Айнан Вена шаҳри ўрта асрларда Исломнинг икки фатҳини тўхтата олган Европанинг сўнгги нуқтаси бўлди. Эслатиб ўтай, Исломнинг биринчи тўлқини умавийлар даврида 711 йил (ҳиж. 92 йил олтинчи халифа Валид ибн Абдул Малик даврида) Гибралтар ва Испания орқали Европани қоплаган эди. Мусулмонларнинг отлиқ қўшинлари шиддатли бўронга ўхшаб Пириней тоғларидан ўтиб, илк бор Европа минтақасига чуқур кириб бордилар ва 732 йили (ҳиж. 114 йил ўнинчи халифа Ҳишом ибн Абдул Малик даврида) ҳозирги Парижга яқин Пуатье деган жойда тўхтатилдилар. Исломнинг иккинчи тўлқини эса, Европага усмонийлар даврида келди. Бу сафар мусулмонларнинг қўшинлари Европанинг марказигача Болқондан кириб бориб, Венани 1529 (ҳиж. 935 йили 10-халифа Сулаймон Қонуний даврида) ва 1683 (ҳиж. 1094 йили 19-халифа Муҳаммад IV даврида) йиллари қамал қилдилар. Ҳар иккала уриниш ҳам муваффақиятсиз бўлди, чунки Вена ҳужумларга бардош бера олди.
Усмонийларнинг Венани муваффақиятсиз қамал қилиши Марказий Европа фатҳини тўхтатиб қўйди. Шундан бери ҳар қандай европалик учун Вена ва ҳатто баъзи россияликлар учун ҳам Ислом Европани забт эта олмаслигининг тимсолига айланди. Бу ҳақда рус ҳамкасбларим билан Венанинг тор кўчаларида сайр қилар эканмиз, улар ҳазил аралаш эслатиб туришдан чарчамадилар. Мен уларга эса табассум ила “Биз бошқа йўлдан боряпмиз...”, деб жавоб бердим ва кўҳна Венада ўз юртидагидек юрган ҳижобли қизлар тарафига ва кичик ресторанда шарбат ичиб, ўз тилларида суҳбатлашиб ўтирган чечен йигитлари тарафига бошим билан ишора қилиб қўйдим. Дарҳақиқат, иккита исломий фатҳ тўлқинини (умавий ва усмонийлар ҳужумларини) қайтара олган Европа бугун глобализация ва чегараларнинг йўқ бўлиб кетиши оқибатида келиб чиққан исломий демографик “ҳужумига” ва мусулмонлар миграция тўлқинига жавоб бера олмаётир.
Шайтоний мода
Вена бутун ғарб цивилизациясининг маркази ва тимсоли бўлгани учун ҳам менга қизиқдир. Мен бу ерга нафақат илмий мақсадлар ортидан, балки Европанинг рамзий қалбига шўнғиш ва уни ичидан ҳис қилиш учун келдим.
Аввал кўчаларни кездим, дўконларга бордим ва одамлар билан суҳбат қурдим... Мусулмон бўлганим учун мен барча нарсага Қуръон асослари билан нигоҳ ташлайман. Биринчи навбатда эътиборимни бу ердагиларнинг тавҳид ва рисолат қадриятларига қанчалик содиқ қолишгани ёки узоқлашиб кетганига қаратаман.
Биринчи кўзга ташланган нарса маҳаллий аҳолининг қора кучларга бўлган кучли ишончи. Деярли барча китоб дўконларида жодугар, алвасти, жин ва бошқа жирканч махлуқотлар ёритилган болалар учун бошқотирмалар тўлиб ётибди. Катталар учун эса шайтон, вампир, жодугар ва бошқа манфур қора кучлар ҳақида китоблар муҳайё. Китоб дўконларининг бутун бошли бўлимлари фантастиканинг қора жанри, шайтоний мистика ва эзотерикага бағишланган...
Бу мода фақат австрияликларга хос эмас. Замонавий Европа маданияти шайтоний ва қабр ҳақидаги афсоналар билан тўлган. Голливуд индустриясининг ўтган йилги шубҳали шедеврларига боқиш кифоя – “Фаришта юраги”, “Ван Хелсинг”, “Оқшом” ва бошқа юзлаб кино фильмлар.
Қўрқинч маданияти
Замонавий ғарб дунёсининг бундай салбий қаҳрамонлар ва сюжетларга қизиқишлари қаердан келди? Ахир Ислом ва православ черкови Ғарб насронийлиги пайдо қилган даҳшатли тушунчаларни ёки шайтон, афсунгар ва вампирлар олдида юрак қотиб қоладиган даражада қўрқиш каби нарсаларни пайдо қилмаган-ку...
Мазкур даҳшат асосига қурилган Ғарб маданияти ўрта асрларда авжга чиққан палласида санъат соҳасида ўлим ва шайтон асосий ўринни тутишига олиб келди. Таниқли маданиятшунос Йозеф Хейзинг мазкур ўрта аср кўринишларини “даҳшатли арвоҳлар ҳамда ёпишқоқ ва фалаж қилувчи қўрқувлар таъсирида инсон шуъурининг қаърида туғилган бир титроқ...” дея тасвирлайди.
Кино санъатининг даҳшатли фильмлар жанри айнан мазкур Европа маданияти асосида пайдо бўлган ва Ғарб мамлакатларида ўта оммалашган. Бу кўриниш бутун бошли авлодлар бошидан кечирган даҳшат ва қўрқувга йўғрилган “маданият”дир. Ўйлайманки, замонавий ғарб одами айнан шундай «санъат» – даҳшатли фильмлар, қора кучлар ва вампирлар ҳақидаги китоблар ва сайланмалар – орқали ўз қонига ва шуъурига асрлар давомида сингдирилган қўрқувни итқитмоқчи…
Готик мистикаси
Шу фикрлар билан мен эски шаҳар қучоғига ўзимни ташлайман... Марказий майдонда жойлашган ўта баҳайбат Авлиё Стефан черкови бошим узра пайдо бўлди… Унинг архитектураси муҳташам бўлиб, одамни сирли қўрқув оғушига тортади. Бу готика – осмонга санчилган совуқ аррали миноралар, серқирра ва қилтаноқли деворлар...
Черковнинг баланд деворларининг ҳар бир бурчагида даҳшатли махлуқлар осилиб турибди. Булар – инсон онги ўйлаб топган энг жирканч махлуқлардан бири гаргулалар. Менга тушунтиришларича, католик афсонаси тасаввуридаги ушбу жирканч махлуқотлар билан жаҳаннам тўлдирилган. Бироқ улар ибодатхона деворларига қаёқдан келиб қолди?..
Гаргулалар қандай мақсадни кўзлаб яратилгани ҳамон жавобсиз. Тахминларнинг бирига кўра, ўша пайтларда Европанинг аксар аҳолиси саводсиз бўлгани боис бу махлуқотлар уларни даҳшатга солиш ва тобеъ қилиш учун ишлатилган. Бошқа бир талқинга кўра, гаргулалар бу биноларни ёвуз руҳлардан қўриқлаган. Бу талқин уларнинг бадбашаралигини шарҳлаши мумкин. Афтидан тошдан ясалган ҳайкаллар ё зулмат кучларини қўрқитган ёки уларга даҳшат солиш вазифаси бошқаларга юклатилганини хабар қилган.
Бундан ташқари, инглиз меъморий обидалар тарихчиси Фрэнсис Блай Бонд черков гаргулалари черковнинг “хизматидаги” шайтоний махлуқлар бўлиб, Худонинг қудратига шоҳид бўлгач, Унинг тарафига ўтган, деб фикр билдирган. Менга эса улардан кўзланган мақсадни қуйидагича тушунтиришди: ибодатхона (храм) бу бутун оламнинг тимсолидир, католиклар тасаввурида бизлар, бу дунё, жаннат ва жаҳаннам каби гаргулалар ҳам махлуқот оламининг бир қисми экан.
Салибчилар руҳи
Вена черковларини айланиб юрибман... Тевтон жамоаси черкови, Капуцинлар черкови, Авлиё Мекоил черкови... Нимқоронғу залларга кирдим ва меҳроблар қаршисида бир вақт тўхтадим. Тан олай, биноларнинг салобати ва дабдабаси менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, меҳроблар инсонда катта таассурот қолдиради. Улар айнан кўзланган мақсад яъни, одамнинг тасаввурини лол қолдириш вазифасини яхши ўташади.
Бироқ мислсиз юксак ўқсимон шифтлар, зах рутубат билан бирга деворлар тасвири элас-элас кўзга ташланади. Деворларда қалбни ларзага солувчи “Инжил” воқеалари маҳорат билан тасвирланган бўртма манзаралар... Буларнинг ҳаммаси дилга қандайдир фавқулодда ғашлик ва андуҳ соларди. Маҳзун қалбингизга жойлашади, ҳар бир бурчагига етиб боради ва тобора қуюқлашади… Кўп ўтмай улар оғир юк каби сизга таъсир қила бошлайди... Киши руҳониятини даҳшатга солувчи бу деворлар ва мислсиз ғам-андуҳга ғарқ этувчи ички манзаралар – буларнинг бари бу масканга келувчи инсоннинг иродасини букиш мақсадида қилинганмикин, деган фикр миямда ғужғон ўйнарди. Мана шу нарсалар асосида ўрта аср католик черкови барпо қилинган – иймон келтирганларнинг иродасини синдириш, унинг руҳини черков асирига айлантириш... Бироқ нега? Мен буларни вақт ўтгач тушундим... Унгача мен ёлғиз ва ўзимни ўрта асрлардаги жони ва қалби бутунлай католик черкови измига топширилган мутаассиб диндор салибчи рицардек ҳис қилиб маҳзун зулмат ичида турибман. “Инсофсиз мусулмонлар” томонидан таҳқирланган “Ийсо тобути” ҳақида ва Муқаддас Замин (Фаластин)га шу заҳоти отланиб “иймонсизларни” қонга чўктириш каби католик издошининг қалбни ўртайдиган хитоблари ва юракни тилка-пора қилувчи даъватлар... Афтидан ўрта аср салибчиларининг диний мутаассиблиги (фанатизм) айнан шу муҳитда туғилган...
Ўрта асрларда Европада яшаган салибчиларнинг диний мутаассиблиги менга ҳеч тинчлик бермайди. Муқаддас заминга уларни нима бошлаб борди? У ердагиларнинг исмлари, амаллари ва ҳатто ибодатларини ҳам билмай туриб минглаб мусулмонларнинг қонини тўкишига нима сабаб бўлган экан-а? Ийсо алайҳиссаломга бўлган муҳаббатми? Бошқа бир динга нисбатан нафратми? Бойлик орттириш илинжими? Ёки бошқа нарсами? 1212 йил (ҳиж. 609 йил) “Болалар салиб юриши” номи билан танилган салибчилар юриши Германия ва франциялик ўн минглаб болалардан ташкил топганини қандай тушуниш мумкин? Католик черковига мансуб ушбу ёш хизматчиларнинг қалбларида нима бор эди? Қандай афсона ва ривоятлар билан улар вояга етказилган эдилар, гар улар оммавий равишда қотиллик ва қон тўкишга рози бўлган бўлсалар? Шундай фикрлар оғушига чўмган ҳолимда Венанинг кўчалари ва черковларига кирдим ва ўша Европанинг қалбига назар солишга ҳаракат қилдим…
Ўлимга сиғиниш
Авлиё Рупрехт черковида тош бўлиб қотиб қолдим. Бу бино VIII-IX асрлар орасида роман услубида қурилган Венанинг энг кўҳна черковидир. Бундай баҳайбат меъморчиликдан мароқ олдим десам, ҳеч нарса демаган бўлар эдим. Зеро баҳайбат деворлар, пастқам шифтлар, қорайган қандиллар ва қўпол шувоқлардан ҳақиқатдан баҳра олдим… Кавказда туғилганим боис мен ҳар бир катта шаҳар (мегаполис) ва ҳар қайси Европа пойтахтидан қалбимга яқин – дағал бўлган, деярли тош асри архитектурасини излайман. Уларда қандайдир куч, оддийлик ва илк аждодлар руҳияти бор...
Бироқ бу ерда мени кутилмаган совға кутар эди. Черков хонасининг ғарбий қисмида шишалик тобутда (саркофаг) чириб кетган одам скелети ётар эди. Бу нима бўлди экан? Йўриқномадаги олмонча сўзларни зўрға ҳижжалаб ўқиб, инглиз тилини яхши билмайдиган черков ходималаридан узуқ-юлуқ ахборот тўплаб билишимча, кўмилмаган бу жасад душманлар қўлида ҳалок бўлган аллақандай авлиё Виталийга тегишли экан...
«Шаҳидлар»нинг мурдаларига муносабатнинг православча анъанаси билан яхшироқ танишман. Улардан фарқли ўлароқ, чириган қолдиқларни черков қавми ва бошқа меҳмонлар учун кўргазма қилиб қўйиш католиклар анъанасига хос экан. Мен кўп вақт бу урф-одатни тушуна олмадим, китоблар титдим ва нуфузли католик роҳибларининг фикрларини ўқидим... Мени таажжубга солган бир анъана масалага ойдинлик киритди…
Ўликлар шаҳри
Суриштириб билишимча, Италиянинг Палермо шаҳрида ўлган одамларнинг мурдалари қўйилган бутун бошли ер ости галереяси мавжуд экан. Капуцинлар катакомбаларида очиқ ҳолатда 8 мингдан ошиқ мурдалар намойишга қўйилган. Бу энг машҳур мўмиёланган кўргазмаларнинг биридир. Скелетланган, мўмиёланган ва балзамланган жасадлар осилган ҳолда, ётган ва тикка турган ҳолда композиция қилиб ташкил қилинган...
19 аср охирларида француз ёзувчи Мопассан бу катакомбаларни зиёрат қилади. У катакомбалардаги чириётган жасадларнинг жирканч манзараси ва бу ерда ҳукм сураётган хурофотларни кўриб даҳшатга тушади: “Кенг ва баланд, катта галерея деворига ажойиб ва бемаъни либослар кийдирилган жуда кўп скелетлар тизиб қўйилган экан. Баъзилари ҳавода ёнма-ён муаллақ осиб қўйилган, бошқалари эса ердан шифтгача беш қават тош токчаларга тиклаб қўйилган. Ўликларнинг мурдалари саф бўлиб қатор турибди: бошлари қўрқинчли, оғизлари эса ҳозир гапириб юборадигандек. Баъзиларининг бошларида қолган сочлар бош чаноқ ва жағларни янада хунук қилиб турибди; баъзиларининг ҳамма сочлари сақланиб қолган, баъзиларининг бир тутам мўйловлари қолган, бир қисмларининг эса соқоллари бор. Баъзилари тепага қараган, баъзилари эса пастга; баъзиларининг юзларида даҳшатли кулгу, баъзилари эса оғриқдан инграб тургандек гўё. Уларнинг барчаси таърифлаб бўлмайдиган ғайриинсоний қўрқув (азоб) ичида. Бу бечора, хунук ва кулгилик ўликларни қариндошлари тобутлардан чиқариб, бу ерга жойлаш учун кийинтириб ҳам қўйишган. Уларнинг деярли барчаси қандайдир қора либосга ўранган; баъзиларининг бошларида бош кийимлари (капюшон) бор. Айтишларича, вақти-вақти билан каламуш умуртқаларни кемириб ташлаганидан баъзиларнинг бошлари узилиб тушар экан. Минглаб каламушлар бу мурдалар омборида яшамоқда экан...”
Одамлар суягидан қурилган черков
Прага (Чехия) марказидан узоқ бўлмаган собиқ Седлце қишлоғига яқин жойда цистериан монастири ва барча авлиёлар черкови жойлашган. У пастки қаватдаги суяклар сақланадиган жойи билан сайёҳларни ўзига жалб қилиб келади. Бинонинг хоналари ҳақиқий одамларнинг суякларидан қурилган.
Булар 14 аср бошида вабо эпидемиясида қирилиб кетган ва қабристонда жой етмаган ўн минглаб одамларнинг суякларидир. Мазкур ерларнинг 16 ва 18 асрлардаги роҳиблари ва хўжайинлари суяклар устида изланишлар олиб бориб, натижада суяклардан бутун бошли черковнинг ички қисмини қуриб чиққан эканлар… Черковга кираверишда эса, ўликларнинг тирикларга мурожаати осиб қўйилган: “Биз ҳам эдик сиздек, сиз ҳам бўласиз биздек”...
Шунга ўхшаш черков – Каплица чашек ёки “Бош суяк ибодатхона”си Полшада ҳам бор. Бу бечораларнинг ҳаммаси 18 аср ўрталарида бўлиб ўтган Силез урушлари ва турли инфекцион касалликлардан қазо топганлар. Кичик ибодатхонанинг девор ва шифтлари уч мингга яқин одамларнинг суяклари ва бош суякларидан қурилган.
Пол остида эса яна 20-30 минг одамнинг қолдиқлари ётибди. Бу ибодатхонани 1776 йили Вацлав Томашек қурган. Ибодатхонани қуриш, одам қолдиқларини йиғиш ва дезинфекция қилиш ҳамда бошқа қолдиқларни кўмиш учун саккиз йил вақт кетган...
Юқори Австрияда жойлашган Галштат шаҳрида бош чаноқларига бўлган иштиёқ бошқа бир анъанага сабаб бўлган ва бу анъана ҳали ҳамон бор. Бирон ўлик дафн қилинганидан 20-30 йил ўтгач, унинг суяклари қабрдан чиқарилади. Унинг бош чаноқ суяги йўнилади, оқланади ва ялтироқ ҳолатга келтирилиб, гуллар ёки хочлар расмлари туширилади ва устига ўликнинг исми, касби, вафот куни ва бошқа ахборот ёзиб қўйилади. Бу анъана Юқори Австриянинг кўп ерларида қабристонларга жойлар етишмаганидан пайдо бўлган. Айни пайтда Галштат «галерея»сида 610 та безалган бош чаноқлари бор. Ер сатҳида бўлган бош чаноқлар сони аслида кўпроқ, бошқалари уйларга олиб кетилган.
Қора ўлим
Марҳумларнинг жасадларини лаҳадга қисқа вақт ичида ва эҳтиёткорлик билан қўйишга шошилган мусулмонлар учун бундай ўлим базми ваҳшийликдан ўзга нарса эмас. Ўрта аср Европаси учун эса бу маданиятнинг бир қисмидир. Бунинг устига жасадларни бу тарзда қабрлардан чиқариш ва аллақачон вафот топганларнинг қолдиқлари билан бундай кўнгил очарлик қилиш Европа давлатларида вабо ва бошқа касалликларнинг тарқалишига сабаб ҳам бўлган.
Европа юз йиллар мобайнида даҳшатли вабо эпидемиясига дуч келиб турди. Шуларнинг бири – “14 аср вабоси” – 35 миллион одам, яъни қитъа аҳолисининг тўртдан уч қисми ҳалок бўлишига олиб келди. “Қора ўлим” (ўша вақтларда вабо шундай аталган) ўша даврда Европанинг доимий йўлдоши бўлган.
Европа шаҳарларида ҳукм сурган ашаддий антисанитария, чиқинди қувурларининг йўқлиги, ҳамда кўчаларга тўкилган ифлос ва ювинди сувларнинг барчаси вабо касалини тарқатишнинг энг яхши воситаси бўлган каламушларнинг кўпайишига қулай муҳит яратган. Европаликларнинг жоҳиллиги вабонинг сабаби – шайтоннинг қули мушуклар, деб эълон қилинишига сабаб бўлди. Мушукларни оммавий равишда қириб ташланиши эса вабо каламушларининг янада кўпайиб кетишига олиб келди...
Диний таассуб, жоҳиллик, антисанитария, қашшоқлик, даврий эпидемиялар, тоғ-тоғ мурдалар – бу Европанинг ички дунёси шаклланаётган даврнинг орқа фонидир. Ажал Европа турғунининг пешидан қолишмаган… кўзларига тик боққан… юзига бадбўй нафасини уфурган… Рақсга тушаётган скелетларни акс этган расм ўлимга олиб борадиган касаллардан букчайиб қолган Европани рамзига айланган ва ўша даврнинг санъатида жуда ҳам оммабоп ва машҳур бўлган.
Бўлиниб ташланган императорлар
Капуцинеркирх томон йўлда Венанинг навбатдаги черкови ҳам ўзида кўп қизиқарли сирлар яширган. Черков қаршисида Австрия императорларининг хонадони – Габсбургларнинг оилавий сағанаси жойлашган. Бу сағанага император Маттиаснинг аёли Тироллик Анна 17 асрда асос солган. Ҳозирда бу ерда ўн Австрия императори ва 15 император аёлнинг қолдиқлари бор.
Императорлар қисм-қисмга бўлиниб дафн қилинган. Шоҳона жасадни парчалашган, юзини дабдала қилиб пачоқлашган, токи у дунёда соғлом ҳолда кўринмасин… Кейин эса юрак ва бошқа ички органлар олинган. Императорларнинг юраклари ҳалигача августинликларнинг черковларида сақланади. Уларнинг ичак-чавоқлари эса бронза идишларда Авлиё Стефан черковининг катакомбаларида сақланади.
Одам суяги ва қолдиқларига бўлган муҳаббат Католик Европасида одатий ҳол эди. Бунга ўхшаш сағана ва галереяларни Португалия, Италия, Франция ва Малтада ҳам учратиш мумкин. Император оилалари вақти-вақти билан бу сағаналарни зиёрат қилиб, ўлганлар хокига таъзим қилиб туриш одат бўлган.
Ўлим чеҳралари
Ўлим чеҳраси европаликларнинг бутун умрлари мобайнида ёнма-ён борган. Қўрқув ва ўликларнинг нафаси ўша давр европаликларининг руҳларини пачоқлаб ташлаган. Ўлимга сиғиниш билан овора ва жасадлар билан ўйновчи халқнинг қалбида қандай дин мавжуд бўлгани ва у дин қайдай қилиб қалбларда сақланганини тасаввур қилиш мен учун мушкул.
Европалик ўрта аср насронийси бунчалик мурдаларни хўрлаш учун қандай ички хислатларга асосланиши ёки қандайдир нарсани бошидан ўтказиши керак эди? Ғарб одамининг онгига ўликларга бўлган бузуқ муносабат шунчалик таъсир қилганки, ҳатто ҳозир ҳам ўликлар ҳақидаги кинолар, китоблар, шайтоний атрибутика ва мусиқа орқали даҳшат ва қўрқинч ҳиссини қайта-қайта талаб қилмоқда.
Ироқдаги Абу Ғурайб қамоқхонасида сақланган мусулмон ҳарбий тутқинлар устидан ваҳшиёна жинсий зўравонлик ҳолатлари… Европа мамлакатларида ҳижобни таъқиқлаш ҳаракатлари... Замонавий Ғарб шаҳарларида вабодай тарқаётган гей маданиятининг “дин”га тақалган илдизлари… Вена томон йўл олган учоққа ўтирганимда унинг кўчаларидан бунча саволга жавоб топаман, деб ўйламаган ҳам эдим…
Руҳшунослик ва Фрейд
Венанинг черков ва сағаналаридан кейин мени таажжубга солган нарса Австрия пойтахтининг ҳар бурчагида фаолият юритаётган психиатрлар бўлди. Гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда уй деворларида шифокор-психиатрларнинг эълонлари осилган. Буларни қандай тушунтиришни билмайман. Ё австрияликларнинг ялпи руҳий носоғломлиги бунга сабаб ёки ўз ватандошлари Зигмунд Фрейдга тақлид.
Тортишувларга сабаб бўлган ўта қизиқ руҳий таҳлил назариясининг муаллифи Зигмунд Фрейд Венада яшагани ва ижод қилгани ҳаммага маълум. У галициялик яҳудийлар оиласида таваллуд топган ва тўлиқ исми Сигизмунд Шломо Фрейддир. Бу ерда у университетни тамомлаб, тиббиёт фанидан доктор унвонига эга бўлган ва ўзининг назариясига жило берган. У кўп тамаки истеъмол қилганидан ўпка саратонидан азият чеккан. Натижада 33 марта азобли операцияни бошидан ўтказган. У ўзининг шифокори ва дўсти ҳисобланган Макс Шурдан ўша вақтда машҳур бўлган ғоя – эвтаназия (ўз ўлимига розилик бериш)ни амалга оширишда ёрдам сўрайди. У Фрейдга уч баробар кўпроқ морфин дозасини берган ва 83 ёшли Фрейднинг ўлишига сабаб бўлган.
Айнан Фрейд инсон ички дунёсининг энг разил кўринишларига эрк берди. Ваҳоланки унгача оддий жамиятда бу қабиҳ иллатлар яшириб келинар ва уларни йўқотишга ҳаракат қилинар эди. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, агар Фрейд бўлмаганида сюрреализм ҳам, «абсурд театри» ҳам, сексуал инқилоб ҳам, кино ва мусиқадаги «маданият»нинг бузуқликлари ҳам пайдо бўлмас эди!
Баччабозлик таъқиқини “илмий” йўл билан олиб ташлаш Фрейд номи билан боғлиқ. Агар аёл киши бошқа аёлга ва эркак киши бошқа эркак кишига нисбатан жинсий шаҳвати қўзғалса, яъни баччабозлик қилса, у одам жинсий ориентациясини ўзгартишига эҳтиёж туғилмайди, зеро инсон табиатан бисексуалдир, деган эди Фрейд. Гўё, бошқалар уни тўла тушунмаганларидан пайдо бўладиган руҳий ўнғайсизликни бартараф қилишда ва янгича ўзлигини қабул қилишда бу одамга ёрдам бериш керак эмиш.
Гей-трамвайлар
Фрейднинг “илмий дуо”си билан европаликларнинг баччабозликка бўлган майлларига йўл очилиши тимсолини Вена трамвайлари мисолида кўрмоқдаман... Ҳар бир трамвайда, гўё бу қандайдир ифтихордек етти рангли жаҳон гей-ҳаракатининг байроғи ҳилпираб турибди.
Мен такси ойнасидан бир гей-парадни кўриб, ҳайдовчидан бу нима, деб сўрадим. Ҳайдовчи болгариялик экан, менга уялган бўлиб, Вена трамвай ҳайдовчилар профсоюзи дунё гей-ҳаракати билан бирдам эканининг рамзи сифатида бундай байроқлар билан шаҳарнинг барча трамвайларини безатишни мақсад қилган, деб тушунтира кетди. Мен ҳайратимни яширмай ундан: “Бу қанақаси бўлди? Кимдир гей-ҳаракат билан бирдам бўлмасачи? У қандай қилиб бу ҳаёсиз трамвайлардан фойдаланиши мумкин?” деб сўрадим. Таксичи елкасини қисди ва агар таксичилар профсоюзи шунга ўхшаш тадбирни амалга оширишни хоҳлаб қолса нима қилишини билмай шаҳар учун узр сўрагандай бўлиб жавоб берди.
Венада гей-маданият нафақат кенг тақдим қилинган, балки Вена шаҳри Европанинг тан олинган гей-пойтахтларининг бири ҳисобланади. Январ ойида Австрия парламенти тарафидан эркак бошқа эркак билан никоҳ қуриши ҳақидаги олдин қабул қилинган қонун кучга киритилди. Мамлакат адлия вазири Клавдия Бандион Ортнернинг айтишича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши Австрия жамияти учун “жуда катта тарихий қадамдир”.
Венанинг гей-маданияти ҳақида интернет тармоқларида: “Бошқа Европа пойтахтларига қараганда Австрия пойтахтида баччабозлик бой тарихга эга... баччабоз императорлар, саркардалар ва ўтмишнинг бастакорлари сингари Венанинг баччабозлари таътилга чиққан гей-сайёҳлар учун шаҳарни мафтункор қилишмоқда...” деб ёзилмоқда.
Европанинг бошқа қисмлари ҳам Австриядан қолишаётгани йўқ. Масалан, Исландия Бош вазири Ёханна Сигурдардоттир 8 йилдан бери ўз жинсининг вакиласи бўлган журналист Ёнина Леосдоттир билан бир никоҳда яшаб келади; вице-канцлер ва Олмония ташқи ишлар вазири Гидо Веестервелле, Франциянинг маданият ва мулоқот вазири Фредерик Миттеран; Берлин бургомистри Клаус Вооверайт; Норвегия пойтахти Осло ҳокими Эрлинг Лае ва Париж ҳокими Бертран Деланоэлар эркак бўла туриб бошқа эркакка турмушга чиққан. Мен ҳали Европанинг аксар депутатларини, собиқ вазирларини, ҳокиму санъат арбобларини эсга олмадим.
Гей-тарих
Венада ҳар йили жуда кўп гей-парадлар, баллар ва турли хил тадбирлар бўлиб ўтади. Венанинг баъзи ҳудудларида кичик ресторанлар, тунги дам олиш масканлари, кафе, магазинлар, секс-клублар, гейлар учун ҳаммомларга тўлган бутун бошли гей-маҳаллалар шаклланган.
Бу ҳам камдек, Вена энди бутун дунё гей, лесби ва трансвеститларни ҳам ўзига жалб қилмоқчи. Австрия пойтахтининг сайёҳлик идораси гей-сайёҳлик йўналишини кенг тарғиб қилмоқчи. Идора вакиласи Ева Дракслернинг айтишича, “Биз шаҳримизни жинсий озчиликлар учун сайёҳлик макони бўлишини истаймиз”. Венада гей ва лесби жамоаларининг инфратузилмалари учун жуда кўп қулайликлар ва шарт-шароитлар яратилган. Венанинг жуда кўп меҳмонхоналари ўзларини «gay-friendly», яъни гейларга дўстона муносабат кўрсатган маскан, деб эълон қилмоқда.
Гейларга тегишли ресурсларда Вена тарихи баччабозлик билан чамбарчас боғлиқ қилиб кўрсатилмоқда. Шуларнинг бирида айтилишича, 19 асрда Вена баччабозларининг ёрқин вакили кайзер Франц Иосиф II нинг укаси шаҳзода Лювиг-Виктор бўлган, унга халқ Люци-Вуци деб ном берган эди. Бундан ташқари австриялик баччабозлар Венани турк қамалидан қутқариб қолган Австрия миллий қаҳрамони шаҳзода Евгений Савойскийни ҳам очиқ баччабоз бўлгани ҳақидаги ривоятни оммалаштиришга уринишмоқда.
Бундан ташқари Фаластинни босиб олган ва Қуддусга хавф солган инглиз қироли Ричард Шерюрак салибчилар юриши даврида Венада яшаган. Айтишларича, у очиқчасига ўзининг баччабозлиги билан танилган экан. Ричард Шерюракни гейларнинг рамзи бўлишига унинг Франция қироли Филипп II билан бўлган муносабатлари тарихий гувоҳлик сифатида келтирилади. 1187 йилги йилнома (хроника)да қайд этилишича, икки эркак жуда яқин бўлганидан “кечалари уларни тўшак ҳам ажрата олмаган”.
Европанинг туғилиши
Яна бир савол менга ҳеч тинчлик бермаяпти. Аниқроғи иккита саволим бор: Европада туғилган замонавий ғарб жамиятида шаҳвоний шалоқлик, бузуқлик ва ҳамма нарса мумкин деган бебошликнинг отилиб чиқиши қаердан бошланди, қайси чуқурликдан чиқди экан? Европаликларнинг олдинги авлодларидаги ташқи художўйлик, “Ийсо тобути” учун жонини фидо қилиш, насронийлар пойтахтини мусулмонлардан ҳимоя қилиш билан бирга католик черкови ман қилган шаҳватга берилишлари қандай муроса қилган экан?
Авваламбор, биз тушунишимиз лозим бўлган нарса, Вена бу фатҳ қилиб келаётган Исломга насроний Европанинг қарши туриши тимсолидир. Бироқ, мусулмонлар туфайли Европа ўз маданияти, цивилизация лойиҳасига эга бўлгани ҳам таажжубли-да.
Мен бу ерда Андалус ва Сицилия мусулмонларининг Европанинг ўзига хос интеллектуал ва маданий ўзагининг шаклланишида ўйнаган роли ҳақида гапираётганим йўқ. Мен бошқа нарса ҳақида сўз юритяпман. Жуда кўп вақт Андалусия мусулмонлари Европанинг бир қисми ҳисобланган. Осиё ерларини тасарруфига олган византияликлар эса осиёлик ҳисобланган. Бунга қарамай, 15 асрда испанлар мусулмонларни Андалусиядан, турклар эса византияликларни Осиёдан қувиб солдилар. Европа қисқа муддат ичида бўлса ҳам насроний дунёсининг – Pax Christiana синонимига айланди. Ўшанда ўзларини Ислом дунёсидан ажратиб кўрсатишга, Pax Islamicaдан фарқи борлигини ва ўзларининг умумий ўхшашликни таърифлашга эҳтиёж туғилди. Бироқ, ўшанда ушбу дунё учун умумий ном олдин зикр қилинган Pax Christianaдан, яъни насронийлик маданиятидан эмас, балки насронийликдан олдинги бутпараст бўлган мажусийларнинг қадимги юнон маданиятидан – Европа деб ном олинган. Маълумки, Европа – қадимги юнон мажусий афсоналарининг қаҳрамонидир (персонаж). У финикилик малика бўлиб, уни Зевс “худоси” буқа шаклига кириб ўғирлайди ва Крит оролига олиб кетади. Қандай қилиб, Европанинг мажусийлик моҳияти католиклар ҳукмронлик қилган йўғон асрлар қатлами остидан ўсиб чиқиб Pax Christiana лойиҳасини ютиб юборди экан-а?
Насронийликка сингиб кетган мажусийлик
Жавоб мен кутмаган тарафдан келди... Габсбурглар сулоласи томонидан қурилган Хофбург сарой комплекси боғида юрибман. Комплекс шубҳасиз ўта дабдабалидир. Бино сулоланинг императорлари тарафидан қурилиб борилган. Бундан мақсад Австрия тахтининг буюклигини оламга намойиш қилиш бўлган. Ахир Габсбурглар нафақат Австрия императорлари бўлган, балки улар олмон халқининг – Рим империясининг императорлари ҳам эди.
Рим империяси насронийларнинг катта давлати эди. У 962 йилдан 1806 йилгача мавжуд бўлиб, ўзининг чўққига чиққан даврларида Олмония, Австрия, Шимолий ва Марказий Италия, Швейцария, Нидерландия, Белгия, Чехия ва бошқа Марказий Европа ерларига ҳукмрон бўлган. Рим империяси Ғарбий Европа насроний дунёсини бирлаштириш илинжида антик даврлардаги Рим империяси ва Буюк Карл Франк империяси ворислигига ўзини даъвогар, деб билар эди.
Шунга қарамай, ўша давр насроний дунёсининг пойтахтида жойлашган насроний қирол қалъасининг ҳар бир бурчагида католик маданияти қатлами орасидан униб чиққан мажусийлик тимсол ва рамзлари кўп эди. Насроний қиролларга тегишли сарой комплексининг ташқи шакли (контур) бўйича мажусий ярим яланғоч персонажлар Апполлон, Ҳирақл, Афина ва ҳоказоларнинг катта-катта ҳайкаллари ўрнатилган эди. Ўша вақтнинг барча санъатида Дионис, Хермесу Зевслар кўзга ташланади...
Мен билан Венани сайр қилаётган насроний ҳамкасбим мажусийлик ярим яланғоч ҳайкаллар ва рассомлик санъатига насроний динидаги қиролларнинг бунчалик иштиёқ қўйганидан ҳайратда. Қадимги юнон мажусий афсона қаҳрамонлари нафақат ўз жасоратлари билан ном чиқаришган, балки улар жинсий тубанлашиш, баччабозликка бўлган мойилликлари ҳатто оналари билан жинсий алоқалари билан донг таратган.
Шаҳвониятнинг авж олиши
Ўша даврда насронийларга етакчи бўлган сулолалар ва маданият соҳасининг бошқа оқсуяклари (элита) антик даврнинг шаҳвоний маданияти билан қизиқишларига сабаб, католик черковининг мафкуравий зулмига қарши бир исён экани ҳақида хулоса қилишимиз мумкин. Мақолам аввалида ўрта аср католик европасида ҳукмрон бўлган қалбни ўлдираётган даҳшатли зулмлар, шайтон ва ўлимдан оммавий қўрқиш, инсон иродаси ва ҳиссиётининг бўғилишлари ҳақида ёзган эдим. Папа тахти инсон учун табиий бўлган шаҳватни қондириш йўлларига таъқиқ қўйишда ҳаддидан ошаётган вақтида Европа аҳолиси ўзининг шаҳватини қондириш учун ўзига турли хил йўлларни излашга тушган.
Менинг православ ўртоғим мен билмайдиган тафсилотларни очиб берди. Маълум бўлишича, европаликларнинг куч билан бостирилиб турилган ҳиссиётлари нафақат юнон қаҳрамонларининг ишқий сиймолари орқали, балки ҳаддан ташқари Биби Марямни ҳурматлаш, ундан завқланишларидан ҳам билиб олсак бўлади. Унга “Ширинтой Марям” деб мурожаат қилишларида ҳам бу ўз аксини топган.
Тушунишимча, православларда бундай муносабатларга ўрин йўқ. Бироқ, католиклар ўзларининг жабр-зулмлари билан бошқа масала. Европаликларнинг ҳиссиёт ва фикр эркинлиги, шаҳватпарастлик истаклари борасидаги асрий очликлари Европа жамиятини ич-ичидан портлатиб юборди. Бу ижтимоий портлаш натижасида замонавий Европада насронийлик йўқ қилинди, унинг ўрнига эса жинсий ахлоқсизлик ва барча нарсага рухсат моҳиятига эга мажусийликнинг янги тури пайдо бўлди.
Тео ван Гог ва Абу Ғурайб
Айнан мажусий бўлиб, насронийларга қарши бўлган ахлоқсиз, жинсий тубанлашган бугунги Европа ўз шаҳарларида мусулмонлар нуфузининг ошишини ва мусулмонларнинг фаоллигини кўриб ўзини қўйишга жой топа олмагани алоҳида диққатга сазовордир. Европа мамлакатларида мусулмонлар қанчалик кучайиб борсалар, Европа ўзининг кимлигини исботлаш учун мусулмонларга қарши шунчалик сафарбарликка ва кучларни бирлаштиришга ҳаракат қилади.
Бироқ ўзининг кимлигини кўрсатиш йўлида бирлашаётганлар насронийлик асосида бирлашмай, балки янги мажусийлик (нео-языческой) асосида бирлашадилар. Чунки маънавий қашшоқ бўлган бугунги Ғарб бошқа дунёга маънавий ҳеч нарса таклиф қила олмайди. Бунинг ўрнига улар асрлар оша келаётган даҳшат, қўрқув ва жинсий бузуқликнигина тақдим қила оладилар, холос. Европа ва ундан туғилган Америка жамиятлари ўзидан кўра интизомли ва жиддий маданият, масалан Ислом билан дуч келганида уни парчалаб, ич-ичидан портлатиб юборишга, ўзларининг янги насронийлик, мажусий-маданий бўтқасига аралаштириб юборишга ҳаракат қилади.
Шу сабабми, кўплари фосиқ (гей ва лесби бўлган) европалик сиёсатчиларнинг ҳижобни ман қилиб ташлаш ҳаракатлари ва хоҳишлари уларнинг миясига қаттиқ ўрнашиб қолган... Шу сабабми, Ғарб феминист аёлларининг мусулмон аёлини ҳам фоҳишага айлантириб, ўз даражасига туширишга бўлган васвасали истаклари бор... Ғарб фондлари тарафидан “мусулмон гейлар ҳаракати”га ўхшаш манқуртларга кўрсатилаётган ғамхўрликларига ҳам шу сабаб бўлса керак... Тео ван Гогнинг аёллар танасига Қуръони карим оятлари ёзилган провокацион «Таслим қилиш» («Ислом» сўзининг «бўйсуниш» маъносига шаъма) фильми орқали мусулмонларга азият бериш, таҳқирлашига ҳам шу сабаб бўлган...
Абу Ғурайб ва Гуантанамодаги мусулмон асирлари устидан қилинган жинсий зўравонлик асосидаги жиноятларга ҳам шу сабаб бўлган... Чунки бу зўравонликлар замирида нафақат камситиш ва хўрлаш бор, балки бу ерда рақиб тарафининг эътиқоди мутлақ тарзда рад қиладиган усуллар орқали ўз душманини маънавий, руҳий тарафдан йўқ қилиб ташлаш ҳаракати ҳам ётибди... Зеро Ғарбдаги жинсий инқилоб диний қарашлар ва маданиятни вайрону хароб қилиш мантиғи Ислом маданиятини ҳам шу кўйга солишини талаб қилади...
Руслан Қурбонов, (Ислам.Ру)
Абу Муслим таржимаси