close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Исломгача бўлган даврдаги Арабистон

Қадимда яшаб ўтган аждодларнинг ижодларини ўрганиб, биз уларни замондошларга айлантирамиз; уларнинг ҳаёти ҳақида фикрлаб, биз гўёки уларнинг гувоҳларига айланамиз ва уларнинг кечинмаларини бошимиздан кечиргандай бўламиз. Шундай экан, то ўлим бизни тўсатдан бу нарсалардан узоқлаштирмагунча, кўп йиллар давомида вақтимизни бу машғулотга бағишлаган бўлишимиз мумкин эди.

Диндор мусулмонлар учун уларнинг дини туғилиши ва юксалиши – мўъжиза, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам рисолатларининг ажойиб муваффақияти – унинг ҳақиқати энг ишончли тасдиғидир. Ҳатто динсизлар ҳам мажусий Марказий ва Шимолий Арабистон аҳолиси ва тамаддуни каби тор пойдеворда бундай улуғвор ва ажойиб тарзда барпо этилган бино пайдо бўлиши мумкинлигини мўъжиза бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда ажойиб бир нарса деб ҳисоблайди. Бу структура соф миллий табиатга асосланган диний жамиятдан ҳам диний, ҳам миллатлараро бўлган, шу билан бир пайтда, мавжуд бўлиш ҳуқуқи ва давлат мақомига даъвосини сақлаб қолган маданий жамиятга айланиши туфайли ҳаётий кучга ва умрибоқийликка эга бўлди. Исломнинг сиёсий тарихи фақат бу динга хос парадоксни ўз ичига олади: бу маълум бир Араб фирқасининг жамоат томонидан назорат қилинадиган империяга ва бундан ташқари, сиёсий воқеаларда ҳал қилувчи рол ўйнаган ва бошқа маданиятларга ўз қадриятларини ўтказган бўлса–да, аслида сиёсий характертга эга бўлмаган универсал диний жамоага айланиш тарихидир. Бошқача қилиб айтганда, жисмоний ҳукмронлик эмас, балки янги таълимотнинг маданий кучи, маълум бир географик ва интеллектуал минтақада пайдо бўлиши эмас, балки унинг ички универсаллиги ривожланишнинг ҳал қилувчи омиллари эди. Худди шу тарзда у жорий қилган дин ҳақида янги тасаввур у расм қилдирган араб халқи билан бир хил деб қараш ҳиссидан кўра юқумли бўлиб чиқди. Шунга қарамай (мана яна бир парадокс!), бугунги кунгача араблар ҳар доим мусулмон дунёсида имтиёзли мавқега эга бўлишга даъво қилиб келганлар (ва уларнинг бу ҳуқуқи тан олиб келинган). Араблар мағрурлиги ва вақти-вақти билан шаҳарликларда юзага келадиган чўлга нисбатан романтик муносабат маълум доирада исломдан олдинги мажусийликка ва исломлаштиришдан кейин пайдо бўлган унинг барча ҳаракатларига нисбатан нафратни сақлаб қолишга имкон берди. Шундай бўлса-да, улар фақат исломдан олдин арабларга нисбатан билдириши мумкин бўлган тобе халқлар душманлиги, араб–мусулмон тараққиёт тушунчаси, Сурия ва Месопотамия чегара ҳудудлари ва Арабистон ярим ороли ўртасидаги маданий даражадаги яққол тафовутлар - буларнинг барчаси мажусийлик даври оддий варварликдан узоқ кетмаганига ишонч ҳосил қиларди. Бундай фикрга ислом жамияти ҳам, ғарб олимлари ҳам қўшилади. Бироқ Жанубий Арабистон, Arabia fetix («Бахтли Арабистон») ўзининг қадимий, кўпинча қоҳинлик функцияларини ҳам бажарган монархлар қўл остида бўлган шаҳар-давлатлар ва кўчманчилар билан бирга ушбу ҳукмга мос келмаслиги шубҳасиздир. Яман подшоҳликлари жаҳон сиёсатида асрлар давомида иштирок этган. Улар Қизил денгиз ва Ҳинд океани ўртасида қатнайдиган кемалар ёрдамида амалга оширилган денгиз савдоси ва қурукқликдаги савдонинг табиий марказини ифодалаган. Сурия ва Мисрдан келадиган карвон йўллари уларга олиб борарди. Улар иқтисодиётининг асосини асраб-авайлаб сақланган ирригация тизими ташкил қилган. Интеллектуал ва сиёсий маънода ва қайсидир даражада лингвистик жиҳатдан улар ярим оролнинг қолган қисмидан узилиб қолгандилар, гарчи Жанубий Арабистон мустамлакалари барча карвон йўллари бўйлаб пайдо бўлганди ва тарихда жанубдан ярим оролнинг марказий қисмига камида битта муваффақиятли юриш амалга оширилганлиги қайд этиган. Бироқ Исломдан олдинги даврда араблар Яман билан руҳий бирликни ҳис этишган. Жанубдан келиб чиқадиган таъсир ёки айрим ўхшашликлар мавжуд бўлганига қарамай, Ислом Марказий ва Ғарбий Арабистон оқибатини ифодалайди, бунинг устига, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу минтақанинг аҳоли энг кўп яшайдиган қисмида дунёда келганлар.
Жанубда ҳукумат шаҳарларда марказлашган бир пайтда ярим оролнинг колган қисмида у кўчманчиларга тегишли эди; жанубда давлат сифатида бирлашув тенденцияси устунлик қилган бир пайтда қолган жойларда аҳоли қабилалар бўйича ва кичик шаҳарчаларда мужассам топарди. Чўл минтақасида ҳаёт шароитлари битта лагер бўлиб жойлашиши мумкин бўлган доимий ривож топган кўчманчилар гуруҳи сонини тахминан олти юз киши билан чегаралаб қўйган; шаҳарлар, табиийки, анча йирик бўлган, асосан савдо ҳисобига, зиёратчилардан тушадиган даромадлар ҳисобига яшаган, агар масалан, жанубий-ғарбдаги Таифу ва шимоли-ғарбдаги Ясриб каби Арабистон стандартлари бўйича қулай шароитларда жойлашган бўлмаса. Кўчманчилар иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиб кўринарди, лекин аслида ўзлари ҳазар қилган шаҳарликлар ва деҳқонларга боғланиб қолганди. Кўчманчиларнинг босқинчилик ҳужумларидан азият чекадиган шаҳарликлар ҳам улардан нафратланарди, ваҳоланки ҳақиқатда уларнинг дунёқарашлари ўхшаш эди, чунки улар кўчманчилик турмуш тарзини ташлагандан буён кам авлодлар алмашганди. Ярим оролнинг ўтроқ аҳолиси ҳаттоки қабила тизимини сақлаб қолганди. Фақат чегара ҳудудларидаги ўтроқ аҳоли ёки деҳқонлар орасидагина инсоннинг келиб чиқиши унинг у ёки бу қабилага мансублигидан кўра кўпроқ яшаш жойига қараб белгиланарди.
Шу сабабли воҳаларда ҳам, чўлда ҳам шахс ўзини биринчи навбатда ва асосан ўз қабиласининг аъзоси деб ҳис қиларди. У фақат қабилада ва қабиланинг ёрдамида мавжуд бўлиши мумкин эди ва унга минимал зарурий шахсий хавфсизлик таъминланганди. Гап нафақат у ўз қабиласи доирасидан ташқарида эга бўлган ва қабиланинг мақомига, қабиланинг ўзида эса – уруғининг ҳолатига боғлиқ бўлган ҳурмат ҳақида боради; ўз гуруҳидан ташқарида у умуман шахс ҳисобланмаган, чунки мавқеи бўйича ўзига тенг бўлган қабиладошларидан биронтаси билан қабилалар ўртасидаги муносабатларда ҳукмрон бўлган ўтакетган шафқатсизлик ва зўравонликни тийиб турадиган қонга қон олиш қонунини бажариш мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган. Шубҳасизки, қабила самарали фаолият юритадиган жамият бўлган, фақат у қатъий бирлашмаганди, холос. Лагерь бўлиб жойлашган, дастлаб ўзаро боғлиқ бўлмаган гуруҳларнинг бирлашуви ҳам, бўлиниши ҳам барқарор, қонунийлашган шакллар бўлган; эртами-кечми бундай ҳодисалар қабиланинг олдинги тарихи сифатида ҳам, унинг муваққат сиёсий иттифоқлари сифатида ҳам акс этадиган расмий генеалогияда ўз аксини топган. Бундай ташкилотчиликнинг эркин шаклига авторитар раҳбарлик йўқлиги ҳамроҳ бўларди. Қабила бошлиғи (сайид, яъни «нотиқ») меҳмондўстлик намоён этиб, қабила ҳақида ғамхўрлик қиларди, уларнинг минтақавий ва мавсумий йўллари анъаналарга кўра белгиланадиган бир жойдан бошқа жойга кўчишга раҳбарлик қиларди, кўпинча урушлар вақтида бошчилик қилиши шарт бўлмасди. У раҳбарликни кучдан кўра кўпроқ эгаллаб турган мавқеи ва нуфузи туфайли амалга оширарди. Мерос ҳуқуқи йўқ эди, лекин сайидлар одатда битта уруғдан келиб чиқарди. Улар ташқи ишларда қабила манфаатларини ҳимоя қиларди, лекин урушда олинган ўлжанинг тўртдан бир қисмини ҳисобга олмаганда уларнинг кўп сонли мажбуриятларига мос келадиган ҳеч қандай даромад олмасди.
Қабилалар бир-биридан мустақил эди; иттифоқлар қанчалик осон тузилган бўлса, шунчалик осон тарқалиб кетарди. «Буюк уруғлар» зодагонлари бундай тарқоқликка зид ҳаракат қиларди; шимолдаги ва ярим оролнинг марказий қисмидаги араблар, уларнинг урф-одатларидаги тафовутлар ва хилма-хилликларга қарамай, унинг аъзолари ўзини иерархик тартибда боғланган деб ҳис қиладиган маълум бир жамиятни ифодаларди; улар шунингдек, қабила гуруҳидан ташқаридан никоҳ қуриши мумкин бўлган, гарчи бундай ҳолларда аёл эрининг уруғига тўлиқ ўтмаган ва унинг фарзандлари мураккаб ҳолатга тушиб қолиб, турли уруғ гуруҳларига мансуб эканлиги сабабли қийинчиликларга дуч келиши мумкин бўлса-да. Никоҳ шакллари ўзгарарди; матрилинеаллик ташкилот аломатларини топиш қийин эмас, лекин ўйлаймизки, бизга яқинроқ бўлган даврларда патрилинеаллик устунлик қилган бўлиши лозим. Ажралиш қанчалик осон бўлса, полигамия ҳам шунчалик одатий бўлади; полиандрия ҳақида хабарлар этнологик афсоналарнинг шу соҳасига алоқадор. Ҳаётдаги оғир шароитлар жиддий урф-одатларнинг оқибати бўлган; низоларни ҳал қилишда ҳакам фақат ўзининг нуфузига ва ўз фикрининг асослилигига таяниши мумкин бўлган.
Араблар унга ўз номини берган ярим оролнинг автохтон аҳолиси бўлганлигининг эҳтимоли жуда паст. Бироқ улар бу ерда тарихда пайдо бўлган пайтдан анча олдин бу ерда ўрнашган бўлиб, ёки ички келишмовчиликлар сабабли, ёки қўшниларининг сиёсий заифлиги васвасаси остида Сурия ва Месопатамиянинг қўшни ҳудудларига доимий бостириб кирарди. Кучлар нисбатидаги ўзгаришлар ва деҳқончилик учун имкониятларнинг ёмонлашуви, айниқса, Жанубий Арабистонда (бунинг сабаби кўпроқ нима – сиёсий ёки иқтисодий инқироз бўлганлиги масаласи ҳамон очиқ қолмоқда) шусиз ҳам барча замонларда кўп кузатиладиган ҳодиса бўлган ички миграциянинг ўсишига олиб келарди. Умуман олганда, бу миграцияларда афтидан, ғарб – шарқ эмас, балки жануб – шимол афзал кўрилган.
Араблар (бу сўзни тахминан «дайди» ёки «кўчманчи» деб таржима қилиш мумкин) ярим оролни, афтидан, у қадар узоқ бўлмаган ўтмишда обод қилганлар. Уларнинг қабилалари ҳаёти майда шохли қорамол ва эшакларга боғлиқ бўлганлиги сабабли улар даштлар доирасида кўчманчилик қиларди; қадимий анъаналарга кўра тасвирлаб бериладиган туячи-бадавийнинг турмуш тарзи аслида нисбатан яқинларда рўй берган бўлиб, тахминан эрамиздан аввалги XI асрлардан маълум. Айнан туя чўлни босиб ўтиш учун имконият яратган; у 250 кг, айрим муаллифларнинг маълумотларига кўра эса – 600 кг юк кўтариш қобилиятига эга бўлга. У бир кунда 160 км масофа босиб ўтиши (ўртача юк ортилган жонивор бир кунда 40 км босиб ўтади) ва бу йўлни максимал 57° ҳароратда саккиз кун давомида сувсиз босиб ўтиши мумкин. Бу хислатлар қабилалар миграцияси ва чўлдан туриб босқинчилик қилиш учун имкон яратди ва бадавийларни ярим оролнинг хўжайинларига айлантирди. Туялар уларни харид қилишдан манфаатдор бўлган барча қабилаларда нисбатан бир вақтда ва тез тарқалган. Ундан фойдаланиш, афтидан, ҳарбий техниканинг бошқа бирон-бир тараққиёти билан боғлиқ бўлмаган, шундай экан, туялар пайдо бўлиши билан кўчманчилар ҳаракатчанлигининг ўсиши Яқин Шарқда уларни ташкил қилишнинг асосий сабаби бўлиб аввалги даврларда отлар ва икки ғилдиракли жанг аравалари хизмат қилган йирик империялар ташкил қилишга олиб келмаган. Шимолий ва Марказий Арабистоннинг исломдан олдинги тарихи давом этган тахминан ўн олти аср давомида маҳаллий бадавийлар ўзини-ўзи бошқарадиган шаҳарчалар ва чегара ҳудудларни истисно қилганда ўз ихтиёри билан биронта давлат тузилмаси ташкил қилган эмас.
Набатейлар давлати (106 йил Рим империяси таркибига киритилган) ва шаҳар-давлат Палмира (унинг гуллаб-яшнаши тахминан 260 йилга тўғри келади, Авреилан томонидан 272-273 йилларда вайрон қилинган) ярим орол доирасида жойлашган, лекин улар бадавийлар томонидан асос солинмаган. Бу фикрни византияликлар, форслар ва яманликлар ташаббуси билан эрамиздан аввалги IV ва V асрларда барпо этилган учта «буфер» давлат ҳақида айтиш мумкин. Уларнинг биринчиси Дажаим уруғи томонидан Форс босқинчилиги ва чўлдан кириб келадиган босқинчиларга қарши таянч сифатида асос солинган; 502 йилдан кейин уларнинг машҳурроқ издошлари, Хассанийлар – Византия хизматида бўлган «рум араблари», Лахмийлар – «форс араблари»дан фарқли равишда, – тарихда мустақил ўринга даъво қилган, лекин сиёсий жиҳатдан кўра кўпроқ маданият бобида муваффақият қозонган. Охир-оқибат, улар ҳам, булар ҳам Византия (582 йил) ва Форснинг (602 йил) тўғридан-тўғри назоратини тан олишга мажбур бўлган, бу эса ушбу суверен давлатларга қувонч келтирмаган. Қудратли ҳомийлар ярим оролнинг ички қисмини Яман назорати остига олишга интилган жанубий Арабистоннинг Кинда қабиласи томонидан асос солинган Марказий Арабистондаги давлатдан кўра кўпроқ хассанийлар ва лахмийларга узоқ вақт мавжуд бўлишни (ва кучлироқ таъсир кўрсатишни) таъминлаган. Яман қироллик уйи ҳалокатига сабабчи бўлган инқилобдан кейин ўн йил ҳам ўтмасдан бу давлат парчаланиб кетди, шундан кейин Кинда зодагонлари жанубдаги ватанига қайтишга мажбур бўлди. Киндлар шаҳзодасининг Византия ёрдамида ўз сулоласининг кучини тиклаш режаларига қарши шоир Обид ибн ал-Абрах, 535 ва 540 йиллар оралиғида қуйидаги муҳим маъноли шеърларни ёзган исёнчи қабилалардан бирининг вакили эди:
Сен цезарни ёрдамга чақираман деб эълон қилдингми? Демак сен, эҳтимол, суриялик (яъни император фуқароси – Г. Г.) каби ҳалок бўлгайсан...
Лекин биз ҳеч кимга бўйсунишга рози эмасмиз, токи ўзбошимча одамларни ортимиздан етаклай олмагунимизгача.
Бу давлат тузилмаларининг ҳеч бири, ҳаттоки вақти-вақти билан араб дунёсининг вакиллари сифатида форслар билан музокаралар олиб борган лахмийлар шаҳзодалари Хираси («ҳарбий лагер» маъносини англатади) ҳам бадавийларни анархияга мойилликдан воз кечишга мажбур қила олмаган.
Шуниси қизиқки, жаҳон сиёсати тўлқинлари ва йирик интеллектуал ҳаракатлар фақат мустаҳкам давлат тузилмаларига самарали таъсир этган бўлиб, шаҳарлар орасида эса – фақат Маккага самарали таъсир кўрсатган.
Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам туғилишларидан сал аввал қандайдир бир киши Макка қиролига айланишига сал қолди ва шунга ўхшаш воқеа Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинадаги рақибларидан бири билан ҳам шунга ўхшаш воқеа рўй берди. Ушбу ҳодисаларнинг таърифи Араб заминидаги ҳамма жойда қирол (малик) ёки ҳукмдор (рабб) деб номланган золимга нисбатан адоватдан далолат беради. Қабила бошқа қабилалар устидан ҳукмронликни қўлга киритганидан фахрланиш учун барча асосларга эга эди, лекин ўзга ерлик ёки маҳаллий золимнинг зулмидан халос бўлиш мағрурлик учун худди шундай сабаб бўлди ва арабларнинг темпераментига жуда мос келди. Ал-Кутамий 700 йил бадавийларнинг ҳокимликка бўлган муносабатини унга хос бўлган лўндалик билан тавсифлайди: «Бугун биз ҳукмдоримизга бўйсунамиз, эртага эса унга қулоқ солмаймиз; биз ўзимизни доимо унинг маслаҳатини излашга мажбур ҳис қилмаймиз». Араб империялари у туфайли кўп қон йўқотиб ҳолсизланиб ҳалок бўлишига тўғри келадиган анархия сиёсий соҳада биронта бирлаштирувчи ғоя эълон килинмаган пайтда мақсадга мувофиқ бўлиб кўринган бўлиши мумкин; бироқ, шак-шубҳасизки, айнан у Исломнинг юксалишидан олдинги асрда қабилалар бор ғайратини ҳамманинг ҳаммага қарши майда урушларга сарфлашида айбдор бўлган. Натижада улар шу қадар ҳолсизланиб қолдиларки, биргина шунинг ўзи мусулмонлар таълимотининг тез муваффақиятга эришишини кўрсатиб беради. Жанубий арабистонлик афсоналар бутунжаҳон империяси ҳақидаги ширин хаёлларга тўла. Ислом даврида улар тарихий ривожланишга халақит берган, лекин ҳар холда кучли ҳукуматга интилиш ва ҳарбий механизм яратиш учун давлат яратиш зарурлигини тушунишдан далолат берган. Шу билан бир пайтда шимолий арабистонликларнинг «араблар учун ғалаба кунлари» ҳақида ҳикоя қиладиган қиссалар кўпроқ жалб этувчандир, чунки улар жамоавий улуғлик васвасасидан холи ва ҳақиқатга яқинроқдир. Уларда майда-чуйда воқеалар муҳимлигини ошириб кўрсатиб ўзининг алоҳида бўлиб олганлигини қоплашга интиладиган нозик ярим-варварлик ёпиқлик дунёси акс этади.
Шимолий ва Марказий Арабистондаги турдош гуруҳлар узоқ вақт давомида бирлашганда, бу сиғиниш ҳимояси остида эди. VI аср охирида уларнинг Маккада мавжудлиги ишонч билан тасдиқланиши мумкин бўлган «Конфедерациялар», эҳтимол, турдош гуруҳларнинг аъзоларини ҳам бир-бирига қарши қилиб қўярди. Ярим оролнинг бошқа қисмларида, айниқса Месопотамия билан чегарада, биродарлик қасами (таҳаллуф) баъзан конфедерациялар ташкил этишга олиб келди. Бундай конфедерациялар ҳақиқий сиёсий кучга айланмаган бўлса-да, улар яқин алоқалар билан боғлиқ бўлиб, баъзан биргаликда ҳаракат қилиш учун бирлашдилар.
Моддий маданияти ҳамма жойда паст бўлган бадавийларнинг иқтисодий ҳолатига келадиган бўлсак, улар келажакда қашшоқликдан кўра кўпроқ ишончсизликдан азият чекади. Улар, албатта, иқлимнинг инжиқликлари олдида ёрдамсиз эдилар; улар кўпроқ чорва молларига эга эдилар, бу ҳақида қотиллик учун жарима миқдори ҳам далолат беради; бироқ уларнинг турмуш тарзи захираларни яратишга имкон бермасди. Бозорлар ҳам иқтисодий, ҳам маданий жиҳатдан зарур эди; улар нисбатан узоқ давом этган муқаддас сулҳ билан ҳимояланган ва бу бадавийлар молларни алмаштиришга имкон берган. Бироқ, узоқ муддатли савдони шаҳар савдогарлари ташкил қилишди ва ушлаб туришди; нисбатан барқарорликдан фойдаланиб, улар жуда сезиларли фойда олишди. Кучлироқ қабилалар, албатта, савдогарлардан уларнинг ҳудудидан ўтишларида ҳимоя қилганликлари учун ҳақ олишлари ва шу тариқа трансарабистон савдосидан сезиларли даромад олишлари мумкин эди. Умуман олганда, қабилалар, масалан, давлат уларни ёрдамчи қўшин сифатида қабул қилишига ишонч ҳосил қилишлари мумкин бўлган Византия ёки Форсга миграцияни истисно қиладиган бўлсак, яшаш учун пул топишнинг ягона усули ўтроқ деҳқонларни талаш ёки кўчманчиларнинг бошқа гуруҳларига босқин қилиш ҳисобланарди. Бундай ҳолларда подалар, кўпинча катта-катта подалар тўғридан-тўғри ёки асирлар учун тўлов сифатида қўлдан-қўлга ўтарди. Бунда иштирок этган қабилаларнинг умумий бойлиги, албатта, кўпаймади ва ҳамма нарса аввалгидек сақланиб қоларди.
Бу ерда биз шуни қайд этиб ўтишимиз лозимки, кенг тарқалган фикрларга зид равишда, эрамизнинг биринчи минг йиллиги ярим оролда ёғингарчилик миқдори аста-секин ўсиб боришига олиб келди, аммо вақти-вақти билан, масалан, 591 ва 640 йиллар ўртасида, мусулмонлар умматига асос солинган ва унинг биринчи фатҳлари даврида ёмғир камроқ бўлган. Қолганларга келсак, чўл аҳолиси иқтисодий аҳволини фақат ҳукумат кучи яқинда заифлаша бошлаган ривожланган ҳудудларга бостириб кириш орқали яхшилаб олиши мумкин эди. Бошқача қилиб айтганда, сиёсий омил аҳоли ҳаётида иқлим ва иқтисодий омиллардан кўра каттароқ рол ўйнаган бўлиши мумкин. Аниқ саналар фақат Жанубий Араистон учун маълум. 450 йил биринчи даражали аҳамиятга эга бўлган афсонавий Мариб тўғони вайрон қилинди; бу пайтда Жанубий Арабистон қироллиги уни тузатишга атрофдаги қабилаларни чақириш учун етарли даражада қудратли эди. 542 йил фалокат яна такрорлангач, ҳукмдор 3 та маҳаллий феодални тўғонни тиклаш учун кўнгилли равишда ҳамкорлик қилишга узоқ вақт кўндиришига тўғри келди. Кейинги авлодда сиёсий тарқоқлик шу даражага етдики, 570 йил тўғоннинг учинчи марта вайрон бўлганидан кейин уни таъмирлашнинг имкони бўлмади, натижада мамлакатда ҳосилдорликка катта зарар етказилди. VI асрнинг охирларида бадавийлар, афтидан, жанубда кенг ҳудудларни яна қўлга киритидилар ва бу, албатта, ярим орол ҳаётида хавотир ва ҳаттоки варварлик элементларини уйғотди. Шу муносабат билан қайд этиш мумкинки, ҳатто барча араб подшоҳликларида ҳам фаровонлик даврида келиб чиқиши жанубдан бўлган оилалар истисносиз ҳукмронлик қилишган; бу эса уларнинг улар қўл остидаги ҳудудларга миграция ва «мустамлакачилик» натижасида ҳокимият тепасига келганлигини англатади.
Ҳокимиятнинг бадавийларга қайтарилишини кўп сонли аҳоли гуруҳларини кўчманчи ҳаётга қайтаришдан кўра, куч марказининг кўчманчилар томон кўчиб ўтиши сифатида талқин қилиниши керак. Эҳтимол, шимоли-ғарбий ҳудудларда шаҳар аҳоли пунктлари вайронагарчиликдан қутулиб қолган. Макка Птолемей томонидан ёдга олиб ўтилади ва у берган ном шаҳарни Жанубий Арабистондаги муқаддас жой атрофида ташкил этилган шаҳар деб идентификация қилишга имкон беради; бу илк ёдга олиб ўтишга қарамай, у 500 йилдан сал аввалроқ анъаналарга кўра, диний зиёратлар маркази ва бозор аҳамиятига эга бўлди. Ўша пайтда Қурайш қабиласи уни қўлга киритди ва яқин атрофда яшаган, афтидан, етакчиликни эндигина қурайшийларга топширган Кинан бадавийлар қабиласи билан шартнома тузди. Шимолдан ва Жанубдан келадиган ва Қизил денгизни салобатли тоғлар билан ўраб олинган иссиқ, ҳосилсиз водийда жойлашган замонавий Ироқ билан боғлайдиган савдо йўлларининг чорраҳасида жойлашган Макка дастлаб фақат кейинчалик мусулмонлар учун муқаддас бўлган Замзам булоғи суви туфайли кун кўриши мумкин бўлган. Қурайш қабилалари раҳбарларидан ташкил топган олигархия шаҳарни бошқарарди; уруғлар ўртасидаги муносабатларни ҳам у тартибга солган. Шаҳар мудофааси дастлаб ҳабашистонлик ёлланма аскарлар бўлган аҳабишларга юклатилганди; кейинчалик улар Макка яқинида жойлашган жойларда истиқомат қиладиган кичик қабилалардан рекрутлар билан кучайтиришга тўғри келган. Аҳолининг аксариятини, эҳтимол, қурайший бўлмаган араблар ва ҳар қандай бегона одамлар, биринчи навбатда қуллар ташкил қиларди; савдо ва зиёрат сафарларига бўлган умумий қизиқиш уларда давлатчилик истаги бўлмаса ҳам, ўша пайтлардаги Арабистон учун кучли бирлашув эканлигини кўрсатди. Асосий карвонлар шимолга юбориларди: бири - ёзда, иккинчиси - қишда; улар умумий тадбир эди: уларни жиҳозлашда улардан даромад оладиган аҳолининг кенг қатламлари иштирок этди. Карвон савдоси муайян сиёсий тартибни тасдиқлаш ва Арабистондан ташқаридаги дунё ҳақидаги тажрибага асосланган ғояга эга бўлган етакчилар гуруҳини шакллантиришга ундайдиган мотивни таъминларди. Ушбу савдо уларга пул муомаласи бўйича баъзи билимларни берди; гарчи айирбошлаш савдоси ҳали ҳам ҳукмрон бўлса-да, Маккада Византия ва Форс тангалари муомалага киритилганди. Таълимнинг умумий даражаси ошди, бу табиий равишда умумий Араб маданиятидан ажралиб чиқишга олиб келди ва уни ифодалайдиган бадавийларнинг Макка савдогарларидан нафратланишига олиб келди. Энг муҳими, одамлар энди интеллектуал (ўша пайтда бу – диний маъносини англатарди) ташқи оқимлар таъсирига дучор бўлишган.
Бундан ташқари, шаҳар муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли, гарчи маккаликлар унда фаол иштирок этишдан қочиш учун етарлича малакали, ёки, эҳтимол, жуда аҳамиятсиз бўлса–да, буюк давлатлар курашида муқаррар равишда иштирок этарди. Бетарафлик туфайли, шунингдек, ҳукмрон синфининг жисплашуви ва бирлиги туфайли, Макка Жанубнинг тақдиридан ва қўшни Ясрибнинг (450 км шимолда жойлашган) ички қийинчиликларидан қочиб қутулди, бу ерда VI асрнинг сўнгги ўн йилликларида ўтроқ араблар орасида қабилалараро нихоҳлар тез-тез вужудга келарди. Вазият шунингдек, бу воҳага жойлашган ва шаҳар ҳаётига доимо таҳдид солган бир қатор яҳудий қабилалари билан бўлган алоқалари билан янада мураккаблашди.
III аср ўрталаридан Яқин Шарқ тарихини бошлаб бир томондан, Рим империяси, кейинроқ – унинг шарқий қисми ва ниҳоят, унинг вориси бўлмиш Византия ва иккинчи томондан, семитик Месопатамияда пойтахти Ктесифон бўлган сосонийлар Эрони ўртасидани низолар белгилаб берган. Бундай ҳолатларда ҳар доимгидек, душманлик, асосан, қарама-қарши манфаатлар ва маданиятларга нисбатан жуда заиф муносабатда бўлган жойларга тарқалди. Форсларнинг Арабистондаги таъсир доираси Палмирадан Хадрамаутнинг шарқий чегарасигача бўлган чизиқдан шарқдаги ҳудудларни қамраб оларди, шундай экан, сосонийлар Месопотамияси орқали Форс кўрфазига ва Форс мамлакати орқали  Марказий Осиёга савдо йўллари форслар назорати остида эди. Бу ҳолат византияликларни Қизил денгиз орқали йўлдан фойдаланишга мажбур қилди; денгизнинг шимолий қисми уларнинг қўлида эди ва минтақадаги шарқий қирғоқ таҳдид қилиши мумкин бўлган биронта давлат томонидан қўлга олинмаганди. Бироқ, Ҳинд океанига чиқиш яманликлар томонидан назорат қилинган ва ғарбий соҳилда Аксум Шоҳлиги – кейинчалик ташкил топган Ҳабашистон давлатининг ўзаги ўз манфаатларини ҳимоя қилган. Шу сабабли византияликлар ҳабашистонликлар ва яманликларнинг дўстона муносабатини таъминлаши лозим эди, форслар эса Византия бу халқлар билан эришган ҳар қандай ўзаро тушунишларни йўқ қилиш учун бор имкониятдан фойдаланишга уринарди. Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, Жанубий Арабистон ва Ироқ, синовлардан ўтган йўналишга амал қилиб, узоқ вақт давомида қалин алоқада бўлган. Жанубий Арабистон қироллиги, афтидан, эрамизнинг I асридан бошлаб аста-секинлик билан таназзулга юз тута бошлаган ва тобора кўпроқ маҳаллий «феодал»ларга ён берган. Натижада IV асрнинг биринчи ярмида Жанубий-Шарқий Яман Ҳабашистон ҳукмронлиги остига тушиб қолди.
Айни шу пайтга келиб, Ҳабашистоннинг Мисрдан олиб келинган монофизик маънода насронийликка ўтиши бошланди (у фақат VI асрда тугади). Бу сиёсий алоқалар насронийликнинг Жанубий Арабистонга киришига олиб келди. Бироқ, насронийликнинг «қора танлилар» билан бирлашиши унга фақат зарар етказди ва эҳтимол, Суриядан келган монофизит дин тарғиботчиларининг муваффақиятига тўсқинлик қилди. Бунинг натижасида аср охирида Арабистондан қувиб чиқарилган ҳабашистонликларга қарши халқ қаршилиги, мажусийлик тикланишига сабаб бўлмади, лекин аста–секинлик билан IV-V асрларда Қуддус ибодатхонасининг икки марта вайрон қилинганидан сўнг Жанубий Арабистонига кўчиб яҳудийлар томонидан қўллаб-қувватланган иуадизмнинг кенг таассурот қолдирадиган тарқалишига олиб келди. Форс маздакизми Форс давлатига бўйсунадиган барча ҳудудларда амал қилиши учун ҳаддан ташқари миллий ҳодиса эди; византияликларнинг яҳудийларга нисбатан муросасизлиги уларни сосонийлар учун иттифоқчиларга айлантирди.
Умумий иш йўлида Византия чет элда моно-физитлар билан бирлашишга тайёрланди. Унинг ижозати билан VI асрнинг бошларида ҳабашистонликлар экспансия сиёсатини қайта тикладилар. Уларнинг биринчи муваффақияти Яман шоҳини мамлакатнинг ички ҳудудларига қочиб, иудаизмни қабул қилишга мажбур этиш бўлди. Бироқ ҳарбий соҳада омаднинг юз ўзгариши насронийларни шафқатсиз таъқиб қилишга олиб келди, ваҳоланки улар тез орада Нажрандаги ибодат марказини қайтариб олишди. Ҳабашистонликлар саъй-ҳаракатларни икки карра оширди; уларнинг муваффақиятлари 525 йилда, яҳудийлар шоҳи Зу Нуваснинг ўлими ва унинг қироллиги афсонавий Абраҳа кейинчалик ҳабашийлар томонидан бошқариладиган деярли мустақил давлатни яратган Ҳабашистон сатраплигига айлантирди. У насронийликни қўллаб-қувватлади ва, афтидан, Макка устидан назоратини қўлга киритишга ёки ҳеч бўлмаганда шаҳарнинг ҳукмрон доиралари Форсга бўлган хайрихоҳликлари туфайли бу ҳолатга тушиб қолган форслар таъсир доирасидан чиқариб юборишга ҳаракат қилди. Ушбу ташаббус, анъаналарга кўра айтиладиган санадан камида ўн йил олдин (560 йил) билдирилган деб тахмин қилиш керак. У муваффақиятга эришмади ва душманга қарши кураш маккаликларнинг «миллий» ғурурини кучайтирди.
Тез орада яманликлар Ҳабашистонга қарши чиқдилар ва форсларнинг розилиги билан уларни қувиб чиқардилар. 597 йил форслар Яманнинг мустақиллигига барҳам бердилар, чунки унга ички тўқнашувлар таҳдид солаётганди. Форслар ҳукмронлиги даврида яманлик насронийлар несторианликка ўтказилди. Форслар буни афзалроқ деб ҳисобладилар, чунки улар Византия императорлик черковига ҳам, семитик чегара ҳудудларида ва Мисрда кучли мавқега эга бўлган монофизитизмга нисбатан муросасиз душманлик билан муносабатда бўлишди. Форслар несторианизмга иккинчи даражали давлат дини мақомини бердилар. Шундай қилиб, айнан несторианларнинг кейинги авлоди насронийларнинг Нажрон шаҳри тақдири ҳақида Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам билан келишувга эришдилар.
Чегара ҳудудларини насронийлаштириш шуни англатардики, мажусий бўлиб қолаверган ҳудудлар қайсидир маънода насронийлар ва насронийлик билан танишдилар. Бу, шунингдек, ярим оролга иудаизмнинг кириб келиши, арабларнинг маданий ривожланишига энг катта интеллектуал таъсир кўрсатди. Юнон черкови асосан империянинг юнон бўлмаган фуқароларидан ташкил топган бидъатчилик жамоаларининг фаолиятига тўсқинлик қиларди; улар эса, ўз навбатида, ажратилган гуруҳларни узоқ чегаравий ҳудудларга жўнатарди. Шундай қилиб, насронийлик кўпинча бадавийлар дунёси олдида бизнинг ушбу дин ҳақидаги соф тасаввуримиздан фарқ қиладиган қиёфада пайдо бўларди. Қадимги Араб шеъриятига қараганда, ақидалар жуда кам қизиқиш уйғотарди; шоирларнинг тасаввурларини фақат тарки дунёчилар ва диний маросимлар қизиқтирарди. Шеъриятнинг гувоҳлик беришича, насронийлар зиёратлари ҳам Худога ёки азизларга сажда қилишнинг одатий бутпараст шакли бўлган. Бундан ташқари, насронийлар уларнинг ҳомийси улар учун фақат «Худо» бўлган Маккада муқаддас зиёратгоҳга ташриф буюришарди; бир нечта қабиланинг бу маросимга қўшилишни рад этиши уларни худосизликда айблашга олиб келган.
Афтидан, Ёқуб Бардеана (Барадеус, Эдесса епископи) томонидан олиб борилган қайта ташкил этишдан сўнг фақат монофизитлар доимо бадавийларнинг мурожаатига интилди: катта манзилгоҳларда епископларни тайинлашди. VII асрнинг иккинчи ярмида бирлашишга интилган монофизитлардан ҳассанийлар шаҳзодалари янги сиёсий йўлни эгаллашди, бу уларни Византия Марказий ҳукуматига мухолифликка ўтишга олиб келди ва охир-оқибат уларнинг ўлимини тезлаштирди. Аммо деэллинацияни тўхтатиш мумкин эмас эди, юнонлар аста-секин орқага қайтишди. VII асрнинг бошида форслар Сурияни босиб олганида улар юнонларни қувғин қилди, лекин сурияликларни ҳимоя қилган; 610 йил монофизит черковлари Форс шафелигида иттифоқ туздилар.
Несторианларнинг Месопотамияга кириши натижасида Хир шаҳрида эпархия ташкил этилиб, унинг раҳбари Хосеа 410 йил атрофида синодда пайдо бўлган. Монофизит-араблар кўчманчи ҳаётни давом эттираркан, Марказий Месопотамиядан несторианлар ва асосан Ҳирадан келган «Худонинг хизматчилари» (Ибад) жамоасига қўшилишди, бу эса қабилаларга бўлинишнинг маъносиз бўлишини келтириб чиқарди. Улар ҳассанийлардан фарқли ўлароқ, сулола ўзи охирги ҳукмдорни истисно қилганда насронийликни қабул қилмаган бўлса-да, улар VI асрнинг Лаҳмийлар давлати маданиятида из қолдирдилар. Ибодни Ислом умматининг "жамоати" ўтмишдоши сифатида кўриб чиқиш мумкин, чунки бу арабча «воизлари» умумий мафкура билан бирлашган биринчи машҳур мисол эди; бу гуруҳ, мусулмонлар уммати мавжуд бўлган дастлабки йиллардаги сингари, қабиланинг маъмурий функцияларини диний биродарлик функциялари билан бирлаштирди. Умуман олганда, Ғарбий ва Марказий Арабистоннинг лаҳмийлар маркази билан алоқалари ҳассанийларга қараганда анча кучли эди. Мажусийлик даврининг охирида Хир шаҳридаги қироллик саройи деярли барча машҳур шоирларни ўзига тортарди; шунга қарамай, шарқ маданий марказлари Исломни ривожлантиришга шимолга қараганда кўпроқ таъсир кўрсатди.
Нима бўлганда ҳам, бу форсларга мухолифат эди; 611 йил (айрим 604 йил деб кўрсатилган) у Зу-Каре жангига олиб келиб, бунда Бану-Бакр қабиласи ва унга қўшилган бир нечта қабила қолган арабларни тор-мор қилди. Бу воқеа тўғридан-тўғри натижаларга эга бўлмади, лекин уни ретроспектив тарзда кўриб чиқсак, шуни кўришимиз мумкинки, бу арабларда миллий ўзлигини англаш пайдо бўлган ва келгуси фатҳ сиёсати учун кучларнинг намунасини англатарди.
Гарчи насронийлик араб дунёсига таъсир кўрсатган бўлса-да, ҳатто кўплаб қабилалар томонидан қабул қилинган бўлса-да, яҳудийлик ҳам прозелитларни эгаллаб олишга муваффақ бўлган бўлса-да, шунга қарамай, мажусийлик араб маданияти шимолий ҳудудида кичик зарар кўрган. Лекин у қандайдир чуқур эътиқодлар туфайли эмас, балки анъанага кўра ва уюшган мухолифатнинг йўқлиги сабабли давом этган деган таассуротдан воз кечиш қийин. Албатта, биз Исломдан олдинги давр ҳақидаги далиллар учун улардан миннатдор бўлишимиз лозим бўлган олимлар улар сақлаб турган материални пухта цензурадан ўтказган, қайсидир даражада улар ўз ахборотларини ўзлари ташкил қиладилар. Уларнинг вайроналарини ўрганиш асосида биз қандайдир хулоса чиқаришимиз мумкин бўлган ҳеч қандай ёдгорликлар барпо этилмади; Ислом мерос қилиб олган, тошдан ясалган, Макка шаҳридаги Каъаба («куб»), эҳтимол, ягона шундай муқаддас жой бўлган. Бироқ адабиёт манбаларидан маълумки, диний муҳит, айниқса, ярим оролнинг шимолий қисмида, фавқулодда даражада бир хилда эди: бир хил тақводорлик – Жанубий Арабистоннинг Хайман шаҳри илоҳи «қизил тош»да, ал-Абалатдаги Каъаба «оқ тош»да (Табала яқинида, Маккадан жанубда) ва Макканинг ўзидаги «қора тош»да; Наджран, ал-Абалат ва Мекка Каъабаси ҳам шаклан, ҳам мазмунан бир хилдир. Бу мутлақо табиий, чунки илоҳий асослар ўша даврларда, қоидага кўра, тош фетишлар, тоғлар, алоҳида қоялар ёки ғайритабиий баландликдаги дарахтлар билан боғлиқ ҳолда тасаввур қилинган. Бу одат ҳозирги кунда ҳам мавжуд; мажусийликнинг муқаддас жойлари ҳамон ўз ролини ўйнамоқда – авлиёлар ёки пайғамбарлар мозорлари сифатида.
Бироқ ислом анъаналарида, афтидан, жоҳилият, «нодонлик асри» дини афсоналарга бой эмаслиги ва ҳаттоки кўп сонли илоҳларни пантеонга бирлаштиришга ҳаракатга шаъма ҳам йўқлиги ҳақида гапирганда ҳақдирлар. Бу қисман бўлсада, маънавий таркибий қисм йўқлиги билан асосланарди. Албатта, бир вақтнинг ўзида мулк ҳам, алоҳида оилаларнинг сиғиниш объекти ҳам бўлган ибодатхоналар бўлган – бунинг изларини ҳатто Маккадан ҳам топиш мумкин – лекин бу оилалар таъсири ҳудудий жиҳатдан чекланганди. Фақат бир мартагина қабилалар катта гуруҳи пешвоси, робиа сифатида афқал мақоми билан руҳоний пайдо бўлди; бу мақом – келиб чиқиши Бобил билан боғлиқ бўлиб, атоқли от сифатида нотўғри фойдаланилган. Айрим муқаддас буюмларни ёки бут ва санамлар сифатида маълум бир нарсаларни ўзи билан олиб юрган (ҳамон олиб юрадиган) кўчманчиларнинг ўзи маҳаллий илоҳларга алоқадор бўлган. Семиталар учун умумий бўлган осмонга сиғиниш Арабистонда ҳам муҳим роль ўйнаган; Қуръонда бу борада бир нечта билвосита кўрсатмалар бор, масалан, Иброҳим алайҳисалом юлдузларга сиғиниш босқичидан ўтиб, ҳақиқий Худонинг эътирофи учун курашади.
Фатализм (тақдирга ишониш) ва юлдузларга сиғиниш антик дунё билан чамбарчас боғлиқ; Арабистонда ҳатто Қуръонда ҳам Тақдир маъбудаси тонгги юлдуз маъбудаси Венера билан ҳамда яна битта, номсиз маъбуда билан биргаликда пайдо бўлади. Бу – «Аллоҳнинг қизлари», мажусийлар учун шу қадар севимлики, бунда Манат араб тилида эллинларнинг Tyche – Дахр қиёфадошини, одамларни олиб кетадиган ва уларнинг мавжудлигини мақсад ва мазмундан маҳрум қиладиган ва кейинги мажусийлар авлодлари, айниқса, шоирлар ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўладиган машум «Вақт»ни ифодалайди. Дахр худди митраизм ва зурван теологияси абадий Хроноси каби универсал ҳукмдор ва бор мавжудотларни ямламай ютувчи билан боғлиқ равишда тасаввур қилиниши мумкин.
Семит халқлари учун умумий бўлган бошқа бир ғоя олий (маҳаллий) илоҳга подшоҳ сифатида муносабатдан иборат. Араб дунёсида буни самудийларда топиш мумкин, лекин афтидан, бундай анъана узоқ вақт мавжуд бўлмаган; ҳар ҳолда «малик» бизгача етиб келган илоҳий исмлар орасида учрамайди, гарчи уни Ислом ягона худосига ўтказиш мусулмон исмларида сақланиб қолган, масалан, халифа Абдулмалик («шоҳнинг қули») бўлсада. «Марҳаматли», олий худони белгилаш учун фойдаланилган Раҳмон ёки Рахим атамалари у билан таққосланиши мумкин; биз уни сафоийлар, Палмира ва Себей тилларида учратишимиз мумкин; улар Аллоҳга ўтказилгандан сўнг машҳур бўлган ва сақланиб қолган. Ислом худоси барча мавжуд исмлар орасида энг мавҳуми – ал-Илоҳ, Аллоҳ, «ягона худо» номини олганлиги сезиларли даражада Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг атрофидагиларнинг тилга оид хусусиятлари билан изоҳланарди; бу исмнинг исталган тасаввурлар билан алоқаси йўқлиги ва бегона атамаларга кўрсатиладиган маълум бир қаршилик муҳим аҳамият касб этарди. Ҳатто Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламгача Каъаба ҳам набатейлар Хубаласи ёки астрологик синкретик пантеони 359 та бошқа аъзоси эмас, балки айнан Аллоҳнинг биринчи ва энг асосий ибодатхонаси бўлганлиги ҳақидаги тахмин ўзини оқлайдиган бўлиб кўринади. Ибодатхона атрофини айланиш (тавоф), ибодат қилишда иштирок этиш (вукуф), қонсиз ва қонли қурбонлик қилиш бутун ярим орол бўйлаб асосий ибодат билан боғлиқ бўлган элементлар саналган; хима – бетавфиқлар учун ёпиқ бўлган, барча жонли мавжудотлар учун бошпана берган муқаддас ер барча араблар учун умумий бўлган; Маккадаги Каъабани ўраб турган ҳудуд бунга энг ёрқин мисолдир.
Мусулмонлар жамоати аъзолари онгида худога интилувчилар кичик гуруҳи ҳақида хотира сақланиб қолган бўлиб, унинг аъзоларидан бири Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи завжасининг қариндоши бўлган ва Исломга асос солиш тарихидан ўрин олган. Муқобил иудаизм, насронийлик ёки мавҳум монотеизмга мурожаат қиладиган бу одамларнинг ниятлари тушунарли, лекин уларнинг аксариятини тарихий шахслар сифатида эмас, доимий хавотирлар ва маънавий изланишлар персонификация килинган рамзлари сифатида фақат мифологик идентификация қилиш мумкин. Афтидан, улар ўз муҳитида кескин ажралиб туради, лекин шубҳасизки, улар асло таъқиб қилинмаган. Уларнинг барчаси – тарки дунёчилардир. Қанчалик ҳайратланарли бўлмасин, уларнинг биронтаси ҳақида маълумотлар сақланиб қолмаган, бу пировардида мусулмонлар жамоати бағрида таскин топган. Замондошлар уларни ҳунафа (бирликда – ҳаниф) – араблаштирилган сурияча каппа – «мажусий» сифатида билганлар. Черков тилида бу сўз эллинистик ренегатлар (ҳатто манихейлар ҳам «мажусийлар» сифатида лаънатланган) шундай ҳисобланган бидъатчиларни белгилаш учун фойдаланилган. Унинг араб тилидаги тахминий маъноси – мувоҳҳид, биронта аниқ динга тегишли бўлмаган – агар буни ханпа ёки ҳаниф биринчи навбатда ўзгача фикрловчи деб ҳисоблайдиган бўлсак яхшироқ тушунарли бўлиши мумкин; диссидентлар, индивидуалистлар келгусида ҳам ҳунафа деб аталган. Замондошлар ва кейинги авлодлар уларга нисбатан ҳис қилган хуш кўриш унинг сақланиб қолиши Яқин Шарқ маданият соҳасига тўлиқ интеграцияни имконсиз қилиб қўйган мерос қилиб олган дин норозилиги тарқалганлигини изоҳлаб беради.
Ўша даврда ривожланиш даражасига қарши Исломнинг тушунчалари, ярим оролнинг – ҳаттоки Яманнинг – форс ва юнон-рим маданиятлари билан таққослаганда нисбатан қолоқлиги ва ярим оролнинг мусулмон мамлакат саналган Миср, Сурия ёки Ироқдан фарқли равиша аста-секинлик билан низолар ва жаҳолат томон ботиб бориши қадимги Арабистонда тамаддун даражасини юқори деб баҳоламасликка мажбур қилади. Бунга унинг маданияти бир тарафламалигини қўшамизки, у санъат соҳасида ҳеч нарса яратмаган ва адабиёт соҳасида ҳам жуда тор соҳани ҳисобга олмаган ҳолда ҳеч нарча яратмаган. Бу даврга оид маданиятни тўлалигича анъанавий оғзаки деб кўрсатиш ҳам хато бўлмайди; бироқ бу ёппасига саводсизлик ҳақида хулосага олиб келмаслиги лозим. Шимолий Арабистон қўлёзма рифти билан бажарилган ва 512-568 йилларга мансуб бўлган ёзувлар мавжуд. Жоҳилият давридаги кўплаб шеърлар ёзишни билганликларидан далолат беради, маккаликлар ҳам ўзнинг дипломатик ва савдо фаолиятида араб тилидан фойдаланишига тўғри келган. Ҳар ҳолда, арабистонлик яҳудийларда ўзларининг муқаддас китоблари бўлганлиги шубҳасиз, ваҳоланки, уларнинг маълумот даражаси ҳақида бирон нарса дейиш қийин. Худди шу фикрни насронийларга нисбатан ҳам билдириш мумкин, гарчи Исломдан олдинги даврда Библиянинг араб тилидаги таржимаси мавжудлиги ҳақида саволга жавоб салбий бўлиши шубҳасиз; худди шу фикр гўёки араб тилидаги Библия 620 йил атрофида Хира яқинида пайдо бўлган деган фикрга ҳам тегишли. Псалом ва Инжил араб тилида VIII асрдан кейин пайдо бўлган, Библиянинг кенг фойдаланилган аниқ таржимаси эса X асргача мавжуд бўлмаган. Қуръон араб тилидаги ягона муқаддас китоб ҳисобланади; шу билан бир пайтда, ажойиб тарзда ишлаб чиқилган одатий ҳуқуқ мавжудлигига қарамай у қонунлар кодексини тузишга қаратилган биринчи ҳаракатни ифодаларди. У ерда фан бўлмаган лекин шеърият жадал ривожланган. Назм тили ҳам, анъаналар ҳам (ҳаттоки улар авлодлар ҳисоблаган даражада мослашувчан бўлмасада) маданий бирликни яратади; Макка шеваси, афтидан, назм тилидан фарқ қиладиган lingua franca профессионал иқтисодиёт тили ролини ўйнаган.
Кўчманчилик ҳаёти маданият ривожланишининг қаттиқ чегаралар билан белгилаб қўйган. Уларни фақат ўтроқ турмуш тарзига ўтишда ёки ўтроқ хақлар мафкурасининг расман тан олиш ҳолатида босиб ўтиш мумкин бўлган. Бадавийлик ҳаётининг ёмон тенденциялари бадавийларда интизом йўқлиги ва уларнинг узоқ муддатли режалар ишлаб чиқа олмаслиги – ибн Халдун каби (1406 йил вафот этган) каби мусулмон тарихчилари томонидан таҳлил қилинган жиҳатлар – нафақат ярим оролнинг ўзгаришлар арафаси томон ҳаракат қилишига тўсқинлик қилмади, балки тақдир инъом этган раҳбарлик қилиш ҳаётий фаолиятини исботлаб, уларни қисқа даврга бўлса ҳам, жаҳон тарихий аҳамиятига эга бўлган йўлга қаратди.

Густав Эдмонд фон Грюнебаум
“Классик Ислам. (600–1258) Тарих баёни” китобидан
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase