Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхунинг баёнотида айтилишича, пайшанба куни кечқурун унинг Маҳкамаси «Мисрнинг… ўт очишни тўхтатиш ташаббусини сўзсиз қабул қилиш бўйича тавсияларни бир овоздан қабул қилган»
Шундан кейин Фаластиннинг ХАМАС ва «Ислом жиҳоди» гуруҳлари ўт очишнинг тўхтатилганини тасдиқладилар ва унинг жума куни тунги соат 2 дан (Гринвич бўйича пайшанба куни 23: 00) кучга кириши ҳақида баёнот бердилар.
Маълум қилинишича, Исроил армияси мамлакатда, жумладан, Ғазо чегараси билан туташ ҳудудларда ҳаракатга доир ҳарбий чекловларни бекор қилишга киришган.
Ғазо секторида ва босиб олинган Фаластин ҳудудида минглаб одамлар Исроил ва Фаластин қуролли гуруҳлари ўртасида ўт очишнинг тўхталишини нишонлаш учун кўчаларга чиқишди.
Ҳар икки томон ҳам кутилганидек ўз муваффақиятларини ва ҳатто «ғалаба»сини эълон қилди. Шу билан бирга, ҳар икки томон ҳам ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан қайта бошлашга ҳам тайёр. Келишув эълон қилингач, Нетаняху идораси сулҳ муддати "жойлардаги воқеликка" боғлиқ экани ҳақида огоҳлантирган, ХАМАС расмий вакили эса "фаластинлик қаршилик то босқинчилар томонидан риоя қилинар экан, улар ҳам бу келишувга амал қилиши"ни айтди.
Ғазо секторининг ўзида ўт очишнинг тўхтатилиши байрамона намойишлар ва фейерверклар билан нишонланди. «Бугун қаршилик ҳаракати душманларимиз устидан қозонилган ғалабани эълон қилади», - дея ХАМАСнинг Ғазо секторидаги етакчиси ўринбосари Халил ал-Хайанинг сўзларини келтиради The Jerusalem Post.
ХАМАС шунингдек, Исроил авиазарбалар натижасида зарар кўрган инфратузилмаларни қоплаши лозимлигини айтди. «Тўғри, бугун жанглар тўхтади. Лекин Нетаняху ва бутун дунё шуни билишлари керакки, ҳали қуролларни қўлдан қўйганимиз йўқ ва қаршилик кўрсатиш имкониятимизни кучайтиришда давом этяпмиз», деб қўшимча қилди ХАМАС сиёсий бюроси вакили Иззат ал-Решик.
Ўз навбатида, Исроил армияси матбуот котиби Хидай Зильберман ҳарбий операциялар ХАМАСнинг қурол-яроғ ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш қобилиятига жидди путур етказганини маълум қилди. Қарийб икки хафта давом этган қарама-қаршилик давомида Исроил, ўз маълумотларига кўра, жангарилар ҳарбий операциялар учун фойдаланган 100 километрдан ортиқ ер ости тоннелини йўқ қилган ва жангариларнинг ракеталари ва ракета учириш қурилмаларига қарата 570 та авиазарба берган.
Ғазода Исроил томонидан берилган авиа ва артиллерия зарбалари натижасида жами 243 киши, жумладан, 66 бола ҳалок бўлди ва 70 мингдан ортиқ Фаластинлик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди, дея эслатади The New York Times. Қурбонлар сони ўсишда давом этмоқда, чунки вайрон бўлган уйлар остидан ўликлар олиняпти.
ХАМАС Исроилга қарата 4 мингдан ортиқ ракета учириши оқибатида 12 киши, жумладан, 2 та бола ҳалок бўлган.
Натижалар ҳақида яна нима дейиш мумкин? Биринчи навбатда, Исроилнинг муваффақият ҳақидаги ва ХАМАСнинг деярли вайрон қилингани ҳақидаги даъволарига шубҳа билан қараш мумкин - агар ҳақиқатда шундай бўлганида, албатта, улар ер усти операциясидан ўзини тийиб тура олмаган бўларди - лекин Нетаняхунинг муваффақияти ҳақида бемалол гапириш мумкин. Икки ҳафта олдин нима бўлганини эсланг, у ҳақида сиёсий жасад сифатида гапиришган ва Исроил арабларининг фракцияси «қирол ясовчилар» сифатида кўрсатилган. Хўш, эндичи? Яқин келажакда араблар иштирокида коалицион мухолифат ҳукумати бўлмайди, бундан ташқари, Нетаняху вазиятни Исроилнинг ўзидаги этник тўқнашувларгача олиб боришга муваффақ бўлди. Шу билан бирга Нетаняху яҳудийлар назарида оддий одамларни "Фаластин терроризми"дан ҳимоя қилишга тайёр шахс сифатида гавдаланди.
ХАМАС. Ҳозирда ХАМАСнинг йўқотишларини аниқ айтиш қийин, аммо маънавий жиҳатдан улар ҳам ғалаба қозонишди. Ахир, уларнинг ҳолатида омон қолиш ва жойларини сақлаб қолишнинг ўзи катта муваффақият. Бироқ, бундан ташқари, бу кунлар давомида улар, шунингдек, оммавий ўққа тутишлари улар мақталган "Темир гумбаз" қаршилигини синдиришга ва Исроилни катта зарар кўришга мажбур қилишга қодир эканлигини исботлади, деярли бутун Исроил аҳолисининг қўрқув остида қолиши ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Шу билан бирга, можаронинг барча ўтган босқичларида бўлгани каби, буларнинг барчаси юзлаб (ва минглаб) фаластинликлар ҳаёти ва вайрон қилинган Ғазонинг қийматига арзийдими, деган савол туғилади. Афсуфки, бу саволга умид берадиган жавоб кўринмайди.
Дарвоқе, Ғазодаги можаро пайтида Қуддуснинг Шайх Жарроҳ туманида Фаластинлик оилаларнинг кўчирилиш тарихи ва ал-Ақсо атрофидаги вазият деярли унутилган. Ҳар ҳолда буларнинг барчаси қандай якунланиши ҳали аниқ эмас.
Яхши томони, Ғарбда ва умуман дунёда Фаластин тарафдорлари позицияси Исроилдан, ҳатто яҳудий демократик муҳитида ҳам жиддий устунлик қила бошлаган кўринади. Йўқ, албатта, просионист аблаҳлар қаерда бўлган бўлса, ўшандай қолади, масалан, Россия «либерал» мухолифат орасида улар ўзини тўлиқ кўрсатди. Шунингдек, АҚШ ҳам Исроилни каннибаллик ҳаракатларида қўллаб-қувватлаш бўйича одатдаги позициясидан бир қарич ҳам жилмади.
Лекин шунга қарамай, шу кунларда Ғарбдаги жамоатчилик ҳаракати ва оммавий ахборот воситаларини кузатиб борганлар ҳақиқатда ўзгариш рўй берганлигини сезмай қолмасликлари мумкин эмасди. Кўплаб мусулмонлар дунё Фаластиннинг азоб-уқубатларига келганда кўр ва кар бўлиб қолган дейишади, келинг, тўғрисини айтамиз – жуда кўплаб мазлум жамоатлар ҳозирги кунда Фаластин масаласи ўзига жалб қилган эътиборнинг бир қисмига ҳам сазовор бўлмаган. Нима учун шундай эканлиги бу - алоҳида мақола учун суҳбат мвзусидир.
Шу билан бир пайтда сўнгги кунларда икки томонни ҳам сулҳга кўндиришга фаол ҳаракат қилган АҚШ президенти Жо Байден халқаро ҳамжамиятни ҳаво ҳужумларидан сўнг Ғазо секторини қайта тиклашга сафарбар этишга ваъда берди. Байден маъмуриятидаги юқори мансабдор расмийлардан бири The New York Times га бу АҚШ бошчилигидаги халқаро ҳамжамиятга миллиардлаб долларга тушади, деб айтди: ҳаво ҳужумлари шундоқ ҳам яхши ривожланмаган инфратузилма, жумладан, сув ва канализация тизимлари, электр тармоқлари, касалхоналар, мактаблар ва йўлларга катта зарар етказган. Шу билан бирга Байден қайта тиклаш ХАМАС билан ҳамкорликни ўз ичига олмаслигини ва "Хамаснинг арсеналини тўлдиришига йўл қўймаслик" каби тарзда ташкил этилишини алоҳида таъкидлади.
Ғазо секторини қайта тиклашга Миср (500 млн доллар ваъда қилган), Қатар (Ғазони қайта тиклашда аллақачондан бери қатнашяпти) ва эҳтимол, Туркия қўшилади.
Туркия ҳақида алоҳида айтиш керак. Унинг роли кўпчилик томонидан икки маъно билан қабул қилинади. Бир томондан, президент Эрдўған ва бошқа турк раҳбарлари Исроилни қоралаб, жаҳон ҳамжамиятини (айниқса, унинг мусулмон қисмини) Фаластинни ҳимоя қилишга сафарбар этишга уриниб, баландпарвоз гаплар айтди. Бошқа томондан, кўп одамлар Туркия аслида қуруқ гаплар билан чекланиб, Исроилга қарши реал санкциялар жорий қилмаганидан норози («Турк ҳаво йўллари» ҳатто Ғазо бомбардимон кунларда ҳам, худди ҳеч нарса содир бўлмагандек, Исроилга парвозларни давом эттирди). Биз бу ерда фақат кўп марта ёзган нарсаларни такрорлаймиз. Туркия турк халқининг миллий давлатидир ва шундан келиб чикиб фикр билдириш керак.
Умуман олганда, бу охирги уруш эмаслиги ҳаммага аён. Яқин кунларда жанговар ҳаракатлар тикланмайди деб ҳеч ким ишонч билан айта олмайди. Иккала томон ҳам зиддиятнинг янада авж олишида ўтган кунлар тажрибасини ҳисобга олиши турган гап.
Ҳозирча эса, эслатиб ўтамизки, тез кунларда Фаластинни сайловлар кутиб турибди. Сайлов натижалари эса, урушдан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этиши мумкин.
Фаластин: сулҳ ва дастлабки натижалар
Шундай қилиб, сулҳ кучга кирган кўринади. 20 май оқшомида Миср воситачилигида Исроил ва Хамас ҳаракати 10 майда бошланган Ғазо секторидаги ҳарбий можарони тўхтатишга келишиб олди. 21 май куни эрталаб соат иккида бошланган сулҳ худди шу кун пешингача сақланиб қолади.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Тахлил
|
Бошқа мақолалар: Абу Муслим
- Байден ҲЖС қароридан норози бўлди, аммо бунга қарши ҳеч нарса қилмади
- Қўрқув формуласи: Россия нима учун қитъалараро баллистик ракетани ишлатди?
- Оқ уй: Путиннинг таҳдидларига қўйганимиз бор АҚШ Украинага ёрдам бераверади
- Супертурбина водородда ишлаб чиқарилаётган энергия: Россия газига алтернатива
- Халқаро Жиноят Суди жиноятчи Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазирига нисбатан ҳибс ордери чиқарди