close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Telegram (Хорватия): Қозоғистон президентининг мамлакатни 30 йил бошқарганидан сўнг истеъфо бериши

Евросиёдаги мамлакатлардан муҳим мамлакатлардан бири сиёсий чорраҳада турибди, тахмин қилади "Телеграм" муаллифи. Ғарб таҳлилчилари таъкидлашича, Россия Қозоғистоннинг аввалги сиёсатида ўзгаришлар бўлишига йўл қўймайди, лекин у ерда воқеаларнинг келгуси ривожини башорат қилиш қийин. Жамиятда жиддий ижтимоий тенгсизлик муносабати билан кескинлик ҳис этилмоқда, қозоқлар ва руслар ўртасида эса этник келишмовчиликлар мавжуд.

Telegram (Хорватия): Қозоғистон президентининг мамлакатни 30 йил бошқарганидан сўнг истеъфо бериши бомба портлагандай акс-садо берди. У ерда нима рўй беряпти?

2018 йилнинг июнь ойида Қозоғистон парламенти раиси Қосим Жўмарт Токаев ўша пайтда 78 ёшга тўлган ва Қозоғистонни 1991 йил мустақилликка эришган пайтда бошлаб бошқариб келаётган мамлакат президенти Нурсултан Назарбаев 2020 йил бўлиб ўтадиган навбатдаги президент сайловида ўз номзодини қўймаслигини маълум қилганди. Бу хабар худди бомба портлагандай акс-садо берди, нафақат Қозоғистонни ларзага солди, Москва, Пекин, Вашингтон ва Брюсселда ҳам катта хавотир уйғотди. Шу сабабли эндиликда, кўп нарсага қодир бўлган Назарбаев истеъфога чиққач, турли мамлакатлар пойтахтларида Назарбаевнинг кетишидан кейин кутилиши мумкин бўлган оқибатларни қанча эксперт башорат қилишга уринаётганини тахмин қилиш мумкин. Географик жойлашуви, улкан нефт, газ ва уран захиралари туфайли Қозоғистон жаҳон майдонида ўта муҳим сиёсий ва иқтисодий ўйинчи ҳисобланади.

Назарбаевнинг кабинетида деворга осиб қўйилган Қозоғистон харитасида нефт, газ, уран, олмос ва бошқа фойдали қазилмалар конлари белгилаб қўйилган. Харитадаги конлар белгиланган тугмачани босиш билан митти чироқча ёнади – шу тариқа президент меҳмонларга мамлакатнинг миллий бойликларини яққол намойиш этиш имконига эга бўлган. Ҳа, кўпчиликни ўзгаришлар аста-секинлик билан амалга оширилиши ва юмшоқ бўлиши ҳақидаги гаплар тинчлантирмоқда, чунки Назарбаев мамлакатда муҳим орган саналаган Хавфсизлик кенгашида раислик қилади ва парламентда кўпчиликни ташкил қиладиган «Нур Отан» партияси етакчиси бўлиб қолади. Шу тариқа, ҳукуматни тинчлик йўли билан бериш таъминланади ва президент лавозимига Назарбаевнинг содиқ сафдоши, парламент юқори палатаси раиси Қосим Жўмарт Токаев ўтиради.

Ўқимишли абсолютчилар ва эски тобланган коммунистлар

Қозоғистон дунёда энг йирик давлатлар ичида тўққизинчи ўринда туради. У Ғарбий Европадан ҳам катта бўлсада, аҳолиси сони 18 миллион кишидан ошмайди. Шундан 12 миллион киши – сунний мусулмонлар, тўрт миллион киши эса – руслар. Қозоғистон Россия ва Хитой билан чегарадош бўлиб, улкан нефт захираларига эга ва бу уни стратегик ва иқтисодий муҳим аҳамиятга эга мамлакатга айлантирган. Нефт захиралари кунига 30 миллион баррелни ташкил қилади, яъни Қозоғистон дунё нефт захираларининг 3 фоизига эга саналади ва шу сабабли дунёнинг энг йирик нефт захираларига эга бўлган 15 мамлакати қаторига киради. Табиий газга келадиган бўлсак, унинг газ захиралари 85 триллион кубометрга етади, Қозоғистон ҳар йили 40 миллиард кубометр газ қазиб олади. Бундан ташқари, дунё уран захираларининг 15%и ҳам Қозоғистонга тегишли. Шу сабабли Атом энергетикаси бўйича халқаро агентликнинг уран банки штаб-квартираси Қозоғистонда жойлашган ва атом реакторлари учун ёқилғи бўлиб хизмат қиладиган уран захиралари хавфсизлиги учун Қозоғистон ҳукумати жавоб беради.

Қозоғистон Коммунистик партияси раиси Нурсултан Назарбаев 1991 йил, Совет Иттифоқи парчаланаётган даврда мамлакат мустақиллигини эълон қилди ва у мустақил давлатнинг биринчи президенти этиб сайланди. Назарбаев ўқимишли абсолютчилар ва эски тобланган коммунистлардан бўлиб, шахсга сиғинишни пухталик билан йўлга қўйган. Шу сабабли унинг фотосуратлари ва иборалари уйларнинг ташқи томонлари ва магазинлар витриналарини безатиб туради, парклар, университетлар ва музейларга унинг номи берилган. У мамлакатни 1991 йилдан бошлаб ҳеч қандай чекловларсиз бошқариб келган, шу сабабли демократия ва фуқаролар эркинлигига риоя қилмайдиган, сўз эркинлигини чеклайдиган диктатор сифатида айбланган. 2015 йил бўлиб ўтган президент сайловларида Марказий сайлов комиссияси Назарбаев 97,7% овоз тўплаганини маълум қилган.

«Қозоқлар ва руслар камдан-кам дўстлашади ва бундан ҳам камроқ ўзаро турмуш қуради»

Ғарб мамлакатлари айрим таҳлилчилари Россия Қозоғистоннинг аввалги сиёсатида жиддий ўзгаришлар бўлишига йўл қўймайди деб ҳисоблайди. Агар янги ҳукумат йўналишни ўзгартирадиган бўлса, Россия худди Украина сценарийси бўйича этник русларни ҳимоя қилиш баҳонаси билан Қозоғистонга бостириб кириши мумкин. Қозоғистонда иккита етакчи этник гуруҳ бор: 2016 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра мамлакат аҳолисининг 66,48% ини ташкил қиладиган қозоқлар ва мамлакат аҳолисининг 21 ини ташкил қиладиган руслар. Аҳолининг 70% га яқини мусулмонлар, 26%и эса – православлар. Бир пайтлар руслар мамлакат аҳолисининг 38%ини ташкил қилган, лекин вақт ўтган сари уларнинг сони камайиб бормоқда, чунки кўпчилик ўз келажагидан хавотирга тушган ҳолда мамлакатни тарк этмоқда.

Ушбу материал муаллифи Қозоғистонда бир неча марта бўлган ҳамда қозоқлар ва руслар ўртасида жиддий этник кескинлик мавжудлигига ишонч ҳосил қилган. Қозоғистон қатттиққўл Назарбаев томонидан бошқарилган даврда бу низоларнинг олдини олишга эришиларди. Лекин энди воқеаларнинг кейинги ривожи қандай бўлиши номаълум. Бир сафар, шанба куни мен 750 минг киши яшайдиган Алмати марказидаги истироҳат боғида никоҳ маросимларини кузатиб, шуни қайд этдимки, руслар русларга, қозоқлар эса қозоқларга уйланар экан. Биронта аралаш жуфтлик йўқ эди ва  Юрий Козлов, компьютерлар бўйича мутахассис бу ерда ҳеч қандай ажабланарли нарса кўргани йўқ.

«Қозоқлар ва руслар камдан-кам дўстлашади ва бундан ҳам камроқ ўзаро турмуш қуради. Дўстлашиш ва ўзаро турмуш қуриш учун улар ўртасида маданият ва тамаддунга оид фарқлар жуда катта. Қозоқлар урф-одатлар ва анъаналарнр ҳурмат қилади, ота-оналар эса бутун ҳаёти давомида фарзандлари ҳаётида йўл-йўриқ кўрсатади ва кўп ҳолларда улар учун турмуш ўртоғини ҳам танлайди. Мен ҳеч қачон қозоқ қизлар билан учрашувга чиқмаганман, чунки бу тафовутларни бартараф қилиб бўлмайди. Биз болаликдан турличамиз. Қозоқлар қозоқ тилида дарс ўтиладиган макталарга боради, биз эса – рус мактабларига. Олий таълим муассасасигача шундай давом этади. Фақат қозоқлар биз қозоқ тилини ҳар куни ўргангандай эмас, ҳафтада бир марта ўтади, холос. Уларда рус тилидан кўра кўпроқ инглиз тили дарслари ўтилади. Бу эса уларнинг бизга бўлган муносабати ҳақида яққол тасаввур беради».

Анъанага кўра, қозоқларнинг хотини ва бир нечта жазмани бўлади

Рус тили расмий тил бўлиб қолавермоқда, рус аёли, унинг кабинетида рус ва инглиз тили дарсликлари бўлган парламент аъзоси Светлана Романовскаянинг ҳисоблашича, Қозоғистонда ҳамма қозоқ тилини билиши керак. Президент Назарбаев этник радикализмнинг ҳар қандай кўринишларини, уларнинг ташаббусчиси ким бўлишидан қатъи назар қоралайдиган қонунлар қабул қилган. Лекин унга қарамай, руслар айтганидек, Назарбаев футуристик пойтахт бўган Астанани қуришга фармон берди, чунки собиқ пойтахт Алматида асосан руслар яшаган экан (30% атрофида). Энди эса янги пойтахт Астанада улар бир неча фоизни ташкил қилса ҳам катта гап. Козловнинг фикрига келиб чиқиши Астаналик рус қизи бўлган ёш менежер Юлия ҳам қўшилади. Унинг фикрига кўра, икки халқ ўртасидаги маданият ва тамаддунга оид тафовутлар чуқурлигини қозоқларнин битта урф-одати акс эттиради: қозоқларнинг хотини бир нечта бўлади.

«Бу тақиқланган, лекин шунга қарамай, кўплаб қозоқларнинг хотинидан ташқари бир нечтадан жазмани бўлади. Бу меъёр сифатида қабул қилинади. Биринчи ёки «катта» хотин имтиёзли мавқега эга бўлиб, бу уни қолган «хотин»лардан ажратиб туради. Катта хотин эрининг улар билан яшаши учун рухсат беради ва улар унга қулоқ солишлари лозим. Анъаналар ва тарбия туфайли аёллар, ҳаттоки ўқимишли ва маълумотли бўлсада, бундай ҳолатга рози бўлади. Бунинг сабаби шунда ҳамки, Қозоғистонда аёллар сони эркаклардан анча кўп». Юлия Россияда ўзини хавфсизроқ ҳис қилган бўлишини яширмайди, лекин бу ерда яхши ишга ва муносиб маошга эга эканлиги сабабли Қозоғистонда яшаётганини айтади. Лекин агар имкон топилса, у ўйлаб ҳам ўтирмасдан Россияга кетади. «Мен шу ерда туғилиб ўсдим, ўқидим, лекин воқеалар ривожи қандай бўлишини билмайман, агар вазият Украина каби тусга эга бўладиган бўлса, ҳамма нарса рўй бериши мумкин», - деди у хавотир билан.

Совет Иттифоқида полигамия тақиқланганди, лекин коммунизм тизими барҳам топгач, кўп хотинлилик анъанаси яна тикланди. Шу сабабли, кўпчиликнинг ҳикоя қилишича, пойтахтга айланган Астанага минглаб эркаклар кўчиб келди, уларнинг кўпчилиги «тўқон», яъни иккинчи хотини билан яшайди, биринчи хотини эса уйда қолган. 1998 йилдан бошлаб кўп хотинлилик жиноят ҳисобланмайди, лекин полигамияни қонунлаштиршига икки марта уриниб кўрилганига қарамай, бу қонун лойиҳалари парламентдан ўтмаган. Жамоатчилик фикри сўрови маълумотларига кўра, 40% қозоқлар кўп хотинлилик ғоясини қўллаб-қувватлайди ва қозоқ аёлларининг 20%га яқини полигамияга қарши эмас. Кўп хотинлилик маълум бир ҳолатларда эркакларга бир нечта хотинга эга бўлишга рухсат берадиган Ислом билан боғланади. Кўплаб қозоқ аёллар агар эркак киши уларнинг ҳаммасини ҳурмат қиладиган бўлса, уларга яхши муносабатда бўлса ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватласа, унинг бир нечта хотини бўлишида ҳеч қандай муаммо кўрмайди.

Руслар имтиёзли мақомини йўқотганлиги билан муроса қилиши қийин бўлмоқда

Бир қозоқ аёли ўзининг никоҳ иттифоқини қуйидагича таърифлади: «Биз оиламизда ҳамма нарсани бир-биримиз билан бўлишамиз. Болалар биз, учала хотиннинг ҳар биримизни она деб атайди. Биз бирга сайр қиламиз ва уй ишларини ҳам бирга қиламиз…» Президент Назарбаевнинг мамлакатдан чиқиб кетган собиқ куёви уни Астанада яшайдиган «ёш хотини» борлигида, эски пойтахтда эса иккита қизи ва ўғлининг онасини қолдириб келганликда айблаган. Қозоғистоннинг айрим фуқаролари ишончи комилки, маълум вақт ўтгач, парламентга полигамияни қонунийлаштиришни яна таклиф қилишади. Ҳозирча эса, бир нечта хотинга эга бўлишни истаганлар мулланинг олдига бориб, никоҳдан ўтиб келмоқда.

Алматилик математика профессори Эрлан Раимбекнинг ҳисоблашича, русларнинг муаммоси шундаки, уларнинг аксарияти имтиёзли мақомини йўқотгани билан ҳеч муроса қила олмаяпти. «Улар этник озчиликка айланиб қолганига, Қозоғистон иттифоқдош республикалардан бири бўлган даврлардаги каби сиёсий ва ижтимоий ҳаётда биринчи скрипка роли ўйнамаётганига кўна олмаяпти. Улар Қозоғистон совет даврини салбий руҳда ёдга олиши билан муроса қила олмайдилар. Улкан нефт ва газ захираларига эга бўлганига қарамай, Қозоғистон камбағал ва ривожланмаган республика бўлиб қолаверган, Сталин даврида бу ерда 11 та ГУЛАГ лагери бўлган ва улар орқали юз минглаб маҳбуслар ва уларнинг оилалари ўтган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг совет раҳбарияти Қозоғистонни карийб ўттиз йилга атом қуроли синалган полигонга айлантириб қўйганди. Бунинг оқибатлари эса ҳозирги кунда ҳам кўзга ташланади: полигон яқинида яшайдиган одамлар саратонга чалиниб, болалар ногирон ҳолда туғилмоқда», - дейди Раимбек.

Қозоғистондаги ҳуқуқ чуқур ўзгаришлар АҚШ га зиён етказиши мумкин

Биз суҳбатлашган қозоқлар руслар уларнинг мамлакати билан худди Украинадай муносабат бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканлигини яширмадилар. Шу сабабли қозоқларнинг аксарияти украинларни қўллаб-қувватлайди, руслар эса, албатта, Путин сиёсатини қўллаб-қувватлайди ва агар керак бўлса, худди Украинадаги каби Қозоғистонда ҳам этник озчилик бўлган русларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш керак бўлади деб ҳисоблайди. Шу сабабли кўпчилик Қозоғистоннинг Россия етакчилик қиладиган ва Қозоғистондан ташқари Беларусь ва Арманистон ҳам кирадиган Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕАЭС) аъзо бўлиб киргандан хурсанд эмас. қозоқлар бу уларнинг суверенитетига таҳдид солиши мумкинлигидан хавотирда, ахир Россия ўзининг Евросиёдаги таъсирини кучайтириш ва кенгайтириш истагини яширмаяпти.

Москва Қозоғистон ва ЕАЭСнинг бошқа аъзолари Хитой ва ғарб давлатлари билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашини истамайди. Шу сабабли кўпчилик агарда бу ҳамкорлик барибир кенгаядиган бўлса Россия бостириб киришидан қўрқади. Тўғри, Путин билан алоқалари қалин эканлигига қарамай, Назарбаев Қозоғистон рублни асосий валюта сифатида қабул қилишига рози бўлмади. Қозоғистондаги ҳар қандай чуқур ўзгаришлар АҚШ га ҳам таъсир кўрсатган бўларди, ахир бу мамлакат НАТОнинг «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» дастурига киради ва америкаликларга ўз мамлакати ҳудуди орқали Афғонистонга ёқилғи ва қурол-яроғ етказишга имкон беради. Бундан ташкари, америкалик компаниялар Қозоғистон нефт-газ тармоғига миллиардлаб доллар маблағлар киритган.

Лекин Қозоғистонда воқеаларнинг кейинги ривожи қандай бўлишини башорат қилиш қийин. Бу мамлакат мустақилликни қўлга киритгандан буён улкан иқтисодий ривожланишга эришди. Қозоғистонда турмуш тарзи тўхтовсиз ўсмоқда. Касалхоналар, мактаблар, ОТМлар, йўллар, темир йўллар қурилишига миллиардлар доллар сарфланди. Қўшни мамлакатлардаги беқарор вазият, жанговар исломизм ва терроризмнинг ўсиши, нефт нархининг доимий ўзгариб туриши туфайли беқарор иқтисодий вазият, ижтимоий тенгсизлик туфайли жамиятдан ҳафсала пир бўлиши, шунингдек, миллатчиликнинг ўсиши – буларнинг барчаси давлатнин барқарорлигига жиддий тщд солади.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase