close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мусулмонлар учун тунги клуб: Саудия ислоҳотлари қаерга олиб боради?

Саудия Арабистонида 2016 йил бошланган маданият соҳасидаги ислоҳотлар жамоатчиликда турлича – тўлиқ маъқуллашдан тортиб, киритилаётган янгиликларни ер билан битта қиладиган танқидгача бўлган реакцияга сабаб бўлмоқда. Ғабр усулида эркаклар ва аёллар учун аралаш рақс клублари очилиши сўнгги ҳафталар ичида энг зиддиятли маданий ислоҳотлардан бирига айланди, хабар беради intpolicydigest портали.

White Jeddah (Оқ Жидда) номи остида Жидда шаҳрида рақс клуби ташкил этиш режаси ҳақида янгиликлар пайдо бўлиши билан Саудия Арабистони фуқаролари орасида ижтимоий тармоқларда қизғин тортишувлар бошланиб кетди.
Бу мунозаралар Саудия жамиятига киритилаётган ғарб услубидаги кўнгилочарликлар ва маданият эркинлиги ҳақида хилма-хил ва бир-бирига кескин қарама-қарши жамоатчилик фикрининг акс этиши бўлди. Дубайнинг ушбу тунги муассасага эгалик қиладиган Addmind Hospitality Group гуруҳи бир неча бор бу спиртли ичимликлардан холи бўлган «исломий» тунги клуб бўлиши ҳақида такрорлаган бўлишига қармасдан, аҳолининг консерватив қисми бу таклифга кескин жавоб қайтарди. «Оқ Жидда» ҳақида салбий фикрлар қолдирган саудияликларнинг аксарияти эркаклар ва аёлларнинг саудиялик кўпчилик консерватив фуқаролар учун умуман мақбул эмас деб ҳисобланадиган вазиятда бир-бири билан мулоқот қилиши ва рақс тушишига имкон берадиган ушбу тунги клубнинг аралаш гендер муҳитидан хавотирга тушган.
Жидда шаҳрида ушбу тунги клубнинг очилиши валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон томонидан 2016 йилнинг апрелида ташаббус билан чиқилган Vision 2030 ривожланиш дастури сифатида маълум бўлган эркинлаштириш сиёсати доирасидаги сўнгги қадам бўлди. Бундан олдинги қадамлар кинотеатрлар очиш, аёлларга автомобиль бошқаришга рухсат этиш, комедия клубларини ривожлантириш, Қиролликда илк ғарб мусиқа концерти ва аёллар кимий-боши биринчи намойишини ташкил қилиш бўлган. Бу қадамлар Саудия маданиятини ривожлантириш ва кўнгилочарлик саноатини кенгайтиришга қаратилган эди.
Маданият соҳасидаги ва ижтимоий ислоҳотлар борасида Саудия Арабистони жамоатчилик фикри турличадир. Саудия Арабистони аҳолисининг катта кисми жуда тақводор ва консерватив бўлган бир пайтда йирик шаҳарларда ижтимоий ва маданий ислоҳотларни қўллаб-қувватлайдиган, европача таълим олган ва ғарб тарафдори бўлган ўрта синф вакиллари, озчилик бўлса ҳам, барибир мавжуд. Мана шу маданий тафовутлар яқинда Vision 2030 дастурига ижтимоий тармоқлар реакциясини доктор Саад ал-Қарни томонидан ўтказилган академик таҳлил ва турли ижтимоий сўровлар натижасида яққол кўзга ташланиб қолди. Қизиқишларнинг бир-бирига кескин қарама-қарши эканлиги дам олишни ташкил қилиш ва саёҳатлар учун мамлакатларни танлашда ҳам намоён бўлади. Маълум бўлишича, саудиялик туристлар фақат исломий кўнгилочарликларга қизиқиш билдириш билан чегараланмас экан.
Саудия Арабистони ҳукуматига кайси ижтимоий ислоҳотларни илгари суриш ва уларни қандай амалга ошириш борасида қарорлар қабул қилишда фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олиш тавсия этилди. Агар ҳукумат аёлларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий эркинликларини чуқур ислоҳ қилишга асосий эътибор қаратадиган бўлса, автомобиль ҳайдаш ҳуқуқидан ташқари, аҳолининг консерватив қисми томонидан кучли ижтимоий қаршиликка тайёр туриши лозим. Ижтимоий тармоқлардаги мухолифат кампаниялари ва норозиликларни писанд қилмаслик ижтимоий ғалаёнларга ва аҳолининг бир қисми радикаллашувига олиб келиши мумкин.
Ижтимоий ва маданий ислоҳотларга қаршиликни юмшатишга ёрдам бериши мумкин бўлган ўтиш тадбирларидан бири сифатида бутун мамлакат бўйлаб эмас, балки дастлаб алоҳида бир минтақада ислоҳотлар ўтказиб кўриш таклиф қилинади. Бу стратегия Саудия Арабистонида янги концепция эмас, бир пайтлар у марҳум қирол Абдуллоҳ томонидан ҳам қўлланган. 2009 йилда қиролнинг ўзи томонидан асос солинган Қирол Абдуллоҳ номидаги фан ва техника университети Саудия Арабистонида меъёр саналган эркаклар ва аёлларни ажратишга амал қилмайди. Шу сабабли бу ерда эркаклар ва аёлларнинг бирга ўқиши одатий ҳолат бўлиб қолган.
Таъкидлаш жоизки, ислоҳотлар фақат клублар очилиши билан чегараланиб қолмайди. Vision 2030 энг йирик лойиҳаларидан бири NEOM футуристик шаҳри бўлиб, Иорданиядан узоқ бўлмаган жойда, Қизил денгиз қирғоқлари зонасида жойлашган. Янги шаҳар сезиларли даражада Дубай намунаси бўйича лойиҳалаштирилган бўлиб, ўз суд тизими ва Саудия жамиятининг анъанавий ижтимоий меъёрлари билан таққослаганда эркинроқ бўлган меъёрларга эга бўлган алоҳида маданий ва ҳуқуқий ҳудуд сифатида фаолият кўрсатиши кўзда тутилган.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase