ИДРИС (АЛАЙҲИССАЛОМ) ҚИССАСИ
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Тарихчи олимларнинг китобларида Идрис (алайҳиссалом)нинг насаблари қуйидагича келтирилган: Идрис ибн Йорид ибн Маҳлойил ибн Қайнон ибн Ануш ибн Шис ибн Одам (алайҳиссалом).
Айтиладики: Унинг исми «Таврот» ва «Инжил»да «Хунух» тарзида келган. Арабчасига «Ахнух» шаклида бўлади. Қуръони каримда Идрис (алайҳиссалом) тўғрисида қисқа тарзда маълумот бериб ўтилади. Аллоҳ таоло айтади: «Яна ушбу китобда Идрис (қиссаси)ни зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй Пайғамбар эди. Ва биз уни юксак мартабага кўтардик» (Марям, 56–57).
Яъни, Эй Муҳаммад, Биз сизга нозил қилган бу Китобда Идрис (алайҳиссалом)нинг хабарини эсланг, зеро у содиқ ва Биз уни пайғамбарлик билан шарафлаган кимсалардан эди.
«Ва Биз уни юксак мартабага кўтардик» ояти у кишининг Аллоҳ таоло даргоҳида улуғ мақомга эга эканликларидан дарак беради.
Баъзи уламолар: «Ушбу оятдан мурод, олий макон бўлмиш жаннатдир, у киши ўша ерда маскан топганлар, зеро, бундан ҳам олийроқдир», деб айтишган.
Алусий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Идрис Нуҳ (алайҳиссалом)дан олдинги пайғамбар эди, ораларида 100 йил ўтган».
У киши илк бор юлдузларни кузатиб, ҳисоб-китоб қилган инсон ва Одам (алайҳиссалом)дан сўнгги энг биринчи расул (элчи)лардан эдилар.
Идрис (алайҳиссалом) Исро ва Меърож кечалари Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учратган пайғамбарлар орасида бор эдилар. «Саҳиҳайн»да Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинади: «Мен Идрис (алайҳиссалом)ни олдига келиб, унга салом бердим. У эса: «Хуш келибсиз, биродар ва пайғамбар», деб жавоб берди».
Аллоҳ таолонинг Китоби ёки суннати набавийяда Идрис (алайҳиссалом) юборилган қавм ҳақида бирон хабар айтилмаган. Лекин тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, Идрис (алайҳиссалом) Ироқдаги Бобил шаҳрида туғилганлар. Аллоҳ таоло у кишини Бобил аҳлига юборган, сўнгра Мисрга ҳижрат қилганлар ва аҳлини Аллоҳ таоло учун холис ибодат қилишга чақирганлар. У кишига эргашган эргашди, юз ўгирган юз ўгирди, лекин Идрис (алайҳиссалом) токи Аллоҳ таоло билан учрашгунча одамларни ибодатга чақиришда давом этдилар.