close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом – илм динидир

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Хиро ғорида нозил бўлган илк ваҳий «Ўқи!» деган амр эди. Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга даъват билан бошланишининг, Аллоҳ охирги динини ўқиш-ёзишни билмайдиган уммий киши орқали инсониятга етказишни ирода қилганининг буюк ҳикмати бор эди.

Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун Аллоҳ маърифатига эришиш,   ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган.
Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала, 11); «Айтинг (эй Муҳаммад): «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?» (Зумар, 9); «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур» (Фотир, 28); «…уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар» (Анкабут, 43).
Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган кўплаб хабарлар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган: «Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир, олимга Ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти); «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўл кўрсатади» (Имом Бухорий ва Муслим); «Олимнинг обиддан афзаллиги менинг қуйи даражадаги саҳобийдан афзаллигим кабидир» (Имом Термизий); «Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди» (Имом Муслим); «Фаришталар илм толибининг қилган ишидан мамнун бўлиб, унга қанотларини ёзишади» (Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон).
Кишилик тарихида ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг амр-фармонлари ва Унинг Расули кўрсатмаларига амал қилиб, илму ирфонга интилган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган. Аксинча, илм-фандан юз  ўгириб, лоқайдлик ва танбаллик туфайли жаҳолатга юз буришганида қўлларидан нусрат, салтанат, сарват кетган, ўзлари хўрланишган ва хорланишган.  
Милодий 9-12 асрларда Ғарбда аҳолининг тўқсон беш фоизи мутлақо саводсиз бўлгани, диний ходимлар ва роҳиблар қўлларига қалам тутишни ҳам билмагани ҳолда мусулмон ўлкалардан Бухорий, Ғаззолий, Мотуридий, Форобий, Ибн Сино, Термизий, Беруний, Ибн Рушд каби улуғ олимлар етишиб чиққан. Худди шу даврда дунёга машҳур «Маъмун академияси», Бухоро мадрасаси, Бағдодда «Низомийя», Қоҳирада «Ал-Азҳар», турк ерида «Носирийя» мадрасаси каби ўнлаб илм даргоҳлари ишлаб турган. Ўрта асрларда Ислом етиб бормаган ўлкаларда саноқли бир неча олим бўлгани ҳолда 16-17 асрлардагина мусулмон оламида илмнинг турли соҳаларида 86 минг йирик уламо фаолият кўрсатган.   Мусулмонлар матбаачиликда ғарбликлардан юз йиллар орқада қолишганига қарамай, китобга муҳаббатда улардан устун бўлишган. Ўша пайтда Оврупа Қироллик кутубхонасида атиги юз дона китоб бўлгани ҳолда Марв, Қоҳира, Андалус, Бағдод, Тароблус кутубхоналари ҳар бирининг жавонларида бир-икки миллион нусхадан китоб сақланган. Ҳукмдорлар, амирлар, юртнинг давлатманд кишилари илм-фанга ҳомийлик қилишда, вақфлар тутишда, илм толибларига ёрдам кўрсатишда, кутубхоналар ташкил этишда кимўзарга мусобақалашишган. Ҳатто ғайримуслим олимлар ҳам Ғарб Ислом ҳазорасидан сув ичганини, Андалусиядан тарқалган илм Оврупани юксак тараққиёт чўққисига олиб чиққанини ҳозиргача ёзиб келишади. Эркенсал бундай деган: «Замонавий илмларнинг тамал тошини қўйишдек шарафли вазифа мусулмонларга тегишлидир». Аллен Дебус эса: «Мусулмонлар Уйғониш даврига дебоча бўлажак технологик ўсишлар эшигини очиб беришди», деб ёзади.
Кейинчалик бу улкан имкониятлар бой берилди. Илм-маърифат билан қизиқилмайдиган ҳолга келинди. Нафслар, шаҳватлар, орзу-ҳаваслар илм устидан ғолиб чиқди. Илм мажлислари ўрнини ўйин-кулги, ичкилик базмлари, илмий мунозаралар ўрнини лағв-ғийбат суҳбатлари эгаллади. Мадраса қуриш ўрнига шоҳона саройлар тикланди. Илм-фанга аталган пуллар етти-саккиз кунлаб қилинадиган тўйларга, улоқ чопишларга, қиморга харжлаб юборилди. Илм аҳли хўрланди: ҳукмдорлар, амирлар эшигига қатнайдиган, давлатмандлар қўлига қарайдиган бўлди. Ғарб эса имкониятдан «фойдаланиб», илм-фанга зўр берди, жаҳолатдан қутулди, тараққий қилди.
Илмсизлик, жаҳолат бало-кулфати ўзини узоқ куттирмади. Мусулмонлар қачон илмдан юз ўгиришса, золим қавмлар истибдодига учрашди. Эътиқодларига завол етди. Маънавиятлари, ахлоқлари топталди. Фаҳш, айш-ишрат урчиди. Таналарни лоқайдлик, танбаллик чирмади. Қалбларни дин қайғуси, миллат  шарафи, ватан ишқи тарк этди.
Инсониятнинг жоҳиллиги шунга бордики, ухровий ва дунёвий илмлар ўртасига баланд хитой девори тикланди. Улар бир-бирига ғаним қилиб қўйилди. Дин олими замона илмини ўрганишни ор билиб, унга бепарво бўлди. Дунё олими аксинча эътиқодсизликни, моддапарастликни «чин илм» ҳисоблаб қаттиқ адашди.
Бир-икки очиқ кўзли, тийран фикрли мутафаккирнинг бу борадаги ноласи жоҳил оломоннинг «урҳо»си ичра кўмилиб эшитилмай кетди: «Сўнгги асрлардаги маърифатсизлик, жоҳиллик сабаби илмсиз, маърифатсиз хонлар элнинг чироғи-йўлбошчиси бўлган уламоларни ўз бўйинтуруғлари остига олиб, соф йўлни ўз шайтанат йўлларига татбиқ этдилар», деб ёзган «Ҳақиқат» журнали 1922 йилги 1-сонида. «Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилган ҳукмдорлар халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Шунинг учун халқда уйғониш, фикрий очилиш бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур», дейди атоқли давлат арбоби ва олим Алихонтўра Соғуний. «Мусулмонлар замонни ўзларига мослаштиришни кутиб ўтирмай, ўзлари ўша замоннинг фойдали илмларига мослашсалар, яхши бўлмасмикин?», деб фикр юритди маърифатпарвар адиб ва ношир Исҳоқхонтўра Ибрат. «Биз, туркийлар ўз тарихи тонгидаёқ ёзувига эга бўлган, кейин ҳам уни илм ва тафаккурдаги улкан муваффақиятлар билан безаган қабила сифатида яшаб келдик ва шундай яшажаякмиз», дея умид билдирди яна бир мутафаккир Исмоил Ғаспирали. Номдор олим Алберт Эйнштейн эса бундай деган: «Фан – динсиз кўр, дин – фансиз чўлоқ».
Иймон ва куфр, ҳақ ва ботил, эзгулик ва ёвузлик орасида бўлгани каби маърифат ва жаҳолат ўртасидаги олишув ҳам ҳамон давом этмоқда. Бугун ҳам дин ва фан ўртасида тубсиз чоҳ кўраётган олимлар бор. Айрим фан мутахассислари ҳамон эътиқодсизлик, моддапарастлик тўрларидан халос бўлолмай, Аллоҳнинг яратиш ва ўлгандан кейин қайта тирилтиш иродасига ақллари «етмай» турибди. Диний илмлардан хабардор бўлишни «қолоқлик», «маданиятсизлик» санайдиганлар ҳам керагича топилади.
Айни пайтда кўпгина мусулмонларимиз ҳам илм билан дўстлаша олмай юришибди. Замонавий илмларни ўрганишни гуноҳ санайдиган жоҳил кимсалар ҳозир ҳам бор. Исломий ўқув юртларидан бирида бўлган кириш имтиҳонида  ёзма синовдан ўтолмаганлар орасида Қуръон ҳофизларининг ҳам борлиги ачинарли. Қавмига маърифат тарқатишга масъул масжид имомининг «нанотехнология», «клонлаш», глобаллашув», «сайт» каби замона илм-фани истилоҳларини эшитганида довдираб қолиши аянчли. Илм-маърифатга, илм толибларига ҳомийлик қилишдан кўра Аллоҳ буюрмаган кераксиз жойларга пул сарфлашни афзал кўрадиганлар борлиги ҳам ҳақиқат.
«Аллоҳ илм билан қавмларни юксалтириб, етакчи қилиб қўяди», деган саҳобий Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу. «Илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғу зулматда нур бағишловчи ва заиф баданларга куч-қувватдир, илм билан банда аброрлар даражасига кўтарилади, олий мартабаларга етишади», дейди «Ислом ҳужжати» Абу Ҳомид Ғаззолий. «Ислом динининг жаҳолатдан кўра каттароқ ва қўрқинчлироқ душмани йўқдир», дея фикр юритади туркиялик тасаввуф шайхи Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо Жазарий. Яна бир шайх Абу Муҳаммад Фазлнинг мана бу гапларига эътибор беринг: «Киши тўрт иш билан Исломдан чиқади: бири – билганига амал қилмаса, иккинчиси – билмаганига амал қилса, учинчиси – билмаганини изламаса, тўртинчиси – билиш ва ўрганишга интилган одамларга халақит берса». Фатҳ Мусалий айтади: «Касалга обу таом берилмаса ўлгани каби қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, у ўлади».
Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монеълик йўқ, аксинча чорлов бор, шароит бор, имконият бор. Юзлаб олий ўқув юртлари,  коллеж ва литсейлар очиб қўйилган. Мамлакатда динимизни ўргатадиган ўн иккита олий ва ўрта махсус ўқув юрти ишлаб турибди. Китоб-дарсликлар пайдар-пай чоп этилиб турибди. Жаҳондаги жамики илмларни жамлаган бепоён Интернет тизимига кириш имкони бор.
Аммо бизда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтириш-мажлисларга, ношаръий зиёфатларга сарфлаб юборяпмиз. Бироқ жиндай илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ютоқиб ўрганаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга вақт-имкон «топа олмаяпмиз». Ўтмишда оила дастурхони устида хонадон улуғининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат уюштиргани, тожир, ҳунарманд ва зироатчилар узоқ қиш оқшомларида бир устоз этагини тутиб, илм мажлислари қилишгани, толиблар илм талабида ҳатто қўшни юртлардаги устозларникига қатнагани каби ҳолатлар бугун бизга худди эртаклардагидай эриш туюлади. Онда-сонда  вақт топиб, нимадир ўқишимиз ҳам «айниган»: дунё ва охиратга фойдали, илм ва фикрлашга ундовчи китоб, газет-журналлар ўрнига олди-қочди, таги пуч ёки бузуқлик тарғиб қилинган нарсаларни ўқиймиз.
Авлодни авлод қилиб танитгувчи, ижтимоий ҳаётни ахлоқ назоратида, Ислом мувозанатида тутувчи нарсалар уч асосга: оиладаги она, дин кишилари, таълим ва муаллимларга суянади. Ҳамма даврда бўлгани каби ўтган аср бошида ҳам очиқ кўзли зиёлиларимиз жаҳолатни қоралаб, халқни илм-маърифатга чорлаб чарчашмаган эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий: «Тараққий этган миллатни оналари ўқитар экан, биз аввал оналаримизни ўқитиб, уларга тил ўргатмоғимиз керак, чунки бизнинг илмсиз ва тилсизлигимиз улардандир…Туркистон болаларини илмсиз қўйманг», деб ёзган эди. Яна бир дардкаш мутафаккир бундай деган: «Фарзандлари тарбиясига лоқайд қараган миллатлар инқирозга маҳкумдир. Уларни бегона қўллар ва бегона маданиятга таслим этганлар ўзини йўқотишга маҳкумдир. Бугунги кунда тузумнинг юзи қоралари ҳисобланган ожизлар, золимлар, ароқхўрлар, бузуқлар, бангилар, исёнкорлар кечаги кунда тарбиясига бепарво қаралган болалардир». Бу жўшқин сатрлар бугун ҳам долзарблигини йўқотмагани аниқ!
Ғарб тарихчиларининг ўзлари Оврупа илм-фанни, адабиётни асосан Ислом ҳазорасидан ўрганганини тан олиб ёзишади ва ўша пайтнинг даҳо олимларига миннатдорчилик изҳор этишади. Ислом олимларининг Аллоҳ берган иқтидори, илм-фан соҳасидаги кашифётлари ҳақиқатан ҳам дунё ҳавас қилгулик, ҳайратда қолгулик даражада эди. Мана, Ислом олимларининг жаҳон илм-фани ва ҳазорасига қўшган улуғ ҳиссаларидан бир шингили:
Мусо Муҳаммад Хоразмий алгебра фанига асос солган, «алгебра» истилоҳи унинг «Ал-жабр ал-муқобала» рисоласидан олинган, олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанга кирган, унинг арифметикага оид рисоласи Х11 асрдаёқ Испанияда таржима қилиниб, шу асосда дарслик ёзилган.
Аҳмад Фарғонийнинг «самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум» китоби Х11 асрда Оврупа тилларига таржима қилиниб, «Алфраганус» деган лотинча ном билан бир неча аср мобайнида Ғарб университетларида астрономиядан асосий дарслик сифатида ўқитилган.
Яна бир атоқли қомусий олимимиз Абу Райҳон Беруний Христофор Колумбдан анча олдин уммон ортида номаълум қитъа борлигини айтган, Галилейдан 600 йил аввал Ернинг айланишини исботлаб ва изоҳлаб берган, биринчи глобус ясаган, Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчаган, конуслар теоремасини франсуз олими Вентдан 500 йил олдин кашф этган.
Улуғ мусулмон олими Абу Юсуф Ёқуб ибн Исҳоқ ал-Киндий (801-873) Эйнштейндан бир неча аср илгари борлиқ ва ундаги ҳодисаларнинг нисбийлиги ғоясини кашф этган. У оптика соҳасида жаҳонда биричи бўлиб асар ёзган, унинг ўн битта асари замонавий арифметикага, еттита асари геометрияга асос бўлган. У психо-физиологиянинг ҳам асосчисидир.
Абул Вафо Муҳаммад ибн Яҳё Бўзжоний (940-998) тригонометрия фанига тангенс, котангес, секанс каби истилоҳларни олиб кирган, унинг кашфиётларини Оврупа юз йиллардан кейин ўргана бошлаган, Оврупада Батламиуснинг Ой назарияси устида илк иш олиб борган Тужҳо Брахадан (1546-1601) нақ олти юз йил олдин бу назарияни танқидий ўрганиб, унинг нуқсонларини кўрсатиб берган.
960-1039 йилларда яшаган Қутбиддин ибн Ҳайсамнинг оптикага бағишланган «Китаб ул-манозир» (Тасвирлар китоби) 1270 йилдаёқ лотинчага ўгирилиб, бир неча Оврупа мамлакатларида чоп этилган ҳамда  Коперник ва Нютоннинг оптикага оид асарларига асос бўлган. Олимнинг лотинча Albazen номи физикадаги илмий истилоҳга айланган. Ламберт трапетсиясини ундан анча олдин Ибн Ҳайсам топган.
Жобир ибн Ҳаййон оврупалик олимлар Жон Далтон, Отто Ханн, Эндрю Ферми, Алберт Эйнштейндан минг йил олдин атом устида тадқиқот ўтказган, илк марта «термоядровий куч» фикрини айтган, атом парчаланиши ва бомба шиддатини тасвирлаган.
Собит ибн Қурра (835-902) биринчи марта анестезинни топган. Али ибн Исо эса ўн биринчи асрда уни илк бор кўз жарроҳлигида қўллаган. Бироқ бу кашфиёт 1850 йилга келиб Жанкайники бўлиб кетди. «Дифференсиал ҳисоб»ни ҳам Нютондан анча олдин, тўққизинчи асрда Собит ибн Қурра кашф қилган.
Само жисмларининг эллипс орбита бўйлаб ҳаракат қилиши ҳақидаги фикрни Кеплер Берунийдан ўзлаштириб олган бўлса, Коперник Қуёш назариясини Ибн Шотирдан (1304-1376) айнан кўчириб олган.  
Умар Хайём «Арифметиканинг мушкул масалалари» асарида Нютондан беш юз йил олдин ўн сонли рақамли масалаларни каср воситасида ҳал этиш назариясини тавсия этган.
Ойнинг илк харитасини Мирзо Улуғбекнинг шогирди Алоуддин Қушчи чизган, ҳозир бу харита Америкадаги Ой тадқиқоти институтида чиқарилган хариталарнинг энг тепасига осиб қўйилган.
Биринчи компасни ўн учинчи асрда Кабажакий ясаган, биринчи қоғоз фабрикасини аббосий вазирлардан Ибн Фозил (739-805) қурдирган.
Зилзилага оид биринчи асар Дамашқийнинг (вафоти 1176) «Китаб ул-залзала» асаридир. Кейинчалик ўн бешинчи асрда ёзилган Жалолиддин Суютийнинг машҳур «Кашф уз-залзал ал-васфил залзала» китобидан бошқа сейсмологияга доир асар бўлмаган.
Али ибн Аббос (вафоти 994) капиляр қон томирларини кашф қилган, минг йил олдин саратон (рак) амалиётини амалга оширган. Аммор ибн Али ўн биринчи асрда кўз пардаси жарроҳлигини ўтказган. Абул Қосим Захравий Ғарбда замонавий жарроҳлик отаси, деб тан олинган, у жарроҳликда икки юз хил асбоб ишлатган, олим туғишда қўллаган усул Ғарбда беш юз йил кейин жорий бўлди. Оқшамсуддин (1389-1459) Пастордан тўрт юз йил аввал микробни кашф қилган.  
Адабиёт соҳасида ҳам Шарқ халқлари ҳар жиҳатдан устун бўлишган. Машҳур олмон шоири Гётенинг «Шарқда еттита буюк шоир бор, уларнинг энг кучсизи ҳам мендан устун туради», деган гапи бунинг исботидир.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase