Хайбар фатҳ этилиб, уруш ҳаракатлари тинганидан сўнг яҳудийлардан Саллом ибн Мишкамнинг хотини Зайнаб бинт Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қовурилган қўй гўшти келтирди. Аввал у зот қўйнинг қайси бўлагини суюб ейишларини сўраб-суриштириб, қўлини яхши кўришларини билгач, ўша қисмига кўпроқ заҳар қўшди, бошқа жойларини ҳам заҳарлаб, кейин у зотга олиб келиб, олдиларига қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўштнинг қўл қисмидан олиб, тишладилар. Уни чайнаб кўриб, ютмасдан чиқариб ташладилар ва: «Бу суяк менга ўзининг заҳарли экани ҳақида хабар бермоқда», дедилар. Кейин ҳалиги аёлни чақиртирдилар. У эътироф этди. Ундан: «Нега бундай қилдинг?», деб сўраган эдилар:
«Агар подшоҳ бўлса, ундан қутуламан. Агар пайғамбар бўлса, унга хабар берилади, дедим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни афв этдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида Бишр ибн Бароъ ибн Маърур исмли саҳоба ҳам бор эди. У ҳам ўша гўштдан бир тишлам еб, ютиб юборган эди, шунинг таъсиридан вафот этди.
Ривоятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлни кечирганлари ё қатл қилдирганлари ҳақида ихтилофлар бор. Уларнинг хулосаси шуки, аввал уни кечирган эдилар. Кейин Бишр вафот этгач, унинг қасосига аёлни қатл қилдирдилар (Қаранг: Зодул маод: 2/139, 140, Фатҳул Борий: 7/497. Ушбу қисса Бухорий (1/449, 2/610, 860) ва Ибн Ҳишомда (2/337, 338) муфассал ва мухтасар шаклда ривоят қилинган).
Хайбардаги жангларда ҳар икки тарафдан берилган қурбонлар сони Хайбарда бўлиб ўтган жангларда мусулмонлардан жами 16 киши шаҳид бўлди. Улардан тўрттаси муҳожирлардан, бир киши Ашжаъдан, бир киши Асламдан, бир киши Хайбар аҳлидан
ва қолганлари ансорлардан эди.
Баъзи ривоятларда ушбу жангларда мусулмонлардан 18 киши шаҳид бўлгани айтилади.
Аллома Мансурпурий 19 кишини зикр қилади, сўнг: «Мен чуқур текшириб, 23 кишининг исмидан воқиф бўлдим, улардан биттасини фақат Табарий зикр қилган, яна биттасини фақат Воқидий зикр қилган, бир киши заҳарланган гўшт таъсирида вафот этган, яна бир кишининг Бадрда шаҳид бўлганми ёки Хайбарда экани ҳақида ихтилофлар бор, тўғрироғи у Бадрда шаҳид
бўлган», дейди.
Яҳудийлардан эса 93 киши ўлдирилди.
Ар-раҳиқ ал-махтум. Сафийюрраҳмон Муборакпурий