Зайнаб бинт Жаҳш ибн Риёб ибн Хузайма (р.а.). Расулуллоҳ аммаларининг қизи, аёлларидан бири, «мўминларнинг онаси» деган рутба соҳибаси. Исломга киргунга қадар исми «Барра» бўлгани ривоят қилинади. Зайнаб исмини унга Пайғамбаримиз берганлар. Куняси Уммул-ҳакам.
Манбаларда Зайнаб (р.а.) ҳижратдан 33 йил олдин, яъни милодий 590 йили Бану Асад уруғида дунёга келгани қайд этилади.
Отаси Жаҳш ибн Риёб ибн Яъмар ибн Собра ибн Мурра ибн Кабир ибн Ғанм ибн Асад, Қурайшнинг саййиди Абдулмутталибнинг куёви. Ибн Хузаймада насаби Расулуллоҳнинг насаблари билан туташади.
Онаси саҳобия Умайма бинт Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра, Расулуллоҳ (алайҳис-салом)нинг аммалари.
Зайнаб бинт Жаҳш (р.а.) исломни қабул қилган илк аёллардан бири ҳисобланади. Мадина ҳижратидан сўнг Зайнаб бинт Жаҳш (р.а.) Расулуллоҳ (алайҳис-салом)нинг тавсиялари билан, дастлаб буюк саҳобий Зайд ибн Ҳориса (р.а.)га турмушга чиқади. Ривоятларда келтирилишича, Қурайш зодагонларидан чиққан гўзал Зайнаб бинт Жаҳш қуллардан чиққан Зайд билан турмуш қуришни истамайди ва Пайғамбар (алайҳис-салом) га эътироз билдиради. Муфассирлар мазкур муносабат билан «Аҳзоб» сурасининг 36-ояти нозил бўлганига иттифоқ қилганлар:
«Аллоҳ ва унинг пайгамбари бир ишни ҳукм қилганда - ҳеч бир мўмин ва мўминага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир. Кимки Аллоҳ ва Унинг пайгамбарига итоатсизлик қилса, бас, у аниқ залолат билан йўлдан озибди».
Шундан сўнг Зайнаб (р.а.) бу никоҳга розилик берди. Бироқ мазкур никоҳ узоқ давом этмайди. Кўп ўтмай Зайд ибн Ҳориса Зайнаб (р.а.)га талоқ беради. Идда вақти ўтгач, ҳижратнинг бешинчи йилида, Аллоҳ таолонинг амрига кўра Расулуллоҳнинг ўзлари Зайнаб бинт Жаҳшга уйланадилар. Мазкур никоҳ мусулмонларга бировлар фарзандига ўз насабини бериш - «табанний»нинг тақиқланиши сифатида амалга ошди. Маълумки, Зайд ибн Ҳориса (р.а.)ни Пайғамбар (алайҳис-салом) озод қилган ва ўзларига ўғил қилиб олган эдилар. Ҳаттоки, одамлар уни Зайд ибн Муҳаммад деб ҳам аташарди. Бу нарса ҳаром қилингач, Аллоҳ таоло боқиб олинган фарзанд ҳеч қачон кишининг ўз фарзанди бўла олмаслигини Уз Расули мисолида ибрат қилиб кўрсатди:
«(Эй, Муҳаммад!) Эсланг, Аллоҳ ва Сиз (неъматларни) инъом этган кишига (Зайд ибн Ҳорисага): «Жуфтингни ўзингда сақла (талоқ қилишга шошма)! Аллоҳдан қўрққин!», - деб, Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизда яширган эдингиз ва Аллохдан қўрқишга ҳақлироқ бўлган ҳолингизда, Сиз одамлардан (таъналаридан) қўрққан эдингиз. Бас, Зайд ундан (Зайнабдан) ҳожатини адо этгач (уни талоқ қилгач), Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо этишгач (талоқ қилишгач), уларга (уйланишларида) қийинчилик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Аллоҳнинг амри эса бажарилувчидир» (Аҳзоб, 37).
Мазкур оят орқали Зайнаб бинт Жаҳшни Пайғамбар (алайҳис-салом)га Аллоҳ таолонинг ўзи никоҳлаб қўйгани маълум бўлади.
Муаррихлар Зайнаб бинт Жаҳшнинг Расулуллоҳга турмушга чиқишлари ҳикматларидан бири сифатида «тўсилиш ояти»нинг нозил бўлишини эътироф этишади.
«Эй, имон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирор таомга чақирилсагина кирингиз! (Ўшанда ҳам) унга эришишга кўз тутиб турмангиз, балки чақирилганингизда кирингиз ва таомдан сўнг гапга берилиб кетмай, тарқалингиз! Зеро, бу Пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан ийманар. Аллоҳ ҳақ (гап) дан тортинмас. Қачонки, сизлар улардан (пайғамбар аёлларидан) бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўрангиз! Мана шу сизларнинг дилларингиз ва уларнинг дилларига нисбатан ҳам тозароқ (иш)дир. Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва ундан кейин аёлларига уйланишингиз асло мумкин эмасдир. Чунки бу Аллоҳ наздида улкан (гуноҳ)дир» (Аҳзоб, 53).
Мадинага ҳижрат бошланганида Зайнаб бинт Жаҳш (р.а.) биринчилар қаторида йўлга чикди. «Тоиф», «Хайбар» ғазотларида ва «Видо ҳажи»да эса, Расулуллоҳ билан бирга бўлган.
Пайғамбар (алайҳис-салом) Зайнаб (р.а.)нинг кўп намоз ўқиши, рўза тутиши, тасбеҳ ва салавот айтишини эътироф этганлар. Бу ҳақда Имом Муслим ҳадис ривоят қилган:
«Расулуллоҳ Умар ибн Хаттобга: «Зайнаб бинт Жаҳш «аввоҳа»дир» дедилар. Бир киши «Ё Расулуллоҳ! Аввоҳа нима дегани?», деб сўради. У Зот «Хушуъ ва тазарруъ ҳилувчидир. Аллоҳ таоло: «Албатта, Иброҳим ҳалим, серқайғу ва сертавбадир» (Худ, 75), деган», дедилар.
Манбаларда Пайғамбар (алайҳис-салом) Зайнаб (р.а.)ни яхши кўрганлари, Зайнаб (р.а.) ҳам У зотни икром қилиб, ҳар келишларига ичишлари учун асал тайёрлаб қўйиши қайд этилади. Мазкур ҳол Расулуллоҳнинг бошқа завжалари Оиша ва Ҳафса (р.а.)лар рашкини келтирар эди. Бир куни икковлари Расулуллоҳ Зайнабнинг уйидан келишлари билан «Огзингизданбадбўйҳидкелмоҳда, нимаедингиз?», дейишга келишиб оладилар. Шу орқали Пайғамбар (алайҳис-салом) ни Зайнабдан ва у берган асалдан совутмоқчи бўладилар. Бадбўй ҳидни ёқтирмайдиган Пайғамбар (а.с.) бироз қизишиб: «Асал егандим», дейдилар ва бундан кейин асал емасликка қасам ичадилар. Шунда Қуръони каримдаги «Таҳрим» сурасининг аввалги оятлари нозил бўлган.
«Эй, Пайғамбар! Нега хотинларингизнинг розилиги-ни истаб, Аллоҳ Сиз учун ҳалол қилган нарсани (асални) ҳаром қилиб олурсиз! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир» (Таҳрим, 1).
Оиша (р.а.) айтадилар: «Расулуллоҳнинг аёллари орасида менга тенглашмоқчи бўладиган Зайнабдан кўра дини яхши, Аллоҳга тақво қилувчи, тўғрисўз, силаи раҳм қилувчи, кўп садақа берувчи ва Аллоҳга муқарраб этадиган амалларга ўзини бағишлайдиган аёлни кўрмадим».
Зайнаб бинт Жаҳш (р.а.) хулафои рошидунлардан Абу Бакр ва Умар (р.а.) даврларини кўрган. Ҳазрати Умар унга йилига ўн икки минг дирҳам нафақа тайинлаганлар. Сийра китобларида Зайнаб бинт Жаҳш мазкур нафақанинг барчасини садақа қилиб юбориши ривоят қилинган.
Оиша (р.а.)дан ривоят қилинади: «Набий (алайҳис-са-лом) «Менга кўли энг узунингиз эргашади», деб айтдилар (яъни мендан сўнг биринчи бўлиб вафот этади). Набий (алайҳис-салом)дан сўнг бирортамиз уйида йиғилиб қолсак, қўлларимиз узунлигини ўлчаб кўрар эдик. Биз бу ишни Зайнаб бинт Жаҳш вафот этгунига қадар қилдик. У кичкинагина аёл бўлиб, энг узунимиз эмас эди. Аллоҳ уни раҳматига олсин. Шундагина биз Набий (алайҳис-салом) «қўли узун» деганда садақани назарда тутганларини тушундик.
Ҳадис китобларида ундан 11 та ҳадис ривоят қилинган.
Зайнаб бинт Жаҳш (р.а.) Умар ибн Хаттоб (р.а.) халифалик даврида, 20/641 йили Мадина шаҳрида вафот этди. Зайнаб бинт Жаҳш (р.а.) Расулуллоҳдан сўнг вафот этган илк аёллари бўлди. Жанозасини Умар ибн Хаттоб (р.а.) ўқиб, Бақиъ қабристонига дафн этилди.
"101 улуғ саҳобий" китобидан