Инқилобгача бўлган рус адабиётларда Ўрта Осиёда (инқилобдан олдинги Туркистон ўлкаси) сартлар каби халқнинг мавжудлиги ҳақида тез-тез маълумот топишингиз мумкин. Бироқ, ҳозирги кунда бу минтақа давлатларининг ҳеч бирида (Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон) «сартлар» ҳақида ҳеч нарса эшитмайсиз. Улар ким эди? Қаёққа йўқ бўлишди? Россиянинг узоқ ҳудудлари аҳолиси сартлар ҳақида Тошкент шаҳри ва машҳур Фарғона водийсини ўз ичига олган Қўқон хонлиги Россия империясига қўшиб олинганидан кейин билиб олдилар. Аввалига уларни тожиклар деб ҳисоблашган. Аммо вақт ўтиши билан маҳаллий аҳоли тожиклар ва сартларни фарқлаши аниқ бўлиб қолди. Батафсил тадқиқот тожиклар билан ташқи кўриниши, иқтисоди ва маданияти жиҳатдан кучли ўхшашлигига қарамай, сартлар туркий тил – «сарт тили»да сўзлашганлиги маълум бўлди. Уларнинг тили чиғатой тилига ва кўчманчи ўзбеклар тилига жуда ўхшаш эди. Шунинг учун улар алоҳида халқ деб ҳисобланган.
Сартларни ўрганишда Қозон диний академияси битирувчиси, кейинчалик таниқли рус шарқшуноси, этнограф ва тарихчиси Николай Петрович Остроумов (1846-1930) катта роль ўйнаган. 1877 йилда Тошкентга Туркистон ўлкаси давлат мактаблари тафтишчиси лавозимига тайинланган, 1879 йилдан Туркистон ўқитувчилар семинарияси директори, 1883 йилдан эса Тошкент эркаклар гимназияси директори лавозимларида ишлаган.
Сартларни ўрганар экан, Остроумов «сартлар» Ўрта Осиёнинг ўтроқ аҳолисига нисбатан уларни кўчманчилардан ажратиш учун қўлланилган қадимий номдир, деган фикрга келди. Этнографик жиҳатдан сартлар тожикларга жуда ўхшаш бўлган, лекин улар тожиклардан фарқли ўлароқ, форс тилида емас, балки туркий тилда сўзлашган. Ташқи кўриниши жиҳатидан улар тожиклар ва кўчманчи турклар ўртасида ўтиш типига эга бўлган.
Остроумов сартларни эронликлардан ҳам, туркийлардан ҳам фарқ қиладиган, келиб чиқиши аралаш халқ сифатида тақдим этишга ҳар томонлама ҳаракат қилган. Эҳтимол, унинг бу интилишлари нафақат этнографик, балки сиёсий ҳам эди. Бу борада у ўз устози - Қозон диний академияси профессори Николай Иванович Илминский (1822-1891) фикрига амал қилган.
Илминский кенг исломий-татар жамоасини шакллантириш Поволжье минтақасининг рус бўлмаган аҳолисини интеграциялашуви ёки ҳатто ассимиляция қилиш учун жиддий тўсиқдир, деган нуқтаи назарни шакллантирди. Ислом-татар жамоасининг шаклланишига қарши туриш учун турли хил маҳаллий идентификаторларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг туркий бўлмаган ва исломий бўлмаган элементларини таъкидлаш таклиф қилинди.
Шу сабабли луғатларда, этнографик нашрларда, Россия империясининг тадқиқотлари ва расмий ҳужжатларида "сарт" тушунчаси ҳамма жойда учрайди. Лекин бу ёндашув ҳам ўз рақибларига эга бўлган. Улар орасида қозоғистонлик тадқиқотчи, Самарқанд вилояти ҳарбий губернатори учун таржимон бўлиб ишлаган Серали Лапин (1869-1919) бор эди.
Жумладан, Лапин "сарт" сўзини ҳеч қачон маҳаллий аҳоли махсус миллат маъносида ишлатмаганлигини таъкидлаган. Унинг фикрича, туркий тилда сўзлашувчи ўзбек-тожик аралаш аҳоли ўзига алоҳида ном қўймаган ва ўзини фақат тожиклар ва ўзбеклардан фарқлаш учун сартлар деб атаган.
Лапин халқ тилида «сарт» муқим аҳолининг барчасини, жумладан, тожиклар ва «ўзбек-тожик аралашмаси»ни аташни қайд этган. У «сарт» сўзининг нотўғри ишлатилганлиги ва этнографик луғатдан олиб ташланиши кераклигини таъкидлаган. Чунки сарт халқининг ўзи йўқ ва алоҳида бир сарт тили ҳам йўқ.
Ўрта Осиё аҳолисининг алоҳида гуруҳи сифатида сартлар 1917 йилда Россия империяси ҳалокатига қадар ҳисобга олинган. Бироқ рус олимлари ва амалдорлари томонидан сартлар муаммоси узил-кесил ҳал қилинмаган. Статистик маълумотларга кўра, 20-аср бошларига келиб сартлар Туркистон ўлкасидаги бутун муқим аҳолининг 2/3 қисмини ташкил этган. Ҳаммаси бўлиб 1897 йилда Россия империясининг биринчи умумий рўйхатга олиш натижаларига кўра 968,655 сартлар (қозоқлар, татарлар ва бошқирдлардан кейин, туркий халқлар орасида4-ўринда) бўлган.
Совет даврида (1924 йилдан кейин) этнографлар сартларни алоҳида этник гуруҳ сифатида ажратмай қўйган. Сартлар асосан ўзбеклар этник гуруҳига қўшилган бўлиб, ҳозирда унинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Абу Муслим таржимаси