close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қандай қилиб Худо сенинг миянгни ўзгартиради

Ушбу мақоланинг номи АҚШ да чоп этилган китоб номини такрорлайди, у қандай қилиб Худога ишонч одамнинг миясига, унинг асаб тизимига ва руҳий фаолиятига таъсир этиши ҳақида тушунча берадиган ажойиб кашфиётлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Китоб америкалик икки олим – Пенсильвания штати университетидан неврология ва психология профессори Эндрю Ньюберг (Andrew Newberg M.D.) ва унинг ҳамкасби, шу университет қошидаги руҳият ва психикани тадқиқ этиш Маркази ходими Марк Роберт Уолдман (Mark Robert Waldman) томонидан ёзилган. Бу олимлар томонидан бошқа кўплаб китоблар ҳам чоп этилган.

Эндрю Ньюберг ўзини насроний деб атайди, лекин, дин амрини бажармайдиган, Худонинг бор ёки йўқ эканлиги ҳақида ортиқча ўйланиб ўтирмайдиган насроний дейди. Марк Уолдман – ҳақиқий атеист.
Иккала олимнинг эътиқоди янада катта қизиқиш уйғотади, ахир Худога ишонч ҳақида ва қандай қилиб бу ишонч ва, умуман, руҳий турмуш тарзи одамнинг миясига, унинг асаб тизими ва руҳиятига таъсир этиши ҳақида ёзилган. Лекин олимлар ўзи бир тузук художўй бўлмасдан туриб дин ва эътиқод ҳақида ёзган деган маънода бу китобдан дарҳол қўл силтамаслик керак, дарҳақиқат, тадқиқотчилар улар олган маълумотларнинг моддий талқинини тақдим этишга эринмаган. Бу ерда бизни кўпроқ олимларнинг шахсий фикрлари эмас, балки улар топган тажрибалар натижалари билан мустаҳкамланган илмий далиллар қизиқтиради.
Дастлаб одамнинг асаб тизими қандай тузилиши ва олимлар ўз асарида қайси илмий усуллардан фойдалангани ҳақида яна бир бор эслатиб ўтиш зарар қилмайди.
Бош мия одамнинг бош чаноғига ихчам қилиб жойланган 100 миллиард асаб ҳужайраларидан иборат. Агар ўртача мия ҳажми – 1200 куб  сантиметр эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу шуни англатадики, миянинг ҳар бир квадрат миллиметрида 80 000 нейрон мавжуд!
Ҳар бир асаб ҳужайраси дендрит деб аталган ўсимталарга эга бўлиб, уларнинг сони ўн мингга етади. Дендритлар ёрдамида нейрон ва унинг ёнида жойлашган бошқа нейронлар ўзаро алоқлар ҳосил қилади. Бу алоқалар сони триллион триллионга етади. Шундай қилиб, нейронлар ўзаро бирлашган ҳолда, чексиз сонли нейрон алоқалар – ўзига хос микросхемалар шакллантиради, ўзаро электрик импульслар алмашинади ва уларни одам танасининг турли қисмларига етказади.
Ўз тадқиқотларида Ньюрберг ва Уолдман бош мияни электрик сканерлаш учун ускуналардан фойдаланган бўлиб, бунда қайси бўлимлар фаол, қайсилари эса шу вақт кесимида пассив бўлишини кўрсатади.
Олимлар узоқ йиллар давомида ўз фаолиятида руҳий ва психик ҳолати турлича бўлган минглаб одамларни сканерлади ва руҳий амалиёт, ибодат ва медитациянинг одам асаб тизимига таъсири ҳақида рад қилиб бўлмайдиган маълумотларни қўлга киритди.
Тадқиқот давомида улар қуйидаги хулосага келишди: одамнинг асаб тизими, агарда одам меҳрибон ва раҳмли Худога ишонадиган, Унга сажда  қиладиган, У ҳақида ўйлайдиган ва фақат Унгагина ишонадиган бўлса, самарадорлик, барқарорлик ва амалий ишга лаёқатлиликни оширишга мойил бўлади. Бундан ташқари, олинган маълумотларга кўра, Худо ҳақида фикр-мулоҳазалар хавотир, қўрқув ва асаб таранглигини пасайтиради, хотиржамлик ва хавфсизлик ҳиссини кучайтиради.

Бу қандай рўй беради?

Тажрибалар шуни кўрсатадики, «Худо ҳақида чуқур ва доимий мулоҳазалар бош мияда ажойиб ўзгаришларга олиб келади – нейрон фаоллиги сезиларли даражада ўзгаради. Хусусан, пассив ҳолатда бўлган айрим нейрон бирлашмалари фаоллашади, шу пайтгача ишлаб турган бирлашмалар эса тўхтайди. Бунда янги нейрон алоқалар вужудга келади ва мия атроф-олам билан самаралироқ алоқа қила бошлайди, унинг онглилик ва зийраклик даражаси ортади, маслаклари ўзгаради. Агар Худо бу одам учун қандайдир аҳамиятга эга бўлса (олимлар айнан шундай фикр билдирган), У ошкора ҳақиқатга айланади».
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тадқиқотлар бошқа ажойиб нарсаларни кўрсатди: руҳий амалиёт туфайли фаоллашадиган ва мустаҳкамланадиган нейрон алоқалари хотиржамлик, хавфсизлик, раҳмдиллик ва ижтимоий онг туйғулари пайдо бўлиши учун жавобгар ҳисобланади; пассив ҳолатга ўтадиган нейрон алоқалари эса ёмон кайфият, хавотир, қўрқув, асаб таранглиги ва вайронагарчиликларга интилиш вужудга келишида «айбдор» бўлади. Худди шунингдек, олинган илмий маълумотларга кўра, мунтазам руҳий амалиёт руҳиятнинг баджаҳлликка мойиллигини пасайтиради.
Таажжуб! Атеистик дунёқарашга эга бўлган кишиларнинг бундай далилларга келганига ишониш қийин. Албатта, бу китобнинг катта қисми олимларниг шахсий талқинларига, уларнинг олинган натижаларни моддийлик нуқтаи назаридан тушунтиришга қаратилган ҳаракатларига бағишланган. Шуниси афсусланарлики, Худога ишончнинг илмий кашф этилиши бўйича тажрибалар муваффақият билан якун топганига қарамай, бу тажрибани ўтказган олимлар уни ўзлари учун кашф қила олмадилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтадики:
«Зеро, кўзлар кўр бўлмас, кўксилардаги қалблар кўр бўлур» (Қуръон, 22:46).
Ньюрберг ва Уолдманнинг тадқиқотлари фақат юқорида айтиб ўтилганлар билан чекланмайди. Китобда ушбу соҳадаги бошқа кўплаб  кашифётлар ҳам кўрсатилган, асосийси – бу кашфиётлардан қандай қилиб фойдаланиш ва ўз ҳаётини тўлиқ ўзгартириш ҳақида қимматли тавсиялардир.
Лекин шуниси ажабланарлики, бу тавсиялар билан танишиб чиққач,  гўёки уларнинг ҳаммаси ислом фиқҳи ва ислом тарбияси бўйича китоблардан олингандан таассурот уйғонади. Бу ҳақида эса кейинги мақолада гаплашамиз (Инша Аллоҳ).

Манба: Ал-Жазира
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase