close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Илм-фан яна бир суннатнинг фойдасини тасдиқлади

Аллоҳ таолонинг Расули ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир гўзал суннатлари ғарб олимларининг илмий тадқиқотларида ўз тасдиғини топди. Бу сафар фанга таҳник, яъни чақалоқнинг танглайини кўтариш суннатининг кони фойда экани маълум бўлди.

Мусулмон халқларда кенг тарқалган таҳник суннати чақалоқнинг оғзига бироз чайналган хурмо ёки бошқа мевани солиб, танглайига суртиш билан адо этилади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига янги туғилган чақалоқни кўтариб келишса, у зот боланинг ҳаққига дуо қилиб, хурмонинг чайнаб, унинг танглайини кўтариб қўярдилар.
Маълумки, мўмин-мусулмонлар Исломдаги ҳар бир ҳукм, ҳар бир кўрсатмани Аллоҳ таолонинг амри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари деб, ихлос билан, савоб умидида адо этадилар, бундан бошқа ҳеч қандай моддий ёки бошқа манфаат кутмайдилар. Зеро, Қуръонга ва Суннатга амал қилишнинг ажру савоби бутун оламдаги ҳар қандай манфаатдан улуғ ва устундир. Аммо Парвардигоримизнинг чексиз раҳмати туфайли шариатимизнинг ҳар бир кўрсатмаси замирида олам-олам манфаатлар – ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий, тиббий ва бошқа кўплаб фойдалар ётади. Замонавий илм-фан ривожланиб борган сари, шаръий ҳукмларнинг бу жиҳатлари тобора кўпроқ кашф қилинмоқда. Ана шундай суннатлардан бири бўлмиш таҳникнинг тиббий фойдаларидан бирини аниқлаш шарафи бир гуруҳ ғарб олимларига насиб қилди.
Британиянинг ВВС корпорация томонидан эфирга узатилган бир кўрсатувда экспертлар «чақалоқнинг оғзига, лунжининг ичкарисига сурилган шакар эритмаси муддатидан эрта туғилиб қолган боланинг миясини шикастланишдан асрайди» деган фикрни таъкидлаб чиқишди.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, чала туғилган ҳар ўнта чақалоқнинг бирида гипогликемия, яъни қонда қанд моддаси миқдорининг жуда камлиги кузатилар экан. Агар бу ҳолат ўнгланмаса, чақалоқнинг миясига шикаст етар экан. Янги Зеландиялик шифокорлар юқоридаги каби лунжига шакар эритмаси сурилган 242 нафар янги туғилган чақалоқнинг қонини текшириб кўриб, кўзларига ишонмай қолишди. Натижа мисли кўрилмаган даражада эди! Клиник тадқиқотларнинг натижалари The Lancet нашрида чоп этилди.
Тадқиқот гуруҳининг раҳбари, Окленд университети профессори Жейн Хардинг хонимнинг айтишича, декстроза (д-глюкоза) эритмаси билан бажариладиган бу муолажа атиги 1 фунт туради ва чақалоқнинг томирига глюкоза юборишдан кўра анчагина осон ва хавфсиз амалга оширилади. «Чала туғилган чақалоқларни тинимсиз овқатлантириб туриш гипогликемия хавфини тўлиқ бартараф қила олмайди, шунинг учун кўпинча глюкоза томир орқали юборилади», дейди у. Бундан ташқари, тадқиқотлардан маълум бўлишича, декстроза эритмаси гипогликемияга чалинган чақалоқларга кучли овқатланишдан ҳам кўра яхшироқ самара беради.
Лондон университети қошидаги коллежнинг Аёллар саломатлиги институти ходими Нейл Марлоунинг фикрича, мутлақо арзонга тушадиган, самараси тажрибаларда ўз исботини топган декстроза эритмаси билан даволаш усули шифокорлар томонидан мажбурий равишда қўлланилиши лозим.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase