1616 йил Вилям Шекспир ва Мигел де Сервантес вафот этган йил сифатида, шунингдек, Британиянинг Ислом дунёси билан илк ҳужжатлаштирилган алоқаси қайд қилинган йил сифатида эътиборга лойиқ. Британиянинг энг машҳур ёзувчиси айнан протестант Англия Маркошдаги мусулмон сулолалар, шунингдек, Усмонийлар ва эронлик Сафавилар билан муҳим дипломатик алоқаларни йўлга қўйган пайт яшаган. Савдо йўллари очилиши ва қиролича Елизваета I томонидан янги иттифоқлар тузилиши билан, Британия жамияти мусулмонлар ҳақида ҳайратда қолишдан эҳтиёткорликкача бўлган ўз тасаввурларини тўлдирди. 1576 йилдан 1603 йилгача Лондон саҳналарида мусулмон персонажлар – турклар, маврлар, форслар иштирокида 60 дан ортиқ спектакллар намойиш этилди.
Шекспир Исломга турли нуқтаи назар билан қаради. Кўриниб турибдики, дин сифатида Ислом ҳақидаги билимлари жуда кам - у фақат бир марта, «Генрих VI» песасида пайғамбар Муҳаммад ҳақида тўғридан-тўғри ёдга олиб ўтади - лекин Қуръон инглиз тилига биринчи таржимаси 1649 йил пайдо бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Шекспир протестантизмни мамнун қилиш учун Исломни Муҳаммаднинг "сохта пайғамбарлиги" ни Жанна ДАркга тушган илҳом билан таққослаган ҳолда эслаб ўтади:
Кабутар Муҳаммадни илҳомлантирмаганми?
Сени эса, эҳтимол, бургут илҳомлантирар.
Шу нуқтаи назардан Жанна ДАрк илҳоми насронийликнинг устунлиги ҳақидаги ғояларни қўллаб-қувватлаш учун хизмат қилади. Лекин шунга қарамай, Шекспир француз католицизмини «худосиз» ва «мажусий» Ислом билан бир қаторга қўяди (ўша пайтлар мусулмонлар Муҳаммад, Аполлон ва Термагантдан иборат бўлган учликни афзал кўради деб ҳисобланарди) – бу Шекспир протестант томошабинлар манфаатларида диний мазҳаблар билан манипуляция қилганлигининг ёрқин мисолидир.
Илк тўлақонли мусулмон-персонаж Шекспирда «Тит Андроник» фоижасида пайдо бўлган. Шекспирнинг бу энг «қонхўр» асарида мавр Арон – одатий бадкор, тавба қилмаган келгинди, «қотилликлар, қирғинлар, зўравонлик, тунги ёвузиклар…» билан ижтимоий меъёрларга қарши чикадиган шахс сифатида намоён бўлади. Ароннинг дини ва ирқи Шекспирда қўлни қўлга бериб келади, «унинг қалби ҳам, танаси ҳам қора» эканлиги кўзда тутилади.
Бироқ, Арон бу – ўша вақтларнинг нотўғри хулосалари тимсоли эмас. Гарчи пьесада у барча ёвузликларни амалга оширувчи бўлса-да, у жуда ишонарли бўлиб, ўз динига қарши айбловларни рад этганда хушёқишни келтириб чиқаради. Шекспир ҳатто персонажларни ёвузликка жамиятнинг ирқчилигини ундайди деб шама қилади. Энага бола ҳақида гўёки у инсон боласи эмасдай гапиради: "зоти паст – беўхшов, қора, чиркин...". Бунга Арон ғазаб билан жавоб қайтаради: "Жин урсин! Қора рангнинг нимаси бунчалар ёмон?" Eлизавета вақтларининг, эҳтимол, энагалар фикрига таянган томошабинлари учун бу уларнинг эътиқодларини қайта кўриб чиқиш учун тўғридан-тўғри таклиф бўлган.
"Венециялик савдогар"да мусулмон киши энди ёвуз қиёфада пайдо бўмайди. Марокаш шаҳзодаси европаликлар билан бир қаторда, Порция куёвларидан бири бўлиб туради, лекин у танасининг ранги билан жирканч туюлади ("Агар унда авлиёнинг қалби, лекин иблиснниг юзи бўлса, у мени хотин қилиб олганидан кўра руҳи қизи қилиб олгани маъқул бўларди!", - дейди у). Ундан ўтиниб сўрайди: "Мендан қора танли эканлигим учун ҳазар қилманг; қора ливреям билан мен қуёшнинг олдида қарздорман", унинг ютуқларини кўриб чиқишни таклиф қилади ва "Форс шаҳзодаси ўлдирилган қилич билан қасам ичадики, учта жангда Сулаймон устидан ғалаба қозонган". Шекспир томошабинда хизматкор кийимлари билан боғлиқ тасаввур қилинадиган "ливрея" сўзини бежизга ишлатмайди, бу муқаррар равишда мусулмон персонажни жамоатчилик идрокида пастроқ даражага қўяди.
Шак-шубҳасизки, Отелло – Шекспирда энг пухта ишланган мусулмон образи. Отелло, Венеция армияси саркардаси, бир неча марта «содиқ», «олийжаноб» эр, «жасур» деб мақталади, унинг ўзи ифодали қофиясиз шеър билан гапиради. Асардаги асосий бадкирдор, Яго, Отеллони «мавр» деб атайди, у ҳақида масхарали ва камситадиган ифодалар билан гапиради. Масалан, Отелло билан Дездемонанинг яқинлиги ҳақида у «оппоқ совлиққа қоп-қора, етилган қўчқор сакраяпти» дейди. Ўзининг анималистик ўхшатишларини у Дездемонанинг отаси, Брабанциога йўналтирилган сўзларда ҳам давом эттиради: «қизингизга барбарлар айғири сакраяпти; невараларингиз сизга қараб кишнайдиган бўлади».
Танқидчилар, масалан, Джин Ховард (Jean Howard) ҳисоблайдики, Шекспир Дездемонани ўлдира олмаган – «фожиавий» воситалари чекланганлиги сабабли эмас, балки ўзининг ижтимоий-этник доирасига мансуб бўлмаган шахсга турмушга чиқиб, у ўзгармас ижтимоий меъёрларни бузганлиги сабабли. Елизавета театрида аралаш никоҳ каби жинсий жиноятларга фақат ўлим жазоси бериларди.
Отелло ирқи ва динини Венеция жамияти билан яраштиришга интилади. Ўзини ўлдиришдан олдин, сўнгги сўзларида у ўзини қуйидагига ўхшатади:
Подшоликдан қимматбаҳо марваридини
Битта ахмоқ ҳинду каби улоқтирди - денг.
Шунинг учун энди унинг муте кўзидан,
Гарчанд бундай нозик ғамга ёт эди, аммо
Арабистон дарахтидан оққан ширадиай
Кўп шифобахш ёшлар оқар. Барисин айтинг.
Ва шуни ҳам қўшиб қўйинг; бир кун Ҳалабда
Битта ёвуз туркни кўрдим, салла ўраган.
Венециялик бир кишини калтаклар эди,
Ҳам тинмасдан сўкар эди Республикани,
Ҳалқумидан хиппа бўғдим мен чиноқ итни...
Ҳам мана шундай ханжар урдим. Отелло ўзини унга тегишли бўлган «дурдона» (Дездемона) қадрини тушуниб етмаган «бечора ҳинду» деб атайди – «ирқ» тилидан фойдаланишга яна бир мисол – сўнгра келиб чиқиши мавританиялик эканлигидан кечади ва «саллали турчин»ни бўғизлаганини айтиб, Венеция республикасига содиқлигига ишонтиради. Ўзини ўлдирар экан, «суннат қилинган ит» турк билан ўзини таққослайди.
Лондон қиролича Мария Университети профессори Джерри Броттон (Jerry Brotton) сўзларига кўра, Отелло образи ислом дунёси билан қарама-қарши муносабатлар тимсоли ҳисобланади.
Шундай қилиб, такрор ва такрор ишонч ҳосил қиламизки, Шекспир Ислом дунёси ва унинг аҳолисига ўзининг ёзувчилик қизиқишини намойиш этиб, ўз давридан бу соҳада ҳам ўзиб кетганди. Албатта, унинг пьесаларида муаллифга хос бўлган стереотиплар, афзал кўришлар ва қарама-қаршиликлар маълум бир тўплами акс этади, лекин муҳими, унинг ижодий даҳоси «қонхўр мусулмон» схематик тасвиридан Отеллонинг мураккаб портретигача ривожланди (бунда 1600 йил Марокаш элчисининг Лондонга ташрифи маълум бир роль ўйнаган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас).
Ҳозирги кунда, европаликлар орасида ислом ҳақида турли нотўғри тасаввурлар шаклланган бир пайтда, Шекспирнинг асарлари бу янглишишлар ҳақида кўп нарса ҳикоя қилиб бериши мумкин.
Манба: The Economist
Абу Муслим таржимаси