close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Садум ва Гоморра

Қуръонда исмлари зикр қилинган пайғамбарлардан ҳазрати Лут ва Иброҳим (алайҳимуссалом) бир даврда яшаганлар. Ҳазрати Лут (алайҳиссалом) юборилган қавм ҳазрати Иброҳим (алайҳиссалом) пайғамбарлик қилган қавмга қўшни мамлакатда яшар эди.

Қуръонда исмлари зикр қилинган пайғамбарлардан ҳазрати Лут ва Иброҳим (алайҳимуссалом) бир даврда яшаганлар. Ҳазрати Лут (алайҳиссалом) юборилган қавм ҳазрати Иброҳим (алайҳиссалом) пайғамбарлик қилган қавмга қўшни мамлакатда яшар эди. Қуръони Каримда бу қавмнинг ҳали кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ифлос бир ишга - бесоқолбозликка ружу қўйганлиги хабар қилинган. Қавмини бу қадар тубан фаҳш ишлардан қайтишга даъват қилган ҳазрати Лут (алайҳиссалом) уларга Аллоҳ Таолонинг омонатини бекаму-кўст етказдилар, аммо фосиқ қавмга бу илоҳий неъмат насиб қилмади. Улар Аллоҳнинг пайғамбарини мазах қилдилар, келтирган пайғомига куфр келтирдилар, ўз билганларидан қолмадилар... Осий қавм шу дунёнинг ўзида Парвардигорнинг ҳақли азобига, даҳшатли жазосига учради.

(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Лут (пайғамбар) ўз қавмига: «Шудай бузуқлик қиласизларми? Ахир сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди-ку?! (Наҳотки) сизлар хотинларингизни қўйиб, шаҳват билан (нафсингизни қондириш учун) эркакларга борсангиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсиз», деган эди.
Қавмнинг жавоби эса фақат мана бундай дейишлари бўлди: «Уларни (яъни Лут ва тобеларини) қишлоғингиздан чиқариб юборингиз. Чунки улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан».
Бас, биз унга ва аҳлига (яъни Лут ва унга тобе бўлган зотларга) нажот бердик. Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки у Аллоҳнинг азобида) қолиб ҳалок бўлгувчилардан эди.
Биз уларнинг устига даҳшатли ёмғир – тош ёғдирдик. Ана энди жиноятчи – осий қавмнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг. Аъроф сураси, 80-84-оятлар

Ояти карималарда ҳазрати Лут (алайҳиссалом) қавми яшаган ва ўн саккиз минг оламни яратган Парвардигорнинг қаҳру-ғазабига учраган шаҳар яқинда археологлар томонидан қазилмалар пайтида топилди. Бу Тавротда Содом деб зикр қилинган шаҳар эди. Археологик қазилмалар натижасида шаҳарнинг Тузли кўлнинг ёки Ўлик денгизнинг яқинида, ҳозирги  Урдун ва Исроил давлатларининг чегараси бўйлаб жойлашганлиги маълум бўлди. Бу ерларда қазилмалар олиб борган археологлар вулқон моддасидан иборат қалин олтингугурт қатламларига ҳамда бу шаҳарда юз берган даҳшатли табиий офатнинг яхши сақланиб қолган аниқ изларига дуч келдилар. Бу жуда муҳим илмий далил эди, чунки олтингугурт вулқон портлашининг маҳсули бўлиб, Қуръони Каримда ҳазрати Лут (алайҳиссалом) қавми кучли ер силкинишидан ва вулқон портлашидан ҳалокатга учраганлиги айтилган.
Немис археологи Вернер Келлер Содомда юз берган табиий офатни шундай тасвирлайди:
Бу ерларда кунлардан бир кун юз берган кучли ер чўкиши натижасида мудҳиш зилзила содир бўлган. Бу мисли кўрилмаган офат пайтида осмонда чақмоқлар чақиб, момоқалдироқ гумбурлаб турган, табиий газлар портлаган, кучли ёнғин ҳаммаёқни куйдириб юборган, Содом водийсини Лут қавми яшаган шаҳарлар билан бирга ер ютиб юборган.
Зилзила пайтида Ер пўстлоғининг кескин чўкиши ер остидаги вулқонларни уйғотиб юборган. Урдун дарёсининг юқорисидаги водийда бугунги кунда ҳам сўнган кратерларни кўриш мумкин; бу ерда оҳак пластлар устида каттакон қотиб қолган лавалар ва базальт пластлари қатлами бор.
Қазилмалар пайтида топилган лава ва базальт қатламлари бир пайтлар бу ерда вулқон портлаганлигига ва кучли зилзила юз берганлигига асосий далилдир. Ўлик денгизининг энг яқин қирғоғида жойлашган Содом шаҳри ғоятда беқарор геотектоник тузилмага эга бўлиб, икки тектоник платформанинг нақ чегараси устида жойлашган эди...

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase