close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Россиядаги исломофобия

Бу Россия Федерациясидаги Ислом дини ва мусулмонларга нисбатан совуқчилик, қўрқув ёки душманлиги демакдир.

Бу Россия Федерациясидаги Ислом дини ва мусулмонларга нисбатан совуқчилик, қўрқув ёки душманлиги демакдир.
Мусулмон халқлари замонавий Россия ҳудудида тубжой аҳоли саналади, чунки улар XVI асрда бошланган рус мустамлакачилиги даврида Россия таркибига киритилган. Мусулмон ерларини забт этиш мусулмонлар ва исломга нисбатан мунтазам равишда зулм қилиш билан бирга келди. Совет ҳукмронлиги даврида исломофобик сиёсат тўхтамади. Замонавий Россияда исломофобиянинг катализатори Чеченистон билан урушлар, рус давлатчилигига таҳдид соладиган исломизмнинг ривожланиши, Марказий Осиё ва Кавказдан меҳнат миграцияси бўлди.
Россияда турли зўравонликсиз Исломий воизлик ташкилотлари, Қуръон ва бошқа Исломий адабиётларнинг баъзи таржималари ва талқинлари "экстремистик"деб тан олинган. Мусулмонлар Россия қамоқхоналарида энг жабрланган диний гуруҳдир. Баъзи ҳудудларда ҳижобли қизларга ўқишга рухсат берилмайди, мусулмонларга масжидлар қуришга тўсқинлик қилинади. Мусулмонлар кўпинча касалхоналарда, жамоат транспортида, корхоналарда, университетларда камситилади.
Левада маркази томонидан 2008 ва 2017 йилларда русларнинг мусулмонларга муносабати бўйича ўтказилган сўровномалар қуйидаги маълумотларни кўрсатади:

Сўровда қатнашганларнинг муносабати  2008  2017
Жуда ижобий  23 %  18 %
Маълум даражада ижобий  27 %  31 %
На ижобий, на салбий  32 %  31 %
Маълум даражада салбий  6 %  10 %
Жуда салбий  2 %  4 %
Жавоб бериш қийин   9 %  6 %

Тарих
Ўрта асрлар
Ислом билан биринчи учрашув

Россиянинг мусулмон қўшнилари билан биринчи танишуви Ўрта асрларда бошланган. 986 йилда булғор элчилари Княз Владимирни бутпарастликдан Исломга ўтказиш учун Киевга келишди. Аммо улар князнинг исломда чўчқа гўшти ва шаробдан воз кечиш, шунингдек, суннат қилдириш талаб этилишидан норозилиги сабабли муваффақиятга эриша олмадилар. Мусулмонлардан кейин, бошқалар қаторида, князь православ миссионерини қабул қилди. Миссионер ўз нутқини бошқа динларни, хусусан, мусулмон эътиқодини қоралаш билан бошлади ва қуйидагиларни айтди: «Биз булғорлар келиб, ўз динини қабул қилишни ўргатганини эшитдик; уларнинг имонлари осмон ва ерни ҳаром қилади ва уларга Раббий ёнаётган тошни ташлаб, сув бостирган ва ғарқ қилган Содом ва Гоморра аҳолиси каби лаънатланади. Шундай қилиб, Худо халқларни ҳукм қилиш ва гуноҳ ва ёмонлик қилганларни йўқ қилиш учун келганида уларни ҳам йўқ қилиш куни кутмоқда. Чунки улар ювиниб, сувини оғзига қуйиб, соқолларига суртиб, Муҳаммадни хотирлайдилар. Худди шу тарзда, уларнинг хотинлари ҳам худди шундай ифлослик қилишади»
Уни тинглагандан сўнг, князь ерга тупурди ва қўшиб қўйди: «Бу нопоклик». Рус элчилари князнинг иродаси билан Ислом билан танишиш учун булғор юртига боришди. Улар қайтиб келгач, хабар беришди: «Биз булғор юртига бордик, уларнинг маъбадда, яъни масжидда, у ерда камарсиз туриб ибодат қилишларини томоша қилдик; таъзим қилганидан сўнг, ўтириб, у томонга ва бу томонга қарайди, худди ақлдан озганга ўхшайди ва уларда ҳеч қандай завқ йўқ, фақат қайғу ва бадбўйлик ҳид. Уларнинг қонуни яхши эмас». Русларнинг Ислом билан биринчи учрашуви салбий бўлиб чиқди ва улар орасида душманлик уйғотди.

Мўғул-татарлар даври

Олим Искандар Аббосийнинг сўзларига кўра, Россияга мўғул-татарлар босқини Россиянинг жамоат онгида чуқур излар қолдирган. Марказий Осиё минтақаларидаги Олтин Ўрда ҳукмдорлари исломни қабул қилдилар. Россиянинг жануби бутунлай вайрон бўлди ва Шимолий Россия Шарқ ва Ғарб ўртасидаги иқтисодий муносабатлардан ажралиб қолди. Бу давр мамлакатни "қоронғу асрлар"га ботирди. Рус тарихшунослиги мусулмон татарлари ҳукмронлиги даврини "мутлақ монархия, крепостнойлик ва такаббур мессианизм" даври сифатида таърифлайди. «Исломофобияни ўрганиш маркази»нинг тадқиқотида таъкидланганидек, бу давр рус халқида ўзларининг собиқ мусулмон ҳукмдорларига нисбатан барқарор ижобий хислатлари етарли эмаслик комплексини сингдирди ва бу бугунги кунгача давом этмоқда.
Ғарб дунёсида исломофобияга ўхшаш рус Исломофобиясининг пайдо бўлиши русларнинг православ Византия меросхўрлари сифатида идентификацияси туфайли дастлабки босқичларда диний асосга эга эди.

Чор Россияси ва Россия империяси

XVI асрда Россиянинг исломий ерларни босиб олиши мустамлакачилик кенгайиши шароитида бошланди, бу Россиянинг мусулмонлар билан узоқ муддатли муносабатларига асос бўлди. 1552 йилда Иван Грозный мусулмон шаҳри Қозонни фатҳ қилди, империя қурилиши фатҳ қилинган ерларда мусулмон аҳолини бўйсундириш ёки йўқ қилишга уринишлар билан бошланди. Россия давлатининг XVI асрдан Совет даврига кўтарилиши исломофобия ҳақидаги турли консерватив ва либерал ғояларга асосланган эди. Давлат ва рус православлиги иттифоқи мусулмонларни душман, ваҳший ва йўқ қилиниши ёки бўйсундирилиши керак бўлган муаммо сифатида кўрадиган цивилизация мажмуасини яратди. Ҳудудлари тобора кўпроқ империяга киритилган мусулмонлар, унинг "миллий муаммоси" га айланди, чунки улар Россияда ҳукмрон бўлган диний-ирқий мантиққа мос келмади.
«Исломофобияни ўрганиш маркази»нинг таъкидлашича, мусулмонларга нисбатан империяча сиёсат қуйидагиларни ўз ичига олган: мусулмонларнинг сиёсий иқтисодини йўқ қилиш, насронийликни мажбурий қабул қилдириш, масжидларни ёпиш, насронийларни собиқ мусулмон ерларига мажбурий кўчириш, вақфни мусодара қилиш, оммавий қувиш ва этник тозалаш, китобларни ёқиш ва исломий таълим тузилмаларини чоризм билан алмаштириш орқали анъанавий мусулмонлар маданиятини йўқ қилиш.
Ушбу сиёсат билан бир вақтда, назорат остида руҳонийларни шакллантириш орқали исломий аҳолини содиқ қилишга уринишлар бўлган. XVIII аср охиридаги Екатерина давридан бошлаб Россия мусулмонларига нисбатан либерал ёндашув бошланди, бу сиёсий, маданий ва иқтисодий соҳаларда нисбатан ҳамкорликка имкон берди, натижада жадидларнинг мусулмон модернист ва ислоҳотчи ҳаракати гуллаб-яшнади. Екатерина ўз сиёсатини исломни йўқ қилишдан уни бошқаришга ўзгартирди, шу жумладан "руҳий мусулмон маъмуриятлари" (муфтийлар) ни шакллантирди ва шу билан бирга Қрим ва Шимолий Кавказдаги Исломий ерларни забт этиш бўйича экспансионистик сиёсатни давом эттирди[8].

СССР

Исломофобик сиёсат ХХ аср бошларида Совет ҳокимиятининг келиши билан йўқолмади. СССР «Homo Sovieticus» ғоясини, идеал Совет одамини яратишни тарғиб қилди. Мусулмонлардан халос бўлиш ёки ҳеч бўлмаганда уларни Совет стандартларига мослаштириш керак эди.
Совет ҳокимияти ўрнатилгандан сўнг," темир парда " аста-секин туша бошлади. СССР мусулмонлари учун бу уларнинг Ислом дунёсининг қолган қисмидан чиқиб кетишига олиб келди.
Совет ҳукумати ўзининг динга қарши сиёсати билан мусулмонларни зулм қила бошлади, бу қуйидагилар билан тавсифланди: ҳар йили зиёрат қилишни тақиқлаш, масжидларни оммавий ёпиш, исломга қарши ташвиқотнинг тарқалиши, вақфларни тортиб олиш, баъзи мусулмон гуруҳларини геноцид қилишга уринишлар, баъзи минтақаларда араб тилини тақиқлаш, мусулмон халқларини лингвистик ассимиляция қилишга уринишлар (мажбурий кириллаштириш), совет мусулмон раҳбарларини тарбиялаш ва уларни чет эл мусулмон дунёсига ташвиқот учун юбориш орқали исломга нисбатан совет бағрикенглиги ғоясини илгари суриш. Исломофобияни ўрганиш маркази таъкидлаганидек, СССРдаги исломофобия жамиятнинг бутун иерархиясига сингиб кетган.
Мусулмон аёлларга нисбатан советлар сиёсатини тасвирлаб, профессор Тлостанова совет мусулмон аёли уни Совет фуқароси келажаги стандартига мувофиқ буюк қилиш ғояси билан "буюк руслар" томонидан модернизация қилиниши керак эди, деб ёзади, у "рус маданий устунлиги ғоялари ва ошхонада ҳам, қўшиқ айтиш ва рақс тушишда ҳам, бадиий адабиёт, театр, миллий либослар ва ҳ.к.да ҳам театр мултикултурализмининг намоён бўлиши билан ирқий аралаш атеист бўлишга мажбур бўлди".
Султон Галиев ва бошқа мусулмон миллий коммунистлари совет коммунизми мустамлакачилик моҳиятида чор Россиясидан фарқ қилмаслигини айтишди. Миср файласуфи Сейид Қутб ёзганидек, капиталистик Америка каби, Совет Иттифоқи "салиб руҳи" билан характерланади, улар Ислом руҳи ва Ислом кучини йўқ қилиш истаги олдида империализмнинг қўрқуви бор эди.
Тадқиқотчи Аббосий ёзишича, рус бўлмаганлар ва айниқса мусулмонлар Совет Иттифоқи даврида коммунистик партия ва Марказий ҳукуматда раҳбарлик лавозимларидан мунтазам равишда чиқариб ташланган.
«Исломофобияни ўрганиш маркази» томонидан шунингдек, Афғонистонда, 1980-йиллар уруши пайтида ҳам исломофоб муносабат қайд этилган.
Гарчи баъзи мусулмон халқлари Россия томонидан мустамлака қилинган бўлса-да, аммо мусулмон халқларининг тадқиқотчиси Мари Броксап ва француз шарқшуноси Беннигсен ёзганидек, бу муносабатлар европалик хўжайин, ундан қанчалик нафратланишмасин, шу билан бирга энг яхши ташкилотчилик, техник ва ҳарбий устунлик учун тан олинган классик "мустамлака" турига тегишли эмас. Мамлакатдаги маҳаллий мусулмонлар ўзларини маданий ёки сиёсий масалаларда руслардан кам ҳис қилмадилар.

Замонавий Россия

СССР парчаланиши билан мусулмон Чеченистон мустақиллигини эълон қилди, шундан сўнг иккита рус-чечен уруши бошланди. Бу, Исломофобияни ўрганиш марказининг тадқиқотларига кўра, давлатнинг исломофобик сиёсатининг тикланишига, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида ишлатиладиган исломофобик риторикага олиб келди. Улар чечен сепаратистларини бандитлар, халқаро террорчилар ва исломий экстремистлар сифатида таърфилашди. ФСБ ва оммавий ахборот воситалари "Кавказ миллатига мансуб шахс" ёки "мусулмон мафияси"каби атамалардан фойдаланган ҳолда Исломга қарши ва Кавказга қарши характердаги тилни ишлаб чиқдилар. Россия хавфсизлик кучлари барча мусулмонлардан, айниқса кавказликлардан шубҳалана бошладилар ва уларни мунтазам равишда текширувдан ўтказдилар.
2014 йилда Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан сўнг, қрим-татар мусулмонларини ҳокимият томонидан камситиш бошланди.
Россия Федерацияси муфтийси Равил Гаинутдинга кўра,"замонавий Россияда исломофобия ва ксенофобия мусулмонларнинг ўзлари таркибий тарқоқлиши, интизомсизлик ва пала-партишлиги фонида паразит ҳисобланади".

Исломий таълим давлат назорати остида

2017 йилда қабул қилинган Яровая Қонунига кўра, миссионерлик фаолияти ва диний маросимларни жамоат олдида бажаришга фақат рўйхатдан ўтган диний ташкилотлар аъзоларига рухсат берилади. Рўйхатдан ўтмаган миссионерлар таъқибга учраши мумкин. «Форум 18» агентлигига кўра, 2017 йил августига келиб 193дан ортиқ шахслар ва диний жамоалар янги миссионерлик қонунига биноан судга келтирилди.
Россия Ислом қўмитаси раиси Гейдар Жемал 2010 йилда шундай деб ёзганди:
"Бугунги кунда Россияда барқарор ва намунали «риск гуруҳи» (сиёсий маънода!) шаклланди. Булар россиялик мусулмонлар. Айнан уларга қарши махсус операцияларнинг асосий қисми амалга оширилади, айнан улар Россиянинг юзлаб қамоқларида сохта айбловлар билан ўтиришади. Айнан уларнинг китоблари судлар томонидан маҳаллий прокуратура идораларининг биринчи тақдимотида ва экспертлар позициясига жиддий эътибор бермаслик билан тақиқланган... Шимолий Кавказда баъзи республикалар маъмуриятлари одатда ўз ёшларига, биринчи навбатда хавфсизлик кучлари жаргонида "ибодат қилиш"код белгисини олган мусулмон имонлиларга қарши эълон қилинмаган уруш олиб боришмоқда. Мусулмонлар замонавий Россияда ўзларини иккинчи даражали фуқаролар каби ҳис қилишади. Эҳтимол, ҳатто умуман "фуқаро бўлмаганлар" каби".

Экстремизм ва терроризмда айбловлар

«Мемориал» маълумотларига кўра, «мусулмонлар (ва айниқса, Марказий Осиё минтақасидан меҳнат муҳожирлари) – сиёсий қатағонлар учун энг заиф гуруҳлардан биридир». ФСБ ходимлари терроризмда айбланган тасодифий мусулмон қурбонларига қарши ишларни уйдирган ҳолатлар мавжуд. Бундай ҳолларда жиноят содир этилганлигини тан олиш учун қийноқлар қўлланади, қурол ёки портловчи мосламалар «ташлаб» қўйилади. Жамиятда ривожланган исломофобия туфайли бундай ҳолатлар жамоатчиликжа шов-шув бўмайди, шунинг учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бундай ишларни тўсиқсиз қилишлари мумкин. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, 2017 йилда Санкт-Петербург метросида теракт уюштирганликда айбланган 11 кишидан 9 нафари айбсиз ва сиёсий маҳбуслардир, қолган иккитасининг айби ҳам шубҳа уйғотади.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Светлана Ганнушкинанинг сўзларига кўра, «бундай ҳолатлар нафақат юқори ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг тўғридан-тўғри кўрсатмалари ва маслаҳатлари билан уйдирилган, балки кўпинча амалдорлар шунчаки конъюнктурани ҳис қилишади ва унга барча ғайратлари билан қўшилишга ҳаракат қилишади. Ва ҳозирги конъюнктура шундаки, расмий доираларда, шу жумладан энг юқорида, исломий таҳдид ҳақида, Россия учун "жаҳон халифалиги"ни яратиш хавфи ҳақида гапиришади».
2007 йилда «Мемориал» ва «Гражданское содействие» қўмитаси томонидан чоп этилган маърузага кўра:
"Россияда мусулмонларни таъқиб қилиш сабаблари тақиқланган ташкилотларга алоқадорликда айблаш билан чекланмайди. Шубҳанинг сабаби баъзан кийимда ва кундалик ҳаётда ислом меъёрларига оддий риоя қилишдир. Шимолий Кавказда кенг тарқалган ваҳҳобийликда айблов Поволжье вилояти мусулмонларига тақдим этила бошланди. Исломий муҳитдаги диний ва сиёсий мунозаралар баъзи ҳолларда давлат томонидан қўпорувчилик фаолияти сифатида қаралади. Судланган диндошларга ва уларнинг оилаларига гуманитар ёрдам кўрсатадиган фуқаролар ҳам қатағонга учрайди. Гумон қилинувчилардан Қуръон ва машҳур исломий адабиётлар жиноят содир этилганлигининг ашёвий далили сифатида тортиб олинган ҳолатлар мавжуд. Кўпинча исломий экстремистларга қарши жиноий айбловлар ҳам уйдирилган бўлиб чиқади".
Турли тадқиқотчилар ва журналистлар кўра, давлат Россияга нисбатан садоқат ва ватанпарварликни, ҳокимият учун ёқимсиз бошқа барча оқимлари "Салафизм"ни, аввалроқ эса - "Ваҳҳобийлик"ни англатадиган фаол "анъанавий Ислом" шакллантиради. Шундай қилиб, изоляция қилинган рус миллий исломининг лойиҳаси амалга оширилмоқда. Россияда Исломни хонакилаштириш сиёсати мусулмон ҳудудларини Россия суверенитетига таҳдид солувчи "бегона" ҳудудлар сифатида қабул қилишдан келиб чиқади, деб ёзади тадқиқотчилар «J. Organ. Behav.[en]»да. Кўпинча исломофобияда айбланган рус исломшунос олими Силантьев "Анъанавий Ислом" ни тасвирлаб, ислом Россия учун анъанавий эканлигини, унинг вакиллари ҳатто ўзларининг диндорларига қарши ҳам Россия учун курашишга тайёр эканлигини айтади. 2013 йилда Силантьев "анъанавий Ислом"ни қабул қилмайдиган исломчилар деб ҳисоблаган 700 минг мусулмонни қатағон қилишга чақирди.
2007 йилда 3000 Россия мусулмонлари Президент Путинга хат ёздилар. Унда "мамлакатнинг бир қатор минтақаларида терроризмга қарши кураш ақлга баҳона остида ҳақиқий қувғинлар бошлангани" ҳақида айтилди.

Адабиётларни тақиқлаш

Қуръоннинг баъзи таржималари ва талқинлари экстремизмни тарғиб қилгани учун Россия қонунлари билан тақиқланган. Хусусан, Кулиевнинг таржимаси тақиқланди, унда "мусулмонларнинг мусулмон бўлмаганлардан устунлиги ҳақидаги баёнотлар", "мусулмон динига алоқаси бўлмаган шахсларга салбий баҳо бериш", "мусулмонларнинг мусулмон бўлмаганларга қарши душманлик ҳаракатларига ижобий баҳо бериш", шунингдек, гўё зўравонликка ундаш қайд этилган. Россия Муфтийлар Кенгаши ҳукмни қоралади. Кейинчалик, суд қарори бекор қилинди.
Журналист Харун Сидоровнинг ёзишича:
"Нолинчи йиллар ўрталаридан бошлаб мусулмонлар томонидан тақиқланган экстремистик адабиётлар рўйхати нафақат жиҳодчи ва халифалик матнлари, балки сиёсатдан ва урушга чақириқлардан узоқ асарлар билан тўлдирилди. Салафий илоҳиётшунослик асарлари тақиқлангандан сўнг, турк сўфийларининг навбати келди. Адабиётни тақиқлаш тўлқини Россиядаги иккита энг йирик исломий нашриёт - салафий адабиётини нашр этувчи «УММА» нашриёти ва турк шайхларининг сўфий адабиётини нашр этувчи «Сад» нашриётининг хавфсизлик кучлари томонидан қирғин қилиш билан бирга кузатилди"
2007 йилда турк илоҳиётчиси Саид Нурсийнинг 14 та китоби таржималари тақиқланган. Тақиқни қоралаган муфтий Нафигулла Аширов, Нурсий экстремистик тенденцияларда айбланиб бўлмайдиган сўфий олим эканлигини таъкидлади. Россия Федерацияси муфтийси муовини Муҳаммад Қорачай бу ҳақида шундай изоҳ берди: "Мен бу тақиқ фактини бир томондан аҳмоқлик, бошқа томондан, исломга қарши, мусулмонларга қарши провокациядан бошқа нарса деб атай олмайман". Гейдар Жемал "мамлакатдаги умумий сиёсий вазиятни кескинлаштириш ва сайловлар олдидан маълум бир иқлимни яратиш учун Ғарб жамоатчилик фикрига қарши чиқиш" учун тақиқни "провокациялар занжирининг бўғини"деб таърифлаган.
2012 йилда Россия суди 60 дан ортиқ Исломий китобларни, шу жумладан классик ҳадис тўпламларини тақиқлади.
2015 йилда Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Южно-Сахалинск судининг прокурорига исломий китобни тақиқлагани учун таҳдид қилганида, резонансли иш кузатилди, шундан сўнг суд аввалги ҳукмини бекор қилди. Шундан сўнг, судлар тобора сиёсий фаол мусулмон жамоасининг қаршилиги остида аввалги қарорларини бекор қилганларида кўплаб мисоллар мавжуд.
2022 йилда "Саҳиҳ Ал-Бухорий" ҳадислар тўпламининг таржимаси экстремистик деб тан олинди. Эксперт фикрига кўра,"нашрларда давлатнинг дунёвий тизимини инкор этувчи тезислар, шунингдек яҳудийлар, насронийлар ва исломни қабул қилмайдиган бошқа шахсларга нисбатан душманлик белгилари мавжуд". Россия Муфтийлар Кенгаши тақиқни қоралади. Рамзан Қодиров тақиқни танқид қилди. Журналистлар Надежда Кеворкова ва Максим Шевченко бу ҳақида мусулмонлар очиқ масхара қилиниши сифатида гапирди.

Ҳижобни тақиқлаш

Россиянинг бир қатор минтақаларида ўз динларининг мажбурий атрибути бўлган ҳижоб кийган мусулмон қизларга мактабда ўқишга рухсат берилмайди. Тақиқни Россия Президенти Путин, Россия Федерацияси Олий суди, таълим ва фан вазири Дмитрий Ливанов ва таълим вазири Олга Василева қўллаб-қувватладилар, улар "ҳижобга мактабда жой бўлмаслиги керак" деб айтишди.
2003 йилда Россия Федерацияси ички ишлар вазирлиги "Фотима" исломофобик операциясини бошлади, унда барча аёлларни иложи борича террорчилар сифатида тинтув қилиш керак эди.
2003 йилда Татаристонлик мусулмон аёллар паспорт учун суратга олишда ҳижобни ечмаслик ҳуқуқини талаб қилишди. Улар судда ютқазишди. Президент Путин уларни курашни давом эттирмасликка чақирди. Тез орада иш Россия Федерацияси Олий судига келиб тушди, у диндор аёлларга ҳужжатларга суратга тушиш пайтида рўмолини ечмасликка рухсат берувчи қарор чиқарди.

Қамоқхоналарда

"Gulagu.net" инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Россия қамоқхоналаридаги мусулмон маҳбуслар кўп йиллар давомида мунтазам равишда қатағонга учраб келади. Бундай ҳолат яҳудийлик, буддизм вакиллари орасида кузатилмайди ва православлар орасида камдан-кам ҳолларда кузатилади. Мусулмонлардан диний китоблар ва жойнамозлар олиб қўйилмоқда, диний кўрсатмалар, хусусан, озиқ-овқат тақиқлари манипуляция қилинмоқда. Можароларни таҳлил қилиш ва олдини олиш маркази ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, мусулмонлар Россия колонияларида энг кўп камситилади.
Журналист Хорун Сидоров 2013 йилда ёзганидек,"сўнгги йилларда маъмурият мусулмон маҳбусларнинг намоз ўқишига тўсқинлик қилиши, бундай маҳбусларни ШИЗОга ташлаш, уларга бевосита ёки бошқа маҳбуслар орқали босим ўтказилиши ҳақида ўнлаб ҳолатлар маълум бўлди"

Жамиятда

Pew Research Center тадқиқотларига кўра, Россия жамияти Европага нисбатан камроқ исломофобик муносабатни намойиш этади ва шу билан бирга кўпроқ ксенофобия намойиш этади. Левада маркази томонидан ўтказилган сўровлар шуни кўрсатдики, одамлар чечен сепаратистлари, АҚШ ва Натони биринчи навбатда мамлакат душмани деб билишади ва исломизм фақат улардан кейин турди.
Левада маркази томонидан 2015 йилда сўров ўтказилган россияликларнинг 74%и ҳижобга салбий муносабатда, норози одамларнинг энг катта концентрацияси Москвада бўлиб, респондентларнинг 91% салбий жавоб берган. «Сова» маркази маълумотларига кўра, 40% россияликларда исломга салбий муносабат бор, кўп насроний фуқаролари "терроризм билан боғлиқ хавфли нарса" деб ҳисоблайди.
РФА ИНИОН олимларининг фикрига кўра, Россияда ижтимоий онгдаги Ислом дини мамлакат давлатчилиги, экстремизм, радикализм, терроризм учун хавф туғдирадиган тасаввурларни келтириб чиқара бошлади.
Либосига караб мусулмон деб танилган одамларни камситиш SETA таҳлил маркази томонидан касалхоналарда, жамоат транспортида ва олий ўқув юртларида қайд этилган. ИРФИ тадқиқотчилари корхоналарда камситишни ҳам қайд этишган.
Ҳар йили янги масжидлар қурилишига қарши 6 дан 14 гача норозилик акциялари қайд этилади. Левада маркази томонидан сўралганларнинг атиги 29%и масжид қурилишига муносабати ҳақидаги саволга ижобий жавоб берди. Француз социологи Марлен Ларюел таъкидлаганидек, норозиликлардан ташқари, масжидлар қурилишига маъмурият кўпинча тўсқинлик қилади, ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқаради ва қурилишга рухсат беришни рад этиш билан жавоб беради. SETA маълумотларига кўра, рухсатнома берилишининг олдини олиш учун маъмуриятга кўпинча РПЧ ва миллатчи ҳаракатлар томонидан босим ўтказилади
Ҳукуматнинг 2017 йилдаги расмий маълумотларига кўра, 2016 йилда исломофобия даражаси ўтган йилга нисбатан 10 фоизга камайган. Россия Федерацияси "Европанинг энг муҳим ўнта мамлакати орасида исломофобиянинг энг паст даражасига"эга эканлиги даъво қилинмоқда.
Этник сабабларга тажовузлар 30-60% ҳолларда мусулмонларга қарши қайд этилмоқда, «Сова» марказига кўра, тунда тажовузлар исламофобик фикрлар билан бирга кузатилади.
Мунтазам равишда мусулмон объектларга қарши вандализм ҳаракатлари содир этилади, жумладан, Қуръон ёқиб юборилиши ҳоллари кузатилади. Исломофоб нутқлар рус-миллатчи интернет маконида тез-тез пайдо бўлади.

ОАВ

Россияда
Француз олими Ларуэль ёзишича, Россия таблоидлари, телеканаллари ва ток-шоулари томонидан ишлатиладиган мавзулар ислом, исломизм ва меҳнат миграцияси тушунчаларини аралаштириб юборади. Тадқиқотчи Рагозинанинг таъкидлашича, жиноятлар ҳақидаги янгиликларни ёритишда жиноятчининг диний мансублиги кўпинча таъкидланади, ўқувчилар "метрода тиқилинч ҳосил қиладиган ўн минглаб мусулмонлар"каби иборалар билан қўрқитилади. Янгиликларда кўпинча "Ислом" сўзи билан бирлаштирилган эпитет "радикал" бўлиб, у дунёдаги нотинч вазият билан боғлиқ барча нарсаларни ёритишда қўлланилади. Муаллифлар кўпинча статистика маълумотларини манипуляция қилишади: ўқувчини ҳайратда қолдириш ва муаммога кенглик бериш учун "миллионлаб мусулмонлар оломони" ва бошқа миқдорий хусусиятлар қайд етилган. Шунинг учун, ислом секьюритизацияси рўй берди – дин масаласига албатта хавфсизлик масаласи боғланган ҳолларда.
Мусулмон экспертлар теле-шоуларга чақирилмийди, журналист Максим Шевчеконинг таъкидлашича,"улар шунчаки блокировка қилинади" .
Россия сиёсатчилари Жириновский ва Рогозин исломофобик нутқлари билан танилган. "Россия 1" федерал телеканалида нутқ сўзлаган Жириновский асосан мусулмон Шимолий Кавказда туғилиш даражасини чеклашга, исломни ҳар қандай ўрганишни тақиқлашга  ва шимолий кавказликларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатини чеклашга чақирди. Дастур давомида жонли сўров ўтказилди ва у овоз беришда ғолиб чиқди, 140 мингдан ортиқ томошабин унга овоз берди. Жириновскийнинг сўзларига кўра,"Россиянинг вазифаси исломни фақат маданият доирасида қўйишдир". 2016 йилда Яблоко партияси раҳбари Сергей Митрохин журналист билан шахсий суҳбатда исломни "замонавий дунё даҳшати", "модернизация тормози" деб атади, суҳбат ёзуви интернетга чиқиб кетди, шундан сўнг сиёсатчи мусулмонлардан узр сўради.
2013 йилда диндорларнинг туйғуларини ҳақорат қилиш тўғрисидаги қонун кучга киргандан сўнг, диний нафратга асосланган жиноятлар сони камайди. Бунга, эҳтимол, оммавий ахборот воситаларида очиқ исломофобия камайиши ҳисса қўшди. Янги кўрсатмаларда ОАВга "Худо", "Аллоҳ" ёки "атеист"сўзларини камайтириш ёки тўлиқ тақиқлаш бўйича тавсиялар мавжуд.

Жаҳон исламофобиясига таъсир

Шунингдек, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари орасида Россия троллар фабрикаси дунё ижтимоий тармоқлари ва оммавий ахборот воситаларида исломофобияни қўзғатиш манбаи деган назария мавжуд. Бу асосан Россияга содиқ бўлган Европа ва Шимолий Америкадаги исломофобик ва ўта ўнг партиялар ва ташкилотларнинг таъсирини кучайтириш учун қилинган. Хусусан, The New York Times  томонидан ўтказилган текширувда айтилишича, "халқаро дезинформация машинаси Россияда жойлашган бўлиб, ўта ўнг қанот, муҳожирларга қарши эҳтирослар ва сиёсий кучларни етиштириш, провокация қилиш ва мустаҳкамлаш билан шуғулланади".
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Швецияда, Ринкебю шаҳрида 2017 йилда Россия ТВ ходимлари муҳожир-ўсмирларга яқинлашиб, уларни камера қаршисида тартибсизлик қилиш учун пул таклиф қилишди. Улар НТВ мухбирлари деб тахмин қилинади. НТВ муҳаррири саволга жавобан изоҳ беришдан бош тортди.

Минтақалар бўйича
 
Адыгея
2006 йилда Адигейск шаҳар масжидида хавфсизлик ходимлари бўлган эркаклар имомнинг ҳомиладор хотинини тинтув қилишди, бу эса қонун бузилишидир. Ибодатга  келганлар ҳам тинтув қилинди. Имом Нажмуддин Абазий "таркибида гиёҳванд моддалар бўлган" моддалар (аслида зира мойи) савдоси, шунингдек, "диний экстремизм"учун ҳибсга олинган. Иш Москва Хельсинки гуруҳининг ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан уйдирилган деб топилди.
2006 йил март ойида Новая Адигея қишлоғидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жума намози учун масжидга кетаётган мусулмонларни оммавий тинтув қилди.

Доғистон
2015 йилдан бошлаб аҳолини "экстремист" сифатида профилактик рўйхатга олиш амалиёти кенг тарқалди. Бу рўйхатга минглаб одамлар киритилгани ҳақида хабар қилинди. Улар асосан салафий Ислом тарафдорлари эдилар, лекин кўпинча тасодифий одамлар ҳам рўйхатга тушишди. Рўйхатга олиниш ҳаётни мураккаблаштиради, бундай одам йўл полицияси томонидан мунтазам равишда тўхтатилади, ички ишлар вазирлигига етказилади. Республика ҳудудида бандлик ва ҳаракатланиш билан боғлиқ қийинчиликлар мавжуд. «Мемориал» ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра,"полиция ходимларининг бундай ҳаракатлари фуқароларнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик, дин, ҳаракат, шахсий ҳаёт эркинлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига оид маълумотларни олиш ҳуқуқларини бузади", бундай ҳаракатлар нафақат экстремизмга қарши курашга ҳисса қўшмайди, балки аксинча ёшларни радикаллаштиради. 2017 йил "Ваҳҳобийлик" тоифаси бўйича рўйхатга олиш бекор қилингани ҳақида ҳукумат органлари хабари пайдо бўлди. Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари у ёки бу тарзда рўйхат юритишда давом этмоқда.
2009 йилда воиз Муртазали Магомедов отиб кетилди. 2010 йилда Учкентда салафий масжидини қурган Исмоил Гаджиев ўлдирилди. 2011 йилда Махачқалъада хавфсизлик кучлари томонидан Республикадаги мусулмонларнинг зулмига қарши катта митинг бўлиб ўтди. 2012 йилда ислом олими Магомедхабиб Заурбеков, шунингдек, Республика муфтийси ва хавфсизлик кучларига душман сифатида кўрилган салафий имоми Калимулла Ибрагимов отаси ва укаси билан ўлдирилди. 2013 йилда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва мусулмонларнинг таъқиб қилинишини ёритган журналист Ахмеднаби Ахмеднабиев ва ислом фаоли Абдулла Гаппаев отиб ташланди. 2014 йилда салафий имом Омарасхаб Алибеговнинг куйган жасади топилди, у аввалроқ хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Ингушетия
Ингушетия Республикаси раҳбари Евкуров видеокамераларни ўрнатиш орқали масжидларда воизлар устидан назорат ўрнатишни талаб қилди. Республика руҳонийларининг бу ва бошқа таъқиблари учун РИ муфтийлиги уни мусулмонлар жамоатидан четлаштирди.
2008 ва 2009 йилларда Республикада мусулмон мухолифат ҳуқуқ ҳимоячилари Магомед Евлоев ва Макшарип Аушев ўлдирилган. 2009 йилда ҳокимиятни танқид қилган имом Мусо Эсмурзаев ўлдирилди, ўша йили имомлар Иброҳим Калиматов ва Абдураҳмон Картоев ҳам ўлдирилган.

Кабардино-Балкария
2006 йилда "Ваҳҳобийлик" тарқалишига қарши туриш учун ҳукумат вакиллари таълим муассасаларига ташриф буюриб, намоз ўқийдиган барча талабаларни рўйхатга олишди. Лицейда танаффус пайтида намоз ўқиган қилаётган бола полиция бўлимига олиб кетилди. Золский туманидаги ҳуқуқ-тартибот ходимлари марҳум жангарилар беваларидан улар "шаҳид" бўлмаслиги ҳақида тилхатлар олишди.
2006 йил март ойида 59 мусулмон халқаро ҳуқуқ ҳимоячиларига Кабардин-Балкарияда Ислом динига эътиқод қилувчи диндорларнинг ҳуқуқларини оммавий равишда бузилиши тўғрисида ЕСПЧга мурожаат қилишни илтимос қилди. Унда шундай дейилган:"ушбу баёнотларда биз мусулмон диндорларнинг ҳуқуқларининг оммавий бузилиши, қийноқлар, қотиллик, 13 октябр воқеаларидан олдин ҳам, кейин ҳам содир бўлган ноқонуний ҳибсга олишларга ишора қилдик ва айбдор амалдорларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилдик" .
2014 йилда мусулмон ҳуқуқ ҳимоячиси Тимур Куашев ўлдирилди.

Калининград вилояти
2019 йилда Черняховскда ҳокимият россиялик мусулмон фаол Артур Русяев томонидан ўз пуллари учун қурилган ибодат уйини вайрон қилди. Русяев минтақада масжид қуришга уринишда давом этди. 2020 ва 2021 йилларда у ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан таҳдид олганини айтди. 2021 йилда у гиёҳванд моддаларни сақлагани учун 4,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг айтишича, гиёҳванд моддалар ташлаб қўйилган ва ҳибсга олишнинг ҳақиқий сабаби Черняховскдаги масжид билан боғлиқ зиддиятдир. Гиёҳванд моддалар солинган пакетда Русяевнинг бармоқ излари ва тер-ёғ излари йўқ эди. 2022 йилда у колонияда юрак хуружидан вафот этди.
Қалмиғистон
2022 йилда "Gulagu.net" Қалмиғистон қамоқхонасида қийноқлар ҳақида хабарлар олди. Бошқа нарсалар орасида,  қамоқда ўз мижозларига ташриф буюрган адвокатлар ахлатлар орасида бир даста Қуръон ва жойнамозлар кўргани қайд этилган. Қийноқ қурбони, доғистонлик Магомед Атимагомедовнинг ҳикоясига кўра, скотч ва қайноқ сув ёрдамида кўкрагига хоч белгиси туширилган, ўлдириш таҳдиди остида исломдан воз кечишни ва чўқишинни талаб қилишган. Доғистон Республикасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Жамол Алиев таъкидлаганидек, қийноқлар ва таҳқирлар этник ва диний асосларда содир бўлади.

Киров вилояти
Киров вилоятидаги 6-сонли ахлоқ тущатиш колониясида жазони ўтаган маҳбусларнинг «idel.Реалии» таҳририятига мурожаатларига кўра, улар қамоқ пайтида турли хил қийноқларга дучор бўлишган. Уларнинг таъкидлашича, мусулмон маҳбуслар яширинча ибодат қилишларига тўғри келган, чунки бу қийноқ таҳдиди остида тақиқланганди, Қуръон Мусҳафлари тортиб олинарди ва хочлар бериларди, қичқириқлар эшитилмаслиги учун қийноқлар баланд мусиқа остида амалга ошириларди, мусулмонларга тинглаш учун православ хори қўйиб бериларди.

Краснодар ўлкаси
2022 йилга келиб, 20 мингдан ортиқ мусулмонлар яшайдиган Сочида битта ҳам масжид йўқ эди, гарчи бу шаҳар тарихан Кавказ уруши пайтида Россия империяси томонидан йўқ қилинган ва қувилган черкес мусулмонлари яшайдиган Ғарбий Кавказнинг бир қисми бўлса ҳам. Шаҳарда Исломий маданият маркази мавжуд, аммо у масжид вазифасини бажара олмайди.
Тадқиқотчи Холид Бейдуннинг сўзларига кўра, 2014 йилда Сочидаги Олимпия ўйинларини ёритишда Ислом ва мусулмонлар фақат террористик таҳдид шаклида, рўмол ўраган "қора бева"лар ва миллий хавфсизлик сабабли диний маросимларни тақиқлаш билан тилга олинган.
"Мен сизни бу ерда ўз онам сифатида эслайман, биз мусулмон душманларга қарши ҳаёт-мамот жангига борамиз" деган сатрларни ўз ичига олган Краснодар ўлкасининг мадҳияси мунтазам равишда мусулмонлар орасида ғазабга сабаб бўлади, аммо қонунчилик тузилмалари бу ерд диний ҳақоратларни топа олмади.

Қрим
Турли хил ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларнинг сўзларига кўра, шу жумладан «Human Rights Watch» га кўра, 2014 йилда Қрим Россия томонидан қўшиб олинганидан кейин қрим-татр мусулмонлари Россия ҳукумати томонидан камситилган. Юзлаб қрим татарлари ҳибсга олинди, ғойиб бўлди, тинтув қилинди ва терроризм айблови билан қамоқ жазосига ҳукм қилинди – айримлар уйида Қуръон бўлгани учун, бошқалар эса Украина маъмурияти даврида қонуний саналган исломий сиёсий партиялар аъзолиги учун. Бир қатор диний ташкилотлар тақиқланди. Россиянинг Қрим муфтийси ўринбосари Баировнинг фикрича, Қримда диний сабабларга кўра судланган сиёсий маҳбуслар йўқ ва фақат экстремистлар таъқиб қилинмоқда. Украина Қрим муфтийси, Айдер Рустемовнинг таъкидлашича, Россия ҳукумати томонидан уларнинг сиёсатидан норози бўлган барча Қрим татарлари экстремистлар деб аталмоқда. Унинг сўзларига кўра, Россия муфтиятининг бир қисми бўлишни рад этган масжидларда Рамазон ойида электр энергияси ўчириб қўйилди. Қримлик адвокат Семедляевнинг сўзларига кўра, терроризмда айбланган Қрим аҳолиси зўравонлик жиноятларини содир этмаган, жиноий ишлар эса тақиқланган адабиётлар, язиринча тинглаш маълумотлари, шунингдек махфий гувоҳлар томонидан берилган кўрсатмалар асосида қўзғатилган.

Москва
Левада маркази томонидан ўтказилган сўровларга кўра, сўралган москваликларнинг 91% ҳижобга салбий муносабатда.
Икки миллион мусулмон аҳолиси бўлган шаҳарда атиги 5 та масжид бор. Расмийлар мусулмонларнинг аксарияти муҳожирлар экани, маҳаллий мусулмонлар учун эса масжидлар сони етарли эканлигини баҳона қилиб, янги масжидлар қуриш учун рухсат бермайди. Журналист Василий Радичнинг сўзларига кўра, мусулмонлар диний биноларининг йўқлиги ҳам исломга қарши кайфиятларнинг ўсишига ёрдам беради, чунки Москва мусулмонлари Исломий байрамларни атрофдаги баъзи одамлар норозилигига сабаб бўлган ҳолда кўчаларида очиқ ҳаво остида нишонлашга мажбур.
The Moscow Times нашрига кўра, «Россия руслар учун» шиори москваликларнинг 43% томонидан қўллаб-қувватланади.
2007 йилда Интернетда "Доғистонлик ва тожикнинг қатл этилиши" деб номланган видео пайдо бўлди, унда рус миллатчи-социалистлари бир доғистонлик ва эҳтимол, тожикнинг томоғини кесиб, кейин калласини олгани, иккинчисини эса бошнинг орқа томонидан отиб ташлангани кўринади. 2010 йилда Москва метросидаги терактдан сўнг, мусулмон кийимидаги ёки қорамағиз рангли баъзи аёллар метрода зўравонлик ҳужумларига дучор бўлишди. 2013 йилда доғистонлик аёл Москвада ўлдирилган ва унинг танасига хоч шаклида кесилган.
2017 йилда Ярдям масжиди имоми Маҳмуд Велитов уч йилга озодликдан маҳрум этилди. У гуноҳлари кечирилиши учун ибодат туфайли терроризмни оммавий оқлаганликда айбланган, ваҳоланки, ундан бу шахснинг бирон-бир ташкилот аъзоси эканлиги айтилмасдан ўлдирилган одам учун ибодат ўқишни сўраган.
2023 йилда Москва шаҳри ва Москва вилоятидаги масжидларда ноқонуний муҳожирлар борлигини текшириш учун полиция рейдлари бошланди. Котелникида ОМОН ва Дзержинскдаги ГРОМ махсус кучлари жума намози пайтида масжидга оёқ кийими билан кириб келди ва мусулмонларга намозни тугатишга рухсат бермади. Бу ҳолатлар резонансга айланди ва тарихий масжидда мусулмонларнинг такбир айтган ҳолда юриш шаклида норозилик акциясига олиб келди.

Москва вилояти
2006 йилда номаълум шахслар Яхромдаги маҳаллий масжидни портлатишга уринган. Бино омон қолди, аммо қўшни уйларга катта зарар етказилди.

Мордовия
Мордовия мактабларида ҳижоб тақиқланган. Маҳаллий мусулмонлар жамоаси вакиллари таъкидлаганидек, қизларнинг бошидан рўмоллари юлқиб олинган ва тадбирга киришга рухсат берилмаган. 2016 йилда аҳолининг мутлақ аксарияти татарлар бўлган Белозерье қишлоғида янги мактаб директори ишдан бўшатиш таҳдиди остида ўқитувчилар учун ҳижобни тақиқлашни жорий қилди. 20 та мусулмон ўқитувчилардан 4 таси ишдан бўшаб кетди, 3 таси мактабда рўмол ўрашдан воз кечди, 13 та енгил рўмол ўрашда давом этди.
2016 йилда Ламбирдаги жума намози пайтида полиция ходимлари қуролланган ҳолда масжидга ЦПЕ вакили билан бирга келишди ва деярли барча ибодат қилувчиларни, тахминан 40 кишини автобусда полиция бўлимига олиб кетишди, тахминан 10 киши дарҳол озод қилинди.

Нижний Новгород вилояти
2006 йил Дзержинскдаги жоме масжидига вандаллар ҳужум қилиб, унга тош отишган. Эртаси куни вандаллар томонидан масжидга «молотов коктейли» ташланди, аммо ҳеч ким жароҳат олмади.

Пенза вилояти

2019 йилда прокуратура талабларига биноан "экстремистик фаолиятга қарши курашнинг асосий тамойилларига риоя қилиш учун" 20 та мактабда мусулмон аёлларнинг рўмолини тақиқловчи қоидалар қабул қилинди.

Санкт-Петербург
2004 йил скинхедлар тўдаси тўққиз яшар тожик қизи Хуршеда Султановани сўйиб кетди.

Ставрополь ўлкаси
2012 йилда Ставропол ўлкаси ҳукумати мактабда диний либос кийишни тақиқлади. Россия Федерацияси Олий суди бу диндорларнинг ҳуқуқларини бузмайди деган қарорга келди.
Ставропол ўлкасида 2012 йилдан 2016 йилгача 5 нафар имом ўлдирилган. 2018 йил ҳолатида жиноий ишлар очилмаганди. Барча ўлдирилган имомлар ижтимоий фаолият билан шуғулланишган ва вилоятда ҳижоб кийишни тақиқлашга очиқ қаршилик кўрсатишган. 2014 йилда исломий фаол Замир Таибов ўлдирилди.

Татаристон
Қозон мактабларида ўқитувчилардан полицияга «диний эътиқодга қаттиқ риоя қиладиган» яъни ҳижоб ўрайдиган қизлар ва уларнинг оилалари ҳақида маълумот бериш талаб қилинди. Адвокат Руслан Нагиев буни виждон эркинлиги ва дин эркинлиги конституциявий ҳуқуқининг қўпол бузилиши деб атади.
Чистопол ахлоқ-тузатиш колонияси собиқ маҳбусининг айтишича, у ерда мусулмонлар чўчқа гўшти билан озиқлантирилади ва уларга ибодат қилиш ман этилади.

Тюмень вилояти
Москва Хелсинки гуруҳи ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, 2006 йилда қуролланган одамлар Тюмен масжидига эрта тонгда бомдод намозида кириб, ҳаммадан ўз ҳужжатларини тақдим этишни талаб қилишган. Улар ўзларини ФСБ ходимлари деб таништиришган, аммо вазият ҳақида ҳеч қандай ҳужжат ёки тушунтириш кўрсатмаган. Қатағон таҳдиди остида мусулмонларни полиция бўлимига олиб борадиган автобусга олиб боришди ва у ерда улар билан шахсий суҳбатлар ўтказилди. Улардан масжидга боришни тўхтатиш ва жиноий иш қўзғатиш таҳдиди остида расмийлар билан ҳамкорлик қилиш талаб қилинган. Улардан 6 нафари тожиклар эди - улар полиция бўлимига олиб кетилган, улардан бирининг рўйхатдан ўтиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли олиб кетилган. Қолган бештаси ўрмонга олиб кетилди, у ерда қатл қилиш таҳдиди остида масжидга боришни тўхтатиш ва Тюменни тарк этиш талаб қилинди.

Ульянов вилояти
"Gulagu.net" ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, 2022 йил апрелида Димитровград қамоқхонасида қамоқхона ходимлари рўза тутган мусулмон маҳбусларни калтаклашган ва қийноққа солишган. Норозилик сифатида ўнлаб маҳбуслар очлик эълон қилишди ва ўз томирларини кесишли.

ХМАО
2013 йилда хавфсизлик кучлари Сургутдаги у ерда асосан Марказий Осиё ва Озарбайжондан келган муҳожирлар бўлган чойхонага кириб, тинтув ўтказишди. Меҳмонлар соқолларини олдиришлари кераклигини айтишди. Сургут тожиклар миллий мухторият раиси Файзула Аминовнинг баёнотига кўра, Сургут полиция раҳбари Ерохов бу учун унлан узр сўраган.

Чеченистон
«Кавказский узел» хабарларига кўра, Чеченистон Республикасида соқол қўйган ва мўйловини қиртишлаб юрадиган одамлар мунтазам равишда ҳибсга олинади.

ЯНАО
2009 йилда ҳукумат Новый Уренгойдаги «Нур имон» масжидини бузишга қарор қилди. Мусулмон журналист Дмитрий Черноморченко таъкидлаганидек, «Нур Ислом» исломий ҳамжамияти оммавий ахборот воситаларида оммавий қораланди, жамоатга қонуний ва ҳуқуқий бўлмаган босим бошланди. Бир йил ўтгач, Тюменда масжид имоми Исомитдин Акбаров ўлдирилган.

Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase