close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу

Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф ибн Қусой, ал-Умавий, Абу Абдурраҳмон, у ва отаси Макка фатҳи куни исломга кирганлар. Ҳунайн ғазотида қатнашганда у “муаллафа қулуб”лардан эди. Кейинчалик яхши мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бири эди. У орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 163 та ҳадис ривоят қилинган. Саҳобалардан: Ибн Аббос, Ибн Умар, Ибн Зубайр, Абуддардо, Жарир Бажалий, Нўъмон ибн Башир ва бошқалар у кишидан ҳадис ривоят қилганлар.

Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф ибн Қусой, ал-Умавий, Абу Абдурраҳмон, у ва отаси Макка фатҳи куни исломга кирганлар. Ҳунайн ғазотида қатнашганда у “муаллафа қулуб”лардан эди. Кейинчалик яхши мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бири эди. У орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 163 та ҳадис ривоят қилинган. Саҳобалардан: Ибн Аббос, Ибн Умар, Ибн Зубайр, Абуддардо, Жарир Бажалий, Нўъмон ибн Башир ва бошқалар у кишидан ҳадис ривоят қилганлар.
Тобеинлардан Ибн Мусаййиб ва Ҳумайд ибн Абдурраҳмон ундан ривоят қилган. Айёрлик ва мулойимлик каби сифатларга эга эди. Фазилатлари ҳақида ҳадислар келган. Бироқ уларнинг ишончлилари оз.
Термизий ҳасан ҳадис деб саҳоба Абдурраҳмон ибн Абу Умайрадан ривоят қилади: “Набий алайҳиссалоту вассалом Муовияга дебдурлар: “Эй бори Худоё, уни Ҳодиу Маҳди қилгин! (Ҳоди - ҳидоятга бошловчи, тўғри йўлни кўрсатувчи) Маҳди -ҳидоятни, тўғри йўлни топган)”
Аҳмад “Муснад”ида Арбод ибн Сориядан ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Аллоҳим! Муовияга ёзув ва ҳисобни ўргат ва азобдан сақла!”.
Ибн Аби Шайба “Мусаннаф”да, Табороний “ал-Кабир”да Абдулмалик ибн Умайрдан ривоят қилади: “Муовия деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Муовия, подшоҳ бўлганингда яхши бўл”, деганларидан бери халифа бўлишни орзу қилиб келаман”.
Муовия баланд бўйли, оқ танли, чиройли ва ҳайбатли одам эди. Умар уни кўрганда “бу арабларнинг Кисроси” дерди.
Алидан ривоят: “Муовиянинг ҳокимиятини ёмон кўрманг! Зеро, сиз ундан ажрасангиз, елкалардан каллаларнинг учишини кўрасиз”.
Мақбарий(муҳаддис, Мадина, тах. 743йилдавафотэтган) деди: “Сиз Муовияни унутиб Хирақл ва Кисроларнинг ақл-заковатига қойил қолиб, мақтаб юрасиз! Унинг мулойимлиги зарбулмасал бўлиб кетган. Ибн Абуддунё ва Абу Бакр ибн Осимлар Муовиянинг мулойимлиги ҳақида китоб ҳам ёзганлар”.
Ибн Авн (ҳадислар машҳур ровийси, 768 йилда вафот этган. Басра, Ироқ) деди: “Муовияга шундай дейдиган бир киши бўларди: “Валлоҳи (Аллоҳ ҳаққи), эй Муовия, ишни тўғри олиб борсанг бор, бўлмаса биз сени албатта тўғрилаб қўямиз”. Шунда: “Нима билан (қандай қилиб)?” - дерди.
- Ёғоч билан.
- Ундай бўлса тўғри бўламиз”, - деб қўярди Муовия”.
Абу Бакр Шомга аскар юборди, шунда Муовия акаси (укаси) Язид ибн Аби Суфён билан бирга борди. Язид ўлгач, ўрнига Муовияни Дамашқ ҳокими қилиб қўйди. Умар уни ўзгартирмади. Кейин Усмон ҳам уни ўзгартирмади ва бутун Шомни унга қўшиб берди. Шундай қилиб, 20 йил амир ва 20 йил халифа бўлиб турди.
Каъбул Аҳбор деди: “Бу умматга бирорта одам ҳеч қачон Муовиядек подшоҳ бўлолмайди”.
Заҳабий ёзади: “Каъб Муовия халифа бўлмасдан бурун вафот этган ва Каъбнинг гапи тўғри бўлиб чиқди. Чунки Муовия 20 йил халифалик қилган бўлса, ўзидан кейингиларга зид ўлароқ, ҳеч ким бирон ерда у билан ҳокимиятни талашмади. Ундан кейингиларнинг мухолифи бор эди ва баъзи ерлар уларнинг ҳукмронлигидан чиқиб кетди. Юқорида ёзилгандек, Муовия Алига бўйсунмади ва ўзини халифа деб атади. Кейинроқ Ҳасанга ҳам қарши чикди ва Ҳасан халифа бўлишдан воз кечди. Шундан кейин у 41 йилнинг рабиул охир ёки жумодул аввал ойидан халифаликни ўз қўлига олди. Барча уммат ягона халифа узра бирлашгани боис ўша йили “жамоат (иттифоқ) йили” деб аталди. Шу йили Муовия Марвон ибн Ҳакамни Мадинага волий қилди. 43 йили Сижистондаги Раххаж ва у ердаги бошқа шаҳарлар, шунингдек, Барқадаги Ваддон ва Судандаги Кур каби шаҳарлар фатҳ қилинди. Шу йили Муовия Зиёд ибн Абиҳини халифа қилиб тайинлади. Исломда Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг ҳукмлари ўзгартирилган биринчи масала мана шу бўлди”. Буни Саолабий (олим, тилшунос 1038 йилда вафот этган. Нишопур, Эрон) ва бошқалар таъкидлаганлар.
45 йили Қийқон фатҳ қилинди.
50    йили Қўҳистон куч билан фатҳ қилинди. Яна шу йили Муовия шомликларни ўз ўғли Язидга байъат беришга чақирди. Улар байъат беришди. Халифаликни биринчи бўлиб ўз ўғлига васият қилган ҳамда биринчи бўлиб соғлик вақтида уни васият қилган шу одам бўлади. Кейин Мадинадаги волийси Марвонга хат ёзиб унга ўғли учун халкдан байъат олишни буюради.
Марвон одамларга чиқиб: “Мўминларнинг амири сизларга Абу Бакр ва Умарнинг суннатига мувофиқ ўғли Язидни халифа қилиб қолдиришни маъқул кўрди”, дейди. Шунда Абдурраҳмон ибн Абу Бакр туриб: “Уларнинг эмас, Кисро ва Қайсарларнниг суннатига мувофиқ, чунки Абу Бакр ва Умар ўғилларига ёки оила аъзоларидан бирортасига халифаликни қолдиришмаган”, деди.
51    йили Муовия ҳажга боради ва у ўшанда ўғли учун байъат олади. Ибн Умарни чақиртириб шаҳодат айтгач, унга шундай дейди: “Эй Ибн Умар, сен менга “амирсиз (бошлиқсиз) бир кеча ҳам ўтказишни ёмон кўраман”, деган эдинг. Огоҳлантириб қўяй, мусулмонларнинг “асо”сини синдира кўрма, уларнинг ораларини бузма!
Шундан кейин Ибн Умар гапиради: “Аллоҳга ҳамду сано бўлсин, ахир сендан аввалги халифаларнинг ҳам ўғиллари бор эди. Сенинг ўғлинг уларнинг ўғилларидан ортиқ эмас, лекин улар сен қилган ишни қилишмади. Улар мусулмонларга яхши бўлади деб ҳисоблаган ишларини қилишди. Сен менга мусулмонлар “асо”сини синдирмаслигим кераклигини айтяпсан, мен шундай ҳам ундай қиламоқчи эмасман. Мен ҳам бир мусулмонман. Улар нимага келишса, мен ҳам шунга розиман”.
Муовия: “Аллоҳнинг раҳмати бўлсин сенга!” - деди.
Ибн Умар чиқиб кетди. Шундан кейин Абу Бакрнинг ўғлини чақиртириб келиб энди шаҳодат айтиб сўз бошлаганди, Абдурраҳмон унинг сўзини бўлиб: !Ўғлингни ишини ёлғиз ўзингга топширишимизни хохдайсан-да! Биз Аллоҳ ҳаққи бундай қилмаймиз! Аллоҳ ҳаққи, сен бу ишни (халифаликни) мусулмонлар маслаҳатлашувига (шурога) ҳавола қиласан, йўқ-са, бу ишинг ўзингга бало бўлади”, деди-да, ўрнидан туриб кетмоқчи бўлганда, Муовия: “Аллоҳим, Ўзинг мени бундан сақла деди-да, - эй инсон, ўзингни бос ва шомликлар кўзига кўринма! Чунки, оқшом мен уларга “у бизга байъат берди”, деб айтгунимча сени бир ёқлик қилиб қўйишмаса деб қўрқаман. У ёғига ўзинг биласан!” - деди.
Сўнг, Ибн Зубайрни чақиртириб, “Эй Ибн Зубайр, сен бир тешикдан чиқиб бошқасига кириб олаверадиган айёр тулкисан. Сен келиб бу икковларини қайрагансан, фикрларини бузгансан”, деди. Ибн Зубайр эса унга: “Ҳукмдорлик сени чарчатган бўлса, уни тарк эт! Биз эса дарҳол ўғлингга байъат берайлик. Ўзингга ҳам, ўғлингга ҳам байъат берсак, кимга итоат қилиб, кимга қулоқ соламиз. Иккингизга бирдан байъат бериб бўлмайди-ку ахир”, дейди. Сўнгра у кетади.
Муовия эса минбарга чиқади-да, Аллоҳга ҳамду сано айтгач, “Одамларнинг гапи нотўғрилиги бизга маълум бўлди. Улар Ибн Умар, Ибн Аби Бакр ва Ибн Зубайрлар Язидга ҳеч қачон байъат бермайдилар, деб юришган эди. Ваҳоланки, улар итоатга келиб, байъат бериб бўлган эканлар”, дедилар.
Шунда шомликлар: “Аллоҳга қасамки, гувоҳлар олдида унга (Язидга) байъат бермасалар рози бўлмаймиз ва каллаларини оламиз”, дейишди.
Муовия: “Субҳаналлоҳ! Қурайшни намунча ёмон кўради булар! Бугундан кейин бундай сўзни ҳеч қайсингиздан эшитмай”, деди-да минбардан тушди!
Одамлар Ибн Умар, Ибн Абу Бакр ва Ибн Зубайр байъат беришган дейишарди. Улар эса “Аллоҳ ҳаққи, биз байъат бермаганмиз”, дердилар. “Йўқ, бергансиз”, дейишарди улар. Кейин Муовия Шомга кетди”.
Ибн Мункадир (тобеин)дан ривоят қилинади: “Язидга байъат берилганда Ибн Умар, яхши бўлса хурсанд бўламиз, ёмон бўлса сабр қиламиз”, деди”.
Муовия 60 (680-79) ҳижрийнинг ражаб ойида вафот этади. Бобул Жобия ва Бобуссағир дарвозалари оралиғига дафн қилинади. Айтишларича, у 77 йил умр кўрган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озгина сочлари ва тирноқлари бўлган. Уларни ўз оғзи ва кўзининг ичига қўйишларини васият қилган. “Мени Арҳамур роҳимин ҳузурига шундай ҳолда топширинглар!” - дейди.
У ҳақда келган хабарлардан лавҳалар
Ибн Абу Шайба “ал-Мусаннаф”да Саид ибн Жумҳондан ривоят қилади: “Мен Сафийнага: “Ахир, Бани Умайя ўзларини - халифаликлар, деб айтишяпди-ку”, дедим. Шунда у: “Ёлғон айтибди, бу Бану Зарқолар (фоҳишадан тарқаган маъносида экан). Улар подшоҳларнинг ашаддий подшоҳлари ва энг биринчи подшоҳ - Муовия!” дедилар”.
Байҳақий ва Ибн Асокир Иброҳим ибн Сувайд Арманийдан ривоят қилади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалдан кимлар халифа бўлган деб сўрадим. Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али”, деди у. “Муовия-чи?” - дедим. “Алининг даврида Алидан бошқа, ҳеч кимнинг халифаликка ҳаққи йўқ эди”, дедилар”.
Силафий “ат-Таюрийёт”да Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбалдан ривоят қилади: “Отамдан Али ва Муовия ҳақида сўрадим. У киши дедилар: “Билингки, Алининг душманлари кўп эди. Улар Алидан айб қидириб топишолмади, шундан кейин унга қарши уруш қилиб юрган кишини (Муовияни) маккорлик билан роса мақтаб (шеърлар айтиб), кўкларга кўтардилар”.
Ибн Асокир Абдулмалик ибн Умайрдан ривоят қилади: “Жория ибн Қудома Саъдий Муовиянинг ҳузурига борганида:
- Сен кимсан? - деб сўрабди.
- Мен Жория ибн Қудома бўламан, - дебди у.
- Сен қанақасига (жория) бўласан, сен асаларисан, - деди (жориянинг илон деган маъносига ишора-тарж.).
- Ундай дема, лекин сен мени чақиши аччиқ (бўлса ҳам), сўлаги ширин нарсага ўхшатдинг. Аллоҳга қасамки, Муовия эса бу - итларни чақирадигани урғочи ит дегани эмасми? Умайя бўлса “ама” (чўри)нинг кичиги-ку! - деган экан”. Фазл ибн Сувайди деди: “Жория ибн Қудома Муовиянинг хузурига элчи бўлиб келганида Муовия унга, Али ибн Аби Толиб билан бирга, машъалалар ёқиб арабларнинг қишлоқларини изғиб уларни қонга белаган сенмасмидинг?” - деди. Жория: “Эй Муовия, Алини тинч қўй! Биз уни ҳеч қачон ёмон кўрмаганмиз, унга ҳеч ҳам хиёнат қилмаганмиз”. Муовия деди: “Эҳ бечора Жория, оилангдагилар сени жуда ёмон кўришган бўлишса керак, отингни Жория деб қўйишган экан (чўри маъносига ишора қиляпти)”. Жория: “Сени оилангсени жудаям ёмон кўришган бўлмаса, отингни Муовия қўйишармиди!” Шунда Муовия: “Ҳей, онаси бўлмаган! (валади зино!)” деди. Жория эса: “Мени она туғмаган! Сенга қарши Сиффинда кўтарган қиличларимиз ҳали қўлимизда!” деди. “Сен мени қўрқитяпсанми?” деди Муовия. Жория айтди: “Сен бизни енгмагансан, бизни куч билан фатҳ ҳам этмагансан, сен фақат ваъдалар бергансан, ахд-паймон қилгансан. Сен вафо қилсанг, биз ҳам вафо қиламиз, борди-ю бошқа нарсани ўйлаган бўлсанг, орқамизда ишончли одамларимиз, мустаҳкам қалқонларимиз, ўткир найзаларимиз шай турибди. Агар сен хиёнатга кўл урсанг, биз ҳам сенга ўн ҳисса қилиб жавоб қайтарамиз!” Шунда Муовия: “Аллоҳ одамлар орасида сендақаларни кўпайтирмасин!”, дедилар” (Ибн Асокир).
Саҳобий Абу Туфайл Омир ибн Восила деди: “У Муовиянинг олдига кирганида: “Сен Усмонни ўлдирганлардан эмасми-динг?” - деб қолди. У эса: “Йўқ, мен унинг ёнида бўлиб, унга ёрдам бера олмаганларданман” деди. Муовия: “Нимага ёрдам беролмагансан?”, деди. Омир айтди: “Унга муҳожир ва ансорлар ҳам ёрдам беришмаган”. “Бу, Усмон олдидаги уларнинг бурчи эмасмиди?” - деди Муовия. Абу Туфайл: “Сиз ўзингиз нима учун ёрдам бермагансиз, эй амиралмўминин, шомликлар ҳам сиз билан эди?!” деди. Шунда Муовия: “Унинг хунини талаб қилаётганим унга ёрдамим эмасми?” дедилар. Абу Туфайл кулиб, “Сиз ва Усмон худди шоир айтганидек бўлибсиз-да:
Мен, ўлимимдан кейин йиғлаганингни кўрмайман, лекин тириклигимда яхшилик қилмаганингни биламан”, дедилар” (Ибн Асокир).
Шаъбий деди: “Муовия хутбани семириб, қорни катталашиб кетганидан кейин ўтириб ўқишни бошлади. Ўтириб хутба ўқиш ундан бошланди” (Ибн Абу Шайба ривояти).
Зуҳрий айтади: “Ҳайитда хутбани намоздан олдин айтишни Муовия чиқарган” (Абдурраззок, ривояти).
Саид ибн Мусаййиб ривоят қилади: “Ҳайитда азон айтишни Муовия чиқарди. Такбирни қисқартирган ҳам Муовия” (Ибн Аби Шайба ривояти).
“Авоил”ида Аскарий айтади: “Биринчи бўлиб Муовия қилган ишлар: почта (чопарлар)ни йўлга қўйган, хос хизматларга бичилганлардан фойдаланган, халқи уни мазаҳ қилган, унга қарата: “Ассалому алайка я амиралмўминин ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ, ассола ярҳамукаллоҳ”, дейилган, муҳрдорлик девонини тузиб, унга Убайдуллоҳ ибн Авс Ғассонийни раҳбар қилиб, муҳрни унга берган. Унинг юзига “Ҳар бир ишга баҳо бор”, деб ёзилган эди. Бундай девоннинг фаолияти Аббосийлар даврида ҳан давом этди. Бу девонни ташкил қилинишига ушбу воқеа сабаб бўлган: бировга юз минг дирҳам беришларини буюради, дафтарига икки юз минг, деб ёзиб қўяди, кейин ҳисобот вақтида буни инкор қилади. Ўша кундан у муҳрдорлик девонини тузади. Масжидда ўзига мақсура (ўралган, алоҳида намоз жойи) қилдирган ва Каъбани яланг ҳолга келтиришга рухсат берган у эди. Бунгача каъбапўшлар оз-оздан устма-уст ёпилаверар эди”.
Зубайр ибн Баккор “ал-Муваффаққиётда” Зуҳрийнинг жия-нидан ривоят қилади: “Мен Зуҳрийдан сўрадим: “Байъатда қасам ичиришни биринчи ким бошлаган?” “Муовия”, - деди у. - У Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб қасам ичирди. Абдулмалик ибн Марвон эса талоқ ва итоққа (қул озод қилишга) қасам ичирди”.
Аскарий “Авоил”да Сулаймон ибн Абдуллоҳ ибн Муаммардан ривоят қилади: “Муовия Маккагами, Мадинагами келганида масжидга киради ва бориб ораларида Ибн Аббос, Ибн Умар, Абдурраҳмон ибн Абу Бакрлар ўтирган даврага ўтиради. Ибн Аббосдан бошқалари унга илтифот кўрсатиб, у томонга юзланадилар. Ибн Аббос эса ўгирилиб олади. Шунда у: “Бу лавозимга анови ўгирилиб олган одамдан ва унинг ама-киваччасидан мен ҳақлироқман!” дейди.
Шунда Ибн Аббос:
- Нима учун? Нима, (сен) исломга илгари кирганларданмисан ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аввалда дўст бўлганларданмисан ёки унга қариндошлигинг бормиди?!
- Йўқ, лекин менинг амакиваччамни ўлдиришган.
- Унда бу (Абу Бакрнинг ўғлини айтмоқчи) ҳақлироқ!
- Унинг отаси ўзи ўлган.
- Унда бу (Умарнинг ўғлини айтмоқчи) ҳақлироқ!
- Унинг отасини кофир ўлдирган.
- Амакиваччангга мусулмонлар айб қўйганлари ва кейин уни ўлдирганлари - айнан мана шу сенинг далилингнинг энг бўш жойи бўлади”, дедилар”.
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ақил (тобеин) деди: “Муовия Мадинага келганда Абу Қатода Ансорий унга учрашади.
- Эй ансорлар жамоаси, мени кутишга сиздан бошқа ҳамма чиқди, - дейди.
Абу Қатода:
- Бизда улов йўқ эди, - дедилар.
- Сув ташийдиган туялар қани?
- Сен ва отанг билан бўлган Бадр жангида уларни сўйиб юборганмиз, - дедилар ва: - Набий алайҳиссалоту вассалом, “мендан кейин худбинлик бўлади”, дегандилар, деди.
- Шунда нима қилиш керак деганлар?
- Сабр қилиш керак, дегандилар.
- Ундоқ бўлса, сизлар ҳам сабр қилинглар!”, дедилар Муовия”.
Ибн Абуддунё ва Ибн Асокир Жибилла ибн Суҳаймдан ривоят қилади: “Бир куни унинг олдига кирсам, у шунда халифа эди, бир бола унинг бўйнига арқон солиб олиб судраяпти. Мен унга: “Эй амиралмўминин, сиз шундай қилаяпсизми?” дедим. У эса, “Жим бўл, эй нодон, мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёш боласи учун ёш боланинг ишини қилсин деганларини эшитганман”, деди” (Ибн Асокир жуда “ғариб” ҳадис деган).
Ибн Аби Шайба “Мусаннаф”да Шаъбийдан ривоят қилади: “Қурайшлик бир ёш йигит Муовиянинг олдига кириб қўпол гаплар гапирди. Шунда Муовия: “Эй биродаримнинг ўғли, ҳукмдорга ундай қилмагин, чунки ҳукмдорлар ёш боладек (салга) жаҳллари чиқади, лекин арслондек ўч олишади”, дедилар”.
Ибн Аби Шайба “ал-Мусаннаф”да келтиради: “Шаъбий айтди: “Зиёд деди: “Бир кишини лавозимга тайинлаганимдан кейин у жуда бойиб кетди. Менинг жазолашимдан қўрқиб, Муовиянинг олдига қочиб қолди. Мен Муовияга шундай деб хат ёздим: “Ахир бу (ўз ходимларини ёмон ишларига жазоламаслик) мендан аввалги одамнинг қилиғи эди-ку”. У менга жавоб хатида: “Мен билан сен одамларни бир хилда бошқаришимиз керак эмас. Иккимиз ҳам юмшоқлик қилсак, одамлар итоатсизликка ўрганадилар. Шунингдек, икковимиз ҳам қаттиққўллик қилсак, унда одамларни ҳалокатга қўямиз”.
Яна Шаъбийдан шундай ривоят қилади: “Муовияни шундай деяётганини эшитдим: “Буумматдан бошқа биронуммат бўлинса ноҳақлари ҳақларига ҳукмдор бўлиб олади”.
“Ат-Таюрийёт”да Сулаймон Махзумийдан ривоят қилади: “Муовия одамларга ялписига рухсат (изни ом) бериб, бир йиғин ташкил қилди. Мажлис очилгач, у шундай деди: “Менга араблардан бир шоирнинг учта, ҳар бирининг алоҳида ўз маъноси бўлган байтларини айтиб беринглар”. Шунда ҳамма жим қолди. Бир маҳал Абдуллоҳ ибн Зубайр туриб, “Мен арабларнинг сўз устаси ва билимдони Абу Хубайбдурман, нима хизмат?” деди.
Муовия:
- Менга араблардан бир шоирнинг ҳар бири алоҳида маъноли учта байтини айтиб бер, - деди.
- Уч юз мингга (айтаман)!
- Ўзи шунга арзийдими?
- Ихтиёр ўзингда, аммо бу сенга ҳеч нарса эмас.
- Бўпти айт!
Шунда у Афваҳ Авдийнинг ушбу байтларини айтиб берди:
Одамларни кўпини (кўрдим) синадим,
лекин хийлакорлик ва адоватдан ўзгани кўрмадим.
Муовия:
- Тўғри, кейингиси, - дедилар.
Кўрмадим офат-балолар ичра одамзоднинг адоватидан ҳам ёмонини...
- Тўғри, кейингиси, - дедилар.
Барча нарсаларнинг аччиғини татиб кўрдим, лекин саволнинг таъмидан аччиқроқ нарсани кўрмадим.
- Тўғри, - дедилар Муовия ва унга уч юз минг беришга буюрди”.
Бухорий, Насоий ва ўз тафсирида Ибн Аби Ҳотам ривоят қилдиларки, “Марвон Муовиянинг Ҳижоздаги волийси бўлганда Мадинада айтган хутбасида шундай дейди: “Аллоҳ амиралмўмининнинг кўнглига ўғли Язид хусусида хайрли бир фикрни солибди. Борди-ю уни халифа этиб қолдиришни истаса, (нима бўлибди) Абу Бакр ва Умар ҳам халифа қолдирганлар!”
Бошқа бир ибораси қуйидагича: “бу Абу Бакр ва Умарнинг суннати”.
Шунда Абдурраҳмон ибн Абу Бакр: “Бу - Ҳироқл ва Қайсар-ларнинг суннати (одати). Абу Бакр халифаликни фарзандларига ёки биронта қариндошига қолдириб кетгани йўқ. Муовия бўлса фақат ўғлини ўйлаб шундай қилаяпти”, дедилар. Мар-вон: “Ота-онангга “уф!” деган сенмасмидинг?” деди. Шунда Абдурраҳмон: “Сен эса лаънатланганнинг ўғлисан-ку! Пай-ғамбар алайҳиссалоту вассалом отангни лаънатлаган-ку!” дедилар”.
Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: “Марвоннинг гапи ёлғон, айтган ояти у ҳакда эмас, фалончи ҳақида нозил бўлган. Аммо Набий алайҳиссалоту вассалом Марвоннинг отасини лаъ-натлагани эса рост”.
Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да Урвадан ривоят қилади: “Муовия деди: “Мулойимлик тажриба билан камолига етади”.
Ибн Асокир айтади: “Шаъбий деди: “Арабларнинг даҳолари (“доҳий”нинг кўплиги, луғавий маъноси: устомон, муғамбир, уддабурон, тадбиркор) тўртта: Муовия, Амр ибн Ос, Муғира ибн Шўба ва Зиёд. Муовия - мулойимлик ва вазминликда; Амр ибн Ос - мушкулотларда (уларни ҳал қилишда); Муғира ибн Шўба -топқирликда (заковатда); Зиёд эса катта ва кичик(гуноҳ)да”.
Ибн Асокир яна Шаъбийдан ривоят қилади: “Қозилар ҳам, даҳолар ҳам тўртта! Қозилар: Умар, Али, Ибн Масъуд, Зайд ибн Собит, даҳолар: Муовия, Амр ибн Ос, Муғира ва Зиёд”.
Ибн Асокир Ҳумайд ибн Ҳилолдан ривоят қилади: “Ақил (саҳоба) ибн Аби Толиб Алига: “Мен муҳтожман ва фақирман, садақа қил менга!” - деди. Али: “Ҳамма мусулмонлар қатори маошим чиққунча сабр қил, шунда сенга ёрдам қиламиз”, деди. У бўлса сўраб туриб олди. Шундан кейин Али бир кишига: “Буни қўлидан олиб бозорчиларнинг расталарига олиб боргин-да, қулфларини бузиб ичидаги нарсаларни ол, деб айт”, деди. “Нима, сен мени ўғри қилмоқчимисан?” деди у. Шунда Али: “Сен ҳам мени мусулмонларга қарашли мулклардан уларсиз олдириб ўғри қилиб қўймоқчисан-ку”, дедилар.
- Ундоқ бўлса, мен Муовиянинг олдига кетаман.
- Кетсанг, кетавер!
Муовияга бориб пул сўраган эди, унга юз минг берди-да, шундай деди: “Минбарга чиқиб, Алининг сенга қилган муомаласи билан менинг қилган муомаламни гапириб бер”.
Ақил минбарга чиқиб ҳамду санодан кейин шундай деди:
- Эй одамлар! Мен сизларга шуни етказиб қўяй. Мен Алидан мен учун динига зид иш қилишни сўрадим, у мени қўйиб, динини танлади. Муовиядан ҳам мен учун динига зид иш қилишни сўрадим. У эса динини ташлаб мени танлади”.
Ибн Асокир Жаъфар ибн Муҳаммаддан, у эса отасидан ривоят қилади: “Ақил Муовиянинг ҳузурига кирганда, Муовия:
- Бу Ақил, унинг амакиси Абу Лаҳаб, - деди.
- Бу эса Муовия, Ҳаммолаталҳатаб унинг аммаси бўлади, -деди Ақил. (Абу Лаҳабнинг хотини Ҳинд)”.
Муовия даврида ўлган машҳурлар: Сафвон ибн Умайя, Ҳафса, Умму Ҳабиба, София, Маймуна, Савда, Жувайрия, Оиша каби мўминларнинг оналари, Аллоҳ рози бўлсин улардан; шоир Лабид, Усмон ибн Толҳа, Амр ибн Ос, аллома Абдуллоҳ ибн Салом, Муҳаммад ибн Маслама, Абу Мусо Ашъарий, Зайд ибн Собит, Абу Бакра, Каъб ибн Молик, Муғира бин Шўба, Жарир Бужалий, Абу Аюб Ансорий, Имрон ибн Ҳусойн, Саид ибн Зайд, Абу Қатода Ансорий, Фазола ибн Убайд, Абдурраҳмон ибн Абу Бакр, Жубайр ибн Мутъим, Усома ибн Зайд, Савбон, Амр ибн Ҳазм, Ҳассон ибн Собит, Ҳаким ибн Ҳизом, Саъд ибн Аби Ваққос, Абу Юср, Қусам ибнАббос,унингакасиУбайдуллоҳ,УқбаибнОмир,ва 59 йили Абу Ҳурайра, у шундай дуо қилар экан: “Эй Аллоҳ, олтмишинчининг бошланишидан, ёш болаларнинг подшоҳлигидан ўзинг мени асра!” Шундай қилиб, унинг дуоси ижобат бўлди.

Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase