close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Збигнев Бжезинский. Буюк шахмат тахтаси (китобдан боблар)

Қудратли давлат сиёсати

Қудратли давлат сиёсати

Тахминан 500 йил муқаддам қитъалар сиёсий жиҳатдан ўзаро алоқа қила бошлаганларидан бери Евросиё жаҳон қудратининг маркази бўлиб келди. Евросиёда яшайдиган халқлар, асосан, унинг Ғарбий Оврўпа қисмида истиқомат қилувчи халқлар турли замонларда турли йўллар билан дунёнинг бошқа минтақаларига кириб борганлар ва у ерларда ҳукмронлик қилганлар. Ҳолбуки, шу вақтнинг ўзида айрим Евросиё давлатлари ўзлари учун алоҳида мақомга эришганлар ва жаҳоннинг етакчи давлатига хос имтиёзлардан фойдаланганлар.
ХХ асрнинг сўнгги ўн йиллигида дунё ишларида кучли зилзилаларга ўхшаб кетадиган силжишлар содир бўлди. Тарихда биринчи марта ўлароқ Евросиёга мансуб бўлмаган давлат — АҚШ давлати нафақат Евросиё давлатлари орасидаги муносабатларда қозикалонлик вазифасини ўтади, балки жаҳондаги энг қудратли давлат ҳам бўлиб қолди. Совет Итифоқининг мағлубияти ва барбод бўлиши Ғарбий ярим шарда жойлашган Қўшма Штатларнинг ягона ва ҳақиқатан ҳам том маънода биринчи глобал давлат сифатида шоҳсупага кўтарилишида энг сўнгги садо бўлди.
Лекин шунга қарамай, Евросиё ўзининг геополитик аҳамиятини сақлаб қолмоқда. Нафақат унинг ғарбий қисми — Оврўпа жаҳоннинг сиёсий ва иқтисодий қудратининг катта қисми жам бўлган жой сифатида аҳамиятини йўқотгани йўқ, балки унинг шарқий қисми — Осиё ҳам сўнгги вақтларда иқтисодий тараққиётнинг ва тобора ўсиб бораётган сиёсий таъсирнинг ҳаётий муҳим маркази бўлиб қолди. Шундай қилиб, глобал манфаатларга эга бўлган Америка Евросиё давлатлари ўртасидаги мураккаб муносабатларни қандай қилиб эплайди ва, айниқса, у халқаро майдонда устивор ва антагонистик Евросиё давлатининг пайдо бўлишининг олдини ола биладими деган саволлар Американинг бутун дунё миқёсида ҳукмронлигини амалга оширишга қобиллигини аниқлашда марказий саволлар бўлиб қолмоқда.
Бундан келиб чиқадики, ўз қудратининг турли-туман янги қирраларини (технологиялар, коммуникациялар, ахборот тизимлари, савдо-сотиқ ва молиявий масалалар) ривожлантиришга қўшимча равишда Америка ўзининг ташқи сиёсатида геополитик вазиятни кузатиб боришни давом эттирмоғи керак ва ўзининг Евросиёдаги таъсиридан шундай фойдаланмоғи жоизки, бунинг оқибатида Қўшма Штатлар сиёсий масалаларда қозикалон сифатида иш юритаётган қитъада барқарор мувозанатни юзага келтириш мумкин бўлсин.
Бинобарин, Евросиё шундай бир шахмат тахтасики, унда жаҳонга ҳукмдорлик қилмоқ учун кураш давом этмоқда ва бу кураш геостратегияга ҳам дахлдордир, яъни геополитик манфаатларни стратегик бошқаришни тақозо этади. Шуни қайд қилмоқ керакки, қадим ўтган замонларда эмас, яқинда — 1940 йилда жаҳонда ҳукмдорлик қилишга даъвогар бўлган икки одам — Адольф Гитлер ва Иосиф Сталин — 1940 йилнинг ноябр ойидаги махфий музокаралар вақтида маъноси аён кўриниб турган битим тузишган эди. Бу битимга кўра Америка Евросиёдан четлатилиши керак эди. Уларнинг ҳар қайсиси шуни яхши тушунганки, Американинг қудрати Евросиёга ёйиладиган бўлса, бу икки арбобнинг жаҳонда ҳукмдорлик қилиш масаласидаги даъволарига чек қўяди. Уларнинг ҳар қайсиси Евросиё дунёнинг марказидир ва кимда-ким Евросиёни назорат қилса, у бутун дунёнинг устидан ҳам назорат ўрната олади деган нуқтаи назарга эга бўлган. Орадан ярим аср ўтгач, масала бошқачароқ тарзда қўйила бошлади: америкаликларнинг Евросиёдаги устиворлиги яна давом этадики ва ундан қандай мақсадларда фойдаланиш мумкин?
Америка сиёсатидан кузатилган пировард мақсад эзгу ва юксак бўлмоғи керак. Бу — инсониятнинг узоқ муддатли тамойиллари ва фундаментал манфаатларига мувофиқ тарзда чинданда ҳамкорлик қилишга тайёр бўлган жаҳон ҳамжамиятини барпо этишдир. Аммо бир нарсани назардан соқит қилмаслик керак — сиёсий майдонда Евросиёда ҳукмронлик қилишга қодир бўлган, бинобарин, Американи курашга чорлай оладиган рақибнинг пайдо бўлишига йўл қўйиб бўлмайди. Шу важдан мазкур китобдан кузатилган мақсад — кенг қамровли ва изчил Евросиё геостратегиясини шакллантириб беришдир.

Збигнев Бжезинский

4-боб
“ҚОРА ЎПҚОН”

1991 йилнинг охирида ҳудуди жиҳатидан дунёда энг катта бўлган давлатнинг емирилиши Евросиёнинг қоқ марказида “қора ўпқон”нинг майдонга келишига ёрдам берди. Бу — қуруқликнинг марказий ва геополитик жиҳатдан муҳим қисмини ер юзидан супуриб ташлагандай бир воқеа бўлди.
Америка учун янги ва боши берк кўчага киритиб қўядиган бу янги геполитик вазият ғоятда муҳим ҳодисадир. Ўз-ўзидан тушунарлики, бунга дарҳол жавоб қайтариш вазифаси туғилди. Бу вазифа — иложи борича сиёсий бошбошдоқлик туғилиши имкониятини камайтиришдан ёхуд парчаланиб кетаётган бўлса-да, ҳали-ҳануз жуда қудратли ядровий арсеналга эга бўлган давлатда бирон-бир душманлик руҳидаги диктатуранинг тикланишига йўл қуймасликдан иборат эди. Узоқ муддатли вазифа эса қуйидагиларда намоён бўлади: қандай қилиб Россиядаги демократик ўзгаришларни ҳамда иқтисодий тикланишни қўллаб-қувватлаш кераг-у, айни чоғда Евросиё империясининг яна қайта тикланишига йўл қўймасликка эришса бўлади? Бундан империя Американинг геостратегик мақсадини рўёбга чиқаришга халақит берарди. Американинг геостратегик мақсади эса ҳозиргидан йирикроқ янги Евроатлантик тизимни барпо этишдан иборатдир. Россия келажакда бу тизим билан мустаҳкам ва ишончли тарзда боғланган бўлади.

РОССИЯНИНГ ЯНГИ ГЕОПОЛИТИК АҲВОЛИ

Совет Иттифоқининг ҳалокати қудратли Совет-Хитой коммунистик блокининг аста-секин емирилишида сўнгги босқич бўлди. Бу блок нисбатан қисқа муддатда ўз ҳудудини Чингизхон тасарруфидаги ерларга тенглаштириб олди, баъзи бир зоналарда эса ҳатто ундан ошиб ҳам кетди. Аммо трансконтинентал характердаги Евросиё блоки унча кўп яшамади, Тито Югославиясининг ундан ажралиб чиқиши ва Мао Хитойининг итоатдан бош тортиши миллатчилик интилишлари қаршисида коммунистик блокнинг ожизлигидан далолат берар эди. Миллатчилик интилишлари мафкуравий сиртмоқлардан кучлироқ бўлиб чиқди. Хитой-Совет блоки ўн йилга яқин умр кўрди, Совет Иттифоқи эса тахминан 70 йилча яшади. Аммо геополитик жиҳатдан кўп асрлик тарихга эга бошқарув маркази Москвада бўлган буюк Россия давлатининг барбод бўлиши янада муҳимроқ ҳодиса бўлди. Бу империянинг парчаланиб кетиши совет тузумининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳалокати туфайли тезлашди. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, унинг иллатларининг кўп қисми мамлакатда мавжуд бўлган махфийлик тизими ва ўз қобиғига беркиниб олиш важидан деярли энг сўнгги дамларга қадар сақланиб қолганди. Шунинг учун бутун дунё Совет Иттифоқининг жуда тез содир бўлгандай кўринган емирилиши қаршисида лол қолди. 1991 йил декабр ойида атиги икки ҳафта мобайнида аввал Россия, Украина ва Белорусия республикаларининг бошлиқлари намойишкорона тарзда Совет Иттифоқининг тарқаб кетганини эълон қилишди, кейин унинг ўрнига мужмал бир тузум барпо этишганини айтишди. Бу тузумга Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги деб ном қўйишди. У Болтиқбўйи республикалардан бошқа ҳамма собиқ Совет республикаларини бирлаштирди, сўнгра советларнинг президенти ўзи хоҳламайгина истеъфога чиқди. Кремл минорасининг тепасидаги совет байроғи эса, ими-жимида туширилди ва ниҳоят, Россия Федерацияси пайдо бўлди. Ҳозирги пайтда кўпроқ рус миллий давлати бўлган бу давлат 150 миллион аҳолига эга. Бу давлат ўзини собиқ Совет Иттифоқининг де-факто вориси деб эълон қилди. Ҳолбуки, яна 150 миллион кишилик аҳолига эга бўлган қолган республикалар мустақиллик ва суверенитет соҳасида ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларини турли даражада ажратиб олдилар.
Совет Иттифоқининг ҳалокати бутун дунёни ақл бовар қилмайдиган даражада саросимага солди. Россияликлар Совет Иттифоқининг яқинлашиб келаётган ҳалокати тўғрисида бошқа мамлакатларнинг одамларига қараганда камроқ маълумотга эга эдилар. У 14 кун мобайнида ўзлари учун кутилмаган ҳолда эндиликда ортиқ қитъалараро империянинг хўжайинлари бўлмай қолганларини кўриб ҳанг-манг бўлиб қолдилар. Бошқа республикаларнинг чегаралари Россия билан яна аввалги — эски чегаралар бўлиб қолди. Кавказдаги чегара 800 йиллар бошидаги аҳволга, Ўрта Осиёдаги чегара 1800 йилларнинг ўрталаридаги аҳволга қайтди. Бу воқеа Ғарбда бир мунча ғалвалироқ ва серазиятроқ кечди — у ердаги чегаралар тахминан 1600 йилдаги, яъни Иван Грозний подшолик қилган замондаги аҳволга қайтди. Кавказдан маҳрум бўлиш дарҳол Туркия таъсири борасида стратегик хавотирларни майдонга келтирди. Ўрта Осиёдан маҳрум бўлиш жуда катта миқдордаги энергетик ва минерал ресурслардан ажралиб қолиш туйғусини қайта туғдирди, шу билан бирга, потенциал мусулмонлар муаммоси ҳам турли хавотирлар туйғусини туғдирмай қўймасди. Украинанинг мустақиллиги Россиянинг бутун панславия дунёсида байроқдор бўлишдек илоҳий вазифаси ҳақидаги даъволарини чипакка чиқарди.
Асрлар мобайнида чор Россиясига тобе бўлиб келган бир асрнинг тўртдан уч қисми мобайнида Совет Иттифоқи тасарруфида бўлган ҳудудда эндиликда ўн иккита давлат майдонга келди. Уларнинг кўпчилиги (Россиядан ташқари) ҳали чинакам суверенитет олишга унчалик тайёр ҳам эмас эдилар, бунинг устига бу давлатларда аҳолининг сони ҳам бир-биридан фарқланади: унда 52 миллион аҳолига эга бўлган Украина каби йирик давлат билан бир қаторда аҳолиси 3,5 миллион кишини ташкил қилувчи Арманистон ҳам бор. Улар кўп ҳам яшашга қобил эмасдай кўринарди, шу билан бирга Москванинг янги воқеликка доимо мослашишга тайёрлиги ҳам оқибатини аввалдан кўра билиш қийин бўлган воқеалар сирасига кирарди. Руслар бошидан кечирган тарихий ҳанг-манглик яна шу билан кучайдики, русийзабон 20 миллион одам ҳозирги пайтда доимий равишда хорижий давлатлар ҳудудида истиқомат қилмоқда. Бу жойларда сиёсий ҳокимиятни тобора миллатчилик кайфиятлари кучайиб бораётган кучлар ўз қўлларига олиб олган. Улар ўнлаб йиллар мобайнида давом этган озми-кўпми мажбурий руслаштириш сиёсатидан кейин ўзларининг миллий ўзига хосликларини қарор топдиришга аҳд қилган. Россия империясининг ҳалокати Евросиёнинг қоқ марказида кучлар борасида бўшлиқни вужудга келтирди. Заифлик ва парокандалик нафақат янги, эндигина мустақиллик йўлига қадам қуйган давлатларгагина хос эди, балки Россиянинг ўзида ҳам бу ларзали ҳодисалар жуда жиддий таназзулни туғдирди. Бу таназзул — “бутун тизимни ларзага солди, унинг таъсири, айниқса, сиёсий тўнтариш ёнига совет жамиятидаги эски ижтимоий-иқтисодий моделни кунпаякун қилишга уриниш қўшилганда янада кучлироқ сезилди. Миллат жароҳати Россиянинг Тожикистондаги можароларга ҳарбий аралашуви туфайли янада кучайди. Бундай аралашув эндигина мустақиллик йўлига қадам қуйган янги давлатни мусулмонлар босиб олиб қўймасмикин деган хавотир ҳам туғдирди. Аммо бундан ҳам ортиқроқ даражада вазият Россиянинг Чеченистонда ҳам сиёсий жиҳатдан, ҳам иқтисодий жиҳатдан фожеона, қонли, ҳаддан ташқари қимматга тушган мағлубияти билан янада кескинлашди. Аммо масаланинг энг оғриқли жиҳати — Россиянинг халқаро майдонда обрўйи анча-мунча пастлаб кетганини идрок этиш эди. Бир вақтлар жаҳон миқёсидаги иккита энг қудратли давлатдан бири бўлган Россия бугун сиёсий доираларда кўплар томонидан шунчаки “учинчи дунёнинг” минтақавий давлати сифатида баҳоланмоқда. Тўғри, у ҳали ҳам каттагина миқдордаги ядровий арсеналга эга, лекин бу арсенал тобора кўпроқ эскириб бормоқда.
Вужудга келган геополитик бўшлиқ Россиядаги ижтимоий таназзул кўламига боғлиқ равишда кўпая борди. Коммунистик бошқарув чораккам бир аср мобайнида Россия халқларига мислсиз биологик зарар етказди. Жуда катта миқдордаги юксак истеъдодли ва қўлидан иш келадиган одамлар ГУЛАГ лагерларида ўлдириб юборилди ёки бедарак йўқолди. Уларнинг сони миллионларни ташкил қилади. Шунингдек, мамлакат биринчи жаҳон уруши йилларида катта талафот кўрди, давомли фуқаролар уруши йилларида беҳисоб қурбонлар берди, иккинчи жаҳон уруши йилларида кўпгина муҳтожликлар ва ваҳшийликларни бошидан кечирди. Ҳукмрон коммунистик кучлар бутун мамлакатга зўрлаб кишини бўғадиган ортодоксал назарияларни сингдирарди, бунинг устига уни бутун дунёдан ажратиб ташлади. Мамлакатнинг иқтисодий сиёсати замоннинг экологик муаммоларига мутлақо бефарқ қараган ҳолда олиб борилар эди. Бунинг натижасида теварак-атрофдаги муҳит ҳам анчагина зарар кўрди, одамларнинг саломатлиги ҳам ёмонлашди. Россиянинг расмий статистик маълумотларига қараганда 90-йилларнинг ўртасида янги туғилаётган чақалоқларнинг фақат 40 фоизигина соғлом туғилар экан, Россия мактабларида биринчи синфда ўқийдиган ё ҳамма болаларнинг 20 фоизи ақлий жиҳатдан ривожланишда орқада қолар экан. Русларнинг ўртача яшаш муддати 57,3 ёшга тушиб қолди, бундан ташқари, руслар ўртасида туғилишга қараганда ўлиш кўпроқ. Россиядаги ижтимоий шароитлар “учинчи дунёда”ги ўртача тоифадаги давлатникига мос келади.
Шу аср мобайнида рус одамлари бошига ғоятда катта азоб-уқубатлар ва изтироблар тушди. Маданийлашган тарзда нормал ҳаёт кечириш имконига эга бўлган лоақал битта рус оиласини бемалол топиш анча мушкул иш. Қуйидаги ҳодисаларнинг ижтимоий оқибатларини кўриб чиқайлик.
х) 1905 йилдаги Россия учун таҳқирли мағлубият билан тугаган рус-япон уруши;
х) турли шаҳарлар ҳудудларида сон-саноқсиз зўравонликларни туғдирган 1905 йилдаги “пролетар” инқилоби;
х) 1914-1917 йиллардаги миллионлаб одамларнинг қурбон бўлишига ва иқтисодиётдаги кўп сонли қоида бузишларга сабаб бўлган биринчи жаҳон уруши;
х) 1918-1921 йиллардаги фуқаролар уруши. У ҳам яна бир неча миллион одамнинг ёстиғини қурутган ва бутун мамлакатни қон-қақшатган;
х) Россиянинг мағлубияти билан тамом бўлган, 1919-1920 йиллардаги Россия-Польша уруши;
х) 20-йиллар бошида ГУЛАГ тизимини барпо этиш. Бунинг ёнига инқилоб арафасидаги зиёлилар вакилларини маҳв этилиши ва уларнинг Россиядан оммавий қочишини қўшиш керак;
х) 30-йилларнинг боши ва ўрталарида амалга оширилган саноатлаштириш ва колхозлаштириш жараёнлари. Улар ҳам Украина ва Қозоғистонда оммавий очликни вужудга келтирди ва миллионлаб одамларнинг умрига зомин бўлди;
х) 30-йилларнинг ўрталари ва охирида амалга оширилган “улуғ тозалаш ва қирғин-барот”. Бунда миллионлаб маҳбуслар меҳнат лагерларига қамалган, миллиондан ортиқ одам отиб ташланган, бир неча миллионлаб одам шафқатсиз муомала натижасида нобуд бўлган;
х) 1941-1945 йиллардаги иккинчи жаҳон уруши. Бу урушда бир неча миллионлаб ҳарбийлар ва фуқаролар ҳалок бўлди. Уруш иқтисодиётга жуда катта вайронликлар келтирди;
х) 40-йилларнинг охирида Сталин қирғин-баротининг такрорланиши натижасида яна оммавий қамашлар ва қатллар бошланди;
х) 40-йилларнинг охирида бошланган ва 80-йилларнинг охиригача давом этган Қўшма Штатлар билан ўтган 44 йиллик қуролланиш пойгаси давлатни хароб этган асосий сабаб бўлди;
х) 70-80-йиллар мобайнида Кариб ҳавзасида. Яқин Шарқда ва Африкада мажбурлаб совет ҳокимиятини жорий қилишга уриниш бутун мамлакат иқтисодиётини буткул издан чиқарди;
х) 1979-1989 йиллар давомида Афғонистонда жуда чўзилиб кетган уруш ҳар жиҳатдан мамлакатнинг силласини қуритди;
х) Совет Иттифоқининг кутилмаган ҳалокати, у билан бирга содир бўлган фуқаролар ўртасидаги тартибсизликлар, машаққатли иқтисодий таназзул, Чеченистондаги қонли ва таҳқирли уруш…
Нафақат мамлакат ичидаги таназзул ва халқаро мақомнинг бой берилгани Россияни, айниқса, рус сиёсий доирасини қаттиқ изтиробга солади, балки Россиянинг ўта ноқулай геополитик вазиятга тушиб қолгани ҳам уларни ташвишлантиради. Совет Иттифоқининг емирилиш жараёни оқибатида Ғарбда Россиянинг чегаралари тубдан ўзгариб кетди, ўзгарганда ҳам унинг учун ноқулай томонга ўзгарди, унинг геополитик таъсир доираси эса кескин равишда қисқариб кетди. Болтиқбўйи давлатлари 1700 йилдан бери Россиянинг назорати остида бўлиб келган, Рига ва Таллин каби портларнинг қўлдан кетиши Россиянинг Болтиқ денгизига чиқишини анча чеклаб қўйди. Янги, расман мустақиллик мақомини олган, лекин жуда юқори даражада руслашиб кетган Белорусияда Россия сиёсий жиҳатдан устивор ҳолатини сақлаб қолишга муваффақ бўлган бўлса-да, ҳали бу ерда охир-пировардида нима бўлиши унчалик равшан эмас — бу ерда миллатчилик инфекциялари устун келиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Собиқ Совет Иттифоқи ҳудудларидан ташқарида Варшава шартномаси Ташкилотининг емирилиши шуни билдирадики, Марказий Оврўпадаги собиқ сателлитлар (улар орасида Польша биринчи ўринга чиқиб олган эди) жуда тез суръатлар билан НАТО ва Европа Иттифоқи сари рўйихушлик билдирмоқдалар.
Бу ишлар ичида энг алам қиладигани Украинадан маҳрум бўлиш бўлди. Мустақил Украина давлатининг пайдо бўлиши нафақат ҳамма россияликларни ўзларининг сиёсий ва этник мансубликларини қайта идрок этишга ундади, балки Россия давлатининг геополитик жиҳатдан жуда катта муваффақиятсизликка учраганини ҳам англатар эди. Украинанинг мустақиллиги шунингдек, Россияни Қора денгиздаги устиворлик ҳолатидан ҳам маҳрум этди. Бу ерда айниқса, Одесса Ўрта денгиз мамлакатлари билан ва бутун дунё билан савдо-сотиқ ишларини олиб боришда ҳаёт-момот аҳамиятига молик порт вазифасини бажарарди. Украинадан маҳрум бўлиш геополитик жиҳатдан яна шу сабабдан муҳим аҳамиятга эга бўлдики, у Россиянинг геостратегик имкониятларини анча чеклаб қўйди. Россия ҳатто Болтиқбўйи республикаларисиз ва Польшасиз ҳам, Украина устидан назоратини сақлаб қолганда, қатъият билан ҳаракат қилаётган Евросиё империясида ўзининг етакчилик ўрнини сақлаб қолишга ҳаракат қилиб кўриши мумкин эди. Бу империя ичида Москва собиқ Совет Иттифоқининг жанубида ва жануби шарқида яшайдиган нославян халқларни ўз иродасига бўйсундириб олмоғи мумкин эди. Аммо 52 миллион нославян аҳолига эга бўлган Украинасиз Москванинг Евросиё империясини тиклаш соҳасидаги ҳар қандай уриниши, афтидан, фақат бир нарсага олиб келиши мумкин эди, холос. Бу интилишлар Россиянинг ўз миллий ва диний манфаатларини ҳимоя қилишга бош кўтарган нославян халқлар билан ўта чигал ва давомли тўқнашувларда Россиянинг ёлғизланиб қолишига ёрдамлашарди. Чеченистон билан бўлган уруш бунинг биринчи мисоли бўлган бўлса ажаб эмас. Қолаверса, Россияда туғилишнинг кескин камайиб кетганини ва Ўрта Осиё республикаларида туғилиш борасида бамисоли портлаш рўй бергандай кескин кўпайиш юзага келганини эътиборга олсак, фақат Украинасиз Россиянинг ўзининг ҳукмронлигига асосланадиган ҳар қандай янги Евросиё давлати ҳар бир йил ўтган сари муқаррар тарзда европачалиги камайиб, осиёчалаги ортиб борарди. Украинадан маҳрум бўлиш нафақат марказий геополитик ҳодиса бўлди, балки шунингдек, геополитик катализатор ҳам бўлиб қолди. Айни Украинанинг хатти-ҳаракатлари — 1991 йилнинг декабрида унинг мустақиллигини эълон қилиш, Беловеж ўрмонидаги жуда муҳим музокараларда Совет Иттифоқини анча эркинроқ бўлган Мустақил Давлатлар Ҳамжамияти билан алмаштириш масаласида қатъий туриш ва, айниқса. Украина заминида жойлаштирилган Совет Армияси қўмондонлигини мажбурий тарзда Украина ҳарбийларининг қўмондонлигига ўтказиш (бу ҳодиса анча ички ҳарбий тўнтаришга ҳам ўхшаб кетарди) — буларнинг ҳаммаси МДҲнинг бироз федераллаштирилган СССРнинг номи ўзгартирилган янги нусхасига айланиб қолишига йўл қўймади. Украинанинг сиёсий мустақиллиги Москвани ҳанг-манг қилиб қўйди ва шундай бир ибратга айландики, бошқа совет республикалари аввал ҳайиқиброқ бўлса-да, кейинчалик комил ишонч билан ундан намуна олдилар.
Россиянинг Болтиқ денгизидаги етакчилик маконидан мосуво бўлиши Қора денгизда ҳам такрорланди. Бунга сабаб — Украинанинг мустақиллик касб этишигина бўлгани йўқ, балки Кавказнинг янги мустақил давлатлари ҳам Туркия учун бир вақтлар бу минтақада бой берган мавқеларини тиклаб олиш имкониятларини кучайтирди. 1991 йилга қадар Қора денгиз Россия учун ўзининг ҳарбий денгиз қудратини Ўрта денгиз районига йўналтирадиган манба бўлиб хизмат қиларди. Лекин 90-йилларнинг ўрталаридан бошлаб, Россия ихтиёрида Қора денгизнинг унча катта бўлмаган энсизгина соҳили қолди. Шунингдек, советлар Қора денгиз флотининг қолдиқларини Қримда жойлаштириш ҳуқуқи масаласида Украина билан олиб борилган музокаралар ҳам охирига етмай, чала қолди. Россиянинг ҳар қанча аччиғи келмасин, энди Украина билан НАТОнинг биргаликда ўтказган ҳарбий денгиз ва денгиз десанти бўйича машқларини томоша қилиб туришдан бошқа иложи қолмади. Шунингдек, Россия Туркиянинг Қора денгиз минтақасида кучайиб бораётган ролида ҳам ҳеч нарса қилолмади. Шунингдек, Россия Туркиядан Чеченистондаги қаршилик кучларига самарали ёрдам кўрсатяпти деб гумон қиларди.
Геополитик тўнтариш жануби-шарқий зонада — Каспий ҳавзасида ва Ўрта Осиёда ҳам Россиянинг мақомида юқоридагиларга ўхшаш муҳим ўзгаришларни вужудга келтирди. Совет Иттифоқининг ҳалокатига қадар Каспий денгизи амалда Россиянинг ихтиёридаги кўл эди. Фақат унинг жанубий қисмигина Эрон чегарасида жойлашган эди. Мустақил ва қатъий миллатчилик руҳи билан суғорилган Озарбайжон (бу республикага шоша-пиша ҳовлиқиб етиб келган Ғарбий нефть инвесторлари унинг мавқеини бирмунча мустаҳкамлади), худди шунга ўхшаган мустақил Қозоғистон ва Туркманистонларнинг пайдо бўлиши билан Россия Каспий денгизи бойликларига даъволик қилувчи бешта давлатнинг биригина бўлиб қолди. Россия бу бойликлардан ўз хоҳишига кўра истаганча истеъфода қиламан деб ортиқ комил ишонч билан иш юрита олмасди.
Ўрта Осиёда мустақил давлатларнинг пайдо бўлиши Россиянинг жануби-шарқий чегараларининг баъзи бир жойларда шимолий йўналишда минглаб миляга қисқариб кетишини англатар эди. Янги давлатлар ҳозирги пайтда минерал ва энергетик бойликлар чиқадиган жойларнинг кўп қисмини назорат қилмоқдалар. Табиийки, бу жойлар хорижий инвесторларнинг диққатини жалб қилмай қолмайди. Шу нарса муқаррар бўлиб қолмоқдаки, бу республикаларда нафақат юксак рутбали тоифаларнинг вакиллари, балки орадан кўп ўтмай, оддий одамлар ҳам тобора кўпроқ даражада миллатчилик кайфиятлари билан суғорилиб бормоқда. Афтидан, улар бундан кейин мусулмон динининг таъсирига кўпроқ берилсалар ажаб эмас. Қозоғистон жуда катта табиий бойликлар заҳирасига эга бўлган бепоён мамлакат. Шу бепоён ҳудудда салкам 20 миллион аҳоли яшайди, уларнинг тахминан ярими қозоқ бўлса, ярими славян миллатига мансуб одамлар. Менимча, улар ўртасидаги миллий ва лингвистик келишмовчиликлар кучайиши тамойилига эга кўринади. Тахминан 25 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистонда аҳоли этник жиҳатдан якрангроқ ҳолатда. Унинг раҳбарияти мамлакатнинг тарихдаги улуғворлигига кўпроқ диққатни жалб қилмоқда. Бу республика минтақанинг постколониал мақомини белгилашда тобора фаолроқ бўлиб бормоқда. Туркманистоннинг Россия билан қандайдир тарзда бевосита алоқа қилишига Қозоғистон ҳудуди халақит бериб туради. Бу республика Эрон билан янги алоқаларини фаол ўрнатиб, ривожлантириб бормоқда. Бундан кўзланган мақсад эса жаҳон бозорларига чиқишда Россия тизимларидан ўзларининг аввалги қарамликларини заифлаштиришдир.
Туркия, Эрон, Покистон ва Саудия Арабистонидан мадад олаётган Ўрта Осиё республикалари Россия билан ҳатто фойдали иқтисодий интеграциялар эвазига ҳам ўзларининг сиёсий мустақилликларини чакана сотишни истамаяптилар, ҳолбуки кўпгина руслар ҳамон шунга умидвор бўлиб юришипти. Бу республикаларнинг Россия билан ўзаро муносабатларида жуда оз миқдорда бўлса ҳамки кескинлик ва душманлик нишоналари зуҳур этиши муқаррар, лекин Чеченистон ва Тожикистондаги нохуш воқеаларни эътиборга олганда, тахмин қилиш мумкинки, воқеаларнинг янада ёмонроқ томонга ривожланиш имкониятини бутунлай соқит қилиб ҳам бўлмайди. Россиянинг бутун жанубий жабҳаси бўйлаб жойлашган мусулмон мамлакатлари билан (улар аҳолисининг сони Туркия, Эрон ва Покистон билан қўшиб ҳисоблаганда 300 миллион кишини ташкил қилади) юз бериши мумкин бўлган низо қирралари руслар учун доимий ташвиш манбаи бўлиб хизмат қилади.
Ва ниҳоят, совет империясининг емирилиш пайтида Россия, шунингдек, Узоқ Шарқда ҳам янги таҳдидли геополитик вазиятга тўқнаш келди, лекин бу ҳол минтақада на ҳудудий, на сиёсий ўзгаришларни вужудга келтирмади. Бир неча асрлар мобайнида Хитой Россияга қиёсан олганда лоақал сиёсий ва ҳарбий соҳаларда заифроқ ва қолоқроқ давлат ҳисоблаб келинарди. Ўз мамлакатининг келажагидан ташвишга тушган ва бу ўн йилликдаги кескин ўзгаришлар натижасида саросимага тушиб қолган руслардан ҳеч қайсиси ҳозирги пайтда Хитой ўзгариш ва ривожланиш йўлига кирганига ва бунинг оқибатида Россияга нисбатан ривожланганроқ, ҳаракатчанроқ, фаровонроқ бўлиб қолиши аниқ эканига бепарво қарай олмайди. Хитойнинг иқтисодий қудрати унинг 1,2 миллиардлик аҳолисининг тиниб-тинчимас ғайратига жамланган ҳолда икки мамлакат ўртасидаги тарихий тенгликни жуда жиддий ўзгартирмоқда. Яна шуни ҳам инобатга олмоқ керакки, Сибирнинг одам яшамайдиган ҳудудлари гўё хитойларнинг ўзлаштиришига кўз тутиб ётгандай кўринаверади.
Бундай беқарор янги воқелик Узоқ Шарқдаги ҳудудлари масаласида Россиянинг хавфсизлик туйғусига таъсир кўрсатмай қолмайди. Россиянинг Ўрта Осиёдаги манфаатлари масаласида ҳам худди шу гапларни айтиш мумкин. Узоқ муддатли истиқбол нуқтаи назаридан бундай ўзгаришлар Россиянинг Украинадан маҳрум бўлишининг геополитик аҳамиятини янада чуқурлаштириши мумкин. Бундай вазиятнинг Россия учун стратегик оқибатлари тўғрисида посткоммунистик даврда Россиянинг Қўшма Штатлардаги биринчи элчиси, кейинроқ эса Давлат думасида ташқи ишлар бўйича Қўмитанинг раиси бўлган Владимир Лукин жуда яхши айтган эди: “Ўтмишда Россия гарчи Оврўпадан орқада бўлса-да, ўзини Осиёнинг бошида кўрмоқчи эди. Аммо кейин Осиё жуда тез суръатлар билан ривожлана бошлади ва биз ўзимизни ўзимиз “замонавий Оврўпа билан қолоқ Осиё ўрталиғида эмас, балки иккита “Оврўпа” ўртасида алланечук ғалатироқ бир мавқени эгаллаб турган ҳолда кўрдик.
Хуллас, Россия яқин-яқинларгача жуда катта ҳудудда улуғ давлат барпо этган мамлакат эди. У сателлит давлатлар блокининг мафкуравий етакчиси эди. Бу блокнинг ҳудудлари Оврўпанинг салкам марказигача етиб борган ва ҳатто бир вақтлар Жанубий Хитой денгизигача чўзилиб кетган эди. Эндиликда у бошдан-оёқ ташвишларга ботган миллий давлатга айланиб қолди. Ҳозир у ташқи дунёга олиб чиқадиган эркин жўғрофий йўлга ҳам эга эмас. Ҳозир у ғарбдаги, жанубдаги ва шарқдаги қўшнилари билан ихтилофда анча ночор аҳволга тушиб қолиши, бу ихтилофлардан азият чекиши ва янада заифлашиши мумкин. Геополитик жиҳатдан фақат шимолий кенгликларгина Россия учун бехатар ва хавфсиз макон бўлиб хизмат қилиши мумкин. Лекин у ерларга етиб бориш жуда қийин, у ерлар ҳамиша музлар исканжасида қисилиб ётади, уларнинг устини доимо қор қоплаган. Шимолий кенгликлар яшаш учун мос эмас.

ОЛА-ҚУРОҚ ГЕОСТРАТЕГИК МАНЗАРА

Шундай қилиб кўрамизки, Россияда империя қулагандан кейинги даврда тарихий ва стратегик саросимали даврнинг вужудга келиши муқаррар эди. Совет Иттифоқининг кишини лол қолдирадиган даражада тарқаб кетиши ва, айниқса, улуғ Россия империясининг одамни ларзага соладиган тарздаги, умуман олганда, кутилмаган емирилиши Россияда янги жараённинг бошланиб кетишига йўл очди. Бу — кенг кўламда қалбни қидириш жараёни эди. Ҳозирги пайтда Россия кенг кўламда тарихий маънода ўзлигини қандай аниқламоғи керак деган масалада қизғин баҳслар бошланиб кетди, шундай масалалар бўйича беҳисоб тарзда оммавий ва хусусий мулоҳазалар майдонга келдики, йирик мамлакатларнинг кўпчилигида бунақа масалалар ҳатто кўтарилмайди ҳам. Мана, ўша масалалар “Россия нима дегани? Қани Россия? Рус бўлмоқ қандай маънони англатади?
Бу саволлар шунчаки назарий саволлар эмас, уларга бериладиган ҳар қандай жавоб жуда муҳим геополитик мазмунга тўла бўлади. Россия миллий давлатми, йўқми? Агар миллий давлат бўлса, унинг асосини фақат руслар ташкил қиладими? Ёки Россия деб таърифланган нарса шу таърифдагидан каттароқми (масалан, Буюк Британияга ўхшаган — у Англиядан каттароқ)? Агар шундоқ бўлса. тақдирнинг ўзи унга империя бўлишни раво кўрганми? Тарихан, стратегик ва этник жиҳатдан Россиянинг ҳақиқий ҳудудлари қанақа? Мустақил Украинани ана шу тарихий стратегик ва этник тушунчалар доирасидаги вақтинча чекиниш деб қарамоқ керакми? (Кўпчилик руслар айнан шундай деб ҳисоблашга мойилдирлар). Рус бўлмоқ учун рус кишиси этник жиҳатдан рус бўлмоғи керакми ёхуд у сиёсий жиҳатдан рус бўлмоғи шарт-у, этник жиҳатдан рус бўлмаса ҳам бўлаверадими? (Яъни “россиялик” деганга тўғри келади. “Британиялик” дегани “инглиз” дегани эмас). Масалан, Ельцин ва яна баъзи бир бошқа руслар чеченларни рус деб ҳисобламоқ мумкин ва ҳатто зарур деб исботлашга уринишган эди (Тўғри, бу жуда хунук оқибатларга олиб келди).
Бундай чалкаш шароитда аввалдан тахмин қилиш мумкин бўлганидек, “Россия қаёққа кетяпти ва “Россия” деганининг ўзи нима?” деган саволга кўплаб хилма-хил жавоблар майдонга келади. Россия ва Евросиёнинг улкан масофалари кўпдан бери элитанинг геополитик тарзда фикрлашига кўмак бериб келади. Постимпериалистик ва посткоммунистик Россиянинг биринчи ташқи ишлар вазири Андрей Козирев янги Россия халқаро майдонда ўзини қандай тутиши кераклигини аниқлаш борасидаги дастлабки уринишларида шундай фикрлаш тарзини тасдиқлаб берган. Совет Иттифоқи емирилгандан кейин бир ой ўтиб улгурмай, у шундай деб ёзган эди: “Халоскорлик даъвосидан воз кечиб, биз прагматизм йўлини тутдик. Биз жуда тез фурсат ичида геополитика мафкура ўрнини босар экан деган тушунчага келдик”. Умуман айтганда, Совет Иттифоқининг емирилишига реакция сифатида учта умумий ва бир-бири билан кесишадиган вариант майдонга келди. Буларнинг ҳар қайсиси охир-пировардида Америка билан таққослаганда Россиянинг ўз мақомини тушириб юбормаслик ҳақидаги ташвишлари билан боғланган ва улар баъзи бир ички вариантларга эга. Фикрлашдаги ана шу бир неча йўналиш қуйидагича тасниф қилиниши мумкин:
1. Америка билан “етук стратегик ҳамкорлик”нинг устиворлиги ҳақидаги фикрлар. Бу ғоянинг баъзи бир тарафдорлари назарида аслида бу атама замирида глобал кондоминизм яшириб ётадигандай кўринади.
2. Россиянинг манфаатларини ўзида жамлаган муҳим объект сифатида асосий эътиборни “яқин хорижга” қаратиш. Бунда баъзилар Москванинг устивор ролини таъминлаган ҳолда бирор иқтисодий интеграция моделини жорий қилишни ёқлашади, бошқа бировлар эса қай бир даражада империяга хос назоратни қайта тиклаш имкониятидан умидвор бўлишади. Улар шу йўл билан Америка ва Оврўпа ўртасидаги мувозанатни сақлаб туришга кўпроқ қобил бўлган давлат тузишни ўйлашади.
3. Америкага қарши йўналтирилган Евросиё коалициясига ўхшаган бирор бир аксилальянсни барпо этиш. Бу аксилальянс Американинг Евросиёдаги устиворлигини камайтришни мақсад қилиб олади.
Гарчи биринчи ғоя даставвал президент Ельциннинг янги ҳукмдор командаси аъзолари ўртасида устивор бўлган бўлса-да, орадан кўп ўтмай, иккинчи ғоя сиёсий давраларда биринчи ғоядан кейин қисман Ельциннинг геополитик тамойилларининг танқиди сифатида шуҳрат қозонади, учинчи ғоя эса бироз кейинроқ — 90-йилларнинг ўрталарида постсовет Россиясининг геостратегияси аниқ эмас ва ишланаяпти деган кенгайиб бораётган кайфиятларга қарши реакция сифатида вужудга келган эди. Одатда бундай воқеалар тез-тез бўлиб туради — учала вариантнинг ҳаммаси ҳам тарихий нуқтаи назардан анча бесўнақай бўлиб чиқди ва улар ҳозирги Россиянинг қудратига, халқаро миқёсдаги имкониятларига ҳамда хориждаги манфаатларига анча мужмал ва чалкаш қарашлар асосида юзага келган экан.
Совет Иттифоқи вайрон бўлиши биланоқ, дастлабки пайтларда Ельциннинг қарашларида ҳамиша ардоқли бўлиб келган, лекин ҳеч қачон тўла муваффақиятга эриша олмаган рус сиёсий фикрининг бир концепцияси ўз инъикосини топган эди. Бу концепция “ғарбпарастлар” томонидан олға сурилган бўлиб, унга кўра, Россия ғарб дунёсига мансуб давлат, бинобарин, у Ғарбнинг бир қисми бўлиши керак ва ўз ривожланишида Ғарбга имкони борича кўпроқ тақлид қилмоғи керак. Бу нуқтаи назарни Ельциннинг ўзи ва унинг ташқи ишлар вазири қўллаб-қувватларди. Шуниси ҳам борки, Ельцин Россиянинг империялик даврларидан қолган меросни ошкора қораларди. Ельцин 1990 йилнинг 19-ноябрида Киевда нутқ сўзлади ва шундай фикрларни олға сурдики, кейинчалик украинлар ва чеченлар бу фикрларни унинг ўзига қарши қаратмоқлари мумкин бўлди. Ельцин бундай деган эди:
“Россия бирон бир янги империяга ўхшаган марказга айланишга интилмайди. Россия бунақа ролнинг ҳалокатли эканини бошқалардан кўра яхшироқ билади, негаки, айни Россия узоқ замонлар давомида шу ролни ўйнаб келган. Бу унга нима берди? Руслар эркинроқ бўлиб қолдиларми? Бахтлироқ бўлдиларми? Тарих бизга ўргатадики, бошқаларга ҳукмронлик қиладиган халқ ҳеч қачон бахтиёр бўлолмайди!”
Ғарб ва, айниқса, Қўшма Штатлар Россиянинг янги раҳбариятига нисбатан онгли равишда дўстона муносабатда бўлди. Бу эса шўролардан кейинги даврлардаги “ғарбпарастларни” Россиянинг ташқи ишлари борасида бирмунча фаол бўлишига далда берди. Уларнинг Америкага мойиллик кайфиятларини анча кучайтирди ва уларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди. Янги раҳбарлар дунёда ягона бўлган ўта қудратли давлатнинг сиёсатини шакллантирувчи олий рутбали мансабдор шахслар билан яқин бўлганларидан манмансираб кетдилар ва улар осонгина чалғиб, “ўзимиз ҳам ўта қудратли давлатнинг раҳбарларимиз” деган фикрга келишди. Америкаликлар Вашингтон билан Москва ўртасида “етук стратегик шерикчилик” ҳақдаги шиорни муомалага киритишганда, русларга шундай туюлдики, гўё бу билан аввалги даврлардаги рақобатчилик ўрнига келган янги демократик Америка-Россия кондоминумига оқ фотиҳа берилди.
Бу кондоминиум кўламига кўра глобал бўлади. Шу тариқа Россия нафақат собиқ Совет Иттифоқининг ҳақ-ҳуқуқлар борасида қонуний вориси бўлади, балки де-факто (амалда) дунёни том маънода тенглик асосида қайта қуришда шерик ҳам бўлади. Бунинг оқибатида Россия раҳбарлари қуйидаги фикрни зўр бериб олға суришда давом этдилар: Россиянинг бунақа тенг ҳуқуқли шериклиги нафақат дунёнинг бошқа мамлакатларидан Россияни Америка билан тенг кўришни талаб қилади, балки биронта глобал муаммо Россиянинг иштирокисиз муҳокама ҳам қилинмайди ёки унинг ижозатисиз ҳал ҳам қилинмайди. Гарчи бу тўғрида ошкора гапирилмаса-да, бу хомхаёлга бошқа бир нуқтаи назар қўшилиб кетди. Бу нуқтаи назарга кўра, Марказий Оврўпа мамлакатлари қай бир йўсинда бўлмасин, сиёсий жиҳатдан Россияга жуда яқин минтақа бўлиб қолмоқлари ёки қолишга қарор қилмоқлари керак бўлади. Варшава шартномасининг ва ЎИЁҚ нинг тарқатиб юборилиши уларнинг собиқ аъзоларини НАТОга ва ёки ҳатто фақат Оврўпа Иттифоқига жалб бўлишларига олиб келмаслиги зарур.
Бу орада Ғарбнинг берадиган ёрдами Россия ҳукуматига мамлакат ичкарисида ислоҳатлар ўтказишга, давлатнинг иқтисодиётга аралашмаслигига, демократик институтларни мустаҳкамлаш учун шароит яратиб беришга имкон беради. Россия томонидан иқтисодиётнинг тикланиши, унинг Американинг тенг ҳукуқли шериги сифатидаги махсус мақоми ва унинг шунчаки жозибадорлиги яқинда ташкил топган мустақил давлатларни Россия билан яқиндан мулоқотда бўлишига ундайди. Бу давлатлар ўзларининг хавфсизликларига таҳдид солмаётгани учун Россиядан миннатдор. Улар Россия билан иттифоқда бўлишнинг фойдали томонларини тобора кўпроқ англаб борадилар. Шунинг учун ҳам у билан иқтисодий муносабатга киришадилар, кейин эса сиёсий интеграция ҳам амалга оширилади. Шу тариқа бу мамлакатнинг ҳудудлари кенгайиб боради ва унинг қудрати янада кучаяди.
Масалага бундай ёндашувнинг муаммоли жиҳати шундаки, у ташқи сиёсий ва ички сиёсий реализмдан маҳрум. Гарчи “етук стратегик шерикчилик” концепцияси қулоққа яхши эшитилиб, кўзга ёқимли кўринса-да, аслида, у кишини алдаб қўйиши мумкин. Америка ҳеч қачон курраи заминдаги ҳукмдорликни Россия билан баҳам кўриш ниятида бўлган эмас, ва мабодо буни хоҳлаганда ҳам бундай қила олмас эди. Янги Россия ҳаддан зиёд заиф эди. У 75 йиллик коммунистик бошқарув оқибатида ҳаддан зиёд талон-торож бўлган ва ижтимоий жиҳатдан ҳаддан зиёд қолоқ бир аҳволда эди. Шунинг учун у Американинг дунёдаги ҳамкори бўла олмайди. Вашингтоннинг фикрича, Германия, Япония ва Хитой ҳам кам даражада аҳамиятли эмас. Қолаверса, Оврўпада, Яқин Шарқда ва Узоқ Шарқда Американинг миллий манфаатлари ҳудудига кирадиган баъзи бир марказий геостратегик масалалар бўйича Америка ва Россиянинг интилишлари бир-биридан анча узоқ туради. Сиёсий қувват соҳасидаги, молиявий сарф-харажатлар, технологик янгиликлар ва маданий жозибадорлик борасидаги тафовутлар сабабли муқаррар тарзда ихтилофлар чиқа бошлаши биланоқ “етук стратегик шерикчилик” ғояси сунъий ва шиширилган бўлиб кўрина бошлади ва бу Россияни алдаш учун атайин ўйлаб чиқарилган деб ҳисоблай бошлашди.
Эҳтимол, бундай кўнгилсизликларни четлаб ўтиш ҳам мумкин эди, аммо бунинг учун Америка аввалроқ — Америка-Россия муносабатларининг “асал ойи” кечаётган даврда НАТОни кенгайтириш концепциясини қабул қилмоғи керак эди ва муайян тарзда Россияга шундай бир битишувни таклиф қилмоғи шарт эдики, “ундан воз кечишнинг сира иложи бўлмасин”, яъни Россия билан НАТО ўртасида алоҳида ҳамкорлик муносабатларини жорий қилмоғи шарт эди. Агар Америка аниқ-равшан тарзда қатъият билан альянсни кенгайтириш концепциясини қабул қилса ва бунда Россиянинг ҳам қай бир тарзда шу жараёнга жалб қилинишини таъкидлаганида, афтидан, кейинчалик Москвада пайдо бўлган “етук шерикчилик” ғоясидан кўнгилсизлик туйғусини четлаб ўтиш, шунингдек, Кремлдаги “ғарбпарастлар”нинг сиёсий мавқеларининг тобора заифлашиб бораётганининг олдини олиш мумкин бўларди.
Бундай қилишнинг энг қулай вақти 1993 йилнинг иккинчи ярими эди. Ўшанда август ойида Ельцин Польшанинг трансатлантик альянсга қўшилишга интилиши “Россия манфаатлари”га зид келмайди деган фикрни баён этганди. Ўшанда темирни қизиғида босиш ўрнига Клинтон маъмурияти ҳамон “Россияни афзал кўриш” сиёсатини олиб боришда давом этди ва яна икки йил давомида тараддудланиб юрди, бу вақт ичида эса Кремль “қўшиғини ўзгартириб олди” ва НАТОни кенгайтириш борасидаги Американинг энди туғилиб келаётган, лекин ҳали унча қатъий бўлмаган ниятларини тобора кучлироқ тарздаги душманлик руҳи билан қарши ола бошлади. 1996 йилда Америка НАТОни кенгайтиришни янада йирикроқ ва янада хавфсизроқ евроатлантик ҳамжамият барпо қилиш борасидаги ўз сиёсатининг марказий вазифасига айлантиришга қарор қилди. Руслар буни ўта нохушлик билан қарши олишди. Бинобарин, 1993 йилни бой берилган тарихий имкониятлар йили деб ҳисоблаш мумкин.
Россиянинг НАТОни кенгайтириш борасидаги ҳамма хавотирлари ҳам қонуний асослардан маҳрум эмаслигини тан олмаслик мумкин эмас. Бундай муносабат ҳамма вақт ҳам Россиянинг ғайирлигидан туғилган эмас. НАТОни кенгайтириш ғоясининг баъзи бир душманлари ва, ўз-ўзидан аёнки, айниқса, Россиянинг ҳарбий доираларидаги одамлар совуқ уруш даврининг менталитетидан фойдаланишди ва НАТОнинг кенгайтирилишини Оврўпа тараққиётининг ажралмас қисми сифатида қабул қилишмади, балки Америка раҳбарлигидаги ва ҳамон душманлик руҳидаги альянснинг Россия ҳудудларига яқинлашиши деб қарадилар. Россиянинг ташқи сиёсат соҳасидаги раҳбариятининг баъзи бир вакиллари (уларнинг кўпчилиги аслида собиқ шўролар давридаги мансабдор одамлар эди) бир замонлардаги геостратегик нуқтаи назарга ёпишиб олганлар. Бу нуқтаи назарга кўра, Евросиёда Америкага ўрин йўқ ва НАТОни кенгайтириш кўп жиҳатдан Американинг ўз таъсир доирасини кенгайтириш хоҳиши билан боғлиқ. Қай бир даражада уларнинг мухолифлиги кўнгилларидаги бир орзу-умид билан боғланган. Бу орзу шундан иборатки, Россия “тузалиб қолганда”, Марказий Осиёнинг ҳеч ким билан боғлиқ бўлмаган мамлакатлари бир кун келиб Москванинг геополитик таъсири доирасига қайтади.
Бироқ Россиянинг кўпгина демократлари шунингдек, НАТОнинг кенгайтирилиши Россиянинг Оврўпадан ташқарида қолишини англатади, Россия сиёсий жиҳатдан ёлғизланиб қолади ва уни Оврўпа цивилизацияси институтларига аъзо бўлишга арзитишмайди деб хавотир олишди.
Маданий хавфсизликнинг йўқлиги сиёсий хавотирларнинг янада кучайишига сабаб бўлди. Натижада НАТОнинг кенгайиши Ғарбнинг Россияга нисбатан юритган сиёсатининг авж нуқтасидай қилиб кўрсатди. Маълумки, бу сиёсат Россияни ёлғизлантириб қўйишга ва шу йўл билан уни турли-туман душманлари қаршисида ожизлантириб қўйишга йўналтирилган эди. Бундан ташқари, Россия демократлари на Марказий Оврўпа аҳолисининг Москванинг ярим асрдан ортиқроқ давом этган ҳукмронлигидан норозилигини, на уларнинг йирикроқ Евроатлантик тизимнинг узвий қисми бўлиш хоҳишини тушунмади.
Бошқа томондан олганда, Россия “ғарбпарастлари”нинг на кўнгиллари қолишининг, на заифлашишининг олдини олиб бўлмас эди. Ўз-ўзича олганда унча аҳил бўлмаган Россиянинг янги элитаси ва қатъий геостратегик раҳбарликни таъминлашга қодир бўлмаган президент билан унинг ташқи ишлар вазири янги Россиянинг Оврўпада нима исташини аниқ-равшан белгилай олмади, худди шунингдек, Россиянинг заифлиги билан боғлиқ бўлган мавжуд маҳдудликларни ҳам ҳаққоний тарзда баҳолай олмади. Узлуксиз сиёсий олишувлар билан банд Россия демократлари демократик Россиянинг трансатлантик демократик ҳамжамиятининг кенгайтирилишига қарши эмаслигини ва ўзи ҳам унга кириш истагида эканини дадиллик билан баралла айтишга ўзини ўзи мажбур қила олмади. Дунёда Америка билан бир хил мақомга эга бўлиш иштиёқи сиёсий элитанинг бир ғоядан воз кечишини қийинлаштирди. Бу — нафақат собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида, балки Марказий Оврўпанинг собиқ саттелит давлатларига нисбатан ҳам Россиянинг имтиёзли геополитик ҳолати ҳақидаги ғоя эди.
Шароитнинг бундай тус олиши миллатчиларга ва милитаристларга қўл келиб қолди. 1994-йилда яна миллатчиларнинг овози кўтарилиб қолди, милитаристлар эса бу вақтга келиб, мамлакат ичкарисида Ельциннинг муҳим танқидий тарафдорлари бўлиб олишганди. Уларнинг Марказий Оврўпа мамлакатларининг орзу-умидларига муносабати борган сари кескинлашиб, таҳдидли тус ола бошлади. Бу эса собиқ саттелит мамлакатларнинг қарорини янада мустаҳкамлади. Улар ўзларининг Россия ҳукмронлигидан вақтинчагина халос бўлишганини яхши билишади ва шунинг учун НАТО қаноти остида бехатарроқ паноҳ топишни орзу қилишарди.
Москва билан Вашингтон ўртасидаги жарлик Кремлнинг Сталин томонидан фатҳ этилган ҳамма ҳудудлардан воз кечишни истамаганлиги янада чуқурлаштирди. Ғарб жамоатчилигининг афкор оммаси ва, айниқса, Скандинавия мамлакатларидаги, шунингдек, Қўшма Штатлардаги жамоатчилик фикри Болтиқбўйи республикаларига нисбатан Москванинг мужмал муносабати важидан анча ташвишда эди. Россия раҳбарияти уларнинг мустақиллигини тан олди ва уларни МДҲга аъзо бўлишга мажбур қилмади. Аммо Россиянинг демократик кайфиятдаги раҳбарлари ҳам Сталин ҳукмронлик қилган замонларда бу мамлакатларга атайин олиб бориб жойлаштирилган кўплаб рус аҳолиси учун турли имтиёзларга эришмоқ мақсадида вақт-вақти билан дўқ-пўписалар қилишдан ўзларини тиймадилар. Кремл Германия билан Совет Иттифоқи ўртасида 1939 йилда тузилган махфий битимни бекор қилишни истамаганини атайин ҳаммага кўз-кўз қилди ва бу шароитни янада мушкуллаштиришга олиб келди. Бу махфий шартнома Болтиқбўйи республикаларини мажбурий тарзда Совет Иттифоқига қўшиб олишга йўл очган эди.
Шўродан кейинги Россия элитаси очиқдан-очиқ Ғарбнинг шўродан кейинги ҳудудда Россиянинг етакчилик ролини тиклашга ёрдам беради ёки жилла бўлмаса, бунга халақит бермайди деб кутган кўринади. Шунинг учун ҳам шўро замонидан кейин яқинда мустақиллик олган мамлакатларга ўзларининг янгича тарздаги сиёсий ҳаётларида барқарор оёққа туриб олишларига Ғарбнинг ёрдам бермоқчи бўлгани Россия элитасини дарғазаб қилди. Ҳатто “Қўшма Штатлар билан ошкора низолардан қочган маъқул” деб огоҳлантирганда ҳам АҚШнинг олий сиёсати масалалари билан шуғулланувчи юксак рутбали Россия сиёсатчилари бир нарсани исбот қилишга уринишади. Уларнинг фикрича, “Қўшма Штатлар жамики Евросиё бўйлаб, давлатлараро муносабатларни қайта ташкил қилишга эришмоқни кўзлайди… Бунинг оқибатида улар қитъада биронта ҳам етакчи давлат бўлмаслигини, аксинча. кўпгина ўртача, нисбатан барқарор ва қуввати ҳам ўртамиёна давлатлар бўлмоғини хоҳлашади. Бироқ бу давлатлар айрим-айрим олганда ҳам, ҳаммасини қўшиб олганда ҳам, албатта, Қўшма Штатларга қиёсан олганда анча заифроқ бўлмоқлари шарт”. Бундай мулоҳазаларни олға сурадиган Россия сиёсатчилари ҳаммавақт ҳам хато қилган деб бўлмайди.
Бу жиҳатдан Украина бениҳоя муҳим аҳамиятга эга бўлди. АҚШнинг Америка-Украина муносабатларига алоҳида устивор характер беришга мойиллиги ва яқинда эришган миллий эркинлигини сақлаб қолишга ёрдам беришга интилиши Москвадаги кўпгина сиёсатчилар томонидан ва ҳатто “ғарбпарастлар” томонидан ҳам Россия учун ҳаёт-момот аҳамиятига молик бўлган, охир-пировардида Украинани умумий ётоққа қайтариш билан боғлиқ бўлган манфаатларга дахл қилувчи сиёсат сифатида қаралди. АҚШнинг бундай майллари, айниқса, 1994 йилга келганда анча кучайган эди. Вақти-соати келиб, Украина қай бир тарзда бўлмасин яна “асл аҳволига қайтади” деган ишонч Россиянинг кўпгина юксак мартабали сиёсатчиларининг бугунги эътиқодларида марказий ўрин тутади. Украинанинг мустақил мақоми масаласидаги Россиянинг геополитик ва тарихий шубҳа-гумонлари оқибатида АКШнинг империалистик майлларга эга бўлган Россия демократик мамлакат бўлаолмайди деган нуқтаи назари билан тўқнаш келди.
Бундан ташқари соф ички далиллар ҳам бор эдики, уларнинг натижасида иккита “демократия” ўртасидаги “етук стратегик шериклик” хомхаёл бўлиб чиқди. Коммунистик бошқарув оқибатида Россия ҳаддан зиёд заифлашиб қолган ва талон-торож қилинган эди. Шунинг учун у Қўшма Штатларнинг яшашга қобил демократик шериги бўлишга ярамас эди. Ва бу асосий ҳақиқатни шерикчилик ҳақидаги баландпарвоз сафсаталар яшириб кета олмас эди. Бундан ташқари шўролардан кейинги Россия ўтмиш билан алоқасини қисмангина узган эди, холос. Россиянинг деярли ҳамма “демократик” етакчилари — ҳатто улар ўтмишдаги шўролар тузумидан чин юракдан кўнгилсиз бўлиб қолган бўлсалар-да, нафақат совет тузумида тарбия кўриб кетишган эдилар, балки ўтмишда ҳукмрон элитанинг юксак мартабали аъзолари бўлган одамлар эди. Улар ўтмишда худди Польша ёхуд Чехия республикасидаги каби диссидентлар бўлган эмас. Шўро ҳокимиятининг руҳан пароканда аҳволдаги коппумпия ботқоғига ботган ҳамма муҳим институтлари гарчи заифроқ шаклда бўлса-да, сақланиб қолди. Бу воқеликнинг рамзи, коммунистик ўтмишнинг исканжалари ҳамон улоқтириб ташланмаганининг рамзи — Москванинг тарихий марказидир — у ерда ҳамон Ленин мавзолейи қимир этмасдан ўз ўрнида турипти. Баайни қиёс қилингки, нацистлардан халос бўлган Германияда ўрта бўғинга мансуб собиқ нацист “гауляйтерлари ҳукмронлик қилади, улар оғизларини тўлдириб, демократик шиорларни айтишади ва айни чоғда Берлиннинг қоқ ўртасида Гитлернинг мавзолейи қандай турган бўлса, шундай тураверади. Россиядаги иқтисодий таназзулнинг кўланкаларининг ўзи янги демократик элитанинг заифлигини янада кучайтирди. Иқтисодиётдан давлатни мосуво қилиш йўлида кенг ислоҳотлар ўтказиш зарурияти Ғарбдан, айниқса, АҚШдан бериладиган ёрдамга ҳаддан ташқари катта умид боғлашга олиб келди. Бу ёрдам, айниқса, Германия ва АҚШ томонидан берилган ёрдам аста-секин ҳар қанча катта харжларни ташкил қилмасин, ҳатто жуда қулай шароитлар бўлган тақдирда ҳам, барибир, иқтисодий кўтарилишнинг тез суръатларини таъминлай олмас эди. Натижада юзага келган ижтимоий норозилик ҳафсаласи пир бўлган танқидчилар доирасининг кенгайишида қўшимча омил бўлди. Улар Қўшма Штатлар билан шерикчилик алдовдан ўзга нарса эмас эди, у АҚШ учун фойдали бўлган, Россияга эга катта зарар келтирган дея жар сола бошлашди.
Хуллас калом, Совет Иттифоқи емирилган дастлабки йилларда глобал тарздаги самарали шерикчилик учун на объектив, на субъектив шароит йўқ эди. Демократик кайфиятдаги “ғарбпараст”лар жуда кўп нарсани хоҳлар эдилар-у, лекин қўлларидан жуда оз нарса келди. Улар АҚШ билан тенгҳуқуқлилик асосида шерикчилик қилишни истар эдилар; улар МДҲ ичида нисбатан эркин ҳаракат қилишни хоҳлашарди ва геополитик нуқтаи назардан “ҳеч кимга қарашли бўлмаган” Марказий Оврўпада ҳам бемалол ҳаракат қилмоқни орзу қилишарди. Аммо совет тарихига мужмал муносабат, глобал ҳокимиятга қарашда реализмнинг йўқлиги, иқтисодий таназзулнинг чуқурлиги ва жамиятнинг ҳамма табақаларида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг йўқлиги уларнинг барқарор ва том маънодаги демократик Россияни барпо этаолмасликларидан далолат берарди. Ҳолбуки, “тенгҳуқуқли шериклик” концепцияси айни ана шундай Россия мавжуд бўлишини тақозо қилади. Россия узоқ давом этадиган сиёсий ислоҳотлар жараёнини бошидан кечирмоғи керак, кейин демократиянинг барқарорлаши жараёнидан ўтмоғи лозим — бу жараён ҳам анча давомли бўлади, шундан сўнг янада давомлироқ ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар жараёни ўтилиши лозим. Шундан кейин империяпарастлик тафаккуридан миллий тафаккур томон анча жиддий қадам қўймоққа жаҳд қилмоқ зарур. Бу миллий тафаккур на фақат Марказий Оврўпадаги, балки ва, айниқса, балки собиқ Россия империяси ҳудудидаги янги геополитик воқеликни ҳам ҳисобга олмоғи лозим. Ана шундан кейингина Америка билан шерикчилик қилиш шароит ривожининг чиндан-да амалга оширса бўладиган геополитик вариантига айланади. Бундай шароитда “яқин хориж”га муносабатнинг устивор қўйилиши ғарбпараст кучларнинг танқидидаги асосий унсур бўлиб қолганида, шунингдек, илк ташқи сиёсат бобида бир муҳим йўл бўлиб қолганида ҳайрон қоладиган ҳеч нарса йўқ. У шундай бир далилга асосланадики, унга кўра, “шерикчилик” концепцияси Россия учун ўта муҳим бўлган бир ҳолатга, аниқроқ айтганда, унинг собиқ совет республикалари билан муносабати масаласига эътиборсиз қарайди. “Яқин хориж” муайян сиёсатни ҳимоя қилувчи мухтасар ибора бўлиб қолди. Бу сиёсатда асосий эътибор бир вақтлар Совет Иттифоқи эгаллаб турган ҳудуддаги геополитик майдон доирасида бошида Москва турган ва қарорлар қабул қилишга қодир бўлган яшовчан тизим яратиш заруриятига қаратилган. Ана шу дастлабки шарт-шароитни инобатга олиб, жамиятнинг кенг қатламлари бир тўхтамга келишди. Бунга кўра, ҳамма диққатни Ғарбга ва, айниқса, АҚШга қаратиш сиёсати кам фойда келтиради, ҳолбуки, жуда қиммат туради. У Ғарб учун Совет Иттифоқининг емирилиши билан вужудга келган имкониятлардан фойдаланишни енгиллаштирди.
Аммо “яқин хориж” концепцияси шундай бир соябон эдики, унинг тагига бир қанча турфа хил геополитик концепциялар тўпланиши мумкин эди. Бу концепция ўз байроғи остига бир қанча иқтисодий функционализм ва детерминизм тарафдорларини тўплади. Улар орасида “ғарбпарастлар” ҳам бор эди. Улар МДҲнинг Оврўпа Иттифоқининг Москва раҳбарлигидаги варианти томон юксалишига ишонар эдилар. “Яқин хориж” концепцияси байроғи остига иқтисодий интеграцияда империяни тиклаш қуролинигина кўрадиганлар ҳам йиғилган эди. Бу қурол ё МДҲ “соябони” остида ишлаши мумкин эди ёхуд 1996-йилда Россия билан Белорусия, сўнгра Россия, Белорусия, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида тузилган махсус битимлар доирасида фаолият кўрсатмоғи мумкин эди. Бунга романтик-славянпарастлар ҳам тарафдор эдилар. Улар Россия, Украина ва Белорусия ташкил қиладиган “Славян иттифоқи”ни ёқлаб чиқишган. Ниҳоят, яна бир гуруҳ бор эдики, улар қай бир даражада милтиқ характерга эга бўлган тасаввурлар тарафдори эдилар. Бу тасаввурларга кўра Евросиёлик Россиянинг доимий тарихий миссиясидаги асосий белгилардан бирини ташкил қилади.
Унинг энг тор маъносида “яқин хориж”га муносабатдаги устиворлик жуда маъқул таклифларни ўз ичига оларди — Россия аввал яқинда ташкил топган мустақил давлатларга муносабат масалаларида ўз хатти-ҳаракатларини жамламоғи керак. Бунинг алоҳида сабаби шундаки, уларнинг ҳаммаси ҳам ўзаро иқтисодий қарамликларини рағбатлантирувчи совет сиёсати томонидан махсус қўллаб-қувватланган амалийлар орқали Россияга боғлиқ ҳолатда қолиб келмоқда эди. Бу ҳам иқтисодий, ҳам геополитик маънога эга. Россиянинг янги раҳбарияти тез-тез тилга олиб турадиган “умумий иқтисодий муҳит” шундай бир амалий эдики, яқинда ташкил топган мустақил давлатларнинг бошлиқлари унга беписанд қарашлари мумкин эмас эди. Кооперациялашиш ва ҳатто қай бир даражадаги интеграциялашиш жуда қатъий иқтисодий зарурат эди. Шундай қилиб, МДҲ мамлакатлари учун муштарак институтлар барпо этишга ёрдам бериш, шу тариқа Совет Иттифоқининг сиёсий емирилиши туфайли туғилган иқтисодий дезинформация ва иқтисодий парчаланиш жараёнига тўсиқ қўйиш шунчаки нормал бир ҳол эмас, балки анча-мунча зарурат ҳам эди. Шу тариқа, баъзи бир руслар учун иқтисодий интеграцияга кўмаклашиш рўй берган ҳодисага функционал таъсирчан ва сиёсий жиҳатдан масъулиятли реакция эди. Тез-тез Европа иттифоқи билан СССР емирилгандан кейинги вазият ўртасида таққослар қилиб турилди. Иқтисодий интеграциянинг энг муътадил тарафдорлари томонидан империяни тиклаш ғоялари қатъиян рад этилди. Масалан, 1992 йилнинг август ойидаёқ Ташқи ва мудофаа кенгаши томонидан эълон қилинган “Россия учун стратегия” деган муҳим докладда бир гуруҳ таниқли шахслар ва юксак мартабали давлат арбоблари “маърифатли постимпериалистик интеграция”ни анча-мунча пухта далиллар билан постсовет иқтисодий муҳити учун энг тўғри ҳаракат дастури сифатида ҳимоя қилинган эди. Бироқ “яқин хориж”га урғу бериш — минтақавий иқтисодий ҳамкорликда сиёсий жиҳатдан беозор доктрина бўлган эмас. Унинг геополитик мазмуни замирида империяпарастлик майли бор эди. ҳатто 1992 йилда қилинган анча-мунча мўътадил бўлган маърузада ҳам қаддини тиклаб олган Россия ҳақида гапирилади. Бу Россия, — дейилади маърузада, — охир-пировардида Ғарб билан стратегик шериклик ўрнатади, бу шерикликда “Россия “Шарқий Оврўпадаги, Ўрта Осиёдаги ва Узоқ Шарқдаги шароитни бошқариб боради. Бу устивор тамойилнинг бошқа тарафдорлари анча беҳаёроқ чиқиб қолишди. Улар уялмай-нетмай, очиқчасига постсовет муҳитида Россиянинг “фавқулодда роли” тўғрисида жар солдилар ва Ғарбни Россияга қарши сиёсат юритишда айблашди. Ғарб бу сиёсатни Украинага ва яқинда ташкил топган бошқа мустақил давлатларга ёрдам бериш йўли билан амалга ошираётган экан.
Гарчи унчалик ғалвали бўлмасада бунинг типик мисолини Ю.Анбарцумовнинг мулоҳазаларида кўриш мумкин. 1993 йилда у ташқи ишлар бўйича парламент қўмитасининг раиси эди. Ўша кезларда у шериклик ғоясининг устиворлиги тарафдори эди. У собиқ совет ҳудуди фақат ва фақат Россиянинг геополитик таъсир доирасини ташкил қилади деб астойдил исботлашга уринди. Авваллари ғарб билан шерикчилик устиворлигининг ғайратли тарафдори, Россиянинг ташқи ишлар вазири Андрей Козирев 1994 йилнинг январида уни қўллаб-қувватлади. У шундай деди: Россия “юзлаб йиллар мобайнида ўзининг таъсир доирасида бўлиб келган минтақаларда ҳарбий кучларини сақлаб қолмоғи керак. Дарҳақиқат, 1994 йилнинг 8 апрелида “Известия” газетаси Россия яқинда мустақиллик касб этган давлатлар ҳудудида камида 28 та ҳарбий базасини сақлаб қолишга муваффақ бўлгани тўғрисида хабар беради. Шунингдек, газетадаги мақолада Калининград вилояти, Молдова, Қрим, Арманистон, Тожикистон ва Курил оролларидаги ҳарбий базаларнинг харитада туташган чизиғи собиқ Совет Иттифоқининг чегара чизиғига мос келиши маълум қилинган.
1995 йилнинг сентябрида президент Ельцин Россиянинг МДҲга нисбатан юритадиган сиёсати тўғрисида расмий ҳужжат эълон қилди. Унда Россиянинг мақсадлари шундай тасниф қилинган:
“МДҲга нисбатан Россия сиёсатининг асосий вазифаси иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан бир-бирига интеграция қилинган давлатлар ҳамжамиятини барпо этиш бўлмоғи керак. У жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўринни эгаллашга даъвогарлик қилишга қодир бўлмоғи керак. Шунингдек, шўролардан кейинги ҳудудда давлатлараро сиёсий ва иқтисодий муносабатларнинг янги тизимини шакллантиришда Россия етакчи роль ўйнайдиган куч бўлмоғи керак. Бу интилишларнинг сиёсий кўламини алоҳида таъкидлаш лозим. Унда алоҳида ҳуқуққа эга бўлган субъект кўрсатилган. Бу субъект жаҳон тизимида ўзининг ўрнига даъвогарлик қилади, ана шу янги ҳуқуқ субъектнинг ичида Россиянинг етакчилик ролини ўйнашига даъво қилади. Шунга мувофиқ Москва Россия билан янги ташкил топган МДҲ ўртасида сиёсий ва ҳарбий алоқаларни мустаҳкамлашни талаб қилди, ҳатто ягона ҳарбий қўмондонлик тузиш зарурлигини, МДҲ давлатларининг ҳарбий кучлари ўзаро расмий шартнома билан боғлиқ бўлиши кераклигини, МДҲнинг “ташқи” чегаралари марказлашган назорат (“Москва назорати” деб ўқиса ҳам бўлаверади) остида бўлмоғи жоизлигини, Россия қўшинлари МДҲ мамлакатлари ичидаги исталган тинчликпарварлик операцияларида ҳал қилувчи роль ўйнамоқлари шарт эканини, МДҲ давлатларининг муштарак ташқи сиёсати шакллантирилиши зарурлигини, унинг институтлари аввал 1991 йил сентябрида ҳал қилинганидек, Минскда эмас, Москвада жойлаштирилмоғи лозимлигини ва ниҳоят, Россия президенти МДҲ томонидан олий даражада ўтказиладиган ҳамма учрашувларда раислик қилмоғи шартлигини баён қилди
Буниси ҳали ҳолва экан. 1995 йил сентябрдаги ҳужжатда шундай деб айтилган:
“Яқин хориж” мамлакатларида Россия телевидениеси ва радиоси дастурларининг тарқатилиши кафолатланган бўлмоғи керак. Шунингдек, минтақаларда Россиядаги нашрларнинг тарқалишига ҳар томонлама кўмак берилиши шарт. Россия МДҲ мамлакатлари учун миллий кадрлар тайёрлаб бермоғи лозим.
Постсовет ҳудудида Россиянинг асосий маърифий марказ сифатида қайта тикланишига алоҳида аҳамият бермоқ лозим. Бунда МДҲ мамлакатларида ёш авлодни Россияга нисбатан дўстлик руҳида тарбиялаш зарурлигини эътиборга олмоқ лозим”.
Шундай кайфиятларни акс эттирган Россиянинг Давлат думаси бу масалаларда шу қадар чуқурлашиб кетдики, ҳатто 1996 йилнинг бошида Совет Иттифоқининг тугатилиши юридик жиҳатдан ноқонуний ҳаракат бўлган деб эълон қилди. Бундан ташқари ўша йилнинг баҳорида Россия МДҲнинг гапга кўнадиган баъзи бир мамлакатлари билан яқинроқдан, иқтисодий ва сиёсий интеграцияни таъминловчи битимлар имзолади. Битимлардан бири жуда катта дабдабаю асъасалар билан имзоланган бўлиб, Россия билан Белорусия ўртасида иттифоқ тузишни назарда тутган эди. Бу иттифоқ “Суверен республикалар ҳамжамияти” доирасида бўлмоғи лозим эди (Бу иборанинг русчасидаги сўзларнинг қисқартилишидан ССР” деган сўз келиб чиқади, у эса ўз навбатида маънодорлик билан “СССР” сўзини эслатиб туради). Иккинчи битим Россия, Қозоғистон, Белорусия ва Қирғизистон томонидан имзоланган бўлиб, келажакда “Бирлашган давлатлар ҳамжамияти”ни тузишни назарда тутар эди. Ҳар икки ташаббусда ҳам Россиянинг МДҲ давлатлари ичида бирлашишнинг секин суръатлар билан бораётганидан норозилиги ва бирлашиш жараёнига кўмаклашишга қатъий қарор қилгани акс этган эди.
Шу тариқа “яқин хориж”да МДҲдаги марказий механизмларни кучайтиришга берилган урғуда объектив иқтисодий детерминизмга боғлиқликнинг баъзи бир унсурлари билан анчагина кучли субъектив империяпарастлик майллари бирлашиб кетди. Аммо на биринчи битим, на иккинчи битим “Россия нимадир ва унинг ҳақиқий вазифаси қандай, ҳақиқий ҳудудлари қанақа?” деган фалсафийроқ саволга жавоб бермади ва лоақал бирон бир тузукроқ геополитик маслаҳат ҳам чиқмади.
Бу ҳамон ўша эски бўшлиқ эди. Бу бўшлиқни жозибадорлиги борган сари ортиб бораётган Евросиёчилик назарияси тўлдиришга ҳаракат қиларди, фақат энди бу назариянинг дикқат-эътибори марказида “яқин хориж” турарди. Бу мўлжални белгилаб берувчи атамалар кўпроқ маданият соҳаси ва ҳатто мистика билан боғлиқдир. Унинг бошланғич нуқтаси муайян бир қарашда ифодаланган. Бу қарашга кўра, геополитик ва маданий жиҳатлардан олганда Россия тўлалигича Оврўпа мамлакати эмас ва тўлалигича Осиё мамлакати ҳам эмас. Шунинг учун ҳам уни бус-бутун ҳолда Евросиё давлати деб қараган маъқул. Бу хусусият фақат унга хос. Бу — Марказий Оврўпа билан Тинч океан оралиғидаги жуда катта ҳудуд устидан ғоятда ноёб назоратнинг Россияга мерос бўлиб қолганидир. Бу назоратни Москва ўзининг тўрт аср мобайнида шарққа силжиши натижасида барпо этган. Ана шу силжиш оқибатида Россия қўпдан-кўп рус бўлмаган ва оврўпали бўлмаган халқларни ўзига сингдириб олди ва бу йўл билан сиёсий ва маданий жиҳатдан яхлит индивидуаллик касб этди.
Евросиёчилик назария сифатида Совет Иттифоқининг емирилиши билан пайдо бўлган эмас. У биринчи марта ХIX асрда пайдо бўлган эди, лекин ХХ асрда совет коммунизмига қарши аниқ шаклга кирган альтернатива сифатида ва гўёки Ғарбнинг таназзулига реакция сифатида анча кенг тарқалди. Рус муҳожирлари, айниқса, шўро йўлига альтернатива сифатида бу назарияни фаоллик билан тарқатган эдилар. Улар Совет Иттифоқидаги рус бўлмаган халқларнинг миллий уйғониши миллийликдан юқори турадиган кенг қамровли назария талаб қилишини яхши тушунишган. Фақат шу йўл билангина коммунизмнинг узил-кесил ҳалокати Умумроссия империясининг емирилиб кетишига олиб келмаслигини улар билишган. Ўтган асрнинг 20-йилларининг ўртасидаёқ Евросиёчилик ғоясининг атоқли намояндаси Н.С.Трубецкий томонидан бу фикр жуда аниқ ифодалаб берилган эди. У шундай деб ёзади:
“Коммунизм аслини олганда европоизмнинг бузилган бир нусхасидир. У рус жамиятининг маънавий асосларини ва миллий ноёблигини барбод қилади, унда моддиюнлик меъёрларининг кенг тарқалишига йўл очади. Айни ана шу моддиюнлик меъёрлари амалда Оврўпани ҳам, Американи ҳам бошқариб туради.
Бизнинг вазифамиз буткул янги маданият яратишдир. Бу маданият ўзимизга хос ва ўзимизга мос маданият бўлмоғи керак. У Оврўпа цивилизациясига ўхшамаган бўлиши шарт. Шундагина Россия ортиқ Оврўпа цивилизациясининг айниган инъикоси бўлмайди, шундагина у яна қайтадан ўзлигини касб этади. Россия-Евросиё бўлиб қолади, Чингизхоннинг онгли меросхўри ва унинг улуғ меросини ўзига сингдириб олган ворис бўлиб қолади”.
Бу нуқтаи назар ўта чалкаш постсовет шароитида жуда яхши кутиб олинди. Бир томондан, коммунизм рус проваслав руҳонийлигига ва алоҳида мистикага яқин турувчи “рус ғояси”га сотқинлик, хиёнат сифатида қораланган эди, иккинчи томондан эса “ғарбпарастлик” ҳам рад этилган эди. Ғарб маданияти нуқтаи назаридан чириган ва аксилрус йўналишга эга деб қараларди, шунингдек, у Россиянинг Евросиё ҳудудларини назорат қилишга бўлган тарихан ва жўғрофий жиҳатдан асосланган даъволарини рад қилишга мойил деб ҳисобланарди.
Асарларидан тез-тез ва кўплаб иқтибос олиб туриладиган тарихчи, географ ва этнограф Лев Гумилев евросиёчилик концепциясига академик жило берди. У ўзининг “Ўрта асрлар Россияси ва Улуғ Дашт”, “Евросиё ритмлари” ва “Тарихий даврда этнос жўғрофияси” деган асарларида Евросиё алоҳида рус этноси учун табиий жўғрофий муҳит ҳисобланади, бу муҳит рус халқи билан дала-даштларда яшайдиган рус бўлмаган халқларнинг тарихан қоришиб кетуви (симбиоз) натижасида вужудга келган, бу қоришув охир-оқибатда ғоятда ноёб Евросиё маданияти ва маънавиятини вужудга келтирган деган қарашларга жуда бақувват назарий замин яратиб берди. Гумилев Ғарбга мослашиш рус халқини ўз “этносидан ва қалбидан маҳрум бўлиш хавфига дучор қилмоғи мумкин” деб огоҳлантирган эди.
Гарчи Гумилевдан анча жўнроқ бўлсада бу қарашларни Россиянинг турли-туман миллатчи сиёсатбозлари такрорлашди. Масалан, собиқ вице-президент Александр Руцкой шундай деган эди: “Мамлакатимизнинг жўғрофий аҳволи шуни тақозо қиладики, Россия Осиё билан Оврўпани туташтириб турувчи ягона кўприкдир. Бу ҳудуднинг хўжайини бўлган одам бутун дунёнинг хўжайини бўлади”. 1996 йилдаги президент сайловларида Ельцинга рақиблик қилган Геннадий Зюганов марксизм-ленинизмга тарафдорлигига қарамай, Евросиёнинг бепоён ҳудудларида рус халқининг алоҳида маънавий ва миссионерлик роли масаласида евросиёчиликка берилаётган мистик урғуни қўллаб-қувватлади. Зюганов шу тариқа Россия зиммасига жаҳонда раҳбарлик мавқеига эга бўлмоқ учун ғоятда ноёб маданий роль юкланган, шунингдек, унга бағоят қулай жўғрофий вазият ато қилинган дея исбот қилмоқчи бўлади.
Еросиёчиликнинг бундан кўра ишончлироқ ва амалийроқ варианти Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев томонидан олға сурилди. Назарбоев ўз мамлакатида туб аҳоли бўлмиш қозоқлар билан кўчириб келтирилган руслар ўртасидаги нифоққа дуч келди. Улар сон жиҳатидан деярли тенг эди. Назарбоев Москванинг сиёсий интеграцияга йўналтирилган тазйиқини бирор даражада бўлса ҳамки бўшаштириш учун туссиз ва самарасиз МДҲга муқобил вариант сифатида “Евросиё иттифоқи” концепциясини олдинга сурди. Тўғри, унинг вариантида Евросиё борасидаги бундан кўра анъанавийроқ қарашларга хос бўлган мистика йўқ эди ва унга асос қилиб русларнинг Евросиёдаги алоҳида етакчилик роли ҳақидаги қараш асос қилиб олинмаган эди. У бошқа бир нуқтаи назарга асосланган эди. Бу нуқтаий назарга кўра, жўғрофий жиҳатдан Совет Иттифоқининг аввалги ҳудудларига мос келадиган ҳудудлар доирасида белгиланадиган Евросиё яхлит бир организм бўлмоғи керак ва у сиёсий ўлчовларга ҳам эга бўлмоғи шарт.
Россиянинг геополитик тафаккурида “яқин хориж”га олий мақом беришга уриниш маълум даражада ўринли эди. Постимпериалистик Россия билан яқинда мустақилликка эришган давлатлар ўртасида қай бир даражада тартиб ва муроса ўрнатиш хавфсизлик ва иқтисодиёт нуқтаи назаридан мутлақо зарур эди. Аммо бу мунозаранинг кўпгина қисми муайян даражада сюрреалистик жилоларга эга бўлди. Бунга сабаб собиқ империянинг “бирлашиши” тўғрисидаги анчадан бери давом этиб келаётган эски тасаввурлар бўлди. Бунга кўра, бундай бирлашиш ихтиёрий (иқтисодий сабаблар важидан) бўлганида ёки Россиянинг Евросиёдаги ёхуд славян дунёсидаги алоҳида роли тўғрисида гапирмаганда ҳам, унинг бой берилган қудратини тиклашнинг пировард натижаси бўлганида “бирлашиш”ни амалга ошириш анча осон кўчар ва маъқулроқ бўларди.
Бу жиҳатдан Оврўпа иттифоқи билан тез-тез қилиниб туриладиган таққосларда жуда муҳим бир тафовут инобатга олинмайди: Оврўпа Иттифоқида гарчи Германиянинг алоҳида таъсири сезилиб турса-да, унда бирорта давлат устиворлик қилмайди. Бирорта давлат Оврўпа Иттифоқининг ҳамма аъзоларининг ўрнини боса олмайли. Оврўпа Иттифоқи бирон-бир миллий империянинг вориси ҳам эмаски, унинг озодликка чиққан аъзолари “интеграция” деганда бу сўзнинг замирида тобеликни қайта тиклаш ётипти деб шубҳа қилишсин. Бу ҳолда осон тасаввур қилиш мумкин — агар Германия расмий равишда унинг вазифаси Оврўпа Иттифоқидаги раҳбарлик ролини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан иборатдир деб эълон қилса, Оврўпа мамлакатларининг муносабати шубҳасиз салбий бўлар эди. Ҳолбуки, 1995 йилда Россиянинг расмий баёнотида унинг МДҲдаги роли тўғрисида худди шу гап аниқ айтилган. Буни биз юқорида келтирган иқтибосдан очиқ кўришимиз мумкин. Оврўпа Иттифоқи билан таққослаганда яна бир нуқсон бор. Ғарбий Оврўпа мамлакатларининг очиқ ва нисбатан иқтисодий жиҳатдан ривожланган тузумлари демократик интеграцияга тайёр эдилар ва ғарбий оврўпаликларнинг кўпчилиги бунақа интеграциянинг сиёсий ва иқтисодий фойдаларини аниқ сезиб туришарди. Ғарбий Оврўпанинг нисбатан камроқ даражадаги бой давлатлари ҳам катта-катта дотациялардан анча фойда кўришлари мумкин эди. Бунга қарама-қарши ўлароқ яқинда мустақилликка эришган давлатлар Россиянинг сиёсий жиҳатдан барқарор эмаслигини кўриб туришарди. Ҳали ҳам бошқаларга хўжайинлик қилиш иштиёқида юрган Россия иқтисодий нуқтаи назардан қараганда уларнинг жаҳон иқтисодиётида иштирок этишга ва улар учун ўта зарур бўлган хорижий инвестицияларга эришишда тўсиқ бўлиши мумкин эди.
Москванинг “интеграция” соҳасидаги ғояларига нисбатан мухолифлик, айниқса, Украинада кучли эди. Унинг раҳбарлари бунақа “интеграция”, айниқса, Россиянинг Украина мустақиллиги масаласидаги тархашлигини инобатга олса, охир-пировардида Украинанинг миллий суверенитетидан маҳрум бўлишга олиб келиши мумкин эди. Бундан ташқари янги Украина давлати билан муносабатда Россиянинг беписандлиги, унинг Украина чегараларини тан олишни истамаётгани, Украинанинг Қримга ҳақ-ҳуқуқи масаласидаги иккиланишлари, унинг Севастополь устидан якка ўзи назорат ўрнатишни талаб қилиб туриб олгани — буларнинг ҳаммаси Украина уйғонган миллий туйғуларга ошкора аксилрус йўналишини берди. Шу тариқа янги украин давлатининг шаклланишида энг оғир босқичда ўз тақдирини ўзи белгилаш жараёнида анъанавий аксилполяк ёки аксилрумин мавқеидан Россиянинг исталган таклифларига қарши туриш мавқеига ўтиб олди. Украина раҳбарияти МДҲ давлатларини кўпроқ интеграция қилишга йўналтирилган, алоҳида славян ҳамжамиятини (Россия ва Белоруссия билан биргаликда) барпо этишни кўзда тутган ёки Евросиё иттифоқини тузишга ундовчи ҳар қандай таклифини Россиянинг империяпарастлик бобидаги тактик усуллари сифатида фош қилиб борди.
Украинанинг ўз мустақиллигини сақлаб қолиш борасидаги қатъияти хориждан кўмак топди. Тўғри, аввалига Ғарб ва, айниқса, Қўшма Штатлар мустақил Украина давлатининг мавжудлиги геополитика нуқтаи назаридан ғоятда муҳим аҳамиятга эга эканини тан олишга кечикиб қолишди, аммо 90-йилларнинг ўртасига келиб, АҚШ ҳам, Германия ҳам Киев мустақиллигининг қатъий тарафдорлари бўлиб қолишди. 1996 йилнинг июнида АҚШнинг мудофаа вазири шундай деган эди: “Мен бутун Оврўпанинг хавфсизлиги ва барқарорлиги учун Украинанинг мустақил давлат сифатида мавжудлиги жуда катта аҳамиятга эга деб биламан”. Ўша йилнинг сентябрида эса Германиянинг канцлери Ельцинни ҳар қанча қўллаб-қувватлашига қарамай, бу масалада янада кескинроқ фикр айтди. У “Украинанинг Оврўпадаги мустаҳкам ўрни ортиқ ҳеч ким томонидан шубҳа остига олиниши мумкин эмас. Ортиқ ҳеч ким Украинанинг мустақиллиги ва ҳудудларининг бутунлигига эгри кўз билан қарай олмайди”, деди. АҚШ сиёсатини шакллантирувчи одамлар ҳам Украина-Америка муносабатларини “стратегик шерикчилик” деб атай бошладилар. Улар бу масалада онгли равишда америка-россия муносабатларини белгиловчи ибораларни қўллай бошладилар. Юқорида қайд қилинганидек, Украинасиз империяни тиклаш иши на МДҲ заминида ва на евросиёчилик заминида амалга ошмоғи жуда қийин иш эди. Украинасиз империя шундай маънони англатадики, Россия яна кўпроқ даражада Осиё давлати бўлиб қолади ва у Оврўпадан яна кўпроқ узоқлашади. Бундан ташқари евросиёчилик ғоясини шунингдек, яқиндагина мустақилликка эришган Ўрта Осиё давлатларининг фуқаролари ҳам унча хушламадилар. Фақат улардан айримларигина Москва билан иттифоқ тузишни хоҳладилар. Ўзбекистон Украинанинг МДҲни ҳамма миллатлар устидан турадиган бир ташкилотга айлантиришга ва умуман, Россиянинг МДҲни кучайтиришга қаратилган ҳар қандай ташаббусига қарши туришини қатъий равишда қўллаб-қувватлади.
МДҲнинг бошқа аъзолари ҳам Москванинг ниятларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлдилар ва Ўзбекистон билан Украина теварагида жипслашишга мойиллик кўрсатдилар. Шу тарзда улар Москванинг сиёсий ва ҳарбий интеграцияни янада жисплаштириш йўлидаги уринишларига қарши турдилар ва унинг тазйиқини четлаб ўтдилар. Бундан ташқари мустақилликка янги эришган давлатларнинг деярли ҳаммасида миллий онг туйғуси чуқурлашди. Унинг диққат марказида ўтмишдаги мустамлака шароитидаги тобеликни қоралаш ва эски даврнинг ҳар қандай меросини тубдан суғуриб ташлашга интилиб турарди. Моҳиятан олганда, 90-йилларнинг ўртасида Россиянинг МДҲдан сиёсий интеграция соҳасида бир қурол сифатида фойдаланишга қаршилик кўрсатувчи норасмий бир блок юзага келди. Бу блокнинг бошида Украина турар, унинг аъзолари эса Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон, баъзан эса Қозоғистон, Грузия ва Молдова эди.
Украинанинг чекланган ва асосан иқтисодий масалалар борасидаги интеграция учун қатъий туриши “Славян иттифоқи” деган тушунчани ҳар қандай маънодан маҳрум қилди. Баъзи бир славян нофинлар томонидан тарғиб қилинган ва Александр Сольженициннинг қўллаб-қувватлаши туфайли бирмунча шуҳрат қозонган ғоя Украина томонидан рад қилиниши биланоқ, ўзининг геополитик маъносини ўз-ўзидан йўқотди-қўйди. Бу Белорусия билан Россия икковларини ёлғизлантириб қўйди, шунингдек, бунда Қозоғистоннинг парчаланиб кетиш хавфи ҳам майдонга келди. Негаки, унинг руслар кўп яшайдиган шимолий қисмлари потенциал жиҳатдан бу иттифоқнинг бир қисми бўлиб олиши мумкин эди. Бундай вариант, табиийки, Қозоғистоннинг янги раҳбарларига маъқул бўлолмас эди. У қозоқларнинг миллий онгидаги аксилрус йўналишини кучайтирди, холос. Белорусия учун Украинасиз “Славян иттифоқи” Белорусияни тўғридан-тўғри Россия таркибига қўшиб олишни англатарди, халос. Бу эса миллатчиларнинг норозилигини туғдиришдан нари ўтмади.
“Яқин хориж” масаласидаги сиёсат борасидаги ташқи тўсиқлар анча-мунча даражада жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган ички чекловчи омиллар — рус халқининг кайфияти туфайли ҳам вужудга келди. Собиқ империя ҳудудида Россиянинг алоҳида вазифаси тўғрисидаги сафсаталар ва сиёсий элитанинг ҳовлиқишларига қарамай, рус халқи қисман ҳаддан зиёд толиққани учун ва айни чоғда соғлом ақлга амал қилиб империяни тиклаш дастурига нисбатан унчалик завқ-шавқ билан муносабатда бўлмади.
Руслар чегараларни очиб қўйишни, савдо-сотиқ эркинлигини, одамларнинг ҳаракат эркинлигини, рус тилининг алоҳида мақомини маъқуллади, лекин сиёсий интеграция, айниқса, у маблағ сарфлаш ёки қон тўкилиши билан боғлиқ бўлса. унчалик маъқул бўлмади. Анжуман аҳли Иттифоқнинг тарқаб кетганига таассуф билдиришди, уни тиклашга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлишди, аммо Чеченистондаги урушга жамоатчиликннг муносабати шуни кўрсатдики, иқтисодий имкониятлардан ортиқча бирон нарсани қўллаш билан боғлиқ ҳар қандай сиёсат ёки сиёсий босим халқнинг маъқуллашига сазовор бўлмаслиги аён бўлиб қолди.
Хулласи калом, “яқин хориж”га мўлжал қилишнинг устиворлиги геополитик жиҳатдан ночор аҳволда эди. Бу шунда кўринар эдики, Россия ўз иродасини мажбуран ўтказмоқ учун сиёсий жиҳатдан етарли даражада бақувват эмас эди, янги давлатларни ўзига жалб қилмоқ учун эса иқтисодий жиҳатдан етарли даражада жозибадор эмас эди. Россия томонидан кўрсатилган босим кўпроқ хориж билан биринчи навбатда Ғарб билан ва баъзи ҳолларда ҳатто Хитой билан ва жанубдаги ислом давлатлари билан алоқа ўрнатишга ундади. НАТОни кенгайтириш ғоясига жавобан Россия “ҳарбий блок” тузамиз деган дағдаға билан жавоб берганида, ўз-ўзига “ким билан?” деган аламли савол берган ва унга “Белорусия ва Тожикистондан бошқа ҳеч ким йўқ” деган янада аламлироқ жавоб олган.
Агар истасангиз, янги давлатлар тобора кўпроқ даражада Россия билан интеграциянинг авваллари ўзини оқлаган ва зарур бўлган шаклларига ҳам ишонмасликка мойиллик билдирмоқдалар, негаки, улар сиёсий оқибатлар рўй берганидан қўрқишади. Айни чоғда гўёки Россияга хос бўлган евросиёчилик миссияси ва славянча сирлилик ҳақидаги гап-сўзлар Россияни Оврўпадан ва яхлит олганда бутун Ғарбдан янада кўпроқ ажратиб ташлади. Шу тарзда постсовет даврининг таназзули анча чўзилиб кетди ва рус жамиятини зарурий тарзда модернлаштириш ва вестернлаштириш ишини анча тўхтатиб қўйди. Ҳолбуки, Камол Отатурк Туркияда Усмонийлар салтанати қулагандан кейин худди шу йўлдан борган эди. Шундай қилиб, “яқин хориж”га урғу бериш Россия учун масалани геополитик ҳал қилиш эмас, балки геополитик адашиш бўлди.
1996 йилнинг бошида Ельцин ўзининг Ғарбнинг этагидан тутган ташқи ишлар вазири Козиревни тажрибаси анча бой, лекин ортодоксалроқ Евгений Примаков билан алмаштирди. Собиқ Коминтерн бўйича мутахассис бўлган бу одамнинг манфаатлари кўпдан бери Эрон ва Хитой билан боғлиқ эди. Баъзи бир Россия ижрочиларининг тахминига кўра, Примаковнинг бу мамлакатларга мойиллиги янги “аксилгегемонистик” коализияни тузишга уринишларни тезлаштириб юбормоғи керак эди. Бундай коалиция ана шу учта мамлакат атрофида бўлиб АҚШнинг Евросиёдаги жуда катта таъсирини чеклашга қаратилган жуда улкан геополитик мўлжалга эга бўларди. Примаковнинг баъзи бир дастлабки сафарлари ва шарҳлари бундай таассуротни кучайтиргандай бўлди. Бундан ташқари Хитой билан Эрон ўртасида қурол савдоси соҳасида мавжуд бўлган алоқалар, шунингдек, Эроннинг атом энергиясига кўпроқ эришиш борасидаги уринишларига ёрдам беришга Россиянинг мойиллиги, бир қарашда, янада яқинроқ сиёсий мулоқотлар олиб боришга ва охир-пировардида, альянс тузишга жуда ажойиб имкониятлар яратиб берадигандай кўринган эди. Бунинг натижасида лоақал назарий жиҳатдан олганда дунёдаги етакчи славян давлатининг, дунёдаги энг жангари ислом давлатининг, аҳолисининг сонига кўра дунёдаги энг йирик ва Осиёдаги энг бақувват давлатнинг бошлари бир-бирига қўшилмоғи ҳамда шу тарзда қудратли бир коалиция майдонга келмоғи мумкин эди. Бунга ўхшаш истаган аксилальянсни барпо этишнинг бошланиш нуқтаси икки томонлама Россия-Хитой муносабатларини қайтадан тиклаш бўлмоғи лозим эди. Бунга эса ҳар иккала давлат олий доираларининг АҚШнинг дунёда ягона ўта қудратли давлат бўлиб олганидан норозиликлари асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. 1996 йилнинг бошида Ельцин Пекинга давлат ташрифи билан борди ва у ерда декларацияга имзо чекди. Унда глобал “гегемонистик” тенденциялар очиқ-ойдин қораланган эди. Шу тариқа бу декларацияда Россия билан Хитой Қўшма Штатларга қарши иттифоққа киришишлари назарда тутилган эди. 1996 йилнинг декабрида Хитой бош вазири Ли Пен жавоб ташрифи билан Москвага келди ва ҳар иккала томон “битта давлат устиворлик қиладиган халқаро тизимларга қарши эканликларини яна бир бор тасдиқладилар. Лекин улар бу билангина чекланиб қолмасдан, мавжуд альянсларни ҳам маъқуллашларининг кучайтирилишини ҳам таъкидладилар. Россиянинг шарҳловчилари воқеаларнинг бундай ривожини жуда маъқулладилар, улар буни НАТОнинг кенгайтирилишини қўллаб-қувватлаётган Қўшма Штатларга қарши муносиб жавоб ва кучларнинг глобал нисбатини сақлашда ижобий бурилиш сифатида қарадилар. Баъзилар ҳатто Россия-Хитой альянси Қўшма Штатларга берилган муносиб зарба бўлди деб жуда хурсанд бўлдилар.
Аммо Россиянинг Хитой ва Эрон билан коалициясининг бир вақтда пайдо бўлиши унча осон эмас. Бунинг учун Қўшма Штатлар узоқни кўролмайдиган сиёсат юритишлари ва Хитой билан Эронда бир вақтнинг ўзида ўзларига қарши антогонизм туғдиришлари керак бўлади. Албатта, бунақа имкониятни истисно қилиб бўлмайди ва АҚШнинг 1995-1996 йиллардаги ҳаракати Қўшма Штатлар Теҳрон билан ҳам, Пекин билан ҳам антогонистик муносабатларга киришмоққа интиляпти деган фикрни деярли оқлади. Аммо на Эрон, на Хитой ўз тақдирларини глобал ва заиф Россия билан боғлашга тайёр эмас эдилар. Ҳар иккала давлат ҳам яхши билар эдиларки, муайян мақсадларни кўзда тутган тактик кўламдан жиндай четга чиқишлари биланоқ, уларнинг анча ривожланган мамлакатлар билан муносабатлари хавф остида қолади. Бу давлатлар фавқулодда катта инвестицион имкониятларга эга, уларда юксак технологиялар бор, булар Эронга ҳам, Хитойга ҳам жуда зарур. Бу билан ҳисоблашмаслик мумкин эмас. Аксилгегемонистик йўналишга эга бўлган коалицияда чинакамига муносиб шерик бўлмоқ учун Россиянинг имкониятлари жуда кам эди.
Муштарак мафкурадан маҳрум бўлган ва фақат “аксилгегемонистик” туйғулар важидангина бирлашган бундай коалиция моҳиятан “учинчи давлатлар”нинг энг ривожланган давлатларга қарши йўналтирилган альянсининг бир қисмигина бўлади, холос. Бунақа коалициянинг биронта ҳам аъзоси дурустроқ натижага эриша олмайди. Хитой эса, айниқса, дарёдай оқиб келаётган инвестициялар оқимидан маҳрум бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Россия учун ҳам худди шундай. Бундай иттифоқ оқибатда унинг ҳамма иштирокчиларини — улар иккита бўладими, учта бўладими, бундан қатъи назар, узоқ муддатга дунёдан ажралиб, яккаланиб қолишга ва улар учун муштарак қолоқликка маҳкум этади.
Бундан ташқари, бунақа “антигегемонистик” коалиция тузиш борасидаги Россиянинг ҳар қандай уринишида Хитой етакчи шерик бўлиб олади. Хитойнинг аҳолиси сон жиҳатидан кўпроқ, саноат масаласида у кўпроқ тараққий этган, у кўпроқ даражада новаторлик йўлидан боради, кўпроқ ҳаракатчан, дил-дилидан эса Россияга нисбатан муайян территориал режалари ҳам йўқ эмас. Шундай бўлгандан кейин Хитой муқаррар тарзда Россияни кичкина шерик мақомига тушириб қўяди, айни чоғда, Россияга унинг қолоқлигини енгиб ўтишга ёрдам учун воситачини намойиш этади. Шундай қилиб, Россия кенгайиб бораётган Оврўпа билан иштаҳаси зўр Хитой ўртасида бир ҳалқа ҳолига тушиб қолади.
Ва, ниҳоят, яна бир муҳим гап: халқаро ишлар бўйича баъзи бир россиялик экспертлар ҳамон бир нарсадан умидвор бўлишда давом этиб келмоқдалар. Оврўпа интеграцияси боши берк кўчага кириб қолган. Бунга, эҳтимол, НАТОнинг келажакдаги модели бўйича Ғарб давлатлари ўртасида мавжуд бўлган ички ихтилофларни ҳам қўшмоқ жоиздир. Буларнинг бари охир-пировардида Россиянинг Германия ёхуд Франция билан “ошначилик” қилмоғи учун лоақал тактик имкониятларнинг вужудга келишига имкон туғдириши мумкин, лекин ҳар нима бўлганда ҳам бу Оврўпа билан АҚШ ўртасидаги трансатлантик алоқаларга мутлақо халал бермайди.
Шундай қилиб, бундай истиқбол алланечук кутилмаган бир янгилик бўлиши амримаҳол эди, негаки, бутун совуқ уруш йиллари мобайнида Москва вақт-вақти билан француз ёки герман картасини ўйинга солишга ҳаракат қилиб келган. Шунга қарамай, Москвадаги баъзи бир геополитиклар бир масалада ҳақли қарашга эга эдилар. Улар Оврўпа ишларининг боши берк кўчага кириб қолгани шундай бир қулай тактик шароитлар яратмоғи мумкинки, улардан АҚШнинг зарарига фойдаланса бўлади деб ҳисоблайдилар. Аммо бу — соф тактик вариантлардан ўзга нарса эмас. Германия ёки Франция АҚШ билан алоқаларидан кечиши мумкин деб ўйлаш эҳтимолдан хийла узоқ. Кейинчалик бўлажак муайян “ошна-оғайнигарчиликлар”ни, айниқса, Франция билан бирон-бир торроқ масала юзасидан битишувга келишни истисно қилиб бўлмайди, албатта, аммо альянслар қурилмасини геополитик жиҳатдан ўзгартирмоқ учун аввал Оврўпа ишларида кенг кўламда тўнтариш юз бермоғи, Оврўпа бирлиги ва трансатлантик алоқалар барбод бўлмоғи керак. Бироқ шунда ҳам Оврўпа мамлакатларининг йўлини йўқотиб қўйган Россия билан чиндан-да жуда кенг кўламдаги геополитик иттифоққа кириш ниятини изҳор қилмоғи ғоятда эҳтимолдан узоқдир.
Шундай қилиб, яқиндан синчиклаб қараганда, аксилальянс вариантларидан биронтаси ҳам муқобил вариант сифатида яшашга қобил бўлиб чиқмайди. Россиянинг геополитик дилеммаси на аксилальянсда, на АҚШ билан тенгҳуқуқли стратегик шериклик тўғрисидаги хомхаёлда, на собиқ Совет Иттифоқи ҳудудларидаги бирон-бир янги сиёсий ёки иқтисодий “интеграллашган” қурилмада ўзининг ечимини топа олади. Уларнинг ҳеч қайсисида Россиянинг ихтиёрида мавжуд бўлган ягона ечим инобатга олинмайди.

ЯГОНА МУҚОБИЛ ЧОРА ДИЛЕММАСИ

Россия учун ягона геостратегик чора бор. Фақат ана шу бирдан-бир чора оқибатидагина у халқаро майдонда реал роль ўйнай олади ва ўз жамиятининг шаклини ўзгартириш ҳамда модернлаштириш борасида энг юксак даражадаги имкониятларга эга бўла олади. Бу — Оврўпадир. Оврўпа бўлганда ҳам, шунчаки аллақандай Оврўпа эмас, балки ўзининг кенгайиб бораётган Оврўпа Иттифоқига ва НАТОсига эга бўлган трансатлантик Оврўпадир. Бундай Оврўпа борган сари сезиладиган шаклга кириб бораётир ва бундан ташқари у аввалгидай Америка билан яқиндан боғлиқ бўлишда давом этади. Россия геополитик жиҳатдан хатарли яккаланиб қолиш хавфидан қутулишни истаса, ана шундай Оврўпа билан муносабатга киришишга тўғри келади.
Америка билан шерикчилик қилмоқ учун Россия ҳали бағоят даражада заиф, лекин шунчаки унинг садақаси билан кун кўрадиган даражада ҳам эмас. Бунинг учун у аввалгидай бағоят кучли. Кўпроқ шундай бир вазиятнинг вужудга келиш эҳтимоли бор: Агар Америка бирон мавқени ишлаб чиқиб, унинг ёрдамида русларни уларнинг мамлакати учун энг яхши йўл трансатлантик Оврўпа билан мустаҳкам алоқаларни ривожлантириш эканига ишонтира олмаса, Россия Америка учун муаммога айланади. Гарчи узоқ муддатли Россия-Хитой ва Россия-Эрон шартномаларининг стратегик иттифоқи тузилишининг эҳтимоли кам бўлса-да, Америка учун Россиянинг диққатини зарур бўлган геополитик танловдан чалғитадиган сиёсатни четлаб ўтиш ғоятда муҳимдир. Шунинг учун ҳам имкони бор қадар Американинг Хитой ва Эрон билан муносабатлари шакллантирилар экан, бунда уларнинг русларнинг геополитик ҳисоб-китобларига таъсирларини ҳам инобатга олмоқ керак. Улуғ стратегик вариантлар ҳақидаги хомхаёлларнинг сақланиб қолиши оғир хасталикдан қутулиш учун руслар амалга ошириши лозим бўлган тарихий танловни орқага суриб юбориши мумкин, холос.
Оврўпанинг хоҳ иқтисодий аснода бўлсин, хоҳ геополитик аснода бўлсин, янги реалликларини қабул қилишни истаган Россиянинг Оврўпанинг савдо-сотиқ, коммуникация, сармоя ётқизиш ва таълим соҳаларида тобора кенгайиб бораётган қитъалараро ҳамкорлигидан халқаро устунликларга эришмоғи мумкин. Шунинг учун Россиянинг Оврўпа Иттифоқида иштирок этмоғи жуда тўғри йўналишда қўйилган қадамдир. У янги Россиянинг кенгайиб бораётган Оврўпа билан бўлғуси қўшимча институцион алоқаларидан дарак беради. Бу яна шундай маънони билдирадики, у Россия агар шу йўлни танлайдиган бўлса, охир-пировардида унинг Усмонийлар салтанати қулагандан кейин Туркия танлаб олган йўлдан боришдан ўзга чораси қолмайди. Маълумки, ўшанда Туркия ўзининг империяпарастлик даъволаридан кечиб, ҳамма нарсани синчиклаб ҳисоблаб кўриб, жамиятни модернлаштириш, оврўпалаштириш ва демократлаштириш йўлига кирган эди.
Америка билан боғлиқ бўлган замонавий, бадавлат, демократик Оврўпадан бошқа ҳеч нарса Россия қаршисида зарур устунликларни намоён қила олмайди. Бошқа давлатларга кўз олайтириб қарамайдиган демократик давлат бўлган Россия учун Оврўпа билан Америка ҳеч қанақа таҳдид туғдирмайди. Уларнинг Россияга ҳеч қандай худудий даъволари йўқ. Гўзал кунлардан бирида бундай даъво Хитойда пайдо бўлиб қолиши мумкин. Америка билан Оврўпа, шунингдек, Россия билан унча мустаҳкам бўлмаган, бир кун эмас бир кун портлаши мумкин бўлган муштарак чегараларга эга эмас. Ҳолбуки, Россиянинг жанубдаги мусулмон давлатлари билан этник ва ҳудудий жиҳатдан олганда мужмал чегараларга эга. Аксинча, Оврўпа учун ҳам, Америка учун ҳам миллий ва демократик Россия геополитик нуқтаи назардан жуда маъқул субъектдир, ўзгарувчан Евросиё ҳудудида барқарорлик манбаидир.
Бинобарин, Россия иккита имконият қаршисида турипти — сезиларли устунликларга эга бўлиш мақсадида Америка ва Оврўпа сари олиб борадиган йўл танланса, бу биринчи навбатда ўтмишдаги империяпарастликдан сўзсиз воз кечишни талаб қилади; иккинчидан эса, Оврўпанинг хавфсизлик ва сиёсат бобида Америка билан кенгайиб борадиган муносабатлари масаласида ҳеч қанақа мужмаллик бўлмаслиги керак. Биринчи талаб — собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида тарқалган геополитик плюрализмга кўнишни тақозо этади. Бундай розилик иқтисодий ҳамкорликни истисно қилмайди — бу ҳамкорлик эски Оврўпа зонасидаги эркин савдо-сотиқ модели асосида содир бўлса маъқулроқ бўлар эди. Лекин бу ҳамкорлик янги давлатларнинг сиёсий суверенитетини қай бир даражада чеклашни ўз таркибига ололмайди. Бунинг сабаби жуда осон — улар буни истамайди. Бу жиҳатдан Украинанинг алоҳида мавжудлигини, унинг чегаралари ва миллий ўзига хослигини Россия томонидан аниқ-равшан ва сўзсиз тан олиниши ғоятда муҳим аҳамият касб этади.
Иккинчи талабга кўниш, эҳтимол, янада қийинроқ бўлар. Трансатлантик ҳамжамиятлар билан ҳамкорлик қилишни бир принцип асосига қуриб бўлмайди, яъни Россиянинг хоҳиши билан ҳамжамиятнинг аъзоси бўлишни истаган Оврўпанинг демократик мамлакатларини кўкракларидан итариб, четга чиқариб қўйиб бўлмайди. Бу ҳамжамиятни кенгайтирилишида шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди ва табиийки, аксилроссия мавзусидан фойдаланган ҳолда буни қўллаб-қувватлаб бўлмайди. Бироқ бу жараённи сиёсий буйруқлар йўли билан тўхтатиш асло мумкин эмас ва тўхтатишнинг кераги ҳам йўқ. Сиёсий буйруқлар хавфсизлик борасида Оврўпа муносабатларидаги эски тушунчаларни ўзида акс эттиради. Оврўпанинг кенгайиш ва демократлашиш жараёни муддатсиз тарихий жараён бўлмоғи керак ва сиёсий жиҳатдан ҳар хил жуғрофий чеклашлар унга зўрма-зўракилик билан сингдирилмаслиги керак.
Кўпгина руслар учун бу ягона муқобил чоранинг икки муаммоси келгусида аввалига маълум вақт мобайнида ҳал қилиниши ҳаддан ташқари қийин бўлиб кўриниши мумкин. Бунинг учун жуда катта сиёсий ирода талаб қилинади. Бунинг учун, эҳтимол, шу йўлни танлашга қодир бўлган ва демократик миллий том маънодаги замонавий ва оврўпача Россияни қандай кўришини ифодалаб бераоладиган бақувват раҳбар ҳам керак бўлар. Бунинг яқин ўртада рўй бериши амримаҳол. Посткоммунистик ва империяпарастликдан кейинги таназзулни енгиб ўтиш учун Марказий Оврўпада посткоммунистик қайта қуришга кетгандан кўра кўпроқ вақт талаб қилинади. Бундан ташқари, узоқни кўра оладиган, барқарор раҳбарият ҳам пайдо бўлмоғи керак. Ҳозирги пайтда уфқда ҳеч қанақа рус Отатурки кўринаётгани йўқ. Шунга қарамай, руслар охир-оқибатда Россиядаги миллий саришталаниш — таслим бўлиш эмас, халос бўлиш йўлидаги қадам эканини тан олиш керак бўлади. Уларга Ельциннинг 1990 йилда Киевда сўзлаган Россиянинг келажаги империяпарастликдан холи бўлажаги ҳақидаги нутқи мутлақо жоиз эканини маъқуллашга тўғри келади. Том маънода империяпарастликдан холи бўлган Россия улуғ давлат бўлиб қолаверади ва улуғ давлат сифатида Евросиёни бирлаштириб туради. Евросиё эса ҳамон дунёдаги энг катта ҳудудий бирлик бўлиб қолади.
Ҳарҳолда “Россия нимадир ва Россия қайдадир?” деган саволларга жавоб излаш жараёни, афтидан, аста-секин содир бўлади ва бунинг учун Ғарб жуда доно ва қаттиқ мавқеда турмоғи зарур бўлади. Америка ва Оврўпа Россияга ёрдам бермоғи зарур. Улар Россияга махсус битим тузишни ёки НАТО билан харитани имзолашни таклиф қилиш билан чекланиб қолмасликлари шарт, айни пайтда улар Россия билан биргаликда келажакда амалга ошиши эҳтимол бўлган ҳамкорлик ва хавфсизлик қитъалараро тизимнинг бўлғуси шаклларини ўрганиш жараёнини бошлаб юбормоқлари жоиз. Бу тизимнинг кўлами анча-мунча даражада Оврўпа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ОБСЕ)нинг ноаниқ доираларидан ташқарида яшайди. Агар Россия ўзининг ички демократик институтларини мустаҳкамласа ва эркин бозор иқтисодиётидан сезиларли ривожланишга эришса, унда Россиянинг НАТО ва Оврўпа Иттифоқи билан янада яқинроқдан ҳамкорлик қилиш имконини соқит қилиш керак эмас.
Айни вақтда Ғарб учун ва, айниқса, Америка учун Россияга ягона муқобил чора дилеммасининг ҳеч қачон йўқолиб кетмаслигига йўналтирилган сиёсат юргизиш Постсовет даврида пайдо бўлган давлатларнинг сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан барқарорлашуви Россиянинг тарихан ўз-ўзини қайта баҳолашини заруриятга айлантирувчи асосий омилдир. Бинобарин, собиқ совет империяси доирасида геополитик плюрализмни таъминлаш учун янги давлатларга мадад бериб туриш Россияни аниқ-таниқ Оврўпанинг этагидан ушлашга ундашга йўналтирилган сиёсатнинг таркибий қисми бўлмоғи лозим. Бу давлатлар ичида уч мамлакат — Озарбайжон, Ўзбекистон ва Украина алоҳида аҳамиятга эга. Мустақил Озарбайжон Ғарб учун энергетик ресурсларга бой Каспий денгизи ҳавзаси ва Ўрта Осиёга олиб борадиган йўлак бўлмоғи мумкин. Ва аксинча, Озарбайжон муте бўлса, бу Ўрта Осиёни ташқи дунёдан ажратиб қуйишга имкон туғдирар эди. Россия Ўрта Осиёни қайтадан қўшиб олиш мақсадида босим ўтказадиган бўлса, бу таҳдид қаршисида у сиёсий жиҳатдан анча заифлашиб қоларди. Миллий нуқтаи назардан Ўрта Осиёдаги аҳолиси энг зич жойлашган мамлакат бўлган Ўзбекистон Россия томонидан минтақада назоратни тиклаш йўлидаги энг асосий тўсиқдир. Ўзбекистоннинг мустақиллиги Ўрта Осиёдаги бошқа давлатларнинг яшаб кетмоғи учун жуда катта аҳамиятга эгадир. Бундан ташқари у Россия учун босим ўтказишга энг қийин давлатдир. Лекин ҳаммасидан кўра Украина кўпроқ аҳамиятга эга. Оврўпа Иттифоқи ва НАТОнинг кенгайтирилиши билан боғлиқ равишда охир-пировардида Украина у ёки бошқа ташкилотнинг бир қисми бўлмоқни истайдими-йўқми — буни ўзи ҳал қилмоғи мумкин. Ўзининг алоҳида мақомини кучайтириш учун Украина ҳар иккала ташкилотга бирваракайига кирмоғи ҳам мумкин, негаки, улар Украина билан чегарадош. Шуниси ҳам борки, Украина ўзида содир бўлаётган ички ўзгаришлар оқибатида бу ташкилотларга аъзо бўлиш ҳуқуқини қўлга киритади. Лекин бунинг учун муайян вақт талаб қилинади. Киев билан иқтисодиёт ва хавфсизлик борасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш билан шуғулланадиган Ғарб Украинани юқоридаги ташкилотларга аъзо қилишни маъқул муддати сифатида 2005-2015 йиллар орасидаги ўн йиллик давр деб кўрсатса, бу Ғарб учун унчалик эрта муддат бўлмайди. Бунинг натижасида Украин халқида Оврўпанинг кенгайтирилиши Польша-Украина чегарасига келиб тўхтаб қолиши мумкин, деган хавотирнинг пайдо бўлиш хавфини камайтиради.
Норозиликларга Россия дамини ичига ютиб, 1999 йилда НАТОнинг кенгайтирилишига кўнса керак ва Марказий Оврўпа мамлакатларидан бир қаторининг НАТО таркибига киришига индамаса керак. Коммунизм йиқилгандан бери ўтган вақт ичида Марказий Оврўпа мамлакатлари билан Россия ўртасидаги маданий ва ижтимоий айирманинг кенгайгани шундай қилишга имкон туғдиради. Ва, аксинча, Украинанинг НАТОга киришига Россиянинг розилик бериши беқиёс даражада қийин бўлади, чунки бунга рози бўлиш Украинанинг тақдири Россиянинг тақдири билан ортиқ чамбарчас боғлиқ эмас деган омилни тан олиш билан баробардир. Бироқ, Украина ўз мустақиллигини сақлаб қолишни истаса, унга Евросиёнинг эмас, Марказий Оврўпанинг бир қисми бўлишга тўғри келади ва агар борди-ю у Марказий Осиёнинг бир қисми бўлишни истаса, у Марказий Осиёнинг НАТО ва Оврўпа Иттифоқи билан алоқаларида тўла-тўкис иштирок этишга тўғри келади. Шунда бу алоқалар Россия томонидан қабул қилинса, бу Россиянинг ҳам Оврўпанинг қонуний қисми бўлмоққа қарор қилишини белгилаб берарди. Россиянинг бундан воз кечиши эса Оврўпадан воз кечиш билан баробар бўларди ва Россиянинг ўз қобиғига биқиниб олган “евросиёча” мустақиллик ҳамда ҳаммадан ажралган ҳолда ҳаёт кечириш йўлига юз бурганидан далолат берарди.
Масаланинг қуйидаги асосий нуқтасини назарда тутмоқ керак: Россия Украинасиз Оврўпа таркибида бўла олмайди. Украина ҳам Оврўпа таркибига кирмоғи керак. Лекин Украина Россиясиз ҳам Оврўпа таркибига кирмоғи мумкин. Украина учун Россиянинг Оврўпа таркибига кирмоғи шарт эмас. Агар Россия ўз тақдирини Оврўпа билан боғлаш тўғрисида бир қарорга келди деб фараз қилсак, бундан кенгайиб бораётган Оврўпа тизимларига Украинанинг қўшилиши охир-пировардида Россиянинг туб манфаатларига мос келади деган хулоса келиб чиқади. Дарҳақиқат, Украинанинг Оврўпага муносабати Россиянинг ўзи учун бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилиши мумкин эди. Бироқ бу яна шундай маънони ҳам билдирадики, Россия билан Оврўпа ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг руҳини белгилаш-аввалгидек келажакнинг иши бўлиб қолмоқда. Бу ўринда “белгилаш” шу маънода қўлланяптики, Украинанинг Оврўпа этагидан маҳкам тутиши — Россия томонидан унинг тарихий ривожининг навбатдаги босқичига тааллуқли қарорлар қабул қилишни диққат марказига чиқариб қўяди, яъни Россия ё Оврўпанинг бир қисми бўлмоғи керак, ёхуд Евросиёнинг бир қисми сифатида аройўлда қолиб кетавермоғи лозим, яъни том маънода на Оврўпага, на Осиёга мансуб бўлади-да, “яқин хориж” мамлакатлари билан низолар ботқоғига ботиб қолаверади.
Умид қилиш мумкинки, кенгайиб бораётган Оврўпа билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари икки томонлама расмий алоқалар доирасидан чиқиб, иқтисодиёт, сиёсат ва хавфсизлик борасидаги жуда маънодор ва масъулиятли вазифалар даражасига кўтарилади. Шу тариқа, навбатдаги асрнинг дастлабки йигирма йили мобайнида Россия ўз ичига нафақат Украинани қамраб олган, балки йўли Ўролгача етиб борган ва ҳатто ундан ҳам нарига ўтиб кетган Оврўпага тобора фаол интеграллашиб боради. Россиянинг Оврўпа ва трансатлантик тизимларга қўшилиши ва ҳатто уларга аъзоликнинг муайян шакллари ўз навбатида учта Закавказия мамлакати учун бу тизимларга кириш йўлини ланг очиб берарди. Маълумки, бу мамлакатлар жон-жаҳдлари билан Оврўпага қўшилиш иштиёқида юрипти.
Бу жараён қанчалик тез содир бўлишини олдиндан айтиб бериб бўлмайди, лекин бир нарса аён: агар геополитик вазият тезроқ бир шаклга тушса ва Россиянинг бошқа томонларга чалғимай, шу йўналишдаги силжишларини рағбатлантириб турса, жараён тезлашиб кетади. Россия Оврўпа томон қанча тез ҳаракат қилса, тобора замонавийлашиб ва демократия принципларидан кўпроқ баҳраманд бўлиб бораётган жамият Евросиёдаги “қора ўпқон”ни шунча тез тўлдиради. Ва чиндан ҳам, Россия учун ягона муқобил чора дилеммаси ортиқ геополитик йўл танлаш муаммоси бўлмай қолади. Бу масала омон қолишнинг ғоятда муҳим эҳтиёжидир.

5-боб
ЕВРОСИЁ БОЛҚОНЛАРИ

Оврўпада “Болқон” деган сўз дарҳол этник ихтилофлар манзараларини кўз олдингизга келтиради ва сиз бу минтақадаги улуғ давлатларнинг ўзаро можароларини эслаб кетасиз. Евросиё ҳам ўзининг “Болқонлари”га эга, бироқ “Евросиё Болқонлари” ҳажмига қараганда анча катта, аҳолиси янада қалин ва этник жиҳатдан турфа хилдир. Улар жуда катта ҳудудга жойлашган бўлиб, глобал беқарорликнинг марказий зонасини ташкил қилади ва ўз ичига Жануби-Шарқий Оврўпа районларини, Ўрта Осиёни, Жанубий Осиё қисмларини, Форс қўлтиғи ва Яқин Шарқни олади.
“Евросиё Болқонлари” жуда катта ҳудуднинг ички марказини ташкил қилади. Бу ҳудуд ташқаридан қараганда узунасига чўзилиб кетган шаклга эга. У ҳудудни қуршаб олган ташқи зонадан анча кескин фарқ қилади. Ўзини олиб қарасангиз, қандайдир кучлар йиғилиб ётган бўшлиққа ўхшайди. Гарчи Форс қўлтиғи ва Яқин Шарқда жойлашган кўпчилик давлатларда барқарорлик етишмаса-да, бу минтақада америкаликлар ҳакамлик қилади. Ташқи зонанинг беқарор минтақаси шу тариқа ягона бир куч гегемонлик қиладиган бир жойдир ва шу гегемон куч уни ўз қарамоғида тутиб туради. Аксинча, “Евросиё Болқонлари” ҳақиқатан ҳам Жануби-Шарқий Оврўпадаги анча кўҳна ва дурустроқ таниш бўлган Болқонларни эслатади. Ундаги сиёсий субъектларда нафақат беқарор вазиятларни кузатиш мумкин, балки уларнинг ўзи бақувватроқ қўшниларини доимо жалб қилиб турадилар. Бу қўшниларнинг ҳар қайсиси бу минтақада устиворлик қилувчи кучга эгаликни кўрсатиш иштиёқига тўла бўлади. Айни ана шу аллақандай куч ётадиган бўшлиқ билан кучнинг сўриб олинишининг чатишиб кетгани “Евросиё Болқонлари” деган атамани оқлайди.
Анъанавий Болқонлар Оврўпада ҳукмронлик қилиш учун курашда даъвогарлик қиладиганларга потенциал геополитик объект бўлиб хизмат қилар эди. “Евросиё Болқонлари” муқаррар тарзда майда келадиган темир йўл тармоғининг ҳар икки томонида жойлашган. Бу темир йўл тармоғи Евросиёнинг энг бой районлари ва Ғарбнинг саноати жуда ривожланган районларини Шарқдаги энг чекка нуқталар билан энг қисқа тўғри йўл орқали бирлаштирмоғи керак эди. Шундоқ бўлгач, унинг икки чекасида жойлашган “Евросиё Болқонлари” ҳам геополитик нуқтаи назардан жуда катта аҳамиятга моликдирлар. Шуниси ҳам борки, “Евросиё Болқонлари” тарихий даъволар ва хавфсизлик даъволари нуқтаи назаридан ҳам лоақал учта энг бевосита ва энг қудратли қўшнилар ўртасида ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Булар — Россия, Туркия ва Эрондир. Лекин Хитой ҳам бу минтақага қизиқиши тобора кучайиб бораётганини ўқтин-ўқтин намойиш қилиб туради. Бироқ “Евросиё Болқонлари” потенциал иқтисодий имкониятлар маскани сифатида ҳам беқиёс аҳамиятга эга — бу минтақада олтин ва бошқа фойдали қазилмалар билан бир қаторда жуда катта миқдорда табиий газ ва нефт заҳиралари ҳам мавжуд. Келгуси йигирма-ўттиз йил ичида бутун дунёда энергия истеъмол қилиш анча-мунча кўпайиши кутилади. АҚШ Энергетика вазирлигининг ҳисоб-китоблари бўйича 1993-2015 йиллар оралиғида жаҳонда энергетикага талаб 50 фоиздан ортиқроққа кўпайиши керак. Бунда энергетикага эҳтиёж, айниқса, Узоқ Шарқда жуда катта миқдорда ортади. Осиёнинг иқтисодий ривожидаги кўтарилиш янги энергия манбаларини қидириб топиш ва эксплуатация қилиш борасида аллақачон жуда катта босимни туғдирмоқда. Ҳолбуки, Марказий Осиё минтақаси заҳираларида ва Каспий денгизи ҳавзасида шунақа кўп табиий газ ва нефть заҳиралари сақланмоқдаки, улар Қувайт, Мексика қўлтиғи ва Шимолий денгиз заҳираларидаги газ ва нефтдан кўплик қилади. Бу бойликларга эришиш ва уларнинг тақсимотида иштирок этиш иштиёқи натижасида шунақа мақсадлар майдонга келадики, улар миллий даъволарни жунбушга келтиради, корпоратив манфаатларга жон ато қилади, яна янгидан тарихий даъволарни ўт олдиради, империяпарастлик орзуларини қайта тирилтиради ва халқаро рақобатларни авж олдиради. Вазият борган сари беқарорроқ бўла боради. Бундай бўлишига сабаб — нафақат минтақанинг бағрида алланечук қудрат яширинган вакуум эканлигидагина эмас. Унда ички беқарорлик ҳам мавжуд. Ҳар қайси мамлакат жуда жиддий ички муаммолар исканжасида қийинчилик тортади. Уларнинг ҳаммасида шундай чегаралар борки, уларга ё қўшнилари даъвогарлик қилади ёки бу чегаралар ҳудудида турли-туман этник хафагарчиликлар, гина-кудуратлар йиғилиб қолган, жуда камдан-кам чегараларида миллий таркиби нуқтаи назаридан якранглик мавжуд, баъзи бирларида эса аллақачон ҳудудий, этник ва диний тартибсизликлар жўш урмоқда.

ЭТНИК ЗИДДИЯТЛАР ҚОЗОНИ

“Евросиё Болқонлари” тўққизта мамлакатни ўз ичига олади — улар юқорида келтирилган таъриф-тавсифларга мос келади. Бундан ташқари яна иккита мамлакат бор — улар потенциал номзодлардир. Бу тўққиз мамлакатга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Арманистон ва Гуржистон (авваллари буларнинг ҳаммаси собиқ Совет Иттифоқи таркибига кирган) ва, шунингдек, Афғонистон киради. Бу рўйхатга кириши мумкин бўлган мамлакатлар қаторида Туркия билан Эронни кўрсатиш мумкин. Бу икки мамлакат бошқалари билан сиёсий ва иқтисодий нуқтаи назардан таққослаганда яшашга кўпроқ қобилдирлар, икковлари ҳам минтақа миқёсида “Евросиё Болқонлари”га таъсир кўрсатмоқ учун фаол кураш олиб борадилар ва шунинг учун ҳам бу минтақада муҳим геостратегик ўйинчилар ҳисобланади. Айни чоғда ҳар иккала мамлакат ҳам ички этник ихтилофлари жиҳатидан олиб қараганда анчагина ожизликларга эга. Агар бу мамлакатларнинг бирида ёхуд икковларида бирваракайига тўсатдан вазият беқарор бўлиб қоладиган бўлса, минтақанинг ички муаммолари назорат остидан чиқиб кетмоғи мумкин, Россиянинг минтақада ўз ҳукмронлигини тиклаш борасидаги уринишлари эса ҳатто бефойда бўлиб чиқмоғи мумкин.
Кавказортидаги учта давлат — Озарбайжон, Арманистон ва Гуржистон тўғрисида эса шуни айтиш мумкинки, бу уч давлат том маънода тарихан шаклланган миллатлар асосида ташкил қилинган. Бунинг оқибатида уларнинг миллатчилиги тарқалиш тамойилига ҳам, кучайиш тамойилига ҳам эга, ташқи ихтилофлар эса уларнинг тинчини бузадиган жуда муҳим муаммолар бўлиб қолиши мумкин. Аксинча. Ўрта Осиёнинг бешта янги давлати ҳали миллатни барпо қилишнинг муайян босқичида туришибди, шуниси ҳам борки, уларда ҳамон уруғчилик билан ва этник мансублик билан боғлиқ кайфиятлар устунлик қилади, бунинг натижасида эса ички зиддиятлар асосий муаммолар сифатида намоён бўлади. Истаган типдаги давлатда бу заифликлардан империяпарастлик даъволаридан воз кечмаган кучлироқ қўшни бемалол фойдаланиши мумкин.
“Евросиё Болқонлари” этник жиҳатдан қараганда мозаикага ўхшаб кетади. Бу давлатларнинг чегаралари 20-30-йилларда совет хариталарини тузган мутахассислар томонидан ўзлари хоҳлаган ва кўнгилларига келган тарзда белгилаб кетаберилган. Ўша кезларда Ўрта Осиёда совет республикалари тузилмоқда эди. (Ҳеч қачон Совет Иттифоқи таркибига кирмаган Афғонистон бундан мустаснодир.) Бу давлатларнинг чегаралари асосан, этник принципларга асосланиб белгиланган эди, бироқ Кремль бу республикаларда ички зиддиятларнинг сақланиб қолишидан манфаатдор эди. Шу йўл билан Россия империясининг жанубий минтақасини тобеъликда тутиб туриш осонроқ кўчарди. Ўшанда белгиланган чегараларда Россиянинг ана шу манфаатдорлиги яққол акс этган.
Шунга мувофиқ равишда Москва Ўрта Осиё миллатчиларининг (уларнинг кўпчилиги ҳали миллатчилик нима эканини тузукроқ англаб ҳам етган эмас эди) Ўрта Осиёнинг турли халқларини сиёсий жиҳатда яхлит қилиб, масалан, “Туркистон” деган ном остида бирлаштириш ҳақидаги таклифларини рад этди. Бунинг ўрнига Москва бешта мустақил республика тузишни маъқул кўрди. Буларнинг ҳар қайсиси уни бошқалардан ажратиб турадиган номга ва жимжимадор чегараларга эга эди. Афтидан, Кремль айни ана шундай мулоҳазаларни инобатга олиб, ягона Кавказорти федерациясини тузиш режаларидан ҳам воз кечган бўлса керак. Шунинг учун ҳам Совет Иттифоқи қулагандан кейин Кавказнинг учта давлатидан биттаси ҳам ва Ўрта Осиёнинг бешта давлатидан биронтаси ҳам янги мустақиллик мақомини қабул қилишга тўла равишда тайёр бўлмаганида, шунингдек, зарур бўлган минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга астойдил киришмаганида ҳайрон қоладиган жойи йўқ.
Кавказда тўрт миллиондан камроқ аҳолига эга бўлган Арманистон ва саккиз миллиондан ортиқроқ аҳолига эга бўлган Озарбайжон Тоғли Қорабоғнинг мақоми учун дарҳол ошкора уруш бошлаб юбордилар. Тоғли Қорабоғ Озарбайжон территориясида жойлашган эди, бироқ у ерда, асосан, арманлар истиқомат қилар эди. Бу ихтилоф оқибатида кенг кўламда этник тозалашлар ўтказилди, юз минглаб қочоқлар ва ўз юртидан қувилган одамлар эса турли томонларга тирқираб қочиб кетди. Арманлар христиан, озарбайжонлар мусулмон эканини ҳисобга олганда, ихтилоф диний рангларга ҳам эга бўлганди. Иқтисодиёт учун ҳалокатли таъсир кўрсатган уруш бу мамлакатларнинг бақувват мустақил давлатлар сифатида шаклланишини анча қийинлаштирди. Арманистон кўпроқ Россиянинг ёрдамига таянишга мажбур бўлди, Россия унга анча-мунча ҳарбий ёрдам берди. Ҳолбуки, Арманистон ўзининг мустақиллиги ва барқарорлиги учун Тоғли Қорабоғни бериб қўйиши мумкин эди. Озарбайжоннинг заифлиги минтақа учун анча жиддий оқибатларга олиб келмоғи мумкин эди. Негаки, ўзининг жуғрофий жойлашган ўрнига кўра Озарбайжон геополитик таянч нуқтаси ҳисобланади. Озарбайжонни Каспий денгизи ҳавзаси ва Ўрта Осиё бойликлари солинган “шиша”нинг оғзидаги “тиқин”га қиёслаш мумкин. Бу жиҳатдан у ҳаёт-момот аҳамиятига эга. Мустақил туркийзабон Озарбайжон ҳудудидан нефть қувурлари ўтади. Улар қўшни Туркия томон чўзилиб кетган. Туркия эса шунчаки қўшни эмас. Унинг тил ва дин жиҳатидан Озарбайжонга яқин қариндошлиги ҳам бор ва унга сиёсий жиҳатдан ёрдам кўрсатади. Бу омил Россиянинг минтақада якка ўзи даври даврон суришига жиддий халақит берган бўларди ва шу тарзда уни Ўрта Осиёдаги янги давлатлар сиёсатига таъсир кўрсатишда муҳим сиёсий омилдан маҳрум этарди. Шунга қарамай, Озарбайжон шимол томондан қудратли Россия томонидан, жануб томондан эса Эрон томонидан кўрсатиладиган босим қаршисида анчагина ночор аҳволда қолади. Эроннинг шимоли-ғарбида Озарбайжоннинг ўз территориясидагига қараганда икки бараваридан кўпроқ Озарбайжонлар истиқомат қилади (баъзи бир ҳисоб-китобларга қараганда 20 миллион кишига яқин). Бу Эронни ўз ҳудудида яшаб турган озарбайжонлар ўртасида сепаратизм хуружлари намоён бўлиши хавфидан қўрқишга мажбур қилади. Шунинг учун ҳам Эронда Озарбайжоннинг мустақил мақомига нисбатан мужмал бир муносабат шаклланди, ҳолбуки, Эронда ҳам, озарбайжонда ҳам мусулмон аҳоли истиқомат қилади. Шунинг учун Озарбайжоннинг Ғарб билан амалий иш муносабатларини чеклаш мақсадида Россия ҳам, Эрон ҳам унга қаттиқ босим кўрсата бошладилар.
Озарбайжон ва Арманистондан фарқ қилароқ (ҳар иккала давлат ҳам этник жиҳатдан етарли даражада якранг кўринишга эга) 6 миллион кишилик аҳолига эга бўлган Гуржистон халқининг 30 фоизини майда миллатлар ташкил қилади. Буниси ҳам етмагандай, ана шу унча катта бўлмаган, турмуш тарзига кўра кўпроқ қабилага ўхшаб кетадиган жамоалар грузинларнинг ҳукмронлигига қарши кескин норозилик билдира бошладилар. Совет Иттифоқи қулагандан сўнг осетинлар билан абхазлар Гуржистондаги ички сиёсий курашдан фойдаланмоқчи бўлдилар ва Гуржистон давлати таркибидан чиқмоққа уриниб кўрдилар. Россия эса Гуржистонни ўзининг босимларига ён беришга мажбур қилмоқ ва унинг МДҲ таркибида қолишига эришмоқ учун (аввалига Гуржистон МДҲ таркибидан буткул чиқиб кетмоқчи эди), киши билмас тарзда осетин ва абхазларни қўллаб-қувватлаб турди. Унинг бундан кўзлаган яна бир мақсади бор эди — бу йўл билан Россия Гуржистон ҳудудидаги ўз ҳарбий базаларини сақлаб қолиш учун рухсатга эришмоқчи ва шу тариқа Туркияни Гуржистонга олиб келадиган йўлни ёпиб қўймоқчи эди.
Ўрта Осиёда беқарорликни вужудга келтиришда ички омилларнинг аҳамияти янада каттароқ бўлди. Маданият ва тил нуқтаи назардан қараганда Ўрта Осиёдаги бешта янги мустақил бўлган давлатнинг тўрттаси туркийзабон дунёнинг бир қисмини ташкил қилади. Лингвистик ва маданий нуқтаи назардан қараганда Тожикистонда форсийлар устиворлик қилади. Ҳолбуки, Афғонистонда (собиқ Совет Иттифоқи ҳудудларидан ташқарида) этник жиҳатдан ранг-баранг манзарага дуч келамиз. Бу ранг-барангликни патонлар, пуштунлар, тожиклар ва бошқалар ташкил қилади. Олти мамлакатнинг ҳаммаси — мусулмон мамлакати. Узоқ вақтлар мобайнида уларнинг баъзилари Эрон, Туркия ва Россия империясининг вақтинча таъсирида бўлган. Бироқ бу тажриба уларда минтақадаги манфаатлар муштараклиги руҳини мустаҳкамламади. Аксинча, этник таркиби турли-туман бўлгани учун улар ички ва ташқи ихтилофларда ожизликлари билиниб қолади, бу эса, охир-пировардида, уларнинг баъзи бир қудратли қўшниларининг тажовузкорлик борасидаги иштаҳаларини қўзғатиб туради.
Ўрта Осиёдаги янги ташкил топган бешта мустақил давлатдан Ўзбекистон билан Қозоғистон энг муҳим роль ўйнади. Минтақада уйғониб келаётган турфа хил миллий туйғулар учун Қозоғистон — қалқон, Ўзбекистон жон бўлди. Қозоғистон ўзининг жўғрофий жойлашиши ва кўлами билан бошқа мамлакатларни Россия томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган бевосита жисмоний босимдан ҳимоя қилади. Негаки, фақат Қозоғистонгина Россия билан бевосита чегарадош. Бироқ Қозоғистоннинг аҳолиси масаласига келадиган бўлсак, у 18 миллион кишини ташкил қилади, унинг тахминан 35 фоизи руслардан иборат (мамлакатда рус аҳолисининг сони тобора қисқариб бормоқда). 20 фоизи эса қозоқлардан таркиб топган. Бунинг натижасида янги қозоқ ҳукмдорлари этник ва лингвистик асосда миллатни барпо этиш сиёсатини амалга оширишда тобора қийналмоқдалар. Шунинг учун уларнинг ўзлари борган сари кўпроқ даражада миллатчилик мавқеига оғиб кетишяпти, лекин, барибир, мамлакат аҳолисининг тахминан ярминигина вакили бўла оладилар, холос.
Табиийки, янги давлатда истиқомат қилаётган руслар янги қозоқ раҳбариятидан хафа бўлади. Бироқ улар собиқ мустамлакачи ҳукмдор синфга мансубдирлар, бинобарин, уларнинг маълумотлари ҳам юқорироқ, жамиятда яхшироқ мавқега эга бўлганлар. Шунинг учун улар ўзларининг имтиёзларидан маҳрум бўлишдан қўрқишади. Қолаверса, улар янги қозоқ миллатчилигига ўзларининг маданий юксакликларидан туриб, менсимай қарашларини яширишга кўп ҳам мойил эмаслар. Қозоғистоннинг шимоли-ғарбий ва шимоли-шарқий минтақаларида бир вақтлар кўчириб келтирилган руслар анча-мунча даражада устивор бўлганлари учун агар Қозоғистон ва Россия муносабатлари жиддий равишда ёмонлашадиган бўлса. шимолий қисмда истиқомат қилувчи аҳоли мамлакат ҳудудининг муайян қисмини ажратиб олиш хавфини ҳам туғдирмоғи ҳеч гап эмас.
Айни чоғда қозоқлардан бир неча юз минг киши давлат чегарасининг Россияга тегишли томонида истиқомат қилади, яна бир қанчалари шарқи-шимолий Ўзбекистонда яшайди. Бу давлатни қозоқлар Ўрта Осиёда етакчилик учун курашда ўзларининг асосий рақиблари деб ҳисоблайдилар.
Амалда Ўзбекистон Ўрта Осиёда минтақавий етакчилик ролига асосий номзод ҳисобланади. Гарчи Ўзбекистон ҳудудлари жиҳатидан кичикроқ бўлса-да ва унинг табиий бойликлари Қозоғистонникичалик кўп бўлмаса-да, унинг аҳолиси кўпроқ — 25 миллион киши атрофида. Лекин бундан ҳам муҳими шундаки, бу аҳоли Қозоғистон аҳолисига қараганда анча ортиқ даражада якрангдир. Ўзбекларда бола туғилишининг суръатлари каттароқ эканини ва авваллари устивор ўрин тутган русларнинг мамлакатдан аста-секин чиқиб кетаётганларини ҳисобга олсак, яқин орада мамлакат аҳолисининг 75 фоизини ўзбеклар ташкил қилади деб бемалол айтиш мумкин бўлади. Шуниси ҳам борки, бу ерда озчиликни ташкил қилувчи кам миқдордаги русларгина қолади. (Улар, асосан, мамлакат пойтахти Тошкентда қолган.) Қолаверса, бу мамлакатнинг янги сиёсий элитаси янги давлатни атайин онгли равишда Соҳибқирон Амир Темур (1336-1404 й.) Ўрта асрларда барпо этган улкан империянинг бевосита вориси деб эълон қилмоқдалар. Амир Темур давлатининг пойтахти Самарқанд дини ислом, илми нужум ва санъатларни ўрганиш бобида машҳур минтақавий марказга айланган эди. Бугунги Ўзбекистондаги ўзбекларни ўзининг тарихий меросхўр эканини чуқур ҳис этиш ва қўни-қўшниларига нисбатан диний даъваткорлик вазифаларини бажариб келганини англаш туйғуси қўллаб-қувватлаб турипти. Ҳақиқатан ҳам, баъзи бир ўзбек йўлбошчилари Ўзбекистонни Ўрта Осиёдаги ягона мустақил қурилманинг миллий дунёси деб ҳисоблайдилар. Тошкентни эса унинг пойтахти, деб қарасалар ҳам эҳтимол. Ўрта Осиёдаги бошқа ҳар қандай давлатга қараганда ортиқроқ даражада ўзбек сиёсий элитаси ва унга қўшилиб, аллақачондан бери миллатчи давлат муваффақиятларини баҳам кўраётган унинг халқи ҳам ортиқ ҳеч қачон мустамлака мақомига қайтмаслик фикрига тўла-тўкис қўшиладилар.
Шу ҳолат туфайли Ўзбекистон постэтник даврдаги миллатчилик туйғуларини тарбиялашда етакчилик ролини ҳам ўйнайди, айни чоғда, қўшниларида муайян хавотирлик туйғусини ҳам уйғотади. Гарчи ўзбек йўлбошчилари миллатни барпо этишда суръатни юқори олган бўлсалар-да ва ўз-ўзини таъминлашда минтақа имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш ғояларини фаол тарғиб қилаётган бўлсалар-да, мамлакатнинг нисбатан ортиқроқ даражада миллий якранглиги ва миллий ўз-ўзини англашнинг фаолроқ намоён бўлаётгани Туркманистон, Қирғизистон ва ҳатто Қозоғистон ҳукмдорларини тобора кўпроқ хавотирга солмоқда. Минтақадаги Ўзбекистоннинг йўлбошчилиги унинг ҳукмронлигига айланиб кетмаса эди, деб қўрқишади. Бу ташвиш янги ташкил топган мустақил давлатлар ўртасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга йўл қўймаётир. Табиийки, бундай ҳамкорликни руслар маъқул кўришмайди, чунки унинг йўқлиги минтақага доимий ожизлик бахш этиб туради. Аммо бошқа мамлакатлардаги каби Ўзбекистонда ҳам этник муносабатларда қисман бўлса-да, кескинлик мавжуд. Жанубий Ўзбекистоннинг бир қисмида, айниқса, Самарқанд ва Бухоро каби тарихий ва маданий марказлар теварагида тожиклар зич жойлашган бўлиб, улар Москва белгилаб берган чегаралардан норози бўлишда давом этмоқдалар. Вазиятни янада кескинлаштирадиган бир ҳолат шундаки, Тожикистоннинг ғарбида ўзбеклар яшайди, шунингдек, Фарғона водийсида иқтисодий жиҳатдан Қирғизистон учун жуда катта аҳамиятга эга бўлган жойларда ўзбеклар билан тожиклар яшайди (бу жойларда сўнгги йилларда этник заминда қонли тўқнашувлар содир бўлди). Ўзбекларнинг шимолий Афғонистонда ҳам мавжудлигини айтмай қўя қолса ҳам бўлади.
Россиянинг мустамлакачилик бошқарувидан халос бўлган Ўрта Осиёнинг Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон каби учта бошқа давлатидан фақат биттасигина нисбатан этник жиҳатдан якрангдир. Унинг 4,5 миллионлик аҳолисининг тахминан 75 фоизи туркманлардир, руслар билан ўзбеклар эса ҳар қайсилари умумий аҳоли сонининг 10 фоизини ташкил қилади. Туркманистон жўғрофий жиҳатдан муҳофазаланган: у Россиядан нисбатан олис масофада жойлашган. Ўзбекистон билан Эрон бу мамлакатнинг келажаги учун каттароқ геополитик роль ўйнайди. Бу район ҳудудидан нефтепровод ўтказилиши биланоқ Туркманистоннинг том маънодаги улкан газ заҳиралари унинг халқининг фаровонлигини таъминлайди.
Қирғизистон аҳолиси (унинг сони 5 миллион кишидан иборат) этник жиҳатдан анча-мунча ранг-барангдир. Қирғизларнинг ўзи бутун мамлакат аҳолисининг 55 фоизини ташкил қилади. Ўзбеклар — 13 фоиз, рус аҳолисининг сони 20 фоиздан кейинги пайтларда 15 фоиздан сал ортиқроққа тушиб қолди. Мамлакат мустақиллик олмасдан аввал руслар, асосан, инженер-техник зиёлилар таркибига кирар эди. Уларнинг кетиб қолиши мамлакат иқтисодиётига катта зарба бўлди. Гарчи Қирғизистон қазилма бойликларга ғоятда бой бўлса-да ва унинг табиати ғоятда хушманзара ва гўзал бўлса-да, (Қирғизистонни Ўрта Осиёнинг Швейцарияси деб аташлари бежиз эмас, шу важдан келажакда бу ерда янги туристик марказ ташкил қилиш ҳам мумкин) ўзининг геополитик ҳолатига кўра, Хитой билан Қозоғистон орасида сиқилиб қолган, унинг мустақилликни сақлаб қолиши кўп жиҳатдан Қозоғистоннинг муваффақиятларига боғлиқ.
Тожикистон этник жиҳатдан жиндай якрангроқ, холос. Тожикистоннинг 6,5 миллионлик аҳолисидан кам деганда учдан икки қисми тожик ва 25 фоиздан кўпроғи ўзбеклардир (тожиклар ўзбекларга бироз душманлик кўзи билан қарайдилар). Бу мамлакатда руслар эса бор-йўғи 3 фоизни ташкил қилади, холос. Бироқ бошқа мамлакатларда ҳам бўлгани каби, ҳатто устивор этник жамоа ҳам қайси қабила ва уруғга мансублиги жиҳатидан бир-биридан кескин ажралган, бу масалада ҳатто зўравонлик ҳоллари ҳам учраб туради, шуниси ҳам борки, ҳозирги замон миллатчилиги шаҳарда сиёсий элита ўртасида тарқалган. Бунинг оқибатида мустақиллик нафақат шаҳарларда кескинликни туғдирди, Россия учун ўз армиясини мамлакатдан олиб чиқиб кетмаслик учун қулай баҳона ҳам бўлди. Мамлакат чегараларидан ташқаридаги районларда Афғонистоннинг шимоли-шарқий қисмида тожикларнинг кўплиги этник вазиятни янада кескинлаштиради. Амалда Тожикистонда қанча тожик яшаса, Афғонистонда ҳам шунча этник тожик аҳолиси истиқомат қилади. Бу — минтақадаги барқарорликни сусайтирадиган яна бир омилдир.
Гарчи Афғонистон ортиқ совет республикаси бўлмаса-да, ундаги ҳозирги бошбошдоқлик шўроларнинг меросига ўхшайди. Советлар истилоси ва унга қарши олиб борилган узоқ муддатли партизан уруши оқибатида алоҳида-алоҳида қисмларга ажратиб ташланган Афғонистон ҳозир фақат қоғоздагина миллий давлат сифатида мавжуддир, унинг 22 миллионли аҳолиси эса этник жиҳатдан кескин тарзда ажратиб ташланган. Шуни ҳам айтмоқ керакки, бу мамлакатда истиқомат қиладиган пуштунлар, тожиклар ва хазарлар ўртасидаги ихтилофлар тобора кучайиб бормоқда. Айни чоғда, рус босқинчиларига қарши эълон қилинган жиҳод динни мамлакатнинг сиёсий ҳаётидаги устивор омилга айлантирди. Бу омил шундоқ ҳам жуда кескин тус олган зиддиятларни диний эҳтирослар ёрдамида янада аланга олдирди. Шундай қилиб, Афғонистонни Ўрта Осиёдаги этник муаммоларнинг бир қисми сифатидагина қараш керак эмас, балки у, шунингдек, сиёсий жиҳатдан қараганда кўп томондан “Евросиё Болқонлари”нинг ҳам бир қисмига тўғри келади.
Собиқ Ўрта Осиё республикаларининг ҳаммасида, шунингдек, Озарбайжонда ҳам, асосан, мусулмон аҳоли истиқомат қилади, лекин шундай бўлса-да, уларнинг асосан шўро даврининг маҳсулоти бўлмиш сиёсий элитаси диний қарашларни қўллаб-қувватлашмайди ва бу давлатлар расман дунёвий давлатлардир. Аммо уларнинг аҳолиси бирламчи қавмчилик ва қабилавий онгдан ҳозирги даврдаги кўлами анча кенгроқ миллий онгга ўтаётган экан, бу, афтидан, чуқурлашиб бораётган исломни англашдан илҳом олади. Исломнинг қайта уйғонишига ташқаридан нафақат Эрон, балки Саудия Арабистони ҳам фаол ёрдам бермоқда. Бу ҳол амалда миллий мустақиллик иштиёқида кучайиб бораётган интилишларга янада кучли туртки бўлиши ҳам турган гап. Бундай интилиш тарафдорлари истаган шаклдаги Россия назоратининг қайта тикланишига, бинобарин, кофирлар назоратига тушиб қолишга тиш-тирноқлари билан қаршидирлар.
Дарҳақиқат, исломлаштириш жараёни Россиянинг ўзида истиқомат қилувчи мусулмон аҳолисига ҳам жуда кучли таъсир ўтказмоғи мумкин. Улар 20 миллион киши атрофида. Улар Ўрта Осиёнинг мустақил давлатларида яшашда давом этаётган ва у ерлардаги янги тартиблардан норози бўлган руслардан (9,5 миллион киши) икки баравар кўпдирлар. Шундай қилиб, Россиядаги мусулмонлар мамлакатнинг умумий аҳолисининг 13 фоизини ташкил қилади. Шундоқ бўлгандан кейин, диний ва сиёсий ўзига хослик борасида уларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини қатъийроқ талаб қилиб чиқишлари мутлақо муқаррар бир ҳолдир. Ҳатто Чеченистонда бўлгани каби бу интилишлар тўла мустақиллик учун кураш йўлларини қидириш тусини олмаса-да, улар Россия учун муайян муаммоларни туғдирмаслиги мумкин эмас. Россиянинг яқин ўтмишдаги империяпарастлик кайфиятларини инобатга олганда ва янги давлатларда озчиликни ташкил қилувчи рус қатламлари мавжудлигини эътиборга олганда, бундай муаммолар ҳозир ҳам Ўрта Осиёда Россия олдида кўндаланг бўлиб турипти.
“Евросиё Болқонлари”даги беқарорликнинг кучая боришига ва вазият борган сари хатарли тус олиб бораётганига сабаб шуки, бир-бирига қўшни иккита йирик давлат (улар минтақада тарихий жиҳатдан олганда империяпарастлик, маданий, диний ва иқтисодий манфаатларга эга), аниқроқ айтганда, Туркия билан Эрон ўзларининг геополитик мўлжалларида муқим бир нуқтада турмайдилар ва ички жиҳатдан олганда муайян заифликка эгадирлар. Агар борди-ю, ана шу икки давлатда вазият беқарорлашса, бутун минтақа оммавий тартибсизликлар ичида қолиши мумкин. Шуниси ҳам борки, унда-бунда кўриниб қоладиган этник ва ҳудудий можаролар назорат остидан чиқиб, минтақадаги зўр-базўр эришилган кучлар мувозанати бузилади. Бинобарин, Туркия ва Эрон геостратегик жиҳатдан нафақат муайян фаолият эгаларидир, балки улар шундай геополитик марказлардирки, уларнинг ички вазиятлари минтақа тақдири учун бағоят муҳимдир. Ҳар иккала давлат ҳам кўламларига қараганда ўртача давлатдир, лекин уларнинг минтақавий иштиёқлари жуда зўр ва тарихда ўйнаган роллари учун ғурурлари ҳам ғоятда баланд. Лекин шунга қарамай, бу икки мамлакатнинг геополитик мўлжаллари қандай бўлиши ва ҳатто уларнинг миллий жипслашув борасидаги ишлари қандай бўлиши маълум эмас.
Туркия — ҳали ҳам ўз мақсадлари ва унга олиб борадиган йўлни аниқлаш жараёнини бошидан кечираётган давлатдир. Бу давлатни уч томонга тортқилашяпти. Модернчилар бу давлат тимсолида оврўпача давлатни кўрмоқчи бўлишади, бинобарин, улар Ғарбга кўз тикишади, Исломпарастлар кўпроқ Яқин Шарққа ва мусулмон ҳамжамиятига мойиллик кўрсатадилар, бинобарин, улар Жанубга қарашади, тарихга муккасидан кетган миллатчилар эса Каспий денгизи ҳавзасидаги ва Ўрта Осиёдаги туркий халқлари минтақадаги зиммаларига юкланган янги вазифалар тўғрисида гапирадилар, бинобарин, улар Шарққа қарашади. Бу истиқболларнинг ҳар қайсиси ҳар хил стратегик мақсадлар теварагида гирдикапалак бўлиб турибди ва Мустафо Камол инқилоби давридан бери бундай қарашлар тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувлар биринчи марта Туркиянинг минтақадаги роли масаласида шубҳа-гумон туғдирмоқда.
Қолаверса, Туркиянинг ўзи тўла даражада бўлмаса ҳамки, лоақал қисман даражада минтақавий этник ихтилофларнинг қурбони бўлиши мумкин. Гарчи 65 миллионлик Туркия аҳолисининг асосий қисми турклардан иборат бўлса-да, унинг 80 фоизи туркларга тўғри келади (бу ҳисобга черкаслар, албанлар, боснийлар, болгарлар ва араблар ҳам киради), 20 фоизини ёки ундан ортиқроғини эса курдлар ташкил қилади. Асосан, мамлакатнинг шарқий минтақаларида яшайдиган курдларнинг Эрон ва Ироқ курдлари ўзлари олиб борадиган миллий озодлик ҳаракатига фаол жалб қилишади. Туркияда давлатни умумий бошқариш масаласида юзага келадиган ҳар қандай кескинлик, шак-шубҳасиз, курдларни алоҳида миллат мақомини олиш мақсадидаги босимларини янада шиддатлироқ қилишга ундайди.
Эроннинг келгусидаги йўналиши қандай бўлиши янада мужмалроқ кўринади. 70-йилларнинг охирида ғалаба қозонган фундаменталистик шиалар инқилоби “термодориан” босқичга кўтарилган кўринади ва бу ҳолат Эроннинг геостратегик роли масаласида муайян дудмалликни туғдиради. Бир томондан, дахрий Совет Иттифоқининг қулаши Эроннинг шимолдаги янги мустақиллик олган қўшнилари учун бошқа динни қабул қилиш имконини яратди, иккинчи томондан эса, Эроннинг АҚШга нисбатан душманлиги Теҳронни лоақал тактик жиҳатдан Москвага мойиллик мавқеини эгаллашга ундади. Бундан ташқари, Озарбайжоннинг мустақиллик олиши Эроннинг ички аҳволига муайян таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳам Теҳронни шундай йўл тутишга рағбатлантирди.
Бу хавотир Эроннинг этник ихтилофлар нуқтаи назаридан заифлиги билан боғлиқдир. Мамлакатнинг 65 миллионлик аҳолисидан (Эрон билан Туркия деярли бир хил миқдордаги аҳолига эга) яримидан жиндай ортиқроғигина форслар, холос. Аҳолининг салкам тўртдан бир қисмини озарбайжонлар ташкил қилади, қолган аҳоли таркибига эса курдлар, балучилар, туркманлар, араблар ва бошқа халқлар киради. Курдлар билан озарбайжонларни мустасно қилганда, ҳозирги пайтда бошқа халқлар Эроннинг территориал яхлитлигига таҳдид солмайдилар. Ҳатто форсларнинг жуда юксак даражадаги миллий онглилигини ва онг қатларида ётган империяпарастлик туйғуларини ҳисобга олганда ҳам, юқоридаги хатар мавжуд деб айтиб бўлмайди. Бироқ Эроннинг сиёсатида янги таназзул юз берадиган бўлса, бундай вазият жуда тез ўзгариб қолиши мумкин.
Бундан сўнг ҳозирги пайтда бу бир қатор янги мустақил давлатнинг мавжудлигининг ўзи ва миллион кишилик чеченларнинг ўз сиёсий орзу-ҳавасларини ҳимоя қила билганлари шак-шубҳасиз курдларга таъсир қилади, шунингдек, Эрондаги бошқа ҳамма майда миллатларни ҳаракатга ундайди. Агар Озарбайжон ўзининг барқарор сиёсий ва иқтисодий ривожланишида муваффақиятларга эришадиган бўлса, афтидан, Эрон Озарбайжонлари ўртасида Катта Озарбайжонни барпо этиш ғояси мустаҳкамлана борса керак. Бинобарин, Теҳрондаги сиёсий беқарорлик ва ихтилофлар Эрон давлатининг жипслигига раҳна солувчи муаммога айланиши мумкин. Бу билан “Евросиё Болқонлари”нинг ҳудуди янада кенгаяди ва унда содир бўлаётган воқеаларнинг аҳамияти янада ортади.

КЎПТОМОНЛАМА РАҚОБАТ

Анъанавий тарзда “Евросиё Болқонлари” деб аталадиган ҳодиса учта империя — Усмонийлар империяси, Австро-Венгрия империяси ва Россия ўртасидаги бевосита тўқнашувлар оқибатида юзага келган эди. Бундан ташқари бу курашда яна учта бавосита иштирокчи бор эди. Улар катта империялардан қайси бири муваффақиятга эришганда ҳам ўзларининг Оврўпадаги манфаатлари зарар кўришидан хавотирланар эдилар. Германия Россиянинг қудратидан қўрқарди, Франция, Австро-Венгрияга қарши турарди, Буюк Британия эса Болқон устидан назорат ўрнатишда бошқа рақибларидан бирортасининг иштирок этишидан кўра, Дарданелл бўғози устидан назорат ўрнатишда Усмонийлар империясининг заифлашганини кўрмоқни афзал билади. ХIX асрда бу давлатлар қолган рақибларининг манфаатларига зарар етказмаган ҳолда Болқонда ихтилофларни жиловлаб ола билдилар, аммо 1914 йилга келганда улар бунинг уддасидан чиқа олмадилар. Можаронинг зўрайиши эса ҳаммалари учун жуда катта вайронагарчиликлар келтирди.
“Евросиё Болқонлари” учун ҳозирги кунда бораётган рақобат ҳам учта қўшни давлатни бевосита бир-бирига боғлаб қўйди. Булар Россия, Туркия ва Эрондир. Аммо бу можароларда охир-пировардида асосий иштирокчилардан бири Хитой ҳам бўлиб қолиши мумкин. Бу рақобатга бироз олисроқдан туриб бўлса-да, Украина, Покистон, Ҳиндистон ва улардан анча олисда жойлашган Америка ҳам жалб қилинган. Бу масала билан ошкора тарзда боғлиқ рақибларнинг ҳар қайсиси нафақат геополитик ва иқтисодий устунликларни қўлга киритиш иштиёқида ҳаракат қилмоқда, балки уларни жуда кучли тарихий сабаблар ҳам рағбатлантириб турибди. Уларнинг ҳар қайсиси ўз вақтида минтақада сиёсат ва иқтисодиёт масалаларида устиворлик қилган. Уларнинг ҳар қайсиси бир-бирига гумонсираб қарайди. Гарчи уларнинг орасида бевосита қуролли тўқнашувлар бўлиши эҳтимолдан узоқ бўлса-да, улар ўртасидаги низоларнинг ўзиёқ минтақада юзага келган бошбошдоқликни янада чуқурлаштириши мумкин.
Россияга келсак, унинг Туркияга душманлик руҳидаги муносабати йўргакда теккан дардга ўхшаб кетади. Россия матбуоти туркларни минтақа устидан назорат ўрнатишга интиладиган одамлар сифатида, Россияга қаршилик кўрсатишга ундовчи иғвогарлар тарзида (Чеченистон воқеалари буни қисман тасдиқлайди) ва Россиянинг умумий хавфсизлигига таҳдид солувчи кучлар сифатида тасвирлайди. Матбуот тасвирида бу таҳдид шу даражага етказиб қўйилганки, у Туркиянинг ҳақиқий имкониятларига мутлақо тўғри келмайди. Турклар ҳам шунга яраша жавоб беришади — улар ўзларини қардош биродарларини узоқ давом этган Россия зулмидан озод этувчи халоскор сифатида кўрсатмоқчи бўлдилар. Турклар билан эронликлар (форслар) ҳам тарихан бу минтақада бир-бирларига қарши туриб келганлар. Сўнгги йилларда бу ихтилоф шундай бир шароитда қайта тикландики, бу шароитда Туркия ислом жамиятининг эронча талқинига доимий душман сифатида намоён бўлмоқда.
Гарчи бу рақибларнинг ҳар бири тўғрисида у ўз таъсир доирасига эга бўлмоқчи деган гапни айтиш мумкин бўлса-да, шунга қарамай, Москванинг даъволари анча кенг кўламга эга. Айниқса, империя сифатидаги назорат ҳақида хотиралар ҳали унча эскирмаганини, бу минтақада бир неча миллион руслар истиқомат қилишини ва Кремлнинг Россияга глобал кўламдаги йирик давлатлардан бири сифатидаги мақомини қайтариш борасидаги иштиёқларини ҳисобга олганда бу янада очиқ намоён бўлади.
Россиянинг ташқи сиёсат бобидаги баёнотлари шундан далолат берадики, у собиқ Совет Иттифоқининг ҳамма ҳудудида ўзининг алоҳида геостратегик манфаатлари мавжуд деб ҳисоблайди ва бу ерда ташқаридан ҳеч қандай сиёсий ва ҳатто иқтисодий таъсирга ҳам йўл қўйиш мумкин эмас деб билади.
Бундан фарқ қилароқ Туркиянинг минтақавий таъсир кўрсатишга интилишлари олис ўтмишдаги империяпарастлик туйғуларининг муайян қолдиқларига эга бўлса-да (Усмонийлар империяси ўз ривожининг энг юксак нуқтасига 1590 йилда эришган эди, ўшанда у Кавказ билан Озарбайжонни босиб олганди, лекин унинг таркибига Ўрта Осиё кирган эмас), Туркия мазкур минтақадаги туркий халқлар билан қариндошлик қилмоқ учун этнолингвистик нуқтаи назардан чуқурроқ илдизларга эга. Агар Туркиянинг сиёсий ва ҳарбий қудрати ҳозиргидан кўра анча чекланганроқ бўлганида у ҳеч қанақа сиёсий таъсир доирасига мутлақо эриша олмаган бўларди. Аксинча, Туркия ўзини туркий тилда гаплашадиган мамлакатларнинг мужмал ҳамжамиятида потенциал етакчи ролида кўради ва бунда у ўзининг анча жозибадор ва нисбатан замонавий ривожланиш даражасини, тилининг бирлигини, ўз иқтисодий имкониятларини рўкач қилади. Бу имкониятлар минтақада содир бўлаётган миллатларнинг шаклланиш жараёнида энг кучли таъсир кучига эга бўлган етакчи куч бўлишига йўл қўяди.
Эроннинг иштиёқлари ҳозирча унча аниқ эмас, лекин келажакда улар Россиянинг даъволарига таҳдид солувчи қудрат касб этишлари мумкин. Форсларнинг аҳмонийлар давлати жуда катта ҳудудларни эгаллаган эди. Жуда қадим замонларда пайдо бўлган ва ўз ривожининг энг юксак нуқтасида (тахминан мелоддан аввалги 500 йил) бу давлат ҳозирги учта Кавказ давлатининг, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон давлатлари ҳудудини, шунингдек, Афғонистон, Туркия, Ироқ, Сурия, Ливан ва Исроил ҳудудларини эгаллаган эди. Гарчи Эроннинг бугунги геополитик интилишлари Туркияникига нисбатан торроқ бўлса-да ва улар, асосан, Озарбайжон ҳамда Афғонистонга йўналтирилган бўлса-да, шунга қарамай минтақанинг мусулмон аҳолиси ва ҳатто Россиянинг ўзининг мусулмон аҳолиси ҳам Эроннинг минтақавий манфаатлари учун объект бўлиб хизмат қилади. Чиндан-да, Ўрта Осиёда исломни қайта тиклаш ҳозирги Эрон ҳукмдорлари интилишларининг таркибий қисми бўлиб қолди. Туркия, Эрон, Россия манфаатлари бир-бирларига зиддир. Россиянинг геополитик манфаатлари аниқ жанубга — Озарбайжон ва Қозоғистонга йўналтирилган, Туркияники Озарбайжон ва Каспий денгизи орқали Ўрта Осиёга йўналтирилган, Эронники эса шимолда Озарбайжонга, шимоли-шарқда — Туркманистон, Афғонистон ва Тожикистонга қаратилган. Бу манфаатлар бир-бирлари билан шунчаки кесишибгина қолмайди, балки улар бир-бирлари билан тўқнашмоқлари ҳам мумкин.
Ҳозирги босқичда Хитойнинг роли анча-мунча чекланган, мақсадлари эса аён кўриниб турмайди. Ўз-ўзидан равшанки, Хитой Ғарбда ўз қаршисида Россия империясини эмас, унинг ўрнида бир нечта мустақил давлатларни кўришни афзал билади. Мустақил давлатлар ҳеч бўлмаганда оралиқдаги бир тўсиқ бўлиб хизмат қилади, шу билан бирга Хитой, барибир, бир ҳолатдан ташвишланишда давом этмоқда: Синцзян вилоятида Хитойга қарам туркий қавмга мансуб қашқар миллати яшайди — янги Ўрта Осиё давлатлари улар учун ибратли ўрнак бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шунинг учун Хитой Қозоғистондан хорижий майда миллатларнинг фаоллигини бостирилиши масаласида кафолатлар олишга интилмоқда. Охир-пировардида, биз текшираётган минтақанинг энергоресурслари Пекиннинг алоҳида манфаатлари доирасига кирмоғи лозим ва Москванинг ҳеч қандай назоратисиз уларга эришиш Хитойнинг асосий мақсади бўлиб қолмоғи керак. Шундай қилиб, Хитойнинг умумий манфаатлари Россиянинг устиворлик ролини ўйнашга интилишлари билан тўқнашувга киришув тамойилига эга ва Туркий ҳамда Эроннинг интилишларига қўшимча бўлади.
Украина масаласига келадиган бўлсак, унинг учун асосий муаммо — МДҲнинг келгусида қандай характерда бўлишидир ва энергия манбаларига ҳозиргидан кўра эркинроқ эришиш имконларини қўлга киритишдир. Бу эса ўз навбатида Украинанинг Россияга қарамлигини анча заифлаштиради. Шунинг учун Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан янада яқиндан алоқа ўрнатиш ва уларни ривожлантириш Киев учун жуда муҳим аҳамият касб этади, мустақиллик кайфиятлари кучлироқ бўлган давлатларни қўллаб-қувватлаш эса Украина учун Москвадан мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлидаги уринишларига қўшимча бўлади. Шунга мувофиқ равишда Украина Гуржистоннинг Озарбайжон нефти Ғарбга Гуржистон ҳудуди орқали ўтиши керак деган хоҳишини қўллаб-қувватлади. Бундан ташқари Украина Туркия билан ҳамкорликка киришди. Бундан кўзланган мақсад — Россиянинг Қора денгиздаги таъсирини заифлаштириш эди, шунингдек, Ўрта Осиёдан келадиган нефт оқимини Туркия терминалларига йўллаш борасидаги хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Покистон билан Ҳиндистон ҳозирча бу жараёнга жалб қилингани йўқ — бу кейинроқ бўладиган иш, аммо бу мамлакатлардан ҳеч қайсиси “Евросиё Болқонлари”да содир бўладиган воқеаларга бефарқ қараб туролмайди. Покистон биринчи навбатда геостратегик жиҳатдан мустаҳкамланиб олишдан манфаатдор. Бунинг учун у Афғонистонга сиёсий таъсир кўрсатмоғи лозим (шу йўл билан Эрон томонидан Афғонистон ва Тожикистонга кўрсатиладиган босимнинг олди олинади). Шу тариқа Покистон Ўрта Осиёни Араб денгизи билан боғлайдиган бирон-бир қувур қурилишидан ўзига тегишли фойдани чиқариб олади. Ҳиндистон Покистоннинг бу уринишларига жавобан ва эҳтимолки, минтақада Хитойнинг гегемон бўлиб қолишидан хавотирланиб, Эроннинг Афғонистондаги таъсирига ва собиқ СССРнинг бу ерларга яқин ҳудудларида Россиянинг туришига анча-мунча рўйихушлик билан қарайди.
Гарчи Қўшма Штатлар олисда жойлашган бўлса-да, минтақада уларнинг аҳамияти тобора ортиб бораётгани яққол сезилиб туради. Аввало АҚШ пост-совет Евросиёсида ҳамиша геополитик кескинлик сақланиб туришини хоҳлайди. Шунинг учун у бу минтақадаги жараёнларда бавосита иштирокчи шахс сифатида қатнашади ва нафақат минтақадаги бойликларни тақсимлашда ўз улушини қўлдан чиқаришни истайди, балки минтақанинг геополитик ҳудудида ёлғиз Россиянинг ўзининг устиворлик қилишига йўл қўймаслик тадорикини ҳам кўради. Шу тариқа ҳаракат қилган Америка нафақат Евросиёдаги кенг кўламли стратегик мақсадларини ошкор қилади, балки ўзининг ўсиб борувчи иқтисодий манфаатларини ҳам намойиш этади, шунингдек, Оврўпа билан Узоқ Шарқ ҳам шу пайтга қадар ёпиқ бўлган районга чекланмаган тарзда киришдан манфаатдор эканини кўрсатади.
Шундай қилиб, бошни қотирувчи бу катта ўйинда довга геополитик қудрат, потенциал бойликларни қўлга киритиш имконияти, миллий (ёки диний) мақсадларга эришув ҳамда хавфсизликни таъминлаш қўйилган. Шундай бўлишига қарамай, талашиб-тортишувларга сабаб бўлаётган биринчи нарса минтақага кириш имкониятини қўлга киритишдир. Совет Иттифоқи емирилганига қадар бу ерларга келиб-кетиш фақат Москванинг ижозати билан бўлар эди. Жаъмики темир йўлларда юриш ва юк жўнатиш, қувурлар орқали нефт ва газ маҳсулотларини узатиш ва ҳатто самолётларда у ердан бу ерга учиб боришлар ҳам марказнинг рухсати орқали амалга оширилар эди. Россия геополитиклари ҳамма нарсани аввалгидек қолдиришни исташарди, негаки, улар яхши тушунишади яъни бу минтақага келиб-кетиш масаласида ким устиворлик қилса, геополитик ва иқтисодий жиҳатдан ўша ютиб чиқади. Айни ана шундай мулоҳазалар Каспий денгизи ҳавзаси ва Ўрта Осиё нефт ёки газ қувури ўтказиш масаласини минтақанинг келажаги учун жуда муҳим аҳамиятга эга масала қилиб қўяди. Агар минтақадаги қувур йўллари ҳамон аввалгидек Россия ҳудуди орқали ўтиб, Қора денгиз бўйидаги Новороссийск терминалларига бориб қуйилса, унда Россия томонидан ҳеч қанақа куч намойиш қилмасданоқ бунинг сиёсий оқибатлари кўринади-қолади. Минтақа Москвага сиёсий қарамлигича қолаверади, минтақанинг янги бойликларини қандай тақсимлаш масаласини ҳал қилар экан, Москванинг мавқеи ҳамиша кучли бўлаверади. Аксинча, агар яна битта қувур йўли Каспий денгизи орқали Озарбайжонга ва ундан ўтиб, Туркия орқали Ўрта денгизга етиб борса, иккинчиси Афғонистон орқали Араб денгизи томон қурилса. Бу минтақага эгалик қилиш масаласида ҳеч қандай якка ҳокимлик бўлмайди.
Россиянинг сиёсий элитасида шундай одамлар борки, улар агар минтақа бойликларига қўллари етмаса ва ўзлари тўла назорат қила олмасалар уларни умуман, қазиб олинмаслигини афзал кўришгандай ҳаракат қилишади. Бу ҳол ташвишлантирмай қўймайди. Агар Россиянинг ичларига муқобил равишда хорижий инвестициялар бошқа давлатларнинг иқтисодий эҳтиёжларини, бинобарин, сиёсий манфаатларини ҳам бевоситароқ қондиришга олиб келадиган бўлса, минтақа бойликлари қайта ишланмасдан қолиб кетавергани маъқул. Бундай хусусий мулкчилик характеридаги ёндашув тарихда ўз илдизларига эга ва уларни ўзгартирмоқ учун вақт ва ташқаридан босим керак бўлади.
Кавказ ва Ўрта Осиёни босиб олиш учун чор Россияси тахминан уч аср мобайнида кураш олиб борди, лекин унинг яқиндаги барбоди жуда тез ва қўққисдан рўй берди. Усмонийлар империясининг қуёши сўна боргани сари Россия империяси жанубга — Каспий денгизи соҳиллари бўйлаб Эрон томонга кенгайиб борди. 1556 йилда бу империя Астрахан хонлигини ютиб юборди ва 1607 йилда Эронга етиб борди. 1774—1784 йиллар мобайнидаги уруш натижасида Қрим босиб олинди, сўнгра 1801 йилда Гуржистон подшолиги қўлга киритилди. ХIX асрнинг иккинчи яримида эса Россия Кавказ тизма тоғларининг ҳар иккита томонидаги қабилалар ва қавмлар қаршилигини бартараф қилди (фақат чеченларгина ҳайрон қоладиган матонат билан қаршилик кўрсатди). 1878 йилда эса Арманистон босиб олинди.
Ўрта Осиёни босиб олишда рақобатлашувчи империягина доғда қолдирилгани йўқ, балки дунёдан ажралиб қолган ва ярим ибтидоий шароитда ҳаёт кечирувчи хонликлар ва амирликларни забт этмоқ керак эди. Улар тузукроқ қаршилик кўрсатишга лаёқатли эмас, фақат айрим жойлардагина матонат билан кураша олар эдилар. Ўзбекистон ва Қозоғистон 1801-1881 йиллар давомида амалга оширилган бир нечта ҳарбий юришлар оқибатида забт этилди. Туркманистонни эса 1873 йилдан 1886 йилгача бўлган даврдаги ҳарбий мухорабалар оқибатида қўлга киритишди. Шундай бўлса-да, 1850 йилга келганда Ўрта Осиёнинг асосий қисми босиб олиниб бўлинган эди. Тўғри, айрим жойларда қаршиликлар кўрсатиб турилди. Бундай қаршиликлар ҳатто совет даврида ҳам рўй бериб турарди.
Совет Иттифоқининг емирилиши натижасида воқеаларнинг ҳайрон қоладиган даражадаги тескари оқими бошланиб кетди. Бор-йўғи бир неча ой мобайнида Ўрта Осиёдаги Россия территориясини ташкил қилувчи жойлар кутилмаганда тахминан 20 фоизга қисқариб кетди, Россия ҳукмронлиги остидаги Ўрта Осиёда яшайдиган аҳолининг сони 75 миллион кишидан тахминан 30 миллион кишига қисқарди, бундан ташқари яна Кавказда истиқомат қилувчи 18 миллион одам Россиядан ажралиб қолди. Воқеаларнинг бундай тус олиши Россия сиёсий элитасининг онгига янада қаттиқроқ ботди — чунки бу районларнинг иқтисодий потенциали хорижий мамлакатлар манфаатларининг объектига айланиб қоларди. Инвестициялар учун уларнинг молиявий имкониятлари каттароқ эди, ҳолбуки, яқин замонларгача уларнинг бойликларидан фақат Россиягина истифода қилиб келарди.
Шундай бўлса-да, Россия бир дилемма қаршисида турипти — бу минтақани ташқи кучлар учун ёпиб қўяй деса, бунга сиёсий жиҳатдан ожизлик қилади, бу вилоятлардаги бойликларни фақат ўз кучи билан қайта ишлай деса, ўзи ҳаддан ташқари қашшоқ. Қолаверса. Россиянинг соғлом фикрлайдиган етакчилари тушунадики, ҳозирги пайтда янги давлатларда содир бўлаётган демографик жараён жуда муҳим бир жиҳатга эга: уларнинг иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлашдаги муваффақиятсизликлари Россиянинг бутун жанубий чегаралари бўйлаб вазиятни ғоятда кескинлаштириб, портловчи аҳволга келтириб қўйиши мумкин. Айниқса, бир замонлар мазлум бўлган халқлар ўртасида миллатчилик ва исломпарварликнинг қайта уйғонаётгани ҳисобга олинса, Қора денгиздан Мўғулистонгача бўлган чегара бўйлаб, янги Афғонистон ва Чеченистоннинг пайдо бўлиши ҳеч гап эмас.
Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, агарда Россия Туркия ва Эрон таъсир доирасининг кенгайишига тўсиқ қўйишни истаса, янги давлатларнинг ўзларининг асосий рақибларига мойилликларини чегараламоқчи бўлса, Ўрта Осиёда чиндан-да мустақил бўлган бирон-бир ҳамкорликнинг пайдо бўлишини хоҳламаса, Американинг геополитик таъсир доирасини янги мустақил давлатларнинг пойтахтлари билангина чеклаб қўйишни хоҳласа, унда қандайдир тарзда бўлмасин постимперия даврининг воқелигига мослашмоғи керак бўлади. Шундай қилиб, гап ортиқ империяни тиклаш тўғрисида бориши мумкин эмас, бу ҳаддан ташқари серчиқим иш ва бу жуда кескин қаршиликка учраши турган гап — аксинча, ўзаро муносабатларнинг янги тизимини барпо этишни тақоза этади. Бу тизим эса янги давлатларни жиловлаб турмоғи ва Россияга геополитик ва иқтисодий масалаларда устивор мавқеини сақлаб туриш имконини бермоғи керак. Бу вазифани ҳал қилишда асосий восита сифатида МДҲ танлаб олинди, бироқ баъзи бир ҳолларда Россия томонидан қуролли кучларнинг ишлатилиши ва “парчалаб ташлаб ҳукмронлик қил” принципининг усталик билан татбиқ қилиниши ҳам Кремль манфаатларига яхши хизмат қилди. Москва ўз воситалари тизимидан фойдаланиб, янги давлатларни “ҳамжамият”даги ўсиб бораётган “интеграция” тўғрисидаги ўз тасаввурлари максимал даражада мос келишларига эришмоқчи бўлди ва МДҲнинг ташқи чегараларининг марказдан туриб бошқариладиган назорат марказини барпо қилиш учун хатти-ҳаракатларини аямади, шундай қилинса, муштарак ташқи сиёсат борасида ҳарбий соҳадаги интеграцияни мустаҳкамлаш мумкин бўлади деб ўйлашди. Шу йўл билан Россияни четлаб ўтувчи бирон-бир янги қувур йўлини қурмасдан мавжуд қувурлар тармоғини (аслида совет даврида қурилган) кенгайтириш мумкин деб режалар қурдилар. Россиянинг стратегик таҳлиллари ошкора тарзда шундан далолат берадики, Москва бу минтақани ўзининг алоҳида геополитик ҳудуди деб ўйлайди, ҳолбуки, бу ҳудудлар ортиқ собиқ империянинг таркибий қисми бўлмай қолган.
Россиянинг геополитик интилишларини тушуниб олишга ёрдам берадиган бу омил шундаки, Кремль жуда катта қатъият билан янги давлатлар ҳудудидаги ўзининг ҳарбий кучларини жой-жойида қолдиришга уринди. Абхазиядаги сепаратистик ҳаракатдан жуда усталик билан фойдаланган Москва Гуржистонда ҳарбий базалар қуриш ҳуқуқини қўлга киритди, арманлар Озарбайжон билан урушда мадад излашга мажбур эканини рўкач қилиб, Арманистонда ҳарбий кучларини сақлашни қонунлаштирди. Қозоғистонда ўзининг ҳарбий базаларини барпо этишга рухсат олмоқ учун Қозоғистонга сиёсий ва молиявий босим кўрсатди. Бундан ташқари, Тожикистондаги фуқаролар уруши у ерда собиқ Совет Армияси қисмларини доимий олиб қолишга ёрдам берди.
Ўзининг сиёсий йўналишини аниқлар экан, Москва бир нарсани кутишга ўтди — унинг тахминича, Ўрта Осиё билан ўзаро муносабатларда барпо этаётган янги империяпарастлик тизими аста-секин бир-биридан ажралган ва заиф давлатларнинг суверенитети моҳиятини сўраб олмоғи керак эди. Бунинг оқибатида улар “интеграллашган” МДҲнинг қўмондонлик марказига қарам бўлиб қолмоқлари керак эди. Бу мақсадга эришмоқ учун Россия янги давлатларни ўз қуролли кучларини барпо этишдан қайтармоққа уринди, уларни она тилларини тикламасликка уринди, ташқи дунё билан яқиндан алоқа қилмасликни маслаҳат беришди ва тўғридан-тўғри Араб денгизи ва Ўрта денгиз соҳилларидаги терминалларга бориб уланадиган янги қувурлар қуриш ниятларидан қайтармоқчи бўлди. Бу сиёсат муваффақиятлироқ бўлганида Россия уларнинг ташқи сиёсатлари бобида устиворлик қилар ва даромадларни тақсимлашда ҳал қилувчи овозга эга бўлур эди.
Бу сиёсатга амал қилувчи Россия сиёсатчилари тез-тез Оврўпа Иттифоқини мисолга олиб турадилар. Аммо амалда эса Россия сиёсатчиларининг Ўрта Осиё ва Кавказга муносабатлари фарангизабон Африка мамлакатлари ҳамжамиятидаги вазиятни эслатади. У ерда француз ҳарбий контингентлари ва французлар бериб турган молиявий маблағлар француз тилида гаплашадиган постколониал Африка давлатларининг сиёсий ҳаётини ва сиёсий йўналишини белгилаб туради.
Агар Россия томонидан минтақадаги сиёсий ва иқтисодий таъсирини имкон даражасида максимал қайта тиклаш умумий вазифа бўладиган бўлса ва МДҲ эса бу вазифани бажаришда асосий восита бўлса, Москванинг ўзига тобеъ қилиш борасидаги биринчи мўлжаллари Озарбайжон ва Қозоғистон бўлмоғи керак. Россиянинг қарши ҳужуми муваффақиятли чиқмоғи учун Москва нафақат бу минтақага кириб-чиқишни батамом тўхтатмоғи керак, балки унинг жўғрофий тўсиқларини енгиб ўтмоғи ҳам лозим.
Озарбайжон Россия учун устивор мақсадга айланмоғи керак. Уни бўйсундира олиш Ўрта Осиёни ғарбдан ва, айниқса, Туркиядан ажратиб қўйишга ёрдам берган бўларди, бу эса Россиянинг бўйсунмаган Ўзбекистон ва Туркманистонга таъсир кўрсатишдаги воситаларини янада кучайтирар эди. Бу жиҳатдан олганда Каспий денгизининг тубида нефт қудуқларини кавлаш бўйича концессияларни тақсимлаш каби мураккаб масалаларда Эрон билан тактик ҳамкорлик қилиш жуда муҳим мақсадга эришишга хизмат қилади — шу йўл билан Бокуни Москванинг хоҳишларига кўндириш осонроқ кечади. Озарбайжоннинг ялтоқланиши Россиянинг Гуржистон ва Арманистондаги устивор мавқеини ҳам мустаҳкамлар эди.
Қозоғистон ҳам биринчи даражали аҳамиятга эга бўлган жозибадор мақсадни ташкил қилади, негаки, унинг этник жиҳатдан заифлиги ҳукуматига Москва билан очиқчасига ихтилофга киришишга йўл қўймайди. Москва, шунингдек, Хитойнинг кучайиб бораётган фаоллиги муносабати билан Қозоғистоннинг кўнглидаги хавотирликдан ва қўшни Синцзян вилоятида ўтказилаётган хитойлаштириш сиёсатининг кўламидан Қозоғистоннинг ранжиётганидан ҳам фойдаланиб қолиши мумкин. Қозоғистонни аста-секин тобеъ қилиб олиш охир-оқибатда шунга олиб келиши мумкин эдики, Қирғизистон билан Тожикистонни автоматик тарзда Москванинг назорат доирасига жалб қилиб олиш учун геополитик имконият туғилар эди. Бу эса Ўзбекистон билан Туркманистонни заифлаштириб, уларга Россия томонидан ошкорароқ босим ўтказишга йўл очарди. Аммо Россиянинг стратегияси “Евросиё Болқонлари”да жойлашган деярли ҳамма мамлакатларнинг интилишларига зид бўлмоқда. Уларнинг янги сиёсий элитаси мустақиллик туфайли қўлга киритган ҳокимият ва имтиёзлардан ўз ихтиёрлари билан воз кечмайдилар. Маҳаллий руслар ўзлари илгари эгаллаб турган имтиёзли мансабларни бўшата борганлари сари янги ташкил топаётган элита дарҳол ҳаракатчан ва ижтимоий жиҳатдан юқумли жараён бўлмиш суверенитетга қонуний қизиқиш билан қарай бошлайди. Бундан ташқари бир вақтлар сиёсий жиҳатдан пассив бўлган аҳоли (Гуржистон билан Арманистондан ташқари) кўпроқ даражада миллатчироқ бўла борадилар ва ўзларининг исломга мансуб эканларини чуқурроқ идрок эта бошлайдилар.
Ташқи сиёсат масаласига келадиган бўлсак, Гуржистон билан Арманистон ҳам (Арманистоннинг Озарбайжонга қарши курашида, Россиянинг мададидан қарамлигига қарамай) аста-секин Оврўпа билан кўпроқ яқинлашишни истайдилар. Ресурсларга бой бўлган Ўрта Осиё давлатлари, улар билан бирга Озарбайжон ҳам ўз ҳудудларида америка, оврўпа, япон, яқиндан бери эса корейс сармояларининг иқтисодий фаолиятини имкон қадар кенгайтириб, уларнинг ёрдамида ўзларининг иқтисодий ривожланишларини анчагина тезлаштиришга ва мустақилликларини мустаҳкамлашга умид боғламоқдалар. Бу жиҳатдан улар Туркия билан Эроннинг роли кучайиб бораётганини жуда маъқуллайдилар, негаки, уларнинг сиймосида Россиянинг қудратига қарши турадиган кучни ва Жанубга — улкан ислом дунёсига олиб борадиган кўприкни кўрадилар.
Масалан, Туркия ва Америка томонидан рағбатлантириб турилган Озарбайжон нафақат унинг ҳудудида ҳарбий база қуриш тўғрисидаги Россиянинг таклифини рад этди, балки, Қора денгиздаги Россия портига биргаликда битта нефт қувури ўтказиш ҳақидаги таклифига ошкора тарзда бепарво қаради, бунинг ўрнига у тортиша-тортиша бошқа бир ечимнинг — Туркияга Гуржистон ҳудуди орқали иккинчи нефть қувури қуриш тўғрисидаги вариантнинг қабул қилинишига эришди.
(Жанубга Эрон орқали нефт қувури қуриш тўғрисида ҳам таклиф бор эди. Бу қурилишни молиявий жиҳатдан америкаликлар таъминламоғи керак эди. Бироқ АҚШ томонидан Эрон билан ҳар қандай олди-бердиларга эмберго қўйилганини инобатга олиб, бу вариант рад этилди.) 1995 йилда карнай-сурнай садолари остида тантанали равишда Туркманистон билан Эронни боғлайдиган янги темир йўл линияси қурилди. Бунинг оқибатида Оврўпа Ўрта Осиё темир йўл орқали Россия ҳудудини четда қолдириб, савдо қилиш имконига эга бўлди. Бу аснода Россия ортиқ Ўрта Осиёни Россиядан ажратиб қўйишга қурби етмай қолган бир шароитда қадимги “ипак йўли” тиклангани муносабати билан рамзий маънодаги драматизм кўринишлари ҳам содир бўлди.
Россиянинг “интеграция” бобидаги интилишларига қарши Ўзбекистон ҳам тобора кўпроқ даражада ўз мухолифлигида қатъийлашиб бормоқда. 1996 йилнинг августида унинг ташқи ишлар министри жуда қатъий оҳангда “Ўзбекистон бошқарувни марказлаштирувчи восита сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган МДҲнинг миллатлар устидан турувчи институтларининг тузилишига қаршидир” деган эди. Очиқ кўриниб турган бу миллатпарастлик руҳидаги мавқе Россия матбуотида дарҳол Ўзбекистон шаънига кескин фикр-мулоҳазаларнинг ўрин олишига олиб келди:
“Ўзбекистон иқтисодиёти ошкора тарзда ғарбпарастлик йўлини тутмоқда. У МДҲ доирасида интеграцион битимлар тузишни кескин танқид остига олмоқда. У ҳатто Божхона иттифоқига киришдан ҳам кескин бош тортди. Ўзбекистонда изчил равишда русларга қарши миллатчилик сиёсати юритилмоқда (ҳатто рус тилидан фойдаланадиган болалар боқчалари ҳам ёпилмоқда). Осиё минтақасида Россияни заифлаштиришга йўналтирилган сиёсат олиб бораётган Қўшма Штатлар учун бунақа мавқе маъқул келмаслиги мумкин эмас”.
Ҳатто Қозоғистон ҳам Россиянинг босимига жавобан Россия ҳудудини четлаб ўтадиган қўшимча нефт қувури қурилишини табриклаб чиқди — ўзининг табиий бойликларини четга етказишда Қозоғистон ҳам бу қувурдан фойдаланмоғи мумкин эди. Қозоғистон Президентининг маслаҳатчиси Умирсерик Касенов шундай дейди:
“Қозоғистоннинг муқобил қувур қурилиши борасидаги изланишлари туғилишига Россиянинг ўзининг ҳаракатлари сабаб бўлди. Россия Қозоғистон нефтининг Новороссийскка етиб боришини чеклаб қўйди, Тюмень нефтининг Павлодар нефтни қайта ишлаш заводига етиб келишини камайтириб қўйди. Туркманистоннинг Эронда нефт қувури қуриши йўлидаги уринишларининг боиси қисман шуки, МДҲ мамлакатлари жаҳон баҳосининг 60 фоизинигина тўлайдилар ёки бутунлай тўламайдилар”.
Туркманистон ҳам ўша мулоҳазалардан келиб чиқиб, Афғонистон ва Покистон орқали Араб денгизи соҳиллари томон янги қувур қурилиши масаласини фаоллик билан ўрганди. Бу қувур — Туркманистонни шимолда Қозоғистон ва Ўзбекистон билан, жанубда эса Эрон ва Афғонистон билан боғлайдиган темир йўл қурилишига қўшимча бўлмоғи керак эди. Дастлабки музокаралар Қозоғистон, Хитой ва Япония ўртасида ҳам олиб борилди. Бу музокараларда Ўрта Осиёдан Жанубий Хитой денгизи соҳилларига етиб борадиган янги қувур қурилишининг илк лойиҳалари муҳокама қилинди. Нефтегаз соҳасига нисбатан узоқ муддатли инвестицион мажбуриятлар Озарбайжонда тахминан 13 миллиард долларга етади. Қозоғистонда эса улар 20 миллиард доллардан анча ошиб кетади (1996 йил рақамлари). Агар улар амалга олса, Россия томонидан кўрсатиладиган глобал иқтисодий босим шароитида ва Россиянинг молиявий имкониятлари чекланганини инобатга олганда бу минтақани иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан яккалаб қўйиш масаласи ўз-ўзидан тушиб қолади.
Россия билан боғлиқ бўлган хавотирлар Ўрта Осиё давлатларини янада яқинроқдан минтақавий ҳамкорлик қилишга ундади. 1993 йилнинг январида барпо этилган Ўрта Осиё иқтисодий Иттифоқи аввалига ҳаракатсиз турди-да, аста-секин фаоллашиб кетди. Ҳатто Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳам аввалига “Евросиё Иттифоқи”ни тузишга қаттиқ тарафдор бўлиб турди-да, кейинчалик Ўрта Осиёда жипсроқ ҳамкорлик қилиш ғояси тарафдорлари қаторига ўтди. У ҳатто минтақа давлатлари орасида кўпроқ даражада мувофиқлашган ҳарбий ҳамкорликка тарафдор бўлди. Каспий ва Қозоғистон нефтини Туркия орқали нефт қувурлари ёрдамида олиб ўтиш масаласида Озарбайжонни қўллаб-қувватлади, Россия ва Эроннинг баъзи бир уринишларига нисбатан биргаликда мухолиф мавқеини эгаллашга рози бўлди. Бу уринишлар Каспий денгизи тубидаги нефть ва бошқа табиий бойликлар заҳираларини соҳил бўйидаги давлатлар ўртасида секторларга ажратиб олишга қарши йўналтирилган эди.
Мазкур минтақадаги тузумлар кучли авторитаризмга мойиллигини эътиборга олганда, айрим раҳбарлар ўртасида шахсий муросаи-мадора муаммоси янада каттароқ аҳамият касб этади. Ҳаммага маълумки, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон президентларининг ўзаро муносабатлари унчалик илиқ ва дўстона эмас эди (улар бу тўғрида хориждан келган меҳмонларга ошкора тарзда гапирган эдилар). Шахсий низолар азал-азалдан Кремлга жуда қўл келиб келган — Кремль ундан фойдаланиб, бир-бирларига қарши гижгижлатиш билан шуғулланганлар. 90-йилларнинг ўрталарига келганда уларнинг ҳар қайсиси улар ўртасидаги яқин ҳамкорлик ўз мустақилликларини сақлаб қолиш учун зарур эканини англаб етдилар ва ҳаммага гўё қалин дўстона муносабатлари бордай қилиб кўрсата бошладилар. Шундай қилар эканлар, бундан буён ташқи сиёсат борасидаги ишларини ҳам мувофиқлаштириб олиб боришларини маълум қилишди.
Бироқ бундан ҳам муҳимроқ ҳодиса шу бўлдики, МДҲ ичида Украина ва Ўзбекистон бошчилигида ғайрирасмий коалиция юзага келди. Ўзбекистон “интеграциялашган” ҳамкорликни эмас, “кооператив” ҳамкорликни маъқул кўрарди. Шу мақсадларда Украина Ўзбекистон, Туркманистон ва Гуржистон билан ҳарбий битим имзолади. 1996 йилнинг сентябр ойида эса Украина ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари бениҳоя юксак даражада рамзий маънога эга бўлган бир ишни қилишди — улар биргаликда Декларация эълон қилишди. Бу декларация эълон қилинган пайтдан бошлаб бундан кейин ҳамиша МДҲ аъзолари бўлмиш мамлакатлар вакилларининг олий даражадаги йиғилишлари фақат Россия президенти раислик қилмаслигини, балки МДҲга аъзо бўлган ҳамма мамлакатларнинг президентлари навбатма-навбат раислик қилишини талаб қилдилар.
Украина ва Ўзбекистон ҳатто Москванинг марказий ўринни эгаллашга бўлган интилишларига эҳтиром билан қаровчи раҳбарларга ҳам ибрат бўлди. Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев ва Гуржистон раҳбари Эдуард Шеварднадзе “бизнинг республикаларимиз мустақиллигига жиндай таҳдид туғиладиган бўлса, биз МДҲ аъзолигидан чиқамиз” дедилар. Кремль, айниқса, шу гапни эшитгандан кейин жуда ташвишга тушиб қолган бўлиши керак. Ўрта Осиё давлатлари ва Озарбайжон МДҲга қарама-қарши ҳаракат ўлароқ Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотидаги фаолиятларини бир даражада юқори кўтардилар. Минтақадаги ислом давлатларининг ҳали ҳам нисбатан эркин бўлган бу уюшмаси ўз ичига Туркия, Эрон ва Покистон каби давлатларни ҳам олар ҳамда ўз ишини уюшма аъзолари ўртасида молиявий, иқтисодий ва транспорт алоқаларини кенгайтириш вазифасига бағишлаган эдилар. Москва бу ташаббусни очиқчасига қоралаб чиқди. Уни МДҲ давлатларининг аъзолигига путур етказувчи ҳодиса сифатида баҳолади. Москва ўзининг бу баҳосида ҳақ эди. Ана шу тарзда аста-секин Туркия билан ва камроқ даражада Эрон билан алоқалар мустаҳкамланди ва кенгайиб борди. Туркийзабон мамлакатлар Туркиянинг янги миллий зобитлар корпусини тайёрлашда ҳарбий кўмак бериш ва 10 мингга яқин талабани ўқишга қабул қилиш ҳақидаги таклифини хурсандлик билан қабул қилдилар. Туркийзабон давлатлар вакилларининг Туркиянинг яқиндан кўмагида тайёрланган ва 1991 йилнинг октябрь ойида Тошкентда ўтган юқори доиралардаги тўртинчи учрашуви асосан ўзининг эътиборини транспорт алоқаларини ва савдо-сотиқни кенгайтиришга, шунингдек, маориф масаласида муштарак меъёрларни ишлаб чиқишга, шунинг баробаринда, Туркия билан маданий ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратди. Туркия ҳам, Эрон ҳам янги давлатларга ўзларининг телевизион дастурлари билан ёрдам беришни бўйниларига олдилар ва шу йўл билан кенг оммага бевосита таъсир кўрсатиш имконига эга бўлдилар.
Қозоғистон пойтахти Олматида 1996 йил декабрида ўтказилган маросимлар Туркиянинг минтақа давлатларининг мустақиллигига муносабатини намойиш қилишда бағоят даражада рамзий маънога эга бўлди. Қозоғистон мустақиллигининг 5 йиллиги муносабати билан 28 метрлик зарҳалланган обиданинг очилиш маросими бўлди. Унда президент Назарбоевнинг ёнида Туркия президенти Сулаймон Демирэл турди. Тантаналарда Қозоғистон вакиллари “Қозоғистоннинг мустақил давлат сифатидаги ривожланишининг ҳар босқичида Туркия унинг ёнида тургани учун” Туркияни кўкларга кўтариб мақтадилар, бунга жавобан Туркия Қозоғистонга 300 миллион доллар миқдорда қарз берди. Бу даврда Қозоғистон хусусий тадбиркорлар томонидан ётқизилган сармоя 1,2 миллиард долларга етиб қолган эди.
Гарчи на Туркия, на Эрон Россияни минтақадаги таъсиридан маҳрум этишга қодир бўлмасалар-да, юқоридаги каби ҳаракатлар билан Туркия ва (камроқ даражада) Эрон янги давлатларнинг шимолдаги қўшнилари ва собиқ хўжайинлари билан қайтадан интеграциялашишга қаршилик қилишга тайёрликларига ва бу борадаги имкониятларига ёрдам беришди. Бу эса — шак-шубҳа йўқки, минтақанинг геополитик келажагини очиқ сақлаб қолишга ёрдам беради.

НА ДОМИНИОН, НА ОРҚАДА ҚОЛГАН

Америка учун қандай геостратегик оқибатлар бўлиши аён кўриниб турипти. Американинг жуда олислиги унинг Евросиёда устивор бўлишига имкон бермайди. Лекин у ҳаддан ташқари қудрати, шунинг учун бу минтақадаги ҳодисаларга аралашмай тамошабин бўлиб қололмайди. Минтақанинг ҳамма давлатлари Американинг иштирокига ўзларининг яшаб қолмоқлари учун зарур ҳодиса деб қарашади. Россия ҳаддан ортиқ даражада заиф — у минтақада аввалгидек империя сифатидаги устиворлигини тиклашга ожизлик қилади. Ёки унинг тақдирида иштирок этаётган бошқа кучларни минтақадан чиқариб юборишга ҳам кучлари етмайди. Бироқ у анча яқин жойда жойлашган ва заиф бўлса ҳамки, ҳали етарли кучга эга. Шунинг учун унга эътибор бермасликнинг ҳам иложи йўқ. Туркия ва Эрон таъсир кўрсатмоқ учун етарли кучга эга, аммо уларнинг ўзларининг заифликлари минтақага бир вақтнинг ўзида ҳам Шимолдан бўладиган таҳдидни, ҳам минтақанинг ички зиддиятларини бартараф қилишнинг уддасидан чиқа олмайди. Хитой жуда кучли, шунинг учун Россия билан Ўрта Осиё давлатлари ундан хавфсирамай тура олмайдилар, аммо шунга қарамай, унинг шу ерда ҳозирлиги ва иқтисодий фаоллиги Ўрта Осиё давлатларининг жаҳон майдонига янада кенгроқ кўламда чиқишларига бўлган интилишларини рўёбга чиқаришда ёрдам беради.
Бундан фақат битта хулоса келиб чиқади. Американинг биринчи даражали манфаати шуни тақоза қиладики, у муайян бир вазиятни вужудга келтирмоққа ёрдам бермоғи керак. Бу вазият шундай бўлмоғи керакки, унда биронта ҳам давлат мазкур геополитик ҳудудни ўз назорати остига ола билмасин, жаҳон ҳамжамияти эса бу ерда бемалол, ҳеч қандай тўсиқсиз молиявий ва иқтисодий иш юритиш имконига эга бўлсин.
Нефт қувурлари ва темир йўл тармоқлари бу минтақани бевосита Ўрта денгиз ва Араб денгизи орқали, шунингдек, қуруқлик орқали жаҳон иқтисодий фаолиятининг йирик марказлари билан боғлаган тақдирдагина геополитик плюрализм барқарор реалликка айланиб қолади. Бинобарин, Россиянинг бу ерларга келиб-кетишни монополиялаштириш борасидаги хатти-ҳаракатларига минтақадаги барқарорликка зарар етказувчи ҳаракатлар сифатида зарба бериш керак.
Бироқ Россияни минтақадан мосуво қилиш унча маъқул эмас ва бу амалга ошадиган иш ҳам эмас. Айни чоғда, мазкур минтақадаги янги давлатлар билан Россия ўртасидаги зиддиятларни пуфлаб шиширишга ҳам йўл қўйиб бўлмайди. Дарҳақиқат, минтақани ривожлантириш ишларида Россиянинг фаол иқтисодий иштироки бу ҳудуддаги барқарорлик учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Россиянинг ҳамма нарсага бош-қош бўлишга интиладиган хўжайин сифатида эмас, балки шерик сифатидаги иштироки ҳам жуда муҳим иқтисодий фойдалар бермоғи турган гап. Минтақа ҳудудида юзага келадиган мустаҳкам барқарорлик ва юксак даражадаги фаровонлик бевосита Россиянинг ҳам фаровонлигига ёрдам берар ва “МДҲ” деган қисқартирилган сўз ёрдамида ваъда қилинган “ҳамкорлик”ка чинакам маъно бахш этган бўларди. Аммо шуҳратпарастлик йўлида тузилган ва аллақачон тарихан эскириб қолган бир қатор режалар бор — улар Болқон масаласида тузилган дастлабки режаларни эслатиб, дилни хира қилиб туради. Бу режалар муваффақият билан рад этилгандан кейингина ана шундай кооператив йўл Россиянинг сиёсатига айланиши мумкин.
Америка томонидан жуда кучли геополитик мадад беришга арзийдиган давлатлар Озарбайжон, Ўзбекистон ва мазкур минтақадан ташқарида Украинадир. Уларнинг ҳаммалари геополитик марказлардир. Украина Россиянинг келгусидаги эволюциясига дахлдор давлатдир. Шунинг ўзи Украинанинг фавқулодда аҳамиятга молик бўлган давлат сифатида роли бениҳоя катталигини далиллайдиган омиллардан биридир. Айни чоғда, Қозоғистон ҳам (унинг кўламини, иқтисодий имкониятларини ва ҳудудининг жўғрофий жиҳатдан муҳим жойда жойлашганини эътиборга олиб) оқилона халқаро мадад беришга ва узоқ муддатли иқтисодий ёрдам кўрсатишга арзийдиган давлатдир. Аммо этник нифоқлар туфайли вужудга келган жарликлар бу Ўрта Осиё қалқонини Россия босими қаршисида анча заиф қилиб қўяди. Шоядки, вақт-соати келиб. Қозоғистондаги иқтисодий ўсиш шу жарлик устидан кўприк қуришга ёрдам берса…
Мазкур минтақада Америка нафақат барқарор, ғарбпараст Туркия билан, балки Эрон ва Хитой билан ҳам муштарак манфаатларга эга. Америка муносабатларининг аста-секин яқинлашиб бориши мазкур ҳудудга келиб-кетишни глобал тарзда кенгайтиришга ёрдам берган бўлур эди ва агар янада аниқроқ айтсак, Озарбайжоннинг яшашига хавф соладиган таҳдидларни анча камайтирган бўлур эди. Минтақанинг иқтисодий ҳаётида Хитой иштирокининг кенгаяётгани ва унинг регионал мустақиллигини қўллаб-қувватлаётгани ҳам Американинг манфаатларига мос келади. Покистоннинг Афғонистондаги хатти-ҳаракатларининг Хитой томонидан қўллаб-қувватланиши ҳам ижобий ҳодисадир, негаки, Покистон-Афғонистон муносабатларининг янада жипслашиши Туркманистонга бориб келадиган халқаро кучларнинг ишини янада енгиллаштирар эди. Шунинг билан бирга (агар Қозоғистон иккиланмаса) бу давлатни ҳам, Ўзбекистонни ҳам мустаҳкамланишига анча ёрдам берарди.
Кавказ давлатларининг келажагида, афтидан, Туркиянинг эволюцияси ва қандай йўлни танлаб олиши муайян аҳамиятга эга бўладиганга ўхшайди. Агар Туркия Оврўпа сари ўз йўлини матонат билан ўтса ва Оврўпа унинг юзига эшигини ёпиб қўймаса, Кавказ давлатлари ҳам Оврўпа орбитасига тортиладиганга ўхшайдилар, улар эса айни ана шу истиқболга эришмоқни жон-жаҳдлари билан истайдилар. Бироқ ички ёки ташқи сабабларга кўра Туркияни оврўпалаштириш муваффақиятсиз чиқса, унда Гуржистон билан Арманистонда Россиянинг манфаатларига мослашишдан бошқа илож қолмайди. Бу ҳолда уларнинг келажаги Россиянинг тобора кенгайиб бораётган Оврўпа билан муносабатларига боғлиқ бўлиб қолади.
Эроннинг роли масаласи янада чалкашроқ бўладиганга ўхшайди. Ғарбпарастлик мавқеига қайтилса, шубҳасиз, бу минтақадаги барқарорликни таъминлаган бўларди, ундаги кучларнинг жипслашувига ҳам йўл очарди, шунинг учун стратегик нуқтаи назардан Америка учун Эроннинг хатти-ҳаракатларидаги бундай бурилишга ёрдам бериш мақсадга мувофиқ бўларди. Аммо бу рўй бермагунга қадар Эрон, ҳар ҳолда, салбий роль ўйнашда давом этса керак — у Озарбайжоннинг истиқболига анчагина номақбул таъсир кўрсатишда давом этади. Ўрта Осиёда диний меросни идрок этиш жараёнини кучайтирувчи бугунги фундаментализмнинг мавжудлигига қарамай, Эрон қолган жаҳон учун Туркманистонни очиб беришга ўхшаган ижобий қадамлар қўяётган бўлса-да, аҳвол унча ўзгаргани йўқ.
Охир-пировардида Ўрта Осиёнинг келажаги янада мураккаброқ вазиятлар ичида шаклланадиган кўринади. Бунда Ўрта Осиё давлатларининг шаклланишига ва тақдирига Россия, Туркия, Эрон ва Хитой манфаатларининг ўзаро чатишиб кетган муносабатлари таъсир кўрсатади, табиий, Қўшма Штатлар Россияга муносабатларини унинг янги мустақил давлатларга ҳурмати даражасига нечоғлиқ боғлиқ қилиб қўйиши ҳам муҳим роль ўйнайди. Бундай ўзаро алоқаларнинг чинлиги ҳар қандай манфаатдор геостратегик сиймо томонидан империя ёки монополияни муҳим геостратегик мақсад сифатида танлаб олишни соқит қилади. Бунинг ўрнига бошқа бир танлов кўндаланг бўлмоғи мумкин. Бу — бир томондан, омонатгина минтақавий мувозанат (бу мувозанат мазкур минтақани аста-секин туғилиб келаётган глобал иқтисодиёт қаторига жалб қилиши мумкин, бу вақт мобайнида эса минтақадаги давлатлар тобора жипслаша бормоқлари ва ҳатто борган сари аниқ ифодаланадиган исломий белгилар касб этиб бормоғи мумкин), иккинчи томондан, этник конфликтлар, сиёсий парчаланишлар ва эҳтимолки, ҳатто Россиянинг жанубий чегараралари бўйлаб ошкора тўқнашувлардир. Ана шу минтақавий мувозанатга эришиш ва уни мустаҳкамлаш АҚШнинг Евросиёга нисбатан кенг қамровли геостратегиясининг энг муҳим вазифаси бўлиб қолмоғи керак.

Озод Шарафиддинов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти” журнали, 2004 йил, 1-2-сон

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase