«Тестда мен фойдаланган янги технология 30 сония ичида бактерияни аниқлаш ва ташхис қўйишга қодир. Умид қиламанки, бу шифокорларга бирданига муайян дорилар белгилаш учун имкон яратади. Ахир кўпинча беморларга умумий даволаш курси тайинланади ёки ноаниқ ташхис қўйилади», – изоҳ берди доктор Фотима Аз-Захра Ал-Атракчи.
Фотима Қувайтда туғилган, унинг ота-онаси келиб чиқиши Ливан ва Ироқдан. Ҳозирда у икки нафар фарзандни тарбия қилмоқда. 2018 йил январида Даниянинг Техника университетида унга физика ва нанотехнологиялар бўйича доктор даражаси берилди.
Фотима Ал-Атракчи иммунитет тизими заифлашган одамларда Псеудомонас аеругиноса бактерияси юзага келтирган инфекцияни мавжуд барча усуллардан анча тезроқ аниқлашга қодир бўлган датчик ишлаб чиқди.
Ўзининг илмий кашфиётлари туфайли ал-Атракчи 2017 йилнинг ноябрида 30 ёшгача бўлган олимлар орасида Лундбек илмий тадқиқотлар Фондининг бешта мукофотидан бирига сазовор бўлди. Шундан кейин у ўз илмий тадқиқотларини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида ўзининг «Преддиагностика» компаниясига асос солди.
Ал-Атрактчи томонидан ўтказиладиган тест натижалари сийдик чиқариш йўллари инфекцияларидан тортиб муковисцидозли беморларда ўпка касалликларигача бўлган кўплаб касалликларга ташхис қўйиш учун фойдаланилиши мумкин.
Тестнинг моҳияти шундан иборатки, у бактериялар тарқалиш ва организмни жароҳатлашни бошлаши ва ҳаёт учун хавфли бўлишидан олдин бактериялар орасида рўй берадиган том маънода «суҳбатни етказиш» имконини беради.
Антибиотикларга чидамлилик
Тадқиқотчиларнинг сўзларига қараганда, томоқдан олинадиган суртма (мазок) каби замонавий стандарт тестлар натижалар чиқиши ва ташхис қўйиш учун бир неча кун вақт талаб қилади. Бунинг оқибатида шифокорлар олдиндан антибиотиклар тайинлашига тўғри келади ва дори-дармонларга чидамлиликни кучайтиради, бу эса, ўз навбатида, дунёда соғлиқ учун энг жиддий таҳдидлардан бири ҳисобланади.
«У ёки бу касалликка таҳлил топширгач, сизга зарур бўлган даволаниш тайинланади. Антибиотиклар жуда кўп ва хилма-хилдир. Шифокорлар уларни тадқиқот натижаларига қараб белгилайди», – изоҳ беради Ал-Атракчи.
«Ҳозирги кунда эскича ташхис қўйиш усулдиан фойдаланиш бу – жуда кўп ресурслар сарфлашдир. Менинг гипотезам шундан иборатки, агар биз бактериялар турини аниқлаган бўлсак, муайян даволашни белгилашимиз ва бемор қабул қилаётган антибиотиклар миқдорини қисқартириши мумкин. Аслида, бактериялар молекулаларни ажратган ҳолда бир-бири билан мулоқот қилади. Бу молекулалар кўплаб тўпланиб қолганда эса, улар бактерияларга сигнал беради», – давом эттирди у.
Шундан кейин, Ал-Атракчининг сўзларига кўра, бактериялар уларда организмга ҳужум қилиш ва ҳаракат қилишни бошлаш имконияти пайдо бўлганлигини англаб етади. Улар соғлом бактерияларни йўқ қилиш, кўпайиш ва инсон организми учун хавфли бўлган заҳарли модда чиқаришга эришади.
Ал-Атракчи 2016 йил муковисцидозли 62 нафар беморда тест ўтказганидан сўнг бу тест самарадорлигини аниқлашга эришди. Бу тадқиқот натижалари ҳали эълон килинмади. Тест натижалари беморларнинг ярмидан кўпида «бактериялар ўртасида суҳбат»ни кузатишга имкон берди, анъанавий ташхис қўйиш усуллари эса муваффақиятсизликка учради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда антибиотикларга чидалилик жуда юқори даражагача ўсмоқда. Бунда чидамлилик бактериялар фойдаланилаётган дори-дармонларга жавобан ўзгарган пайда вужудга келмоқда.
Одамлар ва жониворлардан фарқли равишда, бактериялар антибиотикларга чидамли бўлишга қодир. Улар одамларга ва ҳайвонларга зарар етказиши мумкин, улар келтириб чиқарган инфекциялар эса беқарор бактериялар туфайли юзага келган инфекцияларга қараганда анча қийинроқ даволанади.
Абу Муслим таржимаси