close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Язид ибн Валид халифалиги

Язид ибн Валид 709 йили Дамашқда туғилган. Унинг онаси Шоҳфарид бинт Феруз форс шоҳи Кисронинг авлоди бўлган. Шоҳфаридни Қутайба ибн Муслим асир қилган ва Ироққа жўнатган. Ироқ волийси Ҳажжож уни халифа Валид ибн Абдулмаликка юборган. Шундан сўнг Шоҳфарид Язид ибн Валидни дунёга келтирган. Халифа Валид бошқа ўғилларига нисбатан Язидга совға-саломлардан кам улуш ажратганлиги учун унга “Ноқис” лақаби берилган.

Язид ибн Валид 709 йили Дамашқда туғилган. Унинг онаси Шоҳфарид бинт Феруз форс шоҳи Кисронинг авлоди бўлган. Шоҳфаридни Қутайба ибн Муслим асир қилган ва Ироққа жўнатган. Ироқ волийси Ҳажжож уни халифа Валид ибн Абдулмаликка юборган. Шундан сўнг Шоҳфарид Язид ибн Валидни дунёга келтирган. Халифа Валид бошқа ўғилларига нисбатан Язидга совға-саломлардан кам улуш ажратганлиги учун унга “Ноқис” лақаби берилган.
Язидга 126 йил жумодул-охир/744 йил апрель ойида байъат берилди. Бироқ унинг халифалик даври фақат олти ой давом этди ва 126 йил зулҳижжа/744 йил октабрь ойида вабо касаллигидан вафот этди.
Язид ибн Валиднинг халифалик даври ички низо ва курашларга бой бўлди, фитналар тарқалди ва умавий шаҳзодалар келишмовчилиги кескин тус олди.
Валид даврида Уммонга сургун қилинган Сулаймон ибн Ҳишом қамоқдан қочди ва Язиднинг олдига келиб, унга байъат берди. Халифа унга Валид томонидан тортиб олинган мол-мулкини қайтариб берди.
Язид халифалиги даврида бир нечта қўзғолонлар бўлиб ўтди. Шундай қўзғолонлардан бири Ҳимсда бўлди. Исёнчилар халифа Валид учун қасос олиш ва унинг ўғли Ҳакамни халифа қилиш учун кураш бошладилар. Ҳимсда халифа Язиднинг акаси Аббос ибн Валид яшар эди. Ҳимсликлар унинг уйига ҳужум қилиб, бузиб ташладилар. Шундан сўнг Аббос Дамашққа қочиб келди. Ҳимс аҳолиси шаҳар амирига ҳужум қилиб, уни ўлдирдилар ва шаҳар қўшинини ўзларига қўшилишга чақирдилар. Улардан бир қисми қўзғолонга қўшилди. Исёнчилар Абу Муҳаммад Суфёний бошчилигида Дамашққа юриш қилди. Халифа уларга қарши Сулаймон ибн Ҳишом ва укаси Абдулазиз ибн Валид бошчилигида қўшин жўнатди. Икки тараф ўртасидаги жангда ҳимсликлар енгилди. Исёнчилар раҳбари Абу Муҳаммад асир олинди. Омон қолган исён иштирокчилари Язид ҳокимиятини тан олиб, унга байъат бердилар.
Валид ибн Язид ўлдирилгандан кейин Фаластин ва Иордания аҳолиси ҳам исён кўтарди. Улар ўзларига амир бўлган умавий шаҳзодаларга байъат бердилар. Халифа Язид уларга қарши Сулаймон ибн Ҳишом бошчилигида Шом ва Ҳимс қўшинини жўнатди. Исёнчилар халифа қўшинидан мағлубиятга учраб, Язид ҳокимиятини тан олдилар.
Язид Ироқ волийлигидан Юсуф ибн Умарни четлаштирди ва унинг ўрнига Мансур ибн Жумҳурни тайинлади. Унга Ироқдан ташқари Хуросон, Сижистон ва Синд волийлиги ҳам берилди. Бироқу мазкур лавозимда кўп турмади. Халифа Язид буйруғи билан Мансурнинг ўрнига Умар ибн Абдулазизнинг ўғли Абдуллоҳ тайинланди. Наср ибн Сайёр Хуросон волийлигида қолдирилди. Ҳижоз волийлигига Умар ибн Абдулазизнинг бошқа ўғли Абдулазиз тайинланди.
Умавийларнинг ёши улуғ вакилларидан бўлган Марвон ибн Муҳаммад халифаликни Язид эгаллаган вақтда Арманистонда эди. У ҳам собиқ халифа Валид учун қасос олишга киришди. Бироқ Дамашққа яқин келганида фикридан қайтиб, Язидга байьат берди.
Ҳалифа Язид валиаҳд этиб укаси Иброҳимни тайинлади. Кўп вақт ўтмай ҳалифа вабо касалига чалиниб, вафот этди(Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. - Байрут: Ал-мактаба ал-исломий, 2000 йил. - Б. 266.).

С.Умматалиевнинг
"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase