Шаркда «Хожаи Жаҳон» унвонига сазовор бўлган шайх, нақшбандия тариқатининг асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний 497/1103 йилда Ғиждувонда дунёга келган. Унинг отаси Абдулжамил имомзода, ўз даврининг ўқимишли кишиси бўлиб, Рум диёридан Бухорога келиб, истиқомат қилган.
Абдулхолиқ илк сабоқни отаси Абдулжамилдан, сўнг ғиждувонлик имом Садриддиндан тафсир илмидан таълим олган. 9 ёшида Қуръонни ёд олган. Сўнг Балхга бориб Хожа Фазлиддиндан ўн бир йил таҳсил олиб, унинг қўлидан хирқа кийган. Абдулхолиқ Марв, Сарахс, Тус каби Хуросон шаҳарларига сафар қилган. Самарқандга келгач, Хожа Юсуф Ҳамадоний билан учрашган ва бир умрга устоз-шогирд ришталари боғланган.
Абдулхолиқ Ғиждувоний тариқатнинг ахлоқий асосларини ишлаб чиқиб, хожагон таълимотига асос солган. Абдулхолиқ Ғиждувонийгача тариқат «Хуш дар дам», «Назар бар қадам», «Сафар дар ватан», «Хилват дар анжуман» каби қоидалардан иборат эди. Хожа Абдулхолиқ «Ёд кард», «Боз гашт», «Нигоҳ дошт», «Ёд дошт» каби қоидаларни қўшган.
Абдулхолиқ Ғиждувоний араб мамлакатлари бўйлаб кўп сафар қилиб, замонасининг буюк машойихларининг суҳбатидаи файз топган. Бир неча марта ҳаж зиёратида бўлган.
Абдулхолиқ Ғиждувоний «Одоби тариқат» ёки «Рисолайи васоё» «Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний» ёки «Рисолайи соҳибия», «Аз гуфторҳои Абдулхолиқ Ғиждувоний» каби асарлар муаллифидир. Абдулхолиқ Ғиждувоний форс тилида шеърлар ҳам битган.
Ғиждувоний билим эгаллаш, инсоний фазилат ва хулқ одоби қоидаларини касб қилиш, покланиш, сахий ва камтар бўлиш, нафсни жиловлаш, ҳалоллик, одамийлик, меҳру шафқат, ўзгаларга ёрдам бериш, одобли ва хушмуомалали бўлиш ҳақида сўз юритиб, бахиллик, бойликка ружу қўйиш, очкўзлик, ҳасад, ҳаром-хариш ишларга берилиш, кибр ва манманлик каби ярамас ва тубан иллатларни танқид қилган.
Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ҳаёти, ижодий фаолияти ҳақида маълумотлар маноқиб, мақомат ва тазкиратларда келтирилган(Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Сўзбоши, таржима ва изохдар муаллифи М.Ҳасаний. - Т: «Ўзбекистон», 2003.).
Абдулхолиқ Ғиждувоний 117 йил умр кўриб, 617/1220 йилда вафот этган. Қабри Ғиждувонда.
Абдураҳмон Жомий деди:
- Алар (Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний)нинг равишлари тариқатда ҳужжатдир, жами фирқалар мақбулидир. Зикри қалбий дарсини Хизр (а.с.)дан олмишлар. Кўп риёзат ва ибодат билан машғул бўлдилар ва улуғ валоятга эришдиларки, бир намоз вақти Каъбага бориб, яна қайтиб келар эдилар.
Жоҳил ва тақлидчи сўфийлардан йироқ юр. Чунки улар дин ўғриси ва мусулмонларни йўлдан ургувчилардир.
Илм ўрганиш йўлида собитқадам бўл.
Халол таом егин, у сенинг хайриянг калитидир.
Ҳаромдан йироқ юргин, қиёмат куни оташда куймайсан.
Ҳалол бўлсанг, ибодатдан ҳаловат топасан.
Қозилар маҳкамасида ўтирма ва султонлар билан ҳамсуҳбат бўлма.
Нафсни хор этиш учун сафарни ихтиёр эт.
Эй ўғил, амалга интилмагинким, кимки амалпараст бўлса, тариқат йўлига муносиб эмас.
Ҳар кимни мана бу беш хислатни кўрмагунча уни бедорликка қабул қилма: биринчиси - фақирликни бойликдан устун қўйган бўлсин; иккинчиси - илмни дунё ишларидан устун қўйган бўлсин; учинчиси - хорликни иззатдан устун қўйган бўлсин, тўртинчиси - зоҳир ва ботин амалларни яхши билувчи бўлсин, бешинчи - ўлимга доим тайёр бўлсин.
Бировларнинг ёлғон мақтовига учма.
Кўп кулиш ғафлатдандир ва кулги қалбни ўлдиради.
Ҳақ таолонинг марҳаматидан ноумид бўлма.
Ҳар бир пири муршид мурид учун ота мартабасидадир. Шайхларга ботинда ҳам, зоҳирда ҳам хизмат қил.
Ота-онанг ҳаққини ҳамиша адо эт. Халқ билан чиройли муомала қил.
Иймон - виждон, ишонч, эътиқод устуворлигидир.
Бар дўст муборакам, бар душман шум,
Дар жанг чу оҳанам, дар сулҳ чу мум.
Сарчашмаи нур, Ғиждувон манзил мост,
Ман теғи дурўя мезанам то дари Рум.
(Дўстга меҳрибону, душманга шумман, жангда темирдек, сулхда мумдекман. Нур сарчашмаси бўлмиш, Ғиждувон бизни манзилимиздир, аммо мен Рум остонасигача дудама қилич ургайман.)
Гар бир кишидан дилда шикоят бўлгай,
Дил оғриғи ундан бениҳоят бўлғай.
Ҳеч ўйлама интиқом олишни, чунки
Ёмонга ёмонлиги кифоят бўлгай.
Зикр етса кўнгилга, у тамом дард бўлгай,
Ул зикр туфайли мардлар фард бўлгай.
Оташда агарчи хосият кўп, аммо
Кўнглингда сенинг икки жаҳон сард бўлгай.
Шуҳрат ила шум нафсингни шод этма,
Ўзни мардум орасида кўп ёд этма.
Камтарлик эт! Сен ном чиқарай деб,
Зинҳорки динингни барбод этма.
Айбларни ёпгувчи саттор бўлгайсен,
Қалбларни топгувчи ғамхор бўлгайсен,
Аллоҳ розилигин топай десанг, эй дўст!
Эл бирла адабда ҳушёр бўлгайсен.
Очмай сира оғзингни кула олсанг соз!
Кўзсиз яна дунёни кўра олсанг соз!
Ўлтирда сафар айла, оёқ заҳматисиз -
Ер куррасин агар кеза олсанг соз!
Майл этма самоъга, қилмагин ҳам инкор,
Сен танла шу йўлни, бўлса кўнглинг бедор.
Нафсинг ҳали ўлмай, сени қилса безор,
Қил рўза-намоз, бошқасидан кеч зинҳор.
Дарвеш дараю тоғ аро манзил тутади,
Ҳар лаҳза бу жойдан шеру йўлбарс ўтади.
Бор сафда улуғ пиру сара мардларимиз,
Ким бизга ғанимдир - уни ўлим кутади.
Бизнинг сафимизга кир-у мутлоқ қўрқма,
Бўл остонамиз остида тупроқ - қўрқма.
Қўзғалса сенинг қасдингда гар жумла жаҳон,
Сен изла нажот биздан-у ҳар чоқ қўрқма
Бир юртки, бутун тупроғи анбарсоро,
Тонг қотғучи кўрса уни Хисрав, Доро.
Ер юзини уч марта кезиб чикдим мен,
Билдим: латифу шариф замин - Бухоро(
Муҳаббат тароналари. Рубоийлар. Форс тилдан Э.Очилов таржимаси. -Т.: «Шарқ», 2005. 82-85-бетлар.).
Ҳамиджон Ҳомидийнинг
"Тасаввуф аломатлари" китобидан