close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ғайбдан хабар олиш (Интуиция нима)

Инсон учун билим икки хил йўл билан келади. Биринчиси бевосита кузатув, тажриба, таълим, тафаккур, тажриба бўлса (бунинг ичига онгли ва интуитив маълумотлар киради); иккинчиси ғайри табиий йўл орқали моддий оламнинг ташқарисидан келадиган илмдир. Бу олам ғайб (яъни кўринмас, олдингизда хозир бўлмаган) олами деб аталади.

Инсон учун билим икки хил йўл билан келади. Биринчиси бевосита кузатув, тажриба, таълим, тафаккур, тажриба бўлса (бунинг ичига онгли ва интуитив маълумотлар киради); иккинчиси ғайри табиий йўл орқали моддий оламнинг ташқарисидан келадиган илмдир. Бу олам ғайб (яъни кўринмас, олдингизда хозир бўлмаган) олами деб аталади.
Яна учинчиси ҳам бор: ғайб хабарларига даъво қилувчи эзотерик таълимотлар, бунинг ичига фолчилик, окулт (яъни жинкашлик), шаманлик, сатанизм (иблисга сиғинувчилар), сеҳргарлик, нумерология, кабалла, феншуй ва ҳозир кўп тарғиб бўлаётан астрал оламида уйқуда сайр қилиш ва бошқа маъжусийларда учрайдиган турли туман оқимлар. Буларда кўп тўхталмаймиз, чунки эзотерика даъво қилаётган хабарни билим деб бўлмайди, билимдан мурод фойдали бўлиш, улар эса дунё ва охиратни куйдирувчи залолатни тарқатадилар.
Инсон қанчалик ақлий қобилият ва кузатув тажрибаларга бой бўлмасин у бу оламни фақат қисман англай олади, моддий олам эса бу хали ҳаммаси эмас. Инсон онги нафақат атроф борлиқни англаши балки ўз ангалишини англаши, ўзини борлиққа худди унинг ташқарисидан боқа олиши унинг бу борлиққагина тегишли эмаслигини билдиради. Ва бу ташқи нуқта моддий борлиқ амрига бўйсўнмайдиган Ҳақиқатлар мавжудлигига далолат қилади. Инсон мана шу борлиқдан оладиган маълумотлари Ҳақиқатларни ақли билан етиша олмайди ва албатта қалби билан Ўзга олам билан боғланиш армонида яшайди, бу оламга келишдан мақсади ташқаридан белгиланганини ҳис қилади.
Ғайбий илмнинг келишидан мақсад Инсон ақли билангина ета олмайдиган Ҳидоят йўлига солишдир.
Қуйида ғайриодатий ҳақиқатлар  очилишининг турларида тўхталамиз. Манба Ибн Қайим ёзган “Мадарижус-Соликин”да (Соликлар даражалари) сўфийлардан бўлган Имом ал Ансорий Ал Ҳаровий деган олимнинг “Маназилус-Саирин” (йўлга чиққанлар манзиллари) асарига шарҳидан қисқача:

1.  Аллоҳ Ўзи танлаган пайғамбари билан бўлган бевосита сухбати. Бизга маълум қилингани Аллоҳ ва пайғамбари Мусо (а.с.) билан бўлган беовсита суҳбати.
2. Аллоҳ Ўзи истаган пайғамбарларига ваҳий орқали (яъни махфий ва тезлик билан) ҳақиқатлар етказилиши.
3. Аллоҳ фаришталари орқали пайғамбарларга ҳақиқатлар ва амрини етказиши.
Демак пайғамбарлар келиши тўхтагани сабабли қиёматгача юқоридаги учта алоқа кўриниши бўлмайди. Оҳирги ваҳий хабарлари Қуръонда акс этган. Бошқа пайғамбарликда эҳтиёж йўқ, чунки Дин комил етказиб бўлинган. Инсоният ғойбдан хабар кутмай мана шу манбага мурожаат қилса, бас. Аллоҳ пайғамбаримизга сўзлардан ташқари маънолар ҳам ваҳий қилган, улар Ҳадисиларда бор.  Пайғамбарга нозил бўлган ғайбий хабарлар дин, шариатнинг манбаидир.
4.  “Таҳдис” яъни бирон бандаси қалбидан қандайдир ҳақиқат очилиши. Бундай ҳусусият энг ростгўй, имонида содиқ ва собит бўлганлар учрайди. Таҳдис орқали ҳидоят келиши Умар ибн Хаттобда (р.а.) бўлган. Унинг кўнглига келган баъзи фикрлар кейнчалик нозил бўлган Аллоҳнинг ҳукмига мос келиб қолган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: “Аввалги умматларда қалбига тўғри ҳукмлар таҳдис бўлиб келган. Менинг умматимдан шундай киши Умар ибн ал-Хаттобдир”. Албатта бу нарса саҳобада доим бўлиб турмаган, очилган ҳукмнинг ҳаққонийлиги фақат оятлар билан тасдиқлана олар эди.
Бирон кишининг қалбига қандайдир тушунча, фикрлар келса уларни “таҳдис” деб эълон қилишга шошилмасин. Қайдан билади бу Аллоҳданми ё шайтондан? Қалб ўзгарувчан, унда касалликлар ва заифликлар бор. Шунинг учун бирон киши қалбига келган энг эзгу амал кўринса ҳам дин учун хужжат бўлмайди. Хатто Умар (р.а.) ўз фармонларида шундай ёздирар эдилар: “Бу Умар ибн ал-Хаттобнинг қарори. Тўғри бўлса Аллоҳдан, хато бўлса Умардан, хатога Аллоҳ ва элчисининг алоқаси йўқ”.
5. “Ифҳам” – фаҳмлатиб қўйиш, тўғри тушунчанинг хосил бўлиши. Бундай нарса буюк саҳобаларда учраган. Али (р.а.) дедилар: “Бизга Қуръон ва Қуръонни фаҳмлаш ато қилинди”. Умар (р.а.)дан Абу Мусо Ашъарийга бир вазифа билан ёзилган мактубида шундай деган: “Сенинг қароринг билан хал бўладиган масалаларда тўғри фаҳмга етишишга интил”.
6.  «Баён» - бу пайғамбарлар ва олимлар диний ва ақлий далилларни етказаётганларда бандаларда ҳақиқат борасида умумий тушунчалар хосил бўлиши.
7. “Тавфиқ” – бунда Аллоҳ ҳақиқат баён қилинган бандаларини бевосита ҳидоятга йўллаб қўйиши. Яъни хабар маълум ва тушунарли бўлгач унинг амалига ҳар ким муяссар бўла олмайди агар Аллоҳ ўзи бунга йўллаб, осон қилиб қўймаса.
8. “Исмоъ” – эшитиш, бунда киши ўз қулоғи билан ҳақиқат баёнига эшитишга муяссар бўлиб қалби билан англаши. Ҳар кимга ҳам ҳақни эшитишга, эшитаётганда сабрга, сабр билан эшитганда қабул қилиш насиб қилавермайди. Исмоъ неъмати берилган бандалар ҳақни эшитибоқ унга боғланадилар.
9. “Илҳом” –бирон нарса банданинг қалбига сингдирилиши. Агар “Таҳдис” солиҳ, содиқ, имони кучли зотларда рўй берса илҳом нафақат барча одамларда балки ақлга эга бўлмаган махлуқотларда ҳам бўлиши мумкин. Ҳақнинг илҳом қилиниши Аллоҳнинг ўзи ёки унинг фаришталари орқали бўлади. Аммо қалбга келадиган айрим фикрлар иблис ё шайтон жинлардан ва инсон ўзининг хаёлотидан бўлиши мумкин. Илҳом манбаларининг бошқа тури йўқ.
10. “Рост тушлар” – ҳадисда келганидек: “Рост тушлар – пайғамбарликнинг қириқ олтидан бир қисмидир” (Бухорий, Муслим).  Рост тушлар Аллоҳдан бўлиб, “раҳмоний” дейилади. Алғов-далғов, ёлғон тушлар эса шайтон ва нафс васвасаси билан бўлиши мумкин. Рост тушлар учун мусулмон бир неъмат бўлса-да шариат учун хужжат далил эмас, у ўзининг шахсий ишларига алоқадор. Тушдаги хабар Ваҳий билан келган хабарлар, яъни динга зид келса унинг раҳмоний эмаслигага далолат қилади.  Кимки рост тушларни кўришни истаса – ўнгида ростгўйлик билан ҳаёт кечирсин, ўзини покликда сақлаб ибодатларни бажарсин, ҳаромдан ҳазар қилиб ҳалол есин. Баъзи тушлар на раҳмоний, на шайтоний бўлади. Улар онгнинг фаолияти, мия жараёнларининг ҳосиласи бўлиши мумкин.

ХУЛОСА

Инсониятга ғайб оламидан хабарлар келиши рост. Муҳими уларни ёлғон даъволардан ажратиб ола билишда. Аллоҳнинг пайғамбарларини юборишни тўхтатгани билан Ўз каломи тўхтаб қолмади. Уни фақат ўқиб, эшитиб ва тушунишга ҳаракат қилса бас. Ҳаракат сабаб Аллоҳ Ўз марҳамати билан оятларидаги ҳақиқатлар Очилишига Фаҳмга йўллаши, уларни қабул қилиш ва уларга мувофиқ яшашга Тавфиқ бериши мумкин экан. Энг солиҳ бандаларига Таҳдис орқали энг тўғри қарорлар қабул қилишни насиб қилдиришидан умид бор. Ундан ташқари солиҳ ва Рост Тушлар орқали киши ўзи учун турли ғайбий ишоралар олиши ҳам ҳақиқат. Бундай неъматларга эришиш учун авваламбор мусулмон илм олиб, тўғри эътиқодли бўлиш, доимий Аллоҳнинг зикрида бўлиб, Унинг Каломи билан дўстлашиш зарур. Пок, ҳалол, ростгўйлик билан ҳаёт кечириш ҳам асосий омиллардан. Лекин яна бир катта муҳим омил бор-ки, у бўлмаса ҳаракатлар ҳаммаси бекор. Бу - ихлос. Яъни киши ҳаққа содиқлиги, имон ишончи ва амаллари ғайбий илмларни олиш учун бўлсагина бу илмлар очилмайди, қанчалик китоб ва узун матнларни ёдлаб олмасин чуқур фаҳм, таҳдис ва раҳмоний илҳом, рост тушларни топа олмайди. Сабаби - булар мақсад эмас, балки мақсадга етиш воситаси ёки мақсади учун ҳаракатини бу дунёда рағбатлантириб туриш учун берилган неъматлардир. Якуний мақсад – Аллоҳнинг розилиги. Аллоҳнинг розилиги эса киши бу дунёда ўз вазифасини сидқи дилдан бажаришида ва бу ишлари Қуръон ва Суннатга мувофиқ қилишида.
Имом Ғазолий дедилар: “Менга орифибиллаҳлар “агар қириқ кун ибодатга қаттиқ киришиб ҳаракат қилсанг қалбингдан ҳикмат чашмалари тилинга отилиб чиқади. Мен қириқ кун тинмай берилиб риёзат қилдим аммо ҳикмат булоғи очилмади. Шунда орифибиллаҳлар дедилар: “Сен риёзатни ҳикмат учун қилдинг, Аллоҳнинг розилиги учун эмас!”.
Дунёвий ишларда ҳам кишида интуитив ёки эвристик йўл билан тўғри қарорлар, ихтиролар, ижод асари пайдо бўлишини истаса айнан ўша интуиция учун эмас балки қилаётган иши мақсадида тиришиб ишлаши, доимий изланишда бўлиши, тер тўкиб ақлий ва жисмоний меҳнат қилиши, азиятларига сабр билан қилиётган касбига меҳр қўйиши керак. Шундагина миянинг “ғайб” (маъжоз бу ерда) оламидан катта нарсалар очилиши эҳтимоли кўпаяди. Ва эҳтимолки катта кашфиётнинг манбаи Аллоҳ томонидан берилган таҳдис, ифҳам, илҳом, тавфиқ ва хатто ростгўй туш бўлиши мумкин. Ғайбий ва моддий оламнинг Эгаси Аллоҳдир, у истаганича бандаларини қўллайди.
Бу ерда “эҳтимол” деган калит сўз бор. Яъни айтилаётган нарсалар берилишини сизга ҳеч ким кафолатлай олмайди. Ўзи умуман биз ҳеч нарсани кафолатли бажара олмаймиз, биз фақат эҳтимолликни оширадиган сабабларини қиламиз ва ихлосимизни кузата оламиз, шариатга риоя қилинишига интила оламиз. Мана шу биздан талаб қилинадиган нарса. Тавфиқ ва охир оқибат, натижалар Аллоҳдан.
Ғайбий хабар олишнинг эзотерик рецептлари ёлғон ва ботилдир. Ботил деганда нафақат рост бўлмаган балки Аллоҳнинг динига исён бўлган ишларга айтилади. Мусулмонлар турли хил маъжусийлар, псевдо-илмий “билимлар”, окульт, астрал/чакра/аура каби таълимотларига эргашишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиши керак, чунки бу таълимотларда куфрнинг турли кўринишлари мавжуд, булар:  ғайбни билишга даъво (фолбинликнинг бир тури), астрология (юлдузларга қараб фол очиш), тақдирни инкор қилиш (тақдирни инсон бошқаради, ўзгартиради деб ишонтириш), буюклик васвасаси (буюклик Аллоҳга ҳос), яратувчиликда ширк (Аллоҳ ягона Яратувчидир), ибодатда ширк (турли маъбудларга ибодат қилиш ва хатто ўз нафсини ибодат қилинадиган бут ё санамдек кўтариш),  ҳукмда ширк (ўзларининг гуру устозларига ҳаром бўлган нарсани ҳалоллаб берганда, ҳалол нарсани маън қилганда  эргашиш).  Ширк ва катта куфр гуноҳи барча савоб ишларни, ибодатларни йўққа чиқариб юборишида хабарлар келган.
Эй мусулмонлар, динингизни соф ҳолда, тўла ўрганинг. Ҳидоят топасизлар. Дунёвий ишларда дунёвий билимларни ортиринг, псевдо-фан ва эзотерикага берилманг, бўлмаса ҳам дунё, ҳам охиратингизни куйдириб юборасизлар. Аллоҳ ҳаммамизни ҳидоятида қилсин.

***

“Интуция нима?” номли иловада “таҳдис” (солиҳ мўминнинг қалбига энг тўғри ҳукм жойланиши, диний маънодаги ўзига ҳос “интуиция” ) ҳақида гап бўлганда бу нарса хазрати Умар (р.а.) кўп кузатилгани ва пайғамбаримиз (с.а.в.) буни тасдиқлаганларини эсладик. Умар (р.а.) баъзи фикр таклифларини айтсалар шу фикр Аллоҳнинг ояти билан тасдиқланиб ҳукм бўлиб қолар эди. Бундай ҳолатнинг мисолларини ҳозир ёзиб ўтирмайман. Аммо мени қизиқтирган бир масала бор эди, ва шунинг ечими ҳақида бир фикр пайдо бўлди.
Саҳобаларнинг энг улуғи Абу Бакр (р.а.). У кишининг мартабаси Умар (р.а.) мартабасидан юқорироқ ҳисобланади. Шундай экан нима учун Абу Бакр (р.а.) таҳдис бўлгани ҳақида хабарни билмаймиз? (эҳтимол буни мен билмасман, ҳозирча маълумот йўқ менда).  
Абу Бакр Сиддиқнинг (р.а.) энг энг улуғ фазилатига эътибор беринг, бу - ўта содиқлик, ҳақни ва фақат ҳақни тасдиқлаб туриш. Пайғамбаримиз (с.а.в.)га нисбатан ишончсизлик авжида бўлганда у киши ҳеч шубҳаланмай тасдиқларини эълон қилган.  Эҳтимол бу саҳобий кўнглига турли ҳақиқатлар таҳдис бўлиб келгандир. Аммо у кишининг қалби пайғамбаримиз (с.а.в.)га шунчалик боғлиқ эди-ки, бу фикрлар Ваҳий ёки Суннат билан тасдиғи бўлмагунича юзага чиқармаган.  Аллоҳ  билгувчидир.
Пайғамбаримиз вафот этганларида Умар жуда қизишиб кетганларини эсланг, шунда Абу Бакр қатъийлик ва босиқлик билан вазятни йўлига солдилар. Кейинчалик Абу Бакр (р.а.) халифа бўлиб ўзларининг ниҳоятда ҳикматли ва субутли бошқарувларини  намоён қилиб Умар (р.а.)ни қойил қолдирганди. Ким айта олади ўша ниҳоятда оғир вазиятда Абу Бакр Сиддиққа таҳдис, фаҳм, илҳом берилмаган деб?
Бундан ўзимча хулоса қилдимки, интуиция хоҳ у моддий, хоҳ илоҳий маънода бўлсин бирламчи эмас. Бирламчи нарса бу очиқ ойдин кўрсатилган ҳақни топиб унга содиқ бўлиш, ташқи (объектив) бурҳон – хужжатни ички туйғулардан (субъектив)  устун қўйишдир. Ташқи келган ҳақни мардларча қабул қила билиш кишининг ички дунёсини ҳам бойитади, теран қилади.
Аллоҳ билгувчироқ, хато фикрларим бўлса Ўзи кечирсин, ўнглаб тўғрисини кўрсатсин. Сиз билан бўлишгим келди.
Пайғамбаримиз Муҳаммадга Аллоҳнинг саловотлари ва саломи бўлсин. Абу Бакр ас-Сиддиқ ва Умар ал-Форуқ ибн Ҳаттобдан Аллоҳ рози бўлсин.

Jamshid Zargar

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase