Мансур Абу Жаъфар Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос. Унинг онаси - Салома - барбар аёли, умму валад (чўри) 95 йили туғилган. Бобосини кўрган, лекин ундан ривоят этмаган. Ўз отасидан, Ато ибн Ясордан, ўғли Маҳдидан ривоят қилган. Халифаликка акаси (Абдуллоҳ Абулаббос)нинг васиятига биноан байъат берилган.
У шижоат, қатъият, тафаккур ва куч-қувватда Бани Аббоснинг энг буюги эди. Ўйин-кулгудан йироқ, ақли етук, илм ва адабиётда яхши ҳамсуҳбат бўла оладиган ва фақиҳуннафс (нафс билимдони) бўлган бир киши эди.
Ҳокимиятини мустаҳкамлаб олгунча кўп одамни ўлдирди. Аллоҳ раҳмат қилгур Абу Ҳанифани қози бўласан деб урган, сўнг қамаган ҳам шу бўлади. Абу Ҳанифа шундан кейин орадан кўп ўтмай дунёдан ўтади. Баъзиларнинг айтишича, Мансур уни ўзига қарши исёнга фатво бергани учун заҳарлаб ўлдирган.
У тўғри ва таъсирли гапира оладиган, сўзга уста ва раҳбарликка муносиб одам бўлган. Шунингдек, очкўзлик ва бахилликда жуда ўтиб тушган эди. Ўз ҳокимлари ва хизматкорларидан майда чақалар ва доннинг донасигача ҳисоб олгани учун Абдуддавониқ “чақанинг қули” лақабини олган.
Хатиб ровий Заҳҳок орқали Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Саффоҳ биздан, Мансур биздан, Махди биздан”, деди” (Заҳабий деди: мункар мунҳате ҳадис).
Хатиб, Ибн Асокир ва яна бошқалар Саид ибн Жубайр орқали Ибн Аббосдан, у дебди: “Саффоҳ биздан, Мансур биздан, Махди биздан” (Заҳабий исноди (ровийлари) дуруст, деди).
Ибн Асокир ушбу ҳадисни келтирибди: “Қоим биздан, Мансур биздан, Саффоҳ биздан, Махди биздан, Қоимга халифалик ўзи келади, у бу йўлда бир томчи қон тўкмайди. Мансурга эса битта байроқ қайтариб берилмайди (Мағриб қўлидан кетишига ишора), Саффоҳ - молни ҳам қонни ҳам тўкиб солади, Маҳди эса зулмга ботган халифаликда адолатни тиклайди”.
Мансур дебди: “Тушимда Ҳарамда турганмишман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг ичида эмишлар. Унинг эшиги очиқ экан, шу топда “Абдуллоҳ қаерда?” деган овоз чиқци. Шунда акам Абулаббос ўрнидан туриб пиллапояга бориб чиқди. Эшикдан кириб, бир зумда найзага ўралган тўрт газлик қора байроқ билан чиқди. Сўнг “Абдуллоҳ қаерда?” деган овоз келди. Мен пиллапояга чиқдим-у кўтарилиб қолдим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва Билол бор эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени тайинладилар ва умматлари ҳақида васият қилдилар. Бир саллани бошимга ўрадилар. Унинг ўрами 23 та эди. Дедиларки: “Эй халифалар отаси! Қиёматгача бу сенга, ол уни”.
Мансур 137 (755-54) йилнинг бошида халифаликка ўтирди. Унинг энг биринчи қилган иши ўзларининг бош ташвиқотчиси бўлган ва ҳокимиятга келишларига сабабчи бўлган Або Муслим Хуросонийни ўлдириш бўлди.
138 йили Абдураҳмон ибн Муовия ибн Ҳишом ибн Абдулмалик ибн Марвон ал-Умавий Андалусга кириб, уни истило этди. Унинг ҳокимияти узун давом этди. 400 йилдан кейин ҳам Андалус унинг авлоди қўлида қолди. Абдурраҳмон илм ва адолат аҳлидан эди. Онаси барбар аёли бўлган.
Абулмузаффар Абивардий деди: “Дунёнинг подшоҳлари бўлмиш Мансур ва Абдурраҳмон ибн Муовия - иккиси ҳам барбар аёлларнинг фарзанди”, деб айтиб юришар эди”.
140 йили Бағдод шаҳрини қуришга киришди.
141 йили ровандийлар “таносух” даъвосини қилиб чиқдилар. Мансур уларни қатл этди. Ўша йили Табаристон фатҳ этилди.
Заҳабий деди: “143 (760-61) йилдан ислом уламолари ҳадис, фиқҳ ва тарфсирни жамлашга киришдилар. Маккада Ибн Журайж, Мадинада Молик “Муватто”ни, Шомда Авзоий, Басрада Ибн Аби Уруба, Ҳаммод ибн Салама ва бошқалар, Яманда Муаммар, Куфада Суфён Саврий тасниф этдилар. Ибн Исҳоқ мағозийни (жангномалар) тасниф этди”.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ фиқҳ ва раъйни тасниф қилди. Бир оз кейин Ҳушайм, Лайс, Ибн Луҳайъа, сўнгра Ибн Муборак, Абу Юсуф ва Ибн Ваҳблар асарлар битишди. Илмни тадвин этиш (қоғозга тушириш) уни бобларга ажратиш кўпайди. Араб тили, лугат, тарих ва саҳобалар хаёти ҳақида китоблар ёзилди. Бундан аввалги асрда уламолар ёддан гапирар ёки тартибга солинмаган варақлардан илм ривоят қилардилар.
145 йили исён қилган Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн ал-Ҳасан ибн Али ибн Аби Толибнинг ўғиллари ака-ука Муҳаммад ва Иброҳимларни ҳамда Оли байтга (пайғамбар авлодига) мансуб катта гурухни Мансур қўлга тушириб қатл этди. Инно лиллоҳи ва инно илайҳи рожиун!
Аббосийлар ва Алавийлар ўртасига фитна солган биринчи одам Мансур бўлади. Илгари улар бирга эдилар. Мансур уларга қўшилган ёки уларга қўшилишга даъват этган уламолардан бир қанчаларини қатл этди, калтаклади ёки бошқа йўллар билан уларга зиён-заҳмат етказди. Абу Ҳанифа, Абдулҳамид ибн Жаъфар ва Ибн Ажолонлар шулар жумласидан эди.
146 йили Қибрис ғазоти бўлди.
147 йили Мансур амакиси Исо ибн Мусони валиахдликдан четлатади. Саффоҳ уни Мансурга валиаҳд бўлишни тайинлаган эди. Ака-ука Муҳаммад ва Иброҳимлар билан уришиб, уларни енгган мана шу Исо эди. Мукофотига Мансур уни мажбуран четлатди (валиаҳдликдан маҳрум этди) ва ўз ўғли Маҳдини валиаҳц қилиб тайинлади.
148 йили барча подшоҳликларни ўзига бўсундирди. Одамларда ундан қўрқув кучайди. Мамлакатлар бўйинсунди. Андалус яриморолини ҳисобламаганда (кўплаб) мамлакатлар унга итоат қилдилар. Андалусни эса Умавий-Марвоний бўлмиш Абдурраҳмон ибн Муовия босиб олганди. Лекин у ва унинг фарзандлари “амирал мўминин” лақабини олмай, балки фақат “амир” бўлиб қолдилар.
149 йили у Бағдод шаҳрини қуриб битирди.
150 (768-67) йили Хуросон аскарлари амир Устозсиз бошчилигида итоатдан бош тортдилар. У Хуросон шаҳарларидан кўпини қўлга олди. Ҳаёт кечириш оғирлашди, ёмон ишлар кўпайди. Мансур оғир аҳволга тушди. Хуросонликларнинг аскар сони отлиқ-пиёда бўлиб 300 минг кишига етди. Мансур уларнинг устига Ашжам Марвазийни жўнатди. Лекин уни ўлдириб, аскарларини қуролсизлантирдилар. Шундан кейин уларга қарши Хозим ибн Хузайма бошчилигидаги сон-саноғи кўкка етувчи қўшин ҳозирлаб жангга юборади. Бу икки қўшин тўқнашади. Икки томон сабру матонат намунасини кўрсатади. Бу жанг жуда машҳурдир. Айтишларича, унда 70 минг одам ўлган. Устозсиз енгилиб тоққа чекинади. Амир Хозим кейинги йили асирларнинг каллаларини олади. Улар 14 минг киши эди.
Сўнгра Устозсизни бир қанча муддат қамал қиладилар. У таслим бўлади. Ўзини ушлаб аскарларини эса қўйиб юборадилар. Уларнинг сони 30 минг киши эди.
151 йили Русофани қуриб кўтаради.
153 йили Мансур раиятга баланд қалпоқ кийиб юришни буюрди. Уни тилла ва кумуш билан ясатардилар, рангини эса қорага бўярдилар.
158 (775-74) йили Мансур Маккадаги ноибига буюриб Суфён Саврий ва Аббод ибн Касирни қаматади. Одамлар ҳажга келганда бу иккисини қатл этишидан хавотирга тушадилар. деб. Лекин Аллоҳ уни Маккага соғ етказмади, касал ҳолда келиб дунёдан ўтди. Аллоҳунинг шарридан у икковини ўзи асради. Зулҳижжада Батнда вафот топди. Ҳажун ва Беър Маймун оралиғига қўйилди (Маккадаги жойлар).
Мансур ҳақида Ибн Асокир ўз санади билан ривоят қилади: “Абу Жаъфар Мансур халифалиқцан бурун илм талабига юрт кезган. Шунда бир ҳовлига кираётганида соқчи уни қўймай, “Олдин икки дирҳам чўзиб қўй”, дебди. У эса: “Ўтказиб юбор мени, мен Бани Ҳошимданман”, дебди. Аскар эса “Икки дирҳам бер”, деб тураверди. Мансур: “Қўйиб юбор мени, мен Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом амакисининг авлодиданман”, дебди. Соқчи яна: “Икки дирҳам” дебди. Мансур эса, “Ўтказиб юбор мени,менқори-икаломулломен!”,дебди. Соқчи: “Иккидирҳам!” Мансур айтибди: “Ўтказиб юбор мени деяпман, ахир мен фиқҳ ва фароиз (мерос тақсими илми) олимиман!” У эса: “Икки дирҳам берасан”, деб унамабди. Шундай қилиб, ҳол-жонига қўймагач, охири икки дирҳам берибди. Шу кундан бошлаб бойлик тўплашга, зиқналикка жуда берилиб кетиб, охири абуддавониқ (чақа бандаси) деган лақаб олади”.
Рабе ибн Юнус ҳожибдан: “Мен Мансурнинг шундай деганини эшитдим: халифалар тўртта: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али. Подшоҳлар тўртта: Муовия, Абдулмалик, Ҳишом ва мен”.
Молик ибн Анас айтади: “Абу Жаъфар Мансур ҳузурига кирганимда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги одамлар ичида энг афзаллари кимлар?” деб сўради. “Абу Бакр, Умар”, дедим. “Топдинг, амиралмўмининнинг ҳам фикри шундай”, деди у”.
Исмоил Фиҳрий деди: “Мен Мансурнинг арафа куни - арафа минбарида айтган хутбасида шундай деганини эшитдим: “Эй одамлар, мен Аллоҳнинг ердаги султониман! Унинг тавфиқи ва тўғри йўлига сизларни бошлайман. Унинг ғаниматлари посбонидурман, уни Ўзининг иродаси билан тақсимлайман ва изни бўйича бераман. Аллоҳ мени унинг қулфи қилиб қўйди. Беришни истаса ўзи очади. Хоҳламаса очмайди. Шундай экан, Аллоҳдан сўранг. У ўзининг каломида “Бугун динингизни камолига етказдим”, деган. У ўз фазли билан ато этган бу муборак кунда ўзидан сўрайман, мени адаштирмасин, тўғри йўлга бошласин, сизларга раҳм-шафқатли, хайру эҳсонли бўлишни дилимга солсин. Сизга улушларингизни беришим учун ва адолат билан тақсимлашим учун мени “очиш”ини ундан сўранг. У эшитади, қабул этади”, (Учови ҳам Ибн Асокир ривояти).
Охиргисини Ас- Сувлий ҳам ривоят қил ган, унинг бошл анишида “халқ уни бахилликда айблагани учун шундай хутба ўқиган” деган қўшимчаси бор. Охирида эса “ана шунда баъзилар, бу билан амиралмўминин хасислигини Аллоҳга ағдарди дейишди”, деган зиёдаси бор.
Асламий ва бошқалардан ривоят: “Мансур минбарга чиқиб: “Алҳамдулиллоҳ, аҳмадуҳу ва астаиинуҳу ва уъмину биҳи ва атаваккалу алайҳ. Ашҳаду аллоилоҳа иллоллоҳу ваҳдаҳу ло шарика лаҳу”, дейишига бир киши туриб: “Эй амиралмўминин, ўзинг эслатиб турган зотни ўзинг унутмагин”, деди. Мансур:
“Марҳамат, бемалол, сен ҳақиқатда улуғ Аллоҳни эслатдинг, қўрқитдинг. Аллоҳ мени, Аллоҳдан қўрқ дейилганда бўйни ёр бермай гуноҳ қилаверадиганлар каби бўлишдан сақласин! Насиҳат қилиш биздан бошланган ва биздан чиққан, эй сен, бу гапинг билан нимани ният қилган эдинг? Аллоҳга қасам ич, сен бу сўзинг билан Аллоҳни демадинг, сен фақат айтган сўзи (насиҳати) учун жазоланди ва унга сабр қилди, дейишлари учун шундай дединг. Бу сўзларни айтувчиси тарафидан беҳурмат қилиндим, бу учун Аллоҳдан савоб кутаман. Мен уни кечирдим, эй одамлар, сиз бунақа иш қилманг”, деди ва “ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу”, деб хутбани давом эттириб, худди қоғоздан ўқиётгандек гапириб кетди”.
Мансур ўз ўғли Махдига дебди: “Эй Абу Абдуллоҳ, халифа тақво билан, ҳукмдор итоат билан, раият адолат билан ислоҳ бўлади. Жазолашга қодир киши кечирса ярашади, энг ақлсиз одам ўзидан кучсизга зулм қилади”.
У дебди: “Ўйлаб кўрмагунча ҳеч бир ишга киришма, чунки оқил учун тафаккур кўзгудир, унда яхши-ёмонни кўрадир.
Эй болам, неъматни шукр билан, куч-қудратни афв этиш билан, итоатни яқинлаштириш билан, ғалабани камтарлик ва раҳм- шафқат билан сақлагин”.
Муборак ибн Фазоладан ривоят: “Мансурни ҳузурида эдик, бир кишини чақиртирди ва қилич келтиришга буюрди. Мен шунда: “Эй амиралмўминин, мен Ҳасандан эшитганман, Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом: “Қиёмат куни Аллоҳдан бир жарчи чиқиб, ажрини Аллоҳнинг ўзидан олиши лозим бўлганлар турсин дейди, шунда фақат кечирганлар туради”, деган эканлар. Шунда Мансур, “Уни қўйиб юборинглар”, деди”.
Асмаийдан ривоят: “Мансурнинг ҳузурига бир кишини жазолагани келтиришди. Шунда у деди: “Эй амиралмўминин, қасос олмоқ - адолатдан кечириб юбормоқ - олийжанобликдан, сизни шу иккисидан ёмонини танлашдан Аллоҳ Ўзи асрасин”, деган эди, уни қўйиб юборди”.
Яна Асмаий айтади: “Мансур Шомда бир аъробийни учратди ва унга деди: “Эй аъробий, Аллоҳга шукр қилгин, биз ахди байтнинг ҳокимияти туфайли сизлар вабодан қутулдингиз”. У деди: “Сифатсиз молни сотиб, яна тарозидан ҳам урса нима бўлади? Аллоҳ ҳокимиятингиз устига вабони қўшиб берса бўлмасди-да”, деган экан”.
Муҳаммад ибн Мансур Бағдодийдан ривоят: “Зоҳидлардан бири Мансурга деди: “Аллоҳ сенга дунёни барини бериб қўйибди, энди сен шуни озгинаси биланўз жонингни қутқариб қол! Қоронғу қабр зулматини ўйла, унда бўладиган азоб- уқубатларни эсга ол!” Мансур жим бўлиб қолди. Кейин унга эҳсон қилишни буюрди. У эса, “Эҳсонингга муҳтожбўлганимда насиҳат қилмасдим”, деди”.
Абдуссалом ибн Ҳарбдан ривоят: “Мансур Амр ибн Убайдни чақиртириб унга эҳсон қилишларини буюрди. У эса олишни хоҳламади.
Мансур:
- Аллоҳга қасам оласан! - деди.
- Аллоҳга қасам, олмайман.
Шунда Махди:
- Амиралмўминин қасам ичиб қўйдилар ахир, - деди.
- Қасам каффоратини тўлаш амакингга қараганда амирал-мўмининга осонроқ, - деди у.
Мансур:
- Ҳожатингни сўра! - деди.
- Ўзим келмагунча чақирмасанг, ўзим сўрамагунимча бермасанг, дегандим.
- Мана буни валиахд қилганимни билдингми?
- Бўладиган иш бўладиган куни бўлади, унда сен ўзинг билан бўлиб қоласан”, дедилар”.
Абдуллоҳ ибн Солихдан ривоят: “Мансур Басра қозиси Саввор ибн Абдуллоҳга мактуб йўллаб, унда палончи лашкарбоши билан палончи савдогар ўртасида талашилаётган ерни лашкарбошига олиб бер, деб ёзди. Саввор: “Мен далил бўйича ер савдогарга тегишли эканлигини аниқладим, шунинг учун далилсиз мен ундан ерни ололмайман”, деб жавоб қайтарди. Мансур: “Ўзидан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, уни лашкарбошига олиб берасан”, деди. Саввор ҳам унга: “Ўзидан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, ноҳақ мен уни лашкарбошига олиб беролмайман!” - деди. Бу хат келгандан кейин Мансур деди: “Аллоҳга қасам ичиб айтаман, (аниқ бўлди) адолат ўрнатибман, қозиларим мени ноҳақликдан қайтара оладиган бўлишибди”.
Бир ривоятда келадики, Мансурга Савворни ёмонлашди. Мансур уни чақиртиради. Ўтиришганда Мансур аксиради. Саввор индамайди. “Нимага жим турибсан, тилак (ташмит) билдирмайсанми?” деса, “Сен алҳамдулиллоҳ демадинг-ку”, дейди. “Ичимда айтдим”, дейди Мансур. “Мен ҳам ичимда айтдим”, дейди Саввор. “Бор, ишингни давом эттиравер, менгаки ён босмадинг, бошқаларга ҳам ён босмайсан”, деди Мансур шунда”.
Намир Маданийдан ривоят: “Мансур Мадинага келди. У ерда Муҳаммад ибн Имрон Толҳий - қози, мен эса унинг котиби эдим. Туябоқарлар Мансурнинг устидан бир иш бўйича шикоят қилдилар. Толҳий унга келиб шикоятга жавоб бериши кераклиги ҳақида хат ёзиб юборишимни буюрди. Мен қўя қолайлик буни дедим. У кўнмади. Ноилож мактубни ёзиб муҳр босдим. Аллоҳ ҳаққи, сендан бошқа ҳеч ким хатни унга етказолмайди, деди у яна. Мен уни Рабеъга олиб бориб бердим. У Мансурнинг олдига кириб чиққач, одамларга, амиралмўминин айтдиларки, “Мени маҳкамага (судга) чақиртиришди, у ерда мен билан ҳеч ким бўлмасин”. Кейин у ва Рабеъ келишди. Қози ўрнидан турмади, ридосини ечиб, бошига ташлаб олди-да, ўтираверди ва даъвогарларни чақиртирди, улар даъволарини билдиришди. Шундан кейин уларнинг фойдасига, халифанинг зарарига ҳукм чиқарди. Мансур мажлисдан кейин қозига деди: “Динингни тутишингга Аллоҳ ажри азимлар берсин. Мен сенга ўн минг динор беришларини амр қилдим”.
Муҳаммад ибн Ҳафс Ажалий деди: “Абу Далома қизлик бўлади. Эрталаб бориб бу ҳакда Мансурга айтади. Кейин Абу Далома бир халтача чиқарган эди, Мансур: “Бу нима?” деди, “Бу сен берадиган нарсани солишга”, деди у. “Дирҳамга тўлдиринглар буни”, деди шунда у. Унга 2000 дирҳам кетди”.
Муҳаммад ибн Салом Жамаҳий айтади: “Мансурдан сўрашди: “Дунёда сен тотмаган лаззат қолдими?”. У эса, “Бир нарса қолди:
дарё бўйида ўтирсам-у атрофимда муҳаддислар ҳозир бўлишса ва хаттот: “Аллоҳни раҳмати бўлсин сизга, ким дедингиз?” деб турса”. Эртаси эрталабдан надимлар ва вазирларнинг фарзандлари қоғоз-қаламлар билан ҳозир бўлишди. “Мен айтган сизлар эмас. Улар кийимлари уринган, оёқлари ёрилган, сочлари ўсган, улар жаҳонгашта, улар ҳадис нақл қилувчилардир”, деди у”.
Абдуссамад ибн Али Мансурга деди: “Сен жуда кўп жазолай-санки, гўё афв нималигидан бехабарсан”. Мансур: “Чунки Марвонийларнинг найзалари қуриб улгурмади, Абу Толиб авлодининг қиличлари ҳали қинига кирмади ва биз кечагина оддий одамлар қаторида юрганимизни, бугун эса халифа бўлиб қолганимизни кўрган одамлар орасидамиз, энди уларнинг қалбларида ҳайбатимиз ўрнаши учун афвни унутиб, жазони тўхтатмаслигимиз керак”.
Юнус ибн Ҳабиб деди: “Зиёд ибн Абдуллоҳ Ҳорисий Мансурга ўз маоши ва улушини оширишини сўраб хат ёзди. Хатни жуда муболағали қилиб ёзди. Мансур унга шундай жавоб қайтарди. “Билгинки, бойлик ила сўзга моҳирлик бир кишига оғирлик қилади, бу уни кеккайтириб юборади. Амиралмўминин сенга буни раво кўрмайди. Шунинг учун сен нотиқлик билан кифояланиб турақол”.
Муҳаммад ибн Саломдан ривоят: “Мансурнинг жорияси унинг кўйлагидаги ямоқни кўриб деди: “Халифанинг кўйлагида ямоқ бўлса-я!”
- Эй нодон! Ибн Хармани ушбу сўзини эшитмаганмисан: “Баъзан ридоси эски, чўнтаги ямоқ йигит шону шарафни қўлга киритади” (Бари Ибн Асокирдан олинган).
Аскарий “Авоил”да дебди: “Мансур Аббосийларда хасислик жиҳатидан ҳудди Бани Умайядаги Абдулмаликка ўхшайди. Бир одам унинг эгнидаги ямоқ кўйлакни кўриб: “Ё қудратингдан, Абу Жаъфарни подшоҳлик ҳолида фақирликка гирифтор қилиб қўйибди-я!” -деган экан. Силм (бошқа манбаларда Муслим) деган туякаш Мансур минган туяни ухдия (туяни тезлатишга айтиладиган қўшиқ) айтиб ҳайдайди. Мансур роса берилиб кетиб, ҳатто туядан йиқилишига оз қолади ва унга ярим дирҳам беради. “Мен Ҳишомни туяда айлантирганимда ўн минг дирҳам берган эди”, дейди у шунда. “Байтул молдан шунча пулни сенга беришга ҳаққи йўқ эди. Эй Рабе, бу билан бориб ўша пулларни олиб келинглар”, дейди Мансур. Бунга одамлар ўртага тушиб текинга обориб келиш эвазига туякашни озод қилишга уни зўрға кўндиришади. (Мансур ҳажга кетаётган бўлади)”.
Аскарийнинг “ал-Авоил”китобида: “(шоир) Ибн Ҳарма ароқни жуда яхши кўрар эди. У Мансурнинг ҳузурига кириб унинг шаънига ушбу байтларни айтди:
Тахтининг у томонидан бу тамонига ўтадиган лаҳзалари бор, ўтса бирида жазо, бирида мукофот бор. Омонлик берсанг она ёмонликдан омон қолади, жазоласанг, она боласидан айрилади...
Мансурга шеър жуда ёқади ва тила тилагингни, дейди. У: “Мадинадаги ҳокимингга айтсанг, мени маст ҳолда топса дарра урмасин!” Мансур: “Аллоҳнинг жазосини бекор қилолмайман”, дейди. Ибн Ҳарма: “Мен учун бир йўлини топасан-да энди”, дейди. Шунда Мансур ўз ҳокимига: “Биров маст ҳолдаги Ибн Ҳармани ҳузурингга олиб борса, унга юз дарра, Ибн Ҳармага эса саксон дарра ур”, деб ёзиб юборади. Авн (ҳоким) маст ҳолдаги Ибн Ҳармани кўрганда: “Ким ҳам саксон даррага юз даррани сотиб олади”, дерди-да, ёнидан ўтиб кетаверарди. У деди: “(Аскарий) Мансур бу гал унга ўн минг дирҳам беради ва дейди: “Эй Иброҳим, буни эҳтиёт қил, зеро, бизда бошқа сенга берадиган бунақа пул йўқ!” Ибн Ҳарма: “Мен сенга уни Сирот устида алломалар муҳри билан бекаму кўст қайтараман”.
Абдурраҳмон ибн Зиёд ибн Анъим Ифрийқий дебди: “Халифа бўлишидан илгари Абу Жаъфар Мансур билан бирга дарс ўқирдик. Бир куни у мени уйига олиб кирди ва олдимга гўштсиз таом келтирди. Сўнг деди: “Эй жория, бирор ширинлигинг борми?” “Йўқ”, деди у. “Хурмо ҳам йўқми?” “Йўқ”, деди жория.
Сўнг узала ётиб шу оятни ўқиди: “Асо роббукум ай ю‘ҳлика адуввакум” (шоядки Аллоҳ душманларингизни ҳалок этса). Кейин халифа бўлгач, кўргани борганимда, “Бани Умайянинг хукмронлиги қандай эди-ю, меники қандай?” деб сўради. Мен дедим: “Улар ҳукмронлигида қандай жабр-ситамни кўрган бўлсам, сенинг ҳокимиятингда ҳам худди ўшани кўряпман”. У деди: “Ахир биз ўзимизга тарафдорлар тополмаяпмиз (шунинг учун бераҳмлик қилаяпмиз, демоқчи)”. Мен дедим: “Умар ибн Абдулазиз дебди: “Подшоҳ мисоли бозор кабидир. Бозорга (мол, пул) сарфлагани олиб келадилар. Яхши бўлса яхши, ёмон бўлса ёмон нарсаларини олиб келадилар”. Бошини эгиб жим бўлиб қолди. (Яхши бўлганингда ҳамма қўшиларди демоқчи)”.
Мансурнинг сўзларидан: “Подшоҳлар шу уч нарсадан бош-қасини кўтарадилар: сирни фош қилиш, ҳарамга кўз олайтириш, подшоҳликдан айб қидириш” (Ас-Сувлий ривояти).
Душманинг сенга қўл чўзганда имкон бўлса кесиб ташла, бўлмаса ўп (Ас-Сувлий ривояти).
Яъқуб ибн Жаъфар деди: “Мансурнинг заковатига далолат қилувчи бир воқеа: “У Мадинага келганда Рабе (эшик оғаси) га: “Менга саҳобаларнинг уйларини кўрсатадиган одам топ”, дейди. Юборган одами келиб унга уйларни кўрсатиб таништира бошлайди. Лекин Мансур сўз бошламагунча у сўз бошламас эди. Кетаётганда унга минг дирҳам беришларини буюрди. У киши Рабедан пулларни сўради. У эса менга ҳеч нарса демади, дейди. Яқинда яна чиқади, шунда эслатгин дейди. Кейинги гал яна таништиради. Бироқ эслатишга фурсат бўлмайди. Кетадиган пайтда ҳалиги киши сўз бошлаб деди: “Эй амиралмўминин, бу Отиканинг уйи, Аҳвас у ҳақда шу шеърни айтган:
Эй, мен душманлардан яшириниб кириб
оладиган Отиканинг уйи, сенга юрагимни ишонганман...
Сўзни у бошлагани Мансурга ёқмай уни тўхтатди, лекин қасидани ичида ўзи давом эттирди, қараса, унда ушбу сўзлар бор экан:
Сени ўз сўзини устидан чиқадиган одам деб биламан
баъзилар оғзини кўпиртириб цилмайдиган ишини қиламан, дейди.
Шундан кейин Мансур кулди-да, “Эҳ, сени қара Рабе, - деди-да, - минг дирҳам бериб юбор унга”, деди” (Ас-Сувлий ривояти).
“Мансур ўз аъёнларига ичкилик ичиб ё қўшиқ эшитиб кўринган эмас. Ўртада парда бўлган. Парда билан аъёнларнинг орасида 20 газ масофа бўлган. Пардадан Мансургача ҳам 20 газ бўлган. Аъёнларга (надимларга) кўриниб ўтириш Бани Аббосда Маҳдидан бошланди”.
Ас-Сувлий Яъқуб ибн Жаъфардан ривоят қилади: “Мансур Ямома ва Баҳрайндаги ўз ҳокими Қусам ибн Аббос ибн Абдуллоҳ ибн Аббосдан (саҳоба Қусам ибн Аббос эмас) “Қусам” нима? Нимадан олинган?” деб сўради. “Билмайман”, деди у. Мансур: “Билмайсанми, исминг Ҳошимийлар исми-ку! Аллоҳ ҳаққи, сен билимсиз экансан”. “Амиралмўминин лозим топсалар айтиб берадилар”, деди Қусам. “Қусам - бирор нарсани ёрмоққа айтилади”, деди у”.
Ривоят қилишларича, Мансурни пашша талаб жонига тегибди. Шунда Муқотил ибн Сулаймонни чақиртириб, ундан пашшалар нима учун яратилган деб сўрабди. Золимларни хорлаш учун дебди у”.
Муҳаммад ибн Али Хуросоний деди: “Мунажжимларни ўзига яқинлатган ва юлдузлар ҳукмига амал қилган биринчи халифа Мансур эди. Сурёний ва ажамлар тилидаги “Калила ва димна”, “Иқлидис” каби китобларни араб тилига биринчи бўлиб унинг учун ўгиришган. Лавозимларга арабларни қолдириб озод қилган қулларини тайинлаган халифа ҳам шу. Ундан кейин бу иш кўпайиб кетиб, натижада бошлиқлик ва лашкарбошилик арабларнинг қўлидан кетди. Аббос ва Али авлоди ўртасига тафриқа солган ҳам у. Бундан илгари улар бирга эдилар”.
Мансур ривоят қилган ҳадислардан: Ас-Сувлий деди: “Мансур ҳадис ва насаб илмида жуда билимдон эди. Уни излаб-топиш бўйича ҳам машҳур эди”.
Ибн Аббосдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламузукниўнгқўлларигатақарэдилар” “Дамашк, тарихи” китобида келтирган).
Ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Менинг аҳпи байтим мисоли Нуҳ кемасидур: унга тушган нажот топади. Қолиб кетган ҳалок бўлади” (Ас-Сувлий ривояти).
Ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кимки лавозимга тайинлаб улушини (ойлик, маош) белгилаганимиздан кейин ниманики уриб қолса, барчаси “ғалул”дир” (давлат, жамоа мулкидан ўғирланган нарса)” (Ас-Сувлий ривояти).
Ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аллоҳ айтяпти: “Куч-қудратим ва улуғлигим ҳаққи золимдан бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам интиқом оламан, мазлумни кўриб ёрдам беришга қодир бўлатуриб ёрдам бермагани учун албатта интиқом оламан” (Ас-Сувлий ривояти).
Ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Қиёмат куни менинг сабабим ва насабимдан бошқа ҳар қандай сабаб ва насаб бекор бўлади” (Ас-Сувлий ривояти).
(Мазкур хадисларнинг ровийлари силсиласидан Мансур ҳам ўрин олган.)
Мансурнинг даврида ўлганлардан: Ибн Муқаффа, Суҳайл ибн Аби Солиҳ, Ало ибн Абдурраҳмон, фақиҳ Холид ибн Язид Мисрий, Довуд ибн Абу Ҳинд, Абу Ҳозим Салама ибн Динор Аъраж, Ато ибн Абу Муслим Хуросоний, Юнус ибн Убайд, Сулаймон Аҳвал, мағозийлар соҳиби Мусо ибн Уқба, мўтазилий Амр ибн Убайд, Яҳё ибн Саид Ансорий, Калбий, Абу Исҳоқ, Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ, Аъмаш, Макка қориси Шибл ибн Убод, фақиҳ Муҳаммад ибн Ажалон Маъданий, Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Аби Лайло, Ибн Журайж, Абу Ҳанифа, Ҳажжож ибн Арто, Ҳаммод Ровия, шоир Руъба, Жаририй, Сулаймон Тамимий, Осим Аҳвал, Ибн Шибрима Зобий, Муқотил ибн Ҳиббон, Муқотил ибн Сулаймон, Ҳошим ибн Урва, Абу Амр ибн Ало, Ашъаб Таммў, Ҳамза ибн Ҳабиб Зайёт, Авзоий ва бошқалар.
Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан