Биринчи мулоҳаза. Бир қанча мусулмон ўлкалардаги исломий институтлардаги муҳит ўрганилганда натижа шуни кўрсатадики, юқори даражада таҳсил олаётган талабалар сони жуда оз. Исломий мақола, даъватда фаоллик бор, бироқ дунёвий фанлардан орқада қолинган. Чунки талаба дин йўлида дунёвий фанлардан воз кечиш лозим, деб ҳисоблайди. У Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ дарсларига қатнашади, аммо кимё, физика каби фанларини ўзлаштирмайди. Қорилар ва шайхлар мажлисига боради, бироқ тажриба участкаларига яқинлашмайди ҳам. Бу муаммо мусулмон талабалари учун одатга айланган.
Шунга қарамай ноумид бўлмаслик керак, аксинча, муаммоларни ўрганиб, самарали ечимини топишимиз зарур. Талабаларни дунёвий илмларга бўлган қизиқишини оширмоқлигимиз қанчалар зарур эканини англатишимиз шарт! Диндорлар замонавий илм-фанларни яхши эгалламаганликлари сабаб диний тушунчалардан йироқ аълочи мусулмон талабалар исломий бўлишдан қўрқишади. Диндор бўлсам, дунёвий илмда қолоқ бўлиб қоламан, дейишади.
Мен бир неча аълочи, лекин диндан йироқ мусулмон талабалар билан гаплашдим. Уларга Ислом илм дини эканини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Бироқ уларда ўзгариш бўлмади. Уларнинг ҳолати шундай дерди: “Исломни воқеликка татбиқ қилиб бўлмайди, йўқса, тақводорлар нима учун яхши ўқимайди. Фан докторлари, профсссорлар орасида мусулмонлар эмас, балки бошқа дин накиллари кўпроқ”.
Ҳа, бу оғир масала, уни ечиш учун кўп вақт, машаққат керак!
Иккинчи мулоҳаза. Америкада бир илмий мажлисда дунёвий илмларнинг аҳамияти, мусулмонлар табиий фанларни ўзлаштиришга жидду-жаҳд қилиш кераклигини, Ислом уммати бошқалардан илғор бўлиши лозимлиги тўғрисида маъруза қилдим. Маърузадан сўнг, Америкада яшовчи бир араб билан ушбу мавзуда суҳбат қилдик. Унинг фикридан карахт бўлиб қолдим. Унингча, Аллоҳ таоло Ўз фазли ва раҳмати билан кофирларни бизнинг хизматимизга бўйсундириб қўйган эмиш, улар қийналиб ихтиро қилган кашфиётларини сотиб олиш учун бизга керакли маблағ бериб қўйган эмиш. Яна денг, Аллоҳ биз қийналмаслигимиз учун уларни дунёвий илмларга устамон қилиб, бизни шаръий илмлар билан машғул бўлишимизга, ҳатто ўйнаб-кулишимизга имкон яратган эмиш. Унинг ҳамфикрлари, қўллаб-қувватловчилари кўп эмиш. Яна эмишки, Аллоҳ таоло Америка, Япония, Хитой, Германия, Россия каби давлатларни бизга бўйсундириб қўйган экан... Тавбангдан кетайей, қўйиб берса, у Исроил замонавий техника ва қурол-аслаҳа билан мусулмонлар ерларини босиб олганини ҳам Аллоҳнинг марҳамати, деб ўйласа керак!
Учинчи мулоҳаза. Ислом уммати ўйлаб кўриши керак бўлган асосий масала - эҳтиёж бор жойга инфоқ қилишдир. Бойларимиз фақир ва мискинларга садақа қилиши, умматнинг келажаги бўлган толиби илмларга, айниқса, мусофир талабаларга ёрдам кўрсатмоқ зарур. Баъзи бойлар ҳаж, умра зиёратини такрор-такрор қилишади-ю, маълум соҳа бўйича илмий анжуманларни ўтказиш учун молиявий ёрдам кўрсатишни хаёлига ҳам келтиришмайди.
Айрим сармоядорлар Қуръон ёдлаш ёки фиқҳ марказларига ҳомийлик қилади-ю, компьютер технологияси каби зарур замонавий илм марказларига ёрдам кўрсатишмайди. Шаҳарларда масжидлар қурилади, лекин илм даргоҳлари бунёд этилмайди.
Бундай кишилар исломий хайрия маъносини тўла тушунмасдан, фақат масжид, қорихона қуришни савоб деб ўйлайди.
Тўртинчи мулоҳаза. Ислом оламида илмга қизиқиш пасайгани ҳеч кимга сир эмас. Масалан, Мисрда ўн беш ёшдан катталарда саводсизлик 29,6 фоизга етган. Яъни, ҳар ўнта мисрликдан учтаси ўқиш-ёзишни билмайди. Аҳолининг учдан бири газета, журнал ўқимайди, Қуръонни очиб ҳам кўрмайди, ҳозирги ривожланган ускуналардан фойдалана олмайди.
Камбағаллар биз билан бир муҳитда яшасада, бирор кимса уларни ўқитишни ўйлагани йўқ. Ваҳоланки, Исроил давлатида саводсизлик даражаси анча паст. Мисрда ўн беш ёшдан йигирма тўрт ёшгача бўлган йигитлар орасида саводсизлик 15 фоиз бўлса, Исроилда эса 2,9 фоизни ташкил этади.
Уруш ва ночорлик чарчатган Кубада ёшлар орасида бесаводлик йўқ: ҳар бир йигит-қиз ўқишни ва ёзишни билади. катталар орасида саводсизлик 0,2 фоизни ташкил қилади.
Нафақат Куба, балки Лотин Америкасининг Чили, Бразилия, Колумбия каби камбағал давлатларида ҳам саводсизлик даражаси 2-3 фоиздан ошмайди.
Демак, камбағаллик, иқтисодий муаммолар саводсизликка баҳона бўла олмайди. Бу фақат Мисрга тегишли эмас. Мусулмон мамлакатларнинг кўпида шу муаммо бор. Масалан, Мағриб (Марокаш)да ёшлар орасида саводсизлик Мисрдан икки баробар кўп: 30 фоиз, катталар орасида 48 фоиз экани ҳеч бир ўлчовга тўғри келмайди. Аёллар орасида саводсизлик Мисрда 41 фоиз, Исроилда 4 фоиз, холос.
Мусулмонларни саводхон қилиш фақат ҳукумат вазифасигина эмас. Илм аҳли меҳнати, бойлар сармояси билан бундай хайрли ишга ҳисса қўшмоғи керак.
Бешинчи мулоҳаза. Ташвишли ҳолатлардан яна бири шуки, илмли мусулмонларнинг Ғарбга кетиб қолишидир. Ғарб давлатлари, айниқса, Америка ихтирочи, кашфиётчиларни турли йўллар билан ўзига оғдириб олади. Тўқсонинчи йиллардан буён 12 миллион мутахассис фуқаролик, катта маош, юқори имтиёзлар сабаб ўз қадриятларидан воз кечиб, Америка муҳитига сингиб кетишди.
Америка 1995 йил виза қонунларига ўзгартириш киритиб, билимли муҳожирларга янада кенг имконият яратиб берди. 2003 йил иқтидорли олимларни йиғиш учун 200 минг виза очилган бўлса, шундан 100 минттаси ҳиндистонлик компьютер дастурловчиларга юборилган. Америка компьютер соҳасида юқори савияда бўлса ҳам Ҳиндистон улардан илгарилаб кетган эди-да. Америкаликлар оддий мутахассисларни эмас, ўта иқтидорли олимларни ўзларига оғдириб олди, шу йўл орқали Ҳиндистоннинг компьютер соҳасини заифлаштирди.
Рақамлар сўзлашини давом эттирсак, мусулмон араб табибларидан 50 фоиз, муҳандисларидан 23 фоизи Ғарб давлатларига кўчиб кетган. Улар Америка, Канада, Британия каби давлатларнинг иқтисодиётини гуллаб-яшнашига хизмат қилади. Британия табибларининг 14 фоизини араблар ташкил қилади.
Хорижга ўқишга кетаётган араб талабалари орасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, уларнинг 54 фоизи юртларига қайтиб келмасликларини айтишган.
2000 йилгача Ғарб давлатларида олий маълумотли араблар сони 450000 нафарга етган. Бу араблар мусулмон оламининг бешдан бирини ҳам ташкил қилмайди. Покистон, Индонезия, Туркия, Нигерия давлатларидаги араб бўлмаган мусулмонлар ҳам Ғарбга кўчиб кетмоқда. Биргина Нигериядан 21 мингдан ортиқ табиб Америкага кўчиб ўтган.
Африка қитъаси ҳар йили хорижга 20000 талабани ўқишга жўнатади. Бироқ улар юртига қайтишмайди. Ғарб хориждан келган мутахассисларга йилига 4 миллиард евродан кўп маош тўлайди.
Агар бирор мусулмон юртда нотинчлик юзага келса, аҳвол янада ёмонлашади. Ироқни олайлик. Бутун Британияда 2000 нафардан ортиқ ироқлик олий тоифали табиб ишлайди. Ироқ четдан келган табибларнинг ўзидан юз миллион долларлаб зарар кўрди, тиббий хизмат даражаси тушиб кетди. Фаластин, Ливан, Судан каби уруш ва фитна авж олган давлатларда аҳвол жуда оғир.
Олтинчи мулоҳаза. Илмий қолоқликдан чиқиб кета олмаётганимизни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди, Ғарб давлатлари қатор биздан ҳам қийин вазиятдан қисқа вақт ичида чиқиб кетган. Иккинчи жаҳон урушидан оғир талофат билан чиққан Япония ва Германия қисқа фурсатда ривожланган давлатлар сафига қўшилди. Жанубий Корея яқин тарихда ҳеч ким танимайдиган давлат эди. Шимолий Корея қанча қийинчилик билан бўлса-да, атом бомбасига эга бўлди. Ҳиндистон ҳам, миллиард аҳолисининг иқтисодий аҳволи ночор бўлишига қарамай, атом бомбасига эга. Дунёнинг энг кучли дастурловчи мутахассислар етиштира олди. Дастур экспортини 23 миллиард долларга етказди.
Мусулмон мамлакатларда муаммолар талайгина. Лекин бу олий даражада илм олишга баҳона бўла олмайди, етарли имкониятлар мавжуд. Малайзия - мусулмон мамлакат. Бошқа мусулмон юртлари каби муаммолари етарли. Шунга қарамай илмда жуда яхши натижага эришди, кундан-кунга равнақ топмокда. Эҳтимол, Малайзия тажрибасини ўрганиб, татбиқ қилиш орқали тараққиёт сари интилмоқ керакдир?!
Еттинчи мулоҳаза. Дунёвий илмий ишларга кўп маблағ ажратиш лозим. Афсуски, бу масалада исломий давлатларни йирик ишлаб чиқарувчи давлатларга қиёслай олмаймиз. Исроил давлати ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 5 фоизини илмга ва турли ихтироларга сарфлай-ди. Бу кўрсаткич бутун араб давлатларининг бу соҳага ажратган маблағидан 3,5 баробар кўп.
Мусулмон мамлакатларда илмий ишлар, кашфиётларга деярли эътибор берилмайди. Ишлаб чиқарувчи ихтиро эгасига патент тўламайди, агар ихтирога яхши ҳақ тўланса, ишлаб чиқариш янада ривожланади. Илмни ривожлантириш билан ҳам моддий бойликка, ҳам сиёсий ва ҳарбий қудратга эга бўлиш мумкин.
БМТнинг баёнотига кўра, Миср ЯИМнинг 0,2 фоизини таълимга сарфлайди. Исроил давлати эса таълимга Мисрдан 25 баробар кўп маблағ ажратар экан. Аллоҳ таоло натижаларни сабабларга боғлаб қўйган. Кимки сабабни кўп ушласа, у кўпроқ натижага эришади. Аллоҳ Таоло айтади: “Кимки дунё ҳаёти ва унинг зийнатини истаса, у (каби)ларга амаллари (савоби)ни шу (дунё) да мукаммал берурмиз ва улар унда (дунёда) зиён қилмайдилар” (Худ сураси, 15-оят).
Исроил билан бутун араб давлатларини солиштирган мутахассисларнинг гапига қараганда, ҳар 1000 нафар Исроил фуқаросига 217 та компьютер тўғри келар экан. Арабларни қаранг: ҳар 10 минг урдунликка 52 та, ҳар 1000 ливанликка 39 та, ҳар 1000 мисрликка эса 9 та компьютер тўғри келади. Таққосни давом эттирамиз: 1 миллион арабдан 136 нафари илмий ходим ҳисобланади. Ҳар миллион яҳудийнинг 1613 нафари, ҳар миллион америкаликниг 4374 нафари, ҳар миллион японияликнинг 5000 нафарини илмий ходим ташкил этиб турганда, арабларнинг “кўрсатгичи” оғриқли эмасми?
Таълим учун ҳар бир исроиллик йилига 922 доллар, америкалик 1005 доллар, мисрлик эса 6 доллар сарфлайди.
Имконият топиш мумкин, пулнинг ҳам иложини қилса бўлади. Муаммо - воқеъликни тушунмасликда, халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўймасликда, илмнинг аҳамиятини англамасликдадир!
Саккизинчи мулоҳаза. БМТнинг 2001 йилги баёнотида дунё мамлакатлари беш тоифага бўлинган. Бу баёнот давлатларнинг илмий салоҳияти, кашфиётлари асосида тайёрланган. Биринчи тоифага дунёнинг энг ривожланган етакчи 18 давлати, иккинчи тоифага етакчиликка даъвогар ривожланган давлатлардан фақат Малайзия кира олган. Учинчи тоифага Миср, Индонезия, Тунис, Сурия, Жазоир, Эрон каби мусулмон давлатлари кирган. Қолган мусулмон давлатлари тўртинчи, бешинчи тоифага киритилган.
Финляндия алоқа воситалари ишлаб чиқариш бўйича юқори ўринда туради. Чунки олимлар вақтларининг 20 фоизини талабаларга сарфлайди, ёш илмий ходимлар етишиб чиқаради.
Хитой университетларида илмий ходимлар асосий ишидан ташқари хусусий ишлаб чиқариш, деҳқончилик билан шуғулланади.
Жанубий Корея ҳукумати илмий ишларга ҳомий-лик қилган завод-фабрикаларни солиқдан озод қилган. Олимлар ва ишлаб чиқарувчилар орасида самарали алоқа ўрнатилгани сабабли Корея ривожланган давлат-лар билан беллаша оладиган даражага етди.
Тўққизинчи мулоҳаза. Исломий ўқув даргоҳларини дунё меъёрларига чиқариш бўйича ҳаракатларни ташкил этиш зарур. Шанхайдаги Жиао Тонг университети 2004 йил дунёнинг энг яхши 500 ўқув муассасасини эълон қилди. Бу эълон мусулмон давлатларда дунёвий илм қай даражада суст эканини очиқ-ойдин кўрсатиб берди. Мутахассислар тадқиқот учун тўртта меъёр танлашганди. Биринчи меъёр - таълим сифати: бунда олийгоҳни битирган талабаларнинг олган унвон ва даражалари эътиборга олинади. Иккинчи меъёр - ўқув маскани сифати: бунда ўқув юртининг самарадорлиги, талабаларининг салоҳияти эътиборга олинади. Учинчи меъёр - илмий ишлар ҳолати: бунга чоп этилган илмий мақолалар, анжуманларда маъруза қилинган илмий ишлар киради. Тўртинчи меъёр - ўқув юрти ҳажми: бунда олий ўқув юртлари томонидан ташкил қилинган академиялар ҳисобга олинади. Кўриб турганимиздек, ушбу меъёрлар юқори мезонларда бўлиб, тадқиқотлар қатъий талаблар-га асосланганини кўрсатади. Оғриқ билан таъкидлаш лозимки, бирорта мусулмон давлати олийгоҳи бу рўйхатга кира олмаган. Фақатгина 2005 йилда Туркиянинг иккита университети рўйхатга кира олди, холос. Бири 409 ўриндан, иккинчиси 468 ўриндан жой олганди. Бу яхшилик нишонаси эди, албатта. Чўққига бир сакраб чиқиб бўлмайди. Ўз навбатида бу Туркиянинг кўп йиллик меҳнатлари самараси эди. Аммо 2006 йилда Туркия рўйхатга кира олмади, аммо Мисрнинг Қоҳира университети рўйхатнинг 404 ўрнидан жой олди.
Ҳолбуки, 2005 йилда Американинг 168 олийгоҳи рўйхатни банд этган, шундан 17 таси биринчи йигирмагаликда, 53 таси биринчи юзликда жойлашганди. Рўйхатнинг бошида Американинг Гарвард университети, иккинчи ўринда Британиянинг Кембридж университети, учинчи ўринда Станфорд университети (АҚШ), ўнинчи ўринда Оксфорд университети (Британия), йигирманчи ўринда Токио университетини кўриш мумкин.
Учинчидан, Хитойнинг Тайван университети ўз юргида биринчи ўринда туради, рўйхатда 162 ўрнидан жой олган. Умуман, Хитойнинг 18 та олийгоҳи рўйхатга кирган. Бу тадқиқот холис ва ишончлилигини билдиради.
Америкадан кейин рўйхатда энг кўп олийгоҳи бор давлат Англиядир. Унинг 40 та университети рўйхатга киритилган. Сон жиҳатдан устун учинчи давлат - Япониядир. Бу давлатнинг 34 та олийгоҳи рўйхатдан ўрин олган.
Исроил давлати рўйхатнинг ўн иккинчи поғонасидан ўрин олиб, Россия Хитойдан олдинга ўтиб кетган. Қуддус шаҳридаги Иброний университети рўйхатнинг 78 ўринда турибди. Жанубий Африка тўртта олийгоҳи билан рўйхатда қора қитъанинг ягона вакили бўлиб турди.
Сингапур, Мексика, Жанубий Африка, Мажар, Ирландия, Ҳиндистон, Аргентина, Юнонистон, Полша, Чехия, Чили, Португалия каби ўртаҳол давлатлар олийгоҳларини ҳам рўйхатда учратиш мумкин.
Тадқиқотчилар атайин ёхуд адоват туфайли мусулмонларни қуйи ўринларга қўйишмаган, балки мавжуд ҳолатни кўрсатишган, холос.
Ўнинчи мулоҳаза. Ислом оламининг деярли ҳаммасида таълим тизимига унчалик эътибор берилмайди. Бошланғич таълимдан то олий таълимгача ўқитувчиларга эҳтиёж катта. Сабаб - ўқитувчиларнинг маоши паст, натижада улар бошқа иш излайди, қўшимча даромад манбаини ўз соҳасидан топиб бўлмайди. Шу боис илмга вақти, кучи қолмайди. Меҳнатига муносиб рағбат олмаган устоз жон куйдирмайди-да.
Муаммо ночорликда эмас. Муаммо илмсизлик, тушунмаслик, тўғри тасарруф қилмасликда. Асосий иллат эса бир-бирини кўра олмасликдадир!
Бу гапларни бир-биримизни айблаш ёки бировни ёмонотлиқ қилиш учун эмас, балки ҳолимизни яхши томонга ўзгариши учун айтяпман. Ҳамма билсинки, динимиз биз қилаётганнинг аксига, яъни шаръий ва дунёвий илмларни бирдек ўқишга буюради.
Ҳали ҳам кеч эмас. Ихлос билан ниманидир ўзгартиришга бел боғлаб, жидду-жахд қилсак, юксак марраларга етамиз, иншааллоҳ!
Инсоният Исломдек диний ва дунёвий илмларга тарғиб қилган, илмни фарз қилган динни кўрмаган.
Тарих Ислом билан илмнинг бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканига гувоҳ эмасми?! Мусулмон подшохдар аҳли илмларни ҳурмат қилишган, улар билан бемаслаҳат иш қилишмаган. Бу тарихий ҳақиқатни инкор қилиш мумкинми?
"Ислом ва Олам" китобидан
Доктор Рағиб Саржоний
Таржимон Бекмуҳаммад Алибоев