close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сиффин жанги

Шомда Умар розияллоҳу анҳу давридан буён Муовия ибн Абу Суфён волий эди. Шом аҳолиси унга итоат этар ва ундан бошқани ўзларига волий бўлишини хоҳламас эди. Шунинг учун Ибн Савдо бу ерда ўз гуруҳини шакллантира олмади. Халифа Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан кейин Муовия розияллоҳу анҳу жиноятчилар жазо олмагунича янги халифага байъат қилмасликка қарор қилди. Шунинг учун Али розияллоҳу анҳу Басрадаги ишлар изига тушгач, Шом юришига тайёргарлик кўриш учун 656 йилнинг охирларида Куфага борди.

Али розияллоҳу анҳу Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуни элчи қилиб жўнатиб, Муовия ибн Абу Суфёндан байъат беришини талаб қилди. Бироқ Шом волийси элчига ҳеч қандай жавоб бермади. Халифа бир неча марта элчи жўнатсада, ҳеч қандай натижага эришилмади. У кишининг атрофидагилар тезроқ юришни бошлашни хоҳлар эди. Шундан кейин Али розияллоҳу анҳу Шомга юриш бошлашга қарор қилди. Ироқ қўшинининг ҳаракатини билган Муовия розияллоҳу анҳу ўз қўшинини тайёрлаб Фурот дарёси бўйидаги Сиффин пасттекислигига жойлаштирди. Али розияллоҳу анҳу ҳам қўшин билан Сиффинга етиб келди.
Икки қўшин уруш қилиш ёки қилмаслик масаласида бир неча ой баҳслашди. Улар сулҳ тузиш масалани ҳал этади деб ҳисоблар эди. Бироқ сулҳ тузишнинг имкони бўлмади. Натижада Шом ва Ироқ қўшини ўртасида уруш бошланди. 657 йилда бўлиб ўтган бу жанг “Сиффин жанги” деб ном олди.
Ироқ қўшини ғалабага эришишига оз фурсат қолганда, Шом аскарлари найзаларнинг учига Қуръон саҳифаларини боғлаб, баланд кўтардилар. Улар Аллоҳ таолонинг китобини ҳакам қилишни талаб этдилар(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ислом тарихи, биринчи китоб. - Т: Ҳилол нашр, 2017. - Б. 492.). Шундан сўнг Али розияллоҳу анҳу қўшини ўртасида ихтилоф юзага келди. Уларнинг баъзилари урушни тухтатиб ҳакамликни қабул қилиш кераклигини айтдилар. Баъзилари эса ҳакамликни ҳийла деб ҳисоблаб, урушни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар. Али розияллоҳу анҳу ҳам иккинчи фикр тарафдори эди. Бироқ Ашъас ибн Қайс бошчилигидаги биринчи гуруҳ кўпчилик эди. Уларнинг талаби билан уруш тўхтади.

С.Умматалиевнинг
"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase