26 август куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг расмий давлат қароргоҳида Ўзбекистон чемпионларининг Олимпия ғалабалари муносабати билан зиёфат уюштирилди. Зиёфат соат 23 ларда тугади ва ярим тунда Ўзбекистон президенти маъмурияти раҳбари Зелимхон Ҳайдаров билан суҳбат чоғида 78 ёшли президент тўсатдан ҳушидан кетиб йиқилди.
Эрталаб Бурденко номидаги илмий-тадқиқот институти шифокорлари қароргоҳга етиб келишди, миш-мишлар бутун мамлакат бўйлаб тарқала бошлади. Ва ниҳоят, 28 август, якшанба куни "Фергана" мустақил Интернет-портали Каримовнинг ўлими ҳақида хабар чиқарди. 29 август куни эрталаб "Фергана"да Каримов вафот этгани ҳақида хабар берилди, шундан кейин Facebook да Каримовнинг қизи хабари пайдо бўлди, у ерда мия қон қуйилиши ҳақидаги маълумотни тасдиқлади ва унинг аҳволини "барқарор" дея баҳолади (аммо бу президентнинг ўлими ҳақидаги хабарларга зид эмас). 1 сентябр куни Ўзбекистон Мустақиллик кунини нишонлади - биринчи марта ҳеч қандай салют бўлмади, аммо расмий веб-сайтида Каримов номидан табрикнома пайдо бўлди. Бундан ташқари, Президент Путин Ислом Каримовни табриклаб, унга соғлик тилади. Айни пайтда Самарқандда - Ислом Каримовнинг ватани - унинг дафн маросимига тайёргарлик қизғин. Каримовнинг ўлими Reuters томонидан ҳам тасдиқланди.
Иосиф Сталин
1953 йилнинг 1 мартида Сталинни унинг қўриқчиси «Ближняя дача» (халқлар доҳисиниг қароргоҳларидан бири) кичик ошхонаси полида сийиб қўй ган ва нажасининг устида ётган ҳолда топади. 2 март тонгида «Ближняя дача»га шифокорлар етиб келишди ва тананинг ўнг томони фалажлиги ташхисини ўйишди. Сталининг кабинетида шифокорлар томонидан ташхис қўйилганидан кўп ўтмай, 2 март куни соат 10 соат 40 дақиқада КПСС Марказий Комитети Президиуми Бюросининг расмий йиғилиши бўлиб ўтди. Бюронинг барча аъзоларидан ташқари, кабинетда Молотов, Микоян, Олий Кенгаш раиси Шверник ва шифокорлар бор эди. Йиғилишда 20 дақиқа давомида битта савол кўриб чиқилди: “2 март куни ўртоқ И.В.Сталинда мияга қон қуйилиши ва бунинг оқибатида унинг соғлиғи оғир аҳволда эканлиги ҳақида тиббий консилиум хулосаси”. Умуман олганда, бу расмий тадбир бўлиб, шифокорларнинг ташхисини тасдиқлади ва Сталин ёнида навбатчилик умумий тартибни ўрнатди. Бироқ, МК Президиуми Бюросининг йиғилишига Сталин томонидан расман ҳайдалган Молотов ва Микояннинг таклиф қилиниши муҳим ўзгаришлардан дарак берарди.
4 март куни эрталаб газеталарда Сталин касаллиги ҳақида биринчи расмий хабар эълон қилинди. Бу шуни англатадики, ҳеч нарсани яширишнинг ҳожати йўқ, соғайиб кетиш учун умид йўқ эди, энди аста-секин мамлакатни ва дунёни янги вазиятга кўниктириш қолганди. 4 март куни Берия ва Маленков мамлакат олий раҳбариятининг янги таркиби бўйича таклифлар тайёрладилар. Ушбу қарорларнинг моҳияти эски Политбюрога қайтиш (Сталинсиз) ва 1952 йил октябрда Сталиннинг ташаббусига биноан ташкил этилган Марказий қўмитанинг кенгайтирилган Президиумини тугатиш эди.
Сталиннинг ўлими радиода 1953 йил 6 мартда эрталаб соат 6 да эълон қилинди. Бу кунлар – касаллик ҳақида хабар берилган кундан тортиб то ўлимни эълон қилишгача бўлган кунларда оддий совет фуқаролари қандай қилиб бошдан кечирганликлари тўғрисида Евгения Гинзбург «Крутой маршрут»да қуйидагича ёзади:
У жавоб бермасдан девор олдига келиб, репродукторни штепселга улади. Бирдан чирс-чирс этган овозлардан кейин мен қуйидаги сўзларни эшитдим … Эй, Парвардигор, мен нималарни эшитдим!
"…Касалликнинг оғирлашиши рўй берди … Юрак етишмовчилиги … Томирнинг билинар-билинмас уриши …"
Дикторнинг тортилган тордек овози зўрға бардош берилаётган қайғу билан янграйди. Умидсиз, ақл бовар қилмайдиган тахмин мисоли оловли зигзаг каби мияда ярқ этади, аммо мен унга ишонишга журъат топмайман. Мен суви оқиб ётган поллаттани қўлимдан қўйиб юбормасдан, кўзларимни чақчайтирган ҳолда Рейс олдида қотиб тураман.
"…Биз касаллик бюллетенини маълум қилдик …"
Миямдаги шовқин туфайли – худди сувнинг кўтарилиши овозлари Нагаево кўрфазидан етиб келганидай – санаб ўтилаётган мансаб ва унвонларни эшитмайман. Лекин мана энди аниқ янгради:
"Иосиф Виссарионович Сталин…"
Топ-тоза поллатта қўлларимдан сирғалиб, ифлос сувга тўла челак ичига тушади. Сукунат... Шу сукунат ичра Антоннинг йўлак бўйлаб шоша-пиша қўяётган қадамларини аниқ эшитаман.
— Антоша, — дедим мен, Антоннинг қўлларига ёпишиб, — Антоша... Балки... Балки у тузалиб кетар?
— Аҳмоқона гапларни гапирма, Женюша, - ҳаяжонланиб, деярли қичқирди Антон, - мен сенга шифокор сифатида айтаман: соғайиб кетиш имконсиз. Эшитяпсанми? Чейн-Стокс нафаси ... Бу ўлим талвасаси ...
— Сиз шунчаки гўдаксизлар, - совуққон овоз билан деди Гейс, - наҳотки агар соғайишга умид бўлганида, халққа бу касаллик ҳақида маълум қилишган бўларди, деб ўйлайсиз? Эҳтимол, у аллақачон ўлиб бўлган.
Мен қўлларимни столга ташладим ва йиғлаб юбордим. Қаердадир узоқда, биз учун ҳақиқатдан йироқ бўлган Москвада асрнинг қонхўр «тоғути» ўзининг сўнгги нафасини чиқарди - ва бу унинг ҳали охиригача азоб-уқубатини тортиб бўлмаган қурбонлари миллионлаб қурбонлари, уларнинг яқинлари ва қариндошлари учун ва ҳар бир кичик ҳаёт учун энг катта воқеа эди.
9 март куни Сталиннинг дафн маросими бўлиб ўтди. Дафн маросими пайтида Трубная майдонида рўй берган тиқилинчида турли манбаларга кўра бир неча юздан минггача одам ҳалок бўлган.
Леонид Брежнев
Леонид Брежнев 1982 йил 10 ноябрга ўтар кечаси давлатга тегишли "Заречье-6" дала ҳовлида вафот этди. Хавфсизлик хизмати бошлиғи, СССР КГБ генерал-майори Владимир Медведевнинг чақириғи билан воқеа жойига шифокор Евгений Чазов етиб келди, улар реанимация фойдасиз эканлигини дарҳол англади. Брежневнинг ўлими тўғрисида кимга ва қандай қилиб хабар бериш кераклигини ҳал қилган киши айнан ўша эди. У буни «Как уходили вожди» китобида қуйидагича хотирлайди:
10 ноябр куни, қаторсига уч кун дам олишдан кейин, мен ҳар доимгидек, эрталаб соат 8 да ишга келдим. Хонамга киришга улгурмасимдан, ҳукумат алоқаси қўнғироғи чалинди ва мен ўша куни навбатчилик қилаётган навбатчиси Володя Собаченковнинг йиғламсираган овозини эшитдим. "Eвгений Иванович, Леонид Ильич шошилинч реанимацияга муҳтож", фақат шу сўзларни айта олди у телефон орқали. Тез ёрдам машинаси дарҳол Брежневнинг дала ҳовлисига боришини котибни тайинлаб, мени кутиб турган машинага сакраб чиқдим ва сиреналар овози остида Кутузовский Проспекти ва Минск шоссесидан ўтиб, 12 дақиқадан сўнг (тез ёрдам келгунга қадар) мен Брежневнинг Заречье дала ҳовлисида эдим.
Ётоқхонада, биз ўқитганимиздек, юрак массажини ўтказаётган Собаченковни кўрдим. Брежневнинг бир неча соат олдин вафот этганини сезиш учун бир қараш кифоя эди. Собаченковнинг ҳикоясидан билдимки, Брежневнинг қандли диабетдан азият чекадиган хотини эрталаб соат 8 да тургани, чунки ўша пайтда ҳамшира унга инсулин уколи қилганини билиб олдим. Брежнев ён томонида ётар эди, уни ухлаяпти деб ўйлаб, хотини ётоқхонадан чиқиб кетади. У чиқиши биланоқ В. Собаченков Брежневни уйғотиш ва кийинишга ёрдам бериш учун унинг ёнига келади. Айнан у Брежневни ўлик ҳолда биринчи бўлиб кўради. Мендан кейин тез тиббий ёрдам шифокорлари келишди, улар реанимация тадбирларини тўлиқ амалга ошира бошладилар. Ҳамма нарса тугаганлиги ва бу фаоллик қуруқ расмиятчилик учун эканлиги менга аниқ бўлганди.
Брежневнинг ўлими ҳақида ОАВ бир кундан кейин, 11 ноябр куни эрталаб соат 10 да хабар қилди. Бироқ, рўй берган воқеа ҳақида кўпчилик бундан олдин тахмин қилганди: радионинг барча каналларида мумтоз мусиқа янграрди, телевидение милиция кунига бағишланган байрам концертини бекор қилганди, кечқурун эса Қизил майдонда ғарблик мухбирларнинг эътиборини жалб қилган қора рангдаги ҳукумат машиналари ғайриоддий тўпланиши қайд этилди.
Ким Ир Сен
1994 йил 6 июлда 82 ёшли Ким Ир Сен Пхеньян шимолидаги тоғлардаги виллани текшириш учун йўлга чиқди, у ерда тез орада Жанубий Корея президенти Ким Ёнг Сам билан тарихий учрашув бўлиб ўтиши керак эди. Ўша куни даҳшатли, деярли 40 даража иссиқ эди. Тушликдан кейин мамлакат етакчида кенг қамровли юрак хуружи бўлиб, бунга у дош бера олмади. Аммо мамлакат бу ҳақида бир кундан кейин хабар топди.
Қуйида Барбара Демикнинг Шимолий Кореядан қочишга муваффақ бўлган корейсларнинг хотираларига асосланган "Шимолий Кореядаги кундалик ҳаёт" китобидан парчалар келтирилган:
Сон хоним уйда эди, ўзи ва эри учун кечки овқат тайёрлаётган эди. Ўшанда унинг фабрикаси ёпилган эди ва унинг эри Чан По ўз радиостанциясига тобора камроқ борарди, чунки унга энди деярли пул тўлашмаётганди. Телевизор қаршисидаги катта хонада ўтириб, у янгиликлар трансляциясининг бошланишини кутаётган эди. Кун ярмида махсус дастур кўрсатилиши керак эди ва Чан По ядровий қуроллар бўйича давом этадиган музокаралар ҳақида ўйлади. <…> Кутилмаганда эрим бармоғин чертиб қолди. - Бирон нарса бўлди, - деб бақирди у хонадан. - Бирор муҳим нарса!
Сон хоним ичкарига қаради ва қандайдир кулфат рўй берганини тушунди. Диктор мотамсаро қора костюм ва галстукда эди. Хи Сок қўлларини сочиқ билан артди ва телевизорга яқинлашди.
Корея Меҳнат партияси Марказий Комитети, Партиянинг Марказий Ҳарбий Қўмитаси, Давлат Мудофаа Қўмитаси, Олий Халқ Ассамблеяси ва Корея Халқ Демократик Республикаси Ҳукумати бутун Корея халқига Буюк Доҳий ўртоқ Ким Ир Сен, Корея Меҳнат партиясининг Марказий қўмитасининг Бош котиби ва Корея Халқ Демократик Республикаси Президенти тўсатдан вафот этгани ҳақида чуқур қайғу билан хабар берди. Умрининг сўнгги лаҳзасига қадар Ватанимиз мустақиллиги, мамлакатнинг бирлашиши ва халқнинг бахти учун тинимсиз ва фидокорона меҳнат қилган Отамиз ва Йўлбошчимиз бизни тарк этганди. Доҳийнинг кетиши - ҳаммамиз учун энг улкан қайғудир.
Сон хоним турган жойида қотиб қолди. Гўё унинг вужудида электр токи ўтганга ўхшарди. Худди шу ҳолатни у ҳаётида бир неча йил олдин, онасининг ўлими ҳақида хабардор бўлганида ҳис қилганди. Аммо бу ўлим кутилган эди, лекин Ким Ир Сеннинг касаллиги ҳақида Хи Сок ҳеч нарса эшитмаганди. Уч ҳафта олдин у Жимми Картерни Корея заминида қаршилаганди ва телевизор орқали у ҳар доимгидек кучли ва бақувват давлат арбоби бўлиб кўринди. Йўқ, унинг ўлими ҳақидаги хабар ҳақиқат бўлиши мумкин эмас. Сон хоним дикторнинг сўзларига эътибор беришга ҳаракат қилди. У лабларининг қимирлаётганини кўрди, лекин сўзларни тушуна олмади. Ҳамма нарса ўз маъносини йўқотди. Аёл йиғлаб юборди. "Биз бундан кейин қандай яшаймиз?" Дохийсиз энди нима қиламиз? – ҳунграб юборди у.
Эри унга ҳеч нарса деб жавоб бермади. У ранги қув ўчиб, қаергадир узоққа қараб қолди. Аммо Сон хоним ҳамон бир жойда ўтиролмасди. Унинг қонида адреналин қайнарди. Хи Сок зинапоядан югуриб ҳовлига чиқди, у ерда кўп қўшнилар аллақачон чиқиб бўлишган эди. Улар тиз чўкиб, бошларини ерга уришарди. Уларнинг қичқириқлари сиреналар сингари ҳавода янграй бошлади. <...>
Чон Сан шанба куни эрталаб университетдаги севимли машғулоти – ётиб ўқишни ёқтирар эди. Уйда, отаси бунга йўл қўймади: бу билан кўзни ишдан чиқариш мумкин деб айтарди. Эрталаб жуда иссиқ эди ва Чон Сан фақат шорти ва футболка кийиб олганди. Тўсатдан, унинг хонадошларидан бири сукунатни бузди: йигит айтдики, барча талабаларни муҳим хабарни эълон қилиш учун ҳовлида тўплашаётган экан. <...>
У ерда уч мингга яқин талаба ва ўқитувчилар тўпланганди. Ҳамма курси, мутахассислиги ва талабалар турар жойига қараб сафланганди. Қуёш шафқатсиз ёндирарди. Одамлар ёзги енги калта кийимда бўлишса-да, терлашарди. Тушлик пайти радиода титроқли ва ғамгин аёл овози янгради. Қадимий карнайлар шунчалик вишшиллар ва чирсиллар эдики, Чон Сан ҳеч нарса тушуна олмади, фақат "у бизни ташлаб кетди" ва "касаллик" ни эшитиб, оломон ичидаги шовқиндан қолганини фаҳмлаб олди. Хитоблар ва нолалар эшитилди. Қайсидир талаб ерга қулади. Ҳеч ким нима қилишни билмас эди. Уч минг кишининг ҳаммаси бошларини чангаллаб, қайноқ асфальт устига ўтириб қолди.
Чон Сан ҳам ўтириб қолди. У саросимани яшириш учун юзини беркитди, ҳамма ёқдан келаётган фарёдларни эшитди. Вақти-вақти билан йигит кўнгли ўртаётган курсдошларига қараб қўярди. Ажабланарлиси, у йиғламади. Кино ёки китобнинг финали кўпинча Чон Санни йиғлатиб юборарди, бунинг учун укаси уни доим масхара қилади, отаси эса уни қиз бола деб атарди. Ҳар эҳтимолга қарши, йигит кўзларини ишқалай бошлади: улар қуруқ эди. Нима бўлди? Нега Ким Ир Сеннинг ўлими Чон Санни қайғуга солмади? Удоҳийни яхши кўрмасдими? <…> Дастлаб, йигит ўзининг рўй берган воқеага реакциясини, аниқроғи унинг йўқлигини хотиржам таҳлил қилди, лекин бирдан у қўрқиб кетди. У ёлғиз эди, бепарволикда ёлғиз эди. У ҳар доим университетда ўзининг яқин дўстлари борлигига ишонарди, аммо энди уларни ҳақиқатда яхши билмаслигини англади. Ва, албатта, улар ҳам уни яхши билмайдилар. Агар улар билсалар, демак у хавф остида.
Буни бирдан фаҳмлай бошлаш ортидан яна бир муҳим нарсани англади:Чон Саннинг келажаги энди йиғлаб юбориш қобилиятига боғлиқ. Гап нафақат унинг карьераси ва партияга аъзолиги ҳақида. Бу ҳаёт ва мамот масаласи эди. Йигитни даҳшат босди.
Аввалига ҳеч ким унинг юзини кўрмаслиги учун бошини пастга эгиб олди. Шунда у тушунди: агар узоқ вақт кўзларни ёпмаса, улар ачиша бошлайди ва тез орада кўз ёшлар пайдо бўлади. худди куриштириш ўйинидаги каби. Кўзни юммасдан қараш. Йиғлаш. Кўзни юммасдан қараш. Йиғлаш. Ҳаммаси ўз-ўзидан рўй берди. Тана ўзи ақлни бажара олмайдиган нарсани қилди. Тўсатдан Чон Сан ўзининг чиндан ҳам йиғлаётганини ҳис қилди. У тиз чўкиб, ҳамма сингари йиғлаб, олдинга ва орқага юра бошлади. Афтидан, у алдашда муваффақиятга эришди!
Мао Цзэдун
Хитой диктатори Мао Цзедун 1976 йил 9 сентябрда вафот этди. Унинг ўлими кутилмаган эмас эди. Бунгача у бир неча ой давомида жамоатчилик олдида кўринмаган эди. Куннинг иккинчи ярмида расмий хабар келди, дафн маросими бошланди. Бу тўққиз кун давом этди. Ушбу воқеалар орасида нима содир бўлганлиги ҳақида Юрий Галенович ўзининг "Мао Цзедуннинг ўлими" китобида шундай дейди:
"1976 йил 9 сентябрь куни 0 соат 10 дақиқада Мао Цзедун вафот этди. Сочлари оқарган, оппоқ халат кийган шифокор ётоқхонадан чиқиб, Мао Цзедуннинг ўлими тўғрисида ХКП Марказий Қўмитаси аъзоларига хабар берди. Ушбу янгиликка ҳамма ақлий равишда тайёр бўлса ҳам, бирдан қотиб қолди. Ҳамма қайғу, дард-алам намойиш этиб, кўз ёши тўка бошлади.
Шундан кейин Политбюро аъзолари Мао Цзедун жасади ётган хонага киришди. Улар унинг олдида тўхташди, сукутда бошларини эгишди. Албатта, бу тажрибали сиёсатчилар аллақачон Мао Цзедуннинг кетишига тайёр бўлишганди. Олдиндан, марҳум раҳбар билан видолашув маросимини белгилайдиган ҳужжатлар тайёрланди. Раҳбариятнинг барча аъзолари узоқ вақтдан бери сиёсий рақиблари билан ҳокимият учун курашишга тайёр эди. Уларнинг ўй-хаёли фақат шу билан банд эди.
Аммо ўлим ўлимдир ва бу ўнлаб йиллар давомида Мао Зедонгга эргашганлар учун оғриқли лаҳзалар эди. Табиийки, маълум бир психологик танаффус пайдо бўлди. Бироқ, у тезда бузилди. Эрталаб соат учда Политбюронинг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибида Мао Цзедунни дафн қилиш масаласи турарди. Улар комиссия тузиш, халққа мурожаат қилиш, видолашиш тартиби, мотам митингини ўтказиш тартибини муҳокама қилдилар. Учрашув ўз ниҳоясига этди.
Шу вақт ичида Цзян Цин (Мао Цзедуннинг беваси) овоз чиқармади. Тўсатдан у сўз беришларини сўради. Барча кўриниши билан у ўзининг алоҳида мавқеини таъкидларди. У буйруқ оҳангида шундай деди: “Мен давом этаётган оммавий сиёсий ҳаракат масаласи ҳам муҳокама қилиниши керак, деб ўйлайман; Фақат дафн маросимини ташкил қилишга эътибор қаратиб, Дэн Сяопиннинг танқидини писанд килмаслик керак эмас. Олдинги даврда қандай бўлганига қараб, мен Марказий Қўмита ушбу ҳаракатни бошқариш масаласига мутлақо бепарво, бу ерда ҳеч қандай ҳаракат қилмайди деб ҳисоблайман!” деди. Шу сўзларни айтиб, у бошини кўтарди ва кўзойнакнинг қалин ойналари ортидан қаттиқ тикилиб турганларнинг ҳаммасига бирма-бир қараб қўйди.
1976 йилнинг октябрида, Мао Цзэдун ўлимидан сўнг унинг ворисига айланган Хуа Гофэн «Тўртлар гуруҳи» (Цзян Цин гуруҳи) аъзоларини ҳибсга олиш ташаббуси билан чиқди.
Антониу ди Салазар
Португалия диктатори Антонио ди Салазар 36 йил ҳокимият тепасида бўлган, шу вақт давомида у бош вазир лавозимини эгаллаган. Дунё тарихида диктаторлар ўз тахтларини йўқотганлари ҳақида жуда кўп турли хил мисоллар мавжуд, аммо Салазар учун фақатгина курсисидан йиқилиб тушиш унга етарли бўлган ягона мисолдир. Бу 1968 йилда, Салазар 79 ёшда бўлганида юз берди. Нима бўлганда ҳам, ҳаммаси мияга қон қуйилиши билан якунланди.
Аввалига Салазарнинг шериклари унинг яшаш учун саноқли кунлари қолганига амин эди. Диктатор шундай ҳолатда бўлган бир пайтда илгари унинг итоаткор қўғирчоғи бўлган Президент Америка Томаш чолни истеъфога жўнатиб, унинг ўрнига Марселу Каэтануни тайинлади. Салазар касалхонага ётқизилди, аммо бир мунча вақт ўтгач ҳушига келди. Унинг атрофидагилар унга энди давлат раҳбари эмаслигини айтишга журъат эта олишмади ва унга касалхонадан туриб "бошқариш" га рухсат беришди: вазирлар унинг олдига ҳисобот билан келишни давом эттиришди ва ҳатто унинг кабинетида ҳукумат йиғилишини ташкил қилишди. Салазар то 1970 йилда вафот этгунига қадар, ҳеч қачон истеъфога чиққани ҳақида хабар топмаган. Марселу Каэтану ва Америку Томаш эса "Чиннигуллар инқилоби" натижасида ағдарилгунга қадар, яна тўрт йил ҳокимият тепасида бўлишди, шундан сўнг улар Бразилияга ҳайдалишди.
Франко
Франко номи билан танилган Франсиско Паулино Эрменехильдо Теодуло Франко Баамонде муваффақиятсиз уринишлардан кейин кўп маротаба суиқасддан қутулиб колган, аммо уни ЭТА террорчилари эмас, балки Паркинсон касаллиги ўлдирган. Қирол Хуан Карлоснинг эслашича: "Франко 100 йил яшаш учун яратилган инсон эди. У чекмасди, ичмасди ва овқат шинавандаси эмас эди. У мукаммал ўлчовли ҳаёт кечирди ва кўп вақтни очиқ ҳавода ўтказди, «Асор» бортидан балиқ овларди ёки ов қиларди. Касаллик унинг учун катта кутилмаган воқеа бўлди. Франко ҳокимиятни топшириш тўғрисида фармонни ишлаб чиқишга буйруқ берди ва 1973 йилда ҳукумат раҳбари лавозимини тарк этиб, уни неофранкист адмирал Луис Карреро Бланкога ишониб топширди. Аммо Бланко Франко каби омадли эмасди ва шу йилнинг ўзида террорчилар томонидан ўлдирилди.
Франко етакчи бўлиб қолди, аммо ақл-ҳуши жойида эканлигида, у вафотидан кейин монархияни тиклаш ва шаҳзода Хуан Карлос қирол бўлиши керак деган қарорга келди. Ушбу қарор мамлакат тарихини тубдан ўзгартиришга қаратилган эди. 1975 йил 12 октябрда Франко шамоллаб, ётиб қолди. Мамлакат орзиқиб кутарди, ҳамма генералиссимонинг аҳволи тўғрисида яхши биларди. Шу фонда, диктаторнинг ошқозон яраси қонай бошлади ва шифокорлар уни операция қилишга қарор қилишди. Тахминлардан бирига кўра, Франко тиббий хатонинг қурбони бўлган - операция унинг аҳволини янада ёмонлаштирган. 1975 йил 20 ноябрда Франсиско Франcо вафот этди. Франконинг дафн маросими миллий аҳамиятга эга бўлган воқеа эди. Минглаб испанлар диктаторни пойтахт марказидан Тақир Водийсигача бўлган сўнгги сафарига олиб боришди. Кўп ўтмай, Испаниянинг янги қироли Хуан Карлос тахтга ўтирди ва дарҳол демократик ислоҳотларни амалга оширди, сиёсий партияларни қонунийлаштирди ва собиқ ҳукмрон партия - Испания Фалангасини тарқатиб юборди.