ишларингиз ва ҳолатларингиз ҳам Унинг измидадир. У сизларнинг Раббингиз, Унга қайтариласиз­лар ва Аллоҳ амалларингизга қараб сизларни ҳисоб қилади.
Нуҳ (алайҳиссалом) ўз қавмларини Аллоҳга даъват қилишда энг самарали, ҳикматли услубларни қўлладилар, уларнинг жо­ҳиллик ва аҳмоқликларига чиройли сабр қилдилар.
Сўнгра Аллоҳ таоло Нуҳ (алайҳиссалом)га қавмларининг имонга келишларидан умид йўқ эканлигини билдиради: «Қавминг­дан имон келтирганларидан бошқа ҳеч ким имон келтирмас. Бас, уларнинг қилаётган ишлари сабабли ташвиш чекмагин!»
Яъни, Нуҳ (алайҳиссалом) қавмлари ўз туғёнларида қаттиқ туриб олгач, Аллоҳ таоло Пайғамбарига шундай ваҳий қилди: “Қавминг орасида имонга келиши кутилаётган бирон кимса қол­мади, шундай экан, сен уларнинг куфр йўлида давом этаётган­ликлари учун хафа бўлма!”
Сўнгра Аллоҳ таоло Нуҳ (алайҳиссалом)га кофир қавмлар ғарқ қилинганда мўминлар нажот топишлари учун васила бўладиган бир катта кема ясашни буюради: «Бизнинг кўз ўнгимизда ва Бизнинг ваҳий таълимимиз билан бир кема ясагин», яъни Бизнинг ғамхўрлигимиз остида ва Бизнинг қудратимиз билан. «Ҳамда золим кимсалар ҳақида Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчилардир».
Яъни, мендан ўша золимларга раҳм қилишимни сўраб ил­тижо қилма, уларни ғарқ қилиш ҳақида Менинг ҳукмим чиқди. Зеро, менинг ҳукмимни ҳеч ким қайтаролмас!
Сўнгра Нуҳ (алайҳиссалом)нинг шаънларига қавмлари томонидан нималар дейилгани айтилади: «У кемани ясар экан, қачон олдидан ўз қавмидан бўлган кимсалар ўтсалар, уни масхара қилиб кулдилар. У деди: «Агар сизлар биздан кулсангизлар, бас, яқинда худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлардан кулурмиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилгувчи азоб бўлишини ва (кимнинг) устига мангу азоб тушишини билиб олажаксизлар».
Яъни, Нуҳ (алайҳиссалом) Аллоҳнинг амрига буйсуниб, кема ясашни бошладилар, қавмларидан бўлмиш кофир кимсалар олдиларидан ўтганда Нуҳ (алайҳиссалом)нинг устиларидан кулиб, уларни истеҳзо қилдилар. Кейин Нуҳ (алайҳиссалом) шундай жавоб бердилар: Агар, бугун бизларнинг устимиздан кулаётган бўлсангиз, яқин кунларда бизлар сизнинг устингиздан куламиз. Ким хору зор қилгувчи азобга мустаҳиқ эканлигини ўшанда билиб оласизлар.
Шундан сўнг, Нуҳ (алайҳиссалом)нинг ҳар бир жонзотдан бир жуфт олиб ва мўминлар билан бирга кемага чиққанлари ай­тилади:
«Энди қачон Бизнинг фармонимиз келиб, ердан фавворалар отилган вақтда, (Нуҳга) дедик: «У кемага ҳар бир жуфтдан ва аҳли оилангни чиқаргин. Лекин қайси кимсалар хусусида Бизнинг сўзимиз ўтган бўлса, (уларни тарк қилгин). Яна имон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!» (Нуҳ) билан бирга имон келтирган кишилар эса жуда оз эдилар».
Яъни, Нуҳ (алайҳиссалом) кемани ясаб бўлгач, кофирларга азоб тушиш вақти етиб келди, сўнгра бунга далолат қилувчи белгилар ҳам содир бўлди. Шунда Аллоҳ таоло бандаси Нуҳ (алай­ҳиссалом)га деди: “Ушбу кемага ҳар бир махлуқотдан бир жуфт (эркак ва аёл)дан ва оилангдан имон келтирганларни ҳамда барча мўминларни чиқаргин”.
Келаси оятда Нуҳ (алайҳиссалом) кемага чиқаётганда нима дейиш лозимлигини айтиб ўтадилар: «(Аллоҳнинг номи билан) кемага мининглар! (Чунки) унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳ номи билан бўлур. Албатта, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир». (Кема) уларни тоғлардек тўл­қин­лар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди». Яъни, Нуҳ (алайҳиссалом) мўминлар жамоасидан узоқда бўлган кофир ўғлига оталик меҳри билан шундай деди: «Эй ўғилчам, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан бирга қолмагин!» У (ўғли) деди: «Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоғнинг устига чиқиб кетажакман». Шунда Нуҳ (алайҳиссалом) дедилар: «Бугун Аллоҳнинг амридан бирон сақлагувчи йўқдир, магар Ўзи раҳм қилган кишилар­нигина (сақлар)». (Шу пайт) ўрталарини тўлқин тўсиб қўйди-да, (ўғил) ғарқ қилингувчилардан бўлиб қолди».
Яъни, Нуҳ (алайҳиссалом) ўз ўғилларига дедилар: “Бугун Аллоҳ таолонинг азобидан омонда қолгувчи бирон киши йўқ, илло кимгаки Аллоҳ ўз лутфи карами ила раҳм қилса, ўша соғ қолур. Шунда тўлқин ўзининг даҳшатли овози билан Нуҳ ва ўғли ўртасини ажратди, натижада кофир ўғил ғарқ қилинганлардан бўлди”.
Ушбу ояти карималар бизга ота ва ўғил ўртасидаги суҳбат­дан ҳикоя қилади, ўша ҳаяжонли ва таъсирли лаҳзаларда Нуҳ (алайҳиссалом) ҳар бир ота каби бор куч-ғайратларини ишга солиб, ўғилларини нажотга ва аламли азобга дучор бўлмасликка чақирдилар.
Аллоҳ таоло кофирларни ғарқ қилиб мўминларга нажот бер­гач, ер билан осмонга бундай амр қилди: «Эй ер, сувингни ютгил; эй само, ўзингни тутгил», дейилди. Яъни, эй ер, сатҳинг­даги сувни ичгин; эй осмон, ёғишни бас қил. «Сув қуриди, фармон бажарилди ва (кема) Жудий тоғи узра тўхтади ҳамда: «Золим қавмга ҳалокат бўлгай», дейилди».
Яъни, ер сувни ичиб, у жой сувдан холи бўлди. Кофирларни ҳалок қилиш ва мўминларга нажот бериш амри бажарилди. Ва кема Ироқнинг шимолидаги Жудий тоғида қарор топди ва «Золим қавмга ҳалокат, ҳасрат ва надомат бўлгай», дейилди.
Ушбу сурадаги қисса Нуҳ (алайҳиссалом)нинг ўғиллари ҳа­қида қилган илтижолари билан якунланади:
«Парвардигорим, албатта ўғлим менинг аҳли оиламдандир ва шубҳасиз, Сенинг ваъданг ҳақ ваъдадир. Сен энг адолатли ҳукм қилгувчисан».
Яъни, сенинг ўз бандаларингга бераётган ҳар бир ваъданг ҳақдир. Эй Раббим, сен менга аҳлингни қутқараман, уларга нажот бераман, деб ваъда бергансан, илло кимнинг устидан Сенинг сўзинг ўтган бўлса, у ҳалок бўлгай, лекин бу оғир ва қийин дамда Сендан ўғлимга раҳм қилишингни, уни кечиришингни сўрайман, эй Раббим, Сенинг ҳукмингни қайтаргувчи ва амрингга қаршилик қилгувчи бирон зот йўқ! Аллоҳ таоло бу илтижога шундай жавоб қилди: «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмасдир! Албатта, у(нинг амали) ёмон амалдир».
Яъни, ўғлинг сенга эргашган мўминлардан эмас, мен фақат мўминларга нажот бериш учун ваъда берганман. Ўғлинг ушбу дун­ёда жуда ёмон амалларни қилди, улардан энг каттаси – куфрда давомий бўлди, имонга келмади.
«Бас, ўзинг яхши билмаган нарса ҳақида асло мендан сўрамагин! Албатта, Мен сенга жоҳил-нодонлардан бўлмас­ликни буюраман».
Яъни, бирон нарса тўғри ёки хато эканлигини аниқ билмагунингча Мендан у ҳақида сўрама. Балки сен олдин ўзинг талаб қилаётган нарсани текшириб, ўйлаб кўр. Мен сени кўп саволлар бериб, фитна чиқарувчи жоҳил қавмлардан бўлиб қолишдан қайтараман.
Шундан сўнг Нуҳ (алайҳиссалом) Аллоҳдан афв ва мағфират сўрай бошладилар: «Парвардигорим, мен Сендан ўзим бил­ма­ган нарсани сўрашдан паноҳ тилайман! Энди агар, мени мағ­фи­рат қилиб, ўз раҳматингга олмасанг, зиён кўргувчилардан бўлиб қоламан».
Яъни, эй Раббим, мен бундан сўнг ўзимда аниқ ва тўғри илм бўлмаган нарсаларни сўрашдан паноҳ тилайман, агар сен мендан ўтган айб-камчиликларимни кечирмасанг ва кенг раҳматинг ила сийламасанг, мен аниқки, зиён кўргувчилардан бўлиб қоламан.
Қисса якунида Аллоҳ таоло Нуҳ (алайҳиссалом)ни хурсанд қилувчи башоратни келтириб ўтади: «Эй Нуҳ, Биз томонимиздан бўлган омонлик билан ва ўзингга ҳамда сен билан бирга бўлган умматларнинг зурриётларига бўладиган баракотлар билан тушгин. Яна бошқа жамоалар ҳам (келурки), Биз уларни ҳам озгина фойдалантирурмиз, сўнгра эса уларни Биз томондан бўлган аламли азоб тутар».
Яъни, эй Нуҳ, кемадан Биз томондан бўлган омонлик, яхшилик ва неъматларга эришган ҳолда тушгин. Булар сенга, сенинг издош­ларинг ва барча мўминларга бўлур. Ва яна бошқа бир уммат борки, Биз уларга ўз неъматларимиз билан кўп имкониятни мана шу дунёнинг ўзида берамиз, сўнгра Охират куни уларни аламли азоб тутар, чунки улар неъматларимга ношукрлик қилдилар, уларни нотўғри йўлларга сарфлаб, исроф ва куфр йўлини афзал билдилар.
Ушбу биз кўриб чиққан Ҳуд сураси Нуҳ (алайҳиссалом)нинг қавмлари билан бўлган қиссани энг батафсил ҳикоя қилувчи суралардан ҳисобланади.
Мўминун сурасида ҳам ушбу қиссанинг бошқа жиҳатлари ҳақида ҳикоя қилинади:
«У (Нуҳ) фақат бир жинни бўлган одамдир. Бас, унга бир (оз) вақтгача кўз тутинглар», дедилар. (Нуҳ) айтди: «Парвардигорим, улар мени ёлғончи қилганликлари сабабли Ўзинг менга ёрдам қилгин». Бас, Биз унга ваҳий қилдик – Бизнинг кўз ўнгимизда ва Бизнинг ваҳий-таълимимиз билан бир кема ясагин! Бас, қачон Бизнинг фармонимиз келиб, таннурдан фавворалар отилган вақтида у кемага ҳар жонивордан бир жуфтдан ва аҳли-оилангни солгин. Лекин қайси кимсалар устида Бизнинг сўзимиз ўтган бўлса ҳамда у золим кимсалар ҳақида менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчилардир. Энди қачон ўзинг ва сен билан бирга бўлган кишилар кема устида жойлашиб олгач, айтгин: «Бизларни золим қавмдан қутқарган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин». Яна айт: «Парвардигорим, мени бир муборак манзилга туширгин. Сен ўзинг энг яхши туширгувчисан. Албатта, бунда оят-ибратлар бордир. Биз имтиҳон қилгувчидирмиз» (Мўминун, 25–30).
Яъни, Нуҳ (алайҳиссалом) ўз қавмларини Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишга даъват эта туриб, бундай дедилар: “Аллоҳ таолодан бошқасига ибодат қилганларинг учун устиларингизга азоб тушишидан қўрқмайсизларми?!”
Келаси оятда қавм қандай жавоб бергани ҳикоя қилинади:
«(Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: «Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. (Фақат) у сизлардан устун бўлиб олмоқчи. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, фариштани туширган бўлар эди. Бизлар буни аввалги ота-боболаримиздан эшитган эмасмиз. У фақат бир жинни бўлган одамдир. Бас, унга бир (оз) вақтгача кўз тутинглар», дедилар.
Яъни, Нуҳ (алайҳиссалом) қавмининг кофир кимсалари ўз пайғамбарларидан панд-насиҳат ва ҳидоятга чақириқларни эшитганларидан сўнг, ўзларининг заиф тоифадаги кишиларига ҳазар маъносида шундай дедилар: “Нуҳ сиз каби бир инсондир, лекин у сизлардан устун бўлиши учун ушбу янги динни ўзи ўй­лаб чиқарган. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, фаришталардан бирини пайғамбар қилиб юборган бўларди. Ушбу Нуҳдан эшитиб турган нарсаларимизни аввалги ота-боболаримиздан эшитмаган эдик. Улар бутун умр ўз динларида содиқ қолишди. Шу сабабли Нуҳга аҳмоқлик ёки мажнунликдан бирор нарса теккан. У шифо топ­гунча ёки ўлгунича кутиб туринглар. Шунда ундан ҳам, даъватидан ҳам озод бўласизлар, ота-боболарингиз сиғинган бут-санамларга бемалол ибодат қиласизлар”.
Кўриш мумкинки, Нуҳ (алайҳиссалом)нинг қавмлари у кишига энг тубан сўзлар билан мурожаат қилишди, ҳаттоки улар Нуҳнинг даъват қилишдан мақсади бизларга бошчилик қилиш, деб айтишди, у пайғамбар эмас дедилар, уларнинг даъволарига кў­ра, пайғамбарлар одам наслидан бўлиши мумкин эмас эди, Нуҳ (алайҳиссалом) уларни ота-боболари қилаётган ишдан қайтар­дилар, қавмнинг кофирлари шундай одам эдиларки, ким уларнинг ота-боболарига хилоф иш тутса, уни эшитмас ва уни жиннига чиқаришар ва яқинда унга ўлим етади, деб эътиқод қилишарди.
Агар кимки, жоҳил-нодон, мағрур ва ношукр бўлса, ундай одамнинг фикрича, ислоҳ фасодга, Аллоҳ таолога бўлган ихлос одамлардан устун бўлишга, мақбул нарса номақбул нарсага, ақл камолоти жиннилик ва ноқисликка айланиб кетади.
Нуҳ (алайҳиссалом) ўз қавмлари тарафидан шаънларига ай­тилган сўзларни эшитиб бўлгач, ўз Парвардигорига илтижо қи­либ, ундан бошларига тушган мусибатдан нажот беришини сў­райдилар: «Парвардигорим, улар мени ёлғончи қилганлик­лари сабабли Ўзинг менга ёрдам қилгин», яъни, эй Раббим, улар мени ёлғончи қилганлари, менга душманлик қилганликлари, менинг устимдан кулганликлари ва куфрда қаттиқ туриб олганлик­лари сабабли уларнинг устидан менга нусрат бер ҳамда уларни ҳалок қил.
Cўнг Аллоҳ таоло Нуҳ (алайҳиссалом)га шундай ижобат қилди:
«Бас, Биз унга ваҳий қилдик – Бизнинг кўз ўнгимизда ва Бизнинг ваҳий-таълимимиз билан бир кема ясагин!» яъни, Бизнинг ҳифзу ҳимоямиз ва ғамхўрлигимиз остида.
«Бас, қачон Бизнинг фармонимиз келиб, таннурдан фавворалар отилганда …», яъни, Бизнинг уларга иқоб қилишимиз вақти яқинлашиб, аломат-белгилар зоҳир бўлгач (яъни, таннурдан олов ўрнига сув чиққач) «У кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва аҳли оилангни солгин. Лекин қайси кимсалар устида Бизнинг сўзимиз ўтган бўлса ҳамда у золим кимсалар ҳақида Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчилардир».
Яъни, махлуқотлардан бир жуфтдан ўзингга керакли бўлган­ларини ва оиланг ҳамда қавмингдан имон келтирганларни ке­мага чиқаргин, Агар ким куфр йўлида қолса, уни тарк эт ва бирон кофир тўғрисида Менга илтижо қилмагин. Зеро, уларнинг барчаси ушбу азоб билан ҳалок қилинадилар.
Улар кема устида қарор топишгач, Аллоҳ таоло Нуҳ (алай­ҳиссалом)га нима дейишни таълим беради: «Энди қачон ўзинг ва сен билан бирга бўлган кишилар кема устида жойлашиб олгач, айтгин: «Бизларни золим қавмдан қутқарган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин». Яна айт: «Парвардигорим, мени бир муборак манзилга туширгин. Сен ўзинг энг яхши туширгув­чисан».
Яъни, эй Нуҳ, сен билан бирга имон келтирган кишилар кемага ўрнашганларингиздан сўнг, Аллоҳ таолога кўплаб ҳамдлар айтинг­лар, чунки У сизларни золим қавмдан, улар билан бирга сувга ғарқ бўлишдан сақлаб қолди. Ва сўнгра айтинглар: “Эй Раббимиз, бизни баракотли, яхшилик ва неъматларга тўла бўлган бир маконга туширгин. Зеро, Сен, ўз фазлу караминг ила яхши жойларга туширгувчисан.
«Шуаро» сурасида ҳам ушбу қисса бошқа услубда ҳикоя қи­линади. Унда Нуҳ (алайҳиссалом)нинг ҳикматли кишилардан эканликларини, ўз қавмларига берган қатъий жавоблари, Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига нусрат беришига аниқ ишонишлари ва бошқа жиҳатларни кўришимиз мумкин. Ушбу ояти карималар қуйидагича бошланур:
«Нуҳ қавми пайғамбарларини ёлғончи қилди. Ўшанда уларга биродарлари Нуҳ айтган эди: «Қўрқмайсизларми?! Албатта, мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен сизлардан бу учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофо­тим фақат барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳнинг зиммасидадир. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинг­лар!» Улар дедилар: «Сенга пасткаш кимсалар эргашган бўлса, бизлар сенга имон келтирурмизми?» (Нуҳ) айтди: «Мен уларнинг нима амал қилгувчи эканликларини билмасман. Агар пайқай олмасангизлар, уларнинг ҳисоб-китоби ёлғиз Парвардигоримнинг зиммасидадир. Ва мен мўмин бўлган кишиларни қувмайман ҳам. Мен фақат очиқ огоҳлантирувчи­ман». Улар дедилар: «Қасамки, агар тўхтамасанг, эй Нуҳ, албатта тошбўрон қилингувчилардан бўлурсан!» (Нуҳ) айтди: «Парвардигорим, қавмим мени ёлғончи қилдилар. Энди сен Ўзинг мен билан уларнинг ўртасини очиб қўйгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўмин кишиларга нажот бергин». Бас, Биз унга ва у билан бирга бўлган кишиларга лиқ тўла бўлган кемада нажот бердик. Сўнгра қолганларни ғарқ қилдик. Албатта, бунда оят-ибрат бордир. Кўплари имон келтирувчи бўлмадилар. Шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи ғолиб, меҳрибондир» (Шуаро, 105–122).
Яъни, Нуҳ (алайҳиссалом)нинг қавми илгари Аллоҳ таоло то­монидан юборилган барча пайғамбарларни ёлғончи қилган­лик­лари каби, уни ҳам ёлғончи, дедилар.
Келаси оятда Нуҳ (алайҳиссалом)нинг уларга айтган сўзлари келтирилиб ўтилади: «Қўрқмайсизларми?! Албатта, мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан қўр­қинглар ва менга итоат этинглар! Мен сизлардан бу учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳнинг зиммасидадир. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!»
Яъни, Нуҳ (алайҳиссалом) чин юракдан, содиқлик ила ўз қавм­ларига шундай дейдилар: “Эй қавмим, менинг амримга итоат этинглар, ўз Холиқингизга ихлос билан ибодат қилингиз, Ундан бошқасини тарк этинг ва мен сизлар учун юборилган ишончли пай­ғамбарман. Мен сизлардан даъватим учун ҳақ сўрамайман. ­Уни Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзидан сўрайман. Шундай экан, менинг гап­ларимга қулоқ тутинг, насиҳатларимга эргашинг!”
Нуҳ (алайҳиссалом) қавмларини Аллоҳ таолога даъват қилиш­да энг ҳикматли йўлни танладилар, уларни уч марта Аллоҳга тақ­во қилишга чақирдилар, ўзларини уларга яқин олдилар, ишонч­ли пайғамбарман дедилар ва сизларни Аллоҳ таолонинг тоатига чақирганим учун ҳеч қандай мол-дунё талаб қилмасликларини таъкидлаб ўтдилар. Хўш? Бунга насбатан қавмнинг жавоби қан­дай бўлди? Улар дедилар: «Сенга пасткаш кимсалар эргашган бўлса, бизлар сенга имон келтирурмизми?».
Яъни, улар аҳмоқлик ва ғурур билан: “Одамларнинг энг фа­қири, энг заиф ва пасткаш тоифаси сенга эргашган ҳолда ҳам биз сенга имон келтирамизми?”
Шунда Нуҳ (алайҳиссалом) уларга қарши бир ҳикматли жавоб қайтариб ўтадилар: «Мен уларнинг нима амал қилгувчи эканликларини билмасман. Агар пайқай олмасангизлар, уларнинг ҳисоб-китоби ёлғиз Парвардигоримнинг зиммасидадир. Ва мен мўмин бўлган кишиларни қувмайман ҳам. Мен фақат очиқ огоҳлантирувчиман».
Яъни, Нуҳ (алайҳиссалом) уларнинг сўзларини инкор этиш, уларга раддия бериш маъносида шундай дедилар: менга эргашган кимсаларнинг нима амал қилаётганларидан бехабарман, унинг ҳақиқатини ёлғиз Аллоҳ таоло билади, аммо менинг вазифам амалларнинг зоҳирини тўғрилаб туриш ва ундан сўнг ҳисоб қилиш Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола. Айни пайтда менинг орқамдан эр­гашиб, имон келтирган кимсаларни, бой ёки кам­бағал бўладиларми, ўз ҳузуримдан ҳайдаб юбормайман.
Шу ерда кўриш мумкинки, Нуҳ (алайҳиссалом) уларга қарата қатъий ва шижоат ҳамда жасурлик билан, уларнинг тилини тўх­татиб, оғзини ёпиб қўядиган жавоб қилдилар.
Шу сабабли, ноилож қолган кофир қавм таҳдид ва қўрқитиш йўлига ўтдилар: «Қасамки, агар тўхтамасанг, эй Нуҳ, албатта, тошбўрон қилингувчилардан бўлурсан!», яъни, агар даъват қилишдан тўхтамасанг, ўлгунингча сени тошбўрон қиламиз.
Шундан сўнг Нуҳ (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога илтижо қи­либ, ёрдам беришини сўрадилар: «Парвардигорим, қавмим мени ёлғончи қилдилар. Энди сен Ўзинг мен билан уларнинг ўртасини очиб қўйгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўмин кишиларга нажот бергин». Бас, Биз унга ва у билан бирга бўлган кишиларга лиқ тўла бўлган кемада нажот бердик. Сўнгра қолганларни ғарқ қилдик. Албатта, бунда оят-ибрат бордир. Кўплари имон келтирувчи бўлмадилар. Шуб­ҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи ғолиб, меҳрибондир».
Яъни, “Эй Раббим, қавмим менинг даъватимни ёлғон, дедилар, бас, мени ва уларнинг ўртасида адолат билан ҳукм қил, мени ва менга эргашган мўминларни азобинг ва иқобингдан сақла!”
Аллоҳ таоло Нуҳ (алайҳиссалом)нинг дуоларини ижобат қил­ди: Бас, Биз Нуҳ ва у билан бирга имон келтирган кишиларни одамлар, ҳайвонлар билан лиқ тўла бўлган кемада қутқардик, сўнгра имонга келмай ўз куфрида қолган кимсаларни ғарқ қилиб юбордик.
Ушбу Биз сизга Нуҳ (алайҳиссалом) қиссасида зикр қилиб ўт­ган нарсаларда, эй Муҳаммад, ибрат ва ваъз-насиҳатлар бордир. Лекин қавмининг кўпчилиги имон келтирмадилар, аксинча улар залолат ва куфр йўлини тутдилар ва дарҳақиқат, Раббингиз барчадан ғолиб ва мўмин бандаларига нисбатан меҳрибондир.
«Шуаро» сурасида Нуҳ (алайҳиссалом) қиссалари орқали та­факкур қилувчилар учун оят-ибратлар бор. Қуръони каримда «Нуҳ» деб аталувчи тўлиқ бир сура мавжуд. Унда Нуҳ (алай­ҳиссалом) Аллоҳ таолога тазарру қилиб ўтадилар, қавмларини ҳақиқат йўлига чақи­ришда баъзан тарғиб-руҳлантириш баъзан тарҳиб-қўрқитиш йўлини тутадилар ва Аллоҳ таолонинг берган неъматлари ҳамда яратиб қўйган махлуқотлари ҳақида тааммул, тафаккур қилишга ундайдилар.
Бизга ҳикоя қилинишича, Нуҳ (алайҳиссалом) ўз қавмлари орасида 950 йил турсалар ҳам улар билан жуда озчилик кишилар имон келтирадилар. Шунда у киши дуо қилиб, кофир қавмни таг-томири билан йўқ қилишни Аллоҳ таолодан сўрай­дилар. Аллоҳ Нуҳ (алайҳиссалом)нинг дуоларини ижобат қилиб, Ўзининг барча душманларини сувга ғарқ қилади.
Сура Аллоҳ таолонинг қуйидаги калималари билан бошла­нади:
«Дарҳақиқат, Биз Нуҳни: «Қавмингни уларга аламли азоб келиб қолишидан илгари огоҳлантиргин», деб ўз қав­мига пайғамбар қилиб юбордик. У деди: «Эй қавмим, албатта мен сизларга очиқ огоҳлантирувчиман. Аллоҳга ибодат қилинглар ва У Зотдан қўрқинглар ҳамда менга итоат этинглар. (Шунда Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағ­фират қилур ва сизларни белгиланган муддатгача (яъни, ажалларингиз битгунича тирик) қолдирур. Албатта, билгувчи бўлсангизлар, Аллоҳнинг муддати келган вақтда асло ортга сурилмас».
Сўнгра Нуҳ (алайҳиссалом) Аллоҳга илтижо қилиб, ўз қавм­ларига насиҳат, ҳикматли ваъз-иршодларни тарғиб ва тарҳиб йўли билан қилганликларини айтиб ўтадилар: «Парвардигорим, албатта, мен қавмимни кечаю кундуз даъват этдим. Менинг даъватим уларга фақат қочишни зиёда қилди, холос. Дарвоқе, ҳар қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга даъват қилсам, улар бармоқларини қулоқларига тиқиб, кийимларини ўраб-чирмаб олдилар ва оёқ тираб турдилар ҳамда кибр-ҳаво қилдилар».
Яъни, Нуҳ (алайҳиссалом) Аллоҳга тазарру қилиб дедилар: «Эй Раббим, Ўзингга аёнки, мен қавмимни Сенга ибодат қилишга даъват этишда бирон нарсани ноқис қилмадим, гоҳида кечалари гоҳида кундузи тинимсиз уларни ибодатга чақирдим. Лекин ушбу даъватим фақатгина уларнинг мендан қочишларини зиёда қилди.
Мен уларни Сенинг мағфиратингга ноил бўлиш учун даъват қилсам, улар менинг сўзларимни эшитмаслик учун бармоқ­ларини қулоқларига тиқдилар ва мени кўрмаслик учун кийим­лари билан бош-кўзларини ёпиб олдилар». Аммо улар куфр ва ғурурларида қаттиқ туриб олдилар. Шундан сўнг ҳам Нуҳ (алай­ҳиссалом) турли усуллар билан ҳидоятга чақиришда давом этдилар. Келаси оятда шу ҳақида ҳикоя қилинади: «Сўнгра мен уларни ошкора даъват этдим. Сўнгра мен уларга очиқ эълон ҳам қилдим, пинҳона сир қилиб ҳам айтдим».
Яъни, баъзида одамлар тўпланган жойларда, баъзида эса ҳар бир одамга яккама-якка даъват қилдим.
«Мен дедимки: «Парвардигорингиздан мағфират сўранг­лар, албатта, у ўта мағфиратли бўлган Зотдир. У зот устиларингизга осмондан ёмғир ёғдирур».
Яъни, Аллоҳга истиғфор айтинглар, шунда у устиларингизга сизлар учун лозим бўлган баракотли ва унумли ёмғирлар ёғди­рар. Шунингдек, «Сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар қилур ва сизларга оқар дарёлар қилур».
Яъни, Аллоҳ сизларга кўплаб ўғил-қиз фарзандлар беради. Сизлар учун кўм-кўк боғу роғлар барпо қилади ва бу дарахтлар остидан оқиб тургувчи анҳорларни ато этади. Нуҳ (алайҳисса­лом) Аллоҳ таолога ибодат ва бошқа яхшиликларга тарғиб қил­ганларидан ке­йин, куфр ва ношукрликда давомий кетишнинг ёмон оқибатларини эслатиб, тарҳиб-қўрқитиш йўли билан даъват қила бошлайдилар.
«Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни ўйламайсизлар? Ҳол­буки, у зот сизларни босқичма-босқич яратди-ку!»
Яъни, эй қавм, сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг азамати ва буюклигидан қўрқмайсизлар, ваҳоланки, У сизларни бир неча босқич (нутфа-алоқа-музға… …)да яратиб қўйди-ку?
Шундан сўнг, Нуҳ (алайҳиссалом) уларнинг диққатини Аллоҳ таоло ўз қудрати ила яратиб қўйган нарсаларга қаратадилар: «Аллоҳ етти осмонни қандай устма-уст қилиб яратганини ва ойни улардаги нур-ёруғлик қилиб қуёшни эса чироқ қилиб қўйганини кўрмадингларми?!»
Яъни, сиз билдингиз ва ўз кўзингиз билан гувоҳи бўлдингиз­ки, Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи етти осмонни қатма-қат яратди, Ўз қудрати билан ойни, ер ва ундаги нарсаларга нур таратиб тур­гувчи ва Қуёшни зиё сочиб тургувчи бир чироқ қилди.
Сўнгра Нуҳ (алайҳиссалом) қавмларини ўзлари тўғрисида тааммул ва тафаккур қилишга чақирадилар: «Аллоҳ сизларни ердан ундириб-ўстирди. Сўнгра у зот сизларни яна қайтарур ва Унинг Ўзи сизларни чиқариб олур!»
Яъни, Аллоҳ таоло қудрати билан оталарингиз Одам (алай­ҳиссалом)ни тупроқдан яратди ва ундан сизларни бутун ер юзига тарқатди. Сўнгра сиз ушбу ерга, вафот этганларингиздан сўнг сизларга Қиёматга қадар макон – қабр бўлиши учун қайтариласизлар ва Қиёмат куни ҳисоб-китоб қилиб, жазо ёки мукофот бериш учун ундан яна сизларни чиқаради. Нуҳ (алай­ҳиcсалом) ўз насиҳат ва иршодларини инсонлар яшаётган ер неъматини эслатиш билан якунлайдилар: «Аллоҳ ерни сизлар учун – сизлар ундаги кенг йўлларда юришларингиз учун ёйиқ – текис қилиб қўйди».
Нуҳ (алайҳиcсалом) ўз қавмларини кечаю кундуз, махфий ва ошкора ҳолатда даъват қилдилар. Аллоҳ таолога итоат этиш мол-дунё, бола-чақанинг кўпайишига ва боғ ҳамда анҳорларнинг ато этилишига сабаб бўлишини баён қилдилар, Аллоҳ таолодан қўрқмасликнинг оқибати ёмон эканлигини эслатиб ўтдилар ва ҳоказо.
Шунингдек, Нуҳ (алайҳиссалом) ушбу насиҳатлари қавмлари­нинг қулоқларига етиб бориб, ақл ва қалб пардаларини очишини хоҳлаган эдилар. Бунинг учун бир қанча услубларни қўлладилар.
Лекин қавм ношукрлик, жаҳолат ва туғён йўлида давом этди. Шунинг учун Нуҳ (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога илтижо қилиб, уларнинг орасида ҳукм қилишни сўрайдилар: «Нуҳ айтди: «Парвардигорим, дарҳақиқат, улар менга итоатсизлик этдилар ҳамда мол-дунёси ва бола-чақаси ўзига фақат зиённи зиёда қилган кимсаларга эргашиб кетдилар». Жуда катта макр-ҳийлалар қилдилар. Ва: «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманг! «Вад»ни ҳам, «Сувоъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яъуқ»ни ва «Насро»ни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!», дедилар. «Дарҳақиқат, улар кўпни йўлдан оздирдилар. Бу золим кимсаларга фақат гумроҳликни зиёда қилгин» (деди Нуҳ)».
Яъни, эй Раббим, қавмим менга исён қилди, суҳбатимни инкор этишди ва мол-давлат ва кўплаб фарзандларга эга бўлган кимсаларга эргашдилар, улар неъматга ношукрлик қилдилар. Лекин улар бу билан кифояланмай менга ва мўминларга жуда кўп макрлар қилдилар, одоб доирасидан чиқиб, қабиҳ ишларни қилишгача бордилар.
Кофир ва осий қавмнинг макрлари шундан иборат эдики, улар ўзларининг паст табақадаги кишиларига шундай дедилар: «Ота­ларингиз сиғиниб келган илоҳларга ибодат қилишни тарк этишдан эҳтиёт бўлинглар. Ушбу хос сифатларга эга бўлган бешта бут-санамларни ҳеч ҳам тарк этманг: Вад, Сувоъ, Яғус, Яъуқ ва Нас­ро». Улар бу макрлари билан чекланмадилар, балки Аллоҳга ибодат қилиб, итоат этганларга душманлик қилдилар, уларга куфр йўлини яхши кўрсатишга ҳаракат қилдилар.
Нуҳ (алайҳиссалом) айтдилар: “Эй Раббим, ушбу кофир ва фожир қавмлар учун залолат устига залолат, куфр устига куфрларини янада зиёда қилгин, зеро Сенинг қудратинг чексиз ва Сен барча кофирлардан ғолиб бўлган Зотдирсан”.
Аллоҳ таоло ўз элчиси бўлмиш Нуҳ (алайҳиссалом)нинг дуоларини ижобат килди: «Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар. Бас, ўзлари учун Аллоҳдан ўзга ёрдам бергувчиларни топмадилар».
Яъни, ушбу манфур қилмишлари ва маъсиятга ботганлик­лари сабабли Аллоҳ таоло Нуҳ (алайҳиссалом) қавмининг ко­фир­ла­рини сувга ғарқ қилди. Сўнг уларни жаҳаннамга кирит­ди, улар ўз қабрларида ҳисоб кунигача азобланадилар. Уларни Аллоҳ таолонинг азобидан ҳеч ким қутқара олмайди, ҳатто улар дунё­далик пайтларида сиғиниб юрган бут-санамлари ҳам!
Кейин Нуҳ (алайҳиссалом) муножот қилиб, ўз Раббисидан қуйидаги нарсаларни сўрайдилар: «Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки Сен агар уларни қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб кўпайтирурлар».
Яъни, эй Раббим, ер юзида бу кофирлардан бирон кимсани соғ қолдирма, агар сен уларни тарк этсанг, улар мўмин бандала­рингни тўғри йўлдан адаштирадилар, айни пайтда фақат ўзла­рига ўхшаган фожирларнинг туғилишига сабаб бўлиб, ер юзида яна ёмон ишларни қилгувчи қавмлар уларнинг наслидан пайдо бўладилар.
Нуҳ (алайҳиссалом) қавмлари орасида 950 йил яшаб, уларни ҳақиқат динига чақирганлари ва улар ҳидоятдан кўра залолатни афзал билганларидан кейингина ушбу дуони қилдилар.
Нуҳ (алайҳиссалом) дуолари ва сураи карима ушбу чин дил­дан қилинган дуо билан якунланади: «Парвардигорим, Ўзинг мени, ота-онамни, менинг уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират қилгин, золим кимсаларга эса фақат ҳалокатни зиёда қилгин!»
Яъни, эй Раббим, менинг, ота-онамнинг, мўмин сифати билан менинг уйимга кирганларни ҳамда Қиёмат кунигача яшаб ўтадиган мўмин ва мўминаларнинг гуноҳларини кечиргин. Золим қавмларга эса ҳалокат, ютқазим ва тор-мор бўлишни зиёда қилгин!
Шундай қилиб, ушбу сура мўминларга раҳмат ва мағфират, кофирларга эса ҳалокат бўлишини сўраш билан ўз ниҳоясига етади.

Нуҳ (алайҳиссалом) қиссасидан олинадиган
ибрат ва фойдалар

Юқорида айтиб ўтдикки, Нуҳ (алайҳиссалом)нинг қавмлари билан бўлган қиссаси кўпгина сураларда турли, ўзига хос услубда ҳикоя қилинади, буларнинг барчаси юксак даражадаги, таъсири кучли бўлган қиссалар сирасига киради.
Бу ерда ушбу қиссадан олинадиган ўгит ва панд-насиҳатларни зикр қилиб ўтишни ирода қилдик:
1. Ушбу қиссадан оладиган энг катта фойдаларимиздан би­ри – сабрдир. Аллоҳ таоло буюрган амалларни бажаришда сабр қилиш, душман билан юзма-юз келганда сабр қилиш ва ҳоказо.
Кўриш мумкинки, Нуҳ (алайҳиссалом) ўз қавмлари орасида қарийб 1000 йил яшадилар, уларни Аллоҳнинг ваҳдониятига, Унга ихлос билан ибодат қилишдан қайтардилар. Аллоҳ таоло айтади:
 «Аниқки, Биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди, бас, уларни золим-кофир бўлган ҳолларида тўфон тутди. Сўнг Биз (Нуҳ)га ва кема(даги) ҳамроҳларига нажот бердик ва у (тўфон балоси)ни барча оламларга оят-ибрат килиб қўйдик».
Баъзи уламолар айтишади: Аллоҳ таоло Нуҳ (алайҳиссалом)­ни қирқ ёшида пайғамбар қилиб юборди. У қавми орасида 950 йил туриб, уларни Аллоҳ таолони ёлғиз, деб тан олишга чақирди. Тўфондан сўнг олтмиш йил яшади. Аллоҳ таолонинг ўз китобида ушбу узун муддатни зикр қилишдан мақсад, Расулуллоҳ (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам)га тасалли бериб, У зотнинг қалбларига ишонч бағишлаш.
Гўё Аллоҳ таоло Ўзининг набиййи Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шундай деяётгандек: Биродарингиз Нуҳ уш­бу узоқ муддат ичида ўз қавми орасида яшади, лекин у билан бирга оз кишиларгина имон келтирдилар.
Айтиладики: ушбу узоқ муддат ичида имон келтирганларнинг сони 20 тага яқин бўлиб, улар орасида эркаклар ҳам, аёллар ҳам бор эди…
Сиз, Эй Расулуллоҳ, сабр қилишда ва ўз қавмингиз билан баҳслашишда биродарингиз Нуҳга эргашинг, Зеро, ҳар бир ҳолат ва маконда сабр қилиш лозимдир.
Аллоҳ таолога дуо қилгувчиларнинг энг яхшиси ушбу инсон (Нуҳ)дир. У ҳаққа даъват қилишда чиройли сабр қилди, кофир қавмларнинг гуноҳ ва юз ўгиришларидан хафа бўлиб, умидсизланмади. Зеро, саҳиҳ ҳадислардан бирида айтилганидек, «Сабр – зиёдир».
2. Ушбу қиссадан ўзимиз учун оладиган энг аҳамиятли иб­ратлардан яна бири шуки, ақлли инсон ўзига билдирилган ҳар қандай шубҳа, туҳмат ва ёлғонларни кенг қалб, салим ақл билан қабул қилиб, тинглаб, сўнгра уни ботил эканлигини исботлашга ўтади. Қавми Нуҳ (алайҳиссалом)га энг ёмон ва куракда турмайдиган сўзлар билан, у кишига туҳмат қилди ва ёмон сифатлар билан номлади, лекин Нуҳ (алайҳиссалом) шунга қарамай буни сабр ва сабот билан қабул қилдилар. «Аъроф» сураси 60-оятда айтилганидек, «Биз сени очиқ залолатда эканлигингни кўрмоқдамиз», дейишди улар.
Нуҳ (алайҳиссалом) ўзларига қилинган туҳматларни кетказиш учун уларга қатъий жавоб бериб ўтдилар, ва ўзларини тўрт сифат билан сифатладилар: «Эй қавмим, мен мутлақо залолатда эмасман».
Яъни, менда адашишдан асар ҳам йўқ, лекин мен Аллоҳ тарафидан юборилган элчиман, сизларга Раббимнинг вазифа, амрларини етказаман, насиҳат-иршод қиламан ва мен Аллоҳ тарафидан сизлар билмаган нарсаларни биламан.
Ҳуд сурасининг 27-оятида Нуҳ (алайҳиссалом) қавмининг кофир кимсалари у кишига айтган гаплари келтириб ўтилади: «Биз сени худди ўзимизга ўхшаган одам, деб биламиз ва сенга фақат ичимиздаги пасткаш кимсалар ўйламасдан эргашганини кўрмоқдамиз. Бизнингча, сизларнинг биздан бирон ортиқчалик жойингиз йўқ, балки биз сизларни ёлғончи, деб ўйламоқдамиз».
Ўша кофир қавм Нуҳ (алайҳиссалом)га имон келтирмаганларини учта «далил» билан исботлашга ҳаракат қилишди. Биринчиси: Нуҳ (алайҳиссалом) худди улар каби бир инсон эканликлари, уларнинг даъвосича, пайғамбар инсон зотидан бўлмас эди. Иккинчиси: Нуҳ (алайҳиссалом)га эргашган кишиларнинг камбағал тоифасидаги одамлар эканлиги. Учинчиси: Нуҳ (алайҳиссалом)­да ҳам, у кишига эргашган кишиларда ҳам бошқалардан ажралиб турадиган бирон хусусият йўқлиги, шунинг учун кофир кимсалар уларни ёлғончи, деб ўйлашди.
Шундан сўнг Нуҳ (алайҳиссалом) уларнинг тилини лол, даъволарини ботил қиладиган жавобларни келтириб ўтдилар:
«Эй қавмим, хабар берингизки, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У зот менга ўз даргоҳидан раҳмат – пайғамбарликни это этган бўлса-ю, аммо бу сизларга махфий бўлса, биз сизларни ўзингиз истамаган ҳолда (имон келтиришга) мажбур қиламизми? Эй қавмим, мен сизлардан бу учун мол-дунё сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир. Ва мен имон келтирган кишиларни (ҳузуримдан) қувмайман ҳам. Чунки улар Парвардигорларига рўбарў бўлгувчилардир. Эй қавмим, агар мен уларни ҳайдасам, ким менга Аллоҳ(нинг азоби)дан нажот берур? Ўйлаб кўрмайсизларми?! Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», демайман, Ғайбни ҳам билмайман. «Мен фариштаман», ҳам демайман. Шунингдек, сизлар ўзингизча ҳақорат қилаётган кишилар ҳақида: «Аллоҳ уларга ҳеч қандай яхшилик бермайди», деб айтмайман. Уларнинг дилларидаги нарсани Аллоҳ жуда яхши билур. Акс ҳолда, мен албатта, золимлардан бўлиб қо­лурман» (Ҳуд, 28–31).
3. Ақлли инсон, бошқаларга насиҳат ва иршод қилишда турли йўлларни қўллайди, гоҳида тарғиб-тарҳиб билан, гоҳида коинотнинг ажойиботлари ҳақида фикр қилишга чақириш орқали, баъзан эса Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқотлари­га бериб қўйган неъматларини эслатиш билан олиб боради. Нуҳ (алайҳиссалом)га эътибор бер. У киши кечаю кундуз, махфий ва ошкора ҳолатда ўз қавмларини Аллоҳ таолога ихлос билан ибо­дат қилишга даъват этадилар.
У киши даъват қилишда биргина услубни танламадилар, балки «Нуҳ» сурасида кўриб ўтганимиздек, уларни аввало ўз Раббиларига истиғфор этишга, тоат қилишга, Ундан қўрқишга чақириб, санамларга ибодат қилишдан қайтариб, унинг ёмон оқибатларидан огоҳлантирадилар. Буларнинг барчаси уларнинг ерларига ёмғир ёғиб, атроф-муҳитни ям-яшил майса ва дарахтзорларга бурканишига, шунингдек, Аллоҳ таоло уларни дунё ҳаётининг икки зийнати – бойлик ва фарзандлар ато қилишига ва мевалар билан тўла боғу бўстонлар қилиб беришига сабаб бўлишини айтиб ўтдилар.
Нуҳ (алайҳиссалом) уларни тарғиб йўли билан даъват қи­лишлари фойда бермагач, энди тарҳиб, қўрқитиш ва тергаш усулига ўтдилар, ушбу даъватларни қабул қилмаслик, уларни енгил санаш яхши эмаслигини тушунтирдилар.
Ушбу тарғиб ва тарҳиблардан сўнг Аллоҳ таоло яратиб, хил­қатини гўзал қилиб қўйган нарсаларни эслатишга ўтдилар. Сўнг­ра уларнинг диққатини осмонлар, ер, қуёш, ойнинг ярати­лиши­га қаратдилар, шунингдек, инсонларнинг ер жинсидан пайдо қили­ниб, яна у ерга қайтарилишини ва ҳисоб қилинишини зикр қилдилар.
Аллоҳ таолога даъват қилишнинг турли кўринишларини келаси ояти карималарда кўришимиз мумкин: «Мен дедим: «Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта, У ўта мағфиратли бўлган Зотдир. (Шунда) У Зот устиларингизга осмондан ёмғир ёғдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар қилур. Нега сизлар Аллоҳни улуғлаш­ни ўйламайсизлар?! Ҳолбуки, У Зот сизларни босқичма-бос­қич яратди-ку! Аллоҳ етти осмонни қандай устма-уст қилиб яратганини ва ойни улардаги нур-ёруғлик қилиб, қуёшни эса чироқ қилиб қўйганини кўрмайсизларми. Аллоҳ сизларнинг (отангиз Одамни) ердан ундириб-ўстирди. Сўнгра У Зот сизларни яна (ерга) қайтарур ва (Қиёмат қоим бўлганида) Унинг Ўзи сизларни чиқариб олур! Аллоҳ ерни сизлар учун – сизлар ундаги кенг йўлларда юришингиз учун ёйиқ – текис қилиб қўйди» (Нуҳ, 10–20).
4. Нуҳ (алайҳиссалом)нинг қиссаларидан олинадиган энг катта ибрат, у кишининг одамлар қўлидаги бойлик, мол-дунёдан бе­ҳожат эканликлари, дунёнинг ўткинчи матоҳларини паст санашлари, Аллоҳ таоло даргоҳидаги нарсани ундан устун қўйиш­лари, кофир кимсаларга қарата «Мен сизларни Ҳақ динга даъват қилганим учун сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамайман» деб таъкидлаганлари. Нуҳ (алайҳиссалом) ушбу ҳақиқатни эслатишдан ҳеч чарчамайдилар. Лекин улар Нуҳ (алайҳиссалом)­нинг бу даъватларини фақатгина бойлик, ҳурмат-эътибор ёки раҳбарликка эришиш учун қилмоқда, деб ўйладилар. Келаси оятда уларга қарши кучли раддиялар берилади: «Бас, агар юз ўгирар экансизлар, мен сизлардан бирон ажр-ҳақ сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақат Аллоҳга ҳавола. Ва мен Унга бўйсунувчи – мусулмонлардан бўлишга амр этилганман» (Юнус, 72).
Яъни, эй инсонлар, менинг амримдан ва ҳақиқий ҳолатдан хабардор бўлганингиздан кейин ҳам, менинг гапларимдан ва эслатмаларимдан юз ўгирсангиз, бу ўзингизнинг ишингиз, мен сизларни яхшиликка ва ҳақиқат йўлига чақирганим учун сизлардан ҳақ талаб қилмайман, фақат Аллоҳнинг (субҳонаҳу ва таоло) Ўзидангина сўрайман. У менинг гапирган гапим ва қилган амалларим учун савоб беради ва мен Унинг амрига бўйсунувчилар­дан, ҳидоятига эргашувчилардан ҳамда қазо ва қадарга таслим бўлгувчилардан бўлишга амр этилдим.
Ҳуд сурасида ҳам ушбу маъно таъкидлаб ўтилади: «Эй қав­мим, мен сизлардан бу учун мол-дунё сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир. Ва мен имон келтирган кишиларни (ҳузуримдан) қувмайман ҳам. Чунки улар Парвардигорларига рўбарў бўлгувчилардир. Лекин мен сизларни нодон қавм эканлигингизни кўрмоқдаман» (Ҳуд, 29).
Яъни, Аллоҳ менга амр қилган нарсаларни сизларга етказганим учун бирон нарса сўрамайман. Зеро, менинг ажрим ва риз­қим Аллоҳ таолонинг зиммасидадир.
Шуаро сурасида ушбу маънони учинчи бор такрорлаб, таъкид­лаб ўтадилар: «Мен сизлардан бу учун ажр-мукофот сўрамай­ман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳнинг зиммасидадир» (Шуаро, 109).
Хулоса шуки, одамлар қўлидаги нарсалардан беҳожат бўлиш, ажр ва ризқ-рўзни фақат Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзидан сўраш Аллоҳ йўлида инсонларни яхшиликка даъват қилиш учун бир ибратдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase