close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Хайбар ғазоти

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрий еттинчи йилнинг Муҳаррам ойи охирларида Хайбарга юриш қилдилар. Хайбар Мадинанинг шимолидан юз мил узоқликда жойлашган Шом тарафдаги катта шаҳардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрий еттинчи йилнинг Муҳаррам ойи охирларида Хайбарга юриш қилдилар. Хайбар Мадинанинг шимолидан юз мил узоқликда жойлашган Шом тарафдаги катта шаҳардир.
Бу ғазотда мусулмонлар ҳам отлиқлар, ҳам пиёдалар бўлиб бир минг тўрт юз киши эдилар. Хайбарга етиб келгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Тўхтанглар", дедиларда, сўнг: "Эй осмонлар ва уларнинг соясидаги нарсаларнинг Парвардигори, эй ерлар ва улар кўтариб турган нарсаларнинг Парвардигори... Албатта биз Сендан бу қишлоқнинг, унинг аҳлининг ва ундаги барча нарсанинг яхшилигини сўраймиз ва бу қишлоқнинг, унинг аҳлининг ва ундаги бор нарсанинг ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Оллоҳнинг номи билан юришни бошланглар", дедилар.
Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қавм устига ғазот қилиш учун борсалар, тонг оттунга қадар кирмай турардилар. Агар тонгда азон овозини эшитсалар қайтиб кетар, эшитмасалар, уларнинг устига бостириб кирар эдилар. Бу сафар ҳам Хайбар яқинида тунаб, у ерга эртасига кирган эдилар ва Хайбар деҳқонларига дуч келдилар. Улар кетмон, ўроқ каби иш қуроллари билан экинзорлари томон кетаётган эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўришлари билан "Муҳаммад билан унинг лашкари", деб қичқириб, ортларига қочишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Хайбар хароб бўлибди, биз қачон бир қавм майдонига тушсак, огоҳлантирилганларнинг тонги нақадар ёмон бўлибди", дедилар.
Ибн Саъд айтди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга ваъз-насиҳат қилганларидан кейин аҳли Хайбар билан жанг бошланди. Улар қўрғонларига яшириниб олишган эди. Мусулмонлар қўрғонларни бирин-кетин ишғол қила бошладилар, фақат Ватих ва Сулалим номли икки қўрғонни ишғол қилиш оғир кечди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у икки қўрғонни ўн кундан ортиқроқ қамалда ушлаб турдилар".
Аҳмад, Насоий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким Бурайда Ибн Хотибнинг қуйидаги ҳадисини ривоят қиладилар: "Хайбарда жанг байроғини Абу Бакр розияллоҳу анҳу олди. У киши фатҳ қилолмай қайтди. Эртасига байроқни Умар розияллоҳу анҳу олди. У киши ҳам фатҳ қилолмай ортига қайтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Эртага Оллоҳ ва Расулини севадиган, Оллоҳ ва Унинг қули билан фатҳ қиладиган кишига байроқни бераман", дедилар. Ўша куни кечаси саҳобалар байроқ кимга берилиши мумкин деган саволга жавоб излаб чиқишди. Тонг оттач, барчалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келишди (Ҳамма ўзича байроқ менга берилса эди, деб умид қилар эдилар). Шунда у зот: "Али ибн Абу Толиб қаерда?" дедилар. Саҳобалар: "У кишини кўзлари оғрияпти", дейишди. У зот: "Унга одам юборинглар", дедилар. Али келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кўзларига туфлаб, дуо қилдилар. Шу заҳоти Али розияллоху анҳу аввал касал бўлмагандек, тузалиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқни Алига бердилар. Шунда Али розияллоҳу анҳу: "Эй Расулуллоҳ, улар билан то биз каби (яъни, мусулмон) бўлтунларича уришаман", деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Уларнинг майдонига шошилмай тушиб, уларни Ислом динига даъват қил, Оллоҳнинг ҳақларини уларга тушунтир. Бас, Оллоҳ номига қасамки, Оллоҳ таоло сен сабабли бир кишини ҳидоят қилиши сен учун водий тўла қизил туядан ҳам яхшироқдир", дедилар.
Сўнг Али розияллоҳу анҳу жанг қилиб, ҳақиқатан ҳам фатҳ унинг қўли билан бўлди. Мусулмонлар ўша қўрғонлардаги барча ўлжаларни қўлга киритдилар. Мазкур икки қўрғонни эса мусулмонлар қамал қилишда давом этдилар. Пировардида, қўрғон аҳли ҳалок бўлишга кўзлари етгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва садламдан уларни қамалдан чиқаришини, жонларини омон қўйиб, молларини олишини сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рози бўлдилар. Кейин улар у зотдан уларни Хайбардан чиқариб юбормасликни, балки шу ерда қолиб тирикчилик ва деҳқончиликларини давом эттиришларини, чиққан ҳосилнинг бир бўлаги ўзларига қолишини сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан шу нарса устида мувофиқ бўлиб, сулҳ туздилар, фақат уларга: "Лекин қачон сизларни бу ердан чиқариб юборишни истасак, чиқариб борамиз", деб қўшиб қўйдилар".
Ибн Исҳоқ айтди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уруш тугаб, хотиржам бўлгач, Салом ибн Мишкамнинг аёли Зайнаб бинти Ҳорис у зотга қовурилган қўй тўштини ҳадя қилди. У аёл аввалроқ одамлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйнинг қайси ерини суйиб истеъмол қилишларини сўраган, у зот қўйнинг қўлини яхши кўришлари айтилгач, айни ўша қисмига кўпроқ заҳар солиб, у зотнинг олдиларига олиб келиб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан бир тишлаб, ютмадилар. У зот билан бирга Бишр ибн Баро ибн Маърур ҳам бирга эди. У киши ҳам бир тишлаб ютиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туфлаб ташладилар. Сўнг: "Бу устихон менга ўзининг заҳарланган эканини айтяпти", дедилар. Кейин ҳалиги аёлни чақиртирган эдилар, у буни эътироф қилди. Шунда: "Сени бундай қилишга нима мажбур қилди?", деб сўраган эдилар. Аёл: "Қавмим тарафидан (сиз ҳақингиздаги) хабарни эшитгач, ўзимга-ўзим, агар пошшо бўлса ундан қутуламан, агар ростдан пайғамбар бўлса унга маълум қилинади, деб шу ишни қилдим", деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кечирдилар. Бишр эса ўша еган заҳарли луқмаси сабабли ҳалок бўлди".
Зуҳрий билан Сулаймон Таймийнинг таъкидлашларича, ўша аёл Исломга кирган. Бишрнинг қасоси учун уни ўлдирилганми, йўқми ҳақида ихтилофлар бор. Ибн Саъднинг ривоятига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлни Бишрнинг қариндошларига топширганлар, улар эса уни ўлдиришган. Лекин саҳиҳ ривоят Муслимнинг ривоятидир: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлга: "Оллоҳ сени мени ўлдиришга қодир қилмайди", дедилар. Саҳобалар: "Эй Расулуллоҳ, уни ўлдирмаймизми?", деганла-рида у зот: "Йўқ", дедилар".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар ўлжаларини мусулмонлар орасида, пиёдага бир улуш, отлиққа икки улуш қилиб тақсимладилар. Яҳудларнинг бошлиқларидан бўлган Ҳуйай ибн Ахтабнинг қизи София асирга олинган Хайбар аёллари орасида эди. София Исломга киргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни озод қилиб, унга уйландилар ва озод қилишларини унинг маҳри деб белгиладилар.

Шайх Рамазон Бутийнинг
"Фиқҳус-сийра - Сийратни англаш" китобидан
Зиёуддин Мансур, ҳафизаҳуллоҳ таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase