close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Путиннинг ёрқин юзи: президент тасвирланган иконалар модага айланди

Владимир Путин мунтазам равишда черковларга ташриф буюради ва бу ташрифлар давомида омма олдида иконаларни ўпишдан тортинмайди – ҳар ҳолда пандемиядан олдин шундай эди. Бироқ, президент Путиннинг ўзи нафақат Россияда, балки хорижда ҳам икона ва фрескаларда тасвирланганини жуда кам одам билади.

Ва бу ҳодиса Кремл томонидан маъқулланмаган бўлса-да, у кенг тарқалиш учун барча имкониятларга эга. Ахир, 2014 йилда Вячеслав Володин томонидан эълон қилинган "Путинсиз Россия йўқ" постулати сиёсатчилар ва черков иерархлари орасида тобора кўпроқ тарафдорларни топмоқда.
Черковлар деворларида ҳукмдорларни тасвирлаш анъанаси Киев Руси давридан бери мавжуд бўлиб, бу одат Византиядан келган. Ольгадан тортиб Иван Калитагача бўлган кўплаб Рюриковичлар авлиё, деб тан олинган. Ҳатто черков томонидан муқаддас деб эълон қилинмаган князлар ва императорлар ҳам тарихий воқеаларга бағишланган фрескалар ва пиктограммаларнинг қаҳрамонларига айланишган.
Инқилоб бу кўп асрлик анъанани тўхтатди, аммо маълум бўлишича, узоқ вақтга эмас экан. 1917 йилдан деярли дарҳол сақланиб қолган черков ва маъбадларнинг биноларига кириш жойига Исо ва Худонинг «онаси» тасвирлари ўрнига Лениннинг, кейин эса Сталиннинг портретлари осиб қўйилди. Ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб жаҳон пролетариатининг етакчиси ва барча халқларнинг отаси иконаларда мунтазам равишда пайдо бўла бошлади. Расмий черков ҳеч қачон бундай тасвирларни марҳамат қилмаган ёки олқишламаган бўлса-да, икона расмлари ҳар доим халқ фантазияси ва у томонидан туғилган сюжетлар билан фаол равишда кучайган.

Сталин ва Матрона ҳақида афсона

Сталин билан боғлиқ энг машҳур икона - бу унинг Матронанинг ёнидаги сурати, Совет давлати раҳбарига Москвани фашист босқинчиларидан ҳимоя қилиш учун фойдаланилган. Ривоятларга кўра, генералиссимус 1941 йилда СССРнинг ғалаба қозониш имкониятларини билмоқчи бўлган Матрона билан учрашган ва у Сталин шаҳардан эвакуация қилинмаса, Москва бардош бериши ҳақида башорат қилган. Жугашвили, маълумки, Кремлда қолди. Немислар ҳақиқатан ҳам пойтахтга кирмадилар. Бундан ташқари, Матронанинг дуоларига жавобан қаттиқ совуқлар бўлди.
Гарчи Сталин билан Матрона учрашгани ҳақида ҳеч қандай далил бўлмаса-да, бу сюжет мунтазам равишда Матрона тасвирланган иконаларда ҳам, алоҳида тасвир шаклида ҳам пайдо бўлади.  2008 йилда генералиссимус иконаси Стрелнада (Санкт-Петербург яқинида) жойлашган Муқаддас княгиня Ольга черкови учун қилинган, аммо у ерда узоқ давом этмади. Бундан ташқари, игумен Евстафий "сектант" деб эълон қилинди ва черковдан четлатилди. Қўлида хоч ва боши узра зарҳал доира билан тасвирланган Сталин расми туширилган «царебожник» иконалари ҳам бор, шунингдек, "рус халқининг Муқаддас Худо берган етакчиси, буюк пўлат император Иосиф" га тропари мавжуд, аммо у аниқ антисемитик йўналишда бўлган.

Илон кўринишидаги Ленин

Дунё пролетариати доҳийсига келадиган бўлсак, Интернетда «Новомученик святой старец Владимир Ленин» иконаси расмини топиш мумкин. У Комида яшаган попсиз-раскольниклар ижодига мансуб деб айтишади.  (гўёки ушбу икона айнан ўша ерда 90-йилларда расмга олинган). Бироқ кўпчилик бу фейк деб ҳисобламоқда.
Грузин черковларида сиз Владимир Ильични учратишингиз мумкин, лекин ҳурмат учун намуна сифатида эмас, балки оловли дўзахга лойиқ атеист сифатида. 2012 йилда авлиё сифатида канонизация қилинган (ва барча православ черковлари томонидан ҳурматга сазовор) Гавриил Ургебадзе Ленинни илон қиёфасида оёқ ости қилаётган ёки унинг суратини «убрус»да ёқиб юборган ҳолда тасвирланган. Диакон Андрей Кураевнинг айтишича, грузин иконасининг сюжети 1965 йилдаги ҳақиқий воқеаларга ишора қилади, ўшанда май ойида бўлиб ўтган намойишда иеромонах Гавриил Лениннинг улкан портретига ўт қўйган ва бунинг учун ғазабланган оломон уни калтаклаган. Ўн саккизта жойи синган ҳолда у "антисовет фаолияти" учун ҳибсга олинган ва кейин шизофренияга мойил бўлган психопатик шахс ташхиси билан руҳий касалхонага юборилган.

Кўп юзли Путин

Замонавий Россия раҳбарлари ҳам "халқ" иконаларидан ўрин олиш шарафига муяссар бўлди. Тўғри, Горбачев ва Ельциннинг тасвирлари бармоқ билан санарли, аммо Путин билан боғлиқ сюжетлар жуда кўп ва хилма-хил, машҳур ва нафақат Россияда, балки чет элда ҳам учрайди. Россия Президентининг биринчи кўринишларидан бири 2008 да Сергей Куракин томонидан бўялган Худонинг «она»сининг янги рус иконаси бўлди. Бу унинг макет гўдак Исонинг қўлларида бўлган Нажоткор Масиҳнинг ибодатхонаси тақдири орқали 19-асрдан бошлаб ҳозирги кунгача бўлган Россия тарихини акс эттиради. Бу ерда сиз сўнгги рус императорлари, Горбачев ва Ельцин, Юрий Лужков, Патриарх Алексий II, меъмор Тон ва ҳатто оқ уй ҳимоячилари билан Матиас Рустни ҳам топишингиз мумкин
Владимир Путин "Нажоткор Масиҳ ибодатхонасини муқаддаслаштириш" деб номланган охирги иконада "дугонаси" (икноада кўрсатилганидек) - собиқ рафиқаси Людмила билан бирга пайдо бўлади. Иккаласи ҳам рус князлари ва маликаларининг иконанавислигига хос тарзда бўялган. Муаллифнинг сўзларига кўра, у иконани яратишга 1998 йилдаги "ҳаво иплари билан тўқилган" Худо онасининг суратини кўрганида илҳомланган. Куракин тан олиш учун Муқаддас Синодга мурожаат қилди, аммо Синоидал Литургик Комиссия "тасвирнинг бадиий қийматини санъат асари сифатида қайд этса ҳам", уни фақат "шахсий ҳурмат" учун тавсия қилиш мумкинлиги ҳақида жавоб олди.
Россия президенти тасвирланган энг тарғиб қилинган (лекин кам кўрилган) икона Нижний Новгород вилояти, Болшая Ельня қишлоғида диний жамоада (барча кўрсаткичларга кўра, «Воскрешающая Русь» сектаси) жойлашган. Унинг раҳбари, Фотиния она 2005 йил Владимир Путинни, унинг сўзларига кўра, ҳаворий Павел, князь Владимир, подшоҳ Сулаймон ва Николай II нинг биргаликдаги реинкарнацияси бўлиб, сажда қилиш объекти ҳисобланади, деб эълон қилди, 2012 йилда президентлик сайловлари арафасида икона намланганини айтди. Ўшандан бери журналистлар ва Россия президентининг тарафдорлари мўъжизавий тасвирини кўришга бир неча бор уринишган. Бироқ, Фотиния иконани черковдан олиб ташлади ва баъзи манбаларга кўра, ўз кабинетида, бошқаларга кўра, ётоқхонасида яширган. Жамиятнинг фақат танланган аъзолари унга кириш ҳуқуқига эга. Уларнинг сўзларидан маълум бўлишича, тасвир “Путь Иной (ўзга йўл)” ёки қисқартирилган шаклда “ПутИн” деб номланади.
Витебскдаги авлиё Антоний Падуанский костёлида Путин фрескасини кўриш анча осонроқ. Минсклик рассом Владислав Кондрусевич совғалар тортиқ қилиш ҳақидаги сюжетга янгича назар ташлади ва волхвлар сифатида Владимир Путин, Барак Обама (ўша пайтда АҚШ президенти) ва Далай Ламани тасвирлади.
«Совғаларни учта волхв: Каспар, Бальтазар ва Мельхиор келтирди, улар кўпинча турли ирқ вакиллари – қора танли, оқ танли ва сариқ танли қилиб тасвирланади. Шу сабабли бу қаҳраомнлар жуда мос тушган», - дейди рассом. Унинг сўзларига кўра, классик Инжил сюжетларини замонавий воқеликлар билан аралаштириш анъанаси мутлақо одатий бўлиб қолган: Брейгел 16-асрда Голландия қишлоғида чақалоқларнинг калтакланиши саҳнасини жойлаштирган, Эл Греко скрипка ва виолончелли фаришталарни чизган.
Белоруссиядан фарқли ўлароқ Худонинг онаси ва Масиҳнинг ёнига ҳетманлар ва бошқа тарихий шахсларни қўйиш анъаналари доимо кучли бўлиб келган Украинада Россия президентининг черков тасвирлари аниқ салбий характерга эга. Бу тенденция 2014 йилги машҳур воқеаларга жавоб бўлди.

Тўрт йил аввал Пасха байрами

Тўрт йил аввал Пасха байрами арафасида Червонограддаги Авлиё Иосафат юнон-католик черковининг деворларига расм солиш тугалланганда, кўплаб одамлар ибодатхонанинг ғарбий томонида жаҳаннам ўтида тасвирланган одам Владимир Путинга жуда ўхшашлигини пайқашди. Сал нарироқда эса иблислар юз хусусиятлари Виктор Януковични эслатувчи бошқа одамни қийнашади.
Шунга ўхшаш тасвирлар бошқа черковларда, асосан, Ғарбий Украинада учрайди, аммо руҳонийлар ҳеч қачон одамлар кўрганини кўришларини расман тасдиқламадилар. Хусусан, черков фикрига кўра, Червоноградда иблиснинг ёнида бюрократ ва масъулиятсиз сиёсатчининг йиғма образи тасвирланган ва агар кимдир унда Путинни кўрса, бу уларнинг муаммоси.
Россия президентининг барча санаб ўтилган черков тасвирлари ёки рассомларнинг, ёки уларга буюртма берган шахсларнинг виждонига ҳавола қилинадиган қизиқарли воқеалар деб аташ мумкин.
Бироқ 2020 йил умуман бошқача ҳодиса рўй беришига оз қолди: православ черкови расман Владимир Путиннинг Россия Федерацияси қуролли кучлари бош ибодатхонаси деворларида Қримнинг қўшиб олинишига бағишланган мозаика сюжетида пайдо бўлишига рухсат берди. Епископ Клинский Стефаннинг изоҳ беришича, бу тарихий шахслар, тарихий саҳналар ёки қайсидир тарихий даврларни тасвирлаш барқарор анъаналарига зид келмайди. «Бундай муҳим ҳодисалардан бири бу – Қримнинг қўшиб олиниши, албатта. Бу қўшиб олишда иштирок этган давлатнинг биринчи шахслари тасвирланади», - деди у.
Бироқ, воқеа ва унинг атрофидаги шовқин Владимир Путиннинг ўзига ёқмади. Дмитрий Песков айтганидек, "президент буни маъқулламайди", Қуролли Кучлар Бош ибодатхонасида "бундай тасвирлар", унинг сўзларига кўра, "ўринсиз бўлади". Бадиий кенгаш Кремлнинг илтимосига қулоқ солишга мажбур бўлди: президентнинг мозаикадаги боши Худо «она»сининг суратига айланди. Бироқ, черков иерархлари ҳам, кўплаб сиёсатчилар ва ҳатто оддий қавм ҳам Путин ҳаёти давомида абадийлаштиришга лойиқ, деган фикрда қолишди. Жумладан, анъанавий рус санъати ёрдамида иконка чизиш орқали. Демак, “президентни ибодатхонага олиб кириш”га уринишлар албатта давом этади.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase